282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 15

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 15 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

МИРТОЖИНИНГ ИККИ ҚЎНҒИРОҒИ

Бир неча соат истиҳола ва андишадан сўнг Миртожи ниҳоят Тўтиёнинг уй телефони рақамини терди. У Нозим билан учрашган чоғларда: “Онангиз яхши юрибдими, сўраб қўйинг”, дейиш билан чекланишга ўзини мажбур сезар, зеро, батафсил суриштирса ёки телефон рақамини сўраса, унга малол келиши мумкинлигини билар, иккинчи тарафи – ҳали Малоҳатнинг тупроғи совимай туриб, “ёшликда берган кўнгил” ҳақида ўйлашга, рости гап, виждони йўл бермас эди. Кеча оқшом у туш кўрди. Тушида Малоҳат унга: “Тўтиёни ёлғизлатиб қўйманг”, деди. Нега шундай деди? Бунда не синоат бор? Ахир Тўтиё шусиз ҳам ёлғиз эмас-ку? Нозим, Мунис… Ёки шўрлик Малоҳат Миртожининг кўнгли тубидаги истакни юзага чиқаргиси келдими? Ёки бу шунчаки Миртожи ўзи истаган мазмундаги тушми?

Миртожи Нозимнинг ҳали уй сотиб ололмагани, шу боис Отабой отанинг ҳовлиларидан бирида ижарада турганини эшитиб оғринганди. Шу орада Мунис қўнғироқ қилиб, “Бизлар уй олдик, энди алоҳида яшаймиз”, деди. Шунда Миртожи: “Хайрият, қизим ўша суллоҳнинг марҳаматига муҳтож бўлмаяпти”, дея тинчланди. Фақат бироз, холос. Чунки Тўтиёнинг, Миртожи азиз билган бошқа бир инсоннинг Отабой Шавқиевнинг уйида ижарачи бўлиб туришига ҳам у бефарқ қарай олмасди. Бунинг устига, Шавқиев халқаро қидирувда. Унинг бу ердаги мол-мулки хатланмоқда. Кўпчилик уйлари қатори Нозимлар турган уй ҳам бировларнинг номига расмийлаштирилган бўлиши табиий. Аммо уйнинг ҳақиқий эгасини аниқлаш қийин эмас. Демак, эрта-индин Тўтиё яна кўчада қолиши мумкин. Тезроқ чорасини кўриш керак. Кун бўйи шу ҳақда ўйлаб, эрталаб Мардига маслаҳат солди.

– Битта дурустроқ уй топишимиз керак. Нозим билан онасига.

– Бўпти, излаймиз, – деди Марди. У Миртожининг кўнглидан ўтаётган гапларни тахминан пайқагани учун ортиқча савол бериб ўтирмади.

Эртасига Миртожи идорага қўнғироқ қилиб, гап очмасданоқ:

– Топшириғингиз бажарилди! Янги мавзедаги уйлардан уч хонали квартира топиб қўйдим, – деди. Кейин қўшимча қилди. – Дарвоқе, Мунисхонлар ҳам айнан ўша уйдан квартира олишган экан. Она-бола қўшни бўлишади. Калит менда турибди.

– Яхши, – деди Миртожи. – Раҳмат. – Кейин ичида: “Онасини аввал кўндириш керак”, деб қўйди.

– Калитни бериб юборайми?

– Тура турсин, ўзим айтаман қачон олиб келишни…

– Яхшиси, ҳозир олиб бораман, – деди Марди Миртожини ҳайратга солиб. Миртожи сезди. “Телефонда айтолмаётган бир гапи бор…”

Марди ярим соатга қолмай, етиб келди. Калитни узатар экан:

– Нозимнинг хорижга кетганини эшитдингизми?

– Йўқ. Қачон кетибди? Қаерга?

– Тахминимизча, уни Шавқиев чақирган. Чунки икки кун олдин Баҳодир ҳам чет элга чиқиб кетган экан. Билишимча, Шавқиев орқасини тозалаш учун ўзини сотиши мумкин бўлган одамларнинг ҳаммасини ўша ёққа чақиряпти. Улардан битта-ярими изсиз йўқолиб кетса ҳам ажабланмайман. Шунинг учун Нозим эси борида этагини ёпиб, орқага қайтиши лозим.

– Тўғри айтасиз ўғлим, уни қайтариш керак. Тўтиёнинг ҳаққи-ҳурмати у болани асраш керак, – деди Миртожи.

Кейин у Тўтиёнинг телефон рақамини терди.

– Эшитаман! – деган таниш овоз янгради гўшакдан. Миртожи ҳаяжонланиб, юраги гупиллаб уриб кетди. Ўз ҳолатига ўзининг кулгиси келди. “Нега ёш болага ўхшаб ҳаяжонланяпман?”

– Салом алайкум, бу мен…

– Ассалом, – деди Тўтиё ва бир зум эсанкираб қолди. Чамаси, у ҳам ҳаяжонда эди. Миртожи буни сезди.

– Кечирасиз, безовта қилдим…

– Йўқ-йўқ, нега ундай дейсиз? Ҳечам безовта бўлганим йўқ.

Миртожи гапни узоқроқдан бошлади. Сўрашди. Соғлиғини сўради.

– Эшитишимча… ноқулай бир жойда ижарада турган экансизлар. Агар йўқ демасаларингиз, битта бўш квартира бор экан. Янги квартира. Беминнат. Истаганча яшаш мумкин. Нима дейсиз шунга?

– Нозимнинг ўзи ҳам “бошқа жойга кўчишимиз керак” деяётган эди. Аммо уй топишга улгурмай, сафарга жўнаб кетишига тўғри келди. Қайтиб келганидан кейин маслаҳатлашиб…

– Сафарга? Қаерга? Мен эшитмабман, – дея беихтиёр ёлғон гапирди Миртожи.

– Шошилинч кетди. Менга ҳам аниғини айтгани йўқ. Фақат “уч-тўрт кунда қайтиб келаман”, деди, холос.

– Ишқилиб тезда қайтиб келармикан? – деб сўради Миртожи ва гапига жавоб кутмай қўшимча қилди:

– Тўтиё, ҳозир олдингизга бораман. Йўқ, сизга ноқулай бўлмасин. Яхшиси, машина юбораман. Идорага келинг. Хўпми? Гаплашиб олишимиз керак.

– Хўп, – деди Тўтиё. Афтидан у ҳам гаплашиб олишга қарши эмас эди.

Миртожи уйдан чиқиб, фирма идорасига етиб боргунча, миясида минг хил фикр ғужғон ўйнади. Гоҳ у: “Нозим ҳалиям кўзи жойига тушмай, ўша корчалоннинг изидан кетган”, деб ўйлар; гоҳ: “Нозимга ҳам бирон гап тегиши мумкинмикан, шунинг учун қочганмикан”, деб ўйлар, агар шунақа бўлса, “Тўтиёни ёлғизлатиб қўйманг”, деган туш тасодифий эмаслиги аён бўлди.

Миртожи Тўтиёни идорадаги шинам, холи хоналардан бирига бошлаб кирди. Унга сездирмай, бошдан-оёқ разм солди. Тўлишибди. Яхши кийинган. Одмигина, ўзига ярашган. Тоза. Бўйнида бир шода марварид. Хўп ярашибди…

– Агар Нозим Шавқиевнинг олдига кетган бўлса, дарҳол қўнғироқ қилиш керак. Зудлик билан орқага қайтсин, – деди Миртожи гапни чўрт кесиб. – Агар эсингизда бўлса, Шавқиевнинг олдига илтимос қилиб борган кунимиз ҳам айтгандим. Гаровдан озод бўлганидан кейин у одамдан узоқроқ юрсин деб.

– Гапингизни айтганман ўшанда. Лекин мени қутқарган одамнинг юзига оёқ қўйиб кетолмайман, деб унамади. Кейин анча-мунча қарзи ҳам бор экан.

– Эҳ, ғўр бола, ғўр бола, – деди Миртожи. – Ахир қарзни бошқа жойда ишлаб ҳам тўласа бўлади-ку! Қолаверса, ўша қарз қаердан пайдо бўлганини яхшилаб суриштириш керак эди. Ахир Нозимнинг молига пул бермай, уни гаровга туширганлар ҳам ўшаларнинг ўзи-ку! Наҳотки, Отабойнинг қанақа одам эканини шу пайтгача тушуниб етмаган бўлса?

– Унақа бўлса, нега ўшанда ундан ёрдам сўраб боргандингиз? – деб сўради Тўтиё.

– Бу ишни… сиз учун қилганман, – деди Миртожи Тўтиёнинг кўзларига тикилиб. – Ўшанда сизни чорасизликдан қутқариш учун иблисга малайлик қилишга ҳам рози эдим, Тўтиё! Чунки сизни ҳамиша яхши кўрганман. Сиз учун ҳар қандай хўрлик, ҳақоратга рози бўлганман. Миртожи: “Ўғлингнинг энг оғир гуноҳидан ҳам сен учун кечганман”, деб юборишига, Тўтиёни маҳкам бағрига босиб, йиғлаб юборишига сал қолди. Аммо ўзини босди. Кейин қўшимча қилди.

– Ўшанда бу таклиф Баҳодир куёвдан чиққанди. У: “Нарёқдагилар бу ишга Шавқиев аралашса, бир зумда ҳал бўлади”, дейишяпти деганди. Дарвоқе, куёв ҳам ўшанинг гумашталигини қилиб юрибдими? Қаерда ҳозир?

– Уям сафарга кетибди. Мунисни ҳам боласи билан олдимга олиб келиб ўтирибман. Боя қўнғироқ қилган пайтингиз боласини ухлатаётганди…

– Уям сафарда? Нима учун? У қаерга боради?

– Билмасам, – деди Тўтиё кўзларини жавдиратиб. – У ҳам Мунисга айтмаган. Ҳар иккови ҳам телефонини уйда қолдириб кетган.

– Тушунарли, – деди Миртожи. – Иккаласи ҳам Отабойнинг олдига кетган. Ишқилиб, омон-эсон қайтиб келишсин…

– Ўша Отабой деганингиз шунчалик ёмон одамми? – деб сўради яна Тўтиё.

– Ҳа, – деди Миртожи. – Сизга унинг кирдикорларини айтиб берадиган бўлсам, минг битта кеча керак бўлади. Аслини олганда, иккимизнинг айрилиб кетишимизга ҳам ўша одам сабаб бўлган.

– Йўғ-е, қандай қилиб?

– Эсингиздами, менинг йўқолиб қолганим? Ўшанда қамалиб қолганман, буни сизга айтгандим. Сабабини эшитгандирсиз? Қишлоғимиздан бир болани ўқишга киргизиш учун Ҳазратқулов деган домлага пул олиб келиб бергандим. Ўша Ҳазратқулов пора билан қўлга тушиб, мени ва яна уч кишини: “Булардан ҳам пора олганман”, деб ушлаб берган. Ўшанда “пора берувчи” бўлиб, тўрт йилга кесилгандим. Ҳазратқулов домлага ўн икки йил беришганди. Яқинда кўрдим, қариб қолибди. “Мени Отабой ушлаб берганди”, деб айтди. “Қанақасига?” десам, кулди. Ўшанда Отабой порахўр домлалардан ҳам “солиқ” олиб юраркан. Ҳазратқулов эса беришни истамаган. Оқибатда ўзини ва менга ўхшаган яна уч кишини хароб қилган. Бундан ташқари, Отабой менга яна ёмонликни раво кўрди. Ўғлимни гиёҳвандга айлантириб, йўлдан урди. Умрига зомин бўлди.

– Ўғлингизга нега қасд қилади? Сизда нима алами бор экан? – деб сўради ачиниб Тўтиё.

Миртожи чуқур хўрсинди. Бир зум ўйга толди.

– Биз асли бир жойданмиз. Мен қамоқдан келиб, сизнинг турмушга чиқиб кетганингизни эшитганимдан кейин уйланадиган бўлдим. Қўшни қишлоқда Малоҳат деган қиз бор эди. У онам томондан узоқроқ қариндошимиз бўларди. Мени зимдан яхши кўриб юраркан. Онаси онамга ўзи айтибди. Мен у билан учрашишга рози бўлдим. Хушрўй, анчайин содда, аммо чўрткесар қиз экан. “Сизга тегаман”, деди. – “Мени оласизми?” – деб сўрамади. “Бир бойвачча қоровул иккинчи хотинликка сўраб юрибди, бошингдан зар сочаман дейди. Мен эса унга эмас, сизга тегаман”, деди кулиб. Мен унга ростини айтдим. “Мен ҳам бир қиз билан яхши кўришган эдим. Тақдир тақозоси билан у турмушга чиқиб кетибди”, деб айтдим. Қамалиб қолганимни ҳам яширмадим. У бўлса: “Менга буларнинг аҳамияти йўқ, мен сизни болалик чоғларимдан яхши кўраман”, деди. Шу тариқа тўйимиз бўлди. Малоҳат айтган “бойвачча қоровул” Отабой экан. У Малоҳатга: “Менга тегмайдиган бўлсанг, бахтсиз қиламан”, деган экан. Чиндан ҳам бахтсиз қилди. Мен буни кейинроқ билдим. Кеч билдим. Билганимда бўлар иш бўлган эди. Бошида мен Малоҳатнинг хавотирларига эътибор қилмаганман. Иш деб, тирикчилик деб югуриб юраверганман. Энг алам қиладигани, ўша иблисга ёндашиб, унга шерикчилик қилиб юрганман. Аждарҳонинг, заҳарли илоннинг ёнида юрганимни билмаганман.

Миртожининг кўзидан ёш сизиб чиқди. Тўтиё далда берди.

– Қўйинг, ўкинманг. Ёмонлик қилган бўлса, жазосини олар. Худо ҳаммасини кўриб турибди-ку.

– Мен ҳам ҳаммаси Худодан деб келяпман. Бошимга юборган савдоларига лойиқ бўлгандирман, айб ўзимда деб ўйлайман. Отабой ким? Отабой худонинг адашган, ақлсиз бир махлуқи. У хафа бўлишга арзимайди. Аммо шундай деймиз-у, баъзида алам қилиб кетади. Ёлғиз ўғлимдан жудо қилди, малъун. Энди сизни ҳам жудо этмасин деб қўрқаман. Тўтиё, Нозимбойни ундан айириб олишимиз керак. Унга яқин юрган одам абгор бўлади. Нозим шу кўйга тушмасин. Мен кўрган фарзанд доғини сиз кўрманг. Мен Нозимга ёмонлик соғинмайман. Ундан хафа эмасман. Чунки уни ҳам қайраган, қасосга ундаган ўша эканини биламан. Нозим ғўрлик қилган, ҳали пайти келиб хатосини тушунади. Боласи билан топишади. Лайло ҳам… Шунча пайтдан бери менга Нозим ҳақида бир оғиз ёмон гап гапиргани йўқ.

– Нозимжон ҳам қилган ишидан пушаймон бўлиб юрибди. У сизнинг олдингизда уятли. Аслида анови ёқда Амалиядан болали бўлиб, боғланиб қолмаганида, аллақачонлар келиб сиздан, Лайлодан кечирим сўраган, ярашишга ҳаракат қилган бўларди.

– Болалик бўлишдими, ўғилми, қизми? – деб сўради Миртожи.

– Ўғил экан. Исмини Нозимжон деб қўйишибди. Ўрисларда қизиғ-а, болага отасининг исмини қўяверишади.

– Ҳа-а, – деди Миртожи. – Майли, ишқилиб умри билан берган бўлсин. Бу ёқдаги ўғли ҳам катта бўлиб қолди. У ҳам барибир Нозимнинг ўғли. “Ўғил отасини топади”, дейишади. Бир кунмас бир кун улар топишиб кетишади.

– Менга қолса, Лайло билан Нозим ҳам ярашса дейман. Ахир Амалияга қўшилиб, ўзга юртларда сарсон бўлиб юрмас ҳар қалай? Мен бу ёқдаман… Агар уни кўндирсам, Лайло рози бўлармикан?

– Билмадим Тўтиё, билмадим. Ярашишга мен йўқ демасдим. Гарчи, анчадан бери Лайлога бошқа бир йигит ҳам харидор бўлиб юрибди. Қизим унга: “энди турмуш қилмайман”, депти. Эҳтимол, Нозимдан умид узолмай юргандир. Мен сиздан умид узолмаганим каби.

– Сиз… Сиз умид узганингиз йўқми? – деди Тўтиё беихтиёр ички бир ҳаяжон ва ҳайрат, гина-кудурат қоришган овозда. Сўнг дарҳол ўзини қўлга олиб, ерга қаради. – Бизлар энди қаридик. Болаларни, невараларни ўйлайлик.

– Шунинг учун ҳам бирга бўлсак, биргалашиб ўйласак дейман-да.

– Қўйинг, энди уят бўлади. Кейин Нозимжон бунга сираям рози бўлмас.

– Нозим рози бўлса… Сиз рози бўласизми?

– Одамлар нима дейди, қўйсангиз-чи…

– Одамлар “Икки ёрти – бир бутун” бўлибди дейишади-да, бошқа нима дейишлари мумкин? А? Тўтиё? Бир ўйлаб кўринг.

– Сиз ҳам ўйлаб кўринг-да. Ҳозир энди шу иш тўғри бўлармикан? Ёшимиз бир жойга боряпти.

– Сиз ҳали анча ёшсиз, – деди Миртожи. – Қари деб мени айтса бўлади.

– Сиз ҳам ҳали унча кексайиб қолганингиз йўқ-ку…

– Демак, Нозимжон соғ-саломат қайтиб келса, олдига шу масалани қўйсам бўлади.

– Бу масалани эмас, Нозимни Лайло билан яраштиришни қўпроқ ўйласангиз яхши бўлар эди.

– Биз бирга бўлсак, улар ҳам бир кунмас-бир кун ярашишади, – деди Миртожи ва дадиллик билан Тўтиёнинг момиқдек оппоқ, ҳали анчайин таранг билагидан ушлади. Тўтиё одоб билан қўлини секин тортди. Айни пайтда у ҳам қайдандир пайдо бўлган янгича журъат билан Миртожига ялиниш, талаб, шарт қоришган бир оҳангда:

– Шунчалик шошилаётган бўлсангиз, Нозимжонни тезроқ излаб топинг-да, у ёқларда яна бир касофатларга дучор бўлиб юрмасин, – деди.

Миртожи бундан илҳомланиб кетди:

– Мана энди излайман. Сиз аниқ топшириқ бердингиз. Ахир мен топшириқ бажаришга ўрганган одамман-да. Худо хоҳласа, бугун-эрта дарагини топиб, қўл-оёғини боғлаб олиб келтираман.

– Ишқилиб, яна ғажиллашиб қолманглар.

– Энди ғижиллашмаймиз, – деди кулиб Миртожи.

– Нега?

– Чунки Нозимнинг менга асосий даъвоси: “Нега онамга уйланмади?” эдими? Мана энди онасига уйланаман деб турган чоғимда нима деб даъво қилади. Хурсанд бўлиб, раҳмат айтмайдими “онам эрлик бўлди” деб.

– Қўйинг-е, – деди Тўтиё, қизариб ерга қаради. – Шунча йил ўтсаям, сира ўзгармабсиз. Шўхлигингиз қолмабди. Қўшиқ айтишниям… ташламаганмисиз?

– Ташламаганман Тўтиё. Аммо анча йилдан бери торим деворда осиғлиқ. Уни девордан ўзингиз олиб берсангиз, ҳув ўша сизга ёққан қўшиқларни қайта бошдан айтаман…

Тўтиё индамади. Бироздан сўнг:

– Энди мен борай, – деди.

– Калитни олиб кетмайсизми?

– Нозим келсин. Усиз кўчиб юрмайин.

– Майли. Бўлмаса мен шу бугуноқ Нозимни излашни бошлайман. Топганим заҳоти сизга хабар бераман.

* * *

Миртожи эртаси куни тонг саҳарда Тўтиёга яна қўнғироқ қилди. Бу гал овози дадил, аммо ҳаяжонли ва титроқ эди.

– Мен ҳозир ёнингизга бораман. Тўтиё иложи бўлса уйдан чиқиб, ташқарида кутиб туринг.

– Тинчликми? – деди юраги шувиллаб Тўтиё.

– Борганда айтаман…

Миртожи етиб келгунча Тўтиёнинг бўлари бўлди. “Нозимжоннинг бошига яна бир савдо тушган”, деб ўйлади. Миртожи келиб, машинадан тушган заҳоти салом-аликни ҳам унутиб, жон ҳолатда сўради.

– Тинчликми? Нозимжонга бирор гап бўлибдими?

– Йўқ. Нозимжон соғ-саломат. Фақат… хотини билан қайнонаси автомобиль ҳалокатига учраб, ҳалок бўлишибди.

– Боласи-чи? Боласи тирик эканми? – дея сўради қўрқа-писа Тўтиё.

– Боласи соғ, етимхонада экан. Нозим индин жасадларни Самарага олиб келаркан. Ўша куни дафн маросими. Бизлар Мардибой билан бориб қатнашмоқчимиз. Сиз борасизми? Олиб кетайми?

– Билмасам, – дея иккиланиб қолди Тўтиё. – Ноқулай эмасми?

– Ҳозир буни ўйлаб ўтирадиган вақт эмас. Эртага тайёр бўлиб туринг. Кечки пайт учиб кетамиз.

ПОРТЛАТИШ НЕГА ҚОЛДИРИЛДИ?

Оғир ташвишлар гирдобида юрган Нозим дастлаб Амалия билан онасининг куйиб, деярли йўқ бўлиб кетган жасадларини рух тобутга солдириб, самолётда дастлаб Афинага олиб келди. Йўлда Диогенга қўнғироқ қилди. Тегишли одамлар билан боғланган шекилли, уни Греция пойтахтида кутиб олишди ва зарур ҳужжатларни расмийлаштиришга кўмаклашишди. Ўғли парваришланаётган гўдаклар пансионига бирга боришди. Таржимонлик қилиб туришди.

– Самарада дафн маросимини ўтказгач, қайтиб келиб, болани олиб кетаман, – деди Нозим пансион соҳибасига.

– Майли, сиз хавотир олманг, – деди соҳиба.

Сўнгра икки тобутни самолётга юклаб, тонг саҳарда Самарага учиб кетди. Аэропортда уни Диогеннинг ўзи кутиб олди. Қучоқлашиб кўришди. Ҳамдардлик изҳор этди. Тобутларни махсус машинада қабристонга жўнатди.

– Ҳамма нарса тахт, – деди Диоген. – Тегишли одамларга хабар ҳам қилиб қўйдик. Қабрларни Якубовскийнинг хилхонасидан, Дмитрий оғанинг мозори ёнидан қаздирдим.

– Раҳмат биродар, – деди Нозим. – Сиз менга шу қадар кўп ғамхўрлик қиляпсиз, бир умр қарздорман сиздан.

– Ҳеч қанақа қарз ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Дмитрий оғанинг менга қилган ёрдами учун бир умр хизматда бўлсам арзийди. Аслида Амалия билан онасининг ўлимида менинг ҳам айбим бор. Уларни антиквар чолга ишонмасдан, ўзим кузатиб боришим зарур эди. Мен адашдим. Якубовскийнинг меросига бирон кишининг кўз олайтириши мумкинлиги хаёлимга ҳам келмаган. Қолаверса, Швейцарияни сокин, бехавотир мамлакат деб билардим. Шавқиевни эса уясидан қувилган шоқол сингари думини қисиб юрса керак, деб ўйлаганман.

– Наҳотки, бу ишни ҳам айнан Шавқиев…

– Бир ўзи эмас. Унинг шериги, бизнинг шаҳардаги банклардан бирининг раҳбари. Бениҳоя очкўз, хасис одам. Баҳодирнинг устозларидан. Сиз у билан учрашгансиз. Ҳозирча исмини айтмай тураман. Дарвоқе, Баҳодирнинг қисмати ҳақида эшитдингизми?

– Ўша куни кечқурун қидирсам, Кипрга кетворган экан. Кейин бу ҳақда ўйлашга фурсат ҳам, кайфият ҳам бўлмади. Нима бўлибди?

– Уни ўлдириб, денгизга чўктириб, балиқларга ем қилиб юборишган. Изини юз йилда ҳам топиб бўлмайди. Шу боис, агар кўнглингизга олмасангиз, яна бир карра таъзия билдириб қўймоқчиман. У душман бўлса ҳам, ҳар ҳолда оилангизга алоқадор одам эди. Аслида Баҳодир Шавқиев ва унинг ҳамтовоқлари қўлидаги оддий ўйинчоқ бўлган.

– Раҳмат. У-ку, гуноҳидан топиб кетди. Лекин Амалия билан онасини ўлдириш шартмиди? Наҳотки одамлар пул учун шунчалик шафқатсиз бўлиб кетишган. Агар пул керак бўлса, олишсин эди. Наҳотки, гўдаги ҳали ёшига ҳам етмаган онани ўлдиришга қўли борган-а?

Нозимнинг кўзидан шашқатор ёш қуйилди.

– Уларнинг бошқа иложи бўлмаган. Чунки Якубовскийнинг йигирма беш миллион доллардан зиёд нақд пули (буни менга ҳибсдалик чоғида ўзи айтган, яна шунча миқдордаги зебу зийнатлар) яқиндагина, Шавқиев хорижга кетгандан кейин ўмарилган. Улар сиз ҳали гаровдалик чоғингизда Амалия билан онасини шу ердаёқ ўлдириб, уйни ёндириб юбориш учун қотил ёллашган. Қотилликка ёлланган йигит тасодифан, худди менга ўхшаб Якубовскийдан яхшилик кўрган киши бўлиб чиқади ва уларни ўлдирмай, уйга ўт қўяди-да, ёнғин ичига иккита дайдининг мурдасини ташлаб кетади. Амалия Кипрга бориб, отасининг эски ошнаси бўлмиш яҳудий антикварга учрашади. Антиквар бу ёқдаги дўстларимиз билан боғланади. Дўстлар антикварга Швейцарияга бориб, пулни ва қимматбаҳо буюмларни расмийлаштириб олиб бериш, бошқа бирон банкка Амалиянинг номига расмийлаштиришга ёрдамлашишни топширишади.

– Демак, ўлганларнинг учинчиси антиквар экан-да? Ҳайдовчи қаёққа йўқолган?

– Уни ўша куниёқ бошқа жойда ўлдириб юборишган. Деярли ҳеч қанақа из қолдирилмаган…

– У ҳолда бу ишга Шавқиев алоқадор эканини қандай исботлаш мумкин?

– Исбот бор. Исбот етарли. Мен айтган банкир билан иккаласининг телефон орқали ва юзма-юз суҳбатлари ёзиб олинган дискни қўлга киритганмиз.

– Агар исботларни берсангиз, уни ўзим ўлдираман, – деди Нозим совуққонлик билан.

– Сиз… сиз унинг қонига қўлингизни булғашингиз шарт эмас азизим. Сизни олдинда улуғ ишлар кутмоқда. Банкир ва Шавқиевларни бизга қўйиб берасиз. Аввал гум қилинган миллионларни уларнинг бурнидан ситиб олишимиз керак. Бу ҳақда кейин батафсил гаплашамиз. Ҳозир аэропорт ресторанида енгил тамадди қилиб, дафн маросимига жўнашимиз керак. Айтганча, маросимда шаҳар маъмурияти раҳбарлари, Якубовскийнинг кўплаб ҳарбий дўстлари – генераллар ҳам қатнашишади. Обрўйингиз-да.

– Обрўйимнинг баландлигини фақат дафн маросимларида ҳис этишни истамасдим, – деди Нозим.

– Ҳали улар билан яхши кунларда кўп учрашасиз. Қани кетдик чойга.

Нозим соатига қаради.

– Ўн дақиқадан сўнг онамлар учиб келишади. Иложи бўлса, чойни шу ерда ича қолайлик.

– Хўп бўлади, – деди Диоген ва йигитларга ишора қилди. Бир неча дақиқадан сўнг улардан бири патнис кўтарган официант қизни бошлаб келди. Патнисга қайноқ қаҳва, ширин кулчалар қўйилиб, усти ҳарир дока билан ёпилганди. Қаҳвани ичиб бўлган чоғларида аэропорт ахборотчиси эълон қилди:

– Тошкент шаҳридан учиб келган “Боинг 747” самолёти қўнди.

Нозим ва Диоген кутиб олиш майдончаси сари юришди. Миртожи ва Тўтиё орқароқда экан, охирида чиқишди. Нозим ҳайратга тушганини сездирмай, аввал онаси, кейин Миртожи билан қучоқлашиб кўришди.

– Бардам бўлинг ўғлим, худонинг ёзган тақдири экан, – деди Миртожи.

Ҳаммалари биргалашиб, машиналар сари юришди.

– Мардибойнинг ҳам таъзиясини қабул қилинг.

– Раҳмат, – деди Нозим.

Мотам маросимини шаҳар маъмурияти бошлиғининг ўринбосари очди. Бир-икки киши гапирди. Улар Якубовскийнинг Ватан олдидаги хизматлари ҳақида кўпроқ тўхталиб, кейин оиласи – хотини ва қизи тўғрисида сўзлашди. Невараси борлигини эслатиб, у бобосининг ишини давом эттиражагига умид билдиришди.

Маросим яримлаганда, қабристонда бир неча соқчилар қуршовида Отабой ота пайдо бўлди. Диоген Нозимни туртиб, “Сир бой берманг” дея шивирлади. Шавқиев тўғри Нозимнинг ёнига келиб, уни бағрига босди. Ўзбекчалаб “бандалик, жигарим” дея ҳиқиллаб, йиғлаган киши бўлди. Нозимнинг елкасига қоқиб, ёнидагилар билан қўл беришиб кўришиб чиқди. Кейин четроққа ўтиб турди. Маросим охирида сўз сўради.

– Азизларим! Дмитрий Якубовский ва оиласи бошига тушган кулфат – барчамизнинг кулфатимиз, – деди у. – Бу кулфат бир-биримизни асраб-авайлашимиз, тирикликда қадрлаб, садоқат кўрсатиб яшашимиз лозимлигини яққол кўрсатди. Шукрки, Якубовскийнинг қизи Амалия ва менга фарзанд қатори саналадиган Нозимжон яқинда ўғил кўришган. Шу боланинг умри узоқ бўлсин. Отаси билан биргаликда бобоси, онаси ва бувиси руҳини шод этиб, яхши кунларга эришсин.

Нутқ тугади. Яна мунгли куй янгради. Нозим Диогенга шивирлади. “Йигитларга айтинг, унга кўз-қулоқ бўлишсин. Энг охирида чиқаришсин қабристондан, тушундингизми?” “Тушундим”, – деди Диоген.

Дафн маросими Диоген айтганидан кўра ҳам дабдабали бўлди. Унга шаҳар ҳокимияти раҳбарлари, ҳарбий генераллардан ташқари, жиноят оламининг шаҳардаги таниқли вакиллари, заводчи бойлар, савдогарлар, спортчилар ташриф буюришди. Нозим қора костюм-шимда, қора кўзойнак таққан кўйи ҳайкалдек қотиб турар, унинг ёнида худди шу хилда кийинган Диоген ва бир неча бўйдор йигитлар саф тортишган, иштирокчилар Нозимнинг қўлини қисиб, баъзилари қучоқлашиб таъзия билдиришар ва қўлларидаги гулни қабр ёнидаги махсус тайёрланган жойга қўйишар эди. Иккала тобут ҳам қабрга туширилиб, тупроқ тортилганидан сўнг, издиҳом тарқала бошлади.

Маросим охирламаёқ, Шавқиев жўнаб кетмоқчи бўлди. Тўрт йигит унинг йўлини тўсди. “Маросимдан сўнг раҳбаримизнинг бир оғиз сўзлари бор экан сизга”, дейишди. Шавқиевнинг кўзи олайиб кетди. “Биз кетмасак бўлмайди, самолётимиз учиши керак!” “Хавотир олманг, самолётни тўхтатамиз”. Шавқиев нажот излаб соқчиларига қаради. Улар иложсиз елка қисишди. Шунда Шавқиев жонҳолатда чўнтакдан телефонни олиб, шошилинч рақам берди. “Мажлис қолдирилади, эшитяпсанми, мажлис қолдирилади. Тушунганингни такрорла: мажлис қолдирилади!” Сўнгра у титраб-қақшаб, ўзини четроққа олди. Соқчиларидан бири ўз телефонида ким биландир гаплашгач, уни тинчлантирди. “Улар тушунишган, мажлис қолдирилган”. “Хайрият”, – дея шивирлади Шавқиев кўксига туфлаб.

Шу тариқа қабристонга ўрнатилган кучли портловчи мослама портламай қолди. Шавқиев ва аъёнлари орасидаги саросималикни Диоген сергаклик билан кузатиб турди. Отабой отанинг “хайрият”, дея кўксига туфлаганини кўргач, тинчланиб, Нозимнинг ёнига борди. “Ҳаммаси жойида. Зийраклигингизга қойил. Якубовский сизни “гениал бола” дегани бежиз эмас экан. Ҳозиргина юздан зиёд кишининг ҳаётини сақлаб қолдингиз”, деди. Сўнгра: “Бу қанжиқ Шавқиев учун дунёда муқаддас нарсанинг ўзи йўқ экан-а, қаранг-а”, дея ғудранди ҳаяжонини босолмасдан. Нозим маъюс жилмайди.

– Молининг феъли эгасига маълум, – деди овозини чиқариб. Бу пайт маросим якунига етай деб қолганди. У Диогенга аниқ буйруқ берди.

– Зудлик билан одамларни қабристондан олиб чиқиб кетинглар. Мен ҳозир унинг ёнига бориб, яна бироз ушлаб тураман. Хавф ҳали буткул бартараф бўлгани йўқ.

Одамлар шошилинч тарқала бошлади. Нозим Шавқиевнинг ёнига бориб, елкасига қўлини қўйди.

– Эътибор ва ҳурматингиз учун қуллуқ. Буни бир умр унутмайман.

– Сизга меҳр кўрсатмасам, кимга кўрсатаман, Нозимжон бўтам, – деди Шавқиев. – Ўғлимдай бўлиб қолгансиз.

– Яна бир бор раҳмат Отабой ака. Айтганча, Баҳодирнинг дараги чиқди.

– Хўш-хўш, – деди ранги бўзариб Шавқиев. – Қаерларда юрган экан.

– У ҳам худди ўша йўлда автоҳалокатга учраган. Машина тоғдан юмалаб, портлаб кетган.

– Ўша эканлиги аниқми? – деб сўради Шавқиев.

– Аниқ. Швейцарияга кетаётган экан. Нега, нима учун, ҳали аниқ эмас. Ҳойнаҳой, у ҳам банкка, пул олгани йўлга чиққан. Шўрлик билмаганки, банкдан ҳеч қанақа пул ололмасди.

– Нега, – деди Шавқиев астойдил ҳайрон бўлиб.

– Террорчиликка қарши кураш халқаро уюшмаси қарори билан айрим шахсларнинг маблағлари ер юзидаги қайси банкда бўлишидан қатъи назар, назорат остига олинган.

– Вой бола бечора-эй, террорчиларнинг тузоғига тушган эканми?

– Шунақа шекилли. Тергов энди бошланган. Ҳали кўп нарса ойдинлашади.

Шавқиев қўрқиб кетганини сездирмасликка ҳарчанд уринмасин, шалвираб қолгани билиниб турарди.

* * *

Нозим, онаси, Миртожи ва Диоген иккита “Мерседес”га миниб, “Гранд” фирмаси идорасига келишди. Директор учун ҳозирланган бинога киришар экан, Миртожи билан Тўтиёни меҳмонлар учун ажратилган хонага олиб ўтишди. Нозим ўзини гўё яна туш кўраётгандек ҳис қилди. Ҳашаматли кабинет, юмшоқ ва қулай оромкурси, қўша-қўша телефонлар… Худди ўзи ишлаган чоғидагидек. Чамаси, у кетганидан сўнг бу хонада ҳеч ким ўтирмаган. Ёки ўтирган бўлса ҳам, Диоген Нозим ўрганган муҳитни қайтадан яратганмикан? Диоген зўр йигитга ўхшайди, салгина шошқалоқлигини ҳисобга олмаганда.

Диоген Нозимнинг кўнглидан кечаётган фикрларни англагандек изоҳ берди:

– Бу хизматхонани ўзингиз ишлаган пайтдагидек қилиб жиҳозлашни буюрдим. Ўзингиз билан бирга ишлаган барча ходимларни қайтариб олиб келдим. Дарвоқе, котиба қизингиз Оля эрга теккан ва болали бўлган экан. Ҳозирча бошқаси ишлаб туради. Хоҳласангиз, эрта-индин Оляни ҳам олиб келишади.

– Раҳмат, – деди Нозим. – Ўзингизнинг хонангиз қаерда?

– Манови девор орқасида. Анови телефонларнинг қизили менга тўғридан-тўғри уланган. Дарвоқе, менинг лавозимим янгидан таъсис этилди. Фирма бош директорининг маслаҳатчиси.

– Бош маслаҳатчиси, – деди кулиб Нозим ва Диогенга қучоғини очди. – Келинг, бир қучоқлашайлик. Сиз худонинг менга юборган фариштасисиз!

– Ишончингиз учун раҳмат, – деди Диоген.

– Энди дўстим, ҳозироқ йўлга отланасиз. Дўстлар Баҳодирнинг жасадини тобутга солиб, ҳужжатларни расмийлаштириб қўйишган. Бориб, тобутни олиб, самолётда Н. шаҳрига учасиз. Биз бугун тўғри учиб кетиб, эртага расм-русумларимизга кўра аза очамиз. Сиз индин тобутни етказиб боришингиз керак. Индин фотиҳани ҳам ўтказиб, янаги куни қайтамиз. Тушунарлими?

– Тушунарли, – деди Диоген. – Бироқ халқаро полиция шуғулланаётган пайтда жасадни олиш осон бўлмайди.

– Олишган. Хотиржам бўлинг. Сизнинг вазифангиз уни юртга етказиш. Хўпми?

– Хўп бўлади. Мен кетдим бўлмаса.

– Хайр, қадрдоним.

Фирманинг кенг, шинам меҳмонхонасида бўлган фотиҳа маросимидан сўнг Нозим онаси ва Миртожи ҳамроҳлигида аэропортга жўнади. Икки соқчи йигит унга эргашди.

– Керак эмас, – деди Нозим. – У ёқда соқчининг ҳожати йўқ. Уч кундан сўнг қайтаман. Аэропортда кутиб оласизлар.

* * *

Нозим худди айтганидек, уч кундан сўнг Диоген билан бирга қайтиб келди. Ўша кундан эътиборан ишга боши билан шўнғиди. Ҳали шаҳар, ҳали вилоят маъмуриятига югурар, ҳали шошилинч Москвага учиб кетар, ҳали Финляндия, ҳали Швеция, хуллас, куну тун тиним билмас, Диогенга: “Ҳамонки ишга киришдикми, уни кўнгилдагидек даражага етказишимиз керак”, дерди. Диоген унга қойил қолар, “Сиз мен ўйлагандан кўра ҳам ғайратли йигит экансиз, Якубовский бекорга мақтамаган экан”, деб қўярди.

Шу зайлда ойлар ўтди. Бир куни Нозим Диогенни хонасига чақириб, у мутлақо кутмаган гапларни гапирди.

– Гарчанд катта йўқотишлар эвазига бўлса-да, сизнинг саъй-ҳаракатингиз билан Якубовскийнинг ишларини, жумладан “Гранд” фирмасини тикладик. Бу яхши, катта муваффақият бўлди. Лекин биласизми, сизга очиғини айтишим керак. Менда фирмага умрбод раҳбарлик қилиш иштиёқи йўқ. Шунинг учун икки-уч ой ишлаб, кейин унга сизни раҳбар этиб тайинлаб, ўзим юртимга қайтиб кетмоқчиман. Ўша ердаги вакил бўлиб ишласам дейман. Онам билан синглимга, яна иккита етим болага қарашим, уларни улғайтиришим керак. Боламни бегона юртдан олиб келишим даркор.

– Шу ерда туриб қиламиз барча ишни, – деди Диоген секин. – Сиз бизга шу ерда кераксиз. Юртингиз қочиб кетган эмас. Жойида турибди. Кейин мен сизга ҳали Якубовский васиятининг асосий нуқталарини айтганим йўқ. У гапларни эшитганингиздан сўнг, кетиш-кетмасликни ўйлаб қоласиз.

– Айтинг бўлмаса.

– Яхши айтаман. Ҳозир биттадан қаҳва буюрсангиз.

Нозим котибага қаҳва буюрди.

– Якубовскийнинг бобосининг бобоси Сибирь ўзбекларидан бўлган экан. Уни “Ёқуббек” дейишган. Сибирнинг сўнгги хони Кўчимхон саройида хизмат қилган. Тақдир тақозоси билан у ҳам худди Кўчимхоннинг ўзи ва жияни Маматқул сингари ўрис қизларга уйланиб, руслашиб кетишган. Лекин қон барибир тортади-да! Шунинг учун ҳам у илгари ҳарбий хизматдалик пайтларида ўзбек йигитларига кўп меҳрибончиликлар кўрсатган. Кейинроқ сизга меҳр қўйгани, анча-мунча шўхликларингизни кўтариб, асраб-авайлаб юргани сабаби ҳам шу билан боғлиқ. Биз қамоқхонада сиз ҳақингизда кўп гаплашганмиз. Сизни “содда, қизиққон, сабрли ва мард йигит”, деб таърифлар эди. “Россиянинг бепоён кенгликларини бошқа, тамоман бегона элатлар эгаллаб олмаслиги учун Ўрта Осиё халқларининг бир қисмини шу ёққа кўчириш, иложи бўлса ўзбеклар яшайдиган яна бир мухтор республика, ақалли мухтор вилоят тузиш керак. Ўзбеклар меҳнаткаш ва озода халқ. Улар ер юзини гуллатиш учун яралган”, дер эди Дмитрий оға завқ билан. Ўзбекларга меҳри жудаям баланд эди. Барча ўзбекларни бирдек яхши кўрарди. Эҳтимол, унинг хатоларидан бири ҳам шу бўлгандир.

– Дмитрий оға Отабой Шавқиев билан қандай танишгани ҳақида ҳам сўзлаганмиди сизга?

– Албатта! Улар ҳарбий хизмат чоғи танишган. Дмитрий оға кейин Шавқиевга ёғоч-тахта бизнесида ёрдамлашган. У Шавқиевни Россиядаги катта тижоратчилар, амалдорлар билан таништирган. Шавқиев эса бора-бора Якубовскийнинг душманлари тарафига ўтиб кетган. Охир-оқибат қилган ишларини кўриб турибсиз. Менга қолса, уни ўша куни қабристондан чиқиб, аэропортга кетаётган чоғида йўлда гумдон қилиш керак эди. Ҳамма имконият бор эди. Тегишли одамлар билан келишиб қўйгандим.

– Таъзия ёки тўйга меҳмонга келган одамга қасд қилишмайди. Менинг бу ақидани ҳурмат қилишимни у яхши билади. Шунинг учун қўрқмасдан келган. Акс ҳолда оёғини ҳам босмасди. Лекин… Лекин унинг ўзи бу қадриятларни бир чақага ҳам олмайди. Бир пайтлар мен унинг, аниқроғи у юборган одамнинг қутқусига учиб, бир одамнинг тўйини азага айлантирмоқчи бўлганман, ўша таъзияга келган куни ҳам мен унинг бекорга келмаганини дарҳол сезгандим. Жонимиз омон қолганининг боиси шу. Дарвоқе, у яна Кипрга қайтиб кетдими? Ўша ерда яшаяптими?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации