282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Хабиб Темиров » » онлайн чтение - страница 14

Читать книгу "Қасос ва муҳаббат"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 05:40


Текущая страница: 14 (всего у книги 22 страниц)

Шрифт:
- 100% +

ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА…

Шаҳар марказидаги “Ҳаво йўллари” авиакомпаниясининг олдиндан билетлар сотадиган қароргоҳи эшигидан чиқиб келаётган Нозим малласоч барваста йигитга тўқнашиб кетди.

– Узр, – деди йигит негадир жилмайиб.

– Ҳечқиси йўқ, – деди Нозим. Хаёлидан: “Бу йигитни қаерда кўрган эканман?” деган фикр ўтди. Йигит унинг фикрини англагандек, яна жилмайди.

– Сиз билан кўришганмиз. Аммо сиз мени танимайсиз. Мен Дмитрий оғанинг ёнига келиб кетардим.

– Аҳа-а-а, – деди Нозим юраги шувиллаб. – Хўш, хизмат?

– Четроққа чиқайлик, сизга бир-икки оғиз гапим бор.

– Майли юринг, – деди Нозим ва уни Наврўз арафаси бўлгани боис дарахтлари энди барг ёзиб, гулга кирмоқчи бўлаётган “Боғи дилкушо” хиёбонига бошлади.

– Якубовский хиёнат қурбони бўлди. Буни билсангиз керак? Сиз ҳам жабр тортдингиз…

Нозим индамади. Бош ирғаб қўйди. Шу топда ўтиб кетган алғов-далғовларни эслашга хуши йўқ эди.

– Ана шу хиёнатда етакчи ўрин тутган одамни биз жазоладик. Адолатни қарор топтиряпмиз. Дарвоқе, хотинингиз билан қайнонангизни охирги дақиқада ўлимдан сақлаб қолишга муваффақ бўлдик. Бундан ҳам хабарингиз борми?

Нозим сергак тортди.

– Қанақасига? Мен “гаров”дан чиққанимда, улар хорижга кетиб қолишган экан. Яқинда қўнғироқ қилишди. Ўғиллик бўлибман…

– Табриклайман, – деди малла йигит.

– … Ўшанга уларнинг ёнига бормоқчиман. Ҳозир билет олиб чиқдим. Эрталаб учиб кетаман.

– Яхши ўйлабсиз. Уларнинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиб турибмиз. Яқинда уларга Якубовскийнинг мероси ундириб берилади. Бу – озмунча пул эмас. Сиз ҳам ёнимизга қайтиб, оилангиз билан қовушиб, бахтли ҳаёт кечиришингиз мумкин.

Бу гап Нозимга унчалик маъқул келмади.

– Менинг ишларим шу ерда ҳам ёмон эмас, – деди у. Кейин гапининг давомини айтмади. Аслида: “Агар рози бўлса, хотиним билан боламни олиб, шу ерда бирга яшамоқчиман. Қайнонамнинг ихтиёри ўзида…” демоқчи эди.

– Биламан, ҳаммасидан хабарим бор, – деди малла йигит салмоқлаб. – Аммо барибир маълум муддатга бўлса ҳам у ёққа қайтишга тўғри келади. Якубовскийнинг ишларини, аниқроғи бутун тизимни тўлалигича тиклаш лозим. Кейин тизим ўзи ишлайверади. Сиз хоҳлаган жойингизда яшайсиз. Дарвоқе, менимча, қайтиб бориб сизни ертўлада “сийлаган”ларнинг кўз ўнгида янгидан салобат билан иш бошлаш ўзингиз учун ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлса керак? Ахир орият, ғурур деган гаплар бор бу оламда.

– Мени ертўлада “сийлаган”лар жазосини олмадими? Ахир “Адолатни қарор топтиряпмиз”, дедингиз-ку? Ё чаласи қолганми?

– Ҳа. Ростини айтсам, бу ёққа ташрифимдан мақсад ҳам ўша чала ишларни битказиш.

Нозим ҳайрат ичра лол қолди. Гапнинг маъносини тўғри тушунганини тасдиқлаб олиш учун такрор сўради:

– Бу ёқда? Бу ёқда нима қилади? Қанақасига?

Малла йигит совуқ кулимсиради.

– Эҳ, содда қасоскор дўстим, ахир “фалокатнинг илдизини оёғингнинг остидан изла”, деган нақлни эшитмаганмисиз? Сизни гаровга олганларнинг раҳнамою хўжайинлари шу ерда, ёнингизда-ку!

– Наҳотки Миртожи? Ўзи ушлатиб, ўзи қутқардими? Қасос олиш қанақа бўлишини кўрсатиб қўяй, дептида?

– Ҳаяжон – ақл душмани, биродарим, – деди малла йигит. – Миртожининг ўзи ҳам жабрдийдалардан.

– Демак, Отабой ота! Аблаҳ! Мен унинг караму саховатига ишониб, охуридан ем еб юрибман, молга ўхшаб, – деди Нозим пешонасига муштлаб. – Ўлдираман у ифлосни!

– Шошилманг. Мен сизга ҳаяжонингизни босинг дедим. Ҳозир айтадиган гапим ундан ҳам оғир бўлади. Аслида бу гапни сизга айтмасдан чора кўрсак ҳам бўлар эди. Аммо Дмитрий оға ўлими олдидан менга айтган гаплари туфайли олдингиздан ўтишга мажбурман. Аммо сиз ҳовлиқиб кетиб, аччиқ устида ишни бузиб қўймаслигингиз керак.

– Айтаверинг, ўзимни босиб олдим, – деди Нозим юраги ўйнаб турган бўлса ҳам.

– Гап поччангиз Баҳодир билан боғлиқ. У Отабой Шавқиевнинг жосуси экан. Аввал Якубовский, кейин сиз ҳақингиздаги маълумотларни унга ҳар куни мунтазам етказиб турган.

– Нима? Баҳодир? Йўғ-е, бўлиши мумкин эмас. Ўша пандавақи, гўсала айғоқчи эканми?

– Сиз ҳам, теваракдаги одамлар ҳам уни беозор, содда, гўл деб ўйлашган. Аслида у жудаям пихини ёрган одам. Дарвоқе, бунга бир мисол: унинг опангиздан ташқари Россияда яна иккита хотини борлигини билармидингиз? Албатта, билмагансиз. Ёнгинангизда туриб, лақиллатиб юрган.

– Мен барибир унинг сотқин эканига ўзим ишонч ҳосил қилишим керак, – деди Нозим Муниснинг маъюс чеҳрасини кўз олдига келтириб.

– Қўлимизда МТС телекомпаниясидан олинган қоғоз бор. Баҳодир деярли ҳар куни, баъзи кунлари бир неча мартагача Шавқиевнинг одами билан гаплашиб турган. Айрим суҳбатлар мазмунини ҳам аниқлашга муваффақ бўлдик. Далил-исбот керагидан ҳам кўп. Мана, кўринг! – деди йигит Нозимга бир варақ қоғоз узатиб. Нозим унга кўз югуртирди. Бу – мобиль телефон алоқа хизматидан берилган расмий маълумотнома эди. Нозим Баҳодирга тегишли телефон рақамини таниди. Иккинчиси, Азамат тахтаники эканини бир лаҳзадан сўнг эслади. Ғазаби бўғзига тиқилди.

– Бу… рақам Азаматники-ку!

– Баракалла! Биларкансиз. Азамат сизга пулни бермай, жонингизни бўғзингизга келтириб юрган кезларда Баҳодир билан ҳар куни гаплашган. Ой, кунларига эътибор бердингизми?

– Мақсади нима экан?

– Мақсади – маълум. Шавқиев унга сизнинг ўрнингизни ваъда қилган. “Гранд” фирмасини сотиб олгач, “ўзинг раҳбар бўласан” деган. Биздаги маълумотларга кўра, Баҳодирга шошилинч зарур бўлиб қолган тақдирда сизни бартараф этиш учун ўта кучли заҳар ҳам берилган. Хайриятки, ўша заҳарни ишлатишга улгуришгани йўқ. Чамаси…

– Ўша заҳарни унинг ўзига едириш керак! – деди қаҳр билан Нозим.

– Балки. Аммо бу ишни сиз ҳам, биз ҳам қилмаймиз. Сопини ўзидан чиқариш керак. Бу ишни Шавқиевнинг одамлари бажариши керак.

– Қандай қилиб?

– Қўлимизда Баҳодирнинг Шавқиев хорижий банкларга жўнатган пуллардан анчагина қисмини ўзлаштиргани ҳақида рад этиб бўлмайдиган далиллар бор. Уларни Отабой отанинг қўлига етказиш керак.

– Оббо аблаҳ-ей! Шавқиевни ҳам чув туширган эканми? Қандай қилиб? – ҳайрат билан сўради Нозим.

– Худо раҳмат қилгур банкир ошнангиз орқали.

– Демак, банкирни ҳам… Шавқиев…?

– Йўқ. Шавқиев улгурмади. Аммо Шавқиев гум бўлган миллионларини ўша шўрликдан кўриб юрибди. Аслида банкир атиги ўттиз фоизини олган, холос. Қолган етмиш фоизи Баҳодирга теккан. Умуман, тахминимизча, бу шоввоз йигитнинг офшор (назоратдан холи бўлган) минтақалардаги банкларда бир неча миллион доллар пули бор. Ҳаммаси ўғирланган. Шу жумладан сиздан ҳам ўғирлаган. Эслай оласизми?

– Ҳа, эсладим, энди тушундим, – деди Нозим. – Бир гал “Олгейз” деган фирмага тахта ташиш учун каттагина миқдорда пул ўтказгандик. Кейин ўша фирма бир кун ичида йўқолиб қолгани маълум бўлди. Аммо у фирмани Баҳодир эмас, ўзим топгандим-ку!

– Тўғри. Фирма раҳбари гўёки сиз билан тасодифан тунги клубда танишади. Аслида у Баҳодир билан аввалдан таниш бўлган.

– Ҳужжатларни Шавқиевга қандай қилиб етказмоқчисиз?

– Бундан ташвишланманг. Йўли бор. Мен бу гапларни сизни хабардор этиш учун айтдим. Албатта, агар сиз шунча гапдан кейин ҳам “опамнинг юз-хотири учун уни кечираман” десангиз, бошқачароқ йўл тутишимиз ҳам мумкин.

– Қанақа йўл экан?

– У ўғирланган ҳамма пулларини топшириб, жонини сотиб олсин. Аммо товон пули уч миллиондан кам бўлмаслиги керак.

– Нима учун айнан уч миллион?

– Биродарларимиз кўрган моддий ва маънавий зарар миқдори шунча қилиб белгиланган. Дарвоқе, агар у ўз ихтиёри билан “ўйиндан чиқадиган” бўлса, пуллари ҳаққи-ҳалол бўлиб, бола-чақасига қолиши мумкин. Кейинчалик ҳеч қанақа эътироз бўлмайди.

– Демак, ё молидан, ё жонидан воз кечиши керак. Шундайми?

– Шундай.

– Пули етмаса-чи?

– Етмаслиги мумкин эмас. Биздаги ҳисоб-китоблар аниқ.

– Гапингизнинг авзойидан сезиладики, у билан музокарани мен олиб боришим керак. Шундайми?

– Тушунган одамнинг садағаси кетсанг…

– Пулни топширганидан сўнг уни барибир ҳам соғ қўйишмайди-ку. Шундай эмасми?

– Унисини айтолмайман. Отабой Шавқиевнинг одамлари билиб қолса, айтганингиздай бўлиши ҳам мумкин. Ҳар ҳолда биз ўз томонимиз учун жавоб берамиз. Демак, мен ўз вазифамни бажардим. Жавобини…

– Жавобини қўнғироқ қилиб айтаман. Телефон рақамингизни айтинг.

Малла йигит иккита телефон рақамини айтди.

– Ер юзининг исталган бурчагидан қўнғироқ қилишингиз мумкин. Бирон ёрдам керак бўлса, тортинманг. Деярли ҳамма жойда ишончли кишиларимиз бор. Дарвоқе, менинг исмим – Диоген. Ёдда сақлаш осон. Бочканинг ичида яшаган файласуфни хотирласангиз, дарров эслайсиз.

– Тушунарли.

– Яхши. Унда менга жавоб. Хайр! Сафардан қайтганингиздан сўнг кутамиз. Кўришгунча!

– Хайр…

Нозим Диоген исмли малла йигитни кузатгач, ҳозиргина эшитган гапларини бир бошдан миясида таҳлил этишга киришди. Муаммо ҳар галгидек бу сафар ҳам мутлақо кутилмаган жойдан чиқди. Эҳ, Баҳодир, Баҳодир… Қўй оғзидан чўп олмаган тўпори, қишлоқи бир йигит, наҳотки шу қадар тубанлашиб кетди. Нозим ҳув ўшанда, уни излаб бораётганида, шу ҳақда ўйлаганини эслади. “Қишлоқда ювошгина бўлиб, деярли ҳеч кимга қўшилмай юрган бир йигит менинг опамни (зеро, Нозим ўзини ҳам, опаси Мунисни ҳам ундан анча юқори қўяр эди) қандай қилиб музтар этиб кетиши мумкин”, дея ҳайрон қолганди. Баҳодирнинг дуруст пул топаётганини, Мунисга тўй қилиб уйланмоқчи эканини билгач, шаштидан тушди. Энди билса, ўзи ҳам ўшанда Баҳодирнинг қармоғига илинган. Чунки дастлабки “маслаҳат” чоғида Баҳодир унга айтган гап ҳали-ҳали эсида.

– Миртожибойни соғиш керак. Унинг пули кўп, – деганди ўшанда Баҳодир. Қарангки, Нозимнинг хаёлига: “Буни сен қаердан биласан”, деган гапни айтиш келмаган. Шошма, шошма, ахир анча аввалроқ, Нозим онаси ва Миртожи воқеасидан муфассал хабардор бўлиб, уни қандай топиш, қандай қасос олиш ҳақида ўйлаб юрган кезларда Миртожининг манзили, тижорат ишлари ҳақида гўёки тасодифан гап очган ҳам Баҳодир эмасмиди? Ўша гап қайсидир ширкатчи йигитнинг гаштагида бўлмаганмиди? Анча кейин Нозим “Азамат тахта” билан илк бор учрашганида: “Бу одамни илгари қаерда кўрганман”, деб кўп ўйлаган, бироқ эслолмаганди. Мана энди эслади. Худди ўша ширкатчи йигитнинг гаштагида кўрган. Адашмаса, Азамат ва Баҳодир ўшанда ўзларини қирқ йиллик қадрдондек тутишганди. Демак, ўшандаёқ уларнинг тили бир бўлган. Азаматнинг Нозимни атайлаб чув туширишидан ҳам, эҳтимол, аввалдан хабардор бўлган Баҳодир. Аммо бир оғиз айтмаган. Аблаҳ! Онасининг айтиб беришича, Нозимни гаровдан озод қилиш учун Миртожидан бориб пул сўраш, кейин уни Отабой отанинг олдига боришга кўндирган ҳам Баҳодир. Вой аблаҳ-эй! Одам шунчалик ҳам илоннинг ёғини ялаган бўладими?

“Бу гаплардан фойда йўқ. Энди у билан қай тарзда гаплашишни ўйлаб, режалаштириб олиш керак. Маккор, ҳийлагар одам билан мулоқот қилиш, уни бир нарсага кўндириш ҳам осон иш эмас…”

Вақт тиғиз. Эрта билан учиб кетиши керак. Шу боис бугун кечгача учрашиши лозим. Ҳозир эса унга қўнғироқ қилиши керак.

Баҳодир яқинда шаҳарнинг янги мавзесида қурилган банк уйларидан бирида яшарди. Тўрт хонали квартира сотиб олган. Мунис хурсанд. Қизли бўлишгани устига янги уй харид қилишганидан боши осмонда. “Мана, шунча сарсон бўлиб, қийналиб юрганимизнинг роҳати ҳам бор экан”, деб юрибди шўрлик. Нозим эса онаси билан Отабой отага қарашли ҳовлида ижарада туришади. Шавқиев унга:

– Агар пайти келиб, яхши хизмат қилсанг-у, ишончни оқласанг, ҳовлини арзон-гаров қилиб номингга расмийлаштириб бераман, – деганди. Нозим жилмайди. Шунча пулларни қўлдан ўтказиб, ҳамон бедана сингари бит-билдиқ бўлиб юрибди. Гўл, галварс. Баъзилар бўлса, хорижий банкларга миллион долларлаб пул жойлаб қўйган.

Телефонни Мунис олди. Нозимнинг юраги увишди.

– Баҳодир қани?

– Икки кундан бери дараги йўқ. Қўлидаги телефони “Хизмат доирасидан ташқарида” деб жавоб беряпти.

“Таҳликани сезиб, қочворган, айёр тулки”, деб ўйлади Нозим. Кейин телефонга:

– Хавотир олма, топилиб қолар, – деди. Ярим тундаги қўнғироққа ҳам бояги жавобни эшитгач, Нозим: “Энди нима бўлса, тақдиридан кўради”, деган хулосага келди.

– Мунис, мен эрталаб учиб кетяпман. Қайтиб келганимдан кейин гаплашамиз. Агар дараги чиқмаса, демак, Россияга кетган. Ўйланма, болага қара. Эрталаб онам боради. Бирга бўлинглар, – деди.

Эрта тонгда самолётга чиқди. Улкан “Боинг 757” осмонга кўтарилгач, кўзини юмиб, Амалия ва ўғли билан бўлажак учрашувни кўз олдига келтиришга уринди. Аммо ҳарчанд уринмасин, негадир бунинг уддасидан чиқолмади.

ОТАБОЙ ОТА ТАҲЛИКАДА

Дунёнинг тамоман бошқа бир бурчаги. Денгиз соҳилидаги кошона. Отабой ота ва Баҳодир суҳбатлашиб ўтиришибди. Баҳодир кеча етиб келди. Аввал куни қўнғироқ қилганди. “Қабулингизга бормоқчиман” деди. Отабой ота хушламади. Аммо Баҳодир барибир келибди. Қабул қилишга мажбур бўлди. Хизмати сингган садоқатли йигит. Бунинг устига, бошига иш тушиб турган пайтда кўкрагидан итариш яхши бўлмас.

– Мени қутқаринг Отабой ака, бир умр қулингиз бўлай.

– Ҳой мулло йигит, ўпкани босинг. Нега кундан бурун ваҳима қиласиз? Ким сизни таъқиб қилади? Нима учун?

– Якубовскийнинг одамлари. Улар… улар менинг сизга хизмат қилиб юрганимни билиб қолишган. Ишончли одам қўнғироқ қилди. “Обрўйинг борида жонингни қутқар”, деди. Улар мени ўлдиришга қотил юборишган. Ҳойнаҳой, у ҳозир мени излаб юргандир.

* * *

Ўша кун. Дунёнинг яна бошқа бир бурчаги. Альп тоғлари. Қорли чўққилар пойидан илон изи бўлиб ўтган йўлдан қора “Опель” машинаси ғизиллаб бормоқда. Баҳор кирганига анча бўлганига қарамасдан, тоғлардан совуқ изғирин эсади. Машинада тўрт киши. Олдинда ҳайдовчи билан кекса яҳудий. Орқада Амалия билан онаси.

– Нозимжонни гўдаклар пансионига топшириб чиққанимиз яхши бўлибди, – деди Амалия онасига. – Бу совуқда шамоллаб қолиши мумкин эди.

– Ишқилиб ичикиб қолмасин, – деди она.

– Ҳечқиси йўқ. Эртагаёқ қайтамиз. Дарҳол пансиондан оласиз, – деди қора яҳудий.

– Ишимиз эртага битармикан ўзи, – деб сўради Амалия.

– Битади. Давосдаги ўртоқлар билан телефонда ҳаммасини гаплашдим. Тайёрлаб қўйишади. “Мол”ни олган заҳоти аэропортга жўнаймиз. Самолётга билет ҳам олинади. Аслида, келишда ҳам тўғри Женевага эмас, Давоснинг ўзига учсак бўларкан. Сизларни Альп тоғларидаги хушҳаво жойларни бир сайр қилдирай дедим-да…

Қария шундай деб, зимдан ҳайдовчига қараб қўйди. Аслида у дастлаб билетни Давосга олган. Кейин “Мабодо биронтаси изимиздан тушган бўлса, чалғитсин”, деб охирги лаҳзада Женевага учадиган самолётга алмаштирганди. Машинани эса таваккал қилиб, дуч келганини ёллади. Шунга қарамасдан, шофёр йигитга ишонқирамай турибди. Айтиб бўладими? Аслида-ку, қари яҳудий бу сафарга бошқа кишини юборса ҳам бўларди. Аммо яқинда бўлган “маслаҳат” чоғида унга шундай буйруқ берилди.

– Ўзингиз масалани охиригача етказинг, бунинг эвазига ўн беш минг евро мукофот оласиз, – деди эски таниши. Қолаверса, қария марҳум Дима Якубовскийдан ҳам кўп яхшиликлар кўрган.

– Менинг вазифам нимадан иборат бўлади? – деб сўради қария эски танишидан.

– Банкдаги темир сандиқлардан бирида Якубовскийга тегишли пул, қимматбаҳо буюмлар ва расмийлаштириладиган ҳужжатлар бор. Ана шу ҳужжатларга Якубовскийнинг хотини ҳам, қизи ҳам қўл қўйиши керак. Сўнгра улар пул ва зебу зийнатларни керагича олиб, қолганини ўзлари истаган бошқа бир сандиққа солишлари ёки банкка ҳисоб рақами очиб, топшириб кетишлари мумкин. Ўша сандиқдаги ҳужжатларнинг ҳаммасини шахсан олиб, ўзингизда сақлайсиз!

– Хўп бўлади!..

Ҳайдовчи қариянинг шубҳали қарашини сезди. Кулиб қўйди. Кейин ойна орқали орқага қараб, она-боладан инглизчалаб сўради:

– Йўл четидаги ошхоналардан бирортасининг ёнида тўхтатайми, тамадди қилиб оласизларми?

– Йўқ, биз ҳали оч қолганимиз йўқ, – деди Амалия.

– Бир йўла ўша ерда овқатланамиз, – деди қария.

– У ҳолда рухсат этсангиз, мен бир лаҳза тўхтаб, ҳожат чиқариб олсам. Бир йўла чекиб ҳам олардим. Жуда хумори тутиб кетди.

– Сигаретни машинада чекиб кетаверинг, – деди Амалия. – Бизга халақит бермайди.

– Ҳа, биз шошиляпмиз, кечикиб юрмайлик, тезроқ бўла қолинг, – деди қария.

Машина йўл четида, бетон тўсиқ ёнида тўхтади. Теварак кимсасиз. Шофёр машинадан тушиб, йўлни кесиб ўтди-да, улкан бир харсангнинг орқасига ўтиб кетди. Айни шу лаҳзада машина портлади. Портлаш шу қадар кучли эдики, машина бутунлигича қип-қизил оловга айланиб, бир уй бўйи осмонга сакради ва парча-парча бўлиб, пастга – жарликка учиб кетди. Унинг ичида ўтирганлар нима воқеа юз берганини англашга ҳам улгурмай қолишди.

* * *

Ярим соатдан сўнг денгиз соҳилидаги кошонада телефон жиринглади.

Отабой ота Баҳодирнинг кейинги гапларидан сергакланиб, “Хўш, хўш, иннайкейин-чи?” деб ўтирганди. Телефон гўшагини хушламайроқ кўтарди.

– Нима? Нима бўпти? Авария? Машина портлаб, жарга қулаб кетибди? Эвоҳ! Эҳ, афсус! Ҳаммалари нобуд бўлишибдими? Сабаби нима экан? Бахтсиз воқеа? Во, дариғ! Айтган эдим-а, аёлларни у ёқларга олиб бориб, сарсон қилиб юришмасин деб. Қулоқ солишмади-да!

– Нима бўлибди, тинчликми? – сўради Баҳодир. – Кимнинг машинаси портлади?

– Якубовскийнинг хотини ва қизи Швейцарияга Дима банкда қолдирган пулларни олиш учун боришаётган экан. Тоғда авария бўлиб, машина портлаб кетган. Ҳайдовчидан ташқари машинадаги ҳамма киши нобуд бўлган.

– Авария тасодифий эмас, уни уюштиришган. Якубовскийнинг пули яна кимларгадир керак бўлган. Эҳтимол, ўша пулни аллақачон олиб, ҳазм қилиб юборишган-у, меросхўрларнинг у ёққа етиб боришини исташмаган, – деди Баҳодир кутилмаганда тиржайиш билан.

– Якубовскийнинг одамлари бунинг тагига етишади.

Баҳодир яна тиржайди. Шаккокона хурсандчилигини яширолмади. Чунки у Амалия билан онасининг ўлими унга нажот эшигини очганини тушуниб турар, ҳозиргина содир бўлган бу фожиада Отабой отанинг муқаррар қўли борлигига ишонч ҳосил қилган (Женевага бўлган қўнғироқни у “топшириқ бажарилганлиги ҳақидаги билдирув” эканини англаб турарди), қолаверса, Якубовскийнинг ўлдирилишида, пулини ўмаришда ҳам унинг қўли борлигини олдиндан билар, агар Шавқиев яхши гапга кўнмаса, шантаж қилишни ҳам мўлжаллаб келганди. Ҳозиргина гувоҳ бўлган манзара унинг қўлига қурол берди.

– Тилингиз қурғур жуда узун-да, бўтам, – деди Отабой ота кутилмаганда бир мулойимлик билан. – Урусияда шунча йил тирикчилик қилиб, бу халқнинг “Менинг тилим – менинг душманим” деган ақидасини ўрганмагансиз-да. Билиб-билмай ҳар хил тахмин, гумон қилишнинг нима кераги бор? Гумон иймондан айиради, дейдилар.

Баҳодир дадиллашди. Шавқиевнинг қўрққанини сезди. Калласи шиддат билан ишлай бошлади. Бу ҳийлагар ва қонхўр одамни чекинтира олганидан, таҳликага тушира олганидан илҳомланиб кетди. Миясига ажойиб бир шумлик келди.

– Гумон эмас, мен Якубовскийнинг пулларини ким гум қилиб юборганини олдин холис бир кишидан эшитгандим, – деди у Шавқиевни танг қолдириб. – Ўша одам менга рад этиб бўлмайдиган ҳужжатли далиллар берган. Мен эса бу ерга келишдан олдин ҳужжатларни Нозимга қолдирдим, у тегишли жойга беркитади. Агар менга бирон нарса бўладиган бўлса, ҳужжатларнинг бир нусхасини Якубовскийнинг одамларига, иккинчисини прокуратурага топширади. Дарвоқе, Нозимни прокуратурага чақириб, тергов қилишаётганини эшитгандирсиз?

– Ҳа, эшитдим. Нозимга улар ҳеч қандай эътироз билдиришолмайди. Бизга ҳам. Маълум бир вақт ўтгач, ҳаммаси жойига тушади. Ҳа, айтганча, ўша сиз айтаётган “холис” одам берган “ҳужжатлар” нима ҳақда экан?

Баҳодирнинг илҳоми яна ҳам зўрайди. У Отабой отани ўз ноғорасига ўйната бошлаганига ишонди.

– Ҳужжатлар Якубовскийнинг фирмалари қандай қилиб синдирилгани, у қандай қилиб қамоққа тиқилгани, қандай қилиб, ким томонидан буюртма бериб ўлдирилгани ва ниҳоят, пули қандай ўмарилгани ҳақида.

Шавқиев боягина: “Отабой ака, мени қутқаринг”, деб оёғига йиқилгудек бўлиб ўтирган каззоб гумаштасини шу қадар дадиллашиб, таҳдид қила бошлаганидан ғижинди. Бир хаёли шартта ёнидан тўппончасини чиқариб, (яқиндан бери Шавқиев чўнтагида кичкинагина, аммо мўлжалга бехато урадиган, ҳар ўқи тўнғизни тил торттирмай ўлдирадиган америкача тўппонча солиб юрадиган бўлган, ҳар эҳтимолга қарши-да!) Баҳодирни итдек отиб ташлагиси келди. Кейин ўзини босди. Ҳужжатлар чиндан бормикан, деб ўйлади. Ўз одамлари ичида ҳам сотқинлар учраб туришини у яхши биларди. Мана, биттаси қаршисида ўтирибди. Йўқса, бу кўппакни кўзи очилмаган итваччалик пайтидан боққан. Россияга юборган. Энди келиб, гапириб ўтирган гапини қара. Агар чиндан ҳам бор бўлса ва Якубовский тарафдорлари қўлига тушса, катта уруш очилади ва у урушдан омон чиқиши мушкул. Прокуратуранинг пўписалари унинг олдида ўйинчоқ бўлиб қолади.

– Қўлингизда шундай қудратли қурол бўла туриб, мендан ҳимоя сўраб келганингиз қизиқ, – деди у Баҳодирга синовчан тикилиб.

– Чунки мени ҳимоя қилишга фақат сизнинг кучқудратингиз етади-да, – деди Баҳодир маъноли қилиб.

Шавқиев ичида ҳайрон бўлди. Нега Баҳодир ҳужжатлар Нозимда, деб айтди? Оловга уни рўпарў қилмоқчими? Ёки гапи таъсирли бўлиши учун аниқ одамнинг номини айтишни маъқул топдими?

Айни лаҳзада Баҳодир ҳам худди шу ҳақда ўйлаётганди: нега ҳужжатлар Нозимда деб айтдим, ахир ёлғонлиги билиниб қолиши мумкин-ку. Шавқиев ҳозир Нозимга қўнғироқ қилиб сўраса, Нозим: “Менда ҳеч қандай ҳужжат йўқ”, – дейиши аниқ-ку! Аммо Шавқиев энди унга қўнғироқ қилолмайди. Қилса-ю, Нозим боягидай жавоб берган тақдирда ҳам ишонмайди.

– Ҳовлидаги айвончага чиқинг, бўтам, – деди у Баҳодирга. – ўша ерда гаплашамиз. Хона димиқиб кетди. Нафас бўғиляпти.

– Ҳой, ким бор, бу азиз меҳмонимизни ташқарига кузатиб чиқинглар, мен ҳозир орқасидан бораман.

Баҳодир соқчи йигит ҳамроҳлигида ҳовлига чиқиб кетди. Шавқиев кимгадир қўнғироқ қилди.

– Келди, кирдикорларидан хабардор эканимизни билмайди. Мендан ёрдам сўраган киши бўлиб, шантаж қилишга уриняпти. Йўқ, бирдан йўқотиш мумкин эмас. Ўғирлаган пулларини қайтариб олиш керак. Менинг олдимдан чиқиб, шубҳасиз, банкка боради. Пулларини олиб, Туркияга кетмоқчи экан. Ўша ердан уй харид қилмоқчи. Банкка кузатиб бориш керак. Пули қайси банкда эканини аниқласак бас, у ёғи осон. Кейин Нозимга киши билмас хабар қилиб, хотинининг ўлимида Баҳодирнинг қўли борлигини шипшитиб қўйиш керак. Нозимнинг ўзигами? Ўзига ҳали кейинроқ навбат келади. Дарвоқе, Нозимнинг хотини Самарага дафн этилади. Ўша маросимга Миртожи ҳам, унинг ҳалиги “назарий” куёви бўлмиш Мардиқул ҳам келсин, шунинг чорасини кўриш керак. Ҳаммаси билан бир йўла ҳисоб-китоб қиламиз. Хўпми? Мен ҳозир чиқиб, Баҳони яхши гаплар билан кузатиб юбораман.

“Бўрини йўқласанг, қулоғи кўринади”, дейдилар. Худди шу дамда Отабой отанинг ёнидаги сунъий йўлдош орқали ишловчи телефон жиринглади. Бу телефон рақамини Шавқиев энг ишонган одамларига берган. Улар эса энг муҳим масалалар бўйича қўнғироқ қилишади. Шу боис гўшакни дарҳол кўтарди ва бирдан ранги оқариб кетди.

– Нозимжон? Бахайр? Қаердасиз? Афинада? Нима бўлибди? Фалокат? Эвоҳ! Э, афсус! Худо раҳмат қилсин. Айтинг, биздан нима ёрдам керак? Одам юборайми? Ўзим борайми? Ўзим бироз бетоб эдим-ку… Қанча одам, қанча маблағ керак бўлса бераман бўтам. Хокларини темир тобутга солиб олиб кетасизми? Қаерга дафн этасиз? Самарага-да албатта, шундайми? Якубовскийнинг ёнигами? Тўғри ўйлабсиз. Мен иложини қилиб, дафн маросимига етиб бораман. Баҳодир ҳам йўқолган дейсизми? Нега йўқолади? Кап-катта одам-ку. Топилиб қолар. Ўшалар билан бирга бўлмаганми ишқилиб? Неча киши экан? Тўрт кишими? Кимлар? Ҳайдовчи, она-бола, тўртинчиси-чи? Аниқлашнинг иложи бўлмаяптими? Эҳтимол, ўша Баҳодир бўлгандир. Унинг Якубовскийнинг ишларига оз-моз алоқаси бор эди-ку. Сизни ҳам Якубовскийга таништирган ўша эмасмиди? Менимча… яна ҳам билмадим-у… Баҳодирнинг ўзи уюштирган ўша фалокатни ҳам. Эҳтиётсизлик қилиб, ўзи ҳам нобуд бўлган. Мен ўзи анчадан бери сиз билан ўша ҳақида гаплашмоқчи бўлиб юргандим. Нобоп бола экан. Менга ҳам хиёнат қилди. “Биларкансиз-да”, дейсизми? Албатта биламан, бўтам, ер тагида илон қимирласа биламан-у. Раҳмат сизга! Хайр, бардам бўлинг, бўтам. Насиб этса, кўришармиз.

* * *

Эртаси куни худди кечаги машина портлаган тоғ йўлида бошқа бир жойда яна бир машина портлаб кетди. Полиция томонидан икки соатлардан сўнг ўтказилган экспертиза текширувида машинадаги икки жасад эркак кишига тегишли эканлиги аниқланди. Бири такси эгаси экани маълум бўлди. Иккинчисининг эса шахсини аниқлашнинг иложи бўлмади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации