Текст книги "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Ҳабиб Темиров
Қасос ва муҳаббат: роман
“СИЗ БОШҚА-КУ?”
Миртожи “янги ўзбек”лардан. Шаҳарда уни танимаган, эшитмаган одам йўқ ҳисоби. Беш-олтита корхонаси бор. Данғиллама ҳовли-жойлар солган.
Шу одам бугун тўй қиляпти. Тўнғич қизи Лайлони узатяпти. Қуда бўлмиш Қолдибек ҳам ўзига ўхшаган тадбиркор. Россияга мол жўнатиб бойиган. “Бир эсда қоларли тўй қилайлик”, деб келишиб олишибди қудалар. Металл эритиш комбинатининг муҳташам Маданият саройини ижарага олишган. Улкан тўйхонага ташриф буюрган меҳмону хизматкорларни ҳисобласа, бир неча минг киши чиқади. Дастурхонда кийикнинг гўштидан тортиб, қушнинг сутигача муҳайё этилган. Пойтахтдан келган таниқли санъаткорлар хизматда. Даврани республика халқ артисти Қосим Давронов олиб бораётир.
Сунбуланинг сунбул оқшоми чўкиб, майин шабада дилларга ором беради.
Мукаллифлар, яъни тўйга таклиф этилганлар барчаси аллақачон жамулжам бўлганига қарамасдан, келин-куёвдан ҳамон дарак йўқ. Миртожибой безовта, юраги ниманидир сезгандек қисилди. Қолдибек унга таскин берди.
– Ёшлар шаҳар айланишиб, сал кечикишяпти чоғи. Хавотирланманг. Келиб қолишади.
– Гаи-паи ушламадимикан ишқилиб? Икки-учта “Лимузин”, беш-ўнта “Мерседес” қаторлашиб кўча ҳаракатига халал берган бўлса…
– Қизиқмисиз? ГАИнинг бошлиғи шу ерда-ку! Учтўртта ходимлари Маданият саройи атрофида қўриқчилик қилиб туришибди.
– Ҳа, ишқилиб тинчлик бўлсин…
Миртожи сўзини тугатмаёқ қоп-қора “Нексия” елдек учиб келиб, эшик олдида ғийқиллаб тўхтади.
Ундан бўғриқиб, нафаси бўғилиб кетган куёв тушиб, отаси томонга чопди.
Миртожи унинг орқасидан бориб, таҳдид билан шивирлаб сўради.
– Бошқалар қани, Фарҳод?
– Келин… йўқ… – деди йиғламсираб куёв. – Биттадан коктейл ичайлик деб “Сицилия” қаҳвахонасига киргандик, “сочимни тузатай, ҳозир қайтаман” деб пастга тушувди. Ўн-ўн беш дақиқадан кейин чиқиб суриштирсам, битта қизил “Жигули”га ўтириб кетди, дейишди.
– Ҳазил қилмоқчи бўлгандир, – деди миясига келган фикрни тилига чиқариб Миртожи. Аммо-лекин юраги шувиллаб товонига тушиб кетгандек бўлди.
– Қўйинг-е, шунақа пайтда ҳазилга бало борми? – деди Қолдибек.
– Бу тўнғич қизим ўзи шунақароқ. Сал эрка ўс_ган. Ҳозир келиб қолади, – деди Миртожи. – Сиз, Фарҳоджон, “Сицилия”га қайтиб боринг-да, қўноқларингизни бемалол бу ёққа олиб келаверинг. Тушунарлими? Мен ҳозир… келинни топтираман…
Куёв миниб келган машинага ўтириб, изига қайтиб кетди.
– Сиз, қуда, – деди Миртожи Қолдибекка юзланиб, – ичкарига кириб, меҳмонларни зериктирмай турсангиз. Қизиқчи йигитларга топшириқ беринг. Янги латифалардан айтиб, кулдирсин. Ўрта совимасин.
У ўзини ҳарчанд вазмин тутишга ҳаракат қилса-да, юрагини ваҳима, қўрқув босди. Шу боисдан қудасига буйруқ оҳангида гапирганини ҳам сезмади.
Қолдибек ичкарига кириб кетди. Миртожи бир зум ўйланиб қолди. Чекди. Қўл телефонидан қаергадир телефон қилди. Бир неча дақиқадан сўнг базмгоҳдан чиққан қанақадир қиз билан машинага ўтириб, бир зум ўтмай кўздан ғойиб бўлди.
Бу орада “Лимузин”лар оқими мусиқали сигнал чалиб, шовқин-сурон билан тўйхонага кириб келди. Куёв навкарлари, келиннинг дугоналари бирин-кетин ичкарига ўтишди. Машинадан энг охирида тушган Фарҳод эшик ёнида турган отаси – Қолдибек олдига келиб сўради:
– Топилдими?
– Ҳа, дадаси ҳозир қўнғироқ қилди. Келин уйга кирган экан. Беш-ўн минутда келишади…
Дарҳақиқат, кўп ўтмай янгроқ мусиқа садолари остида тўй даврасига қора итальян костюм-шими устидан бухороча зарбоф тўн кийган куёв ва оппоқ ҳарир либосли, юзига ғоят бежирим кашмири чачвон тутган келин кириб келишди. Ҳамма оёққа турди.
Гулдурос қарсаклар, олқишлар янгради.
Келин-куёв боши узра сон-саноқсиз гуллар ва… пуллар сочилди. Бола-бақра оёқ остида пилдираб, пул терди. Созандалар “Тўйлар муборак”ни чалиб, доирани гумбаданг қилишди.
Халқ артисти даврани очди. Илк табрик ва қутловлар янграб, келин-куёвга ўтириш учун изн берилди. Мусиқа баланд пардаларда авж олди. Шампанларнинг тиқини “пақиллатиб” отилди…
Шу чоққача ҳовлиқиш ва ҳаяжон оғушида карахт бўлган куёв ўтиргач, қайлиғига ўпкалаган тарзда ўгирилди ва унинг чачвонини оҳиста кўтарар экан… қотиб қолди.
– Ие, – деди у сал бўлмаса йиқилиб тушай деган аҳволда. – Сиз… бошқа-ку!
– Жим! – деди келин таҳдидли овозда. – Жим ўтиринг! Мен ўшаман! Мен… кейин тушуниб оласиз.
Фарҳод жонҳолатда нажот излаб, жавдираган кўзлари билан отасини қидириб топди. Отаси қайнотаси билан бирга келин-куёв ўтирган баланд ва ҳашаматли равон пойига келиб, зиналардан юқорига кўтарилаётгандилар. Куёвнинг нигоҳи отасининг кўзлари билан эмас, Миртожининг қатъий қараши билан тўқнашди. Бу қарашдан у гўё: “Хавотир олма, ҳаммаси келишилган, ҳаммаси яхши бўлади”, деган маънони уқди. Кейин Қолдибекдан худди ишора бўлди…
Тўй бир маромда давом этар, Миртожи зоҳиран сокин, ботинида эса бўрон гувилламоқда эди. Кўзлари билан даврадан кимнидир қидирар, юзлаб нигоҳлар орасидан маъноли бир нигоҳни, яъни ҳозиргина юз берган машъум ҳодисадан бохабар, эҳтимолки, бевосита қўли бор одамни, яъни ўзига ашаддий душман бўлган маккор ва ғаддор кимсанинг нигоҳини қидирар эди.
Нигоҳлар эса… деярли бир хил. Ана, вилоят ва шаҳар маъмуриятидан келган амалдорлар. Ҳаммаси Миртожининг ошналари. Улардан шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Сал нарироқда ҳамкасблари – заводчи бойлар, уч-тўрт киши ўн кишилик столни банд этиб, тўкин дастурхонга нописандроқ назар ташлаб ўтиришибди. Шулардан… чиққанми? Йўқ, Миртожи уларга рақобатчи эмас. Берироқдаги столда ёшликдан бирга ишлаб келаётган тижоратчи ошналари ўтиришибди. Шубҳа қилган одами шуларнинг ичидамикан? Ёки… шунчаки тасодифий кулфатми бу? Йўқ. Унақада айнан тўй куни юз бермас эди бу воқеа. Бу – маккорона, пухта ўйлаб, режалаштирилган қасос. Бу – Миртожининг нақ юрагини мўлжалга олган ўқ. Хўш, уни ким отди? Бу ногаҳоний зарбани унга ким берди? Эй, Худо, ўзингга шукрки, Миртожига нақ шармисорликдан чиқиб кетишига йўл кўрсатиб, уни асраб қолдинг. Аммо… қайси қурбонлик эвазига. Бечора Шаҳло. Оқпадар Лайло. Уни… не бало урди? Нега бундай йўл тутди? Эл-юрт олдида нега унинг шарманда бўлишини ўйламади? У ахир бундай шармандаликни кўтаролмаслигини биларди-ку! Қайдан келган жазо бу? Қайси гуноҳим учун?
Шу айқаш-уйқаш фикрлар унга тинчлик бермасди. Унинг хаёли узоқ-узоқларга кетди. Бундан йигирма йил олдин юз берган бир воқеа жонланди. Шунча пайтдан бери тинчлик бермай, азоблаб, юрагини тирнаб келадиган ўша воқеани яна эслади. Бугунги воқеа уни эслашга мажбур этди. Эҳтимол, ўша ҳодисага мутлақо алоқадор эмасдир, аммо…
Аммо Миртожи бугунги воқеани ўша воқеа билан боғлади. Беихтиёр гуноҳим учун тортаётган жазоим бўлса керак, деб ўйлади. Аламзада кўнгли учун бир овунч истаб, хотинини қўлтиқлаганча, яна меҳмонлар сафига қайтди. Мажбуран, ночор жилмайди. “Хуш келибсизлар, хуш келибсизлар”, деган гапни такрорлади. Шу аснода ёрдамчиси Қўшоқбойдан:
– Таклиф этилган меҳмонларнинг ҳаммаси келиб бўлдими, – деб сўрашга ҳам улгурди.
– Деярли ҳаммаси, – деди Қўшоқбой, – бир-иккитаси Шавқиевнинг тўйидан чиқиб келишади. Унинг тўйи барвақтроқ бошланган, ҳадемай тугайди.
– Яхши, сергак бўлинглар, меҳмонлар қаровсиз қолмасин, – деди Миртожи ва ўзи сезмаган ҳолда: “Ҳеч уйланишга тўймас экан-да, бу Отабой ота”, дея ғудраниб қўйди.
* * *
Дарвоқе, чиндан ҳам худди шу соатларда шаҳарнинг бошқа бир бурчагида яна бир тўй авжига чиққан эди. Бу тўйнинг асъасаю дабдабаси Миртожибойнинг қизиники сингари зоҳиран, яъни очиқ кўринмас, бироқ ботинан жуда сарбаланд эди. Яъни…
“Империал” деб аталмиш шаклан мўъжазгина, лекин ниҳоятда ҳашаматли, идиш-товоғидан тортиб, қошиқ-санчқисигача ўта қимматбаҳо – киборона ресторанда шаҳардаги “оғзи катта”лардан бири – Отабой Шавқиев ҳам… уйланмоқда эди.
Ёши олтмишни қоралаб қолган бу одамнинг кимлиги, нечанчи марта ва кимга уйланаётганлиги ҳақида ҳозир муфассал фикр юритмоқчи эмасмиз. Илло мавриди келганда, ҳаммасини ипидан-игнасигача билиб оласиз. Ҳозирча эса бу ҳақда қисқа ва юзаки бир маълумот бериб қўйиш билан чекланиб, асосий воқеаларимиз силсиласига қайтамиз. Ушбу силсиланинг қоқ ўртасига Шавқиевнинг тўйи ҳақидаги эслатмани киргизиб ўтганимизнинг боиси эса бир пайтга тўғри келиб қолганини таъкидлаш, холос. Уларни муқояса этиш эмас. Асосий сабаб – бу икки тўйнинг воқеан бир-бирига алоқадор экани, шу билан биргаликда, Отабой ота деб аталувчи бу анчайин ҳурматли зотнинг асаримизда ўзига хос ва ўзига мос ўрни борлиги билан боғлиқ. Шунга қарамасдан, ҳозирча биз унинг ва келиннинг исми-шарифи ҳамда кўҳна, лекин ҳамиша навқирон ушбу куёвтўранинг навбатдаги тўйларидан бири бўлаётгани ҳақида қисқача баёнот бериш билан чегараланамиз, холос. Ҳа, айтганча, бу тўйда одам кўп эмас. Нари борса, эллик-олтмиш чоғли киши. Аммо… қанақа кишилар! Ҳар бири ўн, юз, минг кишига татийдиган, ўйлашларича, юқори тоифали шахслар, бир сўз билан айтганда – киборлар. Улар олтин рангли шоҳсупа устида ёнма-ён ўтирган салобатли Отабой ота ва ойдай тўлиб ўтирган Ойчирой ойимга қараб, ўқтин-ўқтин:
– О-о! О-о! О-о! – деб қўйишар, бу куёв ва келин исмларининг биринчи ҳарфлари эмас, келиннинг нақадар ёш, нечоғлик гўзал эканлиги боис туғилган ҳадду ҳисобсиз ҳайрат ифодаси эди.
Тўйда ўртакашлик қилаётган халқ шоири Саноий жаноблари ҳам бу ҳайратга шерик эди ва ҳар икки гапининг бирини:
– Исмлари жисмларига ва бир-бирларига мосу монанд куёвтўра ва келинпошша, – деб бошлар ҳамда табрикларнинг деярли ҳаммасига қўшимча қилиб:
– Илойим айтганингиз келиб, Отабой акамиз қўчқордай ўғилларга ота, Ойчирой янгамиз бахтиёр она бўлиб юрсинлар, – деб қўяр эди.
Куёвтўра ҳар ана шу қўшимчани эшитар экан:
– Иншоолло… Ё илоҳо… Илоҳим… – деб пичирлар эди.
ЙИГИРМА БЕШ ЙИЛ АВВАЛ
Тоғлар қўйнидаги Шакарсой қишлоғи. Қуюқ арчазорлар бағридан бошланиб, улкан тошларга урила-урила шовуллаб пастга оқувчи чучук сувли кичик дарё соҳилида жойлашгани учун бу қишлоқни шундай деб аташади. Унинг аксар аҳолиси тоғда йилқичилик, чорвачилик, асаларичилик билан шуғулланади. Бу ернинг сут-қатиғию асалини минг дардга даво дейишади.
Тўтиё исмли қиз шакарсойлик чўпон – Холдорқулнинг тўнғичи. Мактабдан бўш пайтларида онаси ивитиб берган қатиқни Заркент бозорига олиб бориб, сотиб келади. Бўйи чўзилиб, сарғиш юзларининг тўри тарқаб, тиниқлашиб қолган. Дафъатан кўрган киши унинг мовий кўзлари, тилларанг сочларига қараб, “юнонми, грекми бу қиз”, деб ўйлайди. Унинг хушрўйлиги, келишган қадду қомати ҳар қандай одамнинг бошини айлантириб қўярди.
Гўзал бу қиз қатиқни ё арзон сотиб қўяди, ё насияга бериб юбориб, онасидан доим гап эшитиб юради.
Тунов куни дугоналаридан бири Заркентда қатиқ бозори касод бўлаётганини айтиб, “катта шаҳарга бормаймизми”, деб қолди. Эртасига она ризолиги олингач, икки дугона аввалдан шаҳарга қатнаб юрган Салима хола ҳамроҳлигида йўлга чиқишди. “Қозоқ бозор” деб аталмиш бозорчада тушгача савдо қилиб, олиб борган қатиқ-қаймоқларини сотиб бўлишди. Идишларини йиғиштириб, жўнашга чоғланаётганида йигирма беш ёшлар чамасидаги хушбичим бир йигит қатиқ сўради.
– Тамом бўлди, – деди Тўтиё.
– Афсус. Энди қачон олиб келасизлар? – деб сўради йигит.
– Келгуси якшанбада.
– Мен Шакарсойнинг қатиғини жуда яхши кўраман. Малол келмаса, алоҳида бир идишга солиб, уйга киритиб берасизларми?
– Уйингиз қаёқда? – деб сўради Салима хола гапга аралашиб.
– Мана шу бозорнинг орқасида. Йўлғунзор кўча, 5-уй, исмим Миртожи. Демак, келгуси якшанба кутаман-а?
– Яхши. Олиб келамиз, – деди Салима хола.
Якшанба куни Салима хола бозор билан ўралашиб, ҳалиги йигитникига киролмади.
– Сен борақол, холанг ўргилсин, – деди Тўтиёга.
– Вой, мен қандай бораман, бегона жой, бегона уй.
– Еб қўймайди, куппа-кундуз куни-я. Майли, дугонанг билан бор…
Икки дугона Йўлғунзор кўчасидаги бешинчи уйни дарров топишди. Дарвозани қорачадан келган бир кампир очди. Кичкина ҳовли. Саҳнада гулу райҳон экилган. Тўрдаги кичик хона деразаси очиқ. Беўхшовроқ овоз рубоб чертиб, хиргойи қилмоқда:
“Истасанг шу фалакдан
Ойни олиб бераман.
Юлдузлардан бўйнингга
Маржон тақиб қўяман…”
– Ҳа, Миртожи буюрганмиди, ҳозир, – деди кампир ва овоз келаётган деразага қараб қичқирди.
– Ҳой, Миртожи болам! Қатиғингни олиб келишибди. Олақол!
Миртожи чиқди. Чиройли қизил кўйлакда. Енглари шимарилган. Тунов куни Тўтиё эътибор қилмаган экан, ўзига ярашиқли мўйлов қўйибди.
– Э-э, тоғ гўзаллари қадам ранжида этибдилар-ку! Илтимосимни ерда қолдирмаганингиз учун минг раҳмат, – деди у Тўтиёга ҳайрат ва қизиқиш билан разм солар экан.
Икки дугона қатиқнинг пулини олиб, тезгина ортга бурилишди.
– Келаси якшанбада яна олиб келинг, агар… қийин бўлмаса, – деди Миртожи.
– Майли, – деди Тўтиё беихтиёр ортига ўгирилиб. Миртожи унинг изидан кўз узмай тикилиб турарди.
Янаги якшанба Тўтиёнинг бир ўзи келди. Биринчи келишида ҳовлининг эгаси кампир эканини, Миртожи бу ерда ижарада туришини билиб олган. Кампир борку, хавотирланмаса ҳам бўлади, деб ўйлаганди. Аксига олиб, бу сафар дарвозани Миртожининг ўзи очди. Хурсанд бўлди, қатиқни олиб, “бир минутга киринг, тунов кунги идишингизни олиб чиқаман”, деб қўярда-қўймай ҳовлига етаклади. Тўтиё райҳон ҳидига тўла ҳовлида қимтиниб турди. Миртожи ижарахонаси томон юрар экан, йўл-йўлакай тунов кунги ашулани хиргойи қилиб борди: “Истасанг шу фалакдан, ойни олиб бераман…”
Дафъатан Тўтиё “бу қўшиқни илгари қачон, қаерда эшитган эканман”, деб ўйлади. Ҳа, эсига тушди. Заркентда, кончилар маданият саройида.
Миртожи чиқди. Идишни берар экан, “Раҳмат сизга гўзал қиз”, деб Тўтиёнинг елкасига билинар-билинмас қоқиб қўйди. Тўтиёнинг бадани жимирлаб, боши айланиб кетди.
– Нечанчида ўқийсиз, париваш? – деб сўради Мир_ тожи. Тўтиё йигитнинг бу оҳангдаги саволидан унинг ширинсўзлими, ҳазилкашми, англолмади. Нуқул “гўзал, малак, париваш” деб гапиради.
– Ўнинчини битиряпман.
– Ўқишга кирасизми?
– Насиб этса…
– Албатта насиб этади, сарвиқомат дилбарим. Дарвоқе, ўша китобни ўқиганмисиз?
– Қайси китоб?
– “Сарвиқомат дилбарим”ни-да!
– Чингиз Айтматовникими?
– Ҳа.
– Ўқиганман.
– Санъатни севасизми?
– Санъатни ким севмайди?
– Яхши жавоб. Янаги келганингизда Шерали Жўраевнинг концертига олиб тушайми?
– Вой, йўғ-е. Мен… концертда нима қиламан.
– Сиз… Сиз Тўтиёхон, менга ёқиб қолдингиз. Йўқйўқ, ёмон маънода эмас. Худди синглимдек. Сўзининг устидан чиқадиган қиз экансиз. Дўхтирлар менга тоғнинг қатиғини ичинг дейишган. Ошқозоним чатоқ, ўшанга… Сиз менинг табибимсиз, қатиғингизни ича бошланимдан бери тузалиб қолдим. Яхшилигингизга яхшилик билан жавоб беришни истайман, йўқ деманг. Бозорингиз тугагандан кейин, соат тўртда концерт бошланади. Кечки автобусга ўзим чиқариб қўяман. Айтганча, истасангиз дугонангиз билан келинг, хўпми?
“Дугонангиз билан келинг” деган таклифдан Тўтиё жонланди. Шакарсой қишлоғи қизлари Шералини фақат телевизорда кўришган. Бир қойил қолдирса-чи ҳаммасини. Лекин…
– Ишонмаяпсиз-а, агар кўнглимда ёмон фикр бўлса, тил тортмай ўлай, жон синглим!
– Майли, дугонам билан бўлса… Маслаҳатлашиб кўрай-чи…
– Албатта-албатта… Лекин кутаман!..
Кейинги якшанбанинг келиши қийин бўлди. Чунки уни Тўтиё интизорлик билан кутди. Кўз ўнгида Миртожининг ёқимтой чеҳраси тез-тез жонланар, “жон сингил, дилбарим, гўзал қиз” деган сўзлари қулоқлари остида жаранглар, юрагининг тубида нотаниш, илиқ бир туйғу ўқтин-ўқтин жимирлаб қўярди!
Концерт эсда қоларли бўлди. Сабаби – таниқли хонанда ногаҳон: “Навбатдаги ашулани қадрдон укам Миртожининг талабига биноан айтаман”, деди-да, “Биринчи муҳаббатим”ни куйлаб юборди. Миртожи Тўтиёга ғурурланиб қаради.
Концертдан сўнг Миртожи Тўтиё ва дугонасини автобус бекатигача кузатиб қўйди. Автобусда уйга қайтишар экан, дугонаси Тўтиёга Миртожини мақтади.
– Яхши йигит экан. Эрга тегсанг, шунақасига тегсанг-да. Армонинг қолмайди.
– Қўй-е, дугон. Ҳали эрдан гапирма. Мен… ўқишга кирмоқчиман-ку.
– Барибир… Бу йигитни қўлдан чиқарма…
Тўтиё ўша йили ўқишга киролмади. Миртожи билан энди фақат якшанба кунлари эмас, ҳафтанинг уч кунида кўришадиган бўлди. Чунки чоршанба ва жума кунлари ҳам шаҳарга қатиқ олиб тушарди.
– Келаси йил албатта кирасиз, сулувим, – дерди Миртожи ҳар сафар учрашганларида. Тўтиё энди анча дадиллашган, бир-икки бор Миртожининг ижарахонасига кириб, чой ҳам ичди. Миртожи унга “сизни синглимдай кўраман” дегани учун ортиқча ҳаракатлар қилмас, лекин тилидан “жоним-жоним” тушмас, афтидан орадаги ака-сингиллик тўсиғини олиб ташлаш учун баҳона қидирарди.
Баҳонани Тўтиёнинг ўзи топиб берди.
– Яхши кўрган қизингиз йўқми? – деб сўради у учрашувлардан бирида.
– Йўқ, шу пайтгача яхши кўришга арзийдиган қизни учратмадим… сиздан бошқа, – деди йигит.
Тўтиё қизарди. Бу гап ёққанини билдириб қўйди.
– Сиз эса… синглимсиз, холос. Ё… синглимдан ҳам яқинроқ бўлишни истармидингиз?
– Сингилдан яқин ким бўлади? – деб сўради Тўтиё.
– Сингилдан яқин севикли ёр, ёстиқдош маҳрам, вафодор маҳбуба-да, азизам, – деди Миртожи. – Менга… кўнглингиз қандай?
– Ғалати савол, – деди ўпкалаган оҳангда Тўтиё. – Нима деганингиз бу?
– Бу… Сизни яхши кўраман, сиз ҳам мени яхши кўрасизми, деганим Тўтиё.
– Яхши кўрсангиз, совчи қўйиб, ота-онамнинг розилигини олинг.
– Ўзингиз-чи, ўзингиз розимисиз?
– Ота-онам рози бўлса, розиман…
– Жоним, азизам, севгилим, гўзалим!
Миртожи шу сўзларни айтиб, Тўтиёни бағрига босди. Юзидан ўпди. Тўтиё йигит кишининг қучоғига илк бор тушаётгани учун дафъатан саросимага тушиб, қаршилик қилишга улгурмади. Аввал юзида, сўнгра лабларида Миртожининг иссиқ нафасини ҳис этиб, боши айланди. Бир зум чойга тушган қанддек эриб мажолсизланди. Ногаҳон Миртожининг қўллари кўйлакларининг тугмаларини ечгач, қиз ўзига келди. Миртожининг кўксидан итарди, қучоғидан сирғалиб чиқди. Шоша-пиша кўйлакларининг тугмаларини қадади.
– Уялмайсизми, ахир… Ҳали тўй бўлмасдан, – деди ўпкаланиб.
– Тўй бўлади, жоним, тўй албатта бўлади…
ТЎЙДАН КЕЙИНГИ МУНОЗАРА ЁКИ ЧИМИЛДИҚДАГИ ТАНИШУВ
Тўй тугаб, меҳмонлар тарқалгач, қуда томонлар ўртасида қисқа, лекин кескин мунозара бўлди.
– Миртожибой, дўстим, мени бунақа шарманда қиласиз деб ўйламагандим, – деди Қолдибек.
– Қанақа шармандалик? Қизиқмисиз? Ҳаммаси рисоладагидек бўлди-ку. Лайло бўлмаса, ана Шаҳло. Ҳар қалай тўй бузилмади-ку!
– Лайло қизингизнинг яхши кўргани бор экан, аввалроқ айтмаганмиди?
– Айтмаган. Лайло ҳеч кимни яхши кўрган эмас. Афтидан, уни мажбурлаб олиб қочишган. Мен ўша аблаҳни ернинг остидан бўлсаям топиб, жазосини бераман.
– Ўз оёғи билан чиқиб кетди, деяпти-ку. Шундоқми Фарҳод, айт-чи, – деди нарироқда турган ўғлини чақириб.
– Ҳа, сочимни тузатиб келаман, деб чиққанди…
– Билмадим-билмадим. Аммо қизимнинг бунақа қилиши сираям ақлга сиғмайди. Майли, бу томонини бизга қўйиб беринглар. Шаҳло қизим Лайлодан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Шаҳло! Бери кел қизим!
Шаҳло нарироқда – ўз онаси ва қайнона бўлмиш аёл қуршовида турарди. Сал ийманиб, эркаклар ёнига келди.
– Аввало, оиламиз шаънини сақлаш мақсадида қилган бу ишинг учун сендан у дунёю бу дунё розиман, – деди Миртожи. – Эндиги гап шуки, Фарҳодга садоқатли хотин, дўстим Қолдибек ва оиласига яхши келин бўлиб, юзимизни ерга қаратма! Фарҳодбек, ўғлим. Сиз… мард йигитсиз. Бизнинг оила томонидан бўлган шу озгина англашилмовчиликни тўғри тушуниб, кечириб, қизимни хафа қилмайсиз, деган умиддаман.
Фарҳод индамади. Ерга қаради. Бир зумдан кейин пастроқ овозда:
– Эртага… Бу гап бутун шаҳарга тарқалади, – деди.
– Тарқалса тарқалар. Одамлар гапириб-гапириб қўяди, – деди Қолдибек.
– Тўғри, оғзига кучи етмаганлар гапирса гапирар. Энди, дўстим Қолдибек, ҳовлингизга бориб, ёшларнинг никоҳини ўқитайлик-да, кейин бизлар қайтайлик. Мулла айтилганми?
– Ҳаммаси тайёр!..
Никоҳ ўқиш маросимидан сўнг янги қурилган шоҳона уйда келин-куёв ёлғиз қолишди.
– Сизни аввал кўрмаган эканман, – деди Фарҳод.
– Ўқишда эдим-ку, Лайло айтмаганми? Тўйдан уч кун олдин келдим.
– Ростини айтсам… Лайло билан ҳам атиги икки марта кўришгандик. Мен яқинда Америкадан қайтдим. У ёқда уч йил ўқидим. Аслида ҳали уйланиш ниятим йўқ эди. Илмий ишим бор. Сизнинг ўқишингиз битганми?
– Энди бир йили ўтди. Боя отам: “қизим, обрўйим тўкилмасин, нима бўлсаям, энди бугун келинлик либосини киясан”, деб туриб олди… Билмадим, тўғри қилдимми, йўқми. Сиз ҳар қалай Лайлони икки марта кўриб, маъқул топгансиз. Энди менга қараб: “буёғи қандоқ бўлди”, деб ўйлаб ўтирган бўлсангиз керак. Мен Лайлога ўхшаб чиройлиям эмасман…
– Йўқ-йўқ, унақа деманг. Гап чиройда эмас. Қолаверса… Ҳуснда ҳам ҳеч кимдан кам жойингиз йўқ.
– Наҳотки Лайло сизга йигити борлигини айтмаган бўлса? Ўзи сизга “розиман” деганмиди?
– Айтганди. “Бир йигит орқамдан юрибди. Лекин отам ҳеч қачон унга бермайди. Шунинг учун сизга тегишга розиман”, деганди.
– Қизиқ. Америкада ўқибсиз. Наҳотки, яхши кўрган қизингиз бўлмаса?
– Ростини айтсам, ўқиш билан бўлиб, бу ҳақда ҳаттоки ўйлаб ҳам кўрмаган эканман. Отам “уйланмасанг бўлмайди”, деб туриб олганларидан сўнг… Аслида яхши кўриш, севиш деган тушунчаларга ҳам бироз кенгроқ қарайман. Оила – бу икки одамнинг манфаатли ҳамкорлиги. Америкада “Никоҳ битими” деган тушунча ҳам бор, эшитганмисиз? Дарвоқе, қаерда ўқийсиз ўзи?
Шаҳло кулиб юборди.
– Ҳақиқатан ҳам жуда ғаройиб бўлди-ку. Никоҳдан сўнг чимилдиқ ичида танишяпмиз. Йигирма биринчи асрда-я!
– Менимча, бунда ҳам ўзига хос романтика бор. Биз ҳар қалай чимилдиққача бир-биримизни кўрдик-ку. Илгарилари…
– Мен чет тиллари институтида ўқияпман. Француз тили бўлимида.
– Инглизчани ҳам ўргандингизми?
– Ҳа, иккинчи тил сифатида.
– Бўлмаса… келинг, инглизча гаплашамиз.
– Келинг…
Инглизча суҳбат анча чўзилди. Тун тугаб, уфқ оқара бошлади. Куёвбола гоҳ-гоҳида чимилдиқ ортига солинган парқув тўшакка ўғринча нигоҳ ташлаб қўяр, аммо келинга яқинроқ сурилишга, унинг нозик ва оппоқ қўлларини ушлашга ўзида на журъат, на жасорат топа оларди.
Келин боя – никоҳ ўқиш маросимидан олдин оқ либосини ғоят бежирим атлас кўйлакка алмаштириб олганди. Ва ҳозир нимқоронғи хонада қип-қизил чўғдек ёниб турар, эҳтимол, шу боис Фарҳод бу чўғни ногаҳон ушлаб, куйиб қолишдан қўрқаётгандек, фақат гапирарди. Ниҳоят суҳбат тугаб, улар бир-бирларининг нигоҳларига қарай олмай жим қолишди.
– Дам оласизми, бўлмаса? – деди Шаҳло.
– Майли, – деди Фарҳод.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?