Электронная библиотека » Наргиз Асадова » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Афсун"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Наргиз Асадова


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ЛУИЖИ ПИРАНДЕЛЛО
(1867 – 1936)
ИТАЛИЯ

Машҳур итальян ёзувчиси, шоир, драматурги Луижи Пиранделло 1867 йил 28 июнда туғилган. Ёзувчининг «Рим элегиялари» асари таржимаси унга катта шуҳрат келтирган. «Бегона аёл», «Марҳум Митти Паскал» романлари, «Агар шундай бўлмаса…», «Олти персонаж муаллифни қидиради», «Генрих IV» пьесалари ва ўнлаб новелла тўпламлари Пиранделло ижодининг чўққиси ҳисобланади. Унинг асарлари кўплаб жаҳон тилларига таржима қилинган. Адиб 1934 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланган. Ёзувчи 1936 йил вафот этган.

Италян тилидан Рустам ИБРОҲИМОВ таржимаси
ИККИ ЎРТОҚ

Тасодиф ва атрофдаги бутун ўлкаларга ёйилган ҳасад, ғаламислик туйғуси сабаб Жильоне ва Буттиче воқеаси юз бердики, улар ўн бир йилдан буён Ла Газенадаги эски хўжаликни ўзаро шерикликда бошқариб келишаётганди. Бегоналарни-ку қўя туринг, ота-бола ёки ака-укаларнинг ҳам ижара ер устидаги бундай шерикчилиги ҳеч вақт бунчалик узоқ давом этмаган. Бироқ шу ўн бир йиллик ҳамкорлик давомида бу икковлоннинг ўртасида на манфаат юзасидан, на бошқа нарса важидан заррача низо чиққан эмас.

Икковининг ҳам бола-чақаси ферма ҳовлисида, эски хўжайинлар замонида мўл-кўл ҳосил бериб турган ердаги ҳайҳотдай кенг уйларда ёнма-ён ўсиб-улғайди. Ҳар икки уйнинг ҳам ташқи деразаси йўқ эди. Ичкарига фақат ҳовлидаги эшик орқалигина ёруғлик тушар, ҳовлининг ўзи эса каттагина бўлиб, ўртасида ҳовузи бор тош йўлдан иборат эди. Унинг чор тарафини қуёшда товланувчи шиша синиқларидан ясалган қалин тож тасвири туширилиб безалган баланд девор ўраб олганди. Ҳовли тепасидаги осмон гумбазининг ёрқин, оловдай ял-ял ёнгувчи зангори туси кўзни олар даражадаги бу оппоқ девор олдида хира тортиб қолгандек туйиларди. Гарчи ертўладаги қўйлар қўтони кўпдан бери бўшаб қолган, ўтхона ортидаги бостирма остида эса сигир ўрнига бор-йўғи икки хачиру бир хўтик турган бўлса-да, бу ерларда ҳали ҳам кўҳна ҳамда бой хўжаликнинг анча-мунча товуқ ва куркалар, ахта хўрозу чўчқа болаларидан тўйинган ҳавоси анқирди.

Офтоб қақратган ерлардан теварак-атрофга бир неча йилдан буён ялангликда сочилиб, қуриб ётган талайгина экин-текиннинг эски ҳидлари пардек таралиб, илиқ гўнг тафти, ғалланинг қуруқ бадбўй исию ўтхонадаги намиққан куйинди похолнинг димоғни ёрувчи бўйи билан қоришиб кетганди… Узоқдаги хирмон томонлардан келаётган хўроз қичқириғи эса дала сукунатини бузиб турар, унга ҳовлидаги хўрозлар ҳам олдинма-кетин ёки баъзан биргаликда жўровоз бўлиб жавоб қайтарарди. Пашшаларнинг ғувиллаши, хўрозлар хонишию дарахтлар шитир-шитири бир зум ҳам тинмас, балки аксинча, мароми одамлар, турмуш юмушларию қорамоллар билан ўлчангувчи одатдан ташқари, у қадар сокин кечмайдиган, омонат эврилишларга қарамай, табиат тароватига тароват қўшарди.

Шу ўн бир йил мобайнида ер ҳам тортган машаққатларига яраша икки шерикни ҳеч бир истисносиз тақдирлаб келди. Ва ҳатто рафиқалари ҳам худди ер билан ҳосилдорлик борасида беллашгандек кетма-кет фарзанд кўришар, ҳар икки эрнинг-да фикри-ёди ўғилли бўлишда эдики, дала ишлари учун улар айнан эркак кучига муҳтожлик сезишарди. Ҳар сафар кўз ёриш чоғида бунақанги нарсаларга ажратиш учун ортиқча вақти бўлмаган эрларини ташвишга қўймаслик, безовта қилмаслик учун хотинларнинг ўзлари бир-бирига меҳрибонлик билан ёрдам беришардики, охири иккаловининг ҳам турмуш ўртоқларига туҳфа этган фарзандлари сони беш нафарга етди. Эрлари эса тушлик қилгани ё бўлмаса кечки овқат егани қайтиб келишаркан, ўғил фарзанд илинжида дарҳол «Ўғилми?» деб сўрашарди. Аёллар бўлса бунга жавобан бир сўз демай, бош силкиб қўя қолишарди.

Бу икки ўртоқдан Жильоне дегани одатда ҳеч нарса демас, лозим топса, ер эгаси ёки шаҳарлик савдогарлар билан мулоқот чоғи ҳам музокарани шеригининг ўзига қўйиб берарди. Хотиржам, оғир-босиқ, қуёшда қорайган, сип-силлиқ кулчаюз бу одам сўл қулоғи солинчагини ушлаган кўйи уларнинг гапини тинглаганча ўйланиб турарди. Сўнг лозим топса, ўзи ҳам икки оғизгина сўз қотиб қўярди ё йўқ. Сочлари патила, тиниб-тинчимас Буттиче эса жонсарак, қувлик, айёрлик акс этган мовий кўзларидан адоқсиз равишда ёғилиб тургувчи ёниқ бир табассум билан, такаллуфу кўз қисишлар билан ўртоғидаги бу жиддиятни юмшатишга уринар, аммо хўжайин ёки савдогар дамдуз бир одамнинг бефарқ, ҳиссиз кўзларига тикилганча унинг шериги Буттиче бу тариқа хушомадомуз муомаладан нимани кўзлаганини тушунолмас, ҳатто уларнинг бундан андак ғаши ҳам келарди.

Жильоне мисоли чуқур илдиз отган, мустаҳкам бир дарахт эди. Ўз навбатида, Буттиче шу дарахтнинг шохлари бўйлаб париллаб учиб юрган сайроқи қушга ўхшарди. Ўша қушнинг хонишию жонсараклиги дарахтга маъқулми ё йўқ, буни тушуниб бўлмас, агар биров Жильонедан «Ўзи бунга нима дейсиз?» деб сўраса, бош бармоғини солинчагига, кўрсаткич бармоғини эса қулоқ супрасига теккизган кўйи қулоғига ишора қилардики, бу унинг мени тинглашга чиқарган, гаплашиш бўлса ўртоғимнинг иши, дегани эди.

Уларнинг ўзаро аҳил эканлиги сири ҳеч қачон бир-биридан ўзиб кетишга уринмаслик борасида келишилган аҳдномада эди. Посёлкадаги бошқа ёшларга ўхшаб Америкага кетиб қолмаслиги учун оталари уларни ҳарбий хизматдан қайтишган заҳотиёқ уйлантириб қўйган кунга қадар Монтаперто ортидаги Галлоттиларнинг олис тепаликларида бирга туғилиб ўсган бу йигитлар бир-бирига ашаддий рақиб эди. Эгачи опа-сингил бўлмиш хотинлари боис ярашиб олган бу кишилар ўртасида бир-бирларига зиён етмаслиги учун оила қурган дақиқаларидан эътиборан эски рақобат ўрнини шунчаки бир мусобақа эгалладики, шу сабаб улар орасида ўзаро яқинлик пайдо бўлди. Ҳар қандай қийинчиликка ҳамиша тайёр тургувчи бу йигитларнинг иккаласи ҳам ўз шеригига мадад беришга ошиқар, бунинг ажру мукофоти эса бир-бирингга муносиб эканлигингни туйишдан келиб чиқувчи мамнуният ҳиссида эди.

Яқинда Буттиченинг хотини олтинчи боласига бошқоронғи бўлган, энди кунлар бу ёғига туғилажак чақалоқни кутиш-ла ўтаётганди. Икки ойча аввал эса Жильоне қиз кўрганди.

Кунлардан бир кун кечқурун ҳовлида иккала аёл мойчироқ ёруғида ўғиллари шўрва ичиб қолдирган одмигина сопол косаларни йиғиштириб олаётган маҳал шу Жильоне бирров нариги аёлнинг дўппайган қорнига шубҳа аралаш ўғринча назар ташладики, эҳтимол, айнан шу нарса икки эгиз қисмат ўртасидаги мувозанатга дахл этган бўлиши мумкин.

Ниҳоят, бир куни эрта саҳар ҳали кўкдан шафақ аримасдан аёлни тўлғоқ тутиб қолди. Шунда Буттиче рўпарадаги эшикка қараб чопди. Доя – ошнасининг хотиниям бунга тайёр турган эканми, ўша заҳоти ёрдамга ошиқди. Ана шундан кейингина ҳали юлдузи ўчмаган осмон остида икки оғайни елкаларига чопқиларини қўйганча одатдагидай соҳил томон йўлга тушиб, кўзланган манзилга ҳам етиб боришди.

Орадан бир соат ҳам вақт ўтмаган эдики, Жильонега ҳовли тарафдан тўнғичининг овози келаётгандек туйилди. Сал нарида ишлаётган Буттиче ҳам бир зум тўхтаб, «Эшитдингми, чақиришяпти?», деб сўради. Жильоне бунга жавобан «Эшитдим» дедию қўлларини кувача қилганча «Ҳеҳе-ҳе-ҳей» дея қичқирди. Буттиче бўлса қўлидаги кетмонини ташладию қиялик бўйлаб жон ҳолатда югура кетди. Жильоне ҳам унинг ортидан чопаркан, шеригига аранг етишиб борарди.

Улар ҳовлига қайтишганда каттагина ур-сурнинг устидан чиқишди: Буттичеларнинг қия ёпиқ эшиги ортида болалар ғижим чойшабу дастурхон, юбкаю кўйлак аралаш ҳар турли латта-путта уюмини зўр бериб тортиб, ерда судраганча уймалашиб юришарди. Бу нарсаларни тўзғиган сочларию қонга беланган, қалтироқ қўллари кўзга ташланиб турган Жильоненинг хотини талваса ичида юлқиб-йиртиб ташлаганди.

Бунгача бола туғилганди. Ўғил бола! Аммо она кўп қон йўқотган, йўқотганда ҳам даҳшатли даражада кўп қон йўқотгандики, энди уни сақлаб қолишнинг деярли имкони йўқ эди. Бирон табиб топиб келиш учун дарҳол Фавара қишлоғига қараб «оёқни қўлга олиб» югуриш керак эди. Буттиче афтодаҳол хотинига боқаркан, маҳзун қиёфадан ҳам кўра кўпроқ тажанг алпозда тўхтаб қолди. Жильоне уни ташқарига судраб, қўлида даст кўтарганча хачирга миндириб қўйдию ўртоғининг қўлига жиловни тутқизаркан, ваҳшат-ла «Жўна!» дея бақирди. Бунга жавобан Буттиче жойидан жилмай, бўзарган рафтори-ла «Ўзинг борсанг-чи?» деб сўради. Шунда Жильоне «Бу нима деганинг, Худо ҳаққи, кета қолсанг-чи!» деди ва хачирни иккала қўли билан ушлаб, шартта орқага тортди-да, ўхшатиб бир тепди…

Уч соатдан кейин Буттиче бир табибни эргаштирган ҳолда қайтиб келди. Ҳовлига қадам қўяр экан, уни кута-кута тилдан қолган, ғамдан чўкиб кетган ўртоғию янгасининг, бола-бақраларнинг ўша сиёқига боқа туриб масала ҳал бўлганини тушунди. Бу нарса унинг онгу шуурида айнан шундай шаклда гавдаланган, у шу ҳолни ўзининг қайтиш саҳнасини олдиндан айнан шундай тасаввур қилганди. Буттиче хўрлигу ўкинч аралаш аччиқ бир ғазабни туяркан, кўзлари телбаларча чақнади. Сўнгра «Турқингизга бир қаранг, нима жин урди сизларни!» деди-да, хачирдан сакраб тушиб, серрайганча уйининг остонасида тўхтаб қолди.

Каравотда эса ранги докадай оқариб, тарашадек қотиб қолган хотини ётар, унинг бу рафторидан вужудида бир томчи ҳам қон қолмаган эди гўё. Аёл шунчалар чўзилиб, шунчалар бўзариб кетган эдики, бир боқишда эри уни ҳатто таниёлмадиям. Сўнг Буттиче остона ҳатлаб, жасадга яқин келди-да, унга қарата истеҳзо аралаш бир оҳангда «Нима қилиб қўйдинг-а?!» деди. Хотинию шифокор билан хонага сассизгина кирган Жильоне ҳамдардлик изҳори сифатида қўлини ўртоғининг елкасига қўйган эди, бироқ вужудида ҳайвоний бир титроқ уйғонган Буттиче талваса ичида «Тегма менга!» дея бўкирди-ю, силтанганча ташқарига отилиб чиқди.

Чиққан заҳоти ҳўнг-ҳўнг йиғлаётган ўғиллари қуршовига тушиб қолган ота эгилган кўйи уларни бирров бағрига босди-ю, туйқус барини қучоғидан силтаб ташлади-да, «Бу ерда нима қилиб ўтирибсанлар, ҳалиям тирикмисанлар?» дея алжиради. Остонада турган Жильоне бўлса ошнасини юпатаркан, шундай сўз қотди:

– Буларни ўйлаб ташвиш тортма. Энди хотинимнинг олти эмас, нақ ўн икки боласи бор. Кичкинтойингни ҳам у эмизади. Сенгаям ғамхўрлик қилади. Буттиче эса яна жужуқлари томон эгиларкан, пичоқ тиғи мисол ялт этган бир нигоҳ-ла уларга бошдан то оёқ кўз югуртириб чиқди. Қисматнинг бу янглиғ ҳақсиз ҳукми остида қолган ана шу лаҳзада Буттичега ўртоғи гўё уни ўз марҳамати орқасида хўрламоқчидай, эзиб-топтамоқчидай туйилди. Шунда у марҳума билан видолашиб ҳам ўтирмай, бола-чақасини ташлаб, умуман, ҳаммани ташлаб, қишлоқ ёқалаб пастга томон ўқдек отилди. У шу кетганича ўлар даражада яраланган йиртқичга ўхшаб йироқ бир ерга, цератония дарахти ортига бекинди…

Орадан икки кечаю икки кундуз ўтди. Иккинчи кун тун қоронғисида ўртоғининг узоқдан, тепадан келган чақириғи алламаҳалгача эшитилиб турди. Кейин эса бу овоз сўқмоқ йўллар бўйлаб, дарахтлар оралаб тобора ёвуқлашиб келаверди. У ошнасининг қадамини ҳам, шунингдек, ўзга қадам товушларини (Болаларининг одим товуши бўлса керак!) ҳам эшитди. Буттиче дамини ичига ютди-ю, қадамлар сасию кишилар овози узоқлаша бораркан, яширинишга ортиқ чоғланмади. У дарахт япроқлари орасидан кўк юзида муаллақ турган ойни ғира-шира пайқади. Дилига дардидунёсини остин-устун қилар даражада сим-сиёҳлик тушган кўйи шу топда ой ҳам ўзи томон боқиб турганини ранж-аламу таҳлика ичида туйди.

Шунда у қўрғонга қайтишни ўйлаб қолди. Албатта, бу пайтга келиб аёлининг жасади чиқарилган бўлади. Ошнаси эса ўз рафиқаси чақалоққа кўкрак тутганию қолган етимчаларга қандай оналик қилаётганини Буттичега кўрсатиш пайида юради (Буни меҳр-оқибат, дейдилар). Сўнг ҳар оқшом ҳовлида мойчироқ нури остида шўрва ичишгач, «Соғ бўл, ўртоқ, биз ухлагани кетдик» деганча хотини ва бус-бутун оиласи билан уйига кириб кетади. Буттиче бўлса онадан айрилган болалари қуршовида кўчада бир ўзи, ёлғиз ўзи қолаверади. Э, йўқ! Худо ҳаққи, у эски рақибига бундай ҳузур-ҳаловатни асло раво кўрмайди!

Каллаи саҳарлаб Буттиче уйга қайтиб келди-ю, ўша заҳоти ич-ичига ботиб кетган юзлари, мурданикидек кўкарган кўз косаси, жиннинамо кўзлари бир бўлиб дағал бир алпозда ўғилларини уйғотди. Каттароқ болаларига буюмларни тўплаб, хачирга юклашга ёрдамлашишни буюрди.

Бу шовқинни эшитиб, рўпарадаги уйдан чиққан Жильоне анчагача қараб турди-да, ундан сўради:

– Нима қиляпсан?

Шу пайтда матоларни қалин тугун қилиб боғлаётган Буттиче оёққа қалқди. Шеригининг юзига кўзларини тикканча жавоб қайтарди:

– Мен кетяпман.

– Қаёққа кетмоқчисан? Нима, ақлдан оздингми?

Буттиче индамай, ерга ўтирди-да, тугун тугишда давом этди. Жильоне эса гапиришдан тўхтамасди:

– Нима учун, ахир? Биламан, қийналиб кетдинг, ҳеч ким сенга буни тиламасди ҳам. Лекин қолаверса,.. сен ва ўғилларинг бу ерда…

Буттиче қайтиб ўрнидан турди ва бармоғини лабига босиб деди:

– Жим. Мен кетишим керак.

– Лекин нима сабаб?

– Сабаби йўқ. Кетишим керак, вассалом.

– Шу туриш-а? Ҳисоб-китоб қилмасдан-а?

– Буни-ку қиламиз. Ҳозир эса кетишим керак.

Бор бисотини ўзига тегишли хачир ва эшакка юклагач, Буттиче шеригига сўз қотди:

– Бориб чақалоқни олиб кел.

Ўз навбатида, Жильоне қўлларини жуфт қилганча деди:

– Наҳотки, шунчалар ақлдан озган бўлсанг? Болангни хотиним эмизяпти. Унинг ўлишини истайсанми, нима бало?

– У барибир ўлади. Мен бу ердан кетишим керак.

Ана шунда Жильоне югуриб бориб яқиндагина туғилган чақалоқни олиб келди-да, юзини терс бурган ҳолда уни эгасига тутқазди.

– Ушла. Энди эса қорангни ўчир! Қайтиб сени кўришни хоҳламайман!

– Сен-а? – деди заҳархандалик билан Буттиче. – Ҳе, ўргилдим сендан!

У шундай дедию жониворларни олдинга ниқтади ҳамда орқасидан бешов боласини эргаштирган кўйи кенжатойини бағрига босганча йўлга тушдики, бу вақтда ҳали чақалоқнинг тўқ қизил оғизчасида бир томчи сут ялтирар эди.

ҲЕРМАНН ҲЕССЕ
(1877–1962)
ШВЕЙЦАРИЯ

Ҳерманн Ҳессе 1877 йил 2 июлда Калв (Вюрттемберг)да дунёга келган. У ХХ аср жаҳон адабиётининг улкан намояндаларидан бири бўлиб, адиб энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан саналади. Унинг қатор роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. «Чўл бўриси», «Маржонлар ўйини», «Демиан» каби китоблари довруғ қозонган. «Ғилдираклар остида» романи, «Нюрнбергга саёҳат» сафарномаси, «Курортдаги киши» қиссаси ва бошқа кўпгина асарлари ҳам машҳур. Адиб 1946 йилда Нобель мукофотига муносиб топилган. 1962 йилда вафот этган.

Немис тилидан Асрор РАҲМОНОВ таржимаси
ФЛЕЙТА ОРЗУСИ

– Ма, ол! – деди отам ва қўлимга кичкина, суякдан ясалган флейта тутқазди.

– Ўзга юртларда куй-қўшиқларинг билан одамларнинг кўнглини чоғлаётганингда қари отангни ёдингдан чиқарма. Сен дунёни озми-кўпми кўрдинг ҳам, ўргандинг ҳам. Мен бу флейтани сен учун ясадим, чунки сен куйлашдан бошқа ҳунарни ўрганмадинг. Доимо куйлашни хоҳлагансан. Агар ёқимли, бетакрор қўшиқлар айтиб кишиларнинг кўнглини хушламасанг, Худо берган қобилият ҳайф сенга!

Менинг севикли отам донишманд инсон бўлиб, мусиқага унчалик тушунмасди. У менинг ҳам изидан боришимни ва флейтани шунчаки кўнгил ёзиш учун чалишимни хоҳларди. Лекин мен унинг таълимотини ўрганмадим. Мен қўшиқ айтишни, флейтада сеҳрли куйлар ижро этишни истардим. Хуллас, флейтамни олдим-да, отамдан оқ фотиҳа сўраб, сафарга отландим.

Мен ўзим туғилиб-ўсган водийнинг улкан тегирмонидан нарёғини билмасдим ва дунё шу тегирмондан бошланган бўлса керак, деб тасаввур қилардим. Бу тегирмон менга жуда ёқарди. Ҳозир эса оламнинг жуда бепоёнлигини кўриб турибман.

Йўл давомида енгимга учишдан чарчаган ари қўнди. Мен уни ўзим билан бирга олдим. Биринчи марта дам олганда хат ташувчини учратдим ва ундан Ватанимга салом йўлладим.

Мен ўрмонлар ва далалар оралаб юрардим. Дарё ҳам илдам оқарди. Бошқа ўлкалар менинг юртимдан деярли фарқ қилмас экан. Йўл-йўлакай дарахтлар, гуллар, буталар билан сўзлашар, улар билан биргаликда куйлардим. Назаримда, улар худди тушунишаётгандек қўшиқларимдан завқ оларди. Шу маҳал ари уйғониб, елкамга ўрмалаб чиқди-да, парвоз қилди. Ғинғиллаб атрофимда икки марта чарх уриб, ортга, Ватанига томон учиб кетди.

Ўрмонда қўлида сават ушлаган ва сариқ сочли бошига кенг похол қалпоқ кийган қизалоқни учратдим.

– Салом, қаерга боряпсан? – деб сўрадим ундан.

– Ўроқчиларга тушлик олиб боряпман. Ўзинг-чи, қаерга йўл олдинг? – сўради у мендан.

– Мени дунё кезиш учун отам юборди. У менинг флейтадан куй чалиб, одамлар кўнглини хушлашимни хоҳлайди. Лекин мен буни унчалик яхши уддалай олмайман. Аввал ўрганишим керак.

– Шунақами, унда қўлингдан нима иш келади? – сўради қизалоқ.

– Қўшиқ куйлай оламан.

– Қандай қўшиқ?

– Ҳар хил: тонг ва оқшом ҳақида, дарахтлар, гуллар ва ҳайвонлар ҳақида, масалан, ҳозир ўрмонда ўроқчиларга егулик олиб бораётган ёқимтой бир қизалоқ ҳақида қўшиқ хиргойи қила оламан.

– Ростданми? Шундай қила оласанми? Илтимос, куйлайқол!

– Майли, исминг нима?

– Бригитта.

Сўнгра мен бошига похол қалпоқ кийган гўзал Бригитта ҳақида қўшиқ куйлай бошладим. Қўшиқда унинг қўлидаги саватда ўроқчиларга егулик олиб бораётганлигини, чирмовиқларнинг қизни кўришга ошиқиб, боғ панжараларидан бошларини чиқариб унга интилишларини ва атрофдаги манзарани тасвирлаб куйладим. У менга жиддий боқди ва яхши куйлаганимни айтди. Мен яна куйлашда давом этдим ва ҳолдан тойгунимча қўшиқ айтдим. Очиққанимни қизга билдирганимда у менга саватидан бир бурда нон олиб берди. Нонни бир тишлаб, йўлимда давом этмоқчи эдим, лекин у менга юриб овқатланиш яхши эмаслигини айтди. Биз майсалар устида ўтирдик ва мен нонни шошмасдан едим. У эса офтобда қизарган қўллари билан тиззасини ушлаб, мени жимгина кузатиб ўтирарди.

– Мен ҳақимда яна куйлашни хоҳламайсанми? – сўради қизалоқ.

– Сен ҳақингда нималарни билсам, ҳаммасини куйлаб бўлдим, яна нима ҳақида куйлашим мумкин?

– Севгилиси ташлаб кетган қиз изтироблари ҳақида.

– Бу ҳақда куйлолмайман. Отам менга фақат қувноқ қўшиқлар айтишимни тайинлаган. Бунинг устига, ғам, изтироб, қайғу қанақа бўлишини билмайман. Истасанг, сенга бойқуш ёки ниначилар ёхуд капалаклар ҳақида куйлайман.

– Сен муҳаббат ҳақида куйлай олмайсанми?

– Муҳаббат ҳақида? Оҳ, бўлмасам-чи! Бу энг зўр туйғу-ку.

Мен унга қуёш нурининг қизғалдоқларга мафтун бўлиб, қандай боқиши ва қизғалдоқлар унинг нурида қандай товланишлари, уларнинг қувончдан рақсга тушишлари, мода саъванинг нар саъвани интиқлик билан кутаётгани, у келганда эса ҳуркиб, унга жаҳл қилиши ҳақида ҳамда мовий кўзли қизалоқ ва йигит ҳақида куйлаб бердим. Қўшиғимни яна давом эттириб, йигитнинг қизга дил изҳори қилаётганини, қиз эса унга саватчасидан нон олиб бераётганлигини, йигит энди қизалоқдан нон эмас, бўса олишни, унинг кўзларига тикилишни хоҳлаши ҳақида жуда узоқ, қиз кула бошлаб, йигитнинг овозини эшитмай қолгунга ва йигит унинг оғзини лаблари билан ёпмагунга қадар куйлагани ҳақида хиргойи қилиб бердим.

Шунда Бригитта эгилиб, лаблари билан оғзимни ёпди ва кўзларини юмди. Қўнғир кўзларини очганда қорачиқларида камина ва бир жуфт ёввойи гул рақсга тушарди.

– Отам ҳақ экан. Олам жуда гўзал экан! – дедим мен. – Энди сенга саватингни кўтаришга ёрдам беришни хоҳлайман.

Мен унинг саватини қўлидан олдим ва биз йўлда давом этдик. Унинг одимлаши ва менинг қадам ташлашим, унинг қувончи билан менинг хурсандчилигим бир-бирига ҳамоҳанг эди. Ўрмон эса тоғ ҳақида майин ва ёқимли шивирларди. Умрим давомида ҳеч қачон бундай бахтни туймагандим. Мен жуда бардамлик билан хиргойи қилардим. Овозим бутун борлиққа: водийлару тоғларга, майсазорлару кўкламзорларга, дарёлару буталарга баралла тараларди ва қалб қўримдан чиқаётган нидони ҳикоя қиларди.

Шунда мен чуқур хаёлга чўмдим. Агарда дунёнинг барча қўшиқларини: майсалар ва гуллар, одамлар, булутлар, ўрмонлар ва жониворлар, ўзга юртлардаги денгизу тоғлар, юлдузлар ва ой ҳақида куйлай олсам эди. Қўлимдан келганида эди, ҳар бир янги қўшиқни осмондаги янги юлдуздай териб чиқардим.

Шулар ҳақида ўйладим-у, бундан ўзим ҳайратда қолдим. Шу пайтгача бундай ўйлар миямга келмаган экан. Қаршимда Бригитта турарди. У кетишга ҳозирланиб, саватни қўлимдан олди.

– Энди мен кетишим керак! – деди у. – Ҳув анави далада бизнинг ишчиларимиз тер тўкишмоқда. Сен қаерга борасан? Мен билан бирга қолишни хоҳламайсанми?

– Йўқ, сен билан бирга қололмайман. Мен дунё кезишим керак. Егулик учун раҳмат ва албатта… бўса учун ҳам. Сени унутмайман.

У саватини олишга эгилганда кўзларимиз яна бир-бирига қадалди. Шу он яна унинг лаблари менинг лабларим билан қовушди. Унинг бўсаси шу қадар майин, шу қадар ажойиб эдики, мен бу бахтдан ўзимни буткул йўқотиб қўйдим. Шунда мен ундан ажралишим кераклигини ўйлаб, қайғуга ботдим. Бригитта билан видолашиб, йўлимда давом этдим.

Қиз тоғ томон юқорилай бошлади, лекин бироз юриб, қора қайинлар соясида тўхтаб қолди. Ва менга қаради, мен эса унга. Бошимдан қалпоғимни олиб унга силкитдим. У ҳам бошини ирғади ва қора қайинлар орасида ғойиб бўлди.

Мен эса зўрға йўлга тушдим. Бир бурилишга етгунча хаёл уммонига ғарқ бўлдим.

У ерда бир тегирмон бўлиб, унинг олдидаги дарёда қандайдир қайиқ менга анчадан бери интизор бўлгандек турарди. Қайиқда эшкакчи ўтирарди. Қалпоғимни эшкакчига силкитганимда у қайиқни мен томон бурди, қайиққа чиқдим ва йўлга тушдик. Мен қайиқнинг ўртасидан, эшкакчи эса эшкаклар ортидан жой олди. Қаёққа сузаётганимизни сўраганимда у менга қисиқ кўкимтир кўзлари билан тикилди.

– Қаерга боришни хоҳлайсан? – сўради бўғиқ овозда. – Дарёнинг қуйи оқими бўйлаб денгизгами ёки катта шаҳарларгами, танла, буларнинг барчаси менга тегишли.

– Сенга тегишли? Нима, сен қиролмисан?

– Балки, – деди у. – Сен шоир бўлсанг керак, шундай бўлса, менга йўл давомида бирор нима куйлаб бер.

Жиддий, юзлари бужмайган бу кимсадан бироз ҳадиксираётгандим. Қайиқ эса дарё бўйлаб шиддат билан товушсиз оқиб борарди. Мен қайиқни учириб бораётган дарё ҳақида, қуёшнинг чарақлаши ва қирғоқдаги қояларнинг кучли шовқини, тўлқинларнинг сафарини қирғоққа тўқнашиб тугатиши ҳақида куйлардим.

Лекин эшкакчининг юз ифодаси сира ўзгармасди. У худди орзу қилаётгандек бошини сокин тебратди. Ва қўшиғимдан илҳомланиб, худди мендек водийлар оша дарёдаги сафар ҳақида куйлай бошлади. Унинг қўшиғи меникидан ёқимлироқ ва гўзалроқ эди, лекин алланечук ўзгача янграрди.

Дарё унинг куйлашига ҳамоҳанг тарзда қутургандек бўлиб чайқалар, кўприклар остидан дабдаба билан оқиб ўтарди. Унинг тўлқинлари қоя қирғоқларига урилиб-қайтиб, бамисоли ғазаблангандек, нафратлангандек қайиқни сув устида ўйнатарди. Сувда чўкканларнинг узун яшил сув ўтлари орасидаги оппоқ мурдаларини у кулимсирагандек тебратарди.

Буларнинг бари ниҳоятда ғаройиб, жозибадор ва сирли оҳангларга тўла бўлишига қарамай, менга сира ёқмасди. Мен саросимада қолдим ва танг аҳволимдан тилим калимага келмасди. Бу қари, ажабтовур, ақлли эшкакчи бўғиқ овозда куйлаганда менинг қўшиқларим уники олдида арзимасдек туйилди. Шунда, назаримда, олам, аслида, ажойиб ва нурафшон эмас, балки нурсиз ва ғамгин, бешафқат ва кемтикдек туйилди. Ўрмонлар қувончдан эмас, азоб-уқубатдан шитирларди.

Биз сузавердик. Соялар борган сари чўзилар, ҳар сафар куйлаганимда қўшиқларим кучсизланиб, таъсири камайиб бораётгандек бўларди. Овозим ҳам бўғилаётгандек эди. Лекин у куйлаганда олам янада жумбоқли ва азоб-уқубатли туйилар, мен эса журъатсиз ва қўрқоққа айланардим.

Қалбим безовталанди. Гулларга тўла водийда, Бригитта олдида қолмаганимга афсусландим. Сўнгра қош қораяётганда ўзимни юпатиш мақсадида яна баланд овозда куйлай бошладим. Мен энди қизғиш тус олган шафақда Бригитта ва унинг бўсаси ҳақида куйлардим.

Қоронғи тушди. Мен тил-забондан қолган эдим, эшкакчи эса муҳаббат ва унинг қувончлари, мовий кўзлар, намланган қирмизи лаблар ҳақида куйларди. Бу эса дарё ҳақидаги қўшиқдан-да гўзалроқ ва жозибалироқ эди. Лекин унинг қўшиғида муҳаббат азобли, қўрқинчли ва сир-синоатга тўла, инсон эса ночор ва ғам-ҳасратли эди. Ва улар бир-бирларига ўзаро азоб беришар, бир-бирларини маҳв этишарди.

Буларни эшитиб, ниҳоятда толиқиб, ғам-ғуссага чўмдим. Гўё йиллар давомида ғам-алам оламига саёҳат қилаётгандек эдим. Эшкакчининг қўшиғида қалб азоби ва ғам-андуҳнинг совуқ ва сокин дарёси мадҳ этиларди. Буларнинг бари менинг юрагимга сингиб борарди.

– Ҳаёт мен тасаввур қилганчалик гўзал ва ажойиботларга бой эмас, ўлимдек машъум экан. Сендан ўтинаман, қайғулар қироли, менга ўлим ҳақида қўшиқ айтиб бер! – деб илтижо қилдим бардошим тугаб.

Эшкакчи энди ўлим ҳақида куйлай бошлади. Буниси олдингиларидан-да мукаммалроқ қўшиқ эди. Лекин ўлим ҳам унинг учун энг қудратли, энг етук ва таскин берувчи нарса эмас эди. Унинг хонишида ўлим – ҳаёт, ҳаёт эса – ўлим эди. Улар ўртасида абадий, даҳшатли, жазавали муҳаббат кураши борарди. Шу курашнинг ўзи ҳаёт мазмуни эди. Бу тўқнашувдан бир тутам нур таралар, айни дамда бахт ва гўзалликка рахна солиш мақсадида соя ҳам ўрларди. Эшкакчининг қўшиғини тингларканман, дамим ичимга тушиб, иродам синиб бўлганди. Унинг мунгли нигоҳида аллақандай рутубатли сокинликни илғаш мумкин эди. Мовий кўзлари ғам-андуҳга тўла ва шу билан бирга, борлиқнинг жамики жозибаси намоён эди уларда. У менга жилмаярди. Мен бутун куч-қувватимни, иродамни жамлаб ундан ўтиниб сўрадим:

– Мени ортга қайтар, бу зулматдан даҳшатга тушяпман. Бригитта ёки отамнинг олдига қайтишни хоҳлайман.

Эшкакчи ўрнидан туриб, зим-зиё тунга боқди. У ёққан чироқ озғин ва ажин босган юзини ёритди.

– Ортга йўл йўқ! – деди у жиддий ва дўстона оҳангда. – Дунёни ўрганиш учун доимо олдинга қараб юришинг керак. Мовий кўзли қиз билан танишганинг, уни севганинг яхшидир, лекин йўлингни давом эттирсанг, дунёнинг бундан-да ажойиб, бундан-да ғаройиб мўъжизаларини кўрасан. Мен сенга ўз ўрнимни қолдирмоқчиман, лекин сен доимо ўзинг хоҳлаган йўлдан бор!

Гаплари мени тушкунликка солса-да, у ҳақ эди. Мен ўз Ватанимга қайтишни хоҳлаганимда фақат Бригиттани, уйимни, бошимдан ўтказганларимни, йўқотганларимни ўйлардим. Лекин энди эшкакчи ўрнини эгаллашим керак эди. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак!

Индамай ўрнимдан туриб, эшкакчи ўтирган жойга бордим. У ҳам жимгина мен томон яқинлашди ва рўпара келганимизда кўзларимга қаттиқ тикилиб, қўлидаги чироқни менга берди.

Мен эшкакчининг ўрнига ўтдим. Олдимда чироқ милтиллаб ёниб турар, шу зайлда сузишда давом этардим. Фақат қаттиқ бир силкинишдан кейин ўзимга келдим. Қайиқда якка-ёлғиз ўтирардим. Эшкакчи аллақачон кетганди. Отам, Бригитта, туғилиб-ўсган юртим, қайиққа тушган кунларим хаёлимда гўё бир лаҳзалик тушдек чарх урарди. Худди доим шу тунги дарёда сузавериб қаригандек, ғам-андуҳга ботгандек эдим.

Эшкакчини чақириш мумкин эмаслигини тушунгандим. Шу ҳақиқатни англаш ҳисси худди совуқ шамолдек этимни жунжиктирарди.

Кўнглим сезиб турган нарсага ишонч ҳосил қилиш учун сувга энкайдим ва қўлимдаги чироқни ёқдим. Сувнинг аксида эса ориқ юзли, жиддий, кулранг кўзли билимдон қария менга тикилиб турарди. Бу – мен эдим.

Энди ортга йўл йўқ эди. Мен зулмат ичра сузишда давом этдим.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации