Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Автор книги: Аристотель


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +

САНЪАТ ВА АДАБ НАЗАРИЯСИНИНГ ИЛК ДУРДОНАЛАРИ

Арастунинг «Поэтика» («Нафис санъатлар ҳақида») китоби жаҳонда юзага келган энг биринчи адабиёт назариясидир. Бу асар ўз давригача шу соҳада қилинган ишларнинг энг мукаммали ҳисобланади. Арасту барча санъат турларини поэзия деб атаган; поэзиянинг драма, эпос, лирика каби турлари ва уларнинг кўринишларини тушунтирган. Унингча, поэзия асосида ҳаёт туради; шоир бўлиб ўтган, бўлаётган ва бўлиши мумкин бўлган ҳодисаларни акс эттиради. Шоир ҳодисаларнинг ўхшашини ижод этади ёки ҳодисаларни қайтадан гавдалантиради. Арасту поэтик санъатнинг ижтимоий-маърифий моҳиятини тўғри англади. У поэзия санъатининг эстетик-эмоционал кучини қадрлади.

Эстетик қарашлар кейинчалик мислсиз ўсди. Шунинг учун Арасту «Поэтика»сидан адабиётшуносликка оид бўлган ҳозирги замон қарашларининг ҳаммасини ҳам қидиравериш тўғри эмас.

Ҳозир турли жанрларда ёзилган асарларнинг ўзига хос хусусиятларини ҳам, тузилишини ҳам, тор маънода, «Поэтика» деб аталмоқда. Аслида поэтика адабиёт назарияси дарсликларининг бир қисми, боби ёки масаласи эмас. Ҳозир «Поэтика» сўзи ўрнига «адабиёт назарияси» термини қўлланилаётир, поэтика, кенг маънода, нафис санъатлар назарияси демакдир.

«Поэтика» IX асрда сурёний тилига, 930-йилга яқин сурёний тилидан араб тилига таржима қилинган эди.

Абу Наср Муҳаммад ал-Форобий (873–950) Арасту «Поэтика»си таъсирида «Шоирлар санъати қонунлари ҳақида рисола» асарини ёзди. Бундан ташқари, Форобийнинг «Поэтика»га ёзган шарҳлари ҳам уни тушунишда қимматли аҳамиятга эга.

Арасту «Поэтика»си XII асрда Ибн Рушд (Аверроэс) томонидан араб тилида баён қилинган эди. Айрим таниқли форс-тожик ва ўзбек классик шоирлари ал-Форобий рисоласи билан, шунингдек, Арасту «Поэтика»сининг арабча таржимаси билан таниш бўлишлари мумкин. Буни Алишер Навоийнинг «Хамса» ва бошқа асарларидаги поэтика, қофия, шеърий нутқнинг оҳангдорлиги, таъсир кучи, ўлчовдорлигига доир бўлган мулоҳазаларидан ҳам сезса бўлади. «Поэтика»ни 1256 йилда Ибн Рушд баёнидаги арабча таржимадан Г. Аллеман лотин тилига, 1508 йилда венециялик Г.Валла юнончадан лотин тилига таржима қилиб, нашр этдилар. Арастунинг «Поэтика» асарини рус тилига турли вақтларда В.К.Тредиаковский, С.П.Шевырев, Б.И.Ординский, В.Г.Аппельрот, М.Л.Гаспаров ва бошқалар таржима қилганлар. Г.Э.Лессинг ва И. Хердер Арасту «Поэтика»сига юксак баҳолайдилар.

«Поэтика»нинг рус тилидаги намуналари ичида В.Г.Аппельротнинг 1893 йили қилган таржимаси ўз аниқлиги билан машҳурдир. Москвадаги ГИХЛ нашриёти 1957 йили бу таржимани эълон қилди. 1978 йилда Москвадаги «Наука» нашриёти томонидан асар М.Л.Гаспаров таржимасида қайта нашр этилди. Антик дунёнинг буюк олими Арастунинг эрамизгача 336–332 йилларда ёзган бу ажойиб китоби В.Г.Аппельрот ҳамда М.Л.Гаспаров таржималари асосида рус тилидан ўзбек тилига таржима қилинди. Изоҳларни Ф.А.Петровский, Т.А.Миллер, М.Л.Гаспаров, М.М.Маҳмудовлар тузган. Оддий қавслар матн мазмунига тегишли, бурчакли қавслар илгари «Поэтика» текстидан тушиб қолган деб тахмин қилинган тўлдиришларни ўз ичига олади, квадрат қавслар русча таржиманинг равшан бўлиши учун таржимон томонидан киритилган сўзларни англатади. Қадимги юнончадан рус тилига қилинган кейинги таржима муаллифи М.Л.Гаспаров асарнинг тушунилишини осонлаштириш мақсадида бўлимлар ва бобларга шартли ном қўйган. Ўзбекча таржима муаллифлари ҳам ана шу номлардан фойдаланишган.

Арастунинг Шарқ мутафаккирлари, хусусан Форобий ижодига таъсири ҳақида қимматли маълумотлар берган устоз шарқшунос Абдусодиқ Ирисовни миннатдорчилик билан эслаймиз.

ПОЭТИКА

I
АСАР МАЗМУНИ

Биз умуман, поэтик санъат тўғрисида, шунингдек, унинг алоҳида кўринишлари ва улардан ҳар бирининг имкониятлари, поэтик асарнинг яхши чиқиши учун фабула қандай тартибда тузилиши зарурлиги тўғрисида сўзлаймиз11
  «Поэтика»нинг барча бобларига сарлавҳалар атоқли арастушунос ва таржимон М.Л. Гаспаров томонидан қўйилган. В.Г. Аппельрот таржимасида бу сарлавҳалар йўқ.


[Закрыть]
. Бундан ташқари, асарнинг нечта ва қандай қисмлардан иборат бўлиши, шу билан бирга, бу тадқиқотга тегишли бўлган ҳамма бошқа масалаларга тўхталиб ўтамиз. Табиийки, ўз сўзимизни бошланғич масаладан бошлаймиз.

ПОЭЗИЯ ЎХШАТИШ САНЪАТИ

Эпос ва трагедия, шунингдек, комедия ва дифирамба ижод этиш, авлетика ва кифаристиканинг катта қисми – бу ҳаммаси, умуман айтганда, ўхшатиш (мимесис) санъатидан ўзга нарса эмас; улар ўзаро уч жиҳатдан: (1) тасвирлашнинг турли воситалари билан; (2) НИМА тасвирланаётгани билан; (3) ранг-баранг, ўхшатиш усуллари билан фарқланади.

ТАСВИРЛАШНИНГ ТУРЛИ ВОСИТАЛАРИ

Баъзи кишилар маҳорат, баъзилар малака сабабли, яна баъзилар туғма истеъдодлари туфайли бўёқлар ва шакллар ёрдамида кўп нарсаларнинг тасвирини – ўхшашини тасвирлайдилар. Ҳозиргина эслаб ўтилган санъатларнинг ҳаммасида ҳам алоҳида ё ритм, ё сўз ва ёхуд гармония ёрдамида, ёки шуларнинг ҳаммаси уйғунлигида тасвирлайдилар. Авлетика ва кифаристика ҳамда мусиқа санъатининг бошқа хиллари фақат гармония ва ритмдан фойдаланади. Масалан, сурнай чалиш санъати, рақс санъатида хусусан гармониясиз, ритм ёрдами билан ўхшатадилар, чунки улар айни ифодали ритмик ҳаракатлар орқали характерлар, эҳтирослар ва воқеаларни қайта гавдалантирадилар. Бироқ вазнли сўз ёрдамида, шунингдек, бир неча вазнни аралаштириб ё улардан биронтасини қўллаш йўли билан юзага келувчи, ёхуд яланғоч (вазнсиз) сўз воситасида тасвирлаш санъати ҳозиргача (таърифланмай) қолаётир . Биров триметр, элегик ёки бошқа шунга монанд шеър турлари ёрдамида тасвирлайди. Шундай экан, биз Софрон ва Ксенарх мимларига ҳам, Суқротона суҳбатларга ҳам умумий ном бера олмаймиз. Фақат «ижод» тушунчасини вазн билан боғловчи кишиларгина ҳаётни қайта гавдалантириш моҳияти туфайли эмас, умуман, вазн туфайли (уларнинг ҳаммасини) шоирлар деб улуғлаб, баъзи бирларини элегиклар, бошқаларини эпиклар деб атайдилар. Мабодо, медицина ёки физикага оид қандайдир рисолани вазнга туширган ҳолда нашр этсалар, муаллифни одатда шоир деб атайдилар. Бу ўринда Ҳомер ва Эмпедокл22
  Эмпедокл – мил.авв. V асрда яшаган, «Табиат ҳақида» поэмасининг муаллифи, Арасту бошқа бир ўринда уни «энг Ҳомерона» шоир дейди. Аммо, шунга қарамай, «акс эттириш предметига кўра» у шоир эмас, олимдир.


[Закрыть]
билан вазндаги яқинликдан бошқа ҳеч қандай умумийлик йўқ, шу боисдан ҳар иккисини шоир дейишдан кўра, биринчисини шоир, иккинчисини табиатшунос деб аташ адолатлидир. Шу билан баробар, Ҳеремон33
  Ҳеремон – мил.авв. IV асрда яшаган, драма ижодкори.


[Закрыть]
«Кентавр»да барча вазнларни аралаш ҳолда қўллаб, рапсодияларни барча ритмик ўлчовлардан яратгани сингари кимдир ҳамма вазнларни қўшган ҳолда ишлатиб, асар ёзиб чиқарса, (уни) ҳам шоир деб аташга тўғри келади. Бу масала хусусида шу айтилганлар етарли бўлар.

Бироқ баъзи бир санъатлар борки, улар ҳамма айтилганлардан, яъни ритм, оҳанг ва вазндан фойдаланади, масалан, дифирамбик поэзия, комлар, трагедия ва комедия шулар жумласидандир. Булар шу билан фарқланадики, уларнинг баъзилари мазкур воситалардан бирданига, бошқалари эса айрим қисмларидангина фойдаланади, холос. Мен санъатлар ўртасидаги тасвирлаш воситаларига тааллуқли бўлган фарқларни шундай тушунаман.

II
ТАСВИРЛАНМИШ ҲАЁТНИНГ ХИЛМА-ХИЛЛИГИ

Санъаткорлар муайян шахсларни тасвирлайдилар, улар эса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин. (Негаки, шахсларнинг қандайлиги шу билан белгиланади, зеро, ҳамма одамлар характерларидаги иллатлари ёки фазилатлари жиҳатидан фарқланадилар). Улар биздан яхшироқ ёки биздан ёмонроқ, ёки ҳатто биздек бўладилар. (Худди рассомлардагидек. Полигнот, масалан, энг яхши одамларни, Павсон – ёмонларни, Дионисий эса бизга ўхшаш кишиларни тасвирлайди.44
  Машҳур Полигнот ва колофонлик Дионисий Юнон – Эрон урушлари даври (мил.авв. VI аср)да яшаган. Карикатурачи Павсон сал кейинроқ, Аристофан даврида ўтган.


[Закрыть]
) Чамаси, юқорида айтилган тасвирий усулларнинг ҳар бири ҳам ана шундай тафовутларга эга бўлади. Демак, хилма-хил предметларнинг тасвири ҳам ҳар хил бўлади. Чунки шунга ўхшаш фарқланувчи хусусиятлар рақсда ҳам, авлетикада, сурнай, кифара чалишда, наср ва оддий шеърда ҳам бўлиши мумкин. Ҳомер – энг яхшиларни, Клеофонт – оддий одамларни кўрсатади.55
  Клеофонт – кейинроқ тубан поэзия вакили сифатида тилга олинади. Гегемон (V аср охири) ва Никохар (IV аср) комедиографлар.


[Закрыть]
Пародияларнинг биринчи ижодчиси фасослик Гегемон ёки «Делиада»нинг муаллифи Никохар ёмон одамларни гавдалантирган. Худди шу хусусият дифирамблар ва комларга ҳам оиддир. Аргант ёки Тимофей ва Филоксен «Киклоплар»да қандай қаҳрамонларни яратган бўлса, дифирамба ва комларда ҳам шундайларни яратиш мумкин66
  Тимофей ва Филоксен – IV аср хор лирикасида янги услубнинг энг йирик вакиллари. Улар тубан нарсалар тасвири билан ҳайратлантиришган (Филоксеннинг машҳур одасида бир кўзли дев Полифемнинг севгиси кўрсатилади).


[Закрыть]
. Трагедия ва комедия орасида ҳам худди шундай тафовут мавжуд: комедия ҳозирги вақтда яшаётганлардан кўра ёмонроқ, трагедия эса, яхшироқ кишиларни тасвир этишга интилади.

III
ТАСВИРЛАШНИНГ ТУРЛИ УСУЛЛАРИ

Бу соҳада асарлар яна тасвирлаш усуллари жиҳатидан ҳам бир-биридан фарқланади. Зотан бир хил нарсани бир хил восита билан тасвирлаган ҳолда ё муаллиф воқеаларга аралашмай ҳикоя қилиши, ёки ўзини худди Ҳомердай тутиши мумкин. Ёки бутун ҳикоя давомида муаллиф ўзлигича қолиши, ёхуд барча акс эттирилувчи шахсларни гавдалантириши мумкин77
  Бу ерда: а) қаҳрамонлар нутқи бериладиган эпос; б) дифирамба; в) драма санаб кўрсатилмоқда.


[Закрыть]
.

Нима билан (қайси жанрда), нимани ва қандай акс эттириш усулидаги уч хил тафовут ана шулардан иборат.

Шундай қилиб, Софокл акс эттиришда бир жиҳатдан Ҳомерга ўхшаш бўлса (чунки уларнинг ҳар иккиси ҳам яхши одамларни тасвирлайди), бошқа жиҳатдан эса Аристофанга яқин, зеро, уларнинг иккови ҳам одамларни ҳаракатда, шу билан бирга, драматик ҳаракатда кўрсатади. Шунинг учун ҳам баъзилар драманинг ўзи ҳам ҳаракат, чунки у ҳаракат қилувчи шахсларни акс эттиради дейишади. Шу сабабга кўра доридаликлар трагедия ва комедияни ўзларида келиб чиққанлиги ҳақидаги даъволарини баён қилмоқдалар; мегараликлар88
  Мегара – Афина яқинидаги дорийлар шаҳри. Сицилия Мегараси шу Мегаранинг Сиракуза яқинидаги мустамлакаси. Эпихарм мил. авв. 550-445 йилларда яшаган: афиналик илк комедиянавислар Хионид ва Магнет 488 ва 472 йилларда ижод этишган.


[Закрыть]
, хусусан, тубжой кишилар сифатида комедиянинг гўё уларда демократия ўрнатилган вақтда келиб чиққанлигини даъво қилишмоқда, сицилияликлар ҳам Хионид ва Магнетдан хийла олдинроқ яшаган шоир Эпихарм ўзларидан бўлгани учун шундай даъво билан чиқмоқдалар. Пелопоннеслик дорийлар ҳам трагедияга оид даъволарини айтмоқдалар. Улар буни атамалар билан исбот қилишга уринмоқдалар. Уларнинг сўзларига қараганда комедия сўзи шаҳар атрофидаги қишлоқлар – комлар (афиналиклар демлар дегандай) сўзидан келиб чиққан; зеро, қизиқчилар – комедиантлар сўзи комадзейн (базм қилмоқ) феълидан эмас, балки шаҳарликлар томонидан қадр-қиммат қилинмаганларнинг комлар (қишлоқлар) бўйлаб дарбадар кезишидан келиб чиққан99
  Афинада «комлар» деб қишлоқларни эмас, аксинча, шаҳар маҳаллаларини айтишган.


[Закрыть]
; шунингдек, «ҳаракат қилмоқ» тушунчаси ҳам уларда дран, афиналикларда эса праттейн сўзи билан ифодаланади. Шундай қилиб, акс эттиришдаги тафовутлар қанча ва қандай бўлиши тўғрисида етарли сўзланди.

IV
ПОЭЗИЯНИНГ ТАБИИЙ ПАЙДО БЎЛИШИ

Поэтик санъатнинг келиб чиқишига очиқ-ойдин иккита сабаб бўлиб, иккаласи ҳам табиийдир. Биринчидан, тақлид, ўхшатиш инсонга болаликдан хос бўлган хусусият. Инсон бошқа жонли мавжудотлардан ўхшатиш қобилиятига эга эканлиги билан ҳам фарқланади, ҳатто дастлабки билимларни у ўхшатишдан олади ва бу жараён самаралари барчага ҳузур бағишлайди. Буни қуйидаги далил ҳам исботлайди: биз ҳақиқатда ёқимсиз кўринган нарсаларга, масалан, жирканч жонивор ва мурдалар тасвирига завқ билан боқамиз. Бунинг сабаби шундаки, билим олиш фақат файласуфларгагина эмас, балки бошқа кишиларга ҳам жуда ёқади, фарқ шундаки, оддий одамлар билиш учун томоша қилмайдилар. Улар тасвирга завқланиб қарайдилар, чунки унга боқиб «манави нарса бундай экан», деб мулоҳаза юритишни ўрганадилар. Агар ўхшаши тасвирланган нарсани аввал кўрмаган бўлса, ўхшатишдан эмас, балки бичим, бўёқ ёки шунга ўхшаш бошқа бир нарсадан завқ туядилар.

Зероки, ўхшатиш гармония ва ритм сингари қадимданоқ одамларнинг табиатига хос хусусиятдир1010
  Ўхшатиш, акс эттириш табиийлиги ҳар қандай санъатнинг манбаи, гармония ва ритм табиийлиги – поэзия санъатининг манбаи.


[Закрыть]
(вазнлар – ритмнинг махсус тури эканлиги сир эмас), одамлар қадимданоқ табиатан ўхшатишга қобилиятлидирларки, улар буни оз-оздан тараққий эттира бориб, бадиҳа шеърлар (импровизация)дан ҳақиқий поэзияни юзага келтирганлар.

ПОЭЗИЯНИНГ ТАРАҚҚИЁТИ ВА БЎЛИНИШИ

Поэзия шоирларнинг шахсий характерига мувофиқ икки турга бўлинади: чунончи, жиддийроқ шоирлар гўзал қилиқлар ва унга монанд кишиларни тасвир этадилар. Худди олдингилари гимн ва мадҳ қўшиқлар яратганидек, кейингилари дастлаб ҳажвий қўшиқлар тўқийдилар. Шоирлар Ҳомергача ҳам кўп бўлган бўлса-да, биз Ҳомернинг «Маргит»и ва шу хилдаги асарларига монанд бирон асарни таъкидлай олмаймиз. Мана шу шеърларда энг қулай ямб ўлчови пайдо бўлдики, у ҳозиргача ямбик (истеҳзоли) вазн, деб аталади, чунки унинг воситасида кишилар бир-бирларига истеҳзо қилганлар. Натижада қадимги шоирларнинг баъзилари қаҳрамонлик вазни ва баъзилари ямбларнинг ижодкорлари бўлиб қолдилар.

Ҳомер поэзиянинг мураккаб турида ҳам шу қадар буюк эдики, у мукаммал шеър ижод қилибгина қолмай, балки драматик тасвирларни ҳам ярата олди1111
  Драматик тасвирлар – яъни драма сюжетидаги кескин ўзгариш, тўсатдан билиш ва бошқа унсурлардан иборат тасвирлар.


[Закрыть]
. У масхаралашга эмас, кулгили нарсага драматик пардоз бериб, биринчи марта комедиянинг асосий шаклларини ҳам бунёд қилди, бинобарин, «Илиада» ва «Одиссея» трагедияга қанчалик тааллуқли бўлса, унинг «Маргит»и комедияга шунчалик монанддир. Трагедия ва комедиялар вужудга келганида эса, табиатан поэзиянинг шу турларига мойил бўлган ямбчилар энди комик шоирлар, эпиклар эса трагиклар бўлиб қолдилар, чунки мазкур шакллар аввалгиларига нисбатан аҳамиятлироқ ва муносиброқ эди.

ТРАГЕДИЯНИНГ КАМОЛОТИ

Трагедия ўзининг ҳамма кўринишларида, ўз ҳолича ва театр томошаси сифатида етарли тараққиётга эришдими ёки йўқми, ҳозир бу ҳақда тўхтаб ўтиришнинг ўрни эмас1212
  Ўз ҳолича – ривоят, характер, нутқ ва фикрда ўз ҳолича, мусиқа ва саҳна безагида – театр томошаси сифатида.


[Закрыть]
. Илк пайтларда бадиҳагўйлик (импровизация) йўли билан – дифирамбани бошлаб бериш ва ҳозир ҳам кўп шаҳарларда яна қўлланилаётган фалл қўшиқларни бошлаб беришдан келиб чиққан трагедия ва комедия хос хусусиятларини аста-секин ривожлантириш йўли билан бир оз ўсди.1313
  Арасту хор қўшиқлари орасида куйловчи бошловчиларни биринчи актёрлар деб ҳисоблайди.


[Закрыть]
Хуллас, трагедия кўп ўзгаришларни кечиргач, ўзига хос табиий хусусиятларини кашф этган ҳолда етилиб қолди. Актёрлар иштироки масаласига келганда, Эсхил битта актёр ўрнига иккита киритди, хор қисмини озайтирди ва диалогни биринчи ўринга қўйди, Софокл эса актёрларни учтага етказди ва декорациялар киритди. Камолот масаласига келганда шуни айтиш керакки, кичик афсоналар ва кулгили ифода усулидан бошланиб, сатирик томошалар йўлини босиб ўтган трагедия аллақачон ўзининг улуғворлик босқичига эришди; унинг вазни ҳам (трохаик) тетраметрдан ямбга айланди (дастлаб тетраметрдан фойдаланилган вақтларда, поэзия асарлари сатирик руҳда ва кўпроқ рақсга мойил эди, диалог тез ривожлангандан сўнг эса, бу хусусият унга мувофиқ келувчи вазнни кашф этди, чунки ямб ҳамма вазнлар ичида жонли сўзлашув тилига энг яқин бўлиб қолди. Биз бир-биримиз билан қилган суҳбатда жуда кўп вақт ямб билан сўзлашишимиз бунинг исботидир, гекзаметр эса баъзан нутқ уйғунлиги бузилгандагина жуда сийрак учрайдиган ҳодисадир). Ниҳоят, қўшимча қисмларнинг кўплиги ва трагедияга зарур бўлган бошқа махсус безаклар ҳақида, биз юқорида айтилганлар билан чекланамиз, чунки ҳаммасини батафсил тушунтириш ҳаддан ташқари мушкулдир.

V
КОМЕДИЯНИНГ МОҲИЯТИ ВА ТАКОМИЛЛАШУВИ

Комедия эса, таъкидлаганимиздек, ёмон кишиларни бутунлай бадном қилиш маъносида бўлмаса-да, гавдалантиришдир, зеро, кулгили ҳолат хунукликнинг бир қисми, холос. Аслида, кулгили нарса – бу ҳеч кимнинг дилини оғритмайдиган ва ҳеч кимга зарар келтирмайдиган баъзи бир нуқсон ва мажруҳликдир1414
  «Хато» – хатти-ҳаракатда, «мажруҳлик» – характерда. Нуқсон трагедия асосида ҳам бор, лекин у ерда «дардли» ва «зарарли».


[Закрыть]
. Мисол излаб узоққа бормаслик учун шуни айтиш керакки, кулгили ниқоб азоб – (ифодаси) сиз, хунуклик ва айниганликни тасвирлашдир.

Шундай қилиб, трагедия соҳасидаги ўзгаришлар ва уларнинг айбдорлари бизга аён, комедиядаги ўзгаришлар эса бизга номаълум, чунки унга бошданоқ эътибор бермаганлар; ҳатто комиклар учун хорни эндигина архонт театри нисбатан кечикиб бера бошлади, дастлаб у ҳаваскорлардан ташкил топган эди1515
  Трагедияда хор VI аср охиридан, комедияда – 465 йилдан давлат ҳисобига ўтган. Бинобарин, Хионид ва Магнет у вақтда ҳаваскорлар орасида ижро этишган.


[Закрыть]
. У муайян шаклга эга бўлгандан кейин эса, унинг ижодкорларининг номлари эслана бошланди. Аммо ниқобни, прологни ким киритган, актёрлар миқдорини ким орттирган ва бошқа қатор масалалар номаълум бўлиб қолмоқда. Кулгили ривоятларни Эпихарм ва Формий ёза бошладилар. Бу кашфиёт даставвал Грецияга Сицилиядан ўтди, бироқ Афина комикларидан Кратет биринчи бўлиб ямб билан шеър ёзишни ташлаб, нутқ (диалог) ва умумий руҳдаги ривоятларни ярата бошлади.1616
  Эпихарм ва унинг издоши Формий илк марта «коҳиш» қўшиқларидан «кулгили» қўшиқларга ўтган шоирлар саналади. Кратет ҳам Аттика комедиясида шундай қилган.


[Закрыть]

ТРАГЕДИЯНИНГ ЭПОСДАН ФАРҚИ

Эпопея муҳим воқеалар (шахслар ва хаттиҳаракатлар)ни акс эттиришга интилиб, дабдабали вазндан ташқари барча соҳаларда трагедияга эргашди. Эпопея трагедиядан вазннинг бир хиллиги ва баён услуби билан, шунингдек, ҳажми билан фарқланар эди. Зеро, трагедия иложи борича бир кунлик (ёки ундан сал ошиқроқ) вақт доирасига жойлашишга интилади, эпопея эса вақт жиҳатдан чекланмаган, асосий фарқ мана шунда; дарвоқе, дастлаб бу хусусият трагедия ва эпосларда бир хил эди. Трагедиянинг баъзи қисмлари эпопеяга муштарак, баъзи қисмлари эса фақат ўзига хос хусусиятларга эга. Шунинг учун яхши билан ёмон трагедияни фарқлай оладиган кимса эпосларнинг яхши-ёмонини ҳам ажрата олади. Чунки эпопеяда нима бўлса, у трагедияда ҳам мавжуд, аммо трагедияда нима бўлса, ҳаммаси ҳам эпопеяда мавжуд бўлавермайди.

VI
ТРАГЕДИЯ. УНИНГ МОҲИЯТИ

Гексаметрларда тасвирлаш санъати ва комедия ҳақида кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса юқорида айтилганлардан муайян моҳияти англашилувчи трагедия ҳақида мулоҳазалар юритамиз. (Мана бу таъриф:) Трагедия муайян ҳажмли, турли қисмлари турлича сайқалланган тил ёрдамида, баён воситасида эмас, балки хатти-ҳаракат орқали кўрсатиладиган ва изтироб билан инсон руҳини покловчи муҳим ва тугал воқеа тасвиридир.

«Сайқалланган тил» деганда мен ритм, гармония ва мусиқийликка эга бўлган тилни назарда тутаман. «Турли қисмлари турлича сайқалланган» деганда эса, баъзи қисмлари фақат вазн билан, бошқа қисмлари ҳам вазн, ҳам мусиқийлик билан безалган нутқ англашилади.

ТРАГЕДИЯ. УНИНГ УНСУРЛАРИ

Тасвирлаш ҳаракат орқали ифодалангани учун зарурийлик нуқтаи назаридан трагедиянинг биринчи унсури (ёки қисми) манзара, кўриниш орасталиги бўлади, ундан кейин иккинчиси мусиқа қисми ва учинчиси тилдир. Фақат ана шу воситалар орқалигина акс эттириш содир бўлади. Тил деганда мен асарнинг вазн қурилишини кўзда тутаман. Мусиқа қисми нимани англатиши эса изоҳсиз ҳам равшандир.

Шундай қилиб, трагедия қилмиш тасвири бўлиб, у эса муайян характер ва фикрлаш тарзига эга бўлган қаҳрамонлар томонидан амалга оширилади. (Худди шунга мувофиқ биз уларни қандайдир қилмишлар деб атаймиз). Табиийки, бундан хатти-ҳа ракатнинг икки сабаби – характер (трагедиянинг тўртинчи унсури) ва фикр – ғоя (бешинчи унсури) келиб чиқади. Ана шу фикр ва характерга мувофиқ фаол шахслар муваффақиятга ёки муваффақиятсизликка учрайди.

Қилмиш тасвирининг ўзи эса (олтинчи унсур) фабула – воқеадир. Аслида ривоят (мифос) деб мен воқеалар оқимини, характер деб эса, биз ундай ёки бундай (феъл-атворни) деб атайдиган иштирок этувчи шахсларни назарда тутаман. Фикр (ғоя) деганда иштирок этувчиларнинг ниманидир исбот қилишлари ёки ўзига хос мулоҳаза(ҳукм)лари англашилади.1717
  Арасту асаридаги «ривоят», «миф» лотинча таржимада «фабула» деб олинди ва адабиётшуносликда кенг оммалашиб кетди.


[Закрыть]

Шундай қилиб, ҳар қандай трагедияда олти унсур мавжуд бўлиши керак. Шунга мувофиқ трагедия ундай ёки бундай бўлади. Булар – фабула, характерлар, тил, фикр – ғоя, томоша ва мусиқа қисмлари. Бу қисмлардан иккитаси (тил ва мусиқа) тасвирлаш воситаларига, биттаси (томоша) – тасвирлаш усулига, учтаси (ривоят, характерлар, ғоя) тасвирлаш воситасига киради.

ФАБУЛА ВА УНИНГ МУҲИМЛИГИ

Бироқ бу қисмлардан энг муҳими – воқеалар оқимидир. Чунки аслида трагедия, кишиларни тасвирлаш эмас, балки ҳаракат ва ҳаёт, бахтлилик ва бахтсизликни тасвирлашдир, бахт ва бахтсизлик эса, доимо инсон (характери) ва қилмишидан бўлади1818
  «Бахт хатти-ҳаракат туфайли келади» – Арастунинг «Никомах ахлоқи» асаридаги фикр.


[Закрыть]
. Трагедияда акс эттиришнинг мақсади ҳам қандайдир фазилатни эмас, бирор воқеани талқин этишдир. Характер кишиларга фазилат бахш этади, фақат бирор воқеа оқибатидагина улар бахтли ва бахтсиз бўлишлари мумкин.1919
  Ҳамдардлик ва қўрқинч уйғотиб, дилни мафтун қилади. «Энг янги», Эврипиддан кейинги давр шоирлари, чамаси, анъанавий ривоятлардаги бир хилликдан қутулиш учун сюжетларни ишлашга алоҳида эътибор беришган бўлса керак.


[Закрыть]
Трагедияда ҳаракат фақат характерларни тасвирлаш учунгина амалга оширилмайди, улар (характерлар) хатти-ҳаракат орқали кўрсатилади, холос. Шундай қилиб, трагедиянинг асосий мақсадини фабула, воқеа ташкил этади, мақсад эса ҳаммасидан муҳимдир. Бундан ташқари, трагедия воқеасиз яшай олмайди, характерларсиз эса яшай олиши мумкин. Масалан, янги трагедияларнинг кўпчилигида характерлар тасвирланмайди. Умуман рассомлардан Зевксид ва Полигнот бир-биридан қандай тафовут қилса, кўпчилик шоирлар ҳам ўзаро шундай фарқланадилар. Полигнот ҳақиқатан ҳам характерларни аъло даражада чизгувчи эди. Зевксид асарларида эса характерлар умуман учрамайди2020
  Чамаси, Зевксид идеал гўзалликка эришмоқ учун характерли сифатлардан воз кечган шекилли.


[Закрыть]
.

Сўнгра, кимки атайлаб кўплаб характерли, ўзгача иборалар, ажойиб ифода ва фикрларни қалаштириб ташласа, у трагедия олдига қўйиладиган вазифани бажара олмайди, аммо шулардан оз даражада фойдаланган, бироқ ривоят ва воқеалар оқимига эга бўлган трагедия ўз вазифасини нисбатан яхшироқ амалга оширади. Трагедиянинг руҳни мафтун этувчи қисмлари – перипетиялар, яъни бурилиш нуқталари ва ривоят-воқеа қисмларидадир. Яна бир далил. Трагедия ёзмоқчи бўлган ижодкор энг аввало тил, нутқ ва характерларда муваффақият қозониши мумкин (воқеада эса – кейин.) Қадимги шоирларнинг деярли барчаси шундай2121
  Энг қадимги шоирлардан бири Фриних бўлса керак.


[Закрыть]
.

Шундай қилиб, трагедиянинг бошланиши, унинг қалби воқеа бўлиб, характерлар эса иккинчи ўринда келади. Рассомликда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолни кўрамиз. Кимдир энг яхши бўёқларни чаплаштириб ташлагани билан кишига оддий суратчалик завқ бера олмайди2222
  Оддий сурат билан, ёки кейин бўяладиган дастлабки чизиқлар билан.


[Закрыть]
. Бунинг устига трагедиянинг инсон қалбини мусаффолантиришига қараганда ҳам энг зарури воқеа қисмининг моҳияти – кутилмаган ҳолатлар ва сирнинг очилишидир.

Трагедиянинг учинчи қисми фикр теранлигидир. Бу сиёсат ва нотиқлик санъатидаги каби, ишнинг моҳияти ва шароитларига тааллуқли бўлган нарсани сўзлай олиш маҳоратидир. Қадимги шоирларда шахслар сиёсатдонлардек гапирса, ҳозиргиларда эса нотиқлар сифатида тасаввур қилинади2323
  Янги трагиклар, чамаси, нутқ – тилдан асосан сюжетдаги ўзгариб турувчи вазиятларни тасвирлаш учун фойдаланишган.


[Закрыть]
. Инсон майлининг нимададир намоён бўлиши, кимнинг ниманидир афзал деб ҳисоблаши ё ниманидир ёқтирмагани – характердир; ёки гапирувчининг нимани маъқуллаши, ёки ёқтирмагани аниқ ифодаланмаган нутқда характер гавдаланмайди. Ғоя эса ниманингдир борлиги ёки йўқлигини исботлаш, ёхуд умуман ниманингдир ифодаланишидир. Сўз билан ифодалашнинг тўртинчи қисми нутқ, яъни сўз воситасида мулоҳаза юритишдир. Бу, юқорида айтилганидек, вазндагина эмас, насрий нутқда ҳам бир хил аҳамиятга эга бўлган сўз орқали тушунтиришдир. Қолган бешинчи, мусиқали қисм безакларнинг асосийсидир. Саҳнанинг жиҳозланиши–декорация эса қалбга таъсир этса ҳам, бироқ у поэзия санъатидан мутлақ ташқарида туради ва поэзияга камроқ тааллуқлидир, чунки трагедиянинг кучи декароциясиз ҳам, актёр (ўрни безалмаса) ҳам сезилади. Бунинг устига яна, саҳнани безашда шоирларга қараганда декоратор санъати кўпроқ аҳамиятга моликдир.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации