282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 22

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 22 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ТЎЙ НЕГА КЕЧИКТИРИЛДИ?

Бу гал тўй ташвиши бутунлай Нозим ва Лайлонинг гарданига тушди. Сабаби – Марди никоҳдан атиги бир кун олдин Сочидан учиб келди. Миртожи билан Мунис эса деярли ҳар куни эрталабдан кечгача тоғда – фермада юришар, Тўтиё невара боқиш билан овора эди. Хуллас, тўйбошилик асосан Нозимнинг чекига тушди. Гарчанд… У опасининг яна оқ либос кийиб тўйда ўтиришига бошда қаршилик қилди.

– Бир марта ўтирган-ку, бунинг устига эри ўлганига… ҳали унча кўп вақт ўтган эмас, – деди у Миртожига. Чунки Баҳодирнинг такрорий, аниқроғи ҳақиқий ўлими ҳақида улар кузда, бундан бир ой аввал Тўхта, Эгамберди ва Шукрия устидан бўлган суд жараёни чоғида эшитишди. Судга Миртожи, Марди, Нозим ва Мунисни гувоҳ тариқасида чақиришганди.

Тўхта оқланди. Унинг хориждаги қўпорувчилик марказида таълим олгани исботланган бўлса-да, чет элга алдаб олиб кетилгани, бундан ташқари Шавқиев ҳамда Баҳодир томонидан чалғитиб, ундан фойдаланиб юрилгани, қилган ишларидан пушаймон бўлиб, ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиб, прокуратурага шахсан мурожаат этгани, хуллас, кўп жиҳатлар инобатга олинди. Эгамбердининг: “Отабой отани ҳам, Баҳодир акани ҳам шу отган”, деган тахминий кўргазмаси ўз исботини топмади. Суд Шавқиев ва Баҳодир ўзаро отишма чоғида ҳалок бўлган, деган хулосага келди. Эгамбердининг ўзи ва Шукрия эса валюта ҳамда бошқа қимматбаҳо буюмлар контрабандаси билан шуғулланганликда айбланишди ва тегишли муддатларга кесилишди.

Шу сабабли Нозим Мунис ва Мардининг тўйига даставвал қарши бўлди. Сўнгра эса имкон қадар орқага сурди. Эл оғзида ортиқча гап-сўз бўлмасин деди. Мардига ҳам буни тушунтиришга ҳаракат қилди.

– Сиз нима десангиз шу, – деди Марди жилмайиб. Нозим бу жилмайишнинг маъносини тушунди. Марди билан бундан бир ой олдин бўлган жиддий, ҳатто маълум маънода анча кескин суҳбатни эслади.

– Сиз опамга уйланмоқчи экансиз, ниятингиз жиддийми, – сўраганди у дабдурустдан.

– Албатта жиддий, – деди Марди.

– Бундан олдинроқ Лайлога уйланмоқчи бўлганингиз ҳам жиддий эди менимча?!

– Ҳа, – деди Марди хотиржамлик билан. – Лайлога уйланмоқчи бўлганим ҳам жиддий эди.

– Демак, сизга фарқи йўқ экан-да? Ишқилиб Миртожибойнинг қизи бўлса бас экан-да, шундайми?

Марди хотиржам жилмайди.

– Сиз деярли топдингиз, – деди Нозимни ҳайрон қолдириб. – Ҳар иккисини ҳам айнан Миртожибойнинг қизи эканлиги учун яхши кўрдим. Чунки Миртожибойга ҳурматим, меҳрим баланд. У кишини отамдек кўраман. Шунинг учун Лайлога уйланиш ниятим, биринчи галда у кишининг шаъни, оиласининг обрў-иззатини ҳимоя қилиш иштиёқи туфайли пайдо бўлганди. Лайло фақат сизни севгани, сизга умрбод содиқ эканини айтгач, оилаларингиз тезроқ тикланишига тилакдош бўлганман. Опангиз Мунисга мен яхши билган, ҳурмат қилган яхши одамларнинг насли бўлгани боис кўнгил қўйдим.

– Сизнинг кўнглингиз жа-а ҳисоб-китобга пишиқ экан, – деди кинояомуз Нозим. – Ишқилиб, кейин пушаймон қилиб юрмайсизми?

– Хотиржам бўлинг, – деди Марди. – Ўзингиз айтганингиздек, менинг кўнглим ҳам, ақл-фаросатим ҳам ҳисоб-китобга пухта.

* * *

Аслида Марди тўйни беҳад ҳаяжон ва сабрсизлик билан кутаётган эди. Туну кун хаёли шу билан банд эди. Ҳамма соҳада ўта мулоҳазали, сабр-қаноатли, етти ўлчаб бир кесувчи Марди шу ишга қолганда шошар, бунинг боиси эса қалбидаги тамоман янги, аниқроғи ҳақиқий муҳаббат туфайли кундан-кун кучайиб, алангаланиб бораётган эҳтирос ва ҳаяжон тўлқини эди. Шу ёшга кириб, ҳақиқий севги нималигини энди англаб етган Мардининг кўзига ҳеч нарса кўринмас, ҳозир етти иқлимнинг божу хирожини маҳбубаси оёқлари остига ташлаш лозим бўлса, сира тап тортмасдан шу ишни қилишга тайёр эди.

Мардининг: “Мунисни ҳам Миртожибойнинг қизи бўлгани учун яхши кўрдим”, деган гапини унчалик ҳам тўғри деб бўлмасди. У Мунисни кимнинг қизи эканидан қатъи назар, бошқача бир муҳаббат билан севиб қолганди. Шу пайтгача у аёл қавмига бунақа қаттиқ кўнгил қўймаганди. Болалик чоғларида у: “Менинг онам қанақа бўлган ёки қандай бўлиши керак”, дея хаёл сурган кезларида кўз ўнгида оппоқ юзли, сочлари тим қора, кўзлари мулойим боқувчи аёл қиёфаси пайдо бўларди. Марди Мунисни биринчи марта кўрганида хаёлида “Аввал қаерда кўрганман?” деган савол туғилган ва унга жавоб тополмаганди. Кейинроқ англадики, Мунис ўша – тасаввуридаги онасининг қиёфасига жуда-жуда ўхшаб кетаркан. “Мана, мен излаган аёл”, деган фикр яшиндек чақнади миясида. Муниснинг эрлик, болалик аёл эканини билганидан кейин ҳам у фикридан қайтгани йўқ. Мунисга меҳрибон, мушфиқ бир сингилдек муносабатда бўлиб, беғараз яхши кўриб юрди. Баҳодирнинг “биринчи” ўлими ҳақидаги хабар кўнглида умид туғдирди. Марди анча пайт буни яширди. Бировнинг ўлими туфайли бахтли бўлиш мумкин эмас, деб ўзига танбеҳ берди. Чалғишга, бошқа қизларга разм солишга уринди. Бироқ кўнгли фақат ва фақат Мунисга талпинаверди. Уни ўйлаганда, уни кўрганда жисмида ажиб бир ҳарорат пайдо бўлар, ўзи ҳам сезмаган ҳолда, беихтиёр уни қучоқлагиси, ўпгиси, у билан бирга бўлгиси келар, қисқаси, унга нисбатан кучли майл ҳис этарди ўзида. Бундай майл унда илк бор пайдо бўлмоқда эди. Шубҳасизки, йигитнинг улғайиши, ўзини эркак деб ҳис этиши, ўзга жинсга майл сеза бошлаши – табиат қонунлари, инсон жисмининг тадрижу ривожи билан боғлиқ ва бу аксар кишиларда ўсмирлик чоғларида пайдо бўлади. Аммо Парвардигор алоҳида қобилият, ўзига хос ақл-идрок ато этган кишилар бу борада ҳам алоҳида хусусиятларга эга бўлар экан. Марди ўзи хоҳламаган ҳолда “биринчи муҳаббат” таъмини муддатидан анча барвақт тотиб кўрган бўлса-да, сўнгра наинки бу машғулотга, балки аёл жинсига нисбатан майлни бир қадар йўқотиб, аниқроғи ундан бирмунча безиб қолди. “Мен фақат униб-ўсиш ҳақида ўйлашим керак”, деган қарор таъсирига тушганининг сабаби ҳам йигитлик “иффати”дан етимхонадаги ўша шаддод қиз туфайли айрилганидан бир қадар ўкиниш, аламланиш, пушаймон чекиш билан боғлиқ эди, десак тўғри бўлар. Чунки болаликдан бошлаб кўрган кинолари, ўқиган китоблари таъсирида тасаввурида пайдо бўлган беғубор муҳаббат бамисоли нозик ва нафис чинни сингари дабдурустдан қўлдан тушиб кетиб, синиб қолгандек туюлди унга. Шунинг оқибатида алоқ-чалоқ тушлар кўради. Марди худди узумнинг ғўрасини чайнаб, тиши қамашган боладек, қизлардан ўзини олиб қочиб юрадиган бўлиб қолганди. Энди… энди эса Мунис унга ифодали қилиб айтганда, ғўра узум эмас, пишиб-етилган сархил узумдан тайёрланган бағоят хушбўй, тотли ва айни пайтда бир қадаҳини сипқоргани заҳоти маст қилувчи ўткир шаробдек туюлар, бутун жисму вужуди, руҳи билан ўша ўткир шаробни ичишга ташна эди. Шу боис Нозимнинг маслаҳатли гапига:

– Сиз нима десангиз – шу, – дея жилмайиб жавоб берди-ю, охирида барибир:

– Бўладиган ишнинг тезроқ бўлгани маъқул, ҳар қалай кечиктирмайлик, – дея қўшимча қилди.

* * *

Нозим Марди билан бўлган суҳбатдан қониқиш ҳосил қилди. Марди ўз исми ўзи билан – мард йигит. Оҳанжама гап қилиб ўтирмасдан, ростини айтди. Агар “унақа эди, бунақа эди, аввал Лайлони севгандим, энди ҳақиқий муҳаббатим Мунис эканини тушундим. Шунинг учун ҳам унинг кимнинг қизи, кимнинг опаси экани мени мутлақо қизиқтирмаган”, қабилидаги енгил-елпи гапларни айтганида ишонмаган бўларди. Аслида ҳам Нозим Мардидан унақа арзон гап кутмаганди. Фақат кўнглини хижил қилиб турган битта тугун – опаси эр кўрган, болалик жувон экани билан боғлиқ эди ва пайт келиб, Марди “қиз олмаганман” дея уни камситмасмикан, шу баҳонада юриб кетиб ё устига хотин олиб хўрламасмикан”, деган андиша юрагини ғашлаб турар эди. Бу гапни Мардига очиқ айтолмади. Ҳар тугул, Марди унинг фикрини тушунди ва шунга муносиб жавоб қайтарди. Нозимни қаноатлантирган, кайфиятини кўтарган нарса ана шу жавоб бўлди. Зеро, у Мардини таниганидан буён унинг бир сўзли эканига, айтган гапига жавоб бера олишига кўп марта қатъий ишонч ҳосил қилган.

“Ана энди тўйни бошлайверсак бўлади, деб ўйлади Нозим. Шундай бир тўй қилиб берайки, умрбод эсдан чиқмайдиган бўлсин…”

Шу топда хаёлига ажойиб фикр келди. Лекин бу фикрни Миртожи билан маслаҳатлашмасдан амалга ошириб бўлмайди. Шу боис аввал қўнғироқ қилиб, кейин Миртожининг ҳузурига йўл олди.

– Мардибой ака билан Мунис опамнинг тўйини Наврўз арафасида ўтказиб юборсак, – деди у. – Унгача ҳали вақт бор, бемалол тайёргарлик кўриш мумкин.

– Маъқул бўлади, – деди Миртожи.

Нозим Миртожидан: “Унгача бизларникини ўтказиб юборсак, яхши бўларди, шунда нариги тўйга тўрт кўз тугал бўлиб мезбонлик қилардик”, деган гапни кутди. Аммо Миртожи унинг ишорасини англамади.

– Мардининг ўзи нима дейди? – деб сўради.

– Унга қолса, тезроқ бўлгани яхши. Лекин бизлар тайёргарлик кўришимиз, баъзи ташвишларни ҳал этиб олишимиз керак-да, – дея яна ҳам яқинлаштирди Нозим. Лекин Миртожи яна шамани пайқамади.

– Қанақа ташвиш? – деб сўради.

“Оббо, – деб ўйлади Нозим, – бу чоли тушмагур мени “Онамга қачон уйланасиз?” деб сўрашга мажбур қилади чоғи…”

– Ҳар қалай… Сизнинг ишларингиз бордир…

– Бизни ишлар деярли битган. Ферма ишлаб ётибди. Баҳорнинг дастлабки кунларида кичик завод ишга тушади. Завод иш бошлагач, ўзим ҳам ўша ёққа бутунлай кўчиб чиқмоқчиман. Агар…

Миртожи сўзи тутилиб, қизаринди. “Хайрият, охири эсига келди” деб ўйлади Нозим.

– … Агар онангиз билан бизга оқ фотиҳа берсаларингиз… Тўйдан олдинми, кейинми, ишқилиб икки ёртини бир бутун қилсаларингиз, савобга қолардинглар, Нозимбек ўғлим.

Нозим бу худди унинг учун кутилмаган гап бўлганидек, бир зум ўйланган киши бўлди. Сўнгра ерга қараб:

– Менимча, тўйгача бу масала ҳал этилса, тўғри бўлади…

– Нозимжон, раҳмат сизга! Мени тушунганингиз учун. Демак, тадорикни кўраверамиз. Бизларга катта ташвиш шарт эмас. Битта мулла, уч калла қанд, дегандек… Ўз-ўзимиз йиғилишиб, бир ош қилсак бас-да, тўғрими?

– Шу етарлими ахир? – сал жилмайиб сўради Нозим. Бир хаёли: “Сизларга ҳам катта тўй қилиб берайликми?” – дея ҳазиломуз сўрамоқчи бўлди. Истиҳола қилди.

– Етарли, – деди Миртожи.

* * *

Миртожи билан Тўтиёнинг никоҳ маросимини ҳовлида ҳут кирган куни биринчи қаватдаги кенг-мўл меҳмонхонада ўтказишди. Унда фақат оила аъзолари, яъни “келин-куёв”дан ташқари Нозиму Лайло, Фарҳод билан Шаҳло, Мунис, Марди, Қўшоқбой ҳамда неваралар иштирок этишди. Мўъжазгина тўкин дастурхон атрофида файзли бир анжуман бўлди.

Даврани Миртожининг ўзи очди.

– Болаларим, қадрдон биродарларим. Бизлар Тўтиёхоним билан тақдирларимизни туташтириб, қолган умримизни биргаликда ўтказишга қарор қилдик. Бунинг учун бизни койимайсизлар, деган умиддаман…

Қарсаклар янгради. Биринчи бўлиб Қўшоқбой сўз олди. Бироз жўн, тўпори оҳангда, лекин самимий ва дангал қилиб гапирди.

– Оллоҳнинг марҳамати билан ана шундай қувончли кунга етиб келдингиз. Бундан буёғи ҳаётингизда фақат яхшилик, хурсандчиликлар бўлсин ака, янгам билан қўша қариб, болаларнинг, невараю чевараларнинг роҳатини кўринг.

Сўнгра табрик навбати Мардига келди.

– Ҳаёт синовларига матонат билан чидаб, сабр-қаноат ва бағрикенглик қилиб, биз ёшларга ҳақиқий ибрат бўлиб, ҳамиша тўғри йўл кўрсатиб келяпсиз. Илоҳим, бахтимизга ҳамиша ёнимизда бўлинг Тўтиё опам билан биргаликда, – деди қисқа қилиб.

Сўнгра Нозим Фарҳодга имо қилди. У Шаҳло билан бирга ўрнидан турди. Икковлари Миртожи ва Тўтиёнинг ёнига келишди. Шаҳло отасига, Фарҳод Тўтиёга узук тақишди, “Бахтли бўлинглар” дейишди.

Сўнгра Нозим ўрнидан турди.

– Мен гапираман, сизлар Мунис икковингиз болалар билан бирга яхшилаб ўйнаб берасизлар, – деди у Лайлога қараб.– Токи кейин эслаб юрайлик, “Отам билан онамнинг тўйида қанақа зўр рақсга тушгандик” деб. Майлими?

– Майли, – деди Лайло. – Бизлар опам билан рақсга тушамиз. Лекин отажонимиздан илтимос, у киши торларини қўлга олиб, битта қўшиқ айтиб берсинлар!

– Ие, шунақа талантлариям борми ҳали, – деди ҳайрон бўлган Нозим. – У ҳолда мен гапни қисқа қиламан: оиламизнинг бахт-саодатига ҳеч қачон кўз тегмасин! Энди навбат қўшиққа!

Миртожи бироз ўнғайсизланиб, ўрнидан турди. Бу орада Лайло ичкарига кириб, торни олиб чиқди. Отасига узатди.

– Микрофонсиз айтаверасизми ё ташкил қилворайми? – деди Қўшоқбой.

Миртожи бир муддат торни “тинғиллатиб” созлади. Кейин оҳиста қўшиқ бошлади. Бошда сал дағалроқ чиққан овози аста-секин очилди. Шу қадар берилиб,ширали қилиб куйладики, ҳамма, ҳатто рақсга тушаётган қизлари ҳам бир дам тўхтаб, сеҳрланиб, маҳлиё бўлиб қолишди.

 
“…Мут дайрида маст бўлса Навоийни кўрингким,
Бир олма каби гумбазу мину билан ўйнар…”
 

Маросим иштирокчиларининг деярли барчаси аъло кайфиятда тарқалишди. Ёлғиз Мардининг салгина руҳи чўкди. Сабаби – Муниснинг охирги гапи битиб турган ишнинг белига тепди.

– Бу ҳақда ҳали ўйлаш уят, – деди у Нозим билан Мардининг: “Тўйни Наврўз арафасида ўтказиб юборсак деяпмиз”, деган гапига жавобан. – Баҳодирнинг тупроғи совимай туриб, эрга тегди дейишмайдими одамлар. Ҳеч бўлмаса йили ўтсин.

– Баҳодирнинг суягини кўмиб, йилини ўтказиб юборганимизга икки йил бўлган-ку, кейинги гапларга эътибор бериб ўтириш шартми? – деди энсаси қотиб Нозим.

Мунис индамади. Бош чайқади. Бу “гапим битта” дегани эди. Мардибой ҳам индамади. Хўрсиниб қўйди, холос.

– Яна бироз кутасиз-да, энди, – деди гуноҳкорона оҳангда Нозим.

– Кутамиз. Биз кутиб ўрганганмиз, – деди Марди. Шубҳасизки, бу гапда озгина ранж, озгина кудурат бор эди. Мунис буни сезди. Укасининг ўзларидан узоқлашишини кутди. Нозим сал нари кетгач, Мардибойнинг елкасига қўлини оҳистагина тегизиб:

– Хафа бўлдингизми? – деб сўради.

– Йўқ-йўқ, – деди елкаси, бутун вужуди жимирлаб кетган Марди. – Хафа… эмасман. Қанча кутиш керак бўлса, шунча кутаман. Фақат умрбод кутишга тўғри келмаса бас.

Шундай деб у жилмайди. Муниснинг кўнгли ёришди.

– Умрбод эмас, – деди у ҳам жилмайиб. – Яна озгина сабр қилайлик.

– Майли…

“БАҲОР БУ – КУЗДАН НИШОН”

Яна баҳор келди. Миртожи Тўтиё, Мунис ва неварасини олиб, Зарсойга кўчиб келди. Ферма ёнидаги сут-пишлоқ заводи тўла ишга тушиб, маҳсулот чиқара бошлади. Миртожи ва айниқса, Мунис бутун борлиғи билан ишга шўнғиб кетишди.

– Иш, иш деб юравермай, болаларни чақириб, бир лола сайлига олиб чиқсангиз бўлмайдими, – деди бугун эрталаб Тўтиё. – Наврўз ҳам ўтиб кетди, кўришмадик. Анови Мардибойингиз аразлаб юрганга ўхшайди. Чақиринг, сал кўнгли таскин топсин.

– Нима бўлсаям, Марди энди кузгача сабр қилишига тўғри келади, – деди Миртожи. – Аммо-лекин лола сайли ҳақидаги фикр – яхши фикр. Шу бугуноқ уларга қўнғироқ қиламиз.

Орадан бир ҳафта ўтди.

Шаҳло билан Фарҳод Тошкентдан, Лайло билан Нозим Самарадан етиб келишди. Россиядаги ишлар миқёси кенгайиб кетгани боис Нозим яқинда Лайлони ҳам олиб, яна Самарага кетганди. Қўшоқбой Остонадан, Мардибой Истанбулдан учиб келишди.

Чорбоғнинг ўртасида, гуллаб ётган шафтолилар, гилосу олчаларнинг анвойи ҳидлари уфуриб турган чиройли шийпонга жой ҳозирланди. Ҳаво илиқ. Тоғ томондан эсаётган салқин шабада танни яйратади. Тўкин дстурхон, қўзиқорин, қўзи-қуйруқ, барра қўзи кабоби тортилди. Қимиз ичилди. Суҳбат қизиди.

– Ана энди тоққа лола сайлига чиқамиз, – деди Мунис. – Фақат шарт шуки, лоларни ҳеч ким узмайди. Ўзи жуда кам қолган.

– Кўриш бор-у, узиш йўқ экан-да, – дея енгил ҳазил қилди Мардибой.

– Равочни узсак бўладими? – деб сўради Қўшоқбой.

– Бўлади, – дея гапга аралашди Миртожи. – Равоч кўп. Уруғини экиб кўпайтиряпмиз. Насиб этса, лоланинг пиёзини топиб келиб, уни ҳам кўпайтирамиз.

– Қани кетдик бўлмаса, – деди Нозим ва Лайлонинг қўлидан ушлаб йўл бошлади. Ҳамма уларга эргашиб, қори ялтираб турган чўққи сари интилди.

– Умрим бино бўлиб, баҳорнинг бунчалик гўзал фасл эканини билмабман, – деди Лайло.

– Бу йилги баҳор чиндан ҳам гўзал бўлибди, – деди Нозим. – Эҳтимол, қиш бу йил чўзилгани, кўкламни жудаям интизорлик билан кутганимиз учун шундай туюлаётгандир.

– Бу бошқача, янгича баҳор, – деди Мардибой. – Чунки бу йигирма биринчи асрнинг баҳори.

– Бу бизларнинг тугал, жам бўлган оиламизнинг баҳори, – деди Мунис.

– Тўғри, ақлли гап айтдинг, қизим, – деди Миртожи юраги севинч ва ҳаяжонга тўлиб. – Бу баҳорга етказганига шукр.

У шундай деди-ю, бир зум нафаси қайтиб кетди. Кўзида ёш ҳалқаланди. Чамаси, шу лаҳзада йиллар давомида чеккан азоб-машаққатлари, қайғу-аламлари кўз ўнгидан ўтиб кетди. Лаблари: “Бу кунларга етмаган, етолмаганларни худо раҳмат қилсин”, дея пичирлади. Қадами секинлашди. Тўтиёга жавдираб қаради. Хотини унинг қўлтиғидан олди.

– Сизлар бемалол одимлайверинглар, бизлар орқадан секин-аста борамиз, – деди Тўтиё болаларга.

Ёшлар илдам илгарилаб кетишди. Миртожи Тўтиёнинг қўлтиғига таяниб, оҳиста қадам ташлади. Ҳорғинлик чекинди. Вужуди яна ғайратга тўлди.

– Энди хурсандмисиз? – деб сўради Тўтиё.

– Хурсандман, – деди Миртожи. – Ўзингиз-чи?

– Ўзим ҳам… Мунис билан Мардининг бошини ҳам тезроқ қовуштирсайдик. Бошқа ташвиш қолмасди.

– Ташвиш тугамайди азизим, – деди Миртожи. – Болалардан кейин неваралар ташвиши. Аммо-лекин биз улардан чўчимаймиз. Чунки мақсадимиз уларни енгиш, муаммоларни ечиш. Ҳаёт шуниси билан ширин.

– Тўғри айтасиз, – деди Тўтиё.

Улар сокин, айни пайтда ишончли ва дадил қадамлар билан юқорилаб кетишди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации