Текст книги "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
Ҳабиб Темиров
Қуёш ботаётган пайт: роман
Онам Нозик Қодир қизи хотирасига бағишланади.
Муаллифдан
Ушбу асарнинг вужудга келиши билан боғлиқ бир-икки сабаблар ҳақида ҳикоя қилиш истаги анча кечроқ – китоб босилиб чиқишига саноқли кунлар қолганда туғилди. Айнан шунинг учун уни босмахонадан олиб, яна бир марта синчиклаб ўқиб чиқишга тўғри келди. Эҳтимол кимгадир бу кириш сўзининг мутлақо зарурати йўқдек туюлар. Мабодо шундай бўлса, у бизни маъзур кўрар ва ушбу сатрларни ташлаб ўтиб, китобимизни бевосита муқаддимасидан бошлаб ўқиб кетаверар, деб ўйлайман.
Ижодим билан яқиндан таниш китобхонлар ўтган аср саксонинчи йиллари ўртасида ёшлар адабий журналида босилган илк қиссам юзасидан матбуотда анчайин баҳс-мунозаралар юзага келгани ҳақида етарлича тассаввурга эга бўлсалар керак. Ана шу мубоҳасалар давомида мен ҳурмат қиладиган ижодкор устозлардан бир-иккиси асардаги ўзим учун ҳам энг оғриқли нуқталардан бири ҳисобланувчи нуқсон – миллий колоритнинг камлиги тўғрисида гапиришди. Бу менинг (гарчи Ўзбекистоннинг узоқ бурчагидаги қишлоқлардан бирида туғилиб ўсганимга қарамасдан) европача тарбия кўрганим (падари бузрукворим ўша даврнинг кўпчилик оталари сингари шуни астойдил истар, кутубхонасидаги китобларнинг аксарияти ўрисча эди) оқибати бўлса керак, дея тахмин қиламан. Нима бўлгандаям бу жуда ҳаққоний дакки эди. Айниқса, ўша кунларда бутун республикада ўзликни англаш, миллий қадриятларни қайта тиклаш жараёни авж олган бир пайтда бундай танбеҳ эшитиш ўта аламли туюлди ва навбатдаги асарим албатта чин маънодаги миллий мазмун-моҳиятга эга бўлиши зарур, деган бир аҳд туғилди қалбимда. Гарчи…
Камина ҳеч қачон профессионал ёзувчи бўлишни орзу қилмаганман ва умрим бўйи бунга интилмадим, ҳатто бир нечта асарлар ёзиб, Уюшмага аъзо бўлганимдан кейин ҳам кўнглимда адиблик даъвосини олдинга сурган эмасман. Бинобарин ўзимни бу борада қанақадир эътирофларга сазовор бўлиш, шон-шуҳрат қозониш, обрў-эътибор ва мавқе эгаллаш истагидан ҳамиша йироқ тутишга уриндим. Нафсиламбирини айтсам (бу гапни балким илгари айтгандирман ва эҳтимол келгусида билиб-билмай такрорлаб қўярман, шундай бўлса, узр), ижод мен учун ҳамиша бир машқ, ўзлигимни англашга уриниш, ўз имкону кучимни синаб кўриш майдони ҳисобланиб келди ва умримнинг охиригача шундай бўлиб қолса керак.
Зиёлилар оиласида ўсганим учун талабаликнинг дастлабки йилларидан илмий ишга қизиқиб юриб, дорилфунунни битказгач аспирантурага жой келмагач, тақдир тақозосига кўра газета таҳририятида ишлай бошлаганимдан сўнг бироз ўтиб, яъни етмишинчи йиллар охирида ўзимдан ёши улуғ, тажрибаси кўпроқ ҳамкасблардан бир-иккисига тақлид қилиб, худди ўрис актёри ва ҳаваскор адиби (қанийди ҳар бир ҳаваскор шундай ёза олса) Василий Шукшин сингари бир “ҳикоя” дарж этишга уриниб кўрдим. Уни таваккал қилиб, ўша чоғлар республиканинг бош адабий-бадиий нашри ҳисобланган “Шарқ юлдузи” журналига жўнатвордим. Наср бўлими мудири, устоз Шукур Холмирзаев, ходими Тоҳир Қаҳҳор эди. Кўп ўтмай таҳририятдан “ҳикоянгизни босадиган бўлдик”, деган мазмунда жавоб олдим. Босилиб чиққач, “демак ҳикоя ёзиш қўлимдан келар экан, энди сал каттароқ жанрда куч синаб кўришим керак”, деган фикрда қисса ёзишга ўтирдим. Қисса юқорида айтганимдек, аввал “Ёшлик” журналида, сўнгра Ғафур Ғулом номидаги етакчи адабий-бадиий нашриётида чоп этилди. Табиийки бу “синовчи ёзувчи”ни навбатдаги тажриба – роман иншо этиш сари ундади. Муайян, аниқроғи бағоят қувончли тарихий сабабларга кўра роман дарҳол эмас (СССР парчаланиб, ўзбек халқи истиқлолга эришди, республикамиз мустақил давлатга айланди), икки-уч йилдан сўнг алоҳида китоб бўлиб босилиб чиқди. Шу тариқа атиги битта ҳикоя, бир қисса ва бир роман ёзиб, ўзимча “ёзувчилик қўлимдан келар экан” деган хулоса ясадим (дарвоқе, буни ўша пайтлар нафақат бир неча ёш адабиётшунослар, балки ўзининг ўта кескин танқидий чиқишлари билан машҳур бўлган, унча-мунча улкан шоиру ёзувчиларини ҳам аяб ўтирмайдиган талабчан, ҳатто бир қадар жанжалкаш мунаққид Норбой Худойберганов ҳам “Ҳабиб Темиров ушбу қиссаси билан бадиий асар ёзиш қўлидан келишини кўрсатди” қабилида эътироф этганди) ва бу борадаги “тажриба”ларни, аниқроғи машқларимни эълон қилишни тўхтатдим. Очиғини айтадиган бўлсам, бунга аввало журналистика соҳасида, кейинроқ ҳокимият тизимларида анчайин масъул вазифаларда ишлашимга тўғри келгани сабаб бўлди. Камина айримлар сингари бадиий ижодни раҳбарлик билан қўшиб олиб бора олмадим. Гарчи ўзим учун қоғоз қоралашни бас этмаган бўлсам-да, уларни бостиришга жазм этмадим. Шу тариқа ўн беш йилча “ихтиёрий-мажбурий” танаффус бўлди. Янги асрнинг дастлабки йиллари арафасида Тошкентга ишга келиб, пойтахт адабий муҳити ҳавосидан нафас ола бошлагач яна бадиий ижодга қайтиш имкони туғилди. Бироқ…
Газетада ишлаётганим учун асосан таҳрир ва мақоланавислик билан машғул бўлдим. Кейин бир ноширнинг далдаси сабаб ғаладонда ётган машқларим бирин-кетин эълон қилина бошланди. Ўзимча дуруст, деб ҳисоблаб юрадиган, ноширимнинг эътрофига кўра китобхонлар талашиб ўқийдиган, бироқ айрим мунаққидлар нописандлик билан қараган, “бадиий эмас енгил-елпи асарлар, авом адабиёти”, дея бурнини жийирган қатор китобларим чиқди. Уларнинг нечоғлик бадиий эканини вақт кўрсатар. Аслини олганда, бадиийлик тушунчаси ҳам, менинг назаримда ҳаётдаги барча воқелигу ҳодисалар сингари нисбийдир. Муҳими, китобингни ақалли биров ўқисаю шундан нимадир олса, шунинг ўзи кифоя. Йиллаб дўкон ва кутубхоналарда чанг босиб ётиб, охир-оқибат макулатурага топшириладиган “бадиий” асарнинг кимга кераги бор? Қўлимни кўксимга қўйиб, худойлиғимни айтадиган бўлсам, шу чоққача бирор марта ўз ҳисобимдан ёки бирор валломат ҳомийнинг пули эвазига китоб чиқариб, наф кўришга уринмадим. Такрор айтаман, ўзим учун қоралаган машқларимни газета, журнал ва нашриётлар сўраб олиб, нашр этиб келишди. Агар улар бу ишни айримлар иддао этаётганидек, тижорат мақсадида, “тезроқ фойда кўриш учун” қилаётган бўлсалар, бунга замона зайли, деб қарамоқ керак. Бозор иқтисодиёти шароитида яшаяпмиз, ахир. Нашриётлар ҳам харидоргир, рақобатбардош маҳсулот чиқаришга, тезроқ сотиб, фойда олишга интилади. Бироқ…
Бу борада мавжуд қонунлардан ташқари, миллий маънавият, ахлоқ-одоб, умуминсоний қадриятлар доирасида иш кўриш лозимлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларга қўшилмасликнинг иложи йўқ. Адабиёт азал-азалдан эзгуликка хизмат қилиб келган ва шундай бўлиб қолмоғи шарт. Унинг майдонига кирган ҳар бир қаламкаш, ҳоҳ профессионал, ҳоҳ ҳаваскор бўлсин, буни унутишга ҳаққи йўқ. Айни пайтда…
Устоз Эркин Воҳидов лутф этганидек, бу гулшан саҳнида ҳар ким имконида борини айтишини, қурби етганича рақам этишини ҳам унутмайлик. Улуғ шоиримиз Абдулла Орипов таъбири билан айтганда, имкондан ортиқроқ имконни кутмайлик. Дарвоқе…
Энди гапнинг индаллосига қайтиб, “мииллий колоритга эга асар яратиш борасидаги ниятим нечоғлик ижобат бўлгани хусусида сўзлайин. Унинг бир пайтлар бироз шошилиб, ҳовлиқиб ёзилганини айтдим. Ҳар қандай соҳада бўлгани сингари ижодда ҳам шошганда лаббай топилмайди. Гарчи ўзимча илк романим билан адабиёт чўққисини забт этдим, деб гердайиб юрган эсам-да асар бўш чиққанини ҳис этардим-у “мен ёзувчиликка даъвогар бўлмасам, нимага ғам ейишим керак, бу бир машқ, бир тажриба-да”, дея таскин берардим ўзимга. Аммо…
Орадан ўттиз йил ўтгач уни анчайин жиддий тарзда қайта ишлаш, қўшимча ва тузатишлар киритиш лозим, деган қарорга келдим. Имкон қадар таҳрирдан чиқардим. Янги замоннинг янги қаҳрамонларини киритдим. Кўнглимда барибир сезаманки, бу асарим ўша – роман ёзишга уриниш ҳосиласи ўлароқ бир тажриба даражасида қолди. Яна ҳам ким билсин, ўқишни лозим кўрсангиз, хатм этиб, ўзингиз бир нарса дерсиз. Фикр-мулоҳазаларингизни бажонидил ва миннатдорлик билан қабул қиламан.
Муқаддима
Чашмизирак қишлоғида тонг отмоқда. Қиш. Қор қалин. Совуқ чирсиллайди. Ҳаётбоши чўққиси этагидаги булоқлардан бошланиб, катта сойнинг икки қирғоғи бўйлаб Нуробод даштлари қўйнига чўзилиб кетган бу қишлоқ шу топда музлаб қолган дарёга ўхшайди. Яйловлар ҳам изғиринларга мардона кўкрак тутиб, эрта-индин бошланадиган ёруғ кунлар умидида жимгина нафас олади. Сукунат. Мўриларидан кўкимтир тутун осмонга ўрлаётган ҳовлиларда, даралар ичкарисидаги қўра-қўтонларда, офтобрўя ўнгиру адирлардаги ёввойи бодомзорларда, қор қўйнида ястанган яланғоч боғлару ертоклари кўмилган токзорларда сукунат.
Зуҳро юлдузи жунжикибгина кўз очган маҳалда ясси тегирмон ёнидаги ҳовлидан бўй етган қизнинг тиниқ ва аччиқ фарёди отилиб чиқди. Бу фарёд сукунат музларини синдириб, дашт узра таралиб кетди.
– Отажон! Отажоним-эй, меҳрибоним-эй! Бизни кимга ташлаб кетдингиз, отажо-о-о-н. Энди нима қиламиз-эй, отажо-о-о-н!..
Қишлоқ жонланди. Бир неча дақиқа ўтар-ўтмас ҳовли гавжумлашди. Сойнинг икки соҳили бўйлаб яна гурас-гурас одамлар кела бошлади. Тонг ёришгани сари совуқ кучаярди. Кейин изғирин бошланди. Унинг увиллаши ҳовлидаги тобора баландлашаётган йиғи овозига қўшилиб, бутун қишлоқ узра тарала бошлади. Ув-в-в-в-в-в-в! Эй-й-й-й!..
Ким бу шўрлик? Баҳор келишига бир кун, атиги йигирма уч соат қолганда қазо қилган, яшаш ва яшариш фаслига етолмай узилган бу бахти қаро ким бўлди экан?
Жанозага-а-а-а! – Отлиқ хабарчи қир ошиб қўшни Жўш, Чорбоғсой, Охчоб қишлоқларига чиқиб кетди…
Асаримизни бош қаҳрамонлардан бирининг вафоти билан бошлаганимиз андак ножоиз кўринган бўлса ажаб эмас. На иложки, бу ҳаёти дунёда шодлик ва қайғу, туғилиш ва қазо ҳамиша ёнма-ён, бинобарин воқеликни ҳаққоний акс эттиришни ният қилган ҳикоянавис (камтарин маҳрамингиз шу орзуда қўлга қалам олдим) буни назардан қочиролмайди. Ҳар қайсисини тарихий зарурат, ҳаётий ҳақиқат ва албатта, бадиият тақозо этган ўринда тасвирлайди, баён қилади. Шундай дейману яна ўйлайман: шундай бўлган тақдирда ҳам аввал тўй-томошадан гапириб, ғам-кулфатни охирроғига сурсанг бўлмасми эй ровий, деган андишали мулоҳазага бораман. Ахир аҳли мажлису анжуман дейди: бугунги шодиёнада кечаги ғам-аламдан гапирма, ярамга туз сепиб, дардимни янгилама, эй дўст! Гарчи, айни дамларда фоний дунёни тарк этаётган қаҳрамонимизнинг бу борада айрича қараши бор эди ва у: “Бу дунёда нимага интиласиз?” – деган саволга гўёки ҳазиллашиб, “нариги дунёга”, деб жавоб берар, замонасининг севимли шоирларидан бири (Самад Вурғун. Ҳ.Т.)нинг: “Ўлим, эвоҳ бир неъмат, у бир шонли саодатдир!” деган сатрини такрорлаб юришни хуш кўрар, кимнингдир вафоти ҳақида эшитса, ёнидагиларни таассуфлантириб: “муборак бўлсин”, деб қўяр, эл ичра “довдир”, деган лақаби борлиги учун бундан ҳеч ким ранжимас, жа-а нари борса, кўрсаткич бармоғини унга сездирмай қулоғидан сал баландроққа тираб айлантириб қўярди.
Майли, марҳумимизнинг феъл-атвори ўз йўлига, ҳикоямизни дабдурустдан унинг ғийбати ила бошламайлик. Қолаверса олдинда бу ҳақда ҳали кўп мужодала қиламиз. Ҳозирча эса келинг, китобимизни яхши умид ила қўлга олган азиз ўқирманнинг хуш кайфиятини бузмай, суҳбатимизни яхши воқеадан бошлайлик. Ал қисса…
Биринчи қисм
1
Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярми. Асли номи Нурли равот, лекин маҳаллий аҳоли талаффузга қулай бўлиши учун сал қисқартириб: Нуравот, Нуробод, деб атайдиган, Иккинчи жаҳон уруши йилларида тузилиб, эллигинчи йиллар адоғида тарқатиб юборилган ва ўттиз йилдан сўнг, етмишинчи йиллар охирроғида қайта ташкил этилган, ҳудуди Туркистон тизмаларининг икки бўлаги – Оқтов ва Қоратов оралиғидаги, бир тарафи Ҳаётбоши чўққисидан бошланиб, иккинчи томони Малик чўлига туташиб кетадиган, ярми дашту ярми адирликлардан иборат туманнинг ўн йиллик тўйини нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилаётган кунлар. “Чашмизирак” давлат хўжалигининг ўта донгдор бўлмаса ҳам ҳар қалай бировдан пеш, биров билан баравару яна кимлардандир салгина орқароқда юрувчи чорвадори, адабийчасига қўйчивон, жайдари қилиб айтилса чўпони, энг муҳими, оддий ва яхши бир содда, айни пайтда анчайин ўқимишли инсони – Ҳаким Ўнгаловга қарашли, Сувлидара, деб аталмиш хўб сўлим, тевараги қуюқ арчазорлардан иборат баланд қир-адирлар билан ўралган серўт яйловда жойлашган отар, муфассал изоҳласак, қўра-қўтонли, бостирмали қўрғонга туман партия қўмитасидан (ўша пайтлардаги ҳокимлик Ҳ.Т,) ажойиб бир мужда келди: Ҳакимбой Ўнгалбоев (асли қаҳрамонимизнинг қулоғига шундай азон айтилган, туғилиш гувоҳномасида шундай ёзилган, бироқ бу қўшимчалар ҳаёт ҳақиқатига тўғри келмагани, қолаверса коммунизм сари бораётган социалистик тузумда бойлар бўлиши мумкин эмаслиги, улар аллақачон синф сифатида тугатиб юборилгани туфайли, мазкур қўшимчалар бошпурт олинаётган чоғи тушириб қолдирилган) ажойиб бир мукофотга тавсия этилаётир ва инчунин дарҳол айтилган жойга бориб, тегишли ҳужжатларни тўлдириб топширмоғи шарт.
– Иби, Сизга ўхшаган ўртамиёналарга ҳам мукофот бораканми,–дея биринчи бўлиб ҳайроналик билдирди чўпоннинг содда муғомбир завжаи муҳтарамаси Мусаллам бону.
– Сен нима, деб ўйловдинг, бойвучча, орден-медал фақат режани қоғозда бажариб, амалда катталарнинг чўнтагини тўлдириб юрганларга бериладими? Йўқ-да! Энди замон бошқа: қайта қуриш, жадаллаштириш, ошкоралик, хушёрлик, яъни ичкиликсизлик, камчилик ва нуқсонларга муросасизлик ва ҳоказо. Энди… ниҳоят ҳақиқат ва адолат барқарор бўлади. Нега, деб сўрагин-а!
– Нега?
– Чунки…энг юқоридаги раҳбар, – қўлини осмонга бигиз қилган кўйи овозини пасайтириб, юзига жиддий тус бериб деди Ҳакимбой чўпон, – ўзимиздан бўлди.
Мусаллам бону опамиз оддий чўпоннинг аёли бўлса ҳам мунтазам телевизор кўрар ва инчунин сиёсатдан яхши хабардор эди:
– Горбачовни айтасизми, қанақасига у ўзингиздан бўлади?
– Тилбузарда сер солиб қарамабсан-да, худди ўзимизнинг қўшни қишлоқнинг одамига ўхшайди-ку.
Қўшни қишлоқнинг номи Бешкал эди. Заифа эрининг аскиясини тушунмади.
– Нимаси ўхшайди?
– Боши ўхшайди, боши-и, кейин пешонасидаги нори, э-э, ўқимаган, – деди оддий чўпон бўлиши билан биргаликда коммунист ҳам эканлиги баногоҳ эсига тушди ва қилмоқчи бўлган ҳазилидан тийилди. – Ўзимизнинг Нортожи чўпонннинг қуйиб қўйган нусхаси экан. Аммо бир хавотирим бор-да. Эски китобларда ёзилишича, тепасида туки йўғу манглайида нори бор подшоҳ келса, сигирлар эгиз туғиб (чорвадор халқларда бу унчалик хосиятли ҳодиса ҳисобланмас экан), дарё-ю денгизлар қуриб, қаҳатчилик бўлармиш. Илоҳим оғзимдан ел учирсин. Майли, ҳозирча берадурғон мукофотини олатурайлик-чи, нарёғига худо пошшо. Эмасам, мен бир Нуровотга тушиб келайин. Дарвоқе, қанақа мукофот бўлсайкин?..
Табиийки, Ҳаким чўпон туманга, бўлгандаям, шахсан туманбошининг мўътабар ва муҳташам кабинетига буюрган ташрифи давомида бу саволга жавоб топди. Аниқроғи, ҳозирги ном билан атасак – ҳоким, ўша даврлардаги эл тилидаги истилоҳни қўлласак – райқўм бово томонидан муруввату ҳиммат кўрсатиб қилинган таклифга иккилана-иккилана розилик берди. Қаранг-а! Туманбоши мукофот таклиф этибдилар-у оддий чўпон икккилана –иккилана рози бўлганмиш. Шу гапга биров ишонадими? Ҳозир айтсак, сиз ҳам ишонмаслигингиз мумкин. Ана шундан андиша қилароқ, шахсий хотинининг таъбирига кўра ўртамиёна бир чўпонга таклиф этилган сийлов нима эканини сал кейинроқ билдирсак майлими? Ҳозир эса ҳикоямиз маромидан бирмунча илгарилаб, Ҳаким чўпоннинг тумандан қайтаётганида йўл-йўлакай қилган бир сайри боғи тафсилотига ошно бўлайлик. Зероки бу тасодиф эмас, унга болалигидан қадрдон бўлган ушбу жаннатмонанд гўша, зиддият ва ҳикматга тўла бу маконул маъвоатрофида ҳикоямизнинг давомида анча-мунча жиддий баҳсу мужодалалар юритишимизга тўғри келади.
2
Нуровотдан қайтаётган Ҳаким чўпонқўрғонига етишига бир қир қолганида от жиловини тўсатдан чапга, Ҳаётбоши этакларига туташган Сувлидара боғлари тарафга бурди. Бурди-ю, яна ўзини ўзи аччиққина ҳажв қилиб ўйлади: умр бўйи яйлов кезиб юрган, дашт шамолидан вужуди сурланиб, тузқоқ бўлиб кетган бу ярим саҳройи, ярим тоғчи чўпоннинг кўнгли баногоҳ боғ тусаб қолгани қизиқ. Устига-устак болалик чоғлари кўп эшитгани боис ёд бўлиб кетган бир маъюсгина ашулани ҳам ҳиргойи қила бошлади:
“Қарға булбул бўло билмас, гулнинг қадрини на билсин,
Саҳрода учган бўз қушлар, чўлнинг қадрини на билсин…”
Нафсиламбирини айтганда у эсини таниганидан буён чўлу биёбон кезиб, шундоқ яқингинадаги жаннатмисол боғларга ойда–йилда бир келолмас, ҳар баҳорда: “биргина борсам, биргина кўрсам, ҳидларидан бир тўйиб нафас олсам”, деб орзу қилар, бироқ сира ишу ташвишлардан ортмас эди. Қарангки, тоғу қирлар ошиб, неча шаҳарларга борибди, денгиз соҳилларида дам олибди-ю, бурнининг тагидаги таърифи кетган боғларни шунча пайтлардан буён ақалли бир марта тузукроқ сайр айламабди-я. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деб шунга айтсалар керак-да. Ана шу олдингдан беқадр оқиб ётган “сув” аслида болалик, ўсмирлик йилларининг энг беғубор, энг завқли унутилмас хотиралари билан боғлиқ, юрагидаги илк муҳаббат ҳам шу ерда, худди шу боғлар қўйнидаги ёшлар оромгоҳида туғилган, балким… кейинчалик ўша севги ушалмаган армонга айлангани учун юраги бетламагандир бу гўшага тез-тез қадам ранжида этишга. Гарчи туман марказида, теваракдаги барча қишлоқларда яшовчи кишиларнинг аксарияти эрта баҳордан кеч кузгача дам олиш кунларини шу ерда ўтказишади, сайру томошо айлашади, Наврўз байрамини нишонлашиб, сой бўйидаги шийпонларда ош пиширишиб, ярим тунгача гурунглашишади, хотин-халаж сумалак тайёрлашади, болалар спорт майдончаларида ўйнашади, ёш-яланглар қуюқ дарахтзорларда суқли кўзлардан холи қолиб висол суҳбатларини қуришади, ёз поён топиб кузнинг лазиз лаҳзалари бошланган кунлар рўзғор бекалари мураббо учун боғбонлардан арзимаган нархдаги олмаю анор, беҳию олхўриларни, бошқа анвойи меваларни сотиб олиб, қиш бўйи барралигича ёки қуритиб, шунингдек мураббою шинни тайёрлаб, оиласининг оғзини ширин қилишади. Хуллас, бу боғлар нуровотликлар учун нафақат онда-онда шунчаки ҳордиқ ёзиб кетадиган хушҳаво бир маскан, балки, ҳам танни дармондорилар, ҳам руҳни гаштли маънавий озиқ билан бойитгувчи қадрдон ва азиз даргоҳ бўлиб қолган…
– Партия ва ҳукуматимиз хусусий мулкчиликни қонунлаштириш асосида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чева, сабзавоту бошқа ноз-неъматлар билан таъминлашни кескин ошириш вазифасини қўймоқда, – деди суҳбат асносида муҳтарам туманбоши Шоқувват Ўташев. –Так что, тез орада ихтиёрингиздаги отарни барча биною иншоотлари, қўй-қўзисию эчки-улоғи билан хусусийлаштириб берамиз. Юрасиз минг қўйли Ҳакимбойвачча бўлиб.
– Йўғ-е, наҳотки… ахир марксизм ва ленинизм ғоялари билан қуролланган коммунистик мафкурамиз хусусий мулкка қарши эмасми? – деб сўради ўзини Абдулла Қаҳҳор сингари иштирокиюн фирқасининг оддий аскари эмас, онгли аъзоси, деб ҳисобловчи, ихтисосига кўра адабиёт муаллими бўлса-да, ҳарқалай олий маълумотли чўпон Ҳаким Ўнгалович.
– Замона зайли билан сиёсат ўзгармоқда. КПСС Марказий қўмитасининг Бош котиби, ҳаммамиз учун ҳурматли Михаил Сергеевич Горбачев партиямизнинг кейинги ёпиқ пленумидаги ёрқин ва сермазмун нутқларида таъкидладиларки, энди бизда мулкчиликнинг турли шакллари жорий этилади. Яъниким, давлат, жамоа мулки билан бир қаторда хусусий мулк ҳам бемалол мавжуд бўлади. Бу гап ҳали сир. Фақат партиянинг турли бўғинлардаги раҳбарларигагина маълум. Мен эса қўрқмасдан сизга айтяпман. Чунки, аввало… узоқроқ бўлса ҳам хешмиз, бунинг устига ана шу ақраболикни янада яқинлаштириш билан боғлиқ эзгу ниятларимиз ҳам йўқ эмас, қолаверса, оғзи маҳкам, садоқатли ва фаол коммунистларимиздансиз. Шунинг учун… манови мукофотга ҳам айнан сизни тавсия этмоқчи бўлаётганим мутлақо тасодифий эмас. Аммо-лекин… мавриди келганда сиз томонингиздан ҳам бир… хизмат талаб этилади.
– Бажонидил, бўла, агар қўлимиздан келса…
– Биринчидан, бўла эканимизни минбаъд партия ва ҳукумат идораларида лақиллаб юрманг, иккинчидан, хизматнинг маъноси шундан иборатки, кичкина бўлангиз, яъни укам Бойқувватбой: “Ака, анови… Ҳаким бўланинг отари яқинидаги қаровсиз, ташландиқ боғларни хусусийлаштириб берсангиз, бобомиздан қолган боғларни бир обод этсам”, деб илтимос қилувди. Дарвоқе, асли ўша боғлар бизнинг бобокалонимиз, яъни Ўташ бобонинг бобосининг бобоси Ярашбой чорвага тегишли бўлганини эшитгансиз-а?
– Афсус, эшитмаган эканман, – деди коммунист чўпон.
– Эшитмаган бўлсангиз, мана, мендан эшитдингиз, тўғрими? Мен, кимсан туман коммунистларининг сардори сизга ўтрик гап айтишга ҳаққим йўқку, тўғрими?
– Ҳаққингиз йўқлиги тўғри, – деди чўпон ва беихтиёр мийиғида истеҳзоли жилмайди.
– Довдирлигингизни қилмасдан тўғри гапиринг-да, бўла, мабодо… ўша эгалик ҳақида бобокалонимиздан қолган васиқани тополмаган тақдиримизда ҳам… шунча йилдан бери халқнинг оғирини енгил қилиб юрган киши сифатида камина давлатдан кичкинагина бир мулкча талаб этишга ҳақлиман-ку, тўғрими? Қолаверса… бу ҳақдаги қарор кучга киради-ю, қачон амал қила бошлайди, ҳеч ким билмайди. Хуллас, ўша масалада бизни астойдил қўллаб қувватлайсиз, керак бўлса, ерли чорвадор ҳамкасбларингиздан ёзма розилик олиб берасиз, деган умиддаман.
– Кучга кираверсин-чи, нарёғи бир гап бўлар, – деди Ҳаким ака бу ёқимсиз “савдо”га тезроқ чек қўйиш мақсадида. Айни пайтда юқори мартабали хешининг “довдир”, деган танбеҳидан зиғирча ранжимади. Бу лақабга кўникиб кетган. Бироқ ичида “нима учун кўпчиликнинг ризқу насибасини таъминлаб, кунига яраб турган шундай катта боғ бир кишининг мулкига айланиши керак?” деган норозилик пайдо бўлди. Наҳотки, шундай адолатсизликка йўл қўйилса, деб ўйлади. Миясига қон тепди, юраги ғашланди. Шунинг оқибатида суҳбат давомидаги бошқа гаплар деярли қулоғига кирмади. Ҳашаматли хизматхона соҳибининг унга бутун бир отар, теварагидаги яйловлар хусусийлаштириб берилажаги натижасида у туманнинг манаман, деган зотларидан бирига айланажаги ҳақидаги узундан-узоқ чиройли гаплари ақалли бир дона тукини қимирлатолмади. Билъакс, кўнглидан бу мазмунли мулоқот учун у қадар жоиз кўринмайдиган бир нақл ўтди: “ўлма, эшагим, арпа ейсан!”
Алқисса, уни бедов юганини боғ томонга буришига биринчи сабаб – муқаддимаси анчайин сержозиба-ю пироварди дилни хира қилган ана шу олиймақом суҳбат эди. Мана ҳозир, боғ айланиб хаёл суриб юрар экан, англамоқдаки, ўртоқ Ўташев жаноблари, бояги мукофотни ҳам бежиз таклиф этаётгани йўқ.
– Қанақа мукофот экан, деб ичингиз қизияпти-я бўла? – кўзини қисди Ўташев. – Ленин орденими, Меҳнат Қизил Байроқ ёки Ҳурмат белгисими, ёки “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган чорвадор”ми деб. Нима қиласиз одену унвонларни, номи улуғу супраси қуруқ, мен сизга… тагингиздаги гижинглаб турган қорабайирга ўхшаган зулукдай ярақлаган қоп-қора “Волга” бераман. Худди ўзим миниб юрганга айнан ўхшаш. Теп-текинга! Тушундингизми? Ишонмаётирсиз-а? Майли, унда эшитинг: Москвадаги Бутуниттифоқ Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмасида ўтказилган халқаро кимошди савдоси чоғида республикамиздан юборилган “антиқа” нусха қоракўл териларнинг ҳар бири хориждаги миллионерларга бир неча ўн минг доллардан сотилган. Ана шу териларнинг бир қисми бизнинг тумандан олинган, жумладан, нақ бештаси сизнинг отар ҳиссасига тўғри келади. Ана шуни ҳисобга олган ҳолда, гарчи ҳар юз қўйдан қўзи олиш сони бўйича олдинги ўринда бўлмасангиз ҳам, кўргазма тарафидан текин туҳфа этилаётган машиналарнинг бирини сизга атаб турибман. Аввали, “Волга”, ҳеч бўлмаганда “Нива” оласиз. Тўғри, текинга машина олишнинг ўзи бўлмайди албатта, кичкина бир… шартимиз ҳам бор. Бу ҳақда сал кейин гаплашамиз…
– Бўла “шарт”и бўлса, бизга тўғри келмасов, умримда… пора бериб, мукофот олмаганман, – деди чўпон ерга қараб.
– Оббо-о, яна довдирлик қиласиз-а, қанақа пора, мен келиб-келиб сиздан, ўз қариндошимдан пора оламанми! Машинани ювиш чоғи ўзингиз… кўнгилдан чиқариб, бирор суюнчи берарсиз, демоқчиман.
– Суюнчи бўлса, жоним билан… аммо-лекин бўла, анови боғни хусусийлаштириш масаласи, менимча узоқ ўйланиб, кўпчилик билан кенгашиб, ҳал қилинадиган масала, агар адашмасам. Мен бир пайтлар, талабалик йилларимда сиёсий иқтисод, деган фанга жуда қизиққан, ижтимоий-иқтисодий формациялар алмашинувида мулкчилик масаласининг ўрни ҳақида бир қанча китоблар ўқиган эдим. Сиёсий иқтисод назариячилари Карл Маркс ва Жозеф Прудон ўртасида шу борада бўлган ашаддий мунозарани сиз ҳам билсангиз керак, Олий партия мактабида ўқигансиз, бири бу муаммони қашшоқлик фалсафасига, иккинчиси эса фалсафанинг қашшоқлигига боғлаган. Ҳарҳолда, умумхалқ истифодасида бўлган мулкларни хусусийлаштиришда ўта эҳтиёткорлик билан иш тутилмоғи шарт.
Шу ўринда муҳтарам китобхоним-ку истеҳзоли жилмайиб қўяр, аммо мунаққидликка даъвогару тирноқ остидан кир қидирувчи чаласавод бир адабиётшунос кас оддий чўпоннинг дабдурустдан сиёсий иқтисод ва мулкчилик муносабатлари тарихидан сафсата сўқа бошлаганидан тааассуфга тушган ва: “ол-а, оддий подачи шунақа гапирадими, китобийлигу схематизм ҳам эви билан-да”, дейиши мумкинлигини сезиб турибман. Ўзим ҳам бу одам билан асардаги бошқа бир қаҳрамон, ҳамкасбим Суҳроб Туробий орқали танишиб, илк бор суҳбатлашганимда шунақа фикрга борганман. Бироқ муфассал мулоқот давомида иштибоҳ чекинди ва Ҳаким чўпоннинг ҳамқишлоқлари томонидан “довдир”, деб аталишига айнан мана шу – ҳаддан ортиқ билимдонлигию, тупканинг тагида юриб, бутун дунёнинг ташвишу ғамлари ила яшаши, кўпчилик фаҳмига етмайдиган мураккаб сиёсий ва иқтисодий муаммолар хусусида анчайин етук олим даражасидай фикрлаши сабаб бўлганини англадим. Зеро азал-азалдан ўз қорнидан бошқа ташвиши йўқ оломон учун бундай кимарсалар телбаю девона, юмшоқ қилиб айтганда “шоир ёхуд довдир” бўлиб кўринади.
Мана шунақа гапу, шунақа сўзлар. Ҳакимбой гап қанақа суюнчи хусусида бораётганини тахмин қилмоқчи бўлди-ю, аниқ бир нарсани тасаввур этолмади. Зеро у шунча йиллик меҳнат фаолияти давомида амалдор қавмининг нафси худди резинка пайпоқ сингари ўта чўзилувчан эканига кўп бор ишонч ҳосил қилган-да. Майли, келаверсин-чи ўша машина, бир ҳисоби бўлар…
Ўқимишли чўпонимизни боғ сайри сари ундаган яна бир сабаб–у муҳтарам туманбошининг серҳашам кабинетини тарк этишга чоғланаётган лаҳзаларда юз берган яна бир “тарихий тўқнашув” билан боғлиқ эди. “Тўқнашув” истилоҳидан мазкур ўринда ижобий маънода истифода этмоқдамиз, зеро Ўташевнинг ҳузурига ҳеч қандай огоҳлантириш ёки рухсатсиз, эшикни учи ўткир амиркон туфлиси ила тепиб кирган олийнасаб меҳмон аввал соҳиби даргоҳ билан қучоқлашиб, лабини лабига қўйиб ўпишиб кўришди.
– Тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деганлари ҳақ гап экан. Шокки, – деди ўрисчалаб афту андомидан осиёлик эканини пайқаш қийин бўлмаган, шарқона япасқи бурни, тақир пешонаси, икки чети пастга осилиброқ кўринадиган кўзлари, жийирилиш орқали эгасининг анчайин баланд кибру ҳавосини яққол акс эттириб турган дўрдоқ пастки лаби Ҳаким чўпонга жудаям таниш туюлган меҳмон у билан қўлларини қаттиқ қисиб саломлашар экан.
Икки қадрдон суҳбати жононида ўзини дарҳол ортиқча ҳис эта бошлаган, бироқ каттаконнинг: “борақолинг”, деган рухсатисиз туёғини шиққиллатолмай турган чўпон бу қадрдон башара-ю сиёқни илгари қайда учратган бўлиши мумкинлигини эслолмай роса қийналди. Ҳар тугул соҳиби жойнинг:
– О-о, нимасини айтасан, Сурико, бундан йигирма йил олдин армияда кирза этик кийиб юрган кезларимизда: “вақти келиб сенинг тупканинг тагидаги туманинггача бораман, авра-астарини ағдараман, қолаверса бутун Ўзбекистонни зир титратаман”, деганингда мутлақо ишонмаган бўлардим, – дея ялтоқланишидан сўнг миясида: “бу ўша – “пахта ишларининг мутаваллилиги ила машҳури олам бўлмиш ўртоқ Итлян-ку!” деган фикр чақнади. Аммо дафъатан бу фикрга ишонгиси келмади: “Наҳотки… бизнинг бўла ўша касофат билан ҳам ош-қатиқ бўлса?” деган иштибоҳ халал берди. Бироқ қуйидаги қисқа таништирувдан сўнг шубҳаю гумонлари пароканда бўлиб кетди:
– Таниш, Сурико, бу бизнинг тумандаги энг илғор чўпон ва энг ҳалол инсон Ҳаким Ўнгалович, сени эса унга таништириб ўтиришимнинг ҳожати йўқ, бугунги кунда бутун жаҳонга машҳур жасур терговчи Сурен Итлянни ким ҳам билмайди дейсан!
– Аҳа, энг илғор ва энг ҳалол, дегин, йў-ўқ, бунақа бўлиши мумкин эма-ас, бизнинг ривожланган социалистик мамлакатда, айниқса бугунги Ўзбекистонда ҳалоллик билан илғор бўлиш мутлақо ақлга сиғмайди. Илғорми, демак режаларни бажаришда қўшиб ёзган, кўзбўямачилик қилган, ҳар қандай мукофотни, мансаб-мартабани пора эвазига олган!
Меҳмон бу гапни тиржайиб, гўёки ҳазил оҳангида айтди. Бироқ чўпон кўрдики, боягина муҳташам кабинетда ўзини соҳиби аврангу тож каби еттинчи осмонда ҳис этиб ўтирган Ўташевнинг ранги бўздай оқариб, силласи сувга тушиб, ҳатто қишлоқча қўпол қилиб айтганда, иштонини ҳўл қиладиган даражага тушди. Ҳайтовур унинг “қуролдош” биродари бояги куфр гапига дарҳол изоҳ берди:
– Ҳазиллашдим-ҳазиллашдим, бу дўстимиз илғор ва ҳалол чўпон бўлсалар, у кишига камоли ҳурмат-иззатимиз садаға! Биз – Москвалик адолатпеша терговчилар бундай кишиларни бошимизга кўтарамиз. Орден-медаллар олиб берамиз, қаҳрамон қиламиз! Аммо… социалистик қонунчиликни бузган, халқу давлат мулкини талон-тарож этганларга мутлақо шафқат қилмаймиз! Сиз, муҳтарам чўпон дўстим, исми-шарифингиз нимайди, умуман олганда бунинг сираям аҳамияти йўқ, агар шу масалада бирор фикрингиз, бизга етказмоқчи бўлган маълумоту ахборотингиз, бирор амалдорнинг таъмагирлиги ҳақидаги шикоятингиз бўлса, мутлақо тортинмасдан мурожаат қилаверинг. Мен сиздай ҳалол ва илғор меҳнаткашлар учун жонимни ҳам беришга тайёрман! Масалан айтинг, мана бу каттакон сизга қандай зуғум ўтказмоқда? Ё бирор мукофот учун пора сўраяптими? Агар шунақа бўлса, армияда бирга хизмат қилганимизни, Чехословакиядаги қонли тўқнашувларда бирга қатнашганимизни ҳам ҳисобга олиб ўтирмасдан, буни дарҳол қамоққа оламан!
Ўташевнинг ранги яна оқарди. Тепакал меҳмон яна иржайиб, ҳазиллашаётганини билдирди, чўпоннинг миясида: “бу икковлон 1968 йили Чехословакиядаги тинч намойишларни қонга ботиришда қатнашган экан-да”, деган ижирғаниш ўтди. Зеро у ана шу миллий озодлик ҳаракати ҳақида “Озодлик” радиосида эшитган ва бегуноҳ қурбон бўлганларга астойдил ачинганди.
– Йўқ-йўқ, аксинча, қуролдош биродарингиз туманимиздагина эмас, бутун Европаю Осиёдаги энг ҳалол ва адолатпарвар раҳбарлардан бири, у киши каминанинг арзимаган меҳнатини юксак қадрлаб, йўқ, дейишимга қарамасдан, катта бир қимматбаҳо мукофотга мутлақо текин тавсия этмоқчи бўляптилар, – деди қитмир ва довдир чўпонимиз меҳмонга ҳамоҳангу жўр ўлароқ “мутлақо”, деган сўзга урғу бериб.
– Аҳа, мана бу мутлақо бошқа гап, – деди меҳмон чўпоннинг елкасига ғамхўрона қоқиб, – унда қуролдош биродаримнинг бу ишини мутлақо қўллаб-қувватлайман!
– Эмасам бизга жавоб берингизлар, давлатнинг қўйлари қаровсиз қолмасин, – деди Ҳаким чўпон.
– Майли, боринг, – деди аллақачон ўзини бу муҳташам хона соҳибининг соҳиби, дея ҳис этаётган меҳмон. – Аммо-лекин ҳали сиз билан яна учрашамиз. Энг ҳалол ва илғор коммунист чўпон сифатида бизга туманингиз, қолаверса, вилоятингиздаги бемазагарчиликлар ҳақида рўй-рост сўзлаб берасиз. Дарвоқе, партия аъзосисиз-а? Гарчи, ҳозирги пайтда бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Кўришгунча хайр!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?