Электронная библиотека » Наргиз Асадова » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Афсун"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Наргиз Асадова


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

РЕДЬЯРД КИПЛИНГ
(1865 – 1936)
БУЮК БРИТАНИЯ

Ёзувчи Редьярд Жозеф Киплинг 1965 йил 30 декабрда Бомбей шаҳрида туғилган. Унинг «Маҳкама қўшиқлари» шеърий тўплами, «Тоғ ҳикоялари» ва «Уч солдат» новеллалари, «Hyp сўнди», «Ким», «Казарма қўшиқлари», «Етти денгиз», «Беш миллат» шеърий тўпламлари ва романлари ўқувчиларга таниш.

Ёзувчининг, айниқса, болалар адабиётига қўшган ҳиссаси катта. Унинг «Довюрак денгиз сайёҳлари», «Шунчаки эртаклар», Маугли саргузаштларига бағишланган «Жунгли китоби», «Рикки-Тикки-Тави», «Маугли» китоблари жаҳонда кенг тарқалган. Адиб ана шундай жаҳоншумул асарлари сабаб 1907 йил Нобель мукофоти соҳиби бўлган. Ёзувчи 1936 йил Лондон шаҳрида вафот этган.

Рус тилидан Рустам ЖАББОРОВ таржимаси
ТОҒ ҚИЗИ

У тоғлик эр-хотин Соно ва Жаделарнинг қизи эди. Бир йили деҳқончиликда уларнинг омади келмади, Котгар44
  Котгар – Ҳиндистон шимолида, Химачал-Прадеш штатидаги қадимий шаҳар.


[Закрыть]
яқинида Сатле водийсида экилган оз миқдордаги экинларни ҳам айиқлар пайҳон қилиб кетишди.

Тоғлик эр-хотинлар бундай талафотни ўз худоларининг марҳаматсизлигига йўйишдими, бошқа сабабданми ўша йили қишда улар масиҳийлик динини қабул қилишди ва қизларини Котгарга, насронийлар қишлоғига чўқинтиргани олиб боришди. Котгар роҳиби қизга насронийча Элизабет исмини берди. Қабиладагилар эса қизни Лисбет дея талаффуз этиб чақира бошладилар.

Кўп ўтмай, Котгар водийсига вабо тарқалди. Машъум ўлат Соно ва Жаделарни олиб кетди. Қизча эса руҳонийнинг қарамоғида қолди. Котгар роҳибининг аёли уни ўзига хизматкор, жория қилиб олганди. Лисбет руҳоний хонадонида шу тариқа улғая бошлади.

Ўз қабиласининг маъбудалари қизни аввалдан сийлашганмиди ёхуд насронийлик унинг чиройини очдими, у ҳақиқий соҳибжамол бўлиб бораётганди. У ҳар куни сайр қилгани чиқар, шунчаки атрофнинг гўзаллигидан баҳра олиш учун эллик мил чамаси йўл босарди. Унинг юзларидек жозибадор чеҳрани одатда фақат сувратларда, камдан-кам ҳолларда ҳаётда учратиш мумкин эди. Қизнинг бутун вужуди фил суягидек оппоқ рангда эди. У ўз қабиладошларига қараганда анча баланд бўйли, кўзлари эса ҳайратланарли даражада чиройли эди. Агар сиз уни тоғ қўйнида танҳо учратиб қолсангиз маъбуда Диананинг ўзи ов қилгани чиқибдимикин, деган хаёлга борардингиз.

Лисбет насронийлик эътиқодига осонгина кўникди. У бошқа қизларга ўхшаб улғайиб, эсини танигач, ўз динига ўтиб кетмади. Қабиладошлари шунинг учун ҳам уни жуда ёмон кўришарди.

Бу пайтда роҳибнинг хотини қиз билан қандай муомала қилишини билмай қолганди. Ахир, бундай хушсурат, бокира фариштага идиш-товоқ ювишни буюришга ким ҳам ботина оларди? Шунинг учун ҳам Лисбет роҳибнинг болалари билан эмин-эркин ўйнаб юрар, якшанбалик мактабга қатнар, уйда қанақа китоб бўлмасин, барчасини қизиқиш билан ўқиб чиқарди. Роҳибнинг хотини қизни Симлага юбориб, унга муносиброқ иш топиб бериш ҳақида кўп гапирарди. Лисбет ўзига бошқа жой қидиришни хаёлига ҳам келтирмасди. У Котгардан кетишни умуман истамасди.

Бир сафар Котгарга сайёҳлар келишди. Улар бу томонларга камдан-кам ташриф буюришарди. Лисбет эса улар мени Симлага ёки шунга ўхшаган нотаниш томонларга олиб кетиб қолишади, деб ўйлаган, шу боис хонасидан ташқари чиқишга ҳам қўрқиб қолганди.

Ўшанда у ўн етти ёш бўсағасида эди. Кунларнинг бирида сайр қилгани тоққа жўнади. Қиз ярим мил пиёда юриб ортига фойтунда қайтадиган инглиз хонимларига ўхшамасди, албатта.

У ўзининг «қисқагина» саёҳати давомида Котгар атрофини тўлиқ айланиб чиқар, 20 – 30 мил атрофида йўл босар, ҳатто Наркундагача бориб келарди. Нафаси оғзига тиқилиб, юкнинг оғирлигидан бурни ерга теккудек ҳолатда уйига кириб келганида роҳибнинг хотини меҳмонхонада ухлаб ётарди. Қиз елкасидаги «юк»ни диван устига қўяркан, очиқчасига гап бошлади:

– Бу менинг эрим. Мен уни Багига борадиган йўлдан топиб олдим. У қоядан қулаб тушганга ўхшайди. Биз уни даволаймиз. У тузалиб кетса, роҳиб бизни никоҳлаб қўяди.

Шу пайтга қадар Лисбетни бундай вазиятда кўрмаган роҳибнинг хотини бирдан даҳшатга тушди. Бироқ ҳозир биринчи навбатда диван устида беҳуш ётган йигит ҳақида ўйлаш лозим эди. Бошидан жароҳат олган ёшгина инглиз йигити ҳамон диван устида ҳушсиз ётар, билинар-билинмас нафас оларди, холос.

Уни тўшакка ётқизишди. Тиб илмидан оз-моз хабардор роҳиб йигитнинг ярасига малҳам қўйиб боғлади. Лисбет эса эшик олдида ҳар қандай топшириққа шай бўлиб турарди. Қиз роҳибга ҳам ўз қарорини билдирди. Роҳиб ҳам, хотини ҳам қизни намойишкорона андишасизликда айблашди. Уни инсофга чақирмоқчи бўлишди. Лисбет эса уларни жимгина тинглаб, бояги гапини такрорлади. У тушунмасди: ахир, қандай қилиб кўнглингдагидек йигитни учратганингда ҳам у ҳақда ҳеч кимга оғиз очмай юраверишинг мумкин? Шу сабабли у аҳдида қатъий туриб олди. Йигит оёққа тургач, у билан турмуш қуради.

Қиз йигитнинг оёққа туриши, уйланадиган даражада куч-қувват йиғиши учун ҳар қандай ишга тайёр турарди.

Икки ҳафтада йигитнинг бошидаги жароҳатлар битиб кетди. У бундай меҳрибонлик учун роҳибга, унинг хотинига, ҳаммадан кўпроқ Лисбетга миннатдорчилик билдирди. У Шарққа (ўша пайтларда бу томонларга саёҳат қилиш у қадар оммавий тус олмаганди) саёҳат қилиш умидида келганини, у Дера-Дундан тоғларига турли хил гиёҳлар ва капалаклар йиғиш учун келганини айтди. Шу сабабли Симлада уни ҳеч ким танимас экан. Унинг фикрича, тоғда баланд қояда ўсган аллақандай гиёҳни узмоқчи бўлиб чиққанда мувозанатни йўқотиб йиқилиб тушибди. У соғайиб кетиши билан Симлага қайтишини айтди. Энди тоғлар уни бошқа ўзига мафтун этмасди.

У қишлоқни тезроқ тарк этишни истар, бироқ ҳали бунинг учун етарлича мадор тўплаёлмаганди. Лисбет эса ҳеч кимнинг гапига қулоқ солишни истамасди. Шунинг учун роҳибнинг хотини Лисбетнинг миясида қанақа бемаза хаёллар чарх ураётганини йигитга айтиб берди. Йигит қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва бу шунчаки соддагина Ҳимолай қизининг ўзига ўхшаш содда ва беғубор хаёлоти эканини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Ватанида йигитни қаллиғи кутаётганмиш. Шундай бўлса-да, йигит ўзини ўта хушмуомала қилиб кўрсатарди.

У қиз билан суҳбатлашишни, у билан саёҳат қилишни, ширин сўзлар билан эркалаб кўнглини кўтаришни шунчаки кўнгилхушлик деб билар, аслида эса қизни умрбод ташлаб, юртига қайтиш учун куч йиғаётганди. Бу суҳбатлару сайр-саёҳатлар йигит учун ҳеч қандай маъно касб этмас, қиз учун эса катта аҳамиятга эга эди. У севиши мумкин бўлган одамни топганидан бахтиёр сезарди ўзини.

Ёввойи табиат қизнинг ўз ҳиссиётларини бошқара олмаслиги фақат инглизнинг кулгисини қистатарди. Йигит қайтишга отланганида олам кўзига қоронғи бўлиб кўриниб кетган Лисбет уни Наркундагача кузатиб борди. Қиз йўл-йўлакай йигитдан қайтиб келишига, ва албатта, унга уйланишга ваъда беришни қайта-қайта илтимос қилди.

– Кўряпсизми, у шунақа тентак, тарбиясиз қизки нима деётганини ўзи ҳам билмайди, – деди уларга ҳамроҳлик қилиб бораётган роҳибнинг хотини.

Йигит кета-кетгунча қизнинг нозик белидан оҳиста қучиб борди. Қайтиб келишига ва у билан никоҳдан ўтишига қизни ишонтирди. Улар Наркундага кираверишда айрилдилар. Қиз йиғлаб юборди. Мутианига буриладиган жойда кўздан йўқолгунча инглизнинг ортидан термилиб қолди.

Қиз алам билан кўз ёшларини артди. Улар яна Котгарга киришаётганда Лисбет роҳибнинг хотинига юзланди.

– У қайтиб келади. Кейин менга уйланади. У қариндошларини шу гапдан огоҳ қилиш учун кетди.

Аёл Лисбетни тинчлантирган бўлди:

– Ҳа, у, албатта, қайтади, қизим!

Икки ой ўтар-ўтмас, Лисбет хавотирга туша бошлади. Унга йигитнинг денгиз ортига, Англияга жўнаб кетганини айтишганди. Қиз Англия қаерда жойлашганини билар, бу ҳақда мактаб дарсликларида ўқиганди. Бироқ тоғлар орасида ўсган қиз денгиз нималигини қаердан билсин? Уйда алмисоқдан қолиб кетган дунёнинг сиёсий харитаси бўларди. Қиз кечалари ўша харитадан Англияни қидирар, севгилисининг бармоқ билан босса, кўринмай кетадиган ҳудудда эканини ҳис этиб, аччиқ кўз ёш тўкарди. У орадаги масофа, пароходлар ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас, унинг тушунчалари эса ҳақиқатдан анча йироқ эди. Қолаверса, инглиз йигити тоғлик қизга уйланиши учун Котгарга қайтишини хаёлига ҳам келтирмаслигини билмас эди у. Йигит Ассамда капалак қувиб юрганидаёқ қизни унутиб юборганди. У охир-оқибат Шарқдаги саёҳатлари ҳақида китоб ёзди. Бироқ унда Лисбет тилга ҳам олинмаганди.

Учинчи ой ҳам интиҳосига етгач, Лисбет тез-тез Наркундага қатнайдиган одат чиқарди. У ҳар гал ўша ерда инглиз йигитнинг айтишини кутиб ўтирарди. Айнан шу одатгина унга таскин берарди. Роҳибнинг хотини қизни илгаригидан шодонроқ кайфиятда кўриб, қизнинг ёввойи эркаликларидан халос бўлаётир, деган хаёлга борди.

Кўп ўтмай, бундай қатновлар ҳам Лисбетга ёрдам бермай қўйди ва у яна аввалги жиззакилигига қайтди. Бекаси ниҳоят бор ҳақиқатни очиқ-ойдин баён этди. Инглиз шунчаки қизни тинчлантириш учун уйланишга ваъда берганини, аслида, бу ишни умуман қилмаслигини, Лисбетнинг «олий ирқ вакилига» турмушга чиқишни орзу қилиши ҳам гуноҳ, уятсизлик эканини ва ниҳоят у ўзи тарафдан бир инглиз қизи билан оила қурганини тушунтирди. Лисбет эса бунинг ақлга зид экани, йигит уни муҳаббатига ишонтиргани, ҳатто бекасининг ўзи ҳам йигитнинг қайтишига ишонтирганини эслатди.

– Наҳотки, сиз ҳам мени алдаган бўлсангиз, – сўради у андуҳ билан.

– Қизим, сени фақат юпатиш учунгина шундай дегандим, холос.

– Демак, ёлғон гапирибсиз-да, – тўлқинланиб кетди қиз, – икковингиз ҳам мени алдабсиз.

Аёл шунчаки, бош ирғаб қўя қолди. Лисбет ҳам анчагина жим турди-да, шахд билан югуриб насронийлар қишлоғидан чиқиб кетди ва кўп ўтмай Ҳимолай аёлларининг кийимида, иркитга ботган ҳолда кириб келди. У тоғлик аёлларга хос тарзда бир томонга туширилган кокилларини қора ип билан боғлаб олганди. Фақатгина бурнига булоқа тақмаган эди, холос.

– Мен яна ўз эътиқодимга, халқим ёнига қайтаман, – деди у. – Энди Лисбет йўқ. Фақат қария Жаде ва қишлоқи Сононинг қизи қолди, холос. Сиз инглизлар ҳаммангиз ёлғончисиз! Сизларни кўргани кўзим йўқ.

Роҳибнинг хотини эс-ҳушини бир жойга тўплаб олганида Лисбет аллақачон унинг ҳузуридан ғойиб бўлганди. У айтганини қилди: яна ўз қабиладошлари, ўз аждодларининг маъбудалари қошига қайтди, масиҳийлар қишлоғига бошқа қадам қўймади.

У ўз халқини чин қалбдан севарди, унинг ана шу муҳаббати алдоқчи инглизга бўлган ёввойи интилишларидан устун чиқди. У тез орада бир пайтлар қизни роса савалаган ўтинчи йигитга турмушга чиқди ва қариб-чиригунча бахтиёр ҳаёт кечирди.

РАБИНДРАНАТ ТАГОР
(1861 – 1941)
ҲИНДИСТОН

Ҳинд шоири ва ёзувчиси, жамоат арбоби Рабиндранат Тагор 1861 йил 7 май куни Калкутта шаҳрида дунёга келади. Илк шеърий тўплами «Оқшом қўшиқлари» номи билан чоп этилган. Адибнинг «Табиат интиқоми», «Тонгги қўшиқлар», «Суратлар ва қўшиқлар», «Бибҳа соҳили», «Донишманд ража», «Браҳма Самаж» каби бир қанча пьеса, тарихий романларида зулм ва адолатсизлик қораланган. «Хотира», «Фарзанд», «Паром», «Гора» романи, «Қасос» драмаси, «Почта», «Консерватизм қалъаси» пьесаларида эса Ҳиндистондаги барча миллат вакилларини, табақа ва диний мазҳаб кишиларни озодлик учун курашга, бу курашда ягона иттифоққа бирлашишга даъват этган. Тагор ижоди ҳозирги ҳинд ва бенгал адабий тилининг шаклланишида муҳим роль ўйнаган. Тагорнинг «Ҳалокат» романи асосида тайёрланган «Ганг дарёсининг қизи» драмаси ёзувчини янада машҳурликка олиб чиққан. Тагор 1913 йилда халқаро Нобель мукофотига лойиқ топилган. Ёзувчи 1941 йилда вафот этган.

Ҳинд тилидан Амир ФАЙЗУЛЛА таржимаси
АКА ВА УКА

Катта овсин бу гал ҳам шундай гапларни «кийиб» кетдики, бечора Росмани ер ёрилмади, ерга кирмади. Унинг ҳар бир сўзи юрагига наштардай ботиб, заҳардай куйдирди.

Овсинининг ҳамма иддаолари, аслида, қайниси Радҳамукундга – Росманининг эрига аталган эди. Бироқ кечки овқатини еб бўлгач, нон чайнаб, сигарета буруқситиб ўтирган Радҳамукунд пинагини ҳам бузмасди. Келинойисининг гапларини ўнг қулоғи билан эшитиб, чап қулоғидан чиқариб юборарди. У сигаретасини эринмай, охиригача чекди-да, одатдаги вақт келиши билан ётоққа кириб кетди.

«Тавба, одамзод ҳам шунақа тепса-тебранмас бўладими?!»

Энди Росманиники тутиб кетди: ҳар куни эрининг оёқ-белларини меҳр билан уқалаб қўядиган хотин бугун зарда билан мунчоқ-билагузукларини ечди-да, каравотнинг бир четида омонат чўзилганча, терс қараб, пиқ-пиқ йиғлай бошлади.

Радҳамукунд эътибор бермади, парқуни бошига буркаб, ухлашга ҳаракат қилди. Лекин хотинининг йиғиси кучайса кучаярдики, тўхтай демасди. Ахири Радҳамукунд мулойимлик билан:

– Эртанги ишлар жуда зарур, барвақт туриш керак, ухламасак бўлмайди, – деди.

Тўлиб турган Росмани эрининг гапидан сўнг ўкириб юборди.

– Тинчликми? Нима бўлди ўзи? – сўради Радҳамукунд гўё ҳеч нарсадан бехабардек.

Росмани йиғи аралаш деди:

– Эшитдингиз-ку!

– Ҳа, эшитдим, – босиқлик билан жавоб берди эр. – Нафсиламрини айтганда, келинойимнинг гапларида жон бор. Ё акамнинг қарамоғида яшаётганимиз нотўғрими? Устингдаги кийим-бошларни, зар-зеварларни отамдан қолган меросга олиб берганим йўқ-ку! Едириб-ичириб, кийинтириб турган одам бир-икки оғиз қаттиқ-қуруқ гап қилса, уни ҳам шу еб-ичган, кийган қаторида кўриш керак.

– Бунақа еб-ичиш, кийинишдан нима чиқди?

– Кунимиз ўтиб турибди-ку…

– Ўлганим яхши!..

– Ўлиш қочмайди, унгача уйқуни ўйласанг-чи, ҳар қалай, дам оласан, – деди-да, Радҳамукунд ўз насиҳатига ўзи амал қилишга киришди.

Радҳамукунд билан Шашибҳушан иккови бир қориндан талашиб тушган эмас. Улар на ота, на она томонидан чатишган – етти ёт бегона эдилар. Аслида, «тутинган ака-ука», дейиш тўғрироқ. Аммо меҳр-оқибатга келганда ҳақиқий ака-укадан нимаси кам? Катта овсин Бражсундарийга худди шу нарса ёқмасди. Ахир, эр жонивор ўз хотинидан кўра келинига кўпроқ ён босиб тургандан кейин нима қилиш керак?! Қаранг, Шашибҳушан уйга бирон буюм олиб келса, хотинига эмас, албатта, келинига илинади. Бу ҳам етмагандай, кўпинча ўз хотинининг гаплари бир тийин бўлиб қолаверади-да, Радҳамукунднинг маслаҳатлари масалани ҳал қилади. Шашибҳушан кенг феълли, ўта очиққўл эканлиги учун рўзғорга оид ҳамма вазифалар Радҳамукунднинг зиммасига тушганди. Буни катта овсин бошқача тушунарди: Радҳамукунд акасига зимдан чоҳ қазияпти, деган гумонга борарди. Аммо буни тасдиқлайдиган бирон далил топилмагани сари қайнисига ғарази баттар ошарди. Шубҳалар зарбига дош беролмай, оғзидан заҳарли сўзлар ўқтин-ўқтин отилиб чиқишининг боиси ҳам шунда эди…

Шу куни Радҳамукунд амаллаб тонг оттирди-да, ғамгин қиёфада Шашибҳушаннинг қошига борди. Акаси ҳайрон бўлиб сўради:

– Радҳе, нега кайфиятинг паст, тобинг қочмадими, мабодо?

Радҳамукунд ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қилди:

– Ака, энди бизнинг бу ерда туришимиз қийин бўлиб қолди…

У гап орасида янгасининг кеча кечқурунги қилиқларини қистириб ўтди.

Шашибҳушан кулиб юборди:

– Бор-йўқ гап шуми? Э, суф-е, сенга! Хотинларнинг кимлигини билмайсанми ҳали? Сен билан биз қаёқда-ю, улар қаёқда? Оғзига келганини гапираверади-да. Шунгаям кўч-кўронингни кўтариб қочмоқчимисан? Бунақа гаплардан мени бехабар, деб ўйлайсанми? Нима, шунга ҳовли-жойимни ташлаб чиқиб кетайми?

Радҳамукунд хомуш қиёфада жавоб қайтарди:

– Хотинларнинг гапини кўтаролмасам, эркак бўлиб дунёга келганимнинг маъноси нима, ака? Фақат сизнинг ширин турмушингизга аччиқ ораламасин, дейман-да…

– Сен кетсанг, турмушимиз чучук бўлиб қолади, деб ўйлайсанми? – укасига тикилди Шашибҳушан.

Шу билан суҳбат узилди. Бироқ Радҳамукунднинг юрак дарди заррача енгиллашмади. Катта овсиннинг хархашаси тобора авж олаверди. Арзимаган нарсаларни баҳона қилиб қайнисига кўз очирмасди. Унинг ўринсиз таъналари Росманининг қалбига ўқдай санчилар, шунда ҳам бечора йигит ҳеч нарса эшитмаётгандай, сигарета чекиб ётаверарди. Хотинининг йиғламсираган қиёфасига кўзи тушган заҳоти эса кўзларини юмиб оларди-да, ёлғондакам хуррак отишга тушарди. Бироқ унинг юзига диққат билан разм солган одам Радҳамукунднинг тобора бардоши тугаб бораётганини пайқаши қийин эмасди…

Шашибҳушан билан Радҳамукунд ёшликдан бирга ўсиб-улғайишди. Иккаласи эрталаб апил-тапил нонушта қилиб мактабга жўнашарди. Баъзан пандит жийнинг кўзини шамғалат қилиб, дарсдан қочиб қолишар ва деҳқон болалари билан турли-туман ўйинлар ўйнаб юришарди. Ҳатто кечалари битта тўшакда ухлардилар…

«Ўша пайтларда Бражсундарий қаерда-ю Росмани қаерда юрганикин? Чамбарчас умрларни наҳот айириб ташлаш мумкин бўлса?! Ака-укачилик, бирининг ҳисобига бири кун кўриши учун ўйлаб чиқарилган қандайдир найранг, деган гумонга боришнинг ўзиёқ ўтакетган пасткашлик-ку! Бу аҳволга яна қанча чидаш мумкин?» Радҳамукунднинг боши қотганди…

Шу орада ака-ука бошларига оғир мусибат тушди.

Ўша даврларда инглиз ҳукумати томонидан солинган ер солиғи муддатида тўланмаса, айбдорнинг мулки кимошди савдосига қўйиб юборилар эди.

Тўсатдан Шашибҳушаннинг яккаю ягона отамерос мулки худди шундай важ билан мусодара этилгани ҳақида хунук хабар келди.

– Ҳаммасига мен айбдорман, – деди кутилмаганда Радҳамукунд.

– Нега энди, сен пулни ўз қўлинг билан юборгансан, йўлда ўғрилар ҳужум қилган бўлиши мумкин, – уни юпатди акаси. Аслида ҳам айбдорни қидириб ўтиришдан фойда йўқ, бундан бу ёғига тирикчилик ғамини ўйлаш лозим эди. Шашибҳушанда на маълумот, на тайинли ҳунар борки, қайсидир ишнинг бошини тутса. У тубсиз жарликка қулаб кетаётгандек ҳис этарди ўзини.

Миясига келган бирдан-бир тадбир – хотинининг зар-зеварларини гаровга қўйиш бўлди. Шу аснода Радҳамукунд унинг олдига бир халта пул қўйиб, акасини бу йўлдан қайтариб қолди…

Дунёнинг ишларига тан бермай илож йўқ. Дориламон кунларда рўзғорни айириб юборишга бекалар қанчалик ҳаракат қилган бўлсалар, бошга мусибат тушганда ажралиб кетмаслик учун шу қадар уринар эдилар. Айни пайтда иккала ака-укадан қайси бирига кўпроқ суяниш мумкинлигини улар дарров пайқадилар. Радҳамукундга қойил қолмай илож йўқ эди.

Радҳамукунд рўзғорни тебратиш учун олдиндан эҳтиёт чоралар кўриб қўярди. У ўша пайтларда анча сердаромад ҳисобланган мухторлик ишининг бошидан тутди. Уканинг чапдастлиги қўл келиб, назарга тушди. Бора-бора у музофотдаги манаман деган заминдор бойларнинг жиловини қўлга олди…

Бу воқеалардан кейин Росмани ўзгара бошлади. Чунки Бражсундарий билан Шашибҳушан энди Радҳамукунднинг боқимандасига айланиб қолганди. Росмани авваллари уларнинг бу ҳолини юзига солмай юрди. Кейинроқ эса… жувон оғзи ботирлик қилиб қўйди-ю, қилмиши учун минг пушаймон еди. Гап шундаки, Росманининг овсинига қилган миннати Радҳамукунднинг қулоғига етган эди. Радҳамукунд хотинини тун бўйи шундай «тузладики», эртасигаёқ кичик овсин оғзига тамба уриб, катта овсинга тайёр чўри бўлди-қолди. Чамаси, Радҳамукунд хотинини дарҳол отасиникига жўнатиб юбормоқчи бўлган. Буни англаб қолган Бражсундарий қайнисини алдаб-сулдаб, катта қийинчиликлар билан эр-хотинни яраштириб қўйди. Шундан кейин ҳам кўнгли тинчимай:

– Келин бу даргоҳга яқинда келган, сиз билан бизларнинг эт-тирноқдай эканлигимизни у бечора қаёқдан билсин? Энди, бир ёшлигига борди-борди-да, қизгина. Шу гал кечира қолинг! – деди қайнисига ялиниб.

Радҳамукунд рўзғор харажатлари учун пулни ҳамиша келинойисига берарди. Росмани ўзи учун керакли харажатларга пулни ҳамон овсинидан оларди. Хуллас, хонадонда катта овсиннинг мавқеи олдингидай, балки ундан ҳам яхши эди. Бунга яна бир сабаб – у ҳам кейинги пайтларда кичик овсинига кўпроқ ён босаётгани бўлса керак… Ҳамма ишлар аввалгидан ҳам яхши йўлга тушиб олганди.

Шу бахтиёр дамларда уларнинг осмонига яна булут ўрлади. Шашибҳушаннинг чеҳрасида доим илиқ табассум жилва қилиб турса-да, қандайдир сирли дард уни ич-ичидан кемириб бормоқда эди. Кундан-кун силласи қуриётган акасидаги ўзгаришни сезган Радҳамукунднинг ороми қочди. Баъзан тунлари уйғониб қолган Росмани эрининг чуқур-чуқур хўрсиниб, безовталаниб, тинмай у ёнидан бу ёнига ағдарилаётганини кўрарди. Гоҳо Радҳамукунд акасининг олдига бориб, кўнглини кўтармоқчи бўлар:

– Ака, сира ташвиш тортманг! Отамерос мулкингизни мен сизга қайтариб олиб бераман. Нима қилиб бўлса ҳам, албатта, олиб бераман, бунга яқин қолди, – деб қўярди.

Дарҳақиқат, кўп ўтмай, Шашибҳушаннинг мулкини кимошди савдосида сотиб олган кишининг заминдорликда уқувсиз эканлиги маълум бўлди. У мулкдан фойда кўриш у ёқда турсин, топган-тутганини ҳам йўқота бошлабди. Охири шўрлик савдогар, ҳаммасидан қўлини ювиб, қўлтиғига урди-да, ўша мулкни Радҳамукундга сувтекинга сотиб юборди. Айтишга-ку, икки оғиз гап, бироқ мулк эгасига қайтгунча оз эмас, нақ ўн йил вақт ўтиб кетди. Шундоқ ҳам ўн йил бурун Шашибҳушан йигитлик билан кексаликнинг қоқ ўртасида турарди. Бу йиллар ўтиб кетгач эса ажабтовур мўйсафидга айланиб бўлганди. Отамерос мулкнинг яна қайта қўлга кирганидан у негадир суюнмасди. Фуқаро севинчининг эса чегараси йўқ. Кўпчилик: «Шашибҳушан бу хурсандчиликка бир эримаса бўлмайди», деб туриб олди. Ака укасига маслаҳат солди:

– Хўш, сен нима дейсан?

– Албатта, эрийсиз? Шундай қувончли дамда хушчақчақлик қилмай бўладими? – деди.

Қишлоқ аҳли қачонлардан бери тузукроқ зиёфатга ҳам, тўйга ҳам ёлчимай келарди. Зиёфатда каттаю кичик жамулжам бўлди. Камбағалнинг бир тўйгани – чала бойигани қабилида йўл тутганлар уй-уйларига тарқалишди. Бунинг устига, шу воқеадан кейин тўрт кун босим қўш ҳайдалиб, емак-ичмакнинг ҳам тайини бўлмади. Оқибатда оғир меҳнат Шашибҳушанни зўриқтириб қўйди. У кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолди. Бемор алаҳсирар, дам-бадам иситмаси кўтарилиб, безгак тутарди. Табиб чақирдилар.

– Қаттиқ дардга йўлиқибди, – деди у бош чайқаб.

Ярим тундан оққанда хонада ака ва ука ёлғиз қолдилар.

Радҳамукунд негадир сукут сақлаб, жим ўтирарди. У мук тушган кўйи каравотнинг бурчагидаги чойшаб чеккасини иккала қўли билан текислай бошлади. Шашибҳушаннинг эса нафас олиши тобора оғирлашмоқда эди.

Радҳамукунд каравотнинг қуйи томонига ўтиб ўтирди-да, беморнинг оёқларини меҳр билан уқалай туриб, деди:

– Акажон, мендан жуда катта гуноҳ ўтган, бугун шуни сизга айтаман. Айтмасам, юрагимда бир умр армон бўлиб қолади…

Шашибҳушан индамади. Радҳамукунд ора-чора чуқур хўрсиниб давом этди:

– Ака, бу гапларни айтишга тилим ҳам бормаяпти. Мен ўзимдан ўтганини ўзим биламан. Агар дунёда мени тушунадиган бирон зот топилгудек бўлса, у – сиз. Болалигимиздан икковимизнинг ўй-фикримиз ҳам, орзу-умидларимиз ҳам бир хил эди, фақат афтимиз фарқ қиларди, холос. Яна бир фарқ шуки, сиз бой, мен бўлсам камбағал эдим. Қарасам, шу важдан сиз билан менинг орам бузиладиган. Охири бахайр бўлсин деб, шу фарқни йўқотишга жазм қилдим. Ака, ер солиғига берган пулларингизни менинг ўзим ўғирлаб, мулкингизни атайдан мусодара қилдиргандим…

Шашибҳушаннинг юзида ўзгариш бўлмади: ҳайрат ё таажжубдан ном-нишон ҳам йўқ эди. У синиқ жилмайиб қўйди ва мулойим оҳангда хириллаганча деди:

– Ука, нима қилган бўлсанг, тўғри қилгансан. Ўша ўйлаган ниятинг рўёбга чиқди-ку! Кейин барибир мени қанотинг остига олдинг-ку!..

У сал тин олгач, яна синиқ жилмайди, икки томчи ёш юзлари оша думалаб кетди.

– Кечиринг мени, ака, кечиринг! – деди Радҳамукунд акасининг оёқларига бош уриб.

Шашибҳушан «бери кел» дегандай ишора қилди-да, укасининг қўлидан тутиб деди:

– Мен сенга айтсам, ҳамма гапдан хабарим бор эди. Сен билан тил бириктирган одам келиб, менга бу сирни ошкор қилганди. Ўшандаёқ сени кечирганман.

Радҳамукунд хижолатдан чўғдай ётган юзини иккала қўли билан тўсиб йиғлай бошлади. Сал ўтгач, ўзини қўлга олиб деди:

– Акажон, агар кечирган бўлсангиз, мулкингизга ҳам ўзингиз эгалик қилинг. Бир оғиз гапингиз, йўқ деманг, ака…

Аммо Шашибҳушан тилдан қолган эди. У Радҳамукунднинг юзига тикилиб қараганча ўнг қўлини ҳорғин кўтариб туширди. Бу билан нима демоқчи – билиш қийин эди. Шуниси ҳам борки, ака ишорасини ука тушунган бўлса, эҳтимол.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации