Текст книги "Дуо ибодатнинг мағзидир"
Автор книги: Фотима Сулаймон қори қизи
Жанр: Зарубежная эзотерическая и религиозная литература, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 7 страниц)
ҚУРЪОНИ КАРИМДА КЕЛГАН ШИФО ОЯТЛАРИ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ қайси бир дардни нозил қилган бўлса, албатта, унинг шифосини ҳам туширгандир», дедилар».
Имом Бухорий ривоят қилган.
Жисмоний дардларга дори берилса, дори таъсир қилади, беморнинг жисми ундан таъсирланади ва уларнинг ўзаро бир-бири билан боғланишидан хасталик тузалади. Худди шунингдек, руҳий хасталикка учраган шахснинг руҳига дам солувчининг руҳи таъсир қилиб, орада ўзаро боғланиш содир бўлади ва Аллоҳ таолонинг изни ила бемор тузалади.
Ўз-ўзидан «Қандай ҳолатда тибга ва қандай ҳолатда дамга мурожаат қилинади?» деган савол пайдо бўлади. Бу саволнинг жавоби қуйидагича: аввало бемор табибларга кўриниши керак. Агар табиблар дардни аниқлашса, уларга даволатиши лозим. Табиблар «Сиз соғсиз», десалар-у, киши ўзини ёмон ҳис қилаверса, дам солишга ўтиш афзал бўлади.
«Дам солиш» деганда Аллоҳ таолонинг китоби бўлмиш Қуръони Карим оятларини ва Аллоҳ таолонинг исмларини, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган дуоларни ўқиб, паноҳ тилаш кўзда тутилади.
Дам солувчи етук шахс бўлиши муҳимдир. Агар дам солувчи тақводор, Аллоҳ таолога етишган, дуоси қабул бўлиши мужарраб (тажрибада кўрилган) одам бўлса, Аллоҳ таолонинг изни билан солган дами фойдали бўлади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу хасталарга «Фотиҳа» сурасини ўқиб дам солсалар, дарҳол таъсир қилар экан. У кишининг вафотларидан кейин бошқалар бу ишни қилса, аввалги натижа чиқмабди. Шунда сирдан хабардор кишилар: ««Фотиҳа» сураси-ку, ўрнида турибди, аммо уни ўқийдиган Умар қани?» дейишган экан.
Ҳар ким ўзига-ўзи дам солгани афзал. Агар бошқа одамга солдирадиган бўлса, тақводор, дуоси қабул бўлишидан умид қилинадиган одамга дам солдириш керак. Зотан, дам солиш ҳам дуонинг бир туридир. Дам солувчи киши «Диндош биродаримга шифо сўраб дуо қилмоқдаман», деган ниятда, дам солдирувчи эса «Дин қардошим менга шифо сўраб дуо қилмоқда, Аллоҳ таоло, Ўзинг қабул айлагин», деган ниятда бўлишлари керак. Дам солишни касб қилиб олиш мумкин эмас.
Ушбу ҳақиқатларни барчамиз яхши англаб етишимиз лозим. Бу борада шариатда кўрсатилган нарсаларга амал қилиб, қолганларидан четланишимиз керак. Ана ўшанда ишларимиз шариат буюрганидек бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни турли руҳий ва жисмоний хасталиклардан, ҳалокатга элтувчи иллатлардан соғ-саломат, тинч-омон қилсин! Фолбин, азайимхон ва бошқа ношаръий иш қиладиганларнинг хизматидан фойдаланишдан, уларнинг алдовига учишдан асрасин!
Аллоҳ таолонинг Китобидан ўқиб, ўзига-ўзи дам солишдан ёки бирор тақводор, шу ишнинг маромини олган кишига дам солдиришдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўқиган дуоларини ўқиш ёки ўқитишдан ҳам кучлироқ руҳий таъсир бўлиши мумкинми?
Шунинг учун ҳам дам солиш бор, лекин фақат шариат кўрсатган доирада, ҳажмда ва услубда бўлиши керак, деймиз. Уламоларимиз дам солиш ҳақлигига қуйидаги ояти каримани далил қилиб келтирадилар:
«Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас» (Исро сураси, 82-оят).
Уламоларимиз ушбу ояти каримада келган «шифо» сўзи ўзида ҳам маънавий, ҳам моддий шифони мужассам қилишини таъкидлайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дам солишда энг яхши нарса нима эканлигини қуйидаги ҳадисда баёнини бердилар.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Давонинг яхшиси Қуръондир», деганлар».
Ибн Можа ривоят қилган.
«ФОТИҲА СУРАСИ»
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
«Алҳамду лиллааҳи Роббил ааъламийн. АрРоҳмаанир-Роҳийм. Маалики явмиддийн. Ийяака наъбуду ва ийяака настаъийн. Иҳдинассироотол мустақийм. Сироотол лазиина анъамта алайҳим ғойрил мағзууби, алайҳим валаз-зоооллийн»
Маъноси: «Роҳман ва Роҳийм Аллоҳнинг исми ила (бошлайман). Ҳамд оламларнинг Робби – Аллоҳгадир. У Роҳман ва Роҳиймдир. Жазо-мукофот кунининг эгасидир. Фақат Сенгагина ибодат қиламиз ва фақат Сендангина ёрдам сўраймиз. Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин. Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига: ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас».
«ОЯТУЛ КУРСИЙ»
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Эй Абу Мунзир, сен ёд билган Аллоҳнинг Китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчироқдир», дедим.
«Эй Абу Мунзир, сен ёд билган Аллоҳнинг китобидаги энг улуғ оят қайси эканини биласанми?» дедилар.
«Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳуу ал-Ҳайюл Қоййум», дедим.
Шунда у зот кўксимга уриб:
«Аллоҳга қасамки, сенга илм муборак бўлсин, эй Абу Мунзир!», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Имом Насаий Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Ким ҳар фарз намоздан кейин «Оятул Курсий»ни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлим тўсиб туради, холос», деганлар.
Яъни бу «Жаннатга ўлмагани учунгина кирмай туради, агар вафот этса, уни жаннатдан тўсадиган ҳеч нарса қолмайди», деганидир.
«Оятул Курсий»нинг фазли ҳақида келган баъзи ривоятларда яна қуйидаги маънолар бор:
1. Уйидан чиқаётганда «Оятул Курсий»ни ўқиган одам қайтиб келгунча Аллоҳ таолонинг ҳимоясида бўлади.
2. Ҳовлисида «Оятул Курсий»ни ўқиган одамникига ўттиз кунгача шайтонлар, қирқ кунгача сеҳргарлар кирмайди.
3. Уйқуга ётганда «Оятул Курсий»ни ўқиган одамнинг ўзини ҳам, қўшнисини ҳам, қўшнисининг қўшнисини ҳам Аллоҳ таоло омонда сақлайди.
«Аллоҳу лаа илааҳа иллаа ҳувал Ҳайюл Қойюм. Лаа таъҳузуҳуу синатув ва лаа навввм. Лаҳуу маа фиссамааваати ва маа фил арз. Ман заллазии яшфаъу ъиндаҳуу иллаа би изниҳ. Яъламу маа байна айдииҳим ва маа холфаҳум. Ва лаа йуҳиитууна бишай-им мин ъилмиҳии иллаа бимаа шааа-а. Васиъа курсийюҳус самааваати вал арз. Ва лаа яуудуҳуу ҳифзуҳумаа ва ҳувал ъалийюл ъазийм».
Маъноси: «Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас. Осмонлару ердаги нарсалар Уникидир. Унинг ҳузурида Ўзининг изнисиз ҳеч ким шафоат қила олмас. У Зот уларнинг олдиларидаги нарсани ҳам, ортларидаги нарсани ҳам билур. Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар, Ўзи хоҳлагани мустасно. Курсиси осмонлару ерни қамраган. Уларнинг муҳофазаси Унга оғир келмас. Ва У Олийдир, Буюкдир» (Бақара сураси, 255-оят).
Қуйидаги олтита шифо оятлари ҳам кетма-кет ўқилиб, дам солинади:
1. Тавба сураси, 14-оят.
«Ва йашфи судууро қовмим муъминийн».
«Ва мўмин қавмларнинг кўксиларига шифо берадир».
2. Юнус сураси, 57-оят.
«Йаа аййюҳаннаасу, қод жааъаткум мавъизатум мир-Роббикум ва шифааул лимаа фис-судуури, ва ҳудав ва роҳматул лилмуъминийн».
«Эй одамлар! Батаҳқиқ, сизга Роббингиздан мавъиза, кўкслардаги нарсага шифо, мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди».
Эй одамлар! Қуръонни ёлғон деманг! Қуръонни Фалончи тўқиган, деманг! Унинг тўғрисида шубҳа қилманг.
«…сизга Роббингиздан мавъиза» келди.
У сизларга икки дунё бахтига эришишингиз учун керакли мавъизалар, панд-насиҳат ва кўрсатмалар йўллади.
Бу Қуръон оддий китоб эмас, у Роббингизнинг ҳузуридан
«…кўкслардаги нарсага шифо…» бўлиб келгандир.
У қалбингиздаги руҳий, маънавий дардларингизнинг барчасига шифо бўлиб келди. Шуларнинг қаторида сизнинг ичингиздаги
«…мўминларга ҳидоят ва раҳмат келди».
Ким Қуръонга иймон келтириб, мусулмон бўлса, у ўша одамни ҳидоятга бошлайди, Аллоҳнинг раҳматига эриштиради.
3. Наҳл сураси, 69-оят.
Йахружу мин бутууниҳаа шаробум мухталифун алваануҳуу фииҳи шифааул линнааси. Иннаа фии заалика ла-аайатал лиқовмий йатафаккарун.
«Қоринларидан турли рангдаги ичимлик чиқар. Унда одамлар учун шифо бордир. Албатта, бунда тафаккур қилувчилар учун оят (белги) бордир».
Асалариларнинг ҳаёт тарзи, уларнинг уй қуришлари, бориб мева ва гулларни еб келиб, асал қилишлари ва ўша асал одамлар учун шифо бўлиши каби ҳодисаларда катта мўъжизалар бор.
4. Исро сураси, 82-оят.
«Ва нуназзилу минал Қуръаани маа ҳува шифааув ва роҳматул лил муъминийн».
Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим шифодир, Қуръони Карим раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақийдавий хасталикларни даволайди.
Қуръони Карим қалблардаги турли иллатларнинг – ҳиқду ҳасад, бахиллик, манманлик, мутакаббирлик ва бошқа касалликларнинг шифосидир.
Қуръони Карим турли ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий, муомалавий, сиёсий ва бошқа касалликларга шифо бўлади.
Турли дардларга даво бўлувчи бу шифони борлиққа нозил қилган Зот борлиқни Ўзи яратган ва унга қандай шифо кераклигини ҳам яхши билади. Бу дунё турли моддий ва маънавий касалликларга тўлиб-тошган касалхона бўлса, ўша касалхонанинг бош табиби Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бу ҳаммабоп давони Аллоҳ таолонинг Ўзи нозил қилгандир.
5. Шуаро сураси, 80-оят.
«Ва изаа маризту фаҳува йашфийн».
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи».
Иброҳим алайҳиссалом бемор бўлишни ўзларига, шифо беришни Аллоҳ таолога нисбат бердилар. Зотан, банданинг беморлиги ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади.
6. Фуссилат сураси, 44-оят.
«Қул ҳува лиллазийна аамануу ҳудав ва шифаа».
«Айт: «У иймон келтирганлар учун ҳидоят ва шифодир».
Қуръони Карим мўминлар учун ҳидоятдир. Қуръон мўминларни саодатли ҳидоят йўлига бошлайди. Унинг ҳидоятидан баҳраманд бўлиш учун унга иймон келтириш керак.
«ИХЛОС СУРАСИ»
Муъоз ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо, у отасидан ривоят қилинади:
«Биз ёмғир ва зулматда қолдик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бизга намоз ўқиб беришларига интизор бўлдик. Бас, у зот чиқдилар ва:
«Айт» дедилар.
«Нимани айтаман?» дедим.
«Қул ҳуваллоҳу аҳад» ва муъаввизатайнни кеч киритганингда ҳам, тонг оттирганингда ҳам уч марта айт. Сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади», дедилар».
Насаий ривоят қилганлар.
«Ихлос» сурасини алоҳида қироат қилиш нинг фазли ҳақида ҳам кўплаб ривоятлар келган.
Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилишга, фақат Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундаганидир.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:
««Ихлос» сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлар.
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Қул ҳуваллооҳу аҳад. Аллооҳус сомад. Лам йалид, ва лам йуулад. Ва лам якун лаҳу куфуван аҳад.
1. Айт: «У – Аллоҳ ягонадир.
2. Аллоҳ Сомаддир.
3. У туғмаган ва туғилмаган.
4. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».
«МУЪАВВИЗАТАЙН»
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, муъаввизатайнни ўқиб, ўзларига дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим».
Учовлари ривоят қилганлар.
«Муъаввазатайни» – «аъузу» айтилган икки сура, яъни «Фалақ» ва «Ан-Наас» сураларидир.
Биз ҳам ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб, бетоб бўлганимизда муъаввизатайнни ўқиб, дам солишга одатланишимиз лозим. Шунингдек, яқинларимиз бетоб бўлганларида ушбу икки муборак сураларни қироат қилиб, баракаси умидида қўлларимизни беморларимизга суртишга одатланишимиз керак.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бу кеча менга нозил бўлган, уларга ўхшаши ҳеч кўрилмаган оятларни билсанми? «Қул аъузу бироббил фалақ» ва «Қул аъузу бироббиннаас», дедилар».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Бу ҳадиси шариф «Фалақ» ва «Наас» сураларининг фазли қанчалар улуғ эканини яққол кўрсатиб турибди.
«Муъаввизот»да, яъни «Қул аъузу» билан бошланган икки сурада Аллоҳ таолодан паноҳ сўрашнинг олий нуқтаси мужассам бўлган.
Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар:
«Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннас» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётар эдилар».
«Фалақ» ва «Наас» суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб, «Муъаввизатайни» – «икки паноҳ тиловчи» деб номланади, чунки уларнинг иккиси ҳам «аъузу» – «паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки муъаввизатайни биргаликда зикр қилинган.
Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, муъаввизатайнни ўқиб, дам солар эдилар. У зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.
«ФАЛАҚ СУРАСИ»
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Қул аъуузу бироббил фалақ. Мин шарри маа холақ. Ва мин шарри ғоосиқин изаа вақоб. Ва мин шаррин наффаасаати фил уқод. Ва мин шарри ҳаасидин изаа ҳасад.
1. Айт: «Тонг Роббидан паноҳ сўрайман.
2. У яратган нарсалар ёмонлигидан…
3. ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан…
4. ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан…
5. ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
«НААС СУРАСИ»
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
Қул аъуузу бироббин наас. Маликин наас. Илааҳин наас. Мин шаррил васваасил хоннаас. Аллазии йувасвису фии судуурин наас. Минал жиннати ван наас.
1. Айт: «Одамлар Роббидан паноҳ сўрайман…
2. одамлар Подшоҳидан…
3. одамлар Илоҳидан…
4. беркиниб, кўриниб турувчи васвасачининг…
5. одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг…
6. жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
Қуръони Карим мўминлар учун шифодир. Уларнинг барча дардларига шифо бўлади. Қуръон одамларнинг қалбларидаги касалларига, турли ижтимоий, иқтисодий, ахлоқий, маънавий касалларга шифодир. Унинг шифобахшлигидан баҳраманд бўлмоқ учун унга иймон келтирган бўлиш керак.
* * *
СУННАТИ НАБАВИЙЯДА КЕЛГАН ШИФО ДУОЛАРИ
Мўмин-мусулмон киши шариатимиз ман қилган дам солиш орқали ўзига шифо ахтариши мутлақо тўғри эмас. Ҳадисларда қандай дам солиш лозимлиги ҳақида саҳиҳ маълумотлар турганда, тумор ва иссиқ-совуққа ўхшаш ношаръий ишларга яқинлашиш оғир гуноҳ иш ҳисобланади. Қуйидаги дам солишлар ҳадисларда келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг машҳур дам солишларидир.
1. «Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка, мин шарри кулли нафсин ав айни ҳаасидин. Аллоҳу яшфийка, бисмиллаҳи арқийка».
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Жаброил Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Бемор бўлдингми?» деди.
«Ҳа», дедилар у зот. Шунда у:
«Бисмиллаҳи арқийка, мин кулли шайъин юъзийка, мин шарри кулли нафсин ав айни ҳаасидин. Аллоҳу яшфийка, бисмиллаҳи арқийка», деди».
Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.
Маъноси: «Сенга озор берадиган ҳар бир нарсадан, ҳар бир нафс ёки кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман. Аллоҳ сенга шифо берсин. Аллоҳнинг номи ила сенга дам солурман».
2. «Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли дааин яшфийка. Ва мин кулли шарри ҳаасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин».
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Қачон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бетоб бўлиб қолсалар, у зотга Жаброил дам солар эди:
«Бисмиллаҳи юбрийка. Ва мин кулли дааин яшфийка. Ва мин кулли шарри ҳаасидин иза ҳасад ва шарри кулли зи айнин», дер эди».
Муслим ривоят қилган.
Маъноси: «Сени тузатадиган ва ҳар бир дардингга шифо берадиган Аллоҳнинг номи ила, ҳар бир ҳасадчининг ҳасад қилган пайтидаги ҳасаднинг ёмонлигидан ва ҳар бир кўзи борнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)».
3. «Бисмиллааҳил кабир. Аъуузу биллааҳил ъазийми, мин шарри кулли ирқиннаъарин ва мин шарри ҳаррин-наари».
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иситма ва барча оғриқлар учун:
«Бисмиллаҳил кабири, аъузу биллаҳил ъазийми, мин шарри кулли ирқин наъарин ва мин шарри ҳаррин-наари»ни ўқишни ўргатар эдилар».
Термизий ривоят қилган.
Маъноси: «Азийм Аллоҳдан ҳар бир наъра солувчи томирнинг ёмонлигидан ва оловнинг иссиғи ёмонлигидан паноҳ тилайман».
4. «Асъалуллооҳал ъазийм. Роббал аршил ъазийм ан яшфийка».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким бир касални кўргани борса-ю, унинг ажали етмаган бўлса, етти марта:
«Асъалуллоҳал ъазийм. Роббал аршил ъазийм ан яшфияка», деса, Аллоҳ ўша беморга мазкур касалдан офият беради», дедилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.
Маъноси: «Буюк Аршнинг Робби улуғ Аллоҳдан сенга шифо беришини тилайман».
5. «Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳазиру».
Усмон ибн Абул Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Исломга кирганидан буён жасадида пайдо бўлган оғриқдан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Қўлингни жасадингдаги оғриган жойга қўй ва уч марта «Бисмиллаҳ», етти марта «Аъузу биллаҳи ва қудратиҳи мин шарри маа ажиду ва уҳазиру», дегин», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.
Абу Довуд ва Термизийнинг лафзида:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. Мендаги оғриқ мени ҳалок қилишига сал қолган эди. Бас, у зот:
«Ўша ерни ўнг қўлинг билан силагин ва етти марта «Аъузу би иззатиллаҳи ва қудратиҳи мин шарри ма ажиду», дегин», дедилар.
Бас, шундай қилган эдим, Аллоҳ мендаги бор нарсани кетказди. Шундан буён аҳлимга ва улардан бошқаларга ҳам шуни буюраман» дейилган.
Маъноси: «Аллоҳнинг исми билан. Бошимга тушган бу оғриқларнинг зарар ва ёмонлигидан Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан паноҳ тилайман» (Бемор ўнг қўлини оғриётган жойига қўйиб, шу дуони ўқиб, етти марта дам солади).
* * *
БЕМОРНИ КЎРИШ УЧУН БОРГАНДА ЎҚИЛАДИГАН ДУО
Али: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Бир мусулмон бемор мусулмонни эрталаб бориб кўрса, албатта, унга кечгача етмиш минг фаришта салавот айтади. Агар беморни кечқурун бориб кўрса, албатта, унга етмиш минг фаришта эрталабгача салавот айтади. Ҳамда унга жаннатда бир боғ бўлади», деганларини эшитганман», деди».
Термизий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.
Демак, бир беморни кўргани борган киши уни кўриб келгунича яхшилик ичида бўлар экан. Бундан беморни кўриш учун кетган вақт саодатли вақт эканлиги келиб чиқади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аҳлларидан баъзиларга паноҳ тилаганларида ўнг қўллари ила силаб:
«Аллоҳумма! Роббан-нааси! Азҳибил баъса. Ишфи. Анташ-шаафии. Лаа шифаъа иллаа шифааука. Шифаан лаа юғодиру сақоман», дер эдилар».
Икки шайх ривоят қилганлар.
Ҳар бир дам солувчининг беморни ўнг қўли билан силаб туриб дам солиши шундан олинган. Тўғрироғи, дуони ўқиб, ўнг кафтга дам солиб, сўнг ўша ўнг кафт билан беморни силаш керак.
Маъноси: «Аллоҳим! Одамларнинг Робби! Шиддатни кетказ! Шифо бер. Шифо берувчи Сенсан. Шифоингдан бошқа шифо йўқ. Ҳеч дардни қўймайдиган шифо бер!»
* * *
ҚУРЪОНИ КАРИМДА КЕЛГАН БАРЧА ДУОЛАР
«Фотиҳа сураси»
«Бизни тўғри йўлга ҳидоят қилгин»
«Ўзинг неъмат берганларнинг йўлига: ғазабга қолганларникига ҳам эмас, адашганларникига ҳам эмас».
* * *
«Бақара сураси»
«Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сен Ўзинг ўта эшитувчисан ва ўта билувчисан».
«Роббимиз, иккимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сен Ўзинг тавбани кўплаб қабул қилувчисан, ўта раҳмлисан».
«Роббимиз, уларнинг ичига ўзларидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Расул юбор. Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисин, ўта ҳикматлисан».
«Роббимиз, бизга дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик бергин ва бизни олов азобидан сақлагин».
«Роббимиз, устимиздан сабр тўккин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин».
«Роббимиз, мағфиратингни сўраймиз ва сўнгги қайтиш Ўзинггадир».
«Роббимиз, агар унутсак ёки хато қилсак, (иқобга) тутмагин. Роббимиз, биздан олдингиларга юклаганинг каби оғирликни бизга юкламагин. Роббимиз, бизга қудратимиз етмайдиган нарсани юкламагин. Бизни афв эт, мағфират қил ва бизга раҳм айла. Сен Хожамизсан. Бас, кофир қавмлар устидан бизга нусрат бер».
* * *
«Оли Имрон сураси»
«Роббимиз, бизни ҳидоят қилганингдан сўнг қалбларимизни оғдирмагин ва бизга Ўз ҳузурингдан раҳмат ҳадя этгин. Албатта, Сен Ўзинг кўплаб ҳадя этувчисан. Роббимиз, албатта, Сен одамларни ҳақида ҳеч шубҳа йўқ Кунда йиғувчисан. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас».
«Роббимиз, албатта, биз иймон келтирдик, бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилгин ва олов азобидан сақлагин».
«Аллоҳим! Барча подшоҳликнинг эгаси! Хоҳлаган кишингга подшоҳлик берурсан ва хоҳлаган кишингдан подшоҳликни тортиб олурсан, хоҳлаган кишингни азиз қилурсан, хоҳлаган кишингни хор қилурсан.
Барча яхшилик Сенинг қўлингда. Албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан».
«Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта, Сен дуони эшитувчисан».
«Роббимиз! Сен нозил қилган нарсага иймон келтирдик ва расулга эргашдик. Бас, бизни гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин».
«Роббимиз! Гуноҳларимиз ва ишимизда ҳаддан ошганимизни мағфират қилгин, қадамларимизни собит қилгин ва кофир қавмлар устидан бизга нусрат бергин».
«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин.
Роббимиз, албатта, Сен кимни оловга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқ.
Роббимиз, биз «Роббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаётган нидо қилувчини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизни мағфират қилгин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда аброрлар билан бирга ўлдиргин.
Роббимиз, бизга расулларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан».
***
«Нисо сураси»
«Роббимиз, бизни ушбу аҳолиси золим шаҳардан чиқаргин, бизга Ўз томонингдан валий ато қилгин ва Ўз томонингдан ёрдамчи бергин».
***
«Аъроф сураси»
«Роббимиз, ўзимизга зулм қилдик. Агар бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳм қилмасанг, албатта, зиён кўрувчилардан бўламиз».
«Роббимиз, бизни золим қавмлар билан бирга қилмагин».
«Роббимиз ҳамма нарсани Ўз илми ила қамраб олгандир. Аллоҳгагина таваккул қилдик. Роббимиз! Биз билан қавмимиз ўртасини ҳақ ила очгин. Сен очувчиларнинг яхшисидирсан».
«Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин».
«Роббим, мени ва акамни мағфират қилгин ва бизларни Ўз раҳматингга киритгин. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан».
«Роббим, агар хоҳласанг, уларни ҳам, мени ҳам бундан олдин ҳалок қилган бўлардинг. Эси пастларимиз қилган иш туфайли бизни ҳалок қиласанми? Бу Сенинг синовингдан бошқа нарса эмас. У ила кимни хоҳласанг, адаштирасан ва кимни хоҳласанг, ҳидоятга соласан. Сен валийимизсан, бас, бизни мағфират қил ва бизга раҳм эт. Сен мағфират қилувчиларнинг энг яхшисисан».
* * *
«Юнус сураси»
«Роббимиз, бизни золим қавмларга фитна қилиб қўйма.
Ва Ўз раҳматинг ила бизга кофир қавмлардан нажот бергин».
* * *
«Ҳуд сураси»
«Роббим, мен ўзимнинг илмим бўлмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тиларман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўрувчилардан бўлурман».
* * *
«Юсуф сураси»
«Эй осмонлару ерни йўқдан бор қилган Зот! Сен дунёю охиратда менинг валийимсан. Мени мусулмон ҳолимда вафот эттиргин ва солиҳларга қўшгин».
* * *
«Иброҳим сураси»
«Роббимиз! Албатта, Сен махфий тутган нарсамизни ҳам, ошкор қилган нарсамизни ҳам яхши билурсан. Албатта, Аллоҳ Унга на ерда ва на осмонда бирор нарса махфий қолмайдиган Зотдир».
«Роббим, мени ва зурриётларимни намозни тўкис адо этадиганлардан қилгин. Роббимиз, дуони қабул этгин».
«Роббимиз, ҳисоб қилинадиган Кунда мени, ота-онамни ва мўминларни мағфират айлагин».
* * *
«Исро сураси»
«Роббим, алар мени кичикликда тарбия қилганларидек, уларга раҳм қилгин».
«Роббим, мени кирадиган жойимга содиқлик ила киритиб, чиқадиган жойимга содиқлик билан чиқаргин ва менга Ўз ҳузурингдан ёрдам берувчи қувват ато эт».
* * *
«Каҳф сураси»
«Роббимиз, бизга ҳузурингдан раҳмат бергин ва ишимизни тўғрилагин».
* * *
«Марям сураси»
«Роббим, менинг суякларим мўртлашди, бошга оқ туташди, Роббим, Сенга дуо қилиш-ла бахтсиз бўлмаганман».
«Бас, менга Ўз даргоҳингдан бир валий ҳадя эт».
* * *
«Тоҳа сураси»
«Роббим, менинг кўксимни кенг қил. Менинг ишимни осон қил. Тилимдаги тугунни ечгин. Сўзимни англасинлар».
«Роббим, илмимни зиёда қилгин».
* * *
«Анбиё сураси»
«Мени зарар тутди. Сен раҳмлиларнинг раҳмлисисан!».
«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Ўзинг поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим».
«Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан».
* * *
«Муъминун сураси»
«Роббим, мени муборак манзилга туширгин, Сен манзилга туширувчиларнинг энг яхшисисан».
«Роббим, Сендан шайтонларнинг васвасасидан паноҳ сўрайман!
Роббим, Сендан уларнинг менга ҳозир бўлишларидан паноҳ сўрайман».
«Роббимиз, биз иймон келтирдик. Бизни мағфират қилгин. Бизга раҳм қилгин. Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисисан».
«Роббим, мағфират қил, раҳм қил. Сен раҳм қилувчиларнинг яхшисисан».
* * *
«Фурқон сураси»
«Роббимиз, Ўзинг биздан жаҳаннам азобини бургин, албатта, жаҳаннам азоби доимийдир».
«Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга пешво қил».
* * *
«Шуаро сураси»
«Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин.
Ва менга кейин келувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин.
Ва мени Наъим жаннати ворисларидан қилгин.
Ва отамни мағфират қилгин. Албатта, у адашувчилардан бўлди.
Ва қайта тирилтириладиган Кунда мени шарманда қилмагин.
У Кунда на мол ва на ўғиллар манфаат бермас.
Ким Аллоҳ ҳузурига саломат қалб ила келса, мустасно».
«Роббим, менга ва аҳлимга уларнинг қилаётган амалларидан нажот бергин!»
* * *
«Намл сураси»
«Роббим, мени Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр этишимга ва Сен рози бўладиган солиҳ амаллар қилишимга муваффақ этгин. Ўз раҳматинг ила мени солиҳ бандаларинг сафига киргизгин».
* * *
«Қосос сураси»
«Роббим, албатта, мен ўзимга зулм қилдим. Бас, мени мағфират қил».
* * *
«Анкабут сураси»
«Роббим, менга бузғунчи қавмларга қарши Ўзинг нусрат бер».
* * *
«Ғофир сураси»
«Роббимиз, раҳматинг ва илминг ила ҳар бир нарсани қуршагансан, бас, тавба қилиб, йўлингга эргашганларни мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан сақлагин.
Роббимиз, уларни ҳам, оталаридан, жуфтларидан ва зурриётларидан аҳли солиҳ бўлганларини ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган адн жаннатларига киритгин. Албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисан, ўта ҳикматлисан.
Ва уларни ёмонликлардан сақла, ўша Куни кимни ёмонликлардан сақласанг, батаҳқиқ, унга раҳм қилибсан. Ана ўша буюк ютуқдир».
* * *
«Духон сураси»
«Роббимиз! Биздан азобни кушойиш қил! Албатта, биз иймон келтирувчидирмиз».
* * *
«Аҳқоф сураси»
«Роббим, Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва Сен рози бўлган солиҳ амал қилишимга муваффақ этгин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен Сенга тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман».
* * *
«Ҳашр сураси»
«Роббимиз, бизни ва биздан аввал иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қилгин, иймон келтирганларга нисбатан қалбимизда ғашлик қилмагин. Роббимиз, албатта, Сен ўта шафқатлисан, ўта раҳмлисан».
* * *
«Мумтаҳана сураси»
«Роббимиз, Сенгагина таваккул қилдик, Сенгагина тавбалар қилдик ва қайтиб бориш фақат Сенгадир.
Роббимиз, бизни кофирлар учун фитна қилиб қўймагин ва бизни мағфират қил. Роббимиз, албатта, Сен Ўзинг ўта иззатлисан, ўта ҳикматлисан».
* * *
«Таҳрим сураси»
«Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни мағфират қил, албатта, Сен ҳар бир нарсага ўта қодирсан».
«Роббим, менга Ўз ҳузурингда – жаннатда бир уй бино қилгин. Менга Фиръавндан ва унинг ишидан нажот бергин ва менга золим қавмдан нажот бергин».
* * *
«Нуҳ сураси»
«Роббим, ер юзида кофирлардан бирорта қимир этганини қўймагин.
Албатта, Сен уларни қўйиб қўйсанг, бандаларингни адаштирадилар ва фожиру кофирдан бошқани туғмаслар.
Роббим, мени мағфират қилгин, менинг ота-онамни ҳам ва уйимга мўмин бўлиб кирганларни ва мўминлару мўминаларни ҳам. Ва золимларга ҳалокатдан ўзга нарсани зиёда қилма».
* * *
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.