Электронная библиотека » Сулаймон Хайдаров » » онлайн чтение - страница 1


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 19:20


Автор книги: Сулаймон Хайдаров


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 2 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Сулаймон Ҳайдар
ЮРАГИМДА ЁНГАН ОРЗУЛАР(ШЕЪРЛАР ВА ҒАЗАЛЛАР)

ОРЗУЛАР АЛАНГАСИ


Орзу – уйғониш тўлғоғила дунё юзини кўрадиган муқаддас аъмол. Унинг учқур арғумоқлари гоҳ кўкка парвоз этса, гоҳида кенгликлар бўйлаб кезади. Орзу туйган кўнгил борки, доимо тозариш, покланиш,янгиланиш ва ёшариш фасли ила яшайди. Орзу денгиз юзида жимирлаган нур каби тоза, феруза осмон сингари беғубор ва мусаффодир.

Адабиёт даргоҳига ҳам ҳар бир қалб ўз орзу-ўйлари билан қадам қўяди. Бу орзулар силсиласида қай кўнгил бўлмасин улғаяди. Кечаётган хаёлларни оҳанглар қудрати билан забт этади, туйғуларга ошно бўлади.

Ана шундай хаёлларни дилга жо этиб, борлиғ ила туйғулар туғёнини сақлаб келаётган касбилик шоир Сулаймон Ҳайдаровдир. У қишлоқ хўжалик ходими бўлишига қарамасдан адабиётни жон дили билан севади, сўзни хурмат қилади, қадрлайди. Айниқса мумтоз адабиётимиз вакиллари асарларини қўлдан қўймай ўқийди. Шунинг учун бўлса керак, унинг аксар ижоди ғазаллардан ташкил топган. Улар равон ёзилган,Сулаймон Ҳайдар шеърларини ўқир экансиз қалбингизда ўйноқи оҳанглар туясиз.

 
“Эй, гўзал оламни сиз қалбимга ошно этдингиз,
Ҳуснингиз-ла минг қаро тунларни рўшно этдингиз”.
 

Дархақиқат, бу аламли оламни гўзаллик мукаррам этади. Унинг гоҳ ташвишли, гох армонли, баъзан эса олам-олам севинч бағишлайдиган беназир лаҳзалари ёш шоир ижодида теран бир самимият билан талқин қилинган.

Сулаймон Ҳайдар Ватан, юрт келажаги, истиқболи ва унинг ўтмиши хусусида оқилона фикр юритади. Кечаги ва бугунги кунбу фоний дунёдан ўтганлар ҳакида кўп ўйлайди. Шу маънода унинг руҳиятида хотира камол топади. Хотира умуминсоний қадрият. Ушбу қадрият унинг қалбини уйғотади. Бу жуда яхши. Зотан, хотирасиз кишиларда қалб ўлади.

 
"Куз келмай япроқлар унсиз тўкилди,
Сервиқор, ғоз қадлар
Маҳзун букилди.
Яхшилар ҳамроҳлар
Қалбдан ўкинди,
Сиз гўзал оламни
Ташлаб кетдингиз!"
 

“Муқаддас хотира” номли бу шеър шоирнинг тоғаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мусо Каромовга бағишланган.У марҳумни теран эслайди. Унга самимий мақбул сифатлар беради, чексиз ҳасратлар чекади. "Нурли юзингиздан ёғиларди нур", "Эсласам дардларим яна бўлгай оҳор", "Хотирамда ёнар азиз сиймо такрор" сўзлари сўз ила инсон хотирасиган кўрсатилган инсоний меҳрнинг теран талқинидир. Умуман Хотира Сулаймон Ҳайдар ижодида ёрқин мавзу. Буунинг онасига бағишланган "Руҳга илтижо" ҳамда отасини ёд этиб ёзган "Ота ёди" шеърларида ўз аксини топган.

Фақатгина бу эмас. Сулаймон Ҳайдарнинг яна турли мавзуларда ёзилган ўнлаб шеърлари борким, уларни ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди. Улардан гоҳ чуқур изтироб, сўнгсиз дард, гоҳо ўтлиғ эҳтирос ва завқу-шавқлар туясиз. Дарҳақиқат, инсоннинг ибтидойи ватани кўнгилдир. Кўнгилнинг истаги муқаддас, азмиамри олий.

Дарвоқе, сўзимиз бошида биз адабиёт кишисининг орзуси хусусида сўз бошлаган эдик.Энди шу ила фикримизни мухтасар этамиз. Биз айтмоқчи-мазкур орзу булоҳ сувлари янглиғ шаффофдир.

Бу орзу шоирни рангин дунёлар сари етаклайди, сўзнинг емрилмас ҳояларию, беғубор осмонларига элтади. Сулаймон Ҳайдаровнинг "Юрагимда ёнган орзулар"ининг тафти юракларга ҳарорат, ўт олиб киришига ишонаман. Иншоллоҳ.

Бойназар ЙЎЛДОШЕВ,
филология фанлари номзоди.

ГЎДАК

 
Дунё юзин кўрдинг, бу кун жажжи қалб,
Ҳаётнинг йўлига тушиб, мисли сарбон.
Оламни кезурсан шиддат этиб салб,
Ҳали ортингдадир неча-неча карвон.
 
 
Истеъдодинг берур қодир табиат,
Илкингда тутгайсан балки дунёни.
Йўлдошинг нур бўлсин фақат хуш ният,
Онаси биттадир шоҳу-гадони.
 
 
Мурғак қалбинг ичра бутун бир олам,
Жойлашган бўлса ҳам гарчи сарҳадсиз.
Яшаганми бунда қай насли бир одам,
Жисмида жўш урган жазми журъатсиз?
 
 
Ғанилар, расуллар, қодир султонлар,
Сен каби тугилди мунис онадан.
Жаҳонни титратган исми ҳоқонлар,
Улғайиб етишди мурғак боладан.
 
 
Дарёдек оқади сокин, тез умр,
Қадрин англа дилда бўлиб имконинг.
Бошинг мағрур тутгил, эгма бир умр,
Чинордек бақувват бўлсин имонинг.
 
 
Меҳринг соч дилларни айлаб хуш сафо,
Инсоннинг мушкулин чиндан туйсин юрак.
Қадринг баланд бўсин, қалбинг мусаффо,
Инсон мисол яша, эй беғубор гўдак.
 

ЁР БОҒИ

 
Ёр боғига кирдим мен,
Хушбўй гуллар ранг-баранг.
Ёрнинг тиниқ юзлари,
Мисли қизил олма ранг.
 
 
Иккимизга райҳонлар, .
Ҳавас билан боқишди.
Келиб гўзал жононлар,
Гулдан безак тақишди.
 
 
Менга бўлди парвона,
Ул қомати сарвона.
Сергакликда жайрона,
Кўриб бўлдим ҳайрона.
 
 
Тиниқ шаҳло кўзлари,
Илҳом берар сўзлари.
Луфт одобда ягона,
Таъзим этур жонона.
 
 
Ёр боғига кирдим мен,
Хушбўй, гуллар ранг– баранг.
Ёрга боқиб боғнинг ҳам,
Чиройи минг турфа ранг.
 

ЙЎЛЛАР

 
Лолазорлар узра ўтган эй йўллар,
Мисли гул бўлдингиз кўнгил боғимда.
Қушлар хандонига мастона гуллар,
Мафтун этди мени кезган чоғимда.
 
 
Сизлар узра елдим, тиним билмасдан,
Орзуларга сармаст эдим беғубор.
Уиқум қочди тунда, тонглар кулмасдан,
Асир бўлдим сизга мангу интизор.
 
 
Файзингиз файзидан кулгандай дунё,
Эъзозланар эди ҳатто қўнган гард.
Олам шунда билмам бошқамиди ё,
Саҳоватли, танти, ўктам эди мард.
 
 
Бошингиздан ўтган не-не тўфонлар,
Қаҳрнинг бераҳм миниб отига.
Сиз-ку гувоҳ шаксиз, неча замонлар,
Манзил ҳадя этиб инсон зотига.
 
 
Сиздан ўтмаганми, не-не фотиҳлар,
Қутқу солиб элу халқнинг бошига.
Улардан не қолмиш шараф ва оҳлар,
Зотан таъзим қилгум инсон зотига!
 
 
Йўллар, йўллар, о, сиз адоқсиз йўллар,
Бунчалар тез ўтмиш менинг ёшлигим.
Баъзан шодлик ила, гоҳо қайғулар,
Афсунлар ўқибди бағрингизда жим.
 
 
Инсон туғилгандан фонийга томон,
Сиз-ла умри ўтар: шонли-бесамар.
Боқий яшаб ўтса бўлмасди ёмон,
Умрнинг йўллари чексиз бўлиб гар.
 

ЮРАГИМДА ЁНГАН ОРЗУЛАР

 
Қалбимга сиз сочдингиз зиё,
Сизла менга ширин бу дунё.
Ҳар қатрангиз денгиз ё дарё,
Юрагимда ёнган орзулар.
 
 
Олис йўллар юрганимда жим,
Равшан бўлинг.асло бўлманг тим.
Кўнглим тўлиқ.сизла эмас ним,
Юрагимда ёнган орзулар.
 
 
Сизла тотли ташвишли олам,
Ҳаёт уммон.қалбим пиёлам.
Жисмим баҳор,сиз унда лолам,
Юрагимда ёнган орзулар.
 
 
Гўзалликнинг гирёнаси сиз,
Қалб ёнида парвонаси сиз,
Ижодимнинг дурдонаси сиз,
Юрагимда ёнган орзулар.
 
 
Менга бўлинг туну-кун сабот,
Орзуларла яшарман озод,
Сиз бор менга қайғу,алам ёт,
Юрагимда ёнган орзулар.
 

ОТА ЁДИ

 
Тинмайин оқмоқда,шошқин дарёлар,
Ўзанин писандсиз ютиб бузгудай.
Шундайин ўтмоқда умр,савдолар,
Рўҳингиз воқифдир,мангу кўзгудай.
 
 
Шода марваридлар бўлар кўз ёшим,
Вафосиз дунёнинг жабру коридан.
Шитоб айлар мисли танҳо сирдошим,
Юрак бу дунёни қайта тузгудай.
 
 
Норизо талпингай сабру бардошим,
Тақдир карвонидан чопиб ўзгудай.
Ҳисларим жам бўлур гоҳида тошиб,
Бевафо оламни топтаб бузгудай.
 
 
Бу тақдир карвони ўтди шошилиб,
Қўналғасин мисли,тунда йўқотган.
Шу карвон ичра сиз кетиб бир кунда,
Қалбим титратдингиз жондан узгудай.
 
 
Сизни ёд этмасам зулмат бу дунё,
Ҳаёт йўлимдадир не-не ғавғолар.
Сизни ёд этурман ҳар кун, ҳар тонгда,
Руҳингиз чин воқиф мангу кўзгудай.
 

БАҲОР ФАЙЗИ

 
Қалдирғочлар чуғурлашиб,
Қўшиқ куйлар наҳордан.
Майсаларга шабнам қўниб,
Хабар берар баҳордан.
 
 
Қалбга берур шодлик.севинч,
Булбулларнинг нидоси.
Чунки меҳмон юртим аро,
Тўрт фаслнинг навоси.
 
 
Серсаховат Она қуёш,
Ювса тоғлар сочини.
Яшил либос макон этмиш,
Бу заминнинг бошини.
 
 
Биёбонлар,чаманзорлар,
Ял-ял ёнар ранг-о-ранг.
Боқинг юртим жамолига
Гул очилган турфа ранг.
 
 
Айтинг баҳор чиройига,
Муштоқ эрмас не кўнгил?
Ажиб сеҳри бисёр боис,
Унга интиқ ҳар бир дил.
 

АЁЛ

 
Меҳрибон аёлнинг бир дам қошида,
Каъба остонаси эгур бошини.
Сервиқор тогларнинг метин тошида,
Кўрдим ушал зотнинг сабр дошини.
 
 
Қалбида мужассам садоқат боғи,
Саодат уйининг ёнгай чироғи,
У билан ободдир элнинг ҳар ёги,
Эъзоз этинг уни кекса ёшида.
 
 
Меҳрибонлик мавжи дарё мисоли,
Оҳанграбо гулдир эзгу хаёли.
Еғду сочгай мисли кўкнинг ҳилоли,
Чўнг бир сеҳр бордир сабр дошида.
 
 
Унингла кўнгиллар доим чароғон,
Фарзандин бошида у ҳар лаҳза гирён,
Номин тавоф этинг чин юракда ҳар он,
Битмас меҳр бордир кўз-у қошида.
 

ЭЗГУ НИЯТ

 
 Мунғайиб тош қотган унсиз қабрлар,
 Ер узра нагоҳон бўлганда пайдо.
 Хаёлга ботади фикру-сабрлар,
 Нақадар бевафо, лек ширин бу дунё.
 
 
Чамандек безанган бордир Ватаним,
Муқаддас заминнинг у бир бўлаги.
Шундан масрур эрур томирда қоним,
Сенга муносиблик юрак тилаги.
 
 
Қалбимга бир орзу-обод этгум бор,
Шу она заминнинг ҳар бир парчасин.
Адо айлай Ватан мунис она, ер,
Эзгу нйятларим бари барчасин.
 

САРДОБА

 
Бағрингда асрадинг, оби ҳаётни,
Инсоннинг дардига дармон бўлай деб.
Биёбонлар узра сақлаб саботни,
Эзгулик сувига мен қон бўлай деб.
 
 
Олис сарҳадлардан келган карвонлар,
Тиз чўкди, қошингда-нажот даргоҳи.
Сени табаррук деб билди инсонлар,
Сен адашган йўлчи ёлгиз паноҳи.
 
 
Қиш чилласи,баҳор,кузу жавзода,
Ошиқдилар сенга доим мунтазир.
Зим-зиё тун, ҳар кун, тўфон мабода,
Сендан паноҳ топди сехринг шундадир.
 
 
Ажиблик дунёсин йўли очилгай,
Меҳробу тоқинга суқ-ла боқса ким.
Дилларга ҳаётнинг дури сочилгай,
Бағри кенгсан, аммо камтар,сокин,жим.
 
 
Фикрат лол қоладир, ҳар ғиштинг сўйлар,
Бизни менгзанг фақат осмон исмига,
Ким айтолгай, қай бир самовий ҳис ўйлар,
Балким бошин эгган меъмор измига.
 
 
Қатра ҳаёт берсанг қочар дил оғуси,
Мўъжиза макони,тўл сен софи оба.
Сарҳадсиз чўлларнинг сенсан оҳуси,
Инсон қалбин маҳв эт боқий сардоба.
 

Тўй оқшоми

 
Суратларда эмас, диллар аро қолсин,
Ушбу кунинг азиз, нурли оқшоми.
Хонандалар ҳамроз айтиб майли толсин,
Давом этсин куннинг то тонгача шоми.
 
 
Бу кун хонадонга, эшик қоқди иқбол,
Дўстларнинг қалбида ширин каломи.
Мезбонлар бош эгиб чорлаб олсин хушҳол,
Сизга бўлсин ҳурмат чин эҳтироми.
 
 
Дилроз айтса дилдан хушхон хонанда,
Қалбларни маҳв этсин, раққос хироми.
Авжга минсин шўх-шўх ялла бирла ханда,
Сурур берсин бизга туннинг ороми.
 

МУҚАДДАС ХОТИРА

Меҳрибон тоғам, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Мусо Каромов хотирасига


 
Куз келмай япроқлар
Унсиз тўкилди,
Сервиқор, ғоз қадлар,
Маҳзун букилди,
Яхшилар, ҳамроҳлар,
Дилдан ўкинди
Сиз гўзал оламни,
Ташлаб кетдингиз.
 
 
                  Ҳислар оғушида,
                  Қолганда бир пас,
                  Тақдирдан норизо,
                  Кўнгил берур сас,
                  Таскинлар керакмас,
                  Бўлур энди бас,
                  Бир умр дилларни
                  Ғашлаб кетдингиз.
 
 
Нурли юзингйздан
Ёгиларди нур,
Меҳрибон кўнгилдан,
Тўқиларди қўр,
Саболар тин билмай
Эсганида ҳур,
Мусаффо оламни .
Ташлаб кетдингиз
 
 
                        Эсласам дардларим
                        Яна бўлур оҳор,
                        Йил айланиб яна
                        Келганда баҳор,
                         Хотирамда ёнар,
                         Азиз сиймо такрор
                         Оғуларни дилга
                         Бошлаб кетдингиз.
 
 
Нолон боққанида
Соғинчдан кўзлар,
Билолмам пинҳона,
Не дебон бўзлар.
Сукутда гирёна
Ул етим сўзлар,
Раҳмсиз қисматни
Тошлаб кетдингиз.
 

БЕШИК

 
Бағрингда асрадинг, ўктам дунёни,
Оҳисга тебраниб, сокин тебраниб.
Қалбингда асраган, софлик нишони,
Жўш урур инсонга, доим тобланиб.
 
 
Сенсиз файз бўлмас инсон қалбига,
Тебранмасанг бўлгай мунгли хонадон.
Сенсиз таскин топиб қайси дардига,
Кимга меҳрин берган, мунис онажон.
 
 
Шоҳдан ажратмадинг фақир гадони,
Барчаси бош эгди сеҳру измингга.
Бу ёруғ дунёда малҳам топиб жони,
Сажда қилди доим, сенинг исмингга.
 
 
Бедор бўлдинг узун, тун-у кун аро,
Муқаддас зот мисли она мисоли.
Бемор бўлдинг сен ҳам бирга дил аро,
Улғайгунча инсон мурғак ниҳоли.
 
 
Сенга захм этмади дарду низолар,
Илоҳий куч билан тутдинг оламни.
Малҳам топди сенла оҳлар, изолар,
Зулмдан асрадинг жисмин одамни.
 
 
Қадам босганда ким, ширин ҳаётга,
Дастлаб саркор бўлиб очдинг ўзинг эшик.
Танҳо муносиб сан эъзозли бу отга,
Гўдаклик бошпанам сен табаррук бешик!
 

РУҲГА ИЛТИЖО

 
Меҳринг ғани экан,
Тақдир қилди қасд.
Сеҳринг вали экан,
Толе эса паст.
Осмон баланд, нетай
Ета олмас даст.
Аммо руҳинг мадад,
Она қалбимга.
Музайян табиат
Қодир эрса айт,
Тушларда ёнимга
Руҳинг билан қайт.
Соғинчдан сенга деб,
Туздим неча байт,
Бўлак малҳам йўқдир
Она дардимга.
Яшайман оламнинг,
Чиройига мафтун.
Аммо сен йўқ бунда,
Тақдир этди афсун,
Ожизлик қиладур,
Балким ичсам афюн.
Қалбимни чўлғаган
Қижрон гардимга.
Барчага кенг дунё,
Сенгамиди тор.
Ҳижрондаман пайваст,
Бир сўзингга зор,
Сен бўлганда эди,
Олам беғубор.
Маҳрам йўқдир энди,
Мендек мардумга.
Фалакда юргандир,
Тун-кун учиб руҳинг.
Менга мадад берсин,
Меҳринг шукуҳинг,
Шод айламоқ орзу,
Иймону пок руҳинг.
Аммо оҳим етмас,
Нетай гардунга.
Доимо айлайин,
Сенга илтижо.
Ўзингсан инсонга
Мадад ибтидо.
Волидам дунёсин,
Обод айла худо,
Шунда малҳамдурсан,
Менинг дардимга.
 

ЗАМИН ТИЛАГИ

 
Нақадар улуғвор муқаддас замин,
Ардоқдан ҳаприқар инсон юраги.
Бағрида ўсгайлар фарзандлари некбин,
Эзгулик мақсади унга тилаги.
 
 
 Ҳайратдан лол қолур идроки инсон,
 Сирин англолмасдан борлиқ ишини.
 Она замин қаранг бўлганида имкон,
 Синамоқ бўлади ҳар он кучини.
 
 
Шу тупроққа бериб, инсон меҳрини,
Англар, очар, не-не сирру синоат.
Тиним билмай ковлаб замин қаърини,
Бойлик топар, шундоқ айлаб шижоат.
 
 
Нурдай чамбарак бор ернинг бошида,
Тунлар милён чироқ унга маҳлиё.
Тўлин ой ҳам жило этса қошида,
Кундуз қуёш бергай ададсизлик зиё.
 
 
Нақадар улуғвор муқаддас замин,
Ардоқдан хаприқар инсон юраги.
Бағрида ўсгайлар фарзандлари некбин,
Эзгулик мақсади, иймон тилаги.
 

ЁШЛИК

 
Беғубор мусаффо у ғўр ёшликни,
Тушларимда бир бор топа олмасман.
Ташвишсиз лек ширин у бебошликни,
Таъмин афсус энди тота олмасман.
 
 
Чучмома терардик интиқ, беозор,
Яшил либосига бурканса қирлар.
Ястаниб ётарди, қизил лолазор,
Гўё олам гўзал, бўстон адирлар.
 
 
Гўзал эди шундай мўъжаз она қишлоқ,
Жаҳоннинг беқиёс, чирой тимсопи.
Осмонларни қучар эди гўё тоғ,
Булутлардан ўзган лочин мисоли.
 
 
Тафтли меҳрларни шунда туярдим,
Онажон сен эдинг соя бошимда.
Неча минг сеҳрни дилда туярдим,
Меҳрибон қўллар-ла тутсанг бошимдан.
 
 
О, она табиат, нақадар гўзал,
Инсон умрин завқли баҳори ёшлик.
Ёшлик! Ўзинг улуғ имконингда ҳал,
Сен мағрур бўл, сен бор, мангу бошим тик!
 

ҚЎШИҚ ҲАҚИДА

 
Қўшиқ ёзмоқ ният зтдим,
Туҳфа деб бир халкимга.
Она юртим, сиймосини,
Этиб жо бу қалбимга.
 
 
Халқим десам илҳом жўшиб,
Ҳур сабодек елади.-
Элу юртим дилга қўшиб,
Тонглар қучгим келади.
 

ҒАЗАЛ ҲАҚИДА

 
Ғазал ёзиб гўзал ёрнинг,
Рухсорига мафтунман.
Аҳли ошиқ дили зорнинг,
Мен корига мансубман.
 
 
Қадр этса, ёрин ошиқ,
Унга ёрдир саодат.
Гар севгиси дилда тошиқ,
Қалбида дур-садоқат.
 

ВАТАН МЕҲРИ

 
Она сути билан кирган қонингга,
Алҳол сени ҳайрон этур сеҳридан.
Фахринг қўшиб айтгил унинг номига,
Ортиқ шараф борму, Ватан меҳридан?
 
 
Ўзга юртни кезиб, нозир бўлиб гоҳ,
Қадрин англаб ўз юртингга интизор.
Ағёрларга, сирин, очма, бўл огоҳ,
Ортиқ шараф борму, Ватан меҳридан?
 
 
Ўзга ерни, ер десанг ҳам ерингмас,
Ўзга дилни, дил десанг ҳам дилингмас,
Ўзга элни эл десанг ҳам элингмас,
Ортиқ шараф борму, Ватан меҳридан?
 
 
Садоқатла, кўзингга сур тупроғин,
Роҳат билгил, Ватан берган азобин,
Шифо айла, ҳатто-заҳму-зардобин,
Ортиқ шараф борму, Ватан меҳридан
 

ЭТУРСАН

 
Васлинг кўйида ёндим,
Нечун инкор этурсан?
Билмам қачон ишқингни,
Менга изҳор этурсан?
 
 
Нечун кўнгил сирингни,
Пинҳон этиб париваш.
Мисли ойдек юзингга,
Айт менй зор этурсан?
 
 
Билсам сен дил эзурсан,
Ишқинг кучин кўрай деб,
Бўлсин куйиб адо дил,
Деб ихтиёр этурсан.
 
 
Тун юлдузлар дегайлар,
Кўзларингни жуфт юлдуз,
Мени шу жуфт кўзларга,
Кўп интизор этурсан.
 
 
Излаб сенинг маконинг,
Кезсам дашту биёбон,
Мажнун мисоли сувсиз,
Жисмимни хор этурсан.
 
 
Келсанг обод кулбамдир,
Кўнглим бўлур кошона,
Мен ғарибинг шу онда,
Оламда бор этурсан.
 

КУЙМАСИН

 
Ушбу ҳолимни кўриб дўст,
Исми ағёр кулмасин.
Севги ҳажрин доғига ким,.
Жумла олам куймасин.
 
 
Кул бўлибман доғи ишқнинг,
Ўтида кун-тунлари.
Мен ғарибдек ҳеч бир одам,
Қалби ишқни туймасин.
 
 
Ким муҳаббат боғидадур,
Ёрига гул узгани.
Ишқ вафони дилда тутмай,
Бир ўйинга йўймасин.
 
 
Ҳар бир ошиқ инсоф айлаб,
Севгилин зор этмайин.
Севгига бўлган вафони,
Аҳдни дилдан қўймасин.
 
 
Эй қалбим сен ҳеч ишқнинг,
Ўти ичра ён дема.
Исми ошиқ жисму-бағрин,
Севги доғи ўймасин.
 

ЁШЛИГИМ

 
Ёшлигим, кел куйга тўлган,
Қалбим олтин сози бўл.
 
Э. Воҳидов.

 
Ёшлигим сен менга танҳо,
Ҳур эрурсан беқиёс.
Не қиёски куйласам оз,
Қўлга берсанг битта соз.
 
 
Борлиғим сен, менга дунё,
Сенла илҳом келди рост.
Қалбим айтур, кулди дунё,
Эҳтиросла энди ёз.
 
 
Боғдаги сен менга Раъно,
Сендан олсин гул қиёс.
Сенла олам менга маъно,
Айлама ҳеч эътироз.
 
 
Ёшлигим сен, менга онам,
Умрим узра меҳрибон,
Ёғду сочай кенгдир олам,
Дилдан айтсам сенга роз.
 
 
Ёшлигим кел, қайтгил энди,
Дилдан этгум илтимос.
Менга сенсиз айтгил энди,
Қайда бордир имтиёз?
 

КЎНГИЛ

 
Бир совуқ сўздан кўнгил– кўзгусига дарз етмасин,
Аҳли инсон қалбига ҳеч фитнадан дарс етмасин-.
Бўлсаким фитнага ошно қалбидур доим басир,
Мард кўнгил дунёсига номард деган арз етмасин.
 
 
Яхшиликдур умри боқий, ўчмагай асру замон,
Не ёмонликларни кўргай, гарчи у эрса ниҳон.
Минглар афсус бир ёмонликдан бутун ёнгай жаҳон,
Яхши кўнгил уйига зимдан бирор ўт кетмасин.
 
 
Неки инсон келмаган ушбу заминдек хонага,
Барчаси гавҳар эрур этдим қиёс дурдонага,
Жонажон дилбанд эрур барчаси битта онага,
Эзгуликнинг қоясин зулмат қучиб забт этмасин.
 

ЭЙ, ГЎЗАЛ

 
Эй, гўзал, оламни сиз қалбимга ошно этдингиз,
Ҳуснигизла минг қаро тунларни рўшно этдингиз,
Ҳар сўзингиз қадрини билсам садаф, гавҳар эрур,
Севгидан байтлар битиб ҳар сўзни иншо этдингиз.
 
 
Кипригингиз, соясида нур сочурмиш икки ой,
Во ажаб бир боқмайин саҳрода ҳолим этди вой,
Меҳрингизга интилурман, қанчалар гулгун чирой,
Васлингизга етмайин ишқ ўтда ёндим, кетдингиз.
 
 
Ой юзингиз нур сочур эрди менга мисли чироқ,
Сизла суҳбат айлаган чоғда қочур дилдан фироқ,
Соғиниб излай десам, бўлди яқин йўллар йироқ,
Толди ишқ йўлда бу жон, балки муродга етдингиз.
 

СЕНМИДИНГ

 
Тушларимда мен билан, ҳамхона бўлган сенмидинг?
Базми жамшид айлабон, парвона бўлган сенмидинг?
Оразинг очсанг кулиб, ой ҳам бўлибди маҳлиё,
Маҳлиё айлаб менинг қалбимни олган сенмидинг?
 
 
Тонглари излаб сени гули чамандан топмадим,
Васлимгга шайдо бўлиб бир нури маскай топма,
Оҳу нола айлабон дардимга дармон топмадим,
Айрилиқ дардин тутиб, жисмимга солган сенмидинг?
 
 
Эй гўзал сарви-санамнинг, ҳурлиқо андозаси,
Йўқ эмиш оламда ҳеч, сендан бўлак дил тозаси,
Лаҳза ҳам бегона этмам, хаста дил овозасин,
Бир умр маъно бўлиб, қалбимда қолган сенмидинг?
 
 
Бор эса оламда дилбар сендайинлар маҳлиқо,
Не сабаб айтг-ил ўзинг, бўлдим сенга мен маҳлиё,
Айлади ҳамроз сенга, чин ошиғинг кўнгил ёзиб,
Ошиғинг шайдо этиб меҳрини олган сенмидинг?
 

ОНА ЮРТИМ

 
Она юртим, гўзал юртим,
Дилимда номус оримсан.
Ҳаёт янглиғ улуғ йўлда,
Қаторда танҳо норимсан.
 
 
Менга бахтдир-саодатдир,
Туғилдим сенинг бағрингда.
Онам янглиғ меҳр берган,
Бу жисмим узра жонимсан.
 
 
Баланд тоғлар, гўзал боғлар,
Биёбонларни сайр этсам.
Чиройингнинг чеки бўлмас,
Чаманзорим баҳоримсан.
 
 
Жаҳоннинг шодлигин жамлаб,
Кўриб қалбимга жо этсам,
Қиёс эрмас дақиқангга,
Ўзинг-ку ифтихоримсан.
 
 
Қасидангни битай дерман,
Қалам ожиз, қоғоз етмас.
Бу жисмимга ўзинг дармон,
Оқар томирда қонимсан.
 

ДИЛРАБО

 
Дилрабо мадҳ айлайин, васфинг ўқиб дилдан сени,
Қўймайин номингни ҳеч, бир лаҳзада тилдан сени.
Сендан ўзга йўқ менга ҳамнафас, ёндош рафиқ,
Айро тутмас ушбу қалб, оҳанграбо гулдан сени.
 
 
Ер-осмонга ишонмоқ, нисбатин эп кўрмадим,
То абад ҳам асрагум, қалб тўрида шундан сени.
Ҳар сўзингнинг донасин, гавҳардан ҳам кам кўрмадим,
Ва чамандасайрагансайроқибулбулдансени.
 
 
Ой юзинг бунча нафис, бир мисли гул япроғидек,
Изладим лек топмадим, ҳар бир чаман, чўлдан сени.
Толейим ажратмасин раҳм айламай танҳо этиб,
Ишқинга бўлган асир мендек ғарибингдан сени.
 

САРВИГУЛ

 
Гулшан ичра сарвигул, ўз ҳуснини аён қилур,
Унг булбул маҳлиё, сайраб тилин бийрон қилур.
Боқмайин булбулга, гул, тонги сабола ўйнашиб,
Икки кўнгил бир-бирин қалб уйини вайрон қилур.
 
 
Бул ажиб дунё экан севгига йўқ зарра вафо,
Васлига етмас экан ҳеч бир юрак тотмай жафо.
Булбулу ул-сарвигулнинг ҳолига боқдим ажиб,
Севгингин сеҳри нечун ишқ аҳлини ҳайрон қилур.
 
 
Кўп мусибат дил аро ишқнинг жафоси кетмаса,
Кўнглига гулнинг хабар аҳду вафодан етмаса.
Булбулин кўнглин олиб васлига имкон этмаса,
Алданиб тонгги сабога сарв сўнг нолон қилур.
 

ЭТМИШАМ

 
Севгилим келгин сенга, қалбимниошно этмишам,
Суҳбату базм айлабон, кўнгилни рўшно этмишам.
Тунда кулбамни ёритса, оразинг нишонаси,
Ишқ вафодин дарс бериб, ҳар сўзни иншо этмишам.
 
 
Ташрифинг оввозасига,ким воқиф қилсин ҳавас,
Исми ағёр бормикан, бизга боқиб турсинда бас,
Гул жамолингга тўйиб,маҳзун кўнгил бўганда маст,
Жумлаи оламга мен, дил фахрин имо этмишам.
 
 
Кел,қўлинг чўзгил менга,жисмимга бўл дармонлар,
Бу ҳаёт боғин кезайлик,бирга бўл ҳар онлар,
Дўст Сулаймон дейдики,ҳар чоғ топиб имконлар,
Бахту иқбол тожини бошингда пайдо этмишам.
 

СЕВГИ СЎЗИ

 
Аҳли инсон кўнглини севги сўзи ром айламиш,
Сеҳр этиб ҳар битта дилга ишқ куйин ном айламиш,
Икки кўнгил уйига, ўздан ҳузур жон бахш этиб,
Мубталолар наслига ҳажр ўтини ком айламиш.
 
 
Севги бор кўнгил обод,мисли чаман андозаси,
Кайда йўқ, маҳзуна дил вайрон эрур кошонаси,
Меҳридур ҳар жон аро бир эзгулик нишонаси,
Меҳридан қонган кўнгил, майдин тўла жом айламиш.
 
 
Севмаган ким бор унинг кўнгил ярим қалби сўқир,
Ошиқ аҳли субҳи-шом севги куйин байтин тўқир,
Булбул қам гул бағрида пайваст унинг бобин ўқир,
Ҳонишин ижро этиб ҳар субҳини шом айламиш.
 

ДЕҲҚОН

 
Пешонангга боқса меҳнат сийрати,
Кўринади ҳар чоғ туриб аслидан.
Кўрганларнинг асло ошмас ҳайрати,
Таажжубсиз, сенсан ўзбек наслидан.
 
 
Ҳосилинг ортидан ризқу насиба,
Дастурхон кўркининг ёлғиз зиёси.
Битдиларким сенга минглаб қасида,
Тантисан, кўнглингнинг йўқдир риёси,
 
 
Елканг узра тутган кетмон зарбидан,
Саҳролар қўйнида кулган чаманлар.
Оқ-олтининг тенгсиз ҳар бир гардидан,
Анвоий гул тўқир моҳир чечанлар.
 
 
Дейдилар деҳқоннинг юрак бағри қон,
Куз ҳосилин охир йиғиб олгунча.
Сенга тиним борми айтчи йилда бир он,
Ўзбегим деҳқони жисминг толгунча?
 
 
Қўлинг қадоғидан элнинг нафасин,
Чизибсан меҳнатла сенга ташаккур.
Кўзинг қароғида ернинг ҳавасин,
Жойлабсан ҳеч асло етмас тафаккур.
 
 
Юртингни ардоқлаб, бағрин этиб боғ,
Яшнатиб, кўз-кўз эт, сенга бўлсин шон.
Боқийликда қолгин, меҳнатингла ҳар чоғ,
Она халқим, фахрим, жонажоним деҳқон.
 

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> 1
  • 4 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации