Электронная библиотека » Мирмуҳсин Мирсаидов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Илон ўчи"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Мирмуҳсин Мирсаидов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Ўн биринчи ҳикоя
БЕШ КУНЛИК ДУНЁ

Якшанба куни эрта билан Ҳабиб укаси Рустамга телефон қоқиб, сенга Пати бир нима демадими, деб сўради.

– Йўқ.

– Универмагга чет эл пальтоси келган эмиш. Зўр эмиш, – деди Ҳабиб, – менинг пальтом эски.

– Бормайсизми?

– Бораман. Ўзим ҳам кўчага чиқмоқчи эдим, яхши бўлди. Бугунги «Тошкент оқшоми»да мақолачамиз бор, киоскадан олишим керак, – деди Ҳабиб, – министрлик ходими, мансаб эгаси сифатида мақола ёзишимни сўрадилар. Хирургларга эътибор бўлмагач, бу эътиборни биз ўзимиз яратиб оламиз.

– Мақола нима ҳақида?

– Нима бўларди, медицина хусусида эмас, пахта ҳақида. Ҳозир гап фақат пахта ҳақида кетяпти. Операция хонасига киришда ҳам пахта деб кирамиз, чиқишда ҳам. Исполком ҳам, райком ҳам, Минздрав ҳам, савдо бўлимлари, лекторлар, артистлар, адиблар, врачлар, ҳамманинг диққати пахтада! Менга газетадан мурожаат этишган эди, ёздим.

– Ўқиймиз.

Дарҳақиқат, Ҳабибнинг пальтоси эскириб кетган, умуман, кейинги пайтларда у кийимга унча эътибор бермай қўйган эди. Нигора билан танишув уни қайтадан тирилтирди – деярли ҳар куни соқол олар, тез-тез кўйлагини янгилар, ўзига қарай бошлади.

Куз Ўзбекистонда ғоятда гўзал ва серҳаловат. Аммо биз бу куз гўзалликлари, табиатнинг олтин тус олаётгани учун эмас, ёнғоқ қоқиш, беҳи териш, ишкомлардан узум узиш, олмаю нашватилар билан яшикларни тўлдириш – қиш ғамини емоқ эмас, сентябрдан бошлаб қишлоқ мактаблари, ўқувчилари, шаҳарлик студентлар пахтага жўнаймиз. Куз келиши билан студентларнинг юраги зириллайди – эл бошига иш тушгач, этик билан сув кечадиган азаматлар тўлиб ётибди, лекин касалванд, нимжон қизлар справка учун докторларга югуришади. У ерларга ҳам буйруқ берилган, справка бекорга ёзилмайди: ё мансабдор ота, ё муллажиринг даркор, яъни ё зар, ё зўр… Хуллас, ёшу қари пахта машаққати билан банд. Пахта, бу сиёсат, пахта – хонумонимиз, бор аъмолимиз, пахта бу – миллий ифтихор! Шундай деб ўргатмоқда пешволаримиз.

Ҳабиб кийиниб кўчага чиқди, у универмаг сари бора туриб, киоскадан газета сотиб олди. Дарҳол саҳифалардан ўз мақолачасини қидирди. Мана у! «Барака топинглар, азизлар!» Тагида «Ҳабиб Каримбердиев» имзоси.

«…Тонг ғира-ширасида кўзни уқалаб, оёқда керза этик, наридан бери нонушта қилиб, далага югурган, бели, қўллари оғриғига ҳам қарамай, бутифос заҳарини ҳам менсимай, ундан устун келиб, жавоҳир ёғин-сочинда қолиб кетмасин деб меҳнат қилаётган азамат пахтакору шаҳарликлар, студентлар – қизлару йигитларни бир кўз олдингизга келтиринг. Буларни шу куннинг мардлари ва ҳатто қаҳрамонлари десангиз, хато бўлмайди. Ватанга пахта керак! Наинки республика, бутун Иттифоқимиз халқларининг кўзи унда. Кимё – қишлоқ хўжалигимиз учун ҳаводек зарур. Баъзи консерваторлар машинага, кимёга қарши чиқмоқдалар. Уларга зарба беришимиз керак! Ота-бободан қолган кетмон – эскилик сарқити, уни ишлатмаслик керак! Даламиздан йўқолсин кетмон! Ғарбий Германиядан валютага сотиб олаётганимиз бутифос – пахтакорнинг дўсти, мухолифларимиздан бири сафсата тарқатибди: чунончи, немислар сўраган эмишки, бутифос ишлатиляптими, бизникилар, ҳа, ишлатяпмиз, ғўза баргини ялпи тушириб, машинага қулайлик яратади, дебмиз. Немис, сиз менга айтинг-чи, Ўзбекистонда битта-яримта ўзбек қолдими, деб сўраган. Бизникилар: йўқ, ҳаммаси қирилиб кетган эмас, ҳали бормиз, деганмиз… Шу гапни тарқатаётганлар бор!

Табиат қаттиқ халақит берганини кўп гапирмоқдамиз, тўғри, яхши кунларда яхши ишлаб қолиш билан буни енгаётганимиз ҳаммага маълум. Табиат инжиқликларини енгиш инсонга хос фазилатдир!

Эр бошига иш тушса, этик билан сув кечар. Шундай қилаётирмиз! Яна бир кучли ҳамла керак, дўстлар! Жавоҳир тупроқда қолиб кетмаслиги учун наинки ёшлар, пенсионерлар ҳам, нуроний оталар ҳам пахта далаларига чиқсинлар. Синов кезларида матонат кўрсатаётган пахтакор азаматларга Ўзбекистон Марказий қўмитаси бюроси ташаккур айтиб, ватанпарварлик ишларини юксак баҳоламоқда. Ўзбек халқи бир ёқадан бош чиқариб, меҳнат қилмоқда, оғирликларни енгиб, далада ҳалол ва фидойи ишлаётганлар давримизнинг фаол кишиларидир. Далаларда мислсиз матонатли иш кетяпти. Ўзбек пахтакорининг йил бўйи қилган меҳнати ҳар қанча ҳурматга лойиқ.

Ҳал қилувчи кунлар бошланди. Республикамиз жамолини нуроний кўрсатадиган ҳам – пахтакорлигимиздир.

Йиллар ўтар, табиат ғоятда оғир келган ва биз бу йил кузи пахтазорда тер тўккан, ҳалол ишлаган кишиларни Ватан эъзозлаши, чинакам фарзандим дейиши аниқ. Юрт тан олади, отангга раҳмат, дейди.

Республикамиз обрўси, шаън-шавкатини биз фақат меҳнат билан кўтарамиз. Табиат инжиқликларини енгиб, ишни дўндирмоқлик табиатдан устун келиш демак.

Азиз пахтакор дўстлар, техника, кимё сизга ёр бўлсин, ҳашарчи гўзал студент қизлар, баҳодир йигитлар! Яна бир ғайрат-шижоат кўрсатинглар!»

Ҳабиб кўчада, киоска олдида туриб, ўз мақоласини бошдан оёқ ўқиб чиқди. Ўз фикрларидан ўзи хурсанд бўлиб, чуқур нафас олди. Бу мақолага раҳбарлар кўзи тушса, хурсанд бўлишини кўнглидан ўтказди.

Беш дақиқа кам ўн бирда Ҳабиб универмагга кириб борди. «Аммамнинг бузоғи», емоқ-ичмоқдан бўлак ҳеч нарсани билмайдиган кимса, деб кўп вақт камситилиб келган Пати, унчалик анойилардан эмас, ғар бўл, ўғри бўл, инсофинг билан бўл, деб тез-тез ошналарини чақириб турарди. У кўринишдан сувга чўккан бўлка нондек ивиб, бўшаш кўрингани билан аслида чандир, қув, ичдан пишган. Пати Ҳабибни ёқтирар, чунки Ҳабиб сиёсатга аралашар, қаёққа ташласанг олчи турар, мансабдорлардан танишлари кўп, ҳатто судьялардан, милиция ходимларидан ҳам… Бу жуда муҳим. Хоҳлаган пайтда Ҳабибга телефон қилиб чақириши мумкин, у кейинги пайтларда «ёш жарроҳ»лигини, ассистентлигини унутиб, мансаб сари интиларди. У тез-тез Шарбатхон аяни кўргани борарди. «Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур…» қабилида иш тутарди. Аянинг оғзи қулоғида. Пошшахон бор, «бола баҳона дийдор ғанимат…»ни сезишгандай бўларди. Боши очиқ Пошшахон ҳар бир йигитга «сигир қараш» қиларди. Бир куни кимнидир яхши, кимнидир ёмон деяётган хотинга ҳайратомуз боқиб: «Йигитларнинг ҳам ёмони бўладими?» дебди Пошшахон. Ҳабибнинг Пошшахонга шилқимлик қилаётганига кўзи тушган Шарбатхон ая ўзини кўрмаганликка солиб, ошхонага кириб кетди. Эрдан эрга тегиб, тинчимаётган Пошшахонни Ҳабиб олса, жон-жон деб беришарди. Лекин у уйланмаган. Уйланмаган бўлса-да, уйланганлардан кўпроқ ҳаётни билишлигини ҳам эшитишган. Ўз онасига бемеҳрлигини ҳам эшитишган. Мана шу томонлари Шарбатхон аяни оз-моз ўйлатиб қўярди. Бўлмаса, бундай уддабурон, келишган, йўқни бор қиладиган қорақош йигитни буюриб ҳам топиб бўлмайди!

Ҳабиб универмагга кириб, иккинчи қаватдаги узун коридорлардан бориб, Патининг кабинети эшигини чертмай очди. Ичкарида Пати билан яна бир ошнаси ўтирганини кўриб, қувнаб кетди. Салом-аликдан аввал, кира солиб, Патига гап отди:

– Чумчуқ боласига нима деган?

– Атрофингга бир қараб, бир чўқигин…

– Чумчуқбола онасига нима деган?

– Йўқ, аяжон, мен бир чўқиб, икки қарайман, деган экан, – Пати тилло тишларини йилтиратиб хахолаб кулди. Шундан сўнг ўзининг амалдор столидан туриб, Ҳабиб билан ачомлаша кетди.

– Маладес, маладес, азизим! Сен менинг раҳбарлигимда одам бўляпсан. Книжкадаги пул юз минг бўлдими? Қачон уйланасан? Пулнинг кетига тушиб, бошқа нарсаларни унутиб юбормадингми?

– Унчалик эмас, дўстим, – деди босиқлик билан Пати, – бу ернинг турган-битгани ғалва-ку!

– Мусичадек то тўйгунингча бошингни сочилган дондан кўтармай ўтирсанг, мушук олиб кетади, – деди Ҳабиб кулги аралаш.

– Ҳай-ҳай, нафасингни иссиқроқ қил, – деди Пати.

– Билиб гапиряпман, ҳозир замон бошқача.

– Тушунаман, – деди бир оз бўшашиб Пати, – ревизия келган, икки кундан буён кайфиятим яхши эмас. Майли, текшираверсинлар, қўрқадиган ерим йўқ. Лекин уларга тиқмасак илож йўқ. Танишинг йўқми? Ўша орқали тиқардик…

– Э бор-да! – деди Ҳабиб кимнингдир номини айтиб. – Ташвишланма, мен шу бугуноқ гаплашиб, эртага сенга натижасини айтаман. Ревизорларини чақиртириб оламиз!

– Шундай қилгин, жон оғайни.

Пати Ҳабиб ва ёнидаги ошнасини бошлаб, учинчи қаватга олиб чиқди. Бу ерда чет кишилар кириши мумкин бўлмаган, фақат юқори ташкилотлар ходимлари, оила аъзолари кириб, рўйхат билан камёб молларни оладиган махсус хона бор. Директор билан кирган икки йигитни хонада ўтирган жувонлар ўрниларидан туриб, эҳтиром билан қарши олишди.

– Анави, Англиядан, Италиядан, Финляндиядан келган пальтоларни кўрсатинглар!

Жувонлар таманно билан юриб, тезда бир нечта чиройли пальтоларни олиб, хона ўртасидаги стол устига қўйишди. Ҳабиб бунақа ажойиб пальтоларни умрида кўрмаган. Дарҳол унинг кўз олдига профессор келди. Бу пальтодан биттасини унга олиб борса, ишлари ўнгидан келади. Эҳтимол, ҳар куни клиникага боравериш, жарроҳлик хонасида бўлавериш шартмасдир. Негадир бу иш кейинги кунларда унга ёқмай қолди. Оч студент бўлиш жонига теккан, энди институтни битириб ҳам шундай юраверадими? Унинг назарида Патининг йўли тўғрига ўхшади. Беш кунлик дунёда яхши яшаш керак эмасмикан? Нега у пулга зор, етишмовчиликда яшаши керак?!

Кунлардан бир кун яна Пати Ҳабибга телефон қилди. Ҳабиб баъзилардек столи устига дўпписини қўйиб, шахсий иши билан қаёққадир ғойиб бўладиган, одамларни куттирадиган мансабпарастлардан эмас, у ҳамма вақт жойида собит бошлиқлари атрофида қиличдек шай турарди. Овози ҳам ўткир, ҳарбийлардек аввал ўз фамилиясини айтиб, эшитаман, дерди урғу билан. У энди тамоман институтдан кетиб, Маданият министрлигида хизмат қиларди. Шундай мутахассиснинг ўз жойини ташлаб, амалга ўзини ургани кўпларни ҳайратга солди. Инсон феъли шу даражада тез ўзгарадими, бировга айтса, асло ишонмайдиган воқеа. «Талантли ассистент» мансаб курсини афзал кўриб, телефонлар бағрида ўтирибди.

– Мен Фатхуллохўжаман…

– Танидим. Сенинг товушинг ўзгача, йўталсанг ҳам биламан, – улар кулишди. – Соғиндим, кўргим келади, лекин иш, иш, иш… Бугун жамиятимизнинг йиғини, кеч соат 17 да.

– Тарихий ёдгорликларни асраш жамиятининг йиғилишими?

– Ҳа. Вақтинг бўлса кел, мен доклад қиламан. Қирқ дақиқача. Кейин, майли, қаёққа десанг борамиз.

Пати худди шундай қилди, бир ойдан буён дўстини кўрмаган эди. Залда фан ва маданият арбоблари, уларнинг кўплари номдор одамлар, фотосуратлари газета-журналларда чиққан, мақолалари орқали Пати уларни танирди. Қадим ҳукумат мажлислари бўладиган гўзал залнинг охирида, девор тагида ўтирган Пати дўстининг қирқ дақиқалик докладини тинглади. Доклад ёзилган бўлиб, тарихий ёдгорликларнинг номлари қандай ёзилган бўлса шундай ўқиди, «Минарет Калян» деганда битта Пати эмас, бошқа қариялар ҳам «мансабдор ёш»га қараб, бошларини сарак-сарак қилишди. «Тиллакорий» мадрасасини «Тилла Қори» деб ўқиди – дам у қирғоққа, дам бу қирғоққа уриларди. Залдагилар, бу нима масхарабозлик, деб энсалари қотди. Ҳамманинг кўзига «Ўзбекфильм» киностудиясидаги тилбилмаслардан ҳам совуқ кўриниб кетди. Бу ер ҳам хароб бўлар экан… деган залдагилардан бири этак қоқиб жўнади.

Бундай маърузалар эмас, Ҳабибнинг бошқа томони Патини қизиқтирарди, хотин-қизлар бу уддабурон барно йигитга маҳлиё бўлиб, қўпол қилиб айтганда, осонгина унинг қўлига тушиши Патини лол қолдирарди. Унинг бу сирли қараши борки, баъзи ёш жувонлар сеҳрланарди. Уни ахлоқий жиҳатдан нобоп деб бўлмасди, у дарҳақиқат, кўнглига ёққан баъзи жувонларга жонини берарди, сўзининг устида қаттиқ турадиган йигит эди. Уч хонали квартирасида ёлғиз яшар, бу уй кўп вақт ошна-оғайнилари билан гавжум бўларди.

Ҳабибнинг эпчиллиги, куч-қудратию гапларига сеҳрланган бир жувон кунлардан бир кун кўзларига қора кўзойнак тутиб, шу хонага кириб келди. Бу аёлнинг кимлигини айтиш мутлақо мумкин эмас, у туфайли Ҳабиб мансабга минган… «Йўлини топсанг, дунёда қўлга тушмайдиган аёл йўқ», деган ўз фалсафаси ҳам бор.

– Бу «фалсафанг» оналаримиз шаънига ҳақорат-ку! – деган эди бир куни ошналаридан бири.

– Мен у маънода эмас, бу маънода гапиряпман, – деди ўшанда Ҳабиб пинагини бузмай.

Пати билан Маратлар баъзан ўйлашиб қолар, уларнинг кўз олдига Нигора ҳам келиб қоларди. Наҳотки, у ҳам бир куни лақиллаши мумкин?

Алқисса, энди шу хушбичим йигитнинг ўз онаизорига бўлган муносабати хусусида ҳикоя эшитасиз.

Ўн иккинчи ҳикоя
БИР ОНА ҚИСМАТИ

Доимо қўли кўксида, ҳамсуҳбати юзига тикилиб боқишдан тортинадиган, аммо сертакаллуфу серҳаракат бу йигит тезда кишининг диққатини ўзига жалб этади. «Азизим, сизнинг маъюс туришингиз жигаримни эзади, бунчалик бўлманг, – деган эди бир куни кекса министр, – яхшиликлар қилавериб, мени қарзга ботириб юбордингиз…» Ҳа, дарҳақиқат, у шу даражада шинаванда, киши ҳожатини равон этадиган, ўткир фаҳмли йигит эдики, «катта»нинг оғзидан сўзи чиқмасданоқ ниятини фаҳмларди, кўнглидагидан аъло бажариб, «яна иш буюринг» дегандек маъюс мўлтираб турарди. «Ё, тавба! Бу ўзи нима, инсу жинсми? Ота-онаси ким экан? Қадимги «узун чопон, соқоли тўрва ўзвайлар»га ҳеч ўхшамайди»… Кўп йиллардан буён ўз лавозимида мустаҳкам ўтирган «катта», ноқулай бўлса ҳам бир ўтиришда маҳкама ходимларини икки гуруҳга бўлиб, бири «жайдари ходимлар», иккинчиси мана бу Ҳабибжонга ўхшаган, қаёққа ташласанг, олчи тураверадиган уддабуронлар, дебди. Ҳатто уни кайф устида «авчарка», деб юбориб, ё ҳурмат қилганиданми ёки бунақа беибо ҳазилларни тез-тез қилиб турадиган «катта»нинг хулқига ўрганиб қолишгани сабаблими, ҳарқалай, Ҳабиб буришиб-ҳуришиб хафа бўлгани йўқ, муқояса ғоятда хунук бўлса ҳам, бу гапни «катта» айтганлиги учун кечирди.

Ҳабиб асли эски жўвалик Каримберди аканинг фарзанди. Улар тўрт ўғил, бир қиз бўлиб, бу болаларни вояга етказгунча Каримберди акаю Салтанатхон ая қанча машаққатлар чекмади, дейсиз! Болалар вояга етгунча хонадон гавжум – олди институтга кирган бўлса, кейингилари мактабда; маҳалла, қолаверса идорадаги ёр-биродарлари Каримберди акага ҳаваслари келарди. Оила бўлса шунчалик бўлар-да, дейишарди. Унинг тўйида ҳам кимдир ували-жували бўлинг, деган. Ўзбекнинг тўйида бу сўз айтилмаслиги мумкин эмас. Ўша одамнинг тилаги инобатга ўтгандай… Фарзандларига умид билан буюк кишилар номини қўйди: Ҳабиб, Рустам, Ҳотам, Адҳам Зеби (баъзан уни Клара деб ҳам чақиришарди)… «Клара деганинг нимаси?» деб қариндошларининг энсаси қотганда, Каримберди ака ўпкаси йўқлик қилиб, ўзининг чинакам байналмилалчи қалби шу руҳ билан тепишини айтган. Аслида, бу исм Салтанатхон аядан чиққан, хоним ўша йиллари район ижроия қўмитасида фаол ходима, яқин дугоналаридан бирининг номи Клара эди. Аммо минг афсус, деярли ҳамма фарзандлар оёққа турганда қазойи муаллақ Каримберди акани дунёдан олиб кетди. Ҳозир бизнинг ҳовлига келсангиз, ош емайсиз, мушт ейсиз, яна бир-икки йилдан сўнг, асал ейсиз, деб юрадиган Каримберди ака болалари роҳатини кўролмади, у жон бераётиб, хотинига: «Болаларимни сенга топширдим, сени худога…» дея олди, холос. Йиғи-сиғилар тугаб, она учун хонадонда «шоми ғарибон» бошланди. Кўп ўтмай кўниккандай бўлди-ю, яна ўйин-кулги, айниқса, Ғарбий Европа мусиқалари авж олди. Онаизор Каримберди аканинг васиятини бажо келтириб, фарзандларига жон фидо қиларди, дарҳақиқат, унинг бу дунёда шу фарзандларидан бўлак кими бор?! Мол йиғмади, отадан деярли ҳеч нарса қолмади, чунки унинг феъли тамоман бошқача – молга ҳирс қўйганларни, киши қадру қимматини пул билан ўлчайдиганларни ёқтирмасди.

Йиллар ўтгач, Салтанатхон ая мушукка ўхшаб, болалари ҳар қаёққа тарқалиб, ота қурган участка пойдеворларига суйкалиб яшайверди. Ҳабиб ҳам, Рустам ҳам, Ҳотам ҳам, Зеби ҳам тўрт томонга сочилиб кетишди, бири бошқа шаҳарга, бири шу Тошкентда бўлса ҳам хотинининг измидан чиқмай, маҳаллага келмасди. Тор кўчаларни «Истанбул», «Шанхай» деб атаб, кўпроқ асфальт кўчаларда хорижий сақич чайнаб, сигарета чекиб юришни афзал кўришди. Мамлакат олдида катта хизматлари бор Каримберди ака содда, дўппи кийиб юрадиган бир инсон бўлишига қарамай, болаларидан бирининг соқол қўйиб юриши ҳам жуда қизиқ эди. Бу қилиқлар қаердан чиқди экан? Дастлабки йиллари улар онда-сонда оналаридан хабар олиб туришди; Салтанатхон ая бетоб бўлиб қолганида қизи ва катта ўғли ташаббуси билан касалхонага ётқизишди. Она тузалиб чиқиб, яна ҳовлида ёлғиз қолди. Яхши ҳам бахтига маҳалла бор, қўшнилари ҳолидан хабар олишди. Нима қилишини билмай мушук боқди. Баъзан ошхонага кириб, бир нима пиширишга чоғи келмасди. Қўшниси Лазокатхон кўп вақт уйига чақирар, гаплашиб ўтириб, овқатланиб, яна қайтиб чиқарди. Унча-мунча нарсалари тугагач, шу кўчадаги болаларга ялиниб-ёлбориб нон, сут олиб келтирар, оёғининг боди асло юрғизмасди. Етмиш бешдан ошиб, саксонга қараб кетаётган кимсадан нима кутиш мумкин?! Шу аҳволда ҳам фарзандларидан шикоят қилмас, улар «давлат иши билан банд» эканликлари, бирлари меҳнати, бирлари таланти билан халққа хизмат қилаётганликларини айтиб, ўзига ўзи далда берарди. Аммо уларни кўргиси келар, соғинар, жуда бўлмаганда невараларини қучишни истарди. Кейинги пайтларда кампир тамоман ёлғизланиб қолди. Баъзан: «Омонатингни ола қолсанг бўлмайдими, Тангрим, бу кунимдан кўра Каримберди акамларнинг ёнларига бора қолсам бўлмасмиди. Э, худо, ҳеч кишини жуфти ҳалолидан айирмасин экан…» деб шикоят қиларди. Қўшниси ёки бирон уруғи келмай ёлғиз қолганида катта хоналар уни ютиб юборгудай бўларди, кўзига ҳар нарсалар кўринар, хонанинг юқорисидаги жавон тепасида боши одамга ўхшаган каптарлар қўниб ўтирарди. Баъзан ёнида мушуги ҳам йўқ, унинг ўрнида жундор бир маймун чўққайиб ўтирганини кўриб, чўчиб тушарди.

Эрталаб чой ичмай Жарариқ маҳалласидаги бир уруғиникига борди. Лабларига учуқ тошиб кетибди. Телефон қоқиб, биронта ўғли ёки қизини тополмади. Кейинги пайтларда кам телефон қилар, чунки Рустамнинг хотини: «Онангга бир нима керак бўлса, телефон қоқади…» дегани дилига ханжардек санчилган эди. Наҳотки у бир кило гўшт ташлаб кет, дейиш учун қўнғироқ қилса! У фақат ўғлини, қизини кўргиси келарди, қорни бир бурда нон билан ҳам тўяди-ку! Наҳотки келиним буни тушунмаса! Мен болаларимни, невараларимни соғинганман. Илоҳим, ўзингнинг болаларингдан қайтсин, дерди она бағри куйиб. Бу унинг энг қаттиқ қарғиши эди.

Кейинги ҳафтада болалар бирдан йиғилиб келиб, онанинг атрофини ўрашди. Салтанатхоннинг юраги ёрилиб кетди. Дарҳақиқат, катта ўғил Ҳабиб укалари, синглисига телефон қилиб, бир нима деганми, ишқилиб, болалар ўз туғилиб ўсган маҳаллаларига «қадам ранжида» қилишди. Лекин маҳалла чойхонасида ўтирадиган баъзи кексалар: «Бу, Каримбердининг болалари товуқ тагидан чиққан ўрдак бўлди. Маҳаллага ҳеч қони қўшилмаяпти. Ота тилини ҳам билишмайди…» дер эдилар. «Шўртумшуқлар чойхона ёнидан ўтиб, кексаларга салом беришмайди, булар кимга тортди экан? Уруғ-аймоғида чулчит йўқ-ку! Наҳотки маҳаллани унутдилар! Шуларнинг тўйларида хизмат қилдик. Каримберди қазосида тўрт маҳалла оёққа турди, ҳурматини жойига қўйиб, елкада кўтариб қабристонга элтдик… Нечун бу болалар оналарини ташлаб кетишди экан? Улар кимнинг тарбиясини олдилар? Мактабда, институтда, ишхоналарда ҳеч қачон онангни ташлаб кет, демайди-ку! Аксинча! Сиёсатимиз онани ҳимоя қилади, она безорлар қораланади-ку! Нечун булар ола бўлиб чиқди?!» Маҳалла кексалари ҳеч нарсага тушунмас эдилар. Аммо кекса ўқитувчи гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолди: «Киши вужудини ўзгартириб бўлмайди, булар «ўрдак»лардир. Ўрдакни товуқ қилиб бўлмайди, бунга ҳали илм ожиз. Мен ирсиятни айтяпман, бошқа халққа мансуб қандай яхши болалар бор, қандай яхши, қандай одобли. Бува невараларини ҳеч кимга ишонмайди, дунёда неварадан ширин нарса борми! Гап каллада, тарбияда. Каримберди ака барвақт дунёдан ўтиб, Салтанатхон болалар тарбиясига бепарвороқ бўлди, қуёнга ўхшаб ҳадеб ялади. Нега она тилингда гаплашмайсан, тилинг кесилгурлар, демади. Мана, оқибат! Ўз она тили, ўз юртини танимайдиган, ерга садоқат ҳисси йўқ болалардан яхши инсон чиқмайди! «Улуғ Ватан урушида баъзи хоинлар мана шунақа: юртига ихлоси йўқ, она тилига нописанд кимсалардан чиққан», деган эди генерал Собир Раҳимов. Кичик дарз катта кемани чўктиради, фарзанддаги тагдор, аммо кўринишда кичик нописандлик дарзи кейинчалик ёмон оқибатларга олиб келади. Тарбиялаш «ҳеч ким билан муштлашма: ёқимтой бўл», демаклик эмас, тарбиялаш Ватанингни, ватандошларингни сев, ҳақгўй, ҳалол бўл, она тилингни қадрла, ундан сўнг бошқа халқлар тилини ҳам ҳурмат қил, демоқликдир. Биз кўпроқ пул топ, деймиз». Каримберди аканинг ошнаси, кекса муаллим чойхонада, тенгдошлари орасида ўтириб, шундай гапларни айтарди. Дунёда бўлаётган воқеаларни ҳам маҳалладошларига айтиб берарди. Жавоҳарлал Нерунинг Москва, Ленинград, Тошкентда бўлгани, Деҳлига қайтиб бориб айтган сўзлари, унинг Бобурийлар ҳақидаги яхши фикрлари, инглизлар «Буюк мўғуллар» деб тарқатган, аслида, «Бобурийлар» демоқлик керакдир. Бу сўзлар матбуотда эълон қилинганини ҳам айтиб берарди.

Шу кекса муаллимнинг гаплари Ҳабиб, Рустамларнинг қулоғига етиб, унинг устидан тегишли ерларга шикоят ёзишмоқчи, миллатчиликда айбламоқчи бўлдилар. Аммо она йўл бермади, кекса муаллим ниҳоятда баобрў одам, у сизлар ҳақингизда ёмон гап айтмаган, бунга иймоним комил, деди. Бундай қилсаларинг, мен рози бўлмайман, деди. Ҳабиб, Рустамлар онанинг юзидан ўта олишмади. Лекин бундай «ёқимсиз гаплар»нинг илдизини қуритмоқликнинг бирдан бир йўли – ҳовлини сотиб, онани олиб чиқиб кетиш эди. Фарзандларнинг ҳаммаси ака тадбирига кўнишди; ҳовлини сотиб, пулини бўлиб олишди. Она бир ой-бир ойдан ҳар бир фарзандиникида туради. «Аямлар уч кам саксонлар, яна бир йил яшасалар керак», деди Клара қовоқ арига ўхшаб ғўнғиллаб. Бу гапни Ҳабиб тасдиқлагандай бош қимирлатиб қўйди.

Хуллас, Каримберди ака қурган ҳовли етмиш беш мингга сотилиб, болалар бу пулни бўлиб олишди.

Она аввал Зебиникида, кейинчалик Ҳабиб, сўнг Рустамларникида турди. Рустамнинг хотини қайнонасини ғоятда ёмон кўриши туфайли бир ой эмас, уч кун деганда келинининг ғиди-ғидиси чиқа бошлади. Салтанатхон чидай олмади, бу аҳволда касал бўлиб қоламан, деб катта ўғли Ҳабибникига йўл олди. Бўхчасини кўтарган кампир троллейбусларда тиқилиб, туртиниб-суртиниб яна катта ўғлининг саккизинчи қаватдаги каталагига борди. Ўғли командировкага кетган, эшик қулф, нима қилишини билмай, зинапояда бўхчасига ёнбошлаб ўтирди. Шу қаватда турадиган ўзига ўхшаган бир хотин эшикни очиб, Салтанатхонни дарҳол уйига олиб кирди. Каримбердиевнинг онаси эканини фаҳмлади. Чой бериб, рўпарасига ўтирди. Салтанатхон у билан гаплаша кетди. Ўзи ҳақида, болалари, марҳум фронтовой чоли… ҳаммасини гапириб берди. Истараси иссиқ кампир, қўли даҳанида, табассум билан барча гапни эшитди. Гап орасида у: «Ўғилни уйлантириб қўйиш керак. Вақти. Бу хонага ҳар хил аёллар келади…» деди. Салтанатхон:

– Мен бунчалигини билмас эдим, ўғлимга айтаман! Ҳабибжон жуда яхши йигит, одобли, меҳнаткаш. Билмадим, қанақа жувонлар бу ерга келган экан? Бунақа одати йўқ эди-ку! Албатта уйлантираман. Қиз ҳам топганман. Ҳабибжон министрга ёрдамчи бўлиб ишлайди, бир оз шошмайлик дейди, – деди астойдил куюниб.

Қўшни кампир онанинг тўлқинланиб гапираётганини кўриб ҳаяжонланарди. Аслида, бу «министр ёрдамчиси»нинг қилиб юрган ишларидан анча хабардор, чолу кампир уни «Қашқа айғир», дейишарди. Қош қорайганда пусиб, олдинма-кейин хонага кириб кетишаётган «айғир»у «байтал»ни шундоқ кўриб туришарди. «Начора, ёшлар!» деб қўйишарди.

– Чарчабсиз, бизникида қолинг, – деди қўшни кампир.

– Йўқ, маҳалламга бормасам бўлмайди. Бу осмону фалакда таҳорат қиладиган жой бўлмаса, қибланинг қаёқдалигини билмасам. Чинни тоғора устига чиқиб ўтиролмайман. Биз, эскиларга булар тўғри келмайди.

Кампир кулди. Салтанатхон бўхчасини кўтариб, яна эски маҳалласи томон йўл олди. Ҳовлим сотилиб кетган бўлса ҳам, қариндошлардан аъло қўшниларим бор, ўғлим командировкадан келгунча ўшаларникида ётиб тураман, деди. Яна троллейбус, автобус қилиб шаҳарнинг ғарбига – ўзбек маҳаллалари томон йўл олди. Йўл-йўлакай қизи Зебини ўйларди: «Мен шундай онаси бўлсам-у, бағридан қўймаслик ўрнига… кўчаларда тентираб юрсам. Мен унинг қозон-товоғига ҳам, боласига ҳам қарашишим мумкин. Нега мени ёқтирмас экан?

Уни катта қилгунимча не-не машаққатларни чекдим. Миннат қилмайман, худо ўзи кечирсин-у, нега ўз онасини бундай қилиб қўйди? Ёки шу қизимни туққанимда, туғуруқхонада ҳамширалар шошма-шошарлик қилиб бошқа чақалоққа алиштириб юборишдимикан? Нега у бунчалик бемеҳр! Қиз бола деган онанинг тиргагичи бўлади-ку, нега менинг Кларам бундай? Адасими, акасининг фикри бўлдими, бу қизга Клара деб от қўйилиши ҳам ғалати! Гап исмда эмас, ахир тўққиз ой қорнимда олиб юрган қизим, мен унинг уйига сиғмаслигимга ҳеч ақл бовар қилмайди! Куёвни ёв, дейдилар, агар у аблаҳ бўлганда ҳам қизим уни йўлга солиши керак эди!»

Салтанатхоннинг юрагидан унсиз хаёллар ўтди. Ўз қадрига хўрлиги келиб, ҳали шу бўлдими аҳволим, деб троллейбус бекатида ўтириб йиғлади. Кишининг бир қўним жойи бўлмагандан кейин кенг дунё тор бўлиб кетаркан. «Бундан кўра ўлганим яхши эди, сарсону саргардон, тентираб юрганимдан кўра Каримберди акам ёнларига борганим яхши эди. Қаригандан кейин Эгамнинг ўзи омонатини эру хотиндан баробар олиб қўя қолгани маъқул! Бу кўрганларимни бировга айтсам ишонмайди, худо ҳофиз, булар шу кунда бўлиб турибди-ку!»

Қорни оч, ҳориб-толиб, гарчи ҳовлиси сотилиб кетган бўлса ҳам қадрдон маҳалласига кириб келиб, Лазокатхон деган минг йиллик қўшнисиникида қўним топди. Дилбар аёл Салтанатхонни ўз опасидек кутиб олиб, ювинтириб, чой берди, яхшилаб меҳмон қилди. Кечга яқин ош дамлади. Унга ҳам бир ҳамсуҳбат керак эди, соғинганини айтиб, бир-икки кун ушлаб қолди.

Куз ўтиб, қиш яқинлаша бошлади. Ҳиндиларнинг кўчага ҳайдалган дайди сигири каби эгасиз тентираб юрган Салтанатхон ая ўзини болаларига керак бўлмай қолганини пайқаб, ўлимини кутарди. Лазокатхондек дилбар қўшнилари сийлаб қолгудек бўлса ўлгиси келмас, гўё қарилик гаштини сураётгандай бошини баланд кўтарарди.

Мана, қиш ҳам келяпти, шу қишдан чиқиб олса, келаси йил баҳорда тўйиб тут ейишни орзу қилди. Тут кўп дардларга даво эмиш.

Салтанатхон ая кўчама-кўча дайдиб, бўзлаб юрганида фарзандлари телефон орқали бир-бирлари билан гаплашиб, Зебининг уйида тўпланадиган бўлишди. Энг катталари – Маданият министрлигида мансабдор Ҳабибнинг маслаҳати билан оналарининг бундай қаровсиз дайдиб юришига хотима беришмоқчи бўлди. Онанинг «кўрган бировга ҳасрат қилиб, болаларидан шикоят этиши…» (аслида, она ҳеч кимга ва ҳеч қачон болаларидан шикоят қилган эмас) уларнинг обрўларига путур етказаётгани, бўхча кўтариб дайдиб юрган онанинг боласи министрлар доирасида силлиқ баландпарвоз гаплар айтиб юриши, мажлисларда кариллаши ёқимсиз кўринди. Бунинг устига, ҳаммалари банд, ўзи билан ўзи овора, топганлари уй налогию болалардан ортмаётганини айтишиб, қаровсиз қолган қариялар уйига оналарини жойлаштириш ҳақида «қурултой» қилишди. У ерга ҳам ҳаммани олавермайди, деди Рустам. Зеби таниш-билиш қилиб жойлаштиришни маслаҳат тарзида ўртага ташлади. Хуллас, бу ишни Ҳабиб ўз зиммасига олди. Ҳаммалари: «Шундай қилинг, акажон, ойимларнинг бўхча кўтариб тентираб юришларидан номусларга ўлай деяпмиз», дейишди. Маҳалла қўмитаси раиси Ҳабибга телефон қоқиб:

– Иш топилади, она топилмайди, жиян! Сиз министр ёрдамчисиман, деб гердайиб юрибсиз, онангиз касал… Бунинг устига емоқ-ичмоғининг ҳам тайини йўқ… Яхши ҳам бахтига қўшнилари бор. Эс-ҳушингизни йиғиб олинг, мулла! Дадангиз ёмон одам эмас эди, сизларга нима бўлди?! Бу гапни мен айтмасам, бошқа айтадиган одам йўққа ўхшайди. Кейин пушаймон бўласизлар, – деди.

Бу танбеҳлар Ҳабибга ҳам, бошқаларга ҳам ёқмади. Миқ этмаган бўлсалар ҳам маҳалла оқсоқоли ўша Ҳайитбой акани ғижимлаб ташлагилари келди. «Биров билан бировнинг нима иши бор?» дейишди муштларини қисишиб. Кларани кўриб қолган Лазокатхон ая: «Ҳой, қизим, онангларга яхши қаранглар, сизларни вояга етказгунча қон ютган. Ҳаммангизни чақалоқ вақтингиздан биламан…» дебди. Клара ҳам бу гапдан уч-тўрт кун жириллаб юрди.

– Шуларга чек қўйиш учун ойимизни қариялар уйига жойлаштириб қўяйлик. Вақти-вақти билан хабар олиб турамиз. Нима дейсизлар? – деди Ҳабиб.

Ҳаммалари рози бўлишди. Онани рози қилиш, тўғрироғи, яхши гаплар билан алдаш Ҳабиб билан Зебига топширилди. Бу ишни тезлатиш алоҳида уқтирилди.

Отаси ўрнида хонадон отаси, деб ҳисобланадиган Ҳабиб юзига чарм қоплаб, онага бу гапни айтди. Она санаторияга борарканман, деб бу кетишнинг туб моҳиятига унча тушунмай, рози бўлди. «Бориб турамиз, у ерда ўзингизга ўхшаган қариялар кўп, киши зерикмайди… Кинолар қўйиб беради», дейишди. Ҳар куни уч маҳал овқат, врачлар, концерт, саёҳат… деган гапни ҳам қўшишди. Докторлар шай, сал-пал иситма чиқса, ҳамширалар гиргиттон бўлиши-ю, ҳукумат бу жойни бекорга ташкил этмагани, Москва, Ленинград, Киев, Бокуда ҳам шундай уйлар борлигини айтиб, онани қизиқтиришди. Салтанатхон бўлса, бунисини ҳам бир кўрай, ўлиб қаро ерга бориб ётгандан кўра, кино, саёҳатлари бор экан, нега шундай имкониятлардан фойдаланмайман, деди ўзига ўзи. Бу ишни эшитиб, ҳайрон бўлиб қолган Лазокатхон ҳам болаларнинг қанчалик бемеҳр эканлигини фаҳмлади. Ўзининг болаларига ҳам бир қараб қўйди, наҳотки бир кун унинг болалари ҳам шундай қилиб, онасини ўша «уй»га ташлаб келишади. Кимдир бу жойни «Тириклар қабристони» деган. Бу хато! Қадимги замонда мохов бўлганларни шаҳардан узоқ, атрофи ўралган қўрғонларга ташлаб келишарди. «Э, тавба, – деди Лазокатхон, – оғир уруш йилларида ҳам, қаҳатчиликда ҳам бундай бўлмаган эди. Киши очликка чидаши мумкин, аммо фарзанду қариндошларидан, маҳалласидан ажралиб, тўрт девор ичида қандай тураркан? Бошига иш тушиб, қамоқхонага юборилса, иложи йўқ, чидайди. Киши қазога ҳам чидайди, аммо тирик туриб одамлардан ажралиб қолиш қандай даҳшат!»

Қаровсиз қолган қариялар уйининг ҳам ўз қатъий қоидаси бор: бола-чақаси бор қариялар қабул қилинмайди. Мабодо фарзанди қарамай қўйса, оқ қилинган, меросга даъвоси бўлмаса, унда қария қабул қилиниб олинади, ҳукумат ва жамоатчилик қарияни ўз ҳимоясига олиб, боқади. Ўлиги ҳам, тириги ҳам давлат қўлига ўтади. Уддабурон Ҳабиб бу қонун-қоидани ошна-оғайнилари ёрдамида четлаб ўтиб, ишни тўғрилади. «Кампирнинг ҳеч кими йўқ» деган справкани ҳам тўғрилаб, бир ошнасининг машинасида Салтанатхон бувини кўтариб юрадиган бўхчаси билан бирга шаҳар четидаги ҳувиллаган боғ ичидаги икки қаватли бинога – ҚҚҚҚга, яъни қаровсиз қолган қариялар қароргоҳига топшириб, ҳужжатларни расмийлаштиришди.

Бугун – 3 сентябрь. Ўтган кундан бошлаб Тошкентнинг ғарби-шимол томонидаги маҳаллалар кўчалари ҳувиллаб қолган, эртадан кечгача копток тепиб, чувиллайдиган болалар мактаблари бағрида. Кечгача осудалик. Болалар чувиллашини яхши кўрадиган Лазокатхон хомуш тортган.

Бунинг устига Салтанатхон аянинг – у ёққа кетиб қолган эгачисининг соғинчи юрагини увиштирди. «Биттагина онаси оғирлик қилган фарзандлар ҳам бўларкан-а? Бечора Салтанатхонни қайси гуноҳлари учун қисмат кексаликда шу томонга итариб юборди?» деб ичи куярди Лазокатхоннинг.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации