Текст книги "Энг қайғули шодлик"
Автор книги: Федерико Гарсиа Лорка
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 9 страниц)
Ёпиқ дарчалардан тикилиб қараб,
табассумин ўйнатар яйраб.
(Бўм-бўш роял торларида
моҳир анкабутлар ўйнар.)
Сочларин силкита, кўзларин қиса,
йигитларга висол тайинлар қизлар.
(Елпайсалар, рўмолчалар,
чечан қўллар дунёси сўйлар.)
Қора чакманларин ўйнаб силкитиб,
қанотли жавоблар берар йигитлар.
ОЙ ҚЎШИҚЛАРИ
ОЙ ЧИҚҚАНДАТУННИНГ ИККИ ОЙИ
Ой чиққанда борлиқда
тин олар қўнғироқлар,
қалин ўрмон, чангалда
ярақлайди сўқмоқлар.
Ой чиққанда чайқалар
замин уммонга ўхшаб,
чексизликда йўқолган
бир оролга ўхшар қалб.
Ой тўлишган кечада
сарғайган боғлар ора
пўртаҳолмас, музлаган
ғўралар ейди одам.
Ой тўлишган кечада
бир қиёфа, бир онда
саноқсиз кумуш танга
фарёд қилар ҳамёнда.
I
Ой ўликдир, ўлик аммо
унга ҳаёт берар баҳор.
Агар терак бошида бир
жанубий бод учса ғир-ғир.
Агар сабук оҳу сўлиш
ҳосилига юрак тўлса.
Агар томлар ёйиб қўйса
майса босган кўлкаларин.
Ой ўликдир, ўлик аммо
унга ҳаёт берар баҳор.
II
ТОНГДА ЎЛГАН
Оқшом куйлайди жўшиб,
куйлар норанжга қўшиқ.
Сингилчам ҳам куйлайди:
норанж каби бўлди ер.
Ой ҳам йиғлайди юм-юм,
норанждек бўлайин деб.
Бу, болакай, мумкинмас,
гарчи тарсан, пуштиюз,
ҳатто турунж бўлмассан,
минг афсус!
БИРИНЧИ ЙИЛ
Кеча тўртта ойлидир,
дарахти эса танҳо,
фақат бир кўланкаси,
битта ёлғиз қуши бор.
Изладим баданимдан
дудоғинг изин йироқ,
сал тегизиб лабини
шамолни ўпар булоқ.
«Йўқ» сўзинг кафтимдадир,
эсдалик қилдинг ўзинг,
сирачдай сариқ турунж,
деярли оқ бир сўзинг.
Кеча тўртта ойлидир,
дарахти бир кўлкали.
Ай, бигизнинг учида
шўрлик ишқим тўлғанар.
ИККИНЧИ ЙИЛ
Манглайимдан босарсан,
қандай қадим туйғу бу.
Энди қоғоз не керак,
қалам, санъат – уйқу бу.
Ўхшарсан ёронгулга,
гоҳо абраш савсанга.
Хоҳишимдан, айтақол,
не кутасан, ойбадан!
ГУЛ
Ой санчади денгизга
узун нурли мугузин.
Яшил ва бўз яккашох
ҳуши оққан, титраган.
Осмон улкан нилуфар
каби сузар бўшлиқда.
Ёлғиз ўтарсан, туннинг
энг сўнгги кўлкасидан.
Ёмғир мажнунтоли
ерга ёйилди.
Оппоқ шохлар узра
ёнган ой нури!
ЧИВИҚЛИ ЭРОТ
ЛУСИЯ МАРТИНЕССЕРЕНАДА
Лусия Мартинес,
қизил ипак сояси.
Нур, зулматдан қорилган
тунга пайваст сонларинг.
Мониюлёнг яшринча
қаҳрабони қорайтар.
Келдим, Лусия, келдим,
очай деб дудоғингни,
тарай деб сочларингни
сабоҳнинг чаноғида.
Истадим, атай келдим,
қорол ипак сояси.
Ойдин дарё қирғоғида
рутубатга тўяр шом ҳам,
Лолитанинг кўкрагида
муҳаббатдан ўлар шохлар.
Муҳаббатдан ўлар шохлар.
Яланғоч шом куйлар ҳамал
узра учган кўприкларда.
Лолитанинг кифтларига
настариндан ёғар бўйлар.
Муҳаббатдан ўлар шохлар.
Анис олма, нуқра туни
порлар томда нур уфуриб.
Кўзгу, шарра нуқраси ҳам
оқ сонларинг анис нури.
Муҳаббатдан ўлар шохлар.
ДУНЁНИНГ НАРЁҒИДА
САҲНА
Баланд миноралар.
Узун дарёлар.
Ҳур
Тақиб келдим, бармоғимда
аждодингдан қолган шоҳонак.
Ҳанузгача ер тагидаги
юзлаб қўллар уни соғинар.
Мен
ЛОҲАСЛИК ВА ТУН
Сезгандайин титрар қўлларим
шоҳонакнинг тимсолин – сонсиз
бармоқларнинг улкан гулини.
Шоҳонакни тақмасман асло.
Баланд миноралар.
Узун дарёлар.
ГУНГ БОЛА
Ариқуши
қоп-қоронғи
бир оғочнинг авжида.
Ғўлдирар тунги осмон,
шабада ҳам алжирар.
Май, мотамдан хотира –
тинмай учта маст жаврар.
Қалайи юлдузлар ҳам
айланар меҳварида.
Ариқуши
қоп-қоронғи
бир оғочнинг авжида.
Чаккаларнинг оғриғин
босар онлар чамбари.
Сен сукутда. Ҳаёсиз
қўшиқ айтар бу мастлар.
Сирар, сирар ипакни
оддийгина қўшиғинг.
Ариқуши,
Чур. Чур. Чур.
Сайроқи ариқуши.
НИКОҲ
Шаҳзода-чигиртка яшириб қўйган
овозин излайди болакай.
Шудрингли гултожлар оралаб бўйлаб,
овозин излайди болакай.
Овозим топсайдим битта ғаройиб
узукча ясардим ўзимга.
Яшириб, жимликни асрардим доим
узукнинг мунчоқдек кўзига.
Шудрингли гултожлар тўпин оралаб
овозин излайди болакай.
Яшил чигирткага бурканиб олган
овози янграрди олисда.
ВИДО
Шоҳонакни
отворинг сувга.
(Қоронғилик бўйнимга
қўйиб турар қўлини.)
Отинг сувга. Бўлди, бас,
юз йил борман. Сукунат!
Савол берманг, керакмас.
Шоҳонакни
отворинг сувга.
ҚАСДИ ЖОН
Агар ўлсам,
очиб қўйинг манзар эшигин!
Пўртаҳол ер болалар боғда.
(Кўринади менга манзардан.)
Ўроқчилар ўрмоқда буғдой.
(Эшитилар менга манзардан.)
Агар ўлсам,
очиб қўйинг манзар эшигин!
Балки бу сени билмаслик оқибатидир, ҳандаса.
Кун найзага келар маҳали
эс-ҳушидан айрилар ўсмир.
Юраги ҳам латта бинафша
ва эзилган қанотга тўлди.
Лабларида қимирлаётган
сўнгсўзини сезиб қолди у.
Қўлларидан қўлқоплар каби
ерга тушди икки ҳовуч кул.
Кўринади манзардан минор,
қўшилади минор ва манзар.
Тебрангичи тўхтаган, милсиз
соатдан вақт тикилиб қарар.
Оқ диванда ногоҳ андомин
тарҳларини пайқаб қолади.
Ҳандасавий чизиқдан ўсмир
кўзгу томон отар болтани.
Бузар, босиб кетар ётоқни
зулумотнинг улкан оқими.
МУҲАББАТ
ИЛК ИСТАК ҚЎШИҒИКИЧКИНА МАДРИГАЛ
Кўкарган саҳарда
юрак бўлсанг.
Юрак.
Етилган оқшомда
булбул бўлсанг.
Булбул.
(Кўнгил,
норанждай товлан!
Кўнгил,
ишқдай оловлан!)
Яшнаган саҳарда
ўзинг ўз бўлсанг.
Юрак.
Сўлиган оқшомда
бир овоз бўлсанг.
Булбул.
Кўнгил,
норанждай товлан!
Кўнгил,
ишқдай оловлан!
АКС САДО
Боғингда
тўрт анор бор.
(Олгин, янги
юрагимни ол.)
Боғингда
тўрт сарв бўлур.
(Ол, эски
юрагимни ол.)
Қуёш билан ой.
Сўнгроғ…
Бўлур на дил
ва на боғ!
РОҲАТНОМА
Юзин очди
сабоҳ гули.
(Эсингдами
оқшом туби?)
Ой хуш бўйин
тўккан чоғи.
(Эсингдами
ёз нигоҳи?)
ҒАРНОТА ВА 1850
Ҳадеб менга берасан савол:
– Айтгин, нечун келади баҳор?
Ўзимгаям бу нарса мушкул,
игнаси кўп арчадай бу сир.
Милёнтача белгисиз йўлни
кўрсатади милёнта қўли.
Билолмасдан ўзим ҳайронман,
нечун бунча шошар дарёлар.
Овозим ҳам кўзингда куйган
бир осмонда осилиб турар.
Кел, ўйнагил, қорамағизим,
япроқларим орасида жим.
Айланайлик осмон тагида
муҳаббатнинг чархпалагида.
Балки баҳор сирин жилмайиб,
айтворарсан ўзинг билмайин…
МУҚАДДИМА
Садлар ортида ҳар зум
шилдираб оқади сув.
Узумнинг бармоқ каби
навдасида тураркан
қуёш нури чўзилиб
етмак бўлар юракка.
Августнинг осмонида
булоқлар орасида
булут нурга кўмилган,
туш кўраман ўнгимда.
(ЯШИЛ ОСМОН ТУБИДА)
Тераклар ҳам ғойиб бўлар,
кўлда қолар ойдин излар.
Тераклар ҳам ғойиб бўлар,
аммо шамол қолар бизга.
Чўзилади пастак осмон
тагида бир кафанли бод.
Аммо қолар шамолдан сўнг
сойлар узра оққан садо.
Ёнарқуртлар босар ёдим,
чўкиб кетар анворларда.
Ушоққина юрак бирдан
яшнаб кетар бармоқларда.
СОНЕТ
Яшил осмон тубида
яшил юлдуз мўлтирар.
Қандоқ асрай севгини,
шу ғам мени сўлдирар.
Эрир баланд минорлар,
эрир совуқ туманда.
Энди қандоқ кўришдик
дарчаси берк бу уйда.
Яшил осмон тубида
яшил юлдуз мўлтирар,
кўрмайин юз минорни,
кўрмайин қор қўйнида.
Хавотирим жонлироқ
бўлмоғи учун беҳад
қип-қизил табассум-ла
ясатиб қўймоғим шарт.
Кумушранг бир узун шарпа мисоли
титратиб тунги бод хўрсинар оғир,
кулранг қўл-ла кўҳна ярамни очиб,
бот ҳавас ишқида учар қайгадир.
Ҳаёт ҳам бахш этур севги ярасин,
озод бўлур мангу қон-ла тоза нур,
очилган ярадан дарду нафис ин
топажак тилини тишлаган булбул.
Ай, бошим тўладир форам суронга,
совуқ гўзаллигинг сузган бир жойда
соддадил гулларни ётдим қучоқлаб.
Сарғариб оққанда югурик сувлар,
қочётган қонимни шимар қирғоқда
хушбўй гиёҳлару ўт-ўлан, бурган.
ХУЛОСА ҚЎШИҚЛАРИ
БОШҚАЧА ОҲАНГДАНОЯБРЬ ВА АПРЕЛЬ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Водий кечасига қутурган буғу
шохидан битта тож кийдирар гулхан.
Дузлар ухлар. Фақат бедордил шамол
гижинглаб ўзича айланиб юрар.
Мушук кўзларидай ғамгин, сарғайган,
тутун туриб қолган шишадай ҳаво.
Дарёга эргашдим шохлар оралаб,
изимдан дарёга чўзилди шохлар.
Қўшиқлар қўшиғи каби жонланар
бузилмаган дунё – ёввойи, тиниқ.
Найистон ва зулмат оралиғида
туриб Федерико аталмоқ қизиқ.
(СУВ, ҚАЕРГА БОРАСАН?)
Оқ осмонга тикилиб,
оқариб кетди кўзим.
Аслига қайтсин учун
кўзларимга суртаман
сап-сариқ гулни.
Аммо бари беҳуда,
кўзларим рангсиз, оппоқ.
Кифтларим аро тўлиб
ўйнайди тилло кўнглим.
Апрель осмонин кўриб,
кўкариб кетар кўзим.
Жонлантирай деб бироз
кўзларимга суртаман
оқ атиргулни.
Беҳуда, бари абас,
оқранг кўкка қўшилмас.
Кифтларим аро сўлиб,
ўйнамас сўқир кўнглим.
СОХТА КЎЗГУ
Сув, қаерга борасан?
Дарёларда товланиб
денгизлар қирғоғига.
Баҳр, нима истайсан?
Дарёларнинг бошида
бормиш сокин булоқлар.
Терак, нима гапинг бор?
Мен ҳеч нима демайман.
Мен… титрарман.
Не истайман, истамайман
дарё билан баҳрдан.
Тўртта каптар жимгина
ўтиради теракда.
МАРТ БОҒИ
Ҳали тар новдага
қуш қўнгани йўқ.
Қайтган садо бедард,
қайғусиз, аянчлидур.
Одам ва Беша.
Йиғлаймано, йиғланман
машъум варта бўйида,
кўзларимда чайқалиб,
икки баҳр ўйнайди.
СОҲИЛДАГИ ИККИ ДЕНГИЗЧИ
Олмажоним, олма,
шохларингда соялар, қушлар.
Учар хаёлим,
ойдан шамол қошига учар.
Олмажоним, олма,
қўлларинг ҳам гуллай бошлади.
Мартда январнинг
ҳамон оқдир чакка сочлари.
Олмажон…
(ўчган шамол).
Олмажон…
(улкан осмон).
I
Юракда бир балиқчани
олиб келди чин баҳридан.
Гоҳ ялтираб ўтар балиқ
қорачиғин қаър-қаърида.
Норанжлару майхоналар
ўчиб борар хотирадан.
Сувга қарар.
II
ҚУРИГАН НОРАНЖ ҚЎШИҒИ
Янги совун каби тилин
сўзлар ювди, юпқа бўлди.
Дунё текис. Баҳр кулола,
баҳру кўкда шан ситора.
Кўрди Роҳиб манзарларин,
Қора қизлар маммаларин.
Сувга қарар.
КЕТАЁТГАН КУН ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Ўтинчи!
Кесиб ташла кўлкамни.
Улкан қуртни қатл қил,
бебарлигим кўрмайин.
Кўзгулар аро зорман:
соямни кўрсатар кун.
Бирдан барча юлдузда
нусхамни кўпайтар тун.
Яшолмасман қурт каби!
Тирилтирар тушларим
момиқлар, чумолилар,
япроқлару қушларни.
Ўтинчи!
Кесиб ташла кўлкамни.
Улкан қуртни қатл қил,
бебарлигим кўрмайин.
Қандай оғир, кундузим,
қолдириб кетмоқ сени.
Мен-ла тўлиб кетарсан,
келарсан билмай мени.
Қандай оғир, машаққат –
кўкрагингда кетар чоқ
беҳаловат дақиқалар
ҳаловатин қолдирмоқ.
Персей сени ҳар оқшом
ғуллардан халос қилар,
кетарсан тоғлар ошиб,
товонларинг ёрилар.
Сени олиб қололмас
на вужудим, фарёдим
ва на ўзинг мудраган
оғуши зар дарёлар.
Дум-думалоқ нурингни
элтаман Тонгдан Шомга,
улкан нуринг жонимни
асрар ўткир азобда.
Қандай оғир элтмоқлик
тонгдан шомгача тўзиб,
шамоллар – қўлларингни,
қушларингни, кундузим.
ЛЎЛИ РОМАНСЕРОСИ
(1924–1927)
ОЙ ҲАҚИДА РОМАНС
Келди налгар ғорига ой
настариндан ўраб рўмол.
Қарар, қарар болапақир,
Болапақир тикилар лол.
Ой қўлларин ёзиб, ўйнаб,
сўлқиллатиб қалай тусли,
беору пок кўкракларин,
олар тунги шамол ҳушин.
Беркиниб ол, ойим, ойим!
Келиб қолса лўлилар гар,
юрагингдан сандонларда
оқ ҳалқалар зарб қилишар.
Қўрқма, бола, қўрқма сира,
сен лўлилар келган тобда
сандонга бош қўйиб ётгин,
уйғонмассан сира хобдан.
Беркин ойим, ойим, ойим!
Туйдим олис от дупурин.
Қўрқма, бола, бироқ босма
оҳорланган ипак нурим.
Отлиқ елар йироқлардан
ноғорадай чалиб дузни.
Шўрлик бола муз сандонга
бош қўнганча юмар кўзни.
Зайтунзордан бринжа туш –
лўлилар ҳам чиқиб келар,
бошларини тутиб баланд,
кўзларини қисиб келар.
Ўҳ, қайси бир оғоч ёқдан
додлаворар бойқуш ғариб.
Ой боланинг қўлчасидан
ушлаб кетар осмон сари.
Ногоҳ ғордан янграр фарёд,
хотин-халаж қий-чувлари.
Шамол эса кезар бедор,
шамол кезар увлаб-увлаб.
ПРЕСИОСА ВА ШАМОЛ
Дафназору биллур тўла
ғира-шира ойдин роҳда
ойдай дафни Пресиоса
даранглата уриб ўйнар.
Ситораси ўчган жимлик
суронлардан қочар нари –
балиқ тўла тунни ўйнаб
шопирётган денгиз сари.
Олис қорли чўққиларда
инглистонлар яшаган оқ
қўрғонларни гир қуршаган
соқчиларни босар мудроқ.
Ўйнашиб сув лўлилари,
ҳамлаларга чоғланишиб,
эгар нақшин ғорлар сари
санобарнинг шохларини.
Ойдай дафна Пресиоса
даранглатар экан ногоҳ
пайдо бўлар кўз ўнгида
баҳайбат бир ёмон шамол.
Бу яланғоч Христофордир,
самовий тил, жисми кабир,
қарар қизга ҳам вишиллар
найнинг хунук саси каби.
Ҳой, лўли қиз, этагингни
бир кўтариб, қайра ташлай,
қорнингдаги кўк атиргул
қўлларимда турсин яшнаб.
Пресиоса ойдай дафна
ташлаб қочар жонҳолатда.
Ўйнаб чўғдай шамширини
шамол қизни қува бошлар.
Совир денгиз тўлқинлари.
Бот бўзарар зайтунзорлар.
Куйлар ғорлар сурнайлари,
оғир зангин чалар қорлар.
Пресиоса, тезроқ, югур,
ахзар шамол етиб олар!
Пресиоса, тезроқ, югур,
Кифтларингга човут солар!
Юлдузлардан ерга тушган,
Ярқираган тилли Сатир.
Пресиоса санобарзор
узра савлат тўкиб турган
инглистонлар консулининг
қўрғонига ўзин урар.
Қиз додини эшитган чоқ
чопиб келар апил-тапил,
беретларин қийшиқ кийган,
қора тўнли учта ҳарбий.
Бир бордоқда сут обкелиб,
лўли қизга тутар биров,
биров майли финжон тутар,
бечора қиз ичмас бироқ.
Йиғлаб-сиқтаб одамларга
не бўлганин сўйлар беҳол,
ташқарида том сополин
аччиғидан ғажир шамол.
ДАСАРРА
Ваҳимали жарлик узра
ёвузлашган қон барқида
Албасетнинг пичоқлари
балиқлардай ярқирайди.
Ёритворар лаҳзалик нур
қояларнинг яшил бағрин,
ялт-юлт этар суворилар
ёноқлари, отлар сағри.
Қари зайтун авжларида
икки кампир солади дод.
Адоватнинг новвослари
четанларни бузади бот.
Қанотлари Албасетнинг
тиғларига менгзаб кетар
қора, хомуш малаклар-да
рўмолу қор сувин элтар.
Хуан Антонио Монтиля
отдан жарга қулар ногоҳ,
сафсангулга тўла жисми,
чаккасида порлар анор.
Ўлимнинг тик йўлидан у
учар мисли олов зуннор.
Жандармлар гурас-гурас,
зайтунзордан елар бўйлаб.
Тўкилган қон эса инграр
илондай жим қўшиқ куйлаб.
Энди сенёр жандармлар:
дунё шундоқ кўп қадимдан.
Карфагендан бешта одам,
тўртовлон ўлган Римдан.
Телба бўлиб анжирлару
лаҳча чўғдай садолардан,
ҳолсиз оқшом аста чўкар
қонталашган жароҳатга.
Гир айланиб учиб қолар
жарлик узра, фалакларда
кокиллари узун-узун,
зайтун жонли малаклар ҳам.
ТЕЛВАКЕЗИК РОМАНСИ
Яшил, сени суйдим, яшил,
Яшил шамол, яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.
Белга қадар шомги туман
зулматига чўкиб ўйлар,
яшил сочли, яшил танли,
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Лўли моҳи қизарган чоқ,
бор нарсалар унга қарар,
у борлиқни кўрмас бироқ.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Юлдузларни қиров босган,
балиқ каби силлиқ зулмат
тиниқ тонглар йўлин очар.
Ғадир-будур япроқларин
анжир бодга ишқаб қолар.
Тоғ баҳайбат жайра каби
бир лаҳзада ҳурпайволар.
Ким келади? Қайдан келар?..
Турар четан довни бўйлаб,
яшил сочли, яшил танли,
ёвуз денгиз ҳақда ўйлаб.
Ошна, жон деб алишардим
шу отимни ҳужрасига,
кўзгусига жабдуғим бор.
пичоқ берай кўрпасига.
Ошна, қара, қонга ботиб,
келадирман Кабра ёқдан.
Гар ихтиёр менда бўлса,
алишардим ўйлаб турмай.
Аммо менам мен эмасман,
меникимас бу ҳужра ҳам.
Ошна, жуда ўлгим келар
ўз уйимда, ўз катимда,
бўлсайди ўз шамчироғим,
яна ҳолланд чойшаби ҳам.
Ошна, қара, томоғимдан
тўшимгача тиғ ёрворган.
Кўрдим, оппоқ кўкрагингда
уч юз абраш гул қорайган.
Белбоғингда қон ивиган,
қон ҳидига тўла дуз ҳам.
Аммо менам мен эмасман,
меники ҳам эмас уй ҳам.
Ҳеч бўлмаса, чиқайин бир
манов баланд панжарага,
оҳ, чиқайин, кўройдинда
нурлар жавлон уриб ётган
панжарадан ларзон-ларзон
сувлар рақсин кўрайин-да.
Мана, баланд панжарага
яқин келар икки ошна.
Изларидан судралар қон,
изларидан қолар ёшлар.
Ғира-шира чироқлар ҳам
мил-мил ёнар томлар узра,
юз минглаган биллур дафлар
тонгнинг тотли хобин бузар.
Яшил, сени суйдим яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Мана, икки ошна етар.
Олиб келар бод йироқдан –
оғизларда таъми қолар
шувоқ, эрман ва ялпизнинг.
Ошна, қани ялпиздан ҳам,
сафродан ҳам аччиқ қизинг?!
Неча тунким кўргим келди,
неча тунким шажарадай –
бир парча юз, қора танли –
боқди яшил панжарадан.
Лўли қизнинг юзи ойдай
сузар яшил ҳовуз узра.
Яшил сочли, яшил танли,
нуқрадайин совуқ кўзлар.
Сув мавжида қиз юзини
тутиб турар ой синиғи.
Кеча уйлар ўраб олган
майдончадай холи, сирли.
Шунда даста маст жандарм
эшикларни муштлаб урди.
Яшил, сени суйдим, яшил.
Яшил шамол. Яшил шохлар.
Денгизда бўш сузар қайиқ,
тоғда ўтлаб юрар от ҳам.
ЛЎЛИ РОҲИБА
Мўрду оҳак жимжитлиги.
Гулхайризор сайҳон чети.
Роҳиба қиз зард шойига
гулишаббўй тикар бетин.
Фонуснинг оқ қалпоғида
етти моил қуш пириллар.
Олис черков қорни катта,
айиқмисол тик ириллар.
Мунча яхши! Мунча нозик!
Ёнар гуллар зард шойида.
Ҳофизанинг бор гулларин
тикиб олсам деб шошилар.
Рангин пистон тасмасидан
шумурт гули, кунгабоқар!
Шийпон, қамар тағин гули
заъфарон ҳам кўзни ёқар.
Ўчоқ ёқдан бешта норанж
тотли, ширин бўй тарайди,
Бу Алмерий ёқда пишган
Исонинг беш ярасидир.
Ўтар кўркам икки отлиқ
роҳиба қиз кўз ўнгидан.
Бир тўлғаниб тушди кўкси
эриган энг сўнгги сасдан.
Бирдан қотди зор нигори
олис қирлар сари боқиб.
Ногоҳ шакар, ҳулво тўла
қалби титраб, синди охир.
Ўҳ, йигирма офтоб билан.
қандоқ қалқиб кетар воҳа!
Хаёлнинг гож сойлари ҳам
мунча жавлон уриб оқар.
Бироқ тағин кашта тикар,
катак-катак пардада ҳур
эпкин билан шахмат ўйнар
уйқу босган оқшомги нур.
ҒАР
Олиб кетдим сой бўйига,
ишонибман ҳали қиз деб,
кўпни кўрган жувон экан.
Сант Ягонинг хушбўй туни,
таранг қилиб, ийган чоқда
бирдан ўчди бор фонуслар,
ёнди минглаб чирилдоқлар.
Ўтиб сўнгги муюлишдан
қўйнига қўл солдим аста,
яшнар қайноқ эмчаклари
настарингул каби кафтда.
Оҳорланган калта лозим
шир-ширидан юрак ўйнар,
худди ўнта пичоқчадан
йиртилади шойи кўйлак.
Қора тортган оғочзорлар
авжлари ҳам тунга сингар,
сойдан нари, йироқларда
осмон ҳурар минглаб итдай.
Маймунжонлар ўраб олган
қамиш қалин ўсган гумда
тушмиш фитна сочлари ҳам
қолип каби намчил қумга.
Силтаб ечдим бўйинбоғим,
чит кўйлагин ечди сулув.
Тўппончали камарни – мен,
тўрт белбандин ечворар у.
Ялтир-юлтир кофур бадан –
нард гулидан форам, нафис –
шандир шабий ойнакларда
сузган ойнинг нури каби.
Тўрга тушган балиқлардай
типирчилар оппоқ сонлар,
гоҳ оловдай гурлаб ёниб,
гоҳо муздек бўлиб қотар.
Гўзал тунда саҳар ёққа
олиб қочди мени қайсар –
узанги ҳам жилови йўқ –
садаф каби оппоқ байтал.
Ёвуз ишқдан телба бўлиб,
айтган ширин сўзлари сир.
Ўша тунги ишлардан сўнг
сал одобли бўлсам арзир.
Ўпич ва қум тўла жисми,
қолганини бўлмас айтсам.
Қўпиб кетган шамол билан
қиличвозлик қилди сафсан.
Ўзимни сўнг лаҳзагача
жўмард лўли каби тутдим.
Совға қилдим айрилар чоқ
заррин гулли катта қути.
Учратмадим кайтиб сира –
кезиб бошқа гўшаларни,
гўзал тунда сой бўйида
қизман деган ўша ғарни.
ҚОРА ҚАЙҒУ ҲАҚИДА РОМАНС
Ғира-шира тоғдан пастга
Соледад қиз тушар чоғда
тонгни излаб ҳадеб қора
ерни чўқир хўрозлар ҳам.
Мисдай сариқ танидан от,
туман, зулмат бўйи келар.
Сархуш сандон кўкраклари
бутун чўлга куйлаб келар.
Бемаҳалда, ҳой, Соледад,
кимни излаб турибсан, айт?
Керак бўлса, излайман-да,
сенга нима, не ишинг бор?
Балки излаб юргандирман
ўтган шодлик, ўзимни зор.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Агар қайсар бўлса байтал,
ташлар ўзин шум денгизга,
чиқмагай ҳеч ундан қайта.
Эсга солма денгизни, қўй,
қора ғам ҳам зотан гўзал
баргаклари даҳшат сунган
зайтунзордан пастда ўсар.
Ай, Соледад, шўришим, ай!
Сени эзган қандай ғамдир,
ёшинг – турунж суви, оғзинг
қаноатдан аччиқ таъмдир?
Қандай буюк ғамдир! Уйда
телбадай бош урдим садга,
икки ўрим соч судралди
ташдан ичга, ичдан ташга.
Қандай ғамдир! Адо бўлдим,
жулдур кийган либосларим.
Нафис кўйлак, лозим қайда!
Қизғалдоқдай тар сонларим!
Хўжағатнинг сувин ичиб,
шабнамларда чўмил фақат
ҳам нотавон юрагингни
ўз ҳолига қўй, Соледад!
Пастда куйлаб оқар дарё,
чайқалади осмон, боғлар.
Гуллар эса ошқовоқранг –
янги нурдан кияр тожлар.
Ай, лўлининг қора ғами!
Мангу узлат, поклар ғами!
Яширинган сирли сойлар,
милтираган тонглар ғами!
САН-МИКОИЛ
(Ғарнота)
Қават-қават панжаралар,
тоғлар, тоғлар, яна тоғлар,
оқ хачирлар, кўлкалари
ёнбағирдан ўрлаб борар.
Чексиз тунлар зулумоти
кўзларини ўраб, қийнар.
Сокин ҳаво қаърларида
ғижирлаб шўр тонглар синар.
Осмон оқёл хачирлардан
юмиб тиниб кетган кўзин,
лаҳза сайин музлаётган
кўлкаларга тилар тўзим.
Ҳеч ким қўлин урмасин деб,
сойлар кийди муздан кўйлак.
Тоғлар, тоғлар, тоғлардаги
ёввойи ҳам очиқ сувлар.
Сан-Микоил баланд минор
токчасида қомати шан,
пойин байроқ ва чироқлар
чамбараги ўраб олган.
Бир малакки, ўргатилган,
соат тунги зангин чолур,
қаҳрин ечиб, андалибнинг
болу парин кийиб олур.
Тағин туйиб олис кенту
гуллар бўйин нафасида,
куйлар уч минг шом ўсмири
куйлар ойна қафасида.
Денгиз эса ойли манзар
қўшиқларин айтар форам,
ойдин соҳил бўйлаб сирли
шивирлайди қамишзорлар.
Мана, Мадрид қизлари ҳам
там-там юриб борар, шабий
туман аро думбалари
сайёралар каби кабир.
Келар ўктам йигитчалар,
ғамгин юзли аёллар ҳам,
куйиб қўмсар ўтган кунги
булбулларни хаёлларда.
Ва оқшомги ибодатда
заҳил юзли, қари, сўқир,
манилалик озғин роҳиб
бандаларга ваъзин ўқир.
Сан-Микоил миноранинг
токчасида олар ором,
порлоқ ипак юпқасида
тунги осмон суврати бор.
Сан-Микоил бир қиролдир
тоқ рақамлар, самовотга,
фарёдлару нигоҳларнинг
арабий бир назокати.
САН-РАФОИЛ
(Қурдоба)
I
Дилижонлар тезлаб борар
қип-яланғоч румий андом
қатларини мавжлар ювган
қамиш ўсган соҳил томон.
Гвадалнаҳр очур бағрин,
ўйма баргу биллур тошлар,
кирчил булут кўлкасига
ёндош чўкар дилижонлар.
Ғилдираклар изларин тун
яширган чоқ қайта-қайта
фоний дунё ғам-ғуссасин
тўқиб куйлар болакайлар.
Қурдобани қўрқитмас ҳеч
оқшом билан келар ғафлат,
шом қўрқинчли қасрларни
қурса ҳамки қават-қават,
тамал тошин беркитолмас –
анвор сочур тоза мармар.
Заъфар тоқи теппасида
кулранг осмон тоқларига
тикиб чиқар сабук шамол
нафис, митти япроқларни.
Кўприкда ўн зарби билан
баҳр берган чоғда хабар,
вайрон садлар аро наша
олиб ўтар савдогарлар.
II
Сувда тикиб қўяр икки
Қурдобани ёлғиз балиқ,
қамишзорнинг Қурдобаси
билан сангин Қурдобани.
Ориқ, заҳил болакайлар –
Товит, Мерлин толиблари
либосларин отар ҳар ён
сув бўйида ҳолсизланиб.
Улар қитмир савол бериб,
яъни, гуллар ранги билан
ой рангида фарқ борми деб,
балиқни хўп мазах қилар.
Бироқ балиқ зарлаб сувни,
мармарларга кўлка ташлаб,
қачонлардир сарандиблик
парча либос кийган малак
қават-қават тўлқинлардан
бешик, сурон топган ерда
болаларга бир устундай
турмоқликка имкон берар.
Сувнинг ёлғиз балиқчаси.
Қурдобалар гўзал, лобар.
Бир Қурдоба мавжлар узра,
нилий кўкда бир Қурдоба.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.