Текст книги "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
НОЗИМ ТУЗОҚҚА ТУШДИ
Орадан икки йил ўтди.
Самара шаҳар маъмурияти йиғилишида маъмурият бошлиғи маърузасида шаҳардаги қурилиш-ободончилик ишларида алоҳида фаоллик кўрсатаётган ташкилотлар шаънига мақтов сўзларини айтди. Шулар орасида «Миромар» қўшма корхонаси ҳам тилга олинди.
– Ҳали иш бошлаганига бир йил ҳам тўлмаган бўлишига қарамасдан, ушбу қўшма корхона шаҳримиз қиёфасини янада гўзал, янада замонавий қилиб ўзгартириш борасида мақтовга лойиқ ишларни амалга оширмоқда. Шу билан биргаликда, у шаҳардаги болалар уйларидан бирини оталиғига олган.
Корхона директори Марди Давлатов ҳам йиғилишда қатнашаётган эди. Кўкси ғурурга тўлди. Йиғилишдан чиқа солиб, қўл телефонидан Миртожига қўнғироқ қилди. Мажлис тафсилотини айтди.
– Ишимиз яхши. Яқинда яна икки-учта янги буюртма оламиз.
– Бу ерда ҳам қурилишлар кундан-кунга кўпайиб боряпти. Ўзимизнинг шаҳарда ҳам янги уй-жойлар қуриш дастури қабул қилинди, – деди Миртожи. – Ҳадемай, асосий диққат-эътиборни шу ерга қаратишга тўғри келади, чамаси.
– Зарур бўлса, айтган кунингиз қайтиб бораман, – деди Марди. – Ўзимам очиғи, юртни соғиниб кетдим. Айтганча, неварангиз қалай, катта йигит бўлиб қолдими? Лайло қандай?
– Ҳа, яхши, ҳаммаси яхши, – деди Миртожи. Шу билан суҳбат ниҳоясига етди.
* * *
Худди шу куни Самара шаҳридаги “Яшил бозор” директори Якубовский ва шериклари устидан бўлаётган суд жараёни ниҳоясига етиб, ҳукм ўқилди. Уюшган жиноятчилик гуруҳи раҳбари Якубовский Дмитрий Фёдорович ўн икки йилга кесилди. Унга турли йиллар давомида рэкэт, одам ўғирлаш жиноятлари билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳни ташкил этиш ва раҳбарлик қилиш айби қўйилди. Гуруҳ аъзоларидан ўнга яқини ҳам узоқ муддатларга қамалди…
Нозим ва Амалия суд залида тикка туриб ҳукмни эшитишди. Суд давомида Нозим ҳам бир неча бор сўроқ қилинганди. Ҳар тугул унга бирон бир айб қўйишолмади.
– Агар у кишига куёв эканлигим менинг айбим бўлса, бунинг учун жазога тортилишга тайёрман, – деди Нозим сўроқларнинг охиргисида. Бу гапни темир панжара ортидаги Якубовский ҳам, залда ўтирган Амалия ҳам судга қаратилган киноя деб тушунишди. Ҳолбуки, бу гапда анчайин ҳақиқат, ҳатто бир чимдим ранжу алам ҳам бор эди. Сабаби, Якубовскийнинг шаҳардаги данғиллама уйи, ўрмонзор ичидаги дала-ҳовлиси ва энг алам қиладигани, дарё соҳилида яқинда қуриб битказилган муҳташам кошонаси давлат фойдасига мусодара этилди. Унинг хотини ва қизи Амалия Якубовский ҳарбий хизматдалик пайтида олган оддийгина уч хонали квартирага эга бўлиб қолдилар, холос.
– Аслида ҳеч бўлмаганда, дала-ҳовлини сенинг номингга расмийлаштириб қўйсак бўларкан, – деди куюниб Амалия.
– Мана шунақа бўлади ишонмасликнинг оқибати, – деди киноя билан Нозим. – Отанг шўрлик неча марта айтди. Онанг: “Бу қоравойга ишониб бўлмайди, дачани сотиб қочворади”, деган чоғида мум тишлаб ўтирдинг-ку.
– Унга сенинг “қочоқ”лигинг ҳақида юртингдан келганлар гапиришган бўлса мен нима қилай? – деди йиғламсираб Амалия. – Мен ҳам онамга кўп гапирганман. У бўлса мудом: “Ўз миллатига вафо қилмаган одам, бизга садоқат кўрсатармиди”, деган.
– Майли, энди кўзи жойига тушиб… суддан сўнг сен билан иккаламизга алоҳида уй сотиб олиб берар?
– Қайси пулига олиб беради. Битидан бошқа ҳеч вақоси қолмади-ку.
– Мени аҳмоқ қилма. Отангнинг… бошқа жойларга яширган пуллари бўлиши керак.
– Бўлгандаям буни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди.
– Сен учрашувга борганда сўраб оласан. Акс ҳолда гадо бўлиб қоламиз, – деди Нозим. У бежиз бундай демаётганди. Бозорга тайинланган янги директор уни ишдан бўшатди.
– Хафа бўлмайсан энди, ошна. Юқоридан шунақа топшириқ олганман. Эски раҳбарга тегишли ходимларнинг ҳаммасини ҳайдашим керак…
Ҳартугул поччаси билан онаси бозордаги ўрнини сақлаб қолишди. Нозим онасига кўмаклашиб юрди. Бироқ онасининг кун бўйи ўтириб топадиган даромади Нозимнинг омборчилик чоғидаги тушуми олдида чақага ҳам арзимасди. Бунинг устига ижара ҳақи фалон пул. Хуллас, Нозим энди Амалиянинг олдида бойваччалик қилолмас, Амалиянинг ҳам отаси қамалиб қолганидан бери шашти анча пасайган. Ўша кунлари Нозимнинг хаёлига: “Яхшиям никоҳдан ўтиб, ўзимни унга боғлаб қўймаган эканман”, деган фикр ўтди. Лайлони ташлаб қочганига илк бор пушаймон қилди.“Ақалли икки-уч йил бирга яшаб, ўзимни тутиб олганимдан сўнг ажралиб кетсам ҳам бўларди-ку”, деб ўйлади. Чунки у Лайло билан бир умр бирга яшолмаслигини, бунга унинг отасига бўлган нафрати халал беришини биларди. Шунга қарамасдан бугун умрида биринчи марта: “Нега мен кечиримли эмасман?” – дея ўзига ўзи савол берди. Жавобини тополмади. Фалокат жуфт-жуфт келади, деганлари ҳақ гап экан. Айни ўша Якубовский қамалган кунларда: “Бозорларда фақат маҳаллий аҳолига сотувчилик қилиш ҳуқуқи берилади”, деган гап чиққанди. Тез орада у ҳақда ҳукумат қарори чиқди.
– Энди нима қиламиз, – деди онаси. – Тинчгина юртда яшаб, ишлаб юрганимиз яхши эмасмиди?
– Мен юртдош йигитлардан бир-иккитасини танийман, улар “Миромар” қўшма корхонасида ишлашаркан. Бошлиқлари ҳам ўзимиздан экан. Биз ҳам ўша ерга кирсак бўлмасмикин? Ҳаммаси қонуний. Яшириниб, писиб юрмаймиз. Ҳақни ҳам яхши тўлашаркан, – деди Баҳодир.
Нозим “Миромар”нинг раҳбари Марди, хўжайини эса Миртожи эканини биларди.
– Сизни у ерга ишга олишмайди, – деди. – Кейин қолаверса, мен… ўлиб-тирилиб бетон қориб, ғишт ташиб юрмоқчи эмасман, – деб қўшиб қўйди.
– Нега бизларни олмас экан? – деди Баҳодир норози оҳангда.
– Чунки сиз билан биз ўзимиз, ўз оёғимиз билан келганмиз. Уларни ўша ёқда қонуний ҳужжатлаштириб, давлат рухсати билан олиб келишган. Ундан ташқари, сиз айтаётган “Миромар”нинг эгаси отахонимиз Миртожибой бўладилар. Дарвоқе, у киши сизга қайнота-ку. Шуни ҳисобга олишса, эҳтимол сизга ёрдамлашишар. Менга эмас ҳар қалай.
– Сен ҳам бошингни эгиб борсанг, қабул қилади, болам, – деди онаси. – У киши кечиримли одам…
– Ҳеч қачон бош эгиб бормайман, она, – деди Нозим қатъият билан. – Мен у одамнинг кечиришига зор ҳам эмасман. Унинг ўзи сиздан кечирим сўраши керак.
– Сўраган-ку, – деди шу чоққача жим ўтирган Мунис илк бор гапга аралашиб.
– Қачон? Сенинг тўйингдами? – кўзларини чақчайтирди Нозим. – Сен ўша берган иккита ялтироқ тошига учиб, ота деб ўтирибсанми? Билиб қўй. У одам сенга ҳеч қачон оталик қилмаган, бундан кейин ҳам қилмайди.
– Унақа дема, болам. Муниснинг отаси анча йил олдин келиб кечирим сўраган. Ёрдам таклиф қилган. Ўша пайтлар мен сенинг отангга турмушга чиққан эдим. Айтгани ор қилиб, “Ёрдаминг керак эмас” деганман. Отанг: “Бизнинг оилага мутлақо яқинлашмасин”, деб шарт қўйган. Шунинг учун… Мен ўзим ундан: “Бизларнинг тинчимизни бузманг”, деб илтимос қилганман.
– Барибир у одам сизнинг олдингизда бир умр айбдор. Мен уни кечирмайман.
Нозим шундай деб мунозарага нуқта қўйди. Нима қилишни билмай кўчага чиқиб кетди. Бемақсад кўча кезди. Қайсидир рестораннинг олдида қиёфаси таниш, башанг кийинган бир одамга дуч келди.
– Ҳа куёв бола, машқинг паст кўринади, – деди нотаниш одам. – Қайнотанг қамалганига хафамисан?
– Ҳарҳолда бунинг қувонадиган жойи йўқ…
– Ўксинма, биз сени ташлаб қўймаймиз. Қани юр, сен билан гаплашадиган гап бор.
У Нозимни ресторанга бошлаб кирди. Қорнини тўйдирди, ароқ қуйиб берди. Сўнгра мақсадга кўчди.
– Сен шу ерда ишлаётган юртдошларингни яхши биласан. Кўпчилиги яширинча ишлагани учун даромадларини аниқ ҳисоб-китоб қилиб, “солиқ” олиш қийин бўляпти. Ана шу ишга сени жалб қилмоқчиман. Яхши ишласанг, яхши ҳақ оласан. Сен қайнотангдан хавотир олма. Биз уни “у ёқда” ҳам қўллаб турамиз. Ўзинг ҳам бу ишда қатнашсанг, у хурсанд бўлади.
Нозим эслади. Бу одам Якубовскийнинг олдига келиб, пул олганди. Ўшанда Дмитрий Фёдорович ундан:
– Хўш, у ёқларда нима гаплар, – деб сўраган. “У ёқлар”нинг қамоқхона эканини Нозим энди тушуниб қўрқди.
– Мен унақа иш қилолмайман, – деди.
– Мен сендан “қила оласанми йўқми” деб сўраётганим йўқ, – деди башанг кийимли киши. – Буйруқ юқоридан тушган. Уни муҳокама қилиб бўлмайди. Кўнсанг – шу. Кўнмасанг, бугуноқ бу шаҳардан қорангни ўчирасан.
– Ахир мени дарҳол ушлаб беришади, қамалиб кетаман-ку?
– Қўрқма, биз ишни пухта йўлга қўйганмиз. Милицияда ҳам одамларимиз бор. Сенга уч йигитни ёрдамга бераман. Сен фақат ўз тилингда, тушунарли қилиб музокара олиб борасан. Қолганини йигитлар бажаришади. Тушунарлими?
Нозим “ҳа” ҳам, “йўқ” ҳам деёлмади. Чамаси энди унинг тақдири ҳал бўлган эди. Ё кўнмасдан шаҳардан чиқиб кетсинми? Қаерга боради? Россиянинг бошқа шаҳрига бориб, ҳаммасини бошидан бошлашга энди қурби ҳам, тоқати ҳам етмайди. Орқага қайтиб кетишга эса бўйин ёр бермайди. Лайло ҳам, отаси ҳам кулишади. “Бозордан қайтган бузоққа ўхшаб қайтиб келибди”, деб. Амалия билан муносабатлари ҳам омонат. Айниқса, қайнонаси уни ёқтирмаслиги ойнадек равшан. Агар алоҳида яшашмаса, бир кунмас-бир кун ҳайдаб юбориши аниқ. Баҳодир билан Мунис эса Миртожидан нажот сўраб боришади. Уларга ёрдам берса керак…
Боши қотди. Бу одам ўйлаб кўришга ҳам фурсат бермаслиги аниқ. Нима қилсин? Бир бошга бир ўлим деб, розилик беришдан бошқа чораси йўқ. Ҳеч бўлмаганда вақтдан ютиш учун шундай қилишга тўғри келади. У ёғига бир нарса ўйлаб топар…
– Майли, – деди у. – Розиман. Лекин ҳамюртларим орасида менга яқин кишилар ҳам бор. Уларга ортиқча зуғум қилмаслигимга рухсат берасизми?
Бу гапи билан у кимни назарда тутди, билмайди… Эҳтимол, Мардини ўйлагандир. Чунки Баҳодир ўшанинг қўлида ишлаши мумкин-да.
– Жуда соз! Уларга зуғум эмас, ғамхўрлик қилиб юрасан. Аммо-лекин ўлпонни кўп қатори тўлашлари керак.
“Буларда инсоф йўқ, пул деган жойда отасини ҳам танимайди”.
– Қачондан ишга киришамиз?
– Эртадан. Ҳозир сени идорага олиб бориб, “фирма”мизнинг йигитлари билан таништираман…
Шу тариқа Нозимнинг ҳаётида янги саҳифа очилди. У Самара шаҳридаги жиноий гуруҳлардан бирининг аъзосига айланди.
ЛАЙЛО. ТАҚДИРНИНГ ЯНГИ ЗАРБАСИ
Баҳор. Ҳаво илиқ. Теварак-атроф яшил-пушти рангга чўмган. Ўриклар гуллаб ётибди. Лайло шаҳар марказидаги ўзига қарашли “Модалар уйи” биносидан чиқиб, яқиндагина отаси сотиб олиб берган “Порше” машинасига ўтириб, тушлик қилгани уйга жўнади. Соатига қаради. Бугун одатдагидан сал кечроқ чиқибди. Йўл-йўлакай қўл телефонидан бир неча дугоналари билан гаплашди. Уйга, онасига қўнғироқ қилиб, бораётганини айтди.
– Шаҳлони ҳам чақиринг, бирга бемалол овқатланамиз, – деди.
– Шаҳло келолмас экан. Эрининг ишлайдиган банкида хорижлик меҳмонлар учун уюштирилаётган қабул маросимида қатнашармиш.
– Шунақами? Ҳа майли, – деди Лайло сал кўнгли чўкиб. Хаёлидан: “Ўша эр асли меники бўлиши мумкин эди”, деган ғайр бир фикр ўтди. Синглисига ҳаваси келди. Эри кимсан катта бир банкнинг бошқарувчиси, ҳали анчайин ёш бўлишига қарамай, нафақат шаҳарда, балки вилоятда таниқли раҳбарлардан. Кейин беихтиёр Нозимни эслади. Унинг нимасига учиб, ошиқу беқарор бўлгандим, дея ҳайрон қолди. Сўнгра нега у ҳақда ўтган замон феълида фикр юритаётганига ажабланди. Демак, унута бошлабди-да? Шундаймикан? Йўқ. Ҳозир уйга бориб, ўғилчасини қўлига олиши билан яна эсига тушади. Миршоди Нозимга қуйиб қўйгандек ўхшайди. Гарчанд энди бунинг мутлақо аҳамияти йўқ. Чунки Лайло уни ўз фамилиясига ёздирди. Миршоди Миртожиев бўлди. Энди унда Нозимнинг мутлақо ҳақ-ҳуқуқи йўқ. Бунинг унга зарурати ҳам бўлмаса керак. Ўша ёқдаги ўрис хотинидан бола кўришни мўлжаллаб юргандир. Марди яқинда келиб кетганида айтдики, улар ҳалигача ЗАГСдан ўтишмаган, бола ҳам кўришмаган экан. Дарвоқе, Марди яхши йигит экан. Отаси ундан миннатдор. “Тасодифан бўлса ҳам уни шерикчиликка танлаб, янглишмаган эканман”, дейди. Манови “Порше” машинасини ҳам Марди жўнатган. Қўшма корхонага иккита сотиб олишган. Биттасини ўзи ўша ёқда минаётган экан. Аммо ҳалигача уйланиш ҳақида ўйламайди. “Ўша гапим гап, кутяпман”, деди у Лайлога. Лайло кулиб қўйди. Инсоннинг кўнгли жумбоқли бир дунё экан. Марди ҳарчанд илтижо қилмасин, Лайло ўзини уни яхши кўришга мажбур этолмайди. Шунчаки, эслайди, холос. Баъзида ҳафталаб ёдига тушмайди. Марди ҳақида боягидай “яхши йигит экан”, деган фикрдан нарига ўтолмайди. Буни унинг ўзига ҳам бир неча марта очиқ айтди. “Мен сизни фақат ҳурмат қила оламан. Бошқа нарсага умидвор бўлманг”, деди. Марди бўлса:
– Унда мен ҳам уйланмасдан юравераман, – деди. Шунда Лайло ўзи билан Марди ўртасида қандайдир ўхшашлик борлигини сезди. Фақат бу ўхшашлик айнан нимадан иборат эканини аниқ англай олмади. Бир кўрган ва билган нарсасига қаттиқ ёпишиб олишми? Ўжарликми? Қатъиятлиликми? Балким…
Миртожи ҳам қизига бир-икки марта: “Мардига тегишга розилик берсанг, маъқул бўларди”, деган маънода ишора қилди. Ҳатто бир куни очиқча:
– “Агар яна бир қизим бўлса эди, сира иккиланмасдан шу йигитни куёв қилардим”, деди оилавий суҳбат даврасида. “Қўли ҳам, кўнгли ҳам тоза бола экан”, деб қўшиб қўйди. Онаси эса Лайлога бир қараб қўйиб, унинг фикрини билмоқчи бўлди шекилли:
– Илгари замонларда бойлар ўзларининг садоқатли хизматкорларини куёв қилишаркан. Ўзбек халқ эртакларида кўп ўқиганман, – деди.
– Марди менга хизматкор эмас, тенг шерик. Унинг шахсий сармояси ҳам ўзига етарли бўлиб қолган, – деди Миртожи ҳам Лайлога зимдан назар ташлаб. Лайло эса ўзини бу гапларга эътибор қилмаганга солди. Чунки кўнглида Мардига мойиллик ҳис этмас, миясида гоҳо: “Мабодо энди агар турмуш қурсам ҳам, ўзимга ўхшаган ҳаётда қоқилиб, кўзи очилган бирон одамга тегарман-да”, деган фикр айланарди. Отаси ҳам чамаси буни тушунарди. Шунинг учун ишга овунсин деб, шаҳардаги эски “Маиший хизмат уйи” биносини сотиб олиб, унинг номига расмийлаштирди. Уч қаватлик баҳайбат бинонинг бир қаватини “Модалар ательеси”, “Гўзаллик салони”га, яна бир қаватини “Келинкуёвлар либоси” салонига айлантириб, қолган қисмини тижорат дўконларига ижарага беришди. Учинчи қаватдаги хоналардан бири яхши таъмирланиб, Лайлога хизматхона қилинди. Дастлаб муҳташам кабинет, умуман фирмага директорлик қилиш Лайлога бир қадар эриш туюлди. Ишни ташкил этиш, назорат қилиш, югур-югурлар, текширувчилар билан муроса қилиш уни анча қийнади. “Бу менга тўғри келмайди, қўйинг ота, яхшиси, ўзимнинг инглиз тили ўқитувчилигимни қилиб юрай”, деган пайтлари ҳам бўлди. Отаси қаттиқ турди. “Сен ўрганишинг керак. Менга бирон гап бўлиб қолса, шунча дов-даскани ким эплайди, укангнинг аҳволи бу бўлса”, деб уришди. Лайло чидади. Тишини тишига қўйиб, иш ўрганди. Секин-аста қилаётган ишидан завқ, ҳузур оладиган бўлди. Юриштуриши, кийимини ҳам шунга мослади. Ўзини анчайин жиддий, салобатли тута бошлади. Шу тахлит Лайло хоним шаҳардаги ёш, аммо анчайин таниқли тадбиркор аёллардан бирига айланди. “Тадбиркор аёл” уюшмасига аъзо бўлди. Энди у баъзи кунлари кабинетида ўтириб, нисбатан қисқа даврда бошидан ўтган чигал воқеаларни бирма-бир хаёлидан ўтказади ва “наҳотки, ҳаётга шу қадар гўл, шу қадар енгил қарадим”, дея ҳайрон қолади. Нозим билан тасодифий танишув, илк учрашув, дастлабки висол дамларини эслайди. Унинг ўшанда сирли, чиройли ва ақлли кўринган гаплари аслида сохта бўлганини энди равшан англайди. Айни пайтда Нозимга нисбатан кўнглида нафрат, ўч олиш ҳисси йўқ. Фақат теран бир андуҳ, ўз-ўзига ачиниш, эркак зотига ишончсизлик ҳисси бор, холос. Баъзида: “Мен ўзим ҳам бошда содда бир йигитни алдадим-ку”, дея койинади. Ўша, биринчи тўй куни отаси кўрсатган тадбиркорлигига ич-ичидан қойил қолади. Шу баҳонада синглисининг бахти очилиб кетганидан шодланади. Шаҳлонинг турмушидан бу қадар ризолигини кўриб, унга сезилар-сезилмас ҳасад ҳам қилиб қўяди. “Асли унга буюрган экан ўша толебар йигит”, дейди. Мардини эса доим синиқ бир жилмайиш билан ёдга олади. “Тўй куни бир ярим-икки соат ёнимда ўтириб, унинг ҳам омади юришиб кетди, шекилли… Ҳар қалай ўша тасодифий “ёлланув” бўлмаса, отам уни кейин ишга таклиф қилмасди-ку…”
Лайло Мардининг ўзига бўлган муносабатини отаси унга кўрсатган ҳимматдан айрича мушоҳада этишга ҳарчанд уринмасин, буни уддалай олмас, бинобарин йигитнинг ўзига бўлган талабгорлигини муҳаббат деб ҳисоблай олмасди. “Бу – шунчаки отамнинг мурувватига жавобан кўрсатилаётган миннатдорлик, агар отам билан оралари бузилиб, узилиб кетадиган бўлса, орамизга ўша заҳоти совуқчилик тушади”, деб ўйларди. Худди шу мулоҳаза туфайли у: “Энди учраса ҳам ўзимга учрасин, бир кўришда севиб қолмасам ҳам, ҳар қалай анча-мунча синашта бўлгач, бир-биримизга маъқул тушгач, турмуш қурсак”, дея хаёл сурарди. Хаёлида йигитнинг кўриниши қанақа бўлиши лозимлигини тасаввур этолмасди. Илгари, Нозимни учратмасдан олдин унинг орзусидаги йигитнинг кўриниши бўйдор, оқ юзли, қора қошу қора кўз, хуллас, кинолардаги артистларга ўхшаган бўларди. Нозимнинг қиёфаси ана шу талабларга бир қадар яқин. Балки шунинг учун Лайло бир кўришдаёқ унга асиру мубтало бўлган… Энди эса у: “Кўриниши чиройли бўлмасаям, ақл-фаросатли, садоқатли бўлса бас”, деган фикрга келган. Айни пайтда у энди учрайдиган йигитнинг камбағал, ночор, хотинининг орқасидан кун кўрадиган бўлишини ҳам хоҳламайди. Чунки унақа эркак… хуллас, эр дегани хотинидан ҳар жиҳатдан устун, ҳеч бўлмаганда тенг бўлиши керак. Акс ҳолда… Лайло ўзига таниш бўлган тадбиркор аёллардан бирининг эрини кўз олдига келтирди. Ўша эркак хотинининг олдида мудом лайча итга ўхшаб, думини ликиллатиб туради, одамнинг ғашини келтириб…
Лайло ҳовлига етиб келиб, машинани кўчада, дарвоза олдидаги ишком остида қолдириб, ичкарига кирди. Ошхона остонасида уни кўзлари қизариб, қовоқлари шишиб кетган онаси қарши олди.
– Ҳа, нима бўлди? Тинчликми? – деди Лайло ҳайратланиб.
– Уканг… яна ўзига ҳалигидан… укол қилибди. Эрталаб хонасида тузуккина телевизор кўриб ётганди. Отанг тушликка келганидан кейин чақириб чиқай деб кирсам, кўкариб, оғзидан кўпик чиқиб ётибди.
– Қани? Дўхтир чақирдингларми?
– Ҳа, отанг Қўшоқбой билан бирга олиб кетди. Мени қолдирди. Лайло билан бирга борасизлар деб.
– Қайси касалхонага?
– Ҳа… ўша… наркологияга-да.
– Юринг, тезроқ борайлик бўлмаса.
– Овқатингни емайсанми, қизим?
– Овқат ўтадими шу топда, ая? Бўла қолинг!..
Лайло онаси билан етиб борган чоғда Миртожи Қўшоқбойнинг қучоғида ичкаридан йиғлаб чиқди.
– Болам… боламдан айрилиб қолдим! Эй фалак, нега бунча қаҳринг қаттиқ, – дея нола қилди у. Лайло билан онаси фарёд билан унга жўр бўлишди.
Ўғлининг худойиси куни кечқурун Миртожининг ўзи ҳам оғир аҳволда шифохонага тушди.
– Миясига қон қуйилган, – деди шаҳар тез тиббий ёрдам шифохонаси бош врачи. – Кўп қуйилган. Зудлик билан операция қилиш керак…
Лайло ярим кечасигача “реанимация” даҳлизида ўтирди. Отасини операция қилиб чиққан ёш профессор унга далда берди.
– Ҳаётларини сақлаб қолдик. У ёғини вақт кўрсатади.
ЭНДИ ҲАММА УМИД СЕНДАН МАРДИ
Марди Миртожи шифохонага тушган куннинг эртасигаёқ учиб келди.
У таъзияга Миртожининг топшириғига кўра Мунис билан Баҳодирни ҳам олиб келганди. Мунис сингиллари билан қучоқлашиб, йиғлади. Кўк кийди. Худойидан сўнг улар Миртожининг қистови билан қайтиб кетишди. Бу сафар эса уларга айтмади. “Олдин ўзим борай-чи, – деб ўйлади. – Кейин… зарур бўлса чақиртираман”.
Йўл бўйи Миртожи ҳақида ўйлаб келди. Ўша худойи куни жўнаб кетаётганларида Миртожи биринчи марта уни “сиз”лади ва “ўғлим” деб мурожаат қилди.
– Энди ҳамма умид сиздан, Мардибой, шунинг учун боринг, иш қолиб кетмасин, – деганди. Марди ҳайрон бўлди. Нега бундай деяпти, ахир ўғли илгари ҳам деярли йўқ ҳисоби эди-ку. Ёки ўзининг аҳволи оғирлашаётганини сезганми? Бир гал: “Қон босимим юқори, минг хил даво қиламан, лекин ҳеч пасаймайди қуриб кетгур, одам юқори босимга ҳам ўрганиб қолар экан”, деганди.
Аэропортда танишлардан бири: “Бахайр, тунов куни келиб кетгандингиз-ку”, деди. Марди сабабини айтди. “Эҳ, афсус, – деди таниши, – хафақон дегани шунақа касаллик, мутлақо кутилмаганда бемаврид хуруж қилади. Ишқилиб, жони омон қолсин…”
Мардини аэропортда Қўшоқбой кутиб олди. Биргалашиб шифохонага кириб келишганда, қош қорайганди. Даҳлизда ўтирган Лайло уни кўриб дик этиб ўрнидан турди. Ёнида Қўшоқбой турганига қарамай, Марди кўзига энг яқин одамидай, ягона халоскордек кўринди. Ўпкаси тўлиб, беихтиёр ўзини унинг бағрига отди. Елкасига бош қўйиб, ҳўнграб йиғлаб юборди.
– Бу не кўргулик, ака, – деди ўзини йиғидан тўхтатолмай. – Битта кулфат етмасмиди?
– Ўкинманг, Лайло. Худо хоҳласа, кўрмагандай бўлиб кетадилар. Мен келаётиб телефонда врач билан гаплашдим. Операция яхши ўтибди.
– Операция яхши ўтди. Лекин инсультнинг асорати ёмон дейишади-ку.
– А-ай, сингилжоним-а, тирик қолганларига шукр қилишимиз керак, – деди Қўшоқбой тўпорилик билан.
– Бу киши тўғри айтяпти, – деди Марди. – Энг муҳими, қон қуйилган чоғда тирик қолибдилар, шунисига шукр. Кризис чекингандан кейин… насиб этса, Европага олиб бориб, энг зўр дўхтирларга кўрсатамиз. Қани, юринглар-чи, ичкарига кирайлик.
– Ҳеч кимни киргизишмаяпти, – деди Лайло.
– Мени киргизади, – деди Марди ва эшигининг тепасига “Реанимация” деб ёзилган бўлма навбатчисига даволовчи врачни чақиришни буюрди. Икки-уч дақиқадан сўнг врач келди. Марди унинг қулоғига нимадир деб шипшиди ва бирга кириб кетди.
– Мардибой укамиз чинакам ишбилармон йигит. Уни дадангизга тавсия этиб янглишмаган эканман, – деди Қўшоқбой уларнинг изидан фахр билан тикилар экан.
Марди тезда қайтиб чиқди. “Бир зайлда экан”, деди бояги врач ва у билан ҳаддан ортиқ қуюқ хайрлашди.
– Мутлақо хавотир олманг, Мардибой, ўзим туну кун ёнларидан жилмайман.
– Пул бердингизми? Қанча бердингиз? – деб сўради Лайло Мардидан дўхтир қайтиб кириб кетгандан кейин.
– Минг доллар. “Яхшилаб қараб, тузатиб чиқарсанг, яна шунча бераман”, дедим.
– Раҳмат, илоҳим яхши кунларингизда хизмат қилайлик, ука, – деди Қўшоқбой.
– Ҳали уйга борсак, олиб бераман, – деди Лайло.
– Қўйсангиз-чи, Лайло, ҳозир ҳисоб-китоб қилиб ўтирадиган пайт эмас-ку. Суришиб кетармиз…
– “Ҳисобли дўст – айрилмас” дейишади, – деди Лайло мутлақо жиддий оҳангда.
– Майли, бу ҳақда кейин гаплашамиз. Ҳозир сиз уйга боринг, икки кундан бери қимирламай, толиқиб кетгандирсиз. Мана, Қўшоқбой ака, йигитлар, мен шу ердамиз, бориб бироз дам олинг.
– Ўзи синглим, онамни ҳозиргина жўнатиб юборгандим. Орқаларидан мен ҳам етиб борсам… – дея иккиланди Лайло.
– Менинг келганимни, Қўшоқбой аканинг шу ердалигини айтинг. Ё бизга ишонмайсизми? – кулимсираб сўради Марди. Шу билан орадаги совуқ нурсиз муҳитга бир қадар илиқлик киритмоқчи бўлди. Чамаси мақсадига эришди. Лайло маъюс бўлса-да, жилмайди.
– Йў-ўғ-е, нега энди. Сизларга ишонмаса-ак… бошқа кимга ишонамиз…
Лайло кетди. Марди Қўшоқбой акага сигарет узатди.
– Чекинг.
– Ие, мозорбостисиданми? “Гаетано” дегани эканда. Мен бунақасини чекмаганман. Дарвоқе, сиз ҳам чекмасдингиз-ку, Мардибой?
– Кеча… шу хабарни эшитиб, чеквордим. Очиғи, Миртожи акага… боғланиб қолганман. Отамдай кўраман…
– У киши ҳам сизни ўз боласидан кам кўрмайди, Мардибой. Сиз у кишининг ишончини оқладингиз. Сиз туфайли, рости гап, менинг ҳам обрўйим ошди. “Сен, Қўшоқбой, синчисан, одам танлашни биласан”, дейди Миртожи ака. Сизларни мен таништирганман, ахир… Эсингиздадир?
– Э-э, унақа воқеа эсдан чиқадими? – деди кулимсираб Марди. – “Икки соатлик куёв”ликка ёллагандингиз. Ҳалиги, қадимда бир подшоҳ ўтган экан, атиги бир соат подшоҳлик қилган…
– Энди-и, Мардибой, ўша пайтда шошганда… шунақа йўл топганмиз. Сиз кўнглингизга олманг-у, асли тақдир пешона шундай бўлган. “Оллоҳ берса қулига, чиқариб қўяр йўлига” дейишади.
Марди Қўшоқбойнинг пойма-пой гапидан нима демоқчи бўлганини яхши англай олмади. Чамаси, “Бу омадингнинг чопгани” демоқчи. Мардибой бу тўпори одамдан изоҳ талаб қилиб, тортишиб ўтирмади.
– Тўғри айтасиз, – дея қўя қолди. Ўз навбатида, Қўшоқбой ҳам гапини давом эттириб: “Миртожи акага икки соатлик эмас, умрбод куёв бўла қолсангиз бўлмасмиди”, демоқчи бўлди-ю, тилини тийди. Чунки бу масала ғоят нозик эканини, қай томон хоҳлайди-ю, қай бир томонни кўндиролмаётганини тахминан билар, Мардининг нафсониятини қўзғатиб қўйишдан чўчирди. Марди ҳозир бир пайтлар Қўшоқбой тасодифан топган мардикор Марди эмас. Гарчанд фақат қўшма корхонага шериклик қилса-да, Миртожининг яқин одами. Хўжайин касал бўлиб қолди. Энди, эҳтимол Марди келиб, бу ердаги ишларга ҳам ўзи бош бўлса, ажаб эмас…
Улар ярим кечагача шифохона даҳлизида суҳбатлашиб ўтиришди. Орада Қўшоқбойнинг ёрдамчи йигитлари мева-чева, егулик, қаҳва олиб келишди. Енгил тамадди қилинди. Ичкаридаги навбатчи дўхтирларга иккита катта тоғорада овқат олиб келинди.
– Сиз… энди бир-икки кун шетта бўласизми, – деб сўради Қўшоқбой боя хаёлидан кечган фикрни тасдиқлатиб олиш учун.
– Ҳа, Миртожи ака оёққа тургунларича шу ерда бўлиб тураман. У ёқдаги ишларга қараб турадиган ёрдамчилар бор…
– Баҳодир куёвимиз ҳам анча иш ўрганиб қолдими? – деб сўради Қўшоқбой.
– Ҳа, яқинда уни ишбошқарувчига ўринбосар қилиб тайинладик. Ҳали бироз ғўрроғ-у, аммо иш бошқарувчимиз Давид ака зўр мутахассис, уни тезда пишитади.
– Ўзи яҳудийлар ишнинг кўзини билади-да.
– Давид ака яҳудий эмас. Унинг асл исми Довудқул.
– Ие, шунақами? Мен уни жуҳуд деб юрган эканман.
– Ҳамма миллатнинг ҳам зўри кўп. Гап уларни топиб, ишлата олишда.
– Сиз Довудқулни илгаридан билармидингиз? Айтишларича, болалар уйида бирга катта бўлган экансизлар. Шунақами?
–Шунақаликка-ку шунақа. Чиндан ҳам битта етимхонада ўсганмиз. У кишининг ёшлари анча катта, бизлар эсимизни таниган чоғлардаёқ мактабни битказиб, чиқиб кетган.
– Демак, энди қайтадан танишгансизлар-да?
– Ҳа.
– Довудқулни ҳам асли ўзим топганман. Аниқроғи, дўстларим тавсия этишган. Илгари қайсидир давлат корхонасида иқтисод бўйича раҳбар муовини бўлиб юрган экан… Иқтисодни зўр билади. “Хўжайинингга айт, ўшани ишга олсин”, дейишди. Мир акам синаб кўриб, “зўр одам топибсан”, деган.
– Ўзи сиз… зийрак одамсиз-да, Қўшоқбой ака.
– Тўғри айтасиз, мен ишчан, тадбиркор одамни кўзидан биламан, аммо миллатини ажратолмабман. Умуман, миллат ажратишни ёмон кўраман, – деди Қўшоқбой.
– Мениям кўзимга қараб топганмидингиз?
– Ҳа-да! Бир кўришда биламан-да!
Навбатчи врач чиқди.
– Энди сизлар бориб дам олинглар, илтимос, – деди. Қўшоқбой Мардига қаради.
– Сиз боринг, узоқ йўлдан чарчаб келгансиз, – деди у. – Мен йигитлар билан шу ерда ётаман.
Марди меҳмонхонага кетди.
* * *
Миртожи бир ҳафта деганда ўзига келиб, одам танийдиган бўлди. Бироқ у қийналиб, ғўлдираб гапирар, чап оёғи, чап қўлини эса мутлақо қимирлата олмасди.
У Мардининг юзига қараб, кўзларидан “ғилт-ғилт” ёш тўкди.
– Пешонам шўр экан, – деди. Марди далда берди.
– Унақа деманг, ҳали кўрмагандай бўлиб кетасиз.
Миртожи бош чайқади. Қийналиб-қийналиб деди:
– Энди… меники бўлмаса керак, ҳамма иш сизга қолди, ўғлим. У ёққа бирон одам қолдириб, бу ерга қайтмасангиз бўлмас.
– Майли, майли, нима десангиз шу.
– Аммо-лекин… у ёқдаги ишлар ҳам қолиб кетмасин. Мунис қизимга айтганингиз йўқдир?
– Айтмадим.
– Тўғри қилибсиз. Сал кейинроқ, ўғлим Мардибой, сиздан бир ўтинчим бор. Агар шу касалхонадан тирик чиқмасам ёки…
– Қўйинг, унақа деманг!
– … Сўзимни бўлмай туринг. Хуллас… эртами-индинми, менга бир гап бўлса, сиз оиламга садоқат кўрсатинг. Кам бўлмайсиз. Қизларимга ғамхўрлик қилинг.
Ҳеч қайсисини кам кўрманг. Лайло, майли, у ҳаётда адашган, ундан хафа бўлманг. Агар унга уйланганингизда мен армонсиз кетар эдим. Мабодо бошқа қизга уйлансангиз ҳам, илойим бахтли бўлинг. Лекин қизларимни сингилдек кўринг. Улар барибир аёл киши. Ишларимни кўнгилдагидек бошқаролмайди. Қўшоқбой садоқатли дўстим. Лекин тўпори, саводи камроқ. Шунинг учун ҳамма умидим сиздан…
Миртожи бошқа гапиролмади. Ҳирқираб қолди. Бир зум кўзини юмиб, нафасини ростлади. Кейин яна ўзини мажбурлаб, бўғилиб бўлса-да, гапида давом этди:
– Сираям иккиланмасдан қайтиб келинг. Дарвоқе, сиз бу ерда қаерга қўндингиз? Уйга бордингизми?
– Меҳмонхонада турибман. Менга шуниси қулай. Уйдагилар ўзи ҳаммаси ташвиш билан овора.
– Майли, – деди Миртожи. – Аммо-лекин энди бу ёққа қайтсангиз, бир уй керак. Анови шаҳар марказидаги… ўғлимга деган уч хонали уйда яшаб туринг. Онасига айтаман. Калитни беради.
– Майли, – деди гапни чўзмаслик учун. Чунки Миртожи толиқиб қолди. Инграниб, зўрға гапиряпти.
– Қўшоқбой, Лайло, Шаҳлолар, онаси шу ердами?
– Ҳа, даҳлизда ўтиришибди.
– Чақиртиринг.
Марди уларни чақириб келди.
– Қўшоқбой, – деди Миртожи заиф овозда. – Бугундан эътиборан, Мардибойни бу ердаги заводларгаям, хуллас, ҳамма ишларимга бош бошқарувчи қилиб тайинлайман. Сен унга ўринбосар бўласан. Шуни барча ходимларга эълон қил. Мардибой эртадан бошлаб ишга тушсин. Хўпми?
– Хўп бўлади, – деди Қўшоқбой. Миртожи энди Лайлога қаради.
– Қизим, энди мен ишга ярамай қолдим. Бундан буён ишларингни Марди аканг билан бамаслаҳат қилгин. Унга оилавий бизнесимизни тўлалигича топширяпман. Акцияларнинг ҳам йигирма фоизини энди унга бераман. Қолгани сен, Шаҳло, Мунис ва Қўшоқбойга бир хилда тегишли бўлади.
– Ҳай, дадаси, нимага ҳозирдан васият қилопсиз, – деди хотини кулишга уриниб. – Ҳали отдек бўлиб кетасиз насиб этса.
– Сен ҳам улушдан қуруқ қолмайсан, хафа бўлма, – деди Миртожи. – Ҳовли-жойларим ҳаммаси ўзингни номингда. Вақти билан болаларга тенг тақсимлаб берарсан.
– Ундай деманг, ҳали насиб этса, невараларга ўзингиз бош бўлиб, тўйлар қиласиз.
– Илойим шундай бўлсин. Лекин ҳушим борида ҳаммасини ойдинлаштириб қўйганимиз яхши. Энди болалар, сизлар чиқинглар, мен бироз дам олайин. Онаси, сен қол.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?