Текст книги "Қасос ва муҳаббат"
Автор книги: Хабиб Темиров
Жанр: Классические детективы, Детективы
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
“ГОПАЛ” ЧОЙ УСТИДАГИ СУҲБАТ
Эшигига мўъжазгина “Қур эксим” фирмаси деган пешлавҳа осилган ғарбона услубда қурилган икки қаватли муҳташам иморатнинг иккинчи қаватидаги кенг, ёруғ хизмат хонаси. Эман ёғочидан ишланган паркет устига чиройли Эрон гилами ёзилган. Унда эса қорақўнғир итальянча мебеллар. Четроқда қора чарм диван қаршисида иккита оромкурси. Ўртасида ёнғоқ дарахтидан “барокко” усулида бежирим қилиб тайёрланган хонтахта. Теварагида, яъни диван ҳамда оромкурсилардан уч киши жой олган. Оромкурсилардан биридаги мошгуруч соқол қўйган, барваста, қоракўз одам гапирмоқда. Икки ҳамсуҳбати эса унинг сидирға тилла тишли оғзига ҳайрат ва мутелик билан илжайиб қараб ўтиришибди. Чойни ҳам улардан бири қуймоқда.
Улар иккаласи бирваракай ўринларидан туриб:
– Яна бир марта муборакбод этамиз, Отабой ака. Илоҳим қўша-қаринглар, ували-жували бўлинглар, – дейишди.
– Раҳмат, раҳмат! Ўша куни яхши ўтирдингларми ишқилиб? Ўзимиз билан ўзимиз бўлиб, яхшироқ хабар ҳам ололмадик.
– Аъло даражада, – деди чой қуювчи. – Камтарона ва улуғвор тўй бўлди ўзиям.
– Дастурхоннинг зўрлигини айтмайсизми, – деди иккинчиси.
– “Оз бўлсину соз бўлсин” дедик-да! Менинг тўрда куёв бўлиб ўтиришим қанақа кўринди. Битта-яримта кулмадими: “бу чоли тушмагурга куёвликни ким қўйибди” деб?
– Йў-ўқ, кимни ҳадди сиғарди, дейсиз. Қолаверса, даврада бегона одам йўғиди-ю.
– Мен баъзиларга ўхшаб, келиннинг ёнига ёш йигитни ўтқазиб, ўзи панага яшириниб, гўшангада пайдо бўладиганлар хилидан эмасман-да…
– Э-э, Отабой ака, шу туришингиз билан ҳам ҳар қандай йигитни бир чўқишда қочирасиз.
– Ҳе-ҳе-ҳе!..
– Мана, марҳамат, Отабой ака, чойдан ичинг, – деди чой қуювчи.
– Оббо-о, маъмурият ходимига чой суздириб ўтиришимизни қаранг. Уят бўлади. Беринг, терговчига беринг, терговчи қуйсин, – деди Отабой ака деганлари виқор билан.
– Ҳа-я, узр, гап билан бўлиб, эътибор қилмабман, менга беринг, – деди иккинчиси. Терговчи мезбоннинг бу гапидан кейин қўзғалиб қўйди.
– Қўяверинг, Отабой ака, нима фарқи бор, – деди “маъмурият ходими”. – Аммо-лекин чой ҳам чоймисан чой экан. Бунинг ҳидини қаранг. Таъмигаям гап йўқ. Англиядан олдириб келганмисиз дейман?
– Йўқ, Англиядан эмас. У ёқда ишлов берилган чойлар ўзининг ҳақиқий хусусиятини бир қадар йўқотиб қўяди. Бу чой Шри Ланканинг ўзидан, аниқроғи Ҳимолай тоғларига туташ водийдаги чойзор даланинг бошидан олиб келинган. Ўша ерда бир чойфуруш ошнамиз бор. Исми Гопал. Яқин дўстлари учун чойнинг гулидан алоҳида махсус қилиб тайёрлаттиради. Шунинг учун биз бу чойни “Гопал чой” деймиз.
– Қойил, Отабой ака, – деди “терговчи” деганлари. – Ўзиям етти иқлимда дўстларингиз бор-да. Ёғочтахтаниям энг сарасини олиб келяпсизлар.
– Гапни ўзининг мақсади томонга бурганини қаранглар, – деди Отабой ака “ҳе-ҳе”лаб: – Бу ҳуқуқшунос қавми жа-а пухта бўлади-да. Хўш, қанча керак? Қанақасидан?
– “Шпунтованний” дегани бўларкан-у… Ҳалиги, жойида силлиқлаб, елимқоғозга ўраб жўнатишаркан. Ўшандан… ўттизлигидан ўттиз кубгина бўлса…
– Ҳа-а, ўттизлигидан атиги ўттиз кубгина денг. Нима, мактаб қуряпсизми? Ё боғчами? Майли. Ўттиз куб бўлса, ўттиз куб-да. Сизга-чи, катта ака, – деди Отабой ака “маъмурият ходими” кўринишдан ўзидан камида ўн беш ёшлар кичик бўлса ҳам “ака” деб мурожаат этди.
– Бизгаям шунча бўлса етади.
– Ие, шунақами, худди келишиб олгандек бир хил миқдорни сўраяпсизлар-ку. Сабаби нима?
– Чунки икковимизнинг участкамиз ёнма-ён, бир хил лойиҳа асосида, бир фирма томонидан қуриляпти, – деди терговчи.
– Қаерда экан, агар сир бўлмаса? Ким қуряпти? Қанақа фирма?
– Шимолий-шарқ мавзесида. Фирма эмас. Меъмор ва қурувчилардан иборат усталар гуруҳини пойтахтдан олиб келганмиз, – деди “маъмурият ходими”.
– Чакки қилибсизлар. Ўзимизга қарашли фирмаларнинг қурувчилари пойтахтдагидан қолишмайди. Пул бегона бўлибди. Минбаъд унақа қилманглар. Ахир шу ернинг пули шу ерда айланса, маҳаллий бюджетга ҳам фойда-ку. А, лаббай, катта ака? Шундайми?
– Шундай, Отабой ака, – деди ходим гуноҳкорона ерга қараб. – Энди… бу томонини ҳисобга олмабмиз-да… Аммо-лекин сизнинг донишмандлигингизга беш кетаман-да. Дарвоқе, пулини… бирон жойдан “перечисление” қилиб ўтказиб берсак бўладими? Қанча бўлади ўзи?
Отабой ота чойни виқор билан симириб бўлгач, бир зум сукут сақлади. Кейин кулди.
– Сиздай қадрдонларимдан арзимаган ўттиз куб тахта учун пул оламанми? Қизиқ экансиз? Қўйинг-е, уят бўлади. Мендан туҳфа…
– Озгина уголник, арматура ҳам олмоқчи эдик-да, – деди “терговчи”. – Ақалли ўшанинг пулини тўламасак, чиндан ҳам уят бўларов.
– Сиз ҳали уятни ҳам биласизми, жаноб ҳуқуқшунос, – деди Отабой ота нописандлик билан кулиб. – Уятни бизга қўйиб бераверинг. Хўш, қанча металл? Дарвоқе, бунинг менга нима қизиғи бор? Қанча керак бўлса, шунча етказиб беришади. Манзилни айтиб кетаверасизлар…
Отабой ота шундай деб, енгилгина қарсак чалди. Шу заҳоти боя чой олиб кирган кексароқ, лекин ҳусну латофатини йўқотмаган котиба аёл кирди.
– Йигитлардан керакли нарсалар рўйхати ва манзилларини ёзиб олиб, Азаматга айтасан. Ҳаммасини етказиб берсин. Тушунарлими, бор, боравер, булар ҳозир чиқишади.
Котиба чиқди. Отабой ота ўрнидан қўзғалди, меҳмонлар ҳам “дик” этиб оёққа туришди.
– Минг раҳмат, Отабой ака, – деди ходим.
– Умрбод миннатдормиз, – деди ҳуқуқшунос. – Яхши кунларингизга қайтарайлик.
– Арзимайди, – деди Отабой ота уларга бирма-бир қўл узатиб хайрлашар экан. – Яна хизмат бўлса, айтарсизлар. Дарвоқе, жаноб ҳуқуқшунос, ҳалиги мен айтган иш нима бўлди? Болапақирни ҳалиям қўйвормабсизлар-у.
– Анови… жабрдийдаларнинг тилхатларини олиш бироз қийин бўлди… Шу бугун кечқурун чиқариб юборамиз.
– Шундай бўлсин. Ота-онаси, қариндош-уруғлари сал ранжиб юришибди: “Ҳаққини олгандан сўнг шартни бажармайдими, қанақа бетайин одам ўзи у”, деб.
– Айб менда ака, узр. Шу бугуноқ…
– Шундай бўлсин… Эса хайр! Омон-эсон юринглар, биродарларим.
Меҳмонларни кузатгач, Отабой ота оромкурсида ястаниб, бир зум мудради. Кейин ўрнидан туриб, ширин керишди. Котибани чақириб, буйруқ берди.
– Уйга қўнғироқ қилиб, келинчакка айт: “Отабой отам бугун тушликка ширгуруч ер эканлар” де! Тайёрлаттириб қўйсин. Ҳа, айтганча, хотинларимдан бирортаси овқатни сенчалик пиширолмайди, барибир ўзингники зўр!
Кейин охирги жумладаги сўз ўйини ўзига нашъа қилиб кулди. Котиба ялтоқланди. Отабой ота унинг қуймичига енгилгина шапатилаб қўйди.
– Бизникини емай қўйдингиз-ку, янгисини олгандан бери, – деди котиба. – Эртага тушликка бир гўштли қуймоқ қилиб келайин.
– О-о! Блинчик! Сенинг блинчигингга тенг келадиган блинчикни мен дунёнинг бирон бурчагида емадим, – деди завқ билан Отабой ота. – Блешини ҳам қийворасан. Кейин яна бир нарсанг бор, ҳалиги нимайди, ўртаси тешик бўладию… попчикми?
– Пончик. Хоҳласангиз ундан ҳам…
– Ҳа-а, пончик. Сенинг пончигингнинг таъми туну кун оғзимдан кетмайди. Майли, эртага блинчик билан пончик пишириб кел. Тушликни бирга қиламиз. Сен ўкинма, Отабой абзий янги хотин олиб, мени эсдан чиқарди деб ўйлама. Отабой ота эски қадрдонларни ҳеч қачон ташлаб қўймайди. Ма, мана бу пулни ол. Пончикнинг харажатига.
– Раҳмат!..
– Эҳ, ҳаёт, бунчалар ширин ва завқлисан!
Отабой ота шундай деб қўлидаги қимматбаҳо “Ролекс” соатига қаради. Эндигина ўн ярим бўлибди. Тушликкача анча бор. Нима қилиш керак? Далага чиқиб, пойгага боқилаётган отларидан бир хабар олиб келсинми? Отбоқари зўр одам. Отабой ота уни атай Туркманистондан олиб келган. Отнинг тилини билади. Кўнглидагидан ҳам зиёд қилиб қўйган. Янаги ой бўладиган халқаро пойгада Отабой отанинг отлари муқаррар ғолибликни эгаллаши керак…
Ногаҳон телефон узун-узун жиринглади. Отабой ота селектор тугмасини босиб, котибадан сўради:
– Ким экан?
– Самарадан. Улайинми?
– Ула!
– Э-э, қадрдоним, қиёматлик укам, бормисан бу оламда, – деб гап бошлади Отабой ота телефондаги одамни гапиришга ҳам қўймай. – Менми? Мен ўзинг билгандай. Ишларми? Ишларнинг ёмони йўқ! Ким дейсан? Ҳа-а, уми, у яхши бола. Қанотинг остига ол. Адашмайсан. Ҳа! Юк? Қанча? Ўн вагон? Э-э, жигарим, ўн вагон ҳам гап бўптими? “Есть” қиламиз. Сен ҳам мен айтган йигирматани “есть” қилгин, тушунганский? Яша! Омон-эсон бўлиб юр! Учрашгунча хайр. Яқин ойларда бир ўтиб қоларман. Нима? Келинни ҳам олиб келинг, дейсанми? Э-э, қайси бирини олиб борасан бу қисир сигирларнинг. Янгисими? Ҳа, қурғур, қайси гўрдан эшита қолдинг? Майли олиб бораман. Зора у томонларнинг ҳавоси ёқиб… бунисининг пушти ёзилиб қолса…
Гўшакни қўйиб, оғир сўлиш олди. Кайфияти тушди. Селектрни ҳам босмай, қарсак чалди. Котиба кирди:
– Ҳой Шерифе, битта қаҳва келтир, ичига озгина анави… қорачидан эзиб ташлавор. Меъёрини ўзинг биласан-а!
– Билам, билам, – деди котиба ва шипиллаб чиқиб кетди.
Зум ўтмай, қаҳва тайёр бўлди. Отабой ота пуфлаб-пуфлаб ичар экан, котибанинг белидан ушлаб сўради:
– Наякисини кўп солиб юбормадингми?
– Во-ой, не дейсиз? Бугун қилаётганим йўқ-ку кофейни…
– Зўр, зўр қипсан, Шерифе, сени… Шунинг учун яхши кўрам-да, аний!
– Ҳо-о, биз энди аний бўлиб қолдикми? Ҳеч бўлмаса опой десангиз-чи…
– Кечир Шерифе, кечир, азизим. Сен ҳали… Ҳалиям қиздайсан. Майли, энди мен борай. Қирқи чиқмаган келинчакни куттириш ярамайди…
ҚОЧОҚЛАР
Икки қочоқ – Лайло билан Нозим пойтахтга кириб келишди.
– Қаерга борамиз? – деб сўради Лайло. – Лекин дадам тутиб олса, иккаламизни ҳам ўлдиради.
– Бекордан-бекорга ўлиб кетаверадиган аҳмоқ йўқ. Кейин… даданг сени бева қолдиришни истамас.
– Сиз мени ҳали олинг…
– Мана олдим-ку. Тўй бўлди. Энди ҳозир бориб никоҳ ўқитамиз.
– Жиннимисиз, ким бизларни никоҳдан ўтказади.
– Хавотир олма. Гаплашиб қўйганман.
Нозим шундай деб, машинани Эски шаҳар томонга ҳайдади, кичикроқ бир масжидга етиб, дарвозасини қоқди. Мулла чиқди. Ҳужраларнинг биридан икки муллаваччани топиб келди, никоҳ ўқилди.
– Энди… қаерга борамиз?
– Менинг ижарахонамга борамиз, жоним.
– Қаерда у?
– Қозоқ бозорининг орқасида. Яқин.
Қизил “Жигули” бозор ортидаги тор кўчалардан бирига бурилди. Нозим пастқамроқ бир ҳовлининг темир дарвозасини калит билан очиб, машинани ичкарига ҳайдади. Ҳар эҳтимолга қарши, номерларини ечиб қўйди. Сўнгра Лайлони ҳовли тўридаги кичикроқ ҳужрага олиб кирди. Бу талабалар яшашига мўлжалланган одмигина хона бўлиб, битта эски каравот, стол ва стуллар қўйилган.
– Шуми олиб келган жойингиз? Ахир… одамнинг кўнгли айнийди бу ерда, – деди Лайло.
– Шошма, азизим. Сабр қил. Тез орада хорижга жўнаб кетамиз.
– Дадамга қачон хабар берасиз? Тезроқ айтиб, тинчлантирмасангиз, дунёни ағдар-тўнтар қилиб ташлайди-ку.
– Шошма, бироз жаҳлидан тушсин.
– Жаҳлидан тушармикин? Бошланиб турган тўйни бузиб келдингиз-ку. Шунча харажат, бўладиган гап-сўзни айтмайсизми?
– Лайло, қўйсанг-чи бу гапларни. Ҳаммасини олдиндан билиб, рози бўлиб келгансан-ку. Нима, ақлинг энди жойига келяптими?
– Сиз мени… шунга мажбур қилдингиз-да…
– Нима? Мен? Ё тавба қилдим. Ўзинг, ўз оғзинг билан: “Дунёда сиздан бошқа ҳеч ким керак эмас”, демаганмидинг, жонидан?
– Алдаб, авраб… тегиниб қўйганингиздан кейин нима дейишим мумкин эди. Тақдиримга сиз битилган экансиз, деб ўйладим-да.
– Тақдирингга мен битилган бўлсам, нега тўйга розилик бердинг?
– Ўзингиз… йўқолиб кетдингиз-ку. “Уйингга одам юбораман”, дегандингиз. Уч ой кутдим. Бу ёқдан ота-онам ҳоли-жонимга қўймади. Мен сизни энди умуман кўрмасам керак, деб ўйлагандим. Вақт қуригандек, тўй куни пайдо бўлдингиз.
– Э, раҳмат демайсанми, азизим. Сени шармандаликдан асраб қолдим-ку. Тўй бузилган бўлса, қайтадан яна бўлаверади. Лекин… иффатни ямаб бўлмайди.
– Ямашяпти-ку…
– Бор, бўлмаса сен ҳам яматтир-да, ўша Америкада ўқиган бойваччанинг ёнига бориб, оёғига бош ур. Тур! Жавоб сенга!
– Ў-ў, тўйимни бузиб, олиб қочиб, энди жавоб берармишлар. Топибсиз аҳмоғингизни. Энди… тиригим ҳам, ўлигим ҳам сиз билан. Ҳеч қанақа хорижга бормайсиз. Шу ерда, шу шаҳарда яшайсиз! Тушунарлими?
Лайло шундай деб, ҳўнграб йиғлади. Нозим унинг титраётган елкасидан қучиб, юпатди.
– Тинчлан жоним, хафа бўлма. Қаттиқ гапирган бўлсам, кечир. Ҳозир иккаламизнинг ҳам асабимиз қақшаб турибди. Мен… мен сени ўша биринчи марта дискотекада танишган кунимиз севиб қолганман. Бир умр севаман сени. Тўғри, шошилдик, “гуноҳ” қилиб қўйдик. Мен тўй қилсак, ҳаммаси ўрнига тушиб кетади, деб ўйлагандим. Бир воқеа бўлиб, вақтида келолмадим. Совчи қўйиб, отангнинг розилигини олишга улгурмадим. Аслида отанг сени мендек кимсасиз бир етимга бермасди ҳам. Шунинг учун бугун қилган ишимиз – ягона тўғри йўл эди. Акс ҳолда Фарҳодга тегиб, бир умр бахтинг кемтик бўлиб, виждонинг қийналиб юрардинг.
– Отам “оқ” қилади энди барибир…
– “Оқ” қилолмайди. Унга обрў керак. Тўйнинг бузилишига ҳам бирор жўяли баҳона топиб, бости-бости қилиб юборади, кўрасан.
– Жо-он Нозим ака, эрталабоқ у кишига қўнғироқ қилинг. Балки… айтганингиздай кечирар…
– Кечиришдан бошқа чораси йўқ! Кимсан Миртожибойвачча қизини олиб қочган йигитни ўлдириб, сени “оқ” қилиб обрў тополмаслигини билади. Мен бир-икки кун сабр қилсакмикин, дегандим. Майли, эрталаб қўнғироқ қиламан. Энди ётиб ухлайлик…
Лайло бироз тинчланди. Нозимнинг қучиб, эркалашлари хуш ёқаётган бўлса-да, миясини “отам кечирармикан” деган ўй, ўша илк танишув, кейинги учрашувлар ва “гуноҳ” қилиб қўйилган оқшом кўз ўнгидан бирма-бир ўтар, гоҳ-гоҳида Фарҳоднинг: “Қачонлардир, кимнидир яхши кўрган бўлсангиз, унинг айби йўқ, ҳар ҳолда номусингизни сақлагансиз-ку”, деган гапи қулоғида жаранглаб кетарди. Аслида ўша гап Лайлонинг қочишига туртки бўлди. У Фарҳодга: “Номусимни сақлай олмадим”, деб айта олмади. Дугоналаридан бунинг “чораси” борлигини эшитган, бироқ бу чорани қандай қилиб топишни, кимга учрашни билмас, онасига айтишга қўрқарди.
Бу орада тўй яқинлашиб қолди. Лайло: “Энди нима бўлса бўлди, Фарҳодга ростини айтиб, оёғига бош урсам, балки кечирар, замонавий йигит-ку”, деб ўйлади. Кечирмаса… лоақал уч-тўрт ойдан сўнг “характеримиз тўғри келмади”, деб ажралишиб кетармиз”, дея ўзича режа тузди. Тўй куни келин-куёв “Сицилия” ресторанига кириб кетишаётганда, Лайлонинг кўзи зина четида турган Нозимга тушди. Худди ҳалокат ичра нажоткорини топгандек, кўзи чарақлаб кетди. Нозимнинг “бир амаллаб ташқарига чиқ” деган имосини тушунди. Хуллас, орадан ўн минут ўтар-ўтмас, улар минган “Жигули” шаҳардан чиқиб кетгач, енгил нафас олди.
Энди бўлса, пушаймон қилиб ўтирибди. Тўй бузилди, отамнинг юзи ерга қаради, деб куюнаяпти. Яна бир хаёл: “Ҳарқалай шармандаликдан қутулдим-ку”, дейди. Агар Фарҳод тўйнинг эртасигаёқ ҳайдаб юборганда бундан ҳам баттар шармандалик бўлмасмиди? Ҳарҳолда никоҳгача қочди-ку.
Сўнгги фикр Лайлони буткул овутди. Нозимнинг мушакдор йўғон билагига бошини қўйиб, уйқуга кетди…
Айни шу дамда пойтахтдан анча олисдаги шаҳарда, Миртожибойнинг чорбоғида гўё спектаклга айлантирилган тўйнинг оғир муҳокамаси давом этмоқда эди.
МИРТОЖИБОЙНИНГ ҚАҲР-ҒАЗАБИ
Миртожи келин-куёвнинг никоҳини ўқитгач, хотини билан уйга қайтар экан, олти юзинчи русумли “Мерседес” машинасининг ичи сув қуйгандек жимжит эди. Анча жим кетишди. Машина шаҳардан чиқиб, Миртожибойнинг Қозиравотдаги ҳашаматли чорбоғига яқинлашди. Тушиб, ҳовлига киришди. Шунда у дабдурустдан заҳрини хотинига сочди.
– Нега қочади? Ким билан? Қаёққа?
– Вой, ман на билай, – деди хотини ўзининг қишлоқча лаҳжасида.
– Нега билмайсан? Туғиб ўстирган қанжиқ сенмисан ё мен у қизни мўлтонидан тилаб олганмидим? Қани айт, қаерга қочирдинг?
– Худо урсин, ўлай агар, отаси, агар бирон гапдан хабарим бўлса…
– Бўпти, қани уйга кир. Кейин гаплашамиз…
Миртожи кийимларини ечибоқ, ўзини ҳовли саҳнидаги каттакон мармар ҳовузга отди. Муздай сув анча ўзига келтирди. Қизиган қони совиди. Бироз сузиб, сувдан чиқди. Хотини ёнидаги курсига ўтирди.
– Қани, эсла-чи, яқин орада бирон йигит билан тез-тез учрашганини, телефонда кўпроқ гаплашганини сезганмисан?
– Бир бола… икки-уч марта қўнғироқ қилган. Институтда бирга ўқиганмиз, битирув кечасига айтмоқчийдим, деганди. Бошқа ҳеч бир яқин таниши йўқ эди.
– Ўша боланинг исми нима экан, айтмаганмиди?
– Айтганди, Нозирми, Нозилми…
– Нозир, Нозил… Ким бўлиши мумкин? Шошма! Қизингнинг битирув альбомини олиб чиқ-чи!
Альбомни неон чироғи ёруғида роса синчиклаб кўздан кечиришди. Лайлонинг ҳамкурслари орасида на Нозир, на Нозил деган йигитни топишди.
– Нима қиламиз энди? Дугоналаридан бирортасига айтиб кетмаганмикан?
– Ҳаммаси билан гаплашиб чиқдим. Ҳеч кимга ҳеч нарса демаган. Шошманг-чи, ўзидан бирор дарак бериб қолар.
– Э, падарига минг лаънат, дарак бермай ўлсин, йўқолиб, қуриб кетсин илойим…
– Қарғаманг, отаси. Ота қарғаган қиз бахтсиз бўлади. Ўзимизам… мундоқ кўнглини чуқур билмай шоширдик-да…
– Э, ўл-е, аҳмоқ! Ахир ўзинг “яхши кўргани йўқ, сиз кимга берсангиз, ўшанга рози”, деб айтгандинг-ку!
– Ман на билай ахир. Фарҳоджон билан икки марта учрашди. “Майли” деди. Лекин… йиғлаган эди.
– Йиғлаган бўлса, сабабини сўрамадингми?
– Сўрадим, “ўзим шундоқ, йиғлагим келопти”, деганди-я!
– Баттар бўл! Буям кам сенга! Бор, йўқол!
Хотини кетди. Миртожи ҳайҳотдек ҳовлида ёлғиз қолиб, ўйга толди. Боғ томондан таралаётган анвойи гуллар ҳиди ҳам, тоғдан оқиб келиб, ҳовузга қуйилаётган зилол сувнинг жилдираши ҳам таъсир этмади.
“Ким? Ким ботинди мени бу аҳволга солишга? Қайси аблаҳ? Гап кимда? Қизим ўзи рози бўлиб қочдими? Ё кимдир буни атайлаб уюштирдими? Душманларимдан қайси бири? Худога минг қатла шукрки, менга иккита қиз берган экан. Битта ўзи бўлса, нима қилардим? Кимни олиб келиб ўтқизардим қочган келиннинг жойига? Қолдибек билан бир умрлик душман бўлиб кетмасмидим? Ҳалиям… Қолдибек, Фарҳод бу “алмаштирув”га рози бўлишди. Рози бўлмаганларида нима қилардим?..
Нега? Нега бундай бўлди, Парвардигор? Нега менга молу давлат бердинг-у, ҳузур-ҳаловат, хотиржамлик бермадинг? У ёқда ёлғиз ўғлим Нуртожи наркология шифохонасида ётган бўлса…
Миртожи энди бахтиқаро ўғли ҳақида ўйлаб кетди. Гиёҳвандликка мубтало бўлган эркатойини қаратмаган дўхтири қолмади. Салгина тузук бўлади-ю, яна қайталайди. Охири Қирғизистонда номи чиққан янги бир табибнинг клиникасига ташлаб келди.
Нега мени бу қадар оғир, бунчалик шафқатсиз жазолаяпсан, эй Оллоҳ! Қайси бир гуноҳим учун?..
Шу оғриқли нидо асносида хаёл уни яна йигирма йил олдинги воқеалар сари олиб кетди…
“ЁЛҒОНЧИ ЁР, ЁЛҒОНЛАРИНГ ТУГАР ҚАЧОН?”
Миртожи ва Тўтиё бир-бирларини кўрмаса туролмайдиган даражада севишдилар, деб бўлмасди. Йи гитга тоғ қизининг соғлом ва бўлиқ жисми, чиройли чеҳраси ёқар, қизда эса, “тегсанг, шундай йигитга тег”, деган туйғу ҳукмрон эди. Тўтиё қатиқ баҳонасида кунора шаҳарга келар, савдосини тугатар-тугатмас Миртожи томон ошиқарди. Миртожи ўқишни битириб, ҳали ишга жойлашмагани учун деярли ҳар куни ижарахонасида рубоб тинғиллатиб ўтирар, гоҳ-гоҳида кечқурунлари таниш отарчиларга қўшилиб, тўйларда созандалик қиларди.
Кунларнинг бирида Миртожи наҳорги ошда танбурчилик қилиб, соат ўнларда ширакайф ҳолда уйга қайтди. Дарвоза ёнида бўшаган идишларини кўтарганича Тўтиё турарди.
– Салом менинг мунис ҳамроҳим, – деди Миртожи қувончдан кўзлари порлаб.
– Ассалом, – деди Тўтиё.
– Қани, ичкарига марҳамат!
Киришди. Миртожи Тўтиё келтирган қатиқни яйраб-яйраб симирди. Кейин оғзини кафтининг орқаси билан артиб, қизнинг қўлидан ушлади.
– Бугун бозор тез тугаптими?
– Ҳа, ўзимиз ҳам вақтли тушгандик. Келсам, йўқ экансиз. Энди кетмоқчи бўлиб тургандим.
– Ҳеч қаёққа кетмайсиз, севгилим!
Миртожи Тўтиёнинг белидан ушлаб, ўзига тортди. Қиз енгилгина қаршилик кўрсатар экан, тунов кунги саволини такрорлади.
– Совчи юбормайсизми?
– Албатта юбораман. Эртага қишлоғимга кетяпман. Қайтиб келиб, сизга совчи юбораман. Бир ой ичида тўй қилиб, сизни шу ерга тушириб келаман. Бирга яшайверамиз. Хўпми?
– Ўзингиз уй олмайсизми?
– Оламан албатта. Ҳали биргаликда бир данғиллама ҳовлиларда яшайликки, одамларнинг оғзи очилиб қолсин. Сизни Сочи, Ялталарга олиб бораман.
– Аввал ўқишга киргизинг…
– Ўқишга ҳам киргизаман…
Миртожи қизни авраб бағрига босиб, юз-кўзидан, лабларидан тинимсиз ўпар, бечора Тўтиё эса ҳолсизгина қаршилик кўрсатар, аммо биринчи галдаги сингари Миртожининг кўкрагидан итаришга, қучоғидан чиқишга мажоли етмасди. Миясида “яхши кўради, уйланади” деган умид, илинж заифгина жонланиб турарди. Узоқдан: “Нима қиляпсан, бу гуноҳ-ку”, деган овоз эшитилар дугонасининг: “Бу йигитни қўлдан чиқарма”, деган гапи ўша сасни босиб кетар, шу оралиқда: “Шундай бўлса, бир-биримизга маҳкам боғланиб қолармиз” деган нодонларча, телбаларча бир фикр ҳаммасидан устун чиқиб, уни ҳалокат сари, чуқур бир жарлик сари шиддат билан суриб борарди. Сўнгги фикр, эҳтимол, балоғатга етган қизнинг тез уйғонаётган саркаш эҳтироси ҳосиласи бўлгандир. Ҳарқалай нима бўлгандаям, шу сонияларда Тўтиё ақлини буткул йўқотди. Ўз ихтиёрини йигитнинг ёввойи, ўжар иштиёқи измига бериб қўйди. Шу тахлит Миртожи тўхтовсиз шивирлаб, ўпиб, эркалаб, уни каравотга босди. Кийимларини чаққонлик билан ечиб ташлади.
Шу куни кечқурун у Тўтиёни қоп-қоп ваъдалар бериб, қишлоғига жўнатди. Эртасига ўзи ҳам қишлоғига кетди.
Албатта, Миртожи аввалбошдан Тўтиёни алдаб кетиш ниятида эди, дейиш инсофдан бўлмасди. Шунчаки, Миртожи уни телбаларча севган эмасди. Тўтиёга унча жиддий эътибор қилмади. Буни у кейинчалик, қамоқда ўтирган пайтларида афсус ва армон билан юрагидан ўтказди. “Бир қизни бадном қилиб, номардларча қочдим-а”, дея ўзини айблади. “Ахир ўзимга боғлиқ бўлмаган ҳолатда қамалиб қолдим-ку” деган важни кўнгли қабул этмади. Аслида бу важнинг ҳам таги пуч эди. Одам ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатда қамалиши ҳаётда жуда кам учрайди: мингтадан битта. Миртожининг қамалиши эса… Хуллас, ўша куни Тўтиё билан хайрлашиб, қишлоғига йўл олганида мақсади – бировга ваъда қилинган “омонатни”, яъни ҳамқишлоғи Абдусалим исмли йигитни молия институтига ўқишга киритиб қўйиши учун Ҳазратқулов деган домлага уч ярим минг доллар пул олиб келиб беришдан иборат эди. Абдусалимнинг отасидан уч ярим ўрнига тўртни олиб, орасида ўзи ҳам беш юз ишлаганидан хурсанд бўлиб шаҳарга қайтган Миртожи Ҳазратқуловнинг ҳовлисида “пора берувчи шахс” сифатида жиноят устида қўлга олиниб, тўрт йилга кесилди. Амнистия туфайли икки йилда чиқиб келиб, Тўтиёни излашга тушди. Тополмай юрган кунларининг бирида Эшбой исмли ўртоғини учратиб қолди.
Армияда бирга хизмат қилган дўсти Эшбой Россияда қолиб кетганди. Ўша келибди. Барнаулда ширкат очиб, ишлари юришиб, бойиб кетибди. Миртожининг қамоқдан чиқиб, бетайин юрганини эшитиб, бош чайқади.
– Бу ишинг бўлмайди, дўстим. Отлан, сени ўзим билан олиб кетаман.
– Нима қиламан у ёқда?
– Мол бераман, олиб келиб сотасан.
Миртожи кўп ўйлаб ўтирмай рози бўлди. “Шу орада уч-тўрт сўм пул қилсам, Тўтиёга уйланиб оламан”, деди. Қари отаси уни ҳали-бери уйлантиришга қурби етмайди.
Барнаулда бир ой қолиб кетди. Бир вагон тахта ортиб, шаҳарга келди. Тахталар сотилгунча, катта шаҳарга келолмади. Бир ой ўтди. Тахтани пуллаб, Барнаулга пиёз юклади. Яна бир ой ўтди. Жўнаш олдидан пойтахтга тушиб, Тўтиёни дараклади… тополмади. Шакарсойга борди. Орқаваротдан суриштирди. Тўтиё тоғ томонга эрга тегиб кетган дейишди. Умидсиз қайтди. Барнаулга кетди. Тижорати юришди. У ёқдан тахта, бу ёқдан пиёз – чўнтаги пулга тўлди. Шу орада келиб, яна Тўтиёни излади. Тополмади.
Орадан бир йил ўтди. Отаси “уйланмасанг бўлмайди, кўзим очиғида невара суяйин”, деб туриб олди. Миртожи уйланишга розилик берди.
Орадан яна икки йил ўтди. Иш билан пойтахтдаги кийим бозорига тушган Миртожи мато сотиб ўтирган аёллар сафида ногаҳон таниш чеҳрага дуч келди. Бу… Тўтиё эди. Миртожи ҳаяжон билан “Салом!” деди.
Тўтиё индамади. Унинг чеҳрасида нафратми, бефарқликми, аллақандай тушунарсиз ифода зоҳир эди.
– Манови матонинг нархи қанча? – деб сўради Миртожи.
Тўтиё чеҳрасидаги ўша ифода билан қаради. Чунки унинг ёнида эри бўзрайиб турарди.
Миртожи бозордан руҳсиз чиқиб, эски отарчи ошналаридан бирига дуч келди. Қўярда-қўймай уни ресторанга олиб тушди. Ресторанда роса ичди. Кейин ресторан ашулачисининг рубобини олиб, йиғламсираб бир ашула айтди. Аммо унчалик ўхшатолмади.
“Бугун сен қайдасан,
Қайларда қолдинг.
Бугун сен кимларнинг
Маъсум ҳамроҳи..!”
Миртожи энди билдики, ўша қатиқчи қиз Тўтиё унинг биринчи муҳаббати экан.
* * *
Эҳтимол, Лайлонинг қочиши менинг Тўтиёга қилган номардлигимга жавобдир, деб ўйлади у шу тобда. Аммо… мен Тўтиёни изладим-ку. Унинг ўзи йўқолиб қолди-ку…
– Отаси, бир оз мизғиб олмайсизми, тонг ёришиб қолди.
Хотинининг овози Миртожини хаёллар уммонидан олиб чиқди.
– Майли. Ҳозир, – деди у оғир қўзғалиб, иккинчи қаватдаги муҳташам хобгоҳига йўл олар экан.
Миртожи уйқу дори ичиб, озгина мизғиди. Шу мизғиш баробарида туш кўрди. Тушида Тўтиё оппоқ либосда турганмиш. Миртожи қўлида тор, қўшиқ куйламоқда.
“Истасанг шу фалакдан
Ойни олиб бераман.
Юлдузлардан кўксингга
Маржон тақиб қўяман…”
Ногаҳон Тўтиё ҳам куйлаб юборибди:
“Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон,
Ёлғон йиғлаб, куйганларинг тугар қачон?!”
“Мен ёлғончи эмасман. Мен сени изладим, эй бегуноҳ оҳу”, дер эмиш Миртожи.
“Йўқ-йўқ, бегуноҳ эмасман, ўзимда гуноҳ,
Ёлғонингга алданган кўзимда гуноҳ…”
деб куйлар эмиш Тўтиё.
Миртожи босинқираб уйғонди. Кун ёйилиб кетган, пастда, айвондаги телефон муттасил жиринглаб турарди. Миртожи бу қўнғироқ тасодифий эмаслигини сезгандек, шошиб пастга тушди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?