Электронная библиотека » Наргиз Асадова » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Афсун"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:20


Автор книги: Наргиз Асадова


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 14 страниц) [доступный отрывок для чтения: 5 страниц]

Шрифт:
- 100% +

ТОМАС МАНН
(1875–1955)
ГЕРМАНИЯ

Германиялик ёзувчи, романнавист Пауль Томас Манн 1875 йили Любекда туғилган. Гимназияда ўқиб юрган кезлариёқ Томас «Баҳорги момақалдироқ» деб номланган адабий-фалсафий журналга асос солган. Унинг биринчи ҳикоялар тўплами 1898 йили «Кичкина хўжайин Фридеманн» номи билан чоп этилган. Унинг «Тонио Крегер», «Тристан», «Қирол ҳазратлари», «Венецияда ўлим», «Сеҳрли тоғ», «Марио ва сеҳргар», «Доктор Фаустус», «Маҳбуб», «Қора оққуш», «Авантюрист Феликс Крулнинг эътирофи» каби кўплаб роман ва қиссалари адабиёт муҳибларининг меҳрини қозонган. 1929 йили Томас Манн Нобель мукофотини қўлга киритади. Ёзувчи 1955 йилда вафот этган.

Немис тилидан Мирзаали АКБАРОВ таржимаси
КЎНГИЛ ҚОЛСА, ЁМОН БЎЛАРКАН

Гапнинг рости, манови жанобнинг ғалати гапларидан бутунлай довдираб қолгандим ва ҳозир ҳам уларни худди ўшандек тарзда такрорлаб беролмасам керак, деб қўрқаман, негаки ўша оқшом бошқалар ҳам ундан худди менга ўхшаб ғоят мутаассир бўлган эдилар. Бунга балки мутлақо нотаниш одамнинг ғаройиб, ҳайрон қолдирадиган даражадаги самимияти сабаб бўлгандир, эҳтимол…

Ўша нотаниш кимсани биринчи марта бундан икки ойча муқаддам Сан Марко майдонида учратгандим. Кенг майдон бўйлаб айланиб юрган одамлар камчил, мовий осмон сари бўй чўзиб турган, заррин нақшлар билан безатилган ҳашаматли, ажойиб бино олдидаги байроқлар денгиз тарафдан эсаётган енгил шабадада ажиб ҳилпирарди; бош дарвоза яқинида бир қизалоқ ҳар томондан ёпирилиб келаётган каптарларнинг улкан галасига маккажўхори дони сепмоқда эди. Беқиёс, гўзал манзара…

Шунда мен уни учратиб қолдим. Ҳозир ушбу сатрларни ёзаётганда ҳам уни кўз ўнгимда аниқ-тиниқ тасаввур қилмоқдаман. Ўрта бўйли бу одам тез юрар, юрганда ҳам ҳассасини икки қўли билан орқада тутганича букчайиб қадам ташларди. Бошида қора тусдаги хунук шляпа, эгнида эса очранг ёзги пальто, қорамтир йўл-йўл шим кийволган. Негадир мен уни инглиз бўлса керак, деб ўйловдим. Ёши ўттизларда, балки элликка ҳам боргандир. Юзи силлиқ тарашланган, бурни бироз катта, кулранг кўзлари ҳорғин боқар, лабларида ҳамиша қандайдир англаб бўлмайдиган, ғалати табассум ўйнарди. Аҳён-аҳёнда қошларини бир чимирволиб, ён-верига синовчан назар ташлайди, сўнг яна ерга қараб, ўзига ўзи бир нималар деб гапирган кўйи бошини сарак-сарак қилганича кулимсираб қўярди. Шу алфозда у майдон бўйлаб уззукун у ёқдан бу ёққа бориб келарди.

Ўша кундан бошлаб уни энди ҳар куни кузата бошладим, чунки унинг хоҳ ҳаво очиқ бўлсин, хоҳ булут бўлсин, тушдан олдинми ё кейинми, барибир кун бўйи кенг майдон бўйлаб ўттиз ё эллик маротаба у ёқдан бу ёққа ёлғиз ўзи худди ўшандек ғалати хатти-ҳаракатлар билан одимлаб бориб келишдан бошқа ҳеч қандай юмуши йўқ ҳисоби эди. Юқорида айтганимдек, ўша оқшом аллақандай ҳарбий хор концерт бераётган эди. Камина «Флориан» қаҳвахонасининг кенг майдон узра ўрнатилган мўъжазгина столларидан бирининг ёнида ўтирардим. Концерт тугаб, томошабинлар оқими тарқала бошлагач, нотаниш киши ҳар доимгидек паришонхотир кулимсираганича ёнимдаги бўш ўринлардан бирига келиб ўтирди. Вақт ўтган сайин теварак-атрофдаги ғала-ғовур ҳам тиниб, ҳадемай барча столлар бўшаб қолди. У ер-бу ерда онда-сонда одамлар кўриниб қолар, энди майдон бўйлаб улуғвор осойишталик ҳукм сурар, осмон тўла юлдузлар чарақлар, гўзал Сан Марко узра яримта ой балқиб турарди. Мен нотаниш қўшнимга орқа ўгирганимча газета ўқирдим, ниҳоят, унга томон ўгирилишга мажбур бўлдим, чунки шу пайтгача ундан на бирон сас эшитилган, на бирор ҳаракат сезилган, энди эса у тўсатдан гапира бошлаган эди.

– Венецияга биринчи марта келишингизми дейман, мсье? – сўради у, французчани бироз бузиб гапираркан; мен унга инглиз тилида жавоб қайтармоқчи эдим, у кутилмаганда соф олмон тилида аста, хириллаган бўғиқ овоз билан, товушини тиниқлаштириш учунми, тез-тез томоқ қириб йўталган кўйи сўзида давом этди: – Буларнинг ҳаммасини илк бор кўриб тургандирсиз, ҳойнаҳой? Барчаси сиз кутганингиздек эканми, ишқилиб? Балким ундан ҳам зиёдароқдир, эҳтимол? Эҳ!.. Бу қадар гўзал деб ўйламаган бўлсангиз керак-а? Тўғрими? Сизни бахтиёр ҳисоблаб, ҳавас қилишлари учунгина шундай деётган бўлмасангиз керак? Эҳ!..

У ўриндиққа бемалол суяниб олди-да, кўзларини тез-тез пирпиратиб, менга диққат билан тикилди. Унинг ҳозирги юз ифодасида аллақандай мубҳамлик зуҳур эди. Орага узоқ сукунат чўкди, ушбу ғалати суҳбатни қандай давом эттиришни ҳам билолмай, ўрнимдан турмоқчи бўлгандим, у шошиб мен томон энгашиб, сўз қотди:

– Кўнгил қолиши нима эканлигини биласизми, афандим? – қатъий оҳангда, секин сўради у ва ҳассасига қўллари билан таяниб олди. – Чакана муваффақиятсизлик, омадсизлик эмас, балки чинакам, кенг маънодаги кўнгил қолиши, барча нарсалардан, бутун ҳаётдан кўнгил совишини айтяпман. Албатта, буни сиз билмасангиз керак. Аммо шу туйғу каминани ёшлигимдан бери мудом таъқиб этиб келади, у мени ниҳоят, ёлғиз, сўққабош, бебахт ва бироз ғалати ҳам қилиб қўйган, буни инкор этолмайман. Сиз мени тушуна олармидингиз, афандим? Лекин сиздан илтимос қилгудек бўлсам, мен учун икки дақиқа вақт ажратиб, гапларимни тинглай оларсиз, деб ўйлайман. Чунки гап очилдими, энди уни айтмасам бўлмас… Аввало шуни айтишим керакки, камина кичкинагина бир шаҳарчада, пастор оиласида туғилиб, ўсганман. Унинг файзга тўла ҳужраларида эскича урфдаги, уламоларгагина хос жўшқин, таъсирли некбинлик ҳамда яхши ва ёмон, савоб ва гуноҳ ҳақидаги дабдабали панд-насиҳатлардан иборат ўзига хос, ғайриоддий муҳит ҳукм сурарди. Камина бундайин баландпарвоз гапларни тинглашга сира-сира тоқат қилолмасдим, чунки назаримда, азоб-уқубатларимга айнан улар айбдордек туйилаверарди. Ҳаёт мен учун шунчаки қуруқ сафсатадангина иборат эди, холос, негаки насиҳатлар каминада фавқулодда ва аҳамиятсиз тасаввур ва тушунчалар уйғотар, мен эса улардан ҳеч нимани англай олмас эдим.

Шу тариқа мен одамлардан илоҳий эзгулик ёки ақл бовар қилмас разолат, ҳаётдан эса мафтункор гўзаллик ё қабоҳат кутиб яшардим. Каминани уларнинг барчасига – бепоён борлиққа, қандай бўлишидан қатъи назар, бўлғуси саргузашт воқеаларга, фавқулодда бахт-омад ҳамда сўз билан таърифлаб бўлмайдиган, кутилмаган даҳшатли изтиробларга бўлган теран, ваҳимали ҳирс ва ҳавас чулғаб олган эди.

Ҳаётимдаги илк кўнгил қолиши нечоғли қайғули бўлганлиги ҳамон эсимда, афандим. Эътибор берсангиз, у бирон-бир гўзал орзу-умиднинг саробга айланиши билан эмас, балки ҳаётимга илк мусибатнинг кириб келиши билан боғлиқ бўлган эди. Ўшанда ёшгина бола эдим. Бир куни кечаси қандайдир шовқиндан уйғониб кетдим; уйимизга ўт тушган эди. Оловнинг сирли, маккор тиллари чор-атрофни чулғаб олиб, то хонам эшигигача етиб бораёзган, бутун қават ва зина ҳам аланга ичида қолганди. Буни пайқаганим ҳамоноқ пастга югурдим ва жон ҳолатда «Ёняпти! Ёняпти!» деб қичқира бошладим. Бу сўзлар ҳамон қулоқларим остида фавқулодда тиниқ жаранглайди. Ўшанда гарчи эс-ҳушим, онгим ҳали етилмаган бўлса-да, ҳар ҳолда ниманидир ҳис этганим мудом эсимда. Англашимча, бу ёнғин эди; мана ҳозир ҳам уни аниқ-тиниқ кўз олдимга келтиряпман! Охири нима бўлди дейсизми? Э, ҳали бу ҳаммаси эмас…

Ёлғиз Худога аён, бу ҳазилакам фалокат эмасди. Бутун бошли уй батамом ёниб кул бўлган, оиламиз фавқулодда хавф-хатардан бир амаллаб жон сақлаб қолган, ўзим эса кўп жойим куйиб, жиддий жароҳат олгандим. Шу ўринда, ўшандаги болаларча тасаввурим билан бўлажак воқеа-ҳодисалардан ўзиб кетиб, туғилиб ўсган уйимнинг ёнғинда куйиб, кул бўлишини илгаридан сезган эдим, десам нотўғри бўлар эди. Аммо шунга аминманки, ботинимда аллақандай ноаниқ шуур, ғира-шира тасаввур яшаган ва аллақандай даҳшатли бир ҳодисани олдиндан англаб, пайқашимга туртки берган эдики, бунга қиёсан бутун борлиқ менга ожиз кўриниб кетганди. Ёнғин умримдаги биринчи мудҳиш воқеа бўлган, оқибатда ҳаётимдаги ҳайратланарли ва ажойиб орзу-умидлардан ҳам кўнглим қолган эди.

Қўрқманг, сизга барча умидсизликларимни бирма-бир батафсил ҳикоя қилмоқчи эмасман. Мен фақат бир нарсани айтмоқчиман, яъни ҳаётимдаги улкан орзу-умидларимни ўзимнинг бебахт иштиёқ-интилишларим билан, қолаверса, минглаб китоблардаги шоирларнинг асарларидаги қуруқ сафсаталар билан бир умрга аллалаб келган эканман. Эҳ, шу десангиз, мен уларни, ана ўша шоирман деганларни ёмон кўриб қолдим денг. Уларга қолса, ўзларининг баландпарвоз сўзлари билан тўрт томонга жар солишса, иложи бўлса, ана ўша сўзларини Везувий узра қад кўтарган кедр дарахти билан ёнма-ён ва ҳатто само гумбазига ҳам муҳрлаб қўйишса, ҳар қандай дабдабали сўзнинг, аслида, ёлғон-яшиқ ёхуд киноя-пичингдан иборат эканлигини ҳис этмаслигим мумкинми, ахир?

Эҳ, кўнгли завқ-шавққа тўла ўша шоирларнинг нағмасини қаранг. Нима эмиш, гўё тилимиз камбағал эмиш, э, йўқ, уларнинг ўзлари камбағал, афандим! Фикри ожизимча, ҳаётдаги муҳтожлик ва етишмовчиликлар билан солиштирганда, аслида, тилимиз бой, ниҳоятда бой. Азоб-изтиробларга келсак, уларнинг ҳам ўз сарҳадлари бор: ожизликнинг жисмоний, калтафаҳмликнинг эса руҳий сарҳади мавжуд – бахт ва омад бобида ҳам худди шундай! Инсоннинг ўз фикрини баён қилиш эҳтиёжи сабаб товушлар дунёга келган ва улар воситасида ана ўша сарҳадлар оша ёлғонлар тўқилиб келинган. Нима, бунга мен айбдорми? Ёки бўлмаса, аслида йўқ ҳодисалар ҳақида тасаввур уйғотаётган маълум сўзлар таъсирида фақат менинг эсим оғиб қолаётганмикан?..

Мен ана шундай иштиёқ-ла ўзимнинг улкан тасаввур-тушунчаларимга мос саргузаштларга тўлибтошган катта ҳаётга қадам қўйдим. Худо шоҳид, афсуски, ўзим кутган таассуротлардан баҳра олиш менга насиб этмаган экан! Камина дунёнинг кўкларга кўтариб мақталган жойларини ҳам бориб кўрдим, инсоният энг дабдабали сўзлар билан айланиб-ўргиладиган санъат асарларидан баҳраманд бўлиш учун узоқ вақт дарбадар кездим; ниҳоят, улар билан юзма-юз турарканман, ўзимга ўзим шундай дедим: нақадар гўзал. Бироқ бундан-да гўзалроқ нарсалар йўқмикан? Бори шумикан? Камина «воқелик», «ҳақиқат» деган сўзларни тушунолмайман; бу билан ҳамма гапни айтиб бўлдим, чоғи. Қачонлардир, аниқ вақти эсимда йўқ, дунёнинг қай бир гўшасида, тоғ устида, торгина чуқур дара тепасида турардим. Қоя деворлари тик ва яланғоч эди, ҳув пастда эса тошдан тошга урилиб, пишқириб оқаётган сувнинг шовуллаши эшитиларди. Пастга қараб туриб, ўзимча ўйладим: ҳозир қулаб тушсам, нима бўлади? Ўзимга жавобим ҳам тайёр эди: мабодо шу ҳодиса рўй бергудек бўлса, йиқилаётиб ўз-ўзимга шундай деган бўлардим: «Ниҳоят, пастга қулаяпсан, билсанг, мана шу ҳақиқат!» Хўш, ҳақиқат дегани нима ўзи?..

Кўрган-кечирганларим бироз ҳангома қилишга етади, десам ишонасизми? Бундан кўп йиллар муқаддам бир қизни севардим, у шундай бир гўзал хилқат эдики, уни жон деб ўз ҳимоямга олган бўлардим; бироқ қиз мени севмасди, бунинг эса ҳеч бир ажабланарли жойи йўқ, мен бўлмасам, бошқаси… Бироқ мен учун бундан баттар кўргилик бўлиши мумкинмиди? Лаззат ўрнига аччиқ мусибат келтирган ушбу воқеадан ҳам кўра оғирроқ азоб бормиди менга?.. Шундан сўнг қанчадан-қанча тунларни мижжа қоқмай, бедор ўтказдим, алалхусус, бир ўй мудом миямда чарх урарди: зўр мусибат дегани мана шу! Ниҳоят, уни бошдан кечиряпман! Хўш, мусибат дегани нима ўзи?..

Энди сизга ҳаётимдаги бахту омад ҳақида ҳам гапириб беришим шартмикан? Инчунин, бошимга бахт қуши қўнган пайтлар ҳам бўлган, лекин денг, бахт-иқболдан ҳам кўнглим қолган… Ҳожати йўқ; чунки мен сизга айтмоқчи бўлганим мисоллар кўнглимни қолдирган, ҳафсаламни пир қилган, умидсизликка чулғанган ўша ҳаётнинг ўртамиёна, зерикарли ва бемаъни кечганини сизга барибир тушунтириб беролмайман.

«Ярим маъбуд дея мақталган Инсон – ким ўзи у?» деб ёзган эди ёш Вертер бир замонлар. Нима, ўзига ниҳоятда зарур кучлардан ҳам маҳрумми у? Модомики, қувончдан энтиккан ё изтиробга чўмган экан, уни буларнинг ҳеч бири тўхтатиб қололмайди, бепоён чексизлик қаърида йўқ бўлишга талпингани учун ҳам унинг хира, туссиз онги қайталайверади.

Денгизни илк бор кўрган кунимни тез-тез эслайман. Денгиз улкан, бепоён. Уни соҳилдан туриб кузатарканман, ўзимни озод, эркин ҳис этардим, чунки унинг адоғида уфқ ястаниб ётарди. Нега энди айнан уфқ? Ахир, мен ҳаётдан чексизлик кутган эдим-ку… Балки, менинг назаримдаги уфқ бошқа бировларникига қараганда торроқдир? Камина воқелик, ҳақиқат деган нарсаларни тушуна олмаслигимни айтиб ўтган эдим. Балки ақлим ошиб-тошиб кетаётгани учун шундай бўлаётгандир? Ёки буларни тушуниб улгурмаётганмиканман? Эҳтимол, хулоса қилишга шошаётгандирман, ким билади? Ё бахт-иқбол ва дарду изтиробларнинг фақат энг қуйи даражаларинигина, энг нозик ҳолатларинигина англармиканман?

Йўқ, бундай деб ўйламайман; одамларга ҳам ишонолмайман, ҳаёт билан юзма-юз туриб, шоирларнинг баландпарвоз сўзларига қўшиладиган камчил кишиларгагина ишонаман, холос. Ахир, бу қўрқоқлик ва алдовнинг ўзгинаси-ку! Ҳа, айтгандай, эътибор берганмисиз, афандим, яна шундай бир тоифа одамлар ҳам борки, улар шунақанги мақтанчоқ ва бошқаларнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромига, зимдан ҳавас қилишларига шу қадар ўч бўлишадики, ўзларини энг зўр бахт-омадга эришган қилиб кўрсатадилар-у, бироқ кўрган-кечирган азоб-уқубатлари ҳақида лом-мим демайдилар…

Қоронғи ҳам тушиб қолди, энди гапларимни унчалик эшитгингиз ҳам келмаётгандир; шунинг учун сўзни мухтасар қилиб, бир нарсага иқрор бўлмоқчиман, яъни мен ўзим ҳам бир пайтлар ўзимни ўзимга ва бошқаларга бахтиёр қилиб кўрсатмоқ учун… ана шунақанги одамларга қўшилиб… ёлғон сўзлашга уринганим рост… Бироқ анча йил бўлди, шуҳратпарастлигим барҳам топиб, ундан қутулганман, ана шундан берисига камина ёлғиз, бебахт ва бироз ғалати ҳам бўлиб қолганман, буни инкор этмайман. Энди эса… тунлари юлдуз тўла осмонни кузатиб, хаёл суриш севимли машғулотимга айланган; чунки бу дунёга, бу ҳаётга қўл силтаб, ундан воз кечиб қўяқолишнинг энг яхши йўли ҳам шу эмасми, ахир?

Шу билан бирга, ўзимнинг улуғвор тасаввур-тушунчаларимни зиғирча бўлса-да, ҳамон асраб қолиш ҳақида, уларгагина хос бўлган ҳақиқатни умидсизликнинг ҳеч бир азоб-уқубатисиз намоён қила оладиган озод, эркин ҳаёт ҳақида, ҳеч қандай уфққа эга бўлмаган умр ҳақида орзу қилаётганимни кечиримли ҳол деб ўйлайман, шундай эмасми?.. Камина мудом шу ҳақда орзу қилиб, ўлимни кутиб яшамоқдаман.

Эҳ, мен уни, ўлимни, ана шу охирги кўнгил қолишини ҳам ҳозирданоқ шундай бир аниқ тасаввур қиламанки!.. Ахир, шуми ўлим дегани ҳали? Сўнгги дамда ўз-ўзимга шундай дейишим турган гап: мана, ниҳоят, унга ҳам етиб келдим! Хўш, ўлим дегани нима, ўзи?..

Майдонга ҳам кечки аёз тушиб қолди, афандим; буни сезиб турибман, ҳе-ҳе! Энди сиз билан хайрлашсам девдим. Adieu66
  Adieu – Хайр (франц.)


[Закрыть]
, афандим…

ИВАН БУНИН
(1870 – 1953)
РОССИЯ

Атоқли рус ёзувчиси, шоири ва академиги Иван Бунин 1870 йилнинг 22 октябрида Россиянинг Воронеж шаҳрида дворян оиласида туғилган. Илк шеърий китоби «Шеърлар», «Митиннинг муҳаббати», «Қуёш зарби», «Корнет Елагин иши», «Арсеньев ҳаёти» асарлари ва «Қоронғи хиёбонлар» ҳикоялар туркуми машҳур. Адабиётшунослар Иван Бунинни рус мумтоз адабиётининг сўнгги вакили сифатида баҳолайдилар. Ёзувчи рус адиблари ичида биринчи бўлиб 1933 йили Нобель мукофотига сазовор бўлган. Адиб 1953 йил 8 ноябрда Парижда вафот этган.

Рус тилидан Рустам ЖАББОРОВ таржимаси
«МАДРИД»

Кечқурун у ой нурида Тверь булвари77
  Тверь бульвари – Москванинг Марказий маъмурий округида жойлашган энг қадимий хиёбони.


[Закрыть]
бўйлаб бораркан, унга қараб келаётган қизни кўрди. Қиз сайрга чиққандек бемалол қадам босар, енгилроқ кийинган, қўлларини кичикрок муфта ичида беркитиб олган, думалоқ қоракўл телпагини бир томонга қийшайтириб кийганча ниманидир хиргойи қилиб келарди. Яқинлашиб, тўхтаб қолди:

– Сиз менга вақт ажратишни хоҳлайсизми?

У қизнинг кичкина бурнига, кенг ёноқларига, тунда порлаб турган кўзларига, ёқимли табассумига назар солди.

– Нега «йўқ» дейишим керак? Жоним билан.

– Қанча берасиз?

– Кўнгилхушлик учун бир рубль, тўғноғичинг учун яна бир рубль.

У ўйлаб қолди.

– Сиз узоқда турасизми? Узоқ бўлмаса, бораман. Сиздан кейин ҳам ишлашим керак.

– Уйим икки қадам. Мана, Бульвардаги «Мадрид» меҳмонхонасида.

– Ҳа, биламан! Мен у ерда беш марта бўлганман. Бир қиморбоз мени ўша ерга олиб борган. Яҳудий, аммо жуда меҳрибон эди.

– Мен ҳам меҳрибонман.

– Мен ҳам шундай деб ўйлагандим. Сиз ёқимтой экансиз, менга дарҳол ёқдингиз…

– Унда кетдик.

Йўлда ҳамма қизга суқланиб қарарди. «Ниҳоятда ширин қиз!» ўйлади у қизга яширинча тикилиб.

– Бир ўзинг яшайсанми? – сўради ерга қараб бораркан.

– Мен ёлғиз эмасман, биз ҳар доим учаламиз – мен, Мур ва Анеля бирга юрардик. Бирга турамиз. Фақат бугун шанба, уларни приказчиклар олиб кетишди. Мени хоҳлашмади. Уларга тўлароқ қизлар ёқади. Худди Анеля сингари. У ҳам озғин, лекин баланд бўйли, қўпол қиз. Ичади, лўлиларга ўхшаб эҳтиросли қўшиқ айтади. У билан Мур эркаклардан нафратланишади, улар бир-бирларини севиб қолишларидан қўрқишади, улар эр ва хотиндек яшайдилар…

– Демак, Мур… Ҳа, отинг нима эди? Фақат ёлғон гапирма, ичингдан тўқима!

– Мен Нинаман.

– Яна алдадинг!

– Хўп, фақат сизга айтаман: Поля.

– Бунақа сайрга биринчи чиқишинг бўлса керак?

– Йўқ, анчадан бери, баҳордан бери. Нима учун ҳамма нарсани сўрайверасиз? Яхшиси, менга сигарет беринг. Сизда яхши нарсалар кўп бўлиши керак, қаранг, қандай ажойиб плаш ва шапка кияркансиз!

– Бераман, уйга борайлик. Совуқда чекиш зарарли.

– Майли, лекин биз совуқда ҳам чекаверамиз. Анеляга зарарли, деса бўлади. У силга чалинган. Нега соқолингиз олинган? Анавиям қиртишлаб юрарди.

– Ўша қиморбозни айтяпсанми? Фақат ўшани эслаб қолибсан-да?

– Ҳа, кўп эслайман. Уям силга чалинган эди. Ўлардек чекарди. Кўзлари ёниб турарди, юзлари, кўкраклари осилиб тушганди.

– Бармоқлари тукли, қўрқинчлимиди?

– Вой, сизам уни биласизми?

– Э, мен қаердан биламан?

– Кейин у Киевга кетди. Мен уни Брянск вокзалигача кузатиб чиқдим. Тўғри, унга боришимни айтмагандим. Борганимда поезд қўзғалган экан. Вагонлар орқасидан югурдим. У мени вагон ойнасидан кўриб қўлини силкиб қолди. Албатта, қайтиб келишини, Киев мураббосидан олиб келишини айтди.

– Лекин қайтиб келмади.

– Уни қўлга олишган бўлса керак.

– Унинг қиморбозлигини сен қаердан билдинг?

– Ўзи айтди. Портвейн ичволиб, «э мен бир қиморбоз бўлсам, ўғридай гап, нима ҳам қилардим. Бўрини оёғи боқади-да!» деганди. Нима, сиз актёрмисиз?

– Шунақароқ, мана келдик.

Кириш эшиги олдида будкача тепасида кичкина чироқ ёниб турди. Девордаги тахтада хоналарнинг калитлари илинганди. У ўз калитини олганида қиз шивирлади:

– Нега калитни ташлаб кетасиз? Ўғирлаб кетишмайдими?

У овозига қувноқ тус беришга уринди:

– Ўғирлашса, нақ Сибирга равона бўлишади. Асалим, мунча чиройлисан?

Қизнинг юзи қизаринди:

– Устимдан кулманг, юринг, Худо ҳаққи, бунақа кеч юрганимни билиб қолишса, жазолашади-ку?

– Қўрқма, сени каравот тагига яшириб қўяман. Нечига кирдинг? Ўн саккизгами?

– Қойил! Ҳамма нарсани биласиз-а? Ҳа, ўн саккиздаман!

Айланма зинадан гилам пойандоз бўйлаб юқорига чиқишди. Кейин тор, ғира-шира ёритилган коридорга қайрилишди. У эшикка калит солиб бораркан, қиз оёқ учида эшик рақамига кўз ташлади.

– Бешинчими! У ўн бешинчи хонада турарди. Учинчи қаватда…

– Агар яна бир марта ўша ҳақида гапирсанг, ўлдираман.

Қизнинг лаблари табассумга монанд чўччайди. Кейин ёп-ёруғ хонанинг йўлагига кирди. Кейин қоракўл ёқали пальтосини ечди.

– Чироқни ўчирмайсизми?

– Ҳечқиси йўқ. Рўмолчанг қани?

– Нимага эди?

– Қизариб кетибсан. Бурнинг музлаб қолибди.

Қиз дарҳол муфтасидан рўмолча чиқариб бурнини артди. У эса қизнинг ёноғидан аста ўпиб, елкаларини силади. Қиз телпагини ечди. Кейин сочини бир силтаб орқага олди-да, ботинкасини ечишга тутинди. Пойабзал ҳадеганда ечилмасди. Куч билан оёғидан суғуриб олганида ўзи ҳам қалқиб йиқилаёзди.

Унинг елкасидан маҳкам ушлаб олди ва кулиб юборди:

– Учиб кетишимга салгина қолди.

У қизнинг қора кўйлаги устидаги пальтосини қозиққа осиб, ўзини ичкарига бошлади ва диванга тортди:

– Ўтир, оёғингни бер.

– Йўғ-е, ўзим…

– Ўтир, дедим.

– Вой, секинроқ, чулким оёғимга маҳкам ёпишиб турибди.

– Жим тур!

У қизнинг очиқ тиззаларидан эҳтирос билан ўпди ва юзлари қизариб қаддини ростлади.

– Тезроқ бўл, чидолмайман…

– Нимага… чидолмайсиз? – сўради қиз ундан ҳали маъсумлик тарк этмаган кўзларини узмай.

– Жинни, ортиқ кутишга тоқатим йўқ деяпман. Тушундингми?

– Ечинайми?

– Йўқ, кийин!

У қайрилиб, дераза олдига келди ва ошиғич сигарет тутатди. Икки қават дераза ортида пастда фонарлар ғира-шира нур таратарди. Бир дақиқа ўтиб, қиз уни чақирди.

– Мен ётаверайми?

У чироқни ўчирди. Дарҳол ечиниб қизнинг ёнига, адёл орасига кирди. Қиз титраганча унинг пинжига кирди. Бахтиёр товушда кулиб юборди:

– Фақат илтимос, томоғимдан ўпмааанг! Соқолингиз суқилса, қитиғим келади. Кейин бутун уйни бошимга кўтариб кулвораман!

…Бир соат ўтиб, у қаттиқ ухлаб қолди. Қизнинг ёнида ётаркан, у кўчанинг олачалпоқ ёруғига қоришган қоронғиликка хаёлчан тикилди. Бу қанақаси бўлди? У эрталаб қаерга бораркин? Қаёққа? Қайсидир фоҳишалар билан кирхонанинг тепасидаги уйда тураркан. Улар билан бирга ҳар оқшом арзимас бир икки рубль учун «ов»га чиқади. Ҳали бола-ку, фикрлари ҳам беғубор! Тентак! Эртага у кетадиган бўлса мен ҳам «уйни бошимга кўтарсам-а»?

– Поля, – шивирлади у қизнинг қайноқ елкаларини сийпалаб.

Қиз қўрқиб кўзларини очди.

– Оҳ, тақсирим! Кечиринг, ухлаб қолибман. Мен ҳозир, ҳозир…

– Нима ҳозир?

– Ҳозир кийинаман-у, кетаман!

– Йўқ, ундан кўра тур, овқатланамиз. Эрталабгача сени қўйиб юбормайман.

– Ростданми? Полиция келса-чи?

– Ишинг бўлмасин. Менда анави қиморбозингнинг портвейнидан кўра яхшироқ мадера бор.

– Э, нега ўшани гапираверасиз?

У бирданига чироқни ёқди. Қиз уялиб юзини ёстиққа буркаб олди. У қизнинг устидаги адёлни итқитиб юборди ва унинг иягидан ўпа бошлади.

Қиз эса қиқирлаб, оёқларни типирчилатди.

– Э, қитиқламанг!

У рафчадан қоғоз халтачада олма ва Қрим мадерасини олиб келди. Қўлювгичнинг остида турган иккита стаканни стол устига келтириб қўйди. Кейин қизга юзланди:

– Мана буни ол, ичмасанг, ўлдираман.

Қиз қарсиллатиб олмани тишлади. Ортидан мадерани ҳўплаб, гапга тушди:

– Сиз нима деб ўйлайсиз? Балки ростдан ҳам кимдир мени ўлдирар? Ишимиз шунақа. Ким билан қаерга боришингни аввалдан билмайсан. У, эҳтимол, мастдир, ўғридир, телбадир. Эҳтимол, бўғиб ўлдирар, балки сўйиб ташлар. Хонанингиз мунча иссиқ. Яланғоч ўтирса ҳам одам совқотмас экан. Бунинг оти мадерами? Зўр экан. Портвейн ёмон, ундан пўкакнинг таъми келади.

– Ҳар доим ҳаммас.

– Йўўқ, бир шишасини икки рублга оласан, лекин ҳеч қанақа кайф бермайди.

– Кел, яна қўйиб бераман. Уриштирамиз, ичамиз ва ўпишамиз. Охиригача, о-хи-ри-га-ча!

Қиз стаканни бўшатиб, сархушлик билан ҳансираб, йўталиб, кула-кула, унинг кўкрагига бошини қўйди. У қизнинг бошини кўтариб, унинг нам, қимтилган лабларидан ўпди.

– Мени ҳам кузатгани вокзалга чиқасанми?

Қизнинг ҳайратдан оғзи очилди:

– Сиз ҳам кетасизми? Қачон? Қаерга?

– Петербургга. Лекин ҳалимас.

– Худога шукр-е, энди мен фақат сизникига келаман. Истайсизми?

– Истайман. Фақат меникига!

– Ҳар қанча кўп пул беришса ҳам бормайман.

– Тўғри қиласан. Энди ухла!

– Мен ҳозир, бир дақиқага…

– Ана, тумбочкада…

– Мен ҳалиги, афтимдан уяляпман, оловни бир пастга ўчириб турасизми?

– Ҳа, бўлди, энди ётамиз. Соат уч бўлди.

Қиз тўшак ичида яна унга маҳкам ёпишиб олди. У эса оҳиста гап бошлади:

– Эрталаб мен билан бирга нонушта қиласанми?

Қиз илкис бошини кўтарди:

– Айтганча, мен бир марта «Терема»га боргандим. Ғалаба дарвозаси томонда. Нархи жуда ҳам арзон. Шунақа кўп овқат беришадики, еб тугатолмайсан.

– Қаерга боришимизни ҳозирча билмадим. Кейин сен уйингга қайтасан, яна анави фоҳиша дугоналаринг сени ўлдириб кетишди, деб ўйлаб юришмасин. Кундузи ишларим кўп. Кечқурун еттида яна шу ерга кел. Патрикеевда овқатланамиз. У ер сенга ёқиб қолади. Оркестр, балалайкачилар!

– Кейин «Эльдорадо»га кирамиз, тўғрими? У ерда ҳозир зўр кино кетяпти. «Ўлик қочоқ» деган.

– Хўп, борамиз, энди ухла!

– Ҳозир… йўқ, Мур фоҳиша эмас. У фақат жуда бахтсиз қиз. У бўлмаганида мен тамом бўлардим.

– Қанақасига?

– У отамнинг тоғаваччаси бўлади.

– Хўш?

– Отам Сурпухова хомашё станциясида ҳаммол бўлиб ишларди. Устига оғир юк тушиб, кўкраги мажақланиб кетган экан. Онам эса кичкиналигимда ўлиб кетган. Мен бир ўзим ёлғиз қолгач, Москвага шу қариндошимизникига келдим. У анчадан бери меҳмонхонада фаррош бўлиб ишламас экан. Унинг манзилини адреслар бюросидан олдим. Кейин мен бир сават майда-чуйда билан Смоленск бозори тарафга бордим. У анчадан бери Анеля билан тураркан, кечқурунлари бульварга чиқишаркан. Мен унинг уйида анча яшадим. Кейин у мени ҳам олиб чиқа бошлади.

– Усиз мен тамом бўлардим, деяпсан-ку?

– Бир ўзим Москвада нима қилардим? Тўғри, у менинг ҳаётимни барбод қилди, лекин шунақа бўлишини истамаганди. Э, шуни гапирмайлик. Худо хоҳласа, мен ҳам ўз йўлимни топиб кетарман. Балки меҳмонхонада фаррошлик қиларман? Лекин яхшироқ иш топсам, жонимни бериб ишлайман. Чойчақалар ҳам тушиб туради. Кейин бунақа ишларга умуман яқин бормайман. Мана шу ерда «Мадрид»да бўлса ҳам қолиб ишлардим. Зўр бўларди-да!

– Мен ҳам шуни ўйлаяпман! Балки сени бирор тузукроқ ишга жойлаб қўярман!

– Бутун умр дуо қилиб ўтардим.

– Нақадар шоирона сўзлар! Тахайюл! А?

– А, нима дедингиз?

– Йўқ, шунчаки алаҳсираяпман! Ухла!

– Хўп, ҳозир, битта нарсани ўйлаб олай…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации