Электронная библиотека » Федерико Гарсиа Лорка » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Энг қайғули шодлик"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 03:20


Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +
ТАШЛАНДИҚ ЖОМЕ
(Буюк уруш ҳақида манзума)
 
Хуан деган ўғлим бор эди.
Ўғлим бор эди.
Ғойиб бўлди бир жума тошлараро юраркан.
Эсимда, меҳробнинг сўнгги зинасида бир сакраб,
Отганди мис пақирчасин роҳибнинг юрагига.
Тобутларни тақиллатдим. Ўғлим! Ўғлим! Жон
                                                                   ўғлим!
Товуқнинг бир оёғини олдим ойнинг ортидан,
Шунда қизим аравалар сузган жойга балиққа
айланганин англаб қолдим.
Битта қизим бор эди.
Бухўр кули кўмган ўлик бир балиқчам бор эди.
Улкан денгизим бор эди. Ё худойим! Денгизим!
Қўнғироқ чалмоқ учун минорга чиқдим аммо
қуртлаганди бор мевалар,
ёниб бўлган гугуртлар
Баҳорнинг илк бошоқларин еб кетганди беаёв.
Жон берётган саллотларнинг қоп-қора манглайини
чўқилаган алькоголнинг лайлакларини кўрдим.
Чодирларда айланарди кўзёш тўла финжонлар.
Ибодат меҳробидан топгум сени юрагим,
музлаб қолган чангалзорда кўплашиб куйлаётган
тун бақаларин ҳайдаш учун кучли қўллари билан
буқа ва хачирни осмонга кўтарганда руҳоний.
Бир азамат ўғлим бор эди,
кучли ўғлим бор эди, бироқ
осмонни кемирган мурдалар кучлироқдир.
Ўғлим айиқ бўлсайди!
Тимсоҳлардан қўрқмасдим,
тўда-тўда саллотлар дарахтларга денгизни
боғлаб қўйиб зўрлаганин, булғаганин кўрмасдим.
Ўғлим айиқ бўлсайди!
Чодирларга яшрингум йўсинлар нафасидан.
Менга галстук ё енгни беришларин биларман,
аммо фарёд қиларман ибодатнинг авжида.
Тошларга қўнур пингвин, чағалайлар бўрони,
мудроқ, уйғоқ кимсаларни бўзлатиб ҳам сўзлатур:
унинг ўғли бор эди!
Ўғли! Ўғли! Бир ўғли!
Нечун тортиб олдилар? Қаерда унинг ўғли?
Яккаю ягонаси, яккаю ягонаси?!
 
КЎЧАЛАР ВА ТУШЛАР

Келмади дер бўса мавсуми юракдаги битта қоғозқуш.

Висента Алейксандре

РАҚСИ МАРГ
 
Ниқобли! Қаранг, ниқобли!
Қандоқ келар Африқодан Нью-Йўркка!
 
 
        Ғойиб бўлди митти-митти
ёнар ғунчали қалампир буталари.
Тилка-пора туялар, оққушлар тумшуғида
ёғду водийлари ҳам кўкка юксалган.
 
 
        Бу борлиқ қуриган бир лаҳзайди,
бошоқлар кўр бўлди, жонвор эзилди,
улкан кўприкларни босиб кетди занг,
борлиққа қуйилди ғовакли жимлик.
 
 
        Бу нур шамшири чавақлаган
ўлик жониворлар йиғилган бир чоқ,
мангу шодлик – кул туёқли бегемот,
оҳунинг бўғзида ҳамишабаҳор.
 
 
        Ғамнинг қуруқ ёлғизлигида
шахдам рақс тушар ниқобли.
Қум босади дунёнинг ярмин,
ярмин – симоб, мудраган офтоб.
 
 
Ниқобли! Қаранг, ниқобли!
Қум, тимсоҳ, қўрқув босар Нью-Йўркни!
 
* * *
 
Қулликдан ўлганларнинг овозлари янграган
бўм-бўш осмонни қисиб туради оқ унгурлар.
Бир осмонки, пўстлоғи арчилган асл осмон,
кўз етмас оғушида адашиб қолган гуллар.
 
 
      Бу осмон бўғиб қўйган қўшиқлар куртагини,
энг сўнгги унгурларнинг оромин қилиб вайрон.
юлдузлар зарраларни думи билан тўзғитиб,
сўлакка бурканган бир жаладай босар осмон.
 
 
      Хотин вужудини соғиниб
том бошида додлаганда битта хитойлик,
тангаларнинг қаттиқ жимлигин ўлчайдиган
асбобига қараганда бонка хўжаси,
Уўлл стритга яқинлашди ниқобли.
 
 
      Қарасанг кўзларинг сарғаядиган
каптархона узра рақс тушар бу ниқобли.
Ахир сфинкс ва темир жовон иккиси
музлатмоғи мумкин бирдай
йўқсил болаларнинг юракларини.
Қадим замонларнинг ёввойилиги
                                                      ўйнар техникавий ёввойилик-ла,
жазавада иккисиям унутган кўҳна нурни.
Гар ғилдирак унутолса ўзлигини,
йилқилар-ла биргаликда кишнаши мумкин,
агар ёниб кетса муз чизмалари,
деразалар галасидан қочмоғи мумкин осмон.
 
 
      Ҳайратга солмасин бунда
                                                        ўйнаса гар ниқобли.
Ўйнар қонга ғарқ бўлган устунлару рақамлар,
олтин довулларида, қоронғи кечаларда
нолиб йиғлаган ишсиз йўқсиллар орасида,
Ў, ёввойи Америка! Ў, фосиқ! Ў, ваҳшийлик –
чўзилиб ётар қорлик сарҳадларида.
 
 
      Ниқобли! Қаранг, ниқобли!
Нью-Йўрк узра балчиқ, ёнарқуртлар чайқалар.
 
* * *
 
Ой билан олишардим тиканзор буталарда.
Тун сонини ғажирди деразалар галаси.
Самовий сигирлар ҳам кўзларимдан сув ичар.
Шамоллар узун эшкаклар билан
Бродвейнинг кул босган ойналарин синдирар.
Юлдузларнинг мағзидан ёғду излар томчи қон,
дўнмоқ истаб олманинг қуриган уруғига.
Чўпонлар ҳайдаган водий шамоли титрар
чаноғидан ажралган чиғаноқдай қўрқувдан.
 
 
      Аммо рақсга тушётган мурдалармас,
биламан.
Мурдалар ғажиб ётар кўкарган қўлларини.
Бу бошқалар, гитар чалган арвоҳ-ла рақсга тушган,
бу бошқалар, кумушдан маст бўлган совуқ каслар,
оғир алангалар ҳам сонлар чатишган жойдан
ўсиб чиқадиган кимсалар,
зиналардан чувалчанг излаб юрганлар,
саёзликдан ўлик қизлар кўз ёшини ичганлар
ёки тонгнинг ушоққина эҳромларин еганлар.
 
 
      Ўйинга тушма, Дада!
Йўқ, ўйинга тушмагин, Дада!
Қирол ҳам,
тишлари мовий миллионер ҳам,
жомелар жомидаги ориқ раққосалар ҳам,
конструкторлар, колибрилар, жиннилар,
                                                                                   қутурганлар.
Фақат ниқобли тушсин,
тўққизил жандали шу арвоҳ,
ёлғиз шу арвоҳ!
 
 
      Юқори қаватларда вишиллаган кобралар.
газандалар синдирсин ғовни,
йўсин босиб кетсин биржани,
милтиқлардан кейин келар лианлар,
тезроқ, жуда тез, жуда тез, жуда тез,
ў, Уўлл Стрит!
 
 
      Ниқобли! Қаранг, ниқобли!
Туфлар у ўрмон заҳарини
Нъю-Йўркнинг дард-ҳасратига!
 
ЎҚЧИГАН ОЛОМОН МАНЗАРАСИ
 
Семиз хотин олдинда борар –
илдизларни қўпориб, дафларни ҳўллар,
ўлик саккизоёқларни тўнтариб қўяр.
Ойнинг душманийди бу семиз хотин –
кўчаларда, бўм-бўш қаватларда санғиркан
каптарларнинг ушоққина бошчаноқларин
пана-паналарга туфлаб кетарди,
кўкка ирғитарди ўлик асрлардан
қолган базм овозларини,
шип-шийдам самовий адирларга
чорларди буғдойзор ажиналарин,
нур чанқоғин шимдирар ерости сойларига.
Бу қабристонлардир, биламан, қабристонлардир,
қум босган ўчоқлар ҳасратларидир,
бу мурдалардир, ўзга вақт олмалари, қирғовуллари
бўғизда туриб қолган.
 
 
      Тобора яқинлашар сассиқ жангал ғарғаралари,
жангалнинг нарёғида бағри бўм-бўш хотинлар,
илиқ шамдан қуйилган чақалоқлар,
ириб кетган дарахтлар, доим шўр емак ташиб,
зир югурган оқсоч қизлар яқиндир,
уларнинг боши узра чилтор ҳам сўлакдандир.
 
 
      Нажот йўқ, болагинам! Кўнгил айнир. Нажот йўқ.
Бу фоҳаша қўйнида ётган сипоҳ туйғусимас,
ногоҳ қурвақа еган мушукнинг ҳолатимас,
бу кўкарган қўллар-ла остонасида булут
ириган эшикларни тирнаган мурдалардир.
 
 
Семиз хотин олдинда борар,
орқасида матрослар, майхўрлар, бекорчилар.
Ўқчиш чалар чилдирмаларин,
Қонга ботган қизалоқлар ҳам
ойдан нажот сўрар эдилар.
Шўрим қурсин! Шўрим қурсин! Шўрим қурсин!
Бу нигоҳ меникийди, энди меники эмас,
чоғир яланглаб қўйган бу титроқ нигоҳ
бандаргоҳлар меҳробидан кузатар
кўринмас кемаларни.
Мен ўзимни ўша нигоҳ ила ҳимоя қилгум,
тонглар яқин келолмас бу қоп-қора нигоҳга.
Қусаётган оломон аро йўқолган
қўлсиз битта шоирман,
қалин йўсинларни чаккаларимдан
тишлаб юлиб ташлайдиган бир тирик от йўқ.
 
 
     Семиз хотин эса олдинда борар,
аччиқ бир минтақа жойлашиб олган дорихонани
излаб юрар одамлар.
Аммо байроқ ҳилпираши,
итлар чопиб келиши биланоқ
бандаргоҳга йиғилиб келди бутун шаҳар.
 
ГУДЗОНДА ҲАЙИТ
 
Бу сурранг булут!
Сўйилган бу денгизчи!
Бу кенг дарё!
Қоронғи уфқлардан келган бу шамол.
Бу тиғдир, муҳаббат, бу тиғдир.
Тўрт денгизчи
суяклари, қирралари кўзга санчиладиган,
отсиз ўтиб бўлмас
дунё билан олишар эди.
Битта, юзта, мингта денгизчи
олий тезлик дунёси-ла муштлашаркан
бу дунёни осмон
ташлаб кетганидан бехабар эди.
 
 
       Танҳо осмон ташлаб кетган бу дунё.
Бу болғалар уюми ва майсазор базми.
Бу қумурсқа ва ботқоқда ётган тангалар.
Осмон ташлаб кетган дунёни.
Қишлоқларни четлаб ўтади шамол.
 
 
       Илончириқ куйлар ғилдирак ваҳмасини.
Сўйилган денгизчи эса
уни бўғмоқ бўлган тюлен ҳақида куйлар,
ҳамду сано айтар ҳамма,
ҳамду сано. Бўм-бўш осмон.
Барибир. Ҳамон ўша. Ҳамду сано.
 
 
       Шаҳар атрофида тонггача
тахта кўприкларга чиқавериб чарчадим.
Қоним оқди чизмаларнинг ганжларида,
йиғиштирдим илма-тешик
елканларни денгизчилар-ла.
Аммо қўлларим бўм-бўш,
дарёлар денгизга гуриллаб тушар,
ҳар лаҳза туғилган чақалоқда
томирлар шохларини тебратмоғи мумкинлиги,
шохлар тагида ўрмаловчи илонларнинг
                                                                         туғилиши,
яланғоч баданларни синчиклаб кўрган
ташналикни, қонга ташналикни
босар одам феълида.
Фақат шу қолгуси: бўшлиқ. Ташландиқ дунё.
                                                                                         Сой боши.
Тонг эмас. Хаёлий чўпчак.
Фақатгина шу – сой боши.
Ў, кулранг булутим!
Ў, сўйилган бўғзим!
Ў, бегона уфқлардан эсган шамолим!
Ў, заҳриқотил тиғ! Ў, ишқим тиғи!
 
УЙҚУСИЗ ШАҲАР
(Бруклин кўпригининг тунги тасвири)
 
Бу осмон остида ҳеч ким ухламас. Ҳеч ким.
Ҳеч ким ухламас.
Кулбалар атрофида ялт-юлт шарпалар.
Илонлар ўрмалар бедорларни қийнамоқ учун.
Ўтакаси ёрилиб қочаётган кимса
Юлдузларнинг зорли имосини пайқамай,
Баҳайбат тимсоҳларга йўлиқар муюлишларда.
 
 
Бу дунёда ҳеч ким ухламас. Ҳеч ким.
Ҳеч ким ухламас.
Олис мозордаги бир мурда
уч йилдир зорланар –
майсалар ўсмасмиш тиззаларида.
Бугун тонгда кўмилган гўдак шундай додларки,
бор итларни чақирарлар қўрқитиш учун.
 
 
Ҳаёт бедорликдир. Уйғонинг! Уйғонинг!
Зиналардан қулаймиз зах заминга юзтубан,
қорнинг қир чўққисига
сўлғин сафсаргуллар қуршовида чиқамиз.
Бу хаёлсиз дунёни унутмоқ мушкул.
Бунда вужуд яшар. Лабларни лабларга
боғлар тирик қонтомирлар тўрлари-ла бўсалар,
бир умр оғрийди оғриқ сезганлар,
ўлимдан қўрққанлар ўлар умрбод…
 
 
    Бир куни
отлар ҳам киражак майхоналарга,
сигир кўзларида аксланган сарғиш осмонни
қутурган чумолилар босажак.
 
 
    Яна бир куни
жон киражак уваланган капалакларга,
ярқираб кетажак ғалвирак туманларда
жимжит сузган кемалар аро шоҳонагимиз,
атиргуллар шариллаб оқажак тилларимиздан.
Уйғонинг! Уйғонинг! Уйғонинг!
Кимки асраган бўлса
жонворлар панжасию селларнинг изларини,
кўприк қурилгандан бехабар
чинқириб йиғлаётган болани,
боши билан бир чуваги қолган бола мурдасин,
ҳаммасини девор тагига –
тимсоҳлар, илонлар ғуж-ғуж қайнаган,
айиқларнинг ўткир тишлари,
боланинг мўмиёланган қўли бор жойга,
бир даҳшатдан жунлари ҳурпайган туя турган
девор тагига йиғиш керак.
 
 
    Бу осмонда ҳеч ким ухламас. Ҳеч ким.
Ҳеч ким ухламас.
Агар биров кўзини юмса –
саваланг, болаларим, саваланг,
токим ланг очилган кўзлар,
ачишиб куйган жароҳатлар манзараси кўринсин.
Бу дунёда ҳеч ким ухламас. Ҳеч ким. Ҳеч ким.
Ахир айтдим-ку –
ҳеч ким ухламас,
бироқ тунда кимнингдир чаккаларини
йўсин босиб кетса жудаям,
очиб ташланг туйнукларни,
заҳар-заққум тўла қадаҳлар,
театрулар чаноқларин кўрсинлар
улкан ойнинг ёғдуларида.
 
НЬЮ-ЙЎРКНИНГ ХИРА МАНЗАРАСИ
 
    Бу кул босган
қушлар бўлмаса,
тўйлар деразасин урган зорлар бўлмаса,
бу – чексиз зулматга иссиқ қон сачратган
шамолдан тўралган нозик жонзотлар.
Фақат бу қушлармас,
бир лаҳзадан сўнг
қушларни сўқимдай сўйишлари мумкин
ё ой ёрдамида оқ қояларга айлантиришар,
бу доим ҳокимнинг тош назаридан
титраган ярадор болакайлардир.
 
 
    Ҳамма билар ўлдирувчи оғриқни,
аммо ҳақиқий оғриқ қалбдаям эмас,
у йўқдир ҳавода, ҳаётимизда,
тутун босган манзарларда ҳам.
Ҳар нарсани уйғотади ҳақиқий оғриқ,
ушоққина мангу ўчмас бир куюк каби
ёнар дунёларнинг гўл кўзларида.
 
 
    Ортиқча кўйлаклар эзар кифтларин,
шун-чун ҳаммасини бир ерга уяр осмон,
туғолмай ўлаётган аёллар сўнг лаҳзада
ҳар садо тошга дўнмоғини,
ҳар из юрак зарби бўлмоғин тушуниб қолар.
 
 
    Бизга қоронғидир идрокнинг қурт-қумурсқа
                                                                     ларига
ем бўлган фалсафа жинкўчалари,
 
 
эсипаст болалар емакхоналарда учратар
муҳаббат сўзини айтадиган
қўлтиқтаёқли сандувочларни.
 
 
    Йўқ бу қушлармас,
қушлар – ботқоқларнинг хира титроғи эмас,
ҳар дам бизни хўрлаган қотиллик соғинчимас,
тонгларда далда берган қасди жон туйғусимас.
Бу олам оғриғини ўз жисмига жойлаган
шўрлик ҳаво парчаларидир.
Бу тирик коинотнинг нурдай тез учган
тирик бир заррасидир.
Бу бир зинапоядир, унда булут ва гуллар
дам олар қонга ботган кўрфазлар суронидан.
 
 
     Мен қанчалар изладим,
ҳеч кимни ухлатмас бу куюкни қанча изладим,
аммо кўрдим панжарларга ёпишган матросларни,
қорга ботиб қолган митти само жонларин.
Ҳақиқий оғриқ эса умуман бошқа жойда,
ғўла ичра димиқиб балиқлар ўлган жойда,
вулқонларнинг ўтли нафаси ва қадимий ҳайкаллар
қадрини билмайдиган самовий майдонларда.
 
 
    Овозимда оғриқ йўқ. Фақат бордир тишларим,
аммо мотам тасмадан улар ҳам сақлар сукут,
овозимда оғриқ йўқ, аммо бор фақат замин,
мангу рангин меваларга
эшикларин ланг очган замин.
 
ТОНГ
 
Нью-Нўрк тонгининг
лойдан тўрт устуни бор,
чайқалгувчи сассиқ сувида
қора каптар бўрони бор.
 
 
       Нью-Йўрк тонги инграр
ҳайбати зўр зиналарда –
сон-саноқсиз қирралар
ғусса чизган нардларни излар.
 
 
       Тонг келар, аммо биров текизмайди лабини,
ахир кун барибир чиқмас, умид йўқ.
Гоҳ шиддат-ла ташланиб бир ҳовуч чақа
ямлай бошлар ташланди болаларни.
 
 
       Кимки уйдан чиқса
суяк-суягигача сирқиратар илм,
жаннат-да, севги-да, хазонрез-да йўқ деб уқдирар,
қонунлар ва сонларнинг лой йўлларидан
алдовларга берилиб, беҳуда тер тўкишга ундар.
 
 
       Илдизлари қуриган,
фан дағдағасидан қийналиб ўлган
нурнинг қабри узра янграр кишанлар.
Кўчаларда уйқусиз дайдир кимсалар
гўё сузиб чиққандай қон уммонидан.
 
ЭДЕМ МИЛС КЎЛИ ШЕЪРЛАРИ
ЭДЕМ КЎЛИНИНГ АКСЛАНГАН ШЕЪРИ

Подамиз ўтлаб юрар, шамол эсар.

Гарсиласо

 
Бу кўҳна садоимдир,
қуюқ, аччиқ сўқларни тотимаган садоим.
Мана, ялар, ялар товонларимни
намчил, заиф қирққулоқлар аро жим.
 
 
  Вой, севгимнинг кўҳна садоси,
вой, ҳақиқатим садоси,
вой, очилган биқинларим садоси,
тилимдан оқарди хўп ўша кунлари
оламнинг бор гуллари,
майсаларнинг тушига от жағининг садоси
кирмаганди ҳаттоки.
 
 
  Қонларимни ичарлар бунда,
ичадилар бола руҳим шавқи, мадорин,
алюминий ва мастларнинг шовқинлари-ла
кўзларимни синдирганда дунё шамоли.
 
 
  Ўткизворинг мени қопқадан,
Момо Ҳаво чумолилар ейдиган маконга кирай,
Одам Ато оқ балиқлар урчитган маконга кирай,
ўткизворинг, маст бутазорлар,
ҳаволаниб учишлару нозли жавлонлар
ўрмонига қўйворинг мени.
 
 
  Занглаб кетган тўғнағичлардан
фойдаланмоқ сирларини биламан яхши,
Биламан умрлик сопол товоқда
тўсатдан уйғонган кўзлар даҳшатин.
 
 
  Менга хаёл керакмас, ў, ажиб садо,
фақат боднинг энг қоронғи кунжида танҳо
қолиб кетган эрким керак, одамий севгим керак,
одамий севгим холос.
 
 
  Денгиз кўппаклари бир-бирин қувар,
дарахтларнинг тинч лаҳзасин асрар шамол-да,
ў, ажойиб садо, ёндир тилинг-ла
қотган, заҳар тилимни ёндир.
 
 
  Йиғлагим келар, чунки йиғлагим келар,
йиғлагим келар ҳозир энг бечора боладай,
ахир на кас, на шоир, на баргман, ўзга ёқдан
етиб келган ярадор бир юракман, садоман.
 
 
  Йўқ, йўқ, талаб қилмасман, фақат илтимос,
қўлларимни яласин эркин, кўҳна садоим,
қип-яланғоч вужудим ниқоблар матоҳида
кул қоплаган соат ила ойдан олар жазосин.
 
 
  Шундай дедим,
шундай дедим поездларни Зуҳал тўхтатган чоғи,
мени излаб кезганида Ўлим, Туман ҳамда Хоб,
мени излаганда
сомоноёқ сигирлар бўкирган жойдан
тарозининг икки палласи аро.
 
ТИРИК ОСМОН
 
Зорланмасман
гарчи тополмадим излаганимни.
Энди кўролмасман қақраган тошлар,
қовжираган ниначилар орасида
қуёш ва мавжудотнинг олишувини.
 
 
  Қадим дунё сари кетурман,
кетурман чақалоқни титратган
тўқнашувлар, тўлқинлар, суронлар
шитирларга тўла бир дунёга кетурман.
Теранликка етурман,
ишқ ва қумда эриб осмонларга сингиганимда
излаган нарсамда
шодликнинг оқ бўёғин кўрурман.
 
 
  Сўқир кўзларни босган қиров ўтмас у ёққа,
ғилдираклар эзворган оғочлар ноласи ҳам.
Унда фақат шакллар шу қадар чатишганки,
ваҳимали бир шиддат бордир ҳар бир шаклда.
 
 
 Гулларнинг даврасидан чиқиб бўлмас умрбод,
қанд каби эриб кетар тишларинг ҳам шамолда,
кафтинг тегиши билан қирққулоқнинг баргига
жон-жонингга етажак фил суягин совуғи.
 
 
  Томирларнинг тагида, шамолнинг ўзагида
йўлдан озмиш кимсанинг кўзлари-да очилмиш,
кўрмиш енгил тўлқинни қўриган сир пўкакни,
кўрмиш аёл оёқли сигирлар подасини.
 
 
   Зорланмасман
гарчи тополмадим излаганимни,
юрак зарби ва сувлар дунёсига кетурман,
кўрурман ишқ ва қумда эриб битган чоғимда
излаганим рангининг оқлигини кўрурман.
 
 
   Кетурман, абадий ёш қолурман, қолур пастда
гала-гала еллар-да, қумга ботган кемалар.
Етурман мангулик ва ишқнинг тонгсиз даштига,
йиқилурман зарб ила,
ў, ишқ, ҳақиқий ишқ, ишқ!
 
 
   Истайманки, кучли шамол чиқсин зулмат
қаъридан,
сен ухлаган тоқ тагидан гулу ҳарфларни юлсин,
бошоқларнинг ҳокимияти ўрнатилди деб
хабар қилсин
тилло каби товланган негр болага.
 
ФЕРМЕР УЙИДА
(Ньюбург далаларида)
КИЧКИНА СТЭНТОН
 
     – Do you like mе?
     – Yes, and you?
     – Yes, yes.
 
 
     Ёлғиз қолган пайтимда
     доим мен-ла бирга бўлар ўн ёшинг,
     уч сўқир от,
     тағин кўк доғ тўла ўн бешта юзинг,
     жўхори баргларида
     совуқдан титраган митти ҳаяжон.
     Стэнтон, болагинам, Стэнтон,
     қисқичбақа тун ярмида йўлакка чиқди
     бўм-бўш чиғаноқлар билан гаплашайин деб,
     мени булбул чўқисайди деган олманинг
     орзуси бор эди булутлару иссиқ ўлчагич
     орқалаб ўрмалаган қисқичбақада.
 
 
                Қисқичбақа чиққан уйда
     кечалари босинқирар оқланган садлар,
     кичкина охурларда, ўрмондаги хочларда
     энди йиллаб пориллар куюкнинг шуълалари.
     Тунлар қонга ботди ғуссаларим ҳам,
     икки девор эди кўзларинг,
     икки қўлинг – икки мамлакат,
     майса шивирига дўнганди жисмим.
     Талвасам изларди – итлар тишлаган,
     тупроққа беланган – битта кафанни.
 
 
Сен уни титрамай кузатиб қўйдинг
қоп-қора сувларнинг дарвозасига.
Ў, Стэнтон, ҳайвон болалари орасида қолган,
тентак болагинам,
онангни соб қилди қишлоқи темирчилар,
бир оғанг йўқолди тоқлар орасида,
чумолилар еб ташлади тағин бирини,
қисқичбақа эса бемалол
ўрмаларди хонама-хона.
Йўсин дарёлари ва алам шохлари-ла
болаларни боқадиган энагалар бор,
чордоқларда сичқонларга қўйилган
қопқонларни синдиргучи негр хотинлар бор.
 
 
Ахир одамларга кабутарларни
мағзава ўрага чўктирмоқ ёқар,
тағин кўчаларда бировнинг бармоғини
қисган одам не хоҳлашин яхши биламан.
 
 
Ғофиллигинг бахтингдир, Стэнтон!
Сени қисқичбақа ярадор қилиб,
эгалари қирилган хобхонага туфлаган кунда
денгизчилар кўзига лой сачратиш-чун
дағал шишалару ожиз бармоқлардан ясалган
унинг хира атиргули очилганида
қўрқувнинг гуллари оралаб,
майсалар оралаб талвасамни изладинг.
Қисқичбақа эса жимгина ўрмалади тўшагингга,
чойшабингга қизил манзаралар сачратди,
тобутлар устига биттама-битта
музлаб қолган шохчаларни қўйиб чиқди у.
Стэнтон, Иуда чилтори-ла ўрмонларга кет,
дарахтлар, булутлар, тошбақаларда,
ухлаган кўппаклар, қўрғошин ва шамолда,
 
 
     бедор сафсаргулларда мудраган
     мовий илоҳий сўзларни
     ўргангани ўрмонларга кет,
     шубҳасиз, етарсан, болам,
     халқинг унутиб қўйган нарсалар маънисига.
 
 
                Қўзғолганда уруш шамоли
     кучукчангга ошхонада
     қолдираман бир бўлак пишлоқ.
     Сенинг ўн ёшинг эса
     мурдалардан қолган япроқларга айланур,
     ўн дона юмшоқ олтингугурт гули бўлур
     тонгларимнинг сийнасида.
     Мен эса Стэнтон, бу дунёда танҳо бир одам –
     лабларимда гуллаб бўлган сенинг ўн ёшинг –
     безгакнинг зангори ҳайкалларини
     овозим-ла тешиб бораман.
 
СИГИР
 
Битта сигир сўйилди,
шохларига ўралди оғочу сойлар.
Осмонга оғзидан қони қуйилди.
 
 
      Каттакон арини эслатар оғзи,
муртлари ҳам сўлакдан.
Аянчли оқ нола уйғотди тонгни.
 
 
      Жонли, жонсиз сигирлар –
пушти нур ва мис рангли оҳур
мўлар кўзларини юмганча бирдан.
 
 
      Билиб қўйсин илдизлар,
билсин пичоқ қайраб турган болаям,
еса бўлаверар энди сигирни.
 
 
      Ойга айтинг, сарғайган
қояларда турган тунгаям айтинг,
сигир кетиб қолди кулга айланиб.
 
 
      Сигир кетди бўкириб,
пастак, вайрон бўлган осмонга, унда
пиёнлар газакка урар ўлимни.
 
ҚУДУҚҚА ЧЎККАН ҚИЗ
(Ғарнота ва Ньюбург)
 
Ҳайкаллар қўрқар тобут
зулмати бор кўзлардан,
улардан-да қўрқинчли денгизга оқмас бу сув.
Денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Кунгирадор деворларда зир югурар
                                                       балиқчилар.
Тезроқ! Баққа! Ана у! Кулкуллайди юлдузлар,
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Ёдимда қолдинг буткул юлдуз, ёғду, орзудай,
йиғлайсан от кўзининг қирғоғида жимгина,
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Ҳеч ким сенга зулматда кенгликни,
олмоснинг келажагин бахш эта билмас,
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Одамлар излаганда болишлар сукутгоҳин,
чамбаракда абадий уриларсан тошларга,
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Илдизлар ва ёлғизлик билан олишган ёвқур
тўлқинлар оғушида абадий барҳаётсан,
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Қияликдан тушишар! Турақол энди, нурнинг
томчилари сен учун занжир каби тушажак.
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Билмай сув парисига айланиб қолдинг буткул,
қўйвормайди қудуқнинг кучли қўллари сени.
…денгизга оқмас бу сув.
 
 
   Йўқ. Денгизга оқмас, йўқ. Сув жимийди
                                                                                    қудуқда
бўм-бўш иморатлар ҳам яралар зинасида
нафас олар тори йўқ юзлаб ғижжак сингари.
 
 
   Денгизга оқмас бу сув.
 
ЎЛИМГА МУҚАДДИМА
ТУГАНМАС ДОСТОНЧА
 
Йўлдан адашмоқ
қорга қўшилмоқдир,
қорга қўшилмоқ эса
йигирма аср қабристонда ўтламоқдир.
Йўлдан адашмоқ
бир хотинга дуч келмоқдир,
бир хотинки, сўяр икки хўрозни бирдан,
бир хотинки, сира қўрқмас ёғдудан,
ёғду эса қўрқмас хўроздан,
хўроз эса қичқирмас қорда.
Қор ҳам агар адашиб қолса,
уйғонажак юракда самум,
аммоки бу самум гарангдир,
шундан қабристонда ўтлайверамиз.
Икки митти бошоқ ҳасратда
бир вулқонни кўмганин кўрдим,
икки бола қотил кўзларин
йиғлаб-йиғлаб тепганин кўрдим.
Чунки икки асло рақам бўлганмас,
бу кўлка ташлаган иккита ғамдир,
бу севги зорини айтган гитардир,
бир-биридан айри икки чексизлик,
бу тағин мурдалар деворларидир,
бемақсад туғилган одамга жазо.
Икки рақамини суймас мурдалар,
бу рақам ухлатиб қўяр аёлни.
аёл қўрқар ахир ёғдудан,
ёғду эса хўроз сасидан,
хўроз эса ухламас қорда,
шундан қабристонда ўтлармиз мангу.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации