Текст книги "Энг қайғули шодлик"
Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 9 страниц)
ЗАМИН ВА ОЙ
Абадий жудолик борлигин билай,
кўрайин бўшлиқлар сувратин бир бор,
ойдин қўлқопингни берақол, севгим,
майсада қопкетган пойин берақол!
Ёлғиз шамолгина фил ўпкасидан
чиқаражак ўлик шиллиққуртларни,
чиқара олажак нур ва олмалар
мағзидан совқотган қуртларни пуфлаб.
Майсалар шивирлаб додлаган маҳал
совуқ чеҳралар ҳам сузиб ўтажак,
титрар мандолина, юрак олдида
қунишиб кичкина бақа кўкраги.
Ҳувиллаган катта сангин майдонда
бўкирар сўйилган буқанинг боши,
илонга ўхшамоқ бўлган шакллар
абадий музлади биллурлар мисол.
Абадий жудолик борлигин билай,
бўм-бўш бир дунёни бергин, ўргилай!
Издиҳомлар ғами, дардли осмонни.
Абадий жудолик борлигин билай!
Севгим, қоп-қоронғи вужудинг ичра
қандоқ сукут сақлар қулаган қатор,
қандоқ гуллаб ётур мўмиё қўли,
қанча осмон банди, қанчалаб осмон.
Сувга чўккан тошу бод обкетган сас
ишқ шохлари – қонли оғочда унган,
тегсак ишқимизнинг юрак зарбига,
гуллар яшнар бошқа болалар узра.
Абадий жудолик борлигин билай.
Кўрайин булутлар, сойлар бўшлиғин.
Севгим, узатақол дафна қўлларинг.
Абадий жудолик борлигин билай!
Менда-да, сенда-да қолгандир қотиб
қонларнинг кўкарган шохлари тонгда,
ганжий нимруҳ эса – қўрқувдан қотган –
ўхшайди нишонга олинган ойга.
Вужудлар бўшлиқни излайди, қара.
Тишланган олмалар, адашган итлар.
Қандоқ азоб чекар қўрқинчли дунё
илк гиря изларин беҳуда излаб.
Кўрпамдан ипларнинг шивир-шивирин
излаганда, бердинг, севгим, сен мадад,
Чумоли йўқ бўлса – ҳувиллар дунё,
кўзларим-ла йиғлаб кетарсан бадар.
Кўзларимда йўқдир сувратинг, кўрдим –
болалар олдида аристон ой ҳам
матросни ғажиган совуқ баракда
билагингга ўрар эдинг тўрт сойни.
Абадий жудолик борлигин билай,
эҳтиросли севгим, жудоли севгим!
Бўшлиғингни менга қилмагин инъом,
шамолда учади менинг бўшлиғим.
Вой, шўрим, вой, шўринг, вой, шамол шўри!
Абадий жудолик борлигин билай.
ВАЙРОНА
Қалдирғоч тухумларин еб юрадиган
кўнгли очиқ бир одам билан қоламан.
Бруклинда майхўрлар тепалаб кетган
яримяланг чақалоқ билан қоламан.
Биргаман йўқлик сари жим кетаётган
томирлари кўкарган кимсалар билан.
Ягона замин бордир. Ягона замин
четлари ҳилпираган урҳонлар учун,
булутнинг бод ялаган қорачиқлари,
қонталаш жароҳатлар, намчил фикр-чун,
замин бор заминдан не қочар бўлса.
Бу ёнган ашёлардан сочилган кулмас,
дарахтлар илдизлари тагида чиркин
лабларин қимирлатган мурдалар эмас.
Пастликда қолдириб наҳанг галасин
осмонга талпинган луччак замин бу.
Шодлик тўла заминдир, хотиржам юзар,
келгану кетганда зоҳир тимсоли.
Бор бўлгин қирққулоқ сингари ўйнаб,
фиръавннинг чеҳрасига ўхшаган замин.
Борлиғида бокира йўсинлар ёнган
тўнглаган битта аёл билан қоламан,
Бруклинда майхўрлар тепалаб кетган
яримяланг болалар билан қоламан,
қоламан бурда-бурда йиртилган емиш,
айиқларнинг емиши-ла бирга қоламан.
Ўша маҳал тушиб келар зиналардан ой,
кўкимтир кукунлардан шаҳарлар тиклаб,
мармарий оёқларга тўлдирар даштни,
оқ кулгу томчиларин сепар ҳар ёнга.
Ў, Диана! Диана, бўм-бўш, Диана,
арилар уймалашган қабариқ ойна
лаҳзалик ишқдан сўнг ўлимга элтган
яланғоч баданни кўрсатмас асло.
Бу заминдир, э худо, ахир етишдим,
чеҳрасин кенглик ёпган, юрак зарби ва қабр,
босилгувчи бир оғриқ, ўтадирган муҳаббат,
тирик қондан тикланган куйган қўлли минора.
Аммоки, ой баланд-пастга югурар зиналардан,
кўзларига тўлдириб суман уруғин,
нуқра супурги билан болаларни ураркан,
шамолнинг думи билан артар юзимни.
ОЙ ВА ҲАШАРОТЛАР МАНЗАРАСИ
Ўзини топмай кезар.
Адашар ўзининг оппоқ жисмида.
Шамол шундай эсар.
Ҳатто ой ҳам оймас,
ой отнинг бошкосасидир,
шамол – қора олма.
Қамчи, тўлқин товуши –
деразанинг нарёғида
сув қум билан олишар.
Ўтиб борар майсалар,
уларга ташладим битта қўзини,
шўрлик қандай маърар.
Бир томчи сувда момиқлар,
полапон каптарнинг
нафис пўстлоғи сузар.
Гала-гала булутлар
тонг ва қояларнинг олишувини
кузата туриб ухлар.
Болам, келар майсалар,
бўм-бўш бир осмонда жаранглар
сўлакдан ясалган найзалари.
Қўлим, севги, майсалар!
Деразанинг синган ойнакларида
қон сочин ёзворар лаҳзада.
Сену мен қолдик ёлғиз.
Шамолга қўйиб бер сўнгакларингни.
Мену сен қолдик ёлғиз.
Сўнгакларинг қўй энди.
Энди тезроқ бедор юзларимизни
изламоқ керак, севги.
Ой ёришар денгиз узра,
елканларда йиғлар шамол.
Енгилгина эсиб қўзғар
мовий ёруғ тўлқинларни.
Эспронседа
Ҳар қишлоқда яшаса денгиз париси,
юрагим бир дона бошмоққа ўхшар.
Бемор саси тинган билан тугармиди тун,
биров кўриб қолмаса қайиқлар чўкмас.
Шамол сал эсганида
юрагим бир қизга айланиб қолди,
айланар сигирнинг минг йиллик тезагига
шамол қамишзордан тикилган чоғи.
Сузайлик кунгиралар лашкаргоҳига,
сочилган пистирмалар сари сузайлик.
Тун қордан, ёғар қорнинг музлаган бир онидай,
Ой ҳам!
Ой!
Ой ҳам оймас,
майхона тулкисидир,
ўз кўзларин чўқиган бир япон хўрозидир,
эзилган майсадир.
Спиртланган чувалчанглар бизни асраб қололмас,
дониш дунё астарин
ахтарган гиёҳлар ҳам.
Бор шакллар ёлғондир. Фақат ҳавони ютган
сон-саноқсиз оғизлардан иборат олам.
Ой ҳам
оймас.
Ҳашаротлар,
соҳилларга сочилган ушоққина мурдалар,
бўйига чўзилган бир оғриқ,
бир томчи йўд,
тўғнағич учида яшаган авом,
қонимиздан хамир қорган битта девона,
менинг ишқим – куюк ёки от эмас,
юраги ғажилган бир бола!
Менинг ишқим!
Ана куйлаб, бақиришар, оҳ-воҳ қилишар!
Чеҳра. Сенинг чеҳранг! Чеҳра.
Ҳамма олма – шунақа,
барча гули кавкаб бир хилдир,
ёғдуда ўлимнинг совуқ таъми бор,
ўн йилликлар дузлари сиғмиш танга юзига.
Аммо чеҳранг тўшалар базмлар осмонига.
Ана, куйлашар! Бақиришар! Оҳ-воҳ қилишар!
Чанг солишар! Суқулишар! Қийнашар!
Кетиш керак жадалроқ,
сўйилган мол шохлари
жарангига тўлиб кетган кўнчилик дўконлари
оралаб сой бўйига тушувчи тор кўчалардан
кетиш керак тўлқинлар, шохлару зиналардан.
Денгизда чўмиларди бир рангпар одам,
шу қадар хастайдики,
ўйнаётган шуълаларга юрагини едириб қўйди.
Перуда-чи, минглаган хотинлар бор –
ў, ҳашаротлар –
бу хотинлар чалиштириб шоҳтомирларин
кечасию кундузи тинмай марш ўйнар.
Ушоққина қўлқоп ҳам қўлимни еб қўйди, бас,
илк шоҳтомир ёрилиб,
жаранглар рўмолчамда,
ишқим, оёқларингни, қўлларингни ҳам асра.
Ахир келмиш уларга юзимни бермак пайти,
юзим, юзим, ғажилган шўрлик юзим.
Хоҳишимга аталмиш – манови тоза олов,
мувозанат чанқоғин босмиш манов ҳаяжон,
манов бола оғриғи кўзга тушган ғубордай
мавҳумлик еб ташлаган
юрак дардини босур.
Бизни асраб қололмас сираям этикдўзлар,
агар калит топилса куйлайдиган қутилар.
Шамол – ёлғон. Фақат бордир –
ҳар нарсани эсда тутган
бешик бордир чордоқда.
Ой ҳам йўқ.
Оймас.
Ҳашаротлар,
фақат ҳашаротлар
ёрилишар, тишлашар, чақишар, уймалашар,
ой ҳам
тутундан қўлқоп кийиб турар
вайронаси остонасида
Ой!!!
НЬЮ-ЙЎРККА ҚАЙТИШ
НЬЮ-ЙЎРК(АЙБНОМА)
Кўпайтирмоқ истасалар,
кўпайтирар жонворларнинг қон томчиларин,
бўлиштирмоқ истасалар,
бўладилар матрос қонини,
агар қўшмоқ истасалар
дарё-дарё қонни қўшарлар.
Бу дарё шаҳар этагидаги
хобгоҳларни ғарқ қилиб куйлар,
симун, кумуш ё шамолга айланиб
қуйилар Нью-Йўркнинг қалбаки саҳарига.
Бу дунёнинг тоғлари бор,
теледурбинлар бор, биламан.
Осмонларга қарагани келмадим аммо,
оқаётган қонни кўрай деб келдим.
Бор нарсани оқизиб шаршараларга,
кобра тилин тўғрилаган қонни кўрай деб келдим.
Ҳар кун сўядилар Нью-Йўркда,
тўрт миллион ўрдакни сўярлар,
беш миллион тўнғиз,
икки миллион каптар сўярлар,
сўнг тутарлар баднафс шаҳарга.
Милён сўқим,
милён барра,
осмонларни чил-чил синдирган
икки милён хўроз,
ҳар кун субҳидамда
қатор-қатор битмас-туганмас
сут қуйилган цистерналарни,
қон қуйилган цистерналарни.
савдогар атторларга аталган
вагон-вагон асира атиргулларнинг
жон берганни кўргандан кўра,
пичоқларни қайраб йиғлаган яхши,
итларни шикорда сулайтган яхши.
Ўрдаклар, каптарлар,
тўнғизлар, барралар
кўпайтириш осон бўлсин деб,
қонларини томчиларга бўлиб берарлар.
Гудзон корамойдан маст бўлган жойда
бор мадори сўриб олинган
сигирларнинг даҳшатли фарёди
босиб кетар бутун водийни.
Сиздан нафрат қиламан
дунёнинг ярмини унутган каслар –
асло ювиб бўлмагай гуноҳингизни –
зарра меҳр кўрмаган йиртқичвачча юрагидай
юраги гурс-гурс урган одамлар,
улар симун тоғларни қурар,
юрак зарби ила тешарлар
садларни бир рўзи қиёмат кун.
Сиздан нафрат қиламан.
Мени тинглар ҳалол нон топиб,
қўшиқларин баралла айтган,
ҳашаротлар занглаган бўшлиқни
калтакда – титкилаб юрган
софдил тиламчи болалардай
кўнгли тоза дунёнинг ярми.
Бу кўчадир, дўзахмас.
Бу ўлиммас, сабзавот дўконидир.
Автомобил босиб кетган
мушукнинг панжасида
тинкаси қуриган дарёлар,
одам оёғи тегмаган кенгликлар бор.
Очқаган қизчалар юракларида
чувалчанглар куйин эшитдим.
Бу ириган, занг босган замин титроғидир.
Замин, сен-да оворасан
рақамлару рўйхатларнинг ораларида.
Энди нима қилайин? Безайми бу сувратни?
Сиз сарғарган сувратга айлантирган
ишқ ҳақида куйлайинми?
Силларнинг туфдонига
айланган тобутларни куйлайинми?
Йўқ, йўқ, айблагайман
бўм-бўш маҳкамалар расталарини,
Авлиё Игнасио де Лойола
бир пайт қуён боласини сўйганди,
ҳозиргача черков қуббаларидан
эшитилар унинг оҳу зорлари.
Йўқ, йўқ, айблагайман
изтиробнинг талвасаси эшитилмаган,
ўрмонларнинг ҳаволари кирмаган,
бўм-бўш маҳкамалар қаторларини,
Гудзон қорамойдан маст бўлган жойда
фарёди водий жимлигин бузган,
тинкаси қуриган сигирлар
еб қўйсин мени.
ИККИ ҚАСИДА
РИМГА ҚАСИДА(Крайслер Билдинг минорасидаги бақириқ)
УЎЛТ УИТМЕНГА ҚАСИДА
Ўткир кумуш пичоқлар
тилган олмалар,
олов мағзидан куйган,
ёқут қўл йиртган булутлар,
маргимуш балиқлар наҳангларсимон,
оммани кўр қилган ёшдай наҳанглар,
жароҳатловчи атиргуллар,
шоҳтомирлар кушандаси – игналар,
қурт-қумурсқа еб ташлаган
адоватли дунёлар, ишқлар
бошгинангга ёғилсин.
Нурдай кабутарга қарата сийган
минглаб қўнғироқлар даранглаганда
қоп-қора сўлагин туфлаган
одам узра юксалган осмон –
ҳарбий тиллар ялаб ташлаган
осмонингга ёғилсин.
Чунки шаробу нонин бўлишгучи бир кас йўқ,
қабрлар бошини кўкартиргучи,
фил оёқлари топтаган майсаларга
аза очадиган бирор одам йўқ.
Ҳали туғилмаган чақалоқларга
кишан қуядирган минглаб чигиртка бордир.
Хочсиз тобутларни шоша-пиша
михлаётган минглаб дурадгор бордир.
Бордир, тўшларини очиб
ўқ кутётган минглаб одам бор.
Каптарни ёмон кўрган сўйлаши керак,
додламоғи керак ечиб бор либосини,
мохов бўлиш учун
заҳар ичмоғи керак,
биллур телефонларин, шоҳонагини
эритгудай қаттиқ йиғлаши керак.
Аммо оқ кийган бу одам
билмас бошоқ сирини,
тўлғоқдаги аёл ноласин билмас,
Исо пайғамбари сув билан кун кечиришини,
бўсалар мўъжизасин, тангалар куйдиришин,
бефаросат қирғовул тумшуғи
ботганини билмас қўзи қонига.
Тоғдан тушиб келаётган мўъжизавий нурни
донишлар кўрсатар болакайларга,
аммо бу ёқларга етиб келар
ғазаб илоҳларин бақириғига
тўлиб кетган битта разиллик.
Донишлар эҳтиром-ла кўрсатар
бухўр тутунидан қорайган гумбазларни,
аммо ҳайкаллар тагида ишқ йўқ,
ишқ йўқ шишага айланган кўзлар тагида,
ташналик азоблаган бағирда ишқ бор,
тошқинларга чидаган кулбада ишқ бор,
ишқ бор очлик илонлари чатишган хандақларда,
чағалай мурдаларин чайқаган ғамгин денгиз,
болишларни тешгувчи қоронғи бўсаларда.
Қўллари ёруғ бир чол
ишқ, ишқ, ишқ, дейди,
ишқ сўзини қайтарар минг-минглаб ўлётганлар,
ишқ, ишқ, ишқ, дейди чол,
назокатдан титрар кундал,
тинчлик, тинчлик, дейди чол,
пичоқлар ғижирлаши, динамитлар орасида,
ишқ, ишқ, ишқ, дейди чол,
айтаверар лаблари кумушга айлангунча.
Ҳозир эса, ҳозир, ай, ҳозир эса
туфдонларни обчиқётган мажорлар,
бўғзига қорамой тиқилган аёллар,
дегрезлар, ғижжакчилар, булутларга тикилар,
бақиришингиз керак
бошингизни деворларга уриб ёрсалар ҳам,
ўтдан жинни бўлиб бақиринг,
қордан жинни бўлиб бақиринг,
бақиринг бошингиз нажас тўла бўлсаям,
бақиринг, юзта тун бақирганидай,
юракларга ларза солиб бақиринг токим,
болалардай чўчиб кетсин шаҳарлар.
Ёрилсин май, мусиқа тўла турмалар,
чунки бизга ризқи рўзимиз керак,
зирк гули, назокатнинг яшнаган дони керак,
ахир меваларни болаларга улашган
заминнинг орзуси ушалсин, деймиз.
Бронксда, Ист Риверда
либосларин ечиб, ўсмирлар куйларди,
атрофда – ғилдираклар, қорамой, чармбандлар.
Тўқсон минг кончи бордир тоғдаги кумушконда,
болалар чизарди ўрмону дашт сувратин.
Аммо ҳеч ким ухламасди,
ҳеч ким дарё бўлай демасди,
ҳеч ким суймасди улкан барглару
соҳилларнинг мовий тилларин.
Кенигсбергда, Ист Риверда
ўсмирлар курашарди саноат билан,
жуҳудлар сотарди сув илоҳига
хатна атиргулин дарё бўйида,
кўприклар, томлардан осмон қўйворган
улкан буқаларни ҳайдарди шамол.
Аммо ҳеч ким тўхтамасди,
ҳеч ким шамол бўлай демасди,
ҳеч ким қирққулоқнинг буталарини,
дўмбиранинг зард юзин изламасди.
Ой чиққан паллада
осмонни тўнтариб,
айлана бошлайди тишли парраклар,
хотирани қуршар игналар ғови,
тобутлар обкетар бекорчиларни.
Нью-Йўрк бақатўн, балчиқ дегани,
Нью-Йўрк пўлат симлар, ўлим дегани.
Ичингда яширдинг қайси малакни?
Бошоқ сирин очур кимнинг хўб саси?
Нечун ёмон тушдай латифаларинг?
Бир лаҳзаям, оқсоқол, Уўлт Уитмен,
капалаклар уймалашган соқолларингдан,
ой нури ўнгитган чийбахмал елкаларинг,
кул устунлар қаторидан овозингдан
узолмадим нигоҳларимни,
туманлардай хушрўй, оқсоқол.
Сен – фосиқ шайтону
занглар душмани,
дағал кўйлакдаги танлар ошиғи,
игна баданингга санчилганида
қушдай нола қилдинг, хушрўй оқсоқол.
Бир лаҳзаям, камол эр,
кўмиртоғлар, эълоннома, темирйўллар орасида
бир ғофил сиртлоннинг ушоққина оғриғини
кўксингга қўядиган кимсалар-ла
дарё бўлай демадинг, дарёдай ухламадинг.
Бирор лаҳзаям, кўҳнақон Одам,
денгиз ўртасида ёлғиз турган, оқсоқол,
томларда тинимсиз сакраган ҳаккалар
уймалашиб майхоналар остонасида,
оқова зовурлар ёқасида тўпланиб,
шўпирлар оёқлари тагида титраб,
уймалашиб шувоқлар орасида
сенга ҳавас қилмай туролмас.
Мана, яна буям! Бунисиям! Ярқираб
товланган оппоқ соқолингга ағдарвордилар
оқсариқ шимолликлар, соҳилдаги негрлар
бақириқлар қуюнию чўзилган қўлларини;
мушукдай, илондай – ҳаккалар,
Уўлт Уитмен, ҳаккалар,
хипчинлар измига бўйин сунгувчи,
қамчига ўрганган ҳаккалар.
Мана, яна тағин! Бунисиям! Буғдойранг
бармоқлар
тушларинг соҳилларин кўрсатиб турар,
олмангга жудаям ўхшаб кетадиган,
қуёш, бензин ҳиди келган дўстинг эса
кўприкнинг тагида ўйнаётган
ўсмирларнинг баданин куйлар.
Аммо на тилинган кўзларни изладинг, на
болаларни ютувчи қоп-қора ботқоқликни,
на муздай сўлакларни,
на бақалар қорнидай –
қоронғи кўчаларда ой қамчилаб қолганда
автомобилдаги ё ғовларнинг тагида –
бўйинларин қисиб қунишган ҳаккалардай
изламовдинг майиб-мажруҳ ярадорларни.
Уйқу, буқа, сувўтлар илашган бир чархпалак,
талвасангнинг аждоди ва ўлимингнинг оқ гули,
дарё каби бақувват, яланг танни изладинг,
нолалар қилдинг сирли истивонинг ўтида.
Адолатданми излаш йўқ ҳузур-ҳаловатни
келажак сабоҳларнинг қон тўла финжонидан,
ҳаётдан тўйганларга самовий соҳиллар бор,
эрта нури сўнгувчи яшнаган баданлар бор.
Талваса ва талваса, тушлар, фасод ва тушлар.
Дунё дегани шудир – талваса ва талваса.
Мурдалар чирир кентлар соатлари тагида,
дод солиб ўтар уруш,
сўнг милёнта каламуш,
порлаган ва чалажон кичкина одамларли
бойлар совға қилар ўйнашларига,
ҳаётнинг асрори йўқ, эзгулик, ҳиммати йўқ.
Агар одам истаса самовий ялангликда
томирларида кезган ҳирсни тўхтата олар.
Эртага муҳаббат ҳам қояга дўнар шаксиз,
вақт дўнар шохларда эркаланган шамолга.
Шунинг учун овозимни кўтармайман, Уўлт
Уитмен,
ёстиғига қиз боланинг
исмин ёзган болага,
келинчак кўйлагини кийиб кўрган ўсмирга,
арзон муҳаббат сувин
жирканиб ичган касга,
эркак кишини суйиб лабларин жим куйдирган
яшил кўзли касларга кўтармасман овозим.
Фақат сизга бақиргум, шаҳарнинг ҳаккалари,
танингиз босган фасод, дилингизни – бузуқлик.
Сиз ким – шодлик тожини улашган муҳаббатнинг
уйқусиз душманлари, малъунлик яратганлар.
Аччиқ заҳар, ифлос ўлим томчиларини
ўсмирларга ичирганлар, сизга қаршиман,
доим сизга қаршиман:
амриқолик «гўзаллар»,
гаваналик «қушчалар»,
мехиколик «латталар»,
кадислик «хонқизлар»,
севиллалик «товоқлар»,
мадридлик «тақсимчалар»,
аликантелик «гуллар».
Дунё содомитлари, каптарлар қотиллари!
Хотинпараст, хўжайин қўлин ялаган итлар,
майдонларда елпайса елидан титраганлар,
тиканлар панасига яшириниб олган пастлар.
Йўқ. Шафқат йўқ! Ўлим қуяр кўзларингизни,
бақатўнли соҳилдан гулчамбар тўқир ўлим.
Шафқат йўқдир. Эшитинг,
дилипоклар, қўрқоқлар,
майли, намояндалар, машҳурлар, тиламчилар,
ёпсинлар шайтонбазм эшикларин қаттиқроқ.
Сен эса, Уўлт Уитмен, ухла Гудзон бўйида,
қўлинг ёзиб, соқолинг қутбга қаратиб қўй.
Қор ёки оппоқ лой, тилинг барча дўстингни
вужудсиз кийигингни боқиш учун чақирар.
Ухла. Яна нима қилардинг?
Деворларнинг рақсидан сайҳонлар ҳам безовта,
мошинлар, кўзёшларга ғарқ бўлар Америка.
Қани бир кучли шамол қўзғалса тун қаъридан,
юлса сен ётган тоқдан ҳарфлару гулларни,
ер юзида бошоқлар даврони бошланди деб,
оқликка хабар берса
берса негрболалар.
НЬЮ-ЙЎРКДАН ҚОЧИШ
КИЧИК ВЕНА ВАЛСИ
Сайрона ўн қиз бор Вена шаҳрида,
ўлим йиғлайдиган битта елка бор,
бор каптар ўрмони, яъни тулупзор,
қировдан қурилган музей қаърида
сабоҳнинг парчаси ноёб нарсадай.
Яна бордир минглаб деразали зал,
Ай, ай, ай, ай!
Олақол, сеники шу овозсиз валс.
Бу валс, бу валс, рақслар рақси,
орқа бар пўтаси денгизга тушган
ўлим билан шароб, ризолик валси.
Севаман, севаман, севаман жондан,
жонсиз китоб билан ўтирганинг дам,
қайғулар тўлқини босган айвонда,
гулсафсарнинг камбар кўйларида ҳам.
Ойдин тўшакларда севаман қандай,
тошбақа тушига кирган рақсда.
Ай, ай, ай, ай!
Ол, сеники манов синиб кетган валс.
Вена шаҳрида бор тўрт дона кўзгу,
уларда акс садо, лабларинг ўйнар,
бордир ўсмирларни кўк рангга бўяб
роял чалаётган тағин бир ўлим.
Гадолар томларда дайдир Венада,
мўлдирларнинг яшанг чамбарлари бор,
Ай, ай, ай, ай,
Қўлимда жон берган бу валсни ол,
Мен сени севаман, болапақирлар
ўйнаган чордоқда севаман, ёрим,
илмилиқ шомларнинг шитирларида
тушимга кирганда мажор анвори.
Хира пешонангнинг жимлиги барра,
оппоқ бинафшага тўлиб кетган он,
Ай, ай, ай, ай!
«Мен сени севаман», деган валсни ол.
Венада тушарман сен билан рақсга,
рўйимга сой рўйин ниқоб этарман,
қара, соҳилимда сунбуллар яшнар,
пойингга лабларим ташлаб кетарман
оқ бинафшали дил расмлари-ла,
қолмоғин истайман қабртошларнинг,
ғижжаклар, юракнинг тасмачалари
қоп-қора тўлқинли равишларингда.
ШОИРНИНГ ГАВАНАГА КЕЛИШИ
КУБАЛИК НЕГРЛАР РАҚСИ
Тўлин ой чиққанида Кубадаги Сантяго,
Сантягога бораман.
Қора сувнинг дилижонида
Сантягога бораман.
Куйлаворар хурмолар авжи.
Сантягога бораман.
Дўнар маҳал хурмо лайлакка
Сантягога бораман.
Айни банан етилган чоғда
Сантягога бораман.
Сантягога бораман.
Сочлари оқ Фонсека билан
Сантягога бораман.
Ромео, Жулетта атиргули-ла
Сантягога бораман.
Бир дунё қоғозу кумуш тангалар –
Сантягога бораман.
Ў, Куба! Ў, қуруқ уруғлар кони!
Сантягога бораман.
Ў, қайноқ оғушлар, оғоч томчиси!
Сантягога бораман.
Шўх барглар, тимсоҳлар, тамаки гули!
Сантягога бораман.
Қора сувнинг дилижонида
доим Сантягога борай деганман.
Сантягога бораман.
Шабада ва шароб ғилдирагида
Сантягога бораман.
Йилтираган зулмат қаъридан
Сантягога бораман.
Саҳроларни ютган денгиздан
Сантягога бораман.
Оқ жазира. Сўлғин мевалар.
Сантягога бораман.
Буқалардай таранг қамишлар!
Ў, Куба! Сўлишларнинг бурилган жойи!
Сантягога бораман.
ИГНАСИО САНЧЕС МЕХИАСГА АЗА
(1935)
I
БУҚА ҲАМЛАСИ ВА ЎЛИМ
Кечки пайт соат бешда.
Кечки пайт соат беш эди.
Чойшаб олиб келди бола
кечки пайт соат бешда.
Оҳактўрва ҳозир бўлди
кечки пайт соат бешда.
Кейин ўлим, ёлғиз ўлим –
роппа-роса соат бешда.
Мос пахтани юлқиди бод
кечки пайт соат бешда.
Унди никел, биллурда доғ
кечки пайт соат бешда.
Ўзин отди барсга каптар
кечки пайт соат бешда.
Сон ёрилди мугузлардан
кечки пайт соат бешда.
Садо берар йўғон торлар
кечки пайт соат бешда.
Маргимушбўй, тутун босар
кечки пайт соат бешда.
Унда-бунда оломон жим
кечки пайт соат бешда.
Буқа нафас олар қаттиқ
кечки пайт соат бешда.
Музлаганда тер томчиси
кечки пайт соат бешда,
сарғайганда майдон ичи
кечки пайт соат бешда.
ўлим қуртлар жароҳатда
кечки пайт соат бешда.
Кечки пайт соат бешда.
Роппа-роса соат бешда.
Кат ўрнига – маргарава
кечки пайт соат бешда.
Садо берди суяк – найлар
кечки пайт соат бешда.
Калласида буқа саси
кечки пайт соат бешда.
Гулдай яшнар талвасаси
кечки пайт соат бешда.
Етиб келар қорасон ҳам
кечки пайт соат бешда.
Савсан бурни яшил човда
кечки пайт соат бешда.
Кундай ёқар жароҳатлар
кечки пайт соат бешда.
Деразалар ланг очилар
кечки пайт соат бешда.
Ай, даҳшатли соат бешда!
Барча соат бешда эди!
Ғира-шира кечки пайт соат бешда!
II
ТЎКИЛГАН ҚОН
Кўрмайин қон лужжасини!
Айтиб қўйинг, ой чиқсин кеч,
чунки сира кўрмай дейман
Игнасио қонини ҳеч.
Кўрмайин қон лужжасини!
Ланғиллаган ой очилди.
Булут оти этмас қимир,
хоб майдони гардишига
толчивиқлар суқилгандир.
Кўрмайин қон лужжасини!
Хотирамни қон куйдирар.
Бу ўлимдан оқиш ёсмин
нурларига беринг хабар.
Кўрмайин қон лужжасини!
Кўҳна дунё сигири ҳам
ғамгин тили билан шошмай
майдондаги тўкилган қон
башарасин ялай бошлар.
Ў, Гиссандо буқалари,
ярми ўлим, ярмиси тош,
бўкирворар ерни мангу
топтамоққа беролмай дош.
Йўқ.
Кўрмайин бу лужжани!
Ўз ўлимин кифтга ортиб,
зиналардан тушар пастга.
Бир саҳарни топсам, дейди,
йўқолганди энди саҳар.
Излар дағал нимруҳини,
адаштирар бироқ хоби.
Излар гўзал андомин лек
учратади очиқ қонин.
Қон лужжасин кўрсатар ким!
Қон ёлқини фаввор сувлар
каби сачрар шийпонларга;
қаторларда, печакгуллар,
кимхоб кийган жунун авом
юз-кўзида порлаб ўйнар.
Ким бақирар қарагин, деб!
Қон лужжасин асло кўрмай!
Яқинлашган мугузларга
сира киприк қоқмай қарар,
бироқ вазмин даҳшат ила
волидалар бош кўтарар.
Яйловдан қир шамолида
оқ булутлар подавони
ҳам самовий буқаларга
бир яширин садо борди.
Севиллада бўлмаган ҳеч
азал-абад бундай шаҳзод,
на бир шамшир шамширидай,
юрагидай юрак асло.
Бундай вужуд қувватига
арслонсойлар мисол бўлур,
ўктам, мармар андоми ҳам
ақлига бир тимсол бўлур.
Андалусий равшан ҳаво
бошин белаб қўйди зарга,
кулгуси ҳам туз, зиёдан
қоришган бир шаббўдандир.
Қандай буюк рақиб жангда!
Қандай буюк тоғлик тоғда!
Бошоқларни кўрса – ювош!
Қандай ёмон отлиқ чоғда!
Қандай дилкаш шудринг ила!
Қандай гўзал ҳайитларда!
Қандай ёвуз зулмат сўнгги
шамшир санчган пайтда ҳам!
Бироқ ухлаб қолди мангу.
Энди йўсин, ўт-гиёҳлар
аста дағал бармоқларда
бошкосасин гулин очар.
Қўшиқ каби оқар қони
қирғоқлару сайҳонлардан,
қотиб қолган шохлар узра,
титрар айри тушиб жондан.
Оқар узун, ғамгин тилдай,
туёқлардан тўзиб, сўлар,
Гвадалнаҳр каби ўлим
лужжасига дўнмоқ бўлар.
Ў, оқ садли Испания!
Ў, қайғунинг шум буқаси!
Ў, ёвузқон Игнасио,
шоҳтомирин булбуллари!
Йўқ.
Кўрмайин бу лужжани!
Бу қон учун бир жом йўқдир,
қон томчисин ичадирган
қалдирғочу бир жон йўқдир,
бир қиров йўқ музлатгани,
йўқдир куйлар, сафсангуллар,
ёпишга йўқ кумуш кўзгу.
Йўқ.
Кўрмайин бу лужжани!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.