Текст книги "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
МИРТОЖИБОЙНИНГ ЮРАГИ ЮМШАДИМИ?
Миртожибой бугун хурсанд. Ўғли Нуртожи кеча Германиядан даволанишдан қайтиб келди. Миртожи ўғлининг Қирғизистондаги табибда даволанишлари наф бермагач, чет элга юборишга қарор қилганди. Энди уни нисбатан соғлом дейиш мумкин. Олмон шифокорлари: “Агар бундан буён гиёҳванд модда истеъмол қилмай, буюрилган муолажа ҳамда парҳезга амал қилса, икки-уч йилда кўрмагандай бўлиб кетади”, дейишибди. Миртожибой ўғли билан қучоқлашиб кўришгач, чой устида “темирни иссиғида бос” қабилида дарҳол насиҳатни бошлади.
– Болам, энди ёш эмассан. Ўн етти ёшга қадам қўйдинг, эсингни йиғ. Яхши бир ўқишга киргизай. Диплом ол. Хоҳласанг, давлат хизматига киргизиб, катта лавозимларда ишлатаман. Хоҳласанг, ўзимизнинг фирмаю корхоналарни юргизиб, тадбиркорлик билан шуғуллан. Эсингни йиғ, ўғлим. У заҳри қотилни энди бутунлай унут…
– Унутишга ҳаракат қиляпман, – деди Нуртожи. – Ўзиям… мен билан бирга бошлаган “улфат”ларимдан учтаси… ўлибди.
– Ана кўрдингми, – деди Миртожи кўзидан ёш оқизиб. – Нашавандликнинг охири – ўлим… Мен шунча молу давлатни кимга деб йиққанман, ахир ҳаммаси сеники-ку. Истасанг… Париж, Лондонларда ўқитай… Истаган нарсангни муҳайё қиламан. Фақат бу дору иллатни энди зинҳор-базинҳор яқинингга йўлатма!
– Майли…
Кўп ўтмай, Миртожининг шоҳона ҳовлиси меҳмонга тўлди. Шаҳло куёви ва қайнотаси билан, Қўшоқбой ва хотини ҳамда бошқа ёру дўстлари “кўз ойдин” қилиб келишди. Қўй сўйилиб, дошқозонда шўрва, қўраю тандирда мазали кабоблар, қасқонда манти тайёрланди…
Ҳамма хурсанд. Фақат Лайло хомуш. Отаси шўрлик гоҳ ўғли, гоҳ қизининг юзига қарайди. Айниқса, Лайлога тасалли бергиси келади. Лайло эса ҳарчанд жилмайишга уринмасин, ғамгинлиги сезилиб туради. Меҳмонлардан ҳеч бири Лайлодан: “Куёв қалай?” деб сўрамайди. Умуман бу ҳақда гап очишга ҳеч ким журъат этолмайди. Суҳбатлар авжига чиққан бир пайтда орадан мажҳуллик пардасини Миртожининг ўзи бир гап билан сидириб ташлайди:
– Лайло қизимизнинг куёви сал ноқобилроқ чиқди. Тўй ўтган заҳоти “бизнесим бор” деб Россияга кетиб қолди. “Ҳой бола, қанча бизнес бўлса шу ерда – она юртда қилавермайсанми, ахир “узоқнинг буғдойидан яқиннинг сомони афзал” дейишган-ку десам, қулоқ солмади. Майли, ўзи билади. Бизлар ҳозирча юракни кенг қилиб, чидаб юрибмиз. Бўлса бўлар, бўлмаса… нима ҳам дердик…”
Шу билан Миртожи эрта-индин муқаррар ошкор бўладиган сирни ўзича “соддалаштирди”. Бу меҳмонларга ҳам маъқул тушди. “Маслаҳатга қулоқ солмайдиган бўлса, ўз билганидан қолмаса, думини тугиб юборинг. Сиздай одамнинг қизи ҳеч қачон ерда қолмайди”.
– Ҳа, муҳими, катта обрў билан тўй ўтказдингиз, халққа ош бердингиз, қарзингизни уздингиз, у ёғига пешонада бори бўлади, – деди аёллардан бири.
Зиёфат тарқалгач, Нуртожи кириб дам оладиган бўлди. Миртожи хотинини чиқариб юборди-да, Лайло билан жиддий гаплашди.
– Айт, қизим, ҳалиям ўшандан умидингни узганинг йўқми?
– Узганим йўқ. Боламнинг отаси-ку… – йиғламсиради Лайло.
– Боланг аввал туғилсин, қизим, у ҳеч қачон отасиз қолмайди. Аммо-лекин у… сени асло яхши кўрмаган. У сени… мендан қасос олиш учун… илинтирган.
– Қанақасига? – деди ажабланиб Лайло.
– Мен… ёшлик йилларимда ҳали онангга уйланишимдан анча олдин… бир қиз билан севишгандим. Тақдир тақозоси билан унга уйланолмаганман. Қиз ҳомиладор бўлиб қолган экан. Мен буни кейин билдим… Нозим ўшанинг ўғли бўлиб чиқди.
– Вой шўрим, Нозим менинг акамми?
– Йўқ-йўқ. Унинг опаси бор. Мунис. Яқинда у ҳам турмушга чиқди. Сизларнинг опангиз ўша. Нозим… кейинги эридан туғилган.
– Гап бу ёқда экан-да, ҳаммасига ўзингиз сабабчи экансиз-ку, – деди Лайло ошкора жаҳл билан.
– Ҳа қизим. Шунақа бўлиб чиқди. Мен ўзим ҳам дастлаб… азбаройи жаҳл устида ўша болани қаттиқ жазоламоқчи эдим. Кейин… буни билгач… сен билан гаплашишга қарор қилдим. Сен нима десанг шу. “Яхши кўраман, ўша билан яшайман” десанг, уни кечириб, йўлга солиб, қайтариб олиб келиш чорасини кўрай. Агар “яшамайман” десанг, қайтиб бу масалада умуман гаплашмайлик. Кетган жойида кун кўриб юраверсин. Ҳозир у ўша ёқда ҳам бир бозорчи бойнинг қизига уйланиб, яшаб юрган экан. Сен “қайтариб олиб келинг” десанг, олиб келамиз. Лекин энди у сенга вафо қилармикан?
– Қайтариб олиб келинг, йўқ, яхшиси мени олиб боринг ўша ерга. Бир марта учрашиб, кўзига қарай, кейин нима қилса ихтиёри…
– Майли қизим, сени ўзим олиб бораман. Тайёргарлигингни кўр. Икки-уч кун ичида жўнаймиз. Бор, энди дамингни ол.
Миртожи Лайлони чиқариб юборгач, оромкурсига ястаниб, меҳмонхона шифтидаги қандилга тикилганича, хаёл суриб ўтирди.
“Нега мен бу қадар кўнгилчанман. Ўша падар лаънатини ими-жимида гумдон қилдириб юборсам бўлмасмиди? Ўша ерда автомобиль ҳалокатига учраб ўлиб кетганида, Лайло ҳам йиғлаб-йиғлаб тақдирга тан берарди-ку. Шу билан масалага нуқта қўйиларди. Менинг ориятим, иззат-нафсим ҳам ором оларди…” “Йўқ, ундай бўлмасди, – деди бошқа бир кўнгли. – Бу билан ҳаловат тополмасдинг. Тўтиёга қилган шунча жафоларинг устига яна бир жафо қилиб, бир умр қарғишга қолар эдинг… Сен Нозимнинг ортидан Мардини жўнатаётганда тузган режанг – энг тўғри режа. Ўша режани амалга оширишинг керак… Марди яхши йигит экан. Виждонли, ориятли. “Мен айғоқчилик қилолмайман”, деди.
У Миртожибойнинг кўнглидаги гапни айтди. Нозимни топганидан кейин ҳам дарҳол хабар қилмади. Ҳолбуки, Миртожи бошқа кишилар орқали Нозимнинг дарагини ундан олдинроқ топган эди. Марди Миртожибойнинг асл режаси нима эканлигини билмайди. Ҳозирча билмагани ҳам тузук. Кеча у барибир қўнғироқ қилди. Ваъдасининг устидан чиқиши керак эдида. “Мен Нозимни қўриқлашимга ҳожат йўқ экан. Ўзи жуда зўр жойлашиб олибди, энди мени шу ёқимсиз вазифадан озод қилинг”, деди. “Майли, озодсан, – деди Миртожи. – Лекин сен билан ҳамкорлигимиз давом этади”. “Қанақа ҳамкорлик?” “Ўша ерда қурилиш бўйича қўшма корхона очамиз. Сен директор бўласан”. “Мана бу қизиқ таклиф, – деди Марди. – Ўзим ҳам сизга шу ҳақда таклиф билдирмоқчи эдим”. “Демак, фикримиз бир жойдан чиқибди. Ҳозирча шарт-шароитни қара, эҳтиёжни ўрган. Мен яқин орада бораман, гаплашамиз”. “Эҳтиёж катта, у ерда қурилиш кўп. Яхши мутахассис ва ишчи кучи кам. Агар ҳаммасини қонуний қилиб, битта кучли қўшма корхона очсак, зўр капитал қилса бўлади…”
Миртожибой Россияда қўшма корхона очиш ҳақида анча йиллардан бери ўйлаб юрарди. Бу фикр ҳув ўша Барнаул шаҳрига мева-сабзавот жўнатиб, тахта олиб келиб юрган пайтларида миясига келган. “У ёқда қурилиш ашёси кўп, арзон. Бизда ишчи кучи, қурувчи мутахассис мўл. Шу икки имкониятни бирлаштириш керак. Агар қўшма корхона ривожланиб кетса, бу ёқда – ўзимизнинг юртда кўплаб замонавий, арзон уйжой қуриш мумкин. Бундан буён уй-жой бозори йилдан-йилга чаққонлашиб боради…
Миртожи қўшма корхонани Россиянинг қайси нуқтасида очишни ҳали узил-кесил ҳал қилмаганди. Нозимнинг Самарага қочганини билгач, “Ўша ерда оча қоламиз”, деган қарорга келди. Негалигини ўзи билмайди. Ҳарҳолда: “У болани яқиндан назорат қилиб юриш керак”, деган фикр миясининг бир четига маҳкам ўрнашиб қолганди.
РЕСТОРАНДАГИ БАҲС
Мардининг ўз жамоаси билан Дмитрий Фёдоровичнинг қурилишида иш бошлаганига ҳам беш кун бўлди.
– Совуқ тушиб қолмасидан томини беркитиб олишимиз керак, – деди Якубовский.
– Ташвишланманг, улгурамиз.
– Улгурайлик деб шошилинчда сифатга путур етмасин.
– Сифатидан хотиржам бўлаверинг. Уялтириб қўймаймиз.
– Агар шу ишни аъло даражада бажарсанг, шаҳар маъмурияти бошлиғининг қурилиш бўйича ўринбосари билан таништириб қўяман. Ўшанда қонуний фирма очиб, давлатнинг миллиардлик буюртмаларини олиб ишлашинг мумкин. Тувагинг тиллодан бўлиб кетади, бола!
– Раҳмат сизга Дмитрий Фёдорович. Ҳамонки, шунақа яхшилик қилмоқчи экансиз, ишончингизни аъло даражада оқлашга сўз бераман.
– Сўз ва иш бир бўлсин!
– Албатта шундай бўлади!
Бу суҳбатдан сўнг Марди дарҳол Миртожига қўнғироқ қилди. Якубовскийнинг ваъдасини айтди.
– Оллоҳнинг ўзи ишимизни тўғрилаётир. Бўшашма Мардибой, ўша маллавой Якубовскийни бир қойил қолдириш керак.
– Қойил бўлади, насиб этса. Сиз қачон келасиз?
– Бир ҳафтадан сўнг. Тошкентдан учаётганимизда қўнғироқ қиламан. Кутиб оласан.
– Хўп бўлади!
Мана бугун саҳар қўнғироқ бўлди. Миртожибой жаноблари соат ўн бирда келиб тушарканлар. Марди қурилишга бориб, ишларни ташкил этгач, яхши бир “Мерседес”ни кира қилиб, аэропортга йўл олди. Йўлйўлакай муҳташам меҳмонхоналардан бирининг “люкс” хонасини банд этди.
Тошкент – Самара самолёти белгиланган вақтда қўнди. Марди Миртожибойнинг ёнидаги… Лайлони кўриб, ҳайрат ва севинчдан эси оғиб қолаёзди.
Лайло эгнига замонавий, бироқ анчайин одми, камтарона либос кийган. Кўзида қора кўзойнак. Қўлида бежирим сумкача. Миртожибой эса ҳали ёз бўлишига қарамай, эгнига қимматбаҳо костюм-шим кийган. Унинг ҳам кўзида қора кўзойнак.
– Ҳа, танимадингми? – деб сўради кулимсираб Миртожи. – Яхшимисан?
– Э-э, узр, ассалому алайкум, – деди Марди ҳаяжон ва ўнғайсизлик билан. – Яхши келдингизларми?
– Яхши, – деди Миртожи. – Мана, Лайлониям олиб келдим. Бир томоша қилиб кетсин.
– Яхшимисиз, – деди Марди Лайлога тамоман маҳлиё бўлиб боқаркан.
– Раҳмат, яхши, – деди Лайло.
– Қани кетдик. Машина олиб чиққанмисан?
– Ҳа, ташқарида, бекатда турибди. Юринглар, – деди Марди. Меҳмонлар унга эргашишди. Жомадонларни шофёр ва ҳаммол йигит кўтарди.
Машинага чиқишгач, Марди сўради:
– Аввал меҳмонхонага борамизми?
– Ҳа, – деди Миртожи.
Меҳмонхонага жойлашиб, ресторанга тушлик қилгани тушишди. Лайло энди буткул бошқача либосда – узун қора-қизил кўйлак унга чандон ярашган. Овқат устидаги суҳбат асосан қурилиш фирмасини очиш ҳақида борди.
– Икки хил усули бор экан, – деди Марди. – бири қўшма корхона очиш, иккинчиси хорижий фирма тариқасида рўйхатдан ўтиб ишлайвериш.
– Хорижий фирма тариқасида рўйхатдан ўтиш осон, аммо ноқулай усул, – деди Миртожи. – Тўсқинлик, халал берувчилар кўп бўлади. Яхшиси, қўшма корхона очиш керак. Ана шунда икки томонда ҳам бемалол иш қилавериш мумкин. Ана шунисини кўриш керак. Ҳалиги айтган одаминг ҳоким ўринбосари билан таништиришини кутиб ўтирмасдан, ҳужжатларни тайёрлайвериш керак.
– Ўзим ҳам шу фикрдаман. Якубовскийнинг иморатини битказгунча ҳаммасини қилиб олиш мумкин. Сиз… у билан учрашасизми? Айтганча… ўшанинг қизига уйланган Нозим…
Мусиқа овози баланд бўлгани, бунинг устига Марди Миртожига жуда яқин ўтиргани боис бу гапни Лайло эшитмади. Шусиз ҳам у эркаклар суҳбатига эътибор бермай, рақс тушаётганларни томоша қилиб ўтирар, аҳён-аҳёнда ер остидан Мардига синовчан нигоҳ ташлаб қўярди.
– Расман рўйхатдан ўтиб… тўй қилиб уйланган эканми? – деб сўради Миртожи овозини мумкин қадар пасайтириб.
– Йўқ. Расман рўйхатдан ўтишмаган. Аммо-лекин яқинда тўй қилишмоқчи экан. Уй битгандан кейин.
– Яхши. Сенинг биз билан таниш эканингни биладими Нозим?
– Билмайди.
– Яхши. Ундай бўлса… менга унинг телефон рақамини ёзиб берасан. Бир-икки оғиз гапим бор. Ўзинг ҳеч нарса билмагандек, ишни давом эттиравер. Қўшма корхонани тезроқ очиш керак. Мана буни олиб қўй. Харажатга ишлатасан. Ишни битказишга пулни аяма.
Миртожи Мардиллога бир ўрам юз долларлик узатди. Марди қимтинди.
– Ўзимда бор… – деди.
– Ол, олавер! Қўшма корхонага тенг шерик бўласан. Кетган харажатларни кейинроқ фойдадан тенг тақсимлаймиз. Мен сенга ишонаман. Ол!
Марди пулни олиб, қўлидаги “барсетка” деб аталувчи мўъжаз сумкачасига солди.
– Энди сенга жавоб. Эртага эрта билан шу ерда учрашиб, бирга нонушта қиламиз. Бояги телефон рақами…
Марди сумкачасидан кичкина қоғозча олиб, телефон рақамини ёзиб узатди. Ўрнидан турди.
– Хайр, – деди. Кейин нимадир эсига тушгандек сўради. – Лайлохонга шаҳарни томоша қилдирмаймизми?
Лайло беихтиёр жилмайиб, отасига қаради.
– Эртага, – деди Миртожи.
Марди кетди.
СЎНГГИ ИМКОНИЯТ
Тушликдан сўнг қайтиб, хонага чиқишганидан сўнг Миртожи боя Мардидан олган телефон рақамига қўнғироқ қилди. Сим ортидан “Алло, ким бу?” деган овоз эшитилди. “Нозим, бу мен, Миртожиман, бизлар Лайло билан шу ерга келганмиз. “Шератон” меҳмонхонасидамиз. Сен билан гаплашиб олишимиз керак”, деди Миртожи дона-дона қилиб. Бу қадар кутилмаган қўнғироқдан Нозим эсанкираб, гапиролмай қолди. Миртожи давом этди: “Қўрқма, биз фақат иккимиз келганмиз. Ҳеч қанақа ёмон ниятимиз йўқ. Агар… ёлғиз келишга қўрқсанг, онанг ва… опанг билан кел. Кечқурун ресторанда… бир пиёла чой устида гаплашиб оламиз”. “Менинг сиз билан гаплашадиган гапим йўқ”, деди Нозим. Аммо овози у қадар кескин чиқмади. Унинг иккиланаётгани сезилди. Миртожи унинг заиф жойидан олди: “Майли, ўзинг келишга қўрқаётган бўлсанг, онанг билан опангни юбор. Лайло… опаси билан танишиб кетсин. Майлими? Соат олтида ресторанда кутамиз…” Нозим индамади. Бу розилик аломати деб ўйлади Миртожи. Келади. Ёлғиз келади.
Нозим ёлғиз келмади. Худди Миртожи айтганидек, онаси ва опасини бошлаб келди. Чамаси, у қўрқди. Миртожи ҳар қалай ўзига бегона бўлмаган икки аёл иштирокида унга зиён-заҳмат етказолмаслигини ўйлаган бўлса керак. Бундан ташқари, шубҳасизки, у кечгача Миртожининг меҳмонхонада чиндан ҳам фақат қизи билан турганини суриштириб, аниқ ишонч ҳосил қилганди.
Миртожи унга қўл узатмади. Жойида ўтирган кўйи саломига оғзаки алик олди. Тўтиё ва Мунисга мумкин қадар мулойим чеҳра билан қараб: “Яхшимисизлар?” деб сўради. Лайло ерга қараган кўйи: “Ассалом” деган овоз чиқарди. Нозим уни кўриб, кўзи бир чақнади. Лайло қарайди деб кутди. Лайло қарамади.
– Қани, ўтиринглар, – деди Миртожи бўш стулларга ишора қилиб. Тўтиё Мунисни Миртожининг ёнига ўтқизиб, ўзи Лайлонинг қаватидан жой олди. Нозим узоқроқда қолди. Миртожи официантга: “Беш-олти дақиқадан сўнг” деб жавоб бергач, босиқлик билан гап бошлади.
– Ўтиб кетган гапларни такрорлаб ўтирмоқчи эмасман. Нима бўлган бўлса бўлиб ўтди. Қасдлашиб, ўчакишиб юришдан ҳеч кимга фойда йўқ. Биз фақат бир нарсани аниқлаштириб олишимиз керак. Лайло фарзанд кутяпти. У Нозим буни билмайди, ўзим бориб билдириб келишим керак, фарзандининг ҳаққи-ҳурмати инсофга келиб, орқага қайтиши мумкин”, деб келди. Ана шу гапга нима дейсизлар?
У биринчи бўлиб Тўтиёга қаради. Тўтиё аввал ҳайрат ичра жим қолди. Чамаси, Лайлонинг ҳомиладорлигини билмаган.
– Мен ҳам шунақа… қайтгин деяпман. Кўп айтдим. Кўнмаяпти. “Бу ердаги хотиним қочиб кетсам, мени соғ қўймайди”, дейди.
Миртожи кулди. Заҳаромуз кулди.
– Ёмғирдан қочиб… дўлга тутилибдилар-да?
Бу гап Нозимнинг иззат-нафсига тегди. Онасига ўқрайиб қаради. Жаҳл устидами ё вазиятдан чиқиш учунми, қалтис гап айтди.
– Сизга… шунақа деган бўлсам, дегандирман. Лекин аслида… шу ердаги хотинимни аввалдан яхши кўрганман. Лайлога… шунчаки… яхши кўраман дегандим.
Лайло “ялт” этиб Нозимга қаради. Бир лаҳза кўзига тик боқиб турди. Кейин шартта ўрнидан туриб, ресторандан чиқиб кетди. Мунис унинг ортидан чиқди.
– Шу гапни Лайло “Нозимнинг ўз оғзидан эшитай” деб келганди. Мана эшитди. Сизларга бошқа гапим йўқ, – деди Миртожи.
Мунис Лайлони етаклаб, қайтиб келди. Улар жойларига ўтиришгач:
– Ақалли… ЗАГСдан ўтишларинг керак эди-да, укажон, – деди Мунис Нозимга қараб. – Туғиладиган бола… кимнинг номига ёзилади?
Нозим индамади. Миртожига қаради.
Миртожи ҳам индамади. У Нозимнинг бояги гапидан сўнг қуюлиб келган ғазабини енгиш билан овора эди. Сал ўзини босгач, кинояомуз оҳангда изоҳ берди:
– Ўзи… Нозимбойнинг мақсади шунақа бўлган-да…
У гапининг давомини айтолмади. Агар “Ҳомиладор қилиб ташлаб кетиш” деса, “Худди сизга ўхшаб-а” деган гапнинг хонаси келиб қолиши ва Нозим шу гапни айтиши мумкин эди. Шу боис бошқача гапирди.
– Майли, боланинг тақдиридан хавотир олманглар, бир гап бўлар. Энди… сизларга жавоб.
Нозим барибир Миртожига ханжардай санчилган гапни пардали қилиб бўлса ҳам айтди.
– Мен ҳар қалай… биз никоҳ ўқитгандик. Шунинг учун мана сизларнинг олдингизда талоғини бериб қўяй. Энди унинг боши очиқ…
Нозим биринчи бўлиб ўрнидан турди. Тўтиё истар-истамас ўрнидан қўзғалар экан, Миртожига илтижоли боқди. Миртожи унга: “Ҳечқиси йўқ, хафа эмасман”, деган маънода кўзларини юмиб, ишора қилди.
– Сен қизим, бир дақиқа қол, улар кутиб туришади, – деди Миртожи Мунисга. У иккиланиб онасига қаради.
– Майли қизим, бизлар ташқарида кутиб турамиз, – деди Тўтиё.
Она-ўғил узоқлашгач, Миртожи Мунис билан қайта сўрашди. Турмушини, куёвни сўради.
– Ҳаммаси яхши, – деди Мунис.
– Шу ерда қолиб кетасизларми энди, – деди Миртожи. – Куёв билан маслаҳатлашинглар. Агар… юртга қайтишни ният қилсаларинг, ташлаб қўймайман.
– Билмасам, гаплашиб кўрай-чи.
– Мабодо кўнмаса ҳам хафа бўлма. Мен бу ерга ҳали яна келаман. Сени сўраб, суриштириб тураман.
– Фақат… Нозим билан қасдлашманг, хўпми, илтимос, – деди Мунис. – Онам ҳам… илтимос қил дедилар.
– Онангга айт, хотиржам бўлсин. Нозимга ишим йўқ. Фақат… эҳтиёт бўлинглар… Ҳадеб ўйламай гапирадиган, иш қиладиган бўлса, охири яхшилик билан тугамайди. Энди бор қизим. Онанг кутиб қолмасин…
Мунис кетди. Миртожи ёлғиз ўй суриб қолди. Официантни чақириб, ичкилик буюрди. Бир-икки қадаҳни бостириб ичиб юборди. Кейин унга емишларни хонасига элтишни буюриб, ташқарига чиқди. Ҳаво салқин. Ёз охирламоқда.
МАРДИ ВА ЛАЙЛО
Марди туни билан Лайлони ўйлаб чиқди. У зийрак йигит, Лайлонинг нима мақсадда отасига эргашиб келганини тушуниб турибди. Булар Нозимни инсофга келтиришмоқчи. Нозимнинг инсофга келиши гумон. Марди уни обдан ўрганди, суриштирди. Нозим ҳозир пул ичида ўйнаяпти. Уни ўйнатиб қўйган одам – Якубовский. Шунинг учун Нозим унинг қизидан тирик айрилолмайди. Қизиқ, Лайлонинг отаси ҳам бойку. Нозим нега бир бойнинг қизини ташлаб қочиб, иккинчисиникига айланишди. Бу қизталоқ Нозим деганлари жа-а омади кулган йигит экан-ку. Оёғининг остидан нуқул бойвучча хонимлар чиқиб турса… Аммо Лайло ҳусн маликаси экан. Унинг уволи… уриши мумкин. Шундай қизни ташлаб қочса-я. Мардибойга ўхшаганларга учраганда-ку, бир умр кўзига суртиб, этагини ўпиб яшаган бўларди. Лекин… Лайло Мардига тўй куни ҳам, кеча ҳам деярли эътибор бермади. Балки Марди Нозимчалик хушрўй эмасдир. Нозим тоғ йигити. Қош-кўзи қора, сочлари жингалак. Мардининг эса… айтарлик ҳусни йўқ. Йигит кишига ҳусн керак эмас дейишади-ю, аммо қизлар барибир кўринишига ҳам эътибор беришади-да. Мардининг сал кўнгли чўкди. Етим ўсганимнинг устига келишган йигит эмаслигим ишнинг белига тепяпти, деб ўксинди. Институтда ўқишдан бўшамаган. Қаттиқ ўқиди. Ҳамонки мен етим эканман, яхши ўқиб, зўр мутахассис бўлиб етишмасам, кун кўришим қийин кечади, деб ўйлади. Институт ўқув дастурига қўшимча равишда ойлаб-йиллаб кутубхонага қатнаб, Шарқу Ғарб меъморчилиги тарихи, энг яхши мактаблари услубларини қунт билан ўрганди. Ёзги таътил пайтлари Самарқанддаги Регистон ва Бибихоним ёдгорликларини таъмирлаётган усталарга шогирд тушиб, туну кун ишлади. Касб эгаллади. Топган маошини банкка қўйиб, ўзига бир бошпана олиш учун пул жамғара бошлади. Институтни битказгач, ҳарбий хизматга кетиб қолди. Армиядалик чоғидаёқ бирга хизмат қилган ўзидан ёш, уқувли болалардан беш-олтитасини жамлаб, қурилиш бригадаси тузди. Қайтиб келишгач, ишни аввал оддийроқ иморатларни қуришдан бошлашди. Шу орада Марди Европада янгидан русум бўлаётган бинокорлик услубларини журналлардан, интернет орқали мунтазам кузатиб, ўрганиб борди. Сўнг кунлардан бир куни “Престиж” деган реклама журналига: “Европа ва Шарқ услуби уйғунлашган супер замонавий уйларни лойиҳалашдан бошлаб, қуриб фойдаланишга топширишгача буюртма қабул қиламиз” деган мазмунда эълон берди. Биринчи буюртма, хато ва камчиликлар, уларни тузатиш учун икки ҳисса ишлаш, буюртмачининг пул тўлашга келганда номардлик қилгани… Хуллас, кўп машаққатларни енгишга тўғри келди. Шукрки, аста-секин ҳаммаси изга тушди. Шаҳарда: “Иморатни ҳеч ким Мардидан зўр қилиб қуролмайди”, деган гап тарқалди. Бошқа шаҳарлардан ҳам буюртмалар туша бошлади. Икки-уч йил мобайнида Марди ўзини анча тиклаб олди. Жамғарган пули ҳам мундайроқ бир хонали уй олишга етади. У Қўшоқбойнинг назарига илк бор тушган кунларда худди ана шу ташвиш билан юрганди. Кейин ҳаммаси бошқача бўлиб кетди. Тасодифми ё Оллоҳ яратган қонуниятми, уни Миртожига учраштирди. Миртожи зукко одам экан. Мардининг қўлидан нима иш келишини дарров тушунди. Ундан қанчалик зўр фойдаланиш мумкинлигини билди. Россияга бориб ишлашни таклиф этди. Бу таклиф Мардига дастлаб қўрқинчли туюлганди. Хайрият, нияти холис экан. Шунчаки, Мардини ишлатиб, ўз капиталини кўпайтирмоқчи. Майли, Марди ишдан қочмайди. Қолаверса, ўз ижодини, маҳоратини дунё миқёсида намойиш этиш унинг орзуси эди. Ўшани амалга ошириш имкони туғилди. Миртожибой “Тенг шерик қиламан” деяпти. Ундай бўлса чунонам зўр бўлади. Марди ҳам том маънода Мардибойга айланади. Ўзбекистонда ҳам Малайзиядаги Петронас мажмуига ўхшаш бетакрор иморатлар қуради… Агар шулар билан бирга… Лайлодек бир қиз ҳам учраса… бу дунёда армони қолмасди Мардининг. Лайлонинг ўзи бўлса-чи? Йўқ, у Мардини назарига илмайди. У Нозимдан умидини узмаган. Нозим у ёқда ҳам, бу ёқда ҳам хотин қилиб, қўшхотинли бойвачча бўлиб юраман деса, Лайло шунга ҳам кўниши мумкин. Бизнинг ўзбек қизлари қизиқ. Иккинчи хотин қилиб оламан, дейишса ҳам кўнаверишади… Лайло албатта Нозимга… биринчи хотин. Чунки тўй бўлган. Гарчанд келиннинг ёнида Марди ўтирган бўлса-да, таклифномада, тўйхонага осилган гиламда Нозимнинг номи ёзилганди… Қизиқ, Лайло Нозим билан никоҳдан ўтганми? Бу саволга жавобни Лайло билан яқинроқ танишгандан сўнггина олиши мумкин.
* * *
Эртаси куни Мардини нонушта дастурхони устида Лайлонинг ёлғиз ўзи кутиб олди.
– Отам ҳозиргина бир ўртоғи билан учрашиш учун кетди. “Ишим битса, тушликка етиб келаман. Келолмасам, тушликни ҳам бирга қилаверинглар”, дедилар.
– Майли. На илож, – деди Марди. Ич-ичида эса “айни муддао” деган ҳаяжонли бир севинч бор эди.
– Ўтиринг, дастурхонга қаранг, – деди Лайло.
– Раҳмат, – деди Марди.
Улар қуймоқ еб, қаҳва ичишди.
– Энди мен сизни ваъдага биноан шаҳар айлантираман, – деди Марди.
– Раҳмат, шаҳар айланишга ҳушим йўқ, – деди Лайло.
– Тушунаман, – деди Марди. – Бўлмаса… хонада зерикиб ўтирасизми, юринг, ақалли кўчага чиқиб, бироз айланиб келайлик. Яқингинада истироҳат боғи бор. Истасангиз шунга кириб, сайр этиш мумкин.
– Майли, истироҳат боғига бўлса… бора қолайлик.
Боғ сўлим ва оромбахш эди. Ҳаво салқин, бадан яйрайди. Улар олтинранг қум сепилган йўлка бўйлаб дарахтлар соясида сайр қилиб юришди.
– Мен аввал сизга… раҳмат айтишим керак, – деди Лайло. – Ўша куни… тўйда ёнимда ўтириб, шаънимни ҳимоя қилганингиз учун.
– Раҳматнинг ҳожати бормикин, – деди Марди. – Чунки ўша куни мени… пул эвазига ёллаб келишганди. “Хизмат ҳақи”га қўшиб куёв сарпо ҳам беришган. Ундан ташқари, отангиз менга катта ёрдамлар қиляпти. Биз бирга ишламоқчимиз…
– Барибир раҳмат…
– Майли, ўтган ишга салавот. Қилган “холис хизмат”га розиман, – деди Марди ҳазил оҳангида. – Аслида… менга қолса… ўша куни ёнингиздан кетмаган бўлардим.
– Мутлақо танимай-билмай туриб-а? – деб сўради ҳазилга ҳазил билан Лайло.
– Сизни… бир кўришдаёқ билиб олиш мумкин. Тенгсизсиз ва бетакрорсиз.
– Адашяпсиз, – деди Лайло энди хомушлик билан. – Мен… сиз айтганчалик эмасман. Мен… лақма ва ақлсиз бир қиз эканман. Мени истаганча алдаш, лақиллатиш мумкин экан.
– Қўйинг, унақа деманг.
Лайло хўрсинди. Кейин бирданига қатъиятли оҳангда очиқ гапира бошлади.
– Сиз мени бу ерга нега келганимни билишга қизиқаётган бўлсангиз керак, – деди Лайло.
– Ҳа, қизиқяпман, – деди Марди ҳам сохта гап қилиб ўтирмасдан. – Чунки…
– Ўша куни… тўйда… Нозимнинг қочиб кетганини сизга айтишмаганмиди?
– Йўқ. Буни кейинроқ билдим. Ўшанда бу нарса хаёлимга ҳам келмаган. Сиздай келинни ташлаб қочиш мумкинлигини тасаввурга сиғдириш мушкул.
– Агар одам қасд қилса, ҳар қандай номардликдан тап тортмас экан. Мен унинг гапига ишонганман. Алдаб юрган экан.
– Сиз кеча у билан учрашдингиз, агар адашмасам, – деди Марди, – бу ёққа келишингиздан мақсад – у билан ақалли бир марта юзма-юз туриб, кўзига қараш, сўзини эшитишдан иборат бўлган. Шундай эмасми?
– Шундай. Худди кўнглимдагини топдингиз.
– Лекин у сизга бу ердаги аёлдан воз кечолмайман, деган.
– Ҳа, шундай деб айтди. “Сен билан отангнинг қасосини олиш учун атайлаб юргандим. Аввалбошдан ташлаб кетишни режалаштиргандим”, деб айтди.
– Отангизда нима қасди бор экан?
– Отам сизга айтмаганми?
– Йўқ. Айтмаган. Сиз ҳам хоҳламасангиз, айтмай қўя қолинг. Агар оила сири бўлса.
– У сирнинг сирлиги қолмади энди. Отам бир пайтлар ёшлигида Нозимнинг онасини ҳомиладор қилиб ташлаб кетган.
– Э-э, гап бу ёқда экан-да, – деди ҳайрат билан Марди. – Бундан чиқди Нозим…
– Йўқ-йўқ. У менинг акам эмас. Онаси отамдан қиз туққан. Нозим кейинги теккан эридан.
– Жудаям қизиқ, чалкаш тақдир. Демак, Нозим онасининг аламини олмоқчи бўлган экан-да.
– Сиз нима деб ўйлайсиз, бунинг учун уни тушуниш, кечириш мумкинми? Ахир отам учун мен жавоб беришим керак эмас-ку.
– Тўғри. Сизнинг ҳеч қанақа айбингиз йўқ, – деди Марди. – Ҳисоб-китоби бўлса, отангизнинг ўзи билан қилиши керак эди. Ана шунда уни тушунишга ҳаракат қилиш мумкин эди. У… номардлик қилган. Уни кечириб бўлмайди. Айбга буюрмасангиз… бир савол сўрар эдим. У билан никоҳдан ўтган эдингларми?
– Никоҳ ўқитгандик. Лекин… ЗАГСдан ўтмагандик.
– Унда… мен сизга… бир гап айтаман. Фақат кулманг. Агар маъқул топсангиз, менга тегинг. Мен сизни ўша куниёқ ёқтириб қолганман. Ўша куни ҳатто бизнинг тўйимиз ҳақиқий, мен бир умр хаёл суриб юрган, орзу қилиб юрган мақсадимга эришдим, деб ўйлагандим.
– Бунақа гапларни ҳазил қилиб айтиш мумкинми? – деди маъюс жилмайиб Лайло.
– Мен жиддий гапиряпман.
– Жиддий гапираётган бўлсангиз, мен ҳам жиддий гапирай. Мен ҳомиладорман. Қорнимда Нозимнинг боласи бор.
Бу гапни Марди мутлақо хотиржамлик билан қабул қилди, деб айтиш қийин. Чунки у Миртожибойдай қудратли одамнинг қизи тўйгача қанақадир таги-туги ноаниқ бир йигитдан ҳомиладор бўлиб қолиши мумкинлигини тасаввурига сиғдиролмаганди. Негадир у боя Лайлонинг: “Бизлар илгари ҳам бир тўйдан қочиб кетгандик”, деган гапига жиддий эътибор бермади. Эҳтимол, ҳаяжонлангани, “севгимни унга қандай айтсам, маъқул бўларкан”, деган саросима, иккиланиш гирдобида бўлгани учун юзаки қарагандир. Ҳар қалай кутилмаган “янгилик” унга бошига бир челак муздек сув қуйгандек таъсир этди. Нега Лайлога шоша-пиша бунақа гапирди? Нега бу қадар соддалик қилди? Лайлонинг: “Никоҳ ўқитгандик,лекин ЗАГСдан ўтишга улгурмадик”, деган гапидан чалғидими? Улар қовушишга ҳам улгуришмаган-ку, деган хаёлга бордими?
Табиатан романтикага мойил бўлган Марди дўстимиз шу чоқ: “Йигит сўзидан, арслон изидан қайтмас”, деган мақолни эслади. У қадар қатъият билан бўлмаса-да, анчайин дадил гапирди.
– Хўш, нима бўпти? Эсон-омон туғиб оласиз, бирга тарбиялайверамиз. Мен унга оталик қиламан…
– Келинг, шошилмайлик, – деди Лайло. – Ўзи бир марта шошиб, эрга ёлчимай ўтирибман. Сиз яна бир, йўқ, бир эмас, бир неча марта ўйлаб кўринг. Мен ҳам ўйлаб кўрай. Дарвоқе, мен сиз ҳақингизда деярли ҳеч нарса билмайман.
– Биладиган нарсанинг ўзи йўқ. Етимхонада ўсганман. Ўқиб, архитектор касбини эгалладим. Уйланмаганман. Бори шу.
– Наҳотки ота-онангиз ҳақида ҳеч нарса билмайсиз?
– Мутлақо. Мени гўдаклар уйи остонасига ташлаб кетишган. Исмимни ҳам етимхонада қўйишган.
– Вой, бечорагина, – деди Лайло беихтиёр.
– Ҳа, “вой бечора жоним” десам арзийди, – дея Ғафур Ғуломнинг машҳур “Сен етим эмассан” шеърини ёддан ўқий бошлади. – “Бошимни силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз – нондек арзанда…” Мана энди сиз ҳам хоҳламаяпсиз бошимни силашни…
Лайло бу сафар анча мулойим жилмайди. Мардининг чеҳрасига илк бор астойдил қизиқиш билан қаради. Чамаси, бу гал унинг қиёфаси унга аввалгидек жўн, маъносиз кўринмади. Аксинча, қандайдир илиқлик сезди. Лайло тарихи чигал бу йигитга:
– Келинг, ака-сингил бўлайлик, – деди у кутилмаганда. – Менинг акам йўқ. Бир укам бор-у… касалманд.
– Мен сизга ака бўлолмайман, – деди Марди.
– Вой, нега энди?
– Чунки… “сизни яхши кўраман, менга тегинг”, деб айтиб қўйдим.
– Унда… дўст бўлайлик. Майлими?
– Демак… Мен сизга… ёқмадим. Сиз ўша… Нозимнинг кўйида бир умр тоқ ўтмоқчисиз.
– Қўйинг, унақа деманг. Менга… вақт керак… Тушуняпсизми? “Сутдан оғзи куйган, қатиқни ҳам пуфлаб ичади”, дейишади-ку.
– Унда кутсам… майлими?
– Майли, кутинг. Лекин шу орада тенгингизни топиб, уйланиб кетсангиз ҳам сира хафа бўлмайман.
– Йўқ. Кутаман.
Лайло индамади. Яна бир муддат сукут ичра сайр қилишди.
– Юринг, энди қайтайлик. Тушлик вақти бўлди. Отам ҳам келиб қолгандир, – деди Лайло. Марди индамай унга эргашди.
Миртожи тушликнинг охирига етиб келди.
– Мен овқатландим, – деди у. – Энди йўл тадоригини кўрайлик. Самолёт уч соатдан кейин учади. Сен, қизим, хонага чиқиб, нарсаларни йиғиштир. Биз бу ерда Мардибой билан бир-икки оғиз суҳбат қурайлик.
– Хўп бўлади, – деди Лайло ва ўрнидан туриб, хонага йўл олди. Ёлғиз, юзма-юз қолишган Марди ва Миртожи бир неча дақиқа жим ўтиришди. Чамаси, Миртожи Марди билан Лайло ўртасидаги суҳбат тафсилотини тахминан билар ва Мардидан шу масалада савол кутар эди. Ҳар ҳолда Марди шундай деб ўйлади ва ҳозир шу гапни айтмаса, кейин кеч бўлиши мумкинлигини англаб, қимтиниброқ сўз бошлади.
– Агар айбга буюрмасангиз, Нозим билан орани очиқ қилибсизлар. Мен Лайлога: “Агар лозим топсангиз… турмуш қурайлик”, деган таклифни айтгандим… Назаримда, шундай қилинса, ҳаммаси рисоладагидек бўлармиди. Аммо… Лайло йўқ деяпти.
Миртожи Мардига қизиқсиниб тикилди. Сал жилмайди.
– Сен ука, мен ўйлагандан ҳам ақлли йигит экансан. Бу гапинг ақлли гап. Сенинг таклифинг, менинг иззат-обрўйимни, оиламнинг шаънини сақлашга қаратилган. Мен буни сен томонингдан ҳақиқий дўстнинг қадами деб қабул қиламан. Лекин бу умр савдоси, кўнгил иши, қизим ҳали турмушнинг биринчи зарбидан карахт. У Нозим таъсиридан қутулгани йўқ. Шунинг учун уни денгиз бўйида дам олдиришга олиб кетяпман. Вақт – энг олий табиб, дейдилар. Вақт ўтсин. Дарду аламлар унутилсин. Худонинг ўзи бир томонга бошлар. Аммо бу билан сенга: “Кутиб тур, қизимни кўндираман”, демоқчи эмасман. Сен уйланмаган йигитсан. Тенгинг чиқса, маъқул тушса уйланаверасан. Бу нарса иккимизнинг муносабатимизга, ҳамкорлигимизга асло рахна сололмайди. Мен сендан фақат бир нарсани қаттиқ илтимос қилмоқчиман. Бошлаётган ишимизга бор вужудинг билан кириш. Қаттиқ ишла. Ана шунда ҳаммаси яхши бўлади…
Марди индамади. Суҳбат шу билан иш мавзусига бурилди. Миртожи Мардига аниқ топшириқлар бергач, хайр-хўш қилди. Марди уларни машинага ўтқазиб, шу ерда хайрлашди.
– “Қур эксим” деган бир фирма бор экан, ўша ҳақда батафсилроқ бир маълумот тайёрлаб турсангиз, – деди Марди пировардида.
– “Қур эксим” Шавқиевнинг кўплаб фирмаларидан бири, – деди Миртожи. – Нимайди?
– Шунчаки, у ҳақда бу ерда кўп гапиришади. Биз ҳам билайлик.
Миртожи индамади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?