282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 21

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 21 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ИНТИҚОМ КЕЧАСИ

Астойдил йиғласанг, сўқир кўздан ҳам ёш чиқар экан. Эл билиб айтган. Шавқиев ниҳоят учинчи оқшом муродини ҳосил қилиб, Шукриянинг навжувон ва ҳароратли қучоғида ёш боладай сокин, пишиллаб ухлаб қолди. Уйқуга кетиш олдидан Шукрия уни мақтаб, кўнглини тинчлантириб қўйди: “Айтгандим-ку, ҳали отдексиз бой ота, ҳали қанча давру даврон сурамиз насиб этса”. “Шунақами, дея ширин энтикиб шивирлади Отабой ота. Илойим айтганингиз келсин”.

Эртасига Шукрия жўнайдиган бўлди.

– Яна бир оқшом қолиб, бой отангизнинг дуосини олмайсизми, жоним улоқчам, – деди Шавқиев.

– Агар индин Америкадан учиб кетмасам, рухсатнома муддатини бузиб қўяман ва кейин яна келиш қийин бўлади. Ахир ҳали у ёқдан олиб келиниши керак бўлган қанча “юк”лар бор.

Шавқиев Шукрия “юк” деганда жавоҳирларни назарда тутаётганини тушунди.

– Тўғри, тўғри гўзалим. Тартиб-қоидани бузмасдан ишни қилмоқ лозим. Мен ҳам насиб этса, Америкага кўчиб ўтишга рухсат оларман. Дўстлар ваъда қилишган. Сиз “юк”лардан яна бир қисмини олиб келсангиз, Атлантик Сити деган бениҳоя хушҳаво кентдан шоҳона бир қаср сотиб оламиз ва айшу тараб ичра яшаймиз.

– Иншооллоҳ, – деди Шукрия. – Дарвоқе, янаги сафар қанчасини олиб келай?

Шавқиев кулди. Ҳазил қилди.

– “Юкхона”га сиққанича олиб келаверинг, паризод.

Шукрия ҳам кулди. Кейин бирдан жиддийлашди.

– Божхона текширувида чиқиб қолса, ҳаммасидан маҳрум бўламиз. Яхшиси, ҳозиргидай бештадан қилиб, олиб келавераман. Хўпми?

– Ихтиёрингиз…

– Қўриқчингиздан ҳам дарак бўлмади, – деди Шукрия. – Бир ўзингиз қўрқмайсизми ишқилиб?

– Ҳа, йўғ-а, – деди Шавқиев ўзини дадил кўрсатиб. – Сиз бой отангизни анойилардан деб ўйламанг. Мановини кўряпсизми?

У шундай деб, ўтирган оромкурсисининг хуфия жойига беркитилган мўъжазгина тўппончани олиб кўрсатди.

– Вой, яна бировни отиб қўйманг бу билан, – деди Шукрия. – Бегона юрт бўлса, қамаб қўйишмасин тағин.

– Қўрқманг. Бу шунчаки, ҳар эҳтимолга қарши. Қолаверса, ҳадемай Эгам ҳам келиб қолади.

Шукрия кетди. Шундан сўнг яна бир неча кун ўтди. Эгамбердидан дарак бўлмади. “Занғар, уларни гум қиламан деб, ўзи ҳам гум бўлиб кетдими, нима бало?”деб ўйлади Шавқиев. Юраги сиқилди. Тил билмагани боис ҳеч жойга чиқолмас, аввал Эгамберди, кейин Шукрия ғамлаб кетган егуликларни кавшаб, уйда кўмилиб ўтирар, ягона овунчоғи юртдан олиб келинган видеотасмалардаги киною концертлар эди.

Бу оқшом у видео орқали “Водиллик келин” киносини, кейин Таваккал Қодиров концертини томоша қилиш асносида мудраб қолди.

Ярим тунда эшитилган шовқиндан чўчиб уйғонди. “Эгам келган шекилли”, деб ўйлади.

– Эгам, келдингизми, сизмисиз ўғлим? – дея овоз берди.

– Ҳа, эганг келди, – деди қоронғулик қаъридан бўғиқ, аммо ниҳоятда таниш бир овоз. – Жонингизнинг эгаси келди.

“Баҳодирнинг овози-ку, – дея ўйлади даҳшат ичра Шавқиев. – Демак, Эгам уни маҳв этолмай, ўзи қурбон бўлибди-да”.

– Жонимнинг эгаси Парвардигор, бўтам Баҳодир, куфр гапларни айтманг, – деди Шавқиев ўзини қўлга олишга уринар экан. – Ҳаммамиз ҳам Оллоҳнинг бандасимиз.

– Йўқ, сен Оллоҳнинг бандаси эмас, сен шайтони лаъйннинг қавмисан.

– Ҳай-ҳай, гуноҳга ботманг, – деди Шавқиев овоз қаёқдан келаётганини англашга уриниб. Шунинг баробарида мияси шиддат билан ишлади. Қўли билан оромкурсининг тўппонча беркитилган жойини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан пайпаслади. Қўли совуқ темирга теккач, фикри ҳам, кўзи ҳам равшанлашгандек бўлди. Баҳодир шундоққина қаршисида, телевизорнинг ёнида турар, қўлида тўппончаси бор эди. Шавқиев сал нарида – эшик ёнида ташқарига қараб пойлоқчилик қилиб турган Тўхтани кўрмади.

– Сен, томоғинггача гуноҳга ботган муртад, мени гуноҳдан асрамоқчимисан? Хўш, қани айт, менинг ўлигим учун ёлланма қотилларга қанча пул тўладинг, ифлос? Айт, йўқса, ҳозир пешонангдан отаман!

– Айтаман Баҳодиржон, ҳаммасини айтаман! Бунга мени ким мажбур қилганини ҳам айтаман. Фақат… фақат илтимос, ғазабдан тушинг, шайтонга ҳай беринг…

– Айт ифлос, сенинг ўзинг ҳар қандай шайтонга дарс берасан, айт!.

– Айтаман… бу… Саиднинг иши. Ўзи… ўзи ҳам охири абгор бўлди. Қуролфуруш, гиёҳвандфуруш, ўша, ўша аввал сизни, кейин мени ўлдиртирмоқчи эди. Менда гуноҳ йўқ.

– Мени чўпчагингга ишонтиришга уринма! Қотилларни ёллаган сенсан. Мақсадинг – пулларимга эгалик қилиш бўлган.

– Пул… Пулни гапирманг, Баҳодиржон. Менга… мен учун пул хазондек гап. Ана орқангизда, телевизорнинг тагида бир чамадонча тўла пул турибди. Керак бўлса, яна бераман…

– Қаёқдан берасан? Банклардаги пулларингнинг асосий қисмини Саид олиб қўйган, қолганларини халқаро полиция хатлаган, сенда бир мири ҳам пул йўқ ҳозир.

– Э-й-ў-ўй, Баҳодиржон, сиз мени билмас экансиз. Менинг пулларимнинг асосий қисми олтину жавоҳирга айлантирилиб, ишончли жойларга кўмилган. Банклардаги нима у, юздан бири ҳам эмас. Агар… агар… тил топишиб, ярашиб биргалашсак, бир бочка олтину жавоҳир бераман.

– Чўпчак, ҳаммаси тўқима, ёлғон гап, – деди Баҳодир тўппончани унга тўғриларкан.

– Ишонмайсизми? Шошманг, мана, манови бриллиантларни кўринг, ҳар биттаси элликдан юз минг долларгача туради, – деди Шавқиев чўнтагидаги қутичани чиқарар экан. – Тўрттаси тўрт юз минг доллар! Тунов куни биттасини етмиш минг долларга пулладик. Жомадондаги ўшанинг пули. Мана кўринг, кўринг…

Баҳодир бир зум ҳушёрликни эсдан чиқарди. Шавқиевнинг қўлидаги қутичага қўл узатди. Шу пайт Шавқиев ўнг қўлидаги тўппончани унга тўғрилаб, тепкини босишга улгурди. Ўқ Баҳодирнинг нақ юрагига тегди. Тўппончанинг қарсиллаган товушидан Шавқиев ним қоронғида Тўхтанинг бир сакраб, ўзига яқин келгани ва тўппончалик қўлини маҳкам ушлаб олганини кўрмай қолди. Тўхта овозини чиқаргач эса, бамисоли тахта бўлиб қолди.

– Ҳа бой бува, танимадингизми? – деди Тўхта вазминлик билан. – Танимаган бўлсангиз, танишамиз…

У шундай деб, чироқни ёқиб юборди. Шавқиев жон ҳолатда ўзини Тўхтанинг оёқлари остига ташлади.

– Танидим, Тўхтажон, танидим, мен ўлай, менгина ўлай, қилган ишимдан бир умр пушаймонман. Шу гуноҳим учун худо мени жазолади. Юртимдан жудо этиб, қувғинди итдек дарбадар, саргардон қилиб қўйди. Кечир, ўғлим, жигарим, бутун бойлигим, бутун давлатим сеники, манови бриллиантларни, анови жомадондаги пулларни ол. Яна, яна бераман…

– Хўш-хўш, – деди Тўхта. – Майли, эътиборингиз учун раҳмат. Қани, беринг-чи.

Шавқиев қутичани унга узатди. Тўхта қутичани очиб, ярқираб турган тошларни кўрди.

– Шу бриллиантми? – деб сўради кулимсираб. – Сохта эмасми, ишқилиб?

– Энг тозаси Тўхтажон, энг тозаси булар. Ҳар қайсиси юз минг долардан кам турмайди. Яхшироқ харидор чиқса, юз элликдан бемалол кетади. Катталигини қара! Яна… яна олиб келади келгуси ойда хотиним. Яна бешта олиб келади. Уларни ҳам бераман. Миллионер бўласан…

– Яхши, – деди Тўхта. – Жомадондаги пулни чиқаринг-чи.

Шавқиев телевизор тагидаги тортмадан жигарранг “дипломат” сумкани олиб очди. Доллар пачкалари ерга сочилиб кетди.

– Яхши, – деди яна пулларни йиғиб, жомадонни олдига сурар экан Тўхта. – Хўш, яна қанча бойлигингиз бор бу ерда?

– Қолгани… қолгани юртда. Айтдим-ку, хотиним янаги ой олиб келади деб.

– Демак, бу ерда бошқа йўқ-а?

– Йўқ Тўхтажон, йўқ…

– Унда яхши, – деди Тўхта ва қутичани чўнтагига солди. Сўнгра тўппончани оёқлари тагида тиз чўкиб турган Шавқиевнинг чеккасига тираб, тепкини босиб юборди. Қарсиллаган товуш чиқди. Шавқиевнинг боши ёрилиб, миясининг қатиғи сачраб кетди. Ўзи ерга чалқанча қулаб тушди. Тўхта чўнтагидан дастрўмолини чиқариб, тўппончанинг дастасини ҳафсала билан артди. Сўнг ерда чўзилиб ётган Шавқиевнинг қўлига ушлатиб қўйди. Сал нарида ётган Баҳодирнинг бўйин томирини пайпаслаб кўрди. Ўлганига ишонч ҳосил қилгач, бошини чайқади. Мурданинг кўзларини беркитиб, бошининг тагига диваннинг устидаги кичик ёстиқчани олиб, қўйиб қўйди. Юзига фотиҳа тортди. “Инна лиллоҳи ва инна алайҳи рожиун. Қиёматда кўришгунча, Баҳодир ака”, деб пичирлади. Кейин пул тўла дипломатни олиб, ташқарига чиқди ва инглизча қулфни беркитиб кетди.

ЮГУРГАННИКИ ЭМАС, БУЮРГАННИКИ…

Эгамберди Шукриянинг ортидан роса ўн беш кун пойлади. Бу қурғур сира гаражга бора қолмасди. Ишдан чиқиб, “Шевроле” машинасини миниб, шаҳар четидаги янги ҳовлилар қурилган мавзеда жойлашган анчайин муҳташам кошонасига кетар, эрталаб яна тўғри ишга келарди. Табиийки, гараж ишхонага яқин жойда ҳам, янги мавзеда ҳам эмас, у шаҳарнинг бошқа, кўзга ташланмайдиган хилватроқ жойида бўлиши керак. Аммо қаерда? Шавқиевнинг маккора завжаси у ерга қачон боради? Эгамберди ана шу саволлар гирдобида ўртаниб, анча вақтни ўтказиб юборди. Режасига кўра, хазинани қўлга киритгач, унинг озгина қисмини белга бойлаб, қолганини бошқа ишончли жойга беркитиши ва энг яқин қўшни давлатлардан бирига ўтиб кетиши керак. Сабаби, юртда узоқ вақт қолиб бўлмайди. Тунов куни уйига қўнғироқ қилганида, онаси: “Ўғлим, тезроқ қайтиб кел, акс ҳолда сени ҳам жиноятчилар рўйхатига киритиб, суратингни қидирилаётганлар расми ёнига осиб қўйишармиш”, деди. Эгам аввалига: “Мен нимадан қўрқаман, баъзи бировларга ўхшаб Покистонда ўқиганим, Тожикистон ва Чеченистонда урушда қатнашганим, юртга хуруж қилганлар сафида бўлганим йўқ-ку”, деб ўйлади. Аммо дафъатан хаёлига: “Чақириб сўроқ қилишса, Шавқиевнинг хизматида бўлганимни исботлашса, унинг гумаштаси сифатида қамаб юборишлари аниқ”, деган қўрқинчли фикр келди. “Қизиқ, Шавқиевни Баҳодир гумдон қилдимикин?” – деб ўйлади. Ҳарқалай, йўқ бўлгани яхши. Ўшанда Эгамбердининг унга хизмат қилганини исботлашнинг иложи бўлмайди. Эгамберди маълум бир муддат хорижда юриб, манови ишлар унутилиб кетгач, киши билмас қайтиб келишни мўлжалларди. У хорижда яшай олмаслигини тушунди. Негалигини билмайди. Айрим ошналари, ҳатто Шавқиев унинг “юртсевар”лигидан хуноб бўлишган.

– Сен ғалати бола экансан, Эгамберди ўғлон, – деди бир куни Отабой ота. – Инглиз тилини, испан тилларини сув қилиб ичган экансан-у, лекин нуқул “Ватанимга қайтгим келади”, дейсан. Бу қанақа густоҳлик? Ватаншуносликни сенга ким қўйибди, бўталоғим? Қайда қорнинг тўйса, ўша ерни ватан қилиб юравермайсанми?

Эгамберди хўжайини билан тортишиб ўтирмади. “Хўп бўлади, Отабой ота”, деди. Ҳатто: “Мен учун… сизнинг даргоҳингиздан азизроқ ватан йўқ”, деб қўшиб ҳам қўйди. Аслида…

– Баракалло, қўзи қўчқорим, – деди хурсанд бўлиб Шавқиев. – Эгасини таниганни, эгаси хор этмайди.

Аслида Эгамбердининг ичида мудом бир қурт ғимирлар ва ўша қурт туфайли бир пайтлар кимдандир эшитган ривоятнамо латифа ўқтин-ўқтин эсига тушиб турарди. Эгамберди ўша латифалардаги ҳикматни бағоят жиддий тушунар эди. “Жиноятчи сифатида бўлса ҳам фақат ўз юртимда яшашим керак…” – дерди у ўзига ўзи. Ниятига фаришталар “омин” деб юборган эканми…

Ниҳоят бир куни кечқурун Шукрия хоним машинасини ҳовлиси томон эмас, шаҳарнинг кунчиқар тарафидаги кўп қаватли уйлардан иборат мавзега йўналтирди. Эгамберди минган эски “Жигули-01” ҳам унинг ортидан тушди. Бойвучча “Кимёгарлар шаҳарчаси” деб аталмиш даҳага етгач, йўл четида сидирға қилиб тикланган бир хил ўн икки қаватли иморатлар ортига бурилди. Эгамберди у қадар яқинлашмасдан, изма-из борди. Шукрия машинасини кичикроқ бир дўкон қаршисига қўйиб, улкан хандақда бир-бирига тақаб қаторасига қурилган ва эшигига рақамлар ёзилган бетон гаражлар томон юрди. Эгамберди машинасини анча берида тўхтатиб, машинадан тушмай, пойлаб турди. Унинг мақсади ҳозир Шукриянинг қайси гаражга кирганини аниқлаб олиш эди. Қолган ишни кейин бажаради.

Мана, ниҳоят Шукрия энг охиридаги кўримсиз эшикли гаражнинг қулфига калит солди. Эгамберди белгилади: демак, нариги четдан тўртинчи гараж. Шукрия эшикни очиб кирди ва яна ичкаридан беркитди. Тирқишдан билинар-билинмас нур кўринди. “Чироқни ёқиб, хазинани кавлаяпти”, деб ўйлади Эгамберди. Ишқилиб, ҳаммасини кўтариб чиқиб кетмасин-да. Ёки ҳозир бориб, таппа боссаммикан? Йўқ, аёл бақириб, шовқин кўтариши мумкин. Чиқиб кетишини кутиш керак. Ҳаммасини олиб кетолмайди. Насибага яраша қолади.

Шукрия тез чиқди. Эгамберди қувонди. “Эҳтимол, шунчаки хабар олгани келгандир”. Шукрия эшикни қулфлаб, машинаси томон юрди. Эгам “Жигули”ни зудлик билан орқага олиб, уйларнинг панасига ўтиб кетди. Шу кўйи анча айланиб юргач, қоронғу қуюқлашгач, бояги жойга қайтиб келди. Худди Шукрия сингари машинани анча берига қўйиб, оҳиста гаражлар сари юрди. Белгилаган эшикни топгач, чўнтагидан турли калитлар шодасини чиқарди. Гаражнинг иккита қулфи бўлиб, иккаласини ҳам очиш айтарлик мураккаб эмасди. Эгамбердининг бу борада муайян тажрибаси бор. Шавқиевнинг қўлида ишлаб юрганида кўп марта қамалиб чиққан “Айиқбосар” лақабли машҳур қулфбузар ўғри билан танишган, ўша ўз касбининг сирларидан анча-мунча воқиф этган ва ўзининг ҳар қанақа қулфга тушадиган универсал калитларидан бирини совға ҳам қилган эди. “Айиқбосар” ҳозир қамоқда. “Агар ҳаммаси силлиқ битса, унга қимматбаҳо бир посилка жўнатаман”, дея дилига тугди Эгамберди.

Қулфлар жўн кўрингани билан очилиши қийин экан. “Универсал” калит иш бермади. Эгамберди анча тер тўкди. Шу орада у бир неча бор теварак-атрофга жонсараклик билан аланглаб, яқин ўртада ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилиб олди. Ниҳоят, эшикни очиб, ичкарига кирди. Чироқни ёқмади. Эшикни ичкаридан беркитди ва тамбалади. Қўлидаги кичкинагина чироқча ёруғида гараж ичини кўздан кечиришга киришди. Гараж ичи тоза, саришта. Янги “Нексия” машинаси турибди. Икки томондаги темир жавонда турли лаш-лушлар, мой ва бензин идишлари териб қўйилган. Кичкинагина белкурак топиб олди. Сўнгра “Нексия” тагидаги хандаққа тушиш учун йўл излади. Машинани олдинга итарди. Одам сиғадиган туйнук очилгач, чироқчани тутиб, эҳтиётлик билан пастга тушди. Хандақ тубини ёритди. Тупроғи юмшоқ. Белкурак билан қазий бошлади. Анча қазиди. Терлаб-пишиб кетди. Бир маҳал белкуракнинг учи қаттиқ нарсага урилди. “Топдим” дея қувониб кетди Эгамберди. Кавлашни давом эттирди. Каттакон бидоннинг қопқоғи кўринди. Бидон устидаги тупроқни авайлаб тозалади. Идиш қопқоғини очди. Оғзига чироқни тутиши билан кўзлари катта-катта бўлиб, ўз хонасидан чиқиб кетай деди. Йигирма литрлик бидоннинг ичи бўғзигача қимматбаҳо зеб-зийнатга тўла эди. Олтин ва жавоҳир тақинчоқлар, тилла тангалар… Бир зум каловланиб, эсанкираб қолди. “Наҳотки, омадим келган бўлса? Ахир бу ерда бир неча миллион долларлик бойлик бор-ку. Наҳотки, буларнинг бари энди меники бўлса…”

Қўлини тиқиб, бир ҳовуч тилла буюм олди. Беихтиёр шоша-пиша чўнтагига солди. Кейин яна қўлини тиқди. Яна чўнтагига солди. Шу тахлит нима қилаётганини ўзи ҳам англамай, барча чўнтакларини тўлдирди. Қўйнидан атай олиб келган пишиқ матодан тикилган халтачани чиқарди. Уни ҳам тўлдирди. Аммо бидонни ақалли яримлата олмади. “Мен ўйлаганимдан ҳам кўп экан. Аҳмоқ Шавқиев. Бефаросат бир аёлга шунча нарсани ишониб топшириб қўйганини қара. Ақли косид аёл бўлса, жой қуригандай, шаҳарнинг қоқ марказига кўмиб ўтирибди. Бу… бу ўзи асли менга насиб қилган. Худойим менга атаган шунча нарсани. Эгамбердига эгаси бергани-ку! Худонинг ўзи Шавқиевнинг дилига солган экан.

Беҳад бойлик, беҳисоб олтин одамни маст, гоҳида ҳатто телба қилиб қўяди дейишади. Ҳақ гап. Эгамберди ҳам сархушлик оғушига тушиб қолди. Қувончи чексиз. Боши ғувиллади. Танаси ҳолсиз. Қўйиб берса, шу намхуш тупроққа кўксини босиб, бидонга қўлини тиқиб, эрталабгача кайф қилиб ётса.

Худди шу пайт гараждан ташқаридаги манзарани кўрганида-ку, кайфи тароқ бўлиб, жонҳолатда оёғини қўлига олиб, қочган бўлар эди-я. Чунки бошига темир қалпоқ, юзига ниқоб кийган бир гуруҳ қуролли кишилар гараж ёнига пусиб келишганди.

– Жим, шовқин кўтарманглар, – деди сал нарида турган милиция махсус отряди командири. – Ҳозир ўзи чиқади…

Уч кун олдин шаҳар милиция бўлимига номаълум киши қўнғироқ қилди.

– Қидирувда бўлган террорчилардан биттасини шаҳар чеккасидаги “Қизилтепа” мавзесида кўрдим.

Ўша куни ярим тунда Эгамбердининг ижарахонаси аниқланди.

– Уни қамоққа олишга шошилмаймиз, – деди милиция бўлинмасида ўтказилган шошилинч кенгашда иштирок этган хавфсизлик ходими. – Синчиклаб кузатамиз. Қаерга боради, ким билан учрашади, шериклари кимлар – аниқлашимиз керак.

Шу тариқа милиция ва хавфсизлик ходимлари Эгамбердининг “юриш-туриши”ни зимдан назоратга олишди. Эгамберди Шукрияни кузатар экан, ўзи ҳам кузатув остида эканини сезмади.

Айни шу дақиқаларда ҳам, агар тажрибали ўғри бўлганида, ташқаридаги шитир-шитиру шивир-шивирни, тобора яқинлашиб келаётган хавфни еттинчи бир сезги билан ҳис этган ва шунга яраша иш тутган бўлар эди. У эса аллақандай сокин ва хотиржам, аниқроғи ланжу беғам бўлиб қолган, ҳатто шу топда қанақадир ахмоқона бир қўшиқни минғирлаб хиргойи қила бошлаган эди. Шу зайлда қарийб бир соат ўтди. Ташқаридагиларнинг тоқати тоқ бўлди. Биттаси шивирлаб, ҳазил ҳам қилди.

– Бу занғар лаҳм қазиб, шаҳарнинг бошқа бир жойидан чиқиб кетмасин тағин. Вақтни бой бермайлик.

– Олға! – деди командир. Ўн беш-йигирма чоғли киши гаражни ҳар томондан ўраб олишди. Командир эшик ёнига келиб, ҳукмнамо овозда қичқирди:

– Эгамберди Қуронбердиев, эшикни очиб, қўлингизни кўтариб, ташқарига чиқинг! Гараж ўраб олинган. Қаршилик кўрсатиш бефойда. Акс ҳолда ўт очишга мажбур бўламиз!

Эгамберди ўтирган жойида чўчиб тушди. Бир зум анқайиб қолди. Оғзи қийшайиб кетди. Аввалига нима бўлаётганини тушунмади. Ўзининг номи кетма-кет икки марта такрорланганини эшитгач, ҳаммасини англаб етди. Унга милиция қўлига тушишдан кўра ҳам манови хазинани бой бериш жуда алам қилиб кетди.

– Вой, онангни… – деб сўкинди ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Бақириб-бақириб йиғлади, кўксига муштлади. Ўрнидан туришга, хандақдан чиқиб, эшикни очишга мажоли етмади. Таъқибчилар эшикни ҳадеганда очишолмади. Тамбаси мустаҳкам экан. Охири лом билан кўтариб, ошиқ-мошиғидан чиқариб олишди. Ичкарига кириб, машинани ташқарига судраб чиқариб, гараж чироғини ёқиб юборишди. Эгамберди зебу зийнатлар қоришган намхуш тупроқни бошидан сочиб, телбавор илжайиб ўтирар эди.

* * *

Бу гаплардан бехабар Шукрия ўша оқшом Тошкентга йўл олди. Тонг саҳарда Амстердам орқали Нью-Йорк шаҳрига учувчи самолётга ўтирди. Эртаси куни чошгоҳда милиция ходимлари унинг уйига борган чоғда у Кеннеди номли аэропортда “Боинг 757” самолётидан тушиб, божхона текширувидан омон-эсон ўтиб (энг нозик жойларини текширмасликлари учун бу сафар ўтган галгидан икки баробар кўпроқ узатишга тўғри келган бўлса ҳам, у ўзида йўқ шод эди) Мексика чегарасига элтувчи таксига ўтираётган эди.

Тезкор суриштирув натижасида хонимнинг Америкага жўнаб кетгани кечга яқин аниқланди. Эртаси куни унга нисбатан жиноий иш очилиб (гараж кимга қарашли эканлиги ўша куниёқ аниқланган, хандақдан топилган қимматбаҳо буюм ва тангалар дарҳол хатланган эди), халқаро қидирув эълон қилинди.

Бу пайтда Мексиканинг Рейноса шаҳрида маҳаллий полиция ҳужжатига кўра бошқа одам ҳисобланувчи Шавқиевнинг ижарахонасида юз берган отишма бўйича тергов бормоқда эди. Шу боис бу уйга узоқ мамлакатдан марҳум ижарачининг завжаси келганлиги ва эрини излаётганлиги ҳақидаги хабар полицияга дарҳол етказилди. Полиция терговчиси Шукрияга: “Эрингиз ўзини қуролли босқинчидан ҳимоя қилиш мақсадида ўқ узган, ҳар иккиси мўлжални аниқ олгани боис, икковлари ҳам ҳалок бўлган”, деб айтди. Қотилликни очиш мақсадида Отабой Шавқиев ҳақида саволлар берилди. Шукрия саволларга йиғлаб-йиғлаб жавоб қайтарди. Айни пайтда кўнглида: “Ишқилиб Отабой акамнинг асл исм-шарифлари ошкор бўлиб, иш чуқурлашиб кетмасин, мен ҳам қамоққа тушиб қолмайин”, деган ҳадик бор эди. Ҳар тугул Рейноса полицияси уни кўп қийнамади. “Хоҳласангиз, эрингизнинг жасадини темир тобутга солиб, юртингизга олиб кетишингиз мумкин, ёрдам берамиз”, дейишди. Худди шу лаҳзада Шукриянинг қўлидаги телефон жиринглади. Ўтган оқшом гаражда бўлган воқеадан кейин ўзининг қидирилаётганидан хабар топди. Юраги “зирқ” этиб, ҳушини йўқотди. Стулдан ағанаб тушди. Полициячилар шоша-пиша унга тиббий ёрдам кўрсатиб, ўзига келтиришди. Шукрия ўша заҳоти:

– Эримни шу ерга кўмиб кетаман, нариёқда – Ватанимда ҳам бошимга оғир кулфат тушибди, – деди.

– Нима бўлибди? – деб сўради полиция терговчиси касбига синчковлик билан.

– Уйим, хону моним куйиб кетибди.

– Ҳамдардлигимизни қабул қилинг. Эрингизни шу бугуноқ кўмиб, жўнаб кетишингизга кўмаклашамиз.

– Жўнаб кетишим… шошилинч эмас, – деди кутилмаганда Шукрия. – Эримнинг қирқини шу ерда ўтказаман миллий одатимизга кўра… Кейин ўйлашиб кўрармиз.

Шу тариқа Шукрия аросатда қолди.

* * *

Тўхта бир ой деганда Н. шаҳрига қайтиб келди. Ойчиройни ишхонасидан қидириб топди. Ойчирой шаҳар босмахонасида муқова тикувчи бўлиб ишлар экан.

Улар қучоқлашиб кўришдилар. Биргалашиб йиғладилар. Ойчиройнинг юзидаги чуқур чандиқлар ўрни деярли сезилмай кетибди.

– Мен эса бир умр ногирон бўлиб қолдим, – деди Тўхта ерга қараб. – Яшашимдан маъно йўқ.

– Ўкинманг жоним, севгилим, сизга дардингизни аритадиган, ҳаётингизга маъно киритадиган бир гап айтаман.

– Қанақа гап экан?

– Ўшанда сиздан ҳомиладор бўлган эканман. Ўғил туғдим. Ўғлингиз… ўғлимиз бор. Исмини Раҳматжон қўйдим. Энди сизнинг… номингизга ёздирсам бўлади. Раҳматжон Тўхтаев деб.

– Ростданми, ростданми? – дея қичқириб сўради Тўхта.

– Рост, жонгинам, рост! – унинг ҳаяжон ва қувончи янада ортди. – Агар… агар истасангиз, мен билан никоҳдан ўтинг. Ўғлимизни бирга тарбиялаймиз.

– Мен ахир… – кўзлари ёшланди Тўхтанинг.

– У томонидан кўнглингиз тўқ бўлсин. Мен учун асосийси тўшакдаги муҳаббат эмас, юракдаги муҳаббат.

– Ундай бўлса, сизга уйланаман. Шу бугуноқ, ҳозироқ ЗАГСдан ўтамиз, – деди Тўхта.

– Намунча шошиласиз? ЗАГС ҳам бир ой муддат беради-ку.

Гаплашамиз. Ҳаққини берамиз. Мен шошаётганимнинг сабаби бор. Қани юринг.

ЗАГС мудираси гапга кирадиган аёл экан. Уларни ярим соатда никоҳлаб қўйди.

– Энди менга ўғлимни кўрсатинг.

– Раҳматжон боғчада. Уни олиб, уйга борамиз. Икки хонали уйим бор.

– Жуда яхши. Йўл бошланг.

Худонинг қудратини қаранг. Раҳматжон деган уч ёшлардаги полвон болакай қуйиб қўйгандек Тўхтанинг ўзи эди. Буни кўриб Тўхта гўёки онадан қайта туғилди. Беихтиёр осмонга караб:

– Эй Оллоҳ, ўзингга шукр, ҳақиқатинг бор экан! – деб ҳайқириб юборди. Уйгача боласини елкасига миндириб келди.

Ойчиройнинг камтарона кулбаси шинам ва озода экан. Тўхтанинг дили янада ёришди. Ойчирой овқатга уннади. Чиройли ва мазали ош пиширди. Бу ошни еган Тўхта ўзини тамоман бахтиёр ҳис этди. Раҳматжон ухлаганидан сўнг, улар анча суҳбатлашиб ўтиришди. Сўнгра Ойчирой икковларига жой солди. Ётишгач, Тўхта чуқур-чуқур хўрсинди, “уҳ” тортди.

– Худога шукр денг. Энди уҳ тортманг, – деди Ойчирой унинг бағрига суқилар экан. – Ўкинманг. Айтдим-ку, шундоқ ёнимда ётишингизнинг ўзи кифоя. Менга бундан ортиқ нарсанинг кераги йўқ.

– Иккимиз учун ҳам қасос олдим, Ойчирой, – деди бир маҳал тўсатдан Тўхта. – Уни ўлдирдим.

– Вой, қайдан топдингиз уни? Йўқолиб кетган, дейишади-ку?

– Худонинг ғазабидан қочиб қутулолмас экан одам. Парвардигор уни жазолашни менга буюргани учун ҳам минг бора шукр қиламан.

Ойчирой шу дамда бирдан ўзгарди. Чамаси, Отабой отадан кўрган жафоси, азоб-уқубатлари эсига тушди. Ёввойи бир қониқиш ҳисси билан сўради.

– Қандай қилиб ўлдирдингиз у ҳайвонни? Қўйдай бўғизлаб ташладингизми? Юрагига пичоқ урдингизми?

Тўхта эса шу топда сергак тортди. Ҳозир воқеанинг тафсилотларини аниқ қилиб айтса, Ойчиройнинг наздида бир умр ваҳший одамкуш бўлиб гавдаланиши мумкинлигини англади. “Ҳамонки, бу аёл билан умримни боғламоқчи эканман, унинг кўз ўнгида мардона қиёфа касб этмоғим даркор”, деб ўйлади.

– Йўқ, унақа ваҳшиёна ўлдирганим йўқ. Икки томонлама оммавий отишма чоғида… ўқ тегиб ўлди у.

– Ҳар қалай ўлганини аниқ кўрдингизми? Ишонч ҳосил қилдингизми, – дея сўради ҳамон бояги ёввойи ҳаяжонини босолмай Ойчирой.

– Ҳа, ўқ… нақ пешонасига теккан экан, – деди Тўхта ва хаёлидан: “Аёл кишининг қасоси энг шафқатсиз, энг даҳшатли қасос бўлади деганлари рост экан”, деган фикр ўтди.

– Минг марта розиман сиздан, – дея беихтиёр унинг фикрини тасдиқлади Ойчирой. – Менинг ўчимни олиб, кўнглимни тинчлантирдингиз. Мен энди сиздан бир умр миннатдор бўлиб ўтаман.

– Бир умрми? – деб сўради Тўхта.

– Ҳа, бир умр, – деб жавоб берди Ойчирой.

– Орамиздаги манови камчиликни юзимга солиб, мени изза қилмайсизми?

– Ҳеч қачон. Агар… агар шайтон йўлдан уриб, шундай қиладиган бўлсам, ўша заҳоти гўштимни бурда-бурда қилиб, итларга ташланг. Боламиз ҳаққи онт ичаманки, сизга бир умр содиқ ёр бўламан!

– Агар мен қамалсам, менга ўн-ўн беш йил беришса, кутасизми?

– Кутаман! Умрбод кутиш керак бўлса ҳам кутаман.

– Раҳмат азизим, – деди Тўхта ва ўрнидан туриб, чироқни ёқди. Ойчиройни ҳам турғазди. Чеккароқда оромкурси панасида турган сафар халтасини очди. Анчайин салмоқли бир тугунни стол устига қўйиб, ечди. Даста-даста долларлар стол устига ёйилиб кетди. Ойчиройнинг кўзи хонасидан чиққудай бўлди. Қўрқди.

– Бирон жойни тунадингизми?

– Йўқ жоним, бу пуллар сиз билан менинг ҳалол пулларимиз. Мановилар эса сизнинг увол бўлган чиройингиз эвази.

Тўхта жинси камзулининг кўкрак чўнтагидан яна кичик бир тугунча олиб ёзди. Ҳар бири нўхатдек келадиган тўрт дона бриллиант чироқ ёруғида ярқираб кетди.

– Вой, бриллиантми? – деб сўради кўзларига ишонмай Ойчирой. Зеро, у бир пайтлар Отабой бойнинг хотини бўлгани боис бу майда совуқ тошнинг баҳоси ва куч-қудрати ҳақида етарли тасаввурга эга эди.

– Ҳа, – деди Тўхта. – Буларни ишончли жойга беркитинг. Келгусида коримизга ярайди. Энди манови маслаҳатга қулоқ тутинг.

Улар тонгга қадар мунозара қилиб, охири бир қарорга келишди. Эрталаб нонуштадан сўнг, Раҳматжонни боғчага қўйишгач, Ойчирой ишхонасига, Тўхта эса шаҳар прокуратурасига йўл олди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации