282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 15

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 15 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
6

Орадан бир неча кун ўтгач, Тошбўри Ойсифатга қўчқор воқеасини кулиб, бироз ғурурланиб айтиб берди. Ойсифат маъқуллади.

– Лекин хафа қилмай, тушунтириб рад этганингиз яхши бўлибди, – деди у. – Чунки кўпчилик одамлар буни чиндан ҳам беғараз, самимият билан олиб келишади. Ахир, суюнчи азалдан халқнинг удуми. Янги замон кишилари халқ удумларини, урф-одатларини ҳозирги турмушга мослаб қўллашлари, мазмунан бойитишлари керак деб ўйлайман.

– Гапингиз тўғри, бир томондан, – деди Тошбўри. – Лекин менинг билишимча, халқ анъаналарига кўра суюнчи дояга эмас, чақалоқ туғилганлиги ҳақидаги хабарни хешу ақраболарга етказувчи болаларга берилган. Дояга эса хизматига яраша ҳақ тўланган. Бизнинг хизматимизга ҳақни давлат тўлаяпти-ку!

Ойсифат ён бергиси келмади.

Йўқ, бўлмаяпти. Ойсифатнинг кўзида хайрихоҳлик кўрмаяпти. Йўқса, қачонлар гап очарди Тошбўри. Ойсифат бошқа одамни яхши кўрадиганга ўхшайди. Шошма-шошма… Бу гапни каллангдан чиқар. Дадил бўл, у файласуфнинг ўғли. Бир қизнинг бошини айлантиролмасанг, нима қилиб юрибсан?

– Майли, қўйинг ўша гапни, – деди Тошбўри. – Ўтган ишга салавот.

Тошбўри билан Ойсифат мактаб боғида анча суҳбат қуриб ўтиришди. Тошбўрининг наздида улар оталар орасидаги зиддиятнинг юкини, совуқ нафасини мудом ҳис қилиб туришарди. Бу совуқ нафас гўё уларнинг муносабатини улғайтиришга, севги деб аталмиш тоза, юксак бир туйғуга айлантиришга халал бераётгандек эди. Чунки Ойсифатнинг кўнглида эҳтимол, Тошбўри барибир тоғасининг измига юради, деган бир шубҳа яшар, Тошбўри шу боисдан ҳам Ойсифатнинг муҳаббатини қозона олмай қолишдан қўрқиб, қизга унчалик ботиниб муомала қилолмасди.

7

Тоғаси тарқала бошлаган кайфни янгилаш мақсадида саркаш манкуҳаси Маъсумахоним ўтган йили ёзда Ўрта ер денгизи бўйлаб саёҳатга борганида олиб келган французча “Наполеон” конягини очиб, бир қадаҳини сипқоргач, газагига шоколадни чайнаб, зотли қўчқорнинг қонидай қуюқ-қуюқ англисча “Даржилинг” чойини хўриллатаётган айни лаҳзаларда ўзига ва ҳаммамизга яхши таниш бўлган яна бир муҳтарам инсоннинг ҳаётини сақлаб қолиш учун жонини жабборга бериб ҳаракат қилиб ётар эди. Ярим соатча олдин Ҳаким чўпоннинг ёрдамчиси Эшпўлат мерган қишлоқнинг энг катта одами Нурқобил Бўтаевни беҳушу чалажон ҳолда отга ортиб олиб келди.

– Бўронда адашган иккита тўқлини излаб, қир ошгандим. Қарасам узоқдан бир кўкимтир қора нуқта кўринди. Камида уч тўрт чақирим, балким ундан ҳам наридайди, адашмасам. Аввалига саробми, дедим. Бўрон кўз очирмайди. Йўқ, саробга ўхшамайди. Машина. Отни ниқтаб тез бордим. Бензини тугаб ўчганми ё қорга тиқилиб қолганми, хуллас, қорнинг гуртугига ботган “УАЗ”, ичида акам сулайиб ётибдилар. Нафас йўқ, юрагига қулоқ солсам, эшитилмайди. Билганимча, биринчи ёрдамни кўрсатиб, нафасини чиқардим, кейин саманга ўнгариб, пастга эндим, – деди у.

– Отангизга раҳмат, энг тўғри йўлни тутибсиз ва муҳими, вақтида етказиб келибсиз, – деди Тошбўри миқти, лекин елкалари кенг, паҳлавон келбат бу йигитнинг елкасига қоқиб. – Армия кўрганингиз, бунинг устига снайпер бўлганингиз иш берибди. Биз зарур муолажаларни қилдик. Тез орада буткул ўзларига келадилар.

Тошбўри довдирнинг отарига борганида Эшпўлат мерган билан кўришган, танишган, унинг лақаби нега “мерган” эканининг боиси, шу билан боғлиқ ажабтовур бир воқеани чўпоннинг келгусида катта раҳбар бўлиш орзусида экани учун ҳозирданоқ нотиқлик маҳоратини пухта эгаллаётган, бинобарин, оддий бир ҳодисани ҳам чиройли қироат ила муболағага қўшиб, бағоят қизиқарли қилиб сўзлайдиган ўғли Тўхтарбойдан эшитган ва астойдил қойил қолиб: “қаранг-а!” деворганди. Дўхтир дўстимизни қойил қолдирган ҳикояни навбатдаги бобда муфассал ёритамиз. Ҳозир эса Нурқобил жойлаштирилган “жонлантириш” бўлими деворининг шундоққина орқасидаги палатада ётган Ҳаким оғанинг ёнига кирамиз.

– Кимни опкелишди, шовқину саросиманинг боиси не? Кимдир уввос тортиб йиғладими? – деб сўради навбатдаги қозув (уколни Чашмизирак аҳлининг шевасида шунақа дер эканлар)га кирган ҳамширадан.

– Хўжалигимизнинг раиси тоғда мошини бузилиб, ўзи музлаб қолган экан, ўша кишини опкелишди. Йиғлаган Гулсара опа. Жияни бўларкан-ку…

Бу гапдан довдирнинг юраги “зирқ” этиб кетди. Нафаси қайтиб, томоғи бўғилди. Бутун кучини тўплаб:

– Тирикми ҳайтовур, – деб шивирлади.

– Тирик-тирик, хавотирланадиган жойи йўқ, – ҳамширанинг ўрнига жавоб берди Эшпўлат мерганни бошлаб кирган Тошбўри. Кейин ҳамширани койиди: “Реанимациядаги беморларнинг кимлиги, аҳволи ҳақида бошқа касалларга мендан берухсат маълумот бериш мумкин эмас”, деб айтмаганмидим сизга!

– Бу синглимда айб йўқ, мен қаттиқ сиёсат қилиб сўрадим-да, айтмасликка қўрқди, – деди довдир: “Хайрият-э, Худо, ўзингга ҳамду санолар бўлсин”, деган шукронани кўнглидан ўтказиш баробарида кайфияти кўтарилиб. Кейин Эшпўлатдан воқеанинг тафсилотларини суриштиришга тушди.

– Сизлар суҳбатлашиб туринглар, мен директор аканинг ёнига борай, – деди Тошбўри.

Эшпўлат боя Милтиқбоевга сўзлаган воқеани қайта бошдан ҳикоя қилишга киришди.

– Сен яна бир марта мени қойил қолдирдинг, Эшпўлат, – деди довдир унинг бошини секин ўзига тортиб, бағрига босар экан. – Ўзи… ўшандаёқ қаттиқ ҳайратланган ва: “бу болада илоҳий бир ҳислат бор”, деб ўйлагандим. Энди чиппа-чин ишондим. Парвардигор Нуржон укамни айнан сенинг қўлинг билан қутқаргани бежиз эмас, насиб этса анови ишларини ҳам ўнгидан келтиради, иншоолоҳ. Балли, ука! Тўрт чақирим наридаги қор остида қолган машинани кўролган бургутникидан ҳам ўткир кўзингдан аканг айлансин, сенинг жонлиқ отмаган мерган!”

Муҳтарам ўқувчимда: “оддий бир чўлиқнинг довдирни қаттиқ ҳайратга солган қанақа фазилати бор экан, нега уни “жонлиқ отмаган мерган”, деди каби ҳақли саволлар туғилган бўлиши табиий. Бинобарин, ҳар икки касални қўли эм шифокоримиз Тошбўрибой ихтиёрида қолдириб, бир чеккаси Эшпўлатга ҳам боғлиқ ўша қисқагина ҳикояни сўзлаб қўйсак, нима дейсиз? Агар йўқ, десангиз, уни ташлаб, асосий воқеамизнинг давомини ўқиб кетаверарсиз. Биз хафа бўлмаймиз. Ҳали айтиб ўтганимиздек, воқеа яна бир қаҳрамонимиз Тўхтарбой тилидан ҳикоя қилинади.

Алқисса.

8

Яйловда қиш! Сиз бу манзаранинг қанчалар гўзал, қанчалар бетакрор эканини тасаввур эта оласизми? Кўз олдингизга келтиринг, тўрт томон оппоқ ва қалин қор билан қопланган баланд тоғлар. Ўртадаги сайхонликда жойлашган, тевараги тош девор билан ўралган, айлана қилиб солинган бостирмалар, хашак уюмлари, томига янтоқ босилган емхоналар узун мўрисидан буралиб-буралиб кўкиш ва хушбўй тутун чиқаётган чўпон уйидан иборат анчайин каттакон қўра худди баҳри муҳитдаги гирдоб қаъридан халос бўлишга интилаётган ёлғиз кемани эслатади. Юксакда – игна баргли ўрмонзорда мағрур қад ростлаган зумрад тусли юз йиллик, балки ундан ҳам қарироқ улкан арчалар елкасидаги ёқимли юкнинг залворидан хушвақт, шохларини бағрига босиб, момиқ тўшак остида мудраётгандек. Вазмин ва теран сукунатни харсанглар орасидан емиш тополмай қийналаётган какликларнинг зорланиб сайрашлари бузади. Мана шундай паллаларда ўз ихтиёрлари билан келиб, қафасингизга киришга ва ҳатто ошга бостирилиб, жиғилдонингиздан ўтиб, ошқозонингизда ҳазм бўлиб кетишга ҳам тайёр туришади шўрликлар. Лекин чўпонлар уларнинг ожизликларини суистеъмол этмайдилар. Билъакс, иложини топиб, ўзи шусиз ҳам таги кўриниб қолган емдан бир халта-ярим халтасининг баҳридан ўтиб, чорасиз қушларни ҳалокатдан асрашга ҳаракат қиладилар. Ажабо, ўша чоғлар бу жониворнинг энг ҳуркак, тим қора кўзлари ҳушёр ва алланечук ғамзали боқиб турувчи, кулранг-ола чипор либоси ўзига бениҳоя ярашган макиёнлари ҳам юрак ютиб, минг истиҳола билан ёнингизга келади ва шунда сиз уларнинг помбарқутдай майин ва нафис патларини бемалол силашингиз, “какара-какара”, дея эркалатишингиз мумкин. Дарвоқе, какликларга бу қадар батафсил тўхталаётганимнинг бир сабаби борки, уни сал кейинроқ билиб оласиз. Ҳозир эса қиш қучоғидаги яйлов манзараси ҳамда бу оройиш оқибатида вужудга келган аҳвол тасвирига қайтайлик. Қор кўп ёққан, ҳаво қаттиқ совуқ. Қўйлар қўтонда бир-бирининг пинжига тиқилиб, дийдираб турибди; чўпон – менинг отам, унинг ёрдамчиси – Эшпўлат амаким, онам, янгам, мен битта уйга қамалиб, дароз тунука карнайли чўян печкадаги арча ўтин ланғиллаб ёнаётганига қарамай, жунжикиб, қунишиб ўтирибмиз. Қўрамизни “катта ер” билан боғловчи торгина дарадаги атиги битта машина сиғадиган йўлни ҳам қалин қор босиб, техника тугул от ҳам ўта олмайдиган бўлиб қолгани боис отардан ҳафтада бир марта хабар олиб турадиган молдўхтирдан ҳам дарак йўқ.

– Ишқилиб қўйларнинг ўпкаси шамоллаб қолмасин-да, Эшпўлатбой, – деб қўяди ўқтин-ўқтин отам. – Ем-емишини вақтида солиб туришимиз керак.

– Хотирингиз жам бўлаверсин ака, кечаси ҳам икки-уч мартадан туриб хабар оляпман. Эртага изғирин сал пасайса, гуртуги кам жойларга ҳайдаб, туёқларини ёзиб келамиз.

“Гуртук”, дегани қорга тўлиб қолган чуқурликлар тушунилади. Қўйнинг оёғи нохосдан тушиб кетса синиши мумкин.

– Балли, Эшпўлат, – дея алқаб қўйди амакимни отам. – Қишнинг ҳам кўпи кетиб ози қолди. Яна озгина чидасак кўклам келади. Кейин мазза қилиб дам оламиз, қўй жониворнинг бизга мутлақо оғирлиги тушмайди: эртаю кеч насибасини яйловдан ўзи топиб ейверади.

– Ҳа-а, баҳор яқинлашиб қолди. Арчазорларда аллақачон ҳиди таралиб ётибди, – деди амаким алланечук ширин ва чуқур энтикиш билан. – Кунгай томонларда қорларнинг таги эрий бошлаган.

Мен Эшпўлат амакимнинг эҳтиросли энтикиши замиридаги туйғуларини ўзимча англашга, изоҳлашга уриниб, унинг ўйчан кўзларига зимдан қарайман ва нигоҳларида севинчли умид билан ушалмаган орзунинг аламли надомати, айни дамда қанақадир ўктамлик ва қаноат қоришиб кетган теран бир андуҳни кўраман. Бу андуҳ унинг қароқларида кейинги пайтлар деярли ҳар йили айни баҳор арафасида пайдо бўлишига кўникиб қолганман. Зеро сабабини ҳам ўзимча биламан ва бу сабаб менинг ўсмир юрагимда ҳам ғурурли акс садо беради.

Сиз Эшпўлат амакимни яхши танимасангиз керак. У қишлоқда унча кўзга ташланавермайдиган одамлардан. Лекин бобокалони номдор мерган бўлган ва қайсидир подшоҳ қўшинида палахмончилик қилган эмиш. Бу тарихий далилни отам қизиқ бир воқеа туфайли қишлоғимизнинг энг кекса кишиси, салкам юзга кирган Муҳуммадамин бободан суриштириб билиб олибди. Мен ҳозир сизга ўша – отамни беҳад ҳайратга солган ва Эшпўлат амакимнинг уруғ-аймоғини суриштиришга ундаган ғаройиб воқеа ҳақида сўзлаб бераман. Дарвоқе, сукунат қўйнидаги мудроқ қиш фаслида баҳорнинг қуёшли форам дамлари ҳақида сўзлашиш сизга маъқул келармикан?

Воқеа бундай бўлган: туманимиздаги амалдорлардан бир-иккиси отам билан узоқ йиллардан буён ошна бўлганликлари боис кўклам чоғларидаги “қўзи сўйиш” (мен бу мавсумни ҳамиша юрагим тўла қон, алам ва армон билан эслайман, чунки жониворларнинг, гарчи бу пешоналарига битилган қисмат бўлса-да, туғилган заҳоти қурбон қилинишларига, чўпон боласига хос бўлмаган шафиқлигим, мутаассирлигим туфайлими, сира кўниколмадим) кунларида “яйлов баҳодирларининг фидокорона меҳнати билан танишиш, мулоқотлар ўтказиш” баҳонасида барра, ширвоз, ёинки қирқилмаган улоқнинг шифою қувватбахш гўштидан тановвул этиш мақсадида келишар, бундай пайтларда шаппат, яъни адирдаги улкан якка қайрағоч соясига, ям-яшил, бўлиқ майсазор узра тўшалган қалин кигиз намат, сержун пўстаклар устига юмалашиб, ароқ ва қимизни аралаштириб, Эшпўлат амакининг ижирғаниб таъбирлашича, молдай бўкиб ичганликлари боис ўзларига кўнгилхушлик учун турли бемаза қилиқлар ўйлаб топишар, табиатан итоаткор бўлмаса-да, замона зайлига қараб “катта”ларнинг унча-мунча тантиқликларига сомелик билан муносабат кўрсатишга ўрганган отам уларни тишини-тишига қўйиб ҳазм этар, жа-а бўлмай кетган дамларда нордонгина ҳазил қилиш билан чекланар, меҳмонлар эса, бундан оғриниш ўрнига яйрашиб, “чўпон бўлсангиз ҳам каллангиз зўр ишлайди-да, Ҳаким оға”, дейишарди. Ана шундай ташрифларнинг бирида ул зоти бобаракотларнинг ов қилгилари келиб қолди. Аслида бу уларнинг ёдларига келмаслиги ҳам мумкин эди…

Қуёш найза бўйи кўтарилганда баланд осмонда бир жуфт калхат айланди, чамаси улар сўйилган қўзилар қонининг ҳидига келган, вақти-вақти билан улар анчайин пастга шўнғиб, қайрағочнинг энг юқоридаги шохларига теккудай бўлиб ўтди. Сўнгра даралар ичидан қанақадир ўлжани мўлжалга олишди шекилли кўздан йўқолди.

– Калласи ишлайдиган қушлар экан, вақтида иззатини билиб назардан нари бўлди. Акс ҳолда Шоқувват оғам иккаласини битта ўқ билан гумдон қилар эдилар, – деди даврада косагуллик қилиш билан биргаликда меҳмонларга яйловнинг наботот ва ҳайвонот дунёси ҳақида қизиқ ҳикоялар сўзлаётган туман табиатни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Бўрибой Чўллибоев. – У кишининг мактабда ўқиб юрган пайтларидан ўқ отиш спорти билан шуғулланганликларини, бир неча марта вилоят, республика миқёсидаги мусобақаларда қатнашиб, совринлар олганини эшитган бўлсаларингиз керак.

– Эшитганмиз, у киши ҳали мактабга бормай туриб ҳам бу соҳада туғма салоҳиятлари борлигини намойиш этганидан ҳам хабардормиз. Агар рухсат берсалар шу ҳақда бир хикоят айтсам, – деди боядан бери унга ҳамоҳанг бўлиб бошлиқнинг шаънига ҳамду санолар айтиб, шеърлар ўқиб, ҳажми шокосадай келадиган қозоқча пиёладаги ароқни сўнгги томчисигача сипқораётган “Озод чорвадор” газетасининг бош муҳаррири шоир Шамси Замон ва бошлиқдан рухсат ишорати бўлгач Баҳром ва Дилором ҳақидаги машҳур ривоятни ҳикоя қилишга тушди:

– Шоҳ Баҳром мана шунақа дашту далаларга шикорга чиққанида малика Дилором унга ҳамроҳлик қилар экан. Бир куни Баҳром ов чоғида саҳро бўйлаб югуриб кетаётган кийикни бир ўқ билан икки оёғини тушовлаб, тўхтатибди, сўнгра иккинчи ўқни бўғзига отиб ҳалоллаб сўйибди ва маҳбубасидан: ”Хўш, қалай, беназир ва ноёб иқтидоримга қойилмисан?”

деб сўрабди. Дилором дептики, бунинг ҳеч ҳам ноёблик жойи йўқ, ҳар қандай киши қунт билан машқ қилса, шу даражада отадиган мерган бўлиб етишуви мумкин. Бундай нописандликдан ғазабланган Баҳром маликасини саҳронинг қоқ ўртасига ташлаб кетган экан. Қиссадан ҳисса шуки, муҳтарам раҳбаримиз Шоқувват Ўташевичнинг бетакрор истеъдоди ва маҳоратини ҳам тушунган тушунади, тушунмаган Дилоромга ўхшаб “машқ натижаси” деб юраверади.

– Аммо-лекин Алишер Навоий ёзганига қараганда, Дилором жуда доно, тадбиркор аёл бўлган. Бир гал қўшни давлат подшоси билан шатранж ўйнаётиб, қийин аҳволга тушиб қолади. Шунда Дилором ўзича шеър ўқиган киши бўлиб, шавҳарига қийин вазиятдан чиқиб кетиш йўлини тушунтиради, – деди туман раҳбарининг ўринбосарларидан бири бўлмиш даврадошлар Барно Зокировна, деб мурожаат этаётган ўттиз беш ёшлардаги хушрўй аёл.

Раҳбар Чўллиевга рағбатлантирувчи, Зокировнага эса суқли нигоҳ ташлаб қўйди-да отамга қараб:

– Ҳаким оға, милтиқ опкелтиринг, каклик отамиз!

– деди.

– Милтиқ бор-у, – деди отам бироз қимтиниб, – аммо жонивор какликлар кўкламда бу томонларга кам келади. Улар кўпинча тоғнинг баланд, одам чиқиши қийин тик жойларида юради.

– Шунақами, бир-иккитасини яқинроққа ҳайдаттириб опкелиб ташкиллаштириб қўймаган экансиз-да, ким айтади сизни туманимизнинг энг илғор чўпони, деб, – ўзича аския қилди каттакон. Меҳмонлар қийқириб кулишди. Бўлмаса, нимани отиш мумкин бу ерда? Анови икки қирғийни ҳам қочирвордингиз. Ё… “қўзиларни овлаш” билан чекланамизми?

– Билмасам, – деди отам. – Бир пайтлар чашма ёқасида қорабовур кўп бўлгич эди. Ҳозир у қуш ҳам камайиб, “Қизил китоб”га кирган дейишади. Мен Эшпўлатга ҳазиллашаман: “Сен нуқул осмонга отиб қочирвординг”, деб. Укамиз ҳарбий хизматни Афғонистонда ўтаган. Лекин… қайтганидан бери милтиқ отиб, ақалли бирорта қушга теккизолганини кўрганим йўқ. Ўқи фақат осмонга қараб кетади. Шавкатли совет қўшинларимизнинг ўн йилдан буён бир ҳовуч “душман”ни енголмаётганига мана шунақа “мерган”лар айбдор шекилли.

– Э-э, шунақами? Унда укамизга би-ир маҳорат дарси ўтиб қўямизакан. Қани аввал яна биттадан олайлик. Қадаҳларни тагида қолдирилмасин!

– Қани, тезроқ опчиқмайсизми милтиқни Эшпўлат, – деди шоир. – Омадингиз келди, муҳтарам раҳбаримиздан мерганлик сирларини ўрганиб оласиз.

– Ҳозир, деди Эшпўлат амаким отамга қараб. Отам бош ирғаганидан сўнг ичкарига кириб кетиб, беш дақиқалардан сўнг қўшоғиз милтиқ ва кўзлари ўққа тўла патронтошни кўтариб чиқди. Худди шу сизга мендан бошқа ҳеч ким билмайдиган “сир”ни очаман: Эшпўлат амакимнинг чумчуқни кўзидан урадиган даражадаги мерганлик маҳорати бор эди. Сиз эҳтимол, мени муболаға қилаётир, ахир чумчуқни кўзидан урувчи мерганни ҳаётда ҳеч ким кўрмаган, деган фикрга бориб тургандирсиз Тўғри, мен ҳам амакимни чумчуқнинг кўзи тугул, ўзига ўқ узганини кўрмаганман ва бу иборани ҳам ўзим тўқиганим йўқ. У кўпроқ жонсиз нишонларга, яъни бўшаган шиша, эскириб истеъмолдан қолган танга сингари кераксиз буюмларга ўқ отиб машқ қиларди. Ўзининг айтишича, у ҳарбийдан қайтганидан сўнг, минбаъд қўлга милтиқ ушламасликка, мабодо ушласаям тирик жонзотга қараб ўқ узмасликка қасам ичган экан. Сабабини ўзи билади. Отам уни машқ қилиб туришга мажбурлаган. “Отарга бўри дориса, ким отади, ҳақиқий чўпон ўткир мерган ҳам бўлмоғи керак”, деган. Отамнинг сўзи амаким учун қонун эди. Ўша кундан эътиборан у онда-сонда машқ қилиб турадиган бўлди.

– Мана, – у милтиқни олиб чиқиб каттаконга узатди хушламаганини сездирмасликка ҳаракат қилиб.

– Нима отамиз, Ҳаким ака? – отамга ўгирилди милтиқни обдон кўздан кечиргач меҳмонлар сардори. – Какликларни қуритган бўлсангиз. Эмасам… Сўйишга тайёрлаётган қўзилардан беш-олтитасини ҳайдаттиринг анови адирга. Барибир ўладиган бўлганидан кейин… арзийдиган мерганлар қўлида қурбон бўлишсин.

Отам қўрқиб кетди. Мен-ку тамоман даҳшатга тушдим. Ёлғиз Эшпўлат акам совуққонлигини йўқотмади.

– Териси… бузилади-ку, – деди ошкора норози оҳангда.

– Раҳбаримиз терини бузмасдан, сиз пичоқ тортадиган жойига мўлжаллаб урадилар, хотиржам бўлинг, – деди шоир.

– Балким… улоқчаларни отганингиз маъқулдир, Шоқувват бўла, – уни сал инсофга келтирмоқчи бўлди отам.

– Улоқ бўлса ҳам майли, аммо-лекин майдароқ бўлсин ва… имкон қадар узоқроққа ҳайдаттирасиз, ўн беш йигирма метрдаги жониворга ҳар қандай ҳаваскор овчи ҳам теккизиши мумкин.

– Майли, ҳозир… –деди отам ноиложлик билан. Шу пайт Эшпўлат амаким раҳбарнинг кўзига тик қараб ғалати бир гап айтса бўладими:

– Катта ака, агар сиз уста мерган бўлсангиз… улоқ отмасдан, мен билан майдароқ бир нишонга уриш бўйича беллашиб кўрасизми?

Раҳбар унга нописанд, айни пайтда қизиқсиниб қаради.

– Сиз билан беллашайми? Хўш, қанақа нишонга отамиз? Қанча масофадан?

– Бир сўмлик танга. Йигирма қадамдан, – деди амаким. Раҳбар бир лаҳза ўйлангач мийиғида кулди.

– Бир сўмлик тангани яроқсиз қилиб қўймайлик. Ҳар қалай юзта ёнғоқ ёки икки сих кабоб беради бозорда. Уч тийинлигиям бўлади. Қани кимда бор? Чиқарсин.

– Ўзимда бор, – деди Эшпўлат амаким ва чўнтагидан ўртаси тешилиб ип ўтказилган мис чақани олиб кўрсатди. – Бўладими?

– Бўлади. Бориб анови сада қайрағочнинг шохига осиб, йигирма қадам ўлчанг.

– Хўп бўлади, – дея севинч билан қайрағоч томон югуриб кетди амаким ва зум ўтмай кўринарли қилиб осиб, йигирма қадамга белги қўйиб келди.

– Ўқланг полвон, – деди раҳбар унга милтиқни узатиб. Амаким қўшоғизнинг иккала кўзига яккалик ўқдан жойлаб берди. Раҳбар шошилмасдан белгили жойга қараб юрди. Милтиқни елкасига тираб, тангани ҳафсала билан узоқ мўлжалга олди. Отди. Танга қимирламади. Нафасини ичига ютиб яна узоқ кўзлади ва отди. Теккизолмади.

– Сал қўлим чиқиб қолибди, – деди сал ҳафсаласи пир бўлгани сезилаётган бўлса-да сир бой бермасдан. – Энди сиз отингчи, полвон. Маҳоратингизни бир кўрайлик.

Гап оҳангидан раҳбарнинг амаким ҳам нишонга теккизолмаслигига ишончи комил эди. Амаким милтиқни қўлига олиб, шошилмасдан ўқлар экан, аввал унга ёқтирмай қараб турган табиат ҳимоячиси ва шоирга, сўнгра даъваткорона ва қанақадир илинж ифодасила ташвишланиб нигоҳ қадаган Барно Зокировнага, охирида сезилар-сезилмас бош чайқаётган отамга назар солди. “Майли, каттаконни изза қилмайман”, дегандек бошини фақат отам тушунадиган қилиб ирғади ҳам. Ва тепкини босди. Бироқ…

Ўқ ипга тегди ва танга ерга тушди.

– Теккизолмади, танганинг ипи шамолда учиб тушди, – дея қичқирди шоир биринчи бўлиб.

– Ҳалол, – деди Барно Зокировна. – Ипни ўқ узди.

– Буни аниқлаш керак, редактор укамиз тўғри айтаётган бўлиши мумкин, – дея орадаги ноқулайликни кўтармоқчи бўлди отам. – Мен ўзим ҳозир бориб текшириб кўраман.

– Текшириш шарт эмас, мабодо ипга теккан бўлса ҳам шарт бажарилмади, бошқатдан отишамиз, – деди Ўташев ва гумашталаридан бирига қараб дастурхондан сал нарида юмалаб ётган бўш шишаларни кўрсатди:

– Иккитасини олиб ҳўв анави оқ тошнинг устига қўйиб кел.

Катталиги семиз жайдари қўйнинг гавдасича келадиган бу тошни биз “харсанг”, деб атардик ва у қайрағочдан ўттиз беш-қирқ қадамча нарида турарди. Одатда мен ва укаларим эшакка ё отга минмоқчи бўлсак, унинг текис ва силлиқ сатҳидан таянч сифатида фойдаланар эдик. Мулозим конякдан бўшаган бўйни узун шишаларни тош устига ёнма-ён қилиб қўйиб келди. Шишалар кўзга аранг кўринар, мен “бунча масофадан уларга ўқ отиб теккизиш мумкин эмас”, деб ўйлаб турардим. Лекин адашган эканман. Бошлиқ милтиқни амакимнинг қўлидан шартта олди-ю, ўтирган жойида айтарли мўлжалга олиб ўтирмасдан тепкини кетма-кет босиб, иккита шишани ҳам белидан уриб, чилпарчин қилиб юборди. Даврада гулдирос қарсаклар янграб кетди. Бу “муваффақият” яна биттадан олиниб, “ювилди”. Бошлиқ ишорасига кўра бояги мулозим яна иккита бўш шишани тош устига қўйиб келди. Туманбоши милтиқни амакимга узатди:

– Марҳамат, Эшпўлатбой сиз ҳам иккита ўқ билан ана шу иккита шишадан ақалли биттасини йиқитсангиз, қойил қоламиз ва соғлигингиз учун қадаҳ кўтарамиз. Агар теккизолмасангиз, битта тўла шишани якка ўзингиз тўхтамасдан ичиб бўшатасиз.

Амаким бир қўлини кўксига қўйиб, иккинчиси билан милтиқни олди. Кейин четроқда сув тўла челакка солиб қўйилган очилмаган коняклардан иккитасини олиб, тош сари кетди. Давра аҳли унинг нима қилмоқчи эканини англамай анграйиб қараб турарди. Амаким шошилмасдан тош ёнига бориб, унинг устидаги бўш шишалар ўрнига тўлаларини қўйди.

– Ҳўв-в мерган, бебаҳо неъматни нобуд қилманг, – дея қичқирди Чўллиев.

– Хотиржам бўлинг, барибир теккизолмайди, – деди шоир, – чўпон укамиз олифталик, йўқ, қизиқчилик қиляпти.

Отам эса кулимсираб бошини чайқаб, қўлини силтаб қўйди. Бунинг маъноси: “қурмагур Эшпўлатнинг ғайирлиги тутди”, дегани эди. Амаким эса бир-бир босиб давра ёнига қайтиб келди ва секингина:

– Нобуд бўлмайди, мен уларнинг тиқинини очиб бераман холос, – деди.

– Ў-ў, манманликни қаранг! – деб юборди шоир, лекин хўжайин ўқрайиб қарагач, мусичадай пусиб қолди.

– Теккизолмасангиз, иккита шишани ҳам ичишга мажбур қиламиз, – деди бошлиқ унга кулимсираб қараб. – Майлими?

– Майли.

– Агар теккизсангиз, шахсан ўзим қўлингизни маҳкам сиқиб табриклайман, – деди Зокировна камроқ бўлса-да, ҳар қалай “қизили”дан анчагина нўш этгани учунми ёки паҳлавон келбатли, ўзига чунонам ярашувли қалин мўйловли, қора кўзлари бургутники сингари чақнаб турувчи Эшпўлат амакимни эртаклардаги маликанинг оғир шартини бажариш жаҳди билан майдонга тушган азамат йигит қиёфасида тасаввур этиб ҳаёжону эҳтирос оғушига тушдими, ҳар қалай ёноқлари ботаётган қуёш рангига бўялиб.

Барно Зокировнанинг бу гапи давра тўридаги каттаконга ёқмади. Жувон томонга ёвқараш қилди. Сўнгра илжайган кўйи:

– Бериб кетамиз сизни шу чўпонга, иккинчи хотин қилиб, баҳонада эрлик бўлиб қоласиз.

Хонимнинг ранги аввал бўздай оқарди ва амакимга бир қараб яна анор тусига кирди. Қизиғи, у бу қўланса ҳазилдан сираям оғринмади.

Амаким пойгакка ўтирди ва жувоннинг ўтли нигоҳига чап елкасини тутиб, ўнгига милтиқ “думбила” қўндоғини тиради. Шошилмасдан узоқ мўлжалга олди. Даврадагилардан бир-иккисининг сабри чидамай:

– Э-э, отсанг отақолмайсанми, юракка тушдинг-ку, – деб ҳам қўйди. Лекин амаким бу иддаоларга парво ҳам қилмасдан ичида нимадир, деб пичирлади ва тепкини секингина босди. Боя “райком бово” отганидан фарқли ўлароқ, “пақ-пақ” эмас, “тук-тук”, деган садо чиқди милтиқ милидан. Мерганларнинг айтишича, милтиқ қўлда қанчалик дадил ушланиб, елкага қанчалик меҳр билан енгил жойлаштирилса ва нишонга қанчалик аниқ йўналтирилса, овози шунчалик мулойим бўлар эмиш.

Боя айтганимдек масофа анча узоқ бўлгани ва шишалар ўрнидан қимирламай тургани боис даврадагилар дафъатан икки ўқ ҳам хато кетди, деб ўйлашди. Шоир ака бўлса:

– Мақтанма ғо-оз!… – дея хитоб ҳам қилиб юборди. Чўллиев амакимга ғолибона, Зокировна эса ачиниш билан қаради. Фақат… Фақат “райком бово”нинг ранги оқариб кетди. Гумашта мулозимга қараб, жаҳлми, ўкинчми аралаш:

– Бор, шишаларни опке, – деди. Гумашта тура солиб югуриб кетди. У тиқинлари худди пичоқ билан кесиб олингандек очилиб қолган, бироқ ичидагиси бир томчи ҳам камаймаган шишаларни кўтариб ўсал бир қиёфада дастурхон ёнига қайтиб келганида шоирнинг ҳам, Чўллиевнинг ҳам нафаси чиқмай қолди. Боягина тиши оғригандек афтини буриштириб турган Зокировна хоним эса чеҳраси очилиб, ёноқлари яна лов-лов ёниб, музаффарона бир оҳангда:

– Воҳ! – деди. Хўжайин унга еб қўйгудек ўқрайди. Сўнгра ўзини мажбурлаб жилмайди. Қисқагина қарсак чалиб:

– Офарин! – деди. Бошқалар ҳам ўлганларининг кунидан истар-истамас “биринчи”нинг олқишига қўшилдилар. Ўташев отамга қараб:

– Бу чўлиғингиз… армияда снайпер бўлган. Унинг ўзини ўламсаликка солиб, писқин юришига ишонманг, – деди. Сўнгра бостириб-бостириб ичди.

– Мошина ҳайдашни биласизми, полвон? – деб сўради бир маҳал Эшпўлат амакимдан.

– Профессионал ҳайдовчилик гувоҳномаси бор бунинг, – деди отам фахрланиб.

– Унда, қаршилик қилмасангиз, уни ўзимга шопир ва соқчи қилиб оламан, – деди Ўташев ва кейин амакимга ўгирилиб, ҳиммат оҳангида негадир “сен”сираб сўради: – Хўш, қалай, розимисан?

– Йўқ, – деди Эшпўлат амаким кутилмаганда. – Менга шу ишим маъқул.

– Ҳой йигит, бошингга қўнган бахт қушини ҳайдама, – деди ҳовлиқиб шоир. Яна бир иккиси унга жўр бўлиб, амакимни кўндиришга уриндилар. У эса кескин бош чайқади.

– Ҳар ҳолда бир ўйлаб кўринглар, – деди отамга қараб Ўташев. Отам бош ирғади.

Шундан сўнг давра совуқ сукунат гирдобига чўмди. Суҳбат қовушмади.

– Қош қорайиб қолди, энди қайтамиз, – деди раҳбар илгарилари ярим кечагача, баъзан эртаси куни саҳаргача давом этиши, охирги шишалар “Волга” машинасининг капоти устида бўшатилиши, каттакон эса ўзини билмайдиган даражада маст бўлгани боис гумашталар томонидан қўлтиғи ва оёғидан кўтарилиб, машина орқа ўриндиғига бир амаллаб жойлаштирилиши одат тусига кирган нажирхўрликка бу гал ниҳоятда тез ва оддий якун ясаб. У хушёр бўлгани туфайлими ё амакимнинг бояги “қахрамонона” қилиғию таклифни рад этганидан ранжигани учунми ҳар гал машина орқасига лиқ тўлдириб солиб кетиладиган барра гўштлардан ҳам кескин воз кечди.

– Мамлактимизда “покланиш” жараёни кетмоқда. Шундай бир шароитда мошинанинг багажини булғаб юриш ярамайди!

Отам бу гапга ҳеч қандай эътироз билдириб ўтирмай нуфузли меҳмонларни қўлини кўксига қўйиб кузатди. Машиналар пастга эниб, қоралари кўринмай кетгач, амакимга қараб икки оғиз гап айтди. Биринчиси мана бу:

– Ҳеч одам бўлмадинг-бўлмадингда, касофат! Мерганлигингни менга кўрсатиб юравермайсанми!

Иккинчиси эса сал бошқачароқ:

– Ота-бобонгга минг раҳмат, Эшпўлат, бопладинг, қойил қилдинг! – деди у ва Эшпўлат амакимни маҳкам бағрига босди.

Ўша йили отам бошлиқ отар ҳар юз бош қўйдан юз элликтадан қўзи олган, давлатга қоракўл тери, жун топшириш режаларини ошириб бажарган бўлса-да, ҳеч қанақа мукофотга илинмади. Кейинроқ эшитдикки, райкомнинг маърифий ишлар бўйича котибаси бўлиб ишлаган Барно Зокировна ҳам вазифасидан бўшатилиб, қолоқ бир боғчага мудира қилиб жўнатиб юборилибди.

Эшпўлат амаким ҳақиқатда ҳам ҳарбий хизмат чоғи снайпер бўлгани, афғон муҳорабасида иштирок этгани ва бир сабаб билан (паранжи ёпиниб қочаётган душманни отяпман, деган хаёлда болалик аёлни нобуд қилиб қўйган) минбаъд қўлига милтиқ ушламасликка қарор бергани ҳақида эшитдим. “Раҳбарона ов” чоғи у жўжа очаётган какликлар ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида ўша қарорини илк бор бузишга мажбур бўлган ва бунга аччиқ пушаймон чеккан экан. Орадан анча йиллар ўтгач, у аҳдини яна бир марта бузади ва ўз ҳаётида туб ва мудҳиш бурилиш ясайди. Буни у мардона қабул қилади ва ҳатто “Худога шукр, жазоимни олдим”, дея хурсанд бўлади. Аммо… буёғи энди тамоман бошқа ҳикоя ва мавриди келса албатта сўзлаб берармиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации