Электронная библиотека » Салом Муҳаммад » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Катта хонадон 2"


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Салом Муҳаммад


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 25 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Яқиндагина бўлиб ўтган бу гапларни эсларкан, Шавқиддин яна кўкрагига муштлади:

– Меҳрибонимдан айрилдим. Сизнинг насиҳатларизни энди қаердан топаман, онажоон?

Бу сўзлар сингилларни хуружга келтирди–ҳовлидаги йиғи-сиғилар гўё оламни ларзага келтирди. Бу пайтда кун эндигина ёйила бошлаган, унинг сарғимтир нурлари бўлиниб-бўлиниб, дардчил кўзлардан томаётган томчилар каби сочилиб, сачраб-гўё заҳарга айланиб, вужудларни оғулантирарди. Офтоб кўтарилган сайин оғули зарбаси ҳам кучайгандан кучайиб, фарёдлар юқори чўққиларга кўтарилар, фарёдларга янги-янги овозлар қўшилар, одамлар сафлари ҳам тобора кўпайиб борар эди.

Бу ҳол, айниқса, марҳуманинг жияни дарвозага яқинлашганда янада бошқача тус олди. Кеча у холаси сал соғая бошлаганидан сўнг кўнгли хотиржам тортиб кетган, орадан уч-тўрт соат ўтганида, ўз уйида мириқиб, хуррак тортаётган лаҳзада симдан борган шум хабар унинг бутун дунёсини ағдар-тўнтар қилиб юборган, қари онасини учраган машинага ўтқазганча йўлга тушган эди.

Жиян кўкрагига муштлаганча дод солиб, дарвозадан кириши билан гўё кул боса бошлаган чўғларни шамол елпидию кичик гулхан кучли аланга тусини олди. Йўғон ҳамда баланд овозга минғирлаган, ҳолдан тойган товушлар ҳам кучайган ҳолда қўшилиб, бутун ҳовлини ларзага келтирди. Бунга чидаш маҳол эди. Хусусан, аёллар, қизлар тўпи ниҳоятда аянчли тусга кирди. Ҳусния билан Ҳилола бир неча бор ҳушдан кетиб, ёрдамга муҳтожлик сезишди. Носир дўхтир юборган ҳамшира валекардин бериб, уларни тинчлантиришга уринди. Лекин, барибир, ҳеч кимни йиғидан тўхтатиб бўлмади. Роҳиланинг товуши аллақачон бўғилиб, сал нарига ҳам эшитилмай қолган, баланд овозлар пардаси остида ўзини ҳар ёнга ташлаб, сассиз типирчилаётгандай кўринарди. Анча бақувват, чидамли, баъзи эркаклардан кўра тузукроқдай Ҳабибанинг овозигина аёллар йиғисидан ажралиб, умумий “ёнғин”га қўшиларди.

Нуриддин ўзи билан ўзи оворалигига қарамай, аёллар сафига тез-тез ташвишли назар ташлаб қўяр, йиғи суръатини пасайтириш зарурлиги ҳақида ўйлар эдию яқинларининг нолаларига чидолмай ўзи ҳам уларга қўшиларди. Шу орада бир киши унга яқинлашиб, билагидан секин тортдию қулоғига:

– Домла, қайғуйизга ҳамдардман, – дея шивирлади. Нуриддин кўз ёшлар ёмғири остида уни дафъатан таний олмади, рўмолчаси ила томчиларни артиб, жамоа хўжалигида фирқа ташкилотининг раҳбари бўлиб ишлайдиган йигитни аранг эсладию ҳамдардлигига жавобан уни бағрига босди. Йигитнинг кўзларидан ҳам бир неча томчилар думалагач, у кафтининг орти билан мижжаларини сездирмай артиб, яна ўз кўнглидагини пичирлаб айтди: – Домлажон, сизни ҳурмат қиламан, яхши кўраман, лекин…

– Раҳмат, укажон, – Нуриддиннинг овози титради. – Умрингизга завол етмасин, бунақа оғир кунга ҳеч қачон тушманг.

– Вазият қалтис, домлажон, сиз йиғламасангиз бўларди: катта одамсиз, фирқа аъзоси…

– А? – Нуриддин кўзларини катта очиб, унга қарадию бармоқлари шиллиқ қуртга теккан янглиғ қўлларини тортиб, индамай нарироқ юрди, гарангсиб, анқайиб турди.

– Домлажон, – йигит яна унга яқинлашди, – мендан хафа бўлманг, айтиб қўйганим яхши-да. Дарвозахонада туриб, келган-кетганлардан таъзия қабул қилсангиз ҳам етар… Ўшандаям, ким билади, айримлар бунга қанақа баҳо берар…

– Ғамхўрлигингиз учун сизга раҳмат, укажон, – деди Нуриддин титраган, айни дамда зардали овозда. – Бу ёғини ўзимга қўйиб беринг… Мен учун онамдан муҳимроқ, улуғроқ нарса йўқ.

Йигит бу таниқли одамнинг нима демоқчилигини тушундию нафаси ичига тушиб кетди. Атрофига аланг-жаланг қаради. Ҳар қалай, у хавфсирайдиган, шубҳали бирор кимсани кўрмади, аста-аста одамлар орасидан ўтиб, йўл чеккасида турган “Газик” сари юрди. Нуриддин эса баттар хуноби ошиб, фарёдига фарёд қўшилиб, яна укалари сафидан ўрин олди. Унинг ҳаракати қасдма-қасдига, ўчакишиб иш тутаётганга ўхшарди. Лекин, аслида, унинг нолалари мислсиз дардга йўғрилиб, юракдан отилиб чиқаётган эдики, волидасию барча яқинларига меҳр-муҳаббати чуқур илдиз отган, бутун вужудига беғубор туйғулар сингиб кетган кимсадагина шундай ҳолатлар юз кўрсатиши мумкин. Эндиликда уни ҳеч қандай куч тўхтатолмайдиганга ўхшарди. Қарийб бирор соат давомида вазият шу йўсинда давом этди. Аммо у ўзида на гаранглик, на чарчов, на онасини сифатлашларда сўзга ночорлик сезди. Қизиқ, иш жараёнида, илмий ишини ёзаётган кезларда кўпинча толиқиб қолар, фикрларни қоғозга равон туширишга баъзан қийналиб, бир неча соатлар, гоҳида бир неча кунлар бош қотирар, боши хумдай шишиб кетарди. Дунёда энг азиз кишисини йўқотиш унга мисли йўқ азоб бераётган шу лаҳзаларда эса унга диққат қилган киши олимнинг сўз бойлигига, билимига қойил қолиши, шубҳасиз эди. Бу орада қиёмат қойимни бошлаб, ҳаммани лол этган тенгдош қариндош ҳам, ўзини уриб, девонавор йиғлаётган Шавқиддин ҳам, яна кўплари ҳолдан тойиб, хириллаб қолган, ҳатто баъзилари ноилож ҳиқиллашга ўтган эдилар. Фақат Заҳриддингина энди қизишган, авж пардаларга кўтарилаётган кўринарди.

Шу орада Маҳмуд амаки яна Нуриддинга яқинлашиб:

– Ўзингни кўп қийнама, соғлиғинг жуда керак, – дея пичирлади. У киши ҳам белбоғ боғлаб, янгаси учун ҳассакашлик бурчини бажарарди. Бироқ овоз чиқармас эди. – Қанча дод дема, онанг тирилмайди, жиян.

Бу сўз, волидасининг тирилмаслиги, ўғли билан энди ҳеч мулоқотда бўлолмаслиги ҳақидаги тушунча унинг қайғусини бадтар аланга олдирдики, янги-янги йиғи тўлқинлари тўфондай босиб келаверди. Аммо амакисининг кейинги гапи тўлқин кучини анча пасайтириб, гўё ўзига қайтарди.

– Нодонлик қилма, жиян, ўзингни ўйламасанг, онангни ўйла. Охиратини ўйла. Раҳматлини кўз ёшлар дарёсига ғарқ қил-манглар-да, э, – деганча амакиси нарироқ кетди, дарвозахонага қўйилган бўш курсиларнинг бирига, акасининг ёнига бориб ўтирди. Сўнг Одил бобога бир нималар деб қўйди. Афтидан, фарзандларининг аҳволига тоқат қилолмай, гоҳида сездирмайгина кўз ёши тўкаётган, бироқ мислсиз қайғу ичра ўйчан, афтодаҳол ўтирган Одил бобо укасини Нуриддин ҳузурига юборган эди. Ўзи аралашишни эса эп билмас, таъна эшитишдан ҳайиқар эди. Ўзига қолса, ўрнидан туриб, ўғлининг қўлидан етаклаб келарди, курсига ўтқизиб, гап-сўзлар билан чалғитарди. Хайрият, Нуриддин шаштидан тушдими ё амакисининг гапи таъсир этдими, айтиб йиғлашларини камайтириб, салдан сўнг тўхтаб қолди. Энди Заҳриддин гўё уни давом эттирар эди. Унинг бу даражада бўзлашини отасию амакиси ҳам, катта акаси ҳам кутмагандилар.

– Сизга қанчалар озорлар бердим, онажоним, беозоргинам, онаам, энди қандай қилиб кўнглингизни оламан, онаам, онагинам…

Заҳриддин дийдаси қаттиқлиги, бир оз шафқатсизлиги билан бошқа оғайниларидан ажралиб турарди. Уни анча-мунчага “эритиш”, гапга кўндириш осон эмас. Бирор фикр айтса, ўзини ҳимоялашгина эмас, шу фикрини ўтказиш учун аёвсиз курашгача шай туради. Ўзининг ноҳақлигини сезиб қолса ҳам буни эътироф этишга ор қилади. Бирор ишга киришса, охирига етказмагунча қўймайди, ҳар қандай рақиби билан очиқ “жангга” киришади. Сўзлар жангида унга тенглашиш учун ниҳоятда сабр-бардош зарур бўлади. Қўл қовуштириб, тавба-тазарру қилишни, йиғлоқиликни у хуш кўрмайди.

Шунга кўра, Заҳриддиннинг йиғисини, кўзёшлар тўкишини ҳеч ким тасаввурига сиғдиролмасдики, унинг шу дамдаги астойдил нолаларидан мусибат кучи ниҳоятда улканлигини, ҳар қандай тош юракни ҳам эритиб юбориши мумкинлигини ҳис этиш қийин эмасдай. Ҳақиқатан ҳам учинчи ўғил феъл-атворидаги хусусиятлар, хотини Парварданинг рўзғордаги “майдакаш”лиги онага анча озорлар етказган, буни ҳатто Нуриддин ҳам эшитган, бир неча марта укаси ва келинига насиҳатлар қилган. Аммо танқидга тоқати йўқ Заҳриддин ҳеч нимани тан олмаган, ўзининг ҳақлигини исботлашга тиш-тирноғи ила уринган, бу борада отасини ҳам аямаган.

Нуриддиннинг назарида, Заҳриддин такаббурроқ ҳамда худбинроқ эса-да, лақмалиги ва гўллиги ҳам йўқ эмас. Унинг бу заиф томонидан, катта аканинг ўйлашича, Парварда усталик билан фойдаланади, эрига пишанг беради-уни бош силкиб маъқуллагандай бўладию сал ўтиб, ўзиникини ўтказади. Гоҳо эрининг ақлига қойил қолганини билдиради-чилдирмани ўтда тоблайди. Эҳтимолки, эр-хотиннинг ўзлари сезмаган “ҳамкорлигидан” онаизор жиддий озор кўрган, қон босими кўтарилган. Оқибатда…

“Заҳри виждонан қийналяпти, чоғи, – деган ўй кечди бош аканинг миясидан. – Парварда-чи? Наҳотки қайнонаси учун чин юракдан кўзёши тўкаяпти? Ростмикан шу ёхуд шунчаки артистликми?”

Онасининг ўлими сабабига ҳамон миясининг бир чеккасида айбдор излар экан, Нуриддин ўз гумонига асос тополмади, ўзини беҳуда шубҳачига чиқарди. Чунки, онаси ҳеч бир келинига ёмон муносабатда бўлган эмас, ҳатто уларни ўз қизларидан устунроқ қўйганларини, улар учун елиб–югурганларини кўп марталар ўз кўзи билан кўрган, ўз қулоғи билан эшитган. Озода билан кечган воқеа Парварда ҳаётида ҳам юз берган. Заҳриддин қўшни тумандаги олис қишлоққа ўқитувчиликка юборилган, ҳафтада бир марта у янги келин ёнига қатнаб юрган кезларда, ногаҳон Шамсия буви Парвардани етаклаганча мактабга борган, ўғли ва келинини хурсанд қилган. Заҳриддин фақат:

– Аввал айтмабсиз-да, она, тайёргарлик кўрардим, – деган.

– Эсингдан чиқибди-да, бачам, манга хизматкор керагамас, хотинингни олиб кет, девдим. Пайсалга солдинг…

– Бўпти-да, биз таслим! – Заҳриддин завқ-шавқини ошкор этган, ҳамкасбларига мақтанган. – Бизни шунақа онамиз бор. Кутилмаган ишлар қилиб, одамни шоштириб юрадилар.

– Ўйчини ўйи битгунча таваккалчини иши битади, бачам, ҳар иш ўз вақтида бўлгани яхши.

Ҳар қандай оилада ҳар хил вазиятлар, келишмовчиликлар, эр-хотин аразлари юз бериши табиий ҳол. Қизиғи шундаки, Шамсия буви ҳам, Одил бобо ҳам ҳеч қачон ўз фарзандлари тарафида эмас, худди келишгандай, келинлари ёки куёвлари ёнини оладилар, гина-кудуратга йўл қўймайдилар. Шундай бўлгач, Парварда бунинг қадрига етмай иложи йўқдир.

Тўғри, бултур қайнана-келин ўртасида ёқимсиз тўқнашув юз берган. Ёнма-ён ҳовлида яшайдиган Парварданинг зиқналиги-катта рўзғордаги ул-бул буюмларни ўзиники қилиб олишга уринишлари, Карамгулнинг тўнғиллашлари Шамсия бувининг ҳиқилдоғига етадию жаҳл устида катта келинини аямайди:

– Кўзоч, етимча, ма, – дея бир даста тақсимчани унга узатади. – Шуминан кўзинг тўйса, тўяқолсин.

Парварда турган ерида қотади-қолади ва ногоҳ йиғлаб юборади.

– Етимлигимни юзимга солдиз-а, ойи, – дейди йиғи аралаш. Чиндан-да, у гўдаклигида онаси вафот этиб, ўгай она қўлида қолган. Аммо ўгай она етимларга зуғум ўтказмаган, балки, рўзғорда танқислик юз бергандир, нималарнидир болалардан аягандир, ҳалим-юмшоқ муаллим ота бундан бехабар қолгандир, шулар таъсирида Парвардада қизғанчиқлик аломатлари қалққан бўлса, ажаб эмасдир. Бироқ қайнанасининг унга етимлигини юзига солгани жуда қаттиқ ботган. Буни Шамсия буви сезгану ҳовридан тушган:

– Ўзи сани етимлигинг билинганиям йўқ, бачам, етимлик нималигини мана мандан сўра, – деб қайнанаси кўксига уриб қўяди, кўзларидан ёшлар қалқийди. – На она дийдорини кўрдим, на отамни тузукроқ эслайман. Бийимни қўлида ўсдим. Лекин ўзинг биласан, бирон нимани қизғондимми?

Шу гапларнинг ўзидан орага ойдинлик кириши, араз шу заҳоти унутилиши зарур эди. Аммо Парварда паст кетган: зиқналигини тан олгиси келмаганми, яна ўз баҳонасини рўкач қилган:

– Майли, ойи, бирор кун етимниям куни туғар, – деганча бурилиб, ўз ҳовлисига жўнаган.

– Кунингга нима қилибди? – деган унинг ортидан қайнанаси. – Уятсиз.

Шу гапдан кўп ўтмай, Нуриддин онасини Тошкентга олиб кетди. Хайрлашув чоғида қайнана-келин орасида бирор адоват борлиги мутлақо сезилмади. Шамсия буви Парвардани ҳам бағрига босганча, юзларидан қайта-қайта ўпди. Қайтганидан сўнг ҳам соғинчларини ўпичларга кўмиб ифодалади. Ўз навбатида, мана, бир ҳафтадирки, Парвардада тиним йўқ. Рўзғор ташвишлари асосан унинг зиммасида: хонадон қизлари йўқлигида қозон-товоқ, хилма-хил овқатлар тайёрлаш унга топширилган. Тўғри, Одил бобо бу ҳовлидаги рўзғор ишларига уни аралаштиришни унчалик хоҳламайди, лекин кампирию фарзандлар истагини ҳисобга олмай ҳам иложи йўқ. Парварданинг пиширган таомлари ҳамиша ҳам эътибор қозонавермайди. Бунинг сабаби битта: “Янгамнинг овқатини лаззатли қилган-акамнинг масаллиғи”. Бу борада Фазлиддин ўз рўзғоридан ҳеч нимани аямайди. Гарчи, Заҳриддин ҳам ундан қолишмаса-да, аммо Парварда тежаш йўлини тутади. Бир парча гўшт билан катта қозонни тўлдириб овқат қиладики, бунинг мазаси ҳам шунга яраша бўлиши табиий.

Ўша машъум эрталаб ҳам Парварда қайнанаси атрофида парвона бўлган: Шамсия буви ютинолмай қийналаётганини кўргач:

– Ойи, ўзиз айтгансиз, томоқни даъвоси-ширдоқ, – дея ўз ҳовлисига югуриб ўтган, қайноқ сутга сарёғ ҳамда асал аралаштириб, қайнанасига мажбуран ичирган…

Шундай экан, ундан гумон қилишга асос борми?

“Шундайлар ҳам борки, – ўзича мулоҳаза қилди бош фарзанд, – қилғилиқни қилиб қўяди-да, кейин пушаймон еб, ўзини қўярга жой тополмайди: ошкора ё пинҳона изтироб чекади. Келинимиз шундай ҳолатга тушмаганмикан?..”

10. ЎҒИЛНИНГ ШУБҲАСИ

Кайвони уввос солиб йиғлаётган аёллар орасидан ўтиб, унга яқин келди-да:

– Агар хоҳласайиз, онайизди ахирги марта кўриб қолинг, айланай, – деди паст овозда. – Мурдашўй сизни сўради.

Нуриддин лол қолди. Наҳотки у ёққа кириш мумкин бўлса? Билишича, майит ювиб-таралганидан сўнг, кафанга солиш олдидан ҳеч кимнинг кўзи тушмаслиги зарур. Унинг таажжубини тушунди, шекилли, Кайвони изоҳлади:

– Бирон нимага ёрдамиз тегар. Савоб бўлади.

– Фарзандларга шу равоми? – яна ҳайратини яширолмади у.

– Бизани атрофимизда шунақа расм бор. Агар қўрқмасайиз…

– Нималар деяпсиз, холажон, онамдан, онажонимдан қўрқаманми? – Нуриддин беихтиёр аёллар томон юрди. Сал нарида паришон ўтирган Одил бобо кайвонини кўргач, ногоҳ уни тўхтатди:

– Манга қаранг, кайвони, сизни сўзиз ўтадими, йўқми?

– Нима бўлибди, Одил тоға? Бирон ишиз бажарилмадими?

– Ман гўяндани чақирманглар девдим. Ким хабар берган унга, билмадим.

– Во-ей, ҳаммага битта-битта айтилмайди-ку, эшитганлар ўзи келаверади-да. Радиёлдан ҳам айтилган. Энди ҳа деб инжиқлик қилаверманг…

– Гўяндага бориб айтинг: овозини ўчирсин. Ҳаммани қон қилиб юборди-ку! Ўшасиз ҳеч ким йиғламайдими?

– Йиғлайдила, тоға… Лекин, рости, сизникилар жа ошириб юборопти.

– Шу учун гўяндани йўлатманглар девдим. Эшитмаганмисиз, нариги дунёда Худо гўяндани тилидан осаркан.

– Билмасам, шунақа дейдилар, лекин урф-одатдан қочиб бўладими, тоға… Баъзи таъзияларда шулар обрў олиб беради-да.

– Э, обрўси қурсин, увол-савобни билмаганлар… Кайвони, мани айтди деб қўйинг, ҳозироқ кетсин ё шайтонни сўзига кириб, кўнгилга ғулғула солмасин.

Кайвони бошини эгиброқ ерга қаради.

– Айтмасайиз, бу ёққа чақириб беринг.

– Йў-ға, сиз аралашманг-а, ўзим айтаман, – дея у шоша-пиша аёллар орасидан ўтди. Аввал Нуриддиннинг билагидан тутиб, онаси ювилаётган кичик хонага кузатди, сўнг аҳли аёлларнинг ҳар бирига дахлдор марҳумлар номини айтиб, бўзлатаётган гўянда сари юрди. Дарҳақиқат, шундан кейин унинг артистона овози қулоққа чалинмади.

Нуриддин узун тахтанинг устига ётқизилган, белдан пасти дока билан ўраб қўйилган онасининг жонсиз танасини кўриб, довдираганча таққа тўхтади, бутун вужудига яна титроқ кирди, кўзларидан қайноқ томчилар отилди.

– Қўрқманг, бачам, сизни тўққиз ой, тўққиз кун қорнида кўтариб, дунёга келтирган онайиз, – деди ювғувчи. Ҳусниддин билан Баҳриддин ҳам шу ерда маъюсланиб, тик туришарди, киприкларидан қайноқ томчилар думаларди. – Агар қўрқсайиз, майли, бораверинг. Ўзи шарт эмас-у, охирги бор кўриб қолинг, дедим-да. Онайизди меҳри сизга жуда бошқачайди…

Нуриддин ўкраб йиғлагиси келди, лекин лабини тишлаб, ўзини босди. Унда заррача қўрқув аломати сезилмади, буни хаёлига ҳам келтирмади. Тўғри, у ҳеч қачон ўликни ўз кўзи билан, хусусан, яланғоч ҳолда кўрмаган, вақти-соати келиб, онасининг жасади билан юзма-юз туришини, ҳатто уни ювишда иштирок этишини тасаввур ҳам қилмаган. Баъзилар ўликни кўрса шайтонлаб қолишини, жуда қўрқиб, ижирғанишини ҳам эшитган. Аммо шундай ҳолатлар на унда, на укаларида белги берди. Аксинча, улар волидаларини қучоқлаганча видолашувга, дод солиб йиғлашга шайдай кўринардилар.

Мурдашўй–ювғувчининг кўрсатмаси бўйича укаларидан бири сув қуйиб турди, бири ул-бул – керакли нарсаларни олиб бериб, ғассолга ёрдамлашди, Нуриддин онасининг қўлидан тутганча ювишга қулайлик туғдирди.

– Буларни ўзим ҳам қилавераман, – деди мурдашўй изоҳ бериб. – Лекин савоб олингла, дедим, ўргилай. Оналаринг тенгсиз аёлиди. Одамни кўнглини олишниям биларди, вақти келса, ҳеч кимга сўзиниям бермасди, раҳмати. Жойи жаннатда бўлсин, илоё.

Нуриддин онасининг кафтидан тутдию аввал ҳеч нимани ҳис этмади, бир лаҳза ўтиб, лол қолди: ахир ўлган кимсанинг бадани муздай бўлади, дейишарди-ку? На илиқ, на совуқ-ҳали жон танани тарк этмагандай… Наҳотки… Йўғ-а, балки унга шундай туюлаётгандир… Ҳаво иссиқлиги-чи? Ҳаво ҳарорати танага таъсир этмайдими?

Бу ўй-мушоҳада унга озроқ хотиржамлик бердию онасининг тиниқ, сокин, фариштадай чеҳраси, юмуқ кўзлари ширин уйқуда ётгану ҳа демай уйғониб, ўрнидан турадигандай туюлганда Нуриддин энтикиб кетди: “Қанийди бу бир туш бўлсаки, онажоним ўлганлиги ҳақидаги гап адашувга айлансайди, қувончига бир худойи қилиб берардим”.

Энди ҳеч қачон бу ҳодиса юз бермаслигини, ўзи уйқуда эмаслигини ўйлаб, у ўз-ўзидан ҳиқиллади, кўзларидан тирқираб ёш отилди.

– Эҳтиёт бўл, бачам, жасадга ёш томмасин, яхши эмас, – ювғувчи аёл қўлидаги ишлатилган пахтани тоғорага ташладию Ҳусниддин узатган янги пахтани олди. – Онанг ҳеч қачон тушингга кирмайди.

– Худо сақласин! – чўчиб тушган Нуриддин беихтиёр пичирлади. – Онамни тушда кўришдан бенасиб қилмасин.

– Онангни руҳи бирор тешикчадами туриб, ҳаммамизни кузатиб ўтирибди.

– Онажон, бизларни бевақт ташлаб кетдингиз, ҳузуримизни кўрмай ўтдингиз, – деди Баҳриддин қалдираган товушда. – Сизга алвидо айтиш жуда оғир, онажон.

– Ундай дема, бачам, фарзанди бахтини кўрган ҳар қандай она ўзини бахтли санайди, ҳузур-ҳаловат топади. Раҳматли онанг ҳаммаларингни ўқитди, уйли-жойли қилди. Инди кўнгли хотиржам.

– Онажон, ишонинг, Ҳилолангиз ҳам бахтли бўлади, унга доим бош-қош бўламиз, – деди Нуриддин онасининг орзусини тўлдиришга аҳд қилган каби. – Шу ниятингиз ҳам амалга ошажак…

– Фаришталар омин десин… Қани, жасадни энди орқага ўгирайлик, – дея ювғувчи ёрдамчиларга йўлйўриқ кўрсатди. Айни шу топда бош ўғил ундан ниманидир сўрамоқчи бўлгандай оғиз жуфтладию шу ҳолича тўхтаб қолди: “Балки эсим оғгандир, ҳеч ниманинг фаҳмига етолмаётгандирман, – деган ўй миясидан кечди. – Сўрасам, уятга қолмасманми? Ахир бу аёл ўлган кимса ҳолатини мендан тузукроқ билмайдими?..”

* * *

Айни пешин чоғи, кун тикка нуқтадан сал ғарб томон оғганда жасадни тобутга солишди. Бу ҳол марҳуманинг яқинларини баттар жазавага солди. Дод-фарёдга ҳар қандай тош юрак ҳам чидаши душвор эди. Ҳилола билан Ҳусния яна ҳушдан кетиб, йиқилишди. Дарҳол уларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Сал ўтмай, тобут қўлма-қўл ўтиб, дарвозадан ташқарига чиқарилди. Унга яқинлашиб бўлмас, оломон оқими яқинлашган кимсани кучли тўлқин каби чеккага улоқтириб ташларди. Тўн кийиб, ҳасса тутганлар тобутдан олдинда илгари силжишарди.

Қоида бўйича масжидга олиб бориш, ўша ерда жаноза намози ўқиш лозим. Лекин бу атрофдагина эмас, ҳатто жамоа хўжалигининг ўзида ҳам масжид йўқ: шўро ҳокимияти йилларида барча масжидларга, деярли ҳамма мадрасаларга барҳам берилган, борлари эса омборларга, идораларга айлантирилган.

Ҳозир эса икки юз қадамча наридаги бригада қароргоҳига тобутни кўтариб бориб, тўхтадилар. Қишлоқдаги барча жанозалар шу ерда ўқилади, мажлислар ҳам айнан шу майдонда ўтказилади, фильмлар томоша қилинади. Аслида ҳам яқин вақтларга қадар айнан шу ерда каттакон масжид қад ростлаб турарди. Бригада пахтаси шу ерда қабул қилинар, қуритилиб, заводга жўнатилар эди. Йигирма йилча аввал уни батамом бузиб, битта хона ҳамда айвондан иборат қишлоқ марказига айлантиришган. Яқиндан буён марҳумларга жаноза ўқиш деярли тўхтатилди. Тўғри, оддий халқни ҳозирча бу йўлдан қайтаролмаганлар. Тарғибот-ташвиқот ишлари билан чегараланиб қолишяпти. Аммо бирор амалдор ё зиёли киши жаноза намозида иштирок этса, ҳолига вой, “игнанинг кўзидан” ўтказилади, мажлисларда муҳокама қилинади, фирқа аъзоларини ўз сафларидан ўчирадилар.

Буни Нуриддин ҳам яхши билади. Хўжалик фирқа қўмитасининг котиби уни бежиз огоҳлантирмади. Мана энди унинг ҳам қораси ўчган, бошқа зиёлинамо кишилар ҳам тобут ортидан озроқ юриб бориб, аста-секин қадамларини секинлатдилар, кейин тўхтадилар. Кимдир Нуриддиннинг қулоғига шивирлади:

– Домла, сиз ҳам орқароқда турсайиз бўларди, балога қоласиз.

Аммо Нуриддин унга қиё ҳам боқмади, қайтага қаддини тиклаброқ, янада дадилроқ қадамлар ташлашга киришди, зиёли укалари ҳам ундан ортда қолмадилар. Фақат жаноза намозида сафда турмадилар. Улар аввал бунақа маросимларда иштирок этмаганлар-жаноза намози ўқишни хаёлларига ҳам келтирмаганлар. Нуриддин эса, Тошкентдаги тадбирларда баъзан қатнашар, жаноза намозида имомга эргашган ҳоллари ҳам бўлган, зотан, бу борада пойтахтда бир мунча эркинлик кўзга ташланарди. Ҳатто, фирқа аъзоларию раҳбар ходимлар ҳам бундай маросимда кўриниб қолса, ҳеч ким ажабланмас, чақимчилик қилмас эди. Лекин яқин бир йилдан буён вазият кескин ўзгарди: диний эътиқоду расм-русмдан; урф-одатлару улуғ аждодлардан-ўтмишдан ғурурланиш кучли бўронга йўлиқди. Ўша бўроннинг тузуккина шамоли бу ёқларда ҳам эсиб, миллий қадриятлар дарахтларининг гулларига чанг солингани, қовжиратиш йўлидан борилгани шундоққина билиниб турибди.

Шунга қарамай, Нуриддин ҳам баъзиларни лол қолдириб, жаноза намозида қад ростлади, анча олисдан келган қари имомга эргашди. Тонгда ювиниб олгани шу лаҳзада асқотди ва намоз тугаши билан шошилиб, тобут сари юрдию нарвоннинг олддаги бир учини елкасига тутганча бир неча қадам босди. Бироқ мўлжалидаги камида етти қадам юришига, онаизорини узоқроқ елкасида олиб юришига имкон бермадилар. Янги-янги одамлар тўлқини пайдо бўлиб, тобутни қўлма-қўл қилганча катта йўлга ўтдилар. Нуриддин шошганча жиянларининг қўлидан ўз ҳассасини олдию шитоб билан юрганча тобутдан ҳам, белбоғли қариндошларидан ҳам олдинга чиқиб:

– Онажоним, онамеей, – дея бор овози билан йиғлади, укаларига, жиянларига, қариндош-уруғларига гўё жўр бўлди. Ортида катта издиҳом, ўртада–атрофига кўк мато ўралган, устига марҳуманинг янгигина, жигарранг камзули ёпилган тобут лапанглаб борар эди. Одамлар оёқ кийимларидан кўтарилаётган чанг-ғуборлар бир лаҳза муаллақ қоларди-да, сўнг секин атрофга тарқалиб, ғойиб бўларди. Айни шу топда Нуриддин бундан сал кам икки кеча-кундуз аввал кўз ўнгида гавдаланган рўёни эсладию:

– Аввалдан белги берган меҳрибонгинам, беозоргинам, – дея дод солди. Лекин унинг нима деяётгани овозлар, ғала-ғовурлар орасидан аниқ эшитилмас, эҳ тимолки, гапининг маъносига ҳам бирор кимса эътибор бераётган эмас эди. Йўлдан ўтаётган йўловчилар шоша-пиша тобут томон ўтар, тобуткашлар уларга дарҳол йўл берар, бундай лаҳзаларда тобут у ён-бу ён тебраниб, сафларни ҳам тўзғитарди.

Салкам ярим соатда шу атрофнинг энг йирик қабристонига кириб бордилар. Бешвали деб аталалувчи энг қадимий мозор ҳисобланмиш, қор босган янглиғ оппоқ шўр тупроқ билан қопланган бу қабристон атрофлари бетон деворлар билан ўралиб, анча кўркамлаштирилибди. Аввалги ваҳимали, қўрқинчли кўринишдан бир мунча озода масканга айланибди. Ҳатто у ер-бу ерларда қабр тошлари, ҳар хил суратли ёдгорликлару сағаналар пайдо бўлибди. Аммо инсоннинг сўнгги макони, абадий ухлайдиган манзил дейишга ҳануз мос эмасдай. Бу борада пойтахтдаги мозорлардан ибрат олса арзийди… Шунга ҳам шукр…

Нуриддин болалик пайтларида шу қабристон ёнидан тез-тез, қўрқа-пуса ўтиб турар, кеч чоғи нари турсин, ҳатто кундузида ҳам юрагини ҳовучлаб қадам ташлар, ҳар хил итлар, шақол, тулки, юмронқозиқлар ўзига ташланишидан ҳадиксирар, жин-алвастилар чалиб кетишидан қўрқар эди. Не-не улуғ одамлар ётган шундай муқаддас даргоҳ қаровсиз ҳамда ташландиқ ҳолича ётарди. Сўнгги марта, сал кам ўн беш йилча аввал у катта бувисининг қабрига зиёратга келувди. Кўмиш маросимига етиб келолмади. Бир юз ўн икки ёшида вафот этган Анзират бувисига у эвара, онаси невара ҳисобланарди. Онагинаси гўдакликдан етим қолиб, шу бувининг қўлида вояга етган, қувончлар ҳам, жуда кўп машаққатлар ҳам кўрган. Аммо буви бошқа қизию невараларидан кўра шу етимча неварасидан зиёдроқ рўшнолик сезган, умрининг сўнгги ўн беш йилини унинг меҳрибонлигида ўтказган…

Ўша вақтларда ҳам қабристон чўлга ўхшаб, дўнгликчалар қиров тушган каби шўрлаб ётарди. Катта бувидан тўрт йилча аввал кичик бувисини шу шўр туп роққа топширганлар. Мулла буви номи билан танилган кампир фарзандининг бош ўғли – Нуриддинни ҳамиша ўзига ҳамроҳ қилар, тўю маъракаларга олиб борар, дини-иймон, Пайғамбар Муҳаммад Алайҳиссалом ҳақида қулоқларига қуяр, калимаи шаҳодатни, яна баъзи сураю оятларни ўргатар, поклик-ҳалолликни вужудига сингдирар эди. Невара ҳам фурсат топди дегунча бувисиникига ошиқар, унинг чўнтагида ҳамиша шай қандқурс ё майиздан лаззатланар, эртакларини мижжа қоқмай, гоҳо ярим кечагача эшитарди.

Қизиқ, Нуриддин оилали, бола-чақали бўлганидан кейин ҳам бувиси ардоқли неварасини суюб, эркалашни канда қилмади. Талабалик йилларида, ҳатто иш даврида Тошкентдан шу ёққа йўли тушган кезларида ҳам бувиси дарҳол чўнтагини кавларди.

– Ундай қилманг, бийи, энди ёш бола эмасман, – дерди кулиб, хижолат чекиб Нуриддин. – Мен сизга беришим керак.

– Унақа дема, бачам, – дея кампир невараси қайтарган пулни яна унинг чўнтагига солиб қўярди. – Маники таваррук. Сан шаҳарда яшайсан, ҳамма нарсани пулга оласан. Ман элдан олиб, элга бераман. Сан ҳам элни биттаси бўласан, бачам.

Нуриддин яхши билардики, бувисини тинч қўйишмайди: мушкулкушод, Биби Сешанба маросимларига, кўчирмалар қилишга қўймай олиб кетишади, совға–салом, дурустгина тугунлар билан келтириб қўйишади. Кампир топганларини бирор кун ҳам ўзида сақламайди, фарзанду невараларга, бева-бечораларга, йўлда дуч келган жулдур болаларга улашиб юради. Бундан ўзи ҳам қувониб, кайфияти кўтарилиб кетади.

– Янги уй олсам, сизни Тошкентга олиб кетаман, бийижон, томоша қилдираман, – дерди бош невара ҳар сафар учрашганда. – Мен билан яшайсиз.

– Айтганинг келсин, бачамнинг бачаси-наварагинам, – деб кампир дуога қўл кўтарарди. – Илоё олгин, олдирмагин, қўшганиминан қўша қари, ўвали-жўвали бўлгин, Олло таоло ярлақасин, ниятингга етгин, омин, Оллоҳу Акбар…

Аммо Нуриддин бувисини шаҳарга олиб кетишга, томоша қилдиришга улгурмади-саксон тўрт ёшида авлиёсифат, меҳрибон бувижони бу оламни тарк этди. Сўнгги манзилга кузатув бош неварага ҳам, бош ўғилга ҳам насиб қилмаган экан. Нуриддин отасининг хиралашган кўзларини машҳур профессорга кўрсатиш учун пойтахт шифохоналарини кезиб юрганида ишхонасига симдан хабар борган. Кечқурун поездда йўлга тушишган. Бироқ қишлоқ аҳли саратоннинг жазирамасида марҳумани ортиқ сақлашни лозим кўрмай, кун ёйилгунча қабрга қўйганлар.

Ота-ўғил эртаси куни саҳардагина чош тупроққа санчилган ҳассалар ўрмончаси рўпарасида ўтириб, сассиз кўз ёшлари тўкканча она ҳамда бувига бағишлаб, тиловат қилганлар. Яна икки кун шу ҳол такрорланган. Кейин кўп йиллар давомида бу ёқларга қадамлари қайта тушмади. Мангу уйқуда ётган яқин кишилар қабрлари ҳам чўкиб, текисланиб, гўё абадий оромдаю уларни ҳеч ким безовта қилгиси келмагандай. Фақат уларгина эмас, атроф-теваракдаги бошқалар ҳам, ўзга шаҳарқишлоқлар ҳам худди шу кўйга тушди: қабристонларга эътибор бериш, ўтганлар руҳига фотиҳа ўқиш, қабрларда ётганларни зиёрат қилиш эскилик сарқитию жаҳолат ҳисобланди. Оқибатда, мозорлар яна қаровсиз, хароба, кўримсиз ҳолга тушиб қолди.

Аммо саксонинчи йиллар бошларидан вазият яна ўзгара бошлади. Вилоят ҳамда туманларга қўйилган янги раҳбарлар шовқин-суронсиз, аста-секинлик билан урф-одатлару қадимий маросимларга эътибор қаратдилар. Қабристонларга бефарқ қарайдиган раҳбар кимсалар бошқа баҳоналарда жазоларга ҳам тортилдилар. Кўп яхши ишлар амалга оширилди. Бироқ яқиндан бошлаб, бунга ҳам кўз тегди. Бунинг оқибати қандай тугаркин, буни ҳеч ким билмайди. Айтишларича, янги раҳбарлар Масковнинг чизиғидан чиқолмас эмиш…

Мана шу туманни обод қилган, қадимий қадриятларни тиклаб, эл меҳрини қозонган раҳбар ҳам бир ойча аввал ҳибсга олинди, ақлга сиғмас туҳматларни унинг елкасига ёпиштиришяпти. У кишини Нуриддин талабалик йилларидан яхши биларди, уч йилча бир шаҳарда, бир дорилфунунда таҳсил кўришган. Кейин ҳам тез-тез мулоқотда бўлишган. Фавқулодда ўзига хос раҳбарнинг ишларига маҳлиё бўлиб, у матбуотда қатор чиқишлар қилган. Ҳозир унга ўхшаган, эл назарига тушган сара етакчилар бирин-кетин ишдан олиниб, авахталарга тиқиляпти-мустақил фикр юритадиган, юқорининг жиловидан чиққан зиёлилар навбатдаги қирғинга дучор этиляпти. Бутун Ўзбекистонда ваҳима, қўрқув шарпалари кезиб юрибди. Шунга кўра, Нуриддинни ҳам огоҳлантиришди: энг азиз, мўътабар сиймоси учун чеккан барча изтиробларини пинҳон тутишга, кўринмайроқ, ўзини тортиброқ ҳаракатланишга даъват этишди. Лекин шу топда у ва укаларининг кўзига ҳеч нима кўринмаслигини деярли англашмади. Айни ўша чоғда оғайнилардан ҳар бирининг ичидан чиқаётган тутунга гугурт чақса, аланга олиши мумкинлигини тасаввур ҳам этмадилар.

Нуриддин огоҳ этган кимсаларни сираям айбламади. Улар азбаройи ҳамқишлоқларини аяганлари боис шундай қилишган, бўлажак зарбаларнинг олдини олмоқни мўлжаллаганлар, деган фикрга борди у. Ким билади, унию қариндошларини ҳали не балоларга гирифтор этадилар? Балки ҳаммаси қайғулар кучи пасайганидан кейин бошланар…

Қабр тайёр экан, ҳаш-паш дегунча тобутни унга рўпара қилишди. Одатда марҳумни энг яқин кишиси сўнгги маконига қўяди. Бундай одами йўқ жасадни гўрков жойлаштиради.

– Қани, манга ким ёрдам беради? – гўрков қабр атрофида тизилишган, тўну белбоғли кишиларга қараб сўради. – Жасадни ким қабрга қўяди?

– Мен, онамни жойларига ўзим қўяман, – деди бўғиқ овозда Нуриддин ва беихтиёр ярим қадам тупроқ босиб, олдинга чиқди. Чиндан ҳам унда шундай истак ниҳоятда кучли эди. Бироқ бу ишни кўнглидагидай эплашига унча кўзи етмас, довдираганидан онажонини у ер-бу ерга уриб олишдан, озор беришдан, ҳатто йиқилиб тушишдан чўчирди. Негаки, уч кечадан буён ухлолмагани, жуда ҳолдан тойгани боис ноаниқ ҳаракатларга йўл қўйишини ўзича хаёлидан ўтказарди. Шу билан бирга бу иш, бош фарзанд бўлгани боис, фақат ўзига тегишли, бунга фақатгина ўзи ҳақли деб биларди. Шунга қарамай, укалари бўш келишмади.

– Йўқ, ака, биз турганда сизни пастга туширамизми? – дедию Баҳриддин гўрковга мурожаат қилди. – Фақат нима қилиш кераклигини айтиб турсангиз, бас.

– Ҳа, айтиб, кўрсатиб тураман-да, ука, – таъкидлади гўрков.

– Унда онамни сўнгги ётоғига мен қўяқолай, – дея Ҳусниддин ҳам қатъий журъат этди. – Чопон билан кирадиларми ёки ечинибми? – У нима қиларини билмагандай тараддудланиб, у ён-бу ён қаради.

Шу дамгача акалари ҳамда укаларини зимдан кузатиб, гўё синамоқчидай турган Заҳриддин шартта тўнини ечиб, шошиққанча бир газча чуқур қазилган ўрақабрга, гўрков ёнига отилиб тушди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации