Электронная библиотека » Мирмуҳсин Мирсаидов » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Илон ўчи"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Мирмуҳсин Мирсаидов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Ҳабиб ёнида ўтирган Нигоранинг шалвираб, бир замбил бўлиб қолганини ҳам сезди. Бу ярамас атайин келиб, шу иғвони қилаётганини, ичи куйиб, ўртага совуқчилик солиш мақсадида бу «илиқ мулоқот»ни чўзаётганини шундоқ пайқаб турарди-ю, аммо, «йўқол, бу ердан, менинг сен билан гаплашадиган гапим йўқ!» деёлмасди. Унинг дами ичида, Нигора ёнида мулзам бўлиб қолди. Бу фалокат қаердан пайдо бўлди, деб ўйлади. Аяган кўзга чўп тушар, бу суюқоёқнинг пайдо бўлиб қолганига ҳайрон эди. Уч эрга тегиб, учаловини ҳам бирин-кетин ўлдирган бу жувон кутилмаган жойда пайдо бўлиб қолгани, айниқса бугун… Уни жин-ажинага ҳам ўхшатди. «Хўп, хайр, Ҳабибжон ака, албатта келинг…» деб, жувон қатордан чиқиб, ўз дугоналари ёнига кетди. Тирик мурда бўлиб ўтирган Нигора жиддий бир тусда Ҳабибдан сўради:

– Бу ким?

– Фатхуллохўжа деган ошнамнинг синглиси, оти – Пошшахон.

– Юринг, чиқиб кетамиз бу ердан!

– Нега?

– Ўтиргим келмаяпти. Мен турдим, – Нигора ўрнидан қўзғалиб, ташқарига чиқиб кета бошлади. Унинг орқасидан Ҳабиб ҳам қўзғалиб, кетма-кет залдан чиқиб кетишди. Бу совуқ манзарани Пошшахон узоқдан кузатиб турган эди. Ҳабиб у томонга бир қараб қўйди-да, ичида сўкиб қўйди. Пошшахон ўтирган жойида «бопладимми?» дегандек бўларди. Ичи куйиб, ғазаб алангасида ёнаётган Нигорага бу келишган нотаниш жувоннинг қилиқлари Ҳабибнинг у билан қачонлардир ошиқ-маъшуқ бўлганларини англатар, бу ҳолат эса Нигоранинг кўзига дунёни қоронғи қилиб юборди. Ҳабибнинг иккиюзламачи шахс экани, гаплари ёлғон, нокас бир кимса экани маълум бўлиб қолди. Йигирма беш ёшгача шундай юрмаганини, эҳтимол, қанча жувонлар ошиқ-маъшуқ ўйлаб, бир лаҳзада юрагида унга нисбатан нафрат пайдо бўлди.

Цирк биносидан ташқарига чиқишгач, Нигора бу ерда қатор турган машиналар орасида 10 ТНА, кумуш рангли «Волга» машинани таниб, Ҳабибга «хайр» ишорасини қилди.

– Сизга нима бўлди? – деди Ҳабиб Нигоранинг йўлини тўсиб. – У… ўртоғимнинг синглиси. Баъзилар шунақа! Ғаши келганидан шундай пасткашлик қилди. Тарбияли инсон бўлса, шундай қилармиди? Менинг гуноҳим йўқ, унинг иғвосига ишонманг!

– Хайр! – деди Нигора алам ичида Ҳабибнинг юзига бир қараб. Кейин индамай машина томон юрди, Ҳабибнинг иккинчи, учинчи бор ялиниб, илтимос қилганига ҳам қарамай, машина эшигини очди-да, кириб, яна қарс этиб ёпди. Машина ғизиллаганча жўнади.

Ҳабиб боягина Нигорани кутиб олган бу зинапоялар устида ғазаб алангасида ёниб, тошга айланган одамдай лол қотди.

Эндиги ҳикоя гарчанд икки ёш муҳаббатига алоқасиздек кўрингани билан воқеалар ривожи-ю, келгуси ишларда номлари зикр этилмиш кимсалар қисматида муҳим ҳужжат сифатида касб этади.

Бешинчи ҳикоя
ВАСИЯТ

Оғир дарднинг дўзахий оташида баъзан кекса ота, баъзан мушфиқ она видолашмоқ фурсатида фарзандларига васият қилишни унутадилар, дард бунга йўл бермайди. Албатта, бу инсоний тафаккурнинг ожизлиги эмас. Кўплар ногаҳоний юрак дарди билан бу дунёни тарк этадилар, бундай оний видолашувда васият қилмоқликка мутлақо вақт қолмайди. Аммо бу икки даҳшатли ҳолатни ҳам енга оладиган, устун кела оладиган, ҳам ирода, ҳам заковатда беназир кексалар ҳам кўп, улар видою рози-ризоликни ҳам, васиятни ҳам унутмайдилар, гўё ёруғ дунё ишларини мухтасар этиб, муҳаққақ тобутда хотиржам оёқ узатиб кетадилар. Бу мислсиз олижанобликдирки, орқада қоладиган фарзандлар қалбини пок сақлайди, келгуси узоқ умрларига тамал бағишлайди…

Анча йиллар илгари Тошкентнинг қадимий Чиғатой даҳасида ноҳия Ижроия қўмитасининг раиси Муслим Вакилов устидан ғаразли шикоят хати тушиб, бу анча асаббузарлигу, анча шов-шувга сабаб бўлди… У Шаҳидон тепа маҳалласида турадиган акасининг қазосида бошида дўппи, устига кўк тўн, белини боғлаб ҳассакаш бўлиб турганди. Баъзи «жаҳолатга муккасидан кетган одамлар тиловат қилиб, юзларига фотиҳа тортганларида, Вакилов ҳам фотиҳа ўқибди… Исполком раиси коммунист Вакилов фотиҳа ўқиши, жанозада туриши мумкинми?! Ёнида партбилет бўла туриб, диндорлар ичида ўтириши иккиюзламачилик эмасми?! Бу шахс раисликка номуносиб, орамизга суқилиб кириб олган, кимлиги номаълум шахсдир!» деб ёзибди. Ёзган одамнинг номи Миёнхўжа бўлиб, Вакиловнинг қазо қилган акасининг маҳалласидан экан. У кун бўйи Исполком раисини мижжа қоқмай, ҳушёр кузатиб юрибди; раис қабристондан қайтиб келиб, ҳовлида бўлган фотиҳахонликда ҳам бош эгиб, юзига фотиҳа тортибди… «Бундай иккиюзламачи одам қандай қилиб Совет ташкилотида ишлаши мумкин!» деб ҳукумат аъзоларига кескин мурожаат этибди. Бу хатдан аввал тегишли жойларга ҳам хабар етказган экан; у идоралар ҳам Миёнхўжа етказган хабарни раҳбар ташкилотларига етказиб, тезда Вакиловнинг чорасини кўринглар, бу сигнални оқибатсиз қолдириб бўлмайди, дейишибди. 1937 йилда одамлар устидан кўп ёзиб, ҳозир ёзмаса қўли қичийдиган бўлиб қолган Миёнхўжа (баъзан у яширин тахаллус билан ёзади) мана шунга ўхшаган «воқеаларни…», «аксилларни…» қидириб юрарди. У ўз божаси устидан ҳам тегишли жойга ёзиб, анча алғов-далғов бўлгани маҳалла аҳлига маълум.

«Вакилов қабристонга шийпон солди. Бу нимага керак ва нима сабабдан? Бу шийпонда имом ўтириб, Қуръон тиловат этиши кўзда тутилган. Раҳбар бўлатуриб, қабристонга шийпон қурдирганини қандай баҳолаш керак?!»

Вакилов Миёнхўжани танимасди-ю, аммо Ҳофизи Куйкий маҳалласида шунга ўхшаган бир кимса бор эди, ундан биргина Вакилов эмас, деярли ҳамма эҳтиёт бўларди. Тўғрироғи, ҳазар қиларди… Дарҳақиқат, Вакилов бир таъзияда ҳовлида, ошдан кейин кўпчилик қатори қўлини фотиҳага очиб, юзига яқинлаштираётганда рўпарада ўтирган ўша кимсага кўзи тушиб, дарҳол қўлини пастга туширган, гўё лабига қўнган пашшани ҳайдамоқчи бўлган эди.

Ўша вақтда бу ишни текшириш вилоят Ижроия қўмитаси аъзоси Зулфиқоров бошлиқ комиссияга топширилиб, юқори мартабали бир аёл Вакиловни ҳаддан зиёд қийнаган эди. Унинг ишдан бекор бўлиши у ёқда турсин, партия сафидан ўчирилиши ҳам аниқ бўлиб қолганди. Бунинг устига қон босими баланд Вакилов юрак дардига ҳам мубтало бўлган эди. Инфаркт бўлиб ўлсам ўлай, ишқилиб, партия сафидан ўчиришмасин, деб бечора Вакилов ухламай тонг оттириб чиқарди. Бу воқеаларга лоқайд қараб туришга Зулфиқоровнинг виждони йўл бермай, мамлакат ҳимоясида қон кечиб келган бир фронтчи кишини ҳимоя қилди. Лекин жангари макиён – раҳбарлик ишда ўтирган, ахлоқий суст бўлса ҳам атрофдагилар миқ этмаётган бир аёл раҳбар «жаҳолат ва динга муккасидан кетган» ижроқўм раисини партия сафидан ўчириб, ишдан олмоқчи бўлди. Бу ишнинг ҳам илдизи чуқур – иғвогарнинг хотини мансабдор аёлнинг қон-қариндоши эди. У Вакилов устидан ҳужжатлар тўплаттирди, маҳаллага одам юборди, таржимаи ҳолидан хато излади ва ҳатто партия бадалини тўғри тўламаяпти деб, бухгалтерларга хат ёздирди. Қандай бўлмасин, уни супуриб ташлашнинг кетига тушди. «Миллий тилимиз ва миллий либослар ҳам фахримиз…» деган гапини ҳам қайси бир стенограммадан топиб, Вакиловга сиёсий айб, «миллат»чи деган бўҳтонни ҳам ёпиштирди. Бўлаётган «ҳангома»га мундоқ разм солган Вакилов ўзининг паймонаси тўлганини, бу жангари мансабдор хотин қўлидан омон чиқмоқ амримаҳол эканини фаҳмлади. Гап бу хотинда ҳам эмас, эҳтимол, менга ўхшаган баъзи «ўзбек»лар ҳозирги даврда қурбон қилиниши керакдир, деди ўзига ўзи. Ахир 1937 йили ҳар бир шаҳар, ҳар бир районга мунчадан «Халқ душмани» топиб берасизлар, деган буйруқ келган-ку! Юқорида яна шунга ўхшаган махфий буйруқ бордир, эҳтимол, Октябрь райони бўйича бир қанча «миллатчи»лар топиш керакдир, бу районда ўзбеклар тиғиз. Ахир бу катта район, ҳар хил одамлар кўп, эҳтимол, шу «разнарядка»га Вакилов ҳам тушгандир… Бўрсиб, кўкариб кетган Вакилов бир ой касалхонада ётиб чиқди, йўқ, «мансабдор раҳбар хотин» уни яна жиддийроқ «текшира бошлади», кирай деса ер қаттиқ, учай деса осмон узоқ…

Таъқибга учрайверса, табиийки, айбсиз киши ҳам ўзини айбдордек ҳисоблай бошлайди, руҳи сўниб, илон авраган чумчуқдек пириллаб келиб, унинг оғзига кириб кетар экан. Бир куни ўғли билан машинада Қодирия гидростанциясидан кела туриб, Тоштурма дарвозаси ёнидан ўтишди – у негадир турма дарвозасига тикилиб, юраги шиғиллаб кетди. Чумчуқ мисол шу дарвоза ичига кириб кетадиганга ўхшади.

– Дада, чарчадингизми? Нега юзингиз оқариб, титраяпсиз?

– Йўқ, ўғлим, чарчаганим йўқ. Кейинги пайтда машинада юрсам, кўнглим беҳузур бўляпти. Бу нимадан эканини билмаётирман.

– Анави туҳматчини кўп ўйлаяпсиз, – деди ўғли. – Ўйламанг! Сиз фронтчисиз, ҳалол одамсиз, нимасидан қўрқасиз? Ўша Миёнхўжа деган одам Улуғ Ватан уруши йилларида қочиб юрган кимса экан. Энди зўравон бўлиб чиқдими? Совет ҳукуматимиз барқарор! Суриштирдим, жуда ифлос одам, маҳалласи яхши билар экан.

– Сен аралаша, ўғлим! Бу номни сенга онанг айтиб қўйганга ўхшайди! Эсингдан чиқар, ишинг бўлмасин! Ҳали менинг бу иғвогар билан ҳам, юқорида ўтирган баъзилар билан ҳам курашишга қувватим етади!

Кўп ўтмай Вакиловни комиссия чақирди. Кенг кабинетда, усти мошранг мовут стол юқорисида ўтирган комиссия раиси Зулфиқоров қоғозларни обдан титкилаб бўлгач, Вакиловга тикилиб, бир нечта савол берди:

– Миёнхўжа деган шахсни танийсизми?

– Йўқ.

– Қайси маҳаллада турасиз?

– Ҳофизи Куйкий маҳалласида.

– Қўшниларингизда шундоқ одам йўқми?

– Йўқ.

– Наҳотки, юмалоқ хат бўлса бу. Ўз фамилиясини очиқ ёзган-ку!

– Ким экан?

– Миёнхўжа…

– Танимайман! Бунақа одамни эшитмаганман ҳам.

– Шу одам изингизга тушиб, ёнингизда юрган, – деди Зулфиқоров, – ҳамма нарсадан воқиф. Наҳотки, сиздек фронтчи кимса шу даражада бефарқ бўлиб қолгансиз.

– Билмайман, билмайман.

– Ичмайсизми?

– Йўғ-э, ўртоқ Зулфиқоров, юрак чатоқроқ.

– Ҳушёр бўлиш керак! Фронтда разведкачи бўлганман, дебсиз таржимаи ҳолингизда. Наҳотки, изингиздан тушган ярамасни билмасангиз! Кўзингизни шира босиб қолдимикан? Яхши эмас, яхши эмас!

– Гапингиз тўғри. Кўпларимиз хотиржамликка тушиб қолдик. Ичадиганлар ҳам бор. Фашист мессершмитларини уриб туширган бир қаҳрамон учувчи, урушдан кейин бир куни ўз қишлоғида, ошнаси эшигини тақиллатган экан, ҳовлидан лайча чиқиб, вовуллаб, даф қилибди. Қаҳрамон лўкиллаб қочибди. Буни кўрган одамлар учувчидан кулиб: «Осмонда йиртқич самолётларни қувган одам шу бир лайча кучукдан қочадими?» дейишган экан, у дебдики: «Бу ўзимизнинг лайча, қўрқиб қочмай иложим йўқ». Ўзимизнинг иғвогар ҳам жуда ёмон, изидан ҳам қочмай иложим йўқ. Чет эллик шунақалар бўлса, унда бошқа гап эди, қўрқмасдим. Аммо ўзимизники ёмон бўлади, қўрқаман, дебди.

Зулфиқоров кулди.

Комиссия раиси Зулфиқоров Вакиловга хусумат туфайли айб тақалаётганини, баъзилар Миёнхўжа «патентлик иғвогар» эканини, бундай қабиҳ ишларни кўп қилиб юргани ҳам оммага сезилиб қолди. Юқори мартабада ўтирган, Миёнхўжага ўхшаганларни қўллаб-қувватлаётган кишининг иши эканини сезиб олиб, унинг ўқларига қалқон бўлди. Ниҳоятда ҳушёрлик ва дадиллик билан олиб бораётган иши – бошига дўппи, устига беқасам тўн кийиб, ўзбекча исм ниқобига кириб олиб, кўзга ташланмайдиган ҳолда маҳаллий халқ заволига ишлаётган кимсаларнинг башараси очила бошлади. «Миллатчи» деб юзига қоракуя суришликдан ҳам чўчимади, туҳматга бир ватандошини ем қилиб юбормади, уни оқлади. «Агар Вакиловдек ҳалол одамнинг битта тукини хам қилсанглар рози бўлмайман! Бу очиқдан очиқ туҳмат!..» деди Зулфиқоров комиссия аъзоларига қатъий туриб.

Вакилов партия сафида қолди. Илгаригидек ўз вазифасини ҳам бажараверди. Баъзилар бу қарорни эшитиб, Зулфиқоровнинг ортидан «ҳап, саними!» деб қўйди. Зулфиқоров ҳам анойи эмас, бошига гурзи тушишини биларди; «қичийдиган ерини олдиндан қашлаб қўядиган Зулфиқоров» … (Ошналари ҳазил қилиб бу гапни унга тақашарди) ўша баланд мартабадаги аёлнинг сирли ишларини билиб, эски латтага тугиб қўйган эди.

Туҳмат балосидан қутулган Вакилов бу галги биринчи май байрамида янги костюмига неча йиллардан буён тақмай, сандиқда, целлофан халтага солиб, эҳтиёт қилиб олиб қўйгани барча орден ва медалларини: «Жанговар Қизил байроқ», «Ватан уруши», икки «Қизил Юлдуз» орденлари, «Жасурлиги учун» медали ва бошқа ўнга яқин медалларини жаранглатиб тақди. Костюмни кийиб, ойнага қараса кўкси батамом тўлибди – Брежнев бобонинг ўзи! У мийиғида кулди. Тақилмаган мукофотларининг баъзилари илгаригидай ярқирарди, баъзилари сал-пал занглай бошлабди. Ўғли, қизи, айниқса невараси – бобонинг эрталаб жангир-жунгир бўлиб чиққанидан қувондилар. Ҳеч маҳал бу хонадонда бугунгидай шоду хуррамлик бўлмаган эди. Раис бир қултум коньяк ҳам ютиб олдилар. Қизариб, дадиллашиб, неварани етаклаб кўчага чиқиб кетишди. Хотини, болалари, жин кўчадаги эшикдан мўралаб турган хотинлар ижроқўм раисига ҳайрат билан тикилишиб, жилмайишди. Туҳмат ишидан қутулиб, баҳор байрамига чиққан раиснинг бу хурсандчилиги унинг юзларида зоҳир эди. Бу кайфичоғликка кўзи тушган йўлидаги барча кишиларнинг ҳам кайфи чоғ бўлиб, кишилар бир-бирларига табассум қилишарди. Раис бобо байрам тантанасидан неварани хурсанд этиб, қўлига пуфагу ширинликлар олиб бериб, уйга қайтиб келди.

Эртасига ширин невара яна бувани ниқтаб, байрамга чиқишга, орденларини тақишга ундади. Бола бувасининг ғашига тегиш учун ганжина айвон ойнасини тирноқлари билан тимдалаб, ғирчиллатарди. Бобо индамади. Ундан сўнг учи синган қаламни дафтарга ишқалаб «ёза бошлади». Бундан чиққан ғирчиллаган овозни ҳам бобо ёқтирмай, дарҳол неваранинг қўлини ушларди. Бу гал ҳам бобо чидаб, кўрмаганга, эшитмаётганга солди ўзини. Шундан кейин невара югуриб бориб токчадаги довуччани олиб, буваси рўпарасига келиб, қарсиллатиб чайнай бошлади. Бобо бунга ҳам чидади, индамай ишини қилаверди. Шу тариқа «жанг» давом эта бошлади. «Енгилган» невара рогаткасини олиб, кўчага чиқиб кетаётган эди, бобо китобдан бошини кўтариб, орқасидан мурожаат этди:

– Бўпти, келишдик. Сени олиб бораман, – бола кетаётган жойида тўхтади. Чунки у ҳозироқ чиқиб, Омон полвонлар деразасини чил-чил қилиб келиши аниқ эди…

Лекин шу куни ярим кечада Вакилов юрагида санчиқ пайдо бўлиб, безовталана бошлади. «Тез ёрдам» чақиришди, врач укол қилиб, тепасида ўтирди. Азонга яқин уни машинада касалхонага олиб кетишди. Реанимацияга ётқизишди. Ўғлию хотини тепасидан кетмади… Беҳол ётган Вакилов шивирлагандек секин ўғлига қайрилиб боқиб, бир неча сўз деди: «Ойингларга яхши қарагин, ҳамма оғирчилигимни ўзимдек елкасида кўтарди. Ҳаммангиздан розиман, мингдан минг розиман… Биров қилган яхшиликни ҳеч қачон унутма, қарзни вақтида тўла. Зулфиқоров яхши одам экан, саломимни айтиб қўй. Айтадиган гапим шу». Унинг қақроқ лаблари шаҳодат калимасини пичирлади.

Ўғил кўзида ёш билан отанинг рўпарасида бошини солиб ўтирарди.

Шу куни кечга яқин район ижроқўмининг раиси Вакиловнинг жони узилди. Одамзод шу, қанча югуриб елмасин, охири бир куни, бу дунёдан ўтиб кетаверади…

Олтинчи ҳикоя
ЧЎМИЛИШ

Дариғо, чечакдек бевафосен…

Хоразмий

– Эй! Ҳелло! Господин! Биз бу ерда! Келинг! – ғоятда кайфичоғликдан чақнаб турган Нигора ҳайдовчи йигитга мурожаат этди. Кейин ёнидаги дугоналарига қаради: «Господин» ўзбекчада нима дейиларди?

– Хўжайин, – деди қаддини таранг тутиб, чиройли орқасини кўрсатиб турган капалак кўзойнакли Сунбула олуча лабларини кувача қилиб.

– Йў-ўқ! Бошқача! – деди Нигора эркаланиб. – Мамам папамни шундай чақиради. Эҳ, какой-то бир архаик сўз бор эди! Нима эди ўша, мия ишламаяпти.

– «Эгам…» – деди ўзига унча ишонмай оппоқ тишларини кўрсатиб Маъсума. У билағон таржимондай дугоналарига маъноли қаради. – «Э-гам…»

– Йў-ўқ! – томоғини тақиллатди Нигора. – Не то!

– Месье, деб қўя қолайлик! Шуни ҳам ўйлаб ўтирамизми? Шунга ҳам ақл ишлатиш керакми? Ҳозир ҳеч ким ўзбекча гаплашмайди!

– Ўзбекча гаплашмасак ҳам бу сўзни билиш керак! Анави ҳайдовчи қизиқ одам, ўзбекча гапирмасам жаҳли чиқади. Жаҳли чиқиши у ёқда турсин, уриб юборай дейди. Рулда унинг ғазабини қўзғаш керак эмас! Қара, шу замонда шундоқ қолоқ одамлар ҳам бор-а, ўзбек тили, қозоқ тили, тожик тили… кимга керак? Наука бу тилда эмас! Экзамен бу тилда эмас! Лекция бу тилда эмас! Ҳамма вивескалар бу тилда эмас. Профессоримиз неча бор айтди, фақат чойхоналарда пенсионер ўзбеклар бу тилда гаплашади! Майли, гаплашаверишсин. Биз, йигирманчи аср кишиларимиз, компьютер, шоу, джаз… Лекин мана бу янги ҳайдовчимиз ғалати одам. Тушунмайман! Қаланғи-қасанғилар кўпайиб кетяпти. Ҳей, ҳелло!

– «Господин» «жаноб» дегани, тушундингизми? – деди ёнгинасида турган ўша дўппили ҳайдовчи йигит ранги оқариб. – Ўзбек тилида «господин» «жаноб» дейилади. Мен «жаноб» эмасман! Гапни бўтқа қилманг! Худо хайрингларни берсин! Одам хафа бўлиб кетаркан! Дадангиз, аянгиз қандай яхши одамлар! Бўтқа қилиб гапирган билан киши ақлли бўлиб қолармиди?! Шундай ақлли қизлар ўзини ўзи танимай, янглишиб юрса, хафа бўлиб кетар экансан, киши!

– Э, сиз бу ердамидингиз, жаноб!

– Ҳа, ёнингизда турибман, Нигорахон. Мен сизга ўргатмоқчи эмасман, сизлар ўқимишли қизларсиз. Аммо тилни булғаш яхши эмас! Бундан ташқари, ҳозир милодий ҳисоб билан йигирманчи аср, аммо ҳижрий ҳисоб билан ўн тўртинчи аср… Дунёда битта милодий йил эмас, ахир! Вьетнамда бошқача…

– Кечирасиз, ту-шун-дик… Друзья, давайте будем жить дружно!

– Ха-ха-ха-ха-ха-а!..

– Ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-ҳи-и!…

– Ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-ҳе-е!..

Чуғурчуқдек чуғуллашаётган қизлар бирдан жим бўлиб қолишди. Ҳозир машинага тушиш илинжида у билан тўқнашувга бормай келишишгандай бўлишди.

– Марҳамат, машинага чиқинглар! – деди ҳайдовчи йигит.

Қизлар эркаланиб, ҳайдовчининг кетидан бориб, нарироқда турган кумушранг машина эшикларини очиб, ичкарига киришди. Бу Нигоранинг адасига бириктирилган идора машинаси эди. Нигора ҳайдовчининг ёнига ўтирди. Улар яна илгаригидай шивирлашиб ўзбек сўзларини «мошхўрда» қилиб бир-бирлари билан гаплаша кетишди.

Июлнинг охирига бориб Тошкент ниҳоятда исиб кетди. Наинки, пойтахт, Хоразм воҳаси, Фарғона водийси, Самарқанду Бухоро, айниқса, Сурхон кенгликлари ғоятда қизиди. Қумга тухум қўйиб, беш дақиқадан сўнг пишганини олаверасиз. Илгари саратон чилласига чидаб бўларди, аммо ҳозирги иссиқ – шаҳарлар ҳавосидаги дуди-ғуборнинг заҳри, ерларнинг кимёвий ўзгариб бораётгани сабаб бўлдими, чилла саратонини Ўрта Осиё иқлими дўзахга айлантириб юборди. Тағин ҳам инсон кўникиб кетаркан, агарда илгари ўтиб кетганлардан бир кишини тирилтириб, ҳозирги ҳаводан нафас олдирсангиз борми, бечора бобо сувдан қуруққа чиқиб қолган тангабалиқдек оғзини каппа-каппа очиб, яна қайтадан жон берса керак! Бундай иссиқда агар сув тоза бўлса, чўмилганга не етсин!

– Сиз, жаноб, бизни «Ташкентское море»га олиб боряпсизми ёки бошқа томонга? – сўради чап томонига ўгирилиб Нигора.

– Буюрганингиз, ўша томонга.

– Бошқа кўчалар, бошқа йўллар-ку! Илгари папам, мамам билан келганимда бошқачароқ эди. Биз ҳозир западга кетяпмиз.

– Ҳукумат аъзосининг қизини чалғитиш менга нега керак? Биз ҳозир Тошкентнинг жануб томонига кетяпмиз. Сизлар Тошкентни яхши биласизларми?

– Биламиз! – деди кескин Нигора. Тўртинчи курс студентларига бу гап ёқмади, улар ўзича «беш дақиқаси кам олий маълумотли» эди. Уларга нисбатан: «Сизлар Тошкентни биласизларми?» демоқ оғир туюлди.

– Биз Тошкентнинг ҳамма кўчаларини биламиз! – деди орқада ўтирган Сунбула бидирлаб. – Тошкент центр, у («а» билан аташга одатланган) тарихий шаҳар, бу ерда тош кўп бўлган. Шаҳар илгари тошдан қурилган. Шу сабабли «Тошкент» дейилган.

– Ўз шаҳримизни билмасак, одам бўлмай қолибмиз-да! – деди Интизор. – Тошкент тарихини ўқиганмиз. Самарқанд, Бухорони ҳам… Тўғри, Тошкентда тош кўп бўлган.

– Рулда кетаётганда гаплашиш мумкин эмас, бизга ман этилган. Лекин жуда тўғри келиб қолди, ана, орқада «Тошкент тарихи» деган китоб турибди. Биз, ҳайдовчилар, кўп кутамиз, шундай чоғларда китоб ўқиймиз. Олинг ўша китобни, 96-бетини очинг, Тошкент тарихи тўғрисида гап бор, – деди ҳайдовчи Интизорга қайрилиб қараб.

Сунбула газета-журналлар билан бостириб қўйилган китобни олиб, қизларга кўрсатди.

– «Тошкентнинг номи икки минг йиллик ўтмиши мобайнида бир неча бор ўзгарган. Бизгача етиб келган ёзма манбаларга қараганда, Тошкентнинг энг қадимги номи «Чоч», араб алифбосида «ч» ҳарфи йўқлиги боисидан арабий асарларда «Шош» деб юритилган. Ўрта асрларда Чоч, Чочкат, Шош, Шошкат, Шошкан, Мадинат-аш-Шош деб номланган…»

– Қадимги буюк Кушон давлатининг шарқида Шош ва Мароканд бўлган. Кушон давлатининг тараққий этган даври милодий, ҳижрий даврларидан анча узоқ, – деди ҳайдовчи йигитнинг яна гапдонлиги тутиб.

Нигора ҳам, Сунбула ҳам лол қолишди. Бир лаҳзадан кейин Нигора ҳайдовчи йигитга қараб қўйди-да, индамади. «Инглиз лорду ледиларидек ўзидан паст кишилар юзига тикилмасди», чунки паст табақа кишилар лордларга боқиши керак (Ҳиндистонда улар шундай қилиқлари билан эл ичида обрўлари тушиб кетган эди). Нигора бу гапни қаёқдандир эшитиб, юқори мартабали кишиларга, ота-онасига, профессорлари юзларига боқарди-ю, аммо ўзгаларга нигоҳ ташламасди, уларнинг Нигорага боқишларини, ҳатто олдинроқ салом беришларини истарди. Ҳайдовчи ҳам шунинг учун унинг энсасини қотирганди.

– Ҳали узоқми? Қанча қолди?

– Етдик. Икки чақиримча қолди.

– Эҳтиёт бўлишларингни илтимос қиламан! Сув ёмон! Омон-эсон ота-оналарингиз қўлига топширсам дейман. Умуман, идора машинасида бунақа узоқ юришимиз тўғри эмас. Менга барибир, аммо адангизга гап тегиб қолиши мумкин.

– Бунақа гапларни қўйинг! – зарда қилди Нигора. – Адамларнинг номларини тилингизга кўп олманг! Умуман, катталар номини тилга олавериш яхши эмас! Умуман, бундай ёқимсиз гаплар билан бизнинг настроениемизни туширганингиз яхши эмас!

– Кечирасиз. Кайфиятингизни туширадиган бирон гап айтганим йўқ. Агар сизга шундай туюлган бўлса, кечирим сўрайман. Мен фақат сувга эҳтиёт бўлинглар, оқар сувдан ҳам кўл суви хавфли, дедим. Узоққа борманглар! Яқинда Сирдарёда бир министр чўкиб кетди.

– Ҳамма гапни ҳайдовчилар билади! – деди кескин Нигора. – Ҳайдовчилар вайсақи хотинлардан ҳам баттар!

– Тўғри айтасиз. Лекин мен сизнинг бу гапларингизга хафа бўлмайман. Тарихда ҳам ҳеч ким аравакашдан хурсанд бўлган эмас. Кушон давлатида бошқа юртга сир етказасан, деб аравакашни, карвонбошини ўлдиришган, барибир тиллога жез қўшасан, деб заргарни осишган.

– Ўша Кушон давлатида қизлар бўлганми?

– Маъжусий қизлар бўлган, сизга ўхшаб дини йўқ, тили мошхўрда бўлган…

– Маъжусий нима?

– Исломгача ўтга, сувга сиғинадиганлар.

Қизлар машинадан тушиб, кўл томон югуришди. Уларнинг портфелларида чўмиладиган либослари бор эди, ҳужрачаларга киришиб, кийимларини ўзгартира кетишди. Бир лаҳзадан сўнг қизлар сувга тушишдан аввал тўпланишиб, ниманидир шивирлашди. Атрофдаги яланғоч кишиларга тикилишди. Кўл қирғоғида чўмилиш кийимида ётган аёллар, болалар, кишилар кўп эди. Тошкентнинг ишчи районларидан ҳам одамлар кўп чиқишган экан. Машинанинг тўрт эшигини ланг очиб, қизларни пойлаб ўтирган ҳайдовчи йигит қўлига газета олиб, ўқишга тутинди. Негадир улар йигирма қадамча нарида ниманидир гаплашиб, тез-тез машина томон қараб қўйишаётгани ҳайдовчининг диққатини тортди. Бир лаҳзадан сўнг чўмилиш либосида, кўкси сийнабанд билан боғланган Нигора ҳайдовчи йигитнинг ёнига келди:

– Ака! Мана бу тилла соатларимиз, бриллиант зиракларимиз сизда турсин.

– Хўп бўлади, – ҳайдовчи шимининг чўнтагидан рўмолчасини олиб, қизларнинг олтин тақинчоқларини ўраб, ёнига солди.

– Эҳтиёт бўлинг, ўғрилар кўп.

– Сиз ўзингиз эҳтиёт бўлинг, сув ёмон! Бу қимматбаҳо нарсаларни ўғрининг ўзгинасига бериб қўйдингиз.

Нигора жилмайди.

– Сиз ўғирласангиз, майли, – у оҳулардек ўйноқлаб, чиройли елкаларини у ёқ бу ёққа ташлаб кўл соҳили томон чопиб кетди.

Ҳайдовчи йигит унга астойдил тикилди, баданлари жимирлашиб кетди. «Бу ўзи нима? Мўъжиза-ку!» Бепарво Нигора бўлса, кулиб, дийдираб, дугоналарининг ёнига етди. «Дарҳақиқат, бу маъжусий инсоннинг ўзгинаси», деди ичида ҳайдовчи йигит.

Ҳайдовчи қўлидаги газетани қўйиб, хаёлга толди: бундай гўзал қадду қоматни биринчи кўриши. Хўрсинди. Ё тавба, кўйлаклар ичида инсон гўзаллиги яширинар экан, қадду қомат билинмас экан. Бир ҳисобда «замонавий» – «маъжусий» қизларнинг бундай тортинмагани ҳам маъқул. Лекин бир ўзбек қизига ҳадеб ўт бўлиб тикилаверишни ҳам ўзига эп кўрмади. «Яхши эмас! Инсоф қани!» Яна газетасини қўлга олиб, ўқишга тутинди. Бир лаҳзадан сўнг хаёли яна Нигора томон учди, унинг диққатини батамом қамраб олиб, жунбишга келган йигит нотинчлана бошлади. Ўзини қўярга жой тополмай, машина ичидан чиқди-да, кўл четида ғўдайиб туриб, чўмилишаётган, қийқиришаётган, бир-бирига сув сепишаётган қизларни томоша қилди. Қирғоқда одамлар кўп бўлгани ҳолда ҳайдовчи йигитнинг пайдо бўлиб, яқин келганига кўзи тушган Нигора уялиб, қоматини сувга яширди. Йигит бунда балиқдек типирчилаб чўмилаётганлар орасидан Нигорани топиб, унга тикилди. Бу ҳолатни сезган Нигора яна бир муддат тўхтаб, кўксини сувдан чиқармай, қўллари билан беркитиб, кўл ёқасига келган ҳайдовчига: «Нима? Нима гап?» дегандай имо қилди. Ҳайдовчи қўлини қимирлатиб: «Ҳеч гап, ўзим шундай томоша қилгани келдим», ишорасини қилди. Шундан сўнг у қирғоқда орқаларини дўппайтириб ётган оқ, сарғиш хотинларга қаради. Суқ билан тикилди. Бу ҳолни кўрган Нигоранинг энсаси қотди, у қизлар ичра нима қилишини билмай, хомуш турган эди, ҳайдовчи йигит яна орқасига қайтиб бориб, газета ўқишга тутинди. Уч соатлардан кейин қизлар дилдираб, оқариб сувдан чиқишди; тахта ҳужрачаларга кириб, кийинишди. Ўлгудай қорнилари очиб, тезроқ бу ердан кетишни истарди. Шу ерда яланғоч бир семиз хотиннинг бир қўлида нон, бир қўлида пиёз, лунжини тўлдириб овқат еяётганини кўриб, оғизларининг суви келди.

– Қани девзирадан бир лаган ош бўлса, нима қилардиларинг, қизлар? – деди дилдираб Сунбула.

– Ош эмас, бир бурда нон бўлганда ҳам ўйнаб берардим, – деди хахолаб Нигора.

– Ҳаммамиз ҳам ўйнардик, – деди Интизор. – Газетага ўраб бир нима олиб келмаган эканмиз-а. Мен эрта билан чой ичмаган эдим. Жуда нодонмиз-да!

– Ўлларинг! – деди тишларини такирлатиб, титраб Нигора. – Ҳаммамиз ҳам очмиз. Ана ундан нон сўрайликми? Термос олиб юрарди. Эҳтиёткор ҳайдовчи. Ёки пасткашлик бўлармикан? Сўрайвераман! Ҳей, ҳелло! Ака! Сизда бир бурда нон йўқми? Термос олиб юришингиздан нон ҳам бўлса керак, деб ўйладик.

– Машинага ўтиринглар! – у буйруқнамо гапирди. Дарҳақиқат, термоси бор эди, тезда пиёлага иссиқ чой қуйиб, Нигорага узатди. Сўнг бошқаларга ҳам. Газетага ўроғлиқ бир кулча нонни ушатиб, қизларга улашди. Қизлар учун бу кулча бир лаган девзира паловдан ҳам аъло бўлиб кетди. Нонни еб, яна бир пиёладан чой ичиб олганларича, ҳайдовчи беш-ўн қадам нари бориб, сигарета чекди. Дилдираган қизлар танига ҳарорат югурди.

– Энди кетсак бўладими? – сўради ҳайдовчи.

– Бўлади, – деди Нигора.

– Сизга раҳмат! – деди Сунбула.

Машина эшиклари қарс-қурс ёпилиб, йўлга тушишди. Орадан ўн дақиқача ўтгач, ҳайдовчи машинани чиройли бир боғча ёнида тўхтатди.

– Қани, тушинглар!

– Нега тушамиз? – Нигора ажабланди.

– Мана шу ерда ош ҳам бор, кабоб ҳам (боя уларнинг ош ҳақидаги гапларини эшитган эди). Озгина овқатланиб олмасанглар бўлмайди.

– Йўқ, биз уйга етиб оламиз.

– Уйда ош дамлаб, кутиб ўтиришибдими? Тушинглар! Бу ерда менинг ошнам бор, кабобни ҳам, ошни ҳам боплайди.

– Туша қолайлик, – деди Сунбула.

– Бир бурда нон билан ҳам бўладими? Сизларни билмайман-у, менинг қорним ўлгудай оч, – деди Интизор.

– Бўпти, – деди Нигора, – тушдик.

Ҳайдовчи йигит аллақачон ошпаз ёнига бориб, тўрт тарелкада ош, устига икки сихдан кабоб буюрди. Яна нималар деб ошпазга шивирлади, қизларни кўрсатди. Ошпаз унинг таниши эканлиги муомаласидан сезилиб турарди. Қизлар столга ўтириши билан беш дақиқа ўтар-ўтмай бир йигитча косада ош, кабоб ва ундан сўнг икки чойнак чой, нон, аччиқ-чучук олиб келиб қўйди. Ҳайдовчининг ўзи ошпаз ошнаси ёнида ўтирди. Қизлар хурсанд, ҳаш-паш дегунча ошни ҳам, кабобни ҳам туширишди. Чой ичиб, ўринларидан тураётиб, пулини кимга тўлаймиз, деб олазарак бўлишаётган эди, ҳайдовчи уларга: «Пули тўланган, безовта бўлманглар», деди.

– Бизни уялтирманг, ака, ўзимиз тўлаймиз, – деди Нигора.

– Тўлаб қўйдим. Безовта бўлманг, Нигорахон! Меҳмонимсизлар.

– Бу нима қилганингиз, ҳам хизмат, ҳам овқатимизгача олиб берсангиз?

– Нима бўпти! Хизмат қилсак қилибмиз-да!

– Айтмоқчимизки, сиз ҳам зарплатага яшайсиз.

– Маош, денг.

– Ҳа, маош…

– Маош етарли. Яширмайман, тўғри келиб қолса, дадангизнинг машиналарида «гап»га ҳам юраман…

– Ха-ха-ха-ха-а!

Қизлар кулиб юборишди. Минбардан гапириладиган гаплар эмас, мана бунақа сўзлар уларга ёқарди.

– Дадангизга айтиб қўйманг бу гапни, ишдан қувиламан-а!

– Йўқ, ҳеч айтмайман! Шашликлар билан меҳмон қиласиз-у… сизни сотмаймиз!

– Кабоб денг.

– Ҳа, кабоб…

– «Немисча ҳисоб-китоб» бизларга тўғри келмайди. Бу биз ўзбек ва тожикларнинг баъзилари айтаётганидай «кам ақллилигимиз», «қўйлигимиз»дан эмас, умуман, бизнинг табиатимизга тўғри келмайди. Ҳозир ўрни бўлмаса ҳам гап очилиб кетгани сабабли айтаётирман, бу феълимиз жуда узоқдан келади. Амир Темур замонидан ҳам илгари, Луқмони Ҳаким замонидан ҳам илгари бизлар шунақа эканмиз. Бутун дунёни боқаман деган Ҳотам Той ҳам биз, ўзбекларнинг ичимиздан чиққан. Бу гапларни мен ичимдан чиқараётганим йўқ, бир мўътабар домла айтганлар.

Ҳайдовчи йигит тўрт қизнинг ҳам диққатини тортди. Лекин бу тўрт қиз юрагида ҳайдовчига тегишни эмас, кам деганда доцент, катта хонадон фарзанди, келажакда катта одам бўладиган йигитни орзу қилишарди. «Лекин ўзбекнинг яхши йигитларига, айниқса районларда яшовчи йигитларга лўмбиллаган оппоқ татар қизлари осонгина тегиб оляптилар», деган эди бир куни Нигора. «Улар на катта сеп гарнитура, на дабдабали тўй сўрайдилар. Ресторанда йигирма кишилик зиёфат билан тегиб кетаверадилар…» Бу гапни айт ган Нигора хаёлига донгдор бир хонадон келди, улар Нигорага оғиз солган эди, икки катта мансабдор қуда бўлишни исташган эди. Аммо адасини ўртоғининг тўрсайган ўғли Нигорага ёқмаган. Нигора совуқ кишиларни ёқтирмас, «столба» деярди. Мана шу «столба» ҳозир келишган бир кўккўз қизга уйланиб олди.

Орадан ҳафта ўтди. Жума куни эрта билан адасини хизматга олиб кетиш учун келиб, кўчада турган ҳайдовчига Нигора соат бешга келишини тайинлади. У адасига «профессор анчадан буён касал ётганини», дугоналари билан стационарга бориб, кўриб келишини айтди. У кўп вақт отасининг розилигини олмай машинада кетаверарди, ҳатто гараждан ҳам машина чақиверарди. Бундай «мелоч»ларни айтиб, отасининг «республика миқёсидаги хаёлларини бузиб, диққатини тортмасликни» ҳайдовчига ҳам, бошқаларга ҳам айтиб қўйган. Ҳозир ҳам шундай қилмоқчи эди, аммо бу гал ҳайдовчи ёнида атайин ўзини кўрсатиб, отасини огоҳлантирди: «Папочка, стационарга борамиз, рухсатми?» «Майли, қизим, эҳтиёт бўлинглар», деди ота.

Роппа-роса соат бешда машина институт биноси ёнида, кўчада Нигорани дугоналари билан келишини кутиб турди. Беш яримларда кайфи чоғ, ўйноқлаб келган Нигора кечиккани учун ҳайдовчидан узр сўради. Кейин дугоналари бормаслиги, ёлғиз ўзи стационарга боришлигини қўшиб қўйди.

– Қани, кетдик!

Камгап ҳайдовчи дарҳол машинани гуриллатиб, қадимий Шўртепа томон учиб кетди. Бозор олдидан ўтишда Нигора машинани тўхтатишни сўради.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации