282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 12

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 12 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
24

Автобус қаттиқ силкиниб тўхтади. Суҳроб чўчиб кўзини очди. Атрофга ғира-шира қоронғилик чўка бошлабди. Ташқарига қаради. Тўсинсой. Яқинлашиб қолибди. Яна бир ҳайт деса, икки соатдан кейин Чашмизиракда бўлади.

– Қани, бир чекиб олинглар, – деб қичқирди автобус ҳайдовчиси, – моторни озроқ совутиб, дам бермасак бўлмайди. Бу ёғи энди фақат баландлик.

Суҳроб ҳам бошқалар қатори автобусдан тушди. Совуқ. Қор учқунлайди. Ана, пастда Тўсинсой сув омбори, қоп-қора бахмалдай товланади. Юқорида қорамтир чўққилар. Ҳув ана, оқсоч Ҳаётбоши. “Чорбоғсой” давлат хўжалиги. Чашмизирак ўша чўққининг пойида. Ҳаким аканинг қўрасидан чиқиб салгина юрилса, чўққининг этаги – Фозилман кўли, тиниқ сувли, ажойиб бир денгиз. Шимолга қараб юраверсангиз, Охчобсой сув омбори қурилиши, ундан сўнг тоғ ошиб ўтиб чўлга от сурсангиз, Ҳайдаркўлга чиқиб кетасиз. Мўъжизакор бир ўлка бу – Қоратов ва Оқтов оралиғи. Эргаш Жуманбулбул, Пўлкан шоир, Ислом шоирлар, ўзимизнинг Ҳаким довдир ана шу тоғлар қўйнидан чиққан.

Суҳробнинг фикри тиниққан, кайфияти бироз кўтарилганди. Бу томоннинг одамлари қизиқ-да, доим муболағали қилиб гапиришади. Айтайлик, биров чўлда товушқон учратган бўлса, тайин “бўри кўрдим” дейди. Ёки тоғда узоқдан бўрими, тулкига кўзи тушса, “айиқ қувлади” деб ҳаммани оғзига қаратиб юради. Ҳаким акага ўхшаган одамга-ку гап тегмасин, бошдан оёқ кийинтириб, оёққа турғазиб, отга миндириб юборади. Пастга, Тўсинсойга қараб туриб, Нурқобилнинг Охчабсой сув омбори қурилиши ҳақида ҳаяжонланиб гапирган гаплари эсига келди.

– Биласанми, яқинда иккинчи жаҳон уруши тарихига оид бир китоб ўқидим. Ҳалиги Ҳаким ака айтган гап рост экан, билдингми?

– Қайси гап? – сўради Суҳроб. У Нурқобилнинг кўп китоб ўқишини, айниқса тарихий асарларга қизиқишини яхши билар, шунча иш билан мутолаага ҳам вақт топанидан ҳайратланарди.

– Ўзбекистон раҳбарлари иккинчи жаҳон уруши бошланган куни Чашмизиракда бўлишган, Чорбоғда Охчобсойни боғлаш, Бухоро амирлари даврида бунёд этилиб, кейинроқ бузилиб кетган сув омборини тиклаш ҳақида мажлис ўтказишган экан.

Бу гап Суҳробни ҳам қизиқтириб қўйди. Кейин қариялардан яна қайта-қайта суриштириб, китобларни титкилаб масалага ойдинлик киритди. Бухоро амири Абдуллахон ҳукмронлиги пайтида Охчобсойда катта сув омбори бўлган, бу сунъий кўл Абдуллахон банди деб аталган экан. Банд қанча-қанча ерларни суғоришга имкон берган. Кейинчалик тошқинлар, қаровсизлик, эътиборсизлик оқибатида бузилиб кетган.

– Биласанми, республиканинг ўша пайтдаги раҳбари Усмон Юсупов ана шу бандни тиклаб Жўш билан Охчоб ўртасини, қолаверса, пасти Қизилқумгача бўлган минглаб гектарли даштларни гўзал водийга айлантириш фикрини илгари сурган экан, – дерди Нурқобил ҳаяжонланиб. – Кейин уруш, тикланиш йиллари имкон бермаган. Бора-бора бу бебаҳо фикр унутилиб кетган. Энди ўша ташаббусни қайта кўтаришаяпти. Агар бу иш амалга ошса, бизнинг жойларда ҳам йилига миллионлаб, миллиардлаб фойда берадиган илғор, бой хўжаликлар пайдо бўлади. Ўшанда қанча ободончилик десанг, ҳаддинг сиғади. Эҳ, жўра, бу ерларни эртакдаги Эрам боғига айлантириб юбориш мумкин, билдингми. Олмазорлар, ўрикзорлар, ёнғоқзору пистазорлар барпо бўлади, чорвачилик ҳам янада ривожланади, гўшт, қоракўл тери кўпаяди. Одамлар ҳам бойийди.

– Ҳа, айтганча, Ҳаким аканинг самарқандлик оға-ини тутинган бир ошнаси бор. Исми Мели. Шу одам яқинда Эрондан келган қариндошлари билан Ҳаким аканикида меҳмон бўлган экан. Эронлик киши боғбон экан, кўп қизиқ гапларни айтибди: “шунча қир-адир нега бекор ётибди, бу ерларга писта экиб, миллион-миллион даромад олса бўлади-ку”, депти. Эрон пистасининг нархи жаҳон бозорида жуда қиммат.

– Унда сен ҳам писта экишни бошламайсанми?

– Тошкентдаги бошқармамизга, Ўрмон вазирлигига хат тайёрлаганман. Маъқуллашса, қаттиқ киришаман. Э-э, жўра, бу ерларнинг ҳар қаричида бир ботмон тилла олса бўлади!

У ғайрати вужудига сиғмай Суҳробни бағрига босар, Суҳроб эса, “ишқилиб бу ерларга ҳам писта эмас, пахта экилиб, табиат мувозанати яна ҳам бузилиб кетмайдими?” дея уни шаштидан туширмоқчи бўлар, Нурқобил эса: “Хотиржам бўл, бу ерлар салқин, пахта беш ойда ҳам пишмайди, шунинг учун жазм этишолмайди”, деб уни тинчитмоқчи бўлар, Суҳроб тинчимас, “Айримларга қўйиб берсанг Шимолий муз океани соҳилларида ҳам пахта етиштиришга уринишади” дер, шу тариқа икки дўст узоқ мунозара қилишарди…

Йўловчилар яна автобусга мина бошлашди. Машина қирлар сари ўрмалаб кетди.

25

Ҳаким довдир тонг ғира-ширасида кўзини очди. Шифт оппоқ, атроф оппоқ. Димоғига дори ҳиди урилди. Шунда у касалхонада эканини эслади. Бу ерга қандай, нима сабаб билан келиб қолганини таҳлил этишга киришди. Унга нима бўлди? Юраги нега кутилмаганда хуруж қилди. Йўқ, кутилмаганда эмас. “Нурқобилни қамашибди” деган хабарни эшитган заҳоти нақ елкасига кимдир зарб билан мушт туширгандек, шунинг баробарида кўксида бир нима узилиб кетгандек бўлди. “Нега” дея ҳайқирмоқчи бўлди тоғу тошларни гулдуратиб. Бироқ овози чиқмади. На-да овози, нафаси чиқмай бўғзида қотиб қолди. Нарёғини эслолмайди. Инфаркт. Буни ҳуши ўзига келган заҳоти дўхтир айтмаёқ тушунган. Зеро, ўқимишли чўпон акамиз ўз жисми жони ҳаддан ортиқ туйғуну таъсирчан эканини билгани, бир кунмас бир кун айнан ҳаяжон туфайли бир бало бўлажагига аниқ ишонгани учун тиббиётга оид қомуслару рисолаларни кўп ўқиган.

Қимирлаш мумкинмикан ишқилиб? Кўкрагига улкан бир тош бостириб қўйилгандек. Ҳамхонаси хуррак тортиб ухлаяпти. Ташқари ёриша бошлади. Бўғотда қор кўзга чалинади: тарновда сумалак осилиб турибди. “Қор ёғипти-да яна. Отардагилар нима қилишдийкин? Ем-емишнинг таги кўриниб қолувди. Ёрдамчиларидан Эшпўлат тежамли йигитку-я. Очилбой сал дўлоброқ, қўли очиқ, жониворлар бир тўйсин, деб солаверади..” Довдир беихтиёр жилмайди. Тежамли деганига Эшпўлат билан боғлиқ воқеа эсига тушди. Эшпўлат қишлоқда довдирга қўшни эди. Ота-онаси қариб қолган, ўзи эса аввал ўқишга кирмоқчи бўлди. Йиқилиб қайтиб келди. Беш-олти ой ишга кирмай тентираб, кўчада ким тоқ бўлса, жуфт бўлиб ичиб юрди. Кейин армияга кетди. Айтишларича, Афғонистонда хизмат қилган. Ўзи эса бирор одамга бу ҳақда бир оғиз гапирмайди. Нега сир сақлайди, бу ҳам сир. Кейин мактабга қоровуллик қилди, магазинга юкчи бўлди, лекин қўним топмади. Бу орада уйланиб, хотини икки ўғил туғиб, Ҳасан–Ҳусанлар эр етиб қолди.

Бир куни Эшпўлат довдирнинг яйловдан келишини пойлаб йўлига чиқди.

– Ҳа, Эшпўлатбой, номозшомда чироғпояга ўхшаб, бу не туриш.

– Сизга қараб турувдим, Ҳаким ака.

– Э, яшанг-е, бизнинг йўлгаям қарайдиган одам бор экан, хайрият. Қани, ҳовлига қирайлик.

Киришди. Довдирнинг онаси Янглиш кампир дастурхон ёзди. Ойсифат чой дамлаб келди.

– Қани, гап енг, мулла Эшпўлат, – деди довдир чойни шопириб-шопириб қайтарар экан.

– Шу… Ҳаким ака… бир илтимос билан келдим. Отам айтди. Ҳаким йўқ демайди, Ҳакимга бор, деди.

– Хўш, хўш…

– Шу… биласиз… бизни Ҳасан-Ҳусанлар ҳам катта йигит бўп қолишди. Отам айтади, буларинг эртага ота, хотин обберинг, деб қолади, барвақтроқ қўлини ҳалоллаб ювор, дейди. Шунга сиз новвосларингиздан биттасини қарзга бериб турсангиз.

Довдирнинг қитмирлиги тутди.

– Отангиз тўғри айтибди, Эшпўлатбой. Эр йигит тез ўсади. Ҳа, энди ҳозирги шароитни биласиз. Иннайкейин, тежамкорлик деган гаплар чиқаяпти. Сал сабр қилсангиз-ку, икки тўйни бир қилиб ўтказиб юборардингиз. Тежамкорлик бўларди-да, ука.

Эшпўлат қотиб-қотиб кулди.

– Сизга бир гап гапириб бўлмайди-да, Ҳаким ака. Одамди ўзининг гапига ўраб чалпак қилиб ташлайсиз.

– Ҳа, энди айтдим қўйдим-да, Эшпўлат. Олсангиз насиҳат, олмасангиз ўзимизга сийлов. Новвос масаласига келганда, ука, беролмайман. Нега денг? Шунинг учун беролмайманки, қиёматгача бўйнингизда қоп кетади. Ишингизни, касбингизни тайини бўлмаса. Икки миллионлик новвосни қачон ишлаб, қачон топиб қайтарасиз?

– Келаси йил баҳорда.

– Йў-йўқ, Эшпўлат, келаси йил баҳорда қайтаришингизга кўзим етмайди.

Довдир йўқчиликни ҳам, тўқчиликни ҳам кўрган, қўли очиқ одам эди. У мавриди келганда бир-икки қўйларни ебкетарга ҳам бериб юборган вақтлари бор. Буни қишлоқда ҳамма билади. Лекин ҳозир унинг мақсади бошқа эди.

Эшпўлат дастурхонга тикилиб ўйланиб қолди.

– Бўлмаса, гап бундай, Эшпўлат полвон. Битта йигитча иш қиламиз. Агар хўп десангиз.

Эшпўлат Довдирга умид билан боқди.

– Ҳўкизни обкетасиз. Тўйни ўтказасиз. Куз ўтсин, қиш ўтсин. Баҳорда, яъни йилбоши куни ҳўкизни етаклаб келасиз. Агар етаклаб келмасангиз, ўша кундан эътиборан Ҳаким Ўнғалов отарининг ёрдамчи чўпонисиз. Шу шартга чидайсизми?

Эшпўлат иккилана бошлади. Айтишларича, унинг ёлғиз қолса кўзига ажина кўринадиган одати бор эмиш. Шунинг учун қоровулликни ҳам ташлаб кетибди. Ҳаким чўпоннинг тахмин қилишича, ҳамма сир Эшпўлатнинг афғонда кўргану қилган ишларида. Ажина эмас унга… отган одамларининг арвоҳи дорийди танҳолик пайтлари. Афғонга бориб келган йигитларнинг орасида соғи кам. Тўрт мучаси бутуну руҳияти мажруҳ. Одам отган-да!

– Менга қара, ука, Эшпўлатжон. Чўпонлик ота-бобомиздан қолган касб. Бошини тутган одам хор бўлмайди. Мана, қайси чўпонни олиб қарама қозон-чўмичи мой, давранинг тўри, мажлиснинг минбари ўшаники. Бундан ташқари сен дала-даштда тоза ҳавода юрсанг, анови ажиналар ҳам келмайдиган бўлади. Агар… агар… шу шайтон ҳозир тилимга бир гап солди. Лекин кўнглингга олма, ука, чин юракдан айтаяпман. Агар… Ҳаким ака, эртадан бошлаб сизга шогирдман десанг, шу ҳўкиз икки шохию, тўрт оёғи билан сеники. Топсанг берарсан, топмасанг мен рози. Нима дединг. Бор, энди отанг билан гаплаш. Тез тур. Айниб қолмасимдан, тезроқ бориб масалани ҳал қил.

Шундай қилиб, Эшпўлат Ҳаким акага ёрдамчи чўпон бўлиб қолди. Паҳлавон келбатли, оқ кўнгил бу йигит ишга сидқидилдан берилди. Энг муҳими, у чўпонликка қизиқди. Шунинг учун сиҳати ҳам тикланди, ишиям юришиб кетди. Ҳозир у бола-чақасини ҳам отар бошига кўчириб чиққан. Уй қилди, мотоцикл олди. Энди машинани мўлжаллаяпти. Болалариям ҳадемай еттита бўлади…

Ҳамхона йигит ўрнидан туриб керишди. Кийинди, сочиғини олиб, оёқ учида ташқарига чиқди. Бироздан сўнг “куҳ-куҳ”лаб қайтиб кирди. Ҳаким довдир кўзини бақрайтириб ётганини кўриб гап қотди:

– Ие, ассалому алайкум. Қалай, яхши бориб келдингизми? Аждодларимиз яхши юришибдими?

Довдир мажолсизгина жилмайди. “Бу йигити тушмагур ҳам ўзимиздан чиқиб қолди-ку”.

– Ҳа, салом айтишди, – деди у қўлини кўксига босиб. Эси бўлса, бу ёқларга келишни сира ўйламасин, ўша ёқда кунини кўриб юраверсин, дейишди.

– Раҳмат, раҳмат. – деди йигит кулиб. – Қани, туринг энди, бир физкультура қилайлик!

Довдир йигитни ҳовлиқтириш учун қимирлаганга ўхшаш ҳаракат қилди.

– Ё, бисмиллоҳир раҳмонир раҳим!

Йигит ҳай-ҳайлаб бошига югуриб келди.

– Ў-ўв, ҳазилни биласизми, ака! Қимирламанг-е! Яна чиндан ҳам бобомнинг ёнига равона бўманг!

– Нафасни иссиқ қилинг, ука, ўлишга вақт йўқ ҳали, – деди инқиллаб довдир. – Қани, ўтириб тўртта гап беринг. Сал гурунг қилиб чалғимасам, ичим қизиб кетаяпти.

Суҳбат давомида маълум бўлдики, йигит, яъни Шодиёрбой тракторчи экан. Шўрчадан, бўрдоқи қабул қиладиган пунктда ишлаб юрадиган Турдим деган одамнинг ўғли экан.

– Серфарзандман ака, ўнта бола бор. Келинингиз, онам, яна икки сингил. Ўзим билан бирга ўн бешта еярман-ичарман. Тракторчиликнинг маошига кун ўтказиш қийинлашиб кетди, бу ёқда танқислик, дўконга чиқсанг ҳеч нарса йўқ, талонга бериладиган маҳсулотларни ҳам чаққонлар кундан бурун илиб кетишяпти. Баъзан уйда нон-чой ҳам бўлмай қоляпти. Бунақада… очарчилик бўлмасайди, деб қўрқаман. Хуллас, йўқчиликдан юрак сал безовта қилди.

– Сиз ҳар нарсага қўрқаверманг-да Шодиёрбой, қўрққанга қўша кўринади. Нимадан қўрқасиз, ўлмаган қул бир кунини кўради. Дўконларни тўлдириб қўёлмайдиган давлатнинг эса… падарига лаънат!

Бу гапни эшитган Шодиёр яна қўрқиб кетди. Кўзи олазарак бўлиб, эшикка қаради. Ҳайтовур берк экан. Нақ такрорий инфаркт бўп қоларди-я.

– И-и, унақа гапларни гапирманг ака, мен коммунистман, бунинг устига туман партия қўмитаси бюроси аъзосиман.

Довдир бу гапнинг неча фоизи ҳазилу қанчаси зил эканини чамалаб, йигитнинг юзига тикилди. Кейин пўнғиллади:

– Оббо-о, бу коммунистларингнинг дастидан касалхонадаям эркин гапириб бўлмас экан-да. Дарвоқе, бўйро аъзоси бўлсангиз, анови… директоримиз Бўтаевнинг масаласидан хабарингиз борми? Кеча эшитдимки, муҳокама бўлармиш, қаттиқ чора кўрилармиш… Шу ростми?

– Шунақа бўлса керак. Терговдан: “Ўчириб беринглар, бизлар қамаб, Тошкентга опкетишимиз керак”, деган қаттиқ қоғоз келган экан. Бюро аъзоларининг барига “розиман”, деган мазмунда имзо қўйдириб юришибди. Лекин мен ҳали имзо чекканим йўқ.

– Балли, иложи бўлса, умуман ҳеч қачон, мутлақо имзо чекманг.

– Кошки бизнинг имзонинг бир чақалик қадри бўлса, – деди кулиб тракторчи, – Хўжакўрсинга аъзо қилиб қўйишган-да. Бўйронинг асл хўжайини Ўташев. Айтгани – айтган, дегани – деган.

– Шунақами, унда ҳокимият ўзимизнинг қўлда экан-ку. Шоқувват ака.... бизга холавачароқ бўлади. Аммо-лекин…

Тракторчи унинг гапини бўлиб, касалига нима сабаб бўлганини суриштира бошлади.

– Кўринишингиздан сираям юрак касал бўладиган одамга ўхшамайсиз-у, – деди.

Довдир яна ҳазил қилди:

– Одам… ҳаддан ортиқ шўх бўлса ҳам юракка оғир тушаркан. Анови ҳофизлар авжини олиб бўкирганда йўғон ичаги ёрилиб кетади, дейишади-ю. Бизам замонамизнинг фаровонлиги, сизга ўхшаган инсонларнинг бахтиёру шодмонлигидан, айниқса ўзимизнинг беҳад саодатмандлигимиздан қувониб, нуқул қийқириб кулаверган эканмиз, юрак қурғур ёрилишига сал қолибди. Холбуки… лоақал ора-сирада ҳўнграб-ҳўнграб юракни бўшатиб туришимиз керак экан.

– Коммунист одам йиғлаши мумкин эмас экан, чўпон ака, бизга шундай, деб ўргатишган партияга қабул қилишаётганда. Агар оғзинг тўла қон бўлса ҳам ғоявий душманлар олдида тупурмаслигинг, бошинг ёрилиб, мажақланиб кетса ҳам дўппининг тагига яшириб тураверишинг даркор экан.

– Тўғри ўргатишган, – деди довдир суҳбатдошининг ҳам тузуккина аскиячи эканига энди тўла ишонч ҳосил қилиб.

– Аммо-лекин ўзларидаям анча-мунча дард борга ўхшайди-ю, айтишни лозим билмаётирсиз, – деди тракторчи.

– Қизиқмисиз, яйловда яйраб, най чалиб, қўшиқ айтиб юрган чўпонда дард нима қилсин, – деди довдир.

Табиийки, унинг отарига ҳам кетма-кет текширув келаётганини, қўй сони, ем-емишнинг ҳисоб китобидан нуқсон топишолмасдан, кўзбўямачилик билан мукофотга машина олганликда айблашаётганини, ўша мукофотни болалар уйига топширганини ҳам инобатга олишмаётганини гапириб ўтирмади. Зеро бу “айб” учун унга ҳеч қандай жазо беролмасликларини қонундан ҳам анча-мунча хабари бор киши сифатида яхши билар, уни ҳозир азоблаётган ягона ташвиш – Нурқобилнинг боши узра айланаётган қора булутлар эди. “Нурқобил, Нурқобил, дейсиз, нуқул ўшани ўйлайсиз, еганингиз ичингизга тушмайди, нимага бунча куйинасиз, Нурқобил ўғлингизми, ё туғишган жигарингизми? – деди қайси куни хотини Мусаллам. – Айби бўлса бўшайди, жиноят қилган бўлса, қамалади. Сизга нима?” “Ҳаҳ, тилингга терскан чиққур сочи узун, ақли қисқа хотин-а, ахир Нурқобил ҳам жон-жигаримиз-ку! Жигар бўлмаганда-чи? Бир бегуноҳ одам тўрт-беш боши бузуққа ем бўлиб кетаверса майлими?

Бугун эрта билан Тошбўри айтди. Тоғаси, аниқроғи тутинган отаси Ўташев жаноблари дебдиларки, “Нурқобилжонни сақлаб қолиш учун керак бўлган барча ишларни қиляпмиз, шунинг учун ҳозирча қамалганлари йўқ, эҳтимол умуман қамалмас ҳам. Худо кўрсатмасин, мабодо шундай нохуш ҳол юз берган тақдирда ҳам, унинг мумкин қадар камроқ муддат олишига эришамиз, насиб этса.” “Тоғангизга, менинг жондан азизу шакардан лазиз бўлам бўлмиш Шоқувват Ўташ қассоб ўғлига… умуман гап йўқ! – деди ҳайрат ва …нафратини яширолмай Ҳаким довдир. – Қойил, қойил яна қойил! Илойим айтгани оғзидан чиқиб… шамолларга учиб кетсин.”

Зеро, довдир буларнинг барчаси шу одамнинг зимдан олиб бораётган “ички ва ташқи сиёсати” натижаси эканини жудаям яхши билар, шу топда жаҳлу ҳаяжон ичра ҳаммасини Тошбўрининг юзига айтиб, бир юрагини бўшатмоқчи бўлдию, фикридан қайтди. Ҳозир, тракторчига у аъзо бўлган бюронинг баковули ҳақида икки оғиз нордон гап айт моқчи бўлди-ю яна тилини тийди. “Ясиххус – сукут”, яъни сукут олтин эмиш.

Тушга яқин навбатчи дўхтир кириб Ҳаким довдирни обдон кўрди. Кейин Тошбўрини чақириб келди.

– Нима бўлди? Асабийлашдингизми? Сал босимингиз ошибди. Ҳадеб ҳар нарсага таъсирланиб, ҳаяжонланаверманг, хўпми, акс ҳолда муолажамиз чўзилиб кетади. Юрагингизга, аввало ўзингизга раҳмингиз келиши керак. Майли, ҳечқиси йўқ. Ҳозир укол қилишади.

Уколдан сўнг ўзини анча яхши ҳис қилди. Кейин хотини Мусаллам, Ойсифат ва Тўхтарбой келишди. Довдир уларга ўзини бепарво, хушчақчақ қилиб кўрсатди. Қизиқ гаплардан сўзлади. Кулдириб жўнатди. Лекин кўнглидаги гидирни ечолмади. Уни-ку қамай олишмас, мабодо қамаганларидаям кўп йилга кесишолмайди. Қўйлар сони тугал, ем-емишнинг ҳисоб-китоби пухта. Бояги машинани нари борса, уялишмаса, етимхонадан қайтариб олишар. Ўзи асли керакмасди шу нарса. Нодонлик қилиб, ҳазил-ҳузул билан розилик берворган. Қисталоқ Ўташев бунақасига айлантирворишини қайдан билибди. Майли. Лекин.... Нурқобилнинг аҳволи не кечади. Унга жуда қаттиқ ёпишишган дейишяпти-ку…

26

Нурқобилнинг аҳволими? Нурқобилбой мана, бир ҳафтаки, уйда ўтирибди. Директорликни топширган. Шаҳарга икки марта сўроқ бергани бориб келди. Биринчи марта чақиришган куниёқ ариза ёзган, “ўзимни оқлаб олмагунимча ишга чиқмайман”, деб раҳбарликни фирқақўм котиби Усмон Шамсиевга топширганди. Шамсиев уни ҳали ариза ёзмасликка, текшириш, тергов натижалари тугагунча сабр қилишга кўндиришга ҳарчанд ҳаракат қилди. Уйигаям икки марта келиб кетди. Шамсиев кекса, кўпни кўрган киши. Туробов билан бирга ишлашган. Ишига пишиқ. Лекин қанчалик пишиқ бўлмасин, бир неча йиллардан буён аризабозларни тинчитишнинг иложини қила олмаяпти. Нурқобил сайланганидан сўнг бир неча ой теваракка гўёки жимлик ва осойишталик чўккан, одамлар: “энди сокин яшайдиган бўлдик”, деб қувонишганди. Сал шошилишган экан шекилли. Ярим йилдан сўнг аризабозлик яна авж олди. “Ҳақиқатпарварлар” ҳар қайси замбаракнинг ўқидек келадиган думалоқ хатларни вилоят, республика етмагандек, Москвага ҳам ёмғирдек ёғдира бошлашди. Текширув устига текширув. Бошда ҳеч нарса тасдиқланмай юрди-ю, кейин кутилмаганда жиноий иш очилиб, тергов юритилаётгани ҳақида хабар келди. Ва ниҳоят, уни вилоят марказига сўроққа чақиришди. Саксонинчи йиллар иккинчи ярмида, сирасини айтадиган бўлсак, Ўзбекистон улкан бир терговхонага айланиб қолган, бошда ҳар бир раҳбарнинг терговга тортилишию қамалиши ҳақида ваҳимали муноқашалар қилган ҳангоматалаблар ҳам вақт ўтиши билан бу ҳолатга кўникиб, мутлақо ажабланмай қўйишди. Шу боис кунларнинг бирида кечагина ишдан “ўз илтимосига биноан” кетиб қолган, умрини Москвада давру даврон суриш билан ўтказиш умидида бўлган республиканинг собиқ раҳбари қамоққа олингани ҳақидаги хабар ҳам деярли ҳеч кимни наинки, таассуфлантиргани балки таажжублантиргани йўқ. Шундай шароитда узоқ даштдаги бир хўжалик раҳбарининг тергов қилинаётгани, қамалиш хавфи борлиги ҳақидаги ахборот ўша давр аҳли учун бамисоли… гидрометеорология станцияси ходимининг “эртага ҳаво ўзгариб туради”, деган тахминий маълумоти қадар оддий ва аҳамиятсиз эди. Аммо…

Бу воқеа қаҳрамони бўлмиш оғайнимиз Нурқобил учун ҳаёт-мамот масаласи кўндаланг қўйилганди кун тартибига.

Бошда шикоятларда нималар дейилган, Нурқобилга қанақа айблар қўйилган – буни унга ҳеч ким айтмади. “Сиз бемалол ишингизни қилаверинг, ит ҳурар-карвон юрар”, дейишди. Ўлчаш, ҳисоблаш, тафтишу ревизия қилиш, ўнлаб, юзлаб одамларни чақириб суҳбатлашиш, сўроқ қилиш. Ҳалиям Нурқобил шунча чидаб ишлади. Таҳлика, гумон, шубҳа остида. Унинг ўзи билан ҳам деярли кунора “суҳбатлашиб” туришарди. Хўжаликнинг ҳисоб-китобларидан ҳар тугул ишкал чиқмади. Лекин энди аризачилардан ҳам чаққонлашиб кетган текширувчилар сира бўш келишмасди. Нурқобил уларнинг қаердандир муттасил гиж-гижланиб, олкишланиб турилганини сезар, ҳатто бир икки кишилардан “Сиз ҳам тезроқ қарши ҳужумга ўтинг, акс ҳолда еб, ғажиб ташлашади”, қабилидаги бепул маслаҳатлар ҳам эшитган, шунга қарамасдан “мен ғирромларга қарши ғирромлик билан курашмайман”, деган Дон Кихотча ўйда юрар, ҳақиқат ва адолат юзага чиқишига ишонарди. Аризабозлар эса унинг эрта-индин албатта қамалажаги ҳақида башорат қилишар, “ана кетди-мана кетди”, дея тўхтовсиз миш-миш тарқатишарди.

– Шикоятларда ёзилишича, тоғ орасидаги полиз, сабзавот пайкаллари сизнинг кўрсатмангиз билан барпо қилинган. Сизнинг кўрсатмангиз билан у ерлар давлат техникаси билан ҳайдалган, уруғ, ишчи кучи – ҳаммаси сиз раҳбарлик қилаётган хўжалик ҳисобидан. Лекин ҳосили шаҳар бозорларида сотилиб, пули сизнинг чўнтагингизга тушиб турган. Одамларга эса: “Бу ерларга экилган экологик тоза табиий маҳсулотлар республика раҳбарлари дастурхонига тортиқ қилинмоқда” деган ёлғон ва туҳмат гапларни айтиб келгансиз.

Нурқобил ҳайратдан ёқасини ушлади. Ё, тавба, туҳмат балосидан асра, деб шунга айтишар экан-да.

– Ўша яширин экинзорлар борлигини билармидингиз, ахир. У ерлар хўжалик экин майдонлари рўйхатида бўлган-ку.

– Йўқ, бўлмаган. Мен ҳам аввалига шундай деб ўйлагандим. Кейин билсам, у ўрмон хўжалиги ерлари экан-у, шаҳардаги заводлардан бирига ёрдамчи хўжалик қилиб берилган.

– Демак, хабарингиз бўлган. Афсуски, ўрмон хўжалиги ҳужжатларида у ерлар “хўжалик ерлари” деб кўрсатилган. Ҳеч қанақа заводга берилмаган. Амалда яширинча хусусийлаштириб олгансиз. Буни бўлим бошқарувчиси ҳам тасдиқлади. Ўша атрофдаги икки юз туп ёнғоқ, юз туп бодом, икки юз туп писта, эллик туп дўлана ҳам шундай деб расмийлаштирилган. Хўжалик ҳужжатларида эса, боягидай, ўрмон хўжалиги ҳисобига “ўтказиб қўйилган”. Ҳар бири камида ўттиз-қирқ ёшли серҳосил икки юз туп ёнғоқдан ўрта ҳисобда олти юз қоп ёнғоқ чиққанда ҳам ҳар қопи, борингки, эллик килодан, қилоси тўрт сўмдан, демак ҳар қопи икки юздан бўлса, жами даромад бир юз йигирма минг. Фақат ёнғоқнинг ўзидан.. Бошқасини ҳозирча гапириб ҳам ўтирмайман. Содда эмассиз, Бўтаев!

– Ахир мен… бир мактуб ёзган эдим юқорига… бир текшириб, аниқлик киритилишини, қонуний баҳо берилишини сўраган эдим.

– Қачон, кимнинг номига, нима мазмунда? Иккинчи нусхаси борми? Почта квитацияси қани? Ёлғон гапирманг, кап-катта одам.

Нурқобилнинг жони ҳалқумига келди. Нима десин? Мактуб бир нусха эди, почта қутисига ташлаганман, буюртмали қилиб жўнатиш, квитанция олиш хаёлимга келмабди, десинми? Ишонишмайди барибир. Ё… Ўташевга ағдарсинми, ўша одам вилоят раҳбари Тўхтабоев учун ташкил қилган десинми? Кимни ишонтиради? Билган экансан, нега бефарқ қараб турдинг дейишмайдими? Кеча эшитди. Тўхтабоев ишдан олиниб, ўрнига Нодир Назаров сайланган. Ишдан кетган одамга атай туҳмат қиляпсан, номард экансан, дейишмайдими? Барибир қутулиб бўлмайди. Ё, тавба, куппа-кундуз куни, кутилмаганда бошига туҳмат ёғилса-я. Наҳотки бу Ўташев шу қадар шафқатсиз одам, наҳотки.

– Қоракўл тери, гўшт, жун, сут топшириш режалари ижроси билан боғлиқ қинғирликлардан ҳам хабарингиз йўқмиди? Ҳар йили минглаб дона тери, юзлаб тонна сут қўшиб ёзилган. Иккита бўлим бошқарувчиси, иккита пункт мудири, бир неча сут топширувчи, тери йиғувчиларингиз ҳаммаси иқрор бўлди. Директор мажбурлаган, биз манфаатдор бўлмаганмиз, фойдани фақат ўша киши кўрган, дейишяпти. Умуман, хўжаликдаги обрўли шахслардан бошлаб, энг оддий одамларгача – кўпи билан гаплашдик. Сизни ўтакетган мансабпараст, амал курсисига эришиш учун виждонини ямламай ютадиган кимса, деб “таърифлашди”, нафсингизни тиёлмас экансиз, мўмай даромад учун энг қабиҳ ишлардан ҳам тап тортмайди, дейишди…

Нурқобилнинг боши шишиб, қулоқлари чиппа битди. Терговчининг гаплари пашшанинг ғўнғиллашига ўхшаб эшитила бошлади. “Ҳозир ҳалиги айиқли дарадаги нашазорлар ҳақида гап очиб, униям менга тўнкайди” деб ўйлади. Лекин ҳайтовур бу гал у ҳақда лом-мим демади. Балким, сўнгги зарба сифатида ишлатиш учун охирроғига олиб қўйгандир. Юқорида айтилганларнинг ўзи ҳам Нурқобилни турманинг тўрига ўтқазиш учун етиб – ортса керак. Аслини олганда, “адолатли совет судлов тизими” учун бировни ёмон отлиқ қилиш, узоқ муддатга кесиш ва ҳатто отувга ҳукм қилиш учун ҳеч қанақа далилу исботнинг зарурати ҳам йўқ. Нурқобил билади, тарихий китобларда ўқиган: ўттизинчи йилларда бу тизимнинг оталаридан бири, Сталин бобонинг ўнг қўли бўлган ўртоқ Вишинский кашф этган “иқрор-далиллар маликаси” қоидаси асосида мутлақо бегуноҳ одамларни ҳам ҳеч қандай исботсиз, ҳужжатсиз, “ўзи иқрор бўлди”, деган асос билан қатағон қилаверишган. Яна бир бениҳоя мудҳиш услуб – маҳкумни кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийноқларга солишаркан-у, битта талаб қўйишаркан: “Ўз жиноятингни ўзинг тан ол ва ўзинг исботла!” Ривоят қилишларича, ана шундай вазиятда Ўзбекистонда қамалган бир маҳбус: “Мен Тошкентдан Москванинг марказига қадар лаҳм ковлаб, Кремлни портлатмоқчи ва ўртоқ Сталинни ўлдирмоқчи эдим”, қабилидаги ақлга сиғмайдиган, ҳатто ёш бола ишонмайдиган “жиноят”га иқрор бўлади ва бу ҳеч кимни ажаблантирмайди, кулдирмайди, балки, зудлик билан шов-шувли суд бошланади, маҳкум отувга ҳукм этилади. Энг даҳшатлиси – ана шу суд маҳкамаси тафсилотларини радио, газеталар орқали ҳар куни кузатиб борган оломон ичидан ҳам бирор кимса бундан таажжубу таассуфга тушмайди. Бутун мамлакат бўйлаб миллионларнинг: “Ватан хоинларига – ўлим!” деган жўровоз ҳайқириқлари янграб туради. Шўрлик оломон. У ҳамиша зўрлар тарафида. У мудом ваҳимали томошалар ишқибози. У ҳануз ҳар кун, ҳар соат “қайноқ” ахборотларга ошуфта. Чашмизиракнинг умрини мойкунда ёнида от ҳайдаб ўтказаётган саводсиз бир жувозкаши Қорақул кунжара харид қилиш истагида кирган ҳар бир кимарсага куни кеча Самарқандда, Тошкентда, ҳатто Москвада қандай катта амалдор ишдан олиниб, устидан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида энг “барра”, энг аниқ ахборотларни беради. Кунжараталаб харидор эса бу маҳал оғилхонасида очқаб “мў-мў”лаб бўкириб ётган сигирини унутиб, оғзини карракдай очиб: “Қаранг-а, у нобакор порахўр қачонлар қамалиши керак эди ўзи”, дея умрида номини ҳам эшитмаган одамни бўралатиб сўкиб, пировардида: “бу онангни эмгур амалдорларнинг ҳаммасини бургадай қилиб янчиш керак”, дея кекириб-кекириб чиқиб кетади. Айни шу одамга айни шу дамда кўчада қишлоқнинг энг майда амалдори, маҳалланинг котибими, совхознинг табелчисими учраб қолса, дарров кекиришдан тўхтаб, ипакдай эшила бошлайди. “Каттакон, – деб мурожаат этади ўғли қатори навжавон мулозимга, – анови, ҳалиги… моддий аҳволимиз оғирлиги жонибидан бир ариза ёзиб, давлат нархида иккита қўй сўрагандим. Совхознинг ўпкаси шамоллаган тўхлиларидан бўлсаям майли, ўзингиз қўллаб юборинг миллатпаноҳ.” Нега одамларимиз бунчалик аянчли аҳволга тушди, нега қўрқоқ ва иккиюзламачи бўлиб қолди? Орият ҳамият, номусу ғурур, деган тушунчаларимиз қайда қолди? Наинки энди улар фақат китоблару газеталарда ёзилади. Кундалик ҳаётда тилга олсанг, эшитган кулади: “Қўйинг-е, унақа баландпарвоз шиорларни, бўладиган ишдан гапиринг”, дейди…

– Ўша “обрўли шахслар, оддий одамлар”дан лоақал бир-икки кишининг номини айта оласизми?

– Марҳамат, бунинг яширадиган жойи йўқ. Бевосита қўл остингизда ишлаган Қиличбой Заҳҳоров, Бойқувват Ўташев…

Терговчи тилга олган кейинги номлар Нурқобилга нотаниш эди. Хўжалик катта, тоғ оралиқлариданми, дашт тарафданми, ҳар ҳолда бор одамлардир. Бечоралар “айт, ёзиб бер”, деган дўқ-пўписалардан қўрқишгандир. Улардан хафа бўлиш керакмас. Авом, ожиз кимсалар-да. Аммо… уларнинг анча-мунчаси бояги Қорақул жувозкашдан ахборот олувчи кунжараталаб харидордан фарқ қилмайди. Олдингда бўш-баёв, ортингда даҳшатли ёв. Ҳартугул Нурқобил ҳаётда учратган кишиларнинг ҳаммаси унақамас. Бошқачалари ҳам бор…

– Агар шарманда бўлмайин, енгилроқ жазо билан қутилайин, десангиз, ҳаммасини ўз ихтиёрингиз билан сўзлаб, терговга ёрдам беринг. Бу инобатга олинади. Эҳтимолки, жавобгарликдан тамоман озод этилсангиз. Чунки…

– Чунки менга ўхшаган майда-чуйда амалдорларни қамашга қамоқхоналарда жой ҳам қолмагандир, – дея истеҳзо қилди шу ҳолига Нурқобил.

– Янглишасиз, – деди терговчи истеҳзони қулоғининг бир чеккасидан ўтказвориб. – Советлар мамлакатида нимадир балким бироз камроқдир, аммо шукр, ҳибсхоналар етарли. Кап-катта раҳбар бўлиб буни билмаслигингизнинг ўзи… сиёсий хушёрликни йўқотганингизни кўрсатади.

– Узр, ўйламасдан гапирворибиман, – деди Нурқобил, – бир жойда ўқигандим, ўттизинчими, қирқинчими йилларда маҳбуслар шу қадар кўпайиб, мактаблар, касалхоналар, ҳатто оғилхона-ю чўчқахоналар бўшатилиб, авахтага айлантирилган экан. Тўғрими?

– Қисман тўғри, – деди терговчи Нурқобилнинг киноясига эътибор бермай. – Урушдан кейин бўлган шунақа вазият. Чунки, ўзимизнинг маҳаллий аристонлар қаторига хорижлик… миллионлаб асир маҳбуслар қўшилган. Хўш, нима дейсиз, тергов билан… ҳамкорлик қилишга розимисиз?

– Бир-икки кун… ўйлаб олгани фуржа берасизми? – сўради Нурқобил. Атиги бир лаҳза олдин миясида: “Муҳлат сўра, вақтдан ютишга ҳаракат қил, болта тушгунча кунда дам олади, ажабмаски, бирор мўъжиза юз бериб, мушкулинг осонлашса”, деган фикр пайдо бўлганди. Терговчи эса буни ризолик аломати, деб ўйлади. Чунки, муттасил ҳузур-ҳаловатда яшаб ўрганган амалдор қавмининг аксариятида ирода суст бўлишини, яхшилаб таҳдид қилсанг-у, “фалончини сотсанг жавобгарликдан озод этиласан”, дея ваъда берсанг, биринчи сўроқдаёқ чалган куйингга ўйнашини кўравериб кўзи пишиб кетган эди.

– Майли, сизга бир ҳафта муҳлат, бошқа вилоятдаги бир ишни судга ошириш учун тўрт-беш кунга сафарга бориб келишим керак. Аммо-лекин… бирон тарафга қуён бўлишни хаёлингизга ҳам келтирманг, ерга кирсангиз қулоғингиздан, осмонга учсангиз… туёғингиздан тортамиз.

– Қаёққа қочаман, ака, тўрт тараф панжараю тиконли сим билан ўралган-ку, – Нурқобил бу гал ошкора истеҳзо қилди ва шу он бундай учирма гаплар устаси бўлмиш қадрдони Ҳаким чўпонни эслади.

– Балли, тушунадиган одамга ўхшайсиз, демак янаги ҳафта кўришгунча, – деди терговчи.

Нурқобил уйга келди. Ҳовлига кирди-ю, Усмон Шамсиевга тўқнашди.

– Қаёқларда юрибсиз? Эртага туман партия қўмитаси бюросида муҳокама қилинасиз Жиддий тайёргарлик кўринг. Маҳкам бўлинг.

Нурқобил каловланиб қолди. Шуниси етмай турувди. Нима қилиш керак? Нимадир қилиш, қандайдир чора излаш лозим ахир. Ҳаракатда – баракат, дейдилар.

Нурқобил ўйлаб-ўйлаб Ўташевнинг олдига… бош эгиб боришга қарор қилди. Тариқча одамгарчилиги бўлса, ёрдам берар, кунига ярар. Ҳурматини бажо келтирди, умрида қилмаган ишини қилиб, аёли билан юрмагани ҳақида қасам ичди. Буларнинг ҳаммасини унинг ўзи ташкил этиб юрганини билмасликка олиб, раҳм-шафқат сўрайди. “Мана ишдан ўз аризам билан кетдим, минбаъд каттачиликка кўз олайтирмайман, ҳоҳлаган одамингизни қўйиб, даврингизни сураверинг”, дейди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации