Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
9
Ўша мунис кўкламдаги ғаройиб ов ва мерганлик мусобақасидан сўнг бир-бирига ўхшамаган анча баҳорлар ўтди. Шулардан айниқса саксон тўққизинчи йилнинг саврию жавзоси эсда қоларли бўлди. Қиш бўйи ҳаво қуруқ ва совуқ бўлиб турди. Осмонга қараб, қору ёмғир умидида яшовчи яйлов аҳли бу йил ҳам қурғоқчилик бўлади, дашту далаларда ўт-ўланлар битмай шўрлик қўй-қўзилар тупроқ ялаб азоб чекади, дея маъюсу маълулликда юрдилар. Баногоҳ… Май ойининг илк кунларида ҳаво бирдан айниб, одам бўйи қор ёғди. Шу қадар кўп ёғдики, даралар қўйнидаги отарлар гуртук остида қолиб кетди. Ҳар тугул изғирин чўзилмади. Индинигаёқ ҳарорат яна аввалги ҳолатига-салкам ўттиз беш даражага қайтди. Адирликлардаги қор шиддат билан эриб, тупроққа сингиди, қадим чашмалар кўзини очди, жилғалардан сойларга, сойлардан дарёлар сари шарқираб гулдираб оқди. Чўққилар теварагидагиси эса аста-секин сув бўлиб ёз ниҳоясига, кузнинг илк ёмғирларига қадар ариқларни тўлдириб, тегирмонларни айлантириб, водийдаги экинзорларни баҳоли қудрат суғориб турди. Бир кунлик қут-барака бутун йилга татиди. Мутахассисларнинг гидрометеорология тарихи саҳифаларини кўздан кечириб берган маълумотларига кўра, бундай кескин эврилиш яқин юз йилликда бўлмаган экан. Кўпни кўрган оқсоқоллар дедиларки, табиатдаги бу тавр ҳодисалар жамиятда ҳам худди шунақа ҳориқулодда ўзгарилишлар юз беражагидан муждадир. Ҳақиқатда ҳам ўша бобарака қордан бир ярим ой ўтганидан сўнг республика раҳбариятида юз берган ўзгариш аввалгиларидан бошқачароқ экани дарҳол сезилди. Ўзбекистонни салкам ўттиз йил бошқарган раҳбардан кейинги саркотиблар фаолия ти икки-уч йилдан ошмаган, бири иродасизлиги оқибатида юртни Итлянчи қашқирлар таловига дучор этиб, охир–оқибат ўзи ҳам уларга ем бўлган, иккинчиси эса бу аҳволни кўриб, авранг устидаги бир ярим йилни ушбу алғов-далғов мамлакатдан тезроқ қуён бўлиш ўйида ўтказганди. Янгисининг илк қадамлариданоқ сезилдики, юртга эгалик қилмоқчи, тартиб ўрнатмоқчи, ҳар касу нокаснинг бу ерда истаган қилиғини қилиб юрувига чек қўймоқчи. Буни замонасоз шоиру ҳофизлар дарров пайқадилар ва: “Эгаси бор юртнинг эртаси бор!” дея васф этмоққа тутиндилар. Биз ҳикоя қилаётган воқеалар ана ўша баҳорнинг атиги бир куни серқор келиб, чанқоқликдан қақшаган ташна ва бемажол дашту-далаларга ҳаёт бахш этган ва ёзнинг атиги бир куни сервиқор келиб, жафокаш юртдаги бош-бошдоқликлару ҳақоратли зўравонликларга чек қўйиш бошланган йилнинг куз-қиш ойларида кечмоқда эди. Аммо… ҳали бу бошланиши эди холос. Ҳали ҳибсхонаю авахталар лиқ тўла, ҳали ҳафтасига етти куну суткасига йигирма тўрт соат тўхтамайдиган терговлар, шаҳару қишлоқлардаги энг катта раҳбарлардан тортиб, оддий сувчиларнинг, тракторчиларнинг хонадонларигача тинтувлар, камбағалнинг тешик тоғорасигача мусодара этиб, аёлу қизининг жезу мисдан ясалган билагузугу балдоғигача ечиб олиш ва Москвага “ўғри ва кўзбўямачи халқнинг беҳисоб бойлиги, хум-хум олтинлари топилаётганлиги” ҳақидаги хабарлар етказиш давом этарди…
Ҳаким чўпон билагига санчилган игнага уланган найча орқали томирига оқаётган дорининг тинчлантирувчи таъсирини юраги билан ҳис этароқ чалқанча ётган кўйи кўз қири билан дераза оша қорли бўғотларга қараб, ўзининг шу аҳволида “қўйларимнинг ҳоли не кечди экан”, деб ўйлаб ётарди. Ҳар тугул қишнинг запти пасайиб икки азим тоғ орасида илиқ эпкинлар эса бошлади. Ҳаётбоши этакларида ҳануз қор кўплигига қарамай ер қизигани боис музи эриб, майсалар ниш уриб қолган. Бундай пайтда қўйлар тумшуқлар ила қорни титиб, юмшоққина барра ўтни топиб, мазза қилиб, осон узиб ейди. Бундай пайтда жониворларга туз ялатиб туриш керак. Акс ҳолда ичлари ўтиб, ширриқ бўп қолишлари ёхуд “манниёз”, деган касалга чалиниб, ичаклари узилиши мумкин. Қўйчивонликнинг бунақа оддий қоидаларини амалий чорвачилик соҳасининг академиги Ҳакимбой бобонинг салкам профессор ноиблари Эшпўлату Очилбойларга ўргатиб ўтирмаймиз ва шифохонага қайтиб, бундан сал олдин бу ерга қилинган бир ташриф ҳақида эскартиш бериб қўямиз. Ҳўв ўша, Нурқобилни реанимацияда, Ҳаким оғани Эшпўлат билан суҳбат устида қолдирган кунимиз номозигар маҳали шифохонага автобуси Чашмизирак қишлоғига олиб келадиган йўлдаги Дўнгкиллак довонидан ошолмай, бўрон тинишини кутиб, тўхтаб қолганидан сўнг охирги ўн чақиримни тракторда босиб ўтган Суҳроббой етиб келган, аввал Ҳаким акаси билан обдон суҳбатлашган, сўнгра Нурқобил буткул ўзига келишини кутиб, Милтиқбоевнинг кабинетида тонг оттирган, пешинга яқин дўсти кўзини очгач, у билан қисқача пурси пос қилиб, боя Гулсара амма қўлига тутқазган мактубни қўйнига уриб, келибоқ ортига шошилаётган ҳалиги автобусда бетўхтов Тошкентга қайтган эди. Нурқобил мактубни Суҳробнинг қўлига тутқазганидан бехабар қолди. Акс ҳолда қайтариб беришни сўраган бўлур эди. Суҳробнинг бу қадар тез қайтишига Ҳаким довдиринг қишлоқ ва унинг теварак-атрофида кечаётган кейинги воқеалар ҳақидаги муфассал ахбороти ҳамда имкони бўлса, Нурқобилнинг қисматини енгиллатиш учун зудлик билан чора кўриш лозимлиги, яъни юқори идораларга шошилинч аризалар жўнатиб, ҳақиқату адолат талаб этиш хусусидаги даъватию илтимоси сабаб бўлди. “Мана шунақа гаплар, Суҳроббой, мен-ку майли, бўлдиғим бўлиб бўлган одамман, бироқ жўрангизни сақлаб қолиш керак. Бунинг учун нимаики мумкину номумкин бўлса, ҳаммасини қилинг. Бу ерда юзига термулиб ўтиришдан ҳеч қандай наф йўқ. Зарур бўлса, Горбачёвгача боринг, ёки қимирлатадиган қилиб ёзинг, “бегуноҳ инсон туҳмат исканжасида қоляпти”, деб дунёга жар солинг, чин дўст шундай кунда билинади, хуллас, сизга ақл ўргатиб ўтиришимнинг ҳожати йўқ. Ҳа, айтганча, менинг номимни қўшинг. Умримда бирор жойга ариза-шикоят ёзмагандим. Энди мавриди келганга ўхшайди. Имзоимни ҳам қўйвораверинг, мен розиман. Лекин тезроқ ёзиб, тезроқ жўнатинг. Кеч бўлмасин. Энди сизга жавоб. Бу ерда бошга кул сочиб ўтиришдан самара йўқ.”
Нурқобил бу муноқашадан бехабар қолди. Суҳроб бунча тез қайтиб кетгани учун бироз инжилди ҳам. Лекин тез соғая бошлади. “Отдайсиз”, деди бир ҳафтадан сўнг уни обдон текширган Тошбўри. – Танингиз соғлом. Бироқ руҳингизда… салбий томонга силжиш бор. Бу ўзгаришни ортга қайтариш бир-икки ойда уддаланадиган ишмас. Мавриди келганда, бир руҳшунос таклиф этиб, маслаҳатини оламиз. Аслида руҳингизнинг бош шифокори ўзингиз бўлишингиз лозим. Иродани қўлга оласиз, деган умиддаман…”
Нурқобил Тошбўрининг кучли дўхтир эканига ич-ичдан иқрор бўлди. Ҳақиқатда ҳам унинг ўз ибораси билан айтганда “гўр оғзига бориб келганидан сўнг” тийнатида, фикратида ғалати бир эврилиш юз берди. Тунов кунги иккиланишлар, иштибоҳу қўрқувлар қайгадир йўқолди. “Хўш, қамалиб келсам нима бўпти, амалдор эмас, оддий бир одам бўлиб юравераман-да, онадан раҳбар бўлиб туғилганим йўғ-у, одамлар директоримиз жиноятчи экан-да, деб ўйлашса, бир тоифаси салом-аликни суюқроқ қила бошлашса нима ўзгаради, энг муҳими, ўз виждоним олдида покман-ку, нега менинг тақдир-қисматим айрим қулмижоз кимсаларнинг баҳор ҳавосидек ўзгарувчан муомаласи, бекор оғизда айтадиган андишасиз гапи, тарқатадиган сассиқ миш-мишларига боғлиқ бўлиши керак?” қабилида мулоҳаза юритадиган бўлиб қолди. Эшитишича, айрим нодон ва худбин каслар унинг ортидан: “Қилғуликни қилиб, ўлиб қутилмоқчи бўлган экан, мақсади – давлатдан ўмарган бойликларини мусодара этилишдан сақлашдан иборат бўлган”, деб ғийбат қилаётир. Ў-ў, нақадар бахтсиз ва шафқатсиз бу ғийбатсевар қавм! От устида юрсанг, итоаткор қул каби этигингга суйкалиб, пошнангни ялайди, пиёда қолсанг, айниқса оёғинг тойиб, салгина мункисанг, кетинга тепиб йиқитишга, устингга чиқиб бовул қилишга, ҳақоратлашга, камситишга уринади.
Майли улар кулсинлар, тантана қилсинлар, учраганда саломига алик олмасалар ҳам майли. Нурқобилга бунинг тариқча аҳамияти йўқ. У энди… У энди тушунди Ҳаким чўпоннинг нақадар доно эканлигини. Энди англади нега қишлоқдан, одамлардан имкон қадар узоқроқда, ҳавоси мусаффо, боягидақа заҳаролуд кулгулардан йироқда ва юксакларда сокин сукунат қўйнида яшашни, ишлашни афзал билишини. Оддий одам бўлиб яшаш қанчалик сурурли.
Хуллас, энди у текширишлардан ҳам, тергов ва ҳатто, суддан ҳам мутлақо ҳайиқмай қўйди. “Ўладиган ҳўкиз болтадан тоймайди”, деганларидек, ҳамонки ўлиб ҳам қутилолмас эканман, майли, менга деса пишириб ейишсин, деган аччиқ қарорга келди.
Қарангки, ҳалиги раҳмдил терговчи унинг салгина ўзига келишини интизорлик ила кутиб турган экан. Эшитган заҳоти том маънода қуш бўлиб учиб келди. Аниқроғи АН–24, деган махсус самолётда учиб келиб, Чашмизирак тепасидаги кўҳна аэродромга қўнди. Тошбўрининг ҳай-ҳайлашига қарамай, касалхонадан опчиқиб, “Аннушка”нинг юмшоқ белига ўтқазиб, бетўхтов Тошкентга олиб кетди. Нурқобил ҳайрон ва совуққон эди. Оддий бир хўжалик раҳбарига бу қадар эътибор сабабини тушунмас, ичида ўзи ҳақда: “биз ҳам чакана одам эмасаканмиз-у”, дея сокин, бир қадар масхараомуз фикр юритарди. “Узр-да ака, юқоридан шунақа топшириқ бўлди, – деди раҳмдил терговчи. – Қизталоқ Тўхтабоев уч кунча олдин… инфаркт бўлиб ўлибди. Экспертларнинг тахминига кўра… хориждан опкелинган қанақадир янгича заҳар ичганмиш. Ўшандан битта таблеткаси ютилса кифоя: инфаркт нақ, қазо ҳақ эмиш. Бутун республика прокуратураси-ю ички ишлари оёққа турган. Сизниям… ўша “доридан ичмаганмикан” деган гумон бор…”
Аввалига уни қайсидир илмий институтга обориб, қон олишди. Сўнгра Тошкентнинг қоқ марказидаги кўҳна бир бинонинг ертўласига олиб тушишиб, шу чоққача у довруғини кўп эшитган, башарасини эса фақат телевизор орқали бир мартагина кўрган машҳур тепакал терговчига рўбарў этишди. Тепакал оҳанжама қилиб ўтирмасдан мақсадини дарҳол ва очиқ айтди:
– Қон таҳлили жавобларини кутишга ҳам фуржа йўқ. Қолаверса, ўласанми, қоласанми бу ҳам қизиқтирмайди бизни. Кеча вилоятнинг биринчи раҳбари Нодир Назаровни қамоққа олдик. Унга икки марта эллик мингдан, тунов куни ўлган Тўхтабоевга икки марта ўттиз мингдан пора берганман, деб ёзиб берасан-у, бориб даволанишингни, соғайгач ишингни бемалол давом эттирасан. Қайтиб сени ҳеч ким безовта қилмайди. Аксинча.. бизнинг тавсиямиз билан туман, вилоят миқёсидаги раҳбарлик ишларига тайинланишинг ҳам мумкин.
– Ёзиб бермасам-чи?
– Ўн беш йилга кетасан.
– Розиман.
– Ёзасанми?
– Ўн беш йилга кетишга.
– Ўжарлик қилма, делонг билан танишдим. Текширув натижалари сени турманинг энг тўрига ўтқазиш, ҳатто отувга ҳукм этиш учун бемалол етади. Бунинг устига гиёҳванд моддалар савдосига алоқадорликда ҳам айблашимиз мумкин. Мен сенга ёрдам қилмоқчиман.
– Ёрдамнинг кераги йўқ, бировга туҳмат қилгандан кўра, қамалганим, керак бўлса, отилганим дуруст.
– Шунақа… довюракмисан?
– Довюракман, деёлмайман. Лекин виждонимни сотмасликка ҳаракат қиламан холос.
– Ҳм-м, виждоним бор, дегин. Яхши, унда… туман раҳбари Шоқувват Ўташевнинг жиноий ишлари ҳақида рўй-рост гапириб бер-чи. Ҳарҳолда уни… оппоқ деёлмасанг керак?
– Оқлигиниям, қоралигиниям билмайман.
– Бекорларни айтибсан! Ўташев бошлиқ жиноий гуруҳ узоқ йиллардан буён тумандаги энг серҳосил ерларни эгаллаб олиб, “экологик тоза” мева, сабзавот, қовун тарвуз ва гиёҳванд экинлар экиб, беҳисоб миқдорда даромад олиб келаётганини қишлоғингдаги ёш болаям билади.
– Ҳамма биладиган бўлса, мендан сўраб нима қиласиз.
– Ҳамма билади. Бироқ бирор киши гувоҳлик беришни истамайди. “Хабарим йўқ”, дейди худди сенга ўхшаб. Ҳаммаси қўрқоқ. Қулдан баттар ожиз ва.. муте. Бошлиқ онасини сўксаям, хотинини зўрласаям лоақал юзига тик қараб гапиролмайди. Мана, сен довюракман, виждонлиман, деб кўкрагингга уряпсан. Лекин сен ҳам ундан ҳайиқасан. Холбуки, у қўрқмади. Ҳаммасини ўз ихтиёри билан, чин юракдан ёзиб берди. Жонажон партияга садоқат рамзи сифатида бир неча миллион рубл, бир неча юз минг доллар, беш килоча олтин ҳамда бошқа қимматбаҳо зебу-зийнатлар топширди. Шунинг учун биз уни қамаш нари турсин, ҳатто сўроқ қилиб ҳам ўтирганимиз йўқ. Дўстона суҳбатлашдик холос. Ҳақиқий довюрак, виждонли раҳбар худди шунақа бўлади ошна! Ҳеч нарсани яширмайди партия ва ҳукуматидан, унинг шавкатли прокуратураси ходимларидан. Сенинг авра-астарингни ағдариб, аёвсиз фош этиб ташлади: ўғри, порахўр, қўл остидаги одамларни шафқатсизларча калтаклайди, қанчасини уриб ўлдириб юборган, деб ёзган. Ҳатто… “Ўтакетган хотинбоз, маиший бузуқ одам, бошқаси қуриб қолгандай менинг аёлим билан дон олишади, ўзим шахсан бир неча марта ушлаб олганман”, деган гапларгача очиқ айтган. Чашмизиракдаги ўзи уюштириб юрган барча жиноий ишларни сенга тўнкаган. Наҳотки сен ўзингни ҳимоя қилишни истамасанг. Ёшгина жонинг увол бўлиб кетиши алам қилмайдими? Сенинг ундан қаеринг кам? Уни фош қилиб, пул ва олтин-жавоҳирларининг қолгани қаерда яширилганини айтсанг бўлди, озодсан, қайтиб мушугингни пишт, деган – номард! Келишдикми?
– Мен тушунмадим, сизлар қонунбузарликларни аниқлаб, тартиб ўрнатгани келганмисизлар ёки… пул ва олтин йиғиш учунми? – деди Нурқобил истеҳзо билан. Тақиркалла кулди, кейин қўланса ҳид анқиб турган, чўчайган лабли оғзини Нурқобилнинг қулоғига яқинлаштириб:
– Зеҳни ўткир йигит экансан, балли, қойил қолдим сенга, шунинг учун ҳеч қачон ҳеч кимга ошкор этиш мумкин бўлмаган партиявий сирни айтаман. Ўзинг биласан, СССРда ҳозир иқтисодий инқироз ҳукм суряпти. Омборларда дон, дўконларда нон йўқ. Ҳатто гугурт, туз совунниям, талонга беришяпти. Демак, мамлакат халқини боқиш учун хориждан буғдой сотиб олиш керак. Уни олтинга алмашишади. Олтиннинг макони эса Ўзбекистон! Бу ерда… ҳаттоки ейишга нони бўлмаган ҳар бир хонадондан камида бир неча кило олтин чиқади. Тўғрими? Мурунтовдан ҳар йили қазиб опкетилаётган юзлаб тонна олтиндан маҳаллий аҳоли йўқ, деганда бир неча тоннасини ўмариб қолаётгани аниқ. Ундан ташқари, узоққа бормасдан, ўзинг яшайдиган туманни олайлик: Охчобсой, Заркентсой, Олтинсой, деган кичик-кичик сойларнинг қумидан одамлар йил бўйи оддий усулда олтин ювиб олишлари, уни пенциллин шишасига солиб ўлчашлари, баъзан пул бўлмаса, дўкондан рўзғорга керакли оддий майда-чуйдаларни-да тилла эвазига харид этишлари ёлғонми? Виждонинг бўлса айт-чи, бор гапми шу? Бор гап! Шунинг учун биз… Ўзбекистондан камида бир эшелон олтин олиб кетиш ҳақидаги махфий топшириқ билан келганмиз. Тушундингми? Агар бизга ёрдам берсанг… уч юз миллионли совет халқини очликдан сақлаб қоласан. Номингни Марказкомга ёзиб берамиз. Қаҳрамонлик унвонини оласан…
Нурқобил тақирбошнинг масхаромуз оҳангдаги бу гапларини аввалига ҳазил, деб ўйлади. Иттифоқо эл тилида юрадиган бир гап эсига тушди. 1920 йилда большевиклар Бухорони босиб олгач, Москвага салкам бир эшелон тилла олиб кетган ва ўша пулларга хориждан буғдой сотиб олиб, СССРнинг Марказий шаҳарлари аҳолисини қирилиб кетишдан сақлаб қолишган экан. Демак… бу чаласавод терговчи ўзи сезибми сезмайми айни ҳақиқатни айтяпти. Ростдан ҳам шунақа махфий топшириқ берилган бўлиши мумкин. Талвасага тушган большавойлардан ҳар нарсани кутса бўлади. Билъакс, вазифаси “пахта иши” билан шуғулланиш бўлган бу шоввозлар чорвадор туманларни нега титкилаб юрибди?
– Мен халқпарвар партия ва ҳукуматимиз бунақа ёвузлик қилишига, камбағалнинг қулоғидаги жез сирғасигача юлиб олиш ҳақида махфий топшириқ беришига ишонмайман, – деди у бир зумлик сукутдан сўнг босиқлик билан.
– Унда ўзингдан кўр, – деди тақирбош. – Сендан маҳкамларини ҳам синдирганмиз, зўр келгандан кейин туққан онасиниям сотворган.
Сўроқ тонгга қадар давом этди. Нурқобил бирорта айбни бўйнига олмади. Олдиндан ёзиб, тайёрлаб қўйилган “Иқрорнома”, “Маълумотнома”, “Тазаррунома”ларнинг ҳеч қайсисига имзо чекишни истамади. Ногоҳоний, тарсакилар, нақ пешонаси ё қаншарига тушган муштларга “иҳ” демасдан чидади. Қоқбош толиққач, уни кўзойнакли соқолтой ҳамкасби алмаштирди. Кечга яқин “тўрткўз”нинг жойини бир овози дўриллаган алпқомат ўрис хотин эгаллади. Бу нармода қанжиқ эркакларнинг чотига тепиб ҳузурланар экан. Ярим тунда унинг ёнига овози чийиллаган, қошлари пилликдай хотинчалиш бир йигит қўшилди. Ўзи рамақимжон бўлсаям қўли ўлгур қаттиқ экан. Кейин яна қоқбош келди. Уч куну тун давом этган сўроқдан сўнг уйқусиз, очлик ва ташналикдан силласи қуриган, яна буткул жонидан тўйган Нурқобил қоқбошга кечадан бери ҳайқириб айтишни мўлжаллаётган алам, ғазаб, нафрат тўла “дод”ини пичирлаб бўлса–да ҳартугул эшитарли қилиб етказди:
– Мен ишонаман, пайти келиб бирорта мард чиқади ва мана бу ишларинг учун куппа-кундуз куни катта кўчада нақ пешонангдан отиб кетади! – деди ва ўтирган жойида ҳушидан кетди. Устига муздай сув қуйиб, нашатир ҳидлатиб ҳам ўзига келтиришолмагач, уни тиббий қисмга жўнатишди. Икки кун деганда сал ўзига келиб, ҳамхонасидан фавқулодда хабар эшитди:
– Москвалик терговчилар ишдан четлаштирилиб, устларидан қаттиқ текширув бошланибди! Аҳволлари чатоқ бўлади, дейишяпти.
– Мен буни алақачон ўзига айтганман, – деди Нурқобил ва яна хушидан кетди.
Икки ҳафтадан сўнг уни тиббий қисмдан чиқаришди ва:
– Қишлоққа кетаверинг, ишингизни вилоят прокуратураси терговчилари давом эттиришади. Керак бўлсангиз ўзлари чақиришади, – дейишди. Нурқобилнинг юргулик ҳоли йўқ эди. Терговчига Суҳробнинг телефон рақамини бериб, илтимос қилди:
– Чақириб беринг. У энг яқин дўстим. Унинг ёрдамида, самолётда кетмасам, ўзим етиб боролмайман..
– Аслида… мумкин эмас-у, майли, сизга бир ёрдам қилай, – деди терговхонанинг барча ходимлари сингари кейинги кунларда юмшоқ супургига айланиб қолган маҳаллий миллат вакили. Суҳробни телефон қилиб чақирди ва Нурқобилни улкан панжарали дарвозадан чиқариб қўйди.
– Ўн кундан бери ишхонангдан эллик метр нарида ертўлада сўроқ бериб ётибман-у бир хабар олмайсан-а, – деди Нурқобил дўстининг қучоғига ўзини отиб.
Суҳроб унинг аҳолини кўриб йиғлаворай деди. Ҳақиқатда ҳам… терговхона биноси унинг деразасидан шундоққина кўриниб турарди.
– Наҳотки, наҳотки чиндан ҳам шу… тарихий бинонинг ертўласидан… шунчалик тез ва соғ-омон чиқиб келаётган бўлсанг? – деди ишонгиси келмай. Чунки у бино ертўласига тушганлар бир ҳафта-ўн кунда чиқиб кетиши ақлга сиғмайдиган гап эди. Демак… академик шоир сенга ўхшаган бир етимнинг бошини силаб айтганидек: қабоҳат емрилур, зулм янчилур, жаҳонда бўлурмиз, озод, музаффар! Қани, уйга кетдик!
– Ҳали кун оққан йўғ-у, ишинг нима бўлади?
– Тупурдим ишига! Ўзи… шу бугун ариза бериб бир йиллик ижодий таътилга чиқмоқчи бўлиб ўтирувдим.
– Нега, нима учун?
– Шунинг учунки, золим партиянинг қўрқоқ, хушомадгўй ва ялтоқи матбуотида ишламасликка қарор қилдим. Эркин ижодкор бўламан. Тунов куни… касалхонада сенинг олдингдан чиққач, Ҳаким ака билан суҳбатлашиб ўтирдик. У… “Нурқобил ориятли йигит, ўзи ўлсаям айтмайди, лекин ҳозир унинг бошида йиғлашиб ўтиргандан кўра, агар журъату жасоратинг етса, унга ёғдирилаётган туҳматларга қарши бирор чора-тадбир излашинг, қисматини сал бўлса-да енгиллаштиришга ҳаракат қилишинг минг карра афзалроқ” деди. Хўп, дедим ва шу заҳоти ортимга қайтиб, йўл-йўлакай туман, вилоят прокуратурасига кирдим, Тошкентга келиб бошқармаларингда бўлдим, ҳужжатларни обдон ўрганиб, “Туҳмат ёрғичоғи!” деган сарлавҳали бир мақола тайёрладим, бош муҳарриримизга олиб кирдим. “Москвадан оқиб келаётган қудратли тўлқинга қарши боролмаймиз, хасдай қилиб, қирғоққа итқитиб юборади!” деди у. Мен шу мақола босилмагунча қўлимга қалам олмайман, дедим. “У ҳолда бошқа таҳририятдан иш изланг”, деди у. Хўп, лекин ҳеч жойдан иш изламайман, излашни ҳам, ишлашни ҳам истамайман, дедим. “У ҳолда текинхўр, деб жавобгарликка тортишади худди Иосиф Бродский сингари.” Солженицин каби СССРдан бадарға қилиб юборишса ҳам майли, дедим. Хуллас босмади аблаҳ. “Сизга қиладиган ёрдамим – аксилшўровий гапларингизни хавфсизлик идорасига хабар бермайман, сиз эса уюшма аъзоси сифатида бир йиллик ижодий таътил олинг, нариёғига партия пошшо” деди. Шу маслаҳати учун ҳам раҳмат.
Ҳа, айтганча Марказқўмга, ички ишлар ва бош прокуратурага хат ёздим. Босилмаган бўлса-да, мақоладан ҳам бир нусхадан қўшиб жўнатдим. Лекин… фойдаси бўлмаса керак, деб ўйлаб юрувдим. Бугун эрталаб терговчилар гуруҳининг ўзи тергов қилина бошлаганини эшитиб, умид уйғонганди. Мана энди сенинг ажал ертўласидан омон чиққанингни кўриб, бунга аниқ ишоняпман. Буни… ювмасак бўлмайди, жўра!.
– Мен сени… буткул ташлаб юборган, деб юрибман.
– Ташлагандим. Анови қисталоқ Горбачёв ичкиликни таъқиқлаб қўйганидан сўнг яна нўш этгим келадиган бўлиб қолди. Таъқиқланган нарса одамга тансиқ ва бебаҳо бўлиб кўринаркан. Аммо-лекин юз грамдан оширмаяпман. Ҳозир бунга ўзинг ишонч ҳосил қиласан. Уйга бориб би-ир ўтиришайлик…
10
Икки дўст саҳармардонда яп-янги бир “Фиат” мошинасини отнинг калласидай пулга кира қилишиб, йўлга тушишди ва Чашмизиракка кун оққан маҳали кириб келишди. Ўша куни самолёт учмас экан. Кейинроқ маълум бўлдики, бир пайтлар тоғли туманга мунтазам қатнаган Ан–24 ўша Нурқобилни Тошкентга олиб келган куни Чашмизиракка ўзининг сўнгги парвозини амалга оширган экан. Буям “инсонни эркин нафас олдириш бўйича дунёда тенгсиз ва бетакрор” ҳисобланган “озоду обод, фуқароси шоду бедод” советлар мамлакатининг путурдан кетиб, буткул фатарот бўлаётганидан нишона эди чоғи.
Ҳаким бово эса ҳалиям касалхонада билагига игна санчилган ҳолатда ётарди.. Уларни кўриб, айниқса Нурқобилнинг Тошкентнинг қоқ марказидаги қадимий ва ҳамиша навқирон терговхонанинг чуқур ертўласидан, кимсан Сурен Харенович Итляндай аждаҳонинг комидан соғ чиқиб келганини эшитиб, чандон севинганидан такрор инфаркт бўлаёзди.
– Севинчдан ўлсам… майли, армон қилмайман, – деди у Тошбўрининг “яна ҳаяжонланибсиз” деганига жавобан. Бу шоён ўлим бўлади. Аммо-лекин манови бемазагарчиликлар барҳам топмагунча ўладиган аҳмоқ йўқ. Мен бошидаёқ айтганман. Қутирган Итланлар ўз итялоғига қайтади, ундан итланганларнинг барчаси (Чашмизирак тарафларда ногоҳ кўз тегиб касалланиб қолганларга қушноч момолар “итланибди”, деган ташхис қўйишаркан ва рамзий маънода бошини итялоққа ювиб даволашаркан. Довдир акамиз шуни пайров қилаётган экан. Қаранг-а!) Московдаги Олий Итялоққа (судга, демоқчи шекилли) бош ювиб, кўрмагандай бўлиб кетишади. Ўша куни Эшпўлат отга ўнгариб келганида Тошбўрига айтувдим: Нуржон инимиз итланган, бир қушночга қоқтириб, бир муллога ўқитсак бас, деб. У бўлса ишонмайди. Депрессия, репрессия, яна нима балолар, деб сандирайди. Дарвоқе, ишга тикланганингдан кейин бир қўй сўйиб худойи қиламиз, шу икковига биттадан тўн кийдирарсан. Ҳаётингни сақлаб қолишди ахир.
– Ишга тикланмасам ҳам кийдираман, хотиржам бўлинг, – деди Нурқобил. Лекин кеча Суҳробга айтмаган гапини Довдирга ҳам ҳозирча айтмади.
– Менга ҳам битта тўн тайёрлаттираверинг, Ҳаким оға, – деди Суҳроб. – Камина бир йиллик ижодий таътил олиб, ҳамма ишни йиғиштириб, Нурқобил укангизни оқлаш ва раҳбарлик лавозимига тиклаш билан шуғулланишга киришдим.
– Ҳай-ҳай, баҳай, – деди Ҳаким довдир. – Сиз ишни йиғиштирадиган бўлсангиз, газетани ким чиқаради? “Миллионлар минбари, ҳалқнинг ҳақ сўзи, адолат кўзгуси бўлмиш матбуотимиз эгасиз, бизга ўхшаган муштарийлар газетасиз қолиб кетмайдими?
– Бунингиз совет партиявий матбуотининг шаънига “маддоҳ, қўрқоқ, ялоқ”, деган бўлмағур гаплар айтди, – деди ўзича “чақимчилик” қилиб Нурқобил.
– Ана шу бўлмағур гапларга мен мутлақо… қўшиламан, – деди кутилмаганда довдир. – Аммо – лекин кейинги беш-олти ойдан бери са-ал ўзгариш бор.
– Ҳаммасидамас, – эътироз билдирди Суҳроб. – Якка-яримида.
– Сиз ана шу якка-яримида ишланг ва фақат ҳақиқатни, тўғри сўзни ёзинг, Суҳроббой.
– Тўғри сўз туққанинга ёқмайди, дейишган-ку, – деди Нурқобил.
– Туққанингга эмас… агар ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, кўпроқ раҳбарларга хуш келмасакан, – деди Суҳроб. Раҳбар қавми, ўзи сезиб-билиб туриб алданишни, айниқса матбуот орқали алданишни яхши кўраркан.
Довдир ер остидан Нурқобилга қаради.
– Мен айни дамда у тоифага кирмайман. Камина ишсиз ва… терговдаги гумондор шахсман холос, – дея ғамгин ҳазил қилди Нурқобил. – Қолаверса…
– Бу шоир менга текизяпти, – деди довдир аския қилиб. – Ахир, камина ҳам… салкам мингта қўйга раҳбарман-ку.
– Сиздақа раҳбарларга мазза Ҳаким ака, қўл остингиздагилар устингиздан ёзолмайди. Нима берсанг еб, қаёққа ҳайдасанг, ўша томонга жимгина кетаверишади, – деди Суҳроб.
– Ҳа-да, шуни билиб атай ана шу лавозимни эгаллаганман. Бўл–бўл, қўйларга раҳбар бўл экан. Икки оёқлиларга раҳбарлик қилувчиларнинг қанчаси келиб, маслаҳат сўрайди, тажрибангизни ўргатинг, дейишади. Ҳаммасига индамасдан қўлимдаги қайқи таёқни, кейин иккита бўрибосаримни кўрсатаман. “Ҳамма сир ана шуларда”, дейман. Нарёғини ўзлари тушунишади. Ҳаммаси хурсанд. Қайта-қайта келишиб, раҳмат айтиб кетишади. Манови Нурқобил содда ҳам “одамларга одамдай муомала қилишим керак”, деб юрмаганида мана бунақа савдолар тушмасиди бошига.
– Менинг ҳам фикрим ўзгарган ҳозир, ўша… қайқи таёқ билан бўрибосар кўппакларни қайдан топишни ўйлаб юрибман, –деди Нурқобил гапнинг изоҳини ичига ютиб.
– Ҳа-а, ана энди ўзингизга келибсиз, Нурли ва Қобил инсон, – деди Довдир унинг кўзига синовчан тикилиб. – Қайқи таёқни заранг дарахтидан йўнинг, токи ҳадеганда синиб кетмасин. Кўппакларни эса анови ўзимизнинг олабойдан қочирилган мелиса кучук, яъни овчарка қанжиқнинг баччасидан боқиб катта қиласиз. Отасиниям танимайдиган бўлади. Майли, бу гапларни қўяйлик, бугун Тошбўри бир гап айтди, шу ростми? Бу Итлян жанобларини бутун гуруҳи билан келган жойига чақириб олишганмиш…
– Ҳа, шундай бўлибди, камина шунинг шарофати билан ёнингизга келиб ўтирибман, – деди Нурқобил.
– Яқин кунларда уларнинг устидан жиноят иши очилса ҳам ҳеч ким ажабланмайди, – деди довдир. – Тарихда бунақа ҳодисалар бўлган. Ўттизинчи йилларда Сталин қатағонларининг бошида туриб миллионлаб кишини оттирган НКВДчилар Ягода, Ежов, Берия алал оқибат ўзлари ҳам отилган. Ҳар кимки жафо қилса, жафо топгусидир, деган алломаларимиз.
– Буларни қамаш осон бўлмаса керак, Ҳаким ака, икковиям номзодини депутатликка қўйган. Сайланиши деярли аниқ бўлиб турибди, – деди Суҳроб.
– Тўғри айтасан, ҳозирги “ошкоралик ва демократия” шароитида уларни қамаш осон бўлмайди. Аксинча уларнинг ўзи… Москвадаги каттаконлардан бир қанчасини қамаш ҳаракатида юришибди-ю. Тергов чоғи анови Итлян менга очиқ айтди: “Ўзбекистонда олти миллион тонна пахта етиштириш мумкин эмаслигини Кремлдаги раҳбарлар ҳам яхши билишган, билатуриб шу ишни буюришган, қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик аслида улар томонидан рағбатлантириб турилган, чунки шунинг орқасидан келаётган миллион–миллион ақчанинг асосий қисми Москвадагиларнинг чўнтагига тушиб турган, шунинг учун бу ердагилар ҳеч нарсадан ҳайиқмай ёппасига қўшиб ёзиш билан шуғулланишган…”
– Тунов куни Итляннинг СССР Олий Кенгаши депутатлигига номзодини қўйган шериги Россиянинг қайси бир шаҳрида сайловчилар билан учрашув чоғида: “Ўзбекистоннинг барча раҳбарларини қамадик, энди Москвадагиларга навбат келди”, депти. Бу учрашув телевизор орқали Ўзбекистондан ташқари бутун мамлакатга тўғридан-тўғри намойиш этилибди.
– Ит семирса эгасини қопади, дегани шу, – деди Ҳаким довдир. –Итляннинг шошилинч чақириб олингани тасодиф эмас. Иложини қилишса сайлангунча қамашади. Улгуришмаса, бошқа йўл излашади. Нима бўлгандаям уларнинг сафари қарибди. Демак, пахта ишлари тез орада бутунлай тўхтайди, аввал ҳўлу-қуруқ ёппасига қамалган бўлса, энди оқу-қора ҳаммаси оқланади.
– Ҳаким ака, нима деб ўйлайсиз, қамалганлар орасида ҳақиқий жиноятчилар кўпчиликми ё озчиликми? – сўради Суҳроб ўсмоқчилагандек.
– Мен қайдан билай ука, даштда юрган бир чўпон бўлсам, буни сенга ўхшаган “ҳақиқатгўй” матбуотчилар билади-да, оддий пахта ишига “ўзбеклар иши”, деб ном берган ҳам сенинг ҳамкасбларинг аслида, аммо-лекин камина “ғоявий душман” хорижий радиоларни эшитиб тураман, улардаги кузатувчилару таҳлилчилар айтадики, албатта, озчилик. Аммо “битта тирриқ бузоқ бутун подани бузади”, деган мақол бежиз пайдо бўлмаган. Ана шу тиррақи ҳаромхўрлар касрига бутун халқ ёмон отлиқ бўлиб ўтирибди.
– Итляннинг менга айтган гапини қаранг, – деди Нурқобил, –Агар ўзимдан тепадаги икки-уч раҳбарга пора берганман, десам бас, жавобгарликдан озод бўлиб, тинчгина ишлаб юраверарканман. Бу таклифни у менга ўхшаган ўнлаб, эҳтимол юзлаб турли бўғиндаги айблию айбсиз раҳбарларнинг барчасига айтган ва… афсуски, уларнинг катта қисми бажонидил қабул қилган. Оқибатда, пахтачиликдаги жиноятлар оммавий тус олган экан, деган тассаввур яратилган. Турманинг касалхонасида ётиб, миямга ғалати фикр келди: ўша бир ҳовуч нопок раҳбарлар ўз жиноятларини… гўёки оммавий ҳодиса сифатида кўрсатиш ва шу йўл билан жонини, обрў-эътиборини сақлаш мақсадида чаласавод ва шуҳратпараст Итлянчиларни атай гиж-гижлаб, пашшадан фил ясашга, тор доирадаги ишни атай пуфлаб шиширишга илҳомлантирмадимикан? Яъни, бир ҳовуч ҳаромхўрлар кирдикори бутун бир халқ номига ёпиштирилади, миллат шаъни топталади. Табиийки, бу сиёсий тус олади, кенг миқёсдаги норозиликка сабаб бўлади, шовқин-сурон кўтарилади. Олағовур, тўс-тўполонда ким аслида оқу, ким қора эканини аниқлашнинг иложи ҳам бўлмай қолади. Ҳалиги, бир латифа бор-ку: мелиса енгилтак аёлни ушлаб, нега бузуқчилик қиласан деса, “теваракдаги аёлларнинг барчаси фоҳиша-ку, шунинг учун мен ҳам қиляпман-да”, дермиш. Ёки яна бошқа муқояса: беш–олти аризабознинг тинимсиз хатти-ҳаракати туфайли Чашмизирак деганда “ёзувчилар қишлоғи” тушуниладиган бўлиб қолган. Хулоса шуки, сув қанча кўпроқ лойқалантирилса, ундаги лаққа балиқларни ушлаш шунча қийин бўлади.
– Жудаям қизиқ фикр, – деди Довдир. – Менда ҳам шунга ўхшаш бир иштибоҳ туғилганди. Шу пайтгача ҳеч кимга айтмагандим. Ҳозир хонаси келди айтаман. Бир кун ўйладим: шу беақл терговчиларни… Американинг разведкаси ёлламаганмикан: “Ўзбекистондаги амалдорларни қамаб, улардан Кремлдаги раҳбарларга пора берганман, деб ёздириб оласанлар, шу тариқа Москвадаги катталарни бутун дунёда шарманда қиламиз, мамлакат аҳолисида норозилик уйғотиб, охир-оқибат СССР давлатини тарқатворамиз, сенларга эса бўйинг баравар тилло берамиз”, деб.
– Ўзбекистондан опкетган олтинлариям бўйи баравар бўлиб қолгандир, – деди Суҳроб. – Ҳар ҳолда Итляннинг битта гапида жон бор. Пахтачиликдаги қўшиб ёзишлар СССР миқёсидаги ялпи кўзбўямачиликларнинг кичик бир бўлаги. Уларга шу кичкина бўлакнигина очиш топширилгану, улар бўлса нодонлик қилибми ё сиз айтгандай ғоявий ғанимларнинг қутқуси биланми, бутун тизимни фош этишга киришиб кетишди.
– Менга қолса, уларни аксар кирдикорлари учун лаънатлаган ҳолда мана шу битта иши учун раҳмат айтган бўлардим. Чунки мана шу иши билан улар мустамлака салтанати инқирозини тезлатишди. Энди бу улкан қанор чок-чокидан сўкилиб, охир-оқибат буткул йиртилиб кетади. Иттифоқчи республикаларнинг барчаси мустақил давлат бўлади.
– Бу гапингиздан СССРнинг тарқалишига Итлянчилар сабаб бўлади, деган маъно чиқяпти агар тўғри тушунган бўлсам, – Суҳроб бўш келмади. – Шундай демоқчимисиз?