Текст книги "Яшил кеча"
Автор книги: Рашод Нури Гунтекин
Жанр: Классическая проза, Классика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 17 страниц) [доступный отрывок для чтения: 6 страниц]
VII
Маҳкама мажлиси бир ҳафтадан кейин Нажибнинг лойиҳасини қабул қилди.
Аммо иншоотни қуриш ишлари энди бошланай деб турганда биринчисидан ҳам зўрроқ бўлган бир масала кўндаланг чиқиб қолди. Вақф идорасининг маорифга ажратиб берган майдонининг бир бурчагида эски бир мадраса бор эди. Бу мадраса кўп хароб эди. Яшаб бўлмайдиган ҳолга келиб қолган эди. Рутубат, қуёш нурининг тушмаслиги ва ифлослик сабабларига кўра у ерда яшовчи софталар касалликдан қутулишмасди. Бундан ташқари бу бино янги очила бошланган ҳукумат кўчасини ўртадан тўсиб қўйганди. Мана шу икки сабабга кўра мадрасани бузиш ва ундаги талабаларни бошқа ерларга кўчириш ҳақида беш-олти ой аввал қарор чиқарилганди. Аммо бир кун эрта билан уй бузувчилар елкаларида чўкич, белкураклари билан мадрасанинг олдида пайдо бўлганларида, ичкарида зўр бир исён кўтарилди. Софталар мактаб, йўл каби баҳоналар билан шундай муборак бир тарихий бинонинг бузилишига рози эмасликларини, агар ҳукумат истаса бинони бошларига қулатиши мумкинлигини, лекин улар бу ердан қимир этмасликларини, тош парчаларининг остида кўмилиб кетишга аҳд қилганликларини сўйлашар, қўрқинчли товушлар билан азонлар ўқишар, такбир туширишарди.
Воқеани эшитган борки, ишини ташлаб югураверди. Мадрасанинг олди ярим соатнинг ичида қиёмат-қойим бўлиб кетди. Софталар яна жазавали ва ғазабнок ҳолда тўда-тўда бўлиб айланиб юришар, қари хотинлар, болалар қўрқиб йиғлашарди. Бу орада қаердан чиққанлиги маълум бўлмаган бир гап тарқала бошлади. Гўё мадрасада – илоё каромати ҳозиру нозир бўлсин – авлиёнинг жасади қўйилган эмиш… Софталар яқин пайтлардан бери тонг отгунча ернинг тагидан такбир ва илоҳий товушларини эшитаётган ва зим-зиё тош ҳовлиларда яшил нурларнинг порлаб сўнганини кўраётган эмишлар… Оллоҳнинг бу авлиёси бир ҳафтадан бери ҳар кеча Урфий ота қиёфасига кириб: «Суякларимни нопок оёқларга тептирманг, қасабани остин-устин, уйларингизни хонавайрон қилиб ташлайман», – дея бот-бот бақирар эмиш… Ҳамиша каромати ҳозир-нозир бўлсин, Оллоҳнинг бу авлиёси, фақат Урфий ота шаклида эмас, балки бошқа кимсалар шаклида кўринаётган эмиш…
Бир кун аввал яна бир зиёфатда бўлган маҳкама раиси Салим пошо ошқозони тўлиб кетганлигидан кўрган аралаш-қуралаш даҳшатли тушини хаёлидан ўтказган экан, узун соқолли, яшил саллали бир шарпа ғира-шира кўринганини эслаб қўрқиб кетибди.
Бу орада мутасарриф Муфит бей извошда мадрасага етиб келди. Софталарга узундан-узоқ насиҳатлар қилди. Бориб ўқийдиган мадрасаларида фавқулодда шарт-шароитлар яратиб беришларига доир кафолат берди. Аммо улар бу сўзларга қулоқ ҳам солмадилар: «Ҳукуматга қарши бўйнимиз қилдан ингичка… Мадрасани бузаверинг… Биз бу ердан чиқмаймиз. Тош нарчаларининг остида мажақланиб шаҳид ўлишни, Оллоҳ таолонинг олдига қонли бошимиз билан боришни истаймиз», – дея оёқларини тираб олишди.
Кўп ўтмай мутасаррифнинг орқасидан фирқа масъул котиби етиб келди. Жобир бей одатдагидай яна ёқаси мўйнали овчилар кийимида эди. Оёқларида этик. Қўлига қамчисини ушлаб олганди. Бир оз аввал жандарма қўмондонидан ўзига ҳамроҳлик қилишини илтимос қилганди. Аммо Убайд бей: «Мени маъзур тутгайсиз… Руҳан менинг қандай одам эканлигим ўзингизга маълум… Агар керак бўлса, ёлғиз бир ўзим бир батальонга қарши жанг қила оламан. Бироқ авлиёларга қарши курашишдан қўрқаман… Бахусус, ҳукуматга қарши исён кўтариш ҳақида гап юритилаётгани йўқ… Бечоралар, мадрасанинг бузилишига монелик қилмаяптилар… Майли, устимизга йиқитаверинг… Биз шаҳид бўлишни истаймиз дейишса, нима, бу иш жиноят ҳисобланадими?» – дея унинг таклифини рад этганди.
Шу сабабдан бу дафъа Жобир бейнинг мияси яхшигина қизиб кетган эди. Қамчисини ўйнатганича у мадраса томон кела берди, дарвоза олдида туриб, ҳам ичкаридаги талабаларга, ҳам ташқарида тўпланишиб туришган софталарга қарата ўзининг момақалдироқдек товуши билан шиддатли бир нутқ бошлади.
Болқонликлар мусулмонларнинг бурунларини, қулоқларини, бармоқларини, сонларини қандай кесганликларини, сочи чиқмаган гўдакларни она бачадонидан қилич билан чиқариб, найзаларга қадаб қўйганликларини билмайдиларми? Бу эски ақл қачонгача давом этади? Ўз вақтида яничарларни тўпга тутган ҳукумат, бугун, агар керак бўлса, бу бинони тўп билан йиқитишга қодирдир. Жобир бей софталарга қарши шундай бир шиддатли ҳаракат қилиб, қамчисини ҳавода шақирлатиб, курашга чорларди. Оҳ, қанийди бирортаси жавоб беришга, курашга чиқишга жасорат этсайди. Аммо ҳамма бошлар унга ҳурмат кўрсатиб айёрона эгилган, фақат энг олдинги қаторларда кампирлар билан чолларнинг йиғлагани кўзга ташланарди, холос.
Жобир бей такрор ҳукумат идорасига кетди, мутасарриф Муфит бей билан узундан-узоқ маслаҳатлашди. Мутасарриф жандарма қўмондонини чақиртирди ва лоқайд бир кўринишда уйнинг бурчагида газета ўқий бошлаган Жобир бейнинг ёнида турган Убайд бейга ёлворишга ўхшаш бир буйруқ берди. Шунда жандарма қўмондони:
– Ҳукуматга ва фирқага боғлиқлигимни ўзлари жуда яхши биладилар. Мен қасабамиз устига бургутдай қанот ёзганман… Мамлакатнинг осойиши учун қандай жон куйдираётганлигимдан шубҳа қилмасинлар… Мен ҳозиргина бей афандимизга арз этгандим… Бу бир маънавият масаласидир. Амр этсалар, бир гуруҳ жандарм юбораман. Бу айтаётган арзимга қарамай, шахсан менинг ўзимни воқеа содир бўлган ерга боришимни қатъиян талаб этсангиз, у ҳолда лутфан каминанинг истеъфосини қабул этгайлар.
Муфит бей икки ўт орасида қолиб, нима қилишини билмай, эзилиб сиқила бошлади. Бир томондан четдан ёрдам келишига имкон йўқ эди. Маҳкама раиси мазаси қочиб қолганлигини баҳона қилиб, аравасига минди-ю, секингина жўнаб қолди. Мударрис Зуҳту афанди эса ҳеч қаерда кўринмасди. Мутасарриф қўлларини бир-бирига ишқалаганича, хонасида у ёқдан бу ёққа юраркан, ора-сира: «Ажабо, энди нима қилсак экан?» дегандек Жобир бейнинг юзига қараб-қараб қўярди. Масъул котибнинг чеҳраси қоронғи, кўзлари сўник эди. Бундан сал бурун ўқиётганга солиб ўтирган газетасини бармоқлари орасида аста-аста йиртиб, ажойиб шакллар чиқарарди.
Мутасарриф боя кўзлари билан берган саволни бир марта оғзи билан такрорлаганда Жобир бей хиёл менсимагандек елка учириб қўйди:
– Биродарим, бу ерда ҳукумати машрутамизнинг вакили сизсиз… Ўн – ўн бешта сўлақмонни енголмайсизми? Ҳукм, қувват қўлингизда бўлса. Берилган қарор қандай бўлмасин, ижро этилиши лозим…
Муфит бейнинг лаблари қовжираб, тиззалари букилиб кетаёзди… Сариова мутасаррифлиги жуда камдан-кам топиладиган иш эди. Юқоридаги бошлиқлар бир-бирларини тушунишса ишлар ғоят силлиқ кетарди, домлаларнинг хасталарга дам солиши қабилидан унинг ҳам бир қанча қоғозларга имзо чекиб юборавериши давлат машинасини юргизишга кифоя қиларди. Аммо улар ўртасида англашилмовчилик чиқдими, тамом, иш ўзгача тус оларди. У вақтда ҳар ким энг юқори лавозимдаги мутасаррифни ўзига оғдириб олишга ҳаракат қиларди, у ҳолда бечора Муфит бей гўзал ҳаво, кўп овқат ейиш, кунда ўн икки соат уйқуни уриш натижасида орттирган килоларидан бир нечасини йўқотарди.
Атрофидагиларнинг келишиб иш қилаётганликларини кўрган сари, унинг ташвишланишига, ширин жонини қийнашига ҳеч қандай ҳожат қолмасди. Модомики, бир иш юзасидан ҳамманинг фикри бир хил чиқдими, демак, бу иш мутлақо шундай бўлиши керак. Аммо фикрлар ҳар хил чиқиб қолса, шахслар бир-бирлари билан ғижиллашиб қолгудай бўлса борми, мутасарриф учун кўнгил ғашликлар бошланарди. Ўйлаш, ўз-ўзича бир қарорга келиш мажбурияти… Аҳён-аҳёнда керак бўладиган асбобни ғилофдан чиқариш, шай қилиб ишлатиш сингари бир заҳмат эди.
Кейин, бундай ихтилофларда кўп карра ҳақли бўлган кишиларнинг тарафини эмас, балки қайси тараф зўр бўлса, ўша томонга оғиш лозим эди. Бу мажбурият қаршисида унинг маъмурлик виждони ва инсонлик ғурури кўп вақтгача нидо бериб, кишини бечораҳол этувчи беҳуда бир изтироб билан азоблай бошларди.
Шунинг учунми, бу ерда бирор кимса иттифоқ ва якдилликнинг қийматини мутасарриф Муфит бейчалик тақдир этмасди. Шаҳарнинг нуфузли шахсиятлари расмий ёхуд хусусий бир мажлисда ораларида қаттиқроқ тортишув кетиб қолиб, бир-бирларига аччиқ-юлуқ гаплар айтгудай бўлишса, Муфит бей дарҳол уларни тинчлантиришга ҳаракат қиларди.
Шу сабабдан мутасаррифга фозил, комил, ахлоқи пок, малак хислатли одам деб қарашарди.
Мутасарриф масъул котибдан бирор иш чиқмагач, полиция мудири кекса Ҳожи Рашид афандига бир полиция отряди билан ўзига ҳамроҳ бўлишни буюрди ва яна қайтадан аравасига миниб воқеа юз берган ерга келди.
Мадрасанинг олди боягидай оломон билан тўла эди, лекин ҳаяжон бир оз сусайганди. Ҳорғинликдан ерларга, девор тагларига, эшик остоналарига ўтириб олган аҳолининг орасида сувчилар, шарбатчилар, мева-чева сотувчилар кезиб юришарди.
Майдонга қараган уйларнинг деразалари шаҳарнинг тўрт томонидан кўчиб келган хотинларга тўлиб кетганди. Томошабин хотинларни кўриб илҳомланиб кетган софталар бир-бирларини қўлтиқлашиб кўчада айланиб юришар, гоҳида баъзи уйларнинг олдида тўхташиб, кўз қири билан деразаларга қарашар ва бақириб-чақириб баҳслашишарди.
Мутасаррифнинг араваси кўзга ташланиши билан кўчада яна оломон ғала-ғовурга тушди: воқеанинг иккинчи қисми бошланди.
Мева-чева сотувчилар олиш-беришни тўхтатиб, аравачаларини ҳар эҳтимолга қарши хавфсиз жойларга олиб ўтдилар, оналар болалари кўчада оёқ остида қолиб кетишидан қўрқиб ҳайқира-ҳайқира деразалардан чақиришарди.
Ҳайбатли мутасаррифнинг оёқ-қўллари негадир ҳолдан тойди. Неча йиллардан бери қовуқ шамоллаш дардига чалиниб қолган кекса полиция мудири, мутасаррифдан буйруқ олар-олмас, дарҳол тулумба4646
Тулумба – ўт ўчириш насоси.
[Закрыть] бошида шоша-пиша янгилаган таҳоратини қочирмаслик учун қўллари билан чотларини зўр бериб қисарди. Бир Оллоҳ авлиёси мақбарасини бузмоқчи бўлганлар билан бирга ҳаракат қилиш келиб-келиб, афандидай бутун умрини тоат-ибодат билан ўтказган муттақий4747
Муттақий – гуноҳ ва ҳаромдан сақланган.
[Закрыть], мусаллий4848
Мусаллий – беш вақт намозни доим адо этган.
[Закрыть] одамга тушадими-а?
Тушмасди, аммо у нима қилсинки, вазифаси шундай, айтилган буйруқни бажариши шарт. Борди-ю, уни ишдан четлатилса бола-чақаларининг ҳолига мушуклар йиғлар эди. У ҳам Убайд бей каби Қодирий Шаххининг куёви бўлганида нима қилишини биларди-я! Кекса одам, мутасаррифнинг ёнида тинмай дуо ўқир, Оллоҳ авлиёсининг муборак суякларини оёқ ости қилмаслик учун шарбати шаҳодат4949
Шарбати шаҳодат – ўлимга рози бўлмоқлик.
[Закрыть] ичмоққа аҳду паймон этган талабаларга қарши ҳақиқатан қурол ишлатиш муқаррар бўлса, шу ондаёқ руҳини қабул этишини Оллоҳдан сўрарди. Муфит бей бу сафар аравадан тушмади. Берадиган буйруғини полиция мудири орқали софталарга маълум қилди.
Ҳожи Рашид афанди ўн дақиқадан кўпроқ вақт мадрасанинг ичида қолиб кетди, кейин дарвозанинг олдидаги оломоннинг орасини ёриб тўғри арава томон кела бошлади.
Бечоранинг ранги жудаям ўчиб кетганди. Полиция мудири ҳали оғзини очмасиданоқ мутасарриф натижани англади. Сокин ва мулойим табиатли бўлишига қарамай, Муфит бей бирдан керагидан ортиқ қизишди. Нима бўлса бўлсин, бу разолатга барҳам бермоқ лозим эди. Чўкич ва белкурак кўтарган ишчиларга дарҳол иш бошлашларини, полицияга эса мадраса атрофини ўраб олишни ва кимда-ким бу ишга қарши чиқишга журъат этадиган бўлса қамоққа олинишини буюрди.
Софталар бу амрни эшитганлари заҳоти мадрасанинг дарвозаларини занжирлаб олишиб, мозордан эшитилгандай қилиб қўрқинчли товушлар билан ичкарида Оллоҳу акбар дея бошладилар. Кўчада шовқин-сурон тинди.
Фақат оломон ичида сал-пал қўзғалиш борлиги сезилар, йиғлаганга, оҳ урганга ўхшаш товушлар эшитиларди.
Ишчиларнинг энг олдида йирик гавдали, яшил камзулли, соқолли бир одам борарди. У негадир ҳаммадан олдин иш бошлашга, чўкични биринчи бўлиб ўзи уришга шошиларди. Югураётгандай бир суратда тўппа-тўғри мадраса деразаларидан бирининг олдига келди-да, чўкичини кўтарди. Лекин чўкичи деворга санчилай деган бир пайтда ўткир бир товуш билан «Омон Оллоҳ…» дея бақирди-ю, гуп этиб йиқилди. Қолган ишчилар чўкичларини, белкуракларини улоқтирдилар, бақириб-чақириб, тавба-тазаррулар қилиб, дуч келган томонга қочавердилар.
Ерда ҳушсиз ётган, ора-сира «Омон Оллоҳ» дея бақириб қўяётган соқолли ишчининг ёнига бирор кимса яқинлашмасди. Мутасарриф бу одамни бир дорихонага элтиб қўйишни амр этди ва бошқа қилинадиган иш қолмагани сабабли орқасига қайтди.
Орадан бир дақиқа ўтгандан кейин бутун майдонни тўлдирган аҳоли, деразалардаги хотинлар, кўзлари даҳшатдан олайиб, сочлари тикондай тиккайиб, бўлган воқеани бир-бирларига тушунтиришарди. Беш, ўн қуруш пул учун бир авлиё мақбарасини бузишга отланган одам нақ чўкичини урай деб турган пайтда, қаршисида нуроний юзли, яшил саллали Пири фонийни кўрган эмиш, бир қўлида яшил байроқ, бир қўлида каттакон бир асо тутган бу чол ишчини лаънатлаганмиш ва ҳассаси билан бошига бир уриб ҳушидан кетказган эмиш…
Ишчи ҳанузгача ҳушига келмасди. Шундайлигича чалқанчасига кўтаришмоқчи бўлишган полициячиларга вужудининг бор оғирлигини солар, кўзлари очиқ, соч-соқоли бир-бирига аралашиб кетган, бўғиқ ва қўрқинчли товушлар чиқарар эди.
Шоҳин афанди воқеани маҳкама раиси томонидан янги мактаб учун юборилган бир тош уюми устидан томоша қиларди. Ёнида телба Нажиб билан Расим ҳам бор эди. Бир софта икки деҳқонга тафсилот берар, деҳқонлар кўзларини катта-катта очишиб, ора-сира ҳайрат билан бошларини чайқашиб уни тинглашарди. Шунда Шоҳин афанди: «Пири фонийнинг таёғини еб, ҳушидан кетган ишчи ҳали ўзига келиб, ҳеч нарса дегани йўқ. Ажабо, бу маълумотни қачон берди экан?» – дея сўради.
Софта жавоб бериш ўрнига бошдан-оёқ унга разм солиш билан чегараланди-да, орқасини ўгириб нарига кетди.
– Қалай, софталар ўйини сенга ёқдими, Лочин бей? – дея сўради ундан Нажиб тентак, – Оврўполик артистлар шундай комедияни ўйнай оладиларми? Аминманки, бу комедиянинг муаллифи ҳам, тузувчиси ҳам Айюб афандидир.
Шоҳин афанди ҳамиша ҳар нарсага яхши назар билан қарайдиган оптимистик мижозига қарама-қарши ўлароқ, ҳозир ўйчан ва маъюс сукут сақларди. Ўртоғига тўғри айтасан деган мазмунда фақат бошини қимирлатибгина қўя қолди.
Шунда Расим чуқур-чуқур хўрсинганича:
– Буларга бас келишнинг иложи йўқ… Қўрққан нарсам шуки, мамлакатимиз яна бир неча юз йиллар давомида бу беўхшов кишиларнинг қўлидан қутулиб кетолмайди, – дея пўнғиллади.
Шоҳин афанди дўстини бу қадар умидсиз ҳолда кўриб, жонланди:
– Ақидани бузма, Расим, – деди, – шу ерга қуриладиган мактабда фақатгина ҳалиги берган саволимни: «Ҳушсиз одамдан бунчалик тафсилот қачон, қандай олинди, қандай ёйилди?» саволини сўрайдиган даражада мулоҳазали бир авлод етиштирсак, шунинг ўзи ҳам катта гап бўлади.
Ортиқ томоша қолмагани учун тўппа-тўғри безор жаддасига оқа бошлаган оломонга улар ҳам қўшилиб кетдилар.
Нажиб муҳандис атрофдагиларга парво қилмай телбаларча кула-кула шовқинлаб гапириб борарди:
– Худо ҳаққи, Оврўпога борганимизда ҳам комедиянинг бундан қизиғини томоша қилолмасдик. У одамларнинг айёрлигини қаранг. Ўртада зўравонлик, саркашлик, жанжал, товуш йўқ… Аввало ҳукуматга зорли бир ёлвориш… Эътибор бермадингми? Жуда яхши, кел, буза қол!.. Ҳеч ким ҳукумат қўлини ушлаб тургани йўқ. Ичкарида тўп, пулемёт билан ҳимоя қилаётганимиз ҳам йўқ… Фақат ичкарида шундай бобойимиз борки, бир қўлида яшил байроғи, бошқа қўлида таёғи, деворнинг орқасида кутиб туради. Мадрасага чўкич кўтардингми? Бошингга тақ этиб таёқ тушади… Бу комедиядан кейин миллион берсанг мамлакатда бу иш учун ҳеч ишчи топа оласанми? Орадан бир оз вақт ўтгач, қарабсанки, бобой деганлар фақат мадрасани эмас, балки бутун бир кўчани ҳам ҳимоя қилади. Тағин домлаларни ёқтирмаймиз… У нусхалар, бир батальон соқчининг қўриқчилик вазифасини уч, беш шағам, бир неча бўз парчаси эвазига кекса бир бобойга юклайдилар. Мен зотан уларнинг натижани бу қадар сукут билан кутишларидан, тўғрисини айтсам, қўрққан эдим… Демакки, у соқолли ишчини ё бир талай пул билан, ё бошқа бир нарса билан кўндирганлар… У ҳам бу ҳушдан кетиш ўйинини қотириб ўйнади. Диққат қилдингизми, полициячилар уни қучоқларига олиб кўтариб кетишаётганда, бирдан биттасининг оёғи тийғаниб кетди. У айиқдай одамнинг боши бу сафар бобойнинг таёғи остида эмас, тош кўчанинг тошига урилиб, ёрилиши мумкин эди. Ҳушдан кетиш ўйинини ўйнаётган одам, чунонам дик этиб оёққа турдики…
Шоҳин афанди янги мактабдан энди умидини уза бошлади:
– Ортиқ бу мадрасани бузишга имкон қолмади, Янги мактаб қуриш орзуси – пуч хаёл бўлиб чиқди. Негаки, бу мадрасанинг шу пайтгача исми номаълум бўлган, ўзи эса мажҳул бир авлиё сингари бир ҳимоячиси бор… Энди унинг олдига ҳеч ким яқинлашолмайди. Эртагами, индингами, қарабсизки, унга бир исм қўйилади, балки кичик бир мақбара ҳам қурилар, бир яшил қандил ҳам осилар.
Шу пайт телба Нажибнинг ақлига бир нарса келиб қолди. Кўчанинг ўртасида тўхтаб, икки қўли билан сонларини эгилиб ушлаганича зўр бериб қаҳқаҳа ота бошлади.
– Вой, бечора Лочин бейгинам-е… Сен мамлакатимиздаги яшил қандилларни сўндираман, дея гердайиб юрувдинг. Қараб тур, тағин сенинг мактабингга ҳам, ўз бурнингнинг учига ҳам бир янги яшил қандил осиб кетмасинлар, ҳа… Аммо толе…
Шундан кейин у Шоҳин афандининг совуқ қотаётган одам вазиятидаги эгила бошлаган, букчая бошлаган яғринига бир мушт туширди-да:
– Кўп сиқилма, Лочин бей, – деди, – софталарнинг ўйинига биз ҳам бир ўйин билан жавоб қайтарамиз… Ўн беш кунга қолмасдан сенга қурилиш майдонини теп-текис қилиб топшираман. Ҳозир мендан ҳеч нарса сўрамайсан. Ўйлаб қўйган режамни яна бир карра тартибга солиб олай-чи…
Сирли бобой ҳикояси халқ орасида яшин тезлигида тарқалиб борарди. Эмиш, кечалари мозор атрофидан ўтган ёлғиз йўл элчиларга аввал митти бир лилипут шаклида учраб, кейин баланддан баланд, сарвлардан ҳам баланд девлардай катталашар эмиш. Шу тарзда бобой ҳикояси қўрқинчли бир афсона ҳолига кирарди.
Ташқи кўриниши ҳаммолга ўхшаган бир одам ҳарбий хизматга чақирилган икки ўспиринга гап уқдириб борарди:
– Яқингинада кечаси орқамда бир сандиқ, мадрасанинг олдидан ўтиб кетаётгандим. Ҳамма ёқ қоп-қоронғи зимистон эди. Босаётган еримни кўриб бўлмасди. Бирдан оёғим бир тошга урилиб кетса денг. Юзим билан ерга учиб кетибман. Устимдаги сандиқнинг остида чалпак бўлишим аниқ эди. Шунда денг, қаёқдандир оппоқ соқолли бир одам пайдо бўлди-ю, мени қўллари билан ушлаб қолди. Ёлғон гапираётган бўлсам кўзларим кўр бўлсин.
Ҳаммол ўз шериклари билан узоқлашиб кетгандан кейин Нажиб тентак кула бошлади. Оломонни кўрсатаркан, деди:
– Бамисоли бир қўйдай одамлар-а, ё Раббим! Бугунги масала ҳақиқатда Ҳофиз Айюб афанди билан сенинг орангда бўладиган бир тўқнашувдир. Улар бекорга сиз билан ҳамкорлик қилдилар… Тўпландилар, бақирдилар… Ҳатто зарур бўлса бекорга бир-бирларини бўғизлашдан тоймасдилар. Фожиа шундан иборатки, доимо шундай бўлган. Ўлдик, аммо нима учун ўлаётганимизни тузукроқ тушунмадик…
Бўшашма, Лочин бей… Умидимиз фақат сенинг янги мактабингда.
VIII
Ҳукумат жаддаси донғи кетган мадрасанинг олдига келиб тўхтаганди.
Бинонинг муҳофазасини таёқли авлиёларига топширган софталар энди ҳеч кимга парво қилишмасди. Майдон очиқ эди. Яшил саллали бобойнинг калтагини емоққа, кўчанинг ўртасида ҳушдан кетиб «Омон, Оллоҳ!» дея бузоқлар каби бақирмоққа рози бўлганлар чўкичларини қўлларига олишиб, ташриф буюришлари мумкин эди. Чопонларига ўралган муллалар жуда керилишиб, қўллари чолворларининг чўнтагида мадрасага кириб-чиқиб туришар, кўнгил хурсандлигидан мамнун бўлишиб, йўлнинг қандай қурилаётганини томоша қилишарди. Маҳкама мажлиси кўпчиликнинг бу ҳаяжонидан ҳайиқиб мадрасани бузишдан воз кечишга қарор берди. Жадданинг озгина қисми мана шу ерда андак торайса, қиёмат қойим бўлмайди-ку, ахир.
Мана шу воқеадан бир ҳафта ўтгач, кунлардан бир кун маҳкама муҳандиси Нажиб тентак йўлларнинг қандай ётқизилаётганини шахсан ўзи назорат қилиш учун бу ерга келди. У билимдон ва талабчан киши эди. Бирор иш нотўғри бажарилаётганини кўрса, томга дейсизми, ҳавозага дейсизми тирмашар, ишчиларнинг қўлларидан асбобларини олиб, оловдай ёниб ишлай бошлар, уларга билмаганларини амалда кўрсатарди.
Ўша куни у эгнига жомакорини кийган бўлиб, маҳкаманинг янги ер текислайдиган ғалтак машинасига миниб олганди. Кўп ўтмай Нажиб йўлни текислаш билан машғул бўла бошлади.
Нақ пешин азони ўқилаётган вақтда бир фалокат юз берди. Маҳкама муҳандиси янглиш бир ҳаракат натижасида ғалтак машинани бор оғирлиги билан тирговичлар ёрдамида зўрға турган мадрасанинг чирик деворига бориб қаттиқ урди. Бино худди ер қимирлагандек қўрқинчли тусда гумбурлаб кетди. Деворнинг бир тарафи кўчди, деразадаги ойналар чил-чил бўлди, қийшайган том сополлари тўкила бошлади. Яхшиямки, талабаларнинг кўпчилик қисми пешин намози ўқишга жомега кетганди. Ичкарида, уч-тўрт софта бор экан, эсхоналари чиқиб кетганидан «Оллоҳ, Оллоҳ», дея бақиришганича, кўтарилган қуюқ тўзон орасидан гуппи чопонларининг этакларини яраланган қушларнинг қанотларидек ёйишиб жон ҳолатда қочишарди. Шовқин-суронни эшитганлар яна чор атрофдан бу ерга кўчиб келишди. Бу орада ёнида беш-олти нафар ёш йигитлари билан бир полиция комиссари пайдо бўлди.
Тўқиниш пайтида жағини бир темир парчасига уриб олган Нажиб тентак қонли дастрўмолини комиссарга силкитаркан, бақирди:
– Хавф бор. Бино қулаши мумкин… Аҳолини яқинлаштирманг.
Полициячилар дудама калта қиличларини чиқаришиб, дарҳол ўша ерни ўраб олишди. Саросимага тушиб жомедан гур этиб кўчиб келган софталарнинг бир қанчаси: «О Худо, бизнинг нарсаларимиз… Китобларимиз… пулларимиз нима бўлади…» дея полициячилар ҳалқасини ёриб ўтишга ҳаракат қилиб кўришганди, аммо полициячилар уларни кўксидан итариб-итариб, нарига суриб қўйишди. Маҳкама муҳандиси дарҳол бир рапорт ёзди. Бир фалокат натижасида бино асосли суратда қаттиқ шикастланди, қисман қулаган жойи ҳам бор. Агар бино шу аҳволда қолдирилса, бутунлай қулаб кетиш хавфи бор. Оқибатда Худо кўрсатмасин, аҳолига зиён етиши ҳам мумкин. Шу сабабдан дарҳол йиқитиш лозим. Рапорт бошлиқларга жўнатилиши ҳамоноқ, иш бошланди. Оқшом тушмасдан мадрасанинг деразалари-ю, эшиклари олиб бўлинди.
Шоҳин афанди шу кечанинг ўзидаёқ телба Нажибга мактабда бир ҳолва зиёфати берди.
Маҳкама муҳандиси оғзининг қулайлик билан очилиб ёпилишига моне бўлган ярасига қарамай чўмичдай келадиган бир ёғоч қошиқ билан олдидаги юмшоқ ҳолвани паққос тушираркан, кула-кула сўзлар эди:
– Таёқли бобой бу кеча очиқда қоладиган ишқилиб, ёмғир ёғиб қолмасин-да, бўлмаса бечоранинг ҳоли вой. Мен чанг, тўзон орасида билолмай қолдим, тағин менинг жағимга туширган у бўлмасин?.. Лекин ҳарна бўлганда ҳам, ишимиз енгил кўчди… Қандай, менинг сиёсатимни энди тушундингми, Лочин бей? Ўзимизга балли! Уч киши бутун бир қасабани лақиллатдик… Тамом. Айюб домла энди шундай бир қорга кўмилдики… Ўзимизга балли, ҳалиям ўзимиз тузукмиз…
Шоҳин афанди:
– Комиссар Козим афандининг хизматини ҳам инкор этмайман. Бу ишда унинг бизга ёрдами кўп бўлди, – деб қўшиб қўйди.
Телба Нажиб кулимсираганича дўстининг гапини тасдиқлади:
– Бу одамни ярим иттифоқдош ҳисобласак бўлади… Бизнинг савиядаги одам эмас… Ҳар хусусда унга очилмайлик, лекин ора-сира ишимизга ярайди.
Комиссар Козим афанди Шоҳин афандининг талабаларидан бирининг отаси эди. Номиқ исмли бу бола, бамисоли ўт эди. Лекин зеҳни жуда ўткир эди. У ҳар нарсани билишни истар, ичидаги шавқ-завқи тоза булоқдай сабабсиз севинчлар, қаҳқаҳалар, шўхликлар билан қайнаб тошарди.
Эски ўқитувчиси таёқ билан ҳам, таҳдид билан ҳам, қўрқитиш билан ҳам боладаги зако ва мароқни сўндиролмагани, мискин итоатга, кўр-кўрона ҳар нарсани ёд олишга мажбур этолмагани учун ҳадеб отасига шикоят қиларди.
Козим афанди ўқиш-ёзишни зўрға биладиган даражада таҳсил кўрган бир соддагина халқ одами эди. Эски муаллимнинг: «Бу бола одам бўлмайди», деб чиқарган ҳукмига чиндан инониб, ўғлига узоқ замондан бери зулм қилиб келарди.
Шоҳин афанди Сариовада иш бошлагандан кейин бу комиссар бир кун боласини йиғлата-йиғлата мактабга келтириб: «Бу тирмизак касалликни баҳона қилиб, мактабдан қочиб юрибди, уйда бўлса дангасалик қилади. Мендан сенга рухсат, муаллим афанди… Уравер, эти сеники, суяги меники, ё ўлсин, ё одам бўлсин!» деганди. Боланинг юзи қип-қизариб кетган, кўзлари ялтилларди. Айниқса, унинг тез-тез нафас олиши Шоҳин афандининг диққатини жалб этди. Боланинг томирини ушлаб кўраркан:
– Э, афанди биродар… Бу бола ҳақиқатан ҳам касал… – деганди.
Комиссар хўмрайиб:
– Касал-пасал эмас… Тирмизакни ўлардай калтаклагандим, шунга шунақа қиляпти, – деб ишонтиришга уринарди.
Шоҳин афанди бу комиссарни аввалига ҳиссиз ва жоҳил одам деб ўйлади. Аммо у билан бир оз суҳбатлашгач, фикри ўзгара бошлади. Айниқса, унинг: «Хаста бўлса ҳам таҳсилдан қолиб кетишига рози эмасман. Мен нима хотин кишиманмики, болам соғ бўлсин деб, унинг саводсиз бўлишига, ёмон бўлишига розилик бераман», дейиши уни ҳайратга солди.
Закот йиғувчилик давридан қолган ширин, аниқ ва равшан тил билан комиссарга у шу нарсани англатдики, хаста бир бола бир неча кун уйда дам олиши билан ҳеч нарса йўқотмайди, бир хастанинг бир йилда қилолмайдиган ишини, саломатлиги жойида бўлган бир инсон бир ҳафтада қойил қилиб ташлаши мумкин.
Комиссар Козим афанди у куни барибир Шоҳин афандидан енгилмади. Аммо янги муаллимнинг сўзлари унда англашилмас бир муҳаббат ва ҳурмат уйғотди. У яхши бир таассурот билан мактабдан чиқди. Кейинроққа бориб, улар бир-бирларини яхши тушунадаган бўлиб қолишди. Комиссар мактабга тез-тез ташриф буюрадиган бўлди. Ҳар келганида Шоҳин афанди унга болангизни яхши билмас экансиз, аксинча, шундай ўғлингиз борлигидан фахрланишингиз лозим, деган гапларни айтарди.
Боласининг ўз қўлида оз вақт ичида қандай илгарилаб кетганлигини мисоллар билан исботлар эди. Шунда бечора, бир замонлар эски муаллимнинг сўзига ишониб, боласига қилган зулми учун ўз-ўзидан уялиб, виждон азобида қийнала бошлади.
Шоҳин афанди Сариовадаги вазифасининг доирасини энди кенгайтиришга қарор берди. Унинг фикрича, бошланғич мактаб муаллими фақатгина болаларга эмас, балки уларнинг оталари, оналари бўлган бошқа катта ёшдаги болаларга ҳам кўп нарсаларни ўргатиши лозим эди. Оз вақтнинг ичида у Козим афандининг пок ва ақлли бир одам эканлигини тушунди. Камчилиги фақат – илм аҳли деб танилган одамларга ҳаддан зиёда ишонишдан, уларнинг ҳар неки сўзлаганларини ҳақиқат дея қабул қилишдан иборат эди. Аммо бу нарса унинг ақли ва ахлоқини жуда асосли равишда парчалаб ташламаганди. Масалан, мақбул ва дуруст бир инсон оғзидан талайгина тўғри сўз эшитса борми, дарҳол бошини қамраб олган ҳафиф туман пардаси кўтарилиб йўқ бўлиб кетарди.
Кун ўтган сари мавзулари янгиланиб турарди: боланинг тарбиясидан, бошқа нарсалардан, мамлакат ва миллат масалаларидан ҳам баҳс очишарди.
Шоҳин афанди домлалар ҳақидаги баъзи мулоҳазаларини ва ўзининг кўрганларини сўзлаганда комиссар деярли завқланар, қўлларини бир-бирига ураркан, ёлғон гапирмайдиган мактаб боласи каби:
– Биродар, Худо ҳаққи, мен ҳам буларни сезардим, аммо сенингдай фикрларимни жамлай олмасдим, очиқ-очиқ сўзлай олмасдим, – дерди.
Комиссар Козим афанди Шоҳин афандининг баъзи дунёқарашларини янада кучайтириб, умидларини орттириб юборди. У ўзига ўзи дерди:
– Юрагимизнинг яраси бизни баъзан ҳақсиз ва бадбин қилиб қўяди. Софта миллати бутунлай чириди, деймиз. Аммо касаллик биз ўйлаганимизчалик оғирлашган эмас… Софталар ўқиш-ёзиш ишини ва ўз қўшинларига олган бир қисм болаларимизнигина барбод этдилар, холос… Аммо иши, кучи, бола-чақаси, хуллас, ўз дунёсининг ташвиши билан машғул бўлган асл халққа таъсирлари унчалик чуқур бўлмади… Асрлар давомида бунёд қилинган бир ғояни йўқотиш ва бутунлай янги ғояни ҳосил қилиш учун яна асрлар лозим деганлар ҳақли эмас. Халқнинг каттагина ҳақиқий бир қисми мана шу комиссар Козим афандига ўхшайди. Уларни ўринларида алаҳлатиб терлатган босинқирашлардан уйғотиш учун меҳр қўли билан салгина туртиб қўйилса кифоя. Қуёш нури, дунё нури кўз қорачиқларига тушган заҳоти кўнгиллари ҳам, миялари ҳам очилиб ойдинлашади… Бу мамлакатнинг халқи ҳеч қачон кўринишига қараб биз ўйлаганимиздек том маънода мутассиб бўлмаган, том маънода хурофот ва динпарастлик касалига чалинмаган. Софтанинг панжасидан ўзини ҳеч бир замон қутқаза олмаган бўлса ҳам, лекин софтага нисбатан доимо ишончсизлик ва нафрат билдириб келди… Гўё мақбара қандиллари сўниб қолса, асрлар бўйи кўнгиллар қоронғи бўлармиш… Хўп, мен таслим бўлай, мақбара қандиллари сўнса, қоронғилик босади. Аммо улар айтганидек, асрларча эмас. У кечанинг эртасига қадар, холос… Эрталаб қуёш чиқиши бидан кўзлар, кўнгиллар янгитдан ойдинлашади. Эски ваҳималар, қўрқувлар хасталик кечаларининг тушлари каби аниқ бўлмаган бир хотирадан иборат бўлиб қолади… Мана, ҳаётида софталар билан жуда кам олиш-бериш қилган бир халқ ва тупроқ одами бўлган Козим афандини олайлик… Мана, ҳаттоки, мени ҳам олайлик… Козим афанди шундай бир одамки, талайгина ёлғонлар орасида ҳақиқатни кўриб қолгудай бўлса, дарҳол уни ажрата олади. У ҳақиқатни қаерда кўрмасин, бир эски қадрдони каби унга қўлини узатади. Демакки, истеъдодли бир миллатнинг болаларига «Ҳақиқат» деб аталмиш йўлни кўрсатмоқ учун уларни мутлақо юксак илм ва сўқмоқли йўллардан олиб ўтиш шарт эмас. Яхши бир раҳбар, оддий, лекин фойдали бир бошланғич маълумот билан ҳам болаларни ҳақ ва ҳақиқатни ажрата биладиган ҳолга келтира олади, ўз зиммасининг кишиси қилиб тарбиялайди. Кейин, бу Козим афандида хурофот ва динпарастлик майли ҳам унчалик чуқурлашмаган… Унга ўз фикрларимни очиқ баён этишга жасорат қилганимда қарангки, у мен билан талашиб ўтирмади, қайтага энг муҳим нуқталарда мен билан ҳамфикр чиқди. Ҳолбуки, мен бу натижага қаттиқ исёнлар, руҳий тангликлардан кейингина келган эдим. Хаёл ва хурофотдан фойдали фикрга ўтмоқ учун бирма-бир ошиб ўтишим лозим деб ўйлаганим этаплардан ҳатлаб ўтишга оз-мунча вақт кетдими?.. Бу муаммони фақат шундай ҳал этаманки, бу одамнинг мияси гўё азалдан шундай яралган бўлсин… Кейин хурофот бир касалликдай ташқаридан келиб жойлашган бўлсин… Ҳа, ҳатто мен, умримнинг энг гўзал йилларини бир қоронғилик ва рутубатли мадраса ҳужрасида чиритган эски софта, худди шундай эмасманми? Менинг охиратга ишонганлигимнинг асл сабаби дунё муҳаббати, дунёдаги қисқа ҳаётга қониб тўймаслик бўлмадими, ана шу нарса майдонга кўндаланг бўлиб чиқмадими?
Номиқни сўраб-суриштириб кетиш баҳонаси билан тез-тез мактабга ташриф буюрадиган Козим афанди «Янги мактаб»га кўп алоқадор бўлиб қолган софталарнинг сўнгги исёнидан кейин ёмон аҳволга тушиб, жуда диққати ошган эди. Бу ишда Ҳофиз Айюбнинг қўли борлигини у ҳам ғоят яхши ҳис этарди. Шоҳин афанди унга маҳкама муҳандисининг тадбирини айтиб берганда, у жуда мамнун бўлиб:
– Мен ҳам бу ишга жону таним билан қўшиламан, – деганди. – Зотан шу кунларда янги олинган аскарларга мен машқ ўргатаётирман. Сиз айтган соатда беш-ўн ёш полициячи билан гўё тасодифан ўша ерда пайдо бўламан. Мадрасани тездан ўраб олиб, софталарга кўз очишга имкон бермай йўқ қилаверамиз… Бу иш юзасидан бошимга бир бало келса ҳам афсусланмайман… Қўлимиздан бундан бўлак иш келмайди… Шўрвада укроп, кашнич бўлганидек, янги мактабга бизнинг қам қиттай фойдамиз тегиб қўйсин…
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?