Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
10
Нурқобил Тошкентга етиб келиб, аризасининг нусхаларини Шукуров айтган ва айтмаган бир неча идорага топширгач, Суҳробнинг ҳузурига йўл олди. “Ҳузурига” дейишимиз айни ўринда бир қадар оҳанжамалироқ кўринаётган бўлса ажаб эмас. Алҳол, бошқача айтилиши унга нисбатан ҳурматсизлик бўлур эдики, бу жанобимиз айни кунда кимсан, Олий кенгаш депутати сифатида пойтахтнинг қоқ марказидаги муаззам фавворали майдонда жойлашган муҳташам иморатнинг иккинчи қаватида, жиҳозлари яқинда қўйилган кунгай тарафдаги ёруғ бир кабинетда қўр тўкиб ўтирмоқда эди.
Суҳроббой биродаримизни республикадаги анчайин нуфузли газеталардан бирида ишлаб юрган, бироқ теваракда “ошкоралик ва демократия” айни авжига чиққанига қарамасдан, дўсти Нурқобилни ёқлаб ёзган мақоласини чоп этишмагани учун “кетаман”га тушиб юрган иккиланиш ҳамда саросимага оғишта ҳолатини тасвирлаганимиз ёдингизда бўлса керак. Кейин унинг Нурқобил билан бирга Чашмизиракка келгани, бемор Ҳаким довдир аҳволидан хабар олиб, унинг маслаҳатига кўра, Нурқобилга нисбатан қўзғатилган-у, Итлянчилар иши чапароста бўлганига қарамасдан ҳали ҳануз силлани қуритувчи сурункали дард сингари давом этаётган жиноий ишни ҳаракатдан тўхтатиш учун ўз қаламкашлик маҳоратини ишга солароқ камарбаста бўлиш мақсадида пойтахтга қайтгани ҳақида ҳикоя қилган эдик. Ва айтган эдикки, у биринчи қадамни туман раҳбари билан учрашувдан бошлаб, ундан сўнг вилоятдаги муттасадди ташкилотларга бирма-бир кириб, ҳар қайсисига нурободлик ёш, истиқболи порлоқ раҳбарнинг ноҳақ жабрланиб юргани ҳақида қисқаю лўнда ариза ташлагач, ҳал қилувчи “юриш”ни республика идоралари сари уюштириш учун пойтахтга қайтганди. Пойтахтдаги биринчи “ташриф”и республиканинг ўша чоғлардаги бош сиёсий ва раҳбарий идораси бўлмиш “МҚ”, яъни Марказқўмга бўлди. “Худо берса қулига, чиқариб қўяр йўлига” деган кўп ёқимли бир ибора бор. Уни баногоҳ келган омаддан масрур кишиларнинг ўзлари ёҳуд толеига ташида ҳавас, ичида ҳасад билан қаровчи ошна-оғайнилари айтиб юришади. Суҳроб МҚга умрида илк бор қадам ранжида қилган куни унинг яқиндагина тайинланган раҳбари меҳнаткашлар қабулини шахсан ўзи ўтказаётган экан.
“Келинг ука, – дея очиқ чеҳра ва ҳаддан зиёд хушмуомалалик ила қарши олади раҳбар. Қаҳрамонимиз бундан дадилланиб, дарду ҳасратини дастурхон қилади. Саркотиб бир оз жилмайиб, дейдики, “ўз дўсти учун шу қадар фидокорона жонбозлик қилиб юргунча, аксар ҳамкасбу ҳамқаламларингиз сингари ўзингизни сиёсатга урсангиз, митингларда қатнашиб, халқ дарду ғами ҳақинда оташин нутқлар сўзлаб, инқилобий шеърлар ўқиб, популизм билан шуғуллансангиз, шунинг баробарида қишлоғингиздан номзодингизни Олий кенгаш депутатлигига қўйсангиз бўлмайдими? Суҳроб бу самимий истеҳзони ўзининг ундан-да самимий иддаоси ила чиппакка чиқаради: “Ҳазрати Навоий айтганлар: “Осмонда қуёш бўлиб порлашга урингандан кўра, бир ғарибнинг қумғонини қайнатувчи чўғ бўлганинг афзал”. Бинобарин, мен учун ҳозир қадрдон дўстимнинг мушкулини осон этишдан кўра буюкроқ вазифа йўқ. Шунинг учун ишдан ҳам бўшаб, бутун вақтим ва имконимни ҳақиқату адолат учун курашга сарфламоқчиман”. Бу гап саркотибга чандон маъқул тушади. Шу заҳоти тегишли жойга қўнғироқ қилиб, “Нурқобил Бўтаевга нисбатан қўзғатилган жиноий иш тўхтатилсин” дея буйруқ беради. Ва… кутилмаганда Суҳробга қараб: “Сиздек садоқатли йигитлар халқимизга керак. Сизнинг номзодингизни республика халқ депутатлигига кўрсатишларини тавсия этамиз” дейди. Суҳроб бу тарихий таклиф, тўғрироғи шоҳона илтифоту мурувватни рад этишга ўзида на куч, на журъат топа олади. Эртасигаёқ унга Гўзалкент вилоятидан чопар келади: “Аҳоли вакиллари номзодингиз депутатликка кўрсатилишини талаб этишмоқда. Илтимос, розилик беринг…”
У ёғини муфассал баён этиб ўтирмаймиз. Суҳроббой шу тариқа сиёсат майдонига ғиркўк минган Гўрўғлидай шаҳду-шиддат билан кириб келади. Ҳа, дарвоқе, ўша унутилмас мусоҳаба чоғи саркотиб унга: “Минбаъд ичкиликни оғизга олиш нари турсин, ҳидини ҳам ҳидламайсан” (суҳбат охирида зоти бобаракот Суҳробни ўзига яқин олиб, “сен”сираган ва ҳатто, эркалатиш оҳангида “энангни эмгур”ми ё “энанг айлангур”ми дея сўкиб ҳам қўйган, дейишади) дея қаттиқ талаб қўйибди. Суҳроб бу талабни қатъият ила ижро этибди-ю, фақат бир гал Нурободнинг узоқ бир қишлоғида чўпонлар билан учрашувда беихтиёр бузиб қўйибди. Аниқроғи, ароқ эмас, қимиз жонивордан сал кўпроқ тортиб, ширакайф бўлибди. Кайф устида сайловчилар билан учрашувга бориб: “Мени сайласаларинг ҳам, сайламасаларинг ҳам, аллақачон депутатликка тайинланганман юрт эгаси томонидан, билдиларингми” деворибди. Яъни шунақа деб ҳазиллашмоқчи бўлибди-ю, ҳазили унча ўхшамабди. Бу гап ўша заҳоти саркотибга етиб келган экан. У Суҳробни Олий кенгашнинг биринчи мажлисида ёнига имлаб, дакки берибди: “Энанги эмгур, ичма десам ҳам барибир ичибсан-да, нималар деб алжираб юрибсан халқ орасида”. Суҳроб узр сўрабди: “Узр, ҳазиллашмоқчи эдим, бироқ бу чақимчи халқ ҳазилни тушунмас экан” депти. Шунда улуғ сиймо ёлғондакам жаҳл билан пўписа қилибди: “Менинг ота халқим ҳақида унақа пештаҳам гаплар айтма!” “Ҳаммаси ҳақидамас, кичик бир қисми ҳақида гапираётирман, оғажон” депти Суҳроб.
Алқисса, мана шунақа, шоир айтмоқчи: “оддий бир тасодифнинг оддий бир ҳамласи” туфайли шаробхўр ва телбанамо бир ижодкор сиёсат осмонида юлдуз бўлиб порлай бошлабди. Айтишларича, Суҳроб олий мартабали раҳбар билан шахсан таниш эканини бирор марта, бирор жойда гапирмаган. Шунинг учун юқорида баён этган воқеаларимиз ҳам шунчаки тилдан-тилга кўчиб юрган чўпчаклар бўлиши ҳам мумкин. Зотан, сал кейинроқ Нуробод тумани бошқони (ўша чоғлар бу сўз турк биродарларимиздан олиниб, кўп истифода этиларди) бир анжуманда: “Суҳроб Туробовнинг депутатликка кўрсатилиши менинг ташаббусим, чунки отаси устозим бўларди, ўзини ҳам яхши ижодкор сифатида ҳурмат қилардим” деган экан.
Нима бўлса бўлгандир, муҳими Суҳроб депутатга айланди – хўб яхши бўлди. Битта ёмон томони, ўзи сезмаган ҳолда Нурқобил, Ҳаким довдирлардан сал узоқлашиб қолди. Табиийки, улар бундан заррача ранжиганлари йўқ. Аксинча, ўзларида йўқ шоду хуррам бўлишган. Бироқ… вилоят прокуратурасидан юборилган “Устингиздан қўзғатилган жиноят иши тўхтатилди” деган мазмундаги расмий қоғозни олар экан, бунда дўсти Суҳробнинг муайян даражада ёрдами борлигини ҳис этди-ю, масала боягидай битта қўнғироқ билан ҳал этилганидан бехабар қолди. Чунки Суҳроб бу ҳақда айтмаган, иддао этмаганди.
Шу тариқа Суҳроб сиёсатда, Нурқобил ва Ҳаким чўпон ўз фаолиятларини ҳаёту иқтисодда давом эттиришиб, ҳар қайсиси ўз ташвишлари билан оввора бўлишиб, ойда-йилда бир кўришадиган бўлиб, шу жонибдан қолишди. Суҳроб Нурқобилнинг, Ҳаким довдирнинг бошидан кейинги пайтларда кечган савдолар ҳақида етарлича аниқ, батафсил тасаввурга эга эмасди. Алҳосил, дўстининг арзу ҳолини эшитиб, ўрнидан сакраб туриб кетди.
– Мен воз кечаман депутатлик мандатимдан, агар бундай ноҳақликларга йўл қўйиладиган бўлса!
– Жиннимисан, мандатдан воз кечишнинг нима кераги бор, унинг ўрнига ваколату савлатингдан фойдаланиб, менинг боғимни, Ҳаким аканинг отарини қайтариб олиб бер.
– Ҳамма гап шундаки, олиб беролмайман! – дея ҳайқириб юборди Суҳроб. – Менга ўхшаган депутатдан кўра, кўчада дайдиб юрган дарбадарнинг ҳуқуқи кўпроқ…
– Ундай бўлса, нима қилиб юрибсан, аллақачонлар кетишинг керак эди гувоҳномангни раиснинг башарасига улоқтириб, – деди Нурқобил дўстининг узундан-узоқ ҳасратини эшитгач. Кейин хавотирланиб, хона ичига аланглади: – Бу деворларнинг ҳар бирида ҳойнаҳой, ўнтадан “қулоқ” бўлса керак. Нималар деб алжираб ўтирибмиз. Юр бирор жойга чиқиб, бир пиёла чой устида суҳбатлашайлик.
– Тўғри айтасан, бу олиймақом ҳашаматдан… қафасдаги қушдек безор бўлдим, – деди Суҳроб. – Юр, кетдик!..
Икки дўст шаҳар четидаги тамаддихоналардан бирида узундан узоқ, аммо самарасиз суҳбат қуришди.
– Таклифим шу – депутатлик ваколатимдан эмас, шахсий муносабатлардан фойдаланиб, сени вилоят ҳокимиятигами ё қишлоқ хўжалигига оид бирор нуфузлироқ ташкилотгами жойлаштиришим мумкин, – деди пировардида Суҳроб. Лекин… мулк масаласида ҳеч қандай ёрдам беролмайман. Қўлим калта.
– Демак, Ҳаким ака айтган тўғри, мустақил мамлакатдаги барча мулклар аллақачон ўз эгаларини топган. Оддий меҳнаткашга, камбағалга шимилдириқ ҳам йўқ экан-да? – жаҳл билан умрида қилмаган ишини қилиб, сигарет тутатворди Нурқобил. Аччиқ тутун томоғини хиппа бўғиб, қув-қув йўталди. Суҳроб индамасдан, елкасини қисиб, қўлларини ёзди.
– Бунақа бўлиши керак эмас! – деди ниҳоят йўтали тўхтаб Нурқобил. – Бу тўғри эмас.
11
Тошкентдан қайтаётган Нурқобил Гўзалкентда тўхтаб, Тошбўрига учради. У яқинда очилган “Шошилинч тиббий ёрдам” марказида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган экан.
– Мақсадим Сизни кўриб, пурси пос қилиш, Ойсифат ҳақида суриштириш ва… тоғангизнинг аҳволини сўраб ўтишдан иборат, – деди ўзи сезмаган ҳолда бироз расмий, бироз қуруқроқ оҳангда. Тошбўрининг кайфияти яхшига ўхшаб кўринди.
– Менинг ишларим яхши. Хусусий бир клиника очиш, хориждан етук мутахассислар таклиф этиб, юракда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилишини йўлга қўйиш орзусида юрибман. Ойсифат Ҳакимовна диссертация ҳимоясига тайёргарлик кўряпти. Ҳимоядан сўнг… менга турмушга чиқишга ваъда берган. Биз муносабатларимиз ҳақида узоқ суҳбатлар қуриб, мунозара-ю мужодалалар ўтказиб, ниҳоят бир қарорга келдик: ўртада муҳаббат бўлмаса ҳам, икки зиёли одам аҳил бир дўстона оила қуриши мумкин. Тоғам ҳақида гапирадиган бўлсам, у киши шаҳар марказида яхши шарт-шароитларга эга тўрт хонали шинам бир квартирада ҳамширалик ихтисосига эга анчайин ёш жувон парваришида… яшаётир. Юролмайди, гапиришга қийналади, лекин ҳар қалай тирик. Ажабмаски, вақти келиб оёққа туриб, равон сўзлайдиган бўлиб кетсалар. Инсульт – оғир хасталик. Ундан буткул тузалиш қийин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам истиснолар бўлиб туради.
– Сизлар… Ойсифат билан яхши қарорга келибсизлар, – деди Нурқобил маъюс ўйчанлик билан. – Севгисиз оила – энг мустаҳкам оила. Чунки унда ҳис-туйғу эмас, ақл-идрок устун бўлади. Муҳаббат… бу шундай аччиқ шаробки, умрнинг эгови, юракнинг кушандаси…
Тошбўри кулимсиради.
– Врач сифатида фикрингизга қўшилишим мумкин. Аммо… сиз айтаётган ўша аччиқ, аммо умрбод сархуш этувчи ичимликдан тотиб кўрган “бемор”лардан бири сифатида… унинг инсон ҳаётининг мазмуни бўларли даражада қудратга эга эканини ҳам инкор этолмайман.
– Майли, бу ҳақда баҳслашув бефойда машғулот. Севгини васф этиб, минг бир таққосу муқоясалар, ташбеҳлар кашф этган шоирларнинг барчаси ўзларича ҳақ. Биз ҳам ҳар қайсимиз ўзимизча ҳақмиз. Нафсиламбрини айтсам, сизнинг ўзингиз истаган маҳбубга етишиш учун сабр-бардош, қатъият билан интилганингиз ва… насиб этса ниятингизга эришиш арафасида турганингизга чин юракдан ҳавас қиламан.
– Ўзингиз… ўшандан бери Маъсума опа билан… ҳеч учрашдингизми?
– Йўқ… Ва балким энди ҳеч қачон учрашмасман ҳам.
– Нега, ахир?.. У киши сизни деб… шоҳона ҳаётдан воз кечди, фақирона яшаб, ишлаб юрибди.
– Билмадим. Ҳеч юрагим бетламади. Суҳробдан эшитувдимки, бир шоир айтган экан: “Синса кўнгил шишаси, тадбир билан бўлмас бутун. Устухон эрмаски они, рост этса мўмиё…” Гарчи, истак, ширин хаёллар етарлича, гоҳида: “Ҳозир шартта бораман-у, қўлидан етаклаб, қишлоққа олиб келаман” деган азму ирода пайдо бўлади. Бироқ, йўлга отлана бошласам, оёғимга тушов соладиган минг битта баҳона, сабаб чиқа бошлайди. Чамаси… бизнинг тақдирларимиз ҳеч қачон туташмайди. Пешонамизга айрича яшаш ёзилган.
– Нурқобил ака, ундай деманг. Ҳеч бўлмаганда, у кишини гоҳ-гоҳ сўроқланг, аҳволидан хабар олинг. Ёлғизлик ёмон. Айниқса аёл киши учун. Ҳа, дарвоқе, у киши ўртадаги гина-кудуратларни чеккага суриб, тоғамни кўргани икки марта бордилар. Узр сўрадилар. Тоғам йиғлаб: “Сизни кечирдим” дедилар.
– Уларнинг муносабатлари… бу бошқа масала. Бизники эса анча мураккаб.
– Ҳар қалай сиздан укалик илтимосим – опага бир учраб кетинг.
– Шундайми?
– Шундай! Жилла қурса савоб, одамгарчилик йўлига хабар олинг. Хўпми?
– Хўп…
Нурқобил Гўзалкент кўчаларида қора шомгача узоқ тентиди. Аммо… Маъсуманинг истиқболи сари йўл тополмади. Аниқроғи қалбида журъат етмади шундоққина қўл узатса етгулик жойдаги институт остонасини ҳатлашга. Ёнгинасидан ўтди-ю, лекин ичкарига киролмади. Қош қорайганда қишлоққа жўнаб кетди.
Шаҳардан чиқадиган энг узун – Сомончилар кўчасидан оҳиста одимлаб борар экан, кўнглига ўзича улуғ бир ниятни тугди. “Бирон тайинли ишнинг бошини тутиб, рўзғор боқадиган ҳолатга етган заҳотим келаман унинг ҳузурига. Ҳозир эса бу аҳволда кўзига кўринишим эркакчиликка тўғри келмас”.
Чашмизиракка қайтиб аммасининг: “Ишларингиз битдими?” деган саволига “Деярли” дея жавоб қайтарди ва анча пайтлардан буён илк бор сокину хотиржам уйқуга кетди. Бу бир қарашда тақдирга тан бериш, бир зайлдаги оч-юпун, аянчли қисматга кўниб, “оч қорним, тинч қулоғим” деган бениҳоя кенг маъноли иборада акс этган мазмунлардан бирини танлаб, қишлоқдаги юзлаб, балки минглаб юртдошлари сингари қолган умрини иягига суянган, яъни эртадан кечгача довур гапхонаю гурунг, очиқроғи, аччиқроқ қилиб айтганда, бекорчи ҳангомалар ила ўтказиш аҳдига ўхшаб кўринади. Лекин Нурқобил биродаримизнинг сокин вужуди ичра ҳув ўша, изғиринли кунда унинг “бу ноҳақ дунёни тарк этиш” борасидаги шаккокона азмига қарши исён кўтариб, ҳарчанд қийин бўлмасин, уришдан тўхташни истамаган, қирқ даража совуқда ҳаракатсиз, шуурсиз яхлаб ётган танани ўз оловли тафти ила иситиб, тирик қолишига сабабчи бўлган юрак ҳамон ёниб турар, бугунги ҳаловатли сукут ичра тин олиб, бир маромда, айни пайтда келгусида бунданда ҳаяжонли, безовта-ю бедор дамлар бўлажагига комил ишонч билан уриб ётар эди.
Эртаси куни Довдирнинг ҳузурига борди. Унинг хаста юрагига оғир ботмасин деган фикрда ётиғи билан гапирди.
– Тўғри айтган экансиз. Гап Ўташевларда ҳам, Заҳҳоровда ҳам эмас экан. Улар… улар шахмат тахтаси устидаги майда пиёдалар экан, холос. Наинки, Нуробод, балки тоғ орқасидаги Заркент, Арчали мавзелари ҳам юқоридаги дасти узун “тадбиркор”лар томонидан аллақачон эгаллаб олинган экан. Катта амалдорлардан бирининг қизи, яна бирининг ўғли бу ерларда бутун оламга татийдиган кластерлар, завод-фабрикалар, дам олиш масканлари қурар эмишлар. Бу мақсад учун хориждан миллиардлаб доллар сармоялар келар эмиш. Бинобарин, сизу биз ўз кулбаи ўтовларимизда тинчгина ўтираверганимиз маъқул эмиш. Теварак-атрофимиз обод бўлса, ҳар қалай биз ҳам оч қолмас эмишмиз. Буни менга… ишонган туямиз, сизнинг жондай қадрдон укангиз, менинг тўн кийиб бел боғлашган дўстим Суҳроббой айтди. “Сизлар хусусийлаштирмоқчи бўлган ерларга улуғ одамларнинг назари тушган, бу – икки тоғ ораси аҳолиси учун катта бахт” дейди хумпар.
Ҳаким чўпон унинг ҳаяжонланиб айтган гапларини жим ва хотиржам эшитди. Кейин секингина сўради.
– Хў-ўп, ўзингиз энди нима қилмоқчисиз?
– Ҳа, айтганча, менга ҳам вилоят марказида яхши ишга жойлаштириб қўйишга ваъда қилди. “Хоҳласанг ҳокимликка, хоҳласанг бирор бошқармага” деди.
– Тўғри айтибди. Шаҳарга кўчиб кетинг, ишга жойлашинг. Ўғилларингизни яхши мактабу институтларда ўқитасиз. Амма гулингиз ҳам кексаликни тузукроқ шароитларда ўтказади. Ажабмаски, узилган ришталар қайта боғланиб, шахсий ҳаётингиз ҳам ўз ўрнига тушиб кетади.
– Шаҳар яхши. Шаҳар обод ва гўзал. Турмуш чиройли. Аммо… менинг қишлоқда яшагим келади. Ростини айтинг, сиз ҳам аслида менинг шу ерда қолишимни, ёнингизда бўлишимни истайсиз-ку, шундай эмасми?
Довдир маъюс жилмайди.
– Шундайликка шундайку-я, лекин бу ерда… менку бир нафақахўр, бир кунимни кўрарман. Аммо сиз қандай тирикчилик қиласиз, Нуржон? Қўйнинг қийини санаб, тишингизнинг кирини сўри-иб юрасизми?
– Бир ҳисоби бўлар. Мана сиз иқтисодниям, сиёсатниям яхши тушунадиган донишманд одамсиз. Маслаҳат берасиз, йўл кўрсатасиз.
– Бизнинг маслаҳатлар энди иш бермаётир-ку, кўрдингиз, боғниям, отарниям обқўйишди. Гарчи… одамлар оғилхонасию томорқасида куймаланиб ҳам бир кунини ўтказишаётир. Сиз бу фақирона ҳаётга мослаша олармикансиз?
– Одам ҳар қандай шароитга мослашади! Бу ҳам ўзингизнинг сўзингиз.
– Майли, эмасам бир уриниб кўринг-чи, қўлингиздан келармикан?
– Келади!..
Шундай деб чиқди-ю, йўл-йўлакай “чиндан ҳам бу ёғи қандай бўлади энди?” деган савол нақ кўкрагининг ўртасида кўндаланг бўлиб турганини сезди.
12
Ўлмаган қул бир кунини кўради, деганларидек, Нурқобил бобосидан отасига қолган кўҳна қўрғон шикаст рехтини тузатиб, томорқачилик ва чорвачилик қилиб, мўъжаз рўзғорини баҳоли қудрат тебрата бошлади. Мактабнинг юқори синфларида ўқиётган ўғиллари ёнига киришди. Амма зўрға эплаб юрган бир сигирни иккита қилишиб, ёнига иккита новвос қўшишди. Ўнта қўй, тўртта эски, йигирмата курка, йигирмата товуқ сотиб олишди. Йигирма сотихлик томорқадаги қариган дарахтлар ўрнига экилган йилиёқ ҳосил берадиган нок, шафтоли, пакана ёнғоқ, бодом, писта экилди. Узумнинг янги серҳосил навлари обкелинди. Иш шу қадар қизиб кетдики, “уч оғайни ботирлар” – ота ва икки ўғилнинг каллаи саҳардан қора шомгача кети ер искамасу, қўли-қўлига тегмас, бечора амма уларни вақтида овқатлантириш учун ҳай-ҳайлаб эси кетарди. Ўғиллар мактабида таътил экани айни муддао бўлди. Кузнинг дастлабки кунларигача Нурқобил “шахсий хўжалик” шаклидаги масъулияти чекланган жамиятни қонуний рўйхатдан ўтказиб, ундаги ишлар тартиби-ю маромини аниқ йўлга қўйиб олди. Ўқиш мавсуми бошланиб, ўғиллар мактабга чиқишгач, икки томондаги қўшнилар билан тузуккина ҳақ эвазига меҳнат шартномаси имзоланди. Ҳамсояларнинг ҳар иккиси бир пайтлар давлат хўжалигида унинг қўл остида ишлаган, бири агроном, бири молдўхтир, иккаловининг ҳам ўрта махсус маълумоти, муҳими, ўз касбида етарлича малакаю тажрибага эга кишилар бўлиб, совхоз тугаб кетгани учун уйда бекор ўтиришган, асосан ўз боғларида ишлаб юришган экан.
– Шу томорқаю оғилхонага яхши қарасак, шоҳона бўлмаса ҳам, ҳар қалай тўқ яшаймиз, – деди у амма, икки ўғли ва икки ишчидан иборат жамоанинг “умумий йиғилиши”да. Вақти ва имкони келгани сари хўжаликни тобора кенгайтириб борамиз. Ажабмаски, у бир пайтлардаги совхозимиз сингари кўп тармоқли, йирик хўжаликка айланса. Муҳими, ҳозирги тирикчилик учун зарур ҳамма маҳсулот – гўшт, сут, мева-сабзавот ўзимиздан чиқади. Ортганини сотамиз. Кўрилган фойда очиқ-шаффоф бўлади ва қонуний асосда, адолатли тақсимланади.
Нурқобилнинг қўрғонидан тўрт ҳовли нарида яшайдиган Ҳаким довдир қадрдон иниси бошлаган саъй-ҳаракатга бошда ишонқирамай назар ташлаган, ҳатто “Нуржон, сиз кенг миқёсли фикр юритишга, катта жамоани бошқаришга ўрганган одамсиз. Бунақа майда хўжаликка ўралашиб, барака топа олармикансиз” деган маънода иштибоҳ ҳам билдирганди. Орадан уч-тўрт ой ўтиб, “майда хўжалик”нинг баракаси сезила бошлагач, атай келиб Нурқобилдан узр сўради.
– Машойихлар айтган: истеъдодли одам жаҳд этса, ҳар қандай соҳада иш кўрсатади, – деб. – Мен сизни амалу мансаб ҳаётига сингиб кетган, ношуд амалдорлар сирасига қўшиб, адашиб юрган эканман. Мени кечиринг. Аммо… янаям “жўжани кузда санаймиз”.
Нурқобил зукко чўпон аввал бошданоқ бошлаган ишга гўёки “ишончсизлик” билан қараб, аслида бу билан унинг ҳамиятини, ориятини қўзғатмоқчи бўлганини билар, шунинг учун ундан ранжимаганди. Бугунги “назорат текшируви”дан сўнг чиқарилган хулосани эшитар экан, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилди.
– Жўжаларнинг ҳисоб-китоби тўғри чиқса, сизни бизнес шерикликка таклиф этаман, қўшиласизми?
– Ўйлашиб кўрамиз, – деди Довдир. – Ҳозир каминанинг ягона бизнеси саломатликни тиклашдан иборат бўлиб турибди.
13
Чиндан ҳам Ҳаким чўпоннинг хасталиги секин-аста зўрайиб, аҳволи оғирлашиб борарди. Аввалига эътибор бермади. “Мен қувноқ одамман, юрагим ҳали бақувват” дея ҳазиллашиб юрди. Кейинроқ узоққа юролмай, ҳадеганда ҳарсиллаб қолиб, кўз олди қоронғилашиб, боши айланадиган бўлгач, кўнглида “Нега бундай?” деган маънисиз бир инжиқлик пайдо бўлди. Тўхтарбойнинг институтдаги аълочи талабалар қаторида давлат ҳисобидан ўқишнинг қолган қисмини хорижда давом эттириш учун Жанубий Корея университетларидан бирига юборилаётгани ҳақидаги қувончли хабар ва айниқса, Ойсифатнинг Тошбўри билан турмуш қуришга розилик бергани хусусидаги узоқ кутилган муждадан сўнг ўзини мутлақо соғлом ҳис қилди. Кампири Мусаллам бонуга “Энди бу ҳаётда армоним қолмади, тинчгина оёқ узатсам ҳам бўлади” дея ҳазиллашди. Гарчи, хаёлида “шундай десам, кўнглимда қониқиш ва хотиржамлик ҳис этсам, узоқроқ яшайман” деган фикр айланар, кўзларида ўйчан умид бўлиб жилваланар эди.
14
Акаси бетоб бўлиб қолганидан сўнг Бойқувват яна ичкиликка берилди ва тўласинча Қиличбой Заҳҳоровнинг боқувига ўтди. Кўса Ўташевлар номига расмийлаштирилган мулкларни ҳам устакорлик билан ўзининг ширкати тасарруфига ўтказиб олди. Шу тариқа бир неча тайёр отарлар, улар атрофидаги серўт яйлов, Нурқобил қисқагина вақт давомида қаттиқ ишлаб, анча кенгайтирган ва яшартирган ҳайҳотдек боғ, унинг юқорисидаги мўъжаз арчазор, ўрмону шифобахш сувли чашмалар унга тегишли бўлиб қолди. Умри бўйи катта мансабга эришув орзуси билан яшаган Заҳҳоров буни “Яратганнинг инояти” деб қабул қилди. “Энди бу жойларга хориждан инвестиция киритиб, мева-сабзавотни, жун ва терини қайта ишлайдиган, шифобахш булоқ сувларини қадоқлайдиган бир нечта завод қурасиз”, деди яқиндагина туманга ҳоким бўлиб келган давлат мулки бошқармасидаги эски таниши. “Албатта, хўжайин, ҳаммаси сиз айтганингиздек бўлади” дея икки букилиб таъзим қилди унга Заҳҳоров. Бироқ, ичида ўйладики, нима кераги бор бокира қиздай гўзал ва беғубор жойларни оёқ ости қилишнинг. Заҳҳоровнинг шусиз ҳам пули етарли. Бу жойларга одам қадами етмай тургани дуруст. Шунинг учун бу ҳудудни “Хусусий қўриқхона”га айлантириш лозим. Иложи бўлса, теварак атрофини тиканли сим билан ўраб, рухсатсиз қуш ҳам учиб киролмайдиган қилиш зарур.