Текст книги "Энг қайғули шодлик"
Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 9 страниц)
САН-ЖАБРОИЛ
(Севилла)
I
Ойдин қамиш каби гўзал,
елкадору қизбел, шабий
тош олмадай юзи равшан,
шаҳло кўзи, ҳазин лаби,
асаблари тордай таранг,
кўчаларда танҳо дайдир.
Амирконий чуваклардан
синар мийно гулдай ҳаво,
кўкнинг фоний мотаминда
қарсиллатиб юрар равон.
Турса денгиз қирғоғида,
ўсал бўлур ўктам хурмо,
маҳобатли қироллар ҳам
ҳатто йўлчи юлдуз Зуҳро.
Агар бошин қўймоқ бўлса,
яшма тошдан сийнага ул,
бир воҳани излаб қолар
эгилиб тиз чўккани тун.
Тунлар малак Жаброилни
гитаралар алқаб қолар,
у каптарлар ҳамроҳидир,
нафрати бор мажнунтолга.
Сан-Жаброил, гўдак она
қурсоғида йиғлар кезда
сенга либос олиб келган
лўлиларни қўйгин эслаб.
II
Анунсасьон де лос Рейес
қамар, жанда кийиб юрган,
қопқаларни очар пешвоз
ташқаридан келган нурга.
Яқин келар жилмайиб оқ
гунафшалар тутган ноиб,
бошин эгар Хиралданинг
жигарбанди Сан-Жаброил.
Заррин камзул гулларида
чирилдоқлар сайрагандай.
Ситоралар буржи бирдан
чучмўмага айлангандай.
Сан-Жаброил, учта севинч
кўкрагимни паррон бузди.
Юзларимга суман гулдай
тароватин сочди нуринг.
Тангри шоҳид, Анунсасьон,
қорамағиз, ажойиб ой.
Насиб қилгай сулув ўғил –
сабодан ҳам хушбичимроқ.
Сан-Жаброил, айланайин!
Жаброилжон, кўзим нури!
Сенга лойиқ жой топилмас,
курси тўқий чиннигулдан.
Тангри шоҳид, Анунсасьон,
жанда кийган бир ситора.
Бўлур ўғлинг кўкрагида
битта хоч ҳам учта яра.
Сан-Жаброил, айланайин!
Жаброилжон, ҳушим оғди!
Ҳалитданоқ илиқ сутдан
чап эмчагим ёмон оғрир.
Тангри шоҳид, Анунсасьон,
сулолага она – ўзинг,
лўлиларнинг йўлларини
тунда ойдин қилур кўзинг.
Гўдак куйлар қурсоғида
Анунсасьон ҳушсиз турар.
Титрай бошлар чақалоқнинг
оғзида уч бодом ғўра.
Юксалар кўк зинасидан
Сан-Жаброил малаклардай.
Дасторгуллар каби ёнгай
юлдузлар ҳам фалакларда.
СЕВИЛЛА ЙЎЛИДА АНТОНИТО ЭЛ КАМБОРОНИНГ ҲИБС ҚИЛИНИШИ
Антонито Торрес Эрредя,
Камборонинг жўмард ўғли,
чивиқ ўйнаб Севиллага
корридани кўрмоқ бўлиб
борар, яшил ойдан ҳатто
қорамағиз, хушрўй, дароз.
Жингалаксоч ҳалқалари
манглайида ярқирар соз.
Ярим йўлда тасма қилиб
турунж кесар, тағин узиб
кесар, отар, тилло каби
сарғаргунча сувнинг юзи.
Ярим йўлда паноҳ бермас
унга қалин, бута-шохлар,
жандармнинг тўрт соқчиси
қўлларини қайриб боғлар.
Кифтларида шомни судраб,
уфққа аста қайтади кун
торреродай пўшин ёйиб,
қора тортар баҳрул очун.
Зайтунлар жадй нафасини
сабот билан кутар ҳамон.
Руҳ тоғлардан етиб келар
йўрға отни минган шамол.
Антонито Торрес Эрредя,
Камборонинг жўмард ўғли,
беш учбурчак қуршовида
зуннор каби боғлиқ қўли.
Антонио, наҳот бу сен!
Отанг ўтли бўлсанг зора,
очар эдинг тиғинг билан
бешта қонли фавворани.
Сен Камборо ўғли эмас,
ор-номусин йўқотган кас
Бир пайт тоғда лўлиларга
ҳатто ажал қоларди танг!
Эҳ, ўтибди ўшал мардлар,
ул тиғларни босибди занг!
Очилар бот турмаҳужра
шомги соат тўққиз пайти.
Бешта соқчи шарбат ичиб,
тун қаърига кетар қайтиб.
Ёпилар бот турмаҳужра
соат тўққиз бўлган ҳамон.
Ярқирарди қора байтал
сағри каби тунги осмон.
АНТОНИТО ЭЛ КАМБОРОНИНГ ЎЛИМИ
Гвадалнаҳр қирғоғида
янграр ўлим доди бехос.
Кўҳна додлар аро учар
чиннигулдай ёниқ овоз.
Қобон каби ёв пойларин
жон-жаҳди-ла тишлар қумда.
Кўпикланган делфинмисол
гир айланар сўнг ҳужумда.
Ёв қонига ол ёшлигин
чийлаб олар жон ҳалпида,
бироқ ҳолсиз йиқилар у
тўртта ўткир тиғ зарбидан.
Ситоралар тунги сувга
санчган маҳал найзаларин,
бузоқларнинг тушларига
кирган маҳал гул, майсалар.
Гвадалнаҳр қирғоғида
янграр ўлим доди ногоҳ.
Антонито Торрес Эрредя,
Камборонинг мард эркаси,
яшил ойдан ҳам қорача,
чиннигулнинг ёниқ саси.
Гвадалнаҳр қирғоғида
жонингга ким қасд айлади?
Оға-ини эрредялар,
бенамехлик тўртта хешим
қасд айлади кўролмасдан,
пайт пойлади эрта-кечин,
чунки долчин чувак кийдим,
узук тақдим бармоғимга,
жисмим суман ва зайтундан
қорган эди худойим ҳам.
Ай, Антонито Камборо, ай,
лойиқ эдинг маликага!
Сиғин Биби Марямга тез,
жонинг қолди таҳликада.
Ай, Федерико Гарсиа, ай,
соқчиларга қилгин аён.
Узолмасман ердан бошим
узилган бир бошоқсимон.
Учта зарба, учта қизил
жароҳатли рўйи сўлар.
Тирик нишон, бунақасин
энди сира қуйиб бўлмас.
Бир фаришта ғамгин келиб
болиш қўйиб кетар шу чоқ.
Ҳолсиз бошқа бир фаришта
ёқиб қўяр қорачироқ.
Бенамехга қайтган маҳал
тўртта қотил, оға-ини,
Гвадалнаҳр қирғоғида
ўлим саси буткул тинди.
ИШҚДАН ЎЛГАН ЎСМИР
Эна, айтгил, анов баланд
йўлакларда қандай ёлқин?
Қопқаларни ёпгин, болам,
соат ўн бир бўлди, ётгин.
Эна, кўзим, ишқсиз кўзим
куйдирар хўп тўртта шуьла.
Болам, балки баландликда
хотинлар мис лаган ювар.
Ой саримсоқ бўлагидай
бўзариб марг қийноғидан,
ташлар сариқ жомминорга
сарғиш сочлар қўнғироғин.
Тун бўйлайди манзарларни,
ойналарни чертиб турар,
тун шарпасин таниб қолган
минглаб итлар бирдан ҳурар,
қоп-қоронғи манзарлардан
май сарғимтир бўй уфурар.
Шамолнинг ҳўл қамишлари,
яна қари додлар, саслар
бузилган тун осмонининг
тоқларига тегиб, қайтар.
Ухлар ҳўкиз, гуллар, фақат
тўртта шуъла ғазабланган
Георгийнинг қаҳридай шаън
порлар баланд манзарларда.
Хотинлар ҳам йиғлаб тушар,
музлаб борар қурбон қони
узилган бир гулдай сўлғин,
қаттиқ гўё ўсмир сони.
Фарёд қилар оқсоч сойлар
қараб туман тўнган тоққа,
саннаб айтар эрлар исмин
ғовларга дуч келган чоқда.
Тун кўринмиш катак-катак
оқ деворлар, манзарлардан.
Тор кўчалар гармонмисол –
ўйнар лўли, малаклар ҳам.
Эна, жоним чиққан маҳал
сенёрларга қилгин аён.
Шимолга ҳам, жанубга ҳам
жўнатворгин кўк дилгиром.
Етти фарёд, еттита қон
етти сафсар ёбонкўкнор
долонларда ой нурларин
қорайтириб, айлади хор.
Кесилган минг қўллар билан
гултожлардай тошиб тенгсиз,
даҳшат солиб гумбурлади
қасам ичиб қўйган денгиз.
