Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
– Ундай демоқчи эмасман. Бу – энг аввало, Ғарбдаги “ғоявий душманларимиз”нинг кирдикори. Улар СССР тузилган кундан эътиборан: “бу –истибдод ва қабоҳат империяси, уни албатта тарқатиш лозим”, деб, кечаю-кундуз ухламасдан қўпорувчилик ҳатти-ҳаракатларини олиб боришаётир. Итлянчилар ҳам, улар томонидан Москвага пора ташишда айбланаётган муҳтарам ва шўрлик раҳбарларимиз ҳам бу жараённи тезлатишга беминнат хизмат қилишмоқда, холос.
Вақти келиб… айрим амалдорлар: “мустақилликни биз қўлга киритдик!” деб кўкрагига урадиган бўлса, ҳеч ким ҳеч нарса, деб эътироз билдиролмайди. Миннатдор халойиқ эса бошига кўтариб, доҳийга айлантириши ҳам мумкин.
– Ҳаким ака, зўрсиз-да, қайси гапингиз ҳазилу, қайсиси жиддий эканини билолмайди одам, – деди охири Суҳроб.
– Чўпон одам сиёсатдан гапирса шунақа, ўзидан бошқа киши тушунмайди, – деди довдир.
Ҳамшира укол қилгани кириб, ғаройиб суҳбатнинг белига тепди. У ишини битказиб чиқиб кетгач, мужодала яна аввалгидек қизғин қўр олди.
– Яна бир ярми ҳазил, ярми чин гап айтайми, кўп йиллар олдин “Америка овози”, “Немис тўлқини” “Озодлик” радиоларида берилган эшиттирувлар пайти тепа сочим тикка бўларди, “буларники хом хаёл, СССР ҳеч қачон тарқалмайди, бу адолатли жамият ҳеч қачон емирилмайди”, дердим. Мана энди ишондим, бу тузум узоқ яшолмайди. Ҳаммасига сабабчи – каминанинг москвалик ҳамкасблари.
– Москвадаям… ҳамкасбларингиз борми? Кимлар? – яна кулимсираб ижикилади Суҳроб довдирни.
– КПСС Марказий Қўмитасидагиларнинг барчаси бизнинг ҳамкасблар-да, – деди ўзини мутлақо жиддий кўрсатиб довдир. – Бош котиб – бош чўпон, Сиёсий бюро аъзолари – чўлиқлар. Улар учун совет халқи бамисоли бизнинг отар…
– Совет халқининг отарингиздаги қўйлардан фарқи бўлмаса… СССР қандай қилиб тарқалади? Ахир… Александр Пушкин алам билан ёзганидек: “Сулҳсевар эллар сокин ўтлаб юравермайдими эркнинг даъватига қулоқ солмасдан?”
– Эҳ-е, қўйлар орасида ҳам шунақа пешонаси дўнг, бурама шохи шундай ўткир бир қўчқорлар борки, пайти келганда бўри тугул айиқниям ёриб ташлайди, бўталоқларим, – деди довдир ширин энтикиш билан. – Ўриснинг Пушкиниям, ўзимизнинг Фитрату Чўлпонларимиз ана шунақа қўчқорлар қачон чиқади, дея бўзлаб ўтишган.
– Менимча, агар СССРдаги миллатларнинг барчаси оғизда эмас, амалда ҳар жиҳатдан тенг бўлганида эди, битта давлат бўлиб яшайверса бўларди, – деди анчадан буён мунозарага аралашмай ўтирган Нурқобил. – Афсуски, айримлар ўзларининг “буюк оғалик” даъволаридан воз кечолмади.
– Тўғри айтасан, ҳалиги… қишлоғимиздаги Николай бобо эсингдами, қирқ беш йил Ўзбекистоннинг энг узоқ бурчагидаги бир қишлоқда яшадию, бир оғиз ўзбекча ўрганмай, ўрганишни истамай ўтиб кетди-я! Ўзи яхши чол эди. Лекин, бир даврада юзта ўзбек билан ёлғиз ўтирса ҳам “говори по русски” деб, баланддан келиб тураверарди. Ҳукмрон миллат вакили эканини кети билан ҳис этиб турарди-да.
– Жойи жаннатда бўлсин, қайтанга… қишлоғимизнинг энг оми, саводсиз кишиларигаям “твоя-моя” қилиб, русчани анча –мунча ўргатиб кетди., – деди Нурқобил.
– Унисига раҳмат-у, каллаи саҳарлаб оч қоринга ичишни ўргатиб кетгани яхши бўлмади, – Суҳобнинг ҳам баъзан меъёридан кўпроқ нўш этиб туришига шаъма қилди довдир.
– Мен энди оч қоринга ичмаяпман, – деди кулиб Суҳроб. – Гарчи шоирлар шоҳию, шоҳлар шоири Мирзо Бобур ҳазрат ҳам “сабуҳий қилмоқ”, яъни эрталабдан тўйиб ичишни яхши кўрган, дейишади. Ҳусайн Бойқарони ҳам “Алишер Навоий” фильмида ғирт алкаш қилиб кўрсатишган.
– Яъни ичишни бизга ўрислар ўргатгани йўқ, бу бемаза одат доққи юнусдан қолган, демоқчимисан ё… ўзингни оқлаш учун пиёнисталик шоҳлару ҳукмдорларга хос фазилатлигини исботламоқчимисан? – кулди Нурқобил.
– Икковларинг ҳам қисман ҳақсизлар, – деди довдир. – Бизнинг юртда ичкиликбозлик айрим ҳукмдорларгагина хос бўлган. Ўрислар келгач эса бу одат оддий халққа ўргатилди. Эҳтимол буям атай қилинган ишдир. Ким билсин.
– Аммо – лекин ўрислар меъёрида ичадиган одамни… ҳурмат қилишади, – деди Нурқобил, – гапи тез қовушади-да.
– Кейин улар… бошқа миллатдан хотин олганларни яхши кўраркан, “ўзимизнинг куёв бола”, деб. Сен ҳам вақтида бирор маржага уйланганингда юрардинг кузур бўлиб, камида туман, эмасам, вилоят миқёсидаги раҳбарликка тайинланардинг, манови ташвишлар ҳам тушмасди бошингга, – деди Суҳроб. – Айтишларича, “пахта ишлари” бўйича қамалганлар орасида хотини «маданиятли» бўлса, дарҳол чиқарворишаркан.
– Ол-а, жуда-а оборасан-а, – деди Нурқобил ва беихтиёр болаликдаги беғубор онлари, рус тили ўқитувчисига бўлган ғўра “муҳаббати” хотирасида жонланди. Бироқ бу ҳақда гапиришни истамади.
– Суҳроббойнинг гапида жон бор, – мийиғида табассум қилиб яна муноқашага аралашди довдир. – “Султон суягини хўрламас”, деган мақол ҳам асли ўрислардан келган экан. Партияга кирган ва бунинг устига ўрис хотинга эр бўлган йигитлардан бирортаси хор бўлганини билмайман. Ҳа, дарвоқе, эшитдим, агар… СССР тарқаб кетса, музофотлардаги ғайри миллат куёвларнинг барчасини оиласи билан кўчириб кетиб, Москва атрофидан жой беришаркан.
– Э-э, қўйсангиз-чи, Ҳаким ака, топган гапларингизни қаранг. Муболаға ҳам эви билан-да!
– Аския эмас, – деди бирдан жиддий тортиб довдир. – Тарихни биладиган киши бунга асло ажабланмайди. Барча замонларда босқинчиларнинг қизларига уйланган йигитлар алоҳида имтиёзлардан фойдаланишган. Уларни араблару форслар “эшон”, яъни “бизга эш бўлган, яъни қўшилганлар”, деб аташган, мўғуллар “кўрагон”, унвони билан сийлашган. Ўрис подшоҳлари аслзодаларига князлик, оддийроқларига боярлик насабини туҳфа этишган. Билсаларинг керак, Амир Темур бобомизнинг ҳам “кўрагон, яъни мўғул хонларининг куёви”, деган унвони бўлган. Албатта, эшону кўрагонларнинг ҳаммаси ҳам келгиндилар ишончини оқламаган. Масалан, соҳибқирон Амир Темур мўғулларни ҳайдаб, мулки Туркистонда буюк салтанат тиклаган…
Икки дўст оддий чўпоннинг бу қадар теран билимию юксак фасоҳатига тан бериб, жим қолишди.
– Ўзи… Сиз таниқли академик ёки катта раҳбар бўлишингиз керак эди, Ҳаким ака, – деди бир неча сониялик сукутдан сўнг Суҳроб. – Ҳайрон қоламан: нима қилиб юрибсиз тоғу-тошлар орасида қўй боқиб.
– “Ҳамма олим бўлиб кетса, подани ким боқади”, дер эди қишлоғимизнинг кайвониларидан бири, – кулди довдир. – Ўша кишининг маслаҳатига амал қилганмиз-да ука. Тарихни билиш, жамият ҳақида фикр юритиш учун академик бўлиш шартмас, бунга ҳар қандай чўпону деҳқоннинг ҳам ҳақи бор…
Тошбўри кириб суҳбатга чек қўйди:
– Ҳаким ака, сизни чарчатмайлик, Нурқобил ака ҳам ҳали тўла оёққа туриб кетгани йўқ, маъқул, десалар беш-олти кун ётқизиб даволаш керак.
Суҳроб вилоят марказига кетадиган бўлди. Нурқобил уни кузатиб ҳовлига чиқди. Қайтиб кираётганида Ойсифатга тўқнаш келди. У эшик ёнида турган экан. Қиз салом берди ва негадир алланечук бошқача қизариб ерга қаради. Нурқобилнинг юраги шувиллаб кетди. Нега ундай қилди? – деб ўйлади. Даштнинг қизлари яхши кўрган йигитини кўрганда шундай қизаради. Бу қиз… Тошбўрига салкам унаштирилган-ку. Нега…
Беихтиёр марҳум рафиқасини эслади. Уч йил олдин худди мана шу ерда жон таслим қилган эди.
“Гулруҳ, Гулруҳ… Сени асраб қололмадим. Бевақт сўлган Гулим”. Нурқобил хотинини бошда суймай олган эса-да, унга тезда ўрганиб, йўқ-йўқ, чинакамига яхши кўриб қолганини Гулруҳдан жудо бўлгандан кейин тушунди. Ҳа, уни жон дили билан яхши кўриб қолганди. Лекин унга буни бирор марта ҳам айтмаган. Ана шунисига армон қилади. Гулруҳ Маъсума ҳақида билар, “ундан ҳеч кўнгил узолмадингиз-а” дея беозоргина ўпкалаб қўяр, Нурқобил эса: “қўйсанг-чи, у бировнинг хасми бўлса, нимага кўнгил узолмас эканман”, дея қўл силтар, бироқ гапининг қатъийлигига Гулруҳни астойдил ишонтиришга ҳаракат қилмасди. Вақти келса, ётиғи билан айтарман, тушунтирарман, деб қўярди. Иш деди, ташвиш деди, қурилиш деди. Ҳолбуки, ўзи ҳақида, хотини, болалари ҳақида ҳам мундайроқ, чуқурроқ ўйлаб кўрса бўларди…
Палатага қайтиб кирди. Тошбўри келиб текширди.
– Яна камида ўн беш кун ётасиз, – деди.
– Қўйишармикан ётгани, – деди Нурқобил.
– Энди… ҳеч қаёққа юбормайман. Касалсиз, ўзингизга келишингиз учун узлуксиз муолажа қилишимиз керак, – деди Тошбўри. – Энди дам олинг. Ҳали уколни бошлашади.
Нурқобил бир ухлаб турганда амма келиб бошида ўтирган экан. Дийдаси қаттиқ-да, йиғламади у. Фақат:
– Шукр, омон қайтибсан, деди. Овқатга ундади. Нурқобил аммаси жон киритворадиган шавладан тотинган бўлиб, бир косасини ўратди ва довдирнинг хонасига ўтди. Унинг ёнида Ойсифат билан Тошбўри ўтирар, Ҳаким оғанинг кайфияти яхши, ниманидир уларга завқ билан сўзларди. У Нурқобилнинг чеҳраси очиқлигини кўриб, “ўтир”, ишорасини қилди ва ҳикоясини яна бошидан бошлади. Келинг, тингловчилар қаватига биз ҳам қўшилайли-да, бу ҳикоя нега айнан шу топда сўзланаётганининг сабабини охирида айтайлик. Майлими?
11
Алқисса…
Ойсифат йиғлаб келди. “Ота, мени қишлоғимизга юборишмаяпти. Шаҳарда қолиб, чет эллик меҳмонларга таржимонлик қиласан дейишаяпти”.
Орқам тутди! Шу куниёқ шаҳарга отландим. Йўл-йўлакай ўйладим. Бу масалани ким ҳал қилиши мумкин? Албатта, ректор! Ректор ким? Тўхтабоевнинг холаваччаси, Ўташевга ошна. Сувлига икки-уч марта келган. Довдирни сал-пал танийди. Аввал дорилфунунда домла эди, кейин янги очилган чет тиллар институтига Тўхтабоев шарофати ила ректор бўлиб кетди.
Тонгда институтга келдим. Дарвоза ёнидаги манзарани кўриб, аввалига ҳайрон бўлдим. Мендан олдинроқ келиб, ошнамни кутаётганлар бирам кўп, бирам кўп-ей! Уларнинг батартиб, саф-саф бўлиб туришини айтинг. Яна ҳаммаси басавлат, салобатидан одам ҳайиқадиган кишилар: бошларида соябон қалпоқ, бўйинларида бўйинбоғ, пойабзалларида аксинг кўринади – қараб бемалол соқол олиш мумкин. Ҳаммаларининг де, қўллари кўкракда, э, тавозе илтифотларининг садақаси кетай, жилмайиб хушмуомала бўлиб туришларини айтмайсанми?
Ақлим шошди. Шунча одамнинг бари ошнамнинг қошига кирмоққа мунтазирми – унда менга қачон навбат етади? Ё бирон юқорироқ жойдан меҳмон кутишяптимикан?
Сафга қўшилмай чеккароқда нимагадир ўйланиб турган одамга сўз қотдим. “Ҳой, ука, кечирасиз, буларнинг ҳаммаси ўртоқ бошлиқнинг қабулларига кирмоқчими ё бирон текширувчини кутишяптими?” У одам юзимга хушламайгина назар ташлади. “Сизники қаердан, амак. Мабодо Қўйтошдан ёки Қорабулоқдан эмасмисиз?” “Йўқ, йўқ, биз Чашмизиракдан!” “Шунақами, чорвадормисиз, қанақа иш билан келдингиз? Ҳа, ўзларига кирмоқчимисиз? Яхши-яхши! Ким? Ўташевдан салом? Ҳа-а-а, унақа бўлса кирасиз. Бу турганлардан хавотир олманг, булар ҳозир тарқалиб кетишади ишчи асалариларга ўхшаб. Булар кундалик кутиб олиш маросимида қатнашишяпти, холос”.
Ҳайратим ошди. Одатдаги кутиб олиш маросими, дегани нимаси экан? “Ҳой, ука, мен унча тушунмадим. Қанақа кутиб олиш маросими?” “Э-э-э, чўпон амак, ҳаётдан орқада қолиб кетибсиз-ку дала-даштда юравериб. Ҳозир маданий одамлар ҳаётимизга бир қатор янгича маросимлар ва урф-одатларни жорий этмоқдалар. Чунончи, мана сиз кўриб турган кишилар институтимизнинг профессор-ўқитувчилари, деканлари, кафедра мудирлари ва бошқа казо-казолари лавозимига, бўйининг узун-қисқалигига қараб батартиб саф тортишган. Улар муҳтарам ректоримизнинг ҳар кунги ташрифларига мунтазир бўлиб тонгдан ғоз қотиб турмоққа ўрганганлар!”
Воажаб! Ана ҳурмат-иззат, ана меҳру-оқибат, мулла Ҳаким, дедим ўзимга ўзим. Сен бўлсанг одамларда андиша қолмади, меҳр– оқибат анқонинг уруғи бўп кетди, деб юрибсан-а!
“Ҳой, ука, булар ёзнинг иссиғидаям тураверишадими, шунақа ғоз қотиб?” “Албатта!” “Қаҳратон қишда, совуқ изғириндаям тураверасизларми?” “Бўлмасам-чи, қани турмай кўрайлик-чи!” “Воажаб, ҳалиги латифадаги ДАН инспекторидан ҳам зўр экансизлар-э! Униям яхши қалин жунли пўстини бор. Лекин сизлар… роса чиниқибсизлар. Қанийди, ҳамма жойда сизларга ўхшаб турадиганлар кўп бўлса, Ўзбекистоннинг аҳолиси беш йилда эллик миллионга чиқиб кетарди-я!” “Ўббо, бобойи тушмагур-эй, латифаниям биладиларми? Ўпкангизни босинг, комедияни трагедияга айлантириб қўйишади бу ерда. Жим туринг. Мениям бошимни балога қўйманг!”
Укаси тушмагурам бизга ўхшаган адабиётчи экан чоғи, комедия-трагедия дейди. Ҳар ҳолда қочириқни тушунаркан. Ичидан зил кетди.
Алқисса, бир маҳал шовур-шувур бўлиб қолди. Кутиб олувчиларнинг сафлари таранглашди.
“Волга” оққуш мисоли сузиб келди-ю, дарвоза ёнида секинлади. Сафнинг олдинги қисмида турган икки навқирон отилиб чиқиб, машина эшигини очдилар. Ошнамнинг олдин оёғи, тўғрироғи, чиннидай ялтировчи амиркон пойабзали кўринди. Кейин тиззаси, кейин қорни, кўкраги ва ниҳоят, шляпаси чиқди. Э, боши қаёқда қолди унинг. Ҳа-а, шляпанинг остида экан. Тумшуқ кўтарилиб, шляпа бостирилганиданми, кўрмай қолибман.
Ошнам сафларга виқорли назар ташлаб чиқди. Бирдан нигоҳи менга қадалди. Икки ёнида пилдираб кетаётган бояги икки эшик очарлардан бирига нимадир деди. У эса мен томонга илдам юриб келди. “Ака, сиз ким, қаердан келдингиз, нима ишингиз бор? Каллаи саҳарлаб нима қилиб юрибсиз бу ерда?” Мақсадимни айтдим: “Бошлиққа учрамоқчиман, холаваччам Ўташевдан салом топширишим керак”.
Йигитча, э, қайси гўрда йигитча, мендан камида беш ёш катта, зувиллаганича орқасига қайтди. Бу чоғ бошлиқ метин сафларни кўздан кечириб, шошмай ўтиб борарди. Йигитча менинг ҳақимдаги шошилинч маълумотларни етказгач, унинг юзига майин табассум югурди. Омон бўлгур Ўташев, зап зўр одамда. Номини эшитган одам албатта жилмаяди-я!
Хулласи калом, мени бошлиқ ҳузурига таклиф этдилар. Бу орада сафлар шивир-шивир қилишиб, тарқала бошлашди. Мен қабулхонага кириб, чўғдай гиламни босишга уялиб, бир қошиқ сув ила ютгудек котиба қизнинг ўткир нигоҳидан ўзимни қўйгали жой тополмай, бир зум чеккагинада қисиниб-қимтиниб ўтирдим.
– Киринг! – деди бир маҳал найнинг куйидай майин овоз билан котиба.
Кирдим. Бизнинг қўранинг ярмисича келадиган хона. Сон-саноқсиз курсилар, китоб жавонлари, ойнаи жаҳон, яна алланима балолар, ерда ярақлаган гилам. Шипда улкан қандил. Деворларга, деразалар четига ганч билан гул солинган. Эшикни айтай, эшикни, ўйма нақшларига оғзим очилди.
– Хў-ў-ў-ш! Эшитаман!
У мени қулоғи оғир бир чол деб ўйлади, шекилли, бақириб гапирарди. Ё ўзи шунақа дўқ уриб гапиришга ўрганиб қолганмикан? Каловланиб қолдим. Тилим айланмайди.
– Ўртоқ Ўташев… Салом… айтди. Менинг… Қизим шу йил битирган. Ўшани қишлоғимизга юборсангиз деб…
– Ҳозир қаерга юборибмиз?
– Ҳалиги… чет эллик саёҳатчиларга таржимон экан. Кейин… шу ердан озроқ дарс беришибди…
– Исми шарифи қанақа дедингиз? – Шу пайт хонага бояги эшик очар йигит кириб келди.
– Ҳакимова Ойсифат?
Эшик очар йигит шивирлаб нимадир деди.
– Э-э, Ҳакимова! Бунақа демайсизми? Ахир, у бизнинг энг аълочи қизларимиздан-ку. Биз уни олима қилмоқчимиз. Мен ўзим раҳбар бўлмоқчиман! Қолаверса, таржимонлик ҳам қилади. Чет элларга боради. Париж! Рим! Ўйлаб кўринг, бобой, ўйлаб кўринг!
Шунда мен дафъатан “Чиндан ҳам нега Ойсифат институтда қолиб ишлашни истамади экан, олима бўлиш яхши-ку” деб ўйладим. Бир зум хаёлга толдим. Шу орада эшик очар йигитнинг узуқ-юлуқ гаплари қулоғимга кирди: “Профессор Холбоев бошлиқ бузғунчилар бугун ҳам эрталабки саломда қатнашмадилар… Ўтган куни у маърузасида “Яқин орада бундай шармандали бемазагарчиликларга чек қўйилади” деган. Эрталабки салом қатнашчиларини шўрлик “роботлар” деб атаган…”
Бошлиқнинг авзойи бузилиб кетди. Бирдан жазавага тушиб, бақириб юборди.
– Роботлар? Жуда соз! Унинг ўзини ҳадемай энг юввош, энг ахмоқ роботга айлантирамиз. Кейин темир-терсакка топширамиз.
Кейин менга ўгирилди. Мен шунда, эҳтимол, бечора қизим ҳам худди шу нарсадан – “темир-терсакка топшириб юборилишидан” қўрққанлигини тушундим. Жон ҳолатда ялинишга ўтдим. Тилим бийрон бўлиб кетди.
– Жон ака! Ўташевнинг яқин қариндоши бўламан. Илтимосимизни ерда қолдирманг. Ёлғиз қизим, ёлғиз фарзандим кўз олдимда бўлсин. Бир умр жонингизга дуо қиламиз. Илойим сизга қасд қилганлар жинни бўлиб, жиннихонага тушсин. Бизни даштларга қараб улоқиб кетсин, Мажнунга ўхшаб.
Гапим ёқди шекилли, илжайди.
– Худди шундай бўлади. Албатта жинни бўлади. Бўлмаса бўлдирамиз. Яшанг! Каллангиз ишлар экан чўпон бўлсангиз ҳам! Боринг, илтимосингиз бажарилади. Қизингиз озод. Олиб кетаверинг. Ўташевга салом айтинг.
Муҳташам хонадан қушдай учиб чиқдим. Ҳалиги профессор Холбоев бошлиқ бузғунчилар шаънига қилган дуои баъдим таъсир этмаслигига қувондим. Чунки мен фирқа аъзосиман-ку. Жуда, таъсир қилиб жинни бўлишиб, Чашмизиракка тентираб боришсаям қўрқинчли жойи йўқ. Тоғ ҳавоси, биянинг сути ҳар қандай жиннини тузатиб юборади…
Ҳаким чўпон ҳикоясини тугаллади ва Нурқобилга қараб:
– Қиссадан ҳисса шуки, Ойсифатхонимизни ўша институтнинг фаранг тили кафедрасига ишга таклиф этишаётир, кеча яна хат юборишибди. Ҳозир шароит бошқача эмиш. Ўташевнинг ошнаси ишдан олиниб, бошқа киши ректор бўлибди. Таниш-билишчилик, ошна-оғайнигарчиликка чек қўйилиб, чинакам билимли ёшлар ишга таклиф этилаётганмиш. Мен ўйлаб-ўйлаб, юборсамми, деб турибман, ахир илмий иш қилса, диссертация ёқласа, чўпонларнинг қизларидан ҳам доцент, профессор чиқса”, дейман-да! Ўзига қолса, йўқ. Ҳайронман, бу гадойтопмас қишлоқнинг унга нимаси ёқади?
– Албатта бориш керак, – деди Тошбўри негадир икки юзи қизариб. – Илмий иш қилганга нима етсин. Мен ҳам… яна беш-олти ой ишлаб, тиббиёт институтига қайтаман. Лекин, Ҳаким амак, менимча қизингизнинг шаҳарга боргиси йўқ..
Довдир Нурқобилга қаради. У индамади. Тўғриси, нима дейишни билмади. Ойсифат эса ерга қаради.
– Сизни бу аҳволда ташлаб қайга кетаман, ота?
– Мени бало урармиди, қизим, эртангни ўйласанг-чи! Кет, деганда кетмасанг, янаги йил узатаман-юбораман, уйда кўмилиб қоласан.
– Шу ерда ишлаб ҳам қилса бўлмайдими ўша илмий ишни,–деди Нурқобил ва дарҳол маънисиз гапирдим, деб ўйлаб, тилини тишлаб қолди. Ойсифат унга мамнун қаради. Тошбўрининг энсаси қотди. Довдир кулди:
– Бу ерда кимга кераги бор илмий увоннинг, мактаб директорлигини эса шусиз ҳам олиб беради холаваччамиз Шоқувват Ўташев. Дарвоқе, Нурқобил, ул зоти бобаракотимиз тинчми? Анови ишларнинг шамоли тегмадими?
– Дунёни сув босса, ўрдакка не ғам. Аксинча, у киши ҳозир вилоят миқёсидаги катта лавозимлардан бирини эгаллаши кутилмоқда.
– Э, ҳа-а, шунақами? Қаранг-а! Ҳар ҳолда, қизим, ўзинг яхшилаб танангга ўйлаб кейин жавоб қайтар. Орадан йиллар ўтгач, пушаймон қилиб юрмагин. Хўпми?
– Хўп. Эмасам, мен борай.
– Борақол қизим.
Ойсифат чиқиб кетди. Ортидан отаси кулимсираган кўйи, Тошбўри маъюс, Нурқобил ўйчан қараб қолдилар.
12
Ойсифат… Эҳ, Ойсифат…
У қалбида мубҳам бир сирни яшириб яшайди. Бу сирни ҳеч кимга айтолмайди. Ҳеч қачон айтолмайди шўрлик қиз. Иложини топса ўзидан ҳам яширса. Бу сирни ўзи, ёлғиз ўзи билганидан, ногаҳонда, баҳор кунларининг бирида тўсатдан билиб қолганидан ерга киргудек ҳижолат чекади, ўртанади.
Ҳали мактабдалик пайтида, баҳор чоғларида яйловда эндигина барра бўлган ёвшаннинг ўткир ҳиди, яшил кенгликларнинг бепоёнлиги, қорли чўққиларнинг ўктамлиги қизалоқ қалбида, жисмида ажиб бир орзиқиш уйғотар, қайларгадир, узоқ-узоқларга кетгиси, турналарга қўшилиб чарх уриб учгиси, тўрғайларга жўр бўлиб мунис куйлаб юборгиси келарди. Ниманидир излар, кимнидир қўмсар, кимгадир талпинар, аммо у ким бўлажагини, ҳузурига қачон келажагини билмас, унинг қиёфасини тушларида кўрар, китобларда ўқиган, кўрган аллакимларга ўхшатар, кўнгли тўлмас, унинг ҳар жиҳатдан мукаммал, ҳар жиҳатдан баркамол, танҳо бўлишини истар, шундай бўлажагига ишонар ва умид қилиб, ширин-ширин хаёллар суриб яшарди…
Талабалик йилларини талабгор йигитларнинг нуқсонлари, номукаммалликларини санаш билан ўтказди. Яна бир ташвиш – янглишиш, хатога йўл қўйиш, алданиш хавфи мудом унга тинчлик бермас, у ҳар бир танишидан, ҳар бир йигитдан хавфсирар, ўзини қайларгадир яширгиси, назарлардан четда юргиси келарди. Институтда ишга қолишга кўнмаганининг сабабларидан бири ҳам эҳтимол шу эди. Кўзга яқин эди Ойсифат: бир қошиқ сув билан ютгудек, исми жисмига монанд, тиниқ ва покиза эди чўпоннинг қизи.
Кутилмаганда… кутилмаганда у ҳаётига, тақдирига аллақачонлар кириб келганини, ёнгинасида юрганини сезиб қолди. Ишонгиси келмади. Тан олгиси келмади. Бу одам – шубҳасиз, яхши киши, жуда ҳам яхши киши. Лекин у кутган одам эмас. Бу – рўё. Бу – сароб. Бу – алдамчи бир туш. Ишонмайди. Ҳеч қачон ишонмайди.
Тунлар тўлғанишда, кунлар ўртанишда ўтар ва бу дард жисмига тобора теран кириб борарди. Энг ёмони – буни бировга, ҳатто энг яқин сирдош кишисига ҳам айтишнинг сира-сира иложи йўқ эди. Уят, андиша, шарм асло йўл бермасди бунга.
Киши билмас аччиқ-аччиқ кўз ёш тўкарди у. Нега тақдир бунчалик шафқатсиз. Нега у одамнинг устидан бу қадар аччиқ кулади? Нега бунчалар телба инсон қалби? Нега бунчалар девонаваш? Нега у мавжуд қолипларга, асрлар бўйи шаклланган урфларга бўйсунишни истамайди? Нега бошқача бўлишни, белгилаб қўйилган тўсиқларни йўлидан суриб ташлашни истайди? Қушдек эркин бўлишга интилади?
Тошбўри, унинг самимий, бироз жўн, бироз беўхшов, бироз ўнғайсиз муҳаббати. Ойсифатга қоронғу тун қўйнида адашган йўловчи пешанаси узра ногаҳон порлаган тонг юлдузидек умидбахш туюлди. У дафъатан бу юлдуз уни вақтинча, янглиш тушиб қолган зулмат қаъридан омон етаклаб чиқади, саодатли тонг қучоғига элтади деб ўйлади. Шундай бўлишини истади. Унга қўл узатди, унга эргашди, унга талпинди. Аммо, не афсуски, қанча интилмасин, қанча талпинмасин кўкси ёришмади, қалбида тонг отмади. Чўпон қизининг ўжар қалби яқингинада, тоғлар ортига келиб порлай–порлай деб турган чинакам топинмишини – толеини кулдирувчи Қуёшини кутарди. Бу қуёш эса нечоғлик яқин бўлмасин, азим бир тоғ ортида эди. Шу боис унинг нури шўрлик қиз қалбига етиб келмасди.
Тошбўри ҳам буни яқингинада сезди. Аввал сезиб сезмасликка олиб юрарди. У ишонмасди. Қизнинг ўзига айтишга, ўзидан сўрашга журъат, жасорат топмасди. Янглиш, хато деб ўйларди. Ойсифат ўткинчи ҳислардан халос бўлиб чинакам барқарор туйғу, ҳақиқий муҳаббат ҳузурига қайтади, деб умид қиларди. Чунки у Ойсифатнинг кўзларида ўзига нисбатан тиниқ бир меҳр шуълаланаётганини кўрар, бу шуъла оловланажагига умид қиларди.
Улар бир-бирларига талпиниб, талпингани сари узоқлашиб кетаётган бир жуфт юлдузга ўхшашарди. Само қонуниятлари уларнинг хоҳиш-иродаларидан устун келмоқда эди гўё. Бироқ юлдузлар ҳам, сайёралар ҳам учрашишармиш, бир-бирларининг васлига етишармиш. Кошки шундай бўлса!
– Ойсифат, сиз бошқа одамни севасиз…
Тошбўри бир кун барибир айтади бу гапни, кўнглидаги дардини барибир ёради.
– Туш кўрибсиз, – дейди Ойсифат бўйнига олмай. Лекин унинг кўзларида “Воажаб, қандай билди, қандай сезди?” деган қўрқув аралаш ҳайрат чақнаб туради. – Мен… ҳеч кимни яхши кўрмаганман, яхши кўролмасам керак. Бахтсизлик – бу…
– Ёлғон. Ёлғон гапираяпсиз. Шу… яқингинадаги бир одамни севасиз. Кимлигини айтайми? – дейди Тошбўри. Унинг кўзларида ҳам алланечук қўрқув, таҳлика, умиди сўнаётган одамнинг талвасаси акс этарди.
– Айтманг, – дейди Ойсифат жон ҳолатда. – Ҳеч қачон, ҳеч кимга айтманг. Бу – сароб. Бунга ишонмайман. Сиз ҳам ишонманг.
Тошбўрининг кўксидаги қўрқув, таҳлика, таскин заиф умид билан қоришиб кетади. Тоғларга, яйловларга, чўлларга қараб шиддат ва алам билан югургиси, то йиқилиб ўзини билмай қолгунча югургиси келади.
Ҳозир ҳам у қизнинг ортидан югуриб чиққиси, қувиб етгиси ва ҳамма гапни юзига очиқ айтиб, сўнгги бор уни тўғри йўлга бошқармоқчи бўлди.
“Ойсифат, сиз янглишяпсиз, сиз интилаётган, сиз пинҳона кўнгил қўйган одам, гарчи яхши инсон, лекин сизнинг тенгингиз эмас, сиз институтдан келган таклифни қабул қилинг, бетўхтов шаҳарга кетинг, мен ортингиздан бораман, иккимиз ҳам илмий иш қиламиз, мен сизни шоширмайман, қанча кутиш зарур бўлса кутаман, ҳоҳласангиз тўйни иккимиз ҳам диссертациямизни ҳимоя қилиб олгач қиламиз ва ҳоказо…” демоқчи бўлди. Бироқ худди елкасига тош бостириб қўйилгандек ўрнидан қўзғалолмади.
Нурқобил эса бу пайт худди мисдан ясалган ҳайкал сингари қотиб, айни пайтда вужуди қизиб, боши карахт бўлиб ўтирар, ҳеч нарсага тушунмас, аниқроғи нималарнидир тушунгандек бўлар-у, ишонгиси келмасди.
– Юрагимни бир эшитиб, қон босимимни ўлчаб кўринг-чи, сал бошим айлангандай бўляпти, – деди у Тошбўрининг елкасига қўлини қўйиб.
– Юз элликка чиқибди, бирозмуолажа қилмасак бўлмайди, – деди Тошбўри уни хонасига олиб кириб босимини ўлчаб кўргач ва сўради: реанимация хонасига ётқизайми, ҳеч ким безовта қилмайди. Бир-икки кун дам олиб, ўзингизга келасиз.
– Реанимация эмас, Ҳаким аканинг олдида ётаман, гангир-гунгир қилиб, – деди Нурқобил..
Орадан бир неча кун ўтди. Нурқобилга хабар келди: эртага эрта билан туман марказига етиб бориши шарт. Унинг масаласи кўрилади!
– Бу қандай бедодлик, бемор одамни намунча судрашади, қанақа мамлакатда, қанақа жамиятда яшаяпмиз ўзи! – деди ҳайқириб телефон орқали Тошбўри умрида биринчи марта тоғайи бузруквори Ўташевга тўғридан-тўғри сим қоқиб. Ўташев босиқлик билан ундан босиқ бўлишни сўради.
– Бу… партиянинг топшириғи чироғим, сизу биз эса киммиз, унинг интизомли оддий аскарларимиз холос. Анавинақа гапларни ҳар ерда сайрайверсангиз, сизнинг ҳам, сизга қўшиб менинг ҳам танобимизни тортиб қўйишади.
Тошбўрининг нафаси ичига тушди. Нурқобил эса касалхонадан тўғри туман марказига жўнаб кетди.
– Кўнглим сезиб турибди, ҳаммаси яхшилик билан тугайди. унга енгил ҳайфсан бериб, ишига қайтаришади. Йўл қўйган жузъий нуқсонларингизни ўзингиз тузатинг, дейишади, – деди ортидан Ҳаким довдир.
– Айтганингиз келсин, – деди Тошбўри.