Текст книги "Энг қайғули шодлик"
Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 9 страниц)
ҚУЁШ БОТИБ КЕТДИ
Қуёш ботиб кетди. Оғочлар
ҳайкаллардай хаёлчан.
Йиғилган дон.
Чархпалаклар
хомуш тин олган.
Бир қишлоқи ит
Зуҳрога суқланиб ҳадеб акиллар.
Ҳали ўпилмаган қиздай иболи
Зуҳро улкан олма каби ярқирар.
Ёмғир тулпорлари – искаптопарлар
учиб юрар. Ҳаво дим.
Улкан Пенелопа ойдин кечани
тўқий бошлади нурдан.
«Ухланг, бўри келиб қолади» –
қўзиларин ухлатар қўйлар.
«Дугоналар, куз келдими», –
гул овози титраб сўйлар.
Чўпонлар ҳам подани
ҳайдаб олис тоғдан қайтдилар,
эски ковоқхона остонасида
болакайлар ўйнар пайтида
бинолар ёдлаб олган
ишқий лапарлар ҳам
қайта-қайта айтилар.
(БИР ДИЛЛАРКИ, ДИЛЛАР)
Бир дилларки, диллар –
мовий анвор бор,
сўлиган саҳарлар
вақт барглари аро.
Диллар бор қадимги,
соялар, йиллар
соғинчу дардларин
яширган диллар.
Яна бир дилларда
қўрқинч шарпалар,
мевалар қуртлаган,
намчил дафъада
эшитилиб қолар
гоҳо олис сас –
куйган фарёд саси,
қора оқимдай,
бўсасиз, ноласиз –
ўчган хотира.
Дилимни балоғат
тергайди кўпдан,
энди мавҳум сирдан
руҳим-да тўзар,
Уйқу ғажиб қўйган
ғўрлик тошлари
хаёлнинг тубига
отила бошлар.
Худодан узоқсан
дейди ҳар бир тош.
ҚАРИ КАЛТАКЕСАК
Ёлғизоёқ сўқмоқда
миқти калтакесак – чол
(тимсоҳнинг қариндоши)
сурарди роса хаёл.
Яшил суртукли бу зот
келбатида шайтон ҳам
роҳибга ўхшашлик бор.
Хўп мулойим,
бўйнида
оҳорланган оқ ёқа,
такаббур ва хотиржам
бир олим каби боқар.
Омадсиз артистнинг
кўзларидай кўзлари
сўнаётган оқшомни
ачиниш-ла кузатар.
Дўстим, узр, мумкинми,
кичкина савол берсак,
нега фақат оқшомда
ҳассасиз сайр қилмоқ
ёқар, Дон Калтакесак?
Қаригансиз, сал ўйланг,
сизни бирор тун-пунда
қишлоқ шумтакалари
ранжитмоғи мумкин-да.
Не излайсиз сўқмоқдан
самарасиз ўй суриб,
чаламулло файласуф,
қорайиб бўлди ғуруб.
Қаранг, ёз таровати
бино қилган шарпалар
човутлари осмонни
йиртибди бир лаҳзада.
Сўнаётган осмондан
садақа сўрайсизми?
Бир томчи мовийлик ё
юлдузнинг бўлагини?
Ламартин шеърларини
эслаяпсиз, эҳтимол?
Ё сайроқи қуш саси
этдимикан сизни лол?
(Ёнган уфққа қарайсан,
бақалар аждарҳоси,
ўхшаб одам кўзига
кўзларинг ёнар ҳозир.
Сузар қайиқ-фикрлар
қорайган корачуғинг
қора босган сувида
чайқалади чорасиз.)
Балки савр бошоғидай
ям-яшил, силлиққина
калтакесак гўзалга
келгансиз илиққанча.
Сизни ташлаб кетибди…
Ўтади-да ҳар ишлар.
Ўҳ, қайда гўзал ёшлик,
қайда ишқбўй қамишлар.
Сўйласанг, гап тугамас.
ёқтираман сизни кўп.
Епископ иягидай
иягингиз создир хўп.
Жағингиз сувратида
улуғвор ва маънодор –
«Илондан қаерим кам»,
деган битта ифода.
Туман босган адирлар
аро эрир қуёш ҳам,
йўлларда сап-сариқ чанг
кўтарилар подадан.
Қош қорайди, оғайни,
ўй сурасиз бемалол,
уйга бориб ётволинг,
суравермай кўп хаёл.
Ҳали сизни қумурсқа
галалари еган чоқ
юлдуз тўла осмонни
кўрволасиз яхшироқ.
Қани, ҳа, имилламанг,
қолманг-да тағин бесар,
тунингиз яхши ўтсин,
дўстим, Дон Калтакесак!
Ҳувиллаб қолар дала,
адирларга чўкар тун,
сўқмоқларда бу палла
фақат ёлғиз бод елар,
фақат гоҳо қоронғу
теракларнинг авжидан
какку овози келар.
БУЗИЛГАН ТОМОША
Уйқусираб, тумтайиб
ой жим сузиб келади.
Ўйпараст тун оромин
босиб, бузиб келади.
Муаззин қурвақалар
қайга ғойиб бўлдилар?
Қамишзорни кийволган
ирмоқ бўғиқ ғўлдирар.
Майхонада машшоқ жим,
эшитилмас бирор сас.
Юлдуз яшил сайҳонда
жавлон уриб тушар рақс.
Тоғ пойида ўлтирар
шамол хўрлиги келиб.
Пифагор – кекса терак
кўтарди улкан қўлин,
адабсиз ой юзига
тарсаки урмоқ бўлиб.
ПИНҲОНИЙ МАНЗУМА
Қайда қолди юраги,
илк бора алифбога
эси кетган болакай
юраги қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Қақраган дудоғимдан
баҳорий ёмғир каби
ўтиб кетган хаёлий
биринчи бўса қани,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Биринчи шеърим ҳисси.
Толим-толим сочлари,
хўмрайиб қараган қиз,
сендамасму,
қора тун?
(Сой суви
мунча
совуқ.)
Илонлар уймалашган
фалсафа оғочида
эзилиб пишган ёлғиз
юрагим қайда қолди,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Уйқуда моғор босган
сирли соялар тўла
дайди ишқим қасрини
қайдан сўрасам бўлар,
сендамасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Ў, каттакон дард, оғриқ,
ёлғиз ғорлар зулмати
сени енгмакка қодир,
шундаймасму,
қора тун?
(Бу булоқ
мунча
қайноқ.)
Адашган юраккинам!
Requiem aeternam!
ДЕНГИЗ СУВИ МАНЗУМАСИ
Жилмаяди
денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
мовий дудоғи.
– Не сотасан сийнаси
очилган хомуш жувон?
– Сув сотаман, сенёрим,
сотаман денгиз сувин.
– Қорамағиз ўспирин,
қонингда не чайқалур?
– Сув оқади, сенёрим,
оқади денгиз суви.
– Кўзёшинг шўрдир, эна,
бу шўрлик қайдан келур?
– Йиғлатади, сенёрим,
йиғлатар денгиз суви.
– Юрак, қайдан келади
бу абадий ғам-қайғу?
– Қайғулидир жудаям,
қайғули денгиз суви.
Жилмаяди
денгиз узоқда.
Тишлари кўпикли,
мовий дудоғи.
ОҒОЧЛАР
Оғочлар!
Новаклар
кўкдан узилган.
Сизни қайси алплар заминга отган?
Балки отган юлдузлар?
Мусиқангиз келар қушлар дилидан,
тангри кўзларидан,
баркамол ғамдан.
Оғочлар!
Чайир илдизларингиз
юрагимни танирмикин заминда.
ТУНГИ ШАМОЛ
Даҳшат сунар жудаям
кечаси жонсиз япроқ,
даҳшатлидир кимсасиз
далада ёлғиз қолмоқ.
Тошдай ухлаб ётарман,
ёлғиз сен уйғотарсан,
уйғотмасанг, музлаган
юрагимда қотарсан.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!
Бўйнингдаги маржонда
саҳарлар нури ўйнар.
Нечун ташлаб кетарсан
мени ёлғиз бу йўлда?
Кетарсан олис ёққа,
жон қушим-да сайрамас,
боғимдаги токлар ҳам
ўткир майга айланмас.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!
Буткул билмай қолурсан,
қордай оқ капалагим,
сенинг ишқинг кўксимни
ёққанини нақадар.
Тонг ёришган чоғида
қаттиқ жала қуяжак,
қуриб қолган шохлардан
тўкилади уялар.
Узоқларда зорланиб,
сукунатни бузди ким?
Шамол ўзин ойнакка
ураётир, суйгилим!
КАНТЕ ХОНДО ДОСТОНИ
(1921)
УЧ ДАРЁ МАНЗУМАСИ
Гвадалнаҳр равон оқар
зайтунзору норанжзордан.
Ғарнотанинг икки наҳри
воҳаларга қочар қордан.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Гвадалнаҳр мавжларида
балқиб ёнар анор гули.
Ғарнотанинг икки наҳри –
бири қонли, бири мўлдир.
Ай, севги,
қуюндай ўтдинг!
Оқ елканли қайиқчалар
Севиллада сузар тўлиб,
Ғарнотанинг сувларида
фақат сузар оҳу сўлиш.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Гвадалнаҳр, юксак минор,
норанжзорда дайдир шамол.
Минорлардай ҳовуз узра
Дарро, Хенил туради лол.
Ай, севги,
қуюндай ўтдинг!
Доду фарёд, ғам доғини
оқизарми дарё суви.
Ай, севги,
келдингу кетдинг!
Андалусия, баҳрларингга
оқар турунж, зайтун гули.
Ай севги,
қуюндай ўтдинг!
ЛЎЛИ СИГИРИЙЯСИ ДОСТОНИ
МАНЗАРАГИТАРА
Зайтунзор
очилур, ёпилур
елпиғич каби.
Зайтунзорга
чўкар бир осмон,
совуқ нурлар каби
қоронғи ёмғур.
Бир сой бўйида
дағ-дағ титрар
қоронғилик ила қамишзор.
Майиб бўлур кулранг бод.
Ҳар зайтунда
лиммолим
фарёд.
Ў, шўрлик
бандилар галаси,
қоронғида қушларнинг узун
думларини ўйнар тун.
ФАРЁД
Бошлар
гитар ноласин.
Синар
тонг пиёласи.
Бошлар
гитар ноласин.
Сўрма энди
жимликни.
Бир маромда йиғлайди,
гўё сувлар йиғлайди,
гўё қорлар устида
ёлғиз шамол йиғлайди.
Сўрма энди
жимликни.
Йиғлар қўмсаб
кимнидир.
Йиғлар куйган саҳролар
камолгул васлин ўйлаб.
Йиғлар тонгсиз кечалар,
бесамар учган ўқлар,
чирқираб баланд шохда
жон беради бир мурғак,
Ў, гитара!
Беш ханжар
қонга бўяган юрак.
ЖИМЛИК
Фарёд ёйи
туташади тоғдан
тоққа.
Зайтунлар гумбазлари
узра қора камалакдай
чақнар нилий кечада.
Ай!
Таранг турган торларга
камонча урди фарёд,
инграр шамол ғижжаги.
Ай!
(Одамлар шағамларни
ўчиради ғорларда.)
Ай!
СИГИРИЙЯ ЮРИШИ
Бу жимликни эшит, болам.
Тўлқинланган бу жимлик,
сирғалиб чўкади акс садолар,
юзларини босар эгилиб
ҳатто осмон ҳам.
УНДАН КЕЙИН
Қорача қиз кифтларини
босар қора капалаклар,
туманнинг оқ илонлари
ўраб келар теваракдан.
Ёп-ёруғ ер,
ер осмони.
Жисму жонин битта оҳанг
титроқлари қийнар бот-бот,
қондир нуқра юраги ҳам,
ўнг қўлида пичоғи бор.
Сигирийя, бу телбавор
оҳанг билан, айт, қайси бир
ойга йиғиб берадирсан
толгуллару бўр дардини.
Ёп-ёруғ ер,
ер осмони.
КЕЙИН ЭСА
Болалар қарар
олис нуқтага.
Шамлар сўнар оҳиста,
Икки сўқир қизбола
ойга берар саволлар,
ҳарир йиғи торларин
бод обкетар самога.
Тоғлар қарар
олис нуқтага.
Вақт ковлаган
ғорлар
йўқолди.
(Ёлғиз чўл
қолди.)
Юрак –
истак булоғи
йўқолди.
(Ёлғиз чўл
қолди.)
Сабуҳий сароблар,
бўсалар
йўқолди.
Ёлғиз чўл
қолди.
Тўлқинли чўл
қолди.
СОЛЕА ДОСТОНИ
* * *ҚИШЛОҚ
Ҳадсиз
кечаларнинг
тошли макони,
сокин макони.
(Зайтунзорда шамол,
Дала-даштда шамол.)
Изтироб
ва шамнинг
қадим
макони.
Чуқур кўллар
макони.
Кўзсиз ўлим,
новаклар
макони.
(Йўлакларда шамол,
теракларда шамол.)
ХАНЖАР
Тоғнинг ўрагида
Танҳо жом минор.
Шан сувлари,
асрий
зайтунлари бор.
Ёмғирпўшли каслар
жимликни бузар,
пирпирак айланар
жом минор узра.
Пирпирак айланар,
айланар
ҳар чоқ.
Шўрлик Андалусда
йўқолган
қишлоқ.
ЧОРРАҲА
Ханжар
ёриб ташлар юракни
омоч тиши ерни
ёргандай.
Йўқ.
Санчилма менга.
Йўқ.
Ханжар
қуёш ёғдуси каби
ўт қўяди юрак
қаърига.
Йўқ.
Санчилма менга.
Йўқ.
АЙ!
Шарқий шамол;
фанору
ханжар
юракка
қадалар.
Кўча –
таранг симлар
титроғи,
улкан сўна
титроғи.
Тўрт тарафда
ажал –
юракка санчилар
ханжар.
КУТИЛМАГАН ҲОДИСА
Сарв соясидан дод
қолар шамолда.
(Бу далада қолайин,
йиғлаб олайин.)
Фақат ёлғиз жимлик
қолди дунёда.
(Бу далада қолайин,
йиғлаб олайин.)
Гулхан ғажир нурсиз
уфқ самосин.
(Ахир айтдим қолайин,
бу далада
йиғлаб олайин.)
СОЛЕА
Ўлик қолди кўчада,
кўксида ханжар.
Ҳеч ким билмас.
Осмафонус ўчай-ўчай дер.
Эна!
Ўҳ, қандай чайқалар
кўчадаги бу хира фонус!
Тонг ёришар. Бирор кас
кучли шамол очиб кетган
кўзларига қаролмас.
Қолиб кетди тошйўлда
кўксида ханжар билан
эгасиз қолган ўлик.
ҒОР
Қора ёпинч кўйлакли,
дунё кичик, юракни
баҳайбат деб ўйлади.
Қора ёпинч кўйлакли.
Ўйлар чўкар деб алам
доду майин сўлишлар
бод оқими қаърига.
Қора ёпинч кўйлакли.
Очиқ манзар эшиги –
тонг манзардан нарида
қуйилади осмонга.
Ай яйяйяй,
қора ёпинч кўйлакли!
ВИСОЛ
Ғордан келар
бўғиқ фарёдлар.
(Қизил
узра сафсар.)
Лўли олис
юртларни ёдлар.
(Миноралар,
номаълум зотлар.)
Овози ҳам
кўзидан келар.
(Қизил
узра қора.)
Оқланган ғор
зарга беланар.
(Қизил
узра оқ ҳам.)
ТОНГ
Сен ҳам, мен ҳам
истамаймиз
висолни.
Сен… ўзинг биласан.
Ҳаддан ортиқ суйгандим сени!
Бу сўқмоқдан кетақол энди.
Кафтларимда
михлар
изи бор.
Кўряпсанми
оқаётир қон!
Қайрилмагин,
кетайлик ажраб,
Сан Кайтанга
қилайлик сажда,
ахир икков
истамаймиз висолни.
Қурдоба занглари
янграйди тонгда.
Ғарнота занглари
саҳармардонда.
Қизлар –
Андалуснинг
баланд-пастидан –
туманлар қўйнида
оҳ урган қизлар
солеа қўшиғин айтишар йиғлаб.
Испания қизлари –
ингичкаоёқ,
заррин кўйлакларда товланиб юрган –
қизлар кўчаларни
тўлдирар нурга.
Қурдоба занглари
янграйди тонгда.
Ғарнота занглари
саҳармардонда.
САЭТА ДОСТОНИ
ЁЙАНДОЗЛАРТУН
Қорамағиз ёйандозлар
Севиллага борадир.
Гвадалнаҳр очиқдир.
Сербар кулранг қалпоқлари,
ёпинчлари қорадир.
Ай, Гвадалнаҳр!
Келишар ғам-ғуссаларга
макон бўлмиш диёрдан.
Гвадалнаҳр очиқдир.
Киришади тош ва биллур,
муҳаббатнинг ғорига.
Ай, Гвадалнаҳр!
СЕВИЛЛА
Шам, мойчироқ,
фонус, ёнарқурт.
Саэта
буржидур.
Тилларанг деразалар
ғира-шира тонг чоғи
аста-аста тебратар
хочларнинг қорасини.
Шам, мойчироқ,
фонус, ёнарқурт.
МАРОСИМ
Севилла ёйандозлар
яширинган минордир.
Севилла яралар,
Қурдоба ўлдирар.
Чўзилган мақомларни
шаҳар тутар ҳаводан,
сўнг уларни бурайди
бурама сим сингари,
ўрар куйиб оловда
жингак бўлган новдадай.
Севилла яралар!
Осмон гумбази бўйлаб,
сувдай тиниқ воҳадан
саэта учар мангу
парвоздаги дарёдай.
Қурдоба ўлдирар!
Уфқлардан мастона,
қўшворар шаробига
Дон Хуан заққумию
Диониснинг болини.
Севилла яралар,
Ҳамиша Севилла яралар!
НАМОЙИШ
Келишар торкўчадан
ғалати яккашохлар.
Келишар афсонавий
ўрмонданми, қайлардан?
Яқинлашиб ҳар бири
мунажжимга айланар.
Хаёлий Мерлинлару
одам боласи ҳатто,
сеҳрланган Дурандарте,
қаҳри қаттиқ Орландо.
САЭТА
Маржон таққан мадонна,
оҳ, мадонна Соледад.
яшнабсан сувда сузган
каттакон бир лоладай.
Сув юксалган
шаҳарда,
нурли қайиқда равон
ҳам товлана сузасан
саэталар ёмғирлари,
чинни юлдузлар аро.
Маржон таққан мадонна,
сузасан бу шаҳардан –
кўчалар – сойлар бўйлаб
олис-олис баҳрга.
МАНЗАР
Исо алайҳиссалом,
қорамағиз, сўлиган,
Иудея гулсафсаридан
ўтар испан чиннигулига.
Қаранг, қай йўлдан келар!
Испания.
Қоронғи, тиниқ осмон,
қақраган замин беқут,
Қуриган ўзанлардан
қочади тасмадай сув.
Исо алайҳиссалом,
куйгандир соч пораси,
чўпдай озғин, оқарган
кўзларининг қораси.
Қаранг, қай йўлдан кетар!
ТОНГ
Саэталар
айтар Лола.
Тореролар
тўхтаб қолар.
Остонада
ҳатто сартарош
мақомга мос
тебратар бош.
Албаакалар,
гуллар аро,
саэталар
айтар Лола.
Кечагина
сувга қараб
тинчимаган
ўша бола…
Ёйандозлар,
севги каби
сўқирсиз.
Саэталар
яшил кечада
гулсафсарнинг қайноқ
изларини тешади.
Булутлар ошёнин ой
тўсини йиртиб судрар,
бўшаган садоқларга
тўлиб қолар шудринглар.
Ай, ёйандозлар,
севги каби
сўқирсиз!
ПЕТЕНЕРА СУРОБИ
ҚЎНҒИРОҚНақарот
ЙЎЛ
Сариқ минорада
қўнғироқ
даранги.
Сариқ шабадада
тик сузар
оҳанги.
Сариқ минор узра
эрир
оҳанглар.
Шабада кумушранг
тўсинлар
йўнади чангдан.
ОЛТИ ТОР
Қора кийган юз сувори
қаён борар
норанжзорга соя солган
самоларда?
Боролмаслар Севиллага,
Қурдобага,
денгизларни соғинган
Ғарнотага.
Жилови бўш мудроқ отлар,
отлар борар,
қўшиқларни зир титратган
зуннорзорга.
Юзта фарёд парчинлаган,
қаён борар
андалуслик юз сувори
норанжзордан?
РАҚС
Гитара,
ҳаттоки
тушларимда ҳам йиғлар,
етим кўнгил фарёди
юм-юмалоқ оғзидан
бўшлиққа учиб чиқар.
Ва ўргимчак мисоли
тўқир улкан ситора
ушлаш учун қоп-қора
оғоч ҳовуз сатҳида
сузаётган зорларни.
Боғ шомида,
олти лўли қиз,
оқ кўйлакда
ўйнар тўлиқиб.
Боғ шомида,
хўб мушку анбар,
бошларида
қоғоз гулчамбар.
Боғ шомида,
садаф дандонлар
зулумотни
чизиб ёндирар.
Боғ шомида,
униб ҳар ёндан
соялари
тегар осмонга.
ФАЛЛСЕТА
Оқ уйда жон беради
кушандаси эрларнинг.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.
Сўниб борар шағамнинг
юлдузлари қалтираб,
мис сонларни ўраган
юпқа титрар ялтираб.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.
Ўткирлашган соялар
хира уфққа чўзилар,
гитаранинг бир тори
нола қилиб узилар.
Тоти отлар ўгрилар.
Суворилар ўлдилар.
DE PROFUNDIS
Ай, лўли петерераси!
Ай-яй, петенеражон!
Қизлар сени кўмгани
келдилар гирён-гирён.
Қизларки, сочларини
совға қилган Исога,
кийиб олган байрамги
оппоқ ёпинч-ридолар.
Келди сени кўмгани
кул бўлгунча куйганлар,
нафақат юраги-ла,
боши билан суйганлар.
Сиғмади кўчаларга,
сиғмади йиғи-сиғи,
Ай, лўли петенераси!
Ай-яй, лўли қўшиғи!
ДАФН МАРОСИМИ
Навқирон юзта ошиқ
ухлаб ётар абадий
қақраган ер тагида.
Андалуснинг йўллари
узун-узун, қизилдир.
Қурдоба – зайтунзорда
юзта оғоч хоч қўярлар
ўчмасин деб ёдлардан.
Навқирон юзта ошиқ
ухлаб ётар абадий.
Сариқ минорада
қўнғироқ
даранги.
Сариқ шабадада
тик сузар
оҳанги.
Йўлда сўлғин
зайтун гулчамбарда
одимлар ўлим.
Куйлар, куйлар
эски қўшиғин,
оқ ғижжакдай
куйлар, куйлар, куйлар.
Сариқ минорада
арир оҳанглар.
Шабада кумуш
тўсинлар йўнади чангдан.
ИККИ ҚИЗ
ЛОЛААМПАРО
Бир норанж тагида
бўз йўргак чайқар.
Кўзлари зангори,
овози сафсар.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!
Анҳорда қуёшнинг
нури сирқирар.
Зайтун гужумида
чумчуқ чирқирар.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!
Ювиб бўлиши-ла
сўнгги йўргакни,
келар буқавозлар
уни кўргани.
Ай, севги,
норанж тагида гулда!
Ампаро
ўз уйида доим ёлғиз,
оқ кўйлакли қиз!
(Настарин ва шумуртлар
аро экватор.)
Қандайин соз куйлайди
боғингдаги фаввора,
Саъва тарар сап-сариқ
сайроғини ҳавода.
Оқшомда ипак ҳарфлар
тушган чоғи палакка,
сарву қушлар титроғига
тўлиб кетар фалаклар.
Ампаро,
ўз уйида доим ёлғиз,
оқ кўйлакли қиз!
Ампаро,
қандоқ айтайин:
севаман ҳадсиз!
ФЛАМЕНКО БЕЗАКЛАРИ
СИЛВЕРИО ФРАНКОНЕТТИ СУВРАТИХУАН БРЕВА
Итолён ҳам
испан оҳанглари аро
қандоқ куйларди
Силверио.
Қўшилганда турунжимизга
итолён боли,
оҳ, қандоқ янграрди
унинг фарёди.
Ҳаволаган чоғда овози
қўпориб чиқарди борин,
ҳар туки тиккайиб кетарди,
ҳаттоки эрирди
кўзгу симоби.
Пардадан-пардага
ўтарди бузмай,
тағин боғбон эди қўли гул,
сукунатга шийпон
қургувчи уста.
Энди унинг навоси
эрир сўнг садосида,
баркамол ва бокира
сўнгги акс садосида.
КАНТАНТЕ МАЙХОНАСИ
Хуан дароз,
баҳайбату
қизовоз.
Ўхшаши йўқ навосин,
қайғули
бир пояда етилган
табассум гули.
Малага турунжзори
жонланар навосида,
айрича таъм қўшарди
баҳр тузи фарёдига.
Сўқир Ҳомер сингари
куйлар эди, сасида –
нурсиз денгиз қудрати,
сўлғин норанж ҳасрати.
СЎНГГИ ИЛТИЖО
Биллурий фонуслар
яшил кўзгулар.
Қоронғи зал супасида
баралла
ўлим билан сўйлашар
Ла Паралла.
Чорлар,
аммо келмас,
Ла Паралла чорлар бот,
бўғизларда
қотар дод.
Яшил кўзгуларда
узун шойи тасмалар
тебраниб сузар.
АФСУН
Қоп-қора осмонда
сариқ илонлар.
Кўзлар ила келувдим,
сўқир кетгум дунёдан.
Улуғ дардлар сенёри!
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Бўлай дедим умрбод
яхшиларнинг ёнида.
Охир келдим, худойим!..
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Сариқ норанж,
норанжзор,
норанж отинг шамолга.
Биласиз-ку ундан сўнг…
Мана, ерда –
рўйжа,
шам.
Қоп-қора осмонда
сариқ илонлар.
MEMENTO
Титраган қўл
медузага ўхшаб
шамнинг хира
кўзини тўсар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.
Бухўрнинг оқ
тутуни аро
қўл кўрсичқон ва
капалакка ўхшаб борар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.
Қўл қисар кўринмас
бир юракни, қара,
бир юракки, зарбини
шамол қайтарар.
Туз чиллик.
Очиқ қайчи.
Дунёдан қайтганимда,
мени кўминг гитара-ла
қумлоқ соҳилга.
Дунёдан қайтганимда,
мени кўминг майсазорга,
норанжлар орасига.
Дунёдан қайтганимда,
том бошида айланган
пирпиракка кўмилсам.
Дунёдан қайтганимда!
УЧ ШАҲАР
МАЛАГЕНЯҚУРДОБА МАҲАЛЛАСИ
Ўлим
кирар
майхонага.
Ўтар қора отлар
ва ёвуз рўйлар
гитаранинг чуқур
роҳлари бўйлаб.
Соҳилда титраган
нардлардан анқиб,
майхонага келар
шўртанг қон ҳиди.
Ўлим
кирар,
ўлим кирар,
кираверар, кираверар
майхонага.
ОДДИЙ КЎРИНИШ
ЎЙИН
Биллурий фонусла
Юлдузлар ёғдусидан
яшириндилар бу уйда.
Йиқилади оғир тун.
Ичкарида ўлган қиз
сочларига кўмилган
қорақизил атиргул,
дераза симтўрида
йиғлайди олти булбул.
Эрлар ўтар хўрсиниб,
очиқ қўйиб ўтарлар
гитаранинг кўксини.
Севилла шомларида
Кармен ёниб ўйнайди.
Сочлари қордай оппоқ,
ялтирайди кўзлари.
Қизлар,
ёпинг пардани!
Ётар сариқ илондай
тасмадай нур бошида.
Жон ато этар ўйин
маҳобатли мозийга.
Қизлар,
ёпинг пардани!
Кимсасиз кўчаларда,
нурсиз уйлар қаърида
андалус юраклари
қўмсар эски дардларни.
Қизлар,
ёпинг пардани!
ОЛТИ КАПРИЧЧО
ГИТАРА ФОЛИШАМ
Чорраҳа
доирасида
ўйнар
олти қиз,
Учтаси – теридан,
учтаси – симдан,
уларни излар кечаги тушлар,
лек уларни қўймас оғушдан
олтин Полифем.
Гитара!
КРОТАЛО
Ўҳ, қандай оғир ўйга
чўмар шамнинг ёлқини.
Қарар олтин қаърига
мисли ҳинди жодугар,
учар титраб шамолсиз
бир маъвони орзулаб.
Уясидан елимшак
сояларни бирма-бир
чўқийди олов лайлак.
Ногоҳ қарар чўзилиб
ўлган лўли боланинг
дум-думалоқ кўзига.
ЧУМБЕРА КУМАНЖИРИ
Кротало.
Кротало.
Кротало.
Сайроқи чигиртка.
Ўргимчакка
ўхшаш қўлдасан,
қизиган ҳавони
уриб бўласан,
оғоч куйларингни,
куйлаб ўласан.
Кротало.
Кротало.
Кротало.
Сайроқи чигиртка.
АГАВА
Ёввойи Лаокоон.
Қандай созсан
янги ой чиққан тунда!
Қўли кўп чавгончи.
Қандай созсан,
шамолга даҳшат сунар!
Исмсиз, ҳадсиз
оғриғингни билар
Дафнаю Атис.
ХОЧ
Тошқотган саккизоёқ.
Тоғ қорнини
кулранг пуштанда тортиб,
унгурларни тишлаб
тошдайин қотдинг.
Тошқотган саккизоёқ.
ЖАНДЕРМЕРИЯ САРҲАНГИ ҚАТНАШГАН САҲНА
Хоч.
(Йўлнинг
сўнгги
нуқтаси.)
Зовурдаги аксига қарар.
(Кўп нуқта.)
(Байроқхона)
Сержант
Мен жандармерия сарҳангиман!
Сарҳанг
Худди шундай!
Сарҳанг
Биров менга гап қайтармайди.
Сержант
Асло!
Сарҳанг
Учта юлдузим, йигирмата хоч нишоним бор!
Сержант
Худди шундай!
Сарҳанг
Мен билан йигирма беш бинафшали ридо
кийган архиепископ шахсан саломлашади.
Сержант
Худди шундай!
Сарҳанг
Сарҳангман. Сар-ҳанг-ман. Жан-дар-мерия сар-ҳан-гиман.
(Тамаки қутисининг қопқоғида кўк, оқ ва тилларанглар товланган боғда қучоқлашиб ўтирган Ромео ва Жульетта тасвири. Кўча тарафдан ҳиргойи эшитилар.)
Ойдин, ойдин, ойдиндир,
Эзилиб пишган зайтун.
Ярқирайди Косорла,
Бенамеҳда хира тун.
Ойдин, ойдин, ойдиндир,
ойдан хўроз қичқирар.
Қизларинг, сенёр ҳоким,
ойга мунча тикилар.
Сарҳанг
Ким ўзи?
Сержант
Битта лўли.
(Казармага кўзлари буқа кўзларига ўхшаган лўли йигит кириб келар. Сарҳанг кўзларини олайтириб лўлига қарар.)
Сарҳанг
Мен жандармерия сар-ҳан-гиман.
Лўли
Шунақами?
Сарҳанг
Ўзинг ким бўласан?
Лўли
Лўлиман.
Сарҳанг
Лўли ўзи ким?
Лўли
Ким бўса ўша-да.
Сарҳанг
Отинг нимайди?
Лўли
Нимайди-и-и..
Сарҳанг
Гапни айлантирма.
Лўли
Лўлиман.
Сержант
Шахсан ўзим кўрдим, шахсан ўзим ушладим, шахсан ўзим обкелдим.
Сарҳанг
Қаерда юрувдинг?
Лўли
Кўприкда.
С а р ҳ а н г
Ҳм… қайси сойнинг кўпригидайди?
Лўли
Ҳамма сойларнинг.
Сарҳанг
Нима қимоқчийдинг?
Лўли
Шакардан минора қураймикин, деб турувдим.
Сарҳанг
Сержант!
Сержант
Лаббай, жандармерия сарҳанги жаноби олийлари!
Лўли
Хаёлимда қанот ясаб роса учдим. Кўкнори ва олтингугурт рангида лабларим ҳам.
Сарҳанг
Ай!
Лўли
Қанотам гапми. Шундоғам учовраман. Туморлару қора булутлар бўрони бор қонимда.
С а р ҳ а н г
Айй!
Лўли
Норанжларим қаҳратондаям гулловради.
Сарҳанг
Аййй!!!
Лўли
Иннайкейин, қорбўрондаям пишовради.
С а р ҳ а н г
Айййй!!! Гум. Бах. Бух. (Тил тортмай ўлар.)
(Жандармерия сарҳангининг тамаки ва қаҳва рангидаги жони деразадан самога равона бўлар.)
Сержант
Ёрдам берилааар!
(Казарма ҳовлисида тўртта соқчи лўлини калтаклай бошлар.)
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.