282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 20

Читать книгу "Қуёш ботаётган пайт"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 08:00


Текущая страница: 20 (всего у книги 25 страниц)

Шрифт:
- 100% +
4

Ҳаким чўпоннинг отари ҳамишагидай озода, файзли ва саранжому саришта, кўрган одамнинг кўзи қувонади. Салкам бир ярим мингта қўй боқиладиган қўра-қўтону бостирмалар ҳафсала билан тозаланган, шунча ушоқ мол сақланадиган ҳайҳотдай жойда бир дона қий ё бирор ем-емишнинг ушоқдай қолдиғию чиқиндиси йўқ. Бир гал шаҳардан келган текширувчилардан бирининг: “бу қўйларнинг қийи қани, оқсоқол?”деган саволига афанди чўпон: “жониворларнинг барчасини ҳожатхонага қатнашга ўргатганмиз”, деб жавоб қайтариб роса кулдирган. Сирасини айтганда бундай сўлим, хушҳаво жойларни тоза тутмасликнинг ўзиям увол-да! Бир қир нарида серсув ва шифобахш булоқ, нариёғидан қуюқ арчазор ўрмонлар бошланиб кетади. Икки дара ошилса, Нурқобилнинг боғлари. Нурқобилники эмас-э, давлатники, халқники. Ҳаким довдирнинг иддаосига кўра эса кейинги пайтларда “давлатники, халқники”, дегани ҳеч кимники эмас, эгасиз, қаровсиз, деган маънони англатадиган бўлиб қолди. Ўташевларнинг ҳалигидақа гаплари ҳам шу муносабат билан пайдо бўлганига шубҳа йўқ. Қаранг-а! Бир хил жонивор бўлар эмиш: табиатда юз берадиган кескин ўзгаришларни беш-олти йил олдин сезадиган. Ўташевлар эса жамиятнинг шу каби жониворлари бўлса, не ажаб. Аммо… ижара ва хусусийлаштириш ҳақидаги қарору қонунлар чиқса, чорва, боғу-роғларни истаган кимса бепўш-пўш эгаллаб олишига йўл қўйилмаса керак. Нурқобил ҳам қараб турмайди. Тассарруфидаги боғлар, Ҳаким чўпоннинг фараҳбахш ҳаволи отарию шунча қўй-қўзиси қонунан ҳалол расамад этилиши учун курашади албатта. Ишқилиб ҳокимнинг “тайёр луқма” борасидаги таклифини рад этиб, тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйган бўлмасин-да…

“Йиғлаб борсам, ҳўнграб чиқди”, деганларидек, Довдир салом-алигу бир пиёла чой, бир қоса қўйнинг қатиғидан сўнг, ҳозиргина Нурқобил кўксидан ўтказиб келаётган мавзуда ҳасратини бошлаб қолди:

– Бизнинг отарга эга топилибди! Эшитдингизми?

– Эшитмаган бўлсам ҳам аниқ айтишим мумкин. Ва ўша одам ёки одамлар эрта-индин бизнинг боғларга даъвогар бўлиб чиқса сираям ажабланмайман.

– Ҳа, Бойқувват Ўташев ижарага олармишлар. Бу уккағарлар сира тўймас, сира тинчимас эканда-а, Нурқобилбой, нима қиламиз, қўл қовуштириб ўтираверамизми яна?

– Ҳаким ака, нимага бунча ташвишланасиз. Қонун-қоида бор, элу халқ жамоатчилик, дегандай…

– Э-э, худди Ўташевларни билмагандай гапирасиз-а! У мардум эртага қичийдиган жойини олти ой олдин қашиб қўяди. Ҳойнаҳой, бизнинг отарниям, сизнинг боғларниям керакли одамлар билан гаплашиб, аҳолининг розилигини олиб, тегишли ҳужжатларни тахтлаб, аллақачон ўзлаштириб қўйган бўлса керак.

– Аввалги сафар эсингизда бўлса, қанча чиранмасин, директорликни укасига олиб беролмаганди. Худо ҳоҳласа, бу гал ҳам…

– У пайтлар социализм эди бўтам, ҳозир… феодализмми, капитализмми, аниқ айтолмайман, гарчи бир пайтлар жамиятшунослик фанидан аълога ўқиган бўлсам ҳам. Фақат бир нарсани аниқ сезяпманки, пули кўпнинг кетмони учяпти. Энди сиёсий иқтисод тарихини суйиб ўрганган чўпоннинг гапини эшитинг: Европада Жозеф Прудон, деган жамиятшунос олим ўтган, эшитгандирсиз. Инсониятнинг барча кулфатлари мулк масаласига бориб тақалади, деган. Мулксиз, ишсиз, кўчада қолган халойиқ яна ўн еттинчи йилдаги сингари тўртта бузғунчининг измига кириб, тўнтариш қилмаса, деб қўрқаман. Тарихнинг сабоқлари аччиқ.

– Э, қойил, Ҳаким ака, унча-мунча олимнинг хаёлига келмайдиган гапларни айтасиз-а!

– Билади, керакли китобларни ўқиган… ҳар қанақа аҳмоқ билади буни. Хуллас, мен тунов кунги қарорни ўқиб, шундай мўлжал қилгандим: отарни Эшпўлат билан Очилбойга тенг бўлиб бериб, ўзим нафақага чиқсам-да, мазза қилиб ижод этиб юрсам. Менга мулкнинг кераги йўқ. Ойсифат шаҳарда ишлаётир, Тўхтарбой ўқишда. Битказиб қишлоққа қайтмоқчи эмас. Бола пақир ҳалиям ўша – раҳбар ходим бўламан, деган орзусидан воз кечгани йўқ. Туриб-туриб ўйлайман, кимнинг устидан кулсанг, ўшанинг аҳволи болаларинг мисолида олдингдан чиқади, дейишади. Бўлаваччамиз Шоқувват Ўташевнинг мансабпарастлиги шу ўғлимизга юққан шекилли. Хуллас, эшитдимки, Ўташев укасига Сувлидара атрофидаги барча мулкларни, еру сувларни хусусийлаштириб бериш ҳаракатига тушибди. Бойқувватбой эллик грамм ичса, фақат шундан гапирадиган бўп қолибди. Бизга узоқроқ бўлсаям хешу ақрабо сифатида ҳиммат кўрсатмоқчи эканлар: “Майли, ёрдамчилари билан биргаликда бизга ёлланиб ишлайверади, маошини давлатникидан икки баравар кўп тўлаймиз”, дептилар. Шунга… анчадан бери оғримай кетган юрак қурғур икки кундан бери санчиб–санчиб қўяётир. Менку, ҳеч нарса йўқотмайман. Лекин… Эшпўлат билан Очилбой нима қиладир? Бечоралар ҳозирдан Россияга мардикорчиликка кетиш ҳаракатига тушишган. Нималар бўляпти ўзи? Одамга алам қилар экан Нурқобил, ука. Агар… яна ўшалар айтгани-айтган, дегани-деган бўладиган бўлса, бунинг устига бояги гапингиз тўғри чиқиб, сизнинг боғларни ҳам эгаллашса, менинг бу… қўтир дунёда яшашимнинг мутлақо қизиғи қолмайди.

– Унақа деманг, турмушдаги нотекисликлар устидан кулиб, ҳамиша бизни ҳаётни севишга даъват этиб келган одамсиз.

– Э-э, ука, мен сизга айтсам, бу дунёда кулиб яшашдан қийини йўқ экан. Қайтанга… бир умр йиғлабсиқтаб ўтган афзал экан. Ўлсин бу кулги, юракни адо қилди…

Нурқобил қадрдон оғасига нима деб далда беришни билмай бир неча сония жим қолди. Ҳув ўшанда унга ҳокимнинг таклифини рад этганини айтмаганди. Энди айтса, ҳозир ҳасратидан чанг чиқиб кетса керак. Суҳбат орасида уй эгаси Нурқобилга яхши маълум яна бир дардини дастурхон қилди:

– Ойсифат қиз ўлмагур ҳам… гапга кирмай чарчатди мени. Биринчи марта очиқча гаплашдим юзимнинг пардасини сидириб, “Онангни адо қилдинг-ку қачон эрга тегасан, Тошбўридай муносиб йигитни ноумид қилма, бу ношукурлик, нонтепкилик бўлади” дедим. Бечора йигит, Ойсифатнинг яқинида бўлиш учун, бу ердаги катта лавозимдану, тоғасиникидаги шоҳона ҳаётдан ҳам воз кечиб, шаҳарга бориб, оддий ишга қаноат қилиб юрган экан. Саркаш қиз эса: “Тошбўрида кўнглим йўқ, яхши кўрмаган кишимга қандай тегаман, наҳотки ёлғиз қизингиз бир умр йиғлаб ўтишини ҳоҳласангиз” дейди. Мен унга ишқмуҳаббат, деганлари хаёлий, китобий нарса, одам агар ҳаётнинг, тирикликнинг моҳиятини чуқур англаса, севгисиз ҳам бинойидек яшаши, бахтли бўлиши, фарзандлар тарбиялаб, уларнинг орзу-умидини кўриб, олдига қўйган бошқа мақсадларига эришиб, бу дунёдан беармон ўтиб кетади, дея тушунтиришга кўп уриндим. Бувию оналаримиз эрларини илк бор чимилдиқда кўришган, бу уларнинг саодатманд турмуш кечиришларига асло монелик қилмаган, дедим. Қулоғига кирмайди. “Ҳозир замон бошқа, севмаган кишинг билан яшагандан кўра тоқ ўтган афзал”, дейди. Ўргулдим замонингдан. Ўзимдан ҳам ўжар чиқди бу қиз. Эмасам, юравер шунақа… менинг бошимга ёстиқ бўлиб, дедим.

– Ҳаким ака, сиз куйинманг, Ойсифат ақлли қиз, ўйлаб-ўйлаб, барибир кўнади. Муҳими, Тошбўри аҳдида қойим, нияти жиддий эканини исботлашга қаттиқ киришган. Мен у билан бу ҳақда гаплашган эдим. Алпомишлару Фарҳодлардан гапирди, қанча кутиш лозим бўлса кутаман, қанақа шарти бўлса бажараман, шу қизга уйланмасам, дунёдан тоқ ўтаман, деди.

– Ишқилиб айтганингиз келсин. Яна бир дардим бор: Тўхтарбой укангиз “Орзу” жамғармасига ариза берган экан ўқишини хорижда давом эттириш борасида. Рухсат бўлибди. Шунгаям дилгир бўлиб ўтирибман.

– Ие, нимага дилгир бўласиз, қувонмайсизми? Қайси давлатга?

– Англияга.

– Яхши-ку.

– Яхшиликка яхши-ю… У мамлакатларда эркинлик. Ёшлар озод ҳаволарда ўзини йўқотиб, турли йўлларга кириб кетиши осон-да, шуни ўйлаётирман.

– Сизнинг ўғлингиз ҳеч қанақа ёмон йўлга кирмайди, хотиржам бўлинг.

– Астағфирилло, денг, Нурқобилбой, ҳар биримизнинг елкамизда ўтирган шайтон бор.

– Ўзимиз шу ерда туриб бўлсаям қаттиқ назорат қилиб турамиз.

– Кошкийди таъқиқ ва назорат билан ҳамма мушкулни ҳал этиб бўлса. Хуллас, мен унга ҳозирча розилик бермай турибман. Яна бир ўйлашайлик. Дарвоқе, эртага Очилбой қайтаётир.

– Мана бу ажойиб хушхабар! – деди Нурқобил астойдил суюниб, – унда бир қўй сўйиб, худойи қилворишингиз керак.

– Албатта қиламиз. Келасиз…

Ва ниҳоят ҳикоямиз бошида судланиб тўрт йилга кесилгани ва бу билан Ҳаким оғасини ачинтириш баробарида ғурурлантирган Очилбой воқеасини сўзлаш фурсати етди. Уни ваъдамизга биноан таҳсилини чет элда давом эттириш орзусида юрган, бу пайтга келиб, худди Нурқобил акаси сингари раҳбар бўлиш ниятидан воз кечиб, падари бузруквори каби адабиёт ихлосмандига айланган, журналистика факультетида ўқиш давомида бир-икки машқларини анчайин нуфузли газету журналларда чоп эттиришга улгурган Тўхтарбой тилидан сўзлаймиз.

5

Отаримизда соқоли ерга теккудек бир серка бўларди. Асли бу ҳикоя серка ҳақида эмас. Мен ўша йиллар ўзим беихтиёр гувоҳ бўлган бир муҳаббат ва нафрат, рашк ва қасос воқеаси ҳақида сўзламоқчиман. Қора серканинг эса ана шу воқеага маълум даражада алоқаси бор эди.

Отаримиз жойлашган Сувлидара – йил ўн икки ой ям-яшил бўлиб, яшнаб турувчи сўлим бир воҳа. Бағрида адашмасам, ўн иккита булоқ қайнаб ётар, энг юқоридаги ва энг каттаси Чашмизирак деб аталар, унда балиқлар ҳам бор эди. Чашмаларнинг суви ёзда муздай совуқ, қишда эса тишга тегмайдиган даражада илиққина бўларди. Қўйлар сурувини ана шу чашма яқинидаги қўлбола новда суғорардик.

Сиз шу топда тоғ бағридаги ям-яшил майсаю гиёҳларни еб, тоза чашмалардан сув ичган қўйларнинг гўшти нақадар мазали ва шифобахш бўлади, деб ўйлаётгандирсиз. Мен эса чўпон муҳаббати ҳақида ҳикоя қилмоқчиман-у, кўз олдимда ўша қадрдон қора серкамиз гавдаланаётир. Қора серка сурувимизнинг таъбир жоиз бўлса, “командир”и эди. Унинг бўйнига оғирлиги ярим килоча келадиган мис қўнғироқ осилган, юрганида ғоят нафис, аммо жиддий оҳангда “қўнғир-қўнғир” этиб жаранглаб турарди. Серкамизнинг гавдаси катта, қадди тик ва мағрур, бошқа серкалардан, ҳатто айрим одамлардан фарқли ўлароқ, анча ақлли ҳам эди. Зеро, қўйлар сурувини дадил олға бошлаб борар экан, аҳён-аҳёнда орқасига қараб, имиллаётган қўйларга “ме-е-е” деб дакки ҳам бериб қўярди.

Отаримиз қарашли бўлган давлат хўжалигининг мол дўхтири, аниқроғи – уруғлантирувчиси (қоракўлчилик хўжаликларида совлиқларни сунъий қочириш билан шуғулланувчи мутаххассис, ўрисчасига “осеменизатор” дейилади) Ҳалим Икромов бир куни отамга:

– Ҳаким ака, бу серкани қаердан топгансиз, жуда каллали-да жонивор, – деди.

– Ўзимизнинг хонаки эчкини меринос такасидан қочирганман, – жавоб қилди отам. – Дурагай. Шунинг учун ҳам катта. Қаранг, йўлбарсдай келади ўзиям. Итлар, ҳатто бўриям бетлай олмайди.

– Яхши қочирган экансиз-да, ёши неччида?

– Қарияпти, – деди отам афсусланиб. – Аммо–лекин бақувват. Бичилган-да, соғлом. Агар така бўлганида аллақачонлар сафдан чиқиб қоларди. Бу ҳали беш-олти йил хизмат қилиб беради. Кўз тегмасин деб, қулоғининг тагига тумор ҳам осганман.

Молдўхтир раҳмдил одам эди. Отамдан:

– Шуни… бичган пайтда кўнглингиз алланечук бўлиб кетгандир-а? – деб сўради.

– Бу серкани мен эмас, Очилбой бичган. У бунақа ишларга устаси фаранг бўлиб кетган. Лекин чинданам бироз ачинганман, чунки ҳар қандай жонзот ҳам Худонинг яратмиши. У ҳам дунёга насл қолдираман, ҳаётнинг лаззатини сураман, деб келади. Аммо серкалик ҳам бир қисмат, ука, яъни серка дегани қўйлар сурувининг йўл бошловчиси, етакчиси демакдир. Йўлбошчиликка раво кўрилган экан, шунақа тақдирга рози бўлади-да, ука!

Айтганча, Очилбой дегани отамнинг ёрдамчиси. Ёши ўттиз бешлардаги, қаеридир ўша серкамизга ўхшаш, қоп-қора даванг, аммо ўзи қўйдай ювош, камгап одам. Болалигида етим қолган. Отам ўзига тутинган ука қилиб, тарбиялаб олган, ўзи уйлантирган. Индиямин тегирмончининг Ойхол деган қизини олиб берган. Улар қўрамиз ёнбошидаги икки хона, бир даҳлизли иморатда туришарди. Етти йил турмуш қилганларига қарамасдан ҳали фарзанд кўришмаган. Отам бир куни унга: “Яна бир-икки йил қараймиз, туғмаса – қўясан. Бошқа хотин олиб бераман, бу дунёда фарзандсиз яшаш қийин” деб айтди. Камгап Очилбой амаким: “Менга бошқа хотин керак эмас” деб ғўлдираб қўйди. Чамаси, у Ойхол янгамни қаттиқ яхши кўрарди. Ойхол янгам эса… Дарвоқе, чалғиб кетдим. Ҳалим молдўхтирга қайтайлик.

У раҳмдиллик билан биргаликда анчайин ҳазилга мойил ҳам чиқиб колди. Кулимсираб мулоҳаза юритди.

– Шу қўй халқига қойил қоламан, қизиқ-а, ўз қавмидан чиққан қўй ёки лоақал қўчқорнинг орқасидан эмас, айнан… бичилган серканинг ортидан эргашади. Нега шундай экан, Ҳаким амак, ҳеч қизиққанмисиз?

– Бу саволга энди сиз жавоб беришингиз керак, Ҳалимбой, – деди отам ҳазил билан жавоб қайтариб. – Ахир сиз одам дўхтир эмас, молдўхтирсиз-ку.

Ҳалим Икромов яйраб кулди.

– Оббо сиз-эй, аммо-лекин зўр сўз ўйини қилдингиз – “Одам дўхтир эмас, молдўхтир”. Ўзим ҳам баъзан қўни-қўшнилар у ер-бу ери оғриб, “кўриб қўйинг” деб чиқишганда “ўв-в, оғайнилар, мен ахир одам дўхтир эмас, молдўхтирман” деб койиб қоламан. Баъзилари шунда ҳам бўш келмайди, “нима фарқи бор, кўравермайсизми” деб. Сиз ўзингиз ҳам бир умр қўйчўпон бўлганмисиз ёки сигирчўпонлик ҳам қилган жойингиз борми?

– Мен бир умр қўйчўпонман, қўйнинг баракаси бор. Қорамол боқиш ҳам яхши, лекин қийинроқ. Қорамол қурғур барибир моллигига боради. Йилнинг айрим фаслида бошқариш қийин. Маст бўлади. Куйикка келган чоғларида ғунажинлар кўзини сузиб, буқачаларни тамом издан чиқариб юборади. Кейин, касалиям кўп. Ўзингиз яхши биласиз-ку…

– Ҳа, тўғри айтдингиз. Молнинг маст бўлгани ёмон. Мени пастда, дашт тарафда туя боқадиган қозоқ қардошлар ҳам баъзан “туяларни кўриб қўйинг” деб таклиф этиб туришади. Аммо туянинг маст бўлгани чатоқ экан. Эгаси ҳам кўзига кўринмай, тишлаб оларкан. Лекин-чи, ахта қилинган қўчқор, яъни дагарнинг, ундан кейин қирқилмаган улоқнинг, барра қўзининг гўшти жуда ширин. Бунинг устига шифобахш бўлади, тўғрими?

– Шунинг учун қўй яхши дейман-да, Ҳалимбой, ювош. Айтишларича, Худоим таоло ҳам Қуръонда “Қўй боқинглар” деган экан.

– Унисини билмадим. Қуръонни ўқиганим йўқ, – деди Ҳалим молдўхтир. – Аммо бизнинг фанда қўй ҳақида муфассал маълумот берилган. Шунинг учун камина қўйлар ҳаётини ипидан игнасигача ўрганганман.

– Унақа бўлса, мендан “Қўй нега ўз қавмига эргашмайди?” деб сўраб ўтирганингиз қизиқ. – деди отам. – Ё мени имтиҳон қиляпсизми?

– Айтдим-қўйдим-да, ака. Ҳаммасини ўзим яхши биламан, – деди молдўхтир ва фалсафа сўқиб кетди. – Қўй ўзи яхши, гўшти ширин ва майин бўлиши билан бирга ўта ахмоқ, ношуд жонивор ҳамдир. Эшакдай-эшакдай қўчқорлар бир-бири билан калла ташлашиб уришади, пачоғини чиқаради-ю, тирриқ серкани шохлаб, сузиб ташлай олмайди.

– Ветеринария китобида шунақа деб ёзилганми? – деб сўради отам мийиғида кулимсираб.

– Йўқ, мен ёзаётган “Қўйшунослик” деган китобга киряпти бу гаплар. Тугатсам бераман, мазза қилиб ўқийсиз, фикр билдирасиз.

– Ҳали китоб ҳам ёзяпсизми? Э, қойил сизга Ҳалимбой, – деди отам. – Лекин қўй жонивор жуда-а сиз айтгандай ахмоқ эмас. Аксинча, кўп ақлли ҳайвон. Ювошлиги, итоатли экани балким шундандир. Одамнинг ҳам ақллиси мулойим, муросали бўлади. “Ҳа” деганда сапчиб сакрайвермайди.

Ҳалим молдўхтирнинг жамики яхши фазилатларидан ташқари бирозгина мақтанчоқлиги, яъни қишлоқча айтганда, гуппилиги бор эди. Отам уни бу нуқсони қалқиб чиққан кезлар бошқа чўпонлар сингари жеркимас, беозор аския қилиб ёки юмшоққина эътироз билдириб қўярди, холос. Шунинг учун Ҳалим ака бизнинг отарга кўп келар, қўй гўштининг шўрвасини мазза қилиб ичиб, отам билан узоқ-узоқ суҳбатлар қурарди. Гоҳида кечаси ётиб ҳам қоларди. Молдўхтирнинг отаримизга танда қўйишининг асосий сабаби бошқа ёқда эканини эса тасодиф туфайли билиб қолдим. Майли, бу ҳақда сал кейинроқ…

Ҳикоя аввалида Очилбой амакимнинг қаеридир серкамизга ўхшаб кетишини айтгандим. Чамаси, буни унинг ўзи ҳам биларди. Шунинг учунми, қора серкани яхши кўрар, мудом атрофида гирдикапалак бўлиб соқолини, майин жунларини ҳафсала билан тарар, бўйнидаги мис қўнғироғини олиб, эринмай латта билан артиб, тозалаб, қайтадан осиб қўярди. Ана шу пайтларда мен унинг ёнида юрар, баъзи ишларига ёрдамлашардим. Шу боис қора серка Очилбой амакимнинг меҳрибонлигини алланечук норозилик билан қабул қилишини, узун шохли бошини сарак-сарак чайқаб, қаршилик кўрсатишини, катта-катта яшил кўзлари билан ғамгин боқишини кўрганман. Очилбой амаким эса ўзи камгап бўлса ҳам, серка билан эринмай “суҳбатлашарди”.

– Хўш-хўш, жонивор, – дерди у. Кейин менга ўгирилиб. – бу бечора ахта қилганим учун хафа, – деб қўярди.

Ўшанда мен ўн уч ёшларда эдим. Очилбой амакимнинг гапларини унчалик англамаганман. Орадан йиллар ўтгач, маъносини тушундим ва уни, қора серкани ҳамда ҳикоянинг ёзилишига сабаб бўлган воқеани ўқтин-ўқтин эслайдиган бўлдим.

Ўшанда баҳор охирлаб, ёз бошланаётган кунлар эди. Ёмғир кўп бўлган, яйловда ўт-ўланлар белга урар, қўйлар чандон семириб, йилтиллаб, яйраб юришарди. Мен ва икки укам шундоққина қирнинг орқасидаги Йўлўтган қишлоғида жойлашган саккиз йиллик мактабга қатнардик. Отам ва Очилбой амаким навбати билан Олабой, Қорабой исмли икки бўрибосар итни ёнларига олиб, сурувкетидан юришар, қўрада онам билан Ойхол янгам қоларди. Отамнинг иккинчи ёрдамчиси – Эшпўлат ака ҳали ишга келмаганди.

Ёз арафасида бизга таътил бошланди. Ҳар куни эртадан кечгача уйдамиз. Отам билан Очил амаким отарни Қоратоғнинг юқори қисмига, кўпдан-кўп шифобахш гиёҳлару, майсанинг барраси ўсиб ётган жойларга ҳайдашганди. Ёмғирсиз, ҳаво очиқ кунлари баъзан кечаси ҳам ўша ёқда тунаб қолишарди. Ўшандай оқшомлари онам икки укамни олиб ўзимизнинг уйда қолар, мени “Ойхол янганг ёлғиз ётмасин, ёнига бор” деб Очилбой амакимникига юборарди.

Олдинлари Ойхол янгам мени ўзи билан бирга олиб ётар, ёш келин бўлгани, мендай боласи бўлишини орзу қилаётгани учунми, бағрига босганча, юзларимдан ўпиб, эркалатарди. Эртаклар айтарди. Сўнг эса нимагадир унсиз йиғларди. Мен буни зерикишдан деб ўйлардим. “Шундай сулув келинчак умрини кимсасиз яйловда ўтказаётгани, келинлик либосларини кийиб тўй-ҳашамларга бориб, ўйнаб-кулиб юрмаётгани учун ўқиняпти” деган хаёлга борардим. Ўзимча уни юпатишга уринардим.

Суннат тўйимдан кейин янгам мени ўзидан ажратди. “Энди йигит бўлиб қолдингиз” деб бош томонидан алоҳида жой солиб берадиган бўлди. Мен ўксиндим. “Йўқ, сиз билан ётаман” демоқчи бўлдим. Чунки сўнгги пайтлар у кўзимга оловдек кўринадиган бўлган, бу чамаси ўша, мен боя “биринчи муҳаббат” деган, аслида ўсмирлик замирида туғилган тоза бир туйғу билан боғлиқ эди. Айтолмадим. Уялдим. Аммо алоҳида ётсам ҳам, ҳар нечук Ойхол янгам шундоққина қўл узатгудек жойда эди. Бундан шод, бахтиёр эдим. Сочидан таралаётган тоғ ялпизининг ҳидини мазза қилиб ҳидлаб ётардим. Янгам сочини аввал қатиқлаб ювар, сўнгра тоғ ялпизи, жамбил, райҳон, яна қанақадир ўтлар қайнатмаси билан чаяр эди. Шу боис ундан шундай анвойи ҳид таралар эдики, мен бу ҳидни умр бўйи ҳеч қаерда учратмадим.

Шундай қилиб баҳорнинг охирги кунлари эди. Кечки нонуштадан сўнг Ойхол янгам менга “Кетдик,” деди. Юрагим ҳаприқиб, бошим айланиб кетди. Ўн яшар боламан. Илгари сира бунақа бўлмаган. Балки мен бошқа тенгқурларимдан кўра тезроқ улғайгандирман. Буни ҳеч ким сезмагандир. Ҳар қалай, бағоят ширин, ёқимли бир ҳаяжон оғушига тушдим. Беихтиёр кичкинтой вақтларимни, янгам билан ачомлашиб ётган оқшомларни, унинг иссиқ, юмшоқ вужудини энтикиш билан хотирамга келтирдим. Ўз-ўзимдан уялиб кетдим. Койиндим. “Қанақа бемаъни боласан, бунақа уят гапларни хаёлингга келтирасан” деб ерга қараган кўйи янгамга эргашдим. Одатдагидек, у менга бош томонидан жой солди. Мен анчагача бояги шавқ таъсирида ухлолмай ётдим. Янгамнинг ҳам чуқур-чуқур хўрсинганини, уҳ тортганини эшитдим. Эҳтимол, чўпонга теккани учун хафадир, деб ўйладим. Яна ўйладимки, Очилбой амаким чўпон бўлсаям, эртаклардагидай келишган, паҳлавон йигит-ку. Отам унга: “Мендан кейин отарга ўзинг бошчилик қиласан, мукофоту орденлар оласан” дейди. Ё онам бирда қайсидир қариндош аёлга айтганидек, “тирноққа зор” бўлгани боис ўқинадими?

Кўзим илинган экан. Алламаҳалда эшикнинг ғийқиллашидан уйғониб кетдим. Кўзимни очиб, тун ғира-ширасида Ойхол янгамнинг даҳлизга чиқаётганини кўрдим. Бирпасдан сўнг нариги уйдан ниҳоятда паст овоз эшитилди. Очилбой амаким келган чоғи, деб ўйладим. Шумлигим тутди. “Бориб пойласам-чи? Нима қилишаётган экан. Йўғ-э, уят бўлади-ку…” Бироз иккиланиб ётдим, қизиқиш қурғур ичимга ўт ёқди. Секин ўрнимдан турдим. Оёқ учида пойгакка тушдим. Эшик қия очиқ экан, даҳлизга ўтдим. Нариги уйнинг эшиги зич бекилган. Яқинига бориб қулоқ тутдим-у, қотиб қолдим. Бегона эркак овози… Миямга қон тепди. Дабдурустдан овоз эгаси ким эканини билолмадим. Бир маҳал “чўлп” этган ўпич саси, унинг кетидан Ойхол янгамнинг “Мени яхши кўрасизми ўзи?” деган овози эшитилди. “Ҳа, ҳа, ҳа” – дея жавоб берди ҳансираган, энтиккан овоз. Энди топдим. Бу Ҳалим молдўхтир эди. Рашк, алам, қизғаниш гирдобида ўртаниб кетдим. “Ҳа-а, бу одам нега бунча кўп келади десам… Ойхол янгам билан учрашиб юрган экан-да!” Очилбой амаким билиб қолса нима бўлади?

Алам билан ўрнимга қайтиб келиб ётдим. Эрталабгача ухлолмай чиқдим. Янгам тезда қайтиб келди. Мени ухлаяптими-йўқми дегандек, юзини юзимга яқин олиб келиб текширди. Ўзимни ухлаганга солдим. Янгам жойига ётиб, инграниб-инграниб ухлади. Эртасига кун бўйи аллақандай қўшиқни хиргойи қилиб юрганини кўрдим. “Демак, ўшани севар экан-да” деб ўйладим.

Янгамни астойдил яхши кўрганим учунми, руҳи баландлигидан хурсанд эдим. Яна туриб-туриб, бегона одамни қўйнига киритгани учун ундан хафа бўлар, аламзадалик билан нафратланиб ҳам қўярдим. Болалик соддалигими, бир хаёлим: “Очилбой амаким келса, айтиб берайми?” деб ҳам ўйлардим. Янгамга раҳмим келарди. “Бу гап ошкор бўлса, отам Очилбой амакимга айтиб, ҳайдаттириши тайин. Кейин бунақа янгани қаердан топаман?”

Орада Очилбой амаким келди. Янгам яна тундлашиб, ғамгин ва ўйчан бўлиб қолди. Мен энди тайин ишондим: “Ҳалим молдўхтир билан севишган экан”.

Ёз авжига олган кунлар отам мени Бахмалга лагерга жўнатди. “Шу ер ҳам лагер-ку, нима қиламан?” деганимга қарамай, бошқа чўпонларнинг ҳам болаларини йиғиб юрган бир “ПАЗ” автобусига миндириб юборди. Манний бўтқа билан олма компотига роса тўйиб, бир ой деганда яна ўша “ПАЗ”га миниб, қайтиб келдим. Келган кунимоқ жанжалнинг устидан чиқдим. Отам қанақадир иш билан пастга, қишлоққа тушган экан. Очилбой амаким қўй ҳайдаб яйловга кетган эди. Ҳалим молдўхтир келибди. Онам чойпой, шўрва ичириб, кечга яқин кузатмоқчи бўлганда:

– Йў-ўқ, вақтим бемалол, Ҳаким амакини кутаман. У киши билан бир чақчақлашамиз, – дебди молдўхтир.

Кейин онам нимадир ишга чалғиган пайтда, Ҳалим молдўхтир ташқарига чиқиб, Очилбой амакимникига ўтган. Уйига кирган. Ойхол янгам ҳам ичкарида бўлган. Шунинг устига Очилбой амаким келиб қолган. (Шунақа, баъзида Очилбой амаким сурувдан олдин келар, қўйларни икки бўрибосар ит ҳайдаб келаверар эди). Булар шунинг учун сезмай қолишган.

Мен ичкарида радионинг қулоғини бураб ўтиргандим. Шовқин-суронни эшитиб югуриб чиқдим.

Очилбой амаким паҳлавон эмасми, бир қўли билан Ҳалим молдўхтирнинг ёқасидан, иккинчиси билан Ойхол янгамнинг сочидан судраб келар эди. Онам ҳай-ҳайлаб пешвоз чиқди.

– Айтинг, нима қилай, нима қилай бу бузуқиларни? – дерди Очилбой амаким паст, бироқ таҳдидли овоз билан. – Икковини ҳам бўғизлаб ташлайми ҳозир?

– Жо-он ука, жо-он ука, ўзингизни босинг, шайтонга ҳай беринг, – дерди онам ялиниб. Мен эса: “Чиндан бўғизлаб ташлармикин?” деган севинч ва қўрқув қоришган бир савол оғушида эдим. Севинч боиси – суюкли янгамнинг қўйнига кирган фосиқ молдўхтирнинг қўлга тушгани ва жазоланиши муқаррар бўлиб тургани билан боғлиқ, қўрқинч сабаби эса “наҳотки гулдек янгажоним сўйилиб кетса?” деган ваҳима-ю даҳшатдан иборат эди. Нафсиламбирини айтсам, Очилбой амаким учун жонлиқ бўғизлаш чивин ўлдиришдек гаплигини яхши билардим ва ўзим ҳам унинг қўй, қўчқор бўғизлаганини кўравериб, дийдам қотиб кетганди. Унинг мол сўядиган садаф сопли, каттакон ўткир пичоғи доимо белбоғига осиғлиқ юрар, шу топда менинг кўзим ўша пичоқнинг қинида эди.

Ҳалим молдўхтирнинг бахти бор экан. Қайдандир отам келиб қолди. Кела солиб, Очилбой амакимни орқасидан қучоқлади.

– Ўзингни бос ука, ўзингни бос, икки бузуқини деб ўзингни хароб қилма, қўйиб юбор.

Очилбой амаким отамни азбаройи ҳурмат қилганидан, қўлидаги бандиларнинг икковини ҳам қўйиб юборди.

– Сен ука, чиндан ҳам мол дўхтир экансан, молдан фарқинг йўқ экан, – деди отам шумшайиб турган Ҳалим акага қараб. – Одам туз еган дастурхонига кетини артмайди.

– Ўзи… ўзи ёпишди, Ҳаким амаки, ўзи “Эрим бепушт, келинг, мени бир синанг” деди. Биласиз-ку, ўзингиз айтгансиз: “Ғунажин кўзини сузмаса, буқа ипини узмайди” деб.

Шу гапдан кейин сал нарида ер шохлаб турган Ойхол янгам йиғили кўзларини катта-катта очиб, ҳайрат, алам, ўкинч ва ғазаб билан Ҳалим акага қаради. Кейин шарт бурилиб, уйига қараб чопиб кетди.

Отам Ҳалим молдўхтирнинг гапига ишонмади шекилли, бир зум жим қолди. Кейин жаҳл билан:

– Ўзи кўзини сузса, ёпишаверасанми? Гулдай бир рўзғорни буздинг. Энди ол, қўлидан етакла-да, олиб кетавер. Очил бор, ичкарига кириб, талоғини бер хотинингни, – деди.

Очилбой амаким ҳайкалдай қотиб турарди. Отам кутди. Амаким қимирламади. Мен “хотинини ҳайдашга кўзи қиймаяпти, яхши кўради-да” деб ўйладим. Ўзим ҳам Ойхол янгам кетиб қолса, худди энг азиз, энг яқин одамимдан ажралиб қоладигандек, йиғламоқдан бери бўлиб турардим. Отам яна ўйланди. Билмадим, ўша лаҳзаларда нималарни кўнглидан ўтказган. Ҳарқалай, шуни яхши билардимки, у Очилбой амакимнинг қалбини тушунди.

– Бўпти, сенга жавоб, – деди дилдираб турган молдўхтирга қараб. – Қайтиб бу ерга қадамингни босма. Буёғини ўйлашиб, маслаҳатлашиб, керак бўлса кўч-кўронини ортиб, ҳовлингга олиб бориб ташлаймиз. Қўш хотинли бой бўли-и-иб юраверасан. Бор, йўқол, қорангни кўрмай, тез чиқ!

Одам боласининг феъли қизиқ. Боягина Очилбой амакимнинг қўлида япроқдек титраб турган молдўхтир энди ўзини дадил тута бошлади. Чамаси, илгари сизлаб, қўл қовуштириб юрган отамнинг ҳалидан бери кетма-кет сенсираб ҳақорат қилганидан аламланди ва нимадир деб жавоб қайтариб кетгиси келди.

– Э, ака, бу – давлатнинг қўйи, давлатнинг қўраси. Сиз мени бу ерга келолмайдиган қилолмайсиз. Нима, ўзи ёпишган бўлса-ю, бир марта билагидан ушлаган бўлсам, осмон узилиб ерга тушибдими? Шунга дарров хотинимнинг устига хотин қилиб олишим керакми?

– Э, бор-э, сенга иккита хотин тугул, биттаси ҳам ҳайф экан, ўзинг хотиндан баттар экансан. Йўқол-э… Ҳайда буни Очил.

Очил амаким хезланди. Қўли белбоғидаги пичоққа югурди. Ана шунда Ҳалимбой акамиз яна бояги аҳволга тушди. Кўзи олазарак бўлиб, тура қочди.

– Агар яна қадам боссанг, турмуғингни кесиб ташлайман, – деди орқасидан бир-икки қадам ташлаб амаким. Молдўхтир пастга қараб шамолдай югурди.

Очилбой амаким хотинининг орқасидан уйига кетди. Онам отамга қараб:

– Бормайсизми, аччиқ устида бир нарса қилиб қўймасин, – деди.

Отам индамасдан уйимизга қараб юраркан:

– Ўлдирса боя бирдан ўлдирарди. Энди ўлдирмайди, – деди. Сўнгра бир менга, бир онамга қараб:

– Бу гапни энди ҳеч ким билмасин. Гулдур гуп. Ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолсин. – деди.

Онам менга қайта-қайта тайинлади: “Ҳеч кимга айтиб юрма, болам, хўпми. Бўлмаса оиламизнинг обрўйи тўкилиб, одамлар устимиздан кулади”.

Шусиз ҳам мен бу гапни ҳеч кимга айтмоқчи эмасдим. Кимга ҳам айтаман? Мактабда ўқиш бошланишига ҳали икки ой бор. Бу тоғлар, даралар оралиғида иккита кичкина укамдан бошқа гаплашадиган одамим бўлмаса…

Менинг тилагим ижобат бўлди. Отамнинг бир неча марта гоҳ аччиқ устида, гоҳ ётиғи билан айтган гаплари Очилбой амакимга таъсир этмади: хотинини ҳайдамади.

– Яхши кўради-да, ахир, – дерди онам отамга. – Асли, ҳув ўшанда, сиз менга “Очилбойга кимни олиб берамиз, қиз кўргин” деганингизда, Ойхолни бекор топганим йўқ. Очилбойингизнинг ўзи “Янга, тегирмончининг қизини бир кўриб, ёқтириб қолганман, акамга айтинг, ўшани олиб берсин” деган. Сизга айтгандим шекилли, эсингиздан чиққан.

– Яхши кўрган бўлса, хиёнат қилгандан кейин ҳам яхши кўраверадими? Қанақа латтачайнар ўзи бу? Орияти борми? Бунинг устига боласи бўлмаса. Хотин зотига қирғин келган эмас-ку. Яна биттасини яхши кўриб олаверсин-да.

– Сиз муҳаббат нималигини тушунмайсиз…

Отам бояги гапларни камоли ранжигани боис айтган. Аслида у меҳр-саховатни, муҳаббатни жудаям нозик тушунарди… Эҳтимол, шу қадар нозик тушунгани боис, орияти озорланган ва Ойхол янгамни сира кечиролмасди. Очилбой амаким эса кечирди. Яна илгаригидай сокин бўлиб қолди.

Орадан икки ойдан кўпроқ вақт ўтди. Августнинг сўнгги ойдин тунлари. Бу пайтда қўйлар кундуз ҳали ҳаво иссиқ бўлгани боис, кўпроқ қўрада ёки тоғ тепасидаги соя жойларда дам олдирилар, асосан тунда боқиларди. Отам билан амаким тоққа чиқиб кетишган. Бир ҳафтадан бери келишмайди. Бизлар уйда. Мен яна Ойхол янгамни “қўриб” ётибман. Отам кетаётиб, жилмайганча:

– Энди бу ёғига ҳушёр бўл, ҳамма умидимиз сендан, – деб ҳазил қилди. Очилбой амаким ҳам маъюсгина кулиб қўйди. Эҳтимол у отамнинг гапини ўзича тушунган. “Янгангга эҳтиёт бўл, деяпти” деб ўйлагандир. Сирасини айтсам, шундай деб ўйлагани бежиз эмас экан.

Ҳалиги воқеадан кейин Ҳалим ака қайтиб қорасини кўрсатмаган, отаримизга бошқа молдўхтир қарайдиган бўлувди. Аммо бир оқшом деразанинг оҳиста чертилишидан уйғониб кетдим. Қўрққанимдан нафасимни чиқармай, ётавердим.

– Ким у? – деди паст овозда янгам.

– Ойхол, оч, бу мен, Ҳалимман, – деган овоз эшитилди.

– Кетинг, уялмайсизми, кетинг деяпман.

– Бир минутга чиқ, илтимос. Бир оғиз гапим бор. Айтаман-у кетаман.

– Нима дейсиз, ўша ёқда туриб айтаверинг.

– Ойхол энди билсам, сени қаттиқ яхши кўрар эканман. Чиқ, обкетаман. Шаҳарга кетиб, ўша ёқда яшаймиз, хўпми? Тез бўл, пастда машина кутиб турибди.

– Йўқ, бормайман. Кетаверинг. Айтдингиз-ку, “ўзи ёпишди” деб. Энди сизга ёпишмайман.

– Ўша куни шундай демасам, эринг аччиқ устида иккаламизни ҳам бир бало қилиб қўярди. Шошганда айтиб юборибман. Ўтган ишга саловат.

– Йўқ, бормайман, дедим-ку. Кет дегандан кейин кетинг-да…

– Нега унақа дейсан, ахир “Эримга кўнгилсизман, сизни яхши кўраман” деб айтгансан-ку?

– Унақа деганим йўқ. Эримни яхши кўраман. Кетинг.

Шу пайт ташқарида бир нарса гурсиллади ва Ҳалим молдўхтирнинг овози ўчди. Теваракка сув қуйгандек жимжитлик чўкди. Мен нима бўлганига ақлим етмай, юрагим дукиллаб ётавердим. Янгамнинг “пиқ-пиқ” этиб, ўксиниб-ўксиниб йиғлаганини эшитдим.

Бирон соатлар ўтганми, кўпроқми, ҳарқалай, тонг отиб, осмон ёришиб қолганди. Ташқарида шовқин-сурон, бақир-чақир бўлиб кетди. Мен тура солиб чопиб чиқмоқчи бўлгандим, янгам йўлимни тўсди.

– Чиқманг, болажон (айтганча, қишлоғимиздаги урфга кўра, янгам ҳам қайниларининг исмини айтмас, мени “болажон” деб чақирарди), у ёқда жанжал бўлаяпти.

Янгам билган экан. Мен эса анчадан кейин билдим. Очилбой амаким пойлаб келиб, Ҳалим молдўхтирнинг бошига гурзидай келадиган оғир ва йўғон чўпон таёғи билан солган экан. Сўнгра беҳуш бўлган молдўхтирни судраб, бостирманинг четидаги кушхонамизга (қўй-қўзи сўйиладиган кичик бир хона бўлар, уни “қушхона” дердик) олиб борибди. Баданига пичоқ урибди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации