282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 10

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 10 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

“ЭНДИ МАҚСАДИНГГА ЕТДИНГМИ, ЎҒЛИМ?”

Париж. Нозим ва Амалия Биби Марьям ибодатхонасини томоша қилиб бўлишгач, дунёга машҳур Лувр музейига йўл олишди. Кайфлари чоғ. Ундан чиқиб, Эйфель минорасига боришди.

– Ҳозир Европанинг энг баланд жойига чиқамиз, – деди Нозим. – Эртага эса Италияга – Римга жўнаймиз. Умрингда кўрмаган жойларни кўрасан. Юргансан-да, “бойнинг қизиман” деб. Менга тегмаганингда, умринг ўша ўрмондаги қора қасрдан чиқмай, ўтиб кетар эди.

– Ҳа-а, яхшиям бахтимга сен бор экансан. Акс ҳолда… бунақа жойларни саёҳат қилиш у ёқда турсин, эрсиз, қариқиз бўлиб ўтиб кетардим, – деди Амалия ҳазилга ҳазил билан жавоб қайтариб.

– Очиғини айтсам, – деди бирдан жиддийлашиб Нозим. – Ўзим ҳам… Парижга бораман, Эйфель минорасига чиқиб, дунёга юқоридан туриб назар соламан, деб ўйламаганман. Юрардим “ўсма кетди, сурма кетди” деб олиб-сотиб.

– Менга уйланганинг учун мана шунақа баланд мартабали жойларда юрганингни тушунарсан ҳар қалай, – деди Амалия ҳазилни давом эттириб.

– Ҳа-а, фақат сенга уйланганим учунгина бўлса қанийди-я. Лекин… бунинг учун анча-мунча одамларнинг жасадларини босиб, суякларини мажақлаб ўтишга тўғри келгани чатоқ бўлди, – деди Нозим “уф” тортиб. Амалия унинг тирсагидан ушлади.

– Нима, пушаймон қиляпсанми? Ахир ўзинг айтгандинг-ку: “Мен ўз олдимга қўйган мақсадимга эришиш учун ҳар қандай восита, ҳар қандай омилни тап тортмай қўллайман”, деб.

– Тўғри, айтганман. Мана, мақсадимга эришдим ҳам. Қўлимда шунча куч, шунча имконият… Лекин кўнглим ғаш. Нарёқда бир одамни абгор қилдим. Бу ёқда шунча куч билан сенинг отангни қамоқдан чиқаролмаяпман. Ўзи… “куч-қудрат” дегани ҳам нисбий, шартли тушунча экан…

– Нарёқда деяётган одаминг сенга кўп ғанимлик қилган. Сен ундан қасос олгансан, холос. Худди “Граф Монте Кристо” киносидаги қасоскор Эдмон Дантес сингари. Бунинг ғашланадиган жойи йўқ. Курашдинг ва енгиб чиқдинг. Сен ғолибсан. Ғолибларни эса суд қилишмайди.

– Эҳ Амалия, Амалия! Бу гапларни ўзим ҳам яхши биламан. Лекин юрагимда… таскин йўқ. Одатда, ғалаба юракка таскин ва ҳаловат бағишлайди. Чекилган заҳматнинг, ҳатто тўкилган қоннинг беҳуда кетмаганини ҳис этасан. Қониқасан ва ором оласан. Менда эса… ором йўқ…

– Отам бир гапни кўп такрорларди. Ўшани сенга айтаман. У бир пайтлар жанговар офицер бўлган. Орденлар олган. Афғонистондан қайтгач, ишсиз бўлиб қолган. Қаёққа бош уришни билмаган. Очлик, чорасизлик. Шунда у бандитлар тўдасидан нажот топган. Пул, мавқе, иззат-ҳурмат, қимматбаҳо машиналар, данғиллама уйлар… Отам ҳам бошда худди сендек ғашланиб юрди. Кечалари ичиб, йиғлаб: “Мен бандит эмасман, мен жанговар офицерман ахир”, дея ўкирар эди. Кейинчалик кўникиб кетди. Бир куни курсдош дўстларидан бири уйимизга меҳмон бўлиб келди. Отамнинг қилиб юрган ишларини эшитган экан. “Дима, нималар қиляпсан, қайт орқангга, ҳалиям кеч эмас, қўлингни қонга булғама”, деди. Отам бўлса: “Менинг қўлим Афғондаёқ қонга булғанган”, деди. Кейин яна кўп гапларни гапирди. “Мени қон кечишга юборганлар қайтиб келганимдан сўнг кераксиз буюм сингари кўчага улоқтириб ташлаганидан кейин нима қилишим керак эди”, дея ёзғирди. Охирида ғалати бир мақол айтди. “Аҳмоқ эски хатолар учун пушаймон чекиб ўтиргунча, ақлли одам янги-янги хатоларга йўл қўяди. Муҳими, бу хатолар унинг ҳаётига хавф солмаса бас. Шунинг учун мен энди мутлақо орқага қарамай қўйганман”, деганди.

– Сен бу гапларни нега айтиб беряпсан? Наҳотки менинг умрим ҳам… отангники сингари кечишини хоҳласанг?

Амалия бирдан маъюсланди. Мовий кўзлари жиққа ёшга тўлди. Бошини сарак-сарак қилди.

– Мен… Мен сенга тасалли бермоқчи эдим, холос, – деди ҳиқиллаб.

– Биласанми, – деди кутилмаганда Нозим. – Қўй ўша Римниям, Колизей харобаларию амфитеатрларни ҳам… Кетамиз. Онамни соғиндим…

Улар ўша куниёқ кечки самолёт билан Москвага, ундан Самарага учиб, уйларига қайтиб келишди. Нозим саҳар турибоқ, онасини кўргани кетди. Онаси ёлғиз, хомуш ўтирган экан.

– Тинчликми? Болаларингиз қани?

– Юртга кетишди. Лайлонинг онаси вафот этибди.

– А? Ким? Лайлонинг онаси? Э, бечора, касал эканми?

– Ҳа, анчадан бери тоби бўлмай юрган экан. Ўғлининг доғи адо қилган-да шўрликни… Сен ҳам бир ўтиб, таъзия билдириб келсанг бўларди.

Нозим индамади. Нима десин? “Майли бораман” деса-ю, кейин бормаса, онасига ёлғон гапирган бўлади. Тунов кунгидай: “Менинг у одам, оиласи билан неча пуллик ишим бор”, деб айтишга эса юзи чидамади. Мабодо айтганда ҳам… эрта-индин кайфияти ўзгариб, борадиган бўлса, онасининг кўз ўнгида бебурд бўлиб қолади. Шу боис индамай ташқарига чиқар экан, ногаҳон: “Хўш, мен ўша одамни кечиришим мумкинми?” деб ўйлади. “Биринчи марта шундай деб ўйлаяпманми ёки бу фикр илгари ҳам хаёлимга келганмиди”, деб сўради ўзи ўзидан. Кейин жавоб берди: “Ўйласам ўйлагандирман. Лекин… қайси фарзанд ўз онасини бадном қилган одамни кечириши мумкин? Унақада унинг фарзандлиги, орияти, эркаклик ғурури бир чақа бўлиб қолмайдими? Ўзи… Ўзи нега мен бу одам билан яна пачакилаша бошладим? Нима кераги бор? Қилган гуноҳлари учун жазосини бир қисм мендан, бир қисм тақдирдан олиб бўлди-ку. Энди орани очиқ қилиб, ҳар ким ўз йўлига кетгани яхши эмасми? Энг тўғри йўл шу эмасми? Онам ҳам қизиқ. Нега яна ўша одам қошида ўзини ерга уради. Нега қизини тиқиштириб, у билан топиштирмоқчи, яраштирмоқчи бўлади… Опам ўша одамнинг пушти камаридан бўлса бўлгандир. Лекин уни бошқа одам тарбия қилган-ку. Қизларни ҳомиладор қилиб қўйиб, қочиб кетган эркаклар бу дунёда камми? Унақаларни истаганча топиш мумкин-ку. Улар… Улар кечиришга арзийдими? Қанчалик узрли сабаб, важ-корсон кўрсатмасин, бу иш… Ахир кечирилмайдиган иш-ку! Эҳ, ўзбек аёллари. Нақадар кўнгилчан, нақадар кечиримли. Эҳтимол, шунинг учун ҳам… уларни алдаш, хўрлаш шу қадар осон… Йўқ, бунақа бўлиши мумкин эмас…

У шашт билан уйга қайтиб кирди. Онаси савол назари билан қаради. Нозим унинг маъюс кўзларига қараб, бироз шаштидан тушди.

– Мунисни… юбориб… албатта тўғри қилгансиз. Кишининг бошига мусибат тушганда, эски гиналарни эслаб ўтириш инсофдан эмас. Бироқ… қайтиб келганидан сўнг… У оила билан муносабатларни тўхтатиш керак. Етар, бас, шунча хўрланганингиз, энди… энди биз бошқача яшашимиз керак.

Онаси сокин ва ғамгин нигоҳи билан сўзсиз унга анча тикилиб турди. Кейин кўзларидан икки томчи ёш сизиб чиқди. Лаблари титради.

– Нега… нега бунчалик бағринг қаттиқ бўлди, болам, – деб пичирлади. – Ахир… ахир ундан ўчингни олиб бўлдинг-ку. Мақсадингга етдинг-ку. Яна… Яна не дейсан?

– Бу қасос силсиласини энди тўхтатиб, ҳар икки томон бир-бирини унутиб яшасин, дейман она, ўртага қасос аралашгандан кейин яна… муносабат ўрнатиб, ярашиб кетиш мумкин эмас дейман.Ҳисоб-китоб қилиб олдик, ора очиқ. Энди икки томон бир-биримизни унутайлик. Тамом вассалом дейман. Ахир… ахир синган шишани ямаб бўлмайди, бунга уриниб, яна қўлимизни кесиб олмайлик. Яна… муносабатлар бундан ҳам кескинлашиб, қон тўкилмасин дейман.

– Инсон… инсон юраги шиша эмас, болам. Инсоннинг юраги… кенг бир дунё. Фақат буни ҳамма ҳам билавермайди. Торлик қилади. Мана, Миртожи аканг… эл ичида шарманда қилганингга қарамай, сени кечирди-ку. Сенга зиён-заҳмат етказмади-ку. Ўша кунлар қанчалик асабий, ғазабда юрганига қарамай, келиб опангнинг тўйида қатнашди. “Қизим” деб бошини силади. Йўқса, орадан шунча йил ўтган… Бу қиз менинг қизим эканини ким исботлаб беради деб келиб ўтирганда, нима дер эдим? Ўшанда… Ўшанда… У қамалиб қолган экан, тушунаяпсанми? Менга: “Қишлоғимга кетяпман, отамга айтаман, янаги ҳафта совчилар боради”, деб кетган эди. Ота-онасига айтиб улгурмай, қамалиб қолган…

– Онажон, жо-он она, қўйинг, илтимос. Уни оқламанг. Қамоқхона ер юзининг нариги бурчагида бўлмаган. Ота-онасига хат ёзиб: “Бир қизга ваъда бергандим, ўша ваъдамни бажаринглар” дейиши, отаси сизни уйига олиб бориб ўтириши мумкин эди. Важ изласа, топилаверади. Майли, сиз учун… Сиз кечирганингиз учун… Бошидан шунча савдо ўтгани учун… Мен ҳам кечирсам кечирай. Аммо барибир оиламиз у билан алоқани узиши керак. Менинг шартим – шу!

– Майли болам, нима десанг – шу. Фақат бугун энди бу гапни бас қилайлик, хўпми, – деди ялинган оҳангда она. Шундан сўнг Нозим “Ишга бораман” деб чиқиб кетди.

Ишхонасига келиб, анча муддат хаёлга чўмиб ўтирди: “Қасос нега одамга қониқиш бермайди?” деб сўради ўзидан. “У бир аччиқ шаробга ўхшайди. Ичганингда сархуш этади. Лаззатлангандек, ҳаловат топгандек бўласан. Аммо муайян муддатдан сўнг яна ичмасанг, ҳаловатни йўқотасан. Демак, яна ичиш керак. Яна ичмасанг… ўзингни мағлуб ҳис этасан…” Бекор гап. Бемаъни фикр. Нима, мен бир умр қасос олиб яшашим керакми? Рақибимни маҳв этиб, янчиб, мажақлаб ташлаганимдан сўнг қасос тугаши керак-ку! “Бекорларни айтибсан. Сендан ушбу қилмишинг учун бошқа биров қасос олади…”

Ким? Миртожининг ўғли йўқ-ку. Қизларининг қўлидан нима ҳам келарди. “Қонун бор. У қасос олади. Унга чап берсанг, “қайтар дунё” дейдилар: Миртожининг авлодларидан бўлмаса, бошқа бир жойдан қайтади. Хуллас, қасосинг қасоссиз қолмайди…”

Демак, қасос силсиласи абадий давом этаверар экан-да? “Ҳа, абадий давом этади. Токи уни ақл-идрок билан тўхтатмагунча”.

Хўш, унда тўхтатиш учун нима қилиш керак? “Қасос, ўч занжирини узиш, ўч олишни тугатиш керак. Тақдири азалга ишониш, Оллоҳга сиғиниб, тавба қилиш, фақат яхшиликни ўйлаш, яхшилик қилиш зарур”.

Яхшилингга ёмонлик қайтса-чи?

Яна, яна ва яна яхшилик қилиш керак!

Йўқ, мен ундай қилолмайман. Мен… ноҳақликка чидолмайман. Мен хиёнатнинг жазоланмаслигини, сотқинликнинг кечирилишини ҳазм этолмайман. Разолатга, қабоҳатга қарши курашмасам, заҳарли илоннинг бошини янчмасам, унда одам бўлиб юришимдан нима фойда? Унда ҳаётнинг, тирикликнинг мазмуни қоладими?

“Сен олдин яхши билан ёмоннинг, асл билан сохтанинг фарқига боришни ўрган, эй гумроҳ! Ялтираб кўринган ҳар нарса олтин эмас. Кўзингни каттароқ оч! Ақлингни пешла! Сени ҳали олдинда қанча синовлар кутиб турибди…”

Телефон жиринглади. Нозим гўшакни кўтарди. Сим ортидаги овоз соҳибини таниб, эти жимирлади. Дўриллаган ҳукмфармо овоз унга “маслаҳат” ниқобига ўралган буйруқларнинг навбатдагисини етказмоқда эди.

– Ҳамма кўзир карталарни қўлингизга олиб бердик. Энди ишончни оқлаш лозим, биродар, – деди у. – Савдо айланмаси, ишлаб чиқариш ҳажми, даромад ва ниҳоят соф фойда “Миромар” давридагидан юқори бўлиши керак. Юртингиздаги дўстларни, керак бўлса, ҳаттоки душманларни ишга солинг. Қурилиш ашёлари, айниқса металлни, ёғоч-тахтани сувдай оқизиш керак. У ёқдан эса… асосан пул оқсин. Доллар. Қовун-тарвуз, пиёз-помидор юклаб, йўлда чиритиб-иритиб юрманглар. Биз Ўзбекистоннинг ноз-неъматини хуш кўрамиз. Лекин ташиб юрмаймиз. Ўзлари олиб келишяпти. Ўшандан… Ҳақимизни еганимиз етади. Тушунарлими? Шунинг учун бартер-мартер, клиринг-млиринг деган гапларга учманг. Нақд пул! Тамом-вассалом!..

– Маъмурият билан қурилишларда ишлаш учун қўшимча ишчилар олиб келиш масаласини гаплашаман, дегандингиз, – эслатди Нозим.

– Сиз олдин менинг гапимни бўлмасдан охиригача эшитинг, – деди дағаллик билан “овоз”. – Ҳали бердисини айтганим йўғ-у, куёвтўра. Демак, ойлик режа… доллардан кам бўлмаслиги зарур, тушунарлими?

“Овоз” айтаётган рақам жуда ваҳимали эди. Нозимнинг нафаси ичига тушиб кетди. Эътироз билдирмоқчи бўлди:

– Тушунарли. Лекин…

– Лекин-пекинни қўйиб туринг. Биз режани осмондан олганимиз йўқ. Етук мутахассислар пухта ҳисоб-китоб қилиб чиқишган. Гап битта! Дарвоқе, ишчи кучи масаласида… ғам еманг. Қанча керак бўлса, олиб келиб ишлатаверасиз. Маъмурият ҳам, ички ишлар ҳам, гарчи расман рухсат беришмаса-да, кўриб кўрмасликка олишади. Сизга шуниси тузук. Расмий рухсатномаси бор ишчилар ҳақ талаб қилиб, жонингизга тегиши мумкин. Рухсатсиз яширинча ишлаётганлар эса… қорнини тўйдирганингизга ҳам раҳмат айтиб кетаверади. Ундан ташқари… бу ерда ўзича тижорат қилиб, бойиб кетган юртдошларингизни қаттиқроқ назорат остига олишингиз керак. Акс ҳолда олинадиган даромадингиз миқдори мўлжалдагига етмай қолиши мумкин…

“Овоз” яна нималардир деб узоқ гапирди. Нозимнинг эса энсаси қотиб, боши қизиб, қулоғи чиппа битган эди.

“Демак, булар мени қароқчилик қилишга ундашмоқчи. Бечора юртдошларимни алдаб ишлатиб, ҳақини бермай ҳайдашим, қанча-қанча оилаларнинг кўзидан ёш оқизиб қарғишига қолишим керак. Унақада… Унақада ҳозиргина ҳақиқат, адолат бобида ўзим-ўзимга ақл ўргатиб, сайраб ётганим қаерда қолади? Наҳотки, мен энди кун сайин, ой сайин тубанлашиб, янада шафқатсиз ва қаттол одамга айланиб бораверсам? Ахир… Ахир бу ишларим олдида Миртожидан олган қасосим урвоқ ҳам бўлмай қолади-ку. Мен кимман ўзи? Нималар қиляпман? Қаёққа қараб кетяпман? Наҳотки мен – одам боласи шу даражада айнишим мумкин? Қасос истаб, адолат ва ҳақиқат хоҳлаб етиб келган жойим шу бўлди? Ўз юртдошларини – уйда жўжабирдай жон оиласини ташлаб, рўзғори учун уч-тўрт сўм пул топиш умидида сарсон-саргардон бўлиб юрган ўзига ўхшаш қоракўзларни алдаб, фириб бериб, товлаб, зўравонлик қилиб, бойиган одам одамми? Ҳали ким билади, булар олинган фойданинг неча фоизини беришади. Якубовский қамоқда, қачон чиқиши номаълум. Булар кекса полковникнинг ҳам қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юришмаганмикин? Йў-ўқ, Нозим ошна, бу ишинг… хатарли. Бунақа бўлиши мумкин эмас. Ўзбек йигитисан, мусулмон фарзандисан, ахир. Худодан қўрқ, бандасидан уял.

Бунақада… етти пуштингнинг тоат-ибодати бир пул бўлиб, ўзинг дўзахга кунда бўласан. Кўзингни оч!..

Хўш, нима қилиш керак? Нима қилса сих ҳам, кабоб ҳам куймайди. Нима қилса қўйлар соғу, бўрилар тўқ бўлади? Нима қилиш керак? Эй Парвардигор, ўзинг мадад бер, тўғри йўлга бошла!..

Нозим ўйлаб ўйига етмас, ўйлагани сари боши берк кўчага кириб бораётганини ҳис қилар, гоҳ хаёлига “ҳаммасини ташлаб, ҳаммасига тупуриб қочворсам-чи” деган оддий, жўн ва кулгили фикр келар, шу заҳоти юрагининг қаъридан: “Қочиб қайга борардинг, буларнинг қўли узун, осмонга учсанг оёғингдан, ерга кирсанг, қулоғингдан тортишади”, деган садо чиқарди. Яна бир хаёли: “Ҳой йигит, қачонгача қочасан, қачонгача қочиб жон сақлайсан, юрагингда олов борми, кураш ахир, ўзинг айтган адолат, ҳақиқат учун кураш ва енгиб чиқ, енгсанг ғолиб ва музаффар бўласан, енгилсанг, бир бошга бир ўлим, деб қурбон бўлиб кетаверасан. Ҳар қалай виждонинг пок, имонинг бутун бўлади; зеро, бу кураш сен Миртожининг гуноҳи учун олган қасосдан кўра минг карра ҳаққоний, минг карра адолатли кураш, чунки сен улкан бир қабоҳат ўчоғини ўчириш учун курашган бўласан, ўзингни қўлга ол, шижоатингни кўрсат”, дея даъват этар эди. Бу даъватга жавоб беришга эса негадир иккиланар, чунки курашса, енгишдан кўра маҳв бўлиши кўпроқ муқаррарлигини яхши англар ва жони азиз кўринарди…

ШУДГОРДА ҚУЙРУҚ НА ҚИЛУР?

“Гранд” фирмаси бош директори хизматхонасида қора чарм оромкурсига ястаниб, хушбўй Гавана сигарасини тутатиб ўтирган Нозим сигарани кулдонга қўйиб, ҳузур билан кўзларини юмди. Мудради. Ногаҳон телефон жиринглаб, уйқуси учиб кетди, гўшакни олди.

Банкир ўртоғи экан.

– Пул нима бўлди, – деб сўради дағал гапириб.

– Оббо дўстим-эй! Ҳозир ўзимам шуни ўйлаб ўтирувдим. Кеча бир қисмини ҳал қилиб келдим.

– Бир қисмини эмас, ҳаммасини ой охиригача ҳал этиш керак. Акс ҳолда абгор бўламиз, – деди банкир. – Дарвоқе, ёмон хабарни эшитдингми?

– Миртожининг хотини ўлганиними?

– Э-э, қанақа Миртожи? Нима алоқаси бор унинг бизнинг муаммоларга? Эртага шаҳарга янги ҳоким тайинланаркан.

– Йўғ-е? Ўзи яқинда қўйилганди-ку янгиси.

– Сен ким тайинланади, деб сўра.

– Ким экан?

– Милициядан чиққан генерал. Уни икки-уч йил олдин шаҳар милиция бўлими бошлиғи вазифасидан бўшаттириб юборган эдик. Москвага, вазирликка кичикроқ бир вазифага жойлашиб, ишлаб юрганди. Энди чатоқ бўлади. Дмитрий Фёдоровични ўша қаматганди. “Мен агар шу ерда турсам, биттангни ҳам соғ қўймайман”, деган биродарларимизга.

– Биродарлар ҳам қараб туришмас.

– Қараб туришмайди-ку, аммо ҳокимиятга қарши курашиш осон эмас…

– Бир ҳисоби бўлар.

– Майли, сен пулларни тезроқ ҳал қил. Тушундингми? Икки-уч кун ичида жойига қўймасак, бошимиз кетади.

– Тушундим, – деди Нозим ва миясидан “шу бугуноқ жўнаб кетиш керак”, деган фикр ўтди. Ҳамонки, банкир саросимага тушиб қолибди, демак масала жиддий.

– Билиб қўй. Бу охирги “операция”. Минбаъд нақд пул билан ишлашни йиғиштириш керак. Мен сенга ўшандаям айтганман: вақтида жойига қўёлмасанг – ўламиз деб.

– Хўп-хўп. Ҳал қиламиз дедим-ку.

Нозим телефон гўшагини қўйгач, юрагини ваҳима босди. Улар беш эшелон, яъни уч юз эллик вагон тахта, темирнинг пулини банкдан нақд қарз олиб, жойида нақд бериб, арзон олишган ва икки баробар нархда сотишни мўлжаллашганди. Икки баробар тугул, таннархининг ярмисини ҳам ундира олишгани йўқ. Банк эса пулни талаб қиляпти. Чунки белгиланган муҳлат ўтиб кетди. Бўйниларидаги қарз ҳазилакам эмас. Халталаб босса, бир машинага юк бўлади. Нарёқдаги шериклар ҳам бошда катта гапиришганди: беш юз вагон бўлса ҳам ҳал қилиб юборамиз деб. Энди эса: “Сотиш қийин бўляпти, рақобатчи кўп”, деб кўзларини лўқ қилиб туришибди. Биттаси сурбетлик билан тиржайиб:

– Эллик вагон пиёз бор. Шуни бериб турсак бўлмайдими? – деб сўради. Нозимнинг жаҳли чиқиб кетди. “Пиёзни …га тиқ” демоқчи бўлди. Вазиятни кескинлаштирмаслик учун ўзини босди.

– Пиёзни тезроқ сотиб, бизга пулни тўғрилаб беринглар, – деди.

Бориш керак. Кўтарачилардан қарзни тўла ундирмагунча қайтиб келмаслик керак. Йўқса, чиндан ҳам банкир айтганидек, жиддий муаммо пайдо бўлиши мумкин. Пиёзми, бошқа сабзавотми, қовун-тарвузми – нима бўлса ҳам олиш керак. Бозорчи ошналарига бериб, пулини олдиндан олиш мумкин. Айтишларича, бир пайтлар Миртожи бу ёққа пиёз сотиб, нарёққа тахта ортиб, бойиган экан. Ҳозир унақа бартер даври эмас. Пулни айлантириш керак.

Нозим икки-уч соат миёнасида йўлга отланди. Бир жуфт хос навкар ҳамроҳлигида самолётга чиқди. Айни шу лаҳзаларда унинг икки минг чақирим наридаги қарздор мижозлари мудҳиш бир фитна режасини тузмоқда эдилар.

* * *

Шаҳар четида тошлардан қурилган рестораннинг ним қоронғи хонаси. Икки киши коньяк ичиб, тамаки чекиб, суҳбатлашиб ўтиришибди.

– Боя Нозим қўнғироқ қилди. Пулнинг қолган қисмини ернинг остидан бўлса ҳам топиб, тайёрлаб қўйларинг, деди. Акс ҳолда уруш бўлади деб таҳдид қилди, – деди улардан ёшроғи. – Тунда учиб келади.

– Унинг дўқидан қўрқадиган одам йўқ. Келса, қўлига яна озроқ пул бериб, алдаб-сулдаб жўнатиб юборасан, – деди ёши каттароғи.

– Ишқилиб, шу савдомиз охири катта жанжалга айланиб кетмаса гўрга эди. Қарзимизнинг миқдори… Жудаям катта.

– Хўш, жанжалга айланса нима бўпти? Нимадан қўрқасан? Сени у ёқда Нозимдан бошқа ҳеч ким танимайди-ку. Тўғрими? Нозимни эса…

– Шуни иложи бўлса, менга учрашгунча ҳал қилса бўлмасмикан?

– Ҳал қиламиз. Лекин бу ерда эмас. Сен уни оқшом яхши кутиб ол. Жўнаётганда қўлига ўн-ўн бешта кўкидан бериб юбор. Қолганини бир ҳафта миёнасида ўзим олиб бориб бераман, деб айт. Тушундингми?

– Тушундим…

* * *

Нозим ўша оқшом етиб келди. Эрталаб туриб, нонушта қилгач, “Миртожиникига бориб, таъзия билдириб чиқсаммикан?” деб ўйлади. Ботинолмади. Яхшиси, Лайлонинг ўзига қўнғироқ қилиб, ҳамдардлик изҳор этади. Шуниси маъқул. Қолаверса, ҳозир кўнглига қил сиғмайди. Кеча самолётга чиқиш олдидан Дмитрий Фёдорович зонадан қўнғироқ қилиб, қаттиқ гапирди.

– Қарзни тезроқ ҳал қилиб бериш керак. Банкир ўртоғинг сенга берган пулнинг бир қисми “биродарлар” жамғармасидан олинган экан. Ишончни суиистеъмол қилибди банкир.

– Оббо, аблаҳ-эй! Ўғриларнинг пулини қўрқмай савдога ташлаб юборганини қаранг, – деди Нозим ўзи ҳам азбаройи қўрқиб кетганини сездирмасликка уриниб. – Энди пулни жойига қўйса ҳам, иши расво бўлади.

Нозим бу гапи билан қайнотасига: “Менга индашмаса керак”, деган саволни ҳам бераётганди. Қайнотаси тушунди. Жавоб берди.

– Унинг-ку масаласи ҳал бўлган. Ишқилиб, сенга ҳам бирон зиён-заҳмат етмаса яхши эди.

– Қарзни ортиғи билан қайтарамиз. Мен ҳозир учиб кетяпман. Уч-тўрт кунда ҳал қилиб, қайтиб келаман.

– Менга қолса… қайтиб келмай, ўша ерда тура турганинг маъқул. Пулни ишончли одамдан жўнат. Ўзинг ўша ёқда бўлиб тур.

– Хўп бўлади, – деди юраги шувиллаб Нозим. Музокаралар кечгача давом этди. Шериклар Нозимга ўн беш мингни бериб:

– Қолганини бир ҳафтадан кейин ўша ёққа олиб бориб берамиз, – дейишди.

– У ёққа олиб боришнинг ҳожати йўқ, – деди Нозим. – Мен маблағнинг ҳаммаси ҳал бўлмагунча шу ерда бўламан. – деди. Шериклар бир-бирларига маъноли қарашди.

– Майли, унда янаям яхши, – дейишди бўшашиб.

Нозим кеч бўлганда меҳмонхонага қайтди. Банкир қўнғироқ қилди.

– Иш чатоқ, – деди. – Пулнинг устига ҳаддан ортиқ катта фоиз қўшиб юборишибди.

– Сен, қанжиқ, “жамғарма”дан ҳам пул олдим деб нега менга бир оғиз айтмадинг.

– Айтиш шартмас, деб ўйлагандим. Ўша пайт ихтиёримдаги нақд пул миқдори сен сўрагандан камроқ эди. Мен “оғалар”нинг пулини анчадан бери сақлаб келаман. Бир тийинига ҳам хиёнат қилганим йўқ. Шу боис етмаганини уларнинг сандиғидан олиб бергандим. Ўйлагандимки, беш-ўн кун ичида нақд пул тушса, жойига қўйиб қўяман деб. Аммо…

– Нима аммо?

– Аксига олиб, тунов куни уларнинг “хазиначиси” келиб, “сандиқни оч” деб қолди. Мен ўша заҳоти пулнинг катта қисмини жойига қўйдим. Бироқ уларга баҳона топилди. Энди соғиб ичишади.

– Ўзи ҳаммаси бўлиб қанча олгандинг сандиқдан?

– Икки миллион.

– Устига қанча сўраяпти?

– Ойига эллик фоиздан.

– Демак, ҳар ойига бир миллиондан. Орадан тўрт ой ўтди. Томоғинггача қарзга ботиришибди-да.

– “Томоғинггача” эмас, “томоғимизгача” дейиш керак оғайни, кемага тушганнинг жони бир.

– Мен сенга кемани кўрсатиб қўяман. Ифлос! Ўзинг пиширган бўтқани ўзинг ейсан!

Нозим шундай деди-да, телефонни отиб юборди. Ғазаб қўрқувдан устун келди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации