Электронная библиотека » ТОИР МАҲМУД » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "УМР КИТОБИ 3-жилд"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:20


Автор книги: ТОИР МАҲМУД


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Киприкда тош қотган ёшда ботганлар,

Гоҳ билиб-билмайин тошлар отганлар,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Ошин ошаб, ёшин яшаб қўйганлар,

Йўлига савобин тўшаб қўйганлар,

Гўё фариштага ўхшаб қўйганлар,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Беайб Парвардигор, бизлар бандамиз,

Аламда – ғамзада, шодмиз – хандамиз,

Нафсимиз чорласа, кунда шундамиз,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Сўраган бир юзи қаро бўлармиш,

Бермаган бор юздан жудо бўлармиш,

Одам сўраб-сўраб адо бўлармиш,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Қуш ҳам насибасин ўзи излайди,

Олчоқ олазарак – қўзи излайди,

Яхшининг ортидан изи излайди,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

Сатримга садодир сиздаги ибрат,

Шеърни шоён қилар сўздаги ибрат,

Насиҳат қилмадим, сўрадим фақат,

Ибрат олганмисиз хатоингиздан?

БАҲОР НЕЪМАТИ

Шохларни тарс ёриб, кўз очди куртак,

Нозли нозаниндек юз очди куртак.

Қушлар қанотига қувончлар сочиб,

Ҳаётга олқишдан сўз очди куртак.

Баҳорнинг келгани боғларнинг бахти,

Қорлардан қақшаган тоғларнинг бахти.

Ям-яшил майсалар яйратсин сизни,

Дилингизга кўчсин майсанинг аҳди.

Кўклаган кўкламнинг кўзидир гуллар,

Бу олам кўркининг изидир гуллар.

Сизга насиб этсин булбуллик бахти,

Она табиатнинг қизидир гуллар.

Қишнинг қабоғидан олдим кўнглимни,

Кўклам ифорига солдим кўнглимни.

Лолалар баргига дил ёзай десам,

Қалам қучиб олди ногоҳ қўлимни.

Баҳорнинг келгани биз кутган бахтдир,

Хуш насим елгани сиз кутган бахтдир.

Насибаси бутун бандаларига,

Баҳорнинг неъмати – Ҳақ тутган бахтдир.

ҚАДР

Орзу ният билан яшайди инсон,

Эзгу амал билан ва лекин инсон,

Азалдан айтилган шу сўзга инон,

Оиласи оромли – осмондек тахтли.

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Ақл – одамзоднинг онгидаги нур,

Гўзалдир умрининг тонгидаги нур,

Иззати, ҳурмати ҳузурбаҳш сурур,

Тинчлиги тумори, боболар нақли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Элини эъзозлаб давлат султони,

Бунёд этди Янги Ўзбекистонни!

Бу миллат шонидир, Ватаннинг шони,

Халқнинг ризолиги энг буюк аҳди,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Ернинг томирига жони туташ эл,

Яратиб, яшнатиб қувончлари сел,

Дўст бўлсанг, сен уни қутлагани кел,

Уммони йўқ – қалби уммондек сатҳли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

Аждодлар ҳикмати – дунё чироғи,

Муносиб авлоди – кўзин қароғи,

Кўкни гўзал қилган ҳурлик байроғи,

Ирмоқлар бор экан, дарёлар шахтли,

Инсон қадр топиб яшаса бахтли.

УМРА ЙЎЛИ

Кутилмаган таклиф – ғойибдан бахтдир,

Кўнгиллар кўзида қувонч қалқиди.

Аслида бу бизга самовий тахтдир,

Ногоҳ бошимизда қуёш балқиди.

Бу зиёрат завқи, барака топгур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Кўкда оққуш мисол елиб боряпмиз,

Пойимизга тўшар булутлар ўзин.

Ахир Ўзбекистон бўлиб боряпмиз.

Ёмғирдек ёғдириб “Лаббайка” сўзин.

Тайёра бағрига сиғмайди сурур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Бизни қабул қилди равзаи гавҳар,

Чорлаган Ўзингсан, эй қодир Оллоҳ!

Мадина – муқаддас, мунаввар шаҳар,

Ассалом алайка, ё Расулоллоҳ!

Сизга салом бермоқ нақадар ҳузур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Бунда сойим турмоқ бизга саодат,

Элу юрт, Юртбоши саломи билан.

Дунё тинч бўлсин деб қилдик ибодат,

Яратганнинг ёруғ каломи билан.

Сажда дийдоридан дийдамизда дур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Маккада муродлар ҳосил бўлғуси

Ҳар муслим орзуси – Каъба тавофи.

Шаффоф дуоларга осмон тўлғуси,

Бор оламга татир унинг савоби.

Бизни йўллаган зот, Сизга ташаккур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

Минг-минглаб мўминлар тили нидода,

Гоҳ сокин, гоҳ бўзлаб истиғфор айтар.

Ким ҳалол, хушният, дили Худода,

Умид уммонидан покланиб қайтар.

Шукур, шукур сўзи беҳад айтилур,

Умра – умримизнинг йўлидаги нур!

БУ ЙЎЛЛАРДИР

Инсон тонгда кўз очиб, “Бисмиллоҳ…” деб йўл босар,

Яратганга ёлвориб, хуш дуога қўл очар,

Яхши ният одамзод йўлларига нур сочар,

Ҳалол меҳнат қилганда, билсанг, толмагай қўллар,

Муродимиз меваси бу йўллардир, бу йўллар.

Бу равон йўлда юриб, ўтмишингга боқиб кўр,

Қон қақшаган тарихнинг оҳларида оқиб кўр,

Тийрак назар, тафаккур чироғини ёқиб кўр,

Кўзларингга кўрингай чинқириб ётган чўллар,

Не-не кунлар гувоҳи бу йўллардир, бу йўллар.

Бу йўллардан ўтмади не-не азоб карвони,

Тупроқ билан тенг бўлди гоҳи миллатнинг шони,

Шукрким, келди юртга Ҳурриятнинг замони,

Ўз эркидан энтикди, орзиқиб кутган диллар,

Элнинг қувонч ёшини сипқорган ҳам шу йўллар.

Мақсад улуғ, йўл равон – олиб чиқар дунёга,

Тенглар ичра тенг миллат ғолиб, чиқар дунёга,

Ахир ким ташна эмас, муҳаббатга, зиёга,

Қалблар қалбга вобаста, изҳорда бурро тиллар,

Яйраб юрсанг ярашгай янги-янги бу йўллар.

Нарвон бошига ҳеч ким сакраб чиқолган эмас,

Мушкулини одамзод додлаб ечолган эмас,

Алангаси ўзидан чиққан элни эл демас,

Ўз-ўзига чоҳ қазир нафсига абад қуллар,

Қалбимиз қатидан ҳам очайлик ёруғ йўллар.

Инсонни эзгу ишга энг аввал онги йўллар,

Ким шукурда кўз очса, умрининг тонги йўллар,

Ҳар вилоят, ҳар туман бағрида янги йўллар,

Биз бир-бирни қўлласак, Яратган бизни қўллар,

Тошкентга чирой бўлди Юртбоши очган йўллар.

Бугунги Ўзбекистон – ўз янги бўстонида,

Монолит кўприклар ҳам бир янги имкони-да,

Аждодлар номи балқир миллатимиз шонида,

Уларнинг руҳи кўкдан, не ажаб дуо йўллар,

Янги Ўзбекистонга – янги шон янги йўллар.


МАЙСАЛАР ТИЛИДА СЎЙЛАГИМ КЕЛДИ

Пок туйғулар – ҳақнинг инъоми,

Шу туйғуга тўлсин дил жоми.

Туйғусини поклаб юрганга,

Шоирларнинг бўлсин саломи.

ЎЗБЕКНИНГ ЎЗБЕКИСТОНИ

Орзулар диллардан тилларга кўчди,

Эл шони юрт оша элларга кўчди,

Ободлик гул диёр – гулларга кўчди.

Деманг, қайда ўзи гуллар бўстони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳалол, пок, захматкаш халқи бор Ватан,

Тинчликда, дўстликда сафда нор Ватан,

Нечун мен қилмайин ифтихор, Ватан,

Энг буюк шон ахир Ватаннинг шони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Деҳқони ҳеч қачон қолмаган ҳориб,

Боғбони гул экар юрагин ёриб,

Бунда ризқ топишар тошни суғориб,

Жонин жамолидир ҳар бурда нони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳар халқнинг дилида ўз орзуси бор,

Ҳар халқнинг қўлида ўз кўзгуси бор.

Меҳмондўст ўзбекнинг ўз ёғдуси бор,

Оқибат пoсбони, меҳр мезбони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

Ҳеч қачон бўлмаган ёмон нияти,

Дунёга омонлик – омон нияти

Гуллатиш-яшнатиш – бўстон нияти,

Келиб кўрсин, кимнинг бўлса гумони,

Бу қадим ўзбекнинг Ўзбекистони.

ЎЗБЕКИСТОН ЛОЛАЛАРИ

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ловуллаган Ватанидир.

Ўзбекистон лолаларнинг,

Ял-ял ёнган чаманидир.

Ким билади, ким билмайди,

Бизда не тур, шонаси бор.

Ўттиз тўрт тур лолаларнинг,

Ўттиз тўрт хил донаси бор.

Ўзбекистон гул диёрдир,

Ҳар бир кўзни қамаштирган.

Ўзбекистон ҳур диёрдир,

Дилни дилга туташтирган.

Деҳқонининг кетмонида,

Қуёш нури жилоланган.

Боғбонининг забонида,

Дуо дури зилоланган.

Голландия лолаларнинг,

Ватани деб айтишади.

Тоғ лоласи керак бўлса,

Вале бизга қайтишади.

Ўзбекистон лолалари,

Кўзингизнинг оромидир.

Ўзбекистон лолалари,

Бу – баҳорнинг саломидир.

ТЎҒРИ СЎЗ

Олам тўғри сўздан яралган бўлса,

Бори сўз – шу сўздан таралган бўлса,

Сўзга хуш неъмат деб, қаралган бўлса,

Сен бизни тарк этма бир он, тўғри сўз.

Тўғри сўз тўғри йўл чироғи экан,

Ҳақиқат ҳар марднинг яроғи экан,

Билсанг, тил – миллатнинг қалб тоғи экан,

Сен билан қаддимиз осмон, тўғри сўз.

Эгри сўз – зўр қурол шайтон дастида,

У абад иймону инсоф қасдида.

Шайтонга бас келган иймон аслида,

Иблис томон учган пайкон – тўғри сўз.

Ибодат илми бу – ҳақ калом билан,

Дўст дўстга йўллаган хушсалом билан,

Эгри эгилгайдир бад дашном билан,

Кимга орзу, кимга армон тўғри сўз.

Ҳақ шоҳид, сен бизни армондан айир,

Сўнгаклар синса ҳам ёлғондан қайир,

Сен билан айлайлик беҳиштда сайр,

Бўлсин сенга жонлар қурбон, тўғри сўз.

ТУҒИЛГАН КУН

Ёру дўст улфатларга

Бахтли яшаш одамзоднинг хуш орзуси,

Вале баъзан учиб кетар қуш орзуси,

Ўзгасининг ушалгайдир туш орзуси,

Кароматга тўла асли дунёи дун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Омондирсан, бошинг узра осмонинг бор,

Момо Ерга тегиб турган товонинг бор.

Иймонинг бут, Ҳақ таоло посбонинг бор,

Хотиржамсан, тунингда ой, тонгингда кун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Фарзандларинг камолидан кўксингда тоғ,

Набиралар новвотларинг бағрингда боғ,

Юз йил сенга насиб этсин шундай хуш чоғ,

Оила деган ором ичра бағринг бутун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Кулиб яша, ғам бағрини тилиб яша,

Ҳалол ризқинг ҳаловатда яйраб оша,

Йўқлашсалар пойларига меҳринг тўша,

Содиқ дўст ҳам ёнбошингда битта устун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

Саломатлик инсон учун саодатдир,

Ҳақ каломин тилга олсанг, тиловтдир,

Худойимга чин шукур ҳам ибодатдир,

Маҳмуд шеъри совға бўлсин дўст-ёр учун,

Яхши ўтган ҳар бир кунинг – туғилган кун.

ТУЙҒУ

Туйғу асло тошларда бўлмас,

Ёлғон йиғи ёшларда бўлмас.

У қалбларнинг кўзидаги гул,

Дарёдилнинг меҳрида сўлмас.

Туйғу – софлик самоси эрур,

Туйғу – поклик сабоси эрур,

Иймонлининг кўнглидаги нур

Гўзалликнинг жилоси эрур.

Шоир туйғу тушовидадир,

Шоир туйғу қуршовидадир.

Атиргулдек юз очган шеърлар,

Туйғуларнинг ушовидадир.

Пок туйғулар – ҳақнинг инъоми,

Шу туйғуга тўлсин дил жоми.

Туйғусини поклаб юрганга,

Шоирларнинг бўлсин саломи.

ЎЗИН САЛОМИ

Сен ёлғоннинг ёдидан узил,

Кўнглингдаги жодудан узил.

Бу дунёда беш кун яшайсан.

Ростгўйсан деб, эзсалар эзил.

Виждон отлиқ тулпоринг борми,

Иймон отлиқ саркоринг борми?

Ақлинг агар озоданг эрур,

Маҳв этолмас кўнгил карвони.

Ахир, кўнгил кўчaси кўпдир,

Бу кўчанинг дарчаси кўпдир.

Ҳар боққанга ҳумор қарасанг,

У кўзларни кўзлаган чўпдир.

Одамзоддан кетмаса субут,

Эътиқодда, иймонда собит.

Ҳақни хушлаб, ўзи хуш юрса,

Ундай банда обиддир, обид.

Каломуллоҳ – Оллоҳ каломи,

Бандасига буюк инъоми.

Агар ўқиб, уқиб юргайсан

Келиб тургай Ўзин саломи!

УНУТСА

Гул ўзин гуллигин унутса,

Дил ўзин диллигин унутса,

Қул Ҳаққа қуллигин унутса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Унутгани – иймони бўлса,

Ёд этгани – ёлғони бўлса,

Содиқ дўсти – шайтоний бўлса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Бошлари ҳеч сажда кўрмаса,

Хушхабардан мужда кўрмаса,

Тавба учун тизда турмаса,

Қиёматга чорлов эмасми?

Ўз наздида кўкларга етса,

Кучи ожиз, йўқларга етса,

Ўздан зўрга ўзни хор этса,

Қиёматни чорлов эмасми?

Сохта бўлса обрўй ва савлат,

Ёлғонида аркони давлат,

Гар уларни десак бадавлат,

Қиёматни чорлов эмасми?

Мўмин учун мўмин – ифтихор,

Ҳар мўминда – мўмин ҳаққи бор,

Гар мўминдан мўмин қилса ор,

Қиёматни чорлов эмасми?

Тўғрисан, кўзга тик боққайсан,

Пок сўзда дилга ўт ёққайсан,

Қаллобсан, оҳингда оққайсан,

Қиёматни чорлов эмасми?

Худойим, гуноҳкор бандаман,

Осийман – ўзингга зордаман,

Авф сўрмасам Сендан шеърда ман,

Қиёматни чорлов эмасми?

ЎТИБ ҚОЛДИ

Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон хотирасига

Одам борки, бир хушхабар кутиб яшар,

Ўз кўнглини Худойимга тутиб яшар,

Ахборотлар ичра бугун қалқир башар,

Кутмагандим сира бундай нохуш онни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Ўзбекистон ўз дардига қоврулганда,

Эл қувончи аламларга эврилганда,

Бу дунёси яшаш учун берилганда,

Ҳикматида камолотга етган жонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Бола учун ёзса ногоҳ, бола бўлган,

Эл дардида қалам олса, нола бўлган,

Ошиқларнинг қалбида хуш вола бўлган,

Шеъриятда камлар топган бундай шонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Фарғона бу – аҳли қалам кошонаси,

Ўзбекистон ижод аҳлин гулхонаси,

Укам дерди, Эркин Воҳид парвонасин,

Соғиндими, ой ўтмайин Охунжонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Дарди бор дил кўнгилларга дард солади,

Эл оқил-да, оқилларин тан олади,

Бу дунёда оқил айтган сўз қолади,

Тангри унга берган эди бу имконни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни.

Ҳақ ҳукмига бандасида йўқдир гина,

Шеър ёздиму, кўнглим кетди чил-чил сина,

Оҳ, эди-да Фарғонада биттагина,

Эл тан олган қалблардаги қаҳрамонни,

Ўтиб қолди, деди Анвар Обиджонни,

Кетиб қолди, деди Анвар Обиджонни…

ФАРЗАНД

Асли ота-онанинг,

Умрин ниҳоли –фарзанд.

Муҳаббатин меваси,

Қалбин камоли – фарзанд.

Боболар дуосининг,

Момолар нидосининг,

Худойим атосининг,

Муборак боли – фарзанд.

Икки дилнинг шонаси,

Шонада ишқ донаси,

Қувончнинг парвонаси,

Поклик тимсоли – фарзанд.

Кутган ёмғир кўз бахти,

Хуш дуолар сўз бахти,

Ҳар кимда бор ўз бахти,

Бахтнинг тимсоли – фарзанд.

Қиз дилбар – дил эгаси,

Ўғлонлар эл эгаси,

Ёр бўлсин мартабаси,

Миллат иқболи – фарзанд.

Ушалган умид ўзи,

Умримиз янги изи,

У отган тонгнинг юзи,

Ҳаёт жамоли – фарзанд.

РАМАЗОН ҚУВОНЧИ

Энг гўзал иймоннинг дилдоши бўлиб,

Ҳам қалбнинг, ҳам нафснинг бардоши бўлиб,

Покланиш ойининг қуёши бўлиб,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Аллоҳнинг раҳмати сочилган кунлар,

Қуръоннинг ҳикмати очилган тунлар,

Тилдан шукур бўлиб ёғилган унлар,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Биз сени орзиқиб кутгаймиз мудом,

Меҳримиз кўз ёшда тутгаймиз мудом,

Бу дийдор бизларга Тангридан инъом,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Шайтонлар боғланган муҳтарам ойсан,

Гуноҳлар тўхтаган мукаррам ойсан,

Муборак, муқаддас, мусаллам ойсан,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Лайлатул Қадрнинг нурлари – сенда,

Дуонинг ижобат дурлари – сенда,

Аллоҳнинг не юксак сирлари – сенда,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Қуръон нури билан шарафланган ой,

Сен ўн икки ойга бергувчи чирой,

Мўминлар бахтисан, баракага бой,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

Жаҳоннинг эзгулик айёмида сен,

Мўминнинг Ҳақ деган, каломида сен,

Ҳазрати Пайғамбар саломида сен,

Хуш келдинг, хуш кўрдик, моҳи Рамазон!

ХУШЛАГИМ КЕЛДИ

Меҳр – меҳрибон зот кўнгил чашмаси,

Бу олам, бор одам унинг ташнаси,

Уни топган-топмай кетган қанчаси,

Билмам, нечун кўзим ёшлагим келди.

Меҳр кўрганларнинг юзлари моҳтоб,

Меҳр кўргузганнинг қалбида офтоб,

Уларга эргашиб яшайди савоб,

Мен ҳам изларидан эшлагим келди.

Яхшилар бир умр дилхонасида,

Меҳр шамин тутар остонасида,

Деманг, у – Аллоҳнинг девонаси-да,

Шу девона барин ушлагим келди.

Ризқ сўраб яшайди инсон Худодан,

Ризқ олиб кетмайди вале дунёдан,

Умидвор кетади меҳру дуодан,

Хуш дуо обидан нўшлагим келди.

Одамзод дил мулкин аълоси – Меҳр,

Одамзод дил дардин давоси – Меҳр,

Бу дунёдан топган дунёси – Меҳр,

Меҳр топганларни хушлагим келди.

ҲАЁТ ХАТИ

Тилак софлигига дил гувоҳ эрур,

Тилнинг изҳоридан дил огоҳ эрур.

Агар тил дил ила бир нафас ичра,

Лутфин эгасига Ҳақ паноҳ эрур.

Одамзод оромни сўздан олади,

Назарни порлаган кўздан олади.

Ўзгадан олгани бегонавашдир,

Изҳори аълони ўздан олади.

Ўзин излаганлар ўздан ғолибдир,

Ўздан ғолиб инсон сўздан ғолибдир.

Дунё оқилларин эътирофи шу –

Ҳар ғолиб аслида илми соҳибдир.

Юз нурин аввали офтоб бетида,

Дил нурин қидирсанг, китоб қатида.

У дунё хабарин бу дунё айтар,

Гар ўқиб, уқолсанг ҳаёт хатида.

ШАРШАРА

Одилхўжа Холхўжаевга

Дунёда шовқиннинг тури кўп жуда

Қулоғинг том битар ҳуда-беҳуда.

Вале шаршаранинг овози бошқа

Шовқини шарбатдек гўзал осуда.

Сувлардан салом бор, гар тинглай олсанг

Покликдан калом бор, гар англай олсанг.

Шаршара қошида бир дам ўлтиргин,

Дунё ташвишидан толиқсанг-толсанг.

Шаршара зарраси ғуборинг ювар

Сув неки покламас, киборинг ювар.

Балки гуноҳларинг тўкилар сувга,

Сув шифо неъмати – дардингни қувар.

ШОДЛИК

Шодлик – дилнинг шалоласидир,

Шодлик – дилнинг ол лоласидир.

Қалб қатини лов-лов ёндирган,

Шодлик – дилнинг шарорасидир.

Осмонларга учирган – шодлик,

Кўкни бузиб қичқирган – шодлик.

Билганга у – бахт неъматидир,

Билмасанг ҳам кечирган шодлик.

ШУКУР

Шукур қилган барака чорлар,

Қалби ўзин шукридан порлар.

Вале бордир шукур билмас ҳам,

Иймону инсофда ночорлар.

Шукур – Ҳаққа дил изҳоридир,

Етказганга етган зоридир.

Шукур қилган Оллоҳ наздида,

Бандаларнинг бахтиёридир.

ЭЪТИҚОД

Эътиқод – инсонга ишонч овози,

Қатъий бир ниятда кўнгил парвози.

Аҳдида мустаҳкам инсон зотининг –

Қалбидан қўймаган ойдек ҳамрози.

Эътиқод эгаси – соҳиби иймон,

Содиқ дўст, содиқ ёр, содиқи Раҳмон.

Минг ташвиш, минг мушкул ичра қолганда,

Йўлдан оздиролмас ҳеч битта шайтон.


ЮЗ ОЧСАНГИЗ

Юз очсангиз, нурга очинг,

Кўз очсангиз, гулга очинг.

Олов тилин олов билар,

Сўз очсангиз, дилга очинг.

Юзлар юздан офтоб олсин,

Кўзлар кўздан шитоб олсин.

Ошиқ оҳи одоб билан,

Диллар дилдан одоб олсин.

Кўз кўзгуси дил учундир,

Юз кўзгуси эл учундир.

Ким иймондан гар суст кетса,

Қўлни таниш қўл учундир.

Олиб ҳеч тўймаган дунё,

Бериб ҳам куймаган дунё.

Олмаганга-бермаганга

Тиклашиб қўймаган дунё.

Деманг, осмон осмон учун,

Ер ҳам тирик ҳар жон учун,

Еру кўкни яратди Ҳақ,

Иймони бут инсон учун.


“ЯЛЛА”ГА ҚУТЛОВ

Санъат – кўнгил самоси,

Қўшиқ – дилнинг шифоси.

Ким унга садоқатда,

Ёғилгай эл дуоси.

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

Эллик йил элак бўлди,

Эллик минг тилак бўлди.

Элакдан ўтолганлар,

Элда шерюрак бўлди,

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

Ниятда ҳалол бўлган,

Миллатда ҳилол бўлган,

Ҳаёт – ҳаёт экан-да,

Сон мингта савол бўлган.

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

Карим Зокир дуоси,

Ботир Зокир нидоси.

“Ялла”га “Оқ йўл!” бўлган,

Халқимиз хуш баҳоси.

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди қанча палла-ёв.

Санъат бу – элникидир,

Эл деган дилникидир,

Миллатин туғин тутган,

У она тилникидир.

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

Қўшиқ бу – фикримиздир,

Ҳақ учун зикримиздир.

Ўзининг назарига,

Ўзига шукримиздир.

Ялла-ялла, ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

Эллик йил элак бўлди,

Эллик минг тилак бўлди.

Элакдан ўтолганлар,

Элда шерюрак бўлди.

Ялла-ялла ялла-ёв,

Ўтди шунча палла-ёв.

ЯНГИ ЗАМОН

Кўксимни тўлдирар тоза ҳаволар,

Куйласам – тилимда янги наволар,

Эй сиз, она юртга жони фидолар,

Дунёга йўл очган янги даврон бу,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

Вафо тупроқда ҳам из очган бунда,

Ҳар кўча гул билан юз очган бунда,

Гўдаклар Ватан деб кўз очган бунда.

Порлоқ истиқболдан ёруғ нишон бу,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

Бу Ватан – Навоий баёти бўлган,

Бобур соғинчининг саботи бўлган,

Мангубердиларнинг ҳаёти бўлган,

Ғурур-ифтихорга олий имкон бу,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

Илмда дунёни олган боболар,

Довруғин дунёга солган боболар.

Ёт тупроқ тубида қолган боболар,

Тарих қатидаги алам, армон бу,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

Энди ўзлигини ўзи кўрган халқ,

Рост, дунё аслини кўзи кўрган халқ,

Кел энди, халқ бўлгин, Чўлпон бўлиб қалқ,

Ғафлатдан уйғотган уйғоқ сарбон бу,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

Тошкент муҳтожларга нон тутган шаҳар,

Меҳр сўраганга жон тутган шаҳар,

Оқибат шаҳридир, тош ичра гавҳар,

Яхши меҳмон учун абад мезбон у,

Янги Ўзбекистон – янги замон бу!

ЯХШИ ЭДИ

Айтилган сўз мадори бор,

Айтилган сўз озори бор,

Айтилган сўз бозори бор,

Айтилмаса, яхши эди.

Бир сўз билан нуринг кетар,

Бир сўз билан сиринг кетар,

Қалб қаноти – қўринг кетар,

Айтилмаса, яхши эди.

Одамзоднинг ори сўздир,

Бу дунёда бори сўздир,

Тили душман – ёри сўздир,

Айтилмаса, яхши эди.

Сўз бу – ҳаво тирик танга,

Сўз бу – наво ҳар инсонга,

Сўз бу – бало жисму жонга,

Айтилмаса, яхши эди.

Айтилган сўз – тилдаги чўғ,

Айтилган сўз – отилган ўқ,

Айтилмаса, зиёни йўқ,

Айтилмаса, яхши эди.

Айтгин, илло, ўйлаб айтгин,

Етти ётни сийлаб айтгин,

Яхшиларга бўйлаб айтгин,

Айтилмаса, яхши эди.

ЯХШИЛИК

Муҳтожларга Ҳақ нажоти яхшиликдир,

Яхшиларнинг бор ҳаёти яхшиликдир,

Яхшиликнинг мукофоти яхшиликдир,

Саховатнинг соҳиблари – дарёдиллар,

Яхшиларни икки дунё Худо қўллар.

Уруш кўрган, очарчилик, ситам кўрган,

Аждодларим азобларин олам кўрган,

Бир майизни қирққа бўлиб, баҳам кўрган,

Тилда шукур, дилда Аллоҳ зикри билан,

Яшаганлар яхшиликнинг фикри билан.

Ётнинг номин сўрамай ҳам таом тутган,

Ўзгалардан алик кутмай, салом тутган,

Савоб қилиб ўша они – ким унутган?

Бу ўзбегим – меҳри уммон миллат бўлган,

Етмиш икки томирида ҳиммат бўлган.

Ўнг қўлининг эҳсонини сўли билмай,

Ботмон берса, дили билиб, эли билмай,

Одамийлик оразини ошкор қилмай,

Бизнинг мардлар саховатга султон бўлган,

Кўкси фақат эзгуликдан осмон бўлган.

Дил чашмаси дарёга тенг миллат борми,

Ўзгаларда ўзбекона нусрат борми,

Яхшиликдан – руҳга аъло қувват борми?

Миллатимнинг хуш каломи – яхшиликдир,

Саховатнинг асил номи – яхшиликдир.

ЧИРОҚ

Одамзоддан бир сўроқдир яхшилик,

Муҳтож учун бир фироқдир яхшилик.

Дилдан дилга, тилдан тилга ўтганда,

Эллараро бир яроқдир яхшилик.

Дариганнинг кўксини тоғ қилғуси,

Бир ғарибнинг вақтини чоғ қилғуси.

Бандасидан қайтмаса – Худойим бор,

Қиёматда бошга чироқ қилгуси.

АСРАЙ БИЛГАНГА

Кўнгилдан учган қуш осмон қушимас,

Тошни майдалаган инсон тишимас.

Элу юрт ичрадир миллат улуғи,

Халқни эргаштириш ҳар ким ишимас.

Иқрор дўст бўлолмас инкор қилганга,

Омонлик Оллоҳдан асрай билганга.

Халқнинг ризосини олганлар билар,

Кулги ярашади бахти кулганга.

БОШИДАН БАЛАНДДА

Гуллар олов билан сўлдирилмайди,

Обрў қоплаб-қоплаб тўлдирилмайди.

Мардларнинг устози азалдан айтмиш,

Чумоли қиличда ўлдирилмайди.

Осмони хаёлда учганлар кўрар,

Ер юзин ётиб сув ичганлар кўрар.

Бошидан баландга сакраганларнинг,

Бошидан баландда гуноҳи турар.

КЎНГИЛ ҚУЛОҒИ

Ўзимдан ўзгага етмай қулочим,

Ҳаёт сўқмоғида оқарди сочим.

Дилимдан дилларга йўл излаганда,

Шеър бўлди, фақат шеър, менинг тилмочим.

Мен сўзнинг ортидан чопганим ростдир,

Мен сўздан саодат топганим ростдир.

Шоирни савдойи деганлар – билсин,

У сўз уммонида моҳир ғаввосдир.

Ҳар ким тақдирида ўз битиги бор,

Ниятим, тушмасин сўзимга ғубор.

Бир сатрим бир дилда гар қўним топса,

Ўзинг суюмли эт, эй Парвардигор!

Сийланган сўз асли ҳикмат булоғи,

Ҳикматда очилсин кўнгил қулоғи.

Сўзига гар чимдим ҳикмат эш бўлса,

Битганда бозиллар Маҳмуд бармоғи.

ҚИЗАРИБ КЕТСАНГ

Йўлдан адашса ким орқага қайтар,

Сўздан адашганлар кимга дод айтар?

Дарди йўқ кимсани туртиб толасан,

Оғриқнинг оҳидан тўкилар байтлар.

Яшаш бу – бу яйрашдан иборат эмас,

Ҳаёт – ҳар лаҳзада тижорат эмас.

Дил билан Ўзига етиб бормасанг,

Пешона саждаси – ибодат эмас.

Иймонинг шайтондан тондириб турса,

Кўз ёшинг кафтингни ёндириб турса,

Дилинг ҳам, тилинг ҳам вобаста бўлса,

Жисмингда бор томиринг бирга оҳ урса.

Худони хушлабон тозариб кетсанг,

Тўкилсанг, тўкилсанг, озариб кетсанг.

Тонгда набирангнинг саломин олиб,

Қувонч қанотида қуёшга етсанг!

Ким йўлдан адашса, орқага қайтар,

Сўздан адашганлар кимга дод айтар?

Маҳмуд, дарди йўқни туртиб толасан,

Оғриқнинг оҳидан тўкилар байтлар.

ЎГИТ

Билган гапирмайди – билмаган сайрар,

Ҳам яна сўзига пичоғин қайрар,

Мен ўйлаб топмадим, бу қадим ҳикмат,

Аждодлар оҳидан келар бу қайдлар.

Қуръон – Ҳақ таоло кўнглининг қўри,

Бандасан, поклагай ҳар сўзин нури.

Билганни баридан маҳкам тут, болам,

Қалбингни бойитар дуосин дури.

Тийилсанг, энг аввал, бил, сўздан тийил,

Суқлик ҳам хорликдир, сен кўздан тийил.

Билсанг, билдирганнинг шукрини қилсанг,

Беҳиштда бошлангай сен учун сайил.

Заргарнинг закоси чеккан заҳматда,

Оқил андозаси илму ҳикматда.

Ундан ҳам, бундан ҳам ибрат ололсанг,

Бахтинг сийлагайдир сени албатта.

НИЯТДА НУР

Демагин, пул билан келдим дунёга,

Кўксимда гул билан келдим дунёга.

Вафосиз дунёдан вафо ахтариб,

Дил ичра дил билан келдим дунёга.

Келарда, кетарда ихтиёрим йўқ,

Ёлғизман, ёнимда бахтиёрим йўқ.

Яшарман ўзимдан ўзимни излаб,

Яратгандан ўзга зотга зорим йўқ.

Дилдошим суратдан жилмайиб боқар,

Кўз ёшим кўнглимнинг тубига оқар.

Интизор нигоҳим тиконлар тилиб,

Соғинч саҳросининг чаёни чақар.

Ва лекин ризодан айро тушмадим,

Қувонч қанотида кўкка учмадим.

Ниятда нур билан келдим дунёга,

Шу нурлар соҳиби Ҳақни хушладим.

БИЛГАНИМ

Ким қувончни қўш-қўллаб, қучоқ очиб кутмайди,

Ким қувончнинг болидан боларидек тотмайди.

Бу дунёда қувончи қувиб юрган одамнинг,

Қуёши кулиб чиқар, шомда бўзлаб ботмайди.

Вале дўстим қувончнинг меъёрида мурод бор,

Ҳаддин билган одамнинг ишларида кушод бор.

Қайғу – қувонч сояси, турмушнинг тоши эрур,

Имтиҳон – интиҳосиз, агар сенда сабот бор.

Одамзод орзусидан мудом ортда яшайди,

Шоҳман деб дона сурар, лекин мотда яшайди.

Совуннинг кўпигидек ўз жомига сиғмасдан,

Оқибат кир ўрада абад додда яшайди.

Мен кўнглимнинг тубидан дардимни сидирмадим,

Ё насиҳат назмига қофия қидирмадим.

Улуғлар уқтиргандек, тилимни тийдим, Маҳмуд,

Ва лекин сўз текканда туйғумни сўндирмадим.

ФЕВРАЛЬ

Қишнинг қабоғидан қаҳри томса ҳам,

Баҳор эпкинлари кирди дилимга.

Юлдузлар юзини булут ёпса ҳам,

Ниятим нур сочди юрган йўлимга.

Майсалар шивирлаб салом бердилар,

Бойчечак боғимда юзини очди.

Ирмоқлар ирғишлаб хандон урдилар,

Наздимда тошлар ҳам кўзини очди.

Ойнинг чеҳрасидан доғлари кетиб,

Сойларнинг сувига зулфини солди.

Яратган меҳрибон, буни ҳис этиб,

Қишнинг эшигига қулфини солди.

Бу қандай гўзаллик қиёс йўқ сира,

Сувратин сўз билан чизиб бўлмайди.

Баҳор оғушида олам бокира

Бир нафас кўнгилни узиб бўлмайди.

Ёлғонни қаро ер ямлаб ютгандек,

Ростнинг рухсорида кўклам жамоли.

Баҳор – тўрт фаслга ёғду тутгандек,

Баҳор – тўрт фаслнинг мангу аъмоли.

Шоирлар шеър битар такрор ва такрор,

Қалами юракнинг қонига ботар.

Лек нетай, мен ҳозир соғинган баҳор,

Оппоқ қор остида тушиб кўриб ётар.

ОЛТИН ОРОМИ

Олтин жилосида осмон моҳи бор,

Олтин жилосида олам чоҳи бор.

Бу дунёдан яшаб кетганлар айтар.

Олтин жилосида одам оҳи бор.

Олтин қаро ернинг кўзин ёшидир,

Гар ерга тил битса, сўзин ёшидир.

Олтин боқий бахтнинг тамал тошимас,

Ҳаддин билмаганга таъна тошидир.

Олтин – одамзоднинг буюк имкони,

Унингсиз юролмас дунё карвони.

Аждодлар оҳидан келган садо шу –

Олтин – бу оламнинг тилсиз сарбони.

***

Эзгулик эшигин очсин бу сарбон,

Маърифат нурини сочсин бу сарбон.

Бу олам тинчлигин тумори бўлсин,

Олтин оромида яшасин Инсон!

БИРЛИК ЙЎЛИ

Тилдан тилга очилган йўл дил биландир,

Дилдан дилга очилган йўл гул биландир,

Элдан элга очилган йўл тенглик билан,

Энг аввало, ниятдаги нур биландир.

Ҳеч ўйламанг, ким ошдига овоза бу,

Бобомерос оқибатдан андоза бу.

Борин баҳам кўрган элнинг аъмоли шу,

Хуш меҳмонга кенг очилган дарвоза бу.

Минг йилларки, тақдир бизни синаштирган,

Қўлни қўлга, йўлни йўлга туташтирган.

Қадри учун қалби қалқон туркийлармиз,

Фарзандларин бир бирига унаштирган.

Бир майизни қирқ бўлса ҳам қирчиллашган,

Оғир кунда ғам тошида ғирчиллашган.

Алпомишнинг авлодлари, шуйтиб айтсам,

Қадамлари ер юзида гурсиллашган.

Илм излаб бу дунёдан маъно топган,

Ҳикмат айтиб, дил дардига даво топган.

Боболарин кўзлагани эзгу амал,

Бухорийлар номи билан дуо топган.

Бизлар шундай дилдан дилга йўл топганмиз,

Бирлик учун, тинчлик учун тил топганмиз.

Аждодлардан авлодларга мерос битта –

Мозори бир, бозори бир эл топганмиз.

БОЛАЛИККА ҚАЙТИШ

Болаликнинг бозори – кўча,

Болаликнинг озори – кўча.

Изларимда бўзлар бир бола,

Болаликнинг дил зори – кўча.

Орзуларим сочилиб кетган,

Армонларим очилиб кетган.

Болаликнинг кўчаларида,

Бормиди бир додимга етган?!

Отасидан эрта айрилган,

Етимликда қадди қайрилган.

Болаликнинг заҳматларидан

Оққан ёшда юзи чайилган.

Рўзғор ғори берганда садо,

Онаизор чекарди жафо.

Болаликда англагани шу –

Одам хору, ош-нон авлиё.

Ўйламанг ҳеч абад хор бўлди,

Меҳнат қилди, мардикор бўлди.

Болаликнинг бахтидан кечиб,

Онасига мададкор бўлди.

Болаликнинг бозори – кўча,

Болаликнинг озори – кўча.

Изларимда бўзлар бир бола,

Болаликнинг дил зори – кўча.

Аммо бугун боқсанг қай кўзга,

Замон ўзга, болалик ўзга.

Болаликнинг бахтиёрлиги,

Бетимсолдир сиғмайди сўзга.

Набиралар новвотларимдир,

Тилда болим – баётларимдир.

Кексайганда болалигимни,

Қайтиб берган зурриётларимдир.

СЎНМАС ИЛҲОМ

Кўзларга сиғмаган кенгликни кўрдим,

Мен сенда бетимсол тенгликни кўрдим.

О, она табиат, онажонгинам,

Бағрингда бир тиниқ хаёллар сурдим.

Майсалар тилида сўйлагим келди,

Ногоҳ тоғларингга бўйлагим келди.

Зилол сувларингда кўнглим оқизиб,

Мен жисму жонимни ийлагим келди.

На осмон, на ерда ғубор кўрмадим,

Бу каби покликни такрор кўрмадим.

Тангри қудратига салламно бўлсин,

Бандаликдан ўзга иқрор кўрмадим.

Қушларга қўшилиб куйлагим келди,

Булбуллар тўйида тўйлагим келди.

О, она табиат, онажонгинам,

Мен сени онамдек сийлагим келди.

Арчалар атридан кўп сармаст бўлдим,

Шунча оловландим, мисли шамс бўлдим.

Қумри қанотида бир қалам тутди,

Шоирман, юз чандон шеърпараст бўлдим.

Онамсан, болангман, элангим келди,

Бағринг бешигига белангим келди.

Онадан тилашнинг айби йўқ эмиш,

Сендан сўнмас илҳом тилангим келди.

ҲИЖРОН ХИТОБИ

Ойдин тунлар ой юзидан,

Доғин териб бедорман.

Мен ҳижроннинг хитобидан,

Бечораман, беморман.

Соғинч солди саҳросига,

Саксовулдек қурқшадим.

Дийдор қолиб қиёматга,

Ярадир ичу ташим.

Онаси деб чеккан оҳим,

Кўзимдан юмалайди.

Дафтаримга томган дардлар,

Сўзимдан юмалайди.

Етмиш ёшда етимдекман,

Дунёсига сиғмайман.

Бир кимсага кўрсатмайин,

Ўз-ўзимга йиғлайман.

Гулчеҳрамнинг ҳар бир сўзи,

Мен учун гулоб экан.

Оиламиз осмонида,

Онаси моҳтоб экан.

Ҳасбиаллоҳ – Ҳақнинг ҳукми,

Келмак-кетмак дунё бу.

“Инналиллаҳ”, дейман яна,

Ҳаққа етмак дунё бу.

Охиратин обод қил, деб

Ўзидан сўрагайман.

Не қилай, мен ожиз банда

Бир шунга ярагайман.

КОРРУПЦИЯ

(Ҳазил)

Кунлар келар ойни етаклаб,

Ойлар ўтар йилни етаклаб.

Биз-чи, ою йиллар пойига,

Орзуларни тўкдик этаклаб.

Бу орзулар армон боласи,

Йўқ-йўқ, улар армон ноласи.

Ушалмаган орзуларнинг, оҳ,

Оқиб ётар кўздан жоласи.

Бир кам дунё минг камлик қилар,

Минг кам дунё ҳакамлик қилар.

Камбағални туя устида,

Итлар қопиб, ситамлик қилар.

Дард чекмайди танаси бошқа,

Дард чекканнинг таънаси бошқа.

Пашша тушса, алам қиларкан,

Аранг топган бир коса ошга.

Мен бир шоир ҳукмдан йироқ,

Тутганим шу – сўздаги чироқ.

Пул топсангиз, шошиб қолманг ҳеч,

Қаллоблардан юринг сал йироқ.

ҚЎЛДАН БЕРСАНГ …

Ҳақ таоло бу дунёда,

Ҳар жонзотга ризқ беради.

Ким сал камроқ, ким зиёда,

Насиб этганин теради.

Бордир аммо қадим ҳикмат,

Қўлдан берсанг, қуш ҳам тўймас.

Лек берганин Ҳақ ҳам, албат,

Уясига ташлаб қўймас.

Хулоса ҳам шаксиз аён,

Ҳаракатда баракот бор.

Интилгандан, бил, бегумон,

Ризо бўлгай Парвардигор.

ЯХШИЛАР

Ой юзида, тўғри, доғи бор,

Вале нури тунни ёритар.

Майли, бўлсин ўзи хокисор,

Нурли одам дардинг аритар.

Албат, инсон турли ва турли,

Яхшиларнинг ёди ҳам нурли.

Айрилганда, йўқлаб йиғласанг,

Яхшиларнинг доди ҳам нурли.

КУТАР САНИ

Бефарқдирсан, ғаминг бисёр,

Танбалдирсан, каминг бисёр.

Унутмагин, охиратда

Кўздан оққан наминг бисёр.

Елдек ўтган кунлари қани,

Ғафлат босган тунлар қани?

Улар ҳаёт, кўп интизор,

Сўроқ учун кутар сани.

ЮРАГИНГИЗ ЮЗЛАРИДА

Келинг, қўлни-қўлга беринг,

Кейин дилни-дилга беринг.

Муҳаббатнинг боғларидан,

Қўшқўллабон гуллар теринг.

Юрагингиз юзларида,

Кўнглингизнинг кўзларида,

Дийдор нури жилвалансин,

Умрингизнинг изларида.

Садоқатда сийланганлар,

Ишқ оҳида ийланганлар.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации