Электронная библиотека » Федерико Гарсиа Лорка » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "Энг қайғули шодлик"


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 03:20


Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +
III
МАВЖУД ЖАСАД
 
Биланглаган сувларсиз, музлаган сарвларсиз
хоблар инграб ётган бир пешонага ўхшар тош.
Мангулик томон вақтни дарахтлар кўз ёшлари,
сайёралар, буржлар-ла кифтда олиб ўтар тош.
 
 
       Қон ичмас, аъзоларни чилпарчин синдиргувчи –
ётган тош тутволмасин деган хаёлда қўрқиб,
нозиккина қўлларин кўтарганча баландроқ,
дарёларга қочётган сур ёмғирларни кўрдим.
 
 
       Чунки уруғ, булутлар, қалдирғоч суяклари,
зулматнинг бўриларин вужудига жамлар тош,
аммоки садо бермас, на шиша, олов бермас,
ёлғиз майдон беражак, теп-текис майдон холос.
 
 
       Энди тошда ётибди олижаноб Игнасио,
ўлди. Ўзи не бўлди? Қаранг, ўлим ҳалитдан
жасадини белабди олтингугурт унига,
берибди қоп-қорайган минотавр калласин.
 
 
       У ўлди. Энди ёмғир кирар очиқ оғзига,
пучайган кўкрагидан чиқар телба ҳаво ҳам.
Ишқи ҳам, симирганча қорли кўз ёшларини,
исинар пода юрган бир самовий маъвода.
 
 
       Ким сўйлар? Бунда фақат жимлигу фано
                                                               бордир,
оғир буғланиб ётган жасад бор кўз ўнгимда,
кечагина булбуллар сайрарди бу жасадда,
макон бўлмиш туби йўқ тешикларга сўнгги дам.
 
 
       Ким кафанни ғижимлар? Унинг айтгани ёлғон!
Бунда ҳеч ким куйламас, йиғламас бир чеккада,
отларга қабол урмас, илонларни ҳайдамас;
тинсиз қарамоқ учун бу жасадга кап-катта
очилган кўзлардан ҳам ўзга нарса керакмас.
 
 
       Отларни совутгувчи, дарёларнинг соҳиби –
даҳшатли овози бор касларни кўрсам бунда,
қуёш, чақмоқтош тўла оғиз билан куйлаган
суяклари жарангдор касларни кўрсам бунда.
 
 
       Уларни кўрсам бунда. Кўрсайдим тош ёнида,
узилган жилов каби жасад ёнида кўрсам,
токим ўлим боғлаган Игнасио дарғага
улар кўрсатиб қўйсин чиқадиган бир йўлни.
 
 
       Улар менга ўргатсин дарёдай йиғламоқни,
йиғимнинг бўлсин ҳарир тумони, қўш қирғоғи,
токим гирям мавжида оқиб кетсин бу жасад,
эшитмай буқаларнинг қўшнафас, ҳансироғин.
 
 
       Сўнг жасад яширинсин молнинг жонсиз бошидай
кўринмоққа уринган тўлиной майдонида.
Яширинсин балиқлар сайрамаган тунда ҳам
музлаб қолган тутуннинг оппоқ бутазорида.
 
 
       Ўзи олиб кетётган ўлимга кўникмасин,
керакмас, Игнасио юзига ёпманг рўмол.
Энди бор, Игнасио, сесканма садолардан,
ухла, учгин, ором ол! Денгиз ҳам шундан ўлар!
 
IV
ЙЎҚ ЖОН
 
Сени танимайди буқа ва анжир,
ҳатто уйингдаги чумоли, от ҳам.
Сени танимайди бола ва оқшом,
чунки сен ўлгансан абадул-абад.
 
 
       Сени танимайди тошнинг елкаси,
жасадинг чиритган қора кафан – банд.
Сени танимайди гунг хотиранг ҳам,
чунки сен ўлгансан абадул-абад.
 
 
       Куз билан келажак чиғаноқлар ҳам
туман шингиллари, бир тўда жабал,
кўзларингга қарай демайди ҳеч ким,
чунки сен ўлгансан абадул-абад.
 
 
       Чунки сен ўлгансан абадул-абад,
заминдан хору зор ўтганлар каби,
ўлиб қолган бир тўп ит орасида
қолиб кетган барча мурдалар каби.
 
 
       Сени ҳеч ким билмас. Эрта кун учун
қадду камолингни куйлаб ўтарман,
камоли умрингни, ўлимнинг тотли
лабига ўчлигинг сўйлаб ўтарман,
куйларман ғуссага тўла ҳаётинг.
 
 
       Дунё бир айланиб, жўшқин қисматли
сендай андалуслик қайта келсайди,
Зор сўзлар-ла куйлаб гўзаллигини,
зайтунзорнинг ғамгин бодин эслардим.
 

ТАМАРИТ ДЕВОНИ
(1936)

ҒАЗАЛЛАР
I
КУТИЛМАГАН ИШҚ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Қорнингдаги қора мониюлиё
хуш бўйин ҳеч кимса тасаввур қилмас,
ҳеч кимса севгининг полапонини
тишингда азоблаб юрганинг билмас.
 
 
       Юзинг саҳнасида ой билан бирга
ухлади минг-минглаб эроний тойчоқ,
қорларнинг душмани – баданинг билан
тўрт кеча қучоқлаб олишганим чоқ.
 
 
       Ганжу сумангуллар аро нигоҳинг
ниш урган бир гиёҳ каби рангпардир,
кўксимдан сенга деб фил суягидан
абадий деган бир сўзни ахтардим.
 
 
       Абадий, абадий: абадиятга
сингаётган жисминг, талвасам боғи,
томирларинг қони лабларимдаги,
қазомга аталган нурсиз дудоғинг.
 
II
ДАҲШАТЛИ ТИМСОЛ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Истайманки, сув йўлидан айрилсин,
истайманки, бод чўлидан айрилсин.
 
 
    Истайманки, кўзсиз қолсин қора тун,
қовжирасин юракдаги олтин гул.
 
 
    Ҳўкизлар чўнг барглар ила гаплашсин,
чувалчанглар ўлсин нурсиз, ғафлатда.
 
 
    Ялтилласин каллачаноқ тишлари,
сариқ шуъла босиб кетсин ипакни.
 
 
      Ярадор мор каби кунга ўралиб,
тўлғанётган тун ҳолини кўрайин.
 
 
    Заҳар томар кунботардан чакиллаб,
вақт чирийди равоқларнинг тагида.
 
 
    Жисминг яшир, қамишзордан кўринган
қора куманжирдай олма кўзимни.
 
 
    Бергил қора сайёралар ғуссасин,
аммо яланг белларингни кўрсатма.
 
III
УМИДСИЗ ИШҚ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Тун келишни истамас,
келолмасин деб сени,
боролмасин деб мени.
 
 
     Барибир бораман,
манглайимни чақса ҳам қуёш улкан чаёндай.
 
 
     Барибир келасан
тилингни шур ёмғирлар куйдирса ҳам аёвсиз.
 
 
     Кун келишни истамас,
келолмасин деб сени,
боролмасин деб мени.
 
 
     Барибир бораман,
бақаларга итқитиб сўлғин чиннигулимни.
 
 
     Барибир келасан,
зулмат қувурларига ёйиб титроқ ғулувни.
 
 
     Келишни истамайди атайлаб тун ва кун
ўлмоғинг учун менсиз,
сенсиз ўлмоғим учун.
 
IV
БОТИНИЙ ИШҚ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Фақат бир бор
эшитай деб Вела жомини,
сенга совға қилдим тизимгулдан тож.
 
 
     Қулмоқларга бурканган
тўлин ойдай Ғарнота.
 
 
     Фақат бир бор
эшитай деб Вела жомини,
Картахена боғин айладим пайҳон.
 
 
     Пирпираклар орқасида
ол буғудай Ғарнота.
 
 
        Фақат бир бор
эшитай деб Вела жомини,
қайси оғуш эканин билмай,
оғушингда тонггача ёндим.
 
V
ЎЛИК БОЛА ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Ҳар кечаси Ғарнотада,
ҳар кечаси ўлар бир бола.
Ҳар кечаси дўстлари-ла сув
ҳасратлашиб ўтириб қолар.
 
 
       Мурдаларнинг қаноти лойдан.
Минор узра учар – тоза, кир –
икки шамол – икки қирғовул.
Кундуз эса ярадор ўсмир.
 
 
       Сени май ғорида учратганимда
зарра тўрғай йўқ эди ҳавода.
Ерда қолмаганди булут ушоғи
чўкаётган пайтинг дарёда.
 
 
       Тоғлардан қулади баҳайбат бир сув,
итлар, гулсафсарлар водийни босди.
Қирғоқдаги танинг – муз малагийди –
кафтларимнинг сафсар нури остида.
 
VI
АЧЧИҚ ИЛДИЗ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Бир аччиқ илдиз бор,
Бордир мингта айвонли дунё.
 
 
     Энг кичкина қўлчалар ҳатто
бузолмас сув дарвозасини.
 
 
     Қаерга, айт, қайдан; қаёққа?
Бордир мингта дарчали осмон,
– ариларнинг оппоқ тўзони –
тағин битта аччиқ илдиз бор.
 
 
     Аччиқ.
 
 
     Юз ичида тўпланган оғриқ
товонгача тушади сизиб,
ҳозиргина кесилган туннинг
танасида оғрийди юзим.
 
 
     Севги, ағёрим меним,
аччиқ илдизинг кемир!
 
VII
ИШҚ ЁДИ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Жудо этма хаёлингдан,
юрагимда фақат қолдир
 
 
        январь шоми азобида
оқ гилоснинг титроғини.
 
 
        Мурдалардан мени тўсар
ёмон, совуқ тушлар сади.
 
 
        Яшнаган тар савсан каби
ганж юракка келар раҳмим.
 
 
        Туни билан икки кўзим
икки итдай изғиди жим.
 
 
        Туни билан роса едим
заҳар-заққум тўла беҳи.
 
 
        Гоҳо шамол дўниб қолар
даҳшатнинг бир лоласига,
 
 
        Сўлғин лола каби оқдир
қишнинг рангпар сабоҳи-да.
 
 
        Мурдалардан мени тўсар
ёмон, совуқ тушлар сади.
 
 
Жимлик аро майса босар
баданингнинг бўз воҳасин.
 
 
Висол тоқи таги, мана,
тиканаклар ўсар яна.
 
 
Қолдириб кет хаёлингни,
юрагимда фақат қолдир.
 
VIII
ҚОРА ЎЛИМ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Олмалар сингари ухласам дейман,
олислаб шов-шувга тўла мозордан.
Ухласам дейман бир юксак денгизда
юрагин тилмоқчи бўлган боладай.
 
 
      Мурдада қон бор, деб айтманг, керакмас,
ириган дудоқлар сув сўрар, деманг,
гиёҳ бўлмоқ азоби,
тонгда ишловчи
илоноғиз ой ҳақида гапирманг ҳечам.
 
 
      Бир лаҳза,
бирор соат, бир аср ухлай,
аммо ҳамма билсин, ўлган эмасман,
билсинлар, лабларим олтин охурдир,
ғуруб боди яқин оғайним бўлур,
томган кўз ёшимнинг чўнг кўлкасиман.
 
 
      Тонглаб юзимга тўр ёпиб қўй, токим
бир ҳовуч чумоли юргандай бўлсин,
совуқ сув-ла артгин бошмоқларимни,
чаёнлар нишлари сирғалиб ўтсин.
 
 
      Чунки олмалардай ухласам дейман,
мени бу тупроқдан буткул ювгувчи
бир йиғи, бир фарёд ўргансам токи,
денгизда юрагин тилмоқчи бўлган
ўша бола билан қолайин доим.
 
IX
АЖОЙИБ ИШҚ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Ёвуз далаларнинг
бор ганжи билан
эдинг ишқ қамиши, намчил бир суман.
 
 
      Ёвуз самоларнинг
жануб самуми,
қорнинг бир сурони эдинг юракда.
 
 
      Самолар, далалар
қўлларим боғлади занжирлар билан.
 
 
      Далалар, самолар
ярамни қонатди қамчинлар билан.
 
Х
ҚУТУЛИШ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Адашганман денгизда кўп бор,
узилган гул тўла ёд билан такрор,
севги, талвасага тўла тил билан.
Адашганман денгизда кўп бор
бола юрагида адашган каби.
 
 
       Кеча йўқ, бўсалар сасидан кейин
рўйсиз хандаларни сезиб турмаган,
кимса йўқ, тўралган бувакни кўриб,
отнинг бош чаноғин эслаб турмаган.
 
 
       Мана шунинг учун манглайдан оғир
чаноқ чокларини ахтарар гуллар
ва маъни қолмайди эр қўлларига
ердаги илдизга дўнмоқдан бўлак.
 
 
       Бола юрагида адашган каби
адашганман денгизда кўп бор.
Сув узра сўқирдай дайдиб излайман
ўзимга ёруғ бир ўлимни бедор.
 
XI
ЮЗ ЙИЛЛИК ИШҚ ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Тўртта пўрим ўспирин
чиқиб борар кўчадан.
 
 
   Ай, ай, ай, ай.
 
 
   Тўртта пўрим ўспирин
тушиб борар кўчадан.
 
 
   Ай, ай, ай.
 
 
   Икки пўрим ўспирин
белин сириб боғлади.
 
 
   Ай, ай.
 
 
   Бир ўспирин ва шамол
ўгирилиб қарар жим.
 
 
   Ай.
 
 
   Кўпирган бу миртазорни
айланмас энди ҳеч ким.
 
XII
ЭРТАЛАБКИ БОЗОР ҲАҚИДА ҒАЗАЛ
 
Элвира пештоқидан
ўтишинг кутдим, бедил,
исмингни бир эшитиб,
жимгина йиғлай дедим.
 
 
       Тўққиз ойнинг қайси бўзи
сўлдирди ёноғингни?
Ким теради энди қордан
ўзлигинг – чўғ донини?
Биллурингга қайси кактус
санчади тиконини?
 
 
       Элвира пештоқидан
ўтишинг кутдим, бедил,
исмингни бир эшитиб,
жимгина йиғлай дедим.
 
 
       Қандай садо қасд қилди
бозорда бу жонимга!
Порлаган чиннигулсан
чўнг ғалла хирмонида!
Оҳ, яқинсан йироқлардан,
йўлаб бўлмас ёнингга!
 
 
       Элвира пештоқидан
ўтишинг кутдим, бедил,
исмингни бир эшитиб,
жимгина йиғлай дедим.
 
ҚАСИДАЛАР
I
СУВ ЯРАЛАГАН БОЛАГА ҚАСИДА
 
Кўргим келар қудуққа тушиб,
Ғарнотанинг садларидан келар қарагим,
сувнинг қора бигизларидан
тарс ёрилган бола юрагин.
 
 
         Нола қилар ярадор бола,
бошида тож совуқ қировдан,
фавворалар, ҳовуз, булоқлар
шамширларин сермар ҳавода.
Ай, бу қайси ишқ қаҳри, қайси ёвуз тиғ,
қайси шабий сурондир, қайси оқ ўлим,
қайси чўлдир, тонгнинг саҳналарини
босиб кетган қай ёруғ чўлдир!
Бола танҳо эди
бўғзидайди ухлаган шаҳар,
тушларида тўралган булоқ
сувўтлардан болани асрар.
Бола ва талваса келар юзма-юз,
чирмашгандай икки кўк ёмғир,
чалқанча ётарди ярадор бола,
ёйдай эгилганди талваса оғир.
 
II
ЙИҒИГА ҚАСИДА
 
Эшитмай деб йиғи садосин
ёпиб қўйдим манзар эшигин,
бироқ тўртта сад ичидаям
олислаган фарёд эшитдим.
 
 
        Озгинадир малаклар товши,
оздир ҳатто итлар овози,
бир қўлимнинг битта кафтига
сиғар минглаб ғижжак садоси.
 
 
        Аммо фарёд улкан бир итдир,
битта улкан малакдир фарёд,
битта улкан ғижжакдир фарёд,
йиғламай деб, оғзин ёпар бод,
йўқ фарёддан бўлак бир садо.
 
III
ШОХЛАРГА ҚАСИДА
 
Тамаритнинг дарахтзорида
пайдо бўлди қалайи итлар,
бу шохларнинг солинмоғини,
бу шохларнинг синмоғин истаб.
 
 
      Тамаритда бир олма бордир,
бир олмаси лиммолим зорга.
Унинг зорин ўчирар булбул,
қирғовуллар кўмар ғуборга.
 
 
      Аммо шохлар қувонар ҳали,
худди бизга ўхшайди улар.
Дарахтларга дўнгандай ҳар шох
ёмғирларни ўйламай ухлар.
 
 
      Сувга ботиб тиззасигача
кузни кутар иккита водий.
Дарахтларнинг сафларин ёриб,
қоронғилик келар филодим.
 
 
      Тамаритнинг дарахтзоридан
равшан юзли болалар ўтар,
шохларимнинг солинмоғини,
синмоғини кутишар фақат.
 
IV
ЧАЛҚАНЧА ЁТГАН АЁЛГА ҚАСИДА
 
Яланғоч баданинг ерни эслатар,
отларнинг ерини – теп-текис, бегард,
қамишсиз бир ерни, бир соф шаклни,
келажак кўзидан пинҳон чегара.
 
 
     Сени яланг кўрмоқ – нозик бир қомат
излаган ёмғирнинг дардин тушунмак,
тиришган юзимга юлдуз тушсин, деб,
эзилган денгизнинг титроғин туймак.
 
 
     Бирдан жаранглайди ётоқларда қон,
шуъладор шамширин кўтарар азот,
аммо бинафша ҳам бақа юрагин
қаерда эканин билмассан асло.
 
 
     Қорнинг олишётган илдизлар дузи,
дудоқларинг эса тонгдир бесарҳад,
тўшакнинг илмилиқ гуллари аро
марҳумлар инграйди кутганча навбат.
 
V
ОЧИҚ ҲАВОДАГИ УЙҚУГА ҚАСИДА
 
Суман гули, сўйилган буқа.
Чексиз тўшама. Зал. Қарта. Чилтор. Тонг.
Қиз айланиб қолди суман буқага,
буқа – қони оқиб, бўкирган оқшом.
 
 
          Агарда бир гўдак бўлсайди осмон,
кечанинг ярмиси бўларди суман,
буқа – тореросиз мовий бир майдон,
бир устун пойида ётган бир юрак.
 
 
          Аммо филдир бу осмон,
суман эса қонсиз бир сувдир,
чексиз тўшамада чўзилиб ётган
тунги бир шохдир қиз.
 
 
          Суман ва буқанинг орасида бор
филсуяк илмоқлар ё мудроқ каслар.
Суман гулларида фил ва булутлар,
сўйилган буқада бордир қиз шакли.
 
VI
ЭРИШИБ БЎЛМАЙДИГАН ҚЎЛГА ҚАСИДА
 
Бир хаста қўл керак, гар илож бўлса,
ҳеч нарса керакмас бир қўлдан бўлак,
майли, минглаб тунин ўтказай бедор,
ҳеч нарса керакмас бир қўлдан бўлак.
 
 
          Токим у бир ганжий нилуфар бўлсин,
юракка боғланган бир каптар бўлсин,
жоним ҳам чиқар пайт тунда хонамга
ойни қўймайдиган бир кампир бўлсин.
 
 
          Жасадимни ювиб, кафанлагувчи
битта қўлдан бўлак нарса керакмас.
Ўлимимга лойиқ қанот бўлгувчи
битта қўлдан бўлак нарса керакмас.
 
 
          Ўтар бошқа нарсалар.
Исмсиз анвору мангу юлдузлар.
Қолгани бошқадир, нолиган шамол,
гала-гала бўлиб хазонлар учар.
 
VII
АТИРГУЛГА ҚАСИДА
 
Атиргул
излаган йўқ саҳарни,
мангудайин шохида,
излар бошқа нарсани.
 
 
          Атиргул,
вужуд, хаёл сарҳади,
зиё на риё излар,
излар бошқа нарсани.
 
 
          Атиргул
атиргулга қарамас,
қимирламас осмонда,
излар бошқа нарсани.
 

VIII
ТИЛЛО ҚИЗГА ҚАСИДА
 
Тилло қиз, тиллогина,
чўмилади ҳовузда,
тиллога айланар сув.
 
 
      Сув ўтлари, шохчалар
қамраб олар баданин,
оппоқ қизнинг кўйида
оҳ урар бир андалиб.
 
 
      Тун кўриниб келади,
аста-секин ярқираб,
кўринар яланг тоғлар
қўнғир эпкин тагида.
 
 
      Сув юзида оқариб
чўмилар қиз яланғоч,
сув ҳам гўё аланга.
 
 
      Тонг келади покиза,
минглаб мол суврати-ла,
қировли гулчамбару
оқ кафанга бурканиб.
 
 
      Чўмилар алангада,
кўздан ёши қуйилар,
фарёд қилар андалиб,
қанотларин куйдирган.
 
 
      Тилло қиз, тиллогина,
ўхшар оқ қарқарага,
сув ҳам эди тиллодай.
 
IX
ҚОРА КАПТАРЛАРГА ҚАСИДА
 
Дафна шохлари аро
икки қора каптар бор,
биттаси қуёш бўлса,
бошқа бири эди ой.
«Қўшнижонлар», сўрадим,
«Қабрим бўлур қайси жой?»
«Думимда», деди қуёш,
«Томоғимда», деди ой.
Белимгача ерга ботиб
йўл юрсам-да мўл юрдим,
икки қор бургути ҳам
яланғоч қизни кўрдим.
Икки бургут эди бир,
қиз бола эса ҳеч ким.
«Бургутжонлар», сўрадим,
«Қабрим бўлур қайси жой?»
«Думимда», деди қуёш,
«Томоғимда», деди ой.
Бири эди бошқаси,
иккиси эди ҳеч ким.
 

ТУРЛИ ШЕЪРЛАР

ҚОРАЧА ҚИЗЛАР БОҒИ
ТУРУНЖЗОР
 
Турунжзор.
Тушларим
лаҳзаси.
 
 
     Турунжзор.
Сариқ оғушлар
махзани.
 
 
     Турунжзор.
Эмар шабадалар
маммаларингни.
 
 
     Турунжзор.
Норанжзор ҳушсиз,
норанжзор жонсиз,
норанжзор қонсиз.
 
 
     Турунжзор.
Севгимни бир зарб-ла
кесишганин кўргансан.
 
 
     Турунжзор.
Илк севгим,
атиргулсиз, ҳассасиз севгим.
 
 
     Турунжзор.
 
ҲАР ҚЎШИҚДА
 
Ҳар қўшиқда
тинмиш
муҳаббат.
 
 
       Ҳар юлдузда
тинмиш
вақт,
тинмиш
замон.
 
 
       Ҳар сўлишда
тинмиш
фарёд.
 
КЎПРИК
 
Кумуш дафга
тизиллаб
урилади сув.
 
 
           Оғочлар
тўқиган шамолга
атиргуллар
берар бўйини.
 
 
           Бир анкабут
эса
айлантирар
ойни юлдузга.
 
УМИДСИЗ ҚЎШИҚ
 
Дарёлар қўшилур,
майсалар эшилур.
 
 
      Фақат мени
тўзғитди шамол.
 
 
      Қайлиқлар уйига
кирар хушхабар.
Қизлар саҳарлари
яшил ипакдан
чиройли кашталар
тикар юракка.
 
 
      Фақат мени
тўзғитди шамол.
 
(ТЕРАК ВА МИНОРА)
 
Терак ва минора.
 
 
Жонли бир соя,
мангулик соя.
 
 
         Яшил овозли соя,
беғам бир соя.
 
 
         Юзма-юз тош ва шамол,
соя ва тош.
 
ҚЎШИҚ
 
– Толгулнинг йиғисини
эшитиб қолсанг агар,
не қилардинг, суйгилим?
– Хўрсинар эдим фақат.
 
 
– Кетаётган нур агар
сени имлаб чақирса,
не қилардинг, суйгилим?
– Ўйлардим денгиз ҳақда.
 
 
– Боғда, зайтун тагида
айтсам битта сўзимни,
не қилардинг, суйгилим?
– Пичоқлардим ўзимни.
 
СОНЕТ
 
Айрилишдан қўрқаман, эй ҳур,
кўзларингда порлаган нурдан,
нафасингдан унган атиргул
ёноғимга тегмас бир тундан.
 
 
      Макон бўлмиш бу сирли қирғоқ
шохсиз оғоч, бирор бус-бутун
чечаги йўқ, бир оддий тупроқ
дардларимнинг қуртлари учун.
 
 
      Қўлларингда бўлсаям борим,
бўлсанг ҳамки хочим, нам дардим,
ит бўлсам-да келмайди орим.
 
 
      Сўнг бошоғим сўлмасин фақат,
кетаётган кузим барглари
оқимингга тўшалсин қат-қат.
 
ШОИР СЕВГИЛИСИДАН
МАКТУБ ЁЗИШНИ СЎРАЙДИ
 
Тирик ўлим каби теран муҳаббат,
бир оғиз сўзингни кутдим беҳуда,
чечак-да сўлмишдир, ўзимни фақат
йўқотиб яшамоқ мушкулдир жуда.
 
 
       Фақат ҳаво ўлмас. Тош эса ғофил,
ёғду ва зулматни фарқламайди, бас,
қийналган юракка ойлардан оқиб
келгучи муз каби асал керакмас.
 
 
       Мен сени йўқотдим. Очдим қонимни,
йўлбарсу кабутар, нозик белингда
оқ бинафша билан илон олишар.
 
 
       Тўлдир сўзларинг-ла жунун комини
ё яшай оҳиста ором селида
мангу зулмат учун руҳнинг шомида.
 
ҚОРА ОЙЛАР
 
Қора ойлар денгиз бўйида,
сув товланар ақиқдай қирмиз.
Туғилмаган чақалоқларим
изларимдан йиғлайди биғ-биғ.
«Кечма биздан, кетмагин, дада!»
Кенжам қўли қовушиб қолган.
Оқа бошлар қорачиқларим,
хўрозларам бирдан жар солар.
Мавжли кулги ниқобин кийган
денгиз қотар кенгликлар аро,
Дада, бизни ташлама!..
                                                               Бирдан
атиргулдай тўкилар садо.
 
СОКИН СУВЛАР
 
Кўзларим дарё бўйлаб
оқиб борар қуйига.
Гоҳ ёниб, гоҳо сўниб,
оқиб борар қуйига.
(Фароғатли дамларни
юрак санаб туради.)
 
 
           Қуриган ўтлар йўлдан
борар дарё бошига.
Бу йўл ёруғ, улуғдир –
борар дарё бошига.
(Йўлга тушмаймизми деб,
юрак ғамгин сўрайди.)
 
ВИДОЛАШУВ
 
Видолашдим
йўл ёқасида.
 
 
            Дилим потраб шошилдим
йиғи келган ёқларга –
йиғлардилар бошимда.
 
 
          Видолашдим
йўл ёқасида.
 
 
        Нотаниш ўзга йўлдан
етиб борган заҳотим
машъум он келди дея
уйғотгум хомуш ёдни.
Дўнмасман саҳардаги
ҳўл юлдуз титроғига.
 
 
          Қайтиб келдим овозсиз
куйларнинг оқ боғига.
 

ИЗОҲЛАР

ШЕЪРЛАР КИТОБИ

Бу Лорканинг 1916–1919 йилларда ёзилган шеърларини жамлаган биринчи китоби бўлиб, 1921 йили Мадридда босилган. Адабиёт аҳли, айниқса, ёши улуғ шоирлар, хусусан, Хуан Рамон Хименес бу китобни яхши баҳолаган. Китоб сўзбошисида шоир шундай деган: «Юрагим ва руҳиятимнинг ҳаққоний ифодаси сузиб юрган бу тартибсиз саҳифаларга болалигимда кўзимда яшнаган, жодулаган ҳаётнинг ранглари аксланган. Ҳаётим куйлаётган дарахтнинг тар новдасидай, бу шеърларим ҳам… ўша чашмадан сув ичган. Қиёмига етмаган бу китобнинг фазилатларидан бири – тоғлар ўраган водийдаги сайҳонда ялангоёқ чопиб юрган болалигимни эслатиб туришидир». «Шеърлар китоби»дан Лорканинг кейинги китоблари билан узвий боғлиқ ва табиатан енгил сайланма шеърлари таржима қилинди.

БИР ЎЗБОШИМЧА ШИЛЛИҚҚУРТНИНГ САЁҲАТИ

«Мангу ҳаёт борми, айт?» Руҳнинг мангулиги ҳақидаги насроний таълимотига ишонмаслик «Шеърлар китоби»даги асосий мавзулардандир.

ИЮЛЬ КУНИ МАНЗУМАСИ

«Фавраларнинг бўйнида». Фавра – сув оқими. Испан халқ ижодида сувнинг оғир тўлғаниб, эшилиб оққан оқими буқага ўхшатилади. Гарчи шеърдаги «фавраларнинг бўйнида / ялтирар қўнғироқлар» сатрларида «буқа» сўзи ишлатилмасаям, буқага нисбат берилган сув оқими ҳақида гапирилаётгани маълум.

Граф Дафна – машҳур итальян денгизчиси Роже де Лаурия (1250–1305). У испан халқ қўшиқларида Граф Лавр, яъни Граф Дафна деб номланган. «Ай, сарвларга ўхшаган / саёҳатчи, жўмардим!» Сарв – қабристон дарахти, азалдан испан шеъриятида қайғу тимсоли.

Изида – Қадимги Миср ривоятларида ишқ ва изтироб қуввати-ла эри ва акаси маъбуд Озирисни тирилтирган сув ва шамол маъбудаси, садоқат тимсоли.

ҚУЁШ БОТИБ КЕТДИ

«Бир қишлоқи ит / Зуҳрога суқланиб ҳадеб акиллар». Шоир тасаввурида ит билан ой бир-биридан ажралмас қиёфалардир.

Пенелопа – Одиссейнинг хотини, Одиссей сафарда йигирма йил дараксиз кетганда қайнотасининг тобутига ёпишга парда тўқиб бўлиши биланоқ бошқа эрга тегишини овоза қилган, аммо ўзи кун бўйи тўқиган пардасини кечаси ёзвораверган.

ҚАРИ КАЛТАКЕСАК

Ламартин – Алфонс де Ламартин (1790–1869), француз романтик шоири, шеърларида мусиқий товушларга алоҳида эътибор берган.

«Илондан қаерим кам?» Халқ орасида калтакесак (эл лагарто) эр кишига дўст ва кўмакчи бўлади, деган гап бор. Аксинча, илон (ла кулебра ёки ла серпиэнтэ) – эр кишига душман, аёл киши билан тили бир, дейилади.

ПИНҲОНИЙ МАНЗУМА

«Requiem aeternam» – (лот.) – мангу ором.

КАНТЕ ХОНДО ДОСТОНИ

Поэма дел канте хондо – канте хондо достони, андалус шевасида канте хондо, адабий тилда – канте ондо, канте (хониш), хондо (теран) – «теран хониш», «теран ашула» маъносида. Минг йиллар давомида ўзида араб, испан ва лўли қўшиқларининг энг фожеавий ва назокатли аломатларини омихта қилиб юборган канте хондонинг айрим турлари ўзимиздаги яккахон ҳофиз қўшиғини эслатади. Канте хондонинг лўлиларгача бўлган даврга оид онг қадимий шаклларидан канья ва солеадир. Канья арабча «ғина» сўзининг испанча талаффузи, қўшиқ маъносида. Канья ва солеа бор нафас билан баралла айтилади, сўзлар ибодат калималаридай аниқ-равшан эшитилади. Канте хондонинг бошқа турлари ҳам бор, яъни андалус қуролсозларидан тарқаган оғир ва фожеавий мартинетэ, подачилар ҳиргойи қилиб айтадиган серрана. 1931 йили Мадридда алоҳида китоб ҳолида нашр этилган канте хондо достонини яратиш ғояси анча аввал, яъни 20-йиллардаёқ пайдо бўлганди, 1922 йили 13–14 июлда машҳур испан бастакори Мануэл де Фаля Ғарнота қасабасида уюштирган канте хондо сайлигача достон деярли ёзилган. Йигирманчи аср бошларидаёқ унут бўлаёзган бу ажойиб санъат турини сақлаб қолиш кўп испан зиёлилари қаторида Мануэл де Фаля ва Лорка чекига тушди. Андалус қасабаларида канте хондо ҳофизлари билан мулоқотда бўлиб, бир олам таассурот олган Лорка 1922 йил февралида бу санъат ҳақида Ғарнотада маъруза қилди. Аммо Лорка яратган достон ҳофизлар ижро этадиган канте хондога тақлидан яратилмасдан, балки сўз ва шеър унсурлари воситасида бу санъат усулларини, ижро этиладиган муҳитни маълум бир қиёфага солган ва бу санъатга жон бағишлаган машҳур усталар, кантаорлар (ҳофизлар) сиймосини яратган.

УЧ ДАРЁ МАНЗУМАСИ

«Ғарнотанинг икки наҳри» – Ғарнота қасабасидан ўтадиган Дарро ва Хенил сойлари. Дарро сойи Хенилга, Хенил эса Севилла қасабасини кесиб ўтадиган суви мўл Гвадалнаҳрга қуйилади. Шакл жиҳатидан шеърнинг достонга сира алоқаси йўқ, аммо водийдаги хушвақт Севилла қасабасига тоғдаги жиддий Ғарнота қасабасининг қарама-қарши қўйилиши билан, яъни ички зиддият ва фожеавийлик билан канте хондо достонига алоқадор.

«Ҳовуз узра мисли ўлик / минорлардай Хенил, Дарро». Хушвақт Гвадалнаҳр норанжзор (апельсинзор) водийдаги ўктам минорага ўхшатилса, аксинча, Хенил ва Дарро сойлари ҳовуз, яъни ўлик сув узра турган ўлик минораларга ўхшатилган. Лорка ижодида ўлим ва турғун сув тушунчалари ажралмас ҳолда келади. Бундай қиёфаларни, яъни ўлим билан турғун сув қиёфасини «Телвакезик романси»да ҳам, «Дон Педро ва унинг оти ҳақида уйдирма» романсида ҳам, «Қудуққа чўккан қиз» шеърида ҳам кўриш мумкин. «Андалусия баҳрларингга / оқар турунж, зайтун гули». Зайтун гули нард гулидай оний гўзаллик, муҳаббат ва ҳаётнинг фонийлиги тимсолидир. Достоннинг «Дафн маросими» деб аталган шеърида: «Йўлда сўлғин / зайтунчамбарда / одимлар ўлим» сатрлари бор. Демак, Андалус «баҳрлари» ўша ҳовуз, яъни турғун сув, яъни ўлимдир.

ЛЎЛИ СИГИРИЙЯСИ ДОСТОНИ

Сигирийя – кантаор (ҳофиз), токаор (гитара созандаси) жўрлигида аста-секин ўйнаб туриб айтиладиган қўшиқ тури. Диққат қилинса, сигирийя достонида бошдан-оёқ ижрочи хатти-ҳаракатлари ифодаланади. Масалан, энг аввало, сигирийя ижро этиладиган муҳит, манзара тасвири («Манзара»), кейин токаор созанда намойиши («Гитара»), кантаор – ҳофиз фарёди («Фарёд»), кейинги жимлик («Жимлик»), ундан кейин асосий саҳна – сигирийя рақси («Сигирийя юриши»), қўшиқ таассуроти ва акс садо тасвири («Ундан кейин») ва ниҳоят руҳий покланиш («Кейин эса»). Бу лавҳада кўринадики, Лорка Канте хондога кирган барча достон турларини қиёфалаб, маълум мазмун асосида териб чиққан.

МАНЗАРА

Сигирийя ижроси учун фақатгина тун ва ёки эрталабки ғира-шира қоронғилик қулай вазият бўлиши мумкин. Бироқ бу шеърдаги манзара, яъни (Лусерос фриос, хунко ва пенумбра а ла орилла дел рио) ғира-шира совуқ нурлар, дарё қирғоғидаги қора босган қамишлар фақатгина фожеа муҳитини яратади, қиёфаларни тўқнаштиришга шароит ҳозирлайди.

ГИТАРА

Оқ камелиялар – ўзбекча таржимасида камолгуллар деб берилди. Лорка поэтикасида оқ ранг бегуноҳлик, поклик рамзимас, балки совуқлик, тумсалик, қайғу ва ўлим рамзида келади.

СИГИРИЙЯ ЮРИШИ

Толгуллар, яъни гулхайрилар – испан халқ оғзаки ижодида кўпинча яширин, жавобсиз, қайғули ишқ тимсолидир.

УНДАН КЕЙИН

«Икки сўқир қизбола / ойга берар саволлар». Кўрлик талқини достонда асосий ўринда туради. Ойга, яъни ўлимга савол берган қизларгинамас, балки ўлимнинг ўзи ҳам сўқирдир. «Солеа достони»даги «Кўзсиз ўлим / новаклар макони»га эътибор қилинг. Ўлим юборган ёйандозлар ҳам сўқирдир.

КЕЙИН ЭСА

«Ёлғиз чўл / қолди». Лорка шеърларида қавснинг аҳамияти жуда катта. Кўпинча шоир қавс ёрдамида биринчи сатрга тамомила қарама-қарши сатрни айриб кўрсатади. Ушбу шеърда биринчи қавсга олинмаган сатрлар фонида пайдо бўлган қавсдаги /ёлғиз чўл / қолди / сатри тасалли сифатида келади.

СОЛЕА ДОСТОНИ

Солеа – андалус шевасида ёлғизликни билдиради. Гитара жўрлигида ўйнаб туриб айтиладиган ғамгин қўшиқ. Кўпинча аёллар айтади.

ҒОР

Ғор. Ғарнота қасабаси яқинидаги Сакро Монте тепалигидаги ғорларда азалдан камбағал лўлилар истиқомат қилган.

ВИСОЛ

Сан Кайтан – аниқроғи, Сан Кайетан (1480–1547). Театинчилар жамоаси асосчиларидан. Бу жамоа аъзоларининг вазифаси ўлимга ҳукм қилинганларни қатл майдонига кузатиб боришдан иборат бўлган.

САЭТА ДОСТОНИ

Саэта – айнан таржимаси – «ўқ», «камон ўқи», «новак» маъносини билдиради. Мусиқасиз қисқа қўшиқ. Авваллари арафа ҳафтасида тақводорлар ибодатхоналардан обчиқилаётган хочга парчинланган Исо алайҳиссалом ва Биби Марям ҳайкалларини саэта – қисқа қўшиқларни қичқириб айтиб қаршилаганлар. Бундай ҳайкаллар «пасос» деб аталган.

СЕВИЛЛА

«Севилла ёйандозлар / яширинган минордир». Бу ерда Севилла қасабасининг ягона тимсоли бўлмиш деразалари кунгурадор Хиральда минораси кўзда тутилади.

Дон Хуан – Дон Жуан – асли севиллалик, саёқ, хотинбоз бўлган. Испан романсларининг қаҳрамони.

Дионис – юнон афсоналарида ҳосилдорлик, май илоҳи.

МАРОСИМ

«Ғалати яккашохлар» – Лорка шеъриятида тез-тез тилга олинадиган афсонавий яккашохлар. Айни бу шеърда – учбурчак бош кийим кийволган маросим қатнашчилари.

Мерлин – кельт афсоналари ва жўмардлик ҳақидаги романлар қаҳрамони, сеҳргар.

Одам боласи – Исо алайҳиссалом.

Дурандарте – Испанияда жўмардлик ҳақидаги роман ва романслар қаҳрамонини шундай ном билан аташ одат бўлган.

«Қаҳри қаттиқ Орландо» – Лодовико Ариостонинг (1516–1532) жўмардлик романи қаҳрамони. «Қаҳҳор Роланд» орқали испан романсларига кириб келган қаҳрамон. Айнан бу ерда ниқобланиб, ҳайит маросимида қатнашади.

Пасос – Исо алайҳиссалом ва Биби Марям ҳайкаллари.

НАМОЙИШ

«Сузасан бу шаҳардан / кўчалар-сойлар бўйлаб» – ҳайит намойишида оломон боши узра баланд кўтариб олиб ўтиладиган Биби Марям ҳайкалига ишора.

МАНЗАР

Тореролар. Тореро – буқа билан олишувда буқанинг жаҳлини чиқарувчи вазифасини бажарадиган иштирокчи. Албаакалар – оқ ва тўққизил гуллайдиган хушбўй ўсимлик.

ТОНГ

Ёйандозлар – (испанчаси «саэтерос») – саэта қўшиғини айтадиган ҳофизлар.

«ёйандозлар / севги каби / сўқирсиз». Бу контекстда «Ламентасион де ла муэртэ», яъни «Сўнгги илтижо» шеъридаги: «Кўзлар ила келувдим / сўқир кетгум дунёдан» сатрларига ҳамоҳанглик бор.

ПЕТЕНЕРА СУРОБИ

Петенера – Андалус-лўли қўшиқларининг бир тури. XVIII асрда канте хондо асосида яралган мусиқа жўрлигида ўйнаб айтилади. Бу қўшиқ турини Петенера исмли лўли аёли яратган, қўшиқнинг Петенера деб аталиши шундан.

ЙЎЛ

Сувори – Лорка шеъриятида энг кўп учрайдиган қиёфалардан, ўлим элчиси сифатида намоён бўлади. Сувори «Амарго билан гурунг»да, «Ой романси»да, «Сувори қўшиғи»да ҳам ўлим дарагини обкелувчи сифатида намоён бўлган.

«денгизларни соғинган / Ғарнотага» – Ғарнотанинг денгиздан узоқда жойлашганлиги Лорка шеъриятининг асосий мавзуларидан биридир.

ФАЛЛСЕТА

Фаллсета – қўшиқ тўртликлари орасини тўлдириб турувчи гитара оҳанглари.

«Қизларки, сочларини / совға қилган Исога». Таомилга кўра, ҳайит арафаси намойишларида Исо алайҳиссаломнинг оғоч ҳайкали янада жонли кўринмоғи учун қизлар ўз сочларидан кесиб, ҳайкални безашган.

«Кул бўлгунча куйганлар» – яъни, адойи тамом бўлган одамлар.

DE PROFUNDIS

De profundis – (де профундис) – лотинча «теранликдан» деган маънони билдиради, жанозада айтиладиган католик мадҳиясининг бошланма сўзи.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации