Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
– Йўқ. У энди Кипрда яшолмайди. Энди у Жанубий Америка тарафга, Эквадор мамлакатига учган. Чамаси самолётдан тушиб, яна бошқа давлатга кетади. Бирон бир оролни сотиб олиб, ўша ерда Робинзон Крузо сингари ёлғиз яшайди. Шундан бошқа чораси ҳам йўқ. Юртига қайтиб боролмайди. Энди у ерда Шавқиев сингари одамларга нон қолмади. Европа мамлакатларида юролмайди. Чунки интерполиция унинг халқаро террорчилар билан алоқаси борлиги ҳақидаги маълумотларни барча давлатларга тарқатган. Бир сўз билан айтганда, сичқоннинг ини – минг танга. Қувғинди ит, ярадор шоқол сингари пана-пастқамда яшириниб юришга мажбур. Лекин биз уни барибир топиб оламиз.
– Қўйинг, айтганингиздай бўлиб юраверсин. Ортиқча ташвиш, даҳмазанинг нима зарурати бор?
– Эҳ Нозимжон, нақадар инсонпарвар, раҳмдил йигитсиз-да! Наҳотки, шунча гаплардан кейин яна унга шафқат қилиш ҳақида ўйлаётган бўлсангиз?
– Йўқ, мен шафқат ҳақида эмас, адолат тўғрисида фикр юритяпман. Хўш, биз қотил ёллаб, уни топиб, ўлдириб юборсак, адолат қарор топадими?
– Нима, уни ўзингиз, ўз қўлингиз билан ўлдирмоқчимисиз?
– Тушунмадингиз. Умуман, уни ўлдириш билан масала ҳал бўлармикан?
– Албатта! Битта илоннинг боши янчилса, қанча-қанча одамларнинг ҳаёти сақлаб қолинади. Ё мен ноҳақ гапиряпманми?
– Ҳақсиз, биродарим Диоген, сиз мутлақо ҳақсиз. Лекин мен нима учундир унинг ўлдирилишини хоҳламаяпман. Унга раҳмим келаётганидан эмас. Аксинча, бу чора уни жазолаш учун камдек туюлаяпти.
– Бўлмаса айтинг, нима қилиш керак? Балки, уни излаётган давлатлардан бирига тутиб бериш керакдир?
– Бунақа иш бизга ярашмайди. Уни излаётган давлатларнинг полицияси, хавфсизлик хизмати бор. Кучсалоҳияти етарли бўлса, ўзлари ушлаб олишади.
– Йўқса, нима қил дейсиз? Нима қилиш керак?
– Айтаман, вақти келсин. Ҳозирча мени унинг ҳар бир қадамидан хабардор қилиб турасиз. Кейин дўстларга айтинг. Шавқиев билан бизнес, олди-сотди борасидаги ҳамма алоқаларни узсин. Банклардаги сармоялари музлатиб қўйилиши зарур.
– Мақсадингизни тушундим, – деди Диоген. – Сиз уни гадо қилиб, оч-яланғоч қилиб, азоб-уқубатда ўлдирмоқчисиз, қойил, мана буни қасос деса бўлади.
* * *
Орадан яна кунлар ўтди. Нозим ғам-алам таъсиридан буткул қутулмаган бўлса-да, вужудида ички бир сокинлик ҳис эта бошлади. Шу орада Афинага қўнғироқ қилиб, кичкина Нозимжон тарбияланаётган пансион бекаси билан таржимон орқали гаплашди.
– Бола соғлом, иштаҳаси яхши. Кўнгилдагидек яйраб ўсяпти, – деди бека. – Менинг гапимга қулоқ солсангиз, уни ақалли ёшига етгунча биздан олиб кетманг. Чунки у бу ердаги муҳитга ўрганди.
– Яхши. Унда… сизга ишонаман. Фақат… шахсан ўзингиз жавобгарсиз. Тушунарлими? Мен эса хизматингизни эътиборсиз қолдирмайман.
– Ишончингиз учун раҳмат, – деди бека.
Ўтган кунлар мобайнида Нозим бундан кейинги ҳаёти ҳақида кўп ўйлади.
Баҳодирнинг таъзияси муносабати билан юртга қилган сафари давомида юз берган, сиртдан қараганда, аҳамиятсиздек туюладиган, аслида ҳаётини тамоман янги изга солиб юбориши, аниқроғи, асли қадим ҳолатига қайтариши мумкин бўлган бир манзара кўз ўнгида мустаҳкам ўрнашиб қолди. Бу ҳолат гўё Нозим шу йўналишда дадил қадам ташлаши зарурлигини эслатаётгандек, акс ҳолда яна янгидан-янги саргузаштлар, муаммо ва ташвишлар туғилавериши мумкинлигидан огоҳлантираётгандек. Манзара аэропортда, Миртожи, Нозим ва онаси самолётдан тушиб, кутиш майдончасига кириб борган чоғларида юз берди. Уларни Лайло ўғли билан биргаликда кутиб олди. Нозим уларга узоқдан кўзи тушган заҳоти юраги “жиз” этди. “Ўғлим, менинг ўғлим!” деган фикр чақнаб кетди миясида. Лайло менга кўрсатиш учун атайлаб олиб чиқдимикан, деган хаёлга борди. Йўқ. Лайло унинг Миртожи билан бирга қайтишини билган эмас-ку. Бу – тасодиф. Ёқимли, тасодифий манзара. Бу ҳолатдан Нозим дастлаб саросимага тушиб қолди. Ўғлим билан қанақасига юзлашаман, у мен билан кўришармикан, деган ўйлар қуршовида қолди. Ўзи-чи, ўзи? Фақат исми Миршоди эканини билади, холос. Шунча пайтдан бери ақалли бир маротаба кўрмаган. Бир-икки марта кўришга ҳаракат қилган чоғларида Лайло билан тил топиша олмади. Дарвоқе, ҳозир – айни дамда Лайло ўғлининг Нозим билан кўришишига монелик қилмасмикан?
– Қани Миршодижон, ўғлим, дадангиз билан бир ачом қилиб кўришинг-чи!
Миртожининг овози карахт ҳолда турган Нозимни ҳушига келтирди. Болакай бир лаҳза иккиланиб турди-да, Нозим сари қадам ташлади. Нозим чаққонлик билан пешвоз чиқиб, уни бағрига босди. Шунинг баробарида Лайлонинг ерга қараб турганини илғашга улгурди.
Сўнг улар тарқалишди. Нозим онасини олиб тўғри Мунисникига жўнади. Миртожи йўл-йўлакай уйга ва идорага кириб, кейин дафн билан боғлиқ масалаларни суриштириб ўтадиган бўлди.
– Қўшоқбой ҳаммасини ташкиллаштириб қўйган бўлиши керак, – деди у. – Чаласи қолган бўлса, тўлдирилади.
Дафн маросими, худойи давомида у на Лайлони, на Миршодини кўролди. Қайтиб кетиши зарурлиги туфайли Миртожи билан ҳам бафуржа гаплаша олмади. Фақат кетар чоғи бир оғиз илтимос билан унга бўлган муносабати батамом ўзгарганини ифодалаб кетди.
– Миртожи ака, энди мен онам билан Мунисни у ёқларга судраб юрмоқчи эмасман. Агар айбга буюрмасангиз, ўзингиз улардан бохабар бўлиб туринг, дея илтимос қилмоқчи эдим.
Миртожининг чеҳраси кундай ёришиб кетди. Бунинг сабабини Нозим билди. Самарадан самолётда келаётганларида Миртожининг Тўтиёга худди ўсмир йигитлар сингари ҳаяжон, тортинчоқлик ва яна аллақандай сирли бир тарзда муносабатда бўлаётганини кўриб, кўнглидан беихтиёр: “Чол яна қайтадан ошиқи беқарор бўлибди-ку”, – деган ҳазиломуз фикр ўтганди. Бугун эса ҳалиги гапни айтишдан олдин бир қадар истиҳола қилди. “Илтимосимдан “онамга эр бўлинг” деган маъно келиб чиқиб қолмасмикан”, деб ўйлади. Кейин ўзига: “Хўш, нима бўпти, ахир онам бу одамни бир умр севганини, бир умр кутганини яхши биламан-ку, бу одам ҳам азбаройи онамга бўлган муҳаббати туфайли менинг энг оғир жафоларимни ҳам кечириб юборди-ку, кечиримли бўлишни шу одамдан ўрганиш зарур…” – деди.
Қайтаётиб, самолётда кечиримли бўлиш ҳақида яна узоқ ўйлади. Миртожига такрор ҳавас қилди. Отабой Шавқиев унга қилган шунча жабру жафоларга қарамасдан Нозим учун, ўзига душманлик қилган бир қизиққон одам учун яна ўша кимсанинг ҳузурига ёрдам сўраб борганини эслади. Бу ҳодисани Нозим илгари бошқача таҳлил этиб, бошқача баҳо берган эди. “Онам учун, онамнинг юзидан ўтолмагани боис” деб ўйлаганди. Энди бўлса, “Ҳамма гап Миртожининг ўзида, у ўзидаги қасос алангасини ўчириб ташлай олганлигида”, деган хулосага келди. Хўш, нега Миртожи шундай қилган? Ахир ўзининг кўрган азоблари, чеккан азиятлари, лоақал ўғлининг ўлими учун қасос олиши мумкин эди-ку! У бўлса ҳаммасини унутган. Ҳаммасини кечирган. Нега? У қўрқоқлик қилдими? У таслим бўлдими? Тақдирга тан бердими? Йўқ, униси ҳам, буниси ҳам эмас. Миртожи қасоснинг бефойда, ҳалокатли нарса эканини тушунган. Қасос туйғуси шундай силсилаки, вақтида шартта кесиб ташламасанг, ҳеч қачон тугамайди. Миртожи кесиб ташлаган, шунга ўзида журъат ва жасорат топа олган. Нозим энди буни яхши билади. Чунки ўзида ҳам ана шундай жасорат топишга ҳаракат қилмоқда. Фақат… фақат Нозим Отабой отани кўр-кўрона кечирмоқчи эмас. Кечиришга, унинг умрига қасд қилмасликка тайёр. Фақат айни пайтда Шавқиевдан келгусида бояги даҳшатли силсилани давом эттириш имкониятини олиб қўйиш керак. Уни асл ҳолига, инсон ҳолига қайтариш зарур. Худди ана шу хулоса таъсирида Нозим Самарага қайтиб келгач, Диоген билан суҳбатда Шавқиевни тирик қолдириш кераклигини шарт қилиб қўйди.
– Биродарларга айтинг, Отабой отанинг ҳаётига ҳеч ким дахл қилмасин, – деди.
Диоген бўлса, Нозим Шавқиевга узоқ ва сурункали азоб бериб, лаззатланмоқчи бўляпти, деб ўйлади. Майли, шундай ўйлайверишсин. Аслида Нозим энди ҳеч кимга азоб бермоқчи эмас. Энди у одам қасосдан эмас, кечиримли бўлиш, яхшилик қилиш, бошқаларга ён бериш ва бундан кўпроқ ҳузур-ҳаловат топиши мумкинлигини тобора чуқурроқ англаб бормоқда, у яна шуни тушундики, инсон ўз олдига қанақа мураккаб вазиятларни, улкан мақсадларни қўймасин, ҳамма қатори оддий бир одам сингари яшаши: хотин, бола-чақа, қариндошу дўст-биродарлар ҳақида қайғуриши, тўй-маърака ташвишида юриши, қўни-қўшни, маҳалла-кўйга аралашиши керак экан. Ҳаётнинг энг оддий ва энг улуғ маъноси шундан иборат экан.
“Бундан буён фақат яхшилик ва эзгу ишлар ҳақида ўйлашим керак, – деди у. – Бугун эрта тонгда туриб, Москва сафарига отланар экан, Якубовскийнинг васиятини бажаришим, Амалиянинг руҳини шод этиб, Нозимжон ўғлимни соғ-саломат вояга етказишим, Миршоди ўғлим билан яқин муносабат ўрнатишим, иложи бўлса… Лайло билан ақалли дўстлашишим керак. Бунинг учун лозим бўладиган барча ишни қиламан” – дея хаёл қилди.
МОСКВАДАГИ УЧРАШУВ
Москва. “Метрополь” меҳмонхонасининг мажлислар зали.
Қурилиш ва бинокорлик саноати маҳсулотлари мавзусига бағишланган халқаро анжуманнинг иккинчи кунида Мардига сўз берилди. Раислик қилувчи уни мажлис аҳлига таништирар экан:
– Бу киши раҳбарлик қилаётган компания айни кунларда тез суръатлар билан ривожланмоқда. Қатор мамлакатларга замонавий бинокорлик ашёлари экспорт қилиш билан биргаликда, ўз меъморчилик-дизайн гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган лойиҳалар асосида супер-элита русумидаги бино ҳамда иншоотларни қуриб бермоқда, – деди.
Марди қисқа гапирди.
– Ютуқларимиз мақтанадиган даражада эмас. Ўзбекистон– Қозоғистон– Туркия вакиллари иштирокида уч томонлама қўшма корхона тузганмиз. Ҳозирги пайтда пойтахтимиз, мамлакатимизнинг турли вилоятларида, шунингдек Қозоғистоннинг янги пойтахти – Остона шаҳрида қурилиш ишлари олиб боряпмиз. Пишган ғишт, сопол ва металл черепицалар, шифер, турли хил кошин ва кафеллар ишлаб чиқарадиган бешта корхонамиз бор. Уларнинг маҳсулоти ҳамда компаниямиз бунёд этган иншоот ҳақида ҳикоя қилувчи буклет ва проспектлар сизга тарқатилган…
Марди маърузасини тугатиб, залга қайтиб тушар экан, орқароқда ўтирган таниш чеҳра эътиборини тортди. Кўзларига ишонмади. “Наҳотки… Нозим-ку! Бу томонларда нима қилиб юрибди? Ёки адашдимми? Одам одамга ўхшайди. Баъзида худди икки томчи сувдек. Ажратолмайсан…” Жойига ўтиргач, кейинги ойлардаги воқеаларни кўз олдидан ўтказа бошлади.
Марди Нозимни кўрмаганига ҳам анча бўлганди. Янглишмаса, бу ҳув ўша Отабой ота уюштирган, бироқ ўзи қатнашолмай, қочиб кетган зиёфат чоғида учрашганди охирги марта. Шундан сўнг Миртожидан унинг хорижга кетгани, у ёқда россиялик хотини ва қайнонаси фожиали ҳалок бўлгани, кейин Нозим уларни Самарага олиб келиб кўмгани ва яна ўша ерда ишлай бошлаганини эшитганди. Ўшандан кейин Нозим ҳақида суҳбатлашишнинг мавриди бўлмади. Чунки Қозоғистондан катта буюртма олингач, Мардининг бир оёғи ўша ерда бўлиб қолди. Миртожи билан кунора қўнғироқлашиб туришса-да, “Ҳорманг, саломат бўлинг”дан нарига ўтишмайди. Миртожи унга халал бериш, чалғитишни хуш кўрмайди. У соғлиғини анча мустаҳкамлаб, Лайло билан бирга фирма идорасида ўтирадиган бўлган. Расман фирма бош менежери, яъни иш бошқарувчиси – Лайло. Миртожи норасмий маслаҳатчи. Шунга қарамасдан, ишнинг катта қисми отасининг зиммасида. “Лайло ҳали ёш, бу соҳада тажрибаси кам. Шу боис озгина қўллаб турмасам бўлмайди”, деди у. Ҳолбуки, Лайло ҳам пишиб кетди. Отасининг боласи-да. Хуллас, ота-бола ишни яхши олиб боришяпти. Шунинг учун Мардибой орқасига қарамайди. Қўшоқбой Остонада туриб, ўша ердаги ишларга раҳбарлик қилади. Мардининг ўзи ҳам аслида она шаҳрида ўтириб, барча ишларга раҳбарлик қилса ҳам бўлар эди. Бироқ, у бир жойда ўтиролмайди. “Йўл юрсам, йўл-йўлакай хаёлимга яхши фикрлар, янги ғоялар келаверади”, дейди у Миртожига. Қозоғистонда ишлаш ғояси ҳам йўлда туғилган эди. Бироқ, аввалбошда туркияликлар билан очилган қўшма корхонага қозоғистонлик шерикларни жалб этиш ва Остона қурилишларидан буюртма олиш осон бўлмади. Чунки рақобатчилар – дунё бўйича донғи кетган фирмалар. Қолаверса, Қозоғистонга масофа яқин бўлгани билан қўллайдиган таниш-билиш деярли йўқ. Шуларни ўйлаб, боши қотиб юрган кунларнинг бирида Қўшоқбой уйига, меҳмоннинг олдига зиёфатга таклиф этиб қолди.
– Қанақа меҳмон, – деди Марди бепарво.
– Қозоғистондан. Қариндошлар. Ўн йилча олдин кўчиб кетишганди. “Томирлардан бир хабар олайлик”, деб келишибди.
Мардининг кўзи чақнаб кетди.
– Қаеридан? Қозоғистоннинг қаерида яшашади ўша қариндошларингиз, – деб сўради. Қўшоқбой қўшни мамлакат чўлидаги узоқ бир вилоятни айтди.
– Унинг аҳамияти йўқ. Қани, кетдик, – деди Мардибой Қўшоқбойни ҳайрон қолдириб. – Ҳозироқ мени ўша қариндошларингиз билан таништирасиз.
Хуллас, уч ойдан сўнг, қўшма корхона таркибига Қозоғистон вакиллари киришди. Яна уч ойдан сўнг қардош қўшни давлатдан биринчи буюртма танлов тендер асосида ютиб олинди. Шундан сўнг Қўшоқбой қўшни давлатда мунтазам ўтирадиган, Мардибой эса асосий вақтини йўлда ўтказадиган бўлди. Биринчи марта салкам бир ой муддатга жўнаб кетишдан олдин Миртожига маслаҳат солди.
– Бу ердаги ишларга Лайло қараб турса, уни бош менежер этиб тайинласак, қалай бўларкин? Тажри баси ҳам ошиб, тасаввур ва тушунчага эга бўлади. Қолаверса, билмаган жойларини ўзингиз ўргатиб турсангиз…
– Майли, – деди Миртожи. – Сиз агар шундай қарорга келган бўлсангиз, демак, уни анчадан бери кузатиб, синовдан ўтказиб келгансиз. Бундан чиқди, Лайло эплайди. Аммо у рози бўлармикан? Илмий иш қиламан деб юрибди-ку.
– Сиз айтсангиз, кўнади, – деди Мардибой. – Лайло бизнес ишига жуда қизиқади. Табиатан ишбилармон. Ўзини четга олиб юришининг сабаби эса… мендан сал тортиняпти. Энди тортинмаса ҳам бўлади. Мен кўпроқ четда юришимга тўғри келяпти-ку. Бу ерда ундан бошқа яқин, ишончли одамимиз йўқ. Шуни унга тушунтирсангиз…
Миртожи ўша куни кечқурун Лайло билан гаплашди. Идорадаги ишни илмий иш билан қўшиб олиб бориш мумкинлигини уқтирди.
– Менинг изимни энди сен босишинг керак, қизим.
Лайло кўп тихирлик қилиб ўтирмади. “Майли, агар ўзингиз ёрдам берсангиз”, деди. Миртожи эртасига Мардига суҳбат натижасини айтди. Лайлонинг шартини ҳам эслатди. “Қийналган жойига айтганингиздек, маслаҳат бериб турармиз. Аммо-лекин тайинлашдан олдин ўзи билан батафсил суҳбатлашиб, йўл-йўриқ беринг. Нималарга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини тушунтиринг”, деди.
– Албатта, албатта суҳбатлашаман, – деди Марди ва Лайлони фирма идорасига эмас, кечки пайт “Дўстлар дийдори” номли шинам қаҳвахонага таклиф этди.
Лайло кейинги пайтлар тадбиркорлик ишларидан ўзини бир қадар четга олиб, иқтисод фанлари номзодлиги учун диссертация устида иш бошлаган эди. Бизнесдан четлашганига сабаб, Мардибойнинг турмуш қуриш ҳақидаги таклифини қабул қилмагач, ўзини унинг олдида ноқулай ҳис этар, ҳар куни учрашиб, унинг ярасига туз сепмаслик керак, деб ҳисобларди. Бундан ташқари, отаси соғлиғини анча тиклаб, идорага деярли ҳар куни келадиган бўлди. Шунда Лайло унга:
– Энди мен ҳам ҳадеб бу ерда ўралашмай, илмий иш билан шуғуллансам, – деди. Миртожи унинг раъйини қайтармади. Мардига айтди, унчалик жиддий қарамади. Кулиб қўйди. “Бу бир баҳона, мақсад мендан узоқроқ юриш”, деди ичида. Лекин Лайлодан хафа бўлмади. “Юракка буюриб бўлмайди”, дея ўйлади.
Ўзи ҳам не-не қизларни учратса ҳам, бирортасига кўнгил қўёлмаётганини ана шу сабаб билан изоҳлар эди. “Қизиқ, Лайлони бу қадар қаттиқ яхши кўришимга сабаб нима экан?” – деб ўйлар эди бот-бот. Ҳолбуки, бу саволнинг жавобини Лайло охирги очиқ мулоқотлари чоғида айтган эди.
– Ҳали мендан кўра минг марта яхшисини учратасиз ва ўшанга минг чандон қаттиқ кўнгил қўясиз.
Бошқаси эса ҳадеганда учрай қолмас эди. Ҳар қалай Лайлонинг гапи барибир ўз тасдиғини топди. Марди энди ундан умид йўқлигига буткул ишонди. Уни тўғри тушунишга ҳаракат қилди. “Нозим алдаб кетгани боис эркак зотидан кўнгли буткул қолиб кетган”, деб ўйлади. Ҳолбуки, шахсий ҳаёти ҳақида энди умуман ўйламас экан, уни бизнесга чуқурроқ олиб кириш керак.Шахсий турмушда оғзи куйган аёллар тиришқоқ, бизнесга жон-жаҳди билан берилган бўлади. Улар улкан вазифаларни бемалол уддалаши мумкин. Дарвоқе, илмий иш қилаётгани ҳам тасодиф эмас.
Шу хаёллар оғушида оқшом “Дўстлар дийдори”да Лайло билан кўришди. Бу галги суҳбатлари ортиқча ҳис-ҳаяжондан холи, асосан иш ҳақида бўлгани боис жуда қизиб кетди. Лайло фирманинг тузилиши, фаолияти ҳақида етарлича тасаввурга эга эди. Шу боис Марди унга асосан кейинги ўзгаришлар, эндиликда нималар қилиш зарурлиги хусусида гапирди.
– Пировард мақсад – қўшма корхонамизни трансмиллий, яъни фаолияти бир-икки давлат ҳудуди билан чекланмайдиган улкан компанияга айлантиришдан иборат, – деди у.
– Хориж билан ишлаб, оғзингиз куйгани эсингиздан чиқиб кетибди-да, – деди кулимсираб Лайло.
– Ўтган ишга саловат, Лайло, – деди Мардибой. – У пайтлар замон бошқача бўлган. Тажриба ҳам йўқ эди. Оғзимиз куйгани рост. Аммо энди қатиқни ҳам пуфлаб ичамиз. Пухта бўламиз. Бизнес тараққиёти битта мамлакат ҳудуди билан чекланмайди. Эспорт, импорт, трансмиллий муносабатлар… Шулар инобатга олинмаса, бозордаги оддий олиб-сотарлик қобиғидан чиқолмай қолиб кетамиз. Тезлашиш керак.
– Тўғри айтасиз, – деди Лайло. – Лекин тезлашиб олгандан кейин, зарур пайтда тўхташни унутиб қўймасангиз бўлди.
– “Қўймасангиз” эмас, “қўймасак” деб гапиринг. Кемага тушганнинг жони бир. Ундан ташқари, худди ана шунинг учун, яъни тўхташ, нафас ростлаш керак бўлганда асқотишингизни ўйлаб, сизни бош менежерликка тайинлаяпмиз-да! Бу ёғи энди кўпроқ ўзингизга боғлиқ. Бу ердаги ишлар тўлалигича қўлингизда бўлади.
– Сиз эса маза қилиб хорижда, океан ва денгиз соҳилларида, оромгоҳларда дам олиб юрасиз Отабой Шавқиевга ўхшаб. Шундайми?
– Ҳаммага ўхшатсангиз ҳам, илтимос, ўшанга ўхшатманг. Ахир унда бешта хотин, менда эса битта ҳам йўқ, – деди кулиб Мардибой.
– Шу-да! Ҳатто хотин олишдан ҳам ўзини тўхтатолмаган. Оқибати эса кўриб турганингиздек. Айтинг-чи, нима бўлибди охир-оқибати? Топиб келиб қамашибдими?
– Ҳозирча олиб келишгани йўқ. Айтишларича, бошқа бир давлат фуқаролигига ўтиб олган. Аммо бу ердаги мулкларнинг ҳаммаси мусодара этилган. Ўзиям йигирмата уй-жойи бор экан. Эшитишимча, у ёқда ҳам молиявий муаммоларга учраб, банклардаги пулларни ололмасдан юрибди. Хуллас, ишлари орқага кетган. Теварагидаги шериклари ҳам тўрт томонга тарқаб кетишган. Сиз айтаётган беш хотиннинг бирортасини ҳам ўзи билан олиб кетмаган. Барчаси тақдир измида қолиб, ақалли яшаш учун бирорта уйни ўзларига олиб қолиш учун судма-суд югуриб юришибди. Ҳа, айтганча, Нозим билан онаси турган ҳовли ҳам Шавқиевга тегишли бўлганини эшитганмидингиз? Ўша ҳовли ҳам мусодара этилди.
– Хабарим бор. Тўтиё хола сиз таклиф этган уйга кўчиб келмаяпти-ку.
– Ҳа, у қизининг уйида яшашни маъқул кўрибди. Қизи боласи билан ёлғиз. Дарвоқе, Нозимга таъзия билдириб қўйдингизми?
– Ҳа. Баҳодир аканинг маъракасида қатнашдик-ку.
Марди шу топда Лайлонинг гапини эслаб, “Агар кўрган одамим Нозим бўлса, бу ёқларда нима қилиб юрибди?” – дея ҳайрон бўлди. Шу орада танаффус эълон қилиниб, мажлис аҳли оёққа қалқиб, ташқарига йўналди. Нозим эшик ёнида кутиб турган экан. Бағрини очиб, пешвоз чиқди. Мардибой у билан қучоқлашар экан, ҳайрати давом этди. “Бахайр? Биз ахир гарчанд Миртожи ака душманлик муносабатларига чек қўйган бўлса ҳам, икки қутб одамлари эдик-ку”.
– Саломатмисиз, Миртожи ака яхши юрибдими? – деди Нозим.
– Шукр, ҳаммаси яхши, – деди Мардибой ўзини бирмунча ўнғайсиз ҳис этиб. – Бошингизга тушган мусибатлардан хабардорман. Таъзиямни қабул қилинг. Бандалик экан, ўша кунлар узоқда бўлганим учун маъракаларда қатнашолмадим.
– Раҳмат дўстим. Ўзингиз яхшимисиз? Маърузангизни диққат билан тингладим, ишларингиз яхши экан, хурсандман.
– Унчалик эмас, – деди Мардибой. – Энди-энди оёққа туряпмиз…
– Камтарлик қилмай қўя қолинг. Қанақа зўр иморатлар қурганингизни эшитдим. Очиғи, мен бу ерга сиз билан учрашиб, баъзи маслаҳатларни гаплашиб олиш учун келдим. Ўзи юртга бориб, Миртожи аканинг иштирокида гаплашиш режам бор эди. У кишига қўнғироқ қилсам, сизнинг бу ердалигингизни айтди. Мен у кишига мақсадимни тушунтирдим. Миртожи ака: “Мардибой розилик берса, мен қарши эмасман”, деди.
– Гап нима ҳақда?
– Собиқ “Гранд”, ҳозирги пайтда “Амаль” деб номланаётган кўп тармоқли фирмамиз қўшма корхонангизга муассис бўлиб қўшилиш ва ҳамкорликда ишлаш истагида.
– Мақсадингиз нима?
– Мақсадимиз, аввало катта миқдорда даромад олиш. Бизда 2014 йилги Сочи умумжаҳон қишки олимпиадаси қурилишларидан буюртма олиш имконияти бор. У қурилишлар, биласиз, арзон эмас. Айни пайтда бунёд этилажак иншоотлар сифатига қўйиладиган талаб ҳам жуда юксак. Менимча, биргалашсак, ўша талабга бемалол жавоб беришимиз мумкин. Кейин, энг муҳими…
– Хўш?
– Энг муҳими, собиқ “Миромар” фирмаси теварагидаги можаролар туфайли сиз, айниқса Миртожи ака чеккан азиятлар, тортган харажатлар ўрни қопланиб кетишини истайман.
– Қандай қилиб?
– Фойдани тақсимлаш чоғида буни ҳисобга олиш ҳақида келишишимиз мумкин.
– “Амаль” фирмаси сизга қарашлими?
– Мен унинг бош муассисиман. Шерикларимга зарар етказмаган ҳолда, уларнинг улушлари жами қирқ тўққиз фоизни ташкил этади, айтган гапимга ўз ҳисобимдан жавоб беришим мумкин. Хўш, нима дейсиз?
– Таклифингизнинг биринчи қисми эътиборга лойиқ, – деди Мардибой. – Дарҳақиқат, халқаро олимпиада қўмитаси иншоотларини қуриш бу жуда катта обрў. Агар чиндан ҳам Сочи қурилишларидан буюртма ютиб ололсангиз, таклифингизнинг иккинчи қисмига сираям ҳожат қолмас эди. Бизнинг ҳеч кимдан қарзимиз йўқ ва худди шунингдек, биздан ҳам ҳеч кимнинг қарзи йўқ. Инсонпарварлик ёрдамига эса муҳтож эмасмиз.
– Мен билган пайтлардагидан ҳам жиддий бўлиб кетибсиз, – деди кулиб Нозим. – Гап қарз тўлаш ҳақида эмас, етказилган маънавий зарарни қоплаш ҳақида боряпти.
– Ҳар қандай маънавий ва моддий зарарни мен ўз хатоларимиз оқибати деб қараб ўрганганман.
– Ўшанда сиз хато қилган эмассиз, сизга нисбатан ноҳақлик, номардлик бўлган, лоақал шуни эътироф этарсиз?
– Йўқ. Бу бизнес. Бизнесдаги рақобатда кўпинча ҳақу ноҳақлик қоришиқ бўлади.
– Майли, сиз билан бу масалада ортиқча тортишиб ўтирмоқчи эмасман. Лекин таклифимнинг биринчи қисми сизни чиндан ҳам қизиқтирдими?
– Қизиқтирди.
– Демак, қўшма корхонага қўшилсак бўладими?
– Бўлади.
– Қўлни ташланг.
– Агар маъқул десангиз, қўл ташлаш маросимини аввало Туркия ва қозоғистонлик шериклар, кейин Миртожи ака ва бош менежеримиз – Лайло Миртожиевна иштирокида ўтказсак. Унгача сиз ҳам яна бир карра ўйлаб, тегишли тайёргарлик жараёнини ўтказар эдингиз.
– Лайло… Миртожиевна… бош менежерми? Қачондан бери?
– Бунга ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Аммо у киши корхонанинг асосий фаолиятини катта муваффақият билан бошқариб турибдилар.
Нозим бир лаҳза жим қолиб, беихтиёр қаншарини қашлади.
– Бу ёғи чиндан ҳам ажойиб бўлибди. Сизга яна бир карра тан бердим. Марди, исмингизни ким қўйса ҳам, билиб қўйган экан. Қойил! Бўлмаса гап бундай: мен янаги ҳафта учиб борсам, сиз ҳам ўша ерда бўлсангиз, унгача боя айтганингиздек, икки томон билан ҳам маслаҳатлашсангиз, менимча, уларга бу маъқул тушиши аниқ, қолаверса, асосий улуш, билишимча, ўзларингизда-ку…
– Биз шерикларнинг улуши миқдоридан қатъи назар, бамаслаҳат иш тутамиз. Дарвоқе, улуш масаласида ҳам сиз аниқ таклиф билан келинг.
– Ҳозироқ айтишим мумкин, йигирма беш фоиз бизни тўла қаноатлантиради. Яна аниқроқ гаплашармиз.
– Бўпти, – деди Марди.
Улар қучоқлашиб хайрлашдилар. Марди Нозимнинг ортидан ўйчан тикилиб қолди. Бироздан сўнг Лайлога қўнғироқ қилиб, ҳозиргина бўлган суҳбат тафсилотини қисқача сўзлаб берди.
– Миртожи ака билан маслаҳатлашиб, янаги ҳафтага керакли ҳужжатларни ҳозирлаб қўйсангиз, – деди.
– Шу нарса шартми, – деди Лайло. – Менга қолса, шундан ўзимни тийган бўлар эдим.
– Шарт Лайло, бу бизнес, бизнесда шахсий муносабатлар эмас, даромад, моддий манфаат биринчи ўринда туради. “Амаль” фирмаси билан ҳамкорлик қилиш бизга катта имкониятлар очади.
– Ундай бўлса, майли, отам билан маслаҳатлашиб, сизга қўнғироқ қиламиз.
– Келишдик.
* * *
Орадан бир ярим ой ўтгач, трансмиллий корпорация шаклидаги Ўзбекистон – Россия – Қозоғистон
– Туркия вакилларидан иборат тўрт томонлама қўшма корхона тузилиши ҳақидаги ҳужжатлар имзоланди. Корпорацияга “ЎЗРОСТУРКАЗ” номи берилиб, Марди бошқарув раиси этиб сайланди. Лайло Ўзбекистондаги, Нозим Россиядаги вакилликка тайинландилар.
– Лайло, сиз билан бафуржа гаплашадиган гапларим бор. Вақтини белгиласангиз, мен атай бир келар эдим, – деди Нозим жўнаб кетиш олдидан. – Қачон келсам бўлади?
– Мавриди келса, мен ўзим бораман олдингизга, – деди Лайло уни ҳайрон қолдириб.
– Кутаман бўлмаса.