Электронная библиотека » Федерико Гарсиа Лорка » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Энг қайғули шодлик"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 03:20


Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +
КАЛТАКЛАНГАН ЛЎЛИ АЙТГАН ҚЎШИҚ
 
Йигирмата, йигирма икки,
қулочкашлаб учта зарб яна.
Тун келганда пўла жисмимни
зарқоғозга ўраб қўй, эна!
 
 
Томоғимга тикилди жоним,
сув берингиз, майли, бир қултум.
Балиқлари, кемалари-ла
сув берингиз, сув берингиз, сув!
 
 
Ай, тепамда ўтирган катта,
ай, жандарм, ай, катта бошлиқ.
Жисмимдаги қонни артгани
топиларми дунёда ёшлиқ!
 
АМАРГО БИЛАН ГУРУНГ
(Дашт)
Садо
 
Амарго.
Уйимдаги толгулим.
Юраги – аччиқ мағиз.
Амарго.
 

(Сербар қалпоқли уч йигит пайдо бўлар.)

Биринчи йигит

Қоронғига қолдик.

Иккинчи йигит

Ҳадемай тун келар.

Биринчи йигит

Шеригимиз қани?

Иккинчи йигит

Орқароқда келяпти.

Биринчи йигит (Чақирар.)

Амарго!

А м а р г о. (Баланд овозда.)

Ҳозир!

Иккинчи йигит. (Чақирар.)

Амарго!

А м а р г о. (Оҳиста.)

Ҳозир!

(Жимлик.)

Биринчи йигит

Зайтунзорни қара!

Иккинчи йигит

Жудаям гўзал!

(Жимлик чўзилади.)

Биринчи йигит

Кечаси юришни ёқтирмайман.

Иккинчи йигит

Менам.

Биринчи йигит

Тунда фақат ухлаш керак.

Иккинчи йигит

Тўғри айтасан.

(Андалус ёзини қурвақалар қуриллаши ва чигирткалар чириллаши босар. Амарго қўлларини белига тираб йўл босар.)

Амарго
 
Ай яйяйяй.
Сўроқладим ўлимимни.
Ай яйяйяй.
 

(Унинг дўриллаган овозини эшитган шерикларини совуқ тер босар.)

Биринчи йигит

Амарго!

Иккинчи йигит. (Эшитилар-эшитилмас.)

Амарго-о-о!

(Жимлик.)

(Амарго йўлда бир ўзи. Катта-катта кўк кўзларини қисар-да, калта чакмонини белига боғлар. Баланд тоғлар қуршовида қолар. Йўл босар-да чўнтагидаги соатнинг тобора баландлаб бораётган овозини эшитар. Шу пайт отини ўларига қарамай чоптирган бир сувори Амаргога етар.)

Сувори. (От жиловини тортар.)

Ҳорманг, оғайни!

Амарго

Бор бўлинг!

Сувори

Ғарнотагами?

Амарго

Ғарнотага.

Сувори

Йўлимиз бир экан-да?

Амарго

Ҳа, бир экан.

Сувори

Отга мингашволинг!

Амарго

Ҳали чарчаганим йўқ.

Сувори

Малагадан келяппан.

Амарго

Малагадан денг.

Сувори

Малагада оғаларим бор.

А м а р г о. (Ғамгин.)

Кўпчиликми?

Сувори

Учта. Уччовиям пичоқчи. Пичоқнинг бозори чаққон. Омадлари кеган.

Амарго

Кўз тегмасин.

Сувори

Пичоқмисан пичоқлар-да, олтиниям, кумушиям..

Амарго

Нимадан бўлгандаям, бари бир, пичоқ – пичоқ-да.

Сувори

Хато сўйладингиз.

А м а р г о

Кечириб қўясиз…

С у в о р и

Олтин пичоқлар юракка осонгина санчилақолади, кумуши эса бўғизни новдадай узиб ташлайди.

А м а р г о

Демак, нон кесгани ишлатилмасакан-да.

Сувори

Эрлар нонни қўлда синдиради.

Амарго

Бу тўғри…

(От безовталанар.)

Сувори

Дрррр, тўхта!

Амарго

Қоронғи-да.

(Дўнгир йўл от кўланкасини илондай чўзиб кўрсатар.)

Сувори

Пичоқ берсам олармидинг?

Амарго

Керакмас.

Сувори

Совға қиламан-ку.

Амарго

Совға бўлсаям.

Сувори

Зорим бор, зўрим йўқ.

Амарго

Ким билади.

Сувори

Бошқа пичоқлар бир пулга арзимас. Бошқаларнинг пичоқлари қондан қўрқар. Бизникилар яхдай, тушундингми, санчилмасданоқ энг қайноқ жойни танлайдилар-да, ўша жойда қоладилар.

(Амарго жимир. Бир бўлак олтин ёмбисини ушлагандай ўнг қўли музлай борар.)

Сувори

Чиройли пичоқ!

Амарго

Қиммат бўса керак?

Сувори

Мундақасини берайми?

(Олтин пичоқ кўрсатар, пичоқ учи шамнинг ёлқинидай совуқ ялтирар.)

Амарго

Йўқ дедим-ку!

Сувори

Мингашвосанг-чи!

Амарго

Чарчаганим йўқ.

(От тағин тапир-тупир қилиб безовталанар.)

Сувори

Нима бало бўлди ўзи. (Жиловни тортар.)

Амарго

Қоронғи-да.

(Жим юрадилар.)

Сувори

Боя айтганимдай Малагада уч оғам бор. Ишнинг кўзини билишади. Биргина жоменинг ўзиёқ бутун меҳробларни ва қўнғироқ минорасини безашга икки минг пичоқ сотвопти. Пичоқларга кемалар исми ўйилган. Камбағалроқ балиқчилар ойдин кечаларда балиқ ўрнига бизнинг пичоқлар ёриб ташлаган мурдаларни тутармиш.

Амарго

Чиройли!

Сувори

Чиройлиям гапми.

(Тун юз йиллик чоғирдай қуюқлашар. Жануб осмонининг баҳайбат илони бир кўзини оча бошлар. Ухлаётганлар минг хил хуш бўйларни шопира турган кенгликларнинг жодуваш оғушларига манзарларидан ўзларини отиб, бўғилиб ўлишдай чидаб бўлмас бир истакдан безовта.)

Амарго

Йўлдан адашганга ўхшаймиз.

Сувори. (От жиловини тортар.)

Шунақа шекилли.

Амарго

Гап билан бўлиб…

Сувори

Анов ёқда Ғарнота чироқлари.

Амарго

Қайдам.

Сувори

Дунё ҳам катта-да.

Амарго

Худди қирон келгандай.

Сувори

Бу сўзлар сенга ярашар!

Амарго

Юрагим сиқилар. Ай яйяйяй!

Сувори

Чунки кеп қолдинг. У ёғда нима қиласан?

Амарго

Нима қиласан?

Сувори

Ўз жойингда туриб, тағин нега бошқа жойга борасан?

Амарго

Нега борасан?

Сувори

Мана, мен, отда юриб, пичоқ сотаман, агар шундай қилмасам, нима ўзгарар?

Амарго

Нима ўзгарар?

Сувори

Ғарнотагаям етиб келдик.

Амарго

Наҳотки?

Сувори

Қара, деразалар ёруғ…

Амарго

Чинданам…


Сувори

Энди йўқ демасдан отга мингашарсан?

А м а р г о

Тағин озгина…

Сувори

Мингаша қосанг-чи. Тезроқ. Тонг ёришмасдан улгуриш керак… Ҳозирча манави пичоқни ол. Мендан совға!

Амарго

А-аа-ай!

(Икковлон бир отда Ғарнотага туташган қияликдан тушиб боради. Олис депарадаги тоғлар тиканак ва газандаларга бурканиб кўринар.)

АМАРГОНИНГ ЭНАСИ АЙТГАН ҚЎШИҚ
 
Хурмо, толгулларим оппоқ рўйжамга
боламни йўргаклаб баланд кўтарган.
 
 
   Йигирма еттинчи августнинг туни.
Тилло пичоқчада сўйдилар уни.
 
 
   Хоч. Қайғу йўлида яёв борамиз,
манглайи қорайди ҳам қорамағиз.
 
 
   Қўшнилар, илтимос, ёмон бўзладим,
берворинг шарбатли қора кўзани.
 
 
   Хоч. Энди йиғламанг, айтинг ҳаммага,
энди ойда ётар шўрлик Амаргом.
 

БИРИНЧИ ҚЎШИҚЛАР
(1922)

ЎРАМАЛАР
ЎРАМА
 
Сарвзор.
(Қорамтир сув.)
 
 
     Теракзор.
(Биллур сув.)
 
 
     Толзор.
(Чуқур сув.)
 
 
     Юрак.
(Қорачиқ суви.)
 
СЎНГГИ ҚЎШИҚ
 
Тун келди…
 
 
    Зулматнинг сандонида
Ой ёғдуси пориллар.
 
 
    Тун келди…
 
 
    Кийди ўктам тераклар
шамолнинг навосини.
 
 
    Тун келди…
 
 
    Келсайдинг сайҳонликка
қўшиқлар сўқмоғидан.
 
 
    Тун келди…
 
 
    Тўртта терак тагида
йиғлар эдинг бошимда.
Тўртта терак тагида
чўмардим кўзёшингга.
 
ТЎЛИНОЙ
 
Ой сузади. Юлдузлар
Исинар дам ҳавода.
Мавж тўрларин кесганча
тебранади ой сойда.
Ойни кўзгу деб ўйлаб,
эгилади тар новда.
 
ТЎРТ САРИҚ МАНЗУМА
I
 
Баланд тоғ қулласида
ям-яшил, кўркам оғоч.
 
 
        Чўпон келар,
        чўпон ўтар.
 
 
    Зайтунзор тушларида
жазиллаган бир воҳа.
 
 
        Чўпон келар,
        чўпон ўтар.
 
 
    На сулуви, кўппаги,
на ҳасса, подаси бор.
 
 
        Чўпон келар.
 
 
    Йўқолар тилла доғдай
буғдойзор орасида.
 
 
        Чўпон ўтар.
 
II
 
Сарғайиб кетди
замин.
 
 
        Соя бор, соя бор,
        чўпонвой.
 
 
    На юлдуз нури бор,
на оппоқ ой сузар.
 
 
        Соя бор, соя бор,
         чўпонвой.
 
 
    Қорача қиз токларнинг
кўзёшларин узади.
 
 
        Соя бор, соя бор,
         чўпонвой.
 
III
 
        Икки қизғиш ҳўкиз
        олтин далада.
 
 
         Юришлари
қадим занглар
садосидай оғир, равон,
кўзлари қуш кўзларидай.
Яралгандир улар тонгги
тумонлар-чун бироқ ҳорғин
таналари тешиб ўтар
ёзги ҳаво норанжзорин.
Қадимийдир ва хўжасиз
туғилгандан бу жонворлар,
салқиб қолган биқинлари
қанотларни ёдга солар.
Хўрсинарлар оғир-оғир,
соғиниб Руф далаларин,
кечув излаб –
мангу кечув,
маст бўлишар ёғдулардан,
кавшаб-кавшаб жолаларин.
 
 
        Икки қизғиш ҳўкиз
        олтин далада.
 
IV
 
        Бобуназор осмон
         оралаб кездим.
 
 
        Тушимда ўзимни
валидек сездим.
Қўлимга тушганда
тўлиной мовий,
баландроқ самога
қўниб юбордим,
худо менга берди
варду ҳаворий.
 
 
        Бобуназор осмон
        оралаб кездим.
 
 
       Мана ўнгимда ҳам
кездим далада,
озурда қизчалар
бошини силаб,
олтин танга бердим
ҳар бир болага.
 
 
        Бобуназор осмон
        оралаб кездим.
 
ПАЛИМПСЕСТЛАР
I
ШАҲАР
 
Ёпилди асрий ўрмон
шаҳар узра.
Аммо ўсар бу ўрмон
теран сувда.
 
 
       Новаклар чийиллаб
учар ҳар қайда.
Оқ буталар аро
овчилар дайдир.
 
 
       Янги уйлар устида
қарағайлар сурони,
қийшайгану ойнаванд
нилийлиги осмоннинг.
 
II
ЙЎЛАК
 
Йўлакдан эрта наҳор
чиқади икки сенёр.
 
 
         (Осмон
         навқирон,
         олтин
         чароғон.)
 
 
        Икков юравердилар,
зиёратчи эдилар.
 
 
         (Осмон
         оташгоҳ,
         кўм-кўк,
         кўк сиёҳ.)
 
 
        Жимжит юравердилар,
қуш овловчи эдилар.
 
 
         (Ҳарир
         осмон.
         Ранги
         сомон.)
 
 
        Улар равон одимлар,
иккови ҳам…
 
 
        Қорайди борлиқ.
 
III
БИРИНЧИ САҲИФА
 
Ёришгин, сув,
тобора!
 
 
     Мунча тиниқ
норанж!
 
 
     Янада кўкар,
ёриш, сув.
Кўкда мунча кўп
учар қуш!
 
 
     Сув,
осмон.
 
 
     Мунча яшил сайҳон!
 
 
     Осмон,
сув.
 
 
     Жавдар мунча
тар, сулув!
 
СОАТ
 
Нафасни ростлай деб
ўтирдим вақт даврасида.
Қандай тинч макон!
Оқ доирада
оқ ором,
учар юлдузлар ҳам.
Сузар атрофимда
ўн икки қора рақам.
 
АСИРА
 
Эгилади нозик
шохчалар
юрганида қизалоқ –
ҳаёт.
Эгилади нозик
шохчалар.
Оппоқ қўлларида
офтоб кўзгуси.
Нафис манглайида
сабоҳ ёғдуси.
Оқшом қорайганда
адашиб қолар,
кўздан шудринг тўкар
тун асираси.
Эгилади нозик
шохчалар.
 

ҚЎШИҚЛАР
(1921–1924)

НАЗАРИЯЛАР
ЕТТИ РАСИДА ҚЎШИҒИ
(КАМАЛАК НАЗАРИЯСИ)
 
Бир қўшиқ куйлайди
етти расида.
 
 
    (Оқшом гумбазида
оқшом суврати.)
 
 
    Етти овозли жон –
етти расида.
 
 
    (Оқ ҳавода етти
узун қуш расми.)
 
 
    Аста жон беради
етти расида.
 
 
    (Нега тўққизта ё
йигирматамас.)
 
 
    Оқизиб кетар сой,
ҳеч ким сўрамас.
 
УМУМИЙ МАНЗАРА
 
Шивит, илон, қамиш,
ҳид ва из, соя,
ҳаво, ер, ёлғизлик.
 
 
      (Ойга уч зипапоя.)
 
ҲАММАНИНГ ҚЎШИҒИ
 
Шанба.
Боғ бўсағаси.
 
 
      Якшанба.
Бўз кун.
Бўзарган кун.
 
 
      Шанба.
Нилий гумбазлар.
Эпкинлар.
 
 
      Якшанба.
Денгизу соҳиллар.
Белгилар.
 
 
      Шанба.
Уруғлар
титроғи.
 
 
      Якшанба.
(Севгимиз сарғайди
охир.)
 
(ҚЎШИҚ ЁҒДУ БЎЛМОҚЧИЙДИ)
 
Қўшиқ ёғду бўлмоқчийди,
жисмин тешар фосфор ва ойнинг
ришталари қоронғиликда.
Ёғду не бўлишин билмас,
ёқут кенгликларни айланган пайтда
тўқнашиб кетади ўзига-ўзи
ва ҳамиша ўзига қайтар.
 
ОТ ЎЙИНИ
 
Учар байрам чархида
байрам куни қуюндай,
гоҳ олға, гоҳ орқага
айланар от ўйинда.
 
 
            Мовий ҳайит.
Оппоқ арафа.
 
 
            Бегим кунлар илондай
ташлаб туради пўстин,
байрамлар улгуролмас,
улгура билмас, рости.
 
 
            Мовий ҳайит.
Оппоқ арафа.
 
 
            Ахир очиғин айтсак,
байрамлар жуда қари,
муҳайяру духоба
киймоқни суяр бари.
 
 
            Мовий ҳайит.
Оппоқ арафа.
 
 
            Биллур юлдузлар аро
тойчоқларни боғлаймиз,
бу лола, олис-олис
диёрдан келди, деймиз.
 
 
Қоплонларга ўхшайди
ола-була тойчоқлар.
Қандай шириндир норанж,
сариқдир ой пўстлоғи.
 
 
Тезроқ, тезроқ Марко Поло!
Тойчоқларда йўл олар
ҳали дунё билмаган
ўлкаларга болалар.
 
 
Мовий ҳайит.
Оппоқ арафа.
 
ТАРОЗИ
 
Ҳаракатсиз бўлса тун,
йилдиримдай ўтар кун.
 
 
     Тун жонсиз ва баланд,
кун баҳайбат қанотли.
 
 
     Тун кўзгулар устида,
кун шамол оғушида.
 
ҚАЙТАРМА
 
Учиб ўтар
из қолдирмай март.
 
 
    Январь эса юксакда фақат.
 
 
    Январь,
осмон тунин ахтарар.
 
 
    Март-чи, пастда лаҳзалик шарпа.
 
 
    Январь.
Қари кўзларим учун.
 
 
    Март.
Тирик қўлларим учун.
 
ОВЧИ
 
Баланд санобарзор!
Тўртта каптар учар самода.
 
 
      Тўртта каптар
қайтар ортга.
Тўрт кўланка
қулар потраб.
 
 
      Баланд санобарзор,
тўртта каптар ерда мисли қор.
 
МОҲИЯТ
 
Яккашохлар.
Бир кўзли девлар.
 
 
     Олтин шохлар.
Зангори кўзлар.
 
 
     Тўда-тўда ўткир қоялар
оралаб келишар денгизнинг силлиқ
қуйма тошларидек таналарини
чор-атрофга намойиш қилиб.
 
 
     Яккашохлар.
Бир кўзли девлар.
 
 
     Қорачиқларида
айланар қудрат.
 
 
     Бу ўткир шохларга яқинлашгани
кимда бор журъат?
 
 
     Оппоқ нишонларинг
очма, табиат!
 
(АСАД ОЙИ)
 
Асад ойи,
ширу шаккар шафтоли ойи.
Кун туради шом шафағида
зардолининг данаги мисол.
 
 
       Сариқ тишларини кўрсатиб,
кулар макка сўтаси узоқ…
 
 
       Асад,
болаларга тағин тотлидир
жайдари нон, пишиб кетган ой.
 
МАСХАРАВОЗ
 
Қизил қуёш маммаси,
нилий ойнинг маммаси.
 
 
      Ярми оқ, ярми абраш
кумушранг бир танадир.
 
КЕСИЛГАН УЧ ОҒОЧ
 
Учта гумбаз.
(Кундуз келди кўтариб болта.)
Икки гумбаз.
(Жон ҳалпида кумуш қанотлар.)
Битта гумбаз.
Биттаям охир…
(Яланғоч кўл ётарди сокин.)
 
ДЕРАЗАДАН КЎРИНГАН МАНЗАРАЛАР
I
 
Ой юксакда.
Пастга қочар шамол.
 
 
     (Узун нигоҳларим
чўзилар самога.)
 
 
     Ой ҳовузда.
Ой устида шамол.
 
 
     (Қисқа нигоҳларим
чўзилар самога.)
 
 
     Иккита қиз овози.
Бораман ҳаво жари
билан ҳовуз ойидан
осмондаги ой сари.
 
II
 
Бир қўл ярим кечаси
деразамни очар жим.
 
 
     Қорамағиз, сувдан ҳўл,
билакузук таққан қўл.
 
 
     Нилий тўзон ҳавода –
жоним ўйнар дарё-ла.
 
 
     Осма соатда шу пайт
беланади қонга вақт.
 
III
 
Кечаси деразадан
бошгинамни чиқардим,
томоғимдан сирғалди
ўткир шамол тиғлари.
 
 
       Шунда бор истагимнинг
кўзи йўқ бошларини
бу жодининг тагига
аста ташлай бошладим.
 
 
       Ногоҳ тўлдирди бўйга
турунж чексиз лаҳзани,
шамол эса сабоҳнинг
тар гулига айланди.
 
IV
 
Қорамтир бир ҳовузда
чайқалади ўлик қиз.
Боши узра олманинг
шохлариям сўлғиндир.
 
 
       Сарсон бўлиб бошида,
балиқ чорлар ўртага.
«Қизгина» дейди шамол,
қиз ётгандай жўрттага.
 
 
       Сузар сув ўтларида
сочлари пардалардай.
Шамол тегиб бақадай
сапчир кўк маммалари.
 
 
       Дуомизни қабул эт,
денгизнинг илоҳаси,
олма тагида ётган
қизни топшир худога.
 
 
       Қўйдим бир жуфт ошқовоқ
қиз ёнига шу заҳот,
токим сувда чайқалсин,
шўр денгизда, ай, танҳо.
 
БОЛАЛАРГА АТАЛГАН ҚЎШИҚЛАР
ОВРУПОДА АЙТИЛГАН ЧИН ҚЎШИҒИ
 
Елпайса тинмас
хўбрўй илгида,
хўбрўй ўтар салқин
сой кўпригидан.
 
 
      Кабалеролар
турар мил каби,
панжарасиз
кўприкдан қараб.
 
 
      Елпайсали хўбрўй
қизмисан, қиз-да,
тинимсиз учади
битта эр излаб.
 
 
      Кабалеролар
бари уйланган,
барида сарвқомат
ўктам сулувлар.
 
 
      Чигирткалар куйлар
фақат ғарб учун.
 
 
      (Хўбрўй сайҳонликдан
ўтади учиб.)
 
 
      Чигирткалар гуллар
тагида сайрар.
 
 
(Кабалеролар ҳам
шимолга қарар.)
 
СЕВИЛЛА ҚЎШИҚЧАСИ
НОРАНЖЗОРДА
 
Норанжзор оралаб
келади саҳар.
Тилларанг арилар
излайди асал.
 
 
       Қайдасан,
эй, асал!
 
 
       Мен мовий гулдаман,
Исавел.
Ўша саёҳатчи
мовий гулда, кел!
 
 
       Ўзига курсининг
ёқар олтини.
Зумрад курсига
чорлар хотинин.
 
 
       Норанжзор оралаб
келади саҳар.
 
ЧИҒАНОҚ
 
Денгиз чиғаноғин беришди менга.
 
 
      Харитадаги
денгизларнинг гулдирашини
эшитиб қолдим.
Зулмату нуқрадан яралган
суву балиқлар
юрагимга тўлди лиммолим.
 
 
      Денгиз чиғаноғин беришди менга.
 
(КАЛТАКЕСАК ИНГРАЙДИ)
 
Калтакесак инграйди,
Заифаси йиғлайди.
 
 
    Эру хотин, иккови
тутиб олган оқ этак.
 
 
    Калтакесак хонимча
йўқотибди шоҳонак.
 
 
    Вой, олтин шоҳонагим,
тилаб олган ёлғизим.
 
 
    Улкан осмон, кимсасиз
тоғда қушлар хониши.
 
 
    Дум-думалоқ капитан –
шойи камзулли қуёш.
 
 
    Қаранг, қанчалар қари,
кўзларидан оқар ёш.
 
 
    Калтакесак инграйди,
заифаси йиғлайди.
 
МАНЗАРА
 
Оқшом кийди адашиб
аёзнинг кўйлагини.
 
 
       Болалар дарчалардан
сарғайган ёлғиз дарахт
қушларга дўнаётган
далага қарар карахт.
 
 
       Оқшом олис дарёда
чўзилган бир паллада
ногоҳ сопол томларда
яшнаб кетди аланга.
 
ТЕНТАК ҚЎШИҚ
 
Ойи.
Кумуш бўлайин.
 
 
     Совқотасан,
қўй, ўғлим.
 
 
     Ойи.
Ирмоқ бўлайин.
 
 
     Совқотасан,
қўй, ўғлим.
 
 
     Ойи.
Тикиб қўйгин болишга.
 
 
     Хўп бўлади,
ҳозироқ.
 
АНДАЛУС ҚЎШИҚЛАРИ
СУВОРИ ҚЎШИҒИ
(1860)
 
  Қора ойнинг тагида
ялтирар чарм тасмалар,
қаболлар ҳам жаранглар.
 
 
  Қорача от, қорача,
қайга борар ўлиб қолган сувори?
 
 
  …Гўёки йиғлар биров,
тош қотган қароқчининг
қўлидан тушар жилов.
 
 
  Совуган от, совуган,
қайси гулнинг ҳиди анқир ханжардан?
 
 
  Қоп-қора ой тагида
қон сачрайди Морена
тоғининг ёнбағрига.
 
 
  Қорача от, қорача,
қайга борар ўлиб қолган сувори?
 
 
  Қора ойнинг тагида
санчилади юлдузлар
туннинг улкан сағрига.
 
 
  Совуган от, совуган,
қайси гулнинг ҳиди келар ханжардан?
 
 
  Қора ойнинг тагида
бир фарёд ва оловнинг
эшилган узун шохи…
 
 
  Қорача от, қорача,
қайга борар ўлиб қолган сувори?
 
САЙРОНА АДЕЛИНА
 
Баҳрда норанжлар йўқ.
Севиллада йўқ севги.
Қорача қиз, ёндим-ку,
шамсиянгни бериб тур.
 
 
       Турунж сўқин ичгандай –
кўкарар кофур юзинг –
сўзларинг – балиқчалар –
бошимда юрар сузиб.
 
 
       Баҳрда норанжлар йўқ.
Оҳ, севги!..
Севиллада йўқ севги!
 
(ЧАНГ БОСГАН МАЙМУНЖОН)
 
Чанг босган маймунжон,
меванг билан қил меҳмон.
 
 
     Тикону қон. Кел яқин,
мени суйгин, мен – сени.
 
 
     Кўкиш зулмат – мевангни
тилимда эзайин бир.
 
 
     Кечаси қўлга тушсанг,
қўйвормасдим оғушдан.
 
 
     Ҳой, қаёққа, ҳовлиқма?
Ҳали бор чин ошиқлар.
 
(ҚИЗИМ КЕТДИ САНАМОҚ УЧУН)
 
Қизим кетди санамоқ учун
денгиз мавжи, соҳил тошини,
ногоҳ йўлда учратиб қолди
Севилланинг шўх дарёсини.
 
 
       Қўнғироқлар ҳам нилуфарлар
аро бешта қайиқ чайқалар,
эшкаклари сувга ташланган,
елканларин ўйнар шабада.
 
 
       Севилланинг юксак минори,
минорадан тикилган кимдир?
Бешта садо янграр жавобан,
беш шоҳонак жаранглаб тинди.
 
 
       Қирғоқлари қумлоқ дарёни
миниб олар сувори – осмон.
Беш шоҳонак садоси титрар
нимпуштиранг ҳавода ҳамон.
 
ОҚШОМ

Сой сувига Лусиям оёқларин солдими?


 
Учта улкан сапидор
ва битта ситора.
 
 
      Ҳовузлар жимлигини
тишлаворган бақалар.
Яшил ойлар доғига
тўлган ҳовуз чайқалар.
 
 
      Қуриган битта оғоч
сувда турар – сояли –
қават-қават доира
ясаб яшнай бошлади.
 
 
      Сувга боқиб ғарноталик бир
қорамағиз қизни ўйладим.
 
СУВОРИ ҚЎШИҒИ
 
Қурдоба.
Олисда ёлғиз.
 
 
      Қорача от, баҳайбат ой,
зайтунларга хуржун тўла.
Йўлни яхши билсам ҳамки
етолмасман Қурдобага.
 
 
      Водий бўйлаб, шамол бўйлаб,
қорача от, ой ҳам олдир.
Қурдобанинг миноридан
ўлим менга назар солди.
 
 
      Ай, мунчаям чўзилди йўл!
Ай, довюрак отим, учгин!
Ай, ўлимга келарман дуч
Қурдобани кўрмай туриб.
 
 
      Қурдоба.
Олисда ёлғиз.
 
БУ РОСТ
 
Сени мен суйганимдай
суймак қандай жасорат!
 
 
      Азоблар энди борлиқ:
ҳаво, юрак, ҳаттоки
соябонли қалпоғим.
 
 
      Рўмол тўқимоқ учун
тасма билан шонани,
қайғунинг оқ ипини
энди кимга сотайин?
 
 
      Сени мен суйганимдай
суймак қандай жасорат!
 
(ОҒОЧ-ЕЙ, ОҒОЧ)
 
Оғоч-ей, оғоч,
қуригану ёш…
 
 
         Зайтунзордан саҳарлаб
зайтун терар хушрўй қиз.
Минорадан тушган шамол
қучоқлаб олди қўққис.
Тўрт андалус байталида
етиб келди тўрт сувори,
узун қора ёпинчлари,
камзуллари яшил, мовий.
«Қурдобага кетдик, гўзал».
Қиз индамай қилар ўсал.
Ўтар қувноқ уч тореро,
зарғалдоқранг шойи либос.
Белларини сириб боғлаб,
шамширлари қадимий, хос.
«Севиллага кетдик, гўзал».
Қиз индамай қилар ўсал.
Оқшом чоғи, сийрак сафсар
кўланкалар ётар чоғи,
ойдин варду оқ гулларни
ўсмир узиб чиқар боғдан.
«Ғарнотага кетдик, гўзал».
Қиз индамай қилар ўсал.
Чиройли қиз зайтунзордан
зайтун териб юрар ҳамон,
кулранг шамол қиз боланинг
кифтларидан қучар ёмон.
 
 
         Оғоч-ей, оғоч,
қуригану ёш…
 
СОЯЛИ УЧ СУВРАТ
IВЕРЛЕН
 
Айтилмаган
бир қўшиқ
лабларимда ухлайди ҳали.
Айтилмаган
бир қўшиқ.
 
 
      Хушбўй дукчўп авжида
бир шиллиққурт ярқирар.
Ой найзаси санчилган
сувда анвор барқ урар.
 
 
      Кўзим кетди, тушимда –
айтилмаган
бир қўшиқ.
 
 
      Титраётган дудоқлар,
заххор сойлар қўшиғи.
 
 
      Зулматга чўкиб кетган
соатларнинг қўшиғи.
 
 
      Ёруғ кун узра анвор
отган юлдуз қўшиғи.
 
ВАКХ
 
Қўл тегмаган яшил овоза,
анжир менга шохларин чўзар.
 
 
      Қора қоплон каби пойлайди
илҳомимнинг сояларини.
 
 
      Ой итларни санар пайдар-пай,
Адашади, бошлар қайтадан.
 
 
      Эртаю кеч юрдинг оғриниб,
яқинлолмай дафназоримга.
 
 
      Сени қандоқ алқаб суярдим,
алмаштириб берсанг юрагим.
 
 
      …Тўлқинланиб, кўтариб фарёд,
анжир менга қараб юрди бот.
 
IIХУАН РАМОН ХИМЕНЕС
 
Чексиз оқ сукунатда –
қору оқ гул, туз кони –
қолди унинг хаёли.
 
 
      Одимлар оппоқ бир ранг –
каптар болу паридан
тўқилган бир гиламда.
 
 
      Азобланар хаёлдан,
кўрдай қотиб эшитар
титроғи навосини.
 
 
      Чексиз оқ сукунатда
хаёли ёруғ, улкан
бир жароҳат қолдирар.
 
ЗУҲРО

Сени шундоқ кўрдим


 
Ботиб оппоқ тўшакка
жонсиз, гўё уйқуда –
луччак гул ва шабада –
ётибсан мангу нурда.
 
 
      Деразадан бир дунё –
соя, сурпга ўралган
бир дунё ўзгарётган
юзларингга мўралар.
 
 
      Муҳаббат қаърларидан
балқдинг, ишқнинг воласи.
Чойшабнинг ҳубобида
сочларинг кулоласи.
 
IIIДЕБЮССИ
 
Жимжитгина, шалаббо
кўланкам сузар сойда.
 
 
     Юлдуз сайлар бақалар
кўланкам турган жойдан.
 
 
     Андомим кўлкаланган
бинога ўхшаб қолар.
 
 
     У сиёҳранг, баҳайбат
чивиндай юра бошлар.
 
 
     Чирилдоқлар найистон
нурин зарлаб қўйдилар.
 
 
     Сойдан қайтган найистон
нури балқир кўксимдан.
 
НАРГИС
 
Ҳой, валад!
Сойга тушиб кетма,
 
 
     Сойда битта гул кўрдим,
гулғунчада оқар сой.
 
 
     Қара, қуш учди! Қара,
битта сариқ қуш учди!
 
 
     Кўзларим милмиллаган
ахзар сувларга тушди.
 
 
     Ё худойим! Ҳой, валад,
сув бўйидан қоч бесар!
 
 
     Атиргул… ҳозир боргум…
Валад сасин сув кесар.
 
 
     Ғойиб бўлар. Англарман,
тилим лол сўйлай десам.
 
ЎЙИНЛАР
ИРЕНА ГАРСИАГА
(Оқсочга)
 
Далада
бирин-кетин
ўйнар дароз тераклар.
Тўртта баргли
ниҳол ҳам
ўйнар юрак-юракдан.
 
 
       Эй, Ирена!
Чиқ тезроқ,
яқинлашар жалалар.
Қорлар яқин,
ўйнагин,
бу зангори далада.
 
 
       Ўйна,
кўм-кўк даврада,
ўзим жуфтинг бўлайин!
 
 
       Ай, мунчаям
қочқоқ сув!
Ай, юрагим ўйнайди!
 
 
       Далада
бирин-кетин
ўйнар дароз тераклар.
Тўртта баргли
ниҳол ҳам
ўйнар юрак-юракдан.
 
ҚИЗ БОЛАНИНГ ҚУЛОҒИГА
 
Асло,
суйламаган бўлардим асло.
 
 
      Кўзларингга бир қарадиму
кўриб қолдим ногоҳ
чайқалар бахт, эпкин, тиллодан
бино бўлган иккита оғоч.
 
 
      Асло,
сўйламаган бўлардим асло.
 
(ОДАМЛАР КЕТАР МАҲЗУН)
 
Одамлар кетар маҳзун,
изларидан борар куз.
 
 
       Кетардилар бош эгиб
ям-яшил зулмат сари.
Хўрозлари хуржунда,
бўзларди гитарлари.
Уруғлар салтанатин
босиб ўтишар йироқ.
Хаёл сурарди дарё,
милтирар эди булоқ.
Куйган юрак,
тезроқ ур!
 
 
       Кетардилар бош эгиб
ям-яшил зулмат сари.
 
 
       Изларидан келар куз,
юлдузлари сарғарган,
алҳони ҳам босилган,
суви сокин мавжланган.
Оҳорланган кўксида
оғир боши осилган.
Шағам юрак,
тўхтаб тур!
 
 
       Одамлар кетар маҳзун,
изларидан борар куз.
 
ҚЎШИҚ ОҒОЧИ
 
Ҳамон овоз титрайди,
титраётган шохчадай
ўтган кунги шамолдан,
ўтиб кетган қайғудан.
 
 
       Тун бўйи далада қиз
ғамгин куйлаб улоқди,
хўп интилди тутай деб,
тутолмади ул шохни.
 
 
       Ай, Қуёш! Ай, тўлиной!
Тутолмади, йиғлади.
Юзлаб кулранг гуллар ҳам
оёғига илашди.
 
 
       Ўзи ҳам энди дўнди
ўтган кунги шамолдан,
эски ғам титроғидан
куйлаётган шохчага.
 
(НОРАНЖ ВА ТУРУНЖ)
 
Норанж ва турунж.
 
 
Ай, қиз,
ай, севги қизи!
 
 
    Турунж ва норанж.
 
 
    Ай, қиз,
ай, сафед қизи!
 
 
    Турунж.
 
 
    (Қандай тиниқ
кун нури.)
 
 
    Норанж.
 
 
    (Нурдай чинни
сувларда.)
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации