Текст книги "Яшил кеча"
Автор книги: Рашод Нури Гунтекин
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
Рашод Нури Гунтекин
Яшил кеча: роман
БИРИНЧИ ҚИСМ
Март-сентябр, 1926
I
Маориф назорати қошидаги бошланғич маълумот бўйича биринчи бўлим мудири Басри бей кап-катта бир идоди11
Идоди – ўрта маълумот берувчи.
[Закрыть] мудирининг бу жаҳолатига ҳайрон қолди. Қора соқолининг сийрак қиллари орасидан лўппи ёноқларининг қизаргани кўриниб турарди. Бошини ва елкаларини кўтариб, иккала қўлининг бармоқларини пианино чалмоқчи бўлгандай ёзув столининг четига тираб, бақира-бақира сўзлашга тушди:
– Нима дедингиз, нима дедингиз? Тағин мен янглиш эшитган бўлмайин! Шундай ўқимишли одам бўла туриб, оддий масалада жуда катта хатоликка йўл қўяётганингизга, тўғриси, ҳайратдаман. Сизнинг таърифингиз ҳар тарафлама муҳтожи танқиддир. Авваламбор, шуни билиб қўйингки, скумбрия дўлмаси асло ва ҳеч қачон янги балиқдан тайёрланмайди. Қолаверса, скумбриянинг ичи пичоқ билан ўйилмайди… Бу нима, балиқ сизга қовоқмидики, ичини ўясиз?
Бу чиройли ўхшатиш унинг ўзига ҳам маъқул тушди чоғи, бутун вужуди бўшашиб, бошини орқага ташлади-да, қаҳ-қаҳ отиб узоқ кулди, сўнгра олдидаги уюлиб турган қоғозлар орасидан бир ясси чизғични чиқариб, сўзида давом этди:
– Қулоқ солинг, ҳозир каминангиз таърифлайди. Хотирингизда қолмаса, ён дафтарингизга ёзиб олинг. Мана шу чизғични скумбрия деб фараз қилинг. Балиқни мана шундай қилиб қўлингизга оласиз. Аввал бошини, сўнгра эса думини кесасиз… Шундан кейин, балиқни икки кафтингизнинг орасига оласиз-да, уни худди қуймоққа тайёрланаётган хамир каби секин-аста силаб-силаб, ишқалай бошлайсиз… Лекин қаттиқ сиқмайсиз, бўлмаса балиқнинг қорни ёрилиб кетади. Шу усул билан скумбрияни хийла юмшатганингиздан сўнг…
Басри бей гапиришдан таққа тўхтади. Ойнавандлик бир девор билан идорадан ажратилган ва ёзув столи, ҳужжатлар шкафи ҳамда келувчилар учун икки скамейкани зўрға сиғдирган кичкинагина хонасининг эшигига қараб қолди. Йўлак қоронғилигида бир жуфт ойнакнинг йилтираб кетганига кўзи тушган эди.
– У ерда ким бор? – дея бақирди.
Титроқ бир қўл эшикнинг четини икки дафъа тараддуд-ла тақиллатди ва ичкарига эски камзулли, сариқ чарм ботинкали, мовий атлас кўйлакли йигирма беш – ўттиз ёшлар чамасидаги заиф бир одам кирди. Билинар-билинмас чўтир юзли бу кимсанинг ингичка қора соқоли бор эди. Узоқ давом этган ширинча яраси бўйнини хиёл-хиёл ўнг тарафга буриб қўйган эди. У камзулининг ечилиб кетган тугмасини қадаб фесини тузатгандан кейин турган жойидан таманно этди; эшикнинг ёнига ўтди.
Бўлим мудири маориф билан жуда оз алоқаси бўлган бир масала устида баҳс этаётганда қўлга тушганидан асабийлашди. Ҳалигиндай қаттиқ овоз билан ундан сўради:
– Сен кимсан? Сенга нима керак?
Соқолли йигит яна бир карра таманно этгач, паст товушда:
– Каминаи қуллари Дорулмуаллиминни шу йил тамомлаганлардан, – деди. – Кеча чекилган қуръада толенинг бир ажойиб жилвасига йўлиқдим: ҳеч истамаган бир ерга тушдим. Лутф ва карамингизга илтижо билан келдим.
Басри бей бехос ақлдан озгандай, столга зарб билан мушт туширди-да, овозининг борича бақира бошлади:
– Оллоҳим, бу Дорулмуаллиминдагиларни мени жинни қилиб қўйишлари учун яратганмисан? Бу нечанчиси, ахир?! Кечадан бери ҳеч демаганда ўттиз киши келди. Сўзлай бериб-сўзлай бериб тилимда тил қолмади. Истанбул йўқ. Ё тайин этилган ерга кетасиз, ё бўлмаса истеъфо. Англашилдими?
У қўлларини кўтариб, кўзларини сувоқлари ёрилиб кетган ифлос шипга тикканича, сўзида давом этди:
– Улуғларнинг улуғи ё Раббим… Шуларнинг уч, бешини камроқ яратиб, бунинг эвазига қолганларнинг бошига бир оз ақл, юракларига бир оз инсоф солсанг бўлмасмиди… Тавба-тавба, ё Раббим; тавба-тавба, ё Раббим. Бу одамлар инсонни куфрбоз этиб гуноҳга ботиришдан ҳам тоймайдилар.
Шу пайт идоди мудири янги келган одамга жой бермоқ учун ўриндиғини бир оз ёнга сурди-да, негадир кула бошлади.
Басри бей бу сафар унга хитоб этди:
– Нури дийдам, укам! Ўзинг ўйлаб кўр, ахир. Давлат бу одамларни йилларча едириб-ичиради, ўраб-чирмаб кийинтиради. Оллоҳи Карим, ҳазрати Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратгани каби ҳеч йўқдан одам сурқтига солиб ўртага чиқаради ва ҳар бирини лаёқатларидан ўн карра устун бўлган маошлар билан таъминлаб, авлоди мамлакатни зиёга маъмур этади. Аммо булар ҳали ғафлат уйқусида ётишибди. Ўзи одам бўлмаган ўзгани қандай одам этар? Ия, қара-я, бирдан шеър чиқиб қолди-ю! Ҳа, рост: «Ўзи одам бўлмаган ўзгани қандай одам этар. Фоилотун, фоилотун, фоилотун, фоилун…» Гўзал эмасми-а?
Бундан аввалги балиқ ва қовоқ ташбеҳи каби ўзидан ўзи тўқилган бу мисра ҳам Басри бейни мамнун этди ва ҳовлиқишларини бир қадар пасайтирди. У олдидаги сигара қутисини олиб, орқасига ҳалиги мисраларни ёзиб қўйди-да, сўзида давом этди:
– Мен нима ҳақида сўзлаётган эдим, афандим? Ҳа… Буларга лаёқатларидан анча юқори бўлган лавозимлар берилади. Лекин, ҳайҳотки, афандим, нима учундир, уларнинг бирортаси ҳам тайин этилган ердан мамнун бўлмайди. Шу Истанбул, Истанбул деганлари-деган. Ҳайронсан буларга… Саккизоёқ деган жониворни эшитганингиз бордир… Бир оёғини кессангиз борми, қолган бошқа оёқлари билан шартта ёпишиб олади. Бу одамлар ҳам худди ана шу саккизоёқларга ўхшаган, фақат бошқачаси… Қани, уларни Истанбулдан чиқариб кўринг-чи, мен қойил қолай сизга. Назорати Жалила22
Олий таълим вазирлиги.
[Закрыть] булардан безор бўлди ва қуръа усулини ўйлаб топди. Кеча қуръалар ташланганди. Бу йил битирганлардан фақат беш кишигина Истанбулга, қолган ўттиз иккиси вилоятларга тайин этилди. Биласизми, афандим, шунга кечадан бери ҳужум бошланди. Ҳеч бири ўзига тушган ердан мамнун эмас. Ҳаммаси лутф ва илтифотингизга сиғинади. Ҳатто буларнинг орасида шафқатсизлик ва адолатсизликдан шикоятга журъат этганлар ҳам бўлди. Ўйлаб кўринг-а, биродар… Қуръа усулида қилинган ишда шафқатсизлик қандай қилиб баҳс мавзуи бўлсин?! Гўё Назорати Жалила илтимос қилувчиларнинг бармоқларига бир жуфт кўз ўрнатиб қўйган ва у бахти кулганлар халтадаги қоғозларни танлаётганда ундаги ёзувларни ўқиб олишган… Нақадар гўзал мулоҳаза!..
Эшик билан кабинет оралиғидаги торгина жойда соқолли одам ўнғайсизланганидан нима қилишини билмай камзулининг тугмалари ва этагини ўйнаб турарди. Бўлим мудирининг кўзли бармоқлар ташбеҳи муносабати билан отган янги бир қаҳқаҳасидан ва унга уланиб кетган узун бир йўталидан фойдаланмоқ ва янги бир бақириб-чақирши фаслининг бошланишига йўл қўймаслик учун шоша-пиша:
– Маърузоти ҳақирингизни лутфан тингласангиз… – дея дардини айтишга чоғланди.
Аммо Басри бей яна қўл ҳаракати билан унинг сўзини бўлди. Фақат бу сафар овоз ва хитоб тарзи тамомила бошқача, фақир қиёфали Дорулмуаллимин кишисига нисбатан мушфиқ, хайрихоҳ бир ота тусини олганди.
– Ўғлим, жон болам, нури дийдам, биз сизларнинг гўёки оталарингиз мақомидаги кишилармиз, Шу Истанбул савдосидан воз кечинглар. Ҳозироқ йўлланмаларингизни олиб, хизмат ерингизга кетинглар, чекингизга тушган жой қидирса топилмайдиган бир жойдир. Об-ҳавоси, табиат манзараси антиқадир. Аҳолиси малак каби инсонлардир. Борди-ю, ҳечам ўрганолмасанглар, унда менга хат ёзарсизлар. Ўша заҳоти бир йўлини қилиб, лавозимингизни ошириб Истанбулга ўтказарман. Истанбул қочиб кетмайди… Сенга айтсак, ўғлим, у ер сояи пайғамбарда доимо байроғимиз остидадир. Кетадиган еринг ҳам муборак тўкин-сочин бир ер. Беш, ўн пора33
Пора – қурушнинг қирқдан бири, қуруш – турк лирасининг юздан бири (турк пул бирликлари).
[Закрыть] орттириб, уст-бошингни тузатиб оласан…
Соқолли йигит ортиқ чидолмади:
– Кимлигимни, қаерга тайин этилганлигимни биласизми ўзи, кетадиган еримнинг яхши жой эканлигига мени жуда ишонтиряпсиз? – деб сўради.
Басри бей бирдан шошиб қолди:
– Қаерга тайин этилгандинг? Шу… ҳалиги… нимайдиям, ҳалиги ерга тайин этилмагандингми, жоним? – дея у гапида тутила бошлади. Лекин ўзича бирор нарса бичиб-тўқишга ожиз эканлигини англади чоғи, астойдил хахолаб кулиб юборди. Унинг кулгиси самимий эканлигини ёришиб кетган юзидан ҳам билса бўларди. Басри бей кулиб бўлгач, қаршисида ўтирган меҳмонга юзланиб:
– Ҳаёт-и маъмуриятда соқолимиз оқара бошлади-ю, лекин ҳозирги кунгача ишни битирадиган ёлғон гапга ўзимизни ҳеч ўргатолмадик, – деди. – Ёлғон сўзламасдан туриб, инсонларни идора этиш қийин, биродар. Қизларни узатиш олдидан қандай ясантиришади. Шунга ўхшаб, биз ҳам бўш турган лавозимларни мақташга ўрганганмиз.
На илож, нури дийдам, ҳеч ким ўзи хоҳлаб олмайди. Кечадан бери Дорулмуаллиминни тамомлаб чиққанларга ажратилган жойларни машина каби тўхтовсиз мақтаб ётибмиз…
Басри бейнинг қаҳқаҳаси астойдил бўлишига қарамай, унинг хижолат чекаётганлиги шундоққина сезилиб турарди: сийрак соқолларининг орасидан ёноқларининг худди олма каби қип-қизариб кетганлигини кўриш мумкин эди.
Соқолли йигит сал дадилланди. У кулимсираганича:
– Бей афанди ҳазратлари, – деди. – Сўзларингиздаги фикр ва тахминларингиз айтганингиздан ҳам зиёда тўғридир. Чекка маъмуриятлардаги энг ёмон лавозим ҳам, фикри ожизимча, Истанбулдаги энг яхши лавозимлардан яхшироқдир.
Басри бей йигитга ҳайрат-ла боқди:
– Ундай бўлса, нима учун эътироз қиляпсан?
– Каминангиз эътироз этгани йўқ… Сиз ҳали менга оғиз очишга имкон бермадингиз.
– Жоним, қуръада толенинг бир ажойиб жилвасига йўлиқдим, деган сен эмасмидинг, Худо ҳақи?
Соқолли йигит ортиқ кулгисини яшириб ўтирмади. Кўзойнагининг орқасидан унинг порлоқ ва ақлли кўзлари қараб турарди. Шундай беозор, шундай кўримсиз бир шахсдан бунчалик қувноқ ва очиқ назарни кутиш мумкин эмасди.
– Каминангиз четга эмас, Истанбул мактабларидан бирига тайин этилган. Шикоятимнинг сабаби шу…
Басри бей ҳайратланганидан қўлидаги чизғични ерга отди:
– Фасубҳоноллоҳ… Шунча ёшга кириб, неча йил шу идорада ишлаб, мени Истанбулга тайин этдилар, дея шикоятга келган инсонни биринчи маротаба кўришим. Демак, сен, аслида чеккароқ бир ерда ишлашни орзу қилгансану, чекингга Истанбул чиқиб қолди, шундайми? Мана истеҳзойи шуун44
Истеҳзойи шуун – воқеалар истеҳзоси.
[Закрыть] дея шуни айтадилар.
– Илтимосим жуда оддий… Қаер бўлса бўлаверсин, розиман, фақат Истанбул чегарасидан ташқарида бўлсин.
– Ўртоқ, мен сенинг бу ишингдан кўп мароқландим. Қани, энди, менга бунинг ҳикматини тушунтириб бер.
Соқолли йигит бўйнини эгди-да, деразадан узоқларга тикилганича, гапира бошлади:
– Биз киму, Истанбул ким? Балки четга кетсак, одам сафига кирармидик. Ҳали баъзи қишлоқлар бор… Мен Онадўлини жуда яхши биламан. Аҳолининг кийим-боши шундайки, фақир кишини кўрсалар: «Нима бало, янги куёвми ёки мерос олдимикин; ё бўлмасам бу кийим-кечакни бирор ердан ўмардимикин?» – дея сўрайвериб кишини эсанкиратишади.
– Ҳой мулла, – деди шунда Басри бей, – сен ажойиб бир йигитга ўхшайсан. Нақадар ширин бир нутқинг бор. Сенинг ўртоқларинг билан ҳам танишишга мушарраф бўлгандим. У муборак болалар орасида фоил билан мафъулни ўрнига қўйиб гап гапирадиганига дуч келганим йўқ.
– Йўқ, афандимиз, йўқ. Уларнинг орасида анчагина жиддий, қобилиятли йигитлар бор. Каминангиз илгари бир оз воизлик қилганди-да…
– Нима дединг?
– Фақир Дорулмуаллиминга кирмасдан бурун мадраса таҳсили кўрганди. Рамазон ойларида закот йиғгани чиқиб кетардим.
Шунда Басри бей мамнуният-ла:
– Э-ҳа! – деди. – Гап бу ёқда экан-да… Сен билан танишганимдан мамнун бўлдим. Кел, ўртоқ, ўтир, сени бир кўрай. Бурнаки чекамизми? Аҳли дил бир-бирини билмаса инсоф эмас.
Соқолли йигит кўрсатилган ерни ва узатилган тамакидонни назокат-ла рад этди.
– Ижозат берсангиз, бей афанди. Зоти олийингиз мурувват кўрсатиб, илтимосимни қабул қилсангиз.
– Жуда яхши, мулла, жуда яхши. Сенинг қўлингда Истанбулдай жой бўлгандан кейин, одамлар қўлингдан ўпиб бежайиш55
Бежайиш – икки амалдорнинг ўз хоҳиши билан жойларини алмаштиришлари.
[Закрыть] қилишади, ҳатто, агар истасанг, бу иш устидан уч, беш лира пул олишга ҳам муяссар бўласан…
– Ўртоқларимдан бири Сариова санжоғига66
Санжоғига – инқилобдан илгариги Туркияда маъмурий бўлиниш, вилоятдан кичикроқ ҳудуд.
[Закрыть] тайин этилган экан, у ерга боришни хоҳламаяпти. Менга бежайиш таклиф этди.
– Жуда соз, мулла йигит, жуда соз. У қидирса топилмайдиган бир ер… Сариова кўп муборак бир қазадир77
Қаза – туркияда маъмурий бўлинишнинг эски номи. Кейинги пайтларда «Илчэ» (бизнинг «кичик эл», «элча» маъносидаги сўзимизга тўғри келса, русларнинг «уезд» сўзига яқин келади) деб аталадиган бўлган.
[Закрыть]. Уламо ва фузалоларнинг маконидир.
– Бизнинг ўртоқ ҳам у ернинг сиз айтгандай эканлигини айтаётган эди. Тақрибан ўн икки хонадонга бир жомеъ, масжид ва ёки мадраса тўғри келармиш. Қасаба маҳкамаси кечалари кўча фонарларини ёқтирмасмиш. Кўчалар авлиё қандилидан байрам кечаларидай ёруғ бўлармиш.
Басри бей билинар-билинмас чуқур хўрсиниб қўйди-да:
– Шундай ерлар ҳозир ҳам бор эканми? – деди.
– Ҳар ҳолда, ундай олифталар бошпана топа оладиган бир қасаба эмас.
– Ўртоғим ҳам шундай деяпти. Бошланғич мактабларга эндигина келган ёш-ёш талабаларга ҳам саллалар ўратилармиш… У ерда қандай қилиб яшайман дейди.
– Болаларнинг салласи билан унинг нима иши бор экан? У ишёқмаснинг гапини қаранг-а! Лекин, ҳар ҳолда, сен у ерда маза қиласан. Биласанми, мулла, агар мен сенинг ўрнингда бўлганимда, бошқатдан бошимга саллани ўраб олган бўлардим. Хўп, майли, эртага ўртоғинг билан бирга кел. Ишларингни битириб бераман. Тездан буйруқни ҳам чиқараман.
– Оллоҳ, умрингизни узун қилсин.
– Сенинг исминг нима, мулла?
– Али Шоҳин.
– Кўп яхши, мулла йигит… Оқ йўл.
Шоҳин афанди эгилиб бир қуллуқ қилди-да, хонадан чиқди. У зинадан тушиб бораркан, мамнун бўлганидан кулимсираб қўйди. Эшикка етганида ўқитувчиларидан бирига дуч келиб қолди.
– Нима бўлди ишинг, Шоҳин афанди? – сўради ўқитувчиси ундан.
Эски мадраса талабаси кулимсираб жавоб берди:
– Дуойингизнинг шарофати билан истаганимдан ҳам аъло бир ерга кетяпман. Измирдаги Сариовага. Кўчалари қирмизи авлиё қандиллари билан ёритиладиган, болаларининг бошига яшил саллалар ўраладиган бир софталар88
Софта – мадраса талабаси.
[Закрыть] маконига… Ҳасан Жамолни тайин этишганди. Рози бўлмади. Ҳар ҳолда, жуда зўр бўлди. Ҳасан Жамол – оташин бир инқилобчи. Фақат ўз табиатига кўра софталар билан шуғулланадиган бўлса бир иш кўрсатолмайди… Софта билан анчайин ўзи софта бўлган киши кураша олади. Агар толеим қўлласа, яқинда Сариова маҳкамасини баъзи ортиқча харажатлар қилишга мажбур этаман…
– Қандай қилиб?
Шоҳин афанди катта бир сир айтмоқчи бўлгандай оғзини муаллимнинг қулоғига яқинлаштирди:
– Кўчаларда мақбара қандилларини ўчиртираман. Маҳкама уларнинг ўрнида фонар ёқишга мажбур бўлади. Ҳар ҳолда бунга муқобил аҳоли ҳам муҳим бир харажатдан қутулади…
– ???
– Саккиз, ўн ёшли мишиқи болаларга сотиб олишлари лозим бўлган салла харажатидан.
II
Шоҳин афанди у cабоҳ эрта уйғонди, Истанбулда охирги куни эди.
Бир ҳафта аввал буйруқни, уч кун аввал йўл харжи пулини олган эди.
Янги крахмалланган кўйлагини, Маҳмудпошо бозоридан олган, саржадан тикилган қора костюмини кийди. Муллалик замонидан қолган хуржуни ҳамда кичик яшил сандиғини бир ҳаммолга юклади-да, Галата қирғоғи бўйлаб йўлга тушди.
– Э, афанди, намунча шошасиз? – деди пароход каютасининг хизматчиси. – Пароход оқшом азонида қўзғалади. Ҳали бир дунё вақт бор-ку…
– Буни яхши биламан, ўртоқ, – деди унга жавобан Шоҳин афанди. – Истанбулда ҳам анчайин муҳим ишларим бор-да… Сен буларни муҳофаза этавер. Бахшишга қолганда кўнглинг хотиржам бўлсин, бераман.
Ҳаётининг энг аҳамиятли кунини бошидан кечираётгани учун у пул деган нарсани аямас, сахий, маишатпараст бойваччалардай бўлишга ҳаракат қиларди. Ҳатто ўзига алоҳида каюта ҳам олай деди-ю, лекин, «Ке, қўй, исрсфгарчиликнинг нима кераги бор. Ахлоқим бузилади», – деб, ниятидан қайтди.
Кейин у қирғоққа қайтиб тушди-да, пароходга боқди, ғурур билан:
– Инсон тушган жойидан туради, – деди. – Ўн икки йил аввал бу қирғоққа оёқ қўйганимда бу кунларни кўришимни ҳеч ақлимга келтира олармидим?..
Бугун Шоҳин афандининг энг севинчли куни бўлиши билан баробар бу хотира уни ғамгин хаёлларга кўмди. Ҳозир жуда аниқ хотирлай олмайди, аммо ғолибо ўшанда ҳам пароходдан айни шу ерга келиб тушганди. Узоқ қариндошидан бўлган бир софтанинг орқасидан эргашиб келган аянч қиёфали, яшил ва йиртиқ жуппали99
Жуппали – гуппи чопон.
[Закрыть] бир болани тасаввур қилар эди. Отаси ўлган, жонажон ерида эса йўқсил бир кекса онасидан бошқа кимсаси қолмаган эди. Жонажон ерининг мадрасасида ўқиб юрган Шоҳин, онасини боқмоқ учун бир неча ой чўпонлик қилганди. Лекин боладаги буюк истеъдодни кўрган домлалар, унинг бекорга нобуд бўлишини истамадилар, улғайиб, сал-пал нон топадиган бўлгунга қадар кекса хотинни боқиб туришга ваъда бердилар. Ҳатто, у ўша пайтларданоқ рамазон ойларида эшикма-эшик юриб, онасига беш-ўн танга жўнатиб туришга эришарди. Оллоҳи Каримнинг марҳамати кенг эди. Ҳатто кўр бўрининг ризқидан кечмас эди.
Асосан оптимист бир бола бўлган Шоҳин аввал Оллоҳига, сўнгра домлаларига суяниб, хуржунини орқалаган, ғурбат йўлини тутган эди. Бошидан кечирган йўл машаққатларини, Истанбулнинг пристанига жуда ҳорғин бир ҳолда зўрға оёқ босиб кирганини ҳали-ҳали унута олмасди. Ҳамроҳи билан баробар уч кун елкаларида хуржунлари билан йўл юрган, сўнгра қўйларга тўла бир пароходнинг омборида уч кеча ётган эди.
У қирғоққа чиққанида уйқусизликдан, ҳорғинликдан, очликдан чалажон ҳолга келгандай эди. Қулоқ-мияси бегона товушлардан ғовлаб кетганди. Тиниб кетган кўзлари пристандаги – қиёмат-қойим кунини ўйлаганда ҳам тасаввур этолмайдиган – оломонни, Галата ва Истанбул қирларида бир-бирининг устига қурилган, ҳаволарга осилгандай кўринувчи биноларни, қуббаларни ақлдан оздирувчи бир охират рўёси ичида кўрганини эслар эди.
Бундай тартибсизлик унинг фақат атрофидаги нарсаларни вужудининг кўзлари орқали кўришида эмасди, руҳининг ичи ҳам шундай аралаш-қуралаш фикрлар, қоронғи ваҳималар билан тўла бир олам эди.
Шоҳин афанди аввалги аҳволи билан ҳозирги аҳволи орасидаги фарқни ҳеч қачон бу қадар ҳузур ва ифтихор билан тасаввур этмаганди. Албатта, орадаги фарқ шунчаки у пайтдаги оч, сафил чўмизга1010
Чўмиз – ёш софта.
[Закрыть] қарама-қарши турган, ҳозир қўлида нони бутун бир мактаб мезуни1111
Мезун – дипломант.
[Закрыть], давлатнинг маошли ва эътиборли бир муаллим афандиси бўлганлигидан иборат эмас эди. У энди қуруқ ваҳималар ва хурофотлардан ҳам қутулганди. Миясида бу очиқ сентабрь тонгининг манзараларидай равшанлик, чегараси, хандасаси аниқ ва тартибли нарсалар бор эди. Энди у нимани фикрлашни, нимага ҳаракат қилишни, бу дунёда вазифаси нимадан иборат эканлигини яхши биларди.
Бу зеҳн ва қалб сукунатини не-не меҳнатлар, не-не маҳрумликлар билан, не-не кўз ёшлари билан қўлга киритганини унутиб, кўчада оломон ичида юраркан, юзи чуқур бир бахтиёрликдан кулимсирарди.
– Шоҳин афанди… Бу нима олифталик! Гўшангага кириб кетяпсанми ёинки?..
– Домлам… Бугунги тўкиб-сочишларингни ҳазм қилолмадим. Эрталабдан қизлар билан кўнгил очгани кетяпсанми аста-аста?..
– Ошнам… Уст-бошимни алмаштирдим деб, бунчалик эски дўстлардан кечиб кетмоқ равойи ҳақми?
Шоҳин афандининг ҳар вақтдагидан бўлакча бир қиёфада ва энгил-бошда келаётганини кўрган таниш-билишлари йўлини кесардилар, унинг жуда қаландар ва ҳазилкаш бир одам бўлганини билганлари учун унга ҳалиги сўзларни отишарди.
Шоҳин афанди, уларнинг ҳар бирига нашъали кулганича айри-айри жавоблар берарди:
– Иншооллоҳ, у кунларни ҳам кўрсатади.
– Нима қилай? Эрталаблари нозанинлар ярим ҳақ олишармиш…
– Камчилик қидирма. Бошқача одам бўлдик.
Буларга кулиб туриб жавоб қилгандан сўнг, у жиддийлашиб, дўстларининг қўлларини икки қўлининг орасига олиб сиққанича хайрлашар ва уларга ҳалоллик1212
Ҳалоллик – Қонуний хотин дегани. «Яхши жойлардан ато қилсин!» қабилидаги ҳазилларимизга яқин келади.
[Закрыть] тиларди.
У Нуриусмонияда эски дўстларидан Зайнал домлага дуч келди. Сомунжузода мадрасасида тўрт йил бирга ўқишган эди. Зайнал домла Қора денгиз соҳилларидан бўлиб, ўтакетган мутаассиб бир софта эди. Ўттиз биринчи мартда1313
Ўттиз биринчи мартда – «Иттиҳод» ва «Тараққий» жамияти раҳбарлигида асосан аскарлар ва зобитлардан ташкил топган жонтурклар ҳаракати, 1908 йил 23 июлда Султон Абдул Ҳамид II ҳокимиятини чеклаб, 1976 йил конституциясини тиклаш билан якунлади. Аммо «Иттиҳод» ва «Тараққий»чиларнинг душманларидан ташкил топган «Аҳрор» номли феодал компрадорлар партияси абсольют монархияни тиклаш учун кўркурашар эди. 1909 йил 31 мартда Истанбул мадрасаларининг талабалари – софталар ўртасида «Аҳрор»ларнинг ташвиқотига учган Истанбул горнизонининг аскарлари билан бирга «Шариатга қайтилсин!», деган шоир остида қўзғолон кўтаришди. Иттиҳодчи зобитлар қўмондонлиги остида «Ҳаракат армияси» қўзғолончиларни тор-мор қилиб, бу гал Абдул Ҳамид II ни бутунлай тахтдан туширди ва унинг ўрнига конституцияга содиқлиги ҳақида тантанали суръатда қасамёд этган султон Меҳмед V ни кўтарди. Иттиҳодчилар қўзғолон иштирокчиларидан қаттиқ ўч олдилар, шундан сўнг «Аҳрор» партияси қатъиян ман этилди.
[Закрыть] шариат учун қурбон бўлиб кетишига сал қолганди. Яхшиямки, бахти бор экан, ўз вақтида бир йўлини қилиб Истанбулдан қочишга муяссар бўлиб, дордан омон қолганди.
Зайнал домла! Шоҳин афандининг салла ўрамай қўйганини ҳечам кечиролмасди. Кўчада уни кўриши билан ғажишга ҳозирланган йиртқич ҳайвон тишларидай ўткир, узун тишларини кўрсатиб кулди:
– Ҳаммаси жойида, домла. Фақат бир шляпа етишмай турибди.
Шоҳин афанди дарвeш ва қизиқчи бир одам оҳангида:
– Иншооллоҳ, у, ҳам бўлиб қолади, – деди. – Онадўлидан салла ўраб келгандим, фес кийиб кетяпман, вақти келса шапка ҳам киярман, лекин сен буни кўрмай қоласан.
– Нима учун?
– Балки у пайтгача осилиб кетарсан. Шунинг учун.
– Яшаган кўради.
– Кўрамиз, домла. Ҳозирча Тангрига топширдим…
– Йўлинг очиқ бўлсин.
Шоҳин афандининг каюта хизматчисига муҳим ишлар бор деганининг сабаби, у Истанбулда яшаган ерлари; севган кишиларини охирги марта моқчи эди. Яқин орада яна бу шаҳарга қачон келади-ю… Аввало, Сомунжуўғли мадрасасига чиқди. Беш йил бурун у таниган софталардан биронта ҳам киши қолмаганди.
Унинг рўпарасидаги бино, Онадўлидан илк келган кунида қандай бўлса, ўшандай турибди. Ўртадаги йўсинли, суви сизиб турган фавворадан ҳўл бўлиб, устини ўт босиб кетган тош ҳовли ҳам ўша-ўша софталарнинг ҳар куни эрта билан, овқат пиширмоқ учун ёққан пайрахаларидан қорайиб кетган ҳов анави равоқларда ўша-ўша каптарларнинг инлари, ҳовлининг тўрт тарафида ўша-ўша қоронғилик, рутубатли тош ҳужралар…
Шоҳин афанди ҳовли бошида таҳорат қилаётган бир ғилай софтадан эскилардан бир қанча кишини сўради. Бири бошқа мадрасаларга, бири ким билади дейсиз, қаёқларга кетган, деган жавобни олди.
Шундан кейин у фавворанинг ёнидаги ерга қоқилган тахта курсига ўтирди-да, атрофга назар ташлай бошлади. Аввалига ундан чўчиб, ҳавога кўтарилган каптарлар яна ерга қўнди ва секин-секин унинг оёқларига яқинлаша берди. Шоҳин афанди чўнтакларида қолган нон ушоқларини бармоқлари билан янада майдалаб, ерга сочди. Пастки қаватдаги ярим қоронғи йўлакнинг ичида очиқ эшик бор эди. Эски софта кўзини ҳечам ўша ердан узолмасди. Талабалик пайтида олти йил ўша ҳужрада машаққат чекканди. Уни Онадўлидан келтирган узоқ қариндоши бу хонага киритаркан, «Ўнг оёғинг билан кир, ўғлим, бу ерда ҳидоятга1414
Нури ҳидоят – чароғон тўғри йўл.
[Закрыть] қовушажаксан, – деганди.
Бу овоз йиллар оша Шоҳин афандининг қулоғига чалингандай бўлди ва у истеҳзоли равишда кулимсираб қўйди. Ҳидоят нурига у ҳақиқатан ҳам шу хонада эришди. Лекин ҳеч битмас-туганмас машаққатлар, қийинчиликлар ва кўз ёшлардан кейингина эришди-да! Ҳеч ақлга келмас бир шаклда!
Шоҳин афандининг қалби эски бир жанг майдонини кезган ва ўз зафарини қандан қилиб қўлга киритганини хотирлаган кекса бир қўмондоннинг ҳазин ғурури билан тўлди; унинг бир қўли энгагига тиралгач, бир қўли эса йўсинли тошларнинг четидан ҳовузнинг илиқ сувларига осилган бўлиб, борган сари сувга ботиб борарди.
Шоҳин афанди бахтсиз одам эди. Унинг ҳаётида айтишга арзигулик бирор воқеа содир бўлмаганди. Лекин шундай бўлса ҳам унинг руҳи энг хавфли бир эътиқод инқилобининг оташлари ичида ёнганди. Йилларча давом этган бир фожианинг саҳнаси шу қоронғи йўлакнинг тагида очиқ эшиги кўриниб турган кичик тош хона эди. Бу қоронғи деворларнинг орасида не-не дунёлар йиқилди-ю, яна янгитдан не-не дунёлар ташкил топди!
Шоҳин афанди қуёш нурининг остида тупроқларга қорилиб, кир-чир бўлиб юрадиган бир қишлоқ боласи эди. Соғлом бир вужуди, соғлом бир ақли бор эди. Агар уни ҳолига қўйиб берганларида ҳаётидан мамнун бўлган деҳқон ва ё чўпон; буюк воқеалар ва масалаларга дуч келганда талайгина илм ва идора аҳлларининг фикрларидан анча ўткир, соғлом ҳукмлар чиқариб, уларни ҳайрон қолдирувчи халқ одамларидан бири бўлиб етишарди. Аммо диндор отаси уни ўзига бир хайрулхалаф қилиш, бир кун бутун дунёни кўланкаси остига олажак яшил байроқнинг бир кўнгилли кишиси қилиб етиштиришни истаган эди. Боласининг бошланғич таҳсилни битиришини лозим деб топмади; бошига яшил салла ўради-ю, она юртнинг бир мадрасасига жўнатди.
Кўчаларда ўйнаб юрган яланг оёқ, боши қовоқ халқ болалари орасидан ушлаб олиниб, мадрасага жўнатилган ва бошларига салла ўралган болалар, алоҳида бир байроқнинг тагига ўтгандай бўладилар ва улар билан эски ўртоқларининг ўртасида қандайдир бир бегоналик ғови пайдо бўлади. Саллалилар ва салласизлар ўртасидаги бу бегоналик борган сари ортар, уларни бир-бири билан келишолмайдиган, бир-бирларини севишга имкон бермайдиган икки душман лагерга айирарди. Бу нарса шу даражада эдики, ҳар турли ака-укачилик жанжалларини, оила кинларини сўндирганлар бегона душман қаршисида ҳатто сал бўлса ҳам бирлашолмас эдилар. Фақат Шоҳин бошқача бола эди. Мадрасага узоқ вақтгача ўрганолмаган, кўчадаги ўртоқларининг орқасидан қолмаган эди. Фурсат топди дегунча, бошидан салласини оларди-ю, худди қўли синган одам каби салласини қўлига ўраб, ўртоқлари билан қирларга қуш, дарёга балиқ овлагани кетарди. Домлаларининг таёғи, ҳатто кекса отасининг унга бу таёқлардан ҳам қаттиқроқ ботувчи ёлворишлари уни баъзи-баъзида қаердан эсаётганини ҳеч ким билмайдиган бу шамолда учишдан сақлаёлмасди. У истаган вақтида истаган ёққа кетиб қолаверарди. Бу кетишида ёши сал каттароқ бўлгандан кейин ҳеч кимга бўйни ёр бермайдиган ва кунлардан бир куни салласини битта-яримта бутага илиб, ўзи қўйларни боқишга тоққа чиқиб кетадиганга ўхшарди. Аммо…
Мадрасасидаги домлалар орасида бир Ҳожи Фаттоҳ афанди бор эди. Кўп йиллар Мисрда ўқиган, сўнгра яна анча йиллар Фотиҳ мадрасасида мударрислик қилган, ниҳоят – Истанбулда моли ва мулки бўлгани ҳолда – тушуниб бўлмас бир ўжарлик билан ўз туғилган ерига ўлиш учун қайтиб келган бир ажойиб чол эди. Ҳамшаҳарлари Фаттоҳ афандининг эски шараф ва шуҳратидан ўзларига ҳам бир фойда чиқармоқ учун уни ўз мадрасаларига мударрис этиб тайинлагандилар. Ҳолбуки у, энди ҳеч бир жиддий нарсани ўқитолмайдиган даражада довдир бўлиб қолганди; боши, охири, мантиғи ва тартиби бўлмаган сўзлар билан дарс тушунтириши тушдай бир нарса эди. Аммо бу туш сингари дарсларда ғалати бир сиёсат ҳассоси бор эди. Уни тинглаганлардан баъзилари, пайғамбарлар ва ислом тарихидан қолган, эртак қолдиқларининг ким билади, қандай қоришмасидан туғилган бу ғалати тушни у билан бирга кўра бошлар ва бу учиримда маҳлиё бўлиб кетаётганларнинг олдида Шоҳин келар эди. Масалан, Карбалода сувсизликдан ўлган Ҳусайннинг бошида кўз ёшидан жиқ-жиқ ҳўл, сочлари яланг оёқларига қадар ёйилиб тушган, қора бурғули узун ва заиф бир хотин – Фотима она – пайдо бўлади; боласини қучоғига олиб, кечаси йўлга тушади; гоҳ кўкда, гоҳ ер остида не-не дунёларни кезади; сўнгра бир малак пайдо бўлади-ю, уларнинг йўлларини бир машъала билан ёритиб, унинг ҳамроҳлигида бир қудуқнинг бошига борадилар. Бу орада бир бошқа хотин Исмоил пайғамбарнинг онаси Ҳожар, уларни кутиб турган бўлади; бир вақтлар Исмоилга сув ичирган ҳовучлари билан Ҳусайннинг лабларига ҳам сув томизиб, уни тирилтира бошлайди…
Неча маротабалаб Шоҳин бу тушлардан уйғонганда қоронғиликдан бўлак нарсани кўрмас, ўзини Фаттоҳ афанди билан ёлғиз қолган ҳолда топарди.
Ўз тушини бошқаларга ҳассослик билан айтиб берувчи мана шу ажойиб чол Шоҳиннинг биринчи галда мадрасага киши билмас равишда боғланиб қолишига сабаб бўлганди.
Бола фурсат топди дегунча яна секин ўртоқлари билан қирларда ўйнашни кетарди, лекин энди ораларида бир ажралиш бошланган эди. Қарши тоғнинг ортида ғойиб бўлган қуёш, бошқа болалар учун эртаги кунга қадар ортиқ йўқ эди. Аммо унинг учун бундай эмасди. Қучоғида сувсизликдан ўлган боласи, кўз ўнгида эса кўринмас малакнинг оппоқ машъаласи ила чўлда Ҳожарнинг қудуғидан дардига даво топган Фотима онага қандай ўртоқчилик қилган бўлса, тоғнинг нариги томонида, йўлида давом этаётган қуёшни ҳам шундай таъқиб этар; унинг билан баробар тоғлар, денгизлар ошар эди. Ниҳоят, буларнинг бари битган ерда бир бошқа оламнинг дарвозаси: охират.
Бу охират нима ўзи?! Бу дунёда биз севган, йўқотган нарсаларга, истаган ва лекин қўлга киритолмаган нарсаларга қовушиладиган ер. Чол Ҳожи Фаттоҳ ўлган кечаси унинг ётоғида навбатчилик қилганларнинг орасида Шоҳин ҳам бор эди. Тонгга яқин уйқусизликдан ҳамма мудрай бошлади. Шундан фойдаланган Шоҳин марҳумнинг юзини бир неча марта очиб кўрди. Энгаги боғланган латта ичида бутунлай кичрайиб сўлган бир чеҳра; фақат кўзлари буришиқ қовоқлари оралиғидан ҳали ҳам қараб турибди; Ҳожи Фаттоҳ, энди ҳеч битмас-туганмас ажойиб туш кўрмоқда; эртага у қора ер бағрига тушгандан кейин кўраётган тушлари яна авжига минади. Унинг кўрганлари ёнида бу дунё нима бўлибди?
Атрофида кул ва нур оқиб ётган бу абадий дунё билан алоқаси борган сари заифлашар, ёлғиз ибодат вақтида эмас, ишлаётганда ва ўйнаётганда ҳам бир турли зеҳнини охират тушунчаларидан айира олмасди.
– Ҳа, бу охират ўзи нима?! Атрофида кимдан сўраса ўзи билгандан ортиқ маълумотни ололмас; илк замонларда унга ёлғиз севинч ва бахт берган бу қизиқиш, кетига бориб англашилмас қўрқувлар ва сиқилшллар билай аралашиб, оз-оз хасталик ҳолига сола бошлаган эди.
Отасининг ўлимидан кейин, уни тоғларга чиқиб кетиб, ўша ерда боқиладиган қўйлар сурувидан айирган ҳам, елкасига хуржунини ташлаб Истанбул томонларга йўл солишига ҳам асл сабаб бўлган нарса мана шу қизиқиш эди.
Шоҳин афанди ўтирган ерида хотираларининг охири оғирлашиб, елкаларини босишидан қўрққандай ўрнидан турди, ўз сўзини эшитишга жудаям эҳтиёж сезганиданми, рўпарасидаги аллакимга гапираётгандай:
– Қандай имон эди у ё Раббий, – деди, – ўшанда 325 йилнинг ўттиз биринчи мартига дуч келиб қолганимдами, мен сўзсиз дорга осилиб кетган бўлардим. Бу дунёдан кўзларини юмаётган дақиқада у дунёда яшай бошлашига ишонганидан кейин нима аҳамияти бўларди ўлимнинг?
Бир оз аввал фавворанинг ҳовузида таҳорат қилаётган ғилай софта, узоқдан унинг сийрак соқолларини қўли билан тортқилашига ва ўзига ўзи кулганича алланарсалар дейишига қараб турар, ҳар замон-ҳар замонда унга учраб турадиган зарарсиз телбалардан бири бўлса керак, деб ўзича кулимсирар эди.
* * *
Илк кунларда ҳам Истанбулнинг ҳеч бир нарсасини кўрмаган эди. Мадрасанинг сал нарёрида шовқин-суронли бир бозор жаддаси1515
Жадда – проспект (катта асосий йўл).
[Закрыть] бор эди. Оқшом тушди дегунча қўрқинчли бир от ва арава алғов-далғовлари ичида товуслардек ажойиб хотинлар кезар, атрофларида бир-бирини туртишаётган ва гап отишаётган, мўйловли, соқолли, ҳарбий ва оддий фуқаро кийимидаги эркаклар оломони қайнарди. Қоронғи бўлгунича жадда бошдан охиригача нур ичида сузар, байроқлар, расмлар билан безатилган театр эшиклари олдида чалинаётган мусиқаларнинг садолари Шоҳиннинг ёпиқ турган тош хонасигача келарди.
Аммо ёш сафтанинг кўзи бу фойдасиз дунёнинг усти ялтироқ дабдабаларини кўрмас, бутун вақтини шу қоронғи тош хонада ўтказарди. Кўринишда қоронғилик, аммо ҳақиқатда унинг у дунёда кўрадиган нарсалари олдида фонарлар билан безанган бу жадда, энг катта Истанбул жомеъларининг қуббасидан тараладиган бу қандил ёруғлари бир пулга қиммат эмасми?
Бундай берилиб ўқиш талай вақтгача давом этди. У ўқишга шундай бир жўшқинлик билан ёпишган эдики, фақат ўзининг дарслари билан қаноатланмай, машҳур Истанбул мударрисларининг бошқа мадрасалардаги дарсларини ҳам эшитгани кетарди. Домлага ва китобга маъсум бир ишончи бор эди. Тушунолмаган, қоронғи бўлган нарсаларга дуч келганда, бунда фақат ўзини айблар эди. Аммо кўп ўтмай кичик софта, яратилиши ва балки қисман тарбиясига кўра, ўзи билан шериклари орасидаги фарқни жуда тез пайқаб олди. Зотан, Истанбулда дастлабки хаёл ҳорғинлиги унга мана шу ўртоқларидан юққан эди. У отасининг: «Бир кунмас-бир кун дунё янги яшил байроқнинг паноҳида бўлади», деб доим айтиб келган гапини эсларкан, ўзича, мана шу яшил байроқни баланд кўтарувчи кўнгиллиларни бутунлай бошқача тасаввур этган эди. Аммо буларнинг кўпи фақат тирикчилик учун бир ҳунарлик бўлиб қўйиш ниятида устага шогирд тушгандай, мадрасага кирган қишлоқи болалар эди. Далада тупроқ кечишнинг ўрнига бу ерда Изҳор ва Кудурни ёд олишарди; тоғда қўйларнинг кетидан юришнинг ўрнига шаҳарларда инсон тўдаларини бошқаришга ҳозирлик кўришарди. Уларнинг фикр-ўйларига келсак, бу ҳам тоғдаги чўпонларникидай жуда фарқли эмасди. Қўпол ва ибтидоий бир дунёлари бор эди. Ерлар ва денгизларнинг устида қубба бичимида бир катта том, унинг устига михлаб-михлаб қўйилган юлдузлар; пастда инсон тўдалари; ҳар бирининг икки елкасида икки хуфия фаришта ўтирипти, турганидан бери нима қилганларини, нима ўйлаганларини ёзади; сўнгра буларнинг ҳаммаси юзасидан бандаларини бу махфий маълумотларга кўра, истаса чўрт кесадиган, масалан, хотинлар кўчада юзларини очибди дея, далаларга дўл, шаҳарларга тош ёғдирадиган бир Тангри; гуноҳ қилганларни ёқмоқ учун махсус бир ўчоқки, биргина тешиги очиқ қолса, ер юзи иссиқдан қоврилади; бир жаннатки, ичида Истанбул бозорлари каби емоққа, ичмоққа доир жамики нарса бор; фақат фарқи шуки, у ерда олиш-бериш пул орқали бўлмайди; Оллоҳнинг севикли бандалари қатор тизилиб ўтиришади, кечаю кундуз дуо ва ҳамду сано ўқиш билан машғул; ора-сира ибодатга дам бериш чоғида турли-туман ноз-неъматларни ейишади; ҳурлар, ғилмонлар билан кайф-сафо суришади; сўнгра яна дуо ва ҳамду сано!
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?