Қопқаларни бузмиш осмон
мудҳиш ўрмон шов-шуви-ла,
тунда баланд манзарлардан
чорлаб турар тўртта шуъла.
ЎЛИМГА МАҲКУМ ҲАҚИДА РОМАНС
Эвоҳ, чексиз ёлғизлигим!
Менинг кичик кўзларим ҳам,
отнинг катта кўзлари ҳам
тунлар ором билмай бир дам
хобнинг ўн уч қайиқчаси
сузган жимлик кишваридан
ўзга ёққа ҳеч қайрилмас.
Қисматимнинг покиза ҳам
қаҳри қаттиқ қароллари
мен-ла хомуш турар қараб
зирва, маъдан шимолига,
унда дарё узра руҳим
жонсиз қўлда муз қарталар
дастасини чийлайди жим.
Сойнинг оғир новвослари
ойнинг мавжли мугузлари
узра қувнаб чўмилётган
болаларни туртиб сузар.
Босқончалар сандонларда
тушдагидай янграр ҳорғин,
келар, дейди, бедор отда
кўз юммаган бир сувори.
Йигирма бешинчи июнда
Амаргога келди мактуб:
Ҳовлингдаги ўсиб кетган
толгулларни қўпорсанг оз,
дарвозангга зуннор чизиб,
тагига ўз исмингни ёз.
Биқинингдан ўсиб цикут
газандаўт ҳам тиканак,
чувакларинг кемирай деб,
игналарин санчар оҳак.
Бу рўй берур қаро тунда –
оҳанграбо тўлган тоғда
қамишзорнинг тушларин сув
новвослари ичган жойда.
Қўлларингни зуннор қилиб,
шам, мойчироқ жамлаб тургин,
дафина ҳам маъданлардан
совуқ сувдан ичиб юргин.
Сенга икки ойлик муддат,
шайланиб тур ўшал кунга.
Ялтираган оқ шамширин
Сант Яго ҳам қиндан олди.
Оғир жимлик эзган осмон
бир лаҳзада пастлаб қолди.
Йигирма бешинчи июнда
сўнг бор кўкка қарар Амар,
йигирманчи август куни
кўзларини юмар абад.
Одамларга тўлди кўча,
девор таги, тош майдонда
ёлғизликнинг чексиз юкин
кифтларидан отган онда.
Мана, Руммон рақамлари
каби аниқ, тағин тўғри
оппоқ чойшаб чеккаларин
тенглаштириб қўйди ўлим.
ИСПАН ЖАНДАРМЛАРИ ҲАҚИДА РОМАНС
Қора гулдур каби отлар.
Тақалари ҳам қорадир.
Йилтиллайди пўшларида
бўёқлару шам доғлари.
Кўзларида ёш қолмаган,
қўрғошиндан каллалари.
Лок сирилган жонлариям
ўралгандир тасмаларда.
Камоншакл, шабий шарпа,
ёвуз сафлар ўтар хунук –
қолур мумдай сукунат ва
ваҳиманинг чексиз қуми.
Ўтар, тасир-тусир ўтар
тилка-тилка тун қаъридан,
ғира-шира буржлар ёнар
тўппончалар сумбасидан.
О, лўлилар шаҳристони!
Ясангансан байроқлар-ла.
Олча сувли шиша хумлар,
ой нурлари қовоқларда.
О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени, унутар ким?
Ўктам долчин миноралар,
анбару ғам-ғусса шаҳри.
Нуқра тун, оқойдин тун
тушар чоғи осмонлардан,
лўлилар кун, новак ясар
ланғиллаган сандонларда.
Бошин уриб ҳар қопқага
кишнаб турар ярадор от.
Херес де ла Фронтерада
қичқирворар чинни хўроз.
Яланғоч бод гир айланар
бир чеккада шоду мафтун:
нуқра каби оппоқ-ойдин,
чиройли тун, ажойиб тун.
Юсуф билан Биби Марям
излаб қайроқ тошларини,
суриштириб келар ногоҳ
лўлиларнинг ошёнига.
Марям кўркам кўйлагида
ойимқиздай сузар ларзон,
бодоммағиз, зарқоғоздан
бўйнидаги қат-қат маржон.
Бир кифтида заррин пўши,
Юсуф тўхтар тўкиб виқор,
сал нарида Педро Домек,
ҳам уч эрон султони бор.
Чўчиб кетар лайлак каби
томда хаёл сурган қамар.
Босар баланд айвонларни
фонуслар ва байроқчалар.
Кўзгуларнинг қаърларида
додлар пойсиз раққосалар.
Херес де ла Фронтерада
соя ва сув, сув ва соя.
О, лўлилар шаҳристони!
Ясангансан байроқлар-ла.
Сўндир яшил дарчаларни,
келди ёвуз айғоқчилар.
О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени унутар ким?
Денгизлардан олис ерда
сочинг ёзиб ётасан жим.
Кириб келар гурас-гурас,
шаҳар байрам қилади шод.
Эрмангулнинг қари товши
ўқдонларда қўзғалар бот.
Кириб келар гурас-гурас,
пўшлари-да қора, қўшқат,
улар учун ҳатто буржлар
қаболлардай порлар фақат.
Хавф-хатарга очиқ шаҳар
чийлар экан бетин қопқа,
бирданига қирқта қаттол
кириб келар улкан қопга.
Тўхтаб қолар соатлар-да,
ногоҳ тўнар шиша хумлар,
синчиклаган ёв кўзлардан
сувлар музга дўнар зумда.
Сиртмоғидан парпираклар
ерга қулар чўзиқ доддан.
Қиличлардан қиймаланган
бодни топтаб ўтар отлар.
Изғиб лўли кампирлар-да,
обкетар от, жандаларин,
сочларини шамол титган,
жиринглар мис тангалари.
Ёпинчлар тор кўчаларни
тўсар тиғиз тиқинмисол,
қора бўрон қайчиларин
ортларидан ёпар беҳол.
Байтуллаҳм қопқасини
кўзлаб борар авом лўли,
Юсуф пўшин ўлган қизга
кафанмисол ёпиб қўйди.
Туни билан ўқ товшидан
таранглашиб турди ҳаво.
Марям буржлар сўлаги-ла
гўдакларга берар даво.
Жандармлар изғийди оч
тунга тағин экиб олов,
гулхан ичра ёнар ўсмир
ва яланғоч гўзал хаёл.
Сўйиб Роза Камборонинг
маммаларин жандармлар,
қўйиб кетар дарвозасин
токчасига лаганларда.
Бошқа қизлар эса қочар,
жонҳолатда қочар войлаб –
портлаб қора атиргуллар
яшнаётган мудҳиш жойдан.
Шудгорларнинг қатламидай
чўккан чоғи сопол томлар,
тошдай совуқ чеҳрасини
эгилганча тўсар тонг-да.
О, лўлилар шаҳристони!
Жандармлар кетар санғиб
сукунатнинг шум ғоридан,
қамраб олди сени ёнғин.
О, лўлилар шаҳристони!
Кўриб сени, унутар ким?
Юзларимдан изласинлар
Ой ҳам саҳро жилвасини.
УЧ ТАРИХИЙ РОМАНС
АВЛИЁ ОЛИЯ АЗОБИI
МЕРИДА МАНЗАРАСИ
Тор кўчадан тўлғанганча
қочар узун думли ол от,
эснаб ошиқ отар римлик
беш-олтита қари саллот.
Минерватоғ синдираркан
қуруқ дарахт шохларини,
бир қиррадан отилар сув,
ўлик қушдай жарлик сари.
Йиртиқ буржлар тўзонлари
тун қаърларин қилиб очун,
сув аралаш тонг ёриғин
кутар бирдан ёғиш учун.
Гоҳо босиб қизил тўлқин
каби сурон, тағин тинар.
Авлиё қиз нолалари
биллур қадаҳ каби синар.
Ғариллайди чарх тошлари,
чангакларни букиб оғир
инграр сандон буқалари.
Меридага кийдирар тонг
маймунжоннинг новдалари
ила хушбўй гуллардан тож.
II
ҚАТЛ
Яланг оғоч шохлари сув
зинасидан шитоб сакрар.
Консул сўрар Олиянинг
кўкси учун икки баркаш.
Ҳирқироқдан сўнг бўйнида
бўртиб кетар яшил шохлар.
Қушқўнмасда қолган қушдай
чайқалади жисми дорда.
Ва кесилган бармоқлари
ўйнай бошлар тоштахтада –
сажда қилиш учун қўлга
бирикмоқчи бўлар қайта.
Кесволинган икки кўкрак
тагларидан икки хунук
кичик осмон кўринар ҳам
томчилар қон аралаш сут.
Жисмидаги минглаб қонли
шохчалар ҳам жон талашиб,
ваҳший гулхан ништаридан
асраб турар ҳўл танасин.
Қуролларин жаранглатиб,
қатор-қатор, дабдаба-ла
ўтар қурбон қаршисидан
сўник юзли сариқ сафлар.
Шунда узун сочли консул
метин сафлар кўригидан
олиб ўтар мис баркашда
ҳовур чиққан кўкракларни.
III
ЖАҲАННАМ ВА ҲАМДУ САНО
ДОН ПЕДРО ВА УНИНГ ОТИ ҲАҚИДА УЙДИРМА
Тўлқинланиб чўкади қор.
Чайқаладир жасад ҳамон.
Кўмир каби юзин силаб
қора бўлар совуқ шамол.
Таранглаша товланар тун,
дарахтда у чайқалар, оҳ.
Тағин шаҳар довотлари
ерга тинсиз тўкар сиёҳ.
Қорли дузни босиб кетар
сукунатга қўшиқ айтган
тўда-тўда майиб-мажруҳ –
митти-митти қора ҳайкал.
Сийраклашиб ёғар қор-да.
Жасад турар оқарганча.
Ярқироқ муз лашкарлари
вужудига найза санчар.
Куйган фалак равоғида
булбул тўла боғлар узра,
ғудурлаган сойлар аро
Граал жомин нури сузар.
Сачрайди ранг синиқлари:
Олия оқ, оқликда оқ.
Малаклар ҳам авлиё деб,
тепасида учар узоқ.
ФАМАР ВА АМНОН
Ёлғизоёқ сўқмоқдан
тушаётир Дон Педро.
Ай, мунчаям куйиниб
йиғлар бу кабальеро.
Эгарсиз ҳам жиловсиз,
гижинглаган бир отда
нон билан бир ўпични
излаб юрар дунёдан.
Деразалар шамолга
шошилиб савол берар:
нечун бунча куйиниб,
йиғлар бу кабальеро.
Сув тагида оҳиста
сўзлар сузар лўмиллаб.
Сув устида тўлиной
ўйнаб-ўйнаб
чўмилар.
Бошқаси ҳавас қилар,
мунча юксак!
Соҳилда
«Товоқларни жуфтла, тун»,
деб бир бола ёлборар.
Осмонларга туташган
болутзор ўрмон аро
ухлаётган заркентга
келиб қолар Дон Педро.
Байтуллаҳмми? Ҳулво
руморанг бўй уфурар.
Қизғиш сопол томларда
ярқирайди булутлар.
Дон Педро ҳам йиртилган
тоқлар тагидан ўтар.
Икки аёл ва бир чол
чиқар ёқиб шамларин.
«Йўғ-ей», дейди сапидор.
«Кўрамиз», дер андалиб.
Сув тагида оҳиста
сўзлар сузар сочила,
қушлар ва алангалар
айланар сув сочида.
Қандай хато бўлганин
фақат билар қамишзор,
оғочтан гитаранинг
туши бодсиз, беозор.
Равон йўлдан оҳиста
чолу икки жория
қўлларида шам тутиб,
қабристонга боришар.
Бечора Дон Педронинг
ухлаб ётган оти ҳам
сезиб ўлим шарпасин,
зумдаёқ ҳушёр тортар.
Ўқдай учар осмонда
шомнинг ботин овози,
шохин урмиш ойнага
йўқликнинг яккашохи.
Олисда катта шаҳар
қолар олов бағрида,
фарёд қилиб одам ҳам
кетар замин қаърига.
Шимолда битта юлдуз,
бир денгизчи жанубда.
Сув тагида
ётар сўзлар.
Саслар балчиққа чўккан.
Қунишган гуллар аро
ай, ётар эрмак бўлиб
бақаларга Дон Педро.
Ой қақраган ерга боқиб,
фалакларда кезар экан,
ёз паланглар, алангалар
нафасларин тинмай экар.
Томда куйиб кетган ҳаво,
асаблар-да таранг тордай.
Шамол юнгли маърашлардан
жингаласоч бўлиб борар.
Юксаларкан кўрсатиб ер
яра босган тиртиқларин,
қиздирилган игналардай
оқ нурлардан зир титрайди.
Кирар Фамар тушларига:
томоғида қушлар сайрар,
тўниб қолган чирмандалар
билан ойдин гитаралар.
Пешайпонда турар яланг –
хурмо каби хушбичим бод,
нолиб қайноқ кифтларига
сўрайди дўл, сўрайди қор.
Фамар ҳазин куйлар экан
пешайвонда туриб луччак,
теваракдан қулаб тушар
пойига тўрт қор мусича.
Амнон равшан кўринади –
минорадан турар қараб.
титрар қора соқоли ҳам
белларида кўпик қайнар.
Яланг ҳолда панжарадан
қараб турар экан ногоҳ
қулаётган ўқ товшидай
қиз оғзидан чиқади оҳ.
Амнон ҳамон еб қўйгудай
ойга қарар, тушар пастга,
қайга боқса, кўраверар
ҳамширасин маммаларин.
Ярим тунда қулар Амнон,
қулар ҳолсиз ўз жойига.
Тирнар бўм-бўш хобхонани
қанот тўла кўзларида.
Кўмиб қўяр кентни зумда
кулранг қумга оғир саҳар,
гоҳ очади варта рўйин,
яшнар гоҳо гули настар.
Кўзаларга хомуш қудуқ
томиридан жимлик тўлар.
Эгри-бугри, моғор босган
илдизларин илон ўрар.
Амнон инграр тўшагида,
гоҳо тинчир, гоҳо тағин
чирмар безгак печакгули
босириқдан куйган танин.
Фамар кирар хобхонанинг
жимлигига шарпадай жим,
шоҳтомирдан иссиқ танин,
олис туман пардасидай.
Фамар, собит саҳаринг-ла
кўзларимни буткул ёндир.
Ришталарин оқ барингга
қўшиб тўқиб қўйди қоним.
Қўйгил, азоб берма, ака.
Кифтларимни ўпма, бўлди.
Жисму жоним чақар худди
ғуж-ғуж ари билан мўлдир.
Бармоқларинг учи, Фамар,
гулғунчадай таранг ҳали.
Кўркам сийнанг тўлқинида
ўйнаб турар икки балиқ.
Шохнинг юзта оти сапчир,
сурон ерни бир тебратар.
Сурх новдани офтоб сели
эгиб ташлар тупроқ қадар.
Тутамлайди сочларни қўл,
йиртилгандай шойи либос.
Эгри-бугри чизиқлардай
маржон оқар сариқ тошда.
Ўҳ, ёввойи доддан қандай
еру осмон кетди титраб,
Шилдираган калта кўйлак
узра чақнар совуқ тиғлар.
Хомуш қуллар зиналардан
чиқиб тушар жонҳолатда.
Тўнган осмон тагларида
ярқирайди мисдай сонлар.
Фамарнинг чор атрофидан
фарёд қилиб лўли қизлар
эзилган гул томчиларин
териб юрар битта-битта.
Хобхоналар чойшабларин
кун қизилга белар экан,
тонг алишар сўлишларин
нуқра балиқ, меваларга.
Амнон шоҳнинг жазосидан
қочган маҳал тоти отда.
минорларнинг шинагидан
занжи қуллар новак отар.
Тўрт садони тўртта туёқ
гулдиратган маҳал даштда,
Довуд қайчи билан чилтор
ришталарин кесиб ташлар.
ШОИР НЬЮ-ЙЎРКДА
(1929–1930)
КОЛУМБИЯ ДОРУЛФУНУНИДА КЕЧГАН ЁЛҒИЗЛИК ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР
Қаҳр севги рангида, ғафлат рангида севги.
Луис Сернуда
САЙРДАН ҚАЙТИШ
ИНТЕРМЕДИЯ
Мени бу осмон эзди,
илон каби тўлғанган,
ўткирлашиб юксалган шакллар орасида
ўсиб кетсин сочларим.
Шох-шаббаси буталган, куйламай қўйган оғоч,
юзи қордай оқарган бола билан биргаман.
Пачоқбош даррандалар, ялангпойлар топтаган
увада бўлиб ётган сувлар билан биргаман.
Довотга ботиб қолган бир капалак мисоли
атрофга ботган ҳорғин суврат билан биргаман.
Ҳар куни ҳар қадамда ўзгариб турар юзим.
Мени бу осмон эзди.
(1910)
Тўққиз юз ўнинчи йилги кўзларим,
ҳали кўргани йўқ мурдаларни кўмганларини,
на тонгда азадорга ёдгорлик – бир ҳовуч кулни,
на бурчакка қадалган денгиз тойидек
титраган юракни кўрмади.
Тўққиз юз ўнинчи йилги ўша кўзларим
тагига болалар сийган оппоқ деворни кўрди,
буқанинг тумшуғию заҳарли қўзиқорин,
бурчакларда ғира-шира ой ёғдусида
турунж пўчоғию қорамтир шишалар
соясин кўрди.
Менинг ўша кўзларим ҳамон отнинг ёлида,
хобчил санта-Росанинг ярадор баданида,
ишқ томлари, додлару покиза кафтлардадир,
мушуклар бақаларни ямлаб еган боғларда.
Чанг йўсин ва ҳайкаллар ясаган чордоқларда,
ейилган қисқичбақа жимлиги бор қутида,
туш билан ўнг ногаҳон тўқнашиб кетган жойда.
Шунда, ўша ерда болалигим кўзлари.
Мендан ҳеч гап сўраманг, қисматни қандоқ
излаб,
қандоқ бир-бир бўшлиққа келганларни кўрганман.
Ҳувиллаган осмонда ҳувиллаган оғриқ бор,
кийингану вужудсиз жонзотлар кўз ўнгимда.
НЕГРЛАР
УЙҒУНЛИК ВА НЕГРЛАР ЖАННАТИХАРЛЕМ ҚИРОЛИ
Уларга ёқмайди оқ ёноқлардан
тўлқиндай юксалган қуш сояси ҳам,
шамол ёғду билан олишиб қолса,
совуқ қор саройида.
Баданга тегмаган ўқлар ёқмайди,
тўртбурчак рўмолча – айрилиқ куни,
буғдой табассуми аро яшринган
таҳқирли игналар, атиргулларни.
Ёқтирарлар мовий чўлларни,
сигирларнинг содда тумшуғи,
қутбларнинг сохта ойи ҳам
соҳилда илондай ўйнаган сувни.
Биларлар сумбалар, шохлар сирини,
порлаган асаб-ла тешар тупроқни,
ичишар минг йиллик сўлакларини,
сирғалиб сувда ҳам қумлоқда.
Шитир-шитир тўла самода,
қуртсиз, от излари йўқ бир самода
абадий тош қотган туяқуш тухми,
ёмғир томчилари кезмиш ўйноқлаб.
Кечмиши йўқ битта самода,
тонгдан ҳеч қўрқмаган тун самосида,
телбавор булутлар туяларининг
белини синдирган яланг шамоллар.
Майсалар ботган чоғи танлар инграр ул ёқда,
ул ёқда оқ садафни қўмсар сиёҳ зиёси,
оғоч қалқонлар тўсган хобли юзлар эрийди,
рақслардан сўнг қолур шипшийдам қўр майдони.
Чўмич билан
тимсоҳлар кўзларин ўярди,
маймунлар кетига урарди
чўмич билан.
Боқий ўт ухларди қайроқтошларда
аниснинг бўйидан маст чигирткалар
унутганди қишлоқ йўсинларини.
Қўзиқоринларга бурканган бир чол
негрлар йиғлаган жойга борарди,
тинимсиз ишларди қирол чўмичи,
бўчкалар тўларди ириган сувга.
Шамолнинг эгилган тиғи учидан
потирлаб қочарди атиргуллар ҳам,
ғазабдан қизариб кетган болалар
сарғарган олмалар уюмларида
ўлдирарди митти олмахонларни.
Кўприклардан ўтмоқ керак,
қорайган қизилга етишмоқ керак,
токим ўпкаларнинг ҳидлари
либосларнинг олов этакларидай
шиддат-ла урилсин юзларимизга.
Ўлдирайлик малла арақпуруш билан
олмалар ва қумнинг жўраларини,
муштлаб мажақлайлик қайнаётган ловияларни,
токим эли билан куйласин Харлем қироли,
токим қаторлашиб ётган тимсоҳлар
тинч ухласин ой тошпахтасида,
токим ҳеч ким шубҳа қилмасин
қозон-товоқ, чўмичлару ювғичларнинг
беқиёс гўзаллигига.
Ай, Харлем! Ай, Харлем! Ай, Харлем!
Эзилган қизғиш нигоҳларингга,
зулматда анордай ёнган қаҳрингга,
эшикбон либосли чўнг қиролингга
тенг келувчи қайғу топилмас.
Туннинг ёрилган ерида
тошдай қотган оқ калтакесаклар.
Амриқолик қизларнинг
қоринлари тўла бола-чақага,
эсноқ хочларида сўлиётган ўсмирлар.
Шулардир,
шулардир вулқонлар этагида
кумушранг виски ичиб,
музлаган айиқтоғда юраклар нимтасин
газак қилган шулардир.
Ўша туни Харлем қироли
синмайдиган бир чўмич билан
тимсоҳларнинг кўзини ўйди,
маймунларнинг кетига урди
бир чўмич билан.
Негрлар йиғлади
шамсиялар ва олтин қуёшлар орасида,
ўзларини кўз-кўз қилди оқтанларни соғинган
мулатлар,
шамол кўзгуларни ўраб туманга,
раққосларнинг томирин ёрди,
Негрлар! Негрлар! Негрлар!
Қон тополмас йиқилган кечанинг эшикларин.
Қизиллик йўқ. Қаҳҳор қон бордир тери тагида
тиғдан тирик, табиат сийнасида ёнгувчи,
омбирлар соясинда, шан тиканзор тагида
қичқичбақа сингари порлагучи қон бордир.
Сўнгаклар тўзонлари сочилган минглаб йўлдан
бир ўлим излаган қон бор,
ҳувиллаган соҳилда ташланди нарсалар-ла
қўшилиб жимжит сузган бир тўда сайёранинг
осмонин излаган қон бор.
Атрофга кўз қирида назар солиб турган қон,
гули товус суви ҳам ер қаърининг шарбати.
Йўлдан адашган денгиз шамолини занглатган,
токчада капалакни эритгувчи қон бордир.
Келар бу қон манзарлардан,
томлардан бўлак-бўлак бўлиб тошиб келади,
ёндирмоқ-чун оқсариқ жувонлар чеҳраларин,
катлар пойида бедор сувларга зорланмоқ-чун,
сачрамоқ-чун тамакидай сап-сариқ тонг тагида.
Қочиш керак,
қочиш керак қоп-қоронғи хилватларга,
яшириниш керак баланд иморатлар
чордоқларида,
чунки бу ўрмон руҳи киролур ҳар тешикка,
қолдирур енгил зулмат изларин танингизда,
сохта гул ҳам ўнгиган қўлқопдай ғусса берур.
Шунда доно жимликда
дастёрлар, ошпазлар, хуллас,
миллионерлар ярасини ялаганлар
селитрали кўчалардан қиролни излаб қолар.
Қора гирдобга ботган дағал жанубий бод,
чизиғи куйиб кетган Воль ёйин ҳаммоли бод,
папирос қолдиқлари, муқовалар, пўчоқлар,
чириган қайиқларни туфлар экан қирғоққа,
аямасдан игналарин елкаларга ботирар.
Дурбиндаги уч томчи сиёҳ –
муҳаббат тош юзида кўринмаган ягона юздир.
Булутлар узра гултожлар ва барглар
гулсиз яланг новдаларнинг бир даштига айланди.
* * *
Ўнгдан, чапдан, жануб, шимолдан
юксалур метиндай бир сад,
на каламуш, на ўткир сув тешолмас,
кўрмоқ бўлиб чексиз дунёни
сад ёриғин изламанг, негрлар.
Қарағай ғурралари гувиллаб турган чоғда
изланг, изланг осмондан битта улкан қуёшни,
изланг, ўрмон париси борлигига ишонмай
ўрмонлардан ўтгувчи битта қуёшни изланг.
Саноқларни бузувчи, ноз уйқулар посбони,
тимсоҳларнинг ғашига текканча дарё узра
пастга қараб сирғалган битта қуёшни изланг.
Негрлар! Негрлар! Негрлар!
На илонлар, на ёввойи отлар, хачирлар
ўлар чоғда оқармас.
Ўтинчи ҳам кесилган оғочнинг шафқат сўраб,
энг сўнгги ёлвориғи – оҳларини эшитмас.
Газанда, куманжирлар томга чиқиб олгунча
оғочдан қиролингиз соясида сабр айланг.
Шундагина, негрлар, шундагина
жон-жаҳд ила ўпинг велосипед ғилдирагини,
олмахонлар инларига дурбин қўйинг
ва ниҳоят ҳеч нарсадан қўрқмасдан ўйнанг,
булутлардан юқорида, қамишзорларда
Мусомизни маҳв айлагай тиканлар.
Ай, ниқобли Харлем!
Ай, бошсиз костюмлардан даҳшатга тушган, Харлем!
Оғочу лифтларингдан
бир сурон етиб келур,
тишлар билан қопланган автомобиллар сузган
кўзёшинг етиб келур,
отларнинг мурдалари, саноқсиз жиноятдан
суронинг етиб келур,
жондан тўйган, соқоли денгизга тушиб турган
қиролингдан бир сурон,
бир сурон етиб келур.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.