282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 20

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 20 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ШАВҚИЕВНИНГ САРГАРДОН КУНЛАРИ

Мана, бир неча ойки, Шавқиев дунёнинг бир четида – Жанубий Америка қитъасидаги Боливия деган давлат пойтахти Ла-Пас шаҳрида яшамоқда. Бу ерга у атиги битта соқчи, тўғрироғи, ўзига энг садоқатли, ўсмирлик чоғидан қўлида улғайган хос хизматкори, йигирма беш ёшли полвон йигит Эгамберди билан келди. Жўнашдан олдин соқчисига деди:

– Эгамбой, энди бизни олдинда машаққатли сафар, оғир синовлар кутмоқда. Энг оғир дамларда ҳам Отабой отангизни тарк этмасдан ёнида юришга иродангиз етармикан, ўғлим? Ёки сизга жавоб берайми, Эгамжон?

– Мен сизни ҳеч қачон ташлаб кетмайман, Отабой ота. Ҳеч қачон!

– Барака топинг, ўғлим, садоқатингиз учун раҳмат, – деди Шавқиев. Бироқ кўнглидан: “Сен ҳам қорнинг тўйгач, ташлаб қочасан барибир”, деган фикр ўтди. Илгари у Эгамберди ҳақида бошқа хаёлларга бормасди. Йигитнинг садоқатига мутлақо шубҳаси йўқ эди. Қариб, ваҳимачи бўлиб қолдими, энг яқин одамларидан ҳам гумонсирайдиган: “Ҳаммаси ҳам юлсам, ўғирласам, дейди бу падарқусурлар”, – дея ижирғанадиган бўлди. Хотинларини-ку, кўргани кўзи йўқ. “Мочағарларнинг бариси энди муқаррар ўйнаш орттирган”, деб ўйлар эди у. Илгари биттасиникини пайқаб қолиб, қаттиқ жазолаган. Учинчи хотини – аёлларининг энг гўзали ҳисобланмиш Ойчирой шофёрларидан бири билан дон олишиб юрганини эшитди. Шофёрнинг исми Тўхта бўлиб, қадди-қомати келишган, паҳлавондай йигит эди. Шавқиев бир қарашда шоирона ва ҳазиломуз кўринса-да, бениҳоя шафқатсиз ҳукм чиқарди. “Ойчирой Бойчирой, Тўхта эса ахта бўлсин”, деди у. “Безорилар” ошиқ-маъшуқни навбатдаги висол онлари пайтида тасодифан ушлаб олишиб, Ойчиройнинг юзини, кўкракларини ўткир пичоқ билан тилиб, Тўхтани эса бичишди. Табиийки, “безорилар”ни топишнинг иложи бўлмади. Ҳолбуки, Шавқиев шаҳар ички ишлар идорасидаги етакчи лавозимлардан бирида ишловчи энг яқин одами – Тунқотаровдан бу ишни ниҳоятда сир тутган ҳолда, нобакорларни топиб, жиноятига яраша жазо берилишини талаб этган ва бу талабидан яна бир яқини – шаҳар прокурори ўринбосари Холимуллаевни ҳам ҳар эҳтимолга қарши хабардор этиб қўйган эди. Фойдаси бўлмади. Оқибатда Ойчирой юзи ва кўкраклари чандиқли бадбашара бир таъвияга айланди. Унга кундошлари орқасидан Шавқиев айтганидек, “Бойчирой” эмас, ўзлари кашф этган “Войчирой” дея лақаб қўйишди. Шавқиев эса ўзича мардлик қилди. “Ойчирой, менинг Ойчиройим”, дея унга ҳамдардлик билдирди. Шаҳар четидаги уч хонали бир уйга жойлаштириб, “умрининг охиригача менинг хасмимда бўлиб, қорни тўқ, эгни бут ҳолда яшасин”, дея буйруқ берди. Ҳозир шу топда Ойчиройни эслаб, унга ачинди. “Ҳаддан ортиқ шафқатсизлик қилган эканман. Шунчаки, талоғини бериб юборсам ҳам бўларди-ку”, дея афсусланди. Тўхтани эса… тирик қолдирмаслик керак эди. Уни қаёққадир бош олиб кетган дейишганди. Қайда бўлса ҳам, тиш қайраб юргандир. Яна битта душман. Аслида ўша Тўхта ҳам ишга кираётганда “бир умр садоқатли қулингиз бўламан”, деган манови Эгамбойга ўхшаб… Дарвоқе, Эгам ўша Тўхтани эслармикан?

Эгамберди полвон бўлиши билан бирга, инглиз ва испан тилларини мукаммал билади. Чет тиллар институтини битирган. Шу боис Шавқиев ҳар қанча нафратланмасин, ундан айрилолмайди. Усиз ўзи икки қадам юролмайди. Европадаги давлатлар – Греция, Кипр, Швейцарияда у чала-чулпа немисча ва русча гапириб, йўлини топиб кетиши мумкин эди. Мексика, Эквадор, мана энди Боливияда юриб, гунгга ўхшаб қолди. Аслида-ку… ижарахонада кўкрагини захга бериб ётадиган одам учун тил билишнинг унчалик ҳожати ҳам йўқ. Аммо дўкон, бозор-ўчар дегандек, тирикчиликнинг оддий ташвишларида тил билиш керак. Ана шу ерда Эгамберди асқотмоқда.

– Бир-икки йил сабр қилсак, ҳаммаси жойига тушади, – умидлантирди Эгамбердини Шавқиев.

– Ҳозир ҳам паспортингиз бошқа, бошқа мамлакат фуқаросисиз, менимча, сизга ҳеч ким дахл қилолмайди, – деди Эгамберди.

– Тўғри, Эгамжон, сиз ҳам, мен ҳам эндиликда Кипрда яшовчи турк қавмига мансуб кишилармиз. Паспортимиз ҳам қонуний. Бироқ халқаро полиция дунёнинг аксар мамлакатларига келиб чиқиши ўзбекистонлик қандайдир Отабой Шавқиев деган ўта хавфли жиноятчи қидирилаётгани ҳақида хабар бериб, расмлар тарқатиб қўйган. Ҳадемай, ўша расмлар эскириб, ҳеч ким эътибор бермай қўяди. Кейин Ўрхон Тоғчи деган бир кипрлик туркнинг кимгадир бироз ўхшаб кетиши ҳам унчалик ажабланарли туюлмайди. Сабр қилайлик. Сирасини айтганда, мен полициядан қўрқмайман. Полициядаги муаммони пул билан ҳал этса бўлади. Хавфлиси – Якубовский ва Саидмаматхоннинг одамлари оч бўридай изғиб, излаб юриши. Ўшалардан эҳтиёт бўлишимиз керак. Сиз баъзида ҳайрон бўларсиз, наҳотки Отабой отам нону чойдан ҳам тежайдиган даражада қашшоқлашиб қолган бўлса деб. Тўғри, кўп пулим ҳайф кетди. Нобакорлар банклардаги қанча-қанча маблағларимни ўмаришди. Аммо… ҳеч кимнинг қўли етмайдиган, хаёлига ҳам келмайдиган жойларда шундай хазиналарим борки, пайти келиб, уларни олиб, роҳат-фароғатда яшаймиз. Сизга ўғлим… бўйингиз баробар тилло бераман. Бошингиздан зар сочаман. Фақат… фақат бунинг учун мени асраб-авайламоғингиз, ўша кунларга соғ-омон етказмоғингиз зарур…

– Ҳозир лоақал озгинасини олиб, ишлатиб турсак бўлмайдими, – деди Эгамберди. – Жа-а қийналиб кетди одам.

– Бўлмайди, бўтам. Ҳозир бирон давлатда изимиз, ҳидимиз сезилса, ўша заҳоти қўлга тушамиз. Шу боис ҳозир ҳеч ким билан учрашиш ҳам, қўнғироқлашиш ҳам мумкин эмас…

* * *

Орадан бир йил ўтди. Айни ёз кунларининг бирида суҳбатлашиб ўтирганларида Шавқиев Эгамбердига кутилмаганда:

– Сафар тадоригини кўринг, бўтам, яна ҳижрат сари равона бўлурмиз, – деб қолди.

– Қаерга? – деб сўради нохушлик билан Эгамберди. Ўзи яқиндагина тузукроқ жой – автомашиналарга ёнилғи қуйиш ва ювиш шохобчасига ишга жойлашиб, сал қорин нонга тўя бошлаганди.

– Ҳар ҳолда бу ердан яхшироқ жойга.

– Ўша жойнинг номи бордир ахир…

– Мексикага, бўтам, Мексиканинг… Америка билан чегарадош бир мавзеси бор. У ердан чегара ортига бемалол ўтиб қайтиш мумкин.

– Унда яхши! Унда жуда соз! – деди қувониб Эгамберди.

Эртасига улар ярим тунда Ла-Пас шаҳридан чиқиб кетишди. Йўлда Бразилиянинг кичкина бир шаҳрида халқаро автомат телефон орқали Шавқиев бир марта қайгадир қўнғироқ қилди. Кейин кайфияти чоғ бўлди.

– Ҳаммаси биз ўйлагандек кетяпти, Эгамберди, бўталоғим, ҳадемай таъқибларнинг барчасидан қутуламиз!

– Худо хоҳласа денг…

– Албатта, Эгамжон, худо хоҳласа-да!

Шундан сўнг икки мусофиру муҳожир шаҳарларни, мамлакатларни айланиб, қийналиб, гоҳида тиланчилик қилиб, гоҳида икки кунлаб овқат емай, бир ой деганда Мексиканинг Рейноса шаҳрига етиб келишди. Бу кичкинагина шаҳар ҳақиқатда ҳам чегаранинг ёнгинасида жойлашган экан. Эгамберди келган кунларининг эртасигаёқ иш қидиришга киришди. Тополмади.

– Йиғиб юрган уч-тўрт танга пулим ҳам ҳадемай адо бўлади. Энди нима қиламиз? – деди у Шавқиевга аламзадалик билан қараб. – Ўша ёқда юраверсак бўлмасмиди?

– Сабр қилинг бўтам, сабр қилинг. Яқин кунлар ичида анча-мунча маблағ келади.

– Қаердан келади? – ишонқирамай сўради Эгамберди.

– Ишингиз бўлмасин. “Мевасини енг-у, боғини суриштирманг”.

Эгамберди Шавқиевнинг йўлда қаёққадир қўнғироқ қилганини эслади. “Хайрият-э” деб ўйлади. Яна қўрқди. Полиция изимизни олиб, қидириб келиб қолмасайди?”

* * *

Эгамбердининг хавотири бежиз эмас экан. Кеча у Ла-Пасда автоустахонада дўстлашиб қолган кубалик йигит Хуанитога қўнғироқ қилиб, қарзга уч юз доллар сўради. “Яқинда хўжайин пул олиши керак, олган заҳоти қарзни қайтариб, жўнатиб юбораман”, деди у. “Майли, юбораман, манзилингни айт”, деди Хуанито. Эгамберди яшаб турган шаҳарларидаги почта рақамини айтди. “Почтага менинг номимга юборсанг, ўзим бориб сўраб оламан”, деди. “Ҳа, дарвоқе, хўжайинингни ҳамюртинг излаб юрибди. Уларга янги манзилларингизни айтайми?” “Зинҳор айта кўрма, қанақа ҳамюртлар экан? Исми нима?” “Бири иккинчисига ўз тилида “Баҳодир ака” деб мурожаат қилди”. “Ким,ким? Баҳодир? Кўриниши қанақа? Ёнидагиси-чи? Барваста, бир кўз одам дейсанми? Бўпти, кимлигини аниқлаймиз. Сен мен билан гаплашганингни ҳеч кимга айтма!” “Хўп бўлади”, деди Хуанито.

Эгамберди Баҳодирнинг исмини эшитганда, ҳайратдан сапчиб тушди. Уни ўлиб кетган дейишарди-ку. Ё бошқа Баҳодирми? Ёнидагиси ким? Нега излаб юришибди?

Ижарахонага келиб, Хуанитодан эшитган гапини Шавқиевга айтди. Отабой ота ўрнидан сапчиб туриб кетди.

– Баҳодир? Қанақа Баҳодир? Ўзимизнинг Баҳодир раҳматли бўлган-ку?

– Демак, ўлмаган. Янаям ким билади? Текшириб кўриш керак. Рухсат берсангиз, Хуанитога яна қўнғироқ қиламан. Расмини жўнатади.

– Зудлик билан, ҳозироқ қўнғироқ қилинг. Агар у тирик бўлса, орқамиздан излаб юргани бекорга эмас. Ўша Хуанитоингизга айтинг, қўйнига қўл солиб, нимага бизларни излаб юрганини билсин.

Сурат эртасига келди.

– Ўша, ўша, – деди Шавқиев. – У бекорга изимизга тушмаган. Ошнангизга ҳозироқ яна қўнғироқ қилинг, сўранг, гаплашгандир?

Эгамберди Хуанито билан суҳбатлашди. “Кеча айтганингдай, иккаласини зиёфат қилиб, бўккунча ичирдим. Мастлигида айтганларига қараганда, булар хўжайинингни ўлдириш учун юборилган киллер – қотиллар”.

– Ана, айтмадимми, бу падарқусур бекорга изимдан юрмайди деб. Демак, у бир ишни билади.

– Энди нима қиламиз? – деди Эгамберди. – Ла-Пасга изимизни топиб борган одам бу ерга ҳам топиб келиши мумкин.

– Ўша Хуанито айтиб қўймасмикан?

– Айтмас… мабодо каттароқ пул ваъда қилсак. Ҳозир одамлар пулга онасини ҳам сотади.

– Агар… Хунитодан сўранг-чи, уларни ўша ёқда гум қилишга қанча кетаркин?

– Хуанито бу ишни эплолмасов. Агар пулингиз тезроқ етиб келса, ўзим борар эдим Ла-Пасга қайтиб.

– Ҳал қиласизми? Қила оласизми Эгамжон? – деди ҳаяжонланиб Шавқиев.

– Ҳал қилсам керак…

– Ундай бўлса, яна бир-икки кун сабр этасиз.

* * *

Шукрия икки эмас, уч кундан сўнг келди. У пул эмас, бир ҳовуч жавоҳир (бриллиант) олиб келибди.

– Қойил, гўзаллардан гўзалим менинг, – деди Шавқиев завқланиб, – Гўзалим, қандай олиб ўтдингиз сарҳадлардан?

– Бу менинг сирим бўла қолсин, майлими, – деди кўзини қисиб Шукрия.

– Қойил, яна бир марта қойил, – деди Шавқиев. Кейин Шукрияни бағрига босиб, қулоғига лабини қўйиб шивирлади: “Қолганлари бехавотирми? Ҳеч бир кимса ҳидини олган эмасми, шириним?”

– Кўнглингиз тўқ бўлсин, бой ота, – деди Шукрия одатига кўра ҳазилкашлик билан. – Мендаги нарсани Яратганнинг ўзидан бошқа ҳеч ким, ҳеч қачон ололмайди.

– Сизга ишониб адашмаган эканман, бой отаси жонидан, – деди Шавқиев уни шавқ билан яна бағрига босар экан. Шу шавқ баробарида оғзидан беихтиёр манови гап чиқиб кетди: – Бу тошларнинг пулига Баҳодирларнинг мингтасини юмалоқ ёстиқ қиворамиз.

– Қанақа Баҳодир, нима деяпсиз? – тушунмади Шукрия.

– Тс-с-с, Баҳодир дегани ўзимиздан чиққан бало бўлди. Менга қасд қилиб юрибди. Ўшани қаматтирамиз. Аммо бу гапни ҳеч кимга айта кўрманг-а, азизим!

– Мени бугун кўряпсизми? – деди Шукрия.

Шавқиев ўша куниёқ Эгамбердига тошлардан бир донасини бериб, сотишга юборди. Кечга яқин Эгамберди бир халта пул олиб келди. Шавқиев қўлини қўлига ишқалади.

– Ана энди манови ўн минг долларни олинг-да, ҳозироқ айтган ишга киришинг. Қайтиб келганингиздан сўнг мукофотига яна шунча оласиз.

– Хўп бўлади! – деди Эгамберди ва аэропортга жўнади. Шавқиев енгил тин олди.

– Тошларни ўзингиз беркитган жойдан олдингизми, жоним, ишқилиб идишни кавлаганингизни ҳеч ким сезмадими? – деб сўради эшикни беркитиб келгач.

– Кўримсиз бир гаражда унинг мой босган идишлар тўла ҳандағида олтин, бриллиант билан тўла бидон кўмилгани қайси одамнинг тушига киради? – деди Шукрия.

– Ишқилиб, эҳтиёт бўлиб очдингизми? Қолганини жойига кўмиб қўйдингизми? Қай пайти очдингиз хазинани? Айтиб беринг-чи…

– Одатдагидай кечки пайт машинада келдим. Гаражни очдим. Машинани киритдим. Гараж дарвозасини ичкаридан беркитдим. Хандаққа тушиб, чироқни ёқдим. Белкурак билан ерни кавладим. Алюминий бидоннинг қопқоғини очдим. Асалга кўмилган қутичалардан бирини кавлаб олдим. Кейин яна ҳаммасини асл ҳолига келтириб, ёпиб, кўмиб, тахталарни қўйиб, қулфлаб чиқдим. Шу.

– Гаражни қулфлари…

– Қулфи мустаҳкам. Мабодо гаражни биров очган тақдирда ҳам машинани ўғирлайди. Ҳандақни кавлаш икки дунёда ҳам хаёлига келмайди. Ташвишланманг. Ҳали у зебу зийнатларни яхши кунларга ишлатамиз, насиб этса.

– Илоё, илоё, – деди Шавқиев. – Сизнинг борингизга шукр, Шукрияжоним.

– Энди тушунибсиз, раҳмат, – деди Шукрия. – Бир пайтлар бойликни банкларда эмас, банкалару бидонларда сақлаш керак деганимда, масхара қилгандингиз.

– Кейин кўндим-ку. Ахир бир неча миллион долларлик зебу зийнатни “истаган жойингизга яширинг” деб қўлингизга бердим-ку, асалим.

– Тўғри, бердингиз. Шунинг учун бугун кунингизга яраяпти. Агар қолган асосий қисмини ҳам: “Швейцария банки энг ишончли банк, Кипрдаги банкларни ҳеч ким назорат этмайди”, дея турли мамлакатларга сочмаганингизда, етти эмас, етмиш пуштингизга етарди.

– Ҳа, энди, бандаси адашаркан-да, қўзим. Сирасини айтганда, сизнинг “банкаю бидон”ларингиздагиям ўн етти пуштимизга етади.

– Шукр шунисигаям. Эҳтимол, пайти келиб, банклардаги пулларнинг ҳам ҳеч қурса бир қисмини оларсиз?

– Насиб этса. Иншоолло…

Сўнгра улар Шукрия билан висол завқини суришга киришдилар.

– Қани гўзалим, ўша, ўзимиз билган “арабий рақс”ингизни бошланг, – деди Шавқиев кийимларининг аксариятини ечиб, бир иштончан ҳолатда каравотга ястанар экан. – Бой отангизни би-ир “ғафлат”дан уйғотинг.

Шукрия ётоқхонадаги мўъжаз телевизорда янграётган шўх мусиқа оҳангига мос муқом қилиш асносида кийимларини бирма-бир ечишга киришди. Шавқиев “арабий рақс” деганида ана шуни назарда тутган, буни Шукрияга ўша биринчи висол оқшомида ўзи ўргатган, кейин бу “томоша”ни биргалашиб такомиллаштиришган эди. Шавқиевнинг наздида “арабий рақс”, аслида ғарбона беҳаё стриптиз, яъни ўйин баробарида секин-аста ечиниб, пировардида қип-яланғоч муқом қилишнинг ўзгинаси бўлган бу ҳаракатга у кейинги йиллар анчайин ружу қўйган, аниқроғи, шунинг ёрдамида ҳирсини қўзғатишга одатланган эди. Шавқиев бу рақсни турли миллат, турли ёш, турли феъл-атвордаги бошқа кўплаб аёллар ижросида ҳам томоша қилиб кўрган, бироқ ҳеч қайсиси Шукрия сингари маромига етказа олмаган. Эҳ, Шукрия… Унинг қадди-қомати, унинг нозу истиғноси… Шукрияси тушмагур Шавқиевнинг сабоқлари туфайлими, ё ўзининг артистлик истеъдоди орқасиданми, ушбу шарқона-ғарбона рақс-стриптизни шу қадар мукаммал эгаллади-ки, рақс асносида беҳаё шеърлар, қўшиқлар айтиб, Отабой отани адойи тамом қиладиган бўлди.

– Тамом, энди чинакам бобой бўлибман ҳали етмишга кирмай, – деди тушкунлик билан.

– Унақа деманг, шунчаки, бироз асабийлашиб, толиққансиз, бир-икки кун бирга дам олайлик, кўнгил тинчлансин, ҳаммаси “о-кэй” бўлади, – деди Шукрия, гарчанд ичида “Чол тамом бўпти” деб ўйлаб турган бўлса ҳам…

* * *

Айни шу лаҳзада дераза ортида туриб, уларнинг суҳбатини зимдан эшитган Эгамберди ҳам хаёлидан худди шу фикрни кечирди: “Чол тамом бўпти ҳар томонлама”. Кейин Эгамберди чиндан ҳам аэропортга кетди. Фақат Ла-Пасга эмас, Мехикога учди. У ердан Москвага, Москвадан Тошкентга, сўнгра она шаҳри Н.га парвоз этди. Келиб тўғри уйига, ота-онасининг ҳузурига бормади. Чекка бир мавзедаги кўзга ташланмайдиган уйлардан бирини ижарага олиб, пусиб яшашга ва Шукриянинг қайтишини кутишга киришди. Кун ора бир жойга қўнғироқ қилиб, Шукрия Муртазаевнани сўрар, унга: “У киши ҳозир сафарда, икки-уч кун мобайнида келиб қолади”, деб жавоб беришар, Эгамберди бўлса, “Ишқилиб Баҳодир ака эҳтиётсизлик қилиб Шукрияни ҳам гумдон қилиб қўймасин-да”, дея хавотирланар, шунга қарамай, кўз ўнгида эрта-индин қўлга киритиладиган беҳисоб олтину жавоҳирлар шуъласи жилваланиб, юрагига таскин ва ором берар, қўтир кўнглида эса “эҳтимол, анови сарвқомат Шукриянинг ўзини ҳам қўлга киритарман” деган умид пайдо бўларди.

Эгамберди шу хаёллар баробарида “Валинеъматимга хиёнат қилдим-а”, деган армонли бир надоматдан ҳам жиндай озорланиб, виждони оғриб, қийналиб турар, бироқ бояги зийнат шуъласи бу оғриққа малҳам бўлмоқда, шунинг таъсирида қилган иши ўзига ҳаттоки ёқмоқда, ўзини оқилу доно ҳисобламоқда эди.

“Аэропортга бораман деб дераза ортида пойлаганим зўр бўлди-да. Агар тўғри жўнаб қолганимда уйга икки қўлимни бурнимга тиқиб, қуруқ қайтган бўлар эдим. Ана энди озгина сабр қилсам, уйга миллионер бўлиб кириб бораман. Табиийки, одамлар бунча пулни қаердан олганимга қизиқишади. Мен уларга Америкада бир миллионер аёлга уйланганимни айтаман”.

Эгамберди Ла-Пас шаҳридан чиққан пайтларидаёқ энди Шавқиевдан умид йўқ, энди уни бирон жойда адаштириб ташлаб кетиш керак, деган хоинона фикр келган ва пайт пойлашни бошлаган эди. Шукрия келишидан сал олдин Баҳодир изларидан юрганини эшитиб, “энди қочвораман” дея узил-кесил қарор қабул қилди. Шукрия келгач, ёшлиги,бой аёл эканини кўриб, бир хаёли: “Бу аёлга айтайми, тезроқ обрўси борида жуфтакни ростласин”, деб ўйлади. Бахтига аёлнинг ўзи гап орасида икки-уч кундан сўнг Америка орқали қайтиб кетиши зарурлиги, акс ҳолда рухсатномаси куйиб қолиши мумкинлигини айтди. Демак, Хуанитога узоғи билан индин қўнғироқ қилиб, Баҳодирга манзилни айтишни тайинлаш лозим. Бу пайтда Эгамберди Москвада бўлади…

“Хўжайинга барибир хиёнат қилдим-а, дея яна ўйлади ижарахонада ётиб Эгамберди. Тўғри қилмадим-да ҳар қалай. Нега шундай қилдим? Пул учун. “Пул отани боладан айиради”, дейишади. Бизлар Отабой ота билан ота-бола эмасдик-ку, ҳар ҳолда…”

Бир ҳафтадан сўнг унга Шукрия Муртазаевна сафардан қайтганини айтишди. Энди Эгамберди уни пойлаши ва ўша айтилган гаражнинг қаерда эканини аниқлаши зарур.

ҚАЙТА УНГАН МУҲАББАТ

Айрилиқдан сўнг висол онларининг лаззатини таърифлаш жудаям қийин. Зеро, бу ҳеч бир таърифу тавсифга сиғмайди. Буни бошидан ўтказган киши билади. Бу агар таъбир жоиз бўлса-ю, инсон кўнглини жазирамада қақраб, тарс-тарс ёрилиб ётган саҳрога менгзасак, ўша саҳро ногаҳон момоқалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб, шовуллаб ёмғир ёққанда, кейин қуёш чиққанига қарамай, ўша ёмғир майин шивалаб турганда қандай ҳолатга тушишини эслатса ажабмас. Яъни тошдай қотиб ётган юрак секин-аста висол шарбатини шимиб юмшайди, ёриқлари тўлиб, битиб боради. Мағзидаги орзу уруғлари ёрилиб, ниш уриб, кўкариб чиқа бошлайди.

Нозим икки ўғли билан Туркияда Қора денгиз соҳилида юрар экан, ўзини гўёки ҳаётга янгидан келгандек ҳис этарди. Асаблари тинч, руҳи тиниқ, вужудига беҳад бир куч энгандек туюлди. Яхши ишлар қилгиси келди. Шу топда қўлида бўлса, бутун дунё аҳлига шодлик, бахт улашаверсам дейди. Чамаси, бундай ҳолат фақат бахтли одамда, ҳаётда ўзининг энг олий мақсадига эришганда бўлади. Нозим буни сезиб, англаб турар, “тўғри, мен бахтимни топдим, бироқ ҳали олий мақсадимга эришганим йўқ, бунинг учун ҳали жуда кўп яхшиликлар, яхши ишлар қилишим керак”, деб ўйлади. Шу ўйлар таъсирида кеча эрталаб турганида, Лайло дабдурустдан:

– Юртга қайтамиз, – деб қолди. – Эртага учамиз. Сайру саёҳатнинг қолганини Ватанимизда давом эттирамиз. Ўйлаб қарасам, эсимни таниганимдан бери нуқул хорижий мамлакатларни кезибман-у, туғилиб ўсган юртимни бундай тузукроқ айланиб томоша қилмабман. Ҳолбуки, буюк аллома Баҳовуддин Нақшбанд айтган экан: Ватанинг ичра сайр қилгин деб. Диёримизда қанча гўзал жойлар бор ахир. Қисқаси… кетамиз.

Эртасига самолётда Нозимнинг фикри янада ойдинлашди. Кўнглида анчадан бери тугиб юрган ниятини Лайлога такроран қатъий қилиб айтди.

– Бўлди, бас, дарбадарлик жонга тегди. Энди бутунлай юртга қайтаман, ўша ерда сизнинг ёнингизда сокин турмуш кечираман.

– Россиядаги ишларингиз нима бўлади?

– Бу ҳақда Мардибой билан гаплашиб қўйганман. Нарёқдаги ишларни Диогенга бутунлай топшираман. Ўзим эса сизга ёрдамчи бўламан.

– Ёрдамчи эмас, раҳбар бўлинг-да, мен бўлса уйда ўтириб, болалар тарбияси билан шуғулланай.

– Уйда ўтирмайсиз. Доимо – ҳар соат, ҳар дақиқа ёнимда юрасиз. Болаларнинг тарбияси билан ҳам бирга шуғулланамиз. Кечаю кундуз бирга бўламиз. Бир қўшиқ бор, эшитганмисиз? “Лайло, Лайло, сенинг ёнингда, Ҳар дам кўрмоқчийдим ўзимни…”

– Эшитганман, “ҳар дам” эмас, “бир дам” дейилади ўша қўшиқда.

– Фарқи йўқ. Маъноси бир. Ёр васлига етишиш орзусидаги ошиқ йигитнинг юрак ноласи. Мен ўтган йиллар давомида бу қўшиқни ўзимча мудом айтиб юрдим. Гарчанд…

– Ёмон кўриб юрган чоғларингизда ҳамми?

– Мен сизни ҳеч қачон ёмон кўрмаганман Лайло. Мен сизни ҳамиша яхши кўрганман. Биринчи марта учрашган кунимиздан бошлаб… Мен отангиздан қасос олмоқчи эдим. Бунга қонунан бўлмаса ҳам, маънавий жиҳатдан ҳаққим бор деб ўйлаганман. Шунга қарамасдан, бу ҳақда бирдан қарор қабул қилмаганман. Анча пайт ўйланиб юрдим. Айниқса, сиз билан биринчи марта қочган кунимизнинг эртасигаёқ пушаймон қилганман. Кейин… мени яна тезлашган. “Қасос олсанг, ориятинг ором олади, қониқиш ҳосил қиласан”, дейишган. Мен ҳам шу гапларга, қутқуларга ишонганман. Ёшлик, ғўрлик қилганман. Ҳолбуки, ўша одамлар мендан ўз мақсадлари йўлида оддий қўғирчоқ сифатида фойдаланмоқчи бўлишган. Мен буни анча кейин билдим. Қасос олишга уриниш бефойда машғулот эканини эса жуда кеч тушундим. Қасос, саҳрода юриб, чанқаб, ҳолдан тойган чоғингда кўзингга денгиз бўлиб кўринадиган саробга ўхшар экан. У ҳеч қачон ташналикни босолмас экан. Инсон қалбининг ташналигини қондирадиган оби ҳаёт бу – муҳаббат. Мен буни ҳам яхши англаб олдим. Сизга бўлган севгимни унутишга, бошқа бировнинг муҳаббатига кўмиб ташлашга ҳарчанд уринмайин, бунинг уддасидан чиқолмадим. Ўтган йиллар давомида қандай яшадим, нима учун яшадим, ўзим ҳам билолмайман. Ҳеч қачон, ҳеч нарсадан қониқиш, ҳаловат тополмадим. Аксинча, нуқул муаммога, азоб-уқубатга, синовга, имтиҳонга дуч келдим. Сизни қайта бағримга босган чоғимда ҳамма-ҳаммаси бир зумда, бир лаҳзада унутилиб кетди. Ҳаёт кўзимга бошқача кўринди. Ўзимни узоқ вақт саҳроларда тентираб, ташналикдан, очликдан силласи қуриган ва ниҳоят мусаффо булоқ ёнига етиб келган бир сайёҳдек ҳис қилдим. Ҳолбуки, шу йиллар давомида атрофимда қизлар, аёллар етарли эди. Уйланган эдим. Ўша аёл ҳам мени жонидан ортиқ кўрар, мен учун ҳар нарсага тайёр эди. Яширмайман, унга ҳам меҳр қўйгандим. Лекин сизни севганчалик ҳеч кимни, ҳеч қачон севмаганман ва буни тасаввур ҳам этолмаганман. Шунинг учун… Энди қолган умримни ёнингизда ўтказишни хоҳлайман, Лайло!

Лайло индамади. Кўнгли бузилмаган бўлса-да, кўкси юмшаб, кўзларига ёш келди. Бу ўкинч ва армон ёшлари эмас, бу қалбнинг ийишидан пайдо бўлган меҳр ёшлари эди. У эрининг қўлтиғидан олиб, елкасига бошини қўйди. Нозим унинг ёноғидан ўпди.

Ёнларида ўтирган икки ўғил қўлларидаги компьютер ўйини билан банд бўлгани боис бунга эътибор ҳам бермадилар.

* * *

Сафардан келишганидан сўнг эртасига Нозим Самарага жўнаб кетди. Ишларни Диогенга топшириб, икки кундан кейин қайтиб келди. Мардининг таклифи билан у қўшма корхонанинг маҳаллий бўлинмасига тафтиш ҳайъати раҳбари этиб сайланди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации