Текст книги "Дуо ибодатнинг мағзидир"
Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи
Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 3 (всего у книги 7 страниц)
ОТА-ОНА ҲАҚҚИГА ҚИЛИНАДИГАН ИЛТИЖО-ДУОЛАР
Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ. У яккаю ягона, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. Барча мол-мулк Уники. Барча ҳамду сано Унга тегишли. Барча фазлу марҳамат Уники ва барча гўзал мақтов, олқишлар Унгадир. У ҳаёт берур ва ўлдирур. Барча яхшилик Унинг қўлидадир ва У Зот ҳар бир ишга қодирдир. Аллоҳдан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, магарам Унинг Ўзи бордир. Фақатгина У Зотга ибодат қилурмиз. Барча куч ва қудрат Ундадир. Эй Аллоҳ, набийлар хотами ҳожамиз Муҳаммадга энг сара ва етук салоту саломларни йўллагин! Эй Аллоҳ, дунё ва охиратнинг меҳрибон ва раҳмли Ҳожаси! Бизга ва барча Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам умматига бундан сўнг Сенинг раҳматингдан ўзгасига ҳожатимиз қолмайдиган даражада раҳм қил! Эй Аллоҳ, биздан ва мусулмонлардан вафот этганларни раҳмат қилгин!
Аллоҳим! Тиригу ўтганларимизни, ҳозиру ғойибларимизни, қаттаю кичикларимизни мағфират қилгин! Биздан кимни (қиёматда) тирилтирадиган бўлсанг, унга мусулмон ҳолатда жон ато қил! Ва биздан кимнинг жонини оладиган бўлсанг, мусулмонлигида жонини олгин!
Аллоҳим! Ота-онам ва мусулмон биродарларимга чексиз раҳм-шафқатингни ёғдиргин. Уларга ер устида ҳам, ер остида ҳам ва Сенга рўбарў бўладиган Кунда ҳам раҳм қилгин. Бандаларингни тирилтирадиган Кунда уларни азобингдан сақлагин! Улар устига Ўз нурингни ёғдиргин! Ота-онам ва мусулмон биродарларимнинг қабрларини мунаввар айлагин! Ётган жойларини кенг қилгин! Марҳумлар орасидан ғарибу гуноҳкорларини афв этгин.
Аллоҳим! Биз, ожиз бандаларингнинг ҳам қабрини жаннат боғчаларига айлантиргин! Дўзах қаърига айлантириб қўймагин! Ўтганларимизни мағфират қилгин, афв этгин, даражоту манзилларини мукаррам қилгин! Уларга раҳм қилгин! Марҳумларнинг қолган уй-жойларини, аҳлу оилаларини, зурриётларини, жуфти ҳалолларини Ўз фазлу караминг билан омонликда асрагин! Эй ўта раҳмли Зот! Ўзингнинг раҳм-шафқатинг билан марҳумларимизни жаннатларингга ҳисоб-китобсиз киргизгин. Марҳумларимизни тор лаҳат, қурт-қумурсқа маконидан Ҳулуд (Абадият) жаннатларингга киргизгин. Сендан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Эй бандаларига неъматларини доимо эслатиб турувчи, еру кўкларни йўқдан бор қилувчи Зот! Марҳумларимиз устига раҳм-шафқатингни ёғдиргин. Уларга жаннатдан таом, сув бергин ва жаннатдаги жойларини кенг қилгин! Уларга «Жаннатга кўнглингиз хоҳлаган эшикдан киринг!» дея лутф айла!
Аллоҳим! Улар Сенинг назоратинг остида, Сен билан қўшничилик алоқасидадирлар. Шу боис уларни қабрдаги синовлардан, азоблардан халос қилгин, зеро, Сен вафо ва ҳақ Эгасисан. Уларни мағфират айла ва уларга раҳм қил! Сенгина мағфиратли ва раҳмли Зотдирсан.
Аллоҳим! Ота-онам Сенинг ибодатгўй бандаларинг ва ибодатгўй бандаларингнинг фарзандларидир. Сенинг раҳм-шафқатингга муҳтождирлар. Сен уларни азоблашга муҳтож эмассан. Шу сабаб, уларга раҳм қил! Ота-онамга Сенга рўбарў бўлиш завқи ва Сенинг юзингни кўриш лаззатини насиб эт. Ота-онамнинг руҳларини улар Сендан мамнун бўлган ва Сен улардан мамнун бўлган ҳолда Ўз ҳузурингга қайтаргин ва солиҳ бандаларинг қаторида жаннатингга киргизгин!
Аллоҳим! Сен ҳеч нарсага муҳтож эмассан. Биз эса ҳамиша Сенинг раҳматингга, мағфиратингга, неъматларингга муҳтожмиз. Сен бизларни азоблашга муҳтож эмассан, шу сабабли раҳм қил. Аллоҳим! Агар ота-онам дунёда солиҳ амаллар қилган бўлсалар, уларнинг ушбу ишларини зиёда қилиб бергин. Агар дунёда хато иш қилган бўлсалар, уларнинг гуноҳидан ўтгин! Ота-онамнинг ўзларидан олдин ўтган болаларини дўзах билан уларнинг ўрталарига бир парда қилиб қўйгин! Ота-онамнинг орқасидан қолган зурриётларини уларнинг ҳаққига қиёматгача яхши дуолар қилиб турадиганлардан қилгин! Ўз лутфинг ва караминг ила ота-онамни Наъим жаннатларингга дохил айлагин!
Аллоҳим! Ота-онамга атаб жаннатларда уйлар бино эт! Ўша ерларда бизни юз кўриштиргин! Аллоҳим! Ота-онамга Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг булоқларидан, ичгандан сўнг мутлақо чанқамайдиган шифобахш шаробингдан, Кавсарингдан қуйиб бергин. Ота-онамни Набийинг шафоатидан маҳрум қилмагин! Қиёматда Ҳулуд (Абадият) жаннатларида Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида тирилтиргин! Ўзингдан бошқа ҳеч ким қолмаган ва Сенинг соянгдан бошқа соя бўлмаган Кунда ота-онамни Аршнинг сояси остига олгин. Юзлар оқ ва қора бўладиган Кунда ота-онамнинг юзини оқ қилгин ва номаи амалларини ўнг томонларидан бергин!
Аллоҳим! Оёқлар куядиган Кунда ота-онамнинг оёқларини сиротда собитқадам қилгин. Ота-онамни Ўз ҳузурингда «Булар солиҳлар, сиддиқлар, шаҳидлар, яхшилар ва аброрлардан», деб ёзиб қўйгин!
Аллоҳим! Ота-онамни Ўз ҳузурингда «Булар сабр қилувчи бандалардан», деб ёзиб, уларга собир бандаларга бериладиган мукофотни ато этгин! Аллоҳим! Мен Сендан ушбу соатларда ота-онам қабрларида роҳат-фароғатда ётган бўлсалар, роҳат-фароғатларини ва отаонамга Ўзинг берадиган неъматларингни зиёда қилишингни сўрайман! Мабодо жаҳаннам азобида бўлсалар, раҳм-шафқатинг ила уларни азоблашга муҳтож эмассан. Зеро, Сен ўта меҳрибон Зотсан. Ота-онамни афв айлаб, азоблардан халос этишингни хоҳлайман! Отаонамнинг дунёдаги яхши амалларини қабул эт, камчиликларини афв этгин! Дунёда бошларидан кечирган хасталикларини гуноҳларига каффорат этгин. У азоблар охирги уқубутлар бўлишини насиб этгин.
Аллоҳим! Эй буюклик ва саховат Соҳиби! Эй барҳаёту барқарор Зот! Мен Сендан исм ва сифатларингни ўртага қўйиб, ота-онамни мағфират қилишингни ва уларга раҳм қилишингни ёлвориб сўрайман!
Аллоҳим! Мен Сендан гўзал сифатларинг, буюк исминг ила дуою илтижоимизни қабул қилишингни сўрайман. Бандаларингни мустаҳкам сўз (калимаи шаҳодат) ила қувватлантир, мартабаларини баланд қил! Хато ва камчиликларини кечиргин, савоб тарозиларини оғир қил! Эй бандаларининг ўзларидан ҳам кўра, онанинг боласига бўлган меҳридан ҳам кўра раҳмли бўлган Зот! Ота-онамнинг ҳисоб-китобини осон қилгин! Ота-онам ҳомийлигинг остидадир ва Сенинг меҳмонингдирлар. Меҳмоннинг ҳаққи эса иззат-икромдир. Сен фазлу карам соҳибисан. Ота-онам раҳм-шафқатингга муҳтождирлар. Сен уларни азоблашга муҳтож эмассан, шу боис уларга раҳм қил! Аллоҳим, ота-онамнинг эту қонларини ва юзларини дўзах ўтидан халос қилгин! Ота-онамни барча гуноҳу хатолардан холи ҳолда қарши олгин! Ота-онамни Ўз ироданг ва кечиримлилигинг туфайли ғазабсиз, улардан мамнун ҳолда қарши олгин! Марҳумларингга раҳматинг ва шафқатинг эшикларини очгин!
Эй қудрат ва саховат Соҳиби! Мен сенга илтижолар қиламан! Аллоҳим! Бизларни яхши амаллар қилиб, жаннат хушхабари бериладиган кишилардан қилгин! Сендан кетар вақтимизда раҳмат, равҳу райҳон, Роббиларининг ғазабсиз, мамнун эканлиги хушхабари бериладиган кишилардан қилишингни сўрайман. Эй илтижо қилувчи кишининг илтимосини қабул қилувчи, эй бандаларига неъматларини эслатиб турувчи Зот! Эй Парвардигоро! Эй меҳрибон, йўқдан бор қилувчи Зот, эй яккаю ягона, ёлғиз Зот, эй барча жонзот У томон талпинувчи Зот! Бизларга Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга инъом этган туганмас яхшиликларингдан ато этгин! Эй еру кўклардаги хазиналарга эгалик қилувчи Зот! Сен буюк Парвардигоримсан! Ўз томонингдан бўлган туганмас инъомларни ато этгин, зеро, Сен инъом Соҳибисан, Сен бунга қудратлилигинг ва буюк ҳукмдорлигинг ила лойиқсан.
Аллоҳим! Ота-онам мени кичиклигимда раҳм билан боққанлари каби, Сен ҳам уларга раҳм қил! Эй Аллоҳим! Бизларни дунё яралганидан бошлаб тугагунча яшаб ўтадиган кишилар ҳисобичалик мағфирату раҳм қилгин.
Эй келиши муқаррар Кунда одамларни жамловчи Зот! (Қиёматда) руҳ ва жасадларни тўплаганинг каби, ота-онамни Набийинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида тўплагин. Эй ўта раҳмли Зот! Раҳм-шафқатинг билан яратган мавжудотларинг сонича ота-онамдан мамнун бўлиб, мағфират қилгин! Аллоҳим! Мен Сендан отаонамга жаннатда баланд мартабалар беришингни ва уларни жаннатга киритишингни сўрайман! Сендан ота-онамни дўзах ўтидан халос этишингни ва уларни жаннатга киритишингни сўрайман! Эй Парвардигор, бизни унутиб ёки эҳтиётсизлик қилиб йўл қўйган хатоларимиз учун жазоламагин! Эй Парвардигор! Бизга олдингиларга юкланган масъулиятли вазифаларни юкламагин!
Қувват соҳиби бўлган Роббим улар (мушриклар) бераётган васфдан покдир. Пайғамбарларга салоту саломлар бўлсин ва бутун оламлар Робби бўлган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсин!
(Буюк Арш соҳиби бўлган Аллоҳ таолога бизнинг ва сизнинг дуоингизни қабул қилишини, биздан, сиздан ва барча мусулмонлардан ўтиб кетган марҳумларимизни мағфират қилишини ва барчамизнинг охиримизни бахайр қилишини сўраб қоламиз. Зеро, У Зот ҳар бир ишга қодирдир.)
* * *
МАРҲУМЛАР ҲАҚҚИГА ҚИЛИНАДИГАН ДУО
Тирикларнинг дуо ва садақаларидан ўликларга манфаат бордир. Аҳли сунна вал жамоа ўлганлар тирикларнинг қилган амалидан манфаат олишларига иттифоқ қилганлар.
Мусулмонларнинг унинг ҳаққига қилган дуолари, айтган истиғфорлари ва унинг но мидан қилинган садақалари ва ҳажлари бунга мисолдир.
Улардан кейин келганлар: «Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан», – дерлар. (Ҳашр сураси, 10-оят)
Бу ояти каримада Ислом умматининг аввали билан охирини боғлаб турувчи ип намоён бўлмоқда. Кейин келган мусулмон авлоди, ким бўлишидан қатъи назар, ўзидан аввал вафот этиб кетганларни яхшилик билан эслаб, уларнинг ҳақларига хайрли дуолар қиладилар. Ўлганларни сўкиш, уларни хорлаш мусулмонларга муносиб иш эмас.
Шу билан бирга, тирикларга нисбатан ҳам мўмин кишининг қалбида ҳеч қандай адоват, ҳасад бўлмаслиги зарур.
Демак, Ислом умматининг ўлигию тириги, аввалию охири бир хилда эъзозга лойиқдир.
Имом Абу Довуднинг «Сунан» китобида Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадис ривоят қилинган: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўлик дафн қилиб бўлинганидан кейин устида туриб: «Биродарингизга истиғфор айтинглар. Унга собитлик сўранглар. Чунки у ҳозир сўроқ қилинади», дер эдилар».
Шунингдек, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан қабрларни зиёрат қилган вақтда ўлганларга дуо қилиш ҳақида ҳадислар келган.
Имом Муслимнинг «Саҳиҳ» китобларида келган ҳадис бунга мисол: «Оиша онамиз розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қабр аҳлларига истиғфор айтсангиз, нима дейсиз?» – деб сўрадилар. У зот: «Ассалому алайкум, эй мўмин ва мусулмонлар диёри аҳли. Аллоҳ биздан ва сиздан олдин ўтганларни-ю кейин қолганларни раҳм қилсин. Ва албатта, биз ҳам сизларга келиб қўшиламиз», деб жавоб бердилар».
* * *
Аллоҳим, ҳузурингга кетган мана шу марҳумга (исми зикр қилинади) бу уйларидан кўра яхши уйларни бергин, аҳлларидан кўра яхши аҳлларни бергин! Жуфтидан кўра яхши жуфт бергин ва жаннатингга киргизгин! Қабр азобидан, жаҳаннам азобидан қутқаргин! Аллоҳим! Аллоҳим! Унга яхши муомала қилгин, ёмон муомала қилмагин! Яхши амалларини қабул қилиб, ёмон амалларини афв этгин! Эй оламларнинг Роббиси Аллоҳ! Агар яхши амаллари бўлса, уларни кўпайтиргин, агар ёмон амаллари бўлса, уларни ўчиргин! Азобсиз, ҳисобсиз жаннатингга киргизгин! Аллоҳим! Ёлғиз ётган қабрида Ўзинг ҳамроҳ бўлгин, ғарибларга раҳм қилгин! Аллоҳим! Уни яхши манзил(макон) ларга туширгин, Сен яхши манзилларга туширувчисан! Аллоҳим! Сиддиқларинг, шаҳидларинг, солиҳларингни туширган манзилларингга туширгин, улар билан рафиқ бўлиш қандай яхши! Аллоҳим! Қабрини жаннат боғчаларидан қилгин, дўзах чуқурларидан қилмагин! Аллоҳим! Кирган қабрини кўз нури етадиган ергача кенгайтиргин, остига жаннат кўрпаларидан тўшаб қўйгин! Аллоҳим! Эй Ҳаннону Маннон, эй мағфиратли Зот! Марҳумимизга мағфиратингни, раҳматингни ёғдиргин, уни кечиргин! Аллоҳим! Ундан ёмонликларни кўтаргин!
Аллоҳим! Ҳидоятланганлар қаторида уни кечиргин! Қабрини кенг, нурли қилгин! Қабр фитналаридан, азобларидан, жаҳаннам азобидан қутқаргин! Сен вафо ва ҳақ соҳибисан! Уни кечириб, унга раҳм қил! Сен шубҳасиз, Ғофуурур Роҳиймсан! Бу вафот этган Сенинг банданг, бандангнинг ўғли, бандангнинг қизидир. Унинг руҳи дунёдан кетди, оиласидан, маҳбубларидан айрилиб, қоронғи қабрга кирди. Дунёда Сени якка Маъбуд деб, қулинг, Расулинг Муҳаммад алайҳиссаломни тасдиқ қилганини Сен яхши биласан, Аллоҳим! Қабрнинг торлигидан жаннатингга олиб ўтгин, Аллоҳим! Бу бандангга ер остида ҳам, (қиёматда) ер устига чиққанида ҳам, Сенга рўбарў бўлганида ҳам раҳм қилгин. Уни маҳзун қилмагин! Аллоҳим! Номаи аъмолини ўнг томонидан бергин, ҳисобини енгил қилгин, тарозида яхши амалларини оғир қилгин, қадамларини сирот устида собит қилгин, жаннатни муқим қароргоҳ қилиб бергин, Расулинг, Ҳабибинг ёнида тирилтиргин! Аллоҳим! Ўнг томонини, чап томонини, олдию юқорисини нурли қилгин! Аллоҳим! Жаннатларингда уйлар бино қил! Эй Раҳмон! Унинг гуноҳларини кечиргин! Аллоҳим! Тақводор бандаларинг билан тирилтиргин, улар билан ҳузурингга боришни насиб қилгин! Аллоҳим! Ўзингга яқин бўлган бандаларинг жамоасида тирилтириб, равҳу райҳон, Наъим жаннатларига кириш хушхабарини бергин! Аллоҳим! Бу бандангни ўнг томон эгалари билан тирилтиргин! Улар билан Сенинг саломингни эшитишни насиб қилгин! Аллоҳим! Бу бандангга шу оят башоратини бергин!
«Енглар, ичинглар (емаган-ичмаган кунларингиз учун), ош бўлсин, қилган амалларингиз эвазигадир» (Тур сураси, 19-оят).
Аллоҳим! Аллоҳим! Шу оятдаги башорат берилганлардан қилгин!
Аллоҳим! Уни жаннати Ҳулуддаги бандаларингдан қилгин! Аллоҳим! Инсонларнинг қадами тойиб, йиқиладиган сирот устида қадамларини собит қилгин! Аллоҳим! Дунёда ўқиган намозларини, тутган рўзаларини қабул қилгин! Аллоҳим! Неъматларингдан маҳрум қилмагин! Охират фитналаридан сақлагин! Уни ва барча мусулмонларни мағфират қилгин! Аллоҳим! Устига тупроқ тортилганда, қабр усти беркитилганда, яқинларидан батамом ажралганида, ёлғиз, ғариб бўлиб қабрга кирганида, сўроққа тутилганида, ҳисоб учун тирилиб чиққанида Ўзинг бандангга раҳм қилгин! Эй раҳмдилларнинг раҳмдили бўлган Аллоҳим! Дуоларимни ижобат қилгин!
Аллоҳумма солли васаллим ва баарик алайҳ! Роббана аатинаа фид-дуня ҳасанатав ва фил аахироти ҳасанатав ва қинаа аъзаабан наар!
* * *
ЁД ОЛИШ (ҲОФиЗа) ДУОСИ
Кўпчилик инсонлар зеҳнларининг пастлиги, бирор нарсани ёд олишлари қийин кечиши ёки ёд олган нарсаларини тез унутиб қўйишларидан шикоят қиладилар.
Шариатимизда ҳеч бир муаммо ечимсиз қолмаганидек, қуйидаги ҳадиси шариф орқали бу масаланинг муолажаси ҳам тўлиқ баён қилинган.
««(Аллоҳуммарҳамний битаркил маъаасий абадан маа абқойтаний, варҳамний ан атакаллафа маа лаа яънииний, варзуқний ҳуснан назари фиимаа юрзийка ъанний, Аллоҳумма бадииъас самааваати вал арзи зал жалаали вал икрооми вал ъиззатиллатий лаа туроому, асъалука я Аллоҳу я Роҳмаану бижалаалика ва нуури важҳика ан тулзима қолбий ҳифзо китаабика камаа ъалламтаний, варзуқний ан атлуваҳу ъалан наҳвиллазий юрзиика ъанний, Аллоҳумма бадииъас самааваати вал арзи зал жалаали вал икрооми вал ъиззатиллатий лаа туроому, асъалука я Аллоҳу я Роҳмаану бижалаалика ва нуури важҳика ан тунаввиро бикитаабика басорий, ва ан тутлиқо биҳий лисааний, ва ан туфаррижабиҳий ъан қолбий, ва ан ташроҳа биҳий содрий, ва ан туъмила биҳий баданий, ли аннаҳу лаа юъиинуний ъалал ҳаққи ғойрука, ва лаа юътииҳи иллаа анта, ва лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллааҳил ъалийюл ъазийм).»
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қи33линади:
«Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик, бирдан Али келиб:
«Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули! Қуръон менинг кўксимдан чиқиб кетмоқда. Уни (ёдлашга) қодир бўла олмаяпман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абул Ҳасан! Сенга Аллоҳ улар ила манфаат берадиган ва сен ўргатганларга ҳам манфаат берадиган ҳамда ўрганган нарсангни кўксингда собит қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми?» дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! Менга ўргатинг», деди.
«Қачон Жума кечаси бўлганда, агар кечанинг охирги учдан бирида туришга қодир бўлсанг, албатта, у шоҳид бўлинган соатдир. Унда дуо ижобат бўладир. Биродарим Яъқуб ўз ўғилларига «Сизлар учун Роббимдан истиғфор сўрарман», деган. У буни Жума кечасини келишини (кўзлаб) айтган.
Агар қодир бўлмасанг, унинг ўртасида тур. Агар бунга ҳам қодир бўлмасанг, аввалида тур. Тўрт ракъат намоз ўқи. Биринчи ракъатда «Фотиҳа» билан «Яасин» сурасини ўқи. Иккинчи ракъатда «Фотиҳа» билан «Ҳаа мийм» – «Духон» сурасини ўқи. Учинчи ракъатда «Фотиҳа» билан «Алиф. Лаам. Мийм. Танзийлу…» – «Сажда» сурасини ўқи. Тўртинчи ракъатда «Фотиҳа» билан муфассалдаги «Таборак» сурасини ўқи. Қачон ташаҳҳуддан фориғ бўлсанг, Аллоҳга ҳамд айт ва Аллоҳга гўзал сано айт. Менга яхшилаб салавот айт. Бошқа набийларга ҳам. Мўминлар ва мўминалар ҳамда сендан олдин иймон билан ўтган биродарларинг учун истиғфор айт. Ана ўшалардан сўнг:
«Аллоҳим! Мени боқий қолдирган чоғингда маъсиятларни доимо тарк қилиш ила раҳм қилгин. Мени ўзимга бефойда бўлган нарсага уринмаслик ила раҳм қилгин. Мени Сени мендан рози қиладиган яхши назар ила ризқлантиргин. Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Қалбимга Китобингни Ўзинг менга ўргатганингдек ёд олишни лозим қилгин! Уни Сени мендан рози қиладиган тарзда тиловат қилиш ила ризқлантиргин.
Аллоҳим! Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Эй жалол, икром ва мислсиз иззат эгаси! Эй Аллоҳ! Эй Роҳман! Жалолинг ила, юзингнинг нури ила сўрайман! Китобинг ила кўзимни мунаввар қилгин. У билан тилимни равон қилгин. У билан қалбимни очгин. У билан кўксимни кенгайтиргин. У ила баданимга амал қилдиргин. Чунки ҳақда менга Сендан ўзга ёрдам бера олмас. Уни Сендан ўзга бера олмас. Аллоҳдан бошқада куч ҳам, қувват ҳам йўқ», дегин.
Эй Абул Ҳасан! Буни уч ёки беш ёки етти Жума қилгин. Аллоҳнинг изни ила ижобат қилинурсан. Мени ҳақ ила юборган Зот ила қасамки, бу ҳеч бир мўминни четлаб ўтмаган», дедилар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:
«Аллоҳга қасамки, беш ёки етти (Жума) ўтиши билан Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига худди аввалгига ўхшаш мажлисга келди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Авваллари тўрт оят ёки шунинг атрофидагинани ёд олар эдим. Қачон уларни ўқийман десам, ёдимдан чиқиб қолар эди. Бугун эса қирқ ва унинг атрофдагини ёд олмоқдаман. Қачон уларни ўқисам, худди Аллоҳнинг Китоби кўзим олдида тургандек бўлади. Ҳадисни ҳам эшитар эдим. Агар қайтармоқчи бўлсам, ёдимга келмас эди. Бугун ҳадисларни эшитаман, агар уларни айтиб берсам бир ҳарфини ҳам қолдирмайман», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Мўминсан! Каъбанинг Робби ила қасам, эй Абул Ҳасан!» дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло ҳофизаларимизни мустаҳкам, зеҳнимизни ўткир қилсин!
* * *
ҚУРЪОНИ КАРИМ ХАТМИ ДУОЛАРИ
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм!
Буюк Аллоҳ рост сўзлайди.
Аллоҳим! Барча ҳамду сано Сенга хосдир. Барча мулк Сеникидир! Ибодат қилинишга бир Ўзинг ҳақлидирсан. Дуо қилинишга ҳам бир Ўзинг лойиқсан. Аллоҳим! Сенга юзинг улуғлиги ва салтанатинг буюклигига яраша ҳамду сано бўлсин!
Аллоҳим! Бизларни энг афзал Расулинг умматидан қилганингга шукр, энг буюк Китобинг аҳлидан қилганингга шукр. Аллоҳим! Сен берган ва бераётган барча неъматлар: ошкораю махфий, умумию хос неъматларинг учун Ўзингга хамду саноларимиз бўлсин! Неъматларингнинг саноғию, фазлу карамингнинг ниҳояси йўқ. Қанчалар буюклигинг Ўзингдан ўзгага маълум эмас! Зотингнинг ҳақиқатини Ўзингдан ўзга билмайди! Биз Сени таъриф қилишга ожизмиз, Сен ўзинг таърифлагандексан! Аллоҳим! Сени мақташга дунёнинг сўзлари, сени кўришга дунё кўзлари етмайди. Сифатларингни сифатлашга қалблар, тиллар ожиздир. Зотингга етишишга руҳлар муштоқдир. Сен ҳеч кимга ўхшамайсан. Бир Ўзингни севмоқ бутун борлиққа севилмоқдан афзалдир. Сенга чин қул бўлмоқлик оламга подшоҳ бўлишдан олийдир! Аллоҳим! Ҳеч бир зарра илмингдан ташқарида эмас, бирор нарса хукмингдан ўзга бўлмас! Қудратинг қошида ақллар қосир, неъматинг олдида тилларимиз лолдир! Аллоҳим! Бизларни энг гўзал калом – Қуръони Карим тиловатига мушарраф қилганинг учун, уни хатм қилишга муваффақ этганинг учун Ўзингга хамду саноларимиз бўлсин! Аллоҳим! Сарвари олам, Саййидул анам, мавжудотлар султони, Ўзингнинг Ҳабибинг, Расулинг Муҳаммад Мустафога, у зоти бобаракотнинг аҳли байтлари, саҳобалари, тобеъинлари ва уларга эргашган мусулмонларга салоту салом юбор, раҳматинг ва баракотингни зиёда қилгин. Аллоҳим! Бизларга каломингни ўргатган, рисолатингни етказган, ҳақ билан ботилни кўрсатган, яхшию ёмонни танитган, бизларга ўзимиздан ҳам меҳрибон бўлган, суюклигимиз, Расулимиз Муҳаммад Мустафога дуруду салавотларимизни йўллагин. Аллоҳим! Бизларга Қуръонни ўргатган Пайғамбаримизга Қуръондаги ҳарфлар сонича, ҳар бир ҳарф учун минг-мингларча салавот йўллагин!
Роббимиз! Биз ўзимизга ўзимиз зулм қилдик, бизларни ўзинг мағфират қилмасанг, раҳм қилмасанг, зиён кўрганлардан бўламиз!
Сенинг жамолингга яраша ибодат қилишга ожизмиз. Лекин Сен бизларга камолингга лойиқ муомала қилгин! Бизларни амалларимизга қараб эмас, Робблигингга кўра мукофотлагин! Агар гуноҳларимиз дунёни тўлдирса ҳам, раҳмат денгизинг олдида бир ҳасчалик бўлмас. Ибодатларимиз оламни қопласа ҳам, жаҳаннам олдида қатра сувчалик бўлмас.
Аллоҳим! Буйруқларингни бажара олма дик, аммо бўйин товлаб эмас, ожизлигимиздан. Ўзинг ожизларга меҳрибонсан, биздан меҳрингни дариғ тутмагин! Қайтарганларингдан қайта олмадик, аммо қайсарлик билан эмас, кучсизлигимиздан. Сен кучсизларга шафқатлисан, бизларга шафқатли бўлгин! Аллоҳим! Сен Хожамизсан! Биз бандаларингмиз. Қул хожасидан бошқа кимга ҳам гуноҳкор бўларди, қулни хожасидан бошқа ким ҳам кечирарди?!
Аллоҳим! Биз гуноҳ қилмасак, мағфиратинг кўринармиди? Биз гуноҳкорларга раҳм кўрсатмасанг, раҳматинг билинармиди?
Аллоҳим! Гуноҳларимиз сабабли дуоимизни рад қилмагин! Қошингда гуноҳкор бўлсак ҳам, ижобатингдан умидвормиз. Минг йил ибодатингни қилганни қувласанг (шайтонни) ҳикматингдандир. Юз йил осийлик қилганни ёрлақасанг, раҳматингдандир! Бутун инсонларни дўзахга ташласанг, эътироз қилинмас, жумла инсонни жаннатга киритсанг, ҳайрат қилинмас. Истаганингга ғазаб қиласан, истаганингга раҳматингни ёғдирасан! Гуноҳларимизнинг каттаю кичиги, ошкораю махфийси, биз билгану билмаганларимизнинг барчасига тавба қилдик! Тавба қилдик! Тавба қилдик! Тавбамизни қабул этгин! Гуноҳларимизни кечиргин!
Аллоҳим! Ёлғиз Сендан сўраганни яхши кўрасан, Сендан сўрамагандан ғазабланасан, Сенинг ғазабингдан қочиб, муҳаббатингга ошиққанимиздан Сендан сўрамоқдамиз, ўзинг ижобат қил! Аллоҳим! Сен берганни тўсувчи йўқ, Сен тўсганни берувчи йўқ! Қилган ҳукминг қайтарилмас, ҳузурингда бойга бойлиги фойда бермас. Аллоҳим! Мўъжаз Каломингни хатм қилдик! Қўлимиздан келганча ҳарфма-ҳарф ўқиб тугатдик! Остонангга бош уриб келдик! Гуноҳкору қуруқ қўлларимизни даргоҳингга узатиб турибмиз! Ҳузурингда хижолат юзларимизни Ўзингга қаратиб, сўраб турибмиз. Ўзимиз ожизона хатм қилган Каломингни – Қуръони Каримни васила қиламиз, чунки васила қилишга арзигудек бошқа амалимиз йўқ! Ўзинг қабул қилгин! Аллоҳим! Каломингда Ўзинг «Дуо қилинглар, ижобат қиламан», дегансан! Амрингга биноан дуо қиляпмиз! Ваъдангга биноан ижобат қилгин! Аллоҳим! Ўзингдан ўзга дуо қиладиганимиз йўқ! Ўзинг ижобат қилгин!
Аллоҳим! Сен ҳаё ва марҳамат соҳибисан! Бандаларингнинг қўлини қуруқ қайтармагайсан! Аллоҳим! Қуръони Азимни қалбларимизнинг баҳори, юрагимизнинг нури қилгин. Ғамларимизни аритувчи, ташвишларимизни кетказувчи омил қилгин!
Аллоҳим! Қуръони Карим ҳурматидан бизга раҳм қил! Уни бизларга йўлбошчи, нур, ҳидоят, раҳмат ва шифо қилгин! Аллоҳим! Қуръони Каримдан унутганларимизни хотирлат, билмаганларимизни билдиргин! Уни кечаю кундуз тиловат қилишимизни насиб этгин! Уни бизларнинг зараримизга эмас, фойдамизга ҳужжат қил!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Карим ҳалол деган нарсаларни ҳалол билиб, ҳаром деган нарсаларни ҳаром биладиган, унинг муҳкам оятларига амал қилиб, муташобиҳ оятларига иймон келтирадиганлардан қилгин!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Каримнинг ҳарфларини ҳам, ҳукмларини ҳам адо этадиганлардан қилгин, зое қиладиганлардан қилмагин!
Аллоҳим! Бизларга Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфидан ҳаловат, ҳар бир сўзидан шафоат, ҳар бир оятидан саодат, ҳар бир сурасидан офият ва ҳар бир жузидан мукофотлар насиб айлагин!
Аллоҳим! Қуръони Каримни бизлар учун шафоатчи ҳамда фойдамизга ҳужжат қил! Аллоҳим! Бизларни Ўзингнинг аҳлинг ва хосларинг бўлган Қуръон аҳлларидан қилгин! Аллоҳим! Қуръони Каримни қалбларимизга зиё, кўзларимизга нур, дардларимизга даво, гуноҳларимизни ўчирувчи, бизларни дўзахдан қутқарувчи қил!
Аллоҳим! Бизларни Қуръони Карим воситасида бахтсизликдан бахтиёрликка, дўзахдан жаннатга, ғазабингдан розилигингга, ҳожатмандликдан беҳожатликка, бидъатдан суннатга, хорликдан азизликка, барча ёмонликлардан ҳамма яхшиликларга олиб чиққин! Аллоҳим! Қуръони Каримни бизларга дунёда ҳамнафас, қабрда ҳамдам, қиёматда шафоатчи, жаннатда ҳамроҳ, дўзахдан парда ва барча эзгуликларга етакловчи сарбон қилгин!
Аллоҳим! Сенга қанчалар гуноҳ қилдик. Ўзингга ҳамдлар бўлсинки, ҳозир жонимиз танамизда! Жонимизни гуноҳ килаётганимизда олмаганингга шукр! Аллоҳим! Бизларга ўлим фариштасини энг яхши ҳолатимизда, Ўзинг рози бўладиган энг афзал амалимиз устида юборгин! Жонимиз ҳалқумга келмай, гуноҳдан покланиб олишимизга тавфиқ бер!
Аллоҳим! Оёқларимиз совиган, қўлларимиз ҳаракатдан тўхтаган, юрагимиз сўнгги зарбаларини ураётган, кўзларимиз қотаётган, тилимиз тўхтаётган, руҳимиз жисмимизни тарк этаётган вақтда дилу тилларимизга «Лаа илааҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ» калимасини жорий қилгин!
Аллоҳим! Тупроқ остида ёлғиз ётганимизда бизларга раҳм қил! Даҳшатидан гўдакнинг сочлари оқариб кетадиган қиёмат кунида бизларга хотиржамлик ато этгин! Аршнинг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда бизларга соянгдан жой бер!
Меҳрибон Роббимиз! Бизларга бу дунёда мушфиқ йўлбошчимиз, Расулимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларини насиб қил!
Биз гуноҳкор умматмиз, бизларни у зотнинг шафоатларига етказгин! Ҳавзи Кавсардан ичишни насиб қил! Аллоҳим! Дунё ташвишларига ғарқ қилмагин, жаннатни муқим қароргоҳ қилгин! Гуноҳларимиз туфайли устимизга Сендан қўрқмайдиган, бизга раҳм қилмайдиганларни ҳукмрон қилиб қўйма!
Аллоҳим! Қалбларимизни салим, тилларимизни шукрли, зикрли, баданларимизни ибодатингда мустаҳкам, руҳларимизни ўзингга муштоқ қил!
Аллоҳим! Сендан манфаатли илм, солиҳ амал, гўзал хулқ, юксак одоб, ҳалолу мўл ризқ, баракотли умр, солиҳ зурриёт сўраймиз!
Аллоҳим! Орамизда муҳтожлар бор, ҳожатларини раво қил! Бошига ташвиш тушганлар бор, мушкулларини осон қил! Беморларимиз бор, дардларига шифо бер! Фарзандталаблар бор, қўша-қўша солиҳ фарзандлар бергин! Адашганлар бор, ҳидоят қилгин, хавфу хатарга тушганларга хотиржамлик бергин! Аллоҳим! бизларни бир лаҳза ҳам ўз ҳолимизга ташлаб қўймагин! Ўзингдан бегона қилмагин! Мададкоримиз, ҳимоячимиз, ҳидоятчимиз, кўмакчимиз, кўллаб-қувватловчимиз бўлгин! Сенсиз кучу қудратимиз йўқ! Аллоҳим! Дину диёнатимизни ислоҳ қил! Борадиган еримиз бўлган охиратимизни яхши қил.
Бизларга тирикликнинг эзгуликларини кўпайтиргин! Ўлимимизнинг ёмонликларидан қутқаргин. Аллоҳим! Сендан ёлвориб сўраймиз, умримизнинг охири салоҳли, амалларимизнинг сўнггиси энг афзал амал, кунларимизнинг энг хайрлиси Сенга йўлиқадиган кун бўлсин. Аллоҳим! Сендан хайрли тилакни, хайрли дуони, манфаатли илмни, хайрли амални, хайрли ҳаётни, хайрли ўлимни сўраймиз! Қадамларимизни собит қилгин. Тарозиларимизни оғир қилгин! Орзуларимизга етказиб, даражотларимизни кўтаргин! Намозу дуоларимизни қабул қил! Ҳатоларимизни кечиргин! Жаннатингнинг олий мақомларини насиб эт!
Аллоҳим! Амрларинг билан бизларни машғул қилгин, адолатингда хотиржамлик, Ўзингдан ўзгадан умид қилмайдиган, ёлғиз Ўзингга суянадиган, Сен билан бўладиган, Сендан бошқадан қочадиганлардан қилгин! Бизни қазоларингга рози, мусибатларингга сабрли, неъматларингга шукрли, зикрингдан лаззат оладиган, ўлимга доим тайёр турадиган бандаларингдан қилгин. Аллоҳим! Бизларга дийдоринг шавқини, муборак юзингга термилиш лаззатини бергин!
Аллоҳим! Ноҳақ тўкилаётган қонлардан, бева қолаётган аёллардан, етим бўлаётган гўдакларнинг аҳволидан сенга шикоятлар қиламиз! Уларга раҳм қилгин! Мусулмон ўлкаларга тинчлик-хотиржамлик, офиятингни сўраймиз! Мусулмонларнинг гуноҳу хатоларини мағфират қил! Солиҳ амалларига баракотлар, зафарлар бергин! Уларнинг қалбларини бирлаштиргин! Ораларидаги ихтилофларини ечгин! Бир-бирлари билан биродар бўлиб яшашларини насиб қил! Ақлу ҳиссиётларига Сенинг динингни ҳакам қилиб олишларини насиб қил! Уларга ҳақни кўрсатиб, унга эргашишларини насиб эт! Ботилнинг ботиллигини, ундан эҳтиёт бўлишларини насиб этгин! Аллоҳим! Мусулмон эркакларни ўзинг ислоҳ қил! Оилаларига гўзал раҳбар бўлишсин! Уларга ҳиммат, ҳамият, ғайрату қатъият бергин!
Аллоҳим! Муслима аёлларни ўзинг ислоҳ қилгин! Уларга шарм-ҳаё, иффату латофат бер! Уларни ғайримусулмонларга тақлид қилишдан, фаҳшу фужурдан сақлагин! Ўзингга ибодатли, эрларига итоатли, фарзандларига мураббия бўлишларини насиб қилгин!
Аллоҳим! Мусулмон бошлиқларни, раҳбар пешволарни, имому уламоларни ислоҳ қилгин! Уларни бизга меҳрибон, бизларни уларга итоатли айлагин! Уларни Ўзинг рози бўладиган амалларига муваффақ қилгин! Эл-юрт манфаати, дину диёнат равнақи сари ҳидоят қилгин ва уларни молу дунё, мансабу шуҳрат васвасасидан сақлагин!
Аллоҳим! Нафсларимизни тақволи қилиб поклагин! Чунки энг яхши покловчи Ўзингсан! Уларнинг эгаси ҳам, Хожаси ҳам Ўзингсан!
Аллоҳим! Барча мўмину мўминаларни, ўтган ота-она, қавму қариндошларимизни раҳмат қилгин! Гуноҳларини мағфират қилиб, даражотларини кўтаргин! Яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилиб, охиратларини обод айлагин! Каломингни ўқиб, хатм қилар эканмиз, ҳар бир калимасига берадиган ажру мукофотларингдан уларга ҳам насиб қилгин! Биз дуо қиляпмиз, ижобати Сендандир. Қўлларимизни қуруқ қайтармагин!
Аллоҳим! Каломингни ҳарфма-ҳарф ўқиб, хатм қилдик! Ушбу амалимизни васила қилиб сўраймизки, Ҳабибинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига Ўзинг раҳм қилгин! Бутун оламдаги мазлум мусулмонларга нажот бер! Уларни зулмдан адолатга, тафриқадан ҳамжиҳатликка, машаққатдан роҳату фароғатга олиб чиқ! Сен ҳар нарсага қодирсан! Мусулмонларни Ўзинг ислоҳ қил! Аллоҳим! Бизларга Қуръоннинг ҳар бир ҳарфини лаззати билан, ҳар бир жузининг мукофотини бергин! Аллоҳим! Бизни «Алиф» учун улфат, «Ба» учун баракот, «Та» учун тавба, «Са» учун савоб, «Жим» учун жамол, «Ҳа» учун ҳикмат, «Хо» учун хайр, «Дал» учун далил, «Зал» учун закийлик, «Ро» учун раҳмат, «За» учун закот (поклик), «Син» учун зиё, «То» учун тароват (юмшоқлик), «Зо» учун зафар, «Айн» учун илм, «Ғойн» учун ғино (бойлик), «Фа» учун фалаҳ (нажот), «Қоф» учун қурбат, «Каф» учун каромат, «Лом» учун лутф, «Мим» учун мавъиза (насиҳат), «Нун» учун нур, «Вав» учун васила, «Ҳа» учун ҳадя, «Йа» учун яқийн (қатъий ишонч) билан ризқлантиргин!
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.