282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 6

Читать книгу "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Текущая страница: 6 (всего у книги 21 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Энди биз сенга айтсак, шоирлар чиндан ҳам туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади ва улар ташбиҳ ва тамсилга лаёқатли бўладилар. Шоирлар ё шеър навининг кўп турида, ё бўлмаса бир турида ижод қилишга лаёқатли бўладилар. Бир хил шоирлар шеър санъатидан етарлича хабардор бўлишавермайди, балки улар туғма қобилиятларининг яхшилиги билангина қаноат ҳосил қиладилар, улар ўзларининг истеъдод даражаларига кўра иш тутадилар. Бундай шоирлар чинакам мусалжис – мутафаккир шоирлардан саналмайдилар. Чунки уларда шеър санъатини ўзлаштириб олиш учун камолот етишмайди ва бу санъатда турғунлик бўлмайди. Кимки ундай одам шеърини кўриб, у қобилиятли одам экан, деб ўйлаган бўлса, бу шунинг учунки, унинг феъл-атворида шоирларга хос бўлган турқ – кўриниш мавжудлигидангина шундай мулоҳазага келинган. Ё бўлмаса бу хил одамлар чинакамига шоирлар санъатини эгаллаган бўлишади, ҳатто шеър ижодига хос бўлган хусусиятлардан бирортаси ҳам – у қайси шеър турига алоқадор бўлмасин, бари бир, бу қонун-қоидалар ундан қочиб қутулолмайди. Улар шеърият санъатида қўлланиладиган ташбиҳ ва тамсилларни жудаям маҳорат билан ишлатадилар. Бу хил шоирлар чиндан ҳам қобилиятли шоирлар дейишга сазовордирлар.

Ёки бўлажак шоирлар ўша юқорида айтиб ўтилган аввалги икки табақа шоирлар ва улар феълларига тақлид қилувчилар бўладилар. Булар ўша аввалги иккала табақа шоирлар йўли – ижодини ёдлайдилар. Бу турдагиларнинг ўзларида туғма шеърий табиати бўлмаган ҳолда, шеърий санъат қонун-қоидаларидан хабардор бўлиб туриб, ташбиҳ – ўхшатиш ва тамсил – метафоралар кетидан борадилар. Йўлдан адашадиган ва тоядиган шоирларнинг кўпчилиги худди мана шу табақа шоирлар ичидан чиқади.

Энди биз сенга айтсак, ўша юқорида айтиб ўтганимиз уч тоифа шоирлар ҳар бири ижодда ё табиийлик, ё мажбурийликдан холи бўлмайди. Бундай дейишдан кўзлаган мақсадим шуки, бир шоир кўпинча мадҳияга ва ё бир яхши сўз айтишга табиатли бўлса, баъзан вазият уни ҳажвий ва бошқа турда шеър айтишга ҳам мажбур қилиб қолади. Айтайлик, бир шоир шеърият навларининг маълум бир навида ижод қилиш санъатини танлаб олган ва ўзини шу хилдагина шеър ёзишга одатлантирган бўлса, баъзи ҳолларда танлаб олмаган турларда ҳам шеър ижод қилишга тўғри келади, бу эса унинг учун ўзи ижод қилишга одатланган шеър турига нисбатан бошқа бир навда мажбурий битилган шеър бўлади. Бу мажбурият ё ички, ё ташқи сабаблар билан бўлади. Аммо шоирнинг энг яхшиси, туғма шоир бўлгани саналади.

Сўнгра шоирларнинг шеър ижод қилиш борасидаги аҳволи камолотга етишгани ва етишмагани жиҳатидан турлича бўлади. Бу эса ё ғоя жиҳатидан, ё бўлмаса мавзу жиҳатидан шундай бўлиши мумкин.

Аммо ғоя жиҳатидан олган тақдиримизда, улар шеърга баъзан ёрдам берса ҳам, баъзида унга ёрдам беролмай қолади. Бунга баъзан руҳий (нафсоний) кайфиятлар сабаб бўлади. Шунда у руҳий кайфиятлар устун келади, ё бўлмаса баъзан ўзи унга муҳтожлигидан тушкунликка учраб, пасайиб кетади.

Аммо бу бобдаги текширишларимиздан мақсад бу масаланинг ипидан-игнасигача синчиклаб аниқлашдан иборат эмас, чунки буларнинг ҳамма си ахлоқ ва руҳий кайфиятлар тавсифлари ҳамда уларнинг ҳар бирининг (инсон руҳига) алоҳида таъсири ҳақида битилган китобларда керагича баён қилинган.

…Шоирнинг етук ва етукмаслиги ҳақидаги мулоҳаза ўша ўхшатишнинг (ҳақиқатга) яқин ё узоқлигига боғлиқ бўлади.

Баъзан шунақаси ҳам бўладики, шеър санъатида энг орқада қолган шоир ҳам юқори даражада ажойиб шеър яратиши мумкин, ҳатто бу соҳада билағонлар ҳам унга тенг келадиган нарса (шеър) яратолмаслиги мумкин. Лекин шуниси борки, бунга сабаб бахт ва тасодифнинг тўғри келишидан бўлади. Лекин ундай одам (қанчалик ажойиб шеър ёзган бўлмасин) бу ёзган шеъри билан сўз санъаткори деган номга сазовор бўлолмайди.

Ташбиҳ даражалари турлича бўлади. Шу жиҳатдан қараганимизда ўхшатишнинг яқин ва муносиб бўлмоғи мавзуга ҳам боғлиқ ё бўлмаса шоирнинг бу санъатдаги маҳоратига ҳам боғлиқ. Ҳатто шу уста шоир бир-биридан узоқ бўлган икки нарсани мулоҳазаларни орттириш билан бир-бирига мувофиқдек қилиб кўрсата олади. Бу эса шоирлардан яширин бўлмаган ҳоллардандир. Шу жумладан шоирлар А билан Б ни ва Б билан Ж ни бир-бирига ўхшатадилар. Чунки бунда А билан Б ўртасида яқин ва муносиб ҳамда маълум бўлган ўхшашлик бор. Шу билан бирга, яна Б билан Ж ўртасида ҳам яқин муносиб ҳамда маълум бўлган ўхшашлик бор. Улар сўз маъносини шунга буриб, ҳатто сомиъ – эшитувчи, муншид – ўқиб берувчиларнинг фикр-зикрини, гарчи улар ораси узоқ бўлмаса ҳам А билан Б ва Б билан Ж ўртасида бўлган ўхшашликдан огоҳлантирмоқчи бўладилар.

Бу санъатда шоирликнинг танланиши одатда жуда улкан бойлик саналади. Бу худди ҳозирги замондаги баъзи бир шоирлар қилмишига ўхшаб кетади. Улар шундайки, агар бир сўзни шеърдаги байтга қофиядош қилиб қўйиб, олдинги байтда лозим бўлган нарсаларни ёки тасвирлаш ниятида бўлган нарсаларни бита олса, у ҳолда одамда жуда ажойиб ҳузурбахш ҳолат пайдо бўлади.

Биз яна шундай деймиз: бу санъат аҳли билан нақш берувчи рассом санъати ўртасида қандайдир муносабат бор. Булар иккаласининг санъатдаги моддаси турли-туман бўлса ҳам, аммо шаклда, яратилиш ва мақсадларда бир-бирига мос келади. Ёки айтайлик, ўша иккала яратилган нарсада, улар шаклларида ва мақсадларида бир-бирига мувозанат, ўхшашлик бор. Бу шундайки, шеър санъатини безайдиган нарсалар сўз – мулоҳазалар бўлса, рассомлар санъатини безайдиган нарса – бўёқлар саналади. Буларнинг иккови ўртасида фарқ бор, аммо иккаласи ҳам феълда бир-бирига ўхшаш, иккаласи ҳам одамлар тасаввури ва сезгиларида бир мақсадга – тақлид қилишга йўналган бўлади.

Шоирлар санъати илмини ўрганувчилар фойдаланадиган умумий қонун-қоидалар мана шулардан иборат. Бу қонунларнинг кўпини (илмий нуқтаи назардан) текшириб чиқиб, мулоҳазалар билдириш ҳам мумкин эди, лекин бундай санъат соҳасида илмий текшириш олиб боришдек нарса инсонни санъатнинг бир навида бир томонлама мулоҳаза олиб боришга элтиши ҳамда бошқа навлар ва қарашлардан юз ўгиришга олиб келиши мумкин.

Шу сабабдан бу соҳада айтиб ўтган мулоҳазаларимиз унга ўхшаган бирор нарсани ҳал қилиб ҳам беролмайди.

(Шу билан Абу Наср Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Тархон ал-Форобий ёзган рисола тугади.)

Абдусодиқ ИРИСОВ
АРАСТУ «ПОЭТИКА»СИ ВА УНИНГ ШАРҚДАГИ ИЗДОШЛАРИ

Арасту «Поэтика»си ўрта асрларда Шарқда дастлаб қадимги сурёний тилида, сўнгра эса араб тилида тарқалган эди.

У маҳалларда араб тили ҳали илмий тил сифатида танилмаган, кўп асарларни, шулар жумласидан кўп юнон муаллифларининг таълифларини сурёний тилига таржима қилиш одат эди. Ҳатто «Калила ва Димна» китоби ҳам арабчага таржима қилинишдан анча олдин санскрит тилидан сурёний тилига кўчирилган эди. Кейинчалик, ўнинчи асрга келиб «Поэтика» сурёний тилидан арабчага таржима қилинди. Бунинг дастлабки таржимонларидан бири Исҳоқ ибн Ҳусайн (вафоти 911) бўлса, бошқаси Матто ибн Юнус ал-Қунноий (941 йилда ҳаёт бўлган) эди. Ал-Қунноий таржимаси давримизгача ҳам етиб келган. Шу билан ўрта асрларда бу асар араб дунёсига тарқалиб кетди.

Арасту асарларини рўёбга чиқаришга бел боғлаган Ғарб олимлари Шарқ олимлари мероси билан ҳам қизиқиб, уларни нашр этишга хизмат қилдилар. Инглиз шарқшунос олими Давид Самуил Марголиус 1887 йили Арасту «Поэтика»сининг Матто ибн Юнус қилган таржимасини топиб, уни Лондонда нашр этди ва шу китобига Ибн Синонинг «аш-Шифо» асарининг бир бўлаги бўлмиш «Шеър санъати» китобини ҳам илова қилди. Шу билан бирга Марголиус Ибн Синонинг «Уюн ал-Ҳикма» («Ҳикмат булоқлари») асарида ўша китобидан келтирилган шеъриятга оид парчани ҳам нашр этди.

Маълумки, Арастунинг бу китоби ҳақида араб файласуфи Абу Исҳоқ ал-Киндий (801–866) ҳам қисқа бир китоб ёзган.

Чунки бу соҳада фикр-мулоҳаза билдириш, айрим рисола – асарлар ёзиш олижаноб бурч саналган. Шу сабабдан бўлса керак, ал-Киндийдан сўнг машҳур файласуф Абу Наср Форобий (873–950), Ибн Сино (980–1037) ва Ибн Рушд (1126–1198) каби атоқли кишилар ҳам «Поэтика» борасида ўз мулоҳазаларини баён этганлар, бу асар орқали ўша давргача юнон адабиётида мавжуд бўлиб, араб адабиётида бўлмаган адабий шакл, жанрларни тарғиб қилганлар. Иккинчи томондан, улар бу тўғрида ўз андишалари билан китобхонлар оммаси билан ўртоқлашишган. Натижада «Нафис санъатлар» ҳақида арабийнавис адабиёт вакиллари орасида ҳам қатор асарлар пайдо бўлган. Айниқса, Форобий, Ибн Сино, Ибн Рушдларнинг бу тўғридаги асарлари диққатга сазовор.

Ал-Киндийнинг бу ҳақдаги асарини бизгача етиб келган ёки келмаганлиги ҳалигача илмий адабиётда маълум эмас. Унинг таржимаи ҳолидан маълум бўлишича, у юнон тилини яхши билган, шунинг учун Ал-Киндий Арасту асарининг оригиналидан баҳраманд бўлган ва бу тўғридаги мулоҳазаларини битиб кетган дейиш мумкин.

Абдураҳмон Бадавий Ал-Киндийнинг бу китоби ҳақида мулоҳаза билдириб, уни Арасту «Поэтика»сидан қисқартириб олинган, деган хулосага келади.

Араб олими Ибн Абу Усайбиа (1203–1270) «Уюнал-анбо» («Янги хабарларнинг булоқлари») асарида қуйидагиларни ёзади:

«Абу Закариё Яҳё ибн Адий Иброҳим ибн Абдуллоҳдан илтимос қилиб, сен бориб айтгин, Исҳоқ эллик динорга менга Арастунинг «Софистика», «Хитоба» («Риторика») ва «Поэтика» асарлари тар жимасини берсин, деган экан, у ўз таржималарини аталган пулга сотмасдан ўлаётган вақтида ёқиб юборган экан».

Бу жумладан кўринишича, Исҳоқ Ибн Ҳунайн Арастунинг «Поэтика» асарини дастлаб таржима қилган кишилардан бўлган.

* * *

Абу Наср Форобий Арастунинг кўп асарларига шарҳлар боғлаб, уларни кўпчилик ўртасида оммалаштирган. Ана шунинг учун ҳам уни Арастудан кейинги етишган иккинчи муаллим – Муаллими соний деб аташган. Ибн Синонинг таржимаи ҳолидан маълум бўлишича, у Арастунинг «Метафизика» асарини қирқ бор ўқиган, лекин шундай бўлишига қарамай, унинг ибораларидан ҳеч нарса англамаган. Ибн Сино ниҳоят Форобий ёзган шарҳ орқали уни тушунишга муваффақ бўлган. Форобий Арастунинг «Поэтика» асарини ўқиб у ҳақда бир асар – рисола ёзиб, унинг мазмунини талқин қилишга ва унинг аҳамиятини баён қилишга уринган.

Унинг «Рисола фи қавонийн синоат аш-шуаро» деб аталган асари мана шу мулоҳазага далил бўла олади.

Ундан ташқари, Форобий бу тўғрида бошқа бир рисола ҳам ёзган. Унинг бу асари «Шеър китоби» деб аталиб, унинг бир нусхаси Чехословакиянинг Братислава шаҳрида сақланадиган араб қўлёзмалари орасида топилган.

Булардан кўринишича, Форобий шеърият масаласи ва уларнинг юнон адабиётидаги шакллари, шоир ўрни ва унинг вазифаси борасида анча кенг фикр юритган. Ибн Абу Усайбианинг кўрсатишича, Форобийнинг «Калом фи-ш-шеър ва ал-қавофи» («Шеър ва қофиялар ҳақида сўз») ҳамда «Китоб фил-луғот» («Тил ҳақида китоб») асари ҳам бўлган.

Форобий «Шеър китоби» асари дебочасида ёзади: «Биз бу ерда худди Ҳаким Арасту ўзининг шеър санъати ҳақидаги мулоҳазаларида санаб ўтганидек, юнонлардаги шеър турларини санаб ўтамиз, уларнинг ҳар бирининг навларига ишорат қилиб ўтамиз».

Лекин шуниси борки, Арасту «Поэтика»сида Форобий келтирган жанрлар тақсимоти бутунлай йўқ. Арасту жанрларни бундай тақсим қилмаган. Бу балки юнон адабиётига тегишли бошқа манбалардан олинган бўлиши мумкин. Балки Форобий Арасту «Поэтика»сининг тўла қисмини ўқишга муяссар бўлгандир. Ундай десак, Ибн Синодан илгарироқ ўтган Матто Ибн Юнуснинг Арасту «Поэтика»сини сурёний тилидан араб тилига таржима қилган нусхаси ҳозиргача етиб келган. Бу таржиманинг оригинали – яъни сурёнийчаси анча илгари таржима бўлганидан дарак беради. Аммо бунда ҳам «Поэтика» асари ҳозирги кундагидек йигирма олти қисмдан иборат.

Форобий бу асарини ёзишда бу борадаги бошқа асарлардан ҳамда Арастунинг шогирди Фемистийнинг бу тўғрида ёзганларидан фойдаланган кўринади.

Ибн ал-Ибрийнинг кўрсатишича, Ҳомернинг «Илиада»си сурёний тилига таржима қилинган эди. Демак, бу даврда юнон адабиёти шоҳ асарларининг кўпи сурёний тилига таржима қилинган бўлади. Бундан эса араб тилига кўчган бўлиши ҳам мумкин. Бу тилни Форобийнинг устозлари (чунончи, Ибн Хийлон) ҳамда дўст ва шогирдлари (Матто ибн Юнус ва Ибн Одий) яхши билган эди. Шуниси ҳам борки, Форобийнинг ўзи ҳам сурёний тилини билган бўлиши ҳақиқатдан узоқ эмас. Унинг кўп тил билиши у ҳақда сақланиб қолган фольклор материалларидан ҳам маълум.

Маҳкам МАҲМУД
«ПОЭТИКА» ВА ҲОЗИРГИ ЗАМОН АДАБИЁТИ

Трагедия таърифидаги сўзларнинг мазмуни кўп асрлардан бери турлича шарҳланиб келаётир. Бу таърифнинг таржимаси ҳам, табиийки, турлича талқинларни ўз ичига олади. Рус тилидаги «действие» сўзи кўп маноларни, хусусан «ҳаракат», «иш-ҳаракат», «воқеа», «кўриниш» маъноларини англатади. Ўзбек тилида эса биз «Поэтика»нинг трагедия таърифига оид контекстидан келиб чиқиб, «действие» сўзини «хатти-ҳаракат», «қилгулик» ёки «қилмиш» деб олишни лозим кўрдик. Чунки Арасту санъат назариясига асос қилиб олган трагедияларнинг («Антихона», «Орестея», «Эдип», «Электра» ва бошқалар) мазмуни ва моҳиятидан келиб чиқсак, асарларда қаҳрамонларнинг қилмиши асосий ўринни эгаллайди. Эдипнинг қилмиши фақат ўзини фожиага учратиб қолмай, балки давлат, жамиятнинг ҳам бошига кўп фалокатлар ёғдиради. Эдипнинг гуноҳи жуда даҳшатли – у ўзи билмагани ҳолда отасини ўлдириб, онасига уйланади. Антихона эса онгли равишда сингиллик бурчини ижро этади. Эдипнинг ўғиллари Этеокл ва Полиник тахт талашиб, ўзаро кураш бошлашади. Полиник ўзга юртларга кетиб, яна олти лашкарбоши билан бирга (еттита бўлиб) она шаҳри Фивага қарши курашади. («Фиванинг етти душмани».) Ака-ука ўзаро жангда ҳалок бўлишади. Фивага ҳукмрон бўлган Креонт Этеоклни шон-шавкат билан кўмади. Юртга душманларни бошлаб келган Полиникнинг жасадини эса дафн этмаслик ҳақида фармон чиқаради. Агар кимки фармонни бузса, ўлим жазосига ҳукм этилади. Антихона ўлим хавфидан қўрқмай акасини дафн этаётганида қўлга тушади. Бундай қилмишларни эса оддий «ҳаракат» ёхуд «иш-ҳаракат», ҳатто «воқеа» сўзи билан ифодалаш тўғри бўлмас эди. Бугина эмас, рус тилида драматик асар қаҳрамонларига нисбатан «действующие лица» сўзлари ишлатилади. Ўзбек тилида бу сўзларни оддий «ҳаракат қилувчилар» ёки «қатнашувчилар» деб олиш мақсадга мувофиқ эмас. Шунинг учун биз бу сўзларни «асар қаҳрамонлари» ва «фаол шахслар» деб олдик. Чунки, юқорида айтилгандай, даҳшатли ёки буюк қилмишларни, табиийки, оддий «ҳаракат қилувчилар» эмас, балки фаол шахсларгина юзага келтирадилар. Арастунинг қуйидаги сўзлари ҳам тўғри йўл тутганимизни кўрсатади: «Бироқ бу қисмлардан энг муҳими – воқеалар оқимидир, – дейди мутафаккир, – чунки трагедия «пассив» одамлар тасвири эмас, балки қилмиш тасвиридир, ҳаёт, бахт ва бахтсизликлар эса (инсон) қилмиши туфайли бўлади». («Поэтика», V боб.) Бу жумладаги «пассив» сўзини файласуф М.Л.Гаспаров аниқлик киритиш учун тўғри қўллаган. Чунки у ҳам Арасту фикрининг моҳиятидан келиб чиққан.

Арасту трагедия таркибини олти унсур (элемент) га бўлиб кўрсатади: биринчиси – томошавийлик, иккинчиси – мусиқа қисми, учинчиси – асар тили – қаҳрамонлар нутқи, тўртинчиси – фикр (ғоя), бешинчиси – характер, олтинчиси – ривоят – воқеа. Арасту асар ғояси ва характерга жуда катта аҳамият беради. «Ана шу ғоя ва характерга мувофиқ фаол шахслар (ёки қаҳрамонлар) муваффақиятга ёки мағлубиятга учрайдилар», дейди у. Чиндан ҳам ғоя, эътиқод қаҳрамонларнинг тақдирига ҳал этувчи таъсир кўрсатади. Прометей, Насимий, Машраб, Улуғбек, Галилей, Бруно, Коперник, Жанна д’Арк сингари буюк шахслар ғоя, эътиқод йўлида ҳаётларини фидо қилдилар.Асарда (айниқса, қадимий афсоналар даврида) ғоя ва характер манбаи ривоят (воқеа)дир. Характер қирралари ва шахс интилган ғоя, эътиқод воқеада кўринади. Воқеада характернинг қандайлиги маълум бўлади. Демак, Арасту мифос деганда ривоят ёки афсона воқеасини кўзда тутади. «Демак, шоирлар фаол шахсларни уларнинг характерларини кўрсатиш учун тасвирламайди, улар характерларни ҳам қилмиш орқали кўрсатишади. …Қилмиш тасвирининг ўзи эса воқеадир» (Поэтика, VI боб).

Ҳозирги замоннинг барча адабиёт назариётчилари бадиий асарда характерни биринчи ўринга қўйишади. Арасту эса, негадир бундай қилмайди. «Трагедиянинг мақсади бирон фазилатни эмас, балки воқеани, қилмишни тасвирлашдир, – дейди у. – Кишилар ўз характерига кўра қандайдир фазилатга эга бўлади, қилмиши билан эса бахтли ёки бахтсиз бўлиб чиқади». «Поэтика» муаллифи учун инсонларнинг характери қандайлиги, яхши ёки ёмонлиги, олижаноб ёки тубанлиги муҳим масала бўлса ҳам, аммо бадиий асарда инсон характерининг қандайлигини кўрсатувчи асосий мезон, бу – одамларнинг хатти-ҳаракати, қилмишларидир. Чунончи, Эсхил асарининг қаҳрамони Прометей характеридаги улуғворлик, жафокашлик унинг буюк қилмиши – худолар, қудратли ҳукмдорлар ғазабидан қўрқмай, халққа олов келтириб бериши орқали намоён бўлади. Агар Прометейнинг шу қилмиши бўлмаса, унинг характери қандайлигини билолмаган бўлардик. Эврипиднинг «Электра» трагедиясида ҳам Клитемнестранинг характери унинг ёвуз қилмишида яққол кўринади: у ўйнаши Эгисф билан тил бириктириб, эрини, бирлашган юнон қўшинларининг бош қўмондони, Троя урушининг шавкатли қаҳрамони – Агомемнонни алдаб, тузоққа тушириб ўлдиради. Одамларнинг характерлари уларнинг ҳар қандай қилмишида эмас, балки хоҳ улуғвор, хоҳ тубан – фаол қилмишларида равшан кўринади. Демак, шахсларнинг фаоллиги ҳам уларнинг муҳим қилмишлари орқали юзага чиқади.

Шу мулоҳазалардан сўнг Арасту асаридаги миф – фабула, ривоят тушунчаси нимани англатиши ҳақида гапириш эҳтиёжи туғилади. Чунончи, бу муҳим муаммо ҳам юқоридаги масалалар билан узвий боғлангандир. А.Квятковскийнинг «Поэтик терминлар луғати»да бундай дейилади: «Фабула (лотинча – тарих, ҳикоя) – бадиий асарда сюжет асосидаги воқеалар ва ҳодисаларнинг кетма-кет (изчил) ривожланишидир» (320-бет). Арасту асаридаги «мифос»ни Аппельрот «фабула» деб, М.Л.Гаспаров «сказание» деб таржима қилган. Асар контекстидан, Аристотель фикрлари моҳиятидан келиб чиқилса, М.Л.Гаспаров қўллаган сўз – «сказание» мақсадга мувофиқроқ келади. Кейинги вариантни маъқуллаганимиз учун биз «ривоят» деб олдик. Чунки «Поэтика»да худди шу ҳақда гап боради. Тўғри, асар фабуласи, сюжети, бадиий асар воқеаси сўзлари бир-бири билан унчалик узоқ тушунчаларни англатмайди. Шунга қарамай, М.Л.Гаспаров «сказание» сўзини ишлатганининг боиси шуки, Аристотель даврида яратилган эпос ва трагедия асарларининг ҳаммасига қадимий мифлар, ривоятларнинг воқеалари асос бўлган. Шунинг учун у вақтларда «ривоят» сўзи «фабула», «сюжет йўллари» маъносида ҳам ишлатилган.

Арасту асарнинг (трагедия асарининг) асосий таркибий қисмларидан, «сюжет йўллари»дан бири деб «перипетия»ни – воқеаларнинг кутилмаган, кескин ўзгаришини кўрсатади. Агар бу сўзларнинг моҳиятидан келиб чиқсак, «перипетия»ни яна «мушкулот» деб таржима қилиш мумкин. Чунки асар воқеалари давомида қаҳрамон тақдирида юз берган, кутилмаган, кескин ўзгариш, албатта, мушкулотни, мураккаб аҳволни юзага келтиради. Ана шу мушкулот пайтларида эса характерлар, одамларнинг қандайлиги билинади.

Асар воқеалари ривожидаги яна бир муҳим унсурни Аппельрот ҳам, Гаспаров ҳам рус тилига «узнавание» деб таржима қилганлар. Бу сўз асар қаҳрамонларининг тақдирида ҳал қилувчи лаҳзаларда бирор муҳим воқеани (ёки ўша воқеада қатнашган одамни) тўсатдан билиб қолиш деган маънони англатади. Шундай ҳолатларда билиб қолиш қаҳрамон тақдирини ҳам, воқеалар оқимини ҳам ўзгартириб юборади. Софокл асарида Эдипнинг воқеалар давомида Иокастанинг кимлигини, йўлдаги жанжалда ўзи ўлдирган кишининг кимлигини билиб қолиши, Ифигения акаси Орестни таниб, билиб қолиши, «Одиссея»да Пенелопа тўй куни ҳижронда юрган Одиссейни билиб қолиши, Фирдавсий достонида Рустам яккама-якка жангда мағлуб бўлган рақиби – ўғли Суҳроб эканлигини билиб қолиши, Алишер Навоийнинг «Сабъаи сайёр» достонидаги ҳикоятларда Суҳайл билан Меҳрнинг, Аҳий билан Фарруҳнинг кутилмаганда бир-бирини таниб, билиб қолишлари, Абдулла Қодирий романида Отабекнинг тўй куни чимилдиқда келин – севгилиси Кумуш эканлигини билиб қолиши – буларнинг ҳаммаси асар воқеаларини ўзгартириб юборади ва қаҳрамонлар тақдирига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Ўзбек тилида ана шу бадиий унсурни «таниб қолиш» ёки «билиб қолиш» деган бирикма билан ифодалашга тўғри келади. Трагедиянинг ва ҳар қандай бадиий асарнинг яна бир муҳим унсурини Арасту пафос деб атайди. М.Л. Гаспаров бу сўзни «страсть» деб таржима қилган. Ўзбек адабиётшунослигида бу тушунча пафос деб ҳам, эҳтирос деб ҳам ифодаланмоқда. Ҳақиқатан пафоссиз, эҳтироссиз асар на томошабинни, на ўқувчини қизиқтирмайди, ҳаяжонга солмайди. Асарда, унинг ижодкорида, албатта, кучли ҳаяжон бўлиши керак. Табиатан қаҳрамонларидай эҳтиросли бўлган шоирлар кўпроқ ишонтира олади. «Ўзи ҳаяжонлана оладиган шоир томошабинларни ҳам ҳақиқатан ҳаяжонлантира олади, – дейди Арасту. Ўзи ғазаблана оладиган киши томошабинларни ҳам ҳақиқий ғазаблантира олади» («Поэтика», XVII боб).

Арасту яна бир ўринда бундай дейди: «Қўрқинчлилик ва аянчлилик саҳна жиҳозлари орқали келиб чиқиши мумкин, бироқ энг яхши шоирларнинг асарларида эса воқеалар оқимининг ўзидан ҳам пайдо бўлади. Аслида асар шундай ёзилиши керакки, у саҳнада кўрилмаганида ҳам бўлиб ўтадиган воқеани тингловчи ҳар бир киши худди Эдип ҳақидаги ривоятни тинглагандай, ҳодисаларнинг ўсиб бориши давомида ғам чекувчига нисбатан ҳамдард бўлсин ва вужуди живирлаб сескансин» («Поэтика», XIV боб). Бу фикр адабиёт назариясига муносиб ҳисса қўшган ва қўшаётган ўзбек адиблари ва олимлари ижодида ҳам учрайди. «Ёзувчи ўзи ҳис қилмаган нарса ҳақида ёзса, буни ўқиган ўқувчи ҳам ҳеч нарсани ҳис қилолмайди, – деган эди Абдулла Қаҳҳор. – Демак, куйдириш учун куйиш, ардоқлаш учун ардоқланиш шарт. Ҳис қилинмасдан ёзилган нарса қоғоздан қилинган гулга ўхшайди». Истеъдодларга бой ва йил сайин камолотга интилаётган ҳозирги ўзбек адабиётида ҳам чуқур ҳис қилиб, эҳтиросли ёзилган бадиий асарлар билан бирга, мавзуни чуқур билмай, айниқса, ҳис қилмай, лоқайдлик (ёки сохта пафос, сохта эҳтирослар) билан ёзилган асарлар бор. Шунинг учун Арастунинг пафос, эҳтирос, ҳаяжон, ғазаб ижодкорнинг табиатида бўлиши керак, деган таълимоти ҳозирги давр учун ҳам ғоят қимматлидир.

Арастунинг истеъдод ва маҳорат ҳақидаги фикрлари ҳам узоқ асрлардан буён баҳс-мунозараларга сабаб бўлиб келмоқда. Русча таржимада маҳорат тушунчаси «санъат» деб олинган. Бу сўз ҳозир кўпчилик тушунадиган «санъат асарлари» деган маънода эмас, балки касб-ҳунар маъносида ишлатилган. Форобий асарларида ҳам арабча «санъат» сўзи касб, ҳунар, фан маъносида ишлатилади. Арасту ҳам поэзия санъати ҳақида гапирмай, истеъдод, туғма истеъдод ҳақида гапирганида, «санъат» сўзини «маҳорат», «малака» маъносида қўллайди ва уни маълум маънода «туғма истеъдод»га қарши қўяди. «Баъзи кишилар санъаткорлик туфайли, баъзилар малака сабабли, яна баъзилар туғма истеъдодлари туфайли бўёқлар ва шакллар ёрдамида кўп нарсаларнинг тасвирини яратадилар», дейди у «Поэтика»нинг биринчи саҳифаларидаёқ. Бу ерда «санъаткорлик» сўзи «маҳорат» маъносида, соз чалиш ёки шеърий техника маъносида келяпти. Илгари ва ҳозир баъзи адабиётшунос олимлар санъаткорлик ва маҳоратни бадиий асар ёзишда асосий, бирламчи унсур деб биладилар. Платон диалогларида («Федр»), Аристофан комедияларида поэтик асарни назарий принципларни чуқур ўзлаштирган одамларнинг маҳорати ёки малакаси маҳсули деб ҳисоблашган.

Абу Наср Форобий ҳам Арастунинг «Поэтика» асарига ёзган шарҳларида шоирларни бир неча тоифаларга ажратади. «Энди биз сенга айтсак, шоирлар чиндан ҳам туғма қобилиятли ва шеър битишга тайёр табиатли кишилар бўлади ва улар ташбиҳ ва тамсилга лаёқатли бўладилар, – дейди у. – Бир хил шоирлар шеър санъатидан етарлича хабардор бўлишавермайди, балки улар туғма қобилиятларининг яхшилиги билангина қаноат ҳосил қиладилар. Бундай шоирлар чинакам мусалжис – мутафаккир шоирлардан саналмайдилар. Чунки, уларда шеър санъатини ўзлаштириб олиш учун камолот етишмайди ва бу санъатда турғунлик бўлмайди». Форобийнинг бу мулоҳазаларида Арастудан кўра Афло тун нафаси сезилиб туради. Чунки Форобий шеър санъатини (маҳоратини, техникасини) яхши билган, мулоҳазакор шоирларни туғма истеъдодли шоирлардан устун қўяди. Тўғри, Форобий замонида Навоий замонидаги каби буюк шоирлар шеър назариясини, техникасини ҳам чуқур билишган. Навоийнинг «Мезонул авзон», Бобурнинг «Аруз» – «Мухтасар» асарларини эслайлик. Бундан ташқари, Форобий – «мулоҳазакор» эмас, «мутафаккир» демоқчидир? Аслида, мулоҳаза, силлогизм – мантиқ шеър соҳасига кирмаслигини Форобий яхши тушунади. «Айтишларича, мулоҳазалар ё бутунлай рост, ё бутунлай ёлғон бўлиши мумкин, – дейди Форобий. – Ё бунинг тескариси – тўғри ва ёлғон меъёри баббаравар бўлиши мумкин. Буткул рост мулоҳаза, ҳеч сўзсиз, буроний – исботли деб аталади. Бордию, унинг рост томони кўпроқ бўлса, у ҳолда у жадалий – диалектик бўлади. Бордию, рост ва ёлғон иккови баравардан бўлиб қолса, у ҳолда у хитобий – риторик бўлади. Рост бутунлай камайиб бораверса, у ҳолда суфастоий – софистик бўлади. Бутунлай ёлғон бўлса, у ҳолда уни, ҳеч шубҳасиз шеърий деб аталади». Албатта, бу ерда Форобий ёлғон деганда хаёл қилинган, образли, ташбиҳли, тимсолли, метафорали, кўчма маъноли сўзларни назарда тутса керак. Шеъриятда ана шундай поэтик ёлғон табиатини тушунмаган ҳозирги баъзи мунаққидлар шоирларнинг асарларини одатдаги схематик фикрлаш қолипига солиб, худди ёвуз Прокруст каби, каравотига сиғмаса, қўл-оёғини кесмоқчи бўладилар. Ўзлари кўп нарсага ақл ва тасаввурлари етмагани ҳолда нега ундай, нега бундай деб сўрайверадилар. Шеъриятда (умуман, бадиий адабиётда) инсонлар қушга, дарёга, юлдузга айланиб қолиши мумкин. Турлича вазиятда, турлича лаҳзаларда яхши-ёмон кайфиятга тушиши, эрталаб бошқача, тушдан кейин бошқача ўйлаши мумкин. Нодон танқидчи, нега қаҳрамон изчил фикрламаяпти, нега унинг тасаввури меникидай (ёки бошқа одамларникидай) эмас, деб жар солади. Ҳолбуки, санъатда ана шу «ёлғон» образлар орқали кўпгина «рост» гаплардан кўра тезроқ ҳақиқатга эришиш мумкин. Масалан, Гойя чизган бир суратда одамнинг оғзига каттакон қулф осилган. Албатта, ҳаётда худди шундай бўлмайди, ҳаётда инсон оғзини қулфлашнинг бошқа йўллари кўп. Аммо Гойя сўз эркинлиги ҳақидаги фикрни жуда ихчам, содда қилиб англатган. Аксинча, ҳаммага маълум ва «тўғри» гаплар кўпинча воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини тўғри акс эттирмаслиги мумкин.

Атоқли арастушунос олим Т.А.Миллер ҳам «мимесис», яъни ўхшатиш, тасвирлаш санъат моҳияти эканлигини эътироф этгани ҳолда санъат принциплари – «техне»ни бадиий ижоднинг шарти деб ҳисоблайди. У поэтик ҳиссиёт, туғма истеъдод билан ижод қилишни англанмаган санъат, «техне» билан ижод қилишни онгли санъат асари яратиш деб тушунади. Аслида, бу кўп асрлардан бери ечилмаётган ва ечилиши қийин бўлган мураккаб масаладир. Ички ҳиссиёт, интуиция, шоирона илҳом билан ижод қилиш аслида ақл – мулоҳаза, тадбиркорлик билан ижод қилишга қарама-қарши бўлмаса-да, аслида иккаласи ўртасида жуда катта фарқ бор. Ҳаётийликдан йироқ, бадиий жиҳатдан заиф, аммо ақлли гаплар билан тўлиб-тошган асарлар камми? Аммо халқ, китобхон, томошабин, тингловчи бундай асарларни ўқиб завқ олмайди, Арасту айтганидай, қаҳрамонлар билан бирга дард чекмайди, уларга бефарқ қарайди. Чунки воқеликни илмий тадқиқ этишни механик равишда бадиий ижодга кўчириш мумкин эмас. Ахир, санъат воқеликни илмий аниқликда қайд этувчи тарих эмас. «Тарихчи ва шоирнинг фарқи бири вазндан фойдаланишда ва бошқаси фойдаланмаслигида эмас, – дейди Арасту. – Ҳеродот асарлари шеърга солинганида ҳам, вазнсиз бўлганда ҳам сира тарих бўлмай қолмас эди. Тарихчи ва шоир шу билан тафовутланадики, бири ҳақиқатан бўлган воқеа ҳақида, иккинчиси бўлиши мумкин бўлган воқеа тўғрисида сўзлайди. Шунинг учун поэзия тарихга қараганда фалсафийроқ ва жиддийроқдир: поэзия кўпроқ умумий, тарих эса якка нарса тўғрисида сўзлайди». Аммо поэзия мазмунининг умумийлиги билан фандаги умумлаштириш бир-биридан жуда узоқ нарсалардир. Фан ҳамма ўсимликлар учун ёки ҳамма кимёвий, ёки физикавий жараёнлар учун умумий бўлган қонуниятларни текширади. Санъат асарининг қаҳрамони эса, маълум маънода типик бўлишдан кўра индивидуал ўзига хос олами билан, дунёда ҳеч кимга ўхшамаслиги билан қимматлидир. Акс ҳолда санъатнинг вазифаси умумий қоидани иллюстрация қилишдан иборат бўлиб қолар эди. Чунончи, шоҳ Эдипнинг бошидан ўтган фожиий воқеа типик воқеа эмас; у ҳатто Эдип замони учун ҳам типик эмас эди. Аммо, шунга қарамай, санъат асаридаги Эдип образи минг йиллар давомида одамлар қалбини, руҳий оламини ларзага солади. Тўғри, санъат асари шу маънода умумийки, у тарихчилар учун ҳам, файласуфлар учун ҳам, физик ёки лириклар учун ҳам баб-баравар қизиқарлидир. Чунки, юқорида айтганларимизнинг ҳаммаси аввало инсон бўлиб, кейингина тарихчи, инженер, файласуф, физик ёки лирикдир. Инсон эса ўзининг инсонлигидан, бинобарин, адабиёт, санъатдан узоқлашуви мумкин эмас. Ҳақиқий адабиётнинг, санъат асарининг қудрати шундаки, ижодкор ҳаётга ўхшатиб, ҳаётнинг ўхшашини, тасвирини яратиб, қодир табиатга тенглашишга интилади. Бу эса табиий, туғма истеъдод қудратига боғлиқдир.

«Поэтика»нинг XXV бобида Арасту ҳаётнинг ўхшашини, тасвирини яратувчи шоирларнинг асар ларига билдириладиган турли эътирозларга ўзининг раддияларини баён қилади. Худди шу бобда поэзиянинг асосий хусусияти «мимесис» – ҳаётга тақлид қилиш эмас (ҳатто ҳаётга оддий ўхшатиш эмас), балки ижод, янги ҳаёт яратиш эканлиги аён бўлади. Арасту ижод эркинлигини, санъат имкониятларини жуда кенг миқёсда тушунади. У бадиий тасвирнинг асосий хусусиятлари ҳақида бундай дейди: «Модомики, шоир (мусаввир ёки бошқа тасвирловчилар) ҳаётнинг ўхшашини яратар экан, у муқаррар қуйидаги уч нарсадан бирини: а) ҳаётнинг қандай бўлганлигини ёки (ҳозир) қандайлигини; б) одамлар у ҳақда қандай айтган ёки (улар) қандай тасаввур қилганлигини; в) (ҳаёт ва одамлар) қандай бўлиши кераклигини тасвирлайди. Бу нарсаларга эса (ё оддий) тил билан, ёки ноёб сўзлар, кўчма маъноли тасвирлар билан эришилади». Санъаткорлар Арасту айтган бу шартлардан бирига ёки ҳаммасига бирданига амал қилиши ҳам мумкин. Алишер Навоий достонларида тасвирланган воқеалар ва характерлар бу талабларга жуда мукаммал жавоб беради. Навоий, чунончи, «Фарҳод ва Ширин» достонида ҳаёт ва одамлар қандай юксакликда бўлиши кераклигини тасвирлайди. У тасвирлаган Фарҳод ақл-заковатли, деярли барча ҳунар ва санъатларни мукаммал эгаллаган, олижаноб фазилатлар соҳиби. «Сабъаи сайёр» достонидаги ажойиб-ғаройиб воқеалар эса (Саъднинг деву шайтонлар сеҳру жодуларини енгиши, Суҳайлнинг сеҳрли чашмага шўнғиб, бошқа оламдан чиқиши ва Меҳр билан топишуви) халқ айтган ривоятлар асосига қурилган. «Садди Искандарий» достонида Навоий ҳам ҳақиқий бўлиб ўтган воқеаларни, ҳам халқ тасаввуридаги (яъжуж-маъжужлар каби) нарсаларни тасвирлайди. Шоир асарларининг кўпчилигида адолатли шоҳнинг характери қандай бўлиши кераклигини тасвирлайди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации