282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 10

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 10 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
20

Довдир Ўташев энди тўнини тескари кийишини биларди. Чунки Ўташев довдир машинани етимхонага бериб юборганидан эртами-индинми, барибир хабар топади. Эшитмаганда ҳам у чўпон қизининг тўйига машина ҳадя этишига ишонмайди. Бу ақлга сиғмайдиган гап. Тарихда бўлмаган бунақа воқеа. Ол-а! Қолаверса тўй… Ким билади, ҳали “насиб бўлса” деганларидек, Ойсифат розими, чиндан ҳам Ўташевнинг жиянига кўнгил қўйганми ёки бу гаплар қуруқ гапми. Бу Ўташевлар зоти бировни ёмонотлиқ қилиш учун бекорчи гапларни ҳам чиқараверади. Довдирга қолса… Тошбўри ёмон йигит эмас. Ишқилиб она зотига тортмасин. Зоти… отаси эса бироз қурумсоқлигини айтмаса, бинойи одам. Болаликдан билади довдир уни.

Нима қилиши керак эди? Э, “бор-э” деб бериб юбориши лозиммиди машинани. Турган гапки, Ўташев “Нива”ни бозор нархига пуллаб, ҳаром пулининг устига пул қўшарди. Носоғи довдирнинг номига қоларди. Майли, довдирга машина нотўғри берилган ҳам бўлсин. Барибир, унинг ошиқча пулланишига, Ўташевнинг ҳаром пулларига яна пул қўшилишига довдир йўл қўя олмасди. Эҳтимол, машинани давлатга қайтариб бериши, муносиброқ бир илғор чўпонга топширинглар, дея илтимос қилиши тўғрироқ бўларди. Лекин ўла қолса ҳам Ўташевга бер-мас-ди. Тамом–вассалом! Етимхона ҳар қалай давлатники-ку.

Ана шунақа ўжар ва якрав эди довдири тушмагур. Лекин айни пайтда билардики, Ўташев индамай чув тушиб қолаверадиганлардан эмас. У пайт пойлаб юрибди, довдирни бирон томондан албатта боплашга ҳаракат қилади.

– Сиз қизиқ одам экансиз, ўжарлик қилиб нимага эришасиз? Ахир, ўртоқ Тўхтабоев билан шахсан танишдингиз. Керак бўлса яна беради сизга машина, – деди Ўташев ўшанда.

– Таниш бўлиб қаерга борибмиз. Бир кўришиб, салом-алик қилдик–да, – деди довдир. – У киши бизга ўхшаган одамлардан юзтасини учратади ҳар куни.

Ҳолбуки, Тўхтабоев билан довдир илгари бир учрашган эдилар. Ўшанда Ўташев дам олишда бўлган, шекилли. Довдир омади келмай, юраги эзилиб юрган кунлар эди ўшанда. Тўхтабоев каттаконлар билан тумандами, қишлоқдами келиб йиғилиш ўтказди. Гап айрим отарларда қўзилатиш кеч якунланганига тақалиб қолди. Тўхтабоев совхознинг ҳол-аҳволи ҳақида жуда ҳам батафсил маълумотга эга экан. Қўлидаги қоғозига қаради-да, томдан тараша тушгандек довдирнинг исми-фамилиясини ўқиди.

– Ўнғалов Ҳаким!

Довдир ўрнидан туриб қўл қовуштирди.

– Нима учун қўзилатишни кечиктириб юбордингиз? Отарингиздаги қўйлар белгиланган муддатдагидан ярим ой кеч қўзилай бошлаган. Бу эса совхозда, қолаверса, районда қўзилатиш плани бажарилмай қолишига сабаб бўлган.

– Билмасам, бу йил қиш барвақт тушдими, салқинроқ бўлдими ё емишига боғлиқми, ўзим ҳам ҳайронман. Ҳамма чорани кўрдик. Энди… мажбурлаб туғдириб бўлмаса… Вақт-соати етмаса туғмас экан бу қуриб кетгур қўй ҳам. Одамни-ку тўққиз ой, тўққиз кун, тўққиз соат тўлмаса бўлмайди, дейишади.

– Маҳмаданаликни йиғиштиринг, оғайни. Ўзингиз-ку, планларни зўрға учма-уч қилиб, нуқул илғор чорвадорларимизни орқага тортиб юраркансиз. Яна ҳар хил бўлмағур “кашфиётлар” қилармишсиз. Қўлимизда аниқ фактлар бор. Кузда қочириш кампаниясини қониқарсиз ўтказгансиз. СЖК препарати таъсирчанлигини атай камайтиргансиз. Бу зараркунандаликдан бошқа нарса эмас. Сиз билан махсус идоралар шуғулланади. Сизга ўхшаганларнинг айби билан шаҳарларимиз аҳолиси, жасоратли пахтакорларимиз егани гўшт топишолмайди. Дўконларда гўштнинг нархи кун сайин ошиб бораяпти. Тушунасизми буни?!

У тобора қизишиб борарди. Довдир аввалига “Пахтакорларимизнинг пахтаси йил сайин кўпайиб бораяпти-ю, юз-қўл артишга сочиқ йўқ, пайтавалар ҳам нейлондан бўлиб кетди” деб гап юмалатмоқчи бўлди. Лекин вилоят раҳбарияти намояндасининг важоҳатидан истиҳола қилди. Тушунса-ку, майли. Тушунмаса, “Пайтаванггача нейлон бўлиб кетганига шукур қилсанг-чи, нодон, бу замонавийлик белгиси эмасми” деса-чи.

– Қисқаси, навбатдаги туман партия қўмитаси бюросида Ўнғаловнинг партиявийлиги ҳақидаги масала кўрилсин, – деди у туман раҳбарига ўгирилиб. У бош ирғади. “Хўп”. Мажлис аҳли эшитилар-эшитилмас “оҳ”, деб юборди. У замонларда партиядан ўчиш – тайин қамалиш, қамалганда ҳам камида беш-олти, эмасам саккиз-ўн йилга Сибирдаги ўн ой қаҳратон қиш ҳукм сурадиган тайгаларда конларда ишлаб, адои тамом бўлиш, дегани эди.

Усмон Шамсиев беихтиёр нордон жилмайганини билдирмаслик учун худди тиши оғриётгандек афтини буриштирди. Кейин секингина Тўхтабоевга шипшиди: “Ҳали партияга киргани йўқ. Яқинда қабул қилмоқчимиз”.

Тўхтабоев тутақди. Энсаси қотди.

– Масъулиятсизлик шу даражадаки, – деди у ҳамон қўл қовуштириб бошини хам қилиб турган довдирга қараб, – ҳалигача коммунист эмассиз. Бу – совхоз партия комитетининг ҳам бевосита айби. Умуман, тушунмайман. Давлатнинг мингга яқин қўйини партиясиз бир одамга қандай қилиб ишониб топшириш мумкин. Ўртоқ Шамсиев, бу ўртоқ зудлик билан қабул қилинсин. Кейин… Тушунарлими? Ўтиринг, оғайни. Хулоса чиқаринг. Мактаб бўлсин бугунги гаплар.

Довдир ичида “Яхшиям хўжаликка чўпон етишмай турибди, бўлмаса ҳозир “Вазифасидан бўшатилсин” деб қарор чиқариб юборишарди-я” деб қўйди.

Шубҳасиз, ўша учрашув Тўхтабоевнинг эсидан чиқиб кетган. Чунки у Ҳаким довдирга ўхшаган қанча-қанча одамларга танбеҳ берган, қанчасини ўчирган, кестирган ва ҳоказо. Лекин довдирнинг хотирасидан чиқмайди бу учрашув. Чунки ўшандан сўнг икки-уч кундан кейин партия сафига қабул қилинди. Таржимаи ҳоли ёрқин бир саҳифа билан бойиди. Ўша ёрқин саҳифада Қилич Заҳҳоровнинг без башараси ҳам акс этиб қолгани кўнглини сал хижил қилди. Заҳҳоров:

– Отаси миллатчи бўлганлигидан кўз юмолмаймиз. Юмишга ҳаққимиз йўқ, – деди у йиғилишда.

– У оқланган, – деди изоҳ бериб директор.

– Оқланганми, авф этилганми? Шунисини аниқлаш керак, – деди Заҳҳоров бўш келмай. – Чунки авф этиш дегани – гуноҳсиз дегани эмас. Гуноҳкорни ҳам, жиноятчини ҳам авф этиш мумкин. Шунга қарамасдан, жиноятчи барибир жиноят қилган, деб ҳисобланади. Бунинг устига, мана, ўзи нима деяётганини эшитдингиз.

– Э, қўйсангиз-чи, майда гапларни Қилич ака, бағри кенг бўлинг.

Довдир ҳеч қайсиси билан баҳслашиб ўтирмади. Чунки отасининг оқланганлиги ҳақидаги ҳужжат анча йил олдин газетада ҳам босилган, бундан Шамсиев ҳам, директор ҳам хабардор эдилар. Қолаверса, Тўхтабоевнинг “Зудлик билан қабул қилинсин” деган кўрсатмаси олдида Заҳҳоровнинг важ-корсони билан ҳисоблашиб ўтиришармиди. Кирмайман десанг ҳам судраб киргизишар…

Ана шунақа гаплар бўлувди. Энди бугун… Довдир нима қилишини билмай анча каловланди. Охири, “Э, нимадан қўрқасан, Ҳаким, сенинг жонингни олармиди?” деб ўзини тинчлантирди. Кечгача қўтонда куймаланиб, ўзини иш билан овутди. Ўташевнинг ғазабли қиёфасини кўз олдидан кетказди, тинчланди.

21

Ўташев эса жисму жонидаги ғазабу нафрат оловининг тафти баландлиги-ю ўч туйғуси ила қасос жунбишининг кучлилигидан на ухлар, на бир жойда ўтира ва тура оларди. “Бўтаев Ўташевнинг ёш хотини билан очиқча юрар экан, бунга муҳтарам туманбоши била туриб мутлақо монелик қилмаскан,” деган бениҳоя шармандали гап нафақат қишлоқ, туман, балки вилоят марказида ҳам кенг тарқалиб кетди. Партия ва ҳукуматга алоқадор кибор доиралардаги машваратларда у ўзига қарата қилинган ҳар бир табассумдан ўртанадиган, “масхаралаяпти”, деган фикрга борадиган бўлиб қолди. Аслида бу коммунистик партия турмушида у қадар таажжубланарли ва таассуфланарли ҳодиса ҳисобланмаслигини Ўташев шўрлик яхши билмасди. КПСС тарихини яхши ўрганмаганди-да. Холбуки, азалан Европа тарихини Карл Маркс ва Фридрих Энгельслар бўғоз қилиб, Ленину Троцкийлар туғдирган, Сталин бобо эмизиб катта қилган иштирокиюн мафкураси ҳаммани, ҳамма нарсада жумладан, эркагу аёлни ейиш-ичишу ётиб-туришда ҳам тенг қилиб қўйгани, ҳатто бир замонлар: “большевикларда хотинлар ўртада бўлар экан”, қабилидаги гаплар эмин-эркин айтилган-у, қай бир сабаб ила амалга ошмай қолган эса-да, назарий маънода ўз долзарблигини ҳануз йўқотмагани ҳеч кимга сир эмасди. Партиянинг барча съездлари, яъни ялпи анжуманларида “аёл раҳбарлар сонини кўтариш ва ўртасида кенг ва чуқур иш олиб бориш зарур”лиги ҳақидаги даъватлар мудом янграб турарди. Тўхтабоев вилоят раҳбарлари даврасидаги зиёфатларда кўп такрорлаган, бинобарин Ўташев кўп эшитган мана бу латифа фикримизни янада ойдинроқ ёритса ажаб эрмас. Алқисса, райкомда ишлайдига бир йигит тунги навбатчиликдан тасодифан вақтлироқ қайтиб уйига келса, хотини унинг энг яқин дўсти билан дон олишиб ётган экан. Йигит ғазаб ичра қўйнидан дудама ханжарини чиқариб, хиёнаткор дўст ва бевафо заифа томон хезланибди-ю, баногоҳ коммунист эканлиги эсига тушиб қолибди. “Эссиз, агар партия аъзоси бўлмаганимда иккалангни ҳам чавақлаб ташлаган бўлардим! Йўқолларинг кўзимдан!” дея ҳайқирибди. Фоҳиш эркагу зиногар аёл иштонларини бошлари узра байроқ қилган кўйи: “Халоскор партиямизга шон-шарафлар бўлсин!” дея шодон қичқириб қочиб боришаётганмиш.

Ўташев манкуҳасининг “хиёнати” тўғрисидаги миш-мишлар вилоят марказидаги раҳбарий идоралар даҳлизларигача етиб борганини эшитган заҳоти негадир ўша латифани эслади ва беҳад дарғазаб бўлди. “Тўхтабоев энди кети билан кулади”, деб ўйлади. Ҳаммасидан шуниси алам қилди. Зеро гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, Ўташев Тўхтабоевнинг ҳиммати (текинга эмас албатта) ила туманбошилик курсисига ўтирган илк дақиқалардан эътиборан орзупараст қалбида вилоятбошилик иштиёқи жилвалана бошлаган, буни Тўхтабоев ҳам билар, шунинг учун, тилда “бай-бай”, деб юрса ҳам ичида “ҳай-ҳай”, дея ундан тайсаллар, надир республика, балки вилоят миқёсида нуфузи ошиб кетишига йўл қўймай келарди. Ўз навбатида Ўташев Итлян гуруҳининг қадами вилоятга тезроқ етишини сабрсизлик ила кутар, зеро ўзининг бебаҳо бир гумаштаси орқали ул зоти фалокатга аллақачонлар йўл топган ва ҳатто: “сабр қилиб турсин, эҳтимол, вилоят эмас, бирдан республика миқёсидаги катта бир лавозимга ўтқазиб қўярмиз”, деган (савоб учун эмас, албатта) ваъдани ҳам олиб улгурган эди. Худди шундай умидбахш ва ўта нозик вазиятда мана бу “сассиқ ҳид”нинг пайдо бўлиши унинг дарду дунёсини қоронғилатиб ташлади. Ўзингиз ўйланг ахир, битта хотинни бошқаролмайдиган раҳбарни республика нари турсин, вилоятга бошлиқ қилиб қўйиш мумкинми? Тунов кунги бир анжуманда Тўхтабоев ҳалиги латифасини боз такрорлаш ниҳоясида: “Ғарблик, адашмасам, Франциялик бир донишманд: “бир хотинни бошқариш улкан мамлакатни, каттакон салтанатни идора этишдан кўра қийин” деган экан”, дея Ўташевнинг нақ юрагига найза отди. Яъни демоқчи бўлдики, “остингдаги завжангни йўлга сололмасдан менинг курсимга кўз олайтириб юрибсанми, даъюс.” Ўташев чексиз ўртанди. Бир хаёли: “зудлик билан чора кўр, эрта, узоғи билан индин Нурқобил билан Маъсума тоғ оралиқларидаги дала ҳовлилардан бирида газдан заҳарланиб биргаликда жаҳаннамга равона бўлишсин!” деди. Ақли бу шошқалоқ иштиёқни рад этди. Ўзинг шарманда бўласан. Иккинчи хаёли: “Маъсумага ҳозирча тегмай тур, Нурқобилнинг якка ўзи… автоҳалокатга учрасин.” Қилвир мулоҳаза ила бу фикрдан ҳам қайтди. Автоҳалокатнинг ташкил қилинганлиги билиниб қолиши мумкин. Яхшиси ҳалиги… кейинги пайтларда катталар ишлатаётган ноёб… заҳардан топиш лозим. У шундай ажойиб заққум эмишки, ичган ёки ичирилган касни бир лаҳзада инфаркт ёхуд инсульт қилиб, ўзи нафас билан чиқиб кетармиш. Шу боис изини юз йил излаб ҳам топишолмас экан. Офарин, жаҳон кимё фанига! Шундай мўъжизалар яратади-я!

Бир хулосага келгач, “яйловдаги чўпон ва чўлиқлар иши билан яқиндан танишиш мақсадида Чашмизиракнинг тўртинчи бўлимига йўл олди. Бўлим бошқарувчиси Қилич Заҳҳоров билан икки отда чўпон отарларини айланди. Йўл-йўлакай “раис” (Ўташев маслакдош биродарини ҳурмат юзасидан эски лавозимини айтиб чақирарди)га ғоят долзарб ва муҳим вазифани лўнда қилиб уқтирди.

Кўса бу топшириқни катта иштиёқ билан қабул қилди. У валинеъматидан бундай дадил ҳаракатларни аллақачонлар кутиб юрганди.

– Амрингиз, – вожиб, – деди у Ўташев хуш кўрадиган иборани айтиш баробарида негадир чап қўлини кўкрагининг ўнг тарафига қўйиб. – Эрта биланоқ Москавга жўнайман. Жияним армияда. Ўзи анчадан бери шуни кўриб, бир йўла эски қадрдонлар билан учрашиб, бундай омонат замонага қандай мослашиши жиҳатидан маслаҳатларини олиб келмоқчи бўлиб юрувдим. Хотирингиз жам бўлсин. Топшириқни кутилгандан ҳам аъло қилиб бажариб келаман. Фақат… тунов кун эшитдимки, ҳозир унақа замонавий “дори”ларнинг бозори чаққон бўлиб, анча қимматлашиб кетган дейишяпти…

Ўташев кўса айтмоқчи бўлган нархни ўзича чамалади:

– Йигирма минг доллар… етадими?

– Тозаси учун сал камлик қилса керак. Яна шунинг ярмича қўшилса, мақсадимизга мувофиқ бўлади.

– Яхши. Саҳар чоғи…ҳовлига кириб ўтасиз, – деди Ўташев ва сўради: – Бу… жиянингиз Москвада хизмат қиларкан-да?

– Москванинг ўзидамас, этагида, Софрино деган жойда. У ерга илгариям бир неча марта борганман. Бир ошнамнинг ўғли, жияни хизмат қиларди. Командирлари орасидан анча дўст орттирганман. Шулардан бири яқинда келиб қолса, денг. Махсус қўшинлар сафида Афғонистонга кетганди. Полковник. Москвага хизмат сафарига бораётган экан. Иккита қўчқор сўйиб, бир ҳафта меҳмон қилдим. Шаҳарга обтушиб, янги очилган хуфя иславотхоналарда роса яйратдим. Қойил қолди “Умримда бунақа маишат қилмаганман”, деди. Белидаги тўппончани шартта ечиб, қўярда-қўймай ҳадя этиб кетди. Камина ҳам паст келмадим. Ҳалиги… ширанинг тозасидан ярим килочасини учта бир литрлик идишга ёнғоқ мураббо ичига жойлаб, бервордим. Бизникидан ҳам татиб кўринглар, афғонникидан қолишмайди, дедим.

Ўташевнинг юраги орқасига тортиб кетди.

– Тўппонча, дейсизми, қўйинг-е, маҳобатни, давлатнинг ҳарбий қуролини ҳадя этвориш осонми, беҳисоб дунё бораканми?

– Ишонмайсизми? – иржайиб қўйнига қўл суқди Қиличбой ва… Ўташев бир пайтлар ҳарбий тайёргарлик чоғлари кўп кўрган “Макаров” русумли тўппончани чиқариб узатди. – Мана, томоша қилинг. Агар… қўрқмайман, тақиб юраман десангиз, олинг, менда бундан сал бошқачароғи – ТТ, деганиям бор. Бултур Тошкентнинг Тизяковка, деган бозоридан ҳар эҳтимолга қарши деб, атиги минг долларга олиб қўйгандим.

Ўташев тўппончани қўлига олиб кўздан кечирди. “Бу афғон муҳорабаси бошга битган бало бўлди. Ит эгасини танимайди. Энди офицерлар ошналарига тап тортмасдан тўппонча туҳфа этаётган бўлса, нарёғи адо бўлибди шекилли..”

– Раҳмат, кераги йўқ, бизда фақат вилоятнинг биринчи раҳбарига рухсат этилган тўппонча тақиб юриш. Бизларга мумкин эмас. Ўзингиз ҳам бунақа… ёнингизда олиб юрманг. Аччиқ устида ишлатвормаслигингизга кафолат бериш қийин.

– Олиб юрмайман. Шунчаки сизга бир кўрсатиб, мақтанай, агар зарур бўлса эсдалик учун совға қилай дедим-да, ака.

– Майли, раҳмат. Олиб бориб, ишончли жойга бекитиб қўйинг. Хўпми? Ҳа, айтгандай, Қиличбой, ҳалиги… тоғдаги ишлардан қишлоқдаги авом халқ хабардор эмас-а? Бирор жойда шовури чиққан эмасми?

– Ҳеч ким билмайди. Билганлариям “давлатнинг ўзи эктирган экан, эмасам ҳарбийлар қўриқлармиди” деб юрибди.

– Нариги… олиб кетувчи томон ҳам маҳкамми?

– Ҳа, маҳкам, нима эди? Биронтаси…

– Йў-ў-ўқ, шунчаки… Қамарбойнинг айтишича, айрим ёш-яланглар ароқ-винонинг ўрнига кўкнор эзиб ичадиган бўлганмиш, “қаердан олишаётган экан?” деб сўрасам, ичкилик дўконида яширинча сотиляпти, дейди.

– Дўконга ким еткизаркан?

– Ана шуниси мажҳулроқ. Дўкончини қистовга олган экан, “тоғчилар бир-икки марта пул тополмай кўкнор шираси билан раччўт қилиб кетишганди”, дебди.

– Бекор гап, бирорта тоғчи биздан берухсат ўз ҳолича кўкнор эколмайди ҳозир. Рухсат билан экканлари бир мисқолиниям бегонага сотмайди. Бир-иккисини қаматтириб, кўзини қўрқитганман. Ё харидорларимиз… ёки ўзимизникилардан бирорта аблаҳ қилган бу ишни. Дўкончи билан ўзим тагдан гаплашаман. Ўша, насиясини наша билан “раччўт қилган”ларни аниқлаб, жазосини бераман. Хотиржам бўлинг.

– Ишқилиб… ўзимизнинг қавм-қариндошлар, ҳамқишлоқларни ҳам гиёҳванд қилиб қўймайлик-да, Қиличбой. Бўриям ўз қавмини ғажимайди-я.

Кўса заҳаролуд илжайди:

– Жудаям ватанпарвар, элпарвар инсонсиз-да, Шоқувват ака, мен сизга айтсам, ҳақиқий бағри кенг раҳбарсиз. Бўримас, шерсиз. Бўри деб, мана бизни айтса бўлар. Биз бор эканмиз, ҳеч қачон теварагингизда ҳавони булғайдиган қўланса-ю ўламсалар бўлмайди. Тозалаб турамиз. Тозаловчимиз-да, ака!

– Эътибору ҳурматингиз учун ташаккур, Қиличбой. Анови Ҳаким шум қайси куни наша-паша, деб қочирим қилгандай бўлдими-е, ишқилиб кўнглим сал хавотир олди-да.

– Ишингиз бўлмасин, Ҳаким-ку бир ивирсиқ чўпон, ундан каттаси – мелиса-прокурор билгандаям ҳеч нарса қилолмайди. Ғинг, деганининг оғзига ановинингиздан бир почкасини тиқамиз, кучала еган итдай тиришиб, ўчиб қолади.

– Ҳар қалай, эҳтиёт яхши. Бу… бутун дунёда ашаддий қораланадиган иш эканлигини биласиз-ку.

– Биламан, лекин… дунёдаги энг серфойда савдо ҳам айнан шу-да ака. Бунинг устига ҳозир бизнинг олағовур мамлакатда унинг савдоси баравж.. Биров билан бировнинг иши йўқ. Демократия-да! Бундан фойдаланиб қолмасак, кейин ўзимизни бир умр кечирмаймиз. Ҳа, айтганча, анови харидорлардан қизиқ бир гап эшитдим: вилоятга келган янги прокурорнинг ўзиям… ғирт нашаванд эмиш.

Ўташевнинг кўзи ўйнаб кетди.

– Зоҳид Шокиралиевми? Йўғ-е? Аниқми? Ахир уни… Москва билан қалин, яқин орада ишдан олинадиган Тўхтабоевнинг ўрнига мўлжалаб юборилган, деб юришибди-ю.

– Мўлжаллашса мўлжаллашаётгандир. Мен… аниқ биладиган кишидан эшитдим. Харидорларимиздан бири дўхтир. Ўзи наша сотиб касал қилади ва кейин ўзи даволайдиганлардан. Шу корчалон Шокиралиевнинг шахсий врачи билан таниш экан. Ўша орқали каттаконга ҳам “тоза”сидан етказиб тураркан. “Шокиралиев боднинг ўта оғир шаклига учраган, аъзойи бадани муттасил қақшаб оғрийди, шунинг учун наша чекиб жон сақлайди” депти.

– Қаранг-а! Унда… кўнгилларига бир йўл излаб кўрсак бўларкан.

– Йўл-пўл, деб ўтирмасдан тикка бориб, олдиларига киринг, бир-икки оғиз ишдан сўзланг-да, кейин гапнинг пўст калласини айтинг: бизда ширанинг тоза, қуюғидан бор, денг. Битта “вазелин” қутини узатинг, татиб кўринг, денг. Ишончим комил, маъқул тушади. Кейин ўзи орқангиздан юрадиган, “яна опке”, деб ялинадиган бўлади. Шу тарзда гаҳ, десангиз, қўлингизга қўнадиган қилиб, бурнидан ип ўтказиб оласиз.

– Унчаликмасдир-ов.

– Мен нашавандларнинг феъли хўйини яхши биламан. Уларнинг гадосиям, подшосиям бир хил – бир марталик кайф учун имонини сотади.

– Майли, қани бир ҳаракат қилиб кўрайлик-чи, ажабмас омадимиз кеп қолса. Аммо-лекин бу гапни айтганингиз зўр бўлди, Қиличбой. Қойил. Ҳамма балодан хабарингиз бор-а, бунақада хўжаликмас, туман, вилоят миқёсида раҳбар бўлиб кетасиз насиб этса.

– Айтганингиздай биргаликда бўлсин, ака…


Кўса жўнаб кетгач, орадан уч кун ўтгандан кейин Бойқувват кўзлари аланг-жаланг бўлиб, ҳовлиқиб кириб келди.

– Ака, Тоживой мошини билан Ёмонжардан қулаб кетибди.

– Тирикми? – Ўташев укасининг қонсиз юзидан аллақандай маънони уқмоқчидек синовчан тикилди.

– Ўлибди, касалхонада. Тасодифни қаранг, бир соат олдин бўлимдан, менинг олдимдан чиқиб кетувди. Тоғ йўлида биринчи марта юриши эмас, тавба. Тормоз-пормози ишламай қолганми? Ёмонжарнинг тепаси қиялик…

– Тасодифми ишқилиб?..

– Тасодиф бўлмай… нима, кимнинг қасди бор унда? Ўша куни мен ётиғи билан гаплашдим. Анча тихирлик қилди. Лекин бўйнига олди. Молнинг бир қисмини яшириб қолиб, дўкончиларга сув текин нархда бериб, эвазига озиқ-овқат, ичкилик олиб юрган экан энаталоқ. Бундан ташқари, анчагинасини қишлоқдагиларга майдалаб сотган ҳам экан.

– Кейин… нима бўлди?

– Бир икки шапалоқ урдим, минбаъд шу ишни қилсанг, аяб ўтирмайман, дедим холос. “Бўлди ака, энди унақа қилсам, энам хотиним бўлсин”, деб қасам ичиб кетганди. Лекин… бироз кайфи бор эди.

– Кейин-чи?

– Кейин Қиличбой акага айтгандим. У киши “ўзим ҳам бир койиб қўяман”, деганди.

– Ҳм-м, тушунарли. Афсус. Бечоранинг кўп хизмати сингганди.

– Жойи жаннатдан бўлсин, майли, мен борай бўлмаса, жанозадан кечикмайин. Сиз ҳам… ўтарсиз.

– Ҳа, мен… Эрта-перта… Биласан, ҳозир биз, раҳбарларга жанозага бориш тўғри келмайди, – деди ямланиб Ўташев. Унинг миясида: “шу ердаям пухта иш қилиб кетибди-я, занғар кўса?” деган фикр чарх урарди. Кейин баногоҳ Нурқобил ҳақида ўйлаб кетди. “Уни ўлдиртирсам иззат-нафсим қонадими? Ўлади ва манови нашакор Тоживойга ўхшаб жанозасига биров бориб, биров бормай кўмилади кетади-да. Яхшиси, уни ўлдирмаслик керак. Яшасин, яшаб юраверсин. Фақат… анови экинлар, нашазорлар, Тоживойнинг ўлими, ҳамма-ҳаммасини гарданига осиб, шармандайи шармисор этиб қаматтириш даркор. Қиличбой “дори”ни опкелаверсин, нарёқда Тўхтабоев, қолаверса, Шокиралиев жаноблари бор, барибир қачондир зарурат туғилади. Айни пайтда ўзим ҳам бу ваҳший махлуқдан эҳтиёт бўлмоғим шарт. Йўлига кўндаланг бўлиб қолсам, ё заҳарлаб, ё автоҳалокатга учратиб, ё ҳалиги тўппонча билан отиб ташлашдан тоймайди. Албатта, камина ҳам анойилардан эмас. Тегишли идорага уни истаган пайтда оёғини ерга теккизмасдан олиб кетадиган қилиб, тайинлаб, керакли ҳужжатларни топшириб қўйганман. Ҳозирча хизмат қиляптими, юра турсин…”

Сўнгра у Маъсумани нима қилиш керак, деган масала устида бош қотиришга киришди. Бу йўрға байталнинг ҳам сийи битди чоғи. Шу бугуноқ орқасига тепиб ҳайдасинми? Бу албатта хом хаёл. Маъсума ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши биладиган коммунист, раҳбар аёл. Аввало орқасига тепадиган бўлса, ўша заҳоти шаҳарга бориб, ўша жойини экспертиза қилдиради, сўнгра “Озод Шарқ аёлини хўрлаётган феодалнинг дастидан дод”, деб тўғри Москвага, Марказқўмга жўнайди. Бир гал жаҳл устида тарсаки тортиб юборганида “яна бир марта қўл кўтарсангиз, дастингизни ўроқ билан кесдириб, болға билан мажақлаттираман”, деган. Хайриятки, отаси барвақт ўлиб кетди. Йўқса, ўшандаёқ ишни дабдала қиларди. Ўзи… шу хумсога қандай илакишганига ҳайрон. Отасининг нафи тегармикан, деган-да. Эмасам, Ўташев ўлақолса ҳам чиройли хотин олмасди. Анови кўса дермишки, чиройли хотин фақат ўйнашликка ярайди, уйдаги хотининг сўхтаси совуқроқ бўлгани маъқул, келган ҳар меҳмон сўлакайи оқавермаслиги учун. Ўйлаб қаралса, ҳақ гапга ўхшайди. Ўташев ўзи… ёшлик даврларидан бошлаб хотин зотидан кўра каттароқ амални хуш кўрган. Қарангки, хушрўй хотин зоти эса амалдорни хуш кўраркан. Биринчи заифаси ҳам бағоят гўзал эди. Афсуски хулқи хунук чиқди. Энди буниси. Туриб-туриб ҳайрон қолади. Нима етишмайди бу қанжиқларга. Қорнига истаганини еса, эгнига ҳоҳлаганини кийса, зебу зийнат, молу сарватдан камчилиги бўлмаса, яна нима керак? Бир гал довдирнинг отаридаги зиёфатда ноиблардан бири Барно Зокировнанинг оддий чўлиқ йигитга тамшаниб қараганини кўриб қолиб, ғижинган кўйи: “Ҳаким бўла, бу аёлларга нима етишмайди ўзи?” дея савол берганди. Довдир кулимсираб: “Бу саволингизнинг жавобини мавлоно Саъдийдан сўрайсиз”, деди. Туман газетасининг бош муҳаррири: “Тарихда икки Саъдий ўтган, қайси бирида?” дея аниқлаштирмоқчи бўлди. Довдир ачитди: “Сиз, бош муҳарриру шоири замон бўлиб шуни билмасангиз, биз бит босган бир чўпон қайдан билайлик.” Қизиқ, чиндан ҳам қайси Саъдий, қачон, қанақа гап айтган экан бу ҳақда?

Майли, Саъдий нима деган бўлса ҳам энди иззатини билмаган бу… шайтоннинг урғочисини хушмуомалалик билан, алдаб-сулдаб, ғоят маданий равишда, шов-шувсиз узоқлаштириш керак ёнидан. Мавриди келганда талоғини қўлига тутқазади, ҳеч қанақа маҳр-саҳр бермасдан кафангадо қилади. Ҳозир эмас. Ҳозир Нурқобил билан шуғулланиш керак.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации