Электронная библиотека » Аристотель » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Ахлоқи кабир"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:40


Автор книги: Аристотель


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 7 страниц)

Шрифт:
- 100% +
XVI
БИЛИБ ҚОЛИШ

Билиб қолиш нималиги хусусида олдин тўхталган эдик. Билиб қолишнинг турлари эса тубандагилардир. Биринчи ва энг оддийси – шоир етарли бадиий воситаларга муҳтожлигидан (ташқи) белгилардан фойдаланади. Булар баъзан табиий белгилар бўлади. (Каркин «Фиест» асарида тасвирлаган «Ер фарзандларининг найзаси» ёки у қўллаган «юлдузлар» шундай. Гоҳо бундай белгилар табиий, туғма бўлмайди, баъзилари одамнинг ўзида (масалан, чандиқлар), баъзилари одам билан бирга (масалан, марварид шодаси ёки «Тиро»даги каби тоғорача бўлиши мумкин).5252
  Афсонага кўра, аждаҳо тишидан дунёга келган кадмликларнинг баданида найза изи бор экан. Мил.авв. IV аср шоири Каркин драмасида Фиестнинг фил суягидай оппоқ елкаси юлдуздай ярақлаб турар экан. Софокл трагедиясида малика Тиро Посейдондан туққан фарзандларини тоғорачага солиб дарёга оқизиб юборади. Бегона элларда ўсган болалар улғайиб ватанига тоғорачани олиб қайтишади, онаси шу белгидан фарзандларини таниб қолади.


[Закрыть]
Аммо бундай воситалардан яхшироқ ҳам, ёмонроқ ҳам фойдаланиш мумкин. Чунончи, бир ўринда энагаси Одиссей оёғини юваётганида чандиғидан билиб қолади, бошқа ўринда эса чўчқабоқарларга Одиссей ўзини танитиш учун чандиқни ўзи кўрсатади. (Охирги мисолдагидай). Белгилар фақат одамнинг кимлигини аниқлаш учун ёки шунга ўхшаш ҳолатлар учун ишлатилса бадиийлиги камроқ бўлади. Улар кескин ўзгариш жараёнида (оёқ ювиши саҳнасидагидай) ўз-ўзидан зоҳир бўлса, бадиийлиги зиёдроқ бўлади. Билиб қолишнинг иккинчи кўриниши шоир томонидан тўқиб чиқарилган, шунинг учун бадиийликдан йироқдир. «Ифигения»да Орест ўзини худди шундай усул билан билдириб қўяди: Ифигения бу ўринда ўзини хат ёрдамида танитади. Орест эса ривоят воқеасидан келиб чиқиб гапирмай, шоир истаги билан гапиради. Шунинг учун бундай билиб қолиш муваффақиятсиз бўлиб, юқорида айтилганлардан фарқ қилмайди. Худди шунингдек, Орест ўзида белгиси бўлганида ҳам худди шундай ҳолатда бадиий заиф бўлур эди (Софоклнинг «Терей»идаги «тўқувчи мокисининг овози»га таққослаб кўринг)5353
  «Тўқувчи мокисининг овози» – Терей томонидан зўрланган ва тили кесиб ташланган Филомела дастгоҳда матоҳ тўқиб, бўлган воқеани тасвирлайди ва шу матоҳни Терейнинг хотини Прокнага юборади.


[Закрыть]
.

Учинчиси – хотиралар орқали билиб қолишдир. Одам бирор манзарани кўрганида нимадир эсига тушиб, ҳаяжонланиб кетади. Дикеогеннинг «Киприяликлар» асарида (қаҳрамон) бир суратни кўриб йиғлаб юборади. «Алкиной ҳузуридаги ҳикоя»да эса қаҳрамон кифарачининг куйини тинглаб, (бошидан кечган) воқеалар эсига тушиб, ҳўнграб йиғлаб юборади. Шу орқали иккиси билиб қолинади.

Тўртинчи хил билиб қолиш хулоса чиқариш орқали содир бўлади. «Хоэфоралар»да шундай: «(Менга) ўхшаш кимдир келди, менга фақат Орест ўхшар эди, демак, Орест келган». Софист Полиид асарида ҳам шундай, унда Орест синглиси қурбонликка берилганидай, ўзи ҳам шу қисматга учраяжаги ҳақида табиий равишда ўйлайди. Феодектнинг «Тидей»ида ҳам (қаҳрамон) «ўғлимни излаб келган эдим, мана ўзим ўляпман», деб ўйлайди. «Финей қизлари»да ҳам аёллар бир жойни кўрганларида, шу жойда кемадан туширилган эдик, шу жойда ўлиб кетсак керак, деб ўз қисматлари ҳақида хулоса чиқаришади5454
  Бу асарларнинг сюжети бизга равшан эмас.


[Закрыть]
. Яна (бешинчи хил) мураккаб билиб қолиш ҳам бўлади, унда қаҳрамон суҳбатдошининг ёлғон хулосаси орқали ўзини танитиб қўяди. «Одиссей – сохта хабарчи»да бир одам (ўзи кўрмаган) ёйни танийман, дейди. Бошқаси «суҳбатдошим ёйни (кўрган экан) танийди», деган ёлғон хулоса чиқаради.5555
  «Одиссей – сохта хабарчи» асари ҳақида ҳам бизда етарли маълумот йўқ.


[Закрыть]

Аммо энг яхши билиб қолиш воқеаларнинг ўзидан келиб чиқувчи ва табиийлиги билан ҳайратга солувчи (олтинчи хил) Софоклнинг «Эдип»и ва «Ифигения»дагидай ҳолатдир. Воқеа шу қадар ишонарлики, Ифигения мактубни (уйига) бериб юбормоқчи бўлади. Фақат ана шундай билиб қолишлар турли тўқиб-чатилган белгиларга ва маржонларга муҳтож бўлмайди, иккинчи ўринда эса хулоса ёрдамида билиб қолиш туради.

XVII
ЖОНЛИ ТАСАВВУР

Шоир фабулани тартибга солиб ва уни сўз билан ифодалаётганида, иложи борича, воқеаларни кўз ўнгида жонли тасаввур қилиши керак; ана шунда шоир гўё воқеаларда ўзи қатнашгандай бўлади, барча зарур тасвирларни излаб топади ва ҳеч қандай мантиқсизликка йўл қўймайди. Бунга исбот сифатида Каркин асаридаги камчиликни кўрсатиш мумкин. Асарда Амфиарай ибодатхонадан чиқади, бироқ бу уни ибодатхонага кирганини кўрмаган томошабин учун мантиқсиз бўлиб қолади, шунинг учун томошабинлар норози бўлишди, драма эса муваффақиятсизликка учради. Ҳатто имо-ишоралар ҳам иложи борича ифодалашга хизмат қилиши керак. Эҳтиросларининг табиати бир хил бўлган қаҳрамонларни тасвирлаган шоирлар кўпроқ ишончга сазовор. Ўзи ҳаяжонлана оладиган шоир томошабинларни ҳаяжонлантира олади, ўзи ғазаблана оладиган киши томошабинларни ҳам ғазаблантира олади. Шунинг учун поэзия – истеъдодли ёки мажнунсифат инсоннинг қисматидир. Истеъдодли одамлар руҳан жуда таъсирчан, мажнунсифатлари эса жазавага мойил бўладилар.

АСАРНИНГ УМУМИЙ ВА ХУСУСИЙ ТОМОНЛАРИ

Шоир асар ёзаётганида (ривоятлар ёки тўқима воқеаларга асосланган) драмаларнинг мазмунини (аввало) умумий тарзда тасаввур қилиши керак, сўнгра эса, унга тафсилотлар қўшиб кенгайтириши зарур. «Умумий тарзда кўриб чиқиш» нима эканлигини «Ифигения» мисолида кўрсатаман. Бир қизни қурбонликка олиб келишади, аммо у қиз қурбонликка келтирувчиларга сездирмай ғойиб бўлади. Бошқа бир ўлкага бориб, ибодатхонада коҳинлик хизматини адо эта бошлайди. Бу ўлканинг одатларига кўра фақат мусофирлар қурбонлик қилинар экан… Маълум вақт ўтгач, бу ерга шу коҳина қизнинг акаси келиб қолади (худо уни қандай сабаб билан бу ёққа юборгани, унинг нима иш билан келгани асар учун аҳамиятли эмас). Йигит бу ёққа келгач, уни тутиб, қурбонликка тайинлашади. Аммо у ўзини танитиб қўяди (Эврипидда табиий равишда йигит «синглим ҳам қурбон қилинган эди, менинг ҳам қисматим шу экан», деб ўзини танитиб қўяди) ҳамда шу билан қурбонликдан қутулиб қолади. Шундан сўнггина қаҳрамонларнинг исмини қўйиб, қўшимча тафсилотлар (ёзиш)га киришиш керак. Аммо бу қўшимчалар (тафсилотлар) ўз ўрнига тушиши лозим. Масалан, Орестнинг жинни бўлиб қолиб, тутилиши, унинг покланиш йўли билан халос бўлиши ўринли тафсилотлардир. Демак, драмаларда тафсилотлар қисқа бўлади, эпос аксинча, чўзиқ тафсилотлар билан кенгайиб кетади. «Одиссея»нинг асосий мазмуни унча кенг эмас. Бир одам кўп йиллар бегона юртларда сарсон бўлиб кезади, уни Посейдон таъқиб қилади, у ёлғиз. Уйида эса куёвлар мол-мулкини талон-торож қилишади ва ўғлини ўлдириш пайига тушишади. Қаҳрамон бўрондан қутулиб, сафардан қайтиб келади, баъзиларга ўзини танитади, душманларига ҳужум қилиб, уларни қириб ташлайди. «Одиссея» асарида асосий мазмуннинг бор-йўғи шу. Қолган воқеалар эса тафсилотлардир.

XVIII
ТУГУН ВА ЕЧИМ

Ҳар қандай трагедияда тугун ва ечим бўлиши зарур.

Драмадан ташқаридаги барча воқеалар, шунингдек, баъзан драманинг ичидаги айрим воқеалар – тугун, қолганлари эса – ечимдир. Мен трагедиянинг бошланишидан то (қаҳрамоннинг) бахтсизликдан бахтиёрликка ёки бахтиёрликдан бахтсизликка томон ўтиш ҳаракати бошланган чегарагача бўлган қисмни тугун деб атайман. Ана шу ўтиш бошланган жойдан (асарнинг) охиригача бўлган қисм – ечимдир. Чунончи, Феодектнинг «Линкей»ида барча аввалги воқеалар, чақалоқнинг сўнгра ота-оналарнинг қўлга олиниши – тугун, қотилликда айбланиш бошланган жойдан асарнинг охиригача – ечимдир.

ТРАГЕДИЯНИНГ ТУРЛАРИ

Трагедиянинг турлари тўртта (қисмлари ҳам шунча деб кўрсатилган эди): 1) мураккаб тўқимали трагедия, бунда ҳамма нарса кескин ўзгариш ва билиб қолишга асосланади; 2) изтироблар трагедияси. Аянт ва Иксион ҳақидаги асар каби; 3) характерлар трагедияси. «Фтиотидалар», «Пелей» каби; 4) ажойиботлар трагедияси. «Форкидалар», «Прометей» ва воқеалари Аидда юз берадиган барча трагедиялар ҳам шу турга киради. Энг яхшиси, мана шу хусусиятларнинг ҳаммасини бириктиришдир, агар бунинг иложи бўлмаса, айниқса, шоирларга ноҳақ ҳужум бошланган ҳозирги пайтда бу хусусиятларнинг кўпроғи ва муҳимроғини танлаш керак. Илгарилари трагедиянинг ҳар қандай соҳаси бўйича (устод) шоирлар бор эди, ҳозир эса бир шоирдан уларнинг ҳаммасини орқада қолдиришни талаб этишяпти.

ЯНА ТУГУН ВА ЕЧИМ ҲАҚИДА

Биз трагедияларни ривоят (тузилиши)га қараб турли хил ёки бир хил дейишга ҳақлимиз. Яъни тугун ва ечим бир хил бўлгандагина трагедияларда ҳам бирхиллик юзага келади. Баъзи (шоир)лар тугунни яхши тугишади, бироқ ечимни уддалай олишмайди, ҳолбуки, иккаласига ҳам моҳир бўлиш керак.

БИР ВА КЎП ФАБУЛАЛИ ТРАГЕДИЯЛАР

Аввал ҳам неча қайта таъкидланганидек, эпик таркибли (яъни кўп ривоятлардан ташкил топган) трагедиялар ёзиш керак эмаслигини унутмаслик керак. Масалан, бирон-бир шоир томонидан трагедия учун «Илиада» ривоятини яхлитлигича қамраб олиш ўринсиздир. Эпосда умумий кенглик бўлгани учун ҳар бир қисм ўзига яраша ҳажмга эга бўлади. Драмаларда эса шоир ўйлаганидай бўлмайди. Қанчадан-қанча шоирлар «Илионнинг қулаши»ни ёки «Ниоба»ни тўлиғича кўрсатишга интилиб, муваффақиятсизликка учраши, мусобақаларда енгилиши бунинг исботидир. Ҳатто Агафон ҳам фақат шу сабабдан муваффақиятсизликка учради. Фақат Эврипид «Илионнинг қулаши»ни, Эсхил эса «Ниоба»ни қисм-қисм қилиб кўрсатганлари учун муваффақият қозондилар ва мусобақаларда енгиб чиқдилар. Ҳолбуки, ана шу (трагик шоир)лар фожиийликни ва (ҳеч бўлмаса) одамийликни кескин ўзгаришлар – перипетиялар ва оддий воқеалар орқали аъло даражада кўрсата олар эдилар. (Одамийлик деганда Сизиф каби ақлли, лекин нуқсонли одамнинг алданиши ёки жасур, лекин адолатсиз кишининг енгилиши кўзда тутилади. Чунки униси ҳам, буниси ҳам эҳтимолликдан узоқ эмас. Агафон айтгандай, «кўпгина ғайритабиий нарсаларнинг ҳам юз бериши табиийдир».)

ВОҚЕАДА ХОРНИНГ РОЛИ

Хорни ҳам актёрлардан бири деб ҳисоблаш керак. Хор яхлит нарсанинг бир қисми бўлиб, воқеада Эврипиддагидай эмас, балки Софоклдагидай қатнашуви лозим. Бошқа шоирларнинг асарларида эса хор муайян трагедияга қанча алоқадор бўлса, бошқа трагедияларга ҳам шунчалик алоқадор. Шунинг учун уларнинг асарларида хор қўшимча қўшиқларни куйлайди. Бунга Агафон асос солган. Ростдан ҳам қўшимча киритилган қўшиқлар куйлаш билан бутун бир монолог ёки ҳатто эпизодни трагедиядан трагедияга кўчириб юриш ўртасида нима фарқ бор?

XIX
ТИЛ ВА ФИКР

Шундай қилиб, кўп нарсалар ҳақида айтилди; тил ва фикр ҳақида гапириш қолди, холос. Аммо фикрга тааллуқли нарсаларга риторикада тўхталиш керак эди, чунки булар риторика таълимотига тегишлидир. Сўз билан эришиладиган нарсаларнинг ҳаммаси фикр (соҳаси)га тегишлидир. Хусусан, бу соҳа – исботлаш ва рад этиш, эҳтиросли туйғуларни (бирга қайғуриш, қўрқув, ғазаб ва ҳоказолар каби) уйғотиш, шунингдек, улуғлаш ёки камситиш сингари вазифаларни ўз ичига олади. Табиийки, воқеаларни тасвирлаганда ҳам, аянчли ёки қўрқинчли, буюк ёки оддий нарсаларни кўрсатганда ҳам ўша тушунча (идеал)лардан келиб чиқиш керак. Лекин фарқ шундаки, (трагедияда) воқеалар равшан ва ўгит (дидактика)сиз кўрсатилиши лозим. Нутқ замиридаги фикрлар эса гапирувчи шахс орқали гавдаланади ва унинг нутқи давомида юзага келади. Ҳақиқатан, агар ҳамма иш қаҳрамоннинг нутқисиз ҳам битадиган бўлса, гапирувчи бу ерда нима қилар эди?

Нутққа тегишли бир масала борки, у (поэтикага эмас) талаффуз санъатига ва нутқ тузиш билимларига алоқадордир. Бу – нутқ майлларидир: буйруқ, илтижо, ҳикоя, дўқ-пўписа, савол, жавоб ва ҳоказолар. Бундай нарсаларни билиш ёки билмаслик поэтик санъат учун арзирли ҳеч қандай эътироз уйғотмайди. Маълумки, Протагор: «Куйлагил, маъбуда Ахилл ғазабин…» сўзларида Ҳомер илтижони ифодаламоқчи бўла туриб, буйруқни ифодалаган, ахир нима қилиш керагу, нима қилмаслик кераклиги буйруққа хос-ку, деб таъна қилган эди. Аслида бундай нарсаларни хато деб бўлмайди. Поэтикага эмас, бошқа фанга тааллуқли бўлгани учун бундай нарсалар устида тўхталиб ўтирмаймиз.

XX
НУТҚ БЎЛАКЛАРИ

Умуман, нутқ қуйидаги бўлакларга бўлинади: асосий товуш, бўғин, боғловчи, бўлак (аъзо), от, феъл, келишик, гап. Асосий товуш бўлинмас товушдир. Ҳар қанақа эмас, балки англанган товуш ҳарф бўла олади. Ҳайвонларда ҳам бўлинмас товушлар бор, аммо мен у товушларнинг биронтасини товуш демайман. Унли, ундош, унсиз товушлар бор. Лабнинг иштирокисиз эшитиладиган товуш унли бўлади, лабнинг иштирокида эшитиладиган товуш ундош бўлади. З ва R каби; (ҳатто) лабнинг иштироки билан ўзи жарангламай, бошқа товушлар билан келганида эшитиладиган товуш унсиз товуш бўлади. K ва T каби. Барча товушлар оғизнинг вазиятига, (пайдо бўлиш) ўрнига, нафаснинг қуюқлиги ва енгиллигига, узун ва қисқалигига, урғунинг ўткирлиги, оғирлиги ва ўртачалигига қараб бир-биридан фарқланади; аммо буларнинг тафсилотлари вазнда ўрганилади.

Бўғин унсиз товушлардан ва унли ёки ундош жарангли товушлардан ташкил топган маъносиз бирикмадир. Г, Р товушлари А сиз ҳам, А билан ҳам (ГРА) бўғин бўла олади. Дарвоқе, бўғинларнинг фарқларини ўрганиш ҳам вазнга тааллуқлидир.

Боғловчи (1) мустақил маънога эга бўлмаган кўп сонли товуш билан маънони билдирувчи бирон сўзнинг ясалишига халақит этмайдиган ва кўмаклашмайдиган сўздир. У гапнинг охирида ва ўртасида келиши мумкин, гап бошида эса мустақил келолмайди (фақат бошқа сўз билан қўшилиб келади). Боғловчи (2) бир неча (мустақил) маъноли сўзлардан битта (мустақил) маъноли гап туза оладиган (мустақил) маъноли (кўмакчи) сўздир.

Аъзо (бўлак) (1) гапнинг бошини, охирини ёки бирор бўлагини билдирувчи (мустақил) маъно англатмайдиган сўздир. Ёки (2) кўпгина сўзлардан иборат (мустақил) маъно англатувчи гап ясалишига халақит этмайдиган ва кўмаклашмайдиган, (мустақил) маъно англатмайдиган сўздир.

От – мураккаб, (а) маъно англатувчи, (б) замонни билдирмайдиган, (в) қисмлари ўз-ўзидан маъно англатмайдиган (г) сўздир. (Чиндан ҳам ясама сўзларда уларнинг қисмлари мустақил маъно англатмайди. Феодор сўзидаги «дор» мустақил (берди деган) маъно англатмайди. (Юнонча Феодор – Худойберди дегани.)

Феъл – мураккаб (а), маъно англатувчи (б) замонни англатувчи, (в) отлардаги каби, қисмлари маъно англатмайдиган (г) сўздир. Чунончи, «одам» ёки «оқ» (сўзлари) замонни англатмайди, «боряпти» ёки «келди» сўзлари бошқа хусусиятларидан ташқари, ҳозирги ёки ўтган замонни ҳам англатади.

Келишик. От келишиги ёки феъл келишиги – Кимни? Кимга? Ва ҳ.к. саволларга жавоб берувчи ёки бирлик, ёки кўпликни англатувчи (масалан, «кишилар» ва «одам») каби от келишиклари ёинки талаффуз оҳангини билдирувчи (сўроқ ё буйруқ «келдинг?» ёки «бор!» каби хилдаги) феъл келишикларидир.

Гап эса мураккаб (а) мустақил маъно англатувчи, (б) қисмлари ҳам мустақил маъно англатувчи (в) сўзлар йиғиндисидир (гарчи ҳар қандай гап феъллар ва отлардан тузилмаса-да, масалан, одамни сифатлаш каби феълсиз тузилса-да, бари бир гапда ҳамиша маъно англатувчи бўлаклар бўлади). Масалан, «Клеон келяпти» гапидаги «Клеон» сўзи. Гап битта бўлса ҳам турли маъноларда ё битта нарсани, ё кўп нарсаларнинг йиғиндисини ифодалаб келиши мумкин. Масалан, «Илиада» кўп нарсаларнинг йиғиндисини ифодаловчи битта сўз бўлса, инсонни сифатлаш эса якка нарсани англатади.

XXI
ОТЛАРНИНГ ТУРЛАРИ

От икки хил, содда ва мураккаб бўлади. Мен мустақил маънога эга бўлмаган қисмлардан ташкил топганини содда от деб атайман. Масалан, «тупроқ». Мураккаб от эса мустақил маъно англатувчи ва (яъни мазкур сўздан ташқарида мустақил маънога эга ёки эга бўлмаган), ёки бир неча мустақил маъно англатувчи қисмлардан ташкил топади. Бундай қисмлар учта, тўртта ёки ундан ортиқ бўлиши мумкин. Кўпинча «Гермокаикоксанф» каби дабдабали сўзлар шундай бўлади.

Ҳар қандай от кенг қўлланиладиган ёки ноёб, кўчма маъноли, ёки безакли, ёки тўқима, ёки узун, ёхуд қисқа, ёинки янги ясалган бўлиши мумкин.

Ҳамма ишлатадиган сўзларни кенг қўлланиладиган ва барча ишлатмайдиган сўзларни ноёб сўзлар деб атайман. Табиийки, бир сўз баъзи одамлар орасида кенг қўлланилиши, бошқа одамлар орасида кам қўлланилиши мумкин. Чунончи, дротик (ханжар) сўзини Кипр аҳолиси кенг истифода қилади, биз учун эса бу ноёб саналади.

Кўчма сўз (метафора) – нарсага хос бўлмаган, жинсдан турга ёки турдан жинсга, ёхуд турдан турга кўчирилган, ёинки ўхшатилган сўздир.

1. Жинсдан турга кўчирилган сўзларга «Ана, менинг кемам ҳам турибди…» жумласи мисол бўла олади. Бу ерда умуман «турибди» сўзи «лангарда турибди» хусусий маъносини англатади.

2. Турдан жинсга кўчирилган сўзлар. «Минглаб шавкатли ишларни қилди. Одиссей…» жумласидаги «минглаб» сўзи умуман «кўплаб»нинг хусусий ҳолати бўлгани учун бу ўринда «кўплаб» маъносини англатади.

3. Турдан турга кўчирилган сўзлар. Масалан, «Мис билан жонини бўшатиб» ва «сув заррасин чарчамас мис билан кесиб». Биринчи ҳолда «бўшатиб» сўзи «кесиб» маъносида, иккинчи ҳолда «кесиб» сўзи «бўшатиб» деган маънода келяпти.

4. Ўхшатилган сўзлар. Бу ерда мен иккинчи сўз биринчисига қанчалик алоқадор бўлса, тўртинчи сўз учинчисига шунчалик алоқадор бўлган ҳолни назарда тутаман. Шунинг учун (шоир) иккинчи сўз ўрнига тўртинчини ёки тўртинчи сўз ўрнига иккинчисини айтиши мумкин. Гоҳо бунга алмаштирилган сўзга алоқадор бўлган сўз ҳам қўшилади. Масалан, коса Дионисга қанчалик алоқадор бўлса, қалқон Аресга шунчалик алоқадор. Шунинг учун косани «Дионис қалқони», қалқонни эса «Арес косаси» дейиш ҳам мумкин. Ёки, масалан, қарилик билан умр алоқаси шом билан кундуз алоқасига ўхшайди. Шунинг учун шомни «кундузнинг» қарилиги (ёки Эмпедоклдаги каби), қариликни эса «умр шоми» ёки «ҳаётнинг сўниши» дейиш мумкин. Таққосланган тушунчаларнинг баъзилари доимий исмга эга бўлмаса ҳам ўхшатиш маъносида номланавериши мумкин. Масалан, деҳқоннинг уруғ сочишини «экиш» деймиз. Қуёшнинг нурларини сочиши алоҳида номланишга эга бўлмаса-да, «экиш» экувчига қандай қўлланилса, шу сўз қуёшга нисбатан ҳам қўлланилиши, «Тангри ато этган нурларни экиб» дейилиши мумкин. Бундай кўчма ибораларни бошқачасига ҳам тузиш мумкин. Бирон тушунчага хос бўлмаган сўзни қўшиб, унга хос бўлган сўзни айриб ишлатиш ҳам мумкин. Масалан, қалқонни «Арес косаси» дейиш ўрнига «вино қуйилмайдиган коса» деб ишлатиш ҳам мумкин.

Янги сўз – ҳеч қачон ҳеч ким қўлламаган, фақат шоир томонидан қўлланилган, ўйлаб топилган сўзлардир. Масалан, «шохлар», ўрнига «мугизчалар», «коҳин» ўрнига «дуогўй» кабиларнинг қўлланиши шунга монанддир.

Чўзилган ёки қисқарган сўзлар: 1. Узайган сўз унли товушни керагидан ортиқ чўзганда ёки ортиқча бўғин қўшганда ҳосил бўлади. (Масалан, «посбон»даги «о»ни чўзиб ёки «посибон» деб «и» қўшиб ўқиганда сўз чўзилади.) 2. Қисқарган сўзлар – баъзи сўзларнинг бир қисми вазн, оҳанг талаби билан тушириб қолдирилади. (Масалан, «лекин» ўрнига «лек», «ва лекин» ўрнига «вале» каби.)

Ўзгарган сўзлар – кўп ишлатиладиган сўзнинг бир қисми ўзича қолдирилиб, бошқа қисми тўқиб чиқарилади. Масалан, ўнгга дейиш ўрнига, ўнг кўкракка каби.

Номлар аслида эркакча, аёлча ва ўрта жинсда бўлади. Кўпинча, охири унсиз П, Н билан тугаган, шунингдек, Ф, Е билан бирга келувчи мураккаб сўзлар эркак жинсида бўлади. Аёл жинсидаги исмлар ҳамиша чўзиқ ва унлилар билан, чўзилувчилардан эса А товуши билан тугайди. Шундай қилиб, эркак ва аёл жинсидаги сўз охирларининг сони бир хил, чунки Ф ва Е ҳарфларининг ҳар иккиси ҳам бир хилдир. Ҳеч бир исм унсиз ва қисқа унли ҳарфлар билан тугамайди, И билан эса фақат учта исм тугайди (мис, камед, қалампир), У ҳарфи билан эса бешта, ўрта жинсдаги отлар эса юқоридаги ҳарфлар билан, шунингдек, (А), Н, (Р) Е билан тугайди.

XXII
СЎЗ ТАНЛАШ

Тубан бўлмаган, тушунарли нутқ қимматли нутқдир. Энг тушунарлиси ҳамма ишлатадиган сўзлардан тузилган нутқдир. Аммо бундай нутқ тубан бўлади. Масалан, Клеофонт ва Сфенел поэзияси шундай. Муносиб ва кўп ишлатилмаган ифода кутилмаган, ғалати сўзлардан фойдаланиш орқали келиб чиқади. Мен кўп қўлланиладиган ҳамма сўзлардан бошқасини; ноёб сўзлар, метафора, чўзилган ва бошқа сўзларни ғалати деб атайман. Лекин кимдир бутун нутқни шундай асосда тузса ё топишмоқ, ё варваризм келиб чиқади. Кўчма сўзлар, метафоралардан ташкил топса, топишмоқ, ноёб сўзлардан ташкил топса, варваризм юзага келади. Амалда топишмоқнинг моҳияти ҳақиқатан мавжуд бўлган нарса тўғрисида сўзлаш, шу билан бирга, бутунлай мумкин бўлмаган нарсаларни бирлаштиришдир. Бунга (кўп қўлланиладиган) сўзлар воситасида эришиб бўлмаса, метафоралар орқали мумкин, масалан:

«Қалқон билан инсонни олов-ла бириктирган Эрни кўрдим мен».

Ва бошқалар. Ноёб сўзлардан эса варваризм пайдо бўлади. Шундай экан, бу ифодаларни қандай бўлмасин, қориштириш лозим: бир томондан ноёб, кўчма маънодаги, безак ва бошқа қайд қилинган сўзлар нутқни сийқа ва тубан бўлишдан сақласа, бошқа томондан кўп қўлланадиган сўзлар (унга) аниқлик беради. Ифоданинг аниқ, равшан ва ажойиб бўлишини таъминлашда узайган, қисқарган ва ўзгарган сўзлар ҳам самарали таъсир қилади. Бундай сўзлар, кўп қўлланиладиган сўзлар, нисбатан, одатдагидан ўзгачароқ бўлиб, бошқачароқ эшитилади ва шунинг учун нутқни сийқалаштирмайди, одатдаги сўзлар билан муштарак бўлгани учун унга аниқлик киритади.

Шу маънода баъзиларнинг эътироз билдириб, бундай сўз қўллашни танқид қилишлари ва комедияларда шоирлар устидан кулишлари адолатдан эмас. Катта Эвклид унли товушларни ўз хоҳишимча узайтиришга рухсат этсалар, шеър ёзиш унча қийин иш эмас, деб шоирларни таҳқир қилган эди. Бу ифода усулини таҳқир этиб, у ўзи топган бўғинларда шеърлар ҳам ёзди:

Э – эпихарни мен Ма-арафон йўлида кўрдим…

У – унинг попук гули ме-енга ёқмайди…

Ҳар ҳолда бундай ифода усулидан бемеъёр фойдаланиш кулгили, зеро, ҳамма вақт ифоданинг турларида меъёр бўлиши лозим. Ҳақиқатан метафора, ноёб сўзлар ва бошқа сўзлардан кулги қўзғатиш мақсадида, дидсиз ва атайлаб фойдаланган киши Эвклиддек таъсирчанликка эришган бўлур эди. Лекин (бу ифодаларнинг) ўринли қўлланилиши бутунлай бошқа масала. Эпик поэзияда вазнга солинган ноёб сўзлар, метафора ва ифоданинг бошқа шаклларини кўп қўлланиладиган сўзлар билан алмаштириб кўрган ҳар қандай киши бизнинг сўзларимизнинг адолатли эканлигига ишонади. Масалан, Эсхилда ҳам, Эврипидда ҳам ямбда битилган бир хил шеърлар бор. Аммо шу шеърдаги биргина кўп қўлланиладиган сўз ўрнига ноёб сўз алмаштириб қўйилса, бир шоирнинг шеъри гўзал, бошқасиники дағал кўринади. Эсхил «Филоктет»ида:

«Оёғим суягин яра ейди абадий»,

– дейди. Эврипид эса «ейди» ўрнига «маза қилиб ейди»ни қўяди. Худди шунингдек:

«Нима? Мени пакана, таъвия, заиф одамча…»

мисраси ўрнига кимдир кўп қўлланиладиган сўзлар билан:

«Нима? Мени арзимас таъвия, арзимас киши…» дейиши ёки:

«Унга кўримсиз курси ва митти столни суриб» мисраси ўрнига кимдир:

«Унга хунук курси ва кичик столни суриб» дейиши мумкин.

Ёки «қирғоқ увлайди» бирикмаси ўрнига «қирғоқ қичқиради» деса ифода ўзгаради. Арифрад ҳеч ким томонидан суҳбатда ҳам қўлланмайдиган… каби ифодалардан фойдаланганликлари учун трагикларни масхара қилади. Аслида шунга ўхшаш ифодалар кам қўлланилгани учун нутқдаги сайқаллик йўқолади. Мазахчи эса буни билмайди. Кўрсатилган (ифода усулларининг) ҳаммасидан, мураккаб ва ноёб сўзлардан, айниқса, кўчма сўзлардан ўринли фойдаланишнинг аҳамияти катта: фақат бошқалардан кўчириб ишлатиш ярамайди.

Кўчимларни моҳирона ишлатиш истеъдод белгиси, яхши метафоралар кашф этиш учун нарсалардаги ўхшашликни пайқаш зарур. Мураккаб сўзлар кўпроқ дифирамба учун, ноёб сўзлар қаҳрамонлик шеърларига, метафоралар эса ямб шеърларига мос келади. Дарвоқе, юқорида санаб ўтилган сўзларнинг ҳаммасини қаҳрамонлик ҳақидаги шеърларда қўлланса бўлади. Жонли тилда фойдаланиладиган ҳамма сўзлар ямбдаги шеърларга мосдир, чунки бу (шеърлар) хусусан (жонли) тилга тақлид этади, кўп қўлланиладиган сўзлар, метафоралар ва безовчи сифатлашлар шундайдир.

Шундай қилиб, трагедия тўғрисида ва ҳаракат орқали акс эттириш ҳақида айтилганлар билан чегараланамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации