Текст книги "Катта хонадон 2"
Автор книги: Салом Муҳаммад
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
6. НАЖОТ ФАРИШТАСИ
Янги келган шифокорга Роҳила ҳам, ундан таъсирланиб, Ҳилола ҳам нажот фариштасидай қарадилар. Улардаги жонланиш Нуриддинга ҳам кўчди. Шифокордаги ҳар бир ҳаракат маъносини гўё унинг кўзларидан уқмоқчи бўларди. Чиндан ҳам кўпни кўрган тиббий ходим бор билимини, тажрибасини ишга солиб, астойдил ҳаракат қиларди. Жуда эҳтиёткорлик ила, эринмай у нафас йўлларини тўсган балғамларни бемор оғзидан олиб ташлади. Нафас олиш ва чиқариш бир мунча енгиллашиб, хишиллаш йўқолди. Қўшимча уколлар ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Қон босими тобора пасайиб бораётган эди, муолажалар оқибатида 40 дан 70 га кўтарилди. Тирноқларда ҳам сал-пал қизилликлар пайдо бўлди.
“Онажоним, соғайиб кетсангиз борми, бошимда кўтариб юрардим. Ҳеч кимга сизни ишонмасдим”, деган ўй Нуриддиннинг миясидан муттасил ўтиб турарди. Укаларию сингилларининг ҳам чеҳраларида ёруғлик, умид шуълалари кўрина бошлади.
– Акажон, сизга раҳмат… – дея аввал Роҳила, сўнг Ҳилола катта акасини қучоқлаб, қувончли кўзёш тўкдилар.
– Йў-йўқ, менга эмас… – Нуриддин довдираб, нажоткор томон ишора қилди. У шифокор эса ўзи мўлжаллаган ҳамма ишларни тугатиб, кетишга чоғланди, сумкасини кўтарди.
– Сизга қанақа миннатдорчилик билдиришга сўз тополмаяпман, укажон, – деб Нуриддин уни қучоқлаб, бағрига босди. – Сал бўшасам, ҳузурингизга бораман.
– Бизни ҳаётимиз, касбимиз ўзи шу, ҳеч хижолат чекманг. Мен бирор ортиқча иш қилганим йўқ, – деди у. – Агар хоҳласангиз, холани ўша ёққа, реаниматсия бўлимига олиб кетамиз.
– Қанийди шундай қилсайиз, дўхтиржон! – Роҳила шифокорга нажот ила, мўлтираб тикилди. – Доим врачлар назоратида бўлардилар.
Шифокор Нуриддинга нима дейсиз, маъносида саволомуз қаради. Нуриддин эса, дафъатан лол қолди. У Носир дўхтир айтган гап таъсирида онасини қўзғатиш мумкин эмас, деган ўйда эди. Бу шифокорнинг фикри ундаги умидни янада кучайтирди. Шундай бўлса-да, Умидбахшнинг бу борадаги ўз фикрини, аниқ хулосасини билгиси келди:
– Сиз, ўзингиз нима дейсиз? Шундай қилсак, яхши томонга бурилиш бўладими? Яшашларига имконият кўпаядими?
– Бир нима дейиш қийин, ака… – шифокор яна ўйга чўмди. Унинг ўзида ҳам қатъий ишонч йўқлиги аниқ сезиларди, “чиқмаган жондан умид…” дейдиганга ўхшарди. – Албатта, имконият яхшиланади. Лекин кафиллик бериб бўлмайди. Қўзғатишлар… йўқ, яхшиси, бу ишни сал кечиктирайлик. Бир оз тузалсинлар, кейин вазиятга қараб иш тутармиз… Бироқ осойишталик сақланиши, кириб-чиқишлар тўхталиши зарур.
Аммо кейинги топшириқни адо этишнинг иложи йўқлигини вазиятнинг ўзи кўрсатди. Шуни ўйлаб Нуриддин, оғир бемор, албатта, шифохонада ётиши зарур экан-да, деган хулосага келди. Онасининг аҳволи, ўлим билан кураш олиб бораётгани ҳақидаги гап ҳамма яқин кишиларга етиб борган, шу боис келиб-кетувчиларнинг кети узилмас, уларни ичкарига киритмасликнинг иложи йўқдай эди. Шундайлардан биттаси дарвозадан кириши билан ўзини тутолмай дод солиб:
– Холажонимга нима бўлди? –дея йиғлаб юборди. – Нимага уйда ётибдила? Шунча ўғиллар, шунча қизлар нима қилиб ўтирибсизлар?
Таъна-тошлар, шубҳасиз, Нуриддиннинг юрагини кўпроқ илма-тешик қилар, у ҳам ўзини тутолмай нажотсиз қолган каби ҳар ён тўлғанарди, уни ичкарига киритмаслик учун ҳар хил гаплар ила аврашга уринарди. Бироқ холавачча бу ҳаракатлардан қаттиқ озорланди, ўзини бегона кўрилгандай қабул қилди. Шунга қарамай, жўрасини нарироқ суриб, ичкари кирдию холасининг ҳушсиз ётганини кўргач, ҳиқ-ҳиқ йиғлашдан ўзини тиёлмади. Нуриддин тенгдош холаваччаси билан сенсираб гаплашар, бир-бирларининг ҳурматларини ўрнига қўйишар, тўқнашувлар юз беришидан сақланишар эди. Ҳозир ҳам Нуриддин унга эътироз билдириб ўтирмади-да, қўлидан тутиб, аста ташқарига етаклади.
– Гапинг жуда тўғри, – деди сўнгра ҳиқиллаб. – Онам учун ҳар нима қилсак, камлик қилади. Лекин у кишини қўзғатиш мумкин эмас экан-да, осойишталик зарур экан-да. Райондан ман-ман деган дўхтирлар келиб, қўлидан келганича уриндилар. Шоядки…
– Қишлоқ дўхтириминан район дўхтири баравар эмас-да, Нурдин. Бухородан, Тошкандан зўрларини чақириш имконларинг йўқми?
Нуриддин ўйланиб қолди. Холаваччасининг гапида жон бор. Нега шуни аввалроқ хаёлига келтирмабди? Ғафлат босдими? Ҳозир ҳам уриниб кўриш керакмикан? Ҳечдан кўра кечи ҳам афзал дейилади-ку?
Шу фикр унга қувват бағишлаб, дарҳол укалари Баҳриддин билан Фазлиддинга маслаҳат солди. Чунки, бу осон иш эмас эди. Кун ҳам тугаб борар, боз устига, дам олиш куни эканлигини ҳам назардан қочириб бўлмасди.
– Носир ака бу фикрга қандай қараркин? – ўйланиб жавоб қайтарди Баҳриддин. – Қаердан кимни чақиришни у киши яхши билсалар керак…
– Ҳа-я… – Нуриддин ўйлаб ўтирмай кичик укаси билагидан тутди. – Фазли, укажон, велигингни мин, Носирни бошлаб кел.
– Униям безор қилиб юбордик, ака, – сал мулоҳаза юритиб деди Фазлиддин.– Малол келмасмикан?
– Ҳозир малолни ўйлайдиган пайтми? – укасига бақирди у. – Ўзим борайми? Оёғига йиқилишгаям тайёрман.
– Ундай деманг, ака, Носир ака оғринадиган одам эмас…
Баҳриддиннинг гапи тугар-тугамас Фазлиддин йўлга тушди. Ярим соат вақт ўтар-ўтмас Носир дўхтир ўз машинасида етиб келди. Аслида Нуриддин уни марказдаги айрим профессорлардан ҳам баланд қўяр, унга ихлоси жуда юқори эди. Бунга кўп марталар отасию онасини энг хавфли вазиятлардан қутқазгани, ташхислари асосан тўғри чиқишлари сабаб эди. Билим ҳамда тажрибанинг ажиб тарзда бирикиб, самара беришини шу йигитда кўрарди, унга меҳри ортиб борарди. Аммо туман марказидан ўзи бошлаб келган шифокорнинг ишларини кўрганидан сўнг ҳа деб бир кишига ёпишиб олиш шарт эмас, ўткир тиб билимдонларию тажрибакорлари бошқа ёқларда ҳам бор, деган иддао миясида айлана бошлади.
Носир дўхтир вазиятни, не мақсадда, шошилинч чақиртирилганини Фазлиддиндан суриштирган шекилли, ака-укалардан бирор нима сўраб ўтирмасдан асбобларини кўтарганча олдинга тушди. Нуриддин индамай унга эргашди. Онасининг юмуқ кўзларига, аввалгидан ҳам оқаринқираган юзларига назари тушиб, безовталанди. Шифокор ҳам бемордаги ортга кетишни дарҳол пайқади. Баданда сарғайиш аломатлари кўзга ташланган, тирноқлар қорамтир тусга кира бошлаган, чеҳрада сўлғинлик кучайган эди. Носир беморнинг қовоқларини кўтариб, қорачиқларига қараганда анча кенгайиш юз берганини, маъно бир мунча йўқолганини Нуриддин ҳам қалбан ҳис этиб, лол қотди. Дўстидан бирор нима сўрашга бир лаҳза ботинолмай турди. Шифокор эса назарини бемордан узмасдан, ҳолатни бошқаларга сездирмасдан ниманидир ўйладию сумкасидан дорилар чиқариб, Роҳилага кўрсатма берди. Яна уколлар бошланди.
– Бечора янгагинам, баданлари илма-тешик бўлиб кетди-я, – деган аммасининг шивири Нуриддиннинг қулоғига етиб, у ҳушёр тортди, аммасига ялт қаради. Ҳаммага меҳрибон, озғин, касалманд кампир бош тебратганча: “Бас, ҳа деб қийнаманглар-да”, дегандай қўл чайқади. Нуриддин шифокорга юзланди. Лекин ундан садо чиқмадию Роҳилага ишингизни бажаринг, дегандай ишора қилди.
– Носиржон, бир гап айтсам, кўнглингизга олмайсизми? – деди Нуриддин сўнгги муолажалар тугаб, ташқари чиққанларидан кейин шифокорга.
– Тортинмай айтаверинг, ака, – Носир сергакланиб, онаси хусусида мислсиз қайғураётган олимга ташвишли назар солди.
– Бухородан ё Тошкентдан бирорта зўрроқ, соҳа профессорини чақирсак, нима дейсиз? Шунга имкон борми?
Шифокорда қандайдир озорланишга ўхшаш яширин ҳолат сал қалққанини Нуриддин пайқади. Лекин Носир буни дарҳол инкор этди:
– Имкон бор. Хоҳласайиз касалхонага бирга борамиз, санавиатсия орқали профессор сўраймиз. Устозларга маслаҳат соламиз.
Шу чоғ меҳмонхонадан чиқиб келаётган Маҳмуд амаки шифокор билан сўрашиб, суҳбат бўлинди. Ўз дарди билан овора Нуриддин эса амакисига эътибор бермай, Носирга мурожаат қилди:
– Унда шундай қилақолайлик, Носиржон. Вақтни ўтказмайлик.
– Марҳамат, мен тайёрман.
– Нима қимоқчисила? – амаки жияндан сўради.
– Тошкентдан профессор чақирамиз.
– Ўв, манга қара, жиян, – чол Нуриддиннинг билагидан тутди, – онангни мунча қийнамасанг. Ўша прописсоринг худо эмас-ку? Ман-ман деган пошшоларам, министирларам ўшалар қўлида ўлмаёптими?
Бир дам сукут ҳукм сурди. Баҳриддин жимликни бузиб, амакисини ёқлади. Акаси ҳам шундай ҳоллар тез-тез юз бериб турганини эслаб, ўйланиб қолди. Лекин умидворлик туйғуси уни ҳамон тарк этмас эди.
– Онангни қийнашдан наф чиқса-ку, майли, ўрнига тушар, локин… нима дейсиз, дўхтиржон?
Носиржон индамай елка қисди.
– Ахир мана шу дўхтиримиз ҳам прописсорингдан кам эмас, жиян. Ман касал бўлиб кўрганим йўқ, одамлар шундай дейди… Яна ўзинг биласан…
Амаки жавоб ҳам кутмай йўлида давом этди. Носиржон ҳали айтган сўзини ижро этиш мақсадида кўча сари йўлланди. Нуриддин унинг билагидан тутиб, тўхтатди:
– Ўзим сезиб турибман, Носиржон, юзимни қилиб, фикримдан қайтармаяпсиз…
– Бемор эгаси ўзингиз, ака, кейин надомат чекиб юрманг-да.
– Сиз менга дангал айтинг: уринишимиздан натижа чиқадими?
– Бир нима деёлмийман, ака, мени тўғри тушунинг, сизни йўлдан қайтаришга ҳаққим йўқ…
Нуриддин уф тортди. Негадир кўз ўнгини қоронғулик чулғагандай бўлди. Бу дамда кун ботиб, шом қўнган эди.
– Мен сизга ишонаман, – деди у ниҳоят шифокор дўстига. – Фақат дангал айтмаётганингиз менга унча ўтиришмаяпти.
– Бор имкониятни қилдик, ака. Шояд… – у сўзининг давомини айтмади. Ёлғон гапиргиси келмади. – Маҳмуд амакимнинг гапларига қўшилгим келади. Лекин сиз нима десангиз…
– Майли, бу ёғига Худо подшо, ўзи шифо берсин. Раҳмат сизга…
* * *
Муолажалар таъсир кўрсатди, шекилли, кечки соат тўққизларда беморда анча ўзгариш сезилди. Онасининг ҳар дақиқадаги ҳолатини суриштириб, билиб турган фарзандлар қалбида ҳам умид чироғи липиллай бошлади. Уларнинг кенжаси – Ҳилола нари турсин, тўнғичи Нуриддин ҳам шу ёшга кирибдиларки, ўлим билан юзма-юз келган, сўнгги нафас олаётган беморга ҳеч қачон дуч келмаган эдилар. Шу боис волидаи муҳтарамаларидаги озгина ўзгаришдан ҳам кўнгиллари кўтарилиб, дадиллашардилар.
“Дорилар ўз кучини кўрсатиши керак, – дерди Нуриддин ўзига ўзи умидворлик билан. – Сал соғайсинлар, кейин ўзим биламан нима қилишни. Энди хато қилиш мумкин эмас!.. Аста-секин соғайсалар керак, онам кучли…”
Шу фикрни тасдиқлаган каби ичкаридан Ҳилола чиқиб, акасини янада қувонтирди:
– Онам анча яхши, ака, гапирмоқчиям бўляптилар.
– Ростданми? –Нуриддин шошганча уй сари юраркан, қўшиб қўйди. – Йўқ, Ҳилол, онамни гапиртиришга уринманглар. Бунга ҳали эрта.
У Роҳиланинг кўзларида қувонч ёшларини кўриб, онасининг биқинига тиз чўкдию беморнинг чеҳраси аллақандай ёришганини, юзларига нур ёйилганини ҳис этиб, ўзининг ҳам кўз ёшларини тиёлмади:
– Хайрият… Онажон… – деди аранг. – Ху– Худога шу-шукур…
Онаси жағ қоқиб, нимадир демоқчи бўлди, ҳатто кўзларини ярим очди, қувват етишмадими, яна юмди. Бундан ўғли ўзича хулоса чиқариб:
– Онажон, безовталанманг, ҳаммамиз ёнингиздамиз, худога шукр, энди тузаласиз, – деди ва хонадагиларга тайинлади: – Онамга жуда осойишталик керак. Гапираман деб куч йўқотяпдилар. Икки киши қолсин. Ҳар икки соатда ўрин алмашамиз. Қани, ҳозир кимлар навбатчилик қилади?
Ҳеч кимнинг кетгиси йўқ. Қолаверса, Нуриддиннинг ўзи ҳам бирор қадам силжишни истамайди. Ахир бунинг беморга нима нафи бор? Боз устига, тун яримлаб қолди. Эртага кўплар ишга боради. Шуни ҳисобга олиб, Нуриддин ташаббусни ўз қўлига олди:
– Аммам билан Ҳабиба қолсин, бошқаларга ҳозирча жавоб. Майли, менгаям. Икки соатдан кейин уйғотасизлар, – у ўтирганларни ташқарига чорлади.
– Ака, мендан ташвиш тортманг, – Роҳила акасига ўтинч, илтижо ила мурожаат этди. – Аммам дам олсинла, ўзим қоламан, Ҳабибаминан иккаламиз.
Ҳабиба иккинчи сингил, анча олисдаги туман марказида бошланғич синф муаллимаси, тиббиёт ишларигаям жуда қизиқади. Дадиллиги шунақа лаҳзаларда иш бериши ҳеч гап эмас. Ўзи тўғри деб билган ишидан, сўзидан қайтариш жуда маҳол. Чарчашни ҳам тан олмайди. Шу жиҳатларини ҳисобга олиб, акаси уни посбонликка танлаган эди. Аммасида эса тажриба бор. Бироқ етмиш ёшдан ошган, анча заиф аёлни қийнаш нимага керак, деган ўйда у синглисининг фикрига қўшилди.
Ташқарига чиққанларидан сўнг шаҳарда яшайдиган укаларини ёнига чорлади-да:
– Худога шукур, онам тузалиш томон боряпдилар, – деди Нуриддин уларга қарата. – Шавқи, Ҳусни, Баҳри, эрта ишга боришларинг керак, а?
– Мен кетмийман, – деди дангал Баҳриддин. – Ишпиш кўзимга кўринмайди.
– Ихтиёринг…
Ҳадемай, Ҳусниддин машинани ўт олдириб, йўлга отланди. Баҳриддин бемор ётган уй рўпарасидаги кичкина хонага кирди. Нуриддин жуда карахт ва чарчаган эди. Онасидан кўнгли бир оз хотиржам тортгач, кўзлари қисилиб, ётгиси келаверди. У отаси ҳамда амакиси ётган меҳмонхонага кирдию қатор қилиб солинган ўринлардан бирига чўзилди.
– Онам энди ўлмайдилар. Ё Оллоҳим, онамни қайтариб бераётганинг учун ўзингга беадад шукрлар қиламан, – дея лаблари шивирлади. Айни шу топда бундан уч ой аввал, антиқа муолажадан кейин онаси тушган вазият кўз ўнгида жонландию ўзи айтган сўз амалга ошадигандай туюлди.
Онасини Тошкентга олиб борганидан сўнг ўз ҳолига ташлаб қўймади, албатта: ҳар хил тоифадаги шифокорларга кўрсатди, текширувлардан ўтказди. Бир профессор ошнаси ошқозон ҳам жигар учун туркона-қўлбола дори тайёрлаб берди. Ўша дори онасига анча наф қилди-қабзиятни яхшилаб, жиғилдон қайнашини тўхтатди. Шу орада хоразмлик экстрасенс қиз Муяссар Шарипова пойтахтга келибди, сеанслар ўтказаяпти, деган овозалар тарқалиб қолдию Нуриддин ўша қизни топишга киришди. Таниш-билишлар воситасида уни уйга таклиф этди. Чиндан ҳам табиб қизнинг талабгорлари жуда кўп экан, вақти нуқтаи назаридан бошқа бир неча беморларни ҳам уникида кўришга қарор қилди. Аввал бегоналар ҳожати чиқарилгач, Нуриддин онасини унинг ҳузурига олиб кирди. Юмшоқ курсига ўтқазиб, изига қайтди. Дарҳол табиб билан бемор ўртасида суҳбат бошланди. Ёшгина қизчанинг бу қадар шуҳрат қозониши, ажиб муолажа усули, дардлардан қутулган беморлар миннатдорчиликлари уни ҳайратга солди. Лекин, қизиқ, онаси нега унга ялиняпти:
– Жон қизим, йўқ дема, сани эшитиб, Бухородай узоқ ердан келдим…
– Сизни дардиз эскийкан, тушунинг, холажон, ман даволай олмийман, – дер эди Муяссар юмшоқ, майин товушда. – Дўхтирларга қаратинг.
– Дардгинангни олай, қизим, кўнглим сезиб турибди, сандан наф кўраман.
Нуриддин бунақа бўлишини сира кутмаган эди, нима қиларини билолмай, эшик ортида бир лаҳза ўйланиб қолди. Онасининг ноумид бўлиши, руҳи тушиб кетиши дилига ғулғула солдию ичкари кириб, табиб қизга илтимос қилди:
– Муяссархон, онам сенга қаттиқ ихлос қўйганлар. Ихлосия-халосия, деган гап бор. Агар оғирлик қилмаса…
Қизча иккилана-иккилана муолажасини бошлади: бармоқларию кафтларини беморга яқинлаштириб, узоқлаштириб, турли ҳаракатлар қилишга киришди. Нуриддин яна хонани тарк этди. Салдан сўнг онаси қизарган, терга ботган ҳолда меҳмонлар ёнига кирди. Ўғли ҳамда келини ҳол сўраганда:
– Жуда яхши, балажонларим! – деди онаси кўзлари порлаб.
“Демак, фойдаси тегибди-да, – деган ўй кечди ўғилнинг хаёлидан. – Унда нимага рад этдийкан? Балки бирор жумбоқ бордир?”
У ўзини ҳам табиб қизга кўрсатгиси келди, кўпдан буён қийнаётган уйқусизлик дардидан қутилишни мўлжаллади. Бу ишга киришишдан аввал Муяссардан онаси ҳақида суриштирди. Қиз аниқ жавоб беришдан қочдими ёки чиндан–да, даволашга кўзи етмадими, аввалги жавобини такрорлади. Кўп гапириб, эзмалик қилишни ёқтирмас экан, бошқа савол кутмай, қўл ҳаракатларини бошлади. Бироқ Нуриддин ўзида қандайдир ҳолат ўзгариши сезмади. Қайтага ўша кеча уйқуси бадтар ёмонлашди.
7. ЖУМБОҚ
Қаттиқ чарчаган, руҳий эзилган эса-да, Нуриддиннинг уйқуси келавермади. Яна табиб қизалоқ хаёлида ўралашаверди: “Наҳотки Муяссар онамнинг анча абгор бўлганини, вужуди ишдан чиққанини сезган? Нега ўзимга ҳам айтмади? Бунақа нарсаларни айтиш тақиқланганмикан? Жиддийроқ уринмадим. Онамнинг дарди жумбоқ бўлиб қолди. Аммо онам… Қизиқ…”
Ўшандаги келишув бўйича Муяссар бир ҳафтадан сўнг Нуриддиннинг уйига яна ташриф буюрди. Жуда кўп беморлар, ҳатто айрим шифокорлару ҳамширалар ҳам табиб қиз ҳузуридан бошқача ҳолда чиқиб, вужудларида жимирлашлар юз берганлигини айтдилар. Шифо топганлар сони ортиб борган сари қизнинг довруғи ҳам ошиб, шов-шувлар кўпайди. Нуриддиннинг ўзи ҳам қойил қолганлигини ҳеч кимдан яширмай, қизчани ташвиқ қилишдан ўзини тиймади. Аммо миясининг қайсидир бурчида бўртган фикрга қулоқ солса, жўнгина жавоб билан қутулиб қоларди: шунчаки ихлос, ишонч одамга руҳий қувват бахш этади. Ўша кўтаринки руҳ-қувват зарби қонни кўпиртиради, кучли ҳаракатга келтиради. Оқибатда, шиддатли оққан қонлар йўлдаги ғуборларни, қуйқа, тиқмаларни суриб кетади-вужудда ўзгариш ясайди.
– Тўғри, шундай бўлиши мумкин, – Нуриддин ўзини тасдиқлайди ва дарҳол инкор этади. – Ўзинг-чи? Энди уйқусизликдан қутуламан, деб ихлос билан ҳузурига кирмадингми? Ҳаяжон билан курсига ўтирмадингми?
– Ҳа, шундай бўлди. Лекин муолажа вақтида ҳеч қандай жимир-жимир сезмадинг, – дея иккинчи, аллақандай кўринмас вужуд гўё садо берди. – Умуман, бунақа нарсалар сенга ҳеч қачон таъсир этмагани ёдингдан чиқдими? Игна санчиб, даволанишдаям наф кўрмагансан-ку?.. Балки бу қизча сени англар…
– Ўнг тарафизда, жигарда ишкал бор, – Муяссарнинг ишончли, майин овози таралди. – Ичакларда эски дард кўринади…
“Ёпирай, қўлини тегизмасдан, бир газ наридан тўғри айтаяпти…”
– Буйракда шамоллаш сезилаёпти… Юрак чарчаган…
– Рост, синглим… – деб юборди Нуриддин қойил қолганини билдириб. – Даволаса бўладими ишқилиб?
– Худо хоҳласа… Яна икки марта муолажа зарур бўлади. Шифони Худо беради. Биз бир сабабчи… Дардниям ўзи беради…
Мактаб ўқувчиси бўлган қизалоқнинг тилидан Худонинг тушмаётгани бу замонда, хусусан, қайта қуришга киришган жамиятда нечоғлик жасорат иш эканини Нуриддин ичдан тан олди. Қолаверса, бу калима болаликдан нурдек, пичир шаклида ўзининг ҳам вужудида кезишини инкор этмайди. Шу боис Муяссарни рағбатлантиргиси келди:
– Қўлинг дард кўрмасин, синглим, Оллоҳ ишингга барака берсин…
Бирпасдан сўнг у табибу ҳамроҳларини кузатиб, кўчага чиқди. Индинга айни шу маҳалда улар яна келадиган бўлишди. Нуриддин асосан онасини ўйлаб, Муяссарга яна келишини илтимос қилган эди. Ўзида эса ҳамон иккиланиш жараёни қутқу соларди. Қизиқ, муолажага кирган катта ўғлида ҳам яққол ўзгариш кузатилган. Қизнинг қўл ҳаракатлари чоғида ўғлининг баданида нималардир ўрмалагандай туюлган. Бурни битиб, нафас олиши қийинлашиб юрарди, очилиб кетибди, нафас олиши равонлашибди. Онажони-чи? Ўзларини қўйгани жой тополмайдилар. Терга пишганлар…
Бекатда шулар ҳақида ўй сураркан, негадир совқотаётганини ҳис этди у. Ажабо, ҳаво илиқ, шамол йўқ, осмон тиниқ, юлдузлар чарақлаб турибди… Шамоллашга асос борми?.. Ўрнидан туриб, у ёқ-бу ёқ юра бошлади. Барибир эти жунжикиб, титроқ кучайди. Троллейбус тўхтаб, ундан Ҳилола тушди:
– Кўп кутдизми, ака?
– Чорак соатча. Меҳмонларни кузатиб, бу ёққа, сени кутиб олишга келдим, – ҳеч нима бўлмагандай, хотиржам жавоб қайтарди ака.
– Меҳмон? Ким келди?
– Муяссар келиб кетди.
– Ростданми? – Ҳилола таққа тўхтаб, акасидан қувонтирадиган, ҳаяжонли жавоб кутди. – Онамни кўрдими? Нима деди?
– Онамни дарди врачбоп эмиш.
– Ээ, акаа… Энди нима бўлади? – Ҳилола йиғламсираб, судраб қадам ташларкан, жуда эзгин овозда қўшиб қўйди. – Унга жудаям ишонувдилар…
– Барибир муолажа қилди. Ўзлари айтдилар, кучли таъсир этган эмиш…
Ҳилола онасида бардамлик-тетикликни кўрдию тўлқинланиб кетди, киприкларидан бир неча томчилар сирпанганча она бағридан ўзини бўшатмай жим қотди.
Эртаси кун ҳақиқатдан ҳам Шамсия буви ўзини батамом соғайгандай ҳис этди. Онаизордан хабар олиш учун келган Роҳила ҳамда Фазлиддин билан биргаликда Навоий кўчасидаги ярмарка магазинларини кўздан кечирдилар, ҳатто “Қозоғистон” кинотеатрида бўлаётган ҳинд фильмига болаларию неваралари билан бирга боришга майл билдирдилар. Нуриддин орага тушиб, рад этди:
– Бирданига кўп юриб юбордингиз, онажон, чарчайсиз.
– Кучимга куч қўшилопти, бачам. Шунча юрсам ҳам чарчамадим. Учинчи қаватдан икки марта пастга тушиб, дам олиб-дам олиб чиқсам ҳам латта бўлардим. Соғайганим шу-да. Муясни Худо манга етказди.
– Тўла соғайинг, ўзим бунақа киноларга, театрларга кўп олиб бораман, хўпми, онажон.
Шамсия буви Муяссарнинг учинчи муолажасидан кейин ўзини янада тетик сезиб, гўё буткул соғайгандай эди. Бироқ Нуриддиннинг мазаси қочди. Бундан у жуда ажабланди. Кейинроқ маълум бўлдики, у тузуккина тумовга-гриппга йўлиққан экан. Дори-дармонлар ила муолажалар бошланди. Онасини жўнатганидан сўнг ёзувчилар боғини макон тутди, юрагига малҳам топди. Аммо кўп ўтмай шум хабар…
Шуни эсладию у ўйлашдан тўхташга уриниб, ағдарилди. Кўзи илинди, чоғи…
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?