Электронная библиотека » Мирмуҳсин Мирсаидов » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Илон ўчи"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Мирмуҳсин Мирсаидов


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +
Тўққизинчи ҳикоя
СУМАЛАК

Савр ойида Ўзбекистоннинг ҳамма ерларида сумалак пишириш қадимий одат. Кейинги йилларда Тошкенту Самарқандда, Фарғона водийсида, айниқса, Сурхон далаларида сумалак пиширишу Наврўзни халқ жуда кенг руҳда нишонлайди.

Урушдан анча илгари бир сабаб билан Тошкентга кўчиб келиб, Сақичмонда ватан қилган, ҳовли-жойли бўлган Лазокатхон хонадонида сумалак пишириш ҳар йили одат тусига кирган, шу кун бир тўйга айланиб кетарди. Истаган қўни-қўшнилар, қариндошлар тўпланишар, шаддод Лазокатхоннинг таъбирича, «оврўполашиб кетган тошкентликларга қадимий ўзбек одатларини ўргатарди…» Опа билан баҳсга боришмас, кўнгли очиқ шалдир-шулдир бу «Худоёрхоннинг қизи» сумалагини еб келишарди. Ҳам сумалакни еб, ҳам анди бўлмай ўл, деб орқадан алқаб кетадиган хотинлар ҳам йўқ эмасди. Буни Лазокатхоннинг ўзи ҳам пайқарди, албатта.

Шу сумалакка Маҳбубахон ҳам таклиф этилиб, чоршанба – муродбахш куни у қизи билан бирга кечга яқин Сақичмон маҳалласи томон юрди. Кимсан Жамшид Зулфиқоровнинг хотин сифатида Лазокатхоннинг бир яқини – кексагина хотин атайин Маҳбубахонларникига келиб, она-болани олиб кетди.

Йўлда қўқонлик аёл сумалакнинг таърифини қилди.

– Ёшлигимизда Тошкентда ҳам кўп қилинарди, – деди йўлда Маҳбубахон, – нимагадир ҳозирги вақтда қилишмайди. Адалари айтди, бултур шу сумалак сабабли кимгадир гап тегибди. Катта идорада ишлайдиган бир киши уйида, айвони устунига исириқ боғлаб қўйган экан, кимдир ёзиб юборибди, бечорани партиядан ўчиришга озгина қолибди. Аллақандай бир мансабдор хотин уни иккиюзламачиликда айблабди. Мен ҳам кетяпман-у, бирон ғаламис юқорига ёзиб юборса, бунинг адасига гап тегмасмикан, деб ўйлайман. Ҳозирги кунда оёғи билан эмас, тили билан юрадиганлар кўпайиб кетган. Эҳтиёт бўлиш керак. Бизларни Зулфиқоров оиласидан деб айтманг, айланиб кетай, ишқилиб, сумалакхўрлик тинчгина ўтсин.

– Қўрқманг, ўргилиб кетай. Биз томонларда бемалол қилишади. Обком ҳам келади-ку, илгари Андижондан Тешабой Мирзаев, ҳозирги кунда Турсуной Каримовалар келган. Айланиб кетай, қўрқманг!

– Сумалакни меъда касалига даво дейишади, шу ростми?

– Ҳамма дардга даво, бунинг қадрига етмаганлар янглишади!

– Амалдорларнинг ҳам сумалак егиси келади, қандоқ қилсинлар, ҳукумат йўл бермайди, тўғри келиб қолса, бечоралар яширинча ейдилар.

– Ароқ уриб кетгурни очиқ ичишади, сумалакни яширинча ейишади. Тавба! Ҳеч нарсага тушунмайман, эгачижон!

– Фойдали нарсани едирмасликларига сабаб нима экан? Бир кинода кўрдим, котлет еб, боршч ичганларни партияга олишади. Ҳамма ишларимизга мункир кишилар қоронғи уй ичида чироқ ёқиб ўтириб, қўл билан палов ош ейишади… Палов ҳам аксилинқилобий овқатми? Ўттиз еттинчи йилда ҳадеб ош ейдиганларни олиб кетишган экан. Сен миллатчисан, нега бошқа овқатлардан емайсан, нега колбаса емайсан, нега чўчқа боққанларни масхара қилдинг, дейишган экан. Ҳадеб котлет, колбаса еб, кисел ичган Сайфуллин деган ўқитувчига асло тегишмаган экан. Унинг хотини ҳам чўчқа гўштини бемалол еркан…

– Ишонаман, эгачи. Қўқонда бир табибни қамаб юборишди. Уйидан бир арава китобу дори-дармонлар чиқибди. Бечорани отилиб кетган, дейишади. Худони билмайдилар, ноинсофлар.

– Кўплар худони унутди.

Машина ҳайдаб кетаётган ҳайдовчи йигит орқасига қайрилиб, асли қўқонлик хотинга бир қараб қўйди. Чамаси, бу гап унга ёқди.

– Адалари сумалакни ўрганиб кел, бир вақти билан уйимизда қиламиз, дедилар. Лазокатхон менга ҳам ўргатармиканлар? Ҳой, Нигора, сен ёзиб олгин. Эсимиздан чиқиб қолмасин. Аданглар тайинладилар. Сумалак жуда ҳам фойдали эмиш.

– Хўп, – деди ҳайдовчи йигитнинг ёнида ўтирган Нигора.

Маҳбубахон ва қолаверса Жамшидбекдек кишининг сумалакка қизиқаётгани қўқонлик аёлни ҳая жонлантирди. У бу «илоҳий» неъматни эзмаланиб тасвирлай кетди:

– Сумалак – аввало таом, мумиёдек шифобахш, Наврўзи олам дастурхонининг «шоҳ» неъмати, уни тайёрлашнинг ўзига хослиги бор. Сумалак пишириш жараёни – ярим тўй, кўклам шодлиги, ўйин-кулги ва санъатдир. Ўн кило буғдой, ўттиз кило ун, уч-тўрт литр зиғир ёғи сарф қилинади, албатта. Мазали бўлиши учун зиғир ёғи маъқулдир. Сумалакка бир чимдим туз ҳам, бирон хил ширинлик ҳам қўшилмайди. Аввало, сара буғдой ҳар хил хас-чўп, тош, қум зарраларидан тозаланади. Сўнг оппоқ сурп қопга солиниб, сувга тўлдирилган тоғорага қўйилади. Икки кун бўктирилади. Шундан кейин қопдан олинади-да, тоза тахтага бир текисда ёйилади. Тахта устидаги буғдой кўкариб етилгунча, шакароб сепиб турилади. Биринчи куни ниҳоятда майин-майин, кейинги кунлар сезиларли даражада сув сепилади. Шу тарзда ҳар куни уч марта; эрталаб, туш ва кечки пайтлари намлатилади. Буғдой игнадай ниш уриб майин майса ҳолига киргунча, шундай қилинади. Агар ҳаво илиқ ё уй иссиқ бўлса, саккиз кунда, салқин келса, ўн, ўн бир кунда буғдой тайёр бўлади. У оқ-сарғимтир, қизғиш рангда кўкариб, қизғиш кўкимтир бўлиб, учи лаб очади. Бу дамни «майса гулга кирди», дейишади. Бу кўриниш майсанинг тайёрлигини билдиради. Устки томони майса, остки томони бир-бирига чирмашган сариқ-оқимтир буғдой яхлит ҳолга келиб қолади. У пичоқ билан кесиб олиниб, гўштқиймалагичдан ўтказилади. Масаллиқ сирланган тоғорага солинади-да, унга сув қўшиб, қўл билан сиқиб-сиқиб буғдой қолдиқлари ажратиб олинади ва қалинроқ докадан ўтказилади. Шу масаллиқни биринчи шарбат дейишади. Камида тўрт-беш, хоҳласангиз, етти марта масаллиқни эзиб-ғижимлаб, унинг қуйқа қолдиқлари ажратиб олинади. Шуни унутмаслик керакки, бу ишларнинг ҳар бир такрорланиши учун шунча идиш керак ва шу идишларда нечанчи «шарбат» турганлигини унутмаслик шарт. Демак, гўштқиймалагичдан чиққан буғдойни, тахминан биз олти марта олган бўлсак, унинг «шарбати» шунча миқдордадир.

Энди уни пишириш йўллари: ёғ қозонда яхшилаб қиздирилади. Қизиб турган қозонга масаллиқ куймаслиги учун бир челак сув қуйилади. Шундан сўнг учинчи, тўртинчи, бешинчи ва олтинчи «шарбат»га ўттиз кило миқдоридаги ун қўшилиб, атала ҳолига келтирилади. Шулар бирин-кетин қозонга солинади. Атала қайнативерилади. Кейин, сиз тайёрлаб қўйган ўша буғдой суви – «иккинчи шарбат» солинади. Иккинчи шарбатдан бирданига қозондаги масаллиқ кўпириб, тошиб қолиши турган гап. Шу пайтнинг ўзидаёқ икки-уч челак сув қуйилади. Борди-ю, бу ишни унутсангиз, қозондаги масаллиқ тошиб кетиши аниқ. Ўчоқнинг олови сусаймай, чамаси ярим соатлардан сўнг, биринчи «шарбат» солинади. Лекин энди у «шарбат» ағдарилмайди, балки коса билан қуйиб турилади. «Биринчи шарбатнинг қуйилиб турилиши асосан кўпириб-тошаётган масаллиқни пасайтириш даврларида олиб борилади ва шу тахлит «шарбат» тугатилади. «Биринчи шарбат» солингач, масаллиқ қуюқлашади, у капкир, махсус ёғоч кураклар билан кавланади. Қозоннинг таги олмасин деб тоза ювилган қайроқтош, унга баъзилар ёнғоқни ҳам бутунича қўшиб ташлайдилар. Сумалак тобора қуюқлашади, охирида яна уч-тўрт челак сув қўшилади. Яна кавланади: капкир, кураклар тинмай ишлатилади. Шу тариқа сумалак тайёр ҳолга келади. Қозоннинг усти чойшаб, қалин, катта идишлар билан беркитилади: уч-тўрт соат дам берилади. Қарабсизки, ажойиб таом – сумалак тайёр.

Биз тасвирлаган сумалак пишириш жараёни, яъни қозонга олов ёқишдан то дам бергунга қадар бўлган муддат мобайнидаги иш: камида ўн-ўн икки соат давом этади. Бу ҳол, айниқса, қишлоқларда, шомдан то тонггача бўлган вақтда бажарилади. Сумалакнинг меҳнати қанчалик оғир бўлмасин, у ниҳоятда озодаликни талаб қилади. Масалан, ерга ўрнатилган қозон атрофига буғдойнинг қуйқа-қолдиқлари худди сувалгандек қилиб ёйиб чиқилади. Бунинг боиси: сумалак пиширилаётганда қаттиқ қайнаши туфайли у сачрайди, юқоридаги иҳота эса лой-тупроқнинг қозонга тушишидан сақлайди. Чунки лой-тупроқ қўшилса, сумалак аччиқ бўлади. Сумалак сузиб олингач, қозон атрофидаги ана шу қуйқа-қолдиқлар йиғиб олинади-да, молларга берилади…33
  Сумалак тайёрлаш жараёни нуроталик Саодат опа Шукурова билан суҳбат асносида ёзиб олинди.


[Закрыть]

Машина Сақичмон маҳалласига киришда, катта кўчада одамлар оломони устида банорас паранжи ёпилган тобут келаётганига кўзи тушган ҳайдовчи йигит дарҳол машинасини йўл четида тўхтатиб, машинадан чиқди-да, яна эшикларни ёпди. У югурганча тобут томонга борди, одамларни ёриб, туртиниб, тобутга яқин борди. Анча жойгача навбат кутиб, юриб борди. Кейин тобут ёғочини елкасига олиб, анча жойгача кўтариб борди. Бошқалар сурилиб келиб, ҳайдовчи йигитнинг елкаси ўрнига елка тутгач, у сирғалиб оломон ичидан чеккага чиқди. «Жойингиз жаннатда бўлсин…» деб пичирлаб дуо ўқиб, тик турганча юзига фотиҳа тортди. Шундан сўнг, анча орқада, йўл четида қолиб кетган машинаси томон юриб келди. Ўн беш дақиқадан мўлроқ тоқати тоқ бўлиб кутиб ўтирган хотинлар қолиб, Нигоранинг энсаси қотди.

– Ким ўлибди? – сўради ҳайдовчи йигитдан Нигора тажанг бўлиб.

– Билмайман… Кекса аёл киши вафот этганга ўхшайди.

– Танимайсизми?

– Йўқ.

– Танимаган одамга ҳам борадими?

– Ҳа.

– Қизиқ?!

– Таниш-танимаслигимнинг аҳамияти йўқ, тобутни кўтариш фарз! Тўйга бориш ихтиёрий, аммо юртдоши тобутини кўтариш фарз! Адамлар шундай деганлар, – ҳайдовчи йигит ўнг томонига, Нигорага бир қараб қўйди-да, машинани гуриллатиб ҳайдаб кетди.

Ўнинчи ҳикоя
ХУМСОНГА САЁҲАТ

Шаҳар шов-шувидан зериккан Жамшид Зулфиқоров хотини, икки қизи, ўғли билан кутилмаганда Хумсонга жўнади. Дарҳақиқат, бундан бир неча вақт илгари уни шу қишлоқлик қадрдони Ортиқбой ота чақирган эди. Гапнинг очиғи, катта қизи Нигоранинг борган сари ранги кетиб, озиб бораётгани, бу кичик саёҳатни тақозо этди. Бунинг устига гарчи бўлиб ўтган даҳшатли воқеалардан отанинг унча хабари бўлмаса ҳам, она хабардор. Ҳарқалай, унинг дардини йўқотиб, қиз бошига пайдар-пай тушган ташвишлардан қутулди, дардни тоғ ютади деган гапга амал қилиб, бу ерга чиқишди. Бир хил киши кўнгилчан бўлади, кўнгилчанларга ҳар хил ташвишлар ёпиша боради. Шаддод, сиртига кир юқтирмайдиганлар, ҳар нарсани юракка олаверадиганларнинг аҳволи ёмон. Нигора шундай қизлар тоифасидан… Қачонлардир беғубор, сувию об-ҳавоси тоза бу томонлар ҳам аллақачон расво бўлган эди. Тошкентнинг нафас оладиган «ўпкаси» ҳисобланган Бўстонлиқ устидаги қорли тоғлар, арчазорлар, Угаму Пискому Чотқолу Кўксувлар, уларнинг онавошиси беҳаловат Чирчиқ ҳам булғанган, минглаб булоқлар, ичган билан киши тўймайдиган Наволисойдек бебаҳо ирмоқлар хароб бўлган. Капролактам, Кимё заводи чиқиндиларию дуди-заҳари олуди жаннатни дўзахга айлантирмоқда. Нафас оладиган, беғубор ҳаво кирадиган даричадан маҳрум бўлган Тошкент қийналар, бунда оғир касаллар кўпайиб кетди. Зулфиқоров ҳайрон, юрт тепасида тургани билан кўп ишлар унинг иштирокисиз бўлаётганини, жумҳуриятнинг ҳеч қандай ҳуқуқи йўқлигини билиб, беш кунлик дунёда ўйнаб қолиш керак, ёниб кетмайдими, менга нима, дерди. Орден олиб тургач, мансаб яхши, тагида машина, бирон ерга борса, дарҳол президиумга чақиришади, авомдан унинг «охури бошқа», касалхона-стационари бошқа бўлгач, менга нима, деб қўл силтаб, қаерга кимё заводи қуришмоқчи бўлса, қўл қўйиб ташлайверган. «Қураверинглар, уйимнинг рўпарасига кимё заводи қурмасаларинг бўлгани», дерди у. Гўри Амирга орқа ўгириб, мусофирхона қурамиз деса, майли, деган; Тошкентдаги ўн икки миноранинг ҳеч кераги йўқ, бузиб, ғиштини тротуарга ётқизамиз, дедилар. Зулфиқоров, майли, деди. Жаҳолатни бузиш керак, деди ҳатто. Сирдарё, Амударёни далаларга оқизамиз, ҳамма ёққа пахта экамиз, керак бўлса томларга ҳам экамиз, ҳатто Цека ва Совмин ҳовлисига ҳам пахта экамиз, дедилар, Зулфиқоров, экаверинглар, деди. Чунки Брежнев олти миллион берасизлар, дебди. Орол денгизига сув етиб бормай қўйди. Бу томондаги халқлар ичида ўлат пайдо бўлиб, мислсиз фожиа бошланади, дедилар. Зулфиқоров: «Партия олиб бораётган сиёсатга қарши чиққанларни йўлимиздан сидириб ташлаймиз!» деб дўқ урди. Мана, энди унинг ўзи аянчли бир ҳолни кўриб турибди. Космонавтлардан бири Бўстонлиққа – Хондайлиғу Сойлиқ ўртасига яна бир катта завод қурамиз, деб ташаббускорлик қилаётганини эшитган Зулфиқоров бунга ҳам рози бўлди, космонавт ташаббусини бузмоқлик – сиёсий кўрлик, деб дўқ урди. Чирчиқдаги кимё заводлари, заҳарли Капролактам ва бошқа дўзахлар етмагандек «сиёсий ҳушёр» Зулфиқоров халқи ва келгуси авлод олдида хиёнат қилишгача борди. Лекин ёш қалам аҳли – адиблар норизолиги, кураши, дадиллиги натижасида бу дўзах Бўстонлиқдан жой олмади – «куйдирги яра»нинг йўли тўсилди. Шоир аҳлининг бу кескин жанги қурбонларсиз бўлганига Зулфиқоров ҳайрон, умуман қон тўкилмаганига хурсанд. Халқнинг ўз фарзандига қарата: «Ёвда бўлса тезаги қолар…» деган мақоли ҳам шу ўртоқ Зулфиқоровга тааллуқлидир.

Буваки, ҳусайни ғарқ пишган кезлар, эрталаб бир бош шакарангурни ариқдаги сувга чайиб, қарсиллатиб есангиз, қандай ҳузур қиласиз, бу шунчаки узум эмас, жаннати, дерди хумсонлик Ортиқбой ота. Ҳа, эрталаб яримта кулча билан шакарангур емоқ – юракка қудрат бермоқ демакдир. Юрак айтармишки, эй инсон, сен мени асрамоқчи бўлсанг, мени бир коса шарбат ичига солиб қўй, ўшанда менинг қандай ишлашимни биласан. Ота яна ҳаяжонга берилар: «Ўша айқирган, икки четида дарахтларнинг қизғиш илдизлари сув билан ўйнашиб оқадиган ариқлар қани?

Нонни оқизоқ қиладиган, чойи ширин, дўппида сув ичганларимиз қани? Кирўра, алоҳида ханик, таҳорат четда, бирон норасида бола сувга чоптириб юборса, ҳай-ҳайлаб қолардик. Ариқларнинг хлорсиз суви ниҳоятда тоза бўлишига иймон келтирганман. Ўшалар қани? Ҳеч бир кимса бизни паловни қўлда ейдиган, ариқдан сув ичадиган бадавийлар деёлмайди, чунки ҳожатхонадан чиқиб, қўл ювмай, қошиқ ушлашнинг ўзи инсонийликка зиддир! Шаҳарда шилдираб оқадиган ариқлар қолмади, новлардан келадиган сувлардан ичиш ёки чой қуйиш асло мумкин эмас. Шаҳарда сув хор! Катта ва кўп қаватли бинолар ертўлаларида расво сувлар тўлиб ётибди, чивину қурту турли макруҳларнинг қони… Шаҳар ичидан ўтадиган анҳорлар чети ахлатхонага айланди, аслан гулзору озодликка ўрганмаганлар учун кечирарли, аммо ўзимизнинг меҳмоннавоз, садоқатли ўзбеклар ҳам шомдан кейин пақирлаб ахлат олиб чиқиб, ўз анҳорлари бўйига тўкадилар. Ё, тавба! Бир-биримизни алдашга кўникибмизми, демак, бизнинг миллий одатларимиз қолмаяпти, покизаликни ҳаром-ҳариш босяпти. Қиёмат яқинлашгач, ҳамма Дажжол орқасидан эргашиб, унинг васвасасига учиб, наинки ёмон ишларни тортинмай қилавераркан, оға-ини орасидан меҳр-оқибат кўтарилиб, у кўзинг бу кўзингни ўяман деркан… Инсоф деган нарса фақат эртакларда қолади, дейишади. Қиёмат бор гап, дунё култепага айланади, оғайни бир-бирини қиради, инсофу оқибат йўқолади… Бу гапларга ҳеч ким ишонмайди, эски ақидалар деб қоралаймиз, болаларимизни Ғарбий Европа ва Америкача қилиқларга ўргатамиз, ватанга, тилга эътиқодни йўқотаётирмиз, Дажжол кетидан эргашаётирмиз. Ё, тавба!»

Хумсонлик Ортиқбой ота ўз қадрдонлари – шаҳарлик меҳмонларни яхши кутиб олди. Бу чол наинки боғбонлик қилар, ёввойи, доривор тоғ ўтларини йиғиб, жуда арзон баҳода давлатга топширарди.

Хумсону Сижжаку Ғазалкенту Боғистону Чимёну Хондайлиғу Сойликлар… ҳақида кўп мақтов гаплар айтиб юбораётирмиз, бу бир томондан яхши, бир томондан ёмон! Яхшилиги шуки – киши ўз юртини севиши, ўз юрти ҳақида фақат яхши гап айтмоғи лозим. Онаю нон ҳақида ким ёмон гап айтади? Лекин бу жойларни мақтаб, ҳадеб оламга таманно қилавериш ҳам унча тўғрига ўхшамайди, боғ-роғлар оёқости бўлиб кетар экан…

Гарчи ёз чилласи, саратон бўлишига қарамай, тоғ оралиқларида кечқурун салқин тушади, ҳатто юпқа кийимда совқотиш ҳам мумкин. Катталар хоналарда, аммо тўрт қиз ҳовлига катта қозоқи намат ёзиб, ўзларига ўрин солишди. Кенг ҳовли, баланд кўтарилган ток сўри остида, очиқ ҳавода юлдуз учишларини томоша қилиб ётиш қандай завқли. Бу «ғоя» Нигорадан чиққан эди, Ортиқбой отанинг икки невараси ҳам ҳовлида, супада ётишни лозим топишди. Меҳмонлар келмаганда ҳам улар кўп вақт ҳовлига намат ёзиб, қатор ётиб ухлашарди.

Ортиқбой ота ўз меҳмонларини кутиб олиб, дастурхон ёзилгач, ҳаммаларига қатиқ ичишни таклиф этди, Нигора хоҳлар-хоҳламас, ярим пиёлача ичди, ҳайдовчи йигитнинг катта косада хўриллатиб ичаётганини кўриб, энсаси қотди, «маданиятсиз» дегандек синглисига қараб қўйди. Адаси, ойиси ҳам бир пиёладан ичишди. Қадим одамлар Абу Али ибн Синога ўлар чоғи ноумидлик васвасасига тушиб: «Улуғ ҳаким, Сиз дунёдан кетяпсиз, унда бизларнинг ҳолимиз нима бўлади?» дебди. Буюк ҳаким эса: «Мен дунёдан кетаётган бўлсам, қатиқ қоляпти-ку!» деган экан, деди Ортиқбой ота. Бу гап меҳмонларга маълум бўлса ҳам, барча уни янгидек эшитди. Лекин энг қизиғи шу бўлдики, ота Хумсон тоғларида мумиё кўплиги, ҳатто илон заҳри ҳам мумиёдан қолишмаслигини ҳикоя қилганида Нигора илондан жуда қўрқишини айтиб, сесканиб қўйди.

«…Луқмони Ҳаким бир касалманд одамни кўриб, «Сенинг касалингни даволаш мушкул», дебди.

Хаста энди тузалмас эканман, ўлигим бола-чақамга юк бўлмасин, деб чўлу биёбонларга чиқиб кетибди. Бемор бир хурмача қатиқ олиб, белбоғига тўртта кулча тугиб олибди. Ўлсам, чўлда ўла қолай, ҳайвонлар танамни еб юборсин, дея йўлга чиқибди. Туш пайтигача чўлда дайдиб юриб, йўл ёқасидаги бир пастқам бинога кўзи тушибди. Шу ерда бир оз дам олай, деб хурмачани устундаги қозиққа илиб, салқин бино ичида ухлаб қолибди.

Бино шифтида кўлбор илон бор экан. У хурмачадаги қатиқни битта қолдирмай ичибди. Бироздан сўнг илоннинг кўнгли айниб, ўша хурмачага қайт қилиб кетибди. Уйқудан қорни очиб турган сайёҳ нонни еб, хурмачадаги қатиқдан ичибди. Сайёҳнинг бутун бадани бирдан терлаб, сув бўлиб оқибди. Кейинчалик ўзини бир оз енгил ҳис этибди. Унинг касали тер билан чиқиб кетибди.

Сайёҳ уйга қайтиб, эртасига Луқмони Ҳакимнинг ҳузурига борибди. Улуғ Ҳаким уни кўриши биланоқ: «Эй, бемор, кўлбор илоннинг заҳрини қаердан топиб ичдингиз?» деб сўрабди. Бемор мен фақат қатиқ ичдим. Аммо илоннинг заҳарини ичганим йўқ, дебди. Луқмони Ҳаким кеча унинг қаерда бўлганини суриштириб, кейин ўша саҳродаги эски бинога боришибди. Ичига кирсалар бир катта кўлбор илон ётган эмиш. Ҳаким уни тутиб олиб, заҳридан бошқа беморларга ҳам берибди»44
  «Ҳаёт ва ҳайвон» китобидан.


[Закрыть]
.

– Лекин биз ҳозир ўша хурмачадаги қатиқдан ичаётганимиз йўқми? – кулиб сўради Жамшидбек.

– Асло! – деди ота. – Бехавотир ичаверинглар. Ўша хурмачадаги қатиқ бўлса, биринчи галда ўзим ичардим. Менга жуда даркор. Кимё заводлари, тинимсиз вертолётда учиб, қидирув ишлари тоғдаги кийикларни, қушларни эмас, илонларни ҳам инига киритиб юборди, ука! Кў-ўп ёмон бўлмоқда. Тоғларнинг ҳаловати бузилди, техника бир бало бўлди. Яна бунинг устига беҳаё ёшлар чанғи баҳонаси билан тоғларимиз табиатини оёқости қилиб ташлади. Кимга дардимни айтаман?

Тоғ кечаси анча салқин.

Аллавақтгача кўзларига уйқу келмай, ваҳимали гаплардан айтишиб ётган тўрт қиз, соат бирлардан ошган бўлса керак, бирлари устларига кўрпа тортиб, бирлари ёнбошлаб, бирлари юлдузларга тикилганча, чалқанча ухлаб қолишди. Ортиқбой ота одатдагидек юқориликдаги чайлачасида, хонадоннинг гилам солинган энг кўркам хонасида қадимий симкаравотларда эса Жамшидбек ака билан Маҳбубахон опа ухлашарди. Сал-пал қимирлади, дегунча симкаравотлар ғарчиллар, бундай халта бўлиб қолган каравот фақат Хумсонда қолган бўлса керак. Уни музейлардан ҳам топиб бўлмасди. Шу хона бурчагида устига духоба ёпиб қўйилган «Зингер» машинаси ҳам турарди.

Чарчаган қизлар қотиб ухлаб ётарди…

Хумсону Сижжакда тонг ғоятда гўзал отади, баланд чўққилар устидан тушган қуёш нурлари аввал қишлоқ теракларида ялтирайди, сўлим бир шабада эсади…

Қотиб ухлаб ётган Нигора кўксидан бир нима эзаётгандай, босинқираб кўз очди. У баъзан ўрганмаган ерида шундай бўларди. Оёқларидаги кўрпани тепиб юборди. Кўз очди-ю, ҳуши оғиб, бирдан хунук бақириб юборди. Каттагина чипор илон унинг кўксида кулча бўлиб ётарди. Қизнинг бақиришидан чўчиган илон тезда вишиллаб унинг устидан тушиб, намат устида яна кулча бўлиб, қизларга тикилди. Дам-бадам тилларини чиқариб, тикилиб турарди. Икки дугона додлаганча икки томонга қочди, Нигора нима қилишини билмай жойида қотиб қолди. Ортиқбой отанинг ўғли шоша-пиша кетмон кўтариб келиб ҳайдовчи йигит билан бирга илонга ҳужум қилишга шайланардилар. Илон бўлса дам-бадам тилини чиқариб, қочишга йўл қидирарди. Ҳайдовчи йигитнинг кўзи шокосасидан чиқиб кетган, қаёқдандир бир узун таёқ қидирарди. Чайласидан тушган Ортиқбой ота йигитларнинг йўлини тўсди.

– Ўлдирманглар, ўлдирманглар! Ўзи кетиб қолади.

– Вой, ўлай! – деди ҳовли ўртасида кулча бўлиб, тилини чиқариб турган илонга кўзи тушган Маҳбубахон. – Адаси, туринг, анави илонга қаранг! Ҳой, Нигора, қўрқма, бу ёққа кел! Қўрқма! Рангинг оқариб кетибди. Қўрқма! Ҳой, эгачи, қизимга бир пиёла сув беринглар! Сувни юзига сепинглар!

Қўрқувдан тахта бўлиб қолган Нигора атрофига олазарак бўлиб аланглар, шундай газанданинг кўкси устида кулча бўлиб ётганини ўйларкан, қўрқувни қайта бошдан кечирарди. Ортиқбой ота ҳикоялари давом этаётгандай кўринди. Тасодифни қарангки, тун бўйи илонлар хусусида гап кетди, гўё ўзлари ҳақида шунча қизиқ гаплар айтилгани уларнинг қулоғига етгандай, қандайдир бир куч улар тўғрисидаги инсон ҳаяжонини етказгандай, сийланган мушук боласи дарҳол тиззага чиқиб олгандай каттагина чипор илоннинг Нигоранинг кўксига чиқиб, кулча бўлиб ётгани мутлақо ғайритабиий бир ҳол эди. Жамшидбек билан Ортиқбой ота ёқаларини ушладилар, «ё, тавба!» Маҳбубахон бўзарганича қизини имлаб чақирарди. «Бу ёққа кел… Хумсони ҳам қуриб кетсин! Мен сизга илонлар конига олиб чиқинг дебмидим!»

Икки йигит қўлларида кетмон, илонни тағин қувлай бошладилар. Илон биланглаб қочар, пишиллар, тилини чиқарар, бир-икки ташланаман деб даф қиларди.

– Ҳей, ўлдирманглар! – деди жон-жаҳди билан Ортиқбой ота. – Ўзи кетади. Уни ўлдирсанглар, жуфти ўч олади, албатта ўч олади! Қўйинглар, ўлдирманглар!

Лекин қўрқув, ғазаб алангасида ҳовлиққан, туклари игна бўлиб кетган икки йигит илонни қувлаб бориб, ҳовлидаги тут дарахти олдида кетмон билан икки-уч бўлак қилиб ташлашди. Илон бу ерда анча вақтгача буралиб, қимирлаб ётди. Бошини мажақлашди. Кейин уни эски қопга солиб, жарликка ташлаб келишди.

Ортиқбой ота хомуш тортди; болаларнинг бу иши яхши бўлмади, деди ўзига ўзи. Шаҳардан чиққан меҳмонлар учун бу ваҳимали пайтда яна бир нима демоқликни тилига чиқармаган бўлса ҳам, дилидан ҳамма жонзотлар шикаст берган кимсадан ўч олганидай, бу илон зоти ҳам тинч кетмайди, деди. Фил жабр чеккан кимсадан ўн йиллардан кейин ҳам ўч олармиш. От уч-тўрт йилгача унутмайди, ит ундан ҳам кўпроқ хафа бўлиб юради. Ўч олмаганда ҳам ёмон одамдан узоқлашиб кетади. Аммо илоннинг жуфти қасд қилган кимсани умр бўйи пойлаб юради, деган ривоят бор. Ортиқбой ота буни ўз кўзи билан кўрган. Қадим шу қишлоқда ўлдирилган бир ярим қулочлик илоннинг шериги чўпон йигитнинг ортидан узоқ яйловга ҳам борган экан. Тун чўкиб, моллар четидаги қўналғасида ҳордиқ чиқариб, ухлаб ётган чўпонни бориб тишлагани, заҳарлаб ўлдиргани хумсонликларга маълум. Бу фожиани на чўпон ити ва на чўлуқ сезган. Бир ой бурун «катта илонни ўлдирган чўпонни илон чақибди», деган гап тоғ оралиқларидаги бир неча қишлоққа тарқалди. Иложи бўлса ёмонлик қилмаган жонзотни асло ўлдирмаслик керак, у ҳам қуёшда исиниб, ёруғ дунёни кўриши керак, дерди ота. Лекин бўлак-бўлак бўлиб ётган бу илоннинг жуфти автобусга тушиб, Тошкентга боролмайди, бу ердаги ўз кушандаси – қўлига кетмон ушлаб турган ўғли қасдига тушмаса яхши эди!

Шу куни кечгача ҳамманинг кўз олдида бўлак-бўлак бўлган илон турди, лекин Нигоранинг иссиқ кўксида тун бўйи ҳарорат олиб ётган илоннинг ўлимига кўпроқ шаҳардан чиққан ҳайдовчи йигит сабабчи бўлди, бўлмаса ҳовли эгаси кўпроқ отасига қулоқ солаётган эди.

Эндиги ҳикоя Ҳабиб ва унинг ошналари хусусида. Илон қасди ривоят кўрингани билан, нопоклик, ўз онасини беқадр қилмоқлик ундан ҳам ёмон оқибатларга олиб келмоғи аниқ.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации