Текст книги "Яшил кеча"
Автор книги: Рашод Нури Гунтекин
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
V
Кундузлари мактабида банд, оқшомлари алламаҳалгача кафеларда, муаллимлар уйида ўтар, кейин ётишга кетарди. Вақти-вақти билан Дорулмуаллиминда бўлганидек, энди ҳам Сариовада уни бегоналик ғуссалари эзмас, атрофидаги манзараларга кўникиб, одамлар билан тез орада олди-берди қила бошлаганди.
Бир ҳафта ичида қасабанинг қирқ йиллик ҳамшаҳари бўлиб кетганди.
Шошма-шошарлик билан тағин янглиш бир нарса қилиб қўйишдан қўрққани учунми кўп эҳтиёткорлик кўрсатар, ҳар кимсага содда тилда гапиришга, иложи борича унинг кўнглида яхши таассурот қолдиришга ҳаракат қиларди.
Домлалар, унинг салласини улоқтирган бир эски мадраса талабаси бўлганлигидан хабар топганди, аввалига унга бир оз ҳайрат билан қарашганди. Ҳатто баъзилари очиқдан-очиқ унга душманлик қила бошлаган эдилар. Аммо у, софта руҳини кўп яхши билгани учун улардаги ишончсизликни осонгина йўқ қилишга муваффақ бўлганди.
Домлалар ўз қуролларини бу қадар яхши қўллаган бу фесли кишига қарши ғайриихтиёрий бир ҳурмат ҳис этишга бошлагандилар, ҳатто ораларида унга қандайдир бир мавқе ҳам бергандилар. Кўринишдан жуда ҳаддини билган мутовозе ва ширин бир одам бўлгани учун бу мавқе кундан кунга зўрайиб, бош муаллим қасабанинг ҳурмат-эътиборли шахсиятлари орасига кириб борарди.
Шоҳин афанди Сариовага келган пайтда шаҳар жамоатчилигининг фикри иккига бўлинганди.
Бир томонда мударрис Зуҳту афанди бошлиқ янгилар – ислоҳот ва инқилоб тарафдорлари, бошқа томонда эса уларни динсизликда айблаётган, ўттиз биринчи март даҳшатларидан ҳанузгача қутулолмаганлари сабабли очиқдан-очиқ қаршилик кўрсатишга жасорат этолмаётган, яширин равишда ғўнғиллаб қўювчи эскилик тарафдорлари. Сон жиҳатидан аксариятни шулар ташкил этганди. Аммо у ёқ томонда ҳукумат ва фирқанинг кучи бор эди. Мутасаррифидан, маҳкама раисидан бошлаб, бутун ҳукумат маъмурлари, жандарма, полиция, кўзга кўринган барча мударрислар, шайхлар, муаллимлар, катта-катта савдогарлар ва ҳунармандлар янгилик тарафдори эдилар.
Сариовада энг муҳим масала – мадрасаларнинг ислоҳ қилиниши масаласи эди. Ҳафтада икки марта чиқадиган Сариова газетасининг ҳар сонида Зуҳту афандининг бу масалага доир бош мақоласи чиқиб турарди. Мадаррис афанди мадрасаларни эски ҳолича ишлашини истаган кишиларни, дин, давлат ва миллатга хоинлик қилишда айблар, у ерларда фақат янги илмларнинг ўтилишини етарли деб ҳисобламас, маориф мактаблари ташкилотининг ишларини айнан мадрасаларда ҳам татбиқ этилишини мудофаа этарди.
Шоҳин афанди Сариовага келган куни кечқурун идоди мудирига: «Мударрис афанди билан масъул котиб бейнинг иттифоқи менга жаҳолатпараст софталар иттифоқидан ҳам қўрқинчлироқ кўриняпти», – деганди.
Бу сўзни бир кун мактабдаги муаллимлардан Расим исмли бир ёш йигитга бошқачароқ бир тарзда яна бир карра такрорлади:
– Зуҳту афанди ҳазратларининг бу ислоҳатпарварлиги мени бошқаларнинг кўр-кўрона ва қайсар таассубидан зиёда қўрқитяпти. Мадрасаларни ислоҳ этишармиш, деган гапни эшитганимда юрагим орқамга тортиб кетади.
Расим жуда ақлли ва юрагида ўти бор йигит эди. Болқон урушига кўнгилли равишда кетган, ўнг оёғини чўлоқ қилиб қўйган, бир яраланишдан кейин такрор ўй касбига – ўқитувчиликка қайтганди. Чуқур бир муҳаббат ва ҳурмат билан унга боғланиб қолган бош муаллимнинг бу сўзига у қарши чиқди.
– Мен сизни имонли бир ислоҳот тарафдори деб билардим… Бу мадрасалар масаласида жаҳолатпарастлар билан бир фикрда эканлигингизга ҳайронман, – деди.
Шоҳин афанди ёш дўстининг қўлини кафтларига олди, кўзойнагининг орқасидан порлай бошлаган кўзлари билан унга кулимсираганича боқаркан, сепкилдор юзлари бирдан яшариб кетди:
– Мадрасаларни ўз ҳолларига ташлаб қўйсак бу кетишда яқинда чўкиб кетишади. Тузатиб олсак яна узоқ вақтларгача бу ғариб миллатнинг бошига битган бало бўлиб қолаверишади, – деди.
Бош муаллим, бу Расим афандини узоқ вақт ўлчаб бичган, уни фақат мактабининг энг ақлли ва юрагида ўти бор муаллими эмас, айни замонда қасабанинг ҳам энг ҳурматли кишиларидан бири бўлиши мумкин бўлган соф бир йигит деб таниган эди. Шу сабабдан ортиқча эҳтиётни лозим кўрмай ўз тушунчаларини аниқ айта бошлади.
– Бу янгилик-эскилик ғавғоси бир нави маслаҳатли курашдир. Мадрасани ислоҳ қилиш дегани эскича усулда яшашга имкони қолмаган софтага куч бахш этмоқ, яна янги ғоялар билан қуроллантирмоқ дегани эмасми? Мен Сариовада софталарнинг ҳақиқатан ҳам иш бошига келганларини кўрдим… Мен ёш талабалигим даврида бутун дунёни ўз кўланкаси остига олажак бир Яшил қўшинни хаёл қилиб юрардим… Ислоҳотпарвар, миллатпарвар фирқа масъул котибининг Осиёнинг, Африканинг, Океаниянинг, билмадим, қаерларидан келадиган фидойиларига ва Оллоҳнинг ёрдамига таяниб тузмоқчи бўлган Ҳилол кўнгиллилари қўшини ҳақиқатда менинг эски Яшил қўшинимдан фарқ қиладими? Жобир бей билан Зуҳту афанди маҳкамадаги зиёфатда ислом бирлигидан баҳс этишганда жўшган, йиғлашиб бақиришган одамларни ўзинг ҳам кўрдинг. Мен ишнинг жуда нозик ва олимона тарафларини билмайман, аммо дунёни «Муслим», «Ғайримуслим» дея иккига айирган инсонларни «Ислоҳотпарвар», «Миллатпарвар» дейиш қандай, тўғри бўлармикин? Масъул котиб «Миллатпарвар» эканлигини кўксига ура-ура ишонтирганида ё алдайди, ё алданадики, натижасини олиб қарасак, икки ҳисоб – бир ҳисоб. «Иттиҳоди ислом»нинг асл мақсади бирлашиш эканлигини партияси номидан сўзлаган миллатпарвар масъул котиб билан мударрис Зуҳту афанди ўртасида қандай фарқ бор? Қўрқаманки, Сариованинг каттадан-кичик ҳамма маъмурлари, барча нуфузли, қувватли ва зиёли одамлари янгиликни ва миллатни худди шундай тушунадилар. Уларнинг ҳаммаси мударрис Зуҳту афандининг умидига кўр-кўрона қурол бўлган ўйинчоқлардир. Ҳақиқатда қасабани идора этувчи нарса – ўша софталикдир. Икки кун аввал ўз кўзинг билан кўрдинг, Расим. Она тили дарсларимизни программада «Туркча» дея ёзганим учун маориф мудири оз қолди мени мактабдан қувиб юборишига. Шундай бир мамлакатда энг юксак маориф маъмури тилимизнинг отини айттирмайди, Лисони Усмония дейишнинг ўрнига «Турк тили» деб айтсак буни бир жиноят деб ўтирса, бу мамлакатни идора этган ҳукуматни миллатпарвар ҳукумат дейиш мумкинми? Шунинг учундирки, мен ожиз ва мияси айниган софталарни бу янгилик тарафдорларидан кўра хавфсизроқ деб биламан. Эскиликдан қийшайиб чўка бошлаган мадрасани дастаклар, ғишт тирговучлар билан тузатиб оладиган бўлсак, уни яна талай йилларгача бошимизга бало этган бўламиз.
Бу Расим афанди оз вақтнинг ичида Шоҳин домланинг энг суянган дўстига айланиб қолди. Икковлари ҳам бўйдоқ эдилар. Маориф мудири уларга мактабнинг тепа қаватидаги бир хонада ётиб юришларига ижозат берганди. Бино жуда эски эди. Бўронли кечаларда тинимсиз қисирлар, тебранар, тўрт бир тарафидан шамол кирарди. Шоҳин афанди деворларга, деразанинг тирқишларига эски газета-қоғозлар тутиб қўйганди. Мадрасадаги ҳаёти оёқ-қўлини чаққон қилиб қўйганди. Мактабдан бўшаган заҳоти хотинлардек овқат пиширар, кир ювар, ямоқ тикарди.
Бозордан иккита эски темир каравот сотиб олишиб, қарама-қарши ўрнатиб олишди. Икки дўст ухлашдан аввал каравотларига узала тушиб ётиб олишар, соатларча китоб ўқишар, эртаси кунги дарсларига ҳозирлик кўришарди. Баъзан улар ёнбошлашиб олишиб тирсакларини ёстиққа, бошларини кафтларига тирашиб роса дардлашишарди. Расим афанди урушга кетмасдан аввал бошидан бир ишқ савдоси ўтган эди. Ҳатто бир оқшом кўнгилли бўлиб ёзилишига сабаб озгина бўлса ҳам севган қизини йўқотгани эканлигини уялибгина эътироф этганди. Энди бу яра битиб кетганди. Фақат ўзига тинглашга вақти бўлган сокин ва ёлғизлик соатларида ярадор оёғидаги мана шу битиб кетган ярадай унинг ҳам енгил-енгил оғриётганини ҳис этар, дўстига бошидан кечган ишқ савдосини бирма-бир ҳикоя қилиб берарди.
Шоҳин афанди севгининг нима эканлигини билмасди. Аммо дўстининг чуқур дардини ҳис этар, шу сабабдан унга жон-жон деб қулоқ тутар, ўзини ҳамма нарсага тушунаётган кишидек қилиб кўрсатарди.
Баъзан хавотирга тушар, ёш дўстининг бир хотинга бўлган туйғуси, майл ва афсуслари уларнинг асосий мақсадларига – асл буюк ишққа зарар келтиришидан, уни озми-кўпми майдалашидан қўрқар эди. Суҳбат жуда узайиб кетса, Шоҳин афанди моҳирлик била мавзуни ўзгартирар ва зеҳнининг азалий собит фикрига уни қайтарарди.
Қаршиларидаги тепаликда бир авлиё мақбараси бор эди, ётган жойларидан кўриниб турарди. Ухлаш учун хоналаридаги шамни ўчирган вақтларида мақбаранинг яшил қандили, узоқдан ялт-ялт этиб кўрина бошларди.
Баъзан шу нур ҳам Шоҳин афандининг эскирган жононини ҳасрат билан эслатгандай бўларди.
Ётган жойида ўзига ўзи:
– Оҳ, бу инсонлар… Асрлардан бери ичимизда яшаётганлари учунми, қон-қонимизга сингишиб кетганлари учунми, нега шунақа? Баъзи ваҳмларимизни бўйнимиздан, қалбимиздан тамомила узиб улоқтиролмаймиз. Ўлгандай кўринади… Аммо бир ҳорғинлик, тушкунликка тушган пайтларимизни топгандай, яна у қайтадан бутун фикри-зикримизни чулғаб ола бошлайди, – дея безилларди. Кейин бу таҳликани ўзидан даф этмоқ учун, ётган ерида талай вақтгача у ёқдан-бу ёққа ағдарилар, тўлғанар ва наҳоят, эндигина уйқуга кетаётган дўстига такрор сўз қотиб, гапга тушиб кетарди:
– Мана шу мақбаранинг яшил қандилига қара, Расим. Мадрасанинг илм ва зиё деган нарсаси мана шу нурга ўхшайди… Бу нур инсонга ғамгинлик ва умидсизлик келтирадиган худди шундай мозорларнигина ёритади… Нур қаерга бориб етмасин, ўша ердаги ашёнинг шаклини, рангини ўзгартиради, ҳар нарсани қўрқинчли ваҳмлар ва хаёллар шаклига солади… Бу нур шунчалик ожизки, саккиз-ўн қадам нари ўтмасингдан яна зимистонга дуч келасан. Биз асрлардан бери нур деб, мана шу яшил кечанинг ичида яшаб келдик. Мен ёруғлик деб шундай нарсани айтаманки, беш-олти соатдан кейин янгитдан чарақлаб чиқадиган қуёш каби ҳар ерни, ҳар гўшани кўзни қамаштирадиган қимматбаҳо тошлардек ялтилловчи нурларга кўмиб ташласин. Бу яшил кечага барҳам берадиган кун биздан, янги мактаб деган шу бўлмагур, қоронғи вайрона ичидан чиқади.
Ёш муаллим ҳозиргина бошланган уйқунинг ширин кайфи оғушида кулимсираганича:
– Гўзал, аммо яна уйғоқ ётаверсак, эртага бу вайрон янги мактаб ўз вазифасини ўтолмаса керак, – дер эди.
Шоҳин афанди жавоб бермай жимиб қолар, бир оз аввал айтгани: жавҳардай ялт-юлт қилаётган ёруғликка кулимсираганча уйқуга толарди.
VI
«Амир Дада» қасабанинг энг гавжум бошланғич мактабларидан бири эди. Уч юзга яқин талабаси, саккиз ўқитувчиси бор эди.
Қирқ-эллик кунлик бир текширишдан сўнг Шоҳин афанди шундай хулосага келди:
– Саккиз ўқитувчидан бири тамомила ишонса бўладиган бир дўст… Иккиси қоронғи фикрли, лекин соф ва қобилиятли ёшлар, ғайрат қилсам, тез орада бошланғич мактабнинг икки мукаммал ўқитувчиларига айланишади… Тўртинчиси, шахсиятсиз, истеъдодсиз, на яхши, на ёмон бир навқирон. Бугун нўхта софталарнинг қўлида бўлгани учун зарарли кимсага ўхшаб кўринади. Аммо унинг табиати шундайки, қаерга тортсанг ўша ёққа кетаверади. Буни дастлабки кичик тажрибаларим билан тушуниб олдим. Уни одам қила олмайман, лекин яхши идора этсам, мақсадимга хизмат қилдирадиган бир ҳолга келтира оламан. Қолган тўрттови афтидан зарарли ва ғаламис шахсиятлар. Демак, тўрт киши у томонда, тўрт киши биз томонда… Агар ўзимни ҳам қўшиб ҳисобласам, аксарият биз тарафда… Бу, ҳар ҳолда, кишини умидлантирувчи бир нарсадир…
Ўқувчиларга келсак, бу уч юз бола ичидан ҳар йили истаганимдай ўн кишини яхшилаб тарбиялаб етиштирсам; саккиз-ўн йил ичида ҳақ ва ҳақиқатнинг кучи билан Сариовада у-бу нарса дейишга қодир бўлган, мударрис Зуҳту афандининг илдизини озми-кўпми қирқа оладиган бир авлод етиштираман.
* * *
Шоҳин афандини Сариовада энг ташвишлантирган ва кўп ўйлашга мажбур қилган нарса бино масаласи бўлди.
Мактаб биноси аянчли бир ҳолда эди. Бугун томининг бир тарафини тузатишса, эртасига нариги томонидан чакка ўта бошларди. Деворлар пиллапоялар, тирговучлар ёрдамида зўрға турарди. Таъмир учун икки йил ичида кетган пулга яп-янги бино қурдириш мумкин эди. Ҳолбуки, вақф идораси ҳам маорифга яхшигина бир ердан етарли майдон ажратиб берган эди.
Шоҳин афанди янги қурдиришни ҳозирги қилинадиган ишларининг энг аҳамиятлиси деб билиб, идорама-идора юра бошлади. Бугун мутасаррифга бош урар, эртасига масъул котибга, индинига эса Зуҳту афандига ялиниб-ёлворарди. Зўравонлик билан бирор яхши натижага эришиш қийинлигини билгани учун, ҳар кимсанинг кўнглига йўл топишга ҳаракат қиларди. «Домлалар доимо зимдан кураш олиб борганликлари, қўлларидан қувват кетиб қолган кезларда рижо ва ниёз йўлларини тутганлари учун доимо можаролар устида ҳакам бўлиб қолдилар, – дерди. Демакки, мен ҳам уларга қарши очган бу курашда худди ўша қуролдан фойдаланишим даркор. Масалан, Зуҳту афандига бир оз ялинсак ялинибмиз-да, бунинг ҳеч бир зарари йўқ. Келажакда ўзининг эски кулбаларини яксон этажак янги қалъани унинг ўз қўли билан бунёд қилдиришга муваффақ бўлинади».
Шоҳин афанди Сариовага келганидан бир неча ойлар кейин янги бир нарса кашф этди. Илк келган куни маориф мудирининг хонасида танишган эчкидай ориқ, кўримсиз софтани баъзан мутассарифнинг аравасида, баъзан фирқа масъул котибининг ёнида, баъзан маҳкама доирасида кўрарди. Бундан ташқари у барча мадрасаларга, дарвешлар йиғилиб турадиган такяларга, машҳур шахсларнинг уйларига кириб-чиқиб юрарди. Уни ҳамма ерда бир хил ҳурмат билан қарши олишарди.
Шоҳин афанди Ҳофиз Айюб деган бу унвонсиз, кўримсиз софтанинг нуфузли бир одам эканлигини, маориф мудирининг хонасидаги ўтириши ва сўз сўзлашидан сезган эди-ю, аммо бу даражадалигини тасаввур этмаганди. Шунинг учун у киши билмас текширув олиб борди. Ўрганган ва кўрган нарсаларини бир-бирига таққослади ва шундай хулосага келдики, бу одам қасабанинг яширинган руҳидир; эски ва янги домлалар орасидаги тортишувларни асосан у идора этади; эскилардаги яширин норозилик – ҳеч бир вақт шиддатли тус олмаса ҳам – замон-замонда мубҳам, қўрқинчли шовқин-сурон ҳолига келиши жўшқин масъул котибни англашилмас бир даҳшат юки босиб қўйиши, ҳукумат ва маҳкаманинг – бекорга ишлаган бир пароход чархидай – қанчалик зўр бермасин, бирор иш чиқара олмаслиги – шуларнинг бари унинг қўлида эди… Катта қабристоннинг бир гўшасидаги кулбасида ҳануз ўлмаган бир авлиё ҳайбатли дарвеш ва ваҳший баҳодирлардан Урфий отага4343
Урфий ота – Орфей. Қадимги юнон афсоналарида қўшиқчи баҳодир. Унинг қўшиқлари таъсирида ёввойи ҳайвонлар уяларидан чиқиб, унга эргашарди, дарахтлар ва қоялар жойларидан силжирди.
[Закрыть] фақат у вақти-вақти билан қасабани даҳшат ва ҳаяжон ичида титратиб машҳур рўёларини кўрсата олар эди.
Нимаям бўлди-ю, кунлардан бир кун қасабанинг энг қўли баланд, баобрў кишиларидан бирининг ўғли билан мадрасанинг бир талабаси ўртасида арзимаган қандайдир нарсадан жанжал чиқиб, йигит қўлидаги қамчиси билан софтанинг бошига тушириб қолди.
Талабалар буни: «Саллаликларга қарши жиноий ҳаракат», – деб ҳисобладилар ва ҳукумат уйининг олдида шовқин-суронли намойиш қилдилар. Улар жиноятчининг «амсолина ибрати муассира ташкил қилиб» жазо берилишини талаб этдилар.
Мутасарриф софталарнинг вакиллари йигитнинг устидан ҳеч қандай жиноий иш қўзғалмаслигини ва лекин уни албатта қонун йўли билан жазолашиии айтди. Бу жавоб талабаларни бутунлай ақлдан оздирди. Такбир тушириб, илоҳийлар ўқишиб фирқа марказига қараб кетдилар. Мударрис Зуҳту афанди бинонинг айвонидан ҳайбатли товуш билан таъсирчан бир хутба ирод қилди.
Намойишчилардаги ҳаяжон бир оз сўнгандай бўлди. Аммо масъул котибнинг сўзга чиқиши ҳамма ишни барбод этди. Жобир бей болқонликларнинг мусулмонларимизга қилган зулмлари: эркакларнинг қўлларини, оёқларини, бурунларини, оғизларини, хотинларнинг кўкракларини қандай кесганларини, ҳомиладор хотинларнинг қоринларини қандай ёрганларини, ҳали сочи чиқмаган гўдакларни азоблаганларини тушунтиргандан кейин. Булар фақат аҳли ислом орасидаги нифоқ ва ихтилофдан келиб чиқди. Талабаи улумдан бўлган афанди қариндошимизга ҳужум қилган киши ҳам бир диндошимиздир. Унинг ҳам феси остида бир мусулмон калласи бор. Мусулмонлик фақат саллада эмас. Нима учун ўқитувчининг бошига уришса аччиғингиз чиқмайди-ю, саллаликни бир уришса, қизиққонлик қиласиз? – дея бақирди.
Мударрис Зуҳту афанди бирдан Жобир бейнинг қўлидан шиддат билан тортди. Унинг ўзи ҳам хатога йўл қўйганини сезиб қолганди. Лекин на чора, ўқ ёйдан чиққан эди.
Оломон ичида яна тўлғаниш бошланди. Бир неча жўшқин софта бақириб-чақириб, жавоб қайтариш истагини билдирди. Бироқ намойишчиларнинг бошлиқлари уларни жим қилишди.
Жаҳл устида тезлик қилиб фирқанинг масъул котибини жазолаб қўйсак, тағин бошимиз устида ўттиз биринчи мартнинг момақалдироғи қайтадан гулдираб қолмасин, деб қўрқишди. Майдонга қўрқинчли бир сукунат чўкди. Қонли юзи девордай оқариб кетган Жобир бей, сўник товуш-ла, хатосини тузатишга ҳаракат қилар, аммо айтмоқчи бўлган фикрини баён этолмай, бутунлай янглишиб кетган ва «Ёшлик, нур, дин, душман, ҳамият, куч», – дея, тушуниб бўлмайдиган аллақандай нарсалар ҳақида ғўлдирар эди.
Масъул котиб қулоқларига уруш суронларидан ҳам даҳшатли ва ҳайбатли туйилган бу сукут пайтида айвонни тарк этгач, оломон сассиз-садосиз ён кўчаларга тарқалиб кетди.
Аммо софталар жаҳлдан тушмас, саллалиларга бўлган ҳужумни ҳазм этолмас эдилар. Мадрасаларда шовқин-суронли музокаралар бўлиб турар, талабалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб олишиб бозорларда сандироқлашишар, майдон атрофидаги қаҳвахоналарда тўпланишиб, феслиларни жангга чақиришарди.
Мадрасаларнинг ҳукуматга ва фирқага қарши бош кўтаришлари муқаррар эди. Аммо аҳоли билан ораларида арзимас бир тўқнашув рўй бергани ҳолда – шамолли кунда ёнғин чиққани каби – дарҳол қасабада жуда катта жанг чиқишига шубҳа йўқ эди.
Сариова ҳаяжон ичида эди. Обрўли мударрислар ва домлалар софталарни босиб қўйишга хўп уриниб кўришди. Лекин бўлмади.
Бу аснода бир оқшом Ҳофиз Айюб афандининг шаҳар чеккасидаги Қодирий такясига меҳмон бўлиб кетаётганини кўриб қолишди.
Шайх Ноки афанди Сариованинг энг ҳурматли одамларидан эди. Такясининг атрофида талайгина ерлари бор эди. Қизини икки йил бурун қасабанинг жандарма қўмондони Убайд бейга узатганди.
Убайд бей Македонияда йилларча серб ва булгор уюшмалари4444
Серб ва булғор уюшмалари – Усмонли империясининг Европа қитъасидаги ерларида миллий озодлик ҳаракатларига бошчилик қилган уюшма. Халқ орасида Чете деб аталувчи партизанлар отрядини тузишиб, 1908 йилги иттиҳодчиларнинг революциясида актив иштирок этишганди. Аммо революциядан кейин ҳокимият бошига келган иттиҳодчилар берган ваъдаларига қарамай, Македонияда славян халқларига автономия бермадилар ва Четечилар ҳаракатини шафқатсиз равишда бостирдилар.
[Закрыть] билан шуғулланган жуда ўтакетган дағал бир жандарма офицери эди. Қасабада ишсиз қолдими, вақтини хушлашга кетадиган овчиларга ўхшаб, тоғларга қароқчиларни тутгани чиқиб кетарди. Яна шундай бир иш учун бир ҳафтадан бери чегарадаги вилоятлардан бирида бўлган Убайд бей Ҳофиз афандининг такяга қилган зиёратидан йигирма тўрт соат кейин аскарлари билан Сариовага қайтиб келди. Мозорнинг паст томонидаги майдонликда бир отиш таълими, кейин эса кўчалар бўйлаб кичкинагина ҳарбий юриш машқини ўтказди.
Орадан бир неча соат ўтар-ўтмас, қасабадаги ҳаяжон ўз-ўзидан сўнди, софталар эса индамасдан ўз гўшаларига кириб кетишди. Шоҳин афанди бу бир неча кунлик тўполонда Ҳофиз Айюбнинг қўли борлигини аниқ кўрди.
Ҳукумат вақти-вақти билан қуруқ бир гапдан иборат бўлган Уйғониш сўзига ҳаддан зиёда инониб, софталарга паст назар билан қарай бошлаганда, масъул котибнинг улуғворлиги ошиб кетганда, уларни бир бундай сиқиб, терлатиб қўйиш амри вожиб эди. Кейин-чи? Кейин софталарнинг бу зарурий намойишларга бўлган истакларини кесиб қўйиш учун ҳам яна ҳукуматнинг кучидан фойдаланар эди. Шоҳин афанди, ўз дўстига бу Ҳофиз Айюбдан баҳс этаркан:
– Тўғрисини айтганда, у жуда қўрқинчли одам, – дерди. – Мударрис Зуҳту афанди ҳақидаги илк фикримни ўзгартирдим. Бу одам Ҳофиз Айюбнинг бир қўғирчоғидан бўлак нарса эмас… Бугунги сиёсат учун масъул котибнинг ёнида Зуҳту афанди каби одам бўлиши лозим. Борди-ю, эртага иш бош қача тус олса, Зуҳту афандига биринчи тошни отган мана шу Ҳофиз афанди бўлади… Муайян бир маслак билан ўртага чиққан Зуҳту афанди бирор воқеа натижасида йиқилса борми, бу Ҳофиз Айюб янги замин ва замонга уйғун бир бошқа одамни ўртага суриб чиқаради; ўзи эса доимо сояда ва масъулиятни ҳис этмайдиган чегаранинг нарёғида қолади. Бу Зуҳту афандиларнинг бир қанчасини мен Истанбулда кўрганман. Тентаксифат бир кўриниш ва иқбол ҳирсидан, бўш бир ғурурдан бошқа нарсалари йўқдир. Ҳофиз Айюб кабилар уларни керагича мешдек қилиб шишириб, шундай қўрқинчли, кемага чиқиб қолган арслонлар шаклига келтириб, ўртага чиқарадилар. Кейин эса ишлари битгач, баллон каби сўндириб, бир бурчакка итқитиб ташлайдилар.
* * *
Шоҳин афанди янги бино қуриш учун ҳукуматга, фирқага, маҳкаманинг раиси ва мажлисига, маҳаллий бойларнинг энг катталарига ёрдам сўраб мурожаат этди. Лекин улар аввалига бу ишга унчалик аҳамият бермадилар. Аҳамият беришни истамадилар ҳам. Ҳатто баъзилари «Амир Дада» бош муаллимини жуда ёмон қарши олдилар. Аммо Шоҳин афанди катта ғайрат ва муғамбирлик билан ўз ташаббусларини давом эттирди, кимга Оллоҳдан, кимга илмдан, кимга эса миллат ва ҳамиятдан баҳс юритди.
Натижада уларнинг барчаси айри-айри бу хайрли ташаббусга ёрдам қўлини чўзишга рози бўлишди. Айниқса, маҳкаманинг раиси Салим пошо рақибларидан бир маҳаллий бойнинг мактаб учун анчагина пул бериб қўйишига йўл қўймаслик ниятида қуриладиган бинонинг ҳамма ғиштини етказиб беришни ўз бўйнига олди.
Таажжубки, бу ишда Шоҳин афандининг ташаббусини энг очиқ юз билан қарши олган ва унга энг қулай ёрдам қўлини чўзишни ваъда қилган Ҳофиз Айюб бўлди. Лекин бош муаллим бунга шубҳа билан қаради ва дўсти Расимга шундай деди:
– Айтди дерсан, Расим, бу одам, ҳали кўрасан, ишнинг хуржунини чиқаради… Бизни кўп ташвишларга солади… Ҳеч бўлмаганда, бу ерларга янги келган, мақсад ва умиди мажҳул бир одамнинг шундай катта бир ишни ўз ташаббуси билан бошқариб нуфуз қозонишини истамайди ҳам, кўролмайди ҳам.
Орадан бир оз вақт ўтгандан кейин Шоҳин афандининг тахмини тўғри чиқди: иш жараёнида бирин-сирин ҳар хил катта-кичик масалалар, қийинчиликлар чиқа бошлади. Буларнинг биринчиси лойиҳа масаласи бўлди. Маҳкаманинг мажлиси «Янги мактаб»нинг лойиҳаси ҳақида бирор-бир қарор чиқармас ва иш ўзидан ўзи негадир чўзиларди.
Шоҳин афандининг танлаган лойиҳаларига ҳар тарафдан эътирозлар ёғиларди:
– Буларнинг ҳеч бири ислом ва турк меъморчилигига мос тушмайди. Шундай бир шакл топиш керакки, янги мактаб биноларига қўйиладиган талаблар билан эски турк ва ислом меъморчилигининг сифатлари бир-бирига уйғун бўлсин.
Бу лойиҳа масаласининг ойдан ойга узайиб кетажагини, балки маълум вақт ўтгач, ҳақиқий ташаббуси бутунлай сувга ғарқ бўлишини кўрган Шоҳин афанди у идорадан бу идорага югура бошлади, аммо дардини ҳеч кимга тушунтира олмас эди.
Қасабада Нажиб исмли бир маҳкама муҳандиси бор эди. Шижоатли ва ўта тез бир одам бўлганлиги учун «Тентак» деб танилган эди.
Шоҳин афанди унинг бу «Тентак»лик шуҳратини қисман бўлса-да, тезда тушуниб етди: у юксак ва очиқ фикрли, завқи баланд бир одам эди.
Бир куни кечаси Шоҳин афанди билан Расим ухлашгандан кейин шу Нажиб тентак мактабга келди; аввалига у роса қўнғироқни жиринглатди, ҳеч ким жавоб бермагач, бир тошнинг парчаси билан кучининг борича тарақлата бошлади.
Уйқу аралаш нима бўлаётганига тушунолмай, каравотидан сапчиб туриб кетган Шоҳин афанди кўчадан бир товушнинг:
– Лочин бей, ғафлат уйқусидан уйғон… Мен келдим, – дея бақирганини эшитди.
(Нажиб тентак Шоҳин афандини Лочин бей деб чақирарди. Бир куни кафеда икковлари ўтиришганда Шоҳин афандининг баъзи фикрлари унга маъқул тушганди. Шунда у: «Сенга Шоҳин исми ярашмайди. Ким қўйди сенга бунақанги беўхшов отни. Шоҳин деганда хаёлим бузилади, сени керагича аҳамият билан тинглай олмайман. Исминг албатта қуш исми бўлишини талаб қиладиган бўлсанг4545
Шоҳин – лочинназар дегани, шунга шама қилаётир.
[Закрыть], сени Лочин деб чақирай», – деганди.)
Шоҳин афанди чироқни ёқди, тунги пахмоқ кўйлагининг устидан ёзлик пальтосини елкасига ташлади-да, пастга тушди.
Нажиб тентак ичкарига отилиб кирди. Унинг қўлида портфели ҳам бор эди. У шоша-пиша зиналардан кўтарила бошлади. Орқасидан зўрға етиб келаётган Шоҳин афандига: «Чироғингни тузукроқ тутсанг-чи… Нима, қоронғиликда йиқилиб, бошимни ёриб, кўзимни чиқармоқчисан?» дея бақирарди. Расим ҳам аллақачон уйғонганди.
Нажиб тентак портфелини очиб, ўртага бир лойиҳа ташлади-да:
– Мукофотимни беринглар, – деди. – Ҳар қандай кишини ҳам мамнун этадиган, дарҳол қабул қилинадиган бир лойиҳа…
Шоҳин афанди лампани яқинлаштириб, лойиҳадаги рангли чизгиларга бир кўз ташлади-да, ҳайрат билан:
– Яша, азизим, бу жуда ажойиб бир нарса, – деди.
Нажиб тентак унинг қўлини сиқаркан, кула бошлади:
– Кўзингни оч, Лочин бей… Уларнинг қадимги меъморчилигимиз деб айтаётган мадраса меъморчилиги билан янги мактаб меъморчилигини аралаштирдик ва бирлаштирдик, бир шоҳ асар вужудга келтирдик… Орзуингга етдинг ва ҳайратдасан. Ҳали қараб тур, бу – бир овоздан қабул қилинади… Қуббаларига, равоқларига, деразаларига қара… Бунга ҳар қандай одамнинг оғзи очилиб қолади! Ҳей, жоним, ҳей!..
Шоҳин афанди муҳандисни сархуш деб ўйлади. Шу сабабдан унга ҳазил жавоб қилмоқчи бўлиб турганди, аммо у бирдан жиддий тус олиб:
– Лочин бей, бу ўтган куни сен билан ўйлаб-ўйлаб маъқул топган лойиҳамиз, – деди.
– !!!
– Фақат бу лойиҳани тўғридан-тўғри қабул эттиришнинг имкони бўлмагани учун ҳийла-найранг ишлатамиз. Ўша нусхаларга бир ўйин кўрсатамиз. Ташқи кўринишга кўра бу лойиҳани бир оғиздан қабул этишади.
Ишончим комил… Жуда нари борса Карим муҳандис эътироз билдириши мумкин. Унга ҳам бир фитнани шама қиламан: «Менга қара, биз сен билан неча йиллик оғайнимиз. Агар ишнинг жиришини бузадиган бўлсанг, Худо ҳаққи, ёғчининг уйига хотинбозликка кетган кечаларингдан бирида орқангга тушиб, тутиб оламан-у, сени софталарга обдан, оқингни оқ, кўкингни кўк қилиб саватаман», – дея таҳдид қиламан.
Шоҳин афанди ҳанузгача муҳандиснинг мақсадини тушунолмас, буни унинг тентакнамо сафсаталаридан бири ҳисоблаб, куларди.
Нажиб бир қўли билан лампа тутиб, нариги қўлидаги қўрғошин қалами билан лойиҳа юзасидан изоҳлар бера бошлади:
– Бу лойиҳа, биз маъқул топган лойиҳадир. Аммо, қара, нима ҳийла қилдим. Лойиҳадаги мана шу пастаккина икки қаватни кўряпсанми?.. Қамоқхона деразалари каби деразалар. Худди истаган нарсалари!.. Мен ҳисобда шу нарсани назарда тутдимки, қурилиш ишларини бошлаб юборганимизда лойиҳада кўрсатилганидан ҳам пастак, деярли яроқсиз икки қават бўлиб чиқади-ю: «Нима қилайлик, ҳисобда бир янглишлик бўлибди. Бузиб ташлашга одамнинг кўзи қиймайди, яхшиси, буни бир қават қилиб ишлаймиз!» – дейман. Икки қаватни бир қилиб бирлаштирганимиздай уйнинг заминини ҳам юқорига кўтарамиз, бу лойиҳада кўрсатганим эшикни ертўла эшигига айлантириб, мана бу ердан бир умумий катта эшик очамиз… Икки қаватдаги қамоқхонаникига ўхшаш тор деразаларни ҳам бирлаштириб, кенгайтирамиз, натижада, ҳавоси мўл, қуёш нурларига бой, мусаффо бир синф хоналарига эга бўламиз. Расмда кўрсатганим манави қуббани ҳам техника жиҳатидан қурилган деворлар кўтаролмас экан деб, уни йўққа чиқарамиз… Унинг ўрнига оддийгина бир том қурамиз… Худди шу йўсинда расмдаги манави равоқлар ҳам айвонга айлантирилади. Нима қилайлик, лойиҳа тузишаётганда янглишиб кетишибди деймиз… Ахир, ҳаммамиз ҳам Оллоҳнинг бандаларимиз. Бандаси ҳеч пайтда беайб бўлганми? Бошқа нарсаларниям шундай олиб борамиз. Эҳ, Лочин бей, лойиҳамизни шу алдамчи шаклига, турли бўёқларнинг остига яширгунимга қадар, ўзиям тоза миямни шиширдим… Бу ҳийланинг тагига кейинроқ бориб, тушуниб қолишади-ку, аммо иш битган бўлади. Оғаларим ўзларининг нақадар чув тушганликларини эътироф этишдан чекинишади, деб ўйлайман… Ахир, ўйинқароқ болаларнинг ҳам ичида мағрурлари бўлади… Борди-ю, иш чаппасига айланса, мени нима ҳам қилиша оларди? Оллоҳнинг бир ипсиз дайдисидан тўлов олиб бўлармиди?.. Қасабадан қувадилар, улар биздан, биз ҳам улардан қутуламиз… Эҳ, Лочин бей, қаердан тушдинг бу қўпол нусхаларнинг орасига?
Улар яна бир оз вақт лойиҳа хусусида суҳбатлашдилар. Шундан кейин Шоҳин афанди ўзининг буюк режасини аста-аста бу дўстига ҳам оча бошлади.
Нажиб уни тингларкан, борган сари жиддийлашар, ҳар куни битта-яримта кишига нисбатан минг турли телбалик ва сафсатабозлик қиладиган ёш муҳандис оғир, шу билан бирга бир оз маҳзун бир одам қиёфасига кириб борарди. Соатлар ўтди, кеча тугади. Уларнинг дардлашишлари ҳамон тугамасди.
Шоҳин афанди уни кўча дарвозасига кузатиб чиққанида уфқ оқара бошлаган эди.
Бундан бир неча соат аввал кишандан бўшанган бир жиннидай мактабга тўс-тўполон билан кириб келган Нажиб, сокин ва тотли бир табассум билан:
– Мен сизни уйқудан қўйдим, безовта бўлдингиз, – деди.
Шоҳин афанди худди шундай табассум билан унга жавоб қайтарди, ёш дўстининг қўлини қўллари орасига олиб сиқаркан:
– Биз бир кеча йўқотдик. Аммо бир иттифоқдош дўстга эга бўлдик. Зараримиз билан фойдамизни бундай чоғиштириб кўрсак, фойдамиз анча кўпдир, – деди.
Юқорига чиққач, ортиқ ётишни истамади ва эрталабки чойни қайнатмоқ учун газ ўчоғини ёқди. Ичидаги севинч унга чарчаганлигини ҳис эттирмасди.
Тахминининг бири анча тўғри чиқди. Ўйлаб қўйган нарсасини амалга оширмоқ учун муҳтож бўлган мусбат фикрли ва ниятлари пок маслакдош одамларни фан кишилари орасидан қийналмасдан топиши мумкин эди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?