Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
АЛВИДО, АМАЛИЯ!
Кимсасиз ўрмоннинг гадойтопмас бир бурчидаги зах ертўлада учинчи кунини ўтказаётган Нозим яна Лайло, Амалия ҳақида ўйлаб ўтирар ва не ажабки, Амалия хоним ҳам шаҳар яқинидаги ўрмонзорга туташ қишлоқда бобосидан қолган кўҳна, бироқ анчайин муҳташам ёғоч уйда ўтирганича, онаси билан айнан Нозимбой ҳақида суҳбатлашаётган эди. Аниқроғи, суҳбат эндигина Нозим мавзусига келиб тақалган эди. Ундан аввал она Амалияга ҳасрат қилиб, йиғлаб олди.
– Бадбахт отангнинг шунча қилган меҳнати куйди-я! Шунча уй-жойлардан, молу мулклардан жудо бўлдик-а!
– Ўзининг не азобда ўлиб кетганини айтмайсизми, – дея онасига қўшилиб йиғлади Амалия.
– Майли, жойи жаннатда бўлсин илойим. Ўлиб кетиши мумкинлигини билиб, сен билан менинг ғамимизни еган экан, – деди она ва сумкасидан иккита янги паспорт чиқариб, бирини Амалияга узатди.
– Манавиниси сеники, мутлақо бошқа ном, бошқа фамилияга. Хорижга шу паспортлар билан кетамиз. Ҳар қанақа исковуч ит ҳам изимизни топа олмайди.
– Мен Нозимни шу аҳволда ташлаб, қочиб кетаманми? – деди йиғламсираб Амалия. Икки кун олдин унга Нозимнинг қаёққа, нима сабабдан ғойиб бўлгани ҳақида телефон қилиб айтишган. Шу боис, она-бола Нозимнинг бошига тушган савдодан хабардор эдилар. Амалия онасига: “Нозимни қутқаришга ҳаракат қилайлик”, дея ўтинмоқда эди. Она тихирлик қилаётганди. Аввалига бу ҳақда эшитишни мутлақо истамади.
– У боланинг сенга мутлақо алоқаси йўқ. Тушундингми? Келдию кетди! Тамом! Унақа одамни танимаймиз!
– Шунча вақт бирга яшадим-ку.
– Яхшиликни билмайдиган шумқадам экан ўша бола, уйимизга қадам босгандан бери остонамиздан кулфат аримаяпти.
– Онажон, унақа деманг. Мен уни яхши кўраман. Қорнимда боласини кўтариб юрибман.
– Ҳечқиси йўқ. Олдириб ташлайсан.
– Ўйлаб гапиряпсизми, онажон?
– Ўйлаб гапиряпман. Гап шу: у билан орани очиқ қиласан, болани олдирасан. Шундан кейингина нарсаларингни йиғиштириб, хорижга олиб кетаман. У ерда ҳеч кимнинг қўли етмайдиган жойда мазза қилиб яшаймиз. Отангнинг ишончли жойларга ўтказиб қўйган пуллари етти пуштига етади, қизим.
– Қанақа етти пушти? Биринчисиниёқ олдириб ташла деяпсиз-ку.
– Ўкинма қизим. Ҳали ўзимизнинг йигитлардан шундай зўрларини учратасан, шундай зўр болалар туғасанки…
– Хомхаёл ҳаммаси. Ўзимизнинг йигитлардан нечтасини кўрдим. Бирортасида “хотиним, оилам, болам” деган фикр йўқ. Тушигаям кирмаган. Ўйлагани ичкилик, наша, бир кечалик маишат. Мана шу Нозим мени нашавандлар чангалидан қутқариб, одам қилиб юрибди-ку. Мен ҳеч қачон болам бўлмаса керак, деб ўйлагандим. Худога шукур, ҳомиладор бўлдим. Шу туфайли.
– Ўзига айтганмидинг?
– Улгурмадим-ку. Шўрлик… Агар уни бир нарса қилиб қўйишса, боласи борлигини ҳам билмай ўлиб кетади.
Амалия йиғлади. Кўп йиғлади. Аммо онанинг бағри юмшамади. Охири айтдики:
– Отангнинг хориждаги пулини олиш бир-икки кунда ҳал бўладиган иш эмас. Боришимиз, қанча одамларга учраб, қанча қоғозларга қўл қўйишга тўғри келса керак. Ўзи тирик бўлганда-ку…
– Демак, иложи йўқ. Шунақами?
– Кўриб турибсан-ку.
– Мабодо мен бирон кишидан қарз олиб турсам, кейин қайтариб бера оласизми?
– Биринчидан, бунақа катта пулни қарзга берадиган одамни топа олмайсан. Иккинчидан, қизим, бизнинг бу ерда узоқ қолишимиз хавфли. Отангнинг душманлари унинг хорижда сармояси борлигини билиб қолса, истаган пайтда…
– Эримни шу аҳволда ташлаб кетаманми?
– У бир иложини қилиб қутулар, қутулолмаса, қисмати шу экан. Лекин мен сенинг унга қўшилиб увол бўлиб кетишингни истамайман. Ҳозир имконият борида кетвормасак, эрта-индин келишади. Кетайлик, қизим. Майли, болангни олдирмайдиган бўлсанг, омон-эсон туғиб, ўшани соғлом қилиб тарбиялашинг керак. Лоақал шуларни ўйла.
Она гапини тугатиб улгурмади. Ташқарида ит ҳурди. Четдан девор ортида машина овози эшитилди. Она-бола тура солиб, деразадан қарашди. Қора “Жип”дан қора чарм камзулли барваста йигит тушиб кела бошлади.
– Кечикдик қизим, ана кўрдингми, – деди мажолсизлик билан она.
– Ўзингизни тутинг она, бир иложини қиламиз.
Қуруққина салом-аликдан сўнг йигит Амалия ва онасини даҳшатга солган гапни айтди.
– Мени сизларни ўлдириш учун юборишди. Лекин қўрқманглар. Дмитрий Фёдоровичдан кўп яхшилик кўрганман. Сизларни ўлдирмайман. Лекин ҳозироқ, ярим соат-бир соат ичида шаҳардан чиқиб кетишларингиз керак. Машинамда кўчада ўлиб қолган икки дайдининг жасади бор. Шуларни ичкарига олиб кириб, уйга ўт қўйиб юбораман. Яъни сизлар бугун шу ерда отилиб, ёндириб юборилгансизлар. Сизлар энди йўқсизлар ва бу ерларга ҳеч қачон келмаслигингиз керак. Тушунарлими?
– Тушунарли, – деди Амалия. – Машинамизни миниб кетсак бўладими?
– Йўқ! – деди кескинлик билан. – Мен машинани ҳам ёқиб юбораман. Катта йўлгача ўрмон орқали пиёда чиқасизлар. Шунинг учун юкнинг ҳам енгилини олиш керак. Катта йўлга чиққач, жанубга, Марказий Осиё томон кетаётган юк машиналаридан бирортасига миниб оласизлар. Қани, бўлинглар!
Энди ўйлашга ҳам фурсат қолмади. Амалия шу топда Нозим ҳақида бош қотиришнинг ҳам мавриди эмаслигини тушунди. Бунинг учун аввало ўз жонини сақлаши керак. Гарчанд йигитнинг: “жанубга, Марказий Осиёга” кетаётган машиналардан бирига минасизлар”, деган гапи туфайли ярқ этиб кўз ўнгида Нозим пайдо бўлган эса-да, ҳозир ўз жонини, боя онаси айтганидек, қорнидаги боласини асрамаса бўлмаслигини англаб турарди. Шу боис энг зарур нарсаларини кичик сумкага жойлаб, елкасига осди. Онаси билан бошлашиб, ташқарига чиқди. Болалиги ўтган шу қадрдон қорамтир бинога сўнгги бор назар ташлаб, ўрмон сари юрди. Ботаётган қуёшнинг қизғиш нурлари ва хазонрезги туфайли сариқ-қизғиш тусга кирган дарахтзор ҳам гўёки чўғланиб тургандек, ҳали замон ёниб кетадигандек бўлиб кўринди. “Бир оловдан қочиб, бошқа олов бағрига уряпман ўзимни” деб ўйлади. Ўрмонга кириш баробарида орқасига ўгирилди. Аждодларидан қолган ёғоч уй гуриллаб ёнар, тутуни кўкка ўрларди.
МИРТОЖИ НЕГА ИККИЛАНДИ?
Қиш. Биринчи қор. Миртожи олови ловуллаб ёнаётган камин қаршисида “Қорхат” ўқиб ўтирибди. “Қорхат”, тўғрироғи зиёфатга таклифнома Отабой отадан, яна ҳам аниқроғи: унга қарашли бўлган “Нажжор” фирмасидан. “Янги йил арафасидаги биринчи қор муносабати билан ўтказилаётган қабул маросимида лутфан иштирок этишингизни сўраймиз”, деб ёзилган. Манзил: “Дийдор” маросимлар уйи. Бу ҳам Отабойга қарашли.
Миртожи иккиланмоқда. Борсамми ё бормасам деб ўйлаяпти. Иккиланишининг сабаби бор. Ўша кунги учрашувдан сўнг у Мардибойни чақириб, Отабой отанинг “илтимос”ини айтди. Мардибой Миртожининг кўзига маъноли тикилиб турди. Биринчи марта танбеҳ оҳангида Миртожига гапирди.
– Бекор рози бўлибсиз. У одам…
– У одам яхши одам, – деди Миртожи. – Қилиб борган жудаям илтимосимизни йўқ демасдан ҳал этиб берди. Нозимни озодликка чиқарди. Бизгаям муносабати яхши.
– Бизга муносабати қанчалик яхши эканини… шу чоққача айтмагандим сизга. Шусиз ҳам ташвишингиз етарли эди. Энди айтаман, бизларни, “Миромар” фирмасини банкрот қилган ҳам, Нозимни синдирган ҳам ўша кишининг ўзи экан.
Миртожи “уҳ” тортиб юборди.
– Йўғ-е, наҳотки, қўйсангиз-чи Мардибой. Ахир “Миромар”нинг инқирозига айрим ҳаромхўр амалдорлар ўртасидаги талашув сабаб бўлганини мен яхши биламан. Солиқни, прокуратурани, бошқа идораларни ишга солган ҳам ўшалар-ку. Бу ҳақда сиз билан кўп гаплашганман. Отабой аканинг бу ишларга алоқаси йўқ.
– Бевосита алоқаси бор экан. Россияда бизга рақобатчи бўлган “Акрополь” деган фирма вакиллари унга катта пул ваъда қилишган. У эса маҳаллий порахўр амалдорларга шипшитган, ўртада туриб “Акрополь”дан пора олиб берган. Оқибатда биз икки томонлама сиқув остида қолдик. Кейин Нозим директор бўлган “Гранд” фирмасини ҳам рақобатчилар томонида туриб, пулларини бермай, хонавайрон қилган. Умуман, бу одам жуда кўплаб тадбиркорларни синдирган. Аввалига рэкэт қилиб, соғиб, ичиб юради. Муайян вақт ўтгач, банкрот қилиб, мулкини арзон-гаров сотиб олади-да, яна бошқа уддабуронроғига қимматга сотади. Ҳам энидан, ҳам бўйидан уради. Унинг қўлида қанча-қанча ёш бизнесчилар қурбон бўлиб кетган.
– Унақада, Нозимни яна ўзи чиқариб олганини қандай тушунмоқ керак?
– “Гранд”нинг асосий хўжайинлари йўқ қилинган, фирма арзон-гаров сотиб олингач, Нозим ҳеч кимга керак бўлмай қолган. Энди у Отабойдан қарздор бўлиб, умрининг охиригача унга югурдаклик қилиб юради.
– Воажаб! – деди Миртожи. – Бу Отабой ота деганлари шу қадар қудратли одам эканми-а? Уни ҳув бир пайтлар газетага бекорга уриб чиқишмаган экан-да?
– Ҳа, бу одамнинг хорижда бир неча меҳмонхоналари, ҳатто шахсий самолёти бор эмиш. Лекин барибир ниҳоят даражада қудратли эмас. Акс ҳолда бизлар “Миромар” фирмасини очиб, ишимизни қайтадан жонлантира олмаган бўлардик. Уни тан олмайдиган янги, соғлом кучлар бор экан. Ўшалар билан ишлашиб, барака топяпмиз.
Миртожи ўнғайсизланди.
– Мен… Мен сиз билан маслаҳат қилмай, қовун тушириб қўйибман-да бўлмаса? Унга “Мардибой бундан буён сиз билан ишлайди. Хомашёни асосан сиздан олади”, деб ваъда бериб қўйибман. Энди нима қиламиз?
– Бўлар иш бўлибди. Майли, сизнинг сўзингиз ерда қолмайди. Шартнома тузамиз. Худди ўзи айтгандай қилиб тузамиз. Аммо шундай бўладики, шартномани бажаролмай, ўзи илтимос қилиб, ўйиндан чиқиб кетади.
– Мардижон, сиз у билан ўчакишманг, у ўзингиз айтганингиздек ёмон одам бўлса, яна бирон зиён-заҳмат етказиб юрмасин.
– Ташвишланманг. Мен у билан ўчакишмоқчи эмасман. Бизсиз ҳам унинг душманлари етарли экан. Улар оқсоқолга анчадан бери тиш қайраб, тузоқ қўйиб юришибди. Яқин орада уни синдиришади. Оқсоқол хорижга қочса керак.
– Ҳай билмадим-да, уни синдириш осон эмасдир. Лекин сиз бу ишларга аралашманг.
– Албатта аралашмайман. Аралашишимнинг ҳожати ҳам йўқ.
Мана шунақа гаплар. Мардибой айтган “яқин ора” ҳали келгани йўқ, шекилли, Отабой ота ҳамон отдай. Дарвоқе, Нозим ҳам яқиндан бери унинг қўл остида ишлайдиган бўлибди. Тўтиё Нозимнинг қутулиб чиққани ҳақида Миртожига телефон қилиб айтганди. Миртожи ўша куни ўзини дунёдаги энг бахтиёр одам деб ҳис этди гўё. Бу бахтиёрликнинг сабаби Нозимнинг халос бўлгани эмас, шу халослик туфайли Тўтиёнинг беҳад шодлиги ва Миртожига соддаларча берган самимий ваъдаси эди.
– Сизга мингдан-минг раҳмат Миртожи ака, – деди Тўтиё анча йиллардан сўнг биринчи марта Миртожининг номини тилга олиб. Тилга олганда ҳам меҳр билан тилга олди. Миртожи буни юракдан ҳис этди. Шу қадар қувондики, “юрагим қинидан чиқиб кетмаса”, деб бир қадар қўрқди ҳам. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас экан.
– Яқинда бизлар ҳам юртга қайтамиз. Борганимдан сўнг… Сизга бир зиёфат бериб, сарпо қиламан, насиб этса…
– Қачон, қачон келасизлар? – деди ҳаяжон билан Миртожи. – Бутунлай келяпсизларми?
– Ҳа, – деди Тўтиё. – Нозимжон ўша ёқда, ўша Отабой деган кишининг фирмасида ишларкан. Ҳозир қайтишга тайёргарлик кўряпмиз.
– Кутаман… Мен сизни… соғиниб кутаман, – деди Миртожи. – Тезроқ келинг.
– Кўришгунча хайр, – деди Тўтиё. Миртожи сезди. Тўтиё энди уни чинакамига кечирган. Исмини тилга олгани, зиёфат бериб, сарпо қиламан дегани учун шундай деб ўйлаётгани йўқ. Овозидаги ширин, асал таъмни тили билан ҳам, дили билан ҳам ҳис этди. Худди ёш боладек, муҳаббатнинг ҳаяжону эҳтиросларини умрида биринчи бор ҳис этаётган ўсмир ҳолатига тушди. Ўша кеча тонггача мижжа қоқмай чиқди. Тонгда эса… “Эҳтимол, бу шунчаки берилган ёрдам учун миннатдорчилик билдириш истагидан бошқа нарса эмасдир”, деган хаёлга борди. Кўз олдида яна Нозим, унинг Лайлога қилган жафолари келди. “Нималарни ўйлаяпман ўзи, нима бало, жинни бўляпманми, ахир Лайло нима дейди, Нозим бу нарсага қандай қарайди? Бу хом хаёл-ку…”
Ўзини босди. Ўзини қўлга олди. “Энди сен қизингнинг бахтини, неварангнинг келажагини ўйласанг-чи галварс, нима қиласан муносабатларни яна чалкаштириб, мураккаблаштириб…”
Пировардида: “Майли, келаверишсин-чи, худонинг ўзи тўғри йўл кўрсатар”, деган хулоса билан қувонч ва ҳаяжонларга хотима ясади.
Айтганча, Отабойнинг зиёфатига борса, ҳойнаҳой Нозимга дуч келади. Ё у ҳали келмадимикан? Тўтиё борганимиздан сўнг хабарлашаман деганди-ку. Ёки келган бўлса ҳам шаҳарда жойлашолмай, қишлоғига кетдимикан? Мунис-чи, Мунис нега хабарлашмади. Демак, ҳали қайтишмаган.
Бориш керак. Масалаю саволларнинг барчасига ойдинлик киритиш учун ҳам бугунги зиёфатга бориш даркор. Мардибой айтди-ку, “сир бой берманг” деб. Унинг ўзи ҳам агар хорижда бўлмаганида борар эди. Ҳар қалай компанён, яъни ҳамкор-да! Бориш керак…
Шу ўйлар билан кийинди. Идорага қўнғироқ қилиб, Қўшоқбойни чақирди. “Тезроқ етиб кел, Отабой оқсоқолнинг зиёфатига борамиз”, деди. Бир муддат телевизор томоша қилиб ўтиргач, ҳассасини таянган кўйи ташқарига чиқди. Қўшоқбой дарвозадан кираётган экан.
– Кетдик, – деди Миртожи ва ўн дақиқага қолмай манзилга етиб келишди.
Зиёфат тўкин, ҳашаматли, серодам. Лекин негадир сершовқин эмас. Мусиқачилар бору, мусиқа йўқ. Унда юракни орзиқтирувчи бир сукунат ҳукмрон.
Миртожи бунинг сабабини дарҳол англади. Зиёфатга таклиф қилинганларнинг барчаси – таниқли раҳбар, амалдорлар, прокурору мелисадан тортиб, солиқчию ўт ўчирувчиларгача ҳозиру, фақат зиёфат соҳиби йўқ эди. Кимдир: “Келиб қолади, у одам ўзи кечикишни яхши кўради”, деди паст овозда. Яна биров: “Каттаконлардан бирортаси чақириб қолгандир”, дея шивирлади. Учинчиси: “Йў-ўқ, шошилинч хорижга жўнаб кетибди, қанақадир муаммо чиқиб қолган…” – деди баралла. “Ҳаммаси тушунарли”, деди ичида Миртожи ва нигоҳи билан Нозимни излашга тушди. Топди. Четроқда узун бўйли бир одам билан гаплашиб турибди. Нозим анчайин башанг кийинган, қадди тик, боқишлари ўша-ўша мағрур ва ишончли. “У менинг ўғлим бўлиши мумкин эди, деб ўйлади Миртожи. Ўзим тарбия қилиб, тўғри йўлга солганимда, юрт сўрайдиган одам бўлиб етишарди…” Фикран уни Мардибой билан таққослади. Мардибой – яхши йигит. Лекин унда ҳам нимадир етишмайди. Майли, беайб парвардигор, деганлар.
Қўшоқбойни имлади.
– Бориб анави Нозимга: “Миртожи акам чақиряпти”, дегин.
Қўшоқбой Нозим томон кетди. Бориб айтди. Миртожи кузатиб турди. Нозим у томонга қаради. Юзи қизарди. Иккиланди. Кейин шеригига нимадир деб, Қўшоқбойга эргашди. Биринчи бор жилмайишга уринди. Миртожи қўл узатди. Нозим шошиб-пишиб унинг қўлини олди. Миртожи унинг ўнғайсизланаётганини сезди. Биринчи бўлиб гап очди.
– Яхшимисиз? Ишлар жойидами? Кўчиб келаётганмишсизлар деб эшитдик.
– Ҳа, деярли кўчиб келдик. Мен шу ердаман. Муниснинг кўзи ёриса, улар ҳам келишади.
Нозим шундай деб ерга қаради. Миртожи асосий гапни айтишнинг мавриди келганини тушунди.
– Нозимбой, дўстим, гап бундай: мен орамиздаги кўнгилсизликлар унутилди, ҳеч қанақа гина-кудуратга ўрин қолмади деган фикрдаман. Сиз нима дейсиз?
– Сиз нима десангиз – шу, – деди Нозим ҳамон унинг кўзига тик боқмай.
– Жуда яхши. Уйдагиларга салом айтинг.
Шу орада шўх мусиқа садолари янгради. Нозим кетди. Кейин кимдир сўзлади, кимдир қўшиқ айтди. Қўшоқбой ким биландир рақсга тушди. Миртожи ўйчан ўтирди. Наҳотки, чиндан ҳам Отабой отанинг тижорат оламидаги салтанати ўз ниҳоясига етган бўлса, деб ўйларди у. Демак, ҳар қандай қудратли салтанат ҳам охир-оқибат қулар экан-да? Ҳа, дея ўзига ўзи жавоб берди: ҳар қандай салтанат ҳам бир қулайди, бу муқаррар. Фақат севги салтанати, муҳаббат салтанати ҳеч қачон завол кўрмайди…
– Қўшоқбой, энди кетамиз, – деди у кутилмаганда. Хаёлидаги файласуфона фикрлар туфайли шу топда еру кўкка сиғмай қолди.
– Хўп бўлади, Мир ака, – деди Қўшоқбой.
Ташқарига чиққанларида вақт алламаҳал бўлиб қолган, борлиқ оппоқ қорга буркангани, осмонда ўн беш кунлик ой ярқираб тургани боис теварак ёруғ эди.
– Уйгами? – деб сўради Қўшоқбой.
– Йўқ. Тоққа, Заркент томонга, – деди Миртожи.
Қўшоқбой индамай газни босди. Ярим соат ўтмай, шаҳардан чиқиб, тоғ этагига етиб келишди.
Бутун борлиқ оппоқ қор қўйнида. Миртожи машинадан тушиб, қорли адирларга тикилган кўйи анча туриб қолди. Бояги фикридан гоҳ кулди, гоҳ жиддийлашди. Вужуди енгил тортди. Қўшиқ айтгиси келди. Шунча йиллардан буён биринчи марта бор овози билан ҳайқириб-ҳайқириб, инграниб-инграниб, кулиб-кулиб, йиғлаб-йиғлаб қўшиқ айтгиси келди. Машинага ўтириб, Қўшоқбойга:
– Тезроқ уйга ҳайда, – деди.
Уйга етиб келганларидан сўнг эгнидаги пальтосини диванга улоқтириб, деворга осилиб турган торни қўлига олди. Бир зум тинғиллатиб созлади-да, куйлаб юборди.
“Тушди савдойи муҳаббат бошима…
Ор этар мардум келурға қошима…”
Бу орада Лайло уйғониб, юқоридан тушиб келди. Бир зум ҳайрат билан қараб турди. Отаси кўзларини юмиб куйлаётгани боис уни кўрмади. Лайло сўзсиз бурилиб, юқорига қайтиб кетди. Миртожи эса шу тариқа тонггача қўшиқ айтди.
ТЕРГОВЧИНИНГ НОЗИК САВОЛЛАРИ
Шаҳар прокуратураси эшигига етгунча Нозим минг бир хаёлга борди. Миясига келган энг биринчи таҳликали фикр шундай бўлди: “Шартта ушлаб, қамаб қўйишса, тамом. Бу ўрмон ичидаги ертўладан кўра жиддий, камида ўн йил беришади. Нега, нима учун, қанақа айбинг бор”, деган саволлар мутлақо ўринсиз эди шу топда. Зеро, Нозим ўз гуноҳи, аниқроғи гуноҳларини яхши билар, қолаверса, кўнглининг бир четида мудом: “Бу қилмишлар учун қачондир албатта жавоб беришга тўғри келади”, деган ваҳима яшириниб ётар эди. Шу боис, кечаги қўнғироқдан сўнг дастлаб: “Қочворсаммикан?” деб ўйлади. Ўша заҳоти бу фикридан қайтди. Қочиб қаёққа боради?
– Нозим ака, эртага вақт топиб, бир прокуратурага келсангиз, – деди кеча телефон қилган йигит. – Мен шаҳар прокуратурасининг терговчиси Маҳамадовман. Сизга бир-иккита саволим бор. Вақтингизни кўп олмайман…
– Қачон бориш керак, нима масала бўйича? – деб сўради Нозим ичидан қиринди ўтиб бораётган бўлса ҳам ўзини дадил тутишга уриниб.
– Эрталаб тўққиз яримга келаверинг. Ҳаммасини учрашганда гаплашамиз…
“Нарёқдаги ишларни сўрармикан? Ё Лайлони олиб қочганим бўйичами? Э, йў-ўқ, Миртожи ака бу масалани шунча пайт очмаган, бунинг устига Отабой отага айтиб, қутулиб чиқишга ёрдам берди, тунов кунги гапидан сўнг бунақа бўлиши мумкин эмас. Ишқилиб, нарёқдаги ишлар бўйича ушлаб, жўнатиб юборишмасин-да. У ёқдан энди соғ қайтиш қийин”.
Терговчи Маҳамадов уни кўп маҳтал қилмай, ўнларга яқин келди. Анчайин ёш, лекин кўринишидан пишиб кетган.
– Сизга Отабой Шавқиевнинг бизнеси ҳақида бир-икки саволимиз бор, – деди у хонага киришгач компьютер ёнига бемалол жойлашиб олиб.
– Шавқиевнинг ўзидан сўрай қолмайсизми? – деди Нозим.
Маҳамадов кулимсираб қўйди. Нозимга синчков тикилди.
– Сиз ё чиндан ҳам Шавқиевнинг қочиб кетганидан хабарингиз йўқ, ё ўзингизни гўлликка соляпсиз.
– Ие, қочиб кетибдими? Нега қочади? – деб сўради Нозим астойдил ҳайрон бўлиб.
– Бу хонада саволни фақат мен бераман, – деди терговчи. – Сиз эса ҳаммасига рўй-рост жавоб қайтарасиз. Келишдикми? Ана шунда… Сизни терговга тортишга асос қолмайди. Акс ҳолда гувоҳ эмас, шерикка айланишингиз мумкин. Биринчи савол: Шавқиевни қачондан бери биласиз?
– Илгари кўп эшитганман. Лекин яқиндан танишганимга бир ойдан ошди.
– Яхши. Илгари кўп эшитгансиз. Нималарни эшитгансиз?
– Мен Россиядан ёғоч-тахта олиб келиб сотар эдим. Уни ҳам шу соҳа билан шуғулланадиган тажрибали, оқсоқол одам дейишарди.
– Унга солиқ тўлаб турганмисиз?
– Йўқ.
– Такрор айтаман. Очиқ, рост гапиринг. Сиз ҳақингизда етарлича маълумотга эгамиз. Ростдан ҳам илгари Шавқиев билан таниш бўлмаганмисиз?
– Йўқ.
– Солиқ ҳам тўламагансиз?
– Йўқ.
– Унда… Сиз қандай қилиб унинг фирмасига ишга келиб қолдингиз?
– Улар менга яхшилик қилишди.
Маҳамадов яна кулди.
– “Азамат тахта” лақабли Азамат Тўхтамадовни танийсизми?
– Ҳа. У билан олди-сотди қилганмиз.
– У сизни чув туширган. Шундайми?
Нозим иккиланиб қолди. У боя сўроқни Отабой ота мавзусида бошлаганида: “Нима бўлсаям у одамни сотмаслигим керак, чунки менга ёрдами тегди”, деб ўйлаб қўйганди. Энди гап Азаматга тақаляпти. Нима қилиш керак? Агар бўлган гапни очиқ айтса, муаммо чиқмасмикан? Йўқ, яхшиси…
– Йўқ. Майда-чуйда муаммолар бўлган-у, лекин кейин ҳал қилганмиз.
– Отабой отанинг буйруғи билан ҳал бўлган ўша муаммолар! Тушунмаяпсизми? Аввалига Отабойнинг буйруғи билан ўзлари атай туғдирган ўша муаммони сизнинг бизнесингизни синдириш учун. Кейин ўзлари ҳал қилишган, гўёки сизни ажал чангалидан қутқарган бўлиб. Биласизми?
– Йў-ўғ-е-е! – деди Нозим азбаройи ҳайратланиб.
– Йўқ эмас, бор! Аввалига… Сизни қурол қилиб “Миромар” фирмасини синдиришган. Кейин сизни. Улар бирор фирманинг мустақил ишлаб, кучайиб кетишига йўл қўйишмаган. Сиз эса уларнинг қўлида аввал қурол, кейин оддий қўғирчоқ ролини ўйнагансиз. Отабой Шавқиев узоқ йиллардан буён ҳаракат қилган катта уюшган жиноий гуруҳ раҳбари. Сиз унинг чангалига тушганингизни гўёки сезмаган бўлиб чиқяпсиз. Аммо марҳум қайнотангиз Якубовский ҳам жиноий гуруҳ раҳбари бўлганини ҳойнаҳой билгандирсиз?
– Билардим, – деди Нозим. У энди тихирлик қилиш бефойда эканини тушунди. “Терговчи ҳаммасидан хабардор. Энди нима қилиб бўлса ҳам ўз жонингни асрашинг керак”, деб ўйлади. – Аниқроғи, кейинроқ – у кишининг қизига уйланганимдан сўнг билиб қолдим. Лекин… Мен у кишининг ишларига аралашган эмасман.
– “Миромар” фирмаси қандай қилиб банкрот бўлди?
– Уни ўша ердаги солиқчилар бўғишган. Кейин биз Якубовскийнинг шерикларига қарашли фирмани сотиб олдик. Мен у фирмада ижрочи директор бўлганман, холос.
– Биламиз. Демак, сиз Отабой Шавқиев билан Якубовский ва шериклари ўртасидаги муносабатдан ҳам хабардор бўлганмисиз?
– Хабарим бўлмаган.
– Шавқиев Якубовскийнинг одамлари орқали “Миромар” фирмасини атай сиқувга олганини ҳам демак, билмайсиз? Ўзингизни гўлликка солманг, агар бизни лақиллатмоқчи бўлсангиз, ўзингизга қийин бўлади.
– “Миромар” фирмаси Якубовский одамлари томонидан банкрот қилинганидан хабарим бор. Лекин бу ишда Шавқиевнинг иштирок этганини очиқ гап, энди эшитиб турибман.
– Ана шунақа-да! Ўзингизни ҳаммадан ақлли деб ҳисоблаб юрасиз, аслида…
– Демак, Якубовскийнинг ўлдирилиши, менинг қамалишим, ҳаммаси Шавқиевнинг иши экан-да? Мен бўлсам, бу одам мени ўлимдан қутқарди, ундан ўла-ўлгунча қарздорман деб юрибман-а.
– Ҳа, чиндан ҳам унча-мунча нарсага ақлингиз етадиган кўринади. Кечроқ бўлса ҳам… Шавқиев бу ерда ҳам, нарёқда ҳам ўнлаб одамларни қўғирчоқ қилиб, қўлида ўйнатиб юрган. Шу жумладан сизни ҳам. Сиз…
– Мени… Мени у илгари танимасди-ку?
– Хато қиласиз. Сизни у туғилган чоғингиздан билади. Аниқроғи… Сиз туғилмасдан илгарироқ онангизни таниган. Чунки сиз яхши билган яна бир одам билан унинг йўли ҳув ўша йилларда кесишган.
– Миртожи акани айтяпсизми?
– Ҳа, уни Шавқиев бизнесга жалб қилиб, оёққа турғизган. Ўзидан ўзиб кетаётганини сезгач, зимдан синдиришга ҳаракат қила бошлаган. Ўғлини гиёҳванд моддага ўргатиб, касал қилганлар, охир-оқибат ўлимига сабабчи бўлганлар ҳам Шавқиевнинг одамлари. Сизни унга қарши қайраган ҳам аслида Шавқиев. Шундай эмасми? Яхшилаб эслаб кўринг. Сиз бўлсангиз, “Мен Миртожибойдан боплаб қасос олдим”, деб юрибсиз…
Нозим индамасдан ерга қаради. Онаси билан Миртожининг орасидаги муносабат ҳақида илк бор ўз отасининг оғзидан эшитган ҳақоратли гапларни хотирасида тиклашга уринди. Ўшанда отасининг сўнгги сўзлари унинг қулоғини тешиб юборган эди гўё. “Эшитдим, менга ишончли одамлар айтди. Ҳалиям ўша билан учрашар эмишсан. Билиб қўй, агар салгина шивирини эшитсам, ўша тахтафурушни сўйиб ташлайман…” Наҳотки, отаси айтган “ишончли одамлар” Шавқиевнинг гумашталари?
– Унда Миртожи ака билан онам илтимос қилиб борганида Шавқиев нега мени қутқарди?
– Сиз аввал: “Шавқиев “Миромар фирмасини банкрот қилганидан сўнг, нега менга ёпишди?” – деб сўранг. Ахир сиз унинг томонида бўлиб, билиб-билмай унга хизмат қилиб юргансиз-ку. Шундайми? Шундай. Хўш, шунақа бўлса, нега сизнинг молингизни олиб, пулни бермай синдирди? Шунинг учунки, бу “зарба”ни у “Миромар” фирмаси эгаларининг қасоси деб кўрсатмоқчи бўлган. Онангиз Шавқиев ҳузурига Миртожи ака билан келгач, режаси амалга ошмаганини тушунди ва сизни қутқариб, ўз мақсадлари йўлида фойдаланишни мўлжаллади. Ақл билан ўйлаб кўрган бўлсангиз, буни ўзингиз ҳам сезгандирсиз? Хўш?
– Эҳтимол, сиз ҳақдирсиз, – деди бўшашиб Нозим.
– Буни тушунаётганингиз учун раҳмат. Мана энди, менинг бир неча саволларимга аниқ ва тўғри жавоб беринг. Шундай қилсангиз, ўзингизга осон бўлади. Мен биламан, сиз ёшлик қилиб, хатога йўл қўйгансиз. Шунинг учун терговга астойдил ёрдам берсангиз, иложи борича жавобгарликдан озод этишга ҳаракат қиламан. Келишдикми?
– Майли, – деди Нозим.
– Биринчи савол. Гаровдан қутулиб келганингиздан сўнг Шавқиев билан бўлган учрашувда у сизга қилган яхшилиги эвазига олдингизга қанақа талаб ёки шарт қўйди?
– Унга содиқ бўлишимни, ҳар қандай топшириқни сўзсиз бажаришга тайёр туришимни айтди. Қуръон билан қасам ичирди.
– Фақат шуми?
– Ҳа, шу, – деди Нозим. У Шавқиевнинг: “Агар зарур бўлиб қолса, одам ўлдиришга ҳам тайёр бўлишинг керак”, деган гапи ҳақида индамади.
– Яхши. Унда иккинчи савол. Шавқиев ҳаммани зиёфатга чақириб, ўзи қочиб қолишини олдиндан билармидингиз?
– Йўқ. Менга айтмаган. Чамаси ҳали у қадар ишончга кирмаган бўлсам керак.
– Учинчи савол: ғойиб бўлганидан буён сизга бирон дарагини бердими? Қўнғироқ қилиб ёки бирон киши орқали?
– Йўқ.
– Яхши. Лекин менга қаранг, агар бундан буён дараги чиқса ё қўнғироқ қилиб, бирон буйруқ берса, дарҳол бизга хабар қиласиз! Акс ҳолда, сиз ҳам унга шерик ҳисобланиб қолишингиз мумкин. Тушундингизми?
– Тушундим.
Нозим терговчининг ҳузуридан чиқиб, кўчада узоқ вақт айланиб юрди. Сўроқ чоғида эшитган гапларини таҳлил этишга уринди. Шавқиев билан ораларида бўлган хуфия суҳбат тафсилотларини терговчига тўлалигича айтмай, тўғри қилдимми, деб ўйлади. Агар Шавқиев чиндан ҳам терговчи айтган даражада қабиҳ одам бўлса, ҳимоя қилишга, сирини асрашга арзийдими? Йўқ, терговчи бу гапларни атайлаб, Нозимдан гап олиш учун айтган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ўша суҳбат чоғида Шавқиев Нозимга дунёдаги энг доно, энг адолатпарвар одам бўлиб кўринган. Нозим ўша таассурот таъсиридан ҳалигача қутулгани йўқ.
– Сен, Нозим ўғлим, энди болаликдаги ҳовлиқмалик одатларингни ташлагин, – деганди ўша куни Отабой ота. – Энди катта йигит бўлдинг. Энди жиддий ишлар билан шуғулланишинг керак.
Кейин у Нозимга Миртожи ҳақида гапирди. Мақтаб гапирди. Яхши одам, деди. Қизи билан ярашишинг керак, ўшанда бутун молу дунёси сенга қолади, деди. Нозим беихтиёр: “ярашишга улар рози бўлишармикан”, деб юборди.
“Рози бўлишади, мен кўндираман, деди Шавқиев. Кейинроқ Шавқиев айтдики, ўша зиёфат чоғида Миртожининг ўзи шу ҳақда гап очади. Лекин сен унинг сазасини ўлдирма, гапига мос гап қайтар”, дея ўргатди у Нозимга.
Аммо зиёфат чоғида бу ҳақда гап очилмади. Сабаби – эҳтимол Шавқиевнинг ғойиб бўлгани билан боғлиқдир. Отабой ота чиндан ҳам бу ҳақда Нозимга гапирмаган. Шу боис… Шавқиев тирик бўлса, Нозимга дарак беради. Қолаверса, Нозим онаси, опаси ва поччасини кўчириб келган ҳовли ҳам Шавқиевга қарашли. “Мен шунча яхшилик кўриб, яна уни сотишим керакми”, деб ўйлади Нозим. Агар ўзимни эркак деб ҳисобласам, ундай қилмаслигим зарур, ҳатто Шавқиев иблиснинг ўзгинаси бўлган тақдирда ҳам”.
Орадан кунлар ўтди. Терговчи Нозимни бошқа чақирмади. Ҳойнаҳой у: “Шавқиевдан дарак чиқса, ўзи келиб хабар беради”, деб кутиб ўтирган бўлса керак. Шавқиевдан эса чиндан ҳам хабар келди. Унинг ўзи Нозимнинг қўл телефонига қўнғироқ қилди. Қисқа гапирди.
– “Ярашиш маросими” ҳозирча бекор қилинади. Мен айтган одам сотқин бўлиб чиқди. Уни жазолашимизга тўғри келади. Ҳозирча ҳеч қанақа ортиқча ҳаракат қилма. Яна қўнғироқлашамиз…”
Наҳотки, Шавқиевнинг қочишига Миртожи ака сабабчи бўлса, – деб ўйлади изтироб билан Нозим. “Жазолашга мажбурмиз” деганда кимни, нимани, қанақа жазони назарда тутди? Наҳотки…”
Шавқиев қўнғироқ қилган куни Нозимнинг қўл телефонига яна бир мутлақо кутилмаган қўнғироқ бўлди. Бу Амалия эди. Нозим қулоқларига ишонмади.
– Сен… сен… сизлар тирикмисизлар? – дея олди, холос.
– Ҳа, тирикмиз. Худога шукр, сен ҳам тирик экансан. Буни шу бугун билдим. Телефонингни бир амаллаб топдим.
– Менга сизларни ёнғин чоғи куйиб кетган, дейишганди.
– Тақдиримизда яшаш бор экан ҳали. Аммо… аҳволимиз оғир. Хорижда бир тийинсиз, гадо бўлиб юрибмиз.
– Қаерда, қайси мамлакатда?
– Кипрда. Нозим, азизим, бизларни қутқар. Қўлимда сенинг боланг бор, ўғил туққанман. Эсингдами охирги кунги суҳбатимиз. Ўшанда тилагим Худога етган экан.
– Исмини, исмини нима қўйдинг? – деб сўради ҳовлиқиб Нозим.
– Сендан ёдгор бўлсин деб, ўзингнинг исмингни қўйдим – Нозим.
– Манзилингни айт. Яқин орада бориб, олиб келаман.
Амалия манзилини айтди, Нозим ҳаяжонланди. Ўғилли бўлган эканман-а, худога шукр, деб қувонди. Шу қувонч баробарида: “Нега Лайлодан туғилган болам ҳақида ҳеч қачон бунақа севинч билан ўйламаганман”, дея ўзига таънали савол берди. Қасос туйғуси остида туғилган нафрат одамнинг кўзини кўр, қалбини тош қилиб қўяр экан-да, деб койинди. Энди у нафратни енгиб, меҳримни икки боламга теппа-тенг бўлиб беришим керак, дея дилига тугди.
“Болага бино қўйма”, деди яна бир кўнгли. Нима бўлгандаям Амалияни қутқариш керак.