Электронная библиотека » Рашод Нури Гунтекин » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Яшил кеча"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рашод Нури Гунтекин


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +
IV

Сариова…

Шоҳин афанди бу қасабани қандай тасаввур этса худди ўшандай чиқди. Кўз томонидан исмидай сарғайтирилган тақир текисликнинг3434
  Исмидай сарғайтирилган тақир текислик – «Сариова» – сариқ текислик дегани.


[Закрыть]
охирида тоғ ёнбағрига тирмашган эски бир қасаба… Атрофини текислик тарафидан ингичка бир дарё, нарёқ томонларидан эса қалин сарв дарахтлари ўраб олганди… Сарвларнинг анча юқорисида бир эски қалъа харобаси…

Шоҳин афанди узоқдан қасабани таниди. Кўнглида қўрқув аралаш севинч ҳаяжони жўш урди. Ғурур билан кулимсираб ўзига ўзи:

– Ана, бизнинг жанг майдонимиз ҳам кўриниб қолди, – деди.

Эски бир тош кўприк билан дарёни кесиб ўтилгандан кейин фақир маҳаллаларга кириларди ва шу ердан камбағалликнинг бутун даҳшати, чиркинлиги бошланар эди. Қаёққа қараманг, эгрибугри кўчалар, мағзава ва ҳар хил бўлмағур нарсалар оқизилган ифлос сувли ариқлар, ариқлардан сал нарида ифлос итлар билан ўйнаётган ярим яланғоч болалар… Ярмигача ерга кириб кетган, томи эса сомонли лой билан сувалган деразасиз кулбалар… Кўп кулбаларнинг очиқ турган эшикларидан буруқсаб тутун чиқаётир. Бошлари ямоқ солинган латта-путталарга ўралган, яланг оёқлари ифлос бўлиб кетган хотинлар… Эски бўйра парчалари устида қуёшда исиниб ўтирган устухон сингари чоллар. Кичрайиб кетган чолларни эслатувчи, юзларидаги яраларига пашшалар қўнган, қоринлари шишган, маймоқ, нимжон гавдали болалар…

Булар Шоҳин афанди билмаган, кутмаган нарсалар эмас эди. Закотчилик юзасидан Онадўли бўйлаб кезаркан, бундан баттар нарсаларни ҳам кўрган эди.

Шунга кўра қасаба дейилганда, зотан ақлга бошқа турли нарса келмасди.

Лекин у Сариованинг ичкарисига бориб бой маҳаллаларни кўришини ҳам биларди.

Таассубнинг, жаҳолатнинг натижаси бўлган камбағаллик ва бахтсизлик у маҳаллада ҳали очиқдан-очиқ ўзини кўрсатмаганди; замон ва макон ичра баъзи инсонларнинг ёмонлиги, тарбиясизлиги бир парда орқасига яширинганди. Яраларнинг у ерларда янада катта куч билан шифо қилинадиган, анчайин бошқача йўллар билан аниқланадиган аломатлари бор эди. Аммо бу чет маҳаллалар хаста вужудларнинг тери қисмларига ўхшар, ичкаридаги патос бутун даҳшати билан бўлакча ёрилиш берарди. Шифосиз юравериб сасиб кетган, авж олган яралар, чипқонлар ўзини кўрсатарди.

Шоҳин афанди фикрлари ва дунёқарашлари ўзгарган бўлишига қарамай, асосий майлларига кўра барибир қисман софта бўлиб қолишга маҳкум этилган эди. Инонган нарсаларига ва танқид қилиб бўлмас мутлақ ҳақиқатларига боғланган эди. Бу билими чекланган оддий ибтидоий мактаб ўқитувчиси ҳавас қилса арзийдиган донолик билан ўзига ўзи:

– Булар – ҳам мактабсизликнинг, ҳам мамлакатни асрлардан бери зулматга ва қопга бўққан яшил кечанинг мевалари. Бу дардларга аниқ фанлардан бўлак чора йўқ, – дер эди.

Сариовага келган илк оқшомдаёқ бир тасодиф, Шоҳин афандини қасабанинг энг ҳурматли одамлари билан учраштирди: салкам ҳамма мулкия3535
  Мулкия – кичик амалдорлар тайёрлайдиган мактаб.


[Закрыть]
, маориф, адлия маъмурлари, шаҳар маҳкамасининг ходимлари, жандарм ва полициянинг катталари, ниҳоят, уламо ва маҳаллий бойлар…

Бундан бир неча кун аввал Ҳожи Салим пошо деган бир маҳаллий бой киши шаҳар маҳкамасига раис бўлиб сайланганди. Шу муносабат билан шаҳар маъмурларининг доирасида катта бир зиёфат берилаётган эди.

Шоҳин афанди ўзи билан кўтариб келган юкини карвонсарой хонасида қолдиргандан кейин тўғри маориф мудирининг олдига кириб, унга буйруқномасини кўрсатди.

Мудир кетмоқчи бўлиб турган эди. У ёзув столининг тортмаларини қулфлар экан, қоғоз ташланадиган қутичанинг ёнида турган бир маъмурга шоша-пиша буйруқлар берарди.

Аввало Шоҳин афандининг келтирган буйруқномасига, сўнгра чеҳрасига ва усти-бошига шундай бир назар солиб чиққандан кейин:

– Хуш келибсиз. Бугун келдингизми? Қаерда қўндингиз? Ҳойнаҳой, йўл харжи пулларини Истанбулдан олгандирсиз. Бола-чақангиз борми? Ёки бўйдоқмисиз? – деди.

Жавобларига қулоқ солишни лозим топмай, шоша-пиша ҳалиги саволларни бергандан кейин, яна сўзида давом этди:

– Эртага эрталаб келинг, сиз билан гаплашадиган нарсаларим бор. Ҳозир мен бир жойга шошиб турибман. Балки бу оқшом шаҳар маҳкамасида берилаётган зиёфатда бир оз суҳбатлашишга фурсат топарсиз. Табиий, зиёфатга келасиз, шундай эмасми?

Шоҳин афанди, қандай зиёфат, деб сўрамади. Чунки қасабанинг бу жуда аҳамиятли ҳодисасини карвонсаройга қўнар-қўнмас хона хизматчисидан билиб олганди. Шунинг учун у содда:

– Каминангизда ташрифнома йўқ, – деди.

Шу пайт Шоҳин афанди орқасида кимнингдир касал эчкининг йўталига ўхшаган бир товуш билан кулганини эшитди. Бошини ўгирди. Бурчакдаги каттакон креслонинг ичида йўқ бўлиб кетган кичкинагина бир ўқитувчини кўрди. Сийрак жингала соқолли, юзи рангсиз бир одам эди. Унинг юзи шу қадар рангсиз эдики, агар ҳар замон-ҳар замонда ёниб турувчи кўзларини айтмаса, одам уни ўлаётган бир хаста деб ўйларди.

Ўқитувчи кулишдан тўхтагандан кейин:

– Ташрифнома! У ўзи қандай калима, нури дийдам, – деди. – Шаҳарчамиз Оврўпо маданияти қуёшидан ҳали етарли даражада инкибоси анвар3636
  Инкибоси анвар – нур олиш.


[Закрыть]
бўлолмади. Биз юртимизда энг бойимиздан тортиб, энг камбағалимизгача соф, қаландар кимсалармиз. Дастурхонимиз ҳар киши учун очиқдир. Хусусан, бугун қасабамизга келган бир муҳтарам мусофиримизсиз.

Шундан кейин у маориф мудири томонга ўгирилиб:

– Афандим Истанбулдан келган янги бош муаллимимиз эмасмилар? – деди. – Мактабимизнинг бош муаллими бизнинг бошимизнинг тожи демакдир. Бу оқшом мен айтган нарсанинг тўғрилигини ўз кўзларингиз билан кўриб, амин бўласиз. Қасабамизда бой-фақир, катта-кичикнинг фарқи йўқдир. Ислом дини айтган тенглик асосига қасабамиз қадар риоят ва садоқат кўрсатган юртлар жуда кам топилади. Афсуски, сиздан олдинги муаллим, жуда мазбути ахлоқ3737
  Мазбути ахлоқ – ахлоқи тартибли.


[Закрыть]
бир зот эмасди. «Мусулмон маҳалласида шиллиқ қурт сотилмас»3838
  «Мусулмон маҳалласида шиллиқ қурт сотилмас» – диний ақидаларга кўра, асл мусулмонлар шубҳали бўлган нарсаларни емайдилар. Шиллиқ қурт ҳалолми, ҳаромми – мусулмонлар учун шубҳалидир. Муаллим шунга шама қилаётир.


[Закрыть]
сингари машҳур бир ривоятни билиб-билмасликка олди ва ризқ-насибасини бошқа бир ердан қидиришга мажбур бўлиб қолди. Биз билимдон ва ишбилармон бир зот эканлигингиздан хабар топдик. Биз сизни бу лавозим билан табриклаймиз.

Шоҳин афанди, қаршисидаги кўримсиз софта қасабанинг энг қўрқинчли, яширин кучларидан бири эканлигини дарҳол сезди.

Ёзув столининг бир оз аввал қулфланган тортмаларини бир карра яна кўздан кечираётган, министрга ўхшаб товушини кўтариб котибига буйруқлар бераётган девқоматли маориф мудири унинг ўйинчоғидан бўлак нарса эмас эди.

Ҳали йўргакдалигидаёқ фотосурати чиқарилган янги туғилган чақалоқлардай қўлларини қисиб, ерга тегмаган оёқларини ҳавода осилтириб креслога нақ ётиб олган бу софта гоҳ илтифот, гоҳ яширин таҳдид билан, гоҳ кесатиқ аралаш сўзлар билан буни яққол кўрсатарди.

Булар шундай нарсалар эдики, софталарнинг ҳар қандай турини ғоят яхши таниган Шоҳин афандининг назаридан қочолмасди.

Ҳа, бу кўримсиз ўқитувчининг сўзлаган ҳамма сўзлари маориф мудирига теккизиб айтилганди. Унинг сўзларидаги ташқи назокатга, хайрихоҳликка қарамай, у ибтидоий мактабга келган янги бош муаллимга қочириқли гаплар қилиб, агар ўзи билан келишиб, уни рози қилиб иш юритса роҳатда яшашини, борди-ю, оқимга қарши юрса, ундан олдинги ишлаб кетган муаллимнинг кунига учраши мумкинлигини очиқдан-очиқ англатган эди.

Кейин, Шоҳин афанди, бу муаллим ўзига доир баъзи нарсаларни билганини ва бир оз ташвишга тушганини ҳам сезгандай бўлди. Янги бош муаллим англаган нарсаларини унга билдириб қўйишдан қўрққандай муттасил кўзларини унинг кўзларидан олиб қочар, ўзини соф, ҳатто бир оз тентакроқ қилиб кўрсатишга тиришарди.

Нима бўлганда ҳам ўзи мадрасанинг нонини бекорга емаганди-да! Софтанинг қуролига қандай қурол билан қарши чиқиш кераклигига ақли етарди. Зотан, бу нуқтада ўзига ишончи бўлмаганда авваламбор бу ерга келмас, ўй ва орзуларини амалга ошириш анча қулай бўлган бошқа бир ерни ахтарарди.

Сариовага келганига ҳали уч соат бўлмагани ҳолда софталарнинг ҳокимияти бу қасабада нақадар катта куч-қудратга эга эканлигини англади.

Аҳолининг ярмидан кўпи саллаликлар эди. Ўттиз биринчи мартдан кейин Истанбулда бирдан кучидан йўқотган софталар, бу ердаги қаҳвахоналарнинг майдонларида, мадрасанинг олдиларида, бозор кўчаларида тўзғиган арилардай қайнашарди.

* * *

Янги маҳкама раисининг зиёфати бир салтанатли овқат билан бошланди. Кейин қаршидаги жомеда бир мавлуд ўқилди.

Халойиқ шу қадар кўп эдики, маҳкама биносининг иккинчи қаватидаги каттакон стол атрофига таклиф қилинганларнинг ҳаммаси сиғмади, шу сабабдан, тош ҳовлига ҳам айрича столлар тузаб қўйилди.

Юртнинг казо-казоларини кўришга қизиқиб зиёфатга келган Шоҳин афанди тўрга чиқишга журъат этолмади. Фақат оқшом усти бозордан майда-чуйда нарсаларни харид қилаётганда тасодифан танишиб қолган идоди мудири уни кўрди-да, қўлидан тутиб, зўр билан юқорига етаклади.

– Афандим, сиз юртимизнинг машҳур кишилари қаторига кирасиз. Мутлақо орамизда бўлишингиз лозим, – деди у.

Мудир Шоҳин афандини бир қанча идоди муаллимлари билан таништирди ва дастурхонда ёнига ўтқазди.

Кўчалардаги каби бу каттакон залда ҳам мудҳиш саллали кишилар анчагина бор эди.

Маҳкама раисининг ўнг томонида мутасарриф3939
  Мутасарриф – бошқарувчи, бошқарма мудири.


[Закрыть]
Азиз бей, чап томонида эса шол нимчали кекса бир мударрис ўтиришарди.

Бошқа жойларда бўлганидай саллалилар бир жойда тўпланмасдан, бошига фес кийганларнинг орасида сочилишганди.

Идоди мудири Шоҳин афандига буни кўрсатаркан, шундай деди:

– Салла билан феснинг юзлашмаслигини сўзлаганлар бу қардошлик манзарасини кўрганларидан кейин, ажабо, фикрларини ўзгартирсалар керак, а, лаббай? Мен Галатасаройда таҳсил кўрган тараққийпарвар бир одамман, аммо ҳақиқатни сўзлайман. Саллалилар билан феслиларнинг дин ва давлатнинг муваффақияти ва юксалиши хусусида ҳамкорлик қилиши доимо фойдали натижалар қелтира олади. Афсуски, бу икки қардош гуруҳ орасида кейинги пайтларда нифоқ чиқиб қолди.

Шоҳин афанди бир оз маҳзун қиёфада бир кулимсираб қўйди-да:

– Шундай-шундай, – деб индамай қўя қолди.

Бош муаллимнинг чап томонида яшил саллали бир чол ўтирарди. У чолнинг чап қўли ишламагани учун ҳар иккининг бирида Шоҳин афандидан стаканига сув қуйиб беришни, тақсимчасидаги гўштни кесиб беришни илтимос қиларди.

Айтишига кўра, чол идоди мактабининг улуми диния4040
  Улуми диния – дин илми.


[Закрыть]
муаллими бўлган экан. Ўтган йили сал мазаси қочгани учун уни пенсияга узатиб қўйишибди.

– Ҳали анчагина хизмат этишга қодир бир ҳолда эдик, аммо на чора, тақдиримиз шундай экан, – деярди.

Кекса домланинг салгина мазаси қочган сўл қўли билан сўл оёғи тамомила ҳаракатдан қолганини, оғзи қийшайганини, тили ҳам оғирлашганидан зўрға калимага келишини, хуллас, фалаж одамга айланганини билдирар эди. Боши тек турмай нуқул титрар, соғ қўлининг бармоқларида тутган луқмани – акс бир болага зўрлаб дори ичиргандай кўп уринишлардан кейин зўрға оғзига соларди. Бечора ора-сира бу ҳаракатларидан чарчаб ҳолсизланиб қолганида, ёнидаги қўшнисига ўгирилиб, уни гапга тутарди.

– Зоти олийлари «Амир Дада» мактабига бош муаллим бўлиб келдингизми?

– Ҳа.

– Оҳ-оҳ-оҳ… Мамнун бўлдим. Маош қанча?

– Саккиз юз эллик.

– Оҳ-оҳ, иншооллоҳ, бундан кейин яна ортар… Исмингиз нима эди?

– Шоҳин.

– Бугун келдингизми?

– Ҳа.

– Толеингизга ҳавасим келади, ўғлим. Бу нақадар гўзал омад ўзи: келар-келмас зиёфатда ўтирибсиз.

Хаста домла лабларида, мўйловларида қолган овқат қолдиқларини атрофга сочиб кулар, Шоҳин афанди эса қўли билан косасининг устини тўсиб, уни тинглар эди.

Домла бир берган саволини беш-олти марта қайтарар ва бирор дақиқа ўтар-ўтмас, нималар ҳақида сўзлашганини унутиб қўярди.

Бош муаллим ундан қутулиш ниятида нуқул атрофга боқар, ёнидаги идоди мудирига саволлар берарди:

– Ҳов, анави, устуннинг тагида ўтирган қора соқолли киши ким?

– Мударрис Зуҳту афанди ҳазратлари. Илми шариатда ниҳоятда зўр бўлишлари билан бирга илми жадидадан ҳам бизлардан зиёда воқиқдирлар. Ғарбликларнинг янги фанлари тамомила араблардан олинган ва ўзлаштирилганлигини исбот этган муҳим бир асарлари бор. Шоёни ҳайрат бир зако, азизим… Агар юртимизда Зуҳту афанди каби яна ўн киши бўлса, ишлар бутунлай бошқа турда кетарди. Сўнгги йилларда мадрасаларнинг ислоҳи учун фавқулодда муҳим бир лойиҳа тузди. Бу лойиҳанинг бир қисми ўтган ойда Сариова газетасида нашр этилди. Тавсия қиламан, ўқиб чиқинг. Зуҳту афанди маориф министри бўлишга лойиқ бир одамдир.

– Жуда яхши, афандим. Унинг ёнидаги ким?

– Иттиҳод ва тараққий ташкилотининг масъул котиби, тиквашлик Жобир бей. Маълумоти у қадар юксак бўлмаса-да, аммо даҳшатли закки ва оташин бир ватанпарвар. Машрутиятдан кейин Тиквашдаги ер-мулкини сотиб, бу ерга жойлашди. Бир узумзор олди, боғ олди, Зуҳту афанди билан қалин дўст: еганлари ҳам бир, ичганлари ҳам. Жобир бейнинг жасурлиги ва муомаласи билан Зуҳту афандининг қудрати илмия ва ғайрати диниясини бирга қўшилса борми, ўзингиз тахмин қила беринг, қандай натижа чиқишни. Ўттиз биринчи мартдаги ғалаёнлардан кейин мадраса ва уламоларга қарши бир ишончсизлик уйғонди… Фикримча бу жуда ҳақсиз ва янглиш бир нарсадир. Ватанпарвар бир нарсадир. Ватанпарвар бир ҳукуматнинг уламолар билан ҳамкорлик этишидан не хайрли натижалар туғилажагига домла афанди ҳазратлари билан фирқа котиби масъулининг шу иттифоқи жуда гўзал бир мисолдир. Қарши тарафда ўтирган ҳов анави кекса домлалар ёшлари улуғ, аммо фикрлари қолоқ одамлардир. Улар шу даражада жоҳил ва мутаассибларки, зим-зимдан Жобир бейга ҳам, Зуҳту афандига ҳам мухолифлик қиладилар… Ҳатто уларнинг ораларида мударрис афандини бидъатчиликда айблайдиганлари ҳам топилади. Минг қатла шукрким, қўлларида ортиқча бир ҳокимият йўқ.

Идоди мудирининг айтаётган кекса домлалар гуруҳини кўрмоқ учун бир неча марта ўрнидан турган Шоҳин афанди кулимсираганича:

– Билмадим, нима сабабдандир, каминангизга мударрис афанди ҳазратлари билан масъул котиб бейнинг бу иттифоқи кекса домлалардан қўрқинчлироқ бўлиб кўриняпти, – деди.

Шоҳин афанди, бу сўзларни ўзининг қандай одам эканлигини идоди мудирига англатиш учун салкам бир парол сифатида айтган эди.

Аммо у, бу софтага ўхшаб кетадиган одамга шубҳали бир назар-ла боқди:

– Зоти олийлари Дорулмуаллиминга кирмасларидан аввал мадрасада таҳсил кўрганмидилар? – дея сўради.

– Ҳа.

– Ҳар ҳолда домлаларга нисбатан бўлган майл ва муҳаббат мадраса таҳсилининг натижаси бўлса керак. Аммо Дорулмуаллиминдаги таҳсилингиз сизга машрутиятнинг фойдасини ва унинг шариатга душман бир идоди бўлганлигини шубҳасиз тушунтиришган бўлса керак.

Идоди мудири Шоҳин афандининг сўзига янглиш маъно бериб, уни машрутиятга қарши бўлган бир қўпол, мунофиқ одам деб қабул қилди. Галатасаройдан етишиб чиққан бу янги фикрли зот ҳали эскича ўйловчи маслакдошига уни хафа қилмасдан туриб бир-икки насиҳат беришни истади:

– Талабаларимнинг кўпчилик қисмини сизнинг мактабингиздан келган болалар ташкил этади. Шунинг учун уларга сиз айтган талқинлар менимча жуда муҳимдир… Маҳалла ва вақф мактабларидан келган болаларни, афсуски, кўп ёмон тайёрланган, деб биламан. Улар бир оз Қуръони Карим, Тажвид4141
  Тажвид – Қуръонни ўқиш илми.


[Закрыть]
ва Илми ҳолдан бўлак нарсани билмайдилар. Булар ҳам шубҳасиз кўп муҳим, ҳатто биринчи даражадаги нарсалардир… Аммо уларга бир оз ватанпарварлик туйғулари ва замонавий фикрлар бермоқ лозим эмасми-а?..

Идоди мудири Шоҳин афандига машрутиятнинг фойдалари ва замонавий тарбиянинг кераклиги ҳақида узундан-узоқ бир маъруза ўқиди.

Шоҳин домла уни буюк бир диққат ва қизиқиш билан тинглаганидан кейин, кулимсираб, деди:

– Ҳечам ташвиш тортманг. Болаларга фақат аниқ ва фойдали нарсаларнигина ўтаман. Дин илмларини мумкин қадар юза ва зарарсиз бир шаклда бериб кетаман. Хурофотларга, этика билан, иложи борича курашаман. Ишингизда сизга кичкинагина бир муовин бўламан. Зоти олийингиз, шубҳасиз, замин ва замонни қулай деб билмаганимиз учун ҳозирги дин ва давлатга содиқ машрутият тарафдорлари бўлган усмонлилар4242
  Усмонлилар – турклар ўзларини биринчи марта турк давлатига асос солган Усмон номи билан усмонлилар деб ҳам атайдилар.


[Закрыть]
етиштирмоқ ғояси билан қаноатланиб юрибдилар. Аммо каминангиз бир даража яна илгари кетмоқ, миллатига содиқ жумҳуриятпарвар турклар етиштирмоқ ниятидадир.

Идоди мудири анграйганича қолди. Тўғриси, у бир оз қўрқди:

– Э, биродар, нималар деяпсиз ўзи? – деди.

Шоҳин афанди идоди мудирининг қаршисида бир чекиниш бериш даркорлигини лозим кўрди:

– Сўзларимга янглиш тавсиф бера кўрсанг, тағин… Ихтилол ташвиқотини қиламан, – деяётганим йўқ… Содда болаларимизни шундай тарбиялайманки, улар илгаригидек ҳеч бир таъсирга тобе бўлиб қолмасдан, ўз йўлларини ўзлари танлайдиган бўладилар…

Шоҳин афанди очиқ-ойдин сўзлашдан ўзини олиб қочиб, шу билан баҳсни якунлашга ҳаракат қилди. Сўл томондаги фалаж бўлиб қолган домла унинг жонига ора кирди. У чол ёнидаги қўшнисидан олдидаги бақлажон дўлмасини қошиғига мослаб майдалаб беришни сўради ва бир оздан кейин отингиз нима, маошингиз қанча каби саволларни такрор бера бошлади.

Шоҳин афанди идоди мудирига юқоридаги сўзларни бир мақсадни кўзлаб айтган эди. Сариовада қилишни мўлжаллаган буюк инқилобни ёлғиз бир ўзи бажара олмаслигини биларди. Ёрқин фикрли мутаффакирларга эҳтиёж бор эди. Бу ерда албатта янги фикрли фан одамларига, муҳандисларга, шифокорларга, яхши таҳсил кўрган маъмурларга, халқпарвар ёш муаллимларга дуч келишни истар эди. Сариовага келар-келмас, у ёрқин фикрлиларни айириб олмоқ, уларни айни мақсад атрофида тўпламоққа киришганди: тузиб қўйган программасининг бошида мана шу нарсалар ёзилганди. Бу каби дўстларнинг оз бўлиши ҳам катта аҳамият касб этарди. Нимани истаган ва нима қилиш кераклигини билган саккиз – ўн ёрқин фикрли бўлса бас: улар қоронғи фикрли, қоронғи мақсадли ҳисобсиз жоҳил кишилар тўдасини ўз орқаларидан эргаштиришга қодир бўладилар.

Бу ерга келмасдан бурун идоди мудирини мутафаккирларнинг энг аҳамиятлиси ва энг табиийси деб ҳисоблаганди. Аммо бир неча дақиқа аввал унинг уламолар ҳақида айтган сўзлари бир оз таъбини хира қилди.

Ажабо, мудир чиндан ҳам шундай фикрдами? Ё бўлмасам, илк дафъа кўриб суҳбатлашгани, унинг қандай одамлигини билмагани, бир вақтлар мадрасада ўқиганини эшитиб, у билан очиқ гапиришишга қўрққани учун, шундай деганмикан?

Шоҳин афанди жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга, ижобат бўлгунга қадар ҳақиқий мақсадини ундан сир сақлашга қарор берди. Аммо бу одам Галатасаройни битирган, бир неча йилдан кейин ҳаётга отилажак, мамлакат ишларини ўз қўлига олажак ёшларга бош бўладиган бир ёрқин фикрли кимса эди. Бу одамдан чекинмоқ кераксиз бир эҳтиётдир. Инқилоб қилишни истаган одам учун ҳаддан ташқари эҳтиёткорлик ҳам зарарли бир нарсадир.

Шоҳин афанди шу нуқтаи назардан унга очилган мудирнинг қандай одам эканлигини билишни истаган эди.

Аммо унинг капалаги учиб кетганини кўриб гапга якун ясаб қўяқолди. Бу сафарга шунинг ўзи ҳам кифоя қиларди.

* * *

Бир оздан кейин нутқлар бошланди.

Аввало, мутасаррифнинг ёнидаги кекса домла арабча бир дуо ўқиди. Сўнгра Муфит бей фақат атрофидаги уч-беш киши эшитса бўладиган товуш билан бир кичкинагина нутқ сўзлади.

Шундан кейин маҳкаманинг янги раиси сўз олди. Бу Салим пошонинг Сариова маҳкамасида қилинадиган тадбирлар программаси каби бир нарса эди. Қоғоздаги нарсани ўқиркан, ора-сира тўхтаб қолишидан ва баъзи ерларини янглиш ўқишидан бошқа бир кимса томонидан ёзиб берилганлиги шундоққина билиниб турарди.

Нутқ тамом бўлгандан кейин Шоҳин афанди идоди мудирининг қулоғига эгилди ва кулимсираганича:

– Маҳкама раиси пошо, бу программани тамомила амалга оширса, вақф мудирига иш қолмайди, – деди. – Нуқул мозорларнинг, мақбараларнинг пойдеворидан, жомеларнинг ясатилишидан, дарвешлар қароргоҳидан, иморатлардан баҳс этди.

Мудир Шоҳин афандидан ҳайиқиб қолганди. Жавоб бермоқчи бўлган кишидек бир ҳаракат қилди. Кейин ниятидан воз кечди. Бош муаллимнинг саволига ноаниқ жавоб қайтарди.

Маҳкаманинг раисидан кейин навбат Жобир бейга келди. Бу қирқ ёшлардаги йўғон гавдали бир одам эди. Машаққатли бир тоғ сафарига отланган кишидай эгнига қундуз ёқали бир овчи костюми, узун-узун оёқларига ялтиллаган этиклар кийганди. Қўлига кумуш сопли бир қамчи ушлаб олганди. Соғломлигидан йилтиллаб турган қирмизи юзида учлари қулоқларига теккан қўнғир тусдаги мўйловлари, чинакам мовий кўзлари бор эди. Ғолибо энсасига чиққан яраларини яшириш учун чети тўқилган ипак рўмол билан бўйнини ўраб олганидан, қулай ҳаракат қилолмас, нутқ сўзларкан, бошини гавдаси билан баравар атрофга бурарди.

Милтиқнинг ўқидай шарт-шарт овози бор эди. Деворларнинг ҳов нарёқ томонларида ниҳоятсиз бир оломон турибди-ю, унга хитоб этаётган каби овозининг борича бақириб, қўлларига кенг ҳаракатлар бериб сўзлай бошлади.

Жобир бей бўлиб ўтган Болқон уруши фожиаларидан баҳс юритарди:

– Золим душман мамлакатимизни босиб олди. Румели инсон қассобхоналарига айланди. Оқ соқолли чолларнинг қўлларини, оёқларини кесди, кўзларини қиздирилган сим билан ўйди… Уламоларнинг оғзига қўрғошин қуйди. Хотинларнинг кесди кўкракларини, ёрди қоринларини, чиқарди сочи чиқмаган болаларни ташқарига… Қўзичоқдай бўлган мусулмон болаларини санчиб қўйди милтиқнинг найзаларига… Худди қўйнинг кабобини пиширгандай, ёқди оташнинг устида… Ёнган инсон ёғларининг тутуни қоплади булут каби ҳаволарни. Кесилган бошларнинг, ёрилган қоринларнинг, танадан ажратиб ташланган жигарларнинг, ичак-чавоқларнинг кўплигидан қадам қўйиб бўлмасди… Қишлоқнинг кулини кўкка совуришарди, йигитларимизни дарахтларга осишарди, сув каби пок қизларимизни ифлос қучоқларига босишарди. Чубукларини тутатиб олишиб, кайф билан боқишарди қилган ишларига… Кўпириб-кўпириб оқарди дарёлардан мусулмонларнинг қонлари…

Шоҳин афанди бу оқшомги маросим билан Болқон фожиаси ўртасида қандай боғланиш борлигига тушунолмай уни тингларди. Жобир бей яна шу тарздаги баъзи тасвирлардан кейин, ниҳоят, мақсадга кўчди:

– Уйғонинглар энди бу ғафлат уйқуларидан. Кўзларингизни очинглар… Бу уруш икки миллат ўртасидаги уруш эмас. Бу уруш Салиб билан Ҳилол, насронийлик билан мусулмонлик ўртасидаги жангдир. Агар бу жанг тамом бўлди деб ҳисобласак, қаттиқ янглишган бўламиз, кофирларнинг ёқамиздан олишларига имкон берган бўламиз… Бизнинг душманларимиз яширин равишда урушга ҳозирлик кўриб боряпти. Душман Болқон ерларига ҳисобсиз тўп, милтиқлар, найзалар юбораётир… Аммо биз пода эмасмизки, ўзимизни бўғизлатишга йўл қўйсак, қўл-оёғимизни боғлатсак… Ёнажак ичимиздаги ҳамият оташин, ёқажак Оврўпони, румлик Архимеднинг механик ойналари каби шитир-шитир… Миллатимиз аллақачон очган кўзини… Англаган дўстини, душманини… Бир куни тўпланди Оврўпо насронийлари, тузди бир аҳли Салиб қўшинини. Яратамиз биз ҳам бир Ҳилол қўшинини… Кўтарамиз яшил байроқни… Чақирамиз, ислом оламини шу байроқ тагига....

Жобир бей мабодо муқаддас уруш эълон қилингани тақдирда Африкадан, Осиёдан бутун аслаҳа-анжомлари билан имдодимизни қўллашга шай бўлиб турган миллионлар ҳақида ҳисоблар қилди, рақамлар санади. Ниҳоят, у сўзининг охирида шундай деди:

– Зиёлилар тушуниб етдилар энди бахтимиз нимада-ю, нажотимиз нимадалигини. Қўлни қўлга бериб ишлашга қасам ичдилар.

Жобир бей бир қўли билан қамчисини ҳавода ўйнатаркан, бошқа қўли билан бу ўрнатилган алоқанинг кучини кўрсатмоқчи бўлгандай мударрис Зуҳту афандининг қўлини сиқарди. Насроний Оврўпога қарши бордир ягона бир сиёсат: Иттиҳоди Ислом сиёсати…

Шундан кейин Зуҳту афанди нутқ сўзлаб, Жобир бейнинг нутқига якун ясади.

Муҳтарам масъул котибни тингларкан, кўзларидан ғайриихтиёрий равишда ёш келганини сўзлаган мударрис афанди, шундай бир уруш чиққундай бўлса, уламоларнинг ўз жонларини ҳам аямасликларини маълум қилди. Улум талабалари фақат миллатнинг маънавиятини идора этибгина қолмасдан, саллалиларнинг кўнгилли қўшинларини ҳам тузиб, жабҳага кетажакларини сўйлади. Унинг шахсан ўзи Жобир бей билан биргаликда Сариовада бир кўнгилли ташкилот тузиб, бир қўлида яшил, бир қўлида ой юлдузли ол байроқ билан энг олдинда боражагига онт ичди.

Зуҳту афанди таъсирчан нутқ сўзлар, гоҳ жумлалари билан, гоҳ оҳанги билан тўпланганларнинг бир қисмини йиғлатар эди.

Бу нутқдан кейин зиёфат тугади, таклиф қилинганлар шом азонидан сўнг шаҳар маҳкамасининг қаршисидаги жомеда ўқилажак мавлудга такрор тўпланмоқ ниятида вақтинчалик тарқалишди.

* * *

Шоҳин афандининг биринчи кечаси жуда ёмон ўтди. Фикрларида ғариб бир тартибсизлик, ичида ноаниқ қўрқувлар, ҳаяжонлар бор эди. Тўхтовсиз равишда бир-бирига қоришиб кетган тушлар кўрди ва бир неча марта чўчиб уйғонди. Аъзойи бадани терга ботган эди. Юраги қаттиқ-қаттиқ урар, қулоқларига гоҳ мавлуднинг бошқа бир дунёдан келаётгандай узоқ ва таъсирчан оҳанги, гоҳ Жобир бейнинг кучли товуши эшитиларди.

– Тағин эски касалим қайталаётган бўлмасин, – дея қўрқди.

Аммо эрталаб қуёш чиққунча бу ваҳималар ҳам ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди.

– Мен олим ҳам, сиёсат одами ҳам эмасман, – деди у ухлаб турганидан кейин, – бўлгани бир бошланғич мактаб ўқитувчисиман… Энди менга нима кераклигини, нима қилажагимни яхши биламан. Бу ерлардан уч-беш фикрдош ўртоқ топиб олсам ва истаганим, ўйлаганимдан бир авлод етиштиролсам ишлар ўз-ўзидан тузалади… Гарчи бу нарсани амалга ошириш учун талайгина вақт керак бўлса ҳам, нима қиламиз, кутамиз-да. Зотан ақлларни ўзгартирмай туриб, идора этишни ўзгартириш кутилган натижага олиб келмайди. Ёмон боғдан ҳосил олмоқ учун бир дунё меҳнат сарф этамиз. Янги бир авлод етиштирмоқ учун беш, ўн йил кутамиз, нима, бу кўпми? Менинг сиёсатим бор-йўғи мактабимни ҳимоя қилмоқ ва ўзимдай тушуниб ишлайдиган ҳур фикрли ўртоқлар ҳамда ўринбосарлар тайёрлаб бермоқдан иборатдир… Қани, кўрайлик, Шоҳин домла, сиз нималарга қодир экансиз… Бобонгиз гарчи яшил қўшин душмани бўлишингизни истамасди, аммо онангиз сизни бугун учун туққанди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации