Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Приключения: прочее, Приключения
сообщить о неприемлемом содержимом
Бу қисқа ва кескин суҳбатнинг асл маъно ва мазмуни ҳаво мавжларининг икки томонидаги маслаги муштарак касларга ва зийрак китобхонимизгагина аён. Бошқалар тўғриликча тушуниши ва: “Қаранг-а, қандай филантроп, яъни инсонсевар раҳбар экан бу Ўташев жаноблари” деган хаёлга бориши турган гап.
Алҳол янги бобни дарж этароқ каттаконнинг оддий бир чўпон қўрғонига қилган ташрифи натижа-ю оқибатлари тафсилотига ўтамиз.
19
Каттакон бўла, яъни Ўташев яхши кайфият ва қатъий аҳд билан кетганининг самараю ҳосиласи довдир тақдирида тезда яққол акс эта бошлади. Аввало уни вилоят марказидаги нуфузли анжуманга чақиришди. “Тайёрланиб туринг, нутқ ирод этиб қолишингиз ҳам эҳтимолдан холи эмас”, дея огоҳлантириб ҳам қўйишди. Ва баногоҳ: “Сўз, донгдор ва дипломдор, яъни, олий маълумотли чорвадор, бундан ташқари нафаси ўткир бадиҳагўй бахши шоир чўпон, энг муҳими ноёб инсон Ҳаким Ўнғаловга берилади!” деган бағоят салмоқли ва ёқимли, жарангдор садолар янгради улкан мажлисхона узра.
Довдир минбарда. Унга умрида биринчи марта сўз беришди. Бу Ўташевнинг шарофати. Дарвоқе, у ҳалиги ваъдалашувдан бир ҳафта ҳам ўтмай, кутилмаганда катта-катта лавозимдаги меҳмонлар билан довдирнинг қўрасига ташриф буюриб қолса бўладими! Кимсан, Тўхтабоевнинг ўзлариям келган экан. Довдирнинг оёғи олти, қўли етти бўлиб қолди.
– Уринманг, биз йўл-йўлакай кирдик, – деди Ўташев. – Ўртоқ Тўхтабоев Сувли, Ҳаётбоши томонларни кўриб, Пангатга ўтмоқчилар. Бир олқор овлаб кўнгил ёзмоқчилар, дам олиш ҳам керак, ахир. Сизни илғор чўпонларимиздан, олий маълумотли, шоир чўпон деб мақтадик. Шунинг учун ҳам бир кўриб кетай, суҳбатини олай, дедилар.
Тўхтабоев довдир билан кўришар экан, уни синчковлик билан кўздан кечирди. Кейин жилмайди.
– Олий маълумотли чўпон! Бунинг устига шоир! Зўр, зўр! Маладес, ўртоқ Ўташев! Кадр масаласида балосиз. Умуман, бундай хушманзара жойларда ҳар қандай одам ҳам шоир бўлиб кетади. Нима дедингиз?
– Ҳа, энди…
– Қойил, қойил, – деди завқи келиб Тўхтабоев. – Қаранг-а! Қадимда подшоларимиз ҳам шоир бўлишган. Эндиликда ҳурматли раҳбарларимиз шоир, шоирларимизнинг ўзлари-ку шусиз ҳам шоир, мана энди чўпонларимиз ҳам шоир. Нақадар ажойиб элимиз бор-да. Юртимизнинг гўзаллигини айтинг. Бундай юртда яшаган бирон-бир кишининг шоир бўлмасликка ҳаққи йўқ. Қани, шиғирлардан эшитамизми?
– Луқмон Тоҳировичнинг ўзлари ҳам ишдан бўш вақтларида ғазал ёзиб турадилар, – дея луқма ташлади Ўташев.
– Луқмон Тоҳировичнинг ғазаллари тарихдаги ҳукмдор шоирлар Бобур Мирзо, Ҳусайн Бойқароларникидан қолишмайди, деди туман рўзномасининг бош муҳаррири. Тўхтабоев унга кескин ўгирилиб, ўқрайди:
– Сиёсий савод борми оғайни, Бобир босқинчи, Бойқаро ичувчи бўлган-у! Ўхшатган одамларингизни қаранг-у! Ё… партия сиёсатига қаршимисиз?
– Марказқўмнинг мафкура бўйича котибаси Аъло Раҳимовна яқинда ўтказган йиғилишга бу киши касал бўлгани боис боролмаганди, – изоҳ берди Ўташев. – Узр…
Довдир чечанлик билан вазиятни юмшатди:
– Менимча, Луқмон Тоҳировичнинг ғазалларини… ҳазрати Навоийникига ўхшатсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Чунки ўзлари ҳам узоқроқдан ўша… кишига ўхшаб кетадилар.
Аламзада муҳаррир узиб олмоқчи бўлди:
– Ҳаким ака, сиз Алишер Навоийни кўрганмисиз?
– Киносини, – дея унинг оғзига урди довдир. – Айтишларича, кинодаги актёр – Раззоқ Ҳамроев ул муҳтарам зотга қуйиб қўйгандай ўхшар экан.
Довдирнинг хушомадидаги истеҳзони сезса ҳам сезмасликка олган раҳбар ижод борасидаги мунозарага кинояомуз нуқта қўйди:
– Асарларни тўплаб китоб қилиш керак, оғайни, – деди Тўхтабоев. – Сизнинг истеъдодингиз маҳсулотидан халқимиз баҳраманд бўлсин.
– Шундай ниятим бор, – деди секингина довдир.
– Ниятингизга етказамиз. Исмингиз нима эди, Ҳаким, дейсизми, демак “Девони Ҳакимий” бўлади. Агар бирон ёрдам керак бўлса, берамиз. Тегишли ташкилотлар билан гаплашиб, бир ҳафтада чиқариб юборамиз. Бир-икки адабиётшуносларга тайинлаб, матбуотда мақтаттирамиз, уларнинг тарбиявий аҳамияти тўғрисида қарор қабул қиламиз. Кейин… мактабларга тарқатиб, ўқувчиларга ёдлаттирамиз. Қарабсизки, катта шоир бўлиб, тарихдан жой оласиз.
– Катта раҳмат, ғамхўрлигингиз учун, Луқмон ака.
– Вилоятимиздаги барча мактабларнинг ўқувчилари Луқмон Тоҳировичнинг ғазалларини ёддан билишади, – ялтоқланди муҳаррир. Тўхтабоев энди бироз юмшаб, лаганбардор мулозимга маъқулловчи нигоҳ ташлади. Сўнгра довдирга ўгирилди:
– Хўш, энди ўртоқ…
– Ўнғалов, – дея изоҳ берди Ўташев.
– Ўнгалов! Қани, бир талантингизни кўрсатиб шеърлардан ўқинг-чи. Йўқ, шошманг. Яхшиси, бундай. Яқинда бир катта кенгаш ўтказаяпмиз. Ўшанда сўзга чиқиб, тажрибаларингиз, ютуқларингизнинг сирлари ҳақида гапирасиз ва битта зўр шеър ўқиб берасиз, келишдикми?
– Хўп бўлади, – деди довдир икки қўлини кўксига қўйиб.
Ўташев ҳам бу гапга ҳеч нарса дея олмади. Ҳолбуки, довдир ўртамиёна чўпон. Рекордчи эмас. Қолаверса, унинг ақалли бирорта орден-медали ҳам йўқ. Тепадаги мулозимлардан айримлари эътироз билдириши мумкин. Аслида у ҳалиги мукофот масаласини унча катта шов-шув кўтармасдан, ими-жимида қилишни мўлжаллаганди. Ҳай, майли, бир ҳисоби бўлар…
Довдир Ўташевнинг хаёлидан ўтган гапларни пайқади. Мийиғида кулиб қўйди.
Мана кенгаш. У минбарда. Ҳаяжонланаяпти…
Кеча Нурқобил, Ўташев уни роса пишитишди. Ўташевнинг шахсий мирзоси – туман рўзномаси муҳаррири ўринбосари, шоир Ҳамидулло Пўлотий унга нутқ ҳам ёзиб берди. У кечаси билан нутқ ёдлади.
– Ўзимизга юқори, ўрта ва қуйи ташкилотлардан берилаётган қимматли кўрсатмаларни изчил бажара бориб ҳамда ўлка, воҳа, вилоят миқёсидаги кенгаш ва йиғилишлар қарорларини ҳаётга оғишмай татбиқ этиб, ўзаро мусобақани кенг қулоч ёздириб юбориб, ғамхўрликлардан чексиз илҳомланиб ишлаб, юксак натижаларга эришмоқдамиз, – деб бошлади нутқини довдир. Кейин совхоз ҳақида озгина гапирди-да, ўзининг мақтанишга арзимайдиган ўртача кўрсаткичлари ҳақида кўп тўхталиб ўтирмасдан, улуғвор режаларга ўтиб кетди.
– Келгусидаги мўлжалларимиз янада улкан. Ҳозир масъулиятли мавсум – қўзилатишни авж олдирмоқдамиз. Ҳаммамиз учун ҳурматли ўртоқ Тўхтабоев отаримизда бир неча марта бўлиб, ишимизни яхшилаш юзасидан қимматли маслаҳатлар бердилар. Шунинг натижасида қўйларимизнинг аксарияти эгиз туғмоқда. Фақат бизнинг отарда эмас, қўшниларимизда ҳам шу аҳвол. Совлиқларимиз муддатидан бирмунча олдин ёппасига қўзилашга киришдилар. Бунинг учун сизга воҳамизнинг барча чўпонлари номидан чексиз миннатдорчилик билдиришга рухсат этгайсиз, азиз ва мўътабар ўртоқ Тўхтабоев!
Энди талаб ва топшириқларга биноан шеърий машқларимдан биттасини ўқиб эшиттиришга рухсат бергайсиз:
Юз қўйдан уч юзтага етказиб қўзи олган рекордчи чўпон дўстимга!
Қир-адирда яйрар сенинг қўю қўзинг,
Доим баланд чўққиларни кўзлар кўзинг.
“Олға юринг!”– ҳамкасбларга айтар сўзинг
Минг офарин, баракалла, қойил сенга.
Юз-икки юз – планларни дўндирасан,
Бир ёнига қўша нолни қўндирасан.
Керак бўлса йўғини ҳам йўндирасан
Минг офарин, баракалла, қойил сенга.
Бир отардан уч-тўрт отар ясаб қўйдинг,
Тежамкорсан, қўй ўрнига эчки сўйдинг.
Томоқдан ҳам қисдинг, емай ялаб тўйдинг
Минг офарин, баракалла, қойил сенга.
Қўй-қўзингга дала-яйлов тўлиб кетди,
Итларинг зўр, бўри-тулки ўлиб кетди.
Чашмизирак қоракўлзор бўлиб кетди
Минг офарин, баракалла, қойил сенга.
Кўксинг тўла орден-нишон, армонинг йўқ,
Доим рост гапирасан, ёлғонинг йўқ.
Олға дейсан, тўхтамоққа имконинг йўқ,
Жонгинангга тўзим берсин, қойил сенга.
Тўхтабоев Ўташевга нимадир деб шивирлади. Кейин билдик-ки, у киши: “Ну заче-ем, ахир бўри билан тулки ҳам яшаши керак-ку она табиат қўйнида”, деган донишмандона танбеҳ берган эканлар туманбошига. Ўташев олдинги қаторда ўтирган Пўлотийга еб қўйгудек бўлиб қаради: бунақа бўш шеърни “бўлади” деб ўтказиб юборганини қаранг. “Тўлиб кетди”, “ўлиб кетди” эмиш. Шундай тантанали анжуманда бундай ёқимсиз сўзларга бало борми?
Қўлларни қавартирувчи гулдурос қарсаклар… Овоз пайчаларини йиртиб юборувчи наърадор олқишлар… Ўташев Тўхтабоевнинг қулоғига нимадир деди. У маъқуллаб бош ирғади. Довдир ўзида йўқ хурсанд.
Ўташев ҳам пировардида барибир хурсанд бўлди. Чунки вилоятбоши унинг режасини маъқуллаган, “сал телбанамо бўлсаям, оригинал нусха экан” деди Ҳаким чўпон ҳақида. Лекин қувончи бунақага айланишини билмаган экан. Нега? Негаки, довдир уни гўсхўр, яъни ҳариф қилмоқчи бўляпти. Шундай одамни-я!
Ўташев эса келиб-келиб ўша баттол довдирга ишонгани учун пешанасига муштлаб ўтирибди. Ахмоқ бўлмаса, ўша қитмир билан юмуш қиладими…
Нима бўлди дерсиз. Нима бўларди, довдир яна қовун туширди. Ўша кунги келишувига кўра Ҳаким довдирга бир “Нива” мукофотга бериладиган бўлди. Машина тўйгача олдин довдирникида, кейин бошқа ишончли жойда туради. Кейин сотилиб, пули Тошбўри билан Ойсифатнинг тўйига харжланади.
Довдир машинани олиб келиб қўрасига киритгунча яхши эди. Икки-уч ойдан кейин Бойқувват “Нива”ни олиб кетиш учун борса, тўнини тескари кийиб олганмиш.
– Ҳаким ака, мошинни опкетсак дегандик.
– Қанақа мошинни?
– “Нива”ни-да, бизнинг “Нива”ни!
– Сизнинг “Нива”ни? Ўв, ука, жийда-пийданинг тагидан ўтиб келдингизми, сизларни “Нива” бу ерда – тоғ орасида нима қилади?
– Хўп, ана боринг, сизнинг “Нива”ни!
– Э, ҳа, бизнинг “Нива”ни денг. Хўш, биз мукофотга олган “Нива”га сизнинг неча пуллик ишингиз бор?
– Энди… Бизга… сотдингиз ҳисоби-да! Топшириқ шундай. Акам айтди.
– Москвадай жойдан мукофотга келган мошинни сотиб… жинни бўлганим йўқ.
Хуллас, у деса у депти, бу деса бу депти, кўнмапти. Охирида “Майли, номардлик бўлмасин, мана, суюнчисига битта қўчқор бераман, аслида шуниям бермаслигим керак эди, пора деб ўйлашлари мумкин, ҳамонки, бир томони ақрабочилик, иккинчи тарафи келгусида қудачилик ниятида экансизлар, қуруқ кетманг,” дебди. Бойқувват қарайдики, сал бўлмаса шундан ҳам айниб қоладиган. Индамай қўчқорни олиб қайтиб келаверган. Ўташев очкўз укасини роса сўккан. “Гадоймисан, ўн беш минг долларлик мошиннинг жаддига битта қўчқор олиб, гўсхўр бўлиб келаверадиган, эшшак!” деган. “Суюнчига берди-да”, деган Бойқувват йиғламсираб.
Шундан кейин Ўташев: “шошмай тур, ҳали шундай хонаси келадики, онадан туғилганингга пушаймон қилдираман”, деди-ю, тишини тишига қўйиб юрди. Бир йиғилишда довдирни кўриб, ишхонасига чақирди. Ясама кулги билан ўпкаланди:
– Бу, қариндош, йигитнинг гапи битта бўлгич эди. Орқага… сийворибсиз. Сал тушунмадик бу ишингизга.
– Аввало… Сиздай оқилу доно, маданиятли одам… ношоён сўзлар айтиб, оғзингизни ҳаром қилишингиз яхши эмас. Иккинчидан… Нимасига тушунмайсиз, – деди довдир кулиб. – Ҳаммаси келишилгандай. Тўйдан кейин келин-куёвга совға қиламан.
– Энди… узр-ку, агар қўпол гапирган бўлсам, ўзингизам… анови Бойқувватга битта қўчқор бериб, тўғри қилмабсиз, “пора” дейилади қонунда бунақа арзимаган “ҳадя”лар. Майли, ҳалиям мен кечирдим. Чунки бўлғусида қариндошмиз. Мошин масаласида мен ҳам ўша ниятдаман. Бироқ биласизми… ўшанда… бир нарсани ҳисобга олмаган эканмиз. Ҳозир ўзингиз тушунасиз, “Нива” тугул оддийроқ бир “Жигули” олиш осон эмас. Камёб мошин, унча-мунча отлиққа ҳам йўқ. Унинг бир оз харажати, ҳалиги нима эди, ҳа, “шапка”си бор экан. Тўлашга, хуллас, анчагина харажат тортишга тўғри келди. Ахир қўлда фалон пул… Сал бундайроқ сотиб, тўйнинг харажатларини қоплармиканмиз, дегандим. Болаларга бошланишига “Москвич-посквич” олиб бериб турсак ҳам бўларди.
– Сотсак қанчага оларкан, ҳозир? – деб сўради ўзини овсарликка солиб довдир.
Ўташевнинг юзида жонланиш ифодаси пайдо бўлди.
– Камида ўн беш минг доллар. Харидор бор. Сизга… майли, яхши хизмат қилдингиз, икки мингини бераман.
Ўша пайтлар советнинг пули тобора қадрсизланиб, олди-сотдиларда америка пулига эндигина русм бўла бошлаганди. Шунинг учун Ўташев қўшимча изоҳ берди:
– Бу ўзимизнинг пулнинг икки ярим баравари. Тушуняпсизми!
Довдир аввалига уқувсизроқ мутойиба қилди:
– Советнинг гулдай мошинасини империалист Американинг чиркин долларига сотсак… социалистик ватанга хиёнат бўлмасмикан ишқилиб? Коммунизм қурувчисининг ахлоқ Кодексига, адолатли совет қонунларига зид эмасми, бўла?
– Қўйинг унақа демагогияни, доллар – халқаро валюта, бутун жаҳон у билан савдо қилади. Ҳадемай унинг битта қоғозига советингизнинг пулидан бир қопини алмаштирадиган бўласиз.
– Во-о, қиззиғар-ей, шунақа бақувват пулми Американики? Қаранг-а!
– Шунақа. Хўш, нима қилдик. Харидорни чақиртирайми?
– Бир ўйлаб кўрай, бўлажон, – деди довдир. – Биласиз, яхши бор, ёмон бор. Бирон йил муҳлат беринг. Атрофлича ўйлайин.
Ўташевнинг жони ҳалқумига келди. Қани энди, иложини топса-ю, бу галварснинг бурнини стол устидаги манови “Ахлоқ кодекси”ю “Қонунлар мажмуаси”га роса ишқаласанг-да, кейин девордаги СССРнинг биринчи (ва охирги эскартиш бизники) президенти расмини шартта олиб, калласига солсанг. Ҳа, аттанг, замон кўтармайди. Ҳозир демократия ва ошкоралик даври.
– Боринг, ўйланг, – деди зарда билан,– умрингизнинг охиригача ўйланг. Лекин эҳтиёт бўлинг, кўп ўйлаб, бундан ҳам баттар савдойи, охири ғирт тентак бўлиб қолманг…
Кеча эшитса, девона чўпон “Нива”ниям ҳалиги етимхонага туҳфа этибди. Вой аҳмоқ, вой дуррак, вой нон емас чувринди!
Мана шунақа гаплар. Унга, Чашмизиракнинг кўзириман, деб юрган Шоқувват Ўташевга фириб беришди. Икки йилгина аввал бўлсайди… Кўзига кўрсатардику-я бу нонтепкиниям, бошқалариниям.. Эҳ, эсиз… эсиз. Замон бошқа… қайта қуриш, жадаллаштириш, демократия, ошкоралик.
Аслида аввалроқ, мисол учун чўпоннинг транзистор радио орқали “Америка овози”ни эшитиб юрганидан хабар топган кунларида… Ёки бўлмаса ҳув ўшанда, Тўхтабоев билан довдирнинг отарига иккинчи марта борганларида жойини солиб юбориш керак экан лаънатининг. Жуда қулай маврид келганди-я ўшанда. Лекин Ўташев бағрикенглик қилди. Мактабдошлик, ҳамқишлоқлик, қолаверса, бўлғувси қариндошлик ҳурматини ўйлади. “Султон суягини хўрламайди, камина аллақанақа зоти пастлардан эмаксман-ку оддий бир чўпон билан пачакилашиб юрадиган. Мен султонман, у эса чувринди бўлсаям аймоқдошим. Акс ҳолда, бу бефаросат, вайсақи довдирни ё “сиёсий жиҳатдан” айблаб, ёхуд қўтонидан кўкнор ширасими, автоматми, патрону гранатами топтириб, қаматиб юбориш мумкин эди.
Тўхтабоев ҳам қизиқ. Кўр кўрганини қўймайди, деганларидек, Сувли томонга ўтар бўлса, “Ҳалиги шоир чўпонни бир кўриб ўтайлик” дейди. Ўша сафар ҳам маишатдан сўнг довдирнинг қўрасига тушиб, унинг алмойи-жалмойи гапларини эшитгиси келиб қолди. Суҳбат яхши бошланди-ю, охирига бориб тахирлашиб кетди.
Тўхтабоев бепоён даштларга, уфққа туташиб кетган кенгликларга ютоқиб тикилди. Нуробод тумани майдони Хоразм вилоятидан катта. Унинг ҳудудига Европадаги икки-уч давлатни жойлаштириш мумкин.
– Қани энди… бу даштларга пахта эксак. Афсуски, сув… Ничево! Сув бўлади. Айтгандай, Ўташевич, нимага бу даштда бунча қабристон кўп. Майда-чуйда қабристонлар. Бунинг устига очиқ-сочиқ? Ну заче-ем?
– Эскилик сарқити, Луқмон Тоҳирович. Ҳар бир уруғнинг, аймоғу қабиланинг қабристони алоҳида. Биз бу масалада ҳам хутор системасини тугатиш, қабристонларни ҳам марказлаштириш чораларини кўряпмиз. Ахир доно партиямиз келгусида ҳеч қанақа миллат бўлмайди, СССРдаги барча аҳоли ягона “Совет халқи”га айланади, деган ғояни илгари сурмоқда.
– Тўғри айтасиз, мен ўзи шу “миллат” деган сўзниям ёмон кўраман. Қандайдир агрессив маънога эгадек туюлади. “Халқ”, деган сўз менга кўпроқ ёқади. Қофиялашга ҳам қулай. Мана масалан: “Эй она халқ, қуёшдай балқ, оёққа қалқ!” Лекин яйловларга пахта экилса хўп бўлиб беради-да. Ахир, минг йилдан бери қўй боқилади. Маҳаллий ўғитга тўлиб кетган.
Довдир гапга аралашмоқчи эмасди. Лекин шайтон тилининг тушовини узиб юборди. Тиржайиб истеҳзоли гап қўшди:
– Мозоротларниям текислаб пахта экиш керак. Қабристондаям… ҳосил жуда мўл бўлади. Ахир, улардаям асрлар бўйи одамлар чириб, ўғит бўлиб ётибди.
Тўхтабоев кўзини олайтириб қаради. Довдирнинг тиржайиб турганини кўриб “Лақма чўпон ноўрин ҳазил қилди-да” деб ўйлади шекилли, шаштидан тушди. Кулиб, довдирга масхараомуз савол берди:
– Ну заче-ем? У ҳолда… сиздек азиз яйлов баҳодирларини қаерга кўмамиз?
– Куйдириб кулимизни аэропландан пахтазорларга сепиб юбораверамиз. Ахир буям ўғит-да. Бир китобда ўқигандим кулнинг турган-битгани калий экан. Ҳиндистонда шунақа қилишаркан. Шунинг учун пахтасига ўғит ҳам солишмасмиш. Ҳосилиям зўр экан. Мана, бизнинг даштдаги ғаллазорларгаям аэропландан ўғит сепишади-ку.
Тўхтабоев Ўташевга қаради. Ўташев овозини пасайтириб “Сал савдойироқ, ҳалиги йиғилишда кўрувдингиз-ку” деди. Тўхтабоев яна тинчланди.
– Мулоҳазаларингиз яхши, оғайни. Илмий фикрлайсиз. Лекин шуни билиб қўйинг, Ҳиндистонда пахта ҳосилдорлиги биздан икки баравар орқада. Ҳосилдорлик бобида биз дунёда биринчи ўринда турамиз. Сиз фирқа аъзоси, олий маълумотли чўпон бунақа фактларни билмаслигингиз уят. Газета ўқиш керак!
Довдир нафаси ичига тушиб жим қолди. Ҳақиқатан ҳам газета ўқиб туриш керак, деб ўйлади шекилли. Кейин Ўташев довдирни четга имлаб койиди:
– Каллангиз борми? Сиёсатга қарши гапирасиз-а! Пахта бизнинг миллий бойлигимиз, ғуруримиз, ифтихоримиз-ку!
– Кечирасиз-у, лекин халқимизнинг пахтадан бошқа бойлиги, ғурури, ифтихори йўқми? Чорва-чи? Бизлар бекорга ўлиб-тирилиб тоғу тошларда ириб-чириб юрган эканмиз-да! Мевазор, боғларимиз-чи, ширин-шакар қовунлар-чи? Достону эртакларимиз-чи, булар бойлик эмасми? Яхши одамлар ҳам бойлик, ифтихор…
– Э, эзмалик қилиб гапни чувалаштирманг, сизга ўхшаган одамлар агар бойлик бўлса… бунақа бойликни биров бир пулга олмайди. Бозори чаққонлик бобида ҳозир биринчи навбатда “оқ олтин” туради. Уни тобора кўпайтириш бизнинг байналмилал бурчимиз, бизни арзон ун, шакар билан таъминлаётган Москва олдидаги қарзимиз, тушунаяпсизми ўзи? – Ўташев бирдан овозини пасайтирди: – Давлат сири бўлса ҳам айтаман, ақлингизни киритиш учун. Пахта… атом бомбаси ишлаб чиқаришда, космосга ракета учиришда ҳам ишлатилади. Билдингизми? Сизни яна мақтаб ўтирибман-а, олий маълумотли чўпон, деб. Қамалиб кетманг яна!
– Тавба қилдим, ака! Тил қурғур суяксиз.
– Бўпти, бу ёғига эҳтиёт бўлинг. Ғоявий зарарли гапларни чулдираб юрманг. Сизга ярашмайди. Анови… “Озодлик”ми, “Америка садоси”ми, радиосини эшитишниям бас қилинг. Билъакс, уйингиздаги радиониям, телевизорниям мусодара эттириб, устингиздан жиноий иш очиртирвораман. Хўпми?
– Хўп, ака!
Ўшанда уни…
Тақдир бир ҳазил қилишни бошласа, ёмон ёпишар экан. Довдир билан суришиб юрганларида Нурқобил билан Маъсума ҳақида гап чиқди. Улар институтда бирга ўқишганини Ўташев биларди. Бошда жиддий эътибор бермаган. Яқиндан бери бу ҳақда такрор-такрор ўйлайдиган бўлиб қолди. Бу фактдан пайти келганда истаганча фойдаланиш мумкин, деган хулосага келди. Бугун ўйлаяптики, уларнинг илгаридан алоқаси, лоақал муносабати бўлган. Эҳтимол, Бўтаевнинг хотини ёш ўлиб кетишига ҳам шу муносабат сабаб бўлгандир? Наҳотки, буни Ўташев сезмади, наҳотки, шу пайтгача бирон бир белгиси ошкор бўлмади. Йўғ-е, бекорчи гапдир. Ахир, Маъсума – қишлоқ совети раисининг муовини, раҳбар аёл. У обрўсини, иззатини ҳамма нарсадан юқори қўяди. Мумкин эмас. Ўташев хотинини қачонлар марказга кўчириб кетмоқчи эди. Аммо у кўнмади.
– Шу ерда ҳовли-жойимиз бор, ишим шу ерда. Нима қиламан шаҳарда. Сизам шу ердан қатнайверинг. Ярим соатлик йўл. Тагингизда машина тайёр.
Ўташев йўқ дея олмади. У ёш, эрка хотинининг кўнглига қарарди. Қолаверса, унинг гапи тўғри. Туман марказига кўчса, бу ҳовлини, бунча дов-даскани кимга ишониб қолдиради. Бойқувват ўзи билан ўзи овора. Кейин Тошбўри шу ерда. Унга қараш керак. Хуллас, шу ер тинч деб ўйлади.
Энди билса тинч эмас экан. Бу зоти паст Нурқобил зимдан иш битириб юрганга ўхшайди. Хотинини гўрга тиқиб, ўзи бу ёқда айш қилиб юрган экан-да, ифлос.
Ўташев аввал Бойқувватни чақирди.
– Менга қара, ука, анови битлиқи чўпонвачча аблаҳга айт. Қадамини ўйлаброқ боссин. Ким билан ўйнашаётганини биладими? Изини қуритиб юбораман. Сен унга киши билмас қилиб айт. Яна қишлоқда миш-миш болалаб кетмасин. Хуллас, эси борида этагини ёпсин. Бўлмаса соғ қўймайман.
Бойқувват дадил бўлиш учун озроқ ютиб олди-да, директорнинг олдига кирди. Унинг олдида аксига олгандек, Ҳаким довдир ўтирган экан. Бойқувват ундан аламзада эмасми, чиқиб кетишини кутмай бошлаб юборди.
– Эй, – деди довдирга қараб, чунки Нурқобилнинг юзига тик боқиб барибир гапиролмади. Ҳар қалай хўжайин-да. – Бу хешингга айт, янгамга… илакишишни йиғиштирсин. Бўлмаса акам, энасини…
– Қўй, ука, ўпкангни бос. Уйингга бориб яхшилаб дамингни ол, – деди довдир хотиржам. – Совхознинг катта бир раҳбари ичиб юрганини кўрса, одамлар нима дейди, ахир. Кейин акангга айт, бировнинг энасига ёпишгунча, бор куч-ғайратини хотинига кўрсатсин. Шунда ортиқча гапларга ҳам ўрин қолмайди.
– Сен ҳам кўрасан, шошмай тур, – деди Бойқувват муштини дўлайтириб, – ҳамманг кўрасан. Ётиб ялинасан ҳали.
Кейин сўкина-сўкина чиқиб кетди…
Ўташев хотинига ботинқирамай сўз қотганди, жеркиб ташлади.
– Сассиқ гапларга ишонадиган бўлсангиз, гаплашмайман сиз билан.
Бунақа ўктамона гапни Ўташев кўтаролмади:
– Хоним, шуни билиб қўйингки, бирор шубҳали қадамингизни сезсам, ҳайдайман, ҳайдамасам ҳам зимдан “Васиятнома” ёзиб, меросдан буткул маҳрум этаман. Самарқанддаги, Тошкенту Москвадаги, Қримдаги кўчмас мулклар, миллион-миллион пулларнинг барчаси… Тошбўрига қолади.
– Менга ҳеч нарса керак эмас…