282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 19

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 19 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +

УЧИНЧИ ҚИСМ

1

Кунлар, ҳафталар, ойлар, йиллар ўтди. Саксонинчи йиллар биринчи ярмидан бошланиб, тўқсонинчи йиллар бошигача давом этган “пахта ишлари” ҳам Мустақиллик шарофати ила буткул тўхтатилди, ўн минглаб, юз минглаб кишилар оқланди. Совет тузумининг йигирманчи, ўттизинчи, қирқинчи ва эллигинчи йиллардаги мудҳиш қатағонлари сингари бу қонли мавсум ҳам қанча-қанча юракларда оғир жароҳатлар қолдириб, йўқликка юзланди.

Негадир унгача вақт жуда секин ўтди. Сувли дара сувлари шарқираб эмас, имиллаб оқди. Ва ниҳоят…

Тонг. Сунбула қуёшининг мусаффо нурларига чўмилган Сувлидара боғлари турфа ранглар оғушида. Ўриклар, шафтолилар, гилосу олмалар ҳосилнинг кўплигидан эгилиб турибди.. Сал наридаги бодомзору ёнғоқзорларда ҳам ҳосил баракали барг ёзди. Дўланалар япроғи озурда юракларни энтиктиради.

Нурқобил кўксида ўтли бир оғриқ билан хаёлчан кезади. У энди қадимий боғларнинг, “эгасиз боғларнинг” эгаси. Эрта-индин навбатдаги ҳосилни йиғиштиришга киришади. Аммо…

Хусусийлаштириш жараёни кучайгани сари уни ваҳима боса бошлади. Бир вақтлар Ҳаким довдир билан ҳазил-ҳузул қилиб муҳокама қилган гаплари чинга айланиб қолмаса гўргайди. Эҳ содда одам! Бунақалигини билганида ўшанда, устидан олиб борилган жиноят иши тўхтатилиб, юзи ёруғ бўлган кунларда туман раҳбари томонидан билдирилган таклифга рози бўлмасмиди?..

Ўшанда уни туманнинг янги раҳбари Ҳожимурод Худойқулов ҳузурига чақиртирди. Нурқобил бу йигитни танирди. Бир пайтлар район қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи бўлган. Ҳақиқатпавар. Бир пайтлар қўйларни сунъий қочирувчи СЖК препаратига қарши чиққанлиги учун уни ишдан бўшатиб юборишганди. Кейин қоракўлчилик институтига ўтган деб эшитганди. Мана, энди катта бир туманга ҳоким. Адолат қарор топаётгани яхши. Бу – мустақиллик шарофати.

– Бошингиздан ўтган савдоларнинг ҳаммасидан хабарим бор, – деди у Нурқобил билан илиқ кўришаркан. – Нима ҳам дердик, кўпга келган “тўй” экан. Шукр, барчаси ортда қолди. Эшитдим, боғбонлик қилаётган экансиз, янги ниҳоллар экиб, кўҳна боғларни яшартирибсиз, кенгайтирибсиз, пистазору ёнғоқзорлар яратиш учун қўшимча ер сўраб мурожаат этибсиз. Ерни албатта берамиз. Лекин ҳозир чорлашимдан мақсад… сизни аввалги лавозимингизга тикламоқчимиз. Шамсиев яхши ишлади, раҳмат. Лекин Сиз асоссиз бўшатилгансиз. Адолат нуқтаи назаридан жойингизга қайтишингиз лозим. Ҳа, айтганча, эшитиб юргандирсиз, хусусийлаштириш, мулкларни давлат тасарруфидан чиқариб, тадбиркору ишбилармон кишиларга ижарага топшириш тўғрисида гап-сўзлар бўлиб турибди. Шу ҳақда қарор чиқса, ана шу тадбирнинг бошида турасиз, тарози шайинини тўғри ушлайсиз ва мулкларни адолат билан тақсимлаб, пировардида ўзингиз янгилаётган боғни тасарруфингизга олиб, манови ишларингизни янада фаол давом эттирасиз. Нима дейсиз шу таклифга?

Бу таклиф бағоят мафтункор эди. Нурқобилнинг ўрнида бошқа… нафси бад бир кимса бўлса дарҳол кўнибгина қолмай, серҳиммат валинеъматга каттароқ “ҳадя” атар, зеро бу вазифа, яъни мулклари ҳадемай тарқатиладиган улкан хўжаликка бош бўлиш, Ҳаким довдирнинг таъбири билан айтганда, сўйиладиган сўқимнинг гўштига баковуллик қилишнинг баъайни ўзгинаси эди. Истаган кишингга истаган жойидан бир парчадан улашасан, пировардида ўзингга энг ёғли жойидан кесиб олиб, жуфтакни ростлаб қоласан. Албатта, довдир айтмоқчи бунинг учун бояги мулкларга қўшиб имон ва виждондан ҳам бир қисмини пуллашга тўғри келади арзонроққа бўлса ҳам. Бироқ йигит киши қасамини бузмаслиги керак. У минбаъд амалдор бўлмайман, дея аҳд этган.

– Эътиборингиз учун раҳмат, лекин мен… энди раҳбарлик лавозимида ишламоқчи эмасман. Ҳозирги ишим ўзимга жудаям ёқади. Агар мурожаатимни ижобий ҳал этиб, қўшимча ер ажратсангиз, кейин… ўша боғларни ижарагами, қурбим етадиган нархларда хусусийлаштирибми берсангиз, чексиз миннатдор бўлардим.

Худойқулов кулди.

– Э, қойил! Бунақа… таклифни рад этадиган кишини биринчи кўришим. Холбуки айримлар… халта-халта пул кўтариб, Самарқанду Тошкентдаги катта идоралар остонасини текислаб юришибди-ю. Сиз бўлсангиз… Майли, бу гапларнинг сизга алоқаси йўқ. Аммо-лекин бир ҳафта муддат бераман, яхшилаб ўйланг.

– Ҳожимурод ака, мен жуда кўп ўйлаганман ва қатъий аҳд этганман, шунинг учун… вақтни беҳуда ўтказмай, бошқа муносиб номзодларни кўраверинг. Илтимос. Мен самимий айтяпман.

– Шунақами? Унда майли. Мажбурламаймиз. Боғда иштиёқ билан ишлаётганингизни биламан. Аслини олганда… келажак амалдорникимас тадбиркорники. Бояги илтимосингиз албатта инобатга олинади. Лекин биринчидан, қаттиқ ишлайсиз. Боғлар зўр бўлиши керак. Иккинчидан хусусийлаштириб олдик, энди бу ерга ташқаридан бирорта қуш ҳам учиб кирмасин, демайсиз. Унинг мевасидан, тоза ҳавосидан, соя-салқинидан теваракдаги аҳоли, қолаверса, бутун туман аҳли баҳраманд бўлиши керак. Келгусида у ерда чорвадорлар учун дам олиш уйи, пионерлар лагери очамиз. Вилоят республика миқёсидаги оромгоҳлар бўлади. Шунинг учун хусусийлаштиришни тўғри тушунасиз, деб ўйлайман. Келишдикми?

– Албатта, Ҳожимурод ака.

Нурқобил ҳокимнинг олдидан кўнгли тоғдек ўсиб чиқди. Уйга хуш кайфият билан келди. Иштаҳа билан тамадди қилди. Бўйи анчайин чўзилиб, йигитча бўлиб қолган ўғилларини ўқишдаги баҳоларини суриштириш асносида: “бирон қизни кўз остига олганмисан, қачон совчи жўнатамиз”, қабилидаги ҳазиломуз, шўх саволларга тутди. Буни кўриб амманинг чеҳраси очилди. Анчадан бери айтмоқчи бўлиб юрган гапи тилига чиқди:

– Ҳалитдан ўғил уйлантиришни ўйлагунча… ўзингга бир ҳамсар ахтарсанг бўлмайдими, Нуржон, мен ҳам энди чарчаяпман. Ҳам иш, ҳам рўзғор. Ё… ўзим бирон бевами, ёши ўтган қизлардан қидирайми? Сенга ҳали ўн саккиз ёшлисиям тегади.

– Ўн саккиз ёшлиси керакмас, амма, ўзи… умуман уйланмай ўтсам дегандим, манови гапингиздан сўнг, ўйланиб қолдим.

– Ҳадеб ўйланавергунча шартта уйлан – қўй, сўз ўйини қилди амма. Кейин чуқур хўрсинди. – Албатта уйланишинг керак. Бир хонадонга бир ёлғиз етади…

– Сиз ёлғиз эмассиз, Сиз ҳеч қачон ёлғиз қолмайсиз! – деди Нурқобил қатъий ва ичида ўзини койиди:

“Маъсумага аччиқ қилиб, аёл зотига беэътибор юраверибман-у, бу ёқда аммам бечорани чўри аҳволига тушириб қўйибман-да, галварслигим қурсин. Бирортасини олишим керак, яхши кўрмасам ҳам лоақал… хизмат қилиб юради, аммамнинг юкини ениллаштиради-ку. Бироқ… хаёлимда куну тун Маъсума бўлса, у аёл билан қандай яшайман. У бундай муомалага рози бўладими? Ахир… унга ҳам меҳр керак…

Шуларни ўйлаб, аммасига ҳозирча аниқ бир жавоб бермасликка қарор қилди.

– Озгина сабр қилиб турайлик, Худонинг ўзи бир томонга бошқарар…

Кейин отига минди-да, Сувлидарага чиқиб кетди. Қанча кунлардан бери ҳорғин кўринаётган қора тўриғи ҳам бугун қушдек енгил, жиловини қўйса учгудек эди. Ажаб, от эгасининг кайфиятини, ҳолатини сезади, деганлари тўғри экан. Икки қир ошгач, у эгардан тушиб, тўриқни жиловидан етаклади. Ёлларини силади. Қора тўриқ довдир минган бия – Лочиннинг қулуни. Боғда иш бошлаган дастлабки кунларининг бирида кечагина касалхонадан чиққан Ҳаким оғасини кўргани борганди. Довдир қўярда-қўймай тўриқнинг жиловини қўлига тутқазди:

– Пиёда юрманг, одамлар “мошиндан тушса ҳам отдан тушмабди”, дейишсин. Ҳасадгўйларнинг ичи куйсин. Лекин емдан қисманг, меҳрингизни дариғ тутманг. Ҳақига кузда анови “Шум бола”даги боғчи бойга ўхшаб, бир қоп-ярим қоп “қуртлаган, чириган олмалар”дан бериб, кузда ҳисоб-китоб қиларсиз.

Қанчалик бағри кенг одам бу Ҳаким довдир. Ўша кенг бағри беғараз хайри-саховатга қанчалар тўла. Нурқобил у қора тўриқни қулунлик пайтидан нечоғлик меҳр билан парвариш қилганини, ўзи ҳам авайлаб-асраб, аҳён-аҳёнда фақат тўй-маъракаларга минишини биларди. Ўзи ўта одми, қўл учида кун кечирувчи бу одам, ўзининг энг суюкли жониворини, эҳтимолки бисотидаги энг қимматбаҳо мулкини сира оғринмасдан бериб юборяпти-я. Бундай кишининг қошида ўша маълуму машҳур Ҳотами Той ҳам таъзим қилса керак.

Сувлига ошадиган сўнгги қир этагига етгач, Тожибойнинг қўрасига бурилди. Бултур ёзда ҳосили чала-чулпа йиғиштирилган пайкалларда қорамтир, чирик чўкиртаклар. Қор эриб, ер кўпчиб қолган. Тожибойнинг беваси юзини енги билан бекитиб пешвоз чиқди. Ортидан болалари кўринди. Беш ўғил, уч қиз. Катта ўғли эр етиб қолибди. Шу йил мактабни битирса керак.

– Яхшимисизлар, қийинчилик йўқми, болалар катта бўлишяптими? – деди Нурқобил сал ўнғайсизланиб.

– Яхши, ҳаммаси яхши, – деди ерга қараб катта ўғил. У бир пайтлар Нурқобилга болаларча таҳдид қилган: “армияга бориб, автомат ўғирлаб келаман ва сизни отаман”, деб. Чунки унга “отангни ўлдиртирган киши – шу”, дея уқтиришган. Мустақилликдан кейин Тожибойнинг қотили топилиб, узоқ йилга кесилиб кетгач, онаси билан атай келиб узр сўраб кетди. Шунга қарамай ҳануз Нурқобилнинг кўзига тик қаролмайди. Ҳа, Тожибойнинг қотили топилди. Бироқ у “буюртмачи” кимлигини айтмади. “Ўртамизда аввалдан адоват бор эди, шунинг учун ўлдирдим” деб туриб олди. Дарвоқе, ҳалиги нашазорларнинг “эга”сиям аниқланди. Тўғрироғи, бошқа анча жиддий моддалар билан айбланган Сувкечганлик “қонундаги ўғри”нинг гарданига осиб, ишни ёпиб юборишди. Ўташевлар ва Қиличбой сувдан қуруқ чиқиб кетишди. Айтишларича, бу арзонга тушмабди, орган ходимларига ўша “серҳосил дала”дан олинган соф фойданинг бир неча йиллигини узатишга тўғри келганмиш. Майли, ҳар бир нокаснинг ҳақиқий жазосини Яратганнинг ўзи беради. Ҳар тугул Сувли боғларининг тевараги заҳри қотилдан тоза бўлди, ҳисобда йўқ ерларда яширинча деҳқончилик қилишга барҳам берилди.

– Мен боғдорчилик бригадасининг бошлиғи бўлиб ишлаяпман, – деди Нурқобил бева олиб кирган дастурхонни очиб, қоп-қора серкепак тандир ноннинг бир четидан озгина ушатиб оғзига солар экан. – Манови ерларга ток экамиз. Қора кишмиш етиштирамиз. Майизини давлатгга топширамиз. Агар маъқул десаларингиз, ўзларингиз қараб, парваришлайсизлар. Сизларга ойлик ёзилади. Розимисиз, янга? Бир четига рўзғорга етгулик сабзавот, майли… озроқ нўхат, зиғир экса ҳам бўлади.

– Катталар нима деса шу-да, ука, – деди аёл ҳамон енгини юзидан олмай. Бояги тўнғич ўғил қизиқсиниб қаради.

– Неча кишига ойлик ёзасиз?

– Сенга, онангга, яна укаларингдан неча нафари ишласа. Қалай, маъқулми?

– Майли…

Нурқобил кўнгли ярим бу оилага қандай йўл топишни, мадад беришни анчадан буён ўйлаб келаётганди. Гаплари тез қовушганидан хурсанд бўлиб, хайрлашди.

Қора тўриқ қирга интилди. Қир орти – Ҳаким довдирнинг қўрғони. У тунов куни: “Мавридини топиб, бир кириб ўт, маслаҳатлашадиган масала бор”, деганди. Нима маслаҳат экан? Ҳойнаҳой яна Ойсифат билан Тошбўрига боғлиқ бўлса керак. Ўжар чўпоннинг якрав қизи институтда ишлаётганига ҳам анча бўлди. Ҳануз Тошбўрига тегишга рози бўлмай юрибди. Бечора Тошбўри бу ердаги бош врачликни ташлаб, унинг ортидан шаҳарга бориб, тиббиёт институти клиникасида оддий жарроҳликка жойлашибди, илмий иш қилиш учун Киевга кетиш имкониятидан ҳам ҳозирча воз кечибди. Чашмизираклик мадмуазель (французчасига ойимқиз, дегани бўлади) тушмагур эса сира кўнақолмайди. Ҳолбуки… унга қанча насиҳат қилинди, ҳатто қаттиқ гапириб ҳам кўришди. Қалбингга буюролмайсан, деганлари шу бўлса керак-да…

Нурқобил беихтиёр жилмайиб, Ойсифатга “Нурқобилга тегиб, у билан бахтли бўлиш” ҳақида буйруқ берганини эслади.

2

Боғбончиликка боши билан шўнғиб, тоғу шаҳар ўртасида бўзчининг мокисидек қатнаб юрган пайтлари эди. Бир куни қишлоқ марказида Тошбўри билан учрашиб қолди. У ғамгин, чеҳраси қонсиз, ички бир дарддан қийналаётгандек эди. Нурқобил уни боққа таклиф этди, “тоғларга, дўланазорларга олиб чиқаман”, деди. “Тоққа чиқмай дўлана, жон чекмасдан жонона йўқ” деб ҳазиллашди. Лекин Тошбўрининг чеҳраси ёришмади.

– Мен… шаҳарга кетмоқчиман, ака, – деди у бир маҳал томдан тараша тушгандек қилиб.

– Ие, ҳа, бунча шошилинч, – деди кулиб Нурқобил.

– Бўлди-да, анча ишладим. Энди илмий иш қилсам…

– Ниятларингиз… бошқача эди, шекилли? Ё… Ойсифат ҳам институтга боришга қарор қилди-ю, бирга кетмоқчимисизлар? Сиз ҳали беш-олти ой ишланг.

Тўйни ўтказайлик. Кейин кетсанглар ярашар балким. Лекин… Қишлоқда яшасанглар ҳам ёмон бўлмайди.

Тошбўри бир лаҳза жимиб қолди. Тилига келган сўзни айтишга қийналди. Чайналди, барибир айтди.

– Ойсифат билан… бўлмас экан. Унинг кўзига… сиздан бошқа ҳеч ким кўринмайди.

Нурқобилнинг ранги оқарди. У умри бино бўлиб бировга қаттиқ гапирмаган, ҳақорат қилмаганди. Бу гапни эшитиб чидаб туролмади, миясига қон урди. Тошбўрини ёқасидан олди.

– Эй, бола, қандай тилинг боради бундай дейишга? Ахир Ойсифат менга… туғишган сингил қатори эканини биласан-ку!

Тошбўри вазминлик билан ёқасини Нурқобилнинг қўлидан бўшатди.

– Биламан. Бу… нарсадан хабарингиз йўқлигиниям, сиз… бошқа бир аёлни яхши кўришингизниям тахмин қиламан. Лекин барибир… Ойсифат сизни севади.

– Бемаъни гап! Бундай бўлиши мумкин эмас! Ҳеч қачон! Ойсифат ахмоқ эмас! Ўзи… шунақа дедими?

– Менга шундай деб аниқ айтгани йўқ. Эҳтимол, сизга ҳам ҳеч қачон айтмас. Лекин шундай. Бу бор гап. Мен бошдаёқ сезгандим. Аввал ишонмагандим. Шунча пайтдан бери кутдим. Умид қилдим. Хатосини тушунар, деб ўйлагандим. Бўлмади. У кеча менга: “Сизни жуда ҳурмат қиламан. Лекин севолмайман. Севмай турмуш қилсам сизга ҳам азоб, ўзимга ҳам азоб. Бунинг нима кераги бор” деди. Шунда мен унинг сизни севишига аниқ ишондим.

– Мен эса ишонмайман ва ишонишни истамайман ҳам, – деди Нурқобил. Унинг юзлари қизиб кетган, юраги безовталаниб, боши ғувилларди. – Ойсифат бундай… ақлсизлик қилмайди.

– Нурқобил ака! Ўзи бу гапни сизга айтмоқчи эмасдим. Лекин пайти келганда нега бир оғиз дилингни очиб, дардингни дастурхон қилмадинг, жўяли маслаҳат сўрамадинг, деманг деб, очиқча мулоқотга жазм этдим. Агар янглишаётган бўлсам қанийди. Аммо…

– Тошбўри, сиз умидингизни узманг. Ойсифат эртами-индинми хатосини тушунади. Унинг менга муносабати тўғрисида сиз ўйлаган нарса севги эмас. Мен Ҳаким аканинг оиласига эсимни таниганимдан буён яқинман, туғишган жон-жигар қатори бўлиб кетганман. Шунинг учун эҳтимол, кейинги пайтларда бошимга кўп ташвишлар тушгани, хотиним ўлиб, ёлғизланиб қолганим, ўғилларим онасиз ўсаётгани учун ўзича қанақадир шафқат кўрсатиш, ўксик кўнглимга далда бўлиш, ёрдамлашиш учун қанақадир хом хаёлларга борган бўлиши мумкин. Лекин бу… икки жинс ўртасидаги, никоҳга элтиши лозим бўлган севги эмас. Менинг бунга ақлим етади, агар Ойсифат ғўрлик қилиб, фаҳмига бормаётган бўлса, тушунтирамиз. Хуллас, мен Ойсифатнинг сизга турмушга чиқишини ва бахтли бўлишини истайман. Йигитлик сўзим шу!

– Унда… бу гапларни унинг ўзига ҳам айта оласизми?

– Албатта!

– Қачон?

– Ҳоҳласангиз ҳозироқ. Қани юринг, мактабга борамиз. Кетдикми?

– Кетдик…

– Ойсифат, синглим, Сиз менинг акалик насиҳатимга бир мартагина кўнинг-да, шу боланинг райини қайтарманг. Шаҳарга кетмоқчи бўлсангиз, бирга кетинглар, Сиз тилшунос олима, Тошбўрибой шифокор олим бўлиб, Чашмизирак қишлоғининг довруғига довруғ, обрўсига обрў қўшинглар. Кетмасаларинг, шу ерда бирга яшаб, ишлаб бахтли бўлинглар!

Ойсифатнинг ҳозиргина гул-гул яшнаб турган рухсори олидан қон қочди. Нафаси ичига тушди. Ўзини зўрға ўнглади. Йиғлаб юбормаслик учун ақиқ лабларини садафдай ярқироқ ва… жодидай ўткир тишлари билан қаттиқ тишлади ва Осиёча одобу фарангча назокат билан:

– Ким билан бахтли бўлишни… менинг ўзим ҳал қилишга ҳаққим борми? Ё… буйруқ бермоқчимисиз?

– Ҳа, буйруқ бермоқчиман бахтли бўлишга, – деди Нурқобил мутлақо жиддий оҳангда.

– Раҳбарлар оддий одамларнинг шахсий ҳаётларини ҳам буйруқ билан… бошқаришга ҳуқуқлари борми?

– Биринчидан, мен ҳозир раҳбар эмасман. Иккинчидан, сизни деярли кўтариб катта қилган, туғишганидан зиёд кўрувчи ака сифатида шунга ўзимни ҳақли, деб ҳисоблайман. Учинчидан, сиз ҳам бир кун келиб, сингил сифатида: “Ака, дунёдан тоқ ўтманг, фалон жойда бир бефарзанд бева аёл бор экан, шунга илло-билло уйланинг”, деб маслаҳат, ҳатто буйруқ берсангиз асло хафа бўлмайман. Чунки, ака-сингиллар бир-бирларининг тақдирига бефарқ бўлмасликлари керак. Шундай эмасми?

Бу мантиқли мулоҳазаларга жавобан бирор нарса деёлмаган бечора қиз индамасдан ерга қаради, кейин кўзидаги дурахшон томчиларни яшириш учун кўча томон ўгирилди ва:

– Майли… мабодо… агар… сиз… шуни… ҳоҳласангиз, мен нима ҳам дердим, – дея пичирлади. Сўнгра бир-бир босиб, оҳиста ва оғир қадамлар билан чиқиб кетди. Тошбўри унинг ортидан интилган эди, Нурқобил қўлидн ушлаб қолди.

– Ҳозир ҳожати йўқ. Ёлғиз қолиб, ўйлаб, ўзига келиб олсин. Юринг касалхонангизга, асабийлашиб, қон босимим ошиб кетганга ўхшайди, ўлчаб кўрингчи.

Бошлашиб, касалхонага боришди.

– Аъмолий, – деди Тошбўри.

– Бу нима дегани? – тушунмади Нурқобил.

– Буми, бу – идеалний, яъни 120 га 80 дегани бўлади ака, ўзбек тилига давлат тили ҳуқуқи берилди-ку, энди тиббиётдаги истилоҳларни ҳам ўзбекчалаштиряпмиз-да. Қисқаси, бу босим билан тоғларни талқон қилишингиз мумкин.

– Ўзи ният ҳам шу. Ҳаётбоши чўққисидан бошлаб Оқтов билан Қоратовни талқон қилмоқчиман, – деди кулиб Нурқобил. Кейин қўшимча қилди. – Демак идеал, деганининг ўзбечаси омол бўлар эканми? Луғатдан кўрдингизми?

– Ойсифат айтди. Ўрта Осиёни ўрислар босишидан анча олдин яратилган фарангча-туркийча сўзликда шунақа дейилган экан.

– Қаранг-а!..

Хайрлашаётганларида Тошбўрининг чеҳраси очилган, кўзларида севинч порларди. Нурқобил касалхонадан чиқиб уйига келди. Амма ишда, ўғиллар мактабда. Ётоғига кириб, кенг каравот устидаги парқув кўрпага ёнбошлади. Ўй сурди. Тўғри қилдимми? деб сўради ўзидан. Албатта тўғри қилди. Қизиқ, наҳотки Ойсифат чиндан ҳам… уни ўзича яхши кўриб юрган бўлса. Ҳм-м, кўрса уялиб, қизариб юришининг сабаби шу экан-да. Бу – ўткинчи ҳавас. Ўсмирликда севги ҳақидаги адабий китобларни кўп ўқиш натижасида шунақа беғубор ҳавас пайдо бўлади. Бир пайт лар Нурқобил ҳам Россиядан келган рус тили ўқитувчисини яхши кўриб қолиб, бир неча ой тунларни бедор ўтказган. Ираида Андреевна эди муаллимлар билим юртини тугаллаб, Россиядан йўлланма билан Чашмизиракка келган ўша ўн тўққиз ёшли қизнинг исми шарифи. Жудаям чиройли ва зукко эди. Ҳар тугул Ира хоним бир йил ишлаб юртига равона бўлди. Акс ҳолда ким билади оқибат нима бўларди…

3

Хўжалик директорлигига эски “қадрдони” тайинланганини эшитган Нурқобилнинг юрагига таҳлика кирди. Бу одам ҳамма ишни дабдала қилади, деган хавотирга тушди. Жаҳли чиқди. Қанақа қўтир дунё бу ўзи? Наҳотки, шу қари қирчанғидан бошқа номзод топилмаган бўлса? Бунақалигини билганида қасамини бузиб бўлса ҳам ўзи эгалламасмиди ўша… сийқаси чиқиб кетган курсини. Худойқулов огоҳлантирганди-я халта кўтариб Самарқанду Тошкентга қатнаб юрган мансабпарастлар ҳақида. Нурқобил эътибор бермади. Энди эски коммунистларнинг даври ўтган, деб ўйлади. Ўтмаган экан-да. Ҳа майли, барибир ҳам энди замон бошқача. Нима бўлгандаям, Нурқобил шу боғни ҳеч кимга бермайди энди. Худойқулов ҳам ваъда қилди-ку. Аммо Нурқобил-ку, ҳақини айириб олар. Бироқ бошқалар, оддий одамларнинг ҳоли нима кечади?

Худди шу мулоҳазалар уни қадрдон инсонининг суюкли хонадони сари ундади. Маслаҳатлашгиси, дардлашгиси келди. Қир ошиб, довдирнинг қўрғонига яқинлашар экан, кўнглидаги яна бир хавотир юзага чиқди: Маъсума билан тикламоқчи бўлаётган муносабатлар нима бўлади? Ўташев яна қайтиб келаётган бўлса, яна Қора ботир бўлиб, ўртада кўндаланг турмайдими? Тўғри, улар қонуний ажралишган. Бироқ… Ўташевдан буткул қутилиб кетиш осонмас. Нурқобил орқаваротдан суриштириб билди. Ўташев айрим қишлоқдошларга: “Ёш хотинга уйланиш учун қоғозда қўйди-чиқди қилганман, лекин шаръий никоҳимда турибди”, деганмиш. Нурқобил эса Маъсуманинг севгиси чин экан, акс ҳолда мени деб, бойвуччалик ҳаётию шунча молу дунёдан воз кечмасди, деган хом хаёлда юрибди. Кўнглини борган сари илитиб, яқин кунларда алоқа боғлаш ниятида эди. Ҳўв бир куни Ойсифатга насиҳат қилиш асносида “бева” ҳақида гапирганида айнан унинг маҳзун орази кўз ўнгида жилваланганди. Ўшандаёқ зудлик билан учрашгиси келиб, бир неча кун каловланиб юрдию, яна ишлар билан андармон бўлдими, ёки мудом юрагининг тубида милтилловчи чўғни алангалатишнинг ҳали мавриди келган эмас, деб ҳисобладими, ишқилиб, яна ўзини мажбурлаб чалғитди. Мана энди… масала яна мураккаблашиши мумкин. Йўғ-е, унақамасдир. Маъсума Ўташевдан расман ажралганига анча бўлди-ку. Қонунан боши очиқ аёл. Энди Ўташев унга хўжайинлик қилолмас. Маъсуманинг ўзи-чи? Ўзи… жон деса керак. Ахир охирги бор юракдан суҳбатлашганларида кутилмаган бир дадиллик билан баралла айтганди-ку: чўлу биёбонда, тоғу тошда яшашга ҳам розиман агар бирга бўлсак, деб. Ўша гапни рост айтган бўлса ва энди раҳбар эмас, оддий боғбонга тегишга ўзида таманною журъат тополса, кўнар. Бироқ мана бу шароитларга кўникармикан? Боғдаги мўъжаз шийпончада яшашдан ор қилмасмикан? Яна… Ўташевнинг кўз ўнгида. Айтишларича, кетаётиб, аламли иддао билан: “энди бу даштларни елкамнинг чуқури кўрсин”, деган экан. Аччиқ устида айтгандир-да. Ўташев ҳам дастлабки вақтлар қаҳр билан: “қисир чиқди, шунинг учун жавобини бердим, яна битта онаси ўпмаганини оламан, ажабмаски буниси қўчқордай ўғил туғса”, деган экан. Дарвоқе… Нурқобилга туғмасаям майли, ўғилларини оқ ювиб, оқ тараб катта қилса, улар туққан онасидан кам кўришмайди. Унгача амманинг ёнига кириб, уларнинг тарбияси билан шуғулланиб, рўзғорнинг иссиқ-совуғига чидаса бас. Бир пайтлардаги ишқ-муҳаббат, “ўлдим-куйдим”лар энди қайта тирилмасаям, шунчаки дўстона муносабат асосида яшашса ҳам майли. Зеро, Нурқобил энди илгариги Нурқобил эмас. Унинг ярим кўнгли Гулруҳ билан кетган. Маъсума ҳам… шунча ғавғою машмашалардан сўнг… ким билади руҳи қай аҳволда. Нима қилгандаям, икки яримта кўнгил бир бутун бўлар ҳайтовур. Хуллас, Маъсумага бир хат ёзиш, қўйнига қўл солиб кўриш керак! Агар бир пайтлардаги майлу интилишлари рад этилгани учун Нурқобилдан совиб, ёлғизлик қисматига тан берган бўлмаса. У қоракўлчилик илмий-тадқиқот институтида лаборант бўлиб ишлаётган экан. Суҳроб кўрибди. “Турмуш қилмадингизми, танҳо ўзингиз қийналмаётирсизми?” деган саволига: “Ёлғизлик пешонамга ёзилган шекилли”, деб жавоб берибди. Келса керак… Аммо… унинг кутилмаганда ашаддий рақибига манкуҳа бўлиб Чашмизиракка қайтишини Ўташев тинчгина қабул қиладими? Яна… қонли муҳорабани бошлаб юбормайдими, турмушларини заққумга айлантирмайдими? Ўлдими, энди улар рақиб эмас, Нурқобил унинг порлоқ келажак сари юришига тўғаноқ бўлаётгани, оғзидаги ошини тортиб олаётгани йўғ-у. Оддий бир боғ қоровули бўлса. Ўташев эса ҳар қалай отдан тушса ҳам эгардан йиқилмади. Туман раҳбарлигидан олинганидан сўнг вилоят ҳокимлигида ишлади. Мана энди улкан хўжаликка раҳбар. Энди унинг Маъсума ҳақида ўйлашга, Нурқобил билан пачакилашиб юришга фуржаси ҳам топилмас. Ахир хусусийлаштириш бошланмоқда. Ўзига қолса бу тоғларнинг орасидаги барча суғориладиган ерлару яйловлар, жонивору гиёҳларга эгалик даъво қилиши аниқ. Бир пайтлар икки тоғнинг ораси боболаридан қолган мулклар экани ҳақидаги билса ҳазил, қабилида пичирлаб юрган гапларини энди баралла, жиддий айтади. Қўйиб берса, бутун Ўзбекистонни текин хусусийлаштиради, жуда бўлмаса сотиб олади. Ҳалиги Итлян айтган гапларнинг юздан бири рост бўлган тақдирда ҳам шунга етарлик пуллари бор. Астағфирулло! Шунча ағдар-тўнтарлар бўлиб ҳам чивин чаққанчалик озор топмади-я шу одам. Ҳатто бутун республикани зир титратган Итляндай кимсаларнинг ҳам бўйнига емхалта осиб, ўз ноғорасига ўйнатди. Тўғри, катта харажатлар қилган, дейишади. Лекин сувдан қуруқ чиққани бор гапда! Айримларга ўхшаб қамалиб, жилла қурса икки-уч йил ўтиргани, Нурқобил сингари қисқа бўлса-да, йилларга, балким бутун бир умрга татийдиган авахта, тергов азобларини чеккани йўқ. Ўрдак экан. Дунёни сув босса ҳам юзасида сузиб юравераркан. Қойил, ҳалиям мудом икки юзидан қон томгудек соғлом, нафасидан от ҳуркадиган даражада басавлат. Ҳа, дарвоқе, энг муҳим бир гап сал бўлмаса эсидан чиқаёзибди: “яйлов радиоси”нинг расман тасдиқланмаган ахбороти (Чашмизиракликлар тоғ қишлоқларида тарқаладиган узунқулоқ гапларни шундай аташаркан)га кўра, Ўташев шаҳарга кўчиб борганидан бери телевидениеда ишловчи бир ёши ўтган журналист қиз билан топишибди. Ўша журналист қиз бу гапни Бойқувват Ўташев бошқарувчилик қиладиган бўлим ҳаёти ҳақида телекўрсатув тайёрлаш учун келганида очиқ айтибди: “Ҳали қонунан рўйхатдан ўтканимиз йўқ, никоҳ ўқитиб яшаяпмиз”, депти. Қирқ беш ёшли Бойқувват ўттизнинг берисидаги қизга бир неча бор: “чеча”, деб мурожаат этганини одамлар ўз қулоқлари билан эшитишибди. Майли, шояд, шу билан бахтли бўлиб тинчиб кетсаю, бошқалар ҳаётига дахл этмаса. Чамаси ўша журналист қиз Ўташевнинг сояи давлатида давр суриб, ижод этиб, бахт-саодатга эришувни кўзлаган. Содда экан-да. Валинеъматининг яқин кечмиши билан қизиқиб, чуқурроқ бир “журналист суриштируви” ўтказмабди. Билъакс Шоқувват оғанинг “шоҳона” қилғуликларидан бир шингилгина хабар топган, яъни биринчи хотини билан ажралаётганда: “болаларинг мендан эмас”, деб на яшашга уйжой, на тирикчилик қилгани тузукроқ сармоя берганини, ҳатто алимент тўлашдан ҳам бош тортганини, Маъсуманнинг жавобини бераётганида қулоғидаги бриллиант балдоқдан бошлаб, қўлидаги никоҳ узугигача ечиб олганини эшитган ва хом хаёлларидан воз кечган бўлармиди. Янаям ким билади дейсиз, ҳозирги замон ёшларининг ўз қаричию ўлчамлари бор. Балким ҳаммасини билатуриб, шу одамни бир боплаш мақсадида киргандир унинг паноҳига. Валлоҳи олам биссавоб. Оллоҳ – қози.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации