Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
“МЕН СИЗДАН НАЖОТ ИСТАБ КЕЛДИМ,,,”
Илиқ ва майин куз кунларидан бири. Якшанба. Миртожи ҳовлида невараси билан сайр қилиб юрибди. Дарахтларнинг яшил, олтинранг, каҳрабо тусдаги япроқлари тўшалган боғ дилни энтиктирувчи, маҳзун бир манзара касб этган. Лайло ошхонада хизматкор аёл билан отасининг севимли таоми – чучвара тайёрлашмоқда. Бир пайтлар деярли ҳар куни гавжум, сершовқин бу ҳовлида теран бир сукунат ва сокинлик ҳукм сурмоқда. Миртожининг руҳияти ҳам тинч, сокин. У тақдирнинг устма-уст зарбаларига кўниккан. Энди осойишта ва хотиржам ўтган ҳар бир кундан ҳаловат олишга уринади. Ҳартугул турмушлари бадастир. Лайлонинг топгани етиб турибди. Гарчанд Мардибойнинг Миртожига ажратаётган “шериклик” улуши айтишга арзигулик даражада бўлмаса ҳам, Миртожи бундан хафа эмас. Мардининг ишлари қийинчилик билан бўлса-да, аста-секин ўнгланмоқда. Тадбиркорлик дегани шу – бир қоқилсанг, қайтиб оёққа тургунча, яна қайтадан қаттиқ меҳнат қилиш, ҳар бир тийинни тежаб-тергаб сарфлаш керак. Миртожи Мардининг ишлари юришиб кетишига ишонади. У иродаси мустаҳкам, ҳалол, сабр-қаноатли йигит. Фақат… Лайло унга кўнгил қўя олмагани яхши бўлмади. Агар уларнинг бошини қовуштирганида… Миртожи ҳар жиҳатдан хотиржам бўлар эди. Бироқ Лайло… У ҳам қатъиятли, иродали экан. “Ўзимга ўхшаган-да”, дейди баъзан шу, ҳақда ўйлаганида Миртожи ва тушкунликка тушган чоғларида қизидан ўрнак олишга уринади. “Аёл боши билан у шунчалик чидамли-ку, мен нега ландовурлик қилишим керак”, дея ўзини койийди. Бардам бўлишга, врач берган маслаҳатларига қаттиқ амал қилиб, вужудининг жонсиз аъзоларини тиклашга, жонлантиришга ҳаракат қилади. Тинимсиз юради, жисмоний машқлар бажаради. Баъзида ҳовлисини уч юз мартагача айланиб чиққан кунлари бўлади. Ҳовлиси эса ҳар қалай катта, боғ билан биргаликда салкам эллик сотих. Ўша талотўп кунлари сотиб, шаҳарнинг марказидан кичикроқ жой олсам-чи, деган фикр ҳам келган эди миясига. Сотмай тўғри қилган экан. Ҳовли шаҳардан четроқда бўлса ҳам, хушҳаво ва сокин жойда. Девор ортида дала. Сўнгра катта сойлик. Ундан нарида қирлар бошланиб, Заркентнинг қорли тоғларига туташиб кетади. Заркент… Бу сўз хаёлига келган заҳоти Тўтиёни эслайди. Эслаш баробарида кўнглида бир илиқлик, ҳалимдек юмшоқлик пайдо бўлади. Гоҳ-гоҳида шунга қоришиқ теран бир ўкинч ҳис этади юрагининг тубида. Сўнгра Нозим, унинг нодонлик билан қилган ишларини эслайди. Аввалига тизгинсиз бир ғазаб қуйилиб кела бошлайди. Аммо Тўтиёнинг ҳув ўша, Муниснинг тўйидаги нигоҳи кўз олдига келиб, ғазаби босилади. “Ёшлик қилди, эҳтимол, у ҳам ўзича ҳақ”, деган сокин мулоҳазаларга берилади. Тўтиёнинг ўша кунги нигоҳи кўз ўнгида узоқ жонланиб туради. Назарида… Тўтиё уни ўша куни кечиргандек, ҳатто кўзига алланечук меҳр, миннатдорлик билан қарагандай туюлди. Йўқ, гап Миртожи олиб борган қимматбаҳо совғаларда эмас. Гап бошқа ёқда. Чамаси, Тўтиё қизининг тўйи куни Миртожини унинг ёнида кўришни кўп йиллар давомида ўйлаб юрган. Ахир қиз бола учун никоҳ куни ота дуоси, розилигини олишдан муқаддас нарса борми? Кейинги муносабатлар, Муниснинг бир неча бор келиб-кетгани, ҳар гал: “Отажон, ўзингизни асранг” дейишлари, фотиҳа кунлари кўксига бошини қўйиб йиғлаганлари… демак, Тўтиё ҳеч қачон унга Миртожи ҳақида ёмон гапирмаган. Нозим бўлса… Нозимнинг йўли бошқа…
– Дадажон, телефонга қаранг, сизни сўрашяпти, – уй тарафдан Лайлонинг овози эшитилди.
– Ким экан, қизим?
– Мана, ўзингиз сўранг, эркак киши, – деди Лайло унга радиотелефон гўшагини узатиб.
– Эшитаман, – деди Миртожи гўшакни қулоғига тутиб.
– Ассалому алайкум, – овоз эгаси иккиланди. – Мен…
– Э-э, ҳа-а, танидим, куёв Баҳодиржон. Ваалайкум ассалом. Яхшимисиз. Мунис, онаси, ҳаммаларинг яхшимисизлар? Қаердасиз? Овозингиз яқиндан эшитилади?
– Яхши-яхши… шу ерда, шаҳарда, онамни олиб келувдим. Сиз билан… учрашмоқчи.
Миртожининг юраги ҳаприқиб кетди.
– Мен билан… учрашмоқчи? Яхши! Жудаям яхши. Олиб келинг уйга!
– “У ёққа боришим ноқулай” деяптилар. Бошқа бирон жойда…
– Йўқ, йўқ. Ҳеч ҳам ноқулайлиги йўқ. Истиҳола қилмасин. Мен ҳозир Лайлони юбораман. Машинада бориб олиб келади. Қаерда турибсизлар?
– Майли. Лайлони овора қилманг. Ўзимиз борамиз, – деди бир зумлик сукунатдан сўнг Баҳодир.
– Кутамиз-а! Тез келинглар! Ҳой Лайло, қизим, меҳмон келаётир, тадоригингни кўр…
Тўтиё билан Баҳодир ярим соатлардан сўнг етиб келишди. Тўтиё дарвозадан ботинқирамай кирди. Лайлонинг юзидаги хайрихоҳ жилмайишни кўриб, унга қучоқ очди. Ўпишиб кўришди. Кейин ётсираб ўтирган неварасини бағрига босиб, елкаларини силади. Бу манзарани жилмайиб кузатиб турган Миртожи Тўтиёнинг оппоқ, нозик, ҳамон ўз нафислигини йўқотмаган қўлларига кўзи тушиб, алланечук бўлди.
– Ассалому алайкум, – деди ерга қараб.
– Ваалайкум ассалом, – деди Миртожи ва Баҳодир билан қўл сиқишиб кўришди. – Қани, ичкарига марҳамат.
Лайло биринчи қаватдаги кичик меҳмонхонага жой ҳозирлаган экан. Ўша ерга киришди. Тўтиё истиҳола билан:
– Мен таъзияларга келолганим йўқ. Бир дуои фотиҳа қилиб юборсангиз, – деди ҳамон Миртожининг юзига қарамай. Миртожи “Сураи Фотиҳа”ни ўқиди. Дуо қилинди. Бир муддат жим қолишди. Лайло қисқа сўрашувдан сўнг “овқатга қарайман” деб ташқарига чиқди. Боласи ортидан эргашди.
– Мунисни олиб келмабсизлар-да, – деди Миртожи ўнғайсиз сукунатга барҳам бериш учун.
– Мунис юкли, – деди уялинқираб. – Узоқ йўл, қийналмасин дедик.
– Ҳа тўғри, ишқилиб омон-эсон қўлига олиб олсин, – деди Миртожи.
– Менинг шаҳарда бир ишим бор эди, – деди Баҳодир. – Сизлар суҳбатлашиб турсаларингиз, бориб келсам.
– Йў-ўқ, ҳозир тушлик қиламиз, кейин борасиз, – деди Миртожи.
Бироқ Баҳодир қулоқ солмай, ўрнидан турди. Миртожи сездики, Баҳодир уларни ёлғиз қолдирмоқчи. Бунда бир гап бор. Шу боис куёвни ортиқча қистамади. Эшиккача кузатиб, қайтиб кирди. Тўтиё ерга қараб, асабий ҳолатда дастурхон попугининг чигалини очиб ўтирарди. Ғамгин. Нега?
– Тинчмисиз? Яхши юрибсизми? – деб сўради Миртожи ички бир хавотир билан.
– Мен… Мен… Сиздан нажот истаб келдим, – деди Тўтиё ердан кўзини узмаган кўйи ҳазин товуш билан.
– Майли, агар қўлимдан келса… Тинчликми ҳайтовур?
– Нозим ўғрибошилардан катта пул қарздор бўлиб қолган экан. Бир қисмини узган. Яна анчаси қолган. Қисқаси, уни ўғирлаб кетишиб, банди қилиб, қайгадир яшириб ўтиришибди. “Қарзини узмаса, ўзиям, оиласиям ўлади”, деб шарт қўйишган. Шунга… у ёқдаги ўзининг машинасию ҳовли-жойлари, бизларнинг уйларниям, бор-йўғимизни сотдик.
– Ҳалиги, ўша ерда бир бойнинг қизига уйланган, дейишганди.
– У одам қамоқда ўлибди. Унга тегишли мулкларнинг ҳам ҳаммаси сотилган. Хотини билан қизи кўчада қолди бизга ўхшаб.
– Қанча қолган қарзидан?
– Ярим миллион.
– Долларми?
Евро…
– Ҳим-м-м, масала анча мураккаб экан-ку. Қанақа қилиб бунча қарз пайдо бўлибди?
– Мана шу ердаги харидорлари панд беришган. Молни олиб, беш ойдан бери пулини тўламай юришган экан.
– Ким экан ўша харидорлари?
– Баҳодир билади. Ҳозир ҳам ўшаларни излаб кетди. Топа олармикан ишқилиб? Нозимнинг ўзи охирги марта тополмай кетган экан. Қайгадир қочворишган.
– Майли. Баҳодир келсин-чи, бир иложини ўйлаб кўрармиз.
– Иложи топилармикан ишқилиб? – деб сўради жавдираган нигоҳини илк бора Миртожининг кўзларига қадаб Тўтиё. Шунда Миртожининг юраги бир қалқиб тушди. Бу ўша – бундан салкам ўттиз йил олдинги тим қора, чанқоқ, лекин юввош ва меҳр ёғилувчи кўзлар. Йиллар одамнинг кўзларига ҳам ўз нуқсини солади дейишади. Бироқ Тўтиёнинг кўзлари ўзгармаган. Юзлари ҳам ўшандай тиниқ. Тўғри, бироз тўлишган, қомати илгаригидай нозик эмас. Аммо Миртожининг назарида Тўтиё ўзини сира ҳам олдирмаган.
– Ўзимнинг дарду ташвишим билан бўлиб… тузукроқ сўрашмабман ҳам. Қалай, соғлиғингизни тиклаб олдингизми бутунлай, – деб сўради Тўтиё. – Бошингизга тушган кулфатлар ҳам… шу охиргиси бўлсин илойим.
– Айтганингиз келсин, Тўтиё, – деди Миртожининг кўнгли бузилиб, кўзида ёш ғилтиллади. – Ҳаёт мени аямади. Гуноҳларим шу қадар кўпайиб кетган экан-да.
– Унақа деманг. Ҳаммаси худонинг синови. Оллоҳ яхши кўрган одамларини синар эмиш.
– Ҳар ҳолда сизнинг олдингизда катта гуноҳ қилганман. Бунинг учун ҳеч қачон кечирилмасам керак. Худо кечирса ҳам, сиз кечирмассиз.
– Мен кечириб юборганман. Кечирмасам, олдингизга нажот истаб келармидим.
– Кечирганмисиз, Тўтиё, – сўради Миртожи унинг кўзларига тикилиб.
– Ҳа, сиз ҳам ахир ўшанда Нозимни кечирдингиз-ку. Шундай эмасми? – деб сўради Тўтиё кўзларини олиб қочиб.
– Нозим… Нозим мендан қасос олишга ўзини ҳақли деб ҳисоблаган. Унинг ўрнида мен ҳам эҳтимол, бунақа бўлмаса ҳам, ҳар ҳолда кўнгилга таскин берувчи нимадир қилган бўлармидим. Шунинг учун мен Нозимни тушунишга ҳаракат қилганман.
– Униям манови ишлари ўша қилмишларига жавобмикан, деб ўйлайман баъзан.
– Йўқ Тўтиё, бу шунчаки омадсизлик. Бизнесда бунақа ҳоллар кўп учрайди. Шунчаки Нозим ёшлик, тажрибасизлик қилган. Мен ўзим ҳам ҳув ўша йилларда айтганман-ку, қанақа ишлар бўлганини. Насиб бўлса, Нозим ҳам қутулиб, кўрмагандек бўлиб кетади.
– Илоҳим айтганингиз келсин.
Баҳодир ҳафсаласиз, тушкун ҳолатда қайтиб келди.
– Тополмадим, – деди. – Хорижга кетган экан. Қачон қайтиши ҳам номаълум.
– Ким экан ўша? – сўради Миртожи.
– “Азамат тахта” деган бир ёғочфуруш.
– Азамат? Азамат… Азамат… Бунақа исмлисини учратмаган эканман-ку. Тахтафурушликдан узоқлашиб кетганимга анча йиллар бўлиб кетди-да… Майли, аввал тушлик қилиб олайлик-чи, кейин ўйлашиб кўрармиз…
Овқат олиб кирилди. Меҳмонлардаги жонсараклик туфайли тушлик узоққа чўзилди. Миртожи шу топда на Тўтиё ва на Баҳодирнинг егани ичига тушмаётганини ҳис этиб турар, шу боис “олинг-олинг”лаб , уларни ортиқча қистамади. Дастурхон йиғиштирилгач, Миртожи ичкари хоналардан бирига кириб кетди. Бирпасдан сўнг қўлида қалин “телефонлар” дафтари билан чиқди. Телефон гўшагини қўлга олиб, аллақайси рақамни терди. Ким биландир анча гаплашди. Учрашишга келишди. Кейин гўшакни қўйиб, Тўтиёга юзланди.
– Мен гаплашган одам шу соҳанинг оқсоқолларидан бири. Ҳозир ўшанинг олдига борамиз. Лайло, қизим, машинангни ҳозирла. Қани, илоҳи омин, Оллоҳ қилган ниятимизга етказсин. Юринглар бўлмаса…
ЯНА ҚОЧИШ РЕЖАСИ
Нозим яна қочиш тадоригини кўрмоқда. Аммо бу ердан қочиш осон эмас. Уни қуюқ ўрмонзор ичидаги бир пайтлар махфий ҳарбий бўлинмага қарашли бўлган ер ости бункерида сақлашмоқда. Бу ерни бир пайтлар Якубовский эски касбдошларидан арзон-гаров нархда олган. Сўнгра иши юришмай қолган чоғларда бошқа бировга сотиб юборган экан. Бункер шу қадар усталик билан қурилганки, ер устидан унинг борлиги мутлақо сезилмайди. Кириш жойи ҳам моҳирона иҳоталанган, яъни кўринишидан игна баргли дарахтлар ўсиб ётган оддий бир ҳандаққа ўхшайди. Иккита ёш арча дарахти қаттиқ силкитилса, улар четга сурилиб, ер остига олиб тушувчи йўлнинг улкан темир қопқоғи очилади. Қопқоқ тагида мундайроқ ғор оғзидай туйнук бор. Туйнукдан тик зина билан пастга тушилади. Пастда узун йўлак. Икки томонида темир эшикли ўн иккита хона. Хоналар мустаҳкам бетондан қурилган. Ҳавоси заҳкаш ҳидли.Ҳали куз бўлгани боис у қадар совуқ эмас.
Нозим шу хоналарнинг бирида ётибди. Хонада бетон ерга маҳкамлаб ўрнатилган иккита каравотдан ва ҳожат учун қўйилган елим челакдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Эшик тепасидаги кичкина лампочка хира нур сочиб турибди. “Ҳарбийларга қойил, шу тупканинг тагига ҳам электр чироқ олиб келишган, деб ўйлади Нозим. Кейин ғазаби қўзиди. Қойил эмасман, падарига минг лаънат ўша ҳарбийларнинг бунақа хуфия жойларни қургани учун. Сотиб олиб, сотиб юборган Якубовскийга ҳам…”
Якубовскийнинг ўлими ҳақидаги хабар Нозимнинг барча ўй-фикрларию режаларини остин-устин қилиб юборди. Аввалига ишонмади. Якубовскийдай қўли узун, қамоқхонада ўтирган бўлса ҳам ўз қудратини йўқотмаган, барча тижорат ишларини назорат қилиб турган кишига ким тажовуз этиши мумкин. Узунқулоқ гапларга қараганда, шаҳар маъмуриятининг янги бошлиғи ҳам генерал унвонидаги собиқ ҳарбий бўлиб, Якубовский билан аввалдан низоси бор экан. Ундан ташқари, янги ҳоким шаҳардаги жиноий гуруҳларни бир-бирига гиж-гижлаб, “ким зўр чиқса, ўша билан муроса юргизаман”, деганмиш. “Биродарлар” бошда бу гапга шунчаки кулиб қўя қолишган. “Бир-икки ой ўтгач, бунисини ҳам “минги” қилиб оламиз”, дейишганди. Аммо бирин-кетин бир нечаси сирли равишда ўлдирилгач, жон ҳовучлаб қолишди. Ўша кунлар Нозим қайнотасини кўргани қамоқхонага борди. У қаҳр-ғазабга миниб ўтирган экан. “Ўлдирилганлар учун тегишли одамлардан қаттиқ қасос олинади”, деди у. Бироқ, уч кундан сўнг унинг юрак хуружи туфайли вафот этгани ҳақида хабар келди. Эртасигаёқ шаҳарда Якубовский назорати остида бўлган барча тижорат ишлари “Буқа” лақабли “тадбиркор” ихтиёрига ўтгани маълум қилинди. Бир ҳафта ўтар-ўтмас, “Буқа” ҳам Москвага кетганича изсиз йўқолди. Шу орада Нозим ва “Банкир” лақабли собиқ ўғри, ҳозирда шаҳардаги йирик банклардан бирида қўриқлаш хизмати бошлиғи бўлиб ишловчи Пантелей Бондаревнинг “темир-тахта” операцияси учун “дахлсиз заҳира” пулидан анчагина қисмини ишлатиб юборишгани аён бўлиб қолди. “Банкир” типирчилаб, Нозимга пулни тезроқ жойига қўйиши кераклигини айтди. Нозим нима қилсин, юкнинг катта қисми ҳали сотилмаган. Бу орада “Банкир” ҳам ўлдирилди. Нозим энди қутулдим, пулни мен олганимни “Банкир”дан бошқа ҳеч ким билмайди-ку”, деб ўйлади. Янглишган экан. “Банкир”нинг дафн маросимидаёқ унинг ёнига икки нотаниш йигит келиб: “Қарзни тўлаш фурсати тамом бўлди”, дейишди. Нозимнинг юраги шувиллаб кетди. “Тамом, мени ҳам…”
Йўқ, уни ўлдиришмади. Аввал кабинетига нотариус олиб келиб, “Гранд” фирмасини, Якубовский ва ўзига қарашли иморатларни, яна аллақанча мулкларни “сотилганлиги” ҳақидаги олди-сотди шартномасига қўл қўйдиришди. Сўнгра ҳисоб-китоб қилишиб, хушмуомалалик билан:
– Яна беш юз минг қарзингиз қолади. Ўшани тўласангиз, оилангизни олиб, жонажон юртингизга бемалол қайтиб кетишингиз мумкин, – дейишди.
Нозимнинг мияси тез ишлади. “Демак, қочиш керак. Шу бугуноқ. Омон-эсон юртга етиб олсам… У ёқда тегина олишмайди…”
– Майли. Менга муҳлат беринглар, қолган пулни тез орада ҳал қилиб бераман. Қарздорларим бор. Ўшалар билан учрашишим керак.
– Қўнғироқ қилинг, пулни шу ерга олиб келишсин.
– Йўқ, бориб олиб келиш керак.
– Унақада одам юборинг. Азизим, сиз ахир кимсан, “Гранд” фирмасининг бош директорисиз. Ўзингиз сарсон бўлиб юрасизми?
– Майли, ишончли одам юбораман. Унгача…
Йигитлардан бири унинг фикрини ўқиётгандек жилмайди.
– Унгача хушҳаво бир дам олиш манзилгоҳида ҳордиқ ёзиб турамиз биргаликда, – деди.
“Хушваҳо манзилгоҳ” қаер эканини Нозим етиб келган заҳоти тушунди. Якубовский уни бу ерга бир марта олиб келган эди.
– Менинг махфий қўрғоним – махсус объект бу, – деганди ўшанда у. – Ҳарбий ошналаримдан песмирига сотиб олганман. Бу манзилни ўзим ва… сендан бошқа ҳеч ким билмайди. Дўппи тор келиб қолган пайтларда, беш-олти ой бемалол яшириниб туриш мумкин. Ҳамма шароит бор. Фақат шуни эсингдан чиқарма, бу ер ҳақида ҳеч ким билмаслиги керак. – Якубовский кўрсаткич бармоғини лабига босди. Кўзларини юмиб, бошини чайқади.
Кейин у ўзи хоҳлабми ё мажбур бўлибми, бу “объект”ни сотиб юборди. Кимгалигини Нозим билмаганди. Энди маълум бўлдики… Дарвоқе, булар Нозимнинг бу ерга илгари ҳам келганини билишмаса керак. Акс ҳолда бу ерга олиб келиб, таваккал қилишмасди.
– Бу манзил илгари валинеъмат қайнотангизга тегишли бўлганидан хабарингиз борми? – деб сўради бояги йигит.
– Йўқ. Биринчи келишим, – дея ёлғон гапирди Нозим.
– Мабодо билган тақдирда ҳам ҳеч зарари йўқ. Қайтага қадрдон даргоҳда “ҳордиқ ёзиш” мароқлироқ бўлади, – деди йигит. – Мана энди тегишли одамларингизга қўнғироқ қилинг. Тезроқ бўлишсин.
У Нозимга боя тортиб олиб қўйган телефонини узатди. Нозим шоша-пиша Баҳодирга қўнғироқ қилди. Ҳаммасини батафсил тушунтирди.
Ўзи тушунар, деган умидда: “Онам билан Мунисни ҳам ола кетинг”, деди. “Менинг тақдирим шу пулни олиб келишингизга боғлиқ”, деб қўшиб ҳам қўйди. Кейин телефонни йигитга қайтариб узатар экан:
– Бир ҳафтада бориб пулни олиб келишади.
– Жуда соз. Демак, “дам олиш” муддати бир ҳафтадан ошмас экан, – деди йигит жилмайиб. – Дарвоқе, куёвингизга берган топшириғингизга рухсатингиз билан жиндай ўзгартириш киритамиз. Яъни у киши онангизни олиб кетадилар. Опангиз эса шу ерда кутиб тургани маъқул. Оғироёқ аёл узоқ йўлда уриниб қолиши мумкин.
“Бу аблаҳлар ҳамма нарсани билади. Мунисни ҳам гаровда ушлашмоқчи…”
– Майли, нима десанглар шу…
Эшик қарсиллаб ёпилди. Нозим бошини чангаллаганча каравотга ўтириб қолди. Ётди. Турди. Ўйланди. Нима қилиш керак? Баҳодир қарздорлардан пулни ундириб келолмаслиги аниқ. Мабодо ундириб келиб, тўлаб берган тақдирда ҳам булар Нозимни тирик қолдиришлари гумон. Нима қилиш керак? Қандай қилиб жонини омон сақласа бўлади? Қочиш керак! Лекин қандай қилиб қочади бу темир тўнканинг тагидан. Ўшанда Якубовский бу улкан ертўла бир пайтлар ядро бомбаси портлаган пайтда яшириниш учун қурилганини айтганди. Демак, бунинг деворлари бетон ва зирҳдан. Эшикларининг қалинлиги-чи? Йўқ. Фойдаси йўқ хом хаёлнинг. Бу ердан қочиб бўлмайди. Гарчи… Шумлик ишлатса-чи? Қанақа шумлик? Қилмаган нима шумлиги қолди унинг?
Яна ётди. Яна турди. Анчайин кенг, бўм-бўш хонада у ёқдан-бу ёққа юрди. Кетма-кет сигарет тутатди. “Амалия бу ерни билармикан? Наҳот отаси айтмаган? Айтган бўлса, олиб келиб кўрсатган бўлса, икки-уч кундан сўнг ташвишга тушиб, Нозимни изласа ва шу ерда бўлиши мумкинлигини эсласа… Йўқ, хом хаёл бу. Амалия Нозимни излаши гумон. Гарчанд отаси ўлганидан сўнг у Нозимга қайтадан меҳр қўйгандек туюлганди. Якубовскийнинг тўққиз куни ўтказилган маросимдан сўнг оқшом у анча пайтлардан бери биринчи марта Нозимни ўзгача бир меҳр билан бағрига олди.
– Ёлғизим, жигарим, севгилим, дунёдаги ягона меҳрибон одамим, – дея бошдан-оёқ силаб-сийпалаб ўпди. Нозим буни “кўпроқ ичиб қўйгани туфайли” деб ўйлади. Шунга қарамай, ўзи ҳам қучиб, “етим улоқчам” деб эркалади.
– Сендан бола кўришни, ўғил туғишни истайман, – деди кутилмаганда Амалия. – Қизиқ, нега шунча пайтдан бери ҳомиладор қилмадинг мени?
Нозим: “Ўзинг хоҳламадинг-ку” демади. Индамади. Чунки негалигини ўзи ҳам билмасди. “Эҳтимол, Амалияни Лайлони севгандек севолмаганим учундир”, деб ўйлади кейинроқ. “Лайлони севгандек” деб биринчи марта жиддий, росмана мулоҳаза юритди. Илгари ҳеч қачон, ҳеч кимга, ҳатто ўзига ҳам: “Лайлони севганман”, деб айтмаган. Балки бунга асос ҳам бўлмагандир. Аммо кейин, анча кейин, яъни Лайлони ҳам, отасини ҳам мағлуб этиб, қасос лаззатидан маст бўлиб, ҳузур-ҳаловат топиб, яйраб бўлгач, Лайлони севишини тушуниб қолди. Ўша содда, кўнгли тоза Лайлони. У ҳақда баъзан кун бўйи, гоҳида тунлар узоқ-узоқ ўйлайдиган бўлди. Лайло энди тасаввурида тўқликка шўхлик қилиб юрувчи бойвучча сифатида эмас, гўллик қилиб, алданиб қолган оддий бахтсиз бир қиз бўлиб гавдаланадиган бўлди. Унга раҳми кела бошлади. “Ундан ўғлим бор, ўша ўғил меники” деб ич-ичидан севиниб қўяр, фақат ўз ўғлининг ҳатто исми билан қизиқмагани учун уялиб кетарди. Шу орада юртга борганида бир марта Лайлога атай телефон қилиб: “Ўғлимни кўрсам бўладими?” деб сўради. “У отамнинг номига ёзилган, фамилияси Миртожиев”, деди Лайло босиқлик билан. “Ҳа-я, ахир биз ЗАГСдан ўтмаган эдик-ку”, деб ўйлади Нозим. Кейин: “Агар мана шу ишни бир амаллаб ҳал қилиб юборсам, ўғлимни ўз номимга ўтказиш билан шуғулланаман”, деган ниятни дилига тугди.
Ҳозир манови зах авахтахонада ўтириб, ана шу нияти ҳақида ўкинч билан эслади. “Агар ўлиб кетсам, мендан ҳеч бир ному нишон қолмайди. Афсус… Эй, дариғ…”
“Нега энди, – деб ўйлади ногаҳон яна Амалия эсига тушиб. – Ўша куни у ҳомиладор бўлган эмасмикан? Ўзи шунақа деганди-ку. Бу гапни бекорга айтгани йўқ. Аёллар… қачон ҳомиладор бўлишни ўзи белгилайди-ку…” “Амалия… Амалия… Ёлғиз нажот сендан. Лоақал “эрим йўқолди” деб милицияга хабар қиларсан…”
Нозим бу ўй-хаёллари хом эканини тушуниб турар, юрагининг туб-тубида: “Наҳотки ҳаётим шу қадар тез тугаса”, деган таҳлика ўрнашган, иложсизликдан не қилишини билмасди, нуқул:
– Эй Худо, ўзинг мадад бер!.. – дея илтижо қилар эди.
ОТАБОЙ ОТАДАН БИР МАДАД
Тахтафурушлар оқсоқоли Отабой Шавқиевнинг довруғини Миртожи ўсмирлик йилларидан буён ях ши билади. Бунга ғалати бир воқеа сабаб бўлган. Етмишинчи йиллар ўртасимикан, мактабдан қайтган Миртожининг қўлига отаси газета тутқазди.
– Манавини овоз чиқариб ўқи, мен эшитаман.
Бу “Ҳақиқат йўли” номли вилоят газетаси бўлиб, ундаги отасини қизиқтираётган мақола “Отабой Шавқиев деганлари ким?” сарлавҳали фельетон экан. Миртожи шариллатиб ўқий бошлади:
– Бу одам бир қарасанг, қўй оғзидан чўп олмаган ювош, камтар ва хокисор бўлиб кўринади. Ва шундай бўлиши табиий ҳол. Чунки у шаҳар темир йўл станциясидаги ёғоч омборида оддий қоровул бўлиб ишлайди. Мамлакатимизда бунақа станциялар, бунақа омбору, бунақа қоровуллар кўп. Бироқ Отабой Шавқиевга ўхшагани йўқ. У – яккаю ягона. Нега? Нима учун, қайси хислатлари билан? Ушбу саволга жавоб топиш учун қоровул Отабой Шавқиевнинг ижтимоий аҳволи, уйжой шароити, одамлар ўртасидаги обрў-эътибори билан қизиқиб кўришга тўғри келди. Маълум бўлишича, бу зоти кироми ўзининг 45 сўмлик ойлик маошига учта ҳовли, бештагина “Волга” автомашинаси ва… иккитагина хотин олибди, холос. Вой, содда инсон-эй. Ахир шундай дориломон замонда, шундай катта ойлик маошига бундан икки баробар ортиқ натижаларга ҳам эришса бўларди-ку! Нега унақа қилмади экан, Отабой отамиз? Чунки камтар-да!..”
Хуллас, ўша мақолада Отабой Шавқиевнинг тахта олди-сотдиси ва бошқа кўпдан-кўп ноқонуний ишлар билан шуғулланиб, катта бойлик орттиргани, маиший бузуқлиги, ҳозир у кишининг устидан тергов кетаётгани ҳикоя қилинганди. Миртожи энди саккизинчи синфни тугатаётган бўлса-да, тергов, қамоқ нималигига фаҳми етар, шу боис: “Шўрлик, энди қамалиб кетаркан-да”, деб ўйлаган эди.
Йўқ, Отабой ота қамалмаган ўшанда. Отаси бир йилдан сўнг кимгадир айтаётганини Миртожи тасодифан эшитиб қолди.
– Отабой ота ҳамманинг ҳожатини чиқариб юради. Прокуроргаям, терговчию мелисагаям ёрдами теккан. Шунинг учун оқланиб чиққан-да…
– Ота, Отабой отани сиз қаердан танийсиз, – деб сўраганди ўша куни Миртожи.
– Отабой Шавқиев асли ўзимизнинг қўшни қишлоқдан. Шаҳарга кетиб, ўша ерда қолиб кетган, – деб қўйди отаси қисқа қилиб.
Анча кейинроқ, Миртожи ёғоч савдоси билан шуғуллана бошлаган кезларда Отабой ота билан яқиндан танишишга муяссар бўлди. Аниқроғи, уни Отабой ота ҳузурига “таклиф” этишди.
– Тахтафурушлар ҳаммаси унга солиқ беришади. Шу соҳа мафиясининг раҳбари-да у, – ошналаридан бири Миртожига. – Эҳтиёт бўл. Солиқ бермай юрган бўлсанг… катта жарима солиб, синдириб юбориши мумкин.
Миртожи сергак тортди. Боришдан олдин анча ўйланди. Ошнаси муболаға қилган экан. Отабой ота деганлари худди ҳув ўша фельетонда ёзилганидек, чиндан ҳам беозор, камтар, хушмуомала бир қария экан. Миртожининг ўзига деярли ҳамқишлоқ эканини билгач, бутунлай эриб кетди. “Жигар” деб мурожаат эта бошлади.
– Ўзимиз томондан ўзимизга ўхшаган бир ўзимизнинг одам чиққанидан ғоят мамнунман, – деди у Миртожининг елкасига қоқиб. – Худо омадингизни берсин. Ишларга ривож. Айтганча, нарёқда (Россия демоқчи) бирон муаммо, ундирилмай турган қарзлар туғилиб қолса, тортинмай мурожаат этасиз. Ҳал қиламиз.
– Эвазига биздан нима хизмат бўлади, – деб сўради Миртожи масалага бирданига аниқлик киритиб олиш учун.
– Ҳеч қанақа эвази ва ҳеч қанақа хизмат шарт эмас, – деди оқсоқол. – Фақат битта илтимос бўлади. Ҳар гал олиб келган юкингиздан бизга икки-уч куб тахтани бозор нархидан сал арзонроқ берсангиз бас.
– Хўп бўлади, – деди Миртожи ва кейинроқ тушундики, “солиқ” деганлари шу. Ҳар сафар муайян миқдорни бепул бериш керак экан. Ана шу қоидага вилоят ҳудудига ёғоч олиб келувчи барча савдогарлар сўзсиз риоя этишаркан. Буни солиқ ёки рэкэт деб эмас, шу соҳанинг фахрийсига оддий бир ширинкома деб тушунишаркан. Шу тариқа Отабой отанинг ўша, ҳув бир замонларда қоровуллик қилган, ҳозирда хусусийлаштириб олган машҳур омбори ҳамиша сара ёғоч-тахтага лиқ тўлиб тураркан.
Миртожи Тўтиё ва Баҳодирни эргаштириб, ўша омборхонанинг анчайин ҳашаматли жиҳозланган “қоровулхона”сига (Отабой отаси тушмагур ўзининг шоҳона кабинетини эски одатига кўра ҳамон қоровулхона деб атагани боис, ҳамма шунақа дейишга ўрганиб кетган) олиб келди. Отабой ота Миртожининг бошига тушган кулфатлардан хабардор. Хотинининг таъзиясига келганида ёнига ўтириб, далда берган.
– Бардам бўлишимиз керак, элатдош, – деган. Сўнг тадбиркорлик соҳаларидаги мағлубиятлари, омадсизлик вақтинчалиги ҳақида ҳам гапириб, қизиқ бир ибратли ибора айтган.
– Битта шернинг ўлиги ўн-ўн беш шоқол, тулкининг тиригидан афзал, дейишарди. Биз билан сиз ҳали тирикмиз-ку, элатдош. Шер бўлинг!
“Қоровулхона”нинг қабулхонасида ҳам шинам замонавий жиҳозлар, компьютер ўрнатилган. Ташриф буюрувчилар учун қора чарм оромкурсилар қўйилган.
– Отабой абзи сизда кутиб тура, – деди кекса татар котиба. – Киригиз.
Миртожи: “Сизлар шу ерда ўтириб туринглар”, дея ичкарига йўналди.
Ичкарида эса… камтарона бир салобат ҳукмрон эди. Жиҳозлар гарчанд синчков одам қимматбаҳолигини дарров сезса-да, анчайин оддий кўринар, Отабой оқсоқолнинг ўзи ҳам оппоқ чўққи соқолини силаб, одмигина бўлиб ўтирар эди.
Салом-алик ва қуюқ сўрашувдан сўнг Миртожи мақсадга кўчди.
– Яқин одамимизнинг бошига иш тушди, – деди у. – Қарзни вақтида қайтаролмагани учун бўйнига катта фоизларни илиб, жонини гаровга олиб ўтиришган экан. Онаси нажот истаб, юртга келибди. Ҳозир қабулхонангизда…
– Яқин одамингизнинг исми шарифини айтинг.
– Нозимжон… Сиз уни ҳойнаҳой кўргансиз. Нарёқда туриб, ўзимизнинг шу ерлик ёғоччилар билан иш қилиб юрган. Унинг Азамат деган йигитда анчагина миқдорда оласи бор экан. Вақтида ундиролмаган. Энди…
– Нозимжон? – дея қайта сўради ҳайрат билан Отабой ота.
– Ҳа, Нозимжон, – такрорлади Миртожи.
– Э-э, ҳа-а, қулоғимга чалингандай бўлувди. Нозимжон эмас, Нозимбой! Уни жа-а кучайиб кетган дейишувди-ку, қанақа қилиб гаровга тушиб қолибди? Дарвоқе, хотирам панд бермаётган бўлса, у бир муддат аввал сиз билан ҳам рақобатлашиб, зўрлик қилган экан. Шундайми?
– Шундай, – деди Миртожи хотиржамлик билан.
– Шундай бўлса, уни қутқариш учун айнан сиз югуриб юрганингизни қандай англамоқ керак? Қасос лаззатидан масрур бўлиб, ғалаба нашидасини сурмайсизми, элатдош?
– Отабой ака… менинг у йигитда қасос олишга арзигулик аламим йўқ. Тижоратда сал омадим кетиб қолгани бошқа сабаблар билан боғлиқ. Ўзингиз яхши биласиз-ку, оиладаги кулфатлар, соғлиғим… кейин…
– Кейин шогирдингиз Мардибойнинг ёшлиги ва тажрибасизлиги. Тўғри. Ҳаммасидан хабардорман. Нозимни нега кечирганингизни ҳам биламан. Бояги гапни жўрттага, қани нима деркансиз, деб айтдим. Чунки ҳамма одамлар ҳам сиз каби бир замонлар қилган хатосини тан олиш, шунинг эвазига келган синовларга мардона дош беришнинг, энг оғир зарбаларни кечира олишнинг уддасидан чиқмайди, элатдош. Баракалла! Раҳмат сизга! Биз бу масалада қўлдан келгунча ёрдамлашамиз. Азаматга айтаман. Ҳа, дарвоқе, у эртага ўша ёққа жўнаб кетяпти. Нозимнинг қарзларини фоизлари билан қўшиб узади. Бошқа муаммолари бўлса, уларниям ҳал қилади. Бу ишни сиз учун қиламиз, элатдошим.
– Раҳмат Отабой ака, мени бир умр қарздор деб ҳисоблайверинг.
– Йўқ, азиз элатдошим, сиз мендан ҳеч қачон қарздор бўлмайсиз. Дарвоқе, менинг бу “элатдош” деган сўзни кўп такрорлаётганимга эътибор берманг, маҳаллийчи эмасман, шунчаки сизга шундай деб мурожаат этгим келди. Шундай десам, ёшлик йилларимизнинг ёқимли хотиралари эсга келади. Ёшлигимиз… Эҳ, ёшлигимиз… Айтганча, ёш дўстимиз Мардибойнинг ишлари қалай?
– Анча тузук.
– Камтарлик қилманг. Ҳаммасидан хабарим бор. Яқинда ўтказилган бешта тендер-танловда ғолиб чиқиб, бир неча ўн миллиардлик буюртмаларни қўлга киритган. Янаги йил… Сизлар учун “олтин давр” бўлади. Илгари замонлар ўн-ўн беш йилда қилмаган даромадларни бир-икки йилда қўлга киритасизлар. Мана қаранг, “Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ” деганлари шу-да!
– Ишқилиб, энди кўз тегмасин.
– Кўз тегмайди насиб этса. Аммо-лекин, азиз элатдошим, хонаси келиб қолгани учун бир гапни айтаман, хафа бўлмайсиз. Ўша нарёқда қўшма корхона очишдан олдин биз билан бир оғиз маслаҳат қилганингизда, мен ҳали бир-икки йил шошмай туринг дердим ва шунча молу мулкдан мосуво бўлмас эдингиз. Чунки Россияда иш қилиш учун ҳали салгина барвақт. Яна беш-олти йил ўтсин, “Мана келинглар, ишлаб пул топинглар, бой-бадавлат бўлинглар”, деб ўзлари илтимос қиладиган бўлишади.
– Ҳақиқатан ҳам хато қилганмиз, Отабой ака. Инсон боласи хом сут эмган-да.
– Бу ёғига эҳтиёт бўласиз энди. Ҳа, айтганча, яна бир марта такрорлайман. Сизнинг биздан ҳеч қанақа қарзингиз йўқ. Фақат анови Нозимбой энди мулла минган эшакдай бўлиб, ёнингизга келса айтинг, бир-икки илтимосларимиз бўлади, шуларни бажариб турсин.
– У менинг олдимга келмасов.
– Келади, келади! Хотиржам бўлинг. Кейин Мардига айтиб қўйинг, қурилиш хомашёси таъминотидан кўнгли тўқ бўлсин. Биз ёрдам берамиз. Шартноманинг бегона қилинмагани дуруст. Келишдик-а? Ҳа, яна Мардибойга айтингки, агар бирга ишласак, янаги йил тендер танловларида ҳам ғолиблик чўнтагимда деб ҳисоблайверсин.
– Келишдик, – деди Миртожи. Кўнглида Отабой отанинг: “Сиз биздан мутлақо қарздор эмассиз”, деган марҳаматли сўзларининг тоши нақадар салмоқли эканини ҳис этар экан. Чунки у Отабой ота билан шерикчилик нимани англатишини яхши билар эди. Кейинроқ Мардибой: “Миртожи ака, шу Отабой отанинг чангалига тушмай ишлашнинг иложи йўқ эканда” деса, Миртожи: “Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ, дейди. Ҳозир замон Отабой отаники бўлганидан кейин нима ҳам қилардик”, деб жавоб беради. Бу гаплар кейин бўлади. Ҳозир эса у камтарона хизматхонанинг камтарин соҳибига яна қайта-қайта миннатдорлик билдириб, хайрлашиб чиқади. “Ҳаммаси жойида”, деб Тўтиёни тинчлантиради ва Тўтиё билан Баҳодирни шу куни кечқурунги самолётга чиқариб, кузатиб юборади. Оқшом уйда Лайлонинг: “Отажон, сиз Нозимга нега ёрдам беряпсиз?” – деган саволига оддийгина қилиб:
– Одамлар бир-бирларига ёрдам беришлари керак, қизим, – дея жавоб қайтаради.