Электронная библиотека » Рашод Нури Гунтекин » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Яшил кеча"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Автор книги: Рашод Нури Гунтекин


Жанр: Классическая проза, Классика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Шоҳин афанди, ўртоқларининг қандай қилиб, бу қадар қўпол охират фикри билан яшай олишларига, тағин келажак учун қизиқиш туймаганларига бир ҳайратланар, бир раҳми келарди.

Келганининг иккинчи ёхуд учинчи ойида эҳтимол бир шаҳзоданинг тўйи муносабати билан мана шу ҳовлида софталарга берилган ош Шоҳин афандининг бу ҳайрат ва раҳмини шиддатли бир нафратга айлантирганди. У оқшом, тамомила ўз ҳолларига ташлаб қўйилган чўмизлар паловдан кейин бир ўйин-кулги ташкил қилгандилар. Нодим домла деган бир софта – ҳозир у шариат маҳкамаларида ёлғончи гувоҳликлар бериб тирикчилик ўтказишини эшитганди, – бошқа бир неча ўртоғи билан бирга ўрта ўйинига1616
  Ўрта ўйин – миллий ўйинлардан бири.


[Закрыть]
ўхшаган бир ўйин ташкил қилганди.

Нодим домла жуппадан паранжи, салладан чачвон ясади-да, хотин киши қиёфасига кирди, бошқаси эса эри бўлди.

Хотин қиёфасидаги софта турли карашмалар билан эркакни қутуртиргандан кейин қочар, эркак унга ёлворар, таҳдидлар қилар, ҳеч бўлмагандан кейин уни қувалаб кетарди. Бу икки софта, бир-бирларига шундай калима ва таъбирлар айтишардики, шундай ҳаракатлар қилишардики, Шоҳин домла тукларининг тикондек бўлиб кетганини сезарди.

Равоқларга осилган икки улкан фонарнинг ёруғида бу ўйинни тошқин ва жўшқин бир завқ билан томоша қилаётган чеҳралар ҳали-ҳали Шоҳин афандининг кўз ўнгида турарди. Бу майдоннинг атрофида бир-бирининг ёнидан, устидан, орқасидан зич бўлишиб қараб турган сочи қирилган бошлар тўдаси… Турли-туман юзлар… Қайси бири очликдан, бадан сафолатидан қаримсиқ бўлиб кетган, рангида ранг қолмаган; қайси бири оғилхонага бойлаб қўйилган буқалар каби қайғусизликдан, ғамсиз, андуҳсиз еб-ичиб ухламакдан жилолангандай икки юзи қип-қизил… Тор, ясси, дукки ва яна аллақандай бичимдаги пешаналар, ҳадеб бурнаки ҳидлай берганидан катаклари керилиб кетган турли бичимдаги бурунлар… Фақат ҳаммасида – атрофлари қирилган чамбар соқоллар… Бу саҳнани ақлдан эмас, ҳирс ва иштаҳадан бир йилтираш билан томоша қилаётган кўзлар… Ҳузур қилиб энтикаётгандай очилиб қолган оғизлар…

Эркак ролини ўйнаётган софта, йўғондан келган қўпол бир одам эди… «Хотин, мен сени текинга олмаганман. Отангнинг олдига белбоғимдаги хўрознинг кўзидай ёниб турувчи қирмизи олтинларни жаранглатиб ташлаганман. Мени висол асалидан маҳрум этма», – дея бир буқа каби бўкириб, ўзини хотинга отарди. Мадрасанинг қорайиб кетган пештоқлари, вақтихушлик қилаётган инсонларнинг қаҳқаҳасидан ҳаддан ташқари қўрқинчли қўзғолончи оломоннинг шовқин-суронига ўхшаш овозлар билан титрар эди.

Шоҳин домла илк умидсизлик ярасини мана шу манзарадан олган эди. Мадрасаларда кўк қуббасининг нарёғидаги илоҳий муаммоларни ҳал қиладиган толиби илм шулармиди? Мана шу одамларми ҳали, бир кун яшил байроқ остига тўпланиб, жаҳоннинг тўрт тарафини истило этишга борадиган яшил қўшин кўнгиллилари?

Ёш муаллим ўша кеча тўда ҳолда кўрган чеҳралар ҳозир ҳам унинг атрофида бирма-бир тўпланаётганини аниқ кўргандай бўлди.

Мана, Ҳафиз Рамзи; эҳтиросли товуши билан Қуръон ўқий бошлаганда инсонда борлигини унуттира оладиган, кўзида ёшлар, юрагида ҳайқириқлар билан осмони фалакнинг еттинчи қаватига қадар юксаладиган, лекин яна шу овози билан сўкина-сўкина ғавғо кўтара бошлаганида инсонни инсон бўлиб дунёга келганидан уялтириб юборадиган Ҳофиз Рамзи… У рамазон ойларида закот тўплагани чиқмас, катта-катта жомеларда муқобала ўқирди. Товуши каби унинг юзи ҳам гўзал эди. Бир қанча хотинлар уни кўриб тингламоқ учун Шаҳзодабоши бозорини ҳам тарк этиб келишарди. Сўфи кекса хонимлар ҳатто бу гўзал товушли Ҳофизнинг жуда тиниқ юзли чеҳрасини кўрганларида: «Жамоли илоҳий» дея тасанно ўқир эдилар.

Ҳофиз Рамзи жуда юксак кўнгилли одам эди. Ҳар хотинга ҳам юз ўгиравермасди. Тажрибасиз ёш қизлар ва хотинлардан кўра, ёши каттароқ бўлса ҳам тул қолган аёлларни афзал кўрарди.

Озиқ-овқати, кийим-кечаги, харж-харажатларга кетадиган пулларнинг ҳаммаси унга теварак-атрофдаги ҳовлилардан келарди. Мавлуд ўқиш ёинки шариат маҳкамаларида қандай ишлар кўрилиши мумкинлиги тўғрисида одамларга маслаҳат бериш баҳонасида талайгина уйларга кириб-чиқиб юрарди. Софталар унинг ётоқхонасига келиб-кетган хотинларнинг саноғи беҳисоб эканлигини айтишарди.

Ниҳоят, у юриб-юриб ёши каттароқ, лекин бой бир пошодан қолган бева хотинга уйланиб олди.

Хоним афанди қимматли-қиёматли пошоси ер қаърига тушган куннинг ўзидаёқ кечаси хатми Қуръон учун уйига ҳофизларни чақиртирганди. Келганларнинг орасида шу Ҳофиз Рамзи ҳам бор эди. У гўзал товуши билан фақат пошонинг жаннатдаги руҳини шод этибгина қолмай, балки фоний дунёдаги хоним афандининг қалбини ҳам ўғирлашга муваффақ бўлганди.

Мана шу Ҳофиз Рамзини мадраса эшигига хотинлар тўплагани учун шу ҳовлидаги ўша гўзал ва таъсирчан товуши билан «Омон оллоҳ» деб бақиртириб, шарт-шурт савалаган Зайнал домла…

Зайнал домла узун бўйли, хода каби ғўдайган, ғоят қўпол, бошини ҳамиша кеккайтириб юрадиган, феъли тор, мутаассиб бир софта эди. Қирра юзида қирра тишлари, бир ёнга қийшайган узун бир бурни бор эди. Отаси билан уч акаси денгизчи бўлишган экан; азбаройи ўжарликлари туфайлигина денгизга ғарқ бўлиб кетишган экан. Денгизда катта бўрон бошланганда ҳамма қайиқлар қирғоққа қайтса, катта-катта почта кемалари тезроқ портга кириб олишга шошилса, улар: «Бе, шу ҳам бўронми?» деб, ўжарлик қилиб денгизга чиқиб кетишар ва орқага қайтишмас экан.

Оиланинг бу феъли-хўйини билганликлари учун амакилари Зайнални, қатъиян қайиқчи бўлишини истамасдан, мадрасага беришган эди. У ҳам бир денгиз фидойиси бўлиши мумкин бўла туриб, бир шариат фидойиси бўлишга бел боғлаганди.

Шоҳин афанди бир кун унга шундай деди: «Домла, амакиларинг сени мадрасага бериб, яхши иш қилмадилар. Тақдири илоҳийни тадбир ила ўзгартириб бўлмайди… Шу нарсани англадимки, Жаноби Ҳақ сизларнинг бўғилган тарзда фоний дунёдан ўтишингизни муқаддар этган… Отанг билан акаларинг сувда бўғилиб ўлишди; қўрқаманки, сен ҳам сиртмоқда бўғилиб ўласан. Фарқ шу…»

Зайнал домланинг тасаввурида жаҳаннам кишиларни азоб-уқубатларга соладиган минг хил асбоб-ускуналар билан тўла. Охиратнинг бутун амалдорлари абадиян бу жаҳаннамда тери шилиш, тилни суғуриш, оғизларга қайнаб турган сақични қуйиш, қиздирилган сихлар билан кўз ўйиш сингари ишлар билан машғул эди. Бунинг тескариси жаннат хаёли унда жуда ноаниқ, ибтидоийлигича қолганди. Бу гуноҳкор дунёнинг аҳолисидан қайси киши жаннатга кира оладики, илоҳи қудрат узоқ вақт муносиб тайёргарлик кўриш кулфатига лозим топган бўлсин…

Зайнал шундай дер эди:

– Ҳақ Таолодан менга хитоби иззат келсаки: «Эй бандам, тила тилагингни, мендан нима истайсан?» Қилган жавобим шу бўларди: «Эй, Мунтақими Зулжалол, жаннатинг боғларида мен нима қиламан?.. Менга осийларнинг жаҳаннамда ёнаётганларини бир бурчакдан кўрсат!»

Унинг фикрича инсонлар, фақат қилаётган ишлари, юритаётган мулоҳазалари устидангина эмас, балки кўрадиган тушлари учун ҳам масъул эдилар. Инсон деган махлуқнинг дунёда ва охиратда насиби қамчи билан оташ эди. Айниқса, хотинлар… Кўчада ёнидан ясанган хотин ўтиб қолса, сўкиб безор қилиш унинг одати эди.

Онаси бир кун отасидан ёмон калтак егандан кейин ўлганди. Бунинг учун у отасини айбламас:

– Ким билади? Хотин миллати бу… Сочи узун, ақли калта. Бирор айбли иш қилгандирки, отам адабини бергандир. Аммо ажали келган экан… Ўлди… Нима ҳам қила олардим? – дерди.

У, агар қонунлар тўплами қўлимда бўлганида эди, хотин эркакдан жон давоси талаб қилолмайди, деган бир моддани илова қилган бўлардим, деб қайта-қайта такрорларди.

Рамазон ойларида закот йиғгани чиқарди. У айланган қишлоқларида шундай ваҳший бир шиддат билан жаҳаннам жазоларидан баҳс юритардики, сочли, соқолли эркаклар титрар, болалар эса йиғларди.

Шариатга зид бўлган бир ишни кўриб қолгудай бўлса, ўша заҳоти исён кўтаришни, гуноҳ иш қилиб қўйган кишиларни фақат Оллоҳга ҳавола этиб қўя қолмасдан, ўлардай дўппослашни, кофирга иложи борича ёмонлик қилишни холис мусулмоннинг вазифаси деб биларди.

Унинг ўз фикрларига уйғун бўлмаган ҳар нарса шариатга бегона, дидига мос тушмайдиган ҳар қандай фикр ва иш бир гуноҳ бўлгани учун, олдига келган одам билан жанжаллашишга тушарди. Бозорда молига ортиқроқ пул сўраган савдогарга: «Инсоф – диннинг ярмиси. Инсофсизлик қиляпсан. Демак, сен ярим кофир бўлдинг!» – дея савашга тушарди.

Шоҳин домла бир кун унинг, шу дарвоза олдидаги кўчага тушган бир помидорни ердан олган бир тиланчи боласига: «Сенга уни ҳадя этдилармики, оласан? Ғайри инсоннинг молига қўл узатаётирсан!» – дея дўппослаб ураётганини кўриб, юраги эзилганди. Барака топсин, ўшанда Мажид Мулла келиб қолиб болани софтанинг қўлидан қутқариб олганди.

Бу Мажид Мулла, Зайнал домланинг – мударрислар билан яқин алоқада бўлгани ҳолда – Сомунжуўғли мадрасасида энг қўрқадиган одами эди.

Мажид Мулла сарой имомларидан бирининг ўғли эди. Ёш мулланинг отаси орқали ора-сира Абдулҳамидга1717
  Абдулҳамид II – 1876 – 1909 йилларда Туркияда ҳукмронлик қилган энг золим султонлардан бири. Туркия тарихида бу даврни зулм даври деб аталади.


[Закрыть]
махфий маълумот бериб туриши, ҳатто дарсда подшоҳга қарши бир сўз айтган бир мударрисни Халабга сургун қилдирганини гапиришарди.

Бу Мажид Мулла ҳам бошқа бир олам эди. Кўриниши мазлум, хайрихоҳ, тарбияли бир Истанбул боласига ўхшарди… Зайнал домланинг оташин диндорлиги каби унинг зоҳири назокати ва олижаноблиги ҳам кунлардан бир куни Шоҳин афандини алдаб қўйганди.

Шоҳин афанди оғир бир туш кўраётган одамдай турли бу хаёллардан, хотиралардан ўзини қутқаролмасди.

Онадўли қишлоқларидан оч, қашшоқ, бошларида бир йиртиқ салла, елкаларида бирор чарм хуржун билан бу ерга келган хаста, ақлсиз, насл-насаби номаълум, ярим девона болалар – қорли ҳаволарда овқат қидириб шаҳарларга тушиб келган оч бўриларга ўхшаб фақат соғликдан, иштаҳадан ва ҳайвоний ҳирслардан иборат бир қанча ибтидоий махлуқлар – исмлари чеҳралари бир-бирларига қоришиб, қўрқинчли бир хаёлга ғарқ бўлган ҳолда бўш ҳужраларда, рутубатдан қошлари йўсин боғланган ҳовлида ҳар кунги ҳаётларини яшаб борардилар. Кимдир қуруқ ловия қайнаётган қозончанинг остидаги шох-шаббани унинг аччиқ тутуни кўзларини ачиштираётганига қарамай, ёндираман деб зўр бериб пуфлайди; кимдир тош зинанинг устига ўтириб олиб, йиртиғини тикади; кимдир сал нарида, ҳов фавворанинг ёнида жомашовини ағдаради… Сўнгра устунларнинг тагига чўк тушиб олган, қўлларидаги саҳифаси сарғайиб йиртилиб кетган китобларни зўр бериб ёдлаётганлар… У ёнда бир диний муноқаша… Бу ёнда яна бир томоқ ғавғоси. Ёхуд тоғдаги чўпонлар бир-бирини ўлдириб қўяй деб қилган жангларига ўхшаш ур-тўполон…

Шоҳин афандининг қулоғига юқори қаватдаги деразаларнинг биридан йўталга ўхшаш ҳафиф бир сас келди. Ёш муаллим сесканиб бошини кўтарди. Бир пайтлар у ерда испарталик1818
  Испарта – Марказий Онадўлидаги вилоят. Вилоятнинг пойтахт шаҳари ҳам шу ном билан аталади.


[Закрыть]
бир хаста чўмиз бўларди. Оч ҳолига қарамай, ҳадеб дарс қила берганидан сил касалига чалиниб қолганди. Лекин у шундай бўлса-да, эски бир каравотнинг устида ётган кўйи, касалининг дам-бадам тутиб турган хуружига бардош бериб, дарс қилишда давом этарди.

Шоҳин домладан бошқа бирор кимса бу бечоранинг ёнига келмасди. Ёш софта ўлгунига қадар унга ёрдам қилган эди.

Фақат аксига олиб унинг ҳам фақир бир кезлари эди. Ўлишидан уч кун бурун, Шоҳин ундан истайдиган бирор нарсанг борми, деб сўраганди. Шунда суяклари чиқиб қетган хаста, қонсиз юзида порлаб турган кўзлари-ла унга ёлвориб:

– Қаймоқли ширин нон бўлса, – деди.

Шоҳин домланинг киссасида ора-сира уч-беш қуруш бўлиб турарди. Аммо ўша қолган-қутган йигирма порасига қотиб қолган тешик кулча олиб, қуруқ ўзини еб олганди.

Орадан уч кун ўтгандан кейин мадрасада софтанинг жанозаси ўқилганда, Шоҳин афанди ўзини тутолмасдан йиғлай бошлаганди.

Унинг бўйободлик1919
  Бўйобод – Туркиянинг Синоп вилоятидаги шаҳар.


[Закрыть]
бир Халил исмли дарсга бирга қатнайдиган ошнаси бор эди. Ўзи жим юрадиган, озода кийинадиган, лекин жуда содда бир одам эди.

– Нега йиғлайсан? Оллоҳнинг буюргани… Сенинг ҳам, менинг ҳам эртами, индинми борадиган еримиз ўша… Ишқилиб Оллоҳ имонимизни саломат қилсин, – дея унга тасалли бермоқчи бўлганди.

Шунда Шоҳин афанди:

– Ўлиб кетганига йиғлайман. Бечора одам, охирги нафасида бир ширин нон ейишни истаган эди. Олиб едира олмадим. Юрагимнинг эзилаётгани шу боисдан, – деганди.

Халил домла гапнинг мазмунига тушуниб етгач, бир оз вақт жим турганидан кейин ҳакимона бир оҳангда шундай жавоб берганди:

– Сен унга эмас, менга, ўзингга ачингин. У ҳозир ширинликларнинг асил ерига кетди. Ширинликларнинг макони жаннатда бўлмай, қаерда бўлсин? – деганди. Шундан кейин у ёқимсиз, оҳангсиз товуши билан вазмин-вазмин унга жаннатни тасвирловчи ушбу илоҳий сатрларни ўқиганди:

 
«Жаннат боғчасинда уч дарё оқар,
Бири ёғ, бири қаймоқ, бири шакар,
Ўтирар Муҳаммад, кўшкидан боқар».
 

Шоҳин афанди бу хаста софтага доир яна бир воқеани хотирлади. Сўнгги ҳафталарда бечоранинг аҳволи янада оғирлашиб қолганди. Иккида бир нафаси қисар, кўзлари шокосасидан чиқиб кетгудай бўлар, кўйлагининг тугмаларини узиб ташлаб:

– Қутқаринглар, ўлаётирман, – дея бақирарди.

Бир кун яна шундай бир танглик рўй берганда Халил домла тоифасидан бўлган амасёлик2020
  Амасё – Марказий Онадўли ғарбидаги вилоят шаҳарларидан бири.


[Закрыть]
бир софтанинг ёқасига ёпишиб, ўлаётирман, деб бақира берди.

Софта ёқасини унинг қўлидан чиқаришга ҳаракат қиларкан:

– Нима қилай, ўлим Оллоҳнинг амри… Илло, шу менинг ёқамни қўйиб юборсанг… Бўғзимни қисганинг ҳеч нарса эмас, кўйлагимни йиртиб юборасан, қўйвор, – деди жонҳолатда.

Бу хотира Шоҳин афандини ҳам кулдирди, ҳам йиғлатди.

Уч ойлар2121
  Уч ойлар – Ой календаридаги муқаддас ойлар (ражаб, шаъбон, рамазон).


[Закрыть]
келиши билан софталар хуржунларини елкаларига ташлаб, қишлоқларга хайр-садақа йиққани чиқиб кетишарди, Шоҳин ҳам бу кунларни сабрсизлик билан кутарди. Унинг товуши гўзал бўлмагани учун муқобала ўқиёлмасди. Лекин жуда чиройли ваъзхонлик қила оларди. Ёқимли бир нутқи бор эди. Фаттоҳ афандидан ўрганиб олган пайғамбарлар ва ислом тарихига оид фикрларни очиқ турк тилида жуда мароқли қилиб англатар ва бу билан деҳқонларни хушнуд этарди.

Байрам кунлари келганда деҳқонлар уни қуруқ қўйишмасди, киссасига уч, беш мажидия пул, хуржунига эса буғдой, тархана, маккажўхори солиб қўйишарди.

У бу нарсаларнинг ҳаммасини онасига жўнатарди, ўзига фақат қаттиқ замонлар ва қора кунлар учун озгина пул олиб қоларди, холос.

* * *

Ҳа, бир кун бутун жаҳонни ўз паноҳига оладиган яшил байроқнинг кўнгиллилари ҳали шуларми? Бу қўшиндан босқинчилик ва бузғунчиликдан бўлак яна нимани умид эта оларди? Э воҳ, мусулмончиликнинг шўри қурсин-а!

Ёш софтанинг бу совуқ тош хонада мусулмончиликнинг оқибати учун ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаган кечалари бўлди.

Бу дастлабки кўнгил қолишлардан кейин уни яна бошқа умидсизликлар ва исёнлар таъқиб этди, яшил қўшиннинг қўмондонлари деб билган мударрислар унинг бутун хаёлларини бутунлай пучга чиқардилар…

Бу одамларнинг оғзидан бир ҳақ ва ҳақиқат сўзини эшита билмоқ учун не-не оташлар ичида қоврилмади. У мадрасанинг энг тиришқоқ, энг оташин ва шунинг билан баробар энг мўмин-қобил талабаси эди. Мударрисларнинг оғзидан чиққан сўзларни Оллоҳнинг калимасидай ишонч билан тинглар ва кўп нарсаларга тушунолмай қолганлигини фақат ўзининг билимда ожизлигидан, идроксизлигидан деб биларди. Лекин бора-бора ундаги ўртоқларига қарши бўлган нафратланиш туйғуси ва исён ҳисси секин-аста домлаларига ҳам ўта бошлади. Ҳа, яшил қўшин қўмондонларининг кўнгилли аскарлардан қолишадиган ерлари йўқ эди. Улар ҳам дин ва илмни манфаатларига хизмат эттирган кимсалар эди. Улар ҳам софталар каби овқат борасида бир-бирлари билан омонсиз равишда уришишар, бир-бирини еб қўйгудек бўлишарди. Уларнинг ораларида бир-бирларининг номусига, жонига қасд қиларлик даражада рақобатлар бор эди.

Қачонлардир ёш софта неча-неча салобатли мударрисларнинг англашилмас тилларини зўр ихлос билан тинглаган эди. Кейинчалик билса, улар саройнинг махсус одамлари – Абдулҳамиднинг жосуслари экан. Улар ҳеч кимни, ҳатто ўз болаларидек бўлиб қолган мадраса талабаларини ҳам аямасдан сургун қилинган одамларга қўшиб юборганликлари, ўчоқлари сўндирилган хонадонларнинг сони ҳадсиз-ҳисобсиз эканлиги ҳақидаги гаплар софталар ўртасида оғиздан оғизга кўчиб юрарди. Булар шундай одамлар тоифасидан эдики, бир подшоҳ саломи, уч, беш лиралик бир эҳсон учун Оллоҳни ҳам, пайғамбарни ҳам ҳеч ўйлаб ўтирмай дангал сотиб юбора берардилар.

Тўғри, мударрисларнинг орасида ўз ёғига қовурилиб юрадиган камтар одамлар ҳам бор эди. Бироқ замон жуда нозик эди у пайтда. Абдулҳамид истибдодининг энг қўрқинчли йиллари ҳукм сурган давр эди. Бечора одамлар ўз кўланкаларидан ҳам ҳуркардилар, ташқаридан кўра ичкаридаги уламо ўртоқларининг бир туҳматига дучор бўлишдан қўрқиб оғизларини очолмасдилар.

Шоҳин домла бу тоифадаги мударрисларга аввалига ачиниб юрди. Лекин кейинроқ бориб улардан ҳам совиди. Бу қадар мискинлик, бу қадар жон ва овқат қайғусида яшаш яшил қўшиннинг фидойиларига ярашадиган ишми? Бундай замонларда улардан кутилган нарса ҳар қандай зулмга, ҳар қандай ҳаракатга мискинларча бўйин эгиб, «Ҳа, майли!» дейишмиди?


Ёш софтадаги бу танқид саросимаси худди қаттиқ шамол эсгандаги ёнғин каби борган сари ортиб борар, пайғамбар тахтида ўтирган халифани ўрай бошлаганди.

Истанбулда ва хайр-садақага чиқиш мавсумида Онадўли, Румели2222
  Онадўли – Туркиянинг Осиё қисми бўлса, Румели – Европа қисмидир.


[Закрыть]
қишлоқларини кезганида кўрган-эшитган нарсалари унга сарой ҳақида етарли фикр берганди. Маълум вақт ўтгач, у шундай ҳукм чиқардики, бутун бу фожианинг масъулияти, гуноҳи пайғамбар вакилига, яшил қўшиннинг золим, қўрқоқ бош қўмондонига алоқадордир.

Энди у мударрис ва уламоларга илгаридай айб қўймас эди. Айниқса, мадрасалардаги талабалар унинг кўзига буткул айбсиз кўринишарди. Ҳамма айб халифада эди.

Ёш софтадаги дунёқарашлар ва пухта фикрлар ҳақиқий инқилоб қилиш лозимлигини билдириб турарди. Агар у замонларда Абдулҳамидга қарши бир исён ҳаракати бошланиб қолгудай бўлса эди. Шоҳин ҳеч ўйланиб ўтирмай бу ҳаракатга қўшилган ва яшил байроқнинг кўланкаси остида жонини қурбон қилган бўларди.

Бироқ, бир неча йиллардан кейин машрутият2323
  Машрутият – конституцияли монархия.


[Закрыть]
инқилоби рўй берганда у мадрасадаги энг дангаса ва аблаҳ ўртоқлари каби кўпда ҳаяжон кўрсатмади. Айниқса, ўттиз биринчи март исёнига буткул лоқайдлик билан қаради. Чунки орадан ўтган бир неча йиллар ичида фикрлари ўзгарган ва инқилобга бўлган эътиқоди уни буткул ўзгача одам қилиб қўйган эди.

Шоҳин афанди хасталигининг биринчи давридан янада шиддатли ва аянчли ўтган иккинчи даврини ҳам қаттиқ алам билан хотирлай бошлади.

Ўша пайтгача бутун айбни айрим шахсларга юклаганди. Аҳолининг ахлоқи, эътиқоди бузилган эди, Истанбул завқдан ва ўйин-кулгидан бўлак ҳеч нарсани ўйламасди. Шундай катта мамлакатда астойдил, юрак-юракдан Оллоҳ дейдиган бирор кимса қолмаганди. Уларни Ҳақ йўлига солиб юриш вазифасига тайинланган уламо бошдан охиригача жоҳил, қўрқоқ, манфаатпараст ва ғаламис эди.

Фақат ер юзини бошидан охиригача юважак бир қон ва оташ тўфонигина бу жабр-зулмларга чек қўйиб, мусулмончиликнинг илк софлигига қайтара оларди. Аммо у қўлига тушиб қолган ҳар хил тарихий китобларни ўқиб чиққанида шу нарсани англадики, ўтган замонларнинг ҳозирги замонлардан ҳеч қандай фарқи йўқ экан. Қадим замонлардан бери дин доимо зулм ва ҳийла-найрангга хизмат этган. Асрлардан бери яшил қўшин кечган ерларда абадий бир яшил кеча ҳукм сурган.

Сомунжуўғли мадрасасидан бошланган ва аста-секин кенгайиб, бутун ҳозирги замонни ҳам қамраб олган ёнғин, усмонлилар тарихи, ислом ва пайғамбарлар тарихи ичида ҳам энг қадимги замонларгача етиб борганди. Бу ёнғин кечган ерларда муҳташам, дабдабали пештоқлар тўкилар, қуббалар чўкар, харобага айланган кўчалар ва уйлардан бошқа бир нарса қолмас эди.

Аммо бу ёнғин тарихнинг ғира-шира чегараларида ҳам тўхтамади, аста-секин кўк юзини ҳам қоплай бошлади. Шунда Шоҳин афандининг зеҳнида қўрқинчли саволлар уйғонди.

Бир қонунки, у абадиян ёмонликка татбиқ этилса, ҳар хил суиистеъмолларга, зулмларга йўл қўйса, у қонуннинг тўғрилигига ва қонун чиқарувчининг юксак қудратига шубҳа билдирмоқ жоиз бўлмасмикан? Тарихда маъбуддан мўл бир нарса кўринмасди. Ҳаммасининг айри дини, пайғамбари, айри-айри урф-одатлари бор эди. Ҳаммасининг тарафдорлари ўз маъбудларини ҳақиқий маъбуд, бошқаларникини эса ёлғондакам ва хурофий деб даъво қилардилар. Шундай экан, ҳаммаси ҳам инсон ижоди, инсон хаёлининг маҳсули бўлиши мумкин эмасмиди? Бу тақдирда руҳнинг абадий ҳаётидан умид қилиш ноўрин эмасмикин?

Бунга ўхшаш талайгина саволлар ёш софтанинг зеҳнида бирин-кетин уйғона бергач, у ақлдан озган кишидек даҳшатга тушиб кетди, ичига ёмон бир руҳ кириб олгану, уни ҳайдаб чиқармоқчи бўлгандай бошини ҳужрасининг совуқ тошларига уриб тавба ва тазарру қиларди. Шубҳа ёмон бир қурт каби Шоҳин афандининг руҳини кемирмоққа, маъсум эътиқодини аста-секин барбод қилмоққа бошлаган эди. Баъзи бир пайтларда унинг зеҳнига ғалати бир ланжлик, қалбига чуқур бир сукунат чўкарди. Шундай пайтларда у ўзини бу хасталикдан тамомила қутулдим деб ҳисоблаб севиниб кетарди. Аммо орадан озроқ фурсат ўтгач, ўлди деб ҳисоблаган қурт қайтадан тирилиб, бошлаган ишини янада кескинроқ давом эттираётганини ҳис этарди. Кимдандир ёрдам сўрашни эса у истамас эди. Бу шубҳа шундай бир нарса эдики, агар инсон бир карра инонмаслик касалига дучор бўлдими, умрбод жаҳаннамнинг оташлари ичида ўзини қовуриб юради Шу сабабдан уни бирор кимсага айтиб, сир-асрорни очмоқ асло жоиз эмасди.

Ўша йили Истанбулда шиддатли бир қиш бўлганди. Оташсиз ҳужрасида эски қавима кўрпага ўраниб олган ёш софта деразадан ёғаётган қорларга қараб ўтирарди.

У бамисоли Оллоҳни ўлдирмоқ учун кўк юзига ўқ отган Намрудга2424
  Намруд – диний ақидалар қаҳрамони Иброҳим пайғамбарни ўтга ташлаган, Худони ўлдирмоқчи бўлиб осмонга ўқ отган афсонавий подшо.


[Закрыть]
ўхшаб кетарди. Унинг назаридан исёнининг, шубҳасининг ўқи ила тилка-пораси чиқиб келган кўк юзи парча-парча тўкилиб, бамисоли эриб кетаётганга ўхшарди.

Демак, абадий ҳаёт муҳаққақ эмасди. Бу дунёда севилиб йўқотилган, исталиб қўлга кирмаган нарсаларга бошқа дунёда қовушмоқ умиди ҳам заиф эди. Инсон минг меҳнат ичида юмган кўзларини балки бошқа оламда очмас ва шохдан тушган бир қуруқ япроқ каби тупроқда чириб кетар эди.

Шоҳин афанди тушунчаларининг шу нуқтасида кулимсиради. Ўзига ўзи:

– Энди билдимки, мендаги диний интилиш ҳам унчалик ғараздан ва зиёндан холи бир нарса эмас экан, – деди. Пок дунё муҳаббати, дунёнинг тотли ҳаётини бир бошқа оламда давом эттирмоқ ҳисси билан мен, бу курашга киришибман, деб ўйлади.

Лекин вақт ўтиб бориши билан бу изтироб ҳеч бир чидаб бўлмас даражага келди. Шунда у ўзининг ихлос қўйган мударрисларидан баъзи бирларига дардини очди.

Биринчиси уни катта эътибор ва қизиқиш билан тинглади. Сўраган саволларига узундан-узун жавоблар берди. Фақат бу жавобларнинг ҳеч бири уни қониқтирмади, шубҳаларини таг-тугигача қуритажак бир қувват бермади.

Иккинчиси эса ёш софтани жуда қаттиқ қарши олди. Худди дўппосламоқчи бўлгандай, устига бостириб бораркан:

– Имонингни янгила, шайтон… Кофир бўлдинг. Бундай нарсаларни дарҳол ақлингдан чиқар, – дея бақирди.

Биз истаган нарсага инонмоқ, биз истаган нарсани зеҳнимиздан чиқариб отмоқ ўз қўлимиздами? Қизиқ гапни гапиради-я!

Мударриснинг таҳдиди Шоҳин афандини қўрқитмади. Сомунжуўғли муддарисларидан яна бошқа кимсаларга, Истанбулнинг машҳур маъруфи қалам уламоларига қайта-қайта мурожаат этди, бош урди.

Ўзини бир оз шафқат ва эътибор билан қабул этганларнинг оёқларига йиқилиб қўлларини, этакларини ўпиб йиғлади:

– Тўғри йўлдан тойдим… Шубҳаларимнинг бемаъни эканлигини менга инонтирарли далиллар билан исбот қилинг. Жасаднинг ўлимидан кейин ҳам руҳимизнинг яшашда давом этишига, абадиян маҳв бўлмаслигимизга мени инонтиринг… Шубҳадаман. Бу шубҳалар учун жаҳаннамда абадий ёнмоққа ҳам розиман. Шундай далиллар айтингки, мен абадий борлигимни ҳис этайин…

Бу даъво ёш софта учун бир фикр ва илм масаласи бўлишдан аллақачон чиққан, бир ҳаёт ва мамот масаласи ҳолига келиб қолганди.

Фақат ўлим таҳликасига дучор бўлган ҳайвонгина бундай ҳаяжонлар ва ҳаракатлар билан типирчилайди. Баъзан тиқилинч кўчаларнинг бошларида туриб олиб, бир-бирлари билан кулишиб, ҳазил-мутойиба қилишиб кетаётган тўда-тўда одамларга боқаркан, уларни бу катта масала билан ишлари йўқлигига ҳайратланарди.

Бу оломоннинг истиқболи мажҳул эди. Балки кушхонага кетаётган ҳайвон тўдаларидай билмасдан тўппа-тўғри одам учиримига кетаётган эди. Бу зим-зиё марра қаршисида нега энди бу одамлар кулишади, ҳазил-мутойиба қилишади, бошқа нарсалар ҳақида ўйлашади? Ниҳоят, у шундай даражага бориб етдики, икки маҳзун ва андишали кишининг бир-бири билан гапиришиб турганини кўриб қолса бўлди, ҳалиги масала ҳақида баҳс юритаётган бўлишса керак, деб ўйларди.

Мадраса олимларидан, борган сари кучайиб кетаётган шубҳаларини даф этадиган бир жавоб олишдан умидини узгач, у ўзини китобларга урди. Ишини, ҳамма дарсини йиғиштириб қўйиб, қироатхоналарни айланар, қўлидаги беш, ўн қурушни овқатидан кесиб китобга берарди.

Ўша пайтгача бутун мадрасадаги талабалар каби Шоҳин афандининг ҳам энг қўрқадиган нарсаси «Моддиюн»2525
  Моддиюн – материалистлар.


[Закрыть]
эди. Уларнинг нима деганларини, нима даъво қилишларини жуда яхши ўрганмаган эди. Шунчаки уларнинг Оллоҳга қарши исён кўтарган бир гуруҳ ахлоқсиз даҳрийлар эканлигини биларди.

Шубҳа касалига мубтало бўлгандан кейин «Моддиюн»га яна душман кўзи-ла боқиш билан баравар нима деганликларига қизиқа бошлаган эди.

Аммо не чораки, уларнинг даъволарини очиқ суратда англатадиган бир китоб топилмади. Қўлига тушган китоблар эса «Мен нимаман?», «Низо-и илм ва дин»2626
  «Илм ва дин низоси».


[Закрыть]
каби асарлар эди.

Бу асарларнинг муаллифи моддиюннинг асосий даъволарини тушунтиргандан кейин, ақлий ва илмий далиллар билан уларни рад этарди.

Шоҳин афанди руҳнинг ҳам вужуд билан баравар сўниб кетишини даъво этган бу одамлар устидан ҳукм чиқарган муаллифнинг кескин, шиддатли жавобларини ўқиркан, севинчдан йиғлар, ичида сўна бошлаган эътиқод оташининг янгитдан ёна бошлаганини ҳис этарди. Аммо не чораки, бу оташ ҳам унинг кучини бир неча кундан ортиқ муҳофаза эта олмас эди.

Ёш софта узундан-узоқ ўйлагандан кейин бу китобларнинг ҳакам муаллифини кўришга қарор берди. Дардини фақат ўша тушуниши мумкин, кутган тасаллисини ўшагина бера олади.

Бир куни эрталаб илк кема билан Бейкўзга2727
  Бейкўз – Истанбул шимолида, Қора денгиз ёқасидаги порт шаҳар.


[Закрыть]
кетди. Манзилга етгач, «Мен нимаман?» муаллифининг уйини суриштирди.

– Уйи узоқда, аммо ўзи анави, тоза сувли бочкаларининг катерга ортилишини назорат этаётган киши, – дедилар.

Йирик гавдали, юмалоқ юзли, мош-гуруч соқолли бир зотни кўрсатдилар…

Ёш софта, афанди ҳазратларини талай вақтгача узоқдан қўрқа-писа кузатиб тургач, ёнига яқинлашди, ҳаяжонланиб кетганидан оёқларига тиз чўкмоқчи бўлгандай бир ҳаракат қилди.

Низо-и илм ва дин муаллифи уни аввалига пора сўрашга келган бир закот йиғувчи мулла деб ўйлади чоғи, унга совуқ бир назар билан қараб қўйди-да, тезроқ қутулишнинг пайидан бўлди. Аммо ёш софта, Истанбулдан нима учун келганини тушунтиргач, дастлабки хатти-ҳаракатидан пушаймон бўлди:

– Ҳа, шундайми?.. Жуда соз. Сен, ҳов анави денгиз бўйидаги қаҳвахонага бориб ўтир-да, мени кут, мулла. Бир оз ишим бор. Келаман, – деди.

Ярим соатдан кейин, айтганидай, қаҳвахонага келди. Аммо у аввалига бир балиқчидан паламут балиғи олмоқчи бўлиб, обдан савдолашди. Сўнгра кўринишидан дурадгорга ўхшаган бир одамни чақиртириб, қандайдир арава ғилдираги масаласини ҳал қилди. Ниҳоят, навбат Шоҳин афандига келди. Ёш софта қаттиқ ҳаяжонга тушиб дардини тушунтира бошлади. Овози титрар, кўзлари ёшланарди. Буюк ҳакам балки унга бир тасалли сўзи айтса керак эди. Лекин шу пайт минг афсусларки, афанди ҳазратларининг ёнига кибор қиёфали икки кекса бей келди. Бир оздан кейин эса уларга ҳарбий кийимдаги бир пошо билан тунги узун кўйлагининг устидан каттакон бир мавлавий2828
  Мавлавий – олимлар ёки суфийларнинг номига қўшиб айтиладиган унвон.


[Закрыть]
қалпоғи кийиб олган қора соқолли бир дарвеш ҳам қўшилди. Очиқ майдонда жойлашган қаҳвахонанинг синиқ тош курсиси атрофида ҳавойи бир суҳбат бошланди. Даводан, сувдан, бир ҳафта бурун бўлиб ўтган бўрондан, сўнгра бўрон туфайлигина Босфор бўғозига келиб қолган балиқ галаларидан, ўша ёз Сўлим казиносида2929
  Казино – бар, ресторан.


[Закрыть]
чолғу чалган Татёсдан узундан-узоқ баҳс юритилди.

Улардан сал нарида бир дарахтнинг тагида уялиб ва ғамга ботиб ўтирган аянч кўринишли софтага ҳеч кимса диққат этмасди. Ҳатто Афанди ҳазратлари унинг у ерда кутиб турганини тамомила унутганга ўхшарди. Шоҳин мулла ўзига ўзи тасалли бериш учун:

– Ҳойнаҳой бу одамларнинг орасида жосус бордиру ҳакам ундан қўрқаётгандир, – деб ўйлади.

Аммо бу хаёл ҳам кўпга чўзилмади. Афанди ҳазратларининг ғамсиз, парвосиз қаҳқаҳалари софтанинг қалбини парчалар эди. Агар у хуш кўрмаган ёки қўрққан одамларнинг орасида ўтирганида ёлғондакамига бу қадар мамнун ва нашъали кўрина олармиди?

Ҳар хил овқатлар ҳақида фикр юритилгандан кейин турли-туман енгил-елпи баҳсларга навбат келди. Узун кўйлакли мавлавий форсча байтлар ўқиб, уятсиз фикрлар айта бошлади. Афанди ҳазратлари буларни мамнун ва сахий қаҳқаҳалар билан қарши олишга истиҳола қилмади. Ўзи ҳам энг уятли калималар билан эшитганларига ўхшаш ҳикоялар айтиб бера бошлади.

– Эҳ-ҳе, шунча ўтириб юбордик-а, энди турайлик. Меъдалар очликдан жой-жойга тушди, – дея оёққа қалқди.

Аллақачон эсидан чиқарган софтани у эндигина хотирлади ва бир оз ўнғайсизланган ҳолда:

– Ия, мулла, гаплашолмадик-ку?! – деди.

У олдинда, Шоҳин домла камтарлик билан қўл қовуштириб, бир оз орқароқда битта-битта юриб кетдилар.

– Нима эди сенинг дардинг, мулла? Менинг китобларимни ўқидим, дедингми? Жуда яхши, жуда яхши…

Шоҳин домла йиғлаб юборишдан ўзини тийиб:

– Афанди ҳазратлари, – дер эди, – мен ёняпман… Шубҳа оташи мени охири жинни қилиб қўяди. Сиздан бошқа киши мени бу дарддан халос этолмайди. Мени инонтиринг. Руҳнинг абадий эканлигини менга исбот этиб беринг.

Афанди ҳазратлари этакдай келадиган катта қора бир дастрўмол билан бурнини яхшилаб артди. Шоҳин домлага бошдан-оёқ разм солиб чиққач, кула бошлади.

Аммо бу кулгида озгина бўлса-да, марҳамат ва ачиниш бор эди. У ёш софтанинг ич-ичини еб қўйган хасталик нима эканлигини тушунган эди.

– Мулла ўғлим, – деди у, – сенинг бундан бошқа ишинг йўқми? Булар чуқур баҳслардир… Сенга, менга ўхшаган неча-неча мутафаккирлар бу уммон ичида ғарқ бўлиб кетишгандир. Бу масалаларни ҳал этмоқ эмас, фақат тўғри тушуниш учунгина чуқур маълумотга эҳтиёж бордир… Шундай экан, сен ҳозирчалик ўз илм тўрвангни тўлдиришга ҳаракат қил. Агар мумкин бўлса, дунёвий тўрвангни ҳам эътибордан қочирма. Агар у жуда бўш бўлмаса ерсан, ичарсан. Кўнглинг тинч бўлгандан кейин бу масалалар билан шуғулланарсан. Ёхуд яхшиси, шуғулланмассан. Ҳар қалай… Ана шунақа, ўғлим…

Шоҳин домланинг кўзойнагида икки томчи ёш милтиллаб турганини кўргач, оталарча бир виқор билан елкасига қоқди:

– Дардимни тушунмади деган хаёлга борма, мулла, – деди. – Эътиқод инқилоби инқилобларнинг энг хавфлисидир. Фақат Оллоҳ мададкор бўлсин. Гарчи бу масалада Оллоҳ мададкор бўлсин, дейиш бир оз истеҳзога ўхшаб кетади, аммо ўхшатишда хато бўлмайди.

Софта бўйнини эгиб йиғлади:

– Мени қўллаб юборолмайсизми, афанди ҳазратлари?

Буюк ҳакам яна ҳалигиндай унга ачинганнамо кулимсираркан:

– Юра бошлаган фикрларни йўлдан қўйиш мумкин эмас, мулла, – деди.

– Яхшиси, сен бу ишни ўз ҳолига қўй. Ҳақ бир, Муҳаммад унинг расулидир, деб кетавер. Кўрасан нима бўлишини? Сен менинг ҳалиги сўзларимни ҳам эсингдан чиқарма. Мумкин бўлса е, ич… Меъда мамнун бўлса, димоғ ҳам мамнун бўлади. Зеҳнга порлоқ ишонч, қалбга бошқа бир кушойиш келади…


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